Мен сени севаман, Бувиражаб! ... [Abulqosim Mamarasulov] |
— ... Қайта қуришни, яна бир марта такрорлайман, ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак! – деди райком вакили. – Бунда биз партиямизнинг Бош секретари ўртоқ Горбачевдан ўрнак олайлик. Ўртоқар, биз Ўрозгул опамизни Бутуниттифоқ Х1Х партия конферентсиясига делегат қилиб сайлар эканмиз, у кишига юксак ишонч билдирамиз. Ўйлаймизки, машъал соғувчимиз – ферма юлдузи, областимизнинг фахри бўлмиш Ўрозгул Турғунтўраева конферентсиядан катта таасуротлар билан қайтади. Шуни мамнуният билан алоҳида таъкидлашни истардимки, қайта қуриш бизга ҳам етиб келди. Мана, конферентсия делегатини демократик асосда сайлаяпмиз. Марҳамат, ҳар ким ўз фикрини очиқ – ойдин айтсин. Келингизлар, юракдан гаплашайлик. Бир-биримизни дўстона танқид қилайлик. Конферентсия делегатлигига номзод билан Барлос қишлоғи алолиси учрашуви давом этар, кўпчилик «енди Барлосдаям ғаройиб ўзгаришлар юз берса керак», деб клубга йиғилиб келган эди. Райком вакили яхши гапирди. Гарчи ўзи бирон кишининг шаънига танқидий фикр билдирмаган бўлса-да, бошқаларни ошкораликка даъват этди. Бироқ сўзга чиққанларнинг аксарияти яна аввалгидай – нуқул ўзларининг ишлари ҳақида гапиришди, юқори мартабали, «ҳаммамиз учун ҳурматли» шахсларни мақташди. Худди шу нарса Бувиражабга алам қилди-да. Бу одамлар мунча қўрқишмаса? Ахир бу аҳволда Барлосда қачон қайта қурилиш бўлади? «Қайта қуришни ўзимиздан бошлайлик» дегандан кейин сўзга чиққан ҳар бир одам ҳеч бўлмаса ўзини қандай қайта қураётганини айтсин. Қачонгача!?. Бувиражабнинг сакраб ўрнидан тургиси, сўз сўрагиси келардию, бироқ нимадир уни тутиб турарди. Фермада неча бор Ўрозгул опаю, Эшқобил ферма билан гап талашган, рост, аммо мана бунақа катта йиғинда сўзлаб кўрмаган. — Нега шунча гапдан кейин ҳам Ўрозгул опани мақташади, а? – деди Бувиражаб алам билан. – Нега бари тўтиқушдай, ҳақиқатни айтайлик, деган гапни такрорлашадию, оғизлари ёлғондан бўшамайди? — Парво қилма, - дея тасалли берган бўлди ёнида ўтирган дугонаси Раъно. – Ҳамишаги гап-да. — Ўзим бир бопламасам... — Булар билан олишиб барака топмайсан, Бувиражаб! Балога қоласан. Раънонинг «балога қоласан»и сўнгги томчи бўлди – лиммо-лим коса тошди. — Менга сўз беринг! Ҳамма унга – қўл кўтарганча ўрнидан турган Бувиражабга ўгирилди. Совхоз директори Хидир Собирович «сенга сўзни ким қўйипти», дегандай ижирғанди ҳам. Шуни илғаб, Бувиражабнинг бадтар хўрлиги келди, «йўқ» дейишсаям сўзга чиқаман, дея ўзига ўзи аҳд қилди. Совхоз партия ташкилотининг котиби Ҳамроқул Бозорович, сўз берайми, йўқми, дегандай машатомуз директорга тикилди. Қизариб-бўзарган Хидир Собирович кинояли кулимсираб, ёнига ўгирилди ва райком вакилига бир нимани тушунтирган киши бўлди. Вақт эса ўтиб борар, Ҳамроқул Бозорович бир қарорга келолмай қийналарди. — Сўз берилсин! – деди залдагилардан бири юрак ютиб. — Нуқул ўзларинг гапираверасизларми? – деди иккинчиси. Унинг овози хийла дадил чиқди. Зални ғала-ғовур босди. Ниҳоят Бувиражабга сўз беришга мажбур бўлишди. — Мамлакатимизда шунча ўзгаришдар бўляпти... менгача гапирганларнинг ҳаммаси тўғри гапни айтиш керак дейишдию, нуқул ёлғон гапиришди, - деди Бувиражаб йиғламоқдан бери бўлиб. Яна бир зум жим турса йиғлаб юбориши тайин эди. Шуни англаб, тишини тишига босди. Худди шу лаҳза бир нарсани англади: мажлис аҳли, энди нима бўларкан, деб тош қотиб қолган эди. — Гапир қизим, ўзингни босиб ол-да, гапиравер, - деди олдинги қаторда ўтирган пахтачилик бригадири Аваз ака. — Қайта қуриш ҳали бизнинг Барлосда бошлангани йўқ, - деди Бувиражаб бўғилиб, товуши ҳам жуда паст чиқди, бироқ буни ҳамма аниқ эшитди. — Тўппа-тўғри! – орқароқда ўтирган Қурбон тракторчи ўрнидан туриб унинг гапини маъқуллади. Қишлоқдошлари қўллаб-қувватлаяпти. Демак, қўрқмаса бўлади. У бирмунча осойишта, аммо ҳамон титроқ овозда давом этди: - Директор бовомиз менга сўз берилишини истамадилар. – Кинояси Бувиражабнинг ўзига маъқул тушди ва бу унга куч бағишлади. – Чунки мен директор бовомизга номаъқул гапни айтиб қўйишим мумкин. Демократия деб оғиз кўпиртиришди. Қани демократия?! - Тилининг учида турган гапни айтсамми-йўқми, деб бир лаҳза ўйланди. Худди шу пайт залдан кимдир: — Тўғри, бизда ҳали демократия йўқ! – дея Бувиражабнинг гапини маъқуллади. — Ҳа, ҳозирча демократия Барлосда йўқ, - деди Бувиражаб ниҳоят юрак ютиб. – Ўрозгул опа делегатликка арзимайди! Зал бир муддат сув сепгандай жимиб қолди. Ҳар қандай гапни, танқидни кутишса-да, ундан буни... — Ҳў-ўв, бундай дейишга ҳали ёшлик қиласан! Ўрозгул машъал соғувчи, област совети депутати! Ўрозгулни бутун республика билади. Сени-чи? Кимсан ўзи? Нега оғзингга тўғри келган гапни валдирайсан? Ўрозгулни раён, област партия комитетлари делегатликка тавсия қилишган! – Ҳамроқул Бозорович райком вакилидан мадад кутиб, мўлтайди. — Демак, раён, област партия комитетлари хатога йўл қўйишган! – деди Бувражаб қизиқ устида. Дедию, айтган гапидан ўзи қўрқиб кетди: «Партияга тил теккиздинг!» деб... Э, нима бўлса бўлар!.. – Ўрозгул опанинг машъал соғувчилиги ёлғон. Аҳолидан сотиб олинаётган, қўшиб ёзилаётган сутнинг барини Эшқобил ака Хидир Собирович билан келишиб, Ўрозгул опанинг ҳисобига ўтказаяпти. — Ёлғон! – Эшқобил ферма муштини ҳавода ўйнатганча ўкирди. Бошга битган бало бўлди бу тирмизак. Бувиражаб сўзга чиққанидан бери у безовта бўлиб ўтирган эди. Ниҳоят кутгани рўй бергандан сўнг ўзини тута олмай қолди. Залда ўтирганлар жонланишди. Биров Бувиажабнинг ёнини олди, бошқа биров, хусусан президиумда ўтирганларEшқобил фермага тарафдош бўлишди. — Айтадиганингни айтдинг, энди жойингга ўтағой, қизим! – деди Аваз ака. Бу иборада рағбатдан кўра «Ҳа, шўрпешона қизим-а!» деган дашном ва ачиниш ҳисси мўлроқ эди. Бувиражаб яна иккиланиб қолди. Кўзлари мўлтиради. Ахир Аваз ака ҳамиша унча суянчиқ бўлар эди-да! Бетинг-кўзинг демай рост гапни айтганида ҳатто Аваз ака ҳам тайсаллаб қолди, демак, ишлар чатоқ! Бувиражаб ички портлаш туфайли ўзига келолмай, беихтиёр жойига ўтди-да, Раънонинг ёнига ўтирди. Ҳамма ўзига тикилаётганини ҳис қилиб, биронта билан кўзи тўқнашиб қолмаслик учун жўрттага кафтини пешонасига босди. Манглайини муздай тер босипти. «Раъно нима деркин?» Дугонаси унга қайрилиб қарамади ҳам. Гўё навбатдаги нотиқни эътибор билан тинглаётгандай, минбардан кўз узмай ўтираверди. Наҳотки, Раъно ҳам?... — Нима бўляпти ўзи? – деб сўради Бувиражаб, тоқати тоқ бўлиб. — Яхши иш қилмадинг, - деди Раъно совуққина, иложи борича унга қарамасликка ҳаракат қилиб. Бвиражабнинг дами ичига тушиб кетди. Фермадаги соғувчилар ичида унинг яқин кишиси йўқ ҳисоб. Фақат Раъногина пича унга ён босиб юрар эди. Энди бу ҳам... Ўзи нима бўляпти, а?! Ахир Бувиражаб бор гапни айтди-ку! Буни ҳамма билади, қолаверса, айтишяпти-ку ахир, «тўғри гапни айтинглар» деб. — Халқ йиғини бу, ўртоқлар! – деди навбатдаги нотиқ, - шу йил ҳам пахта планини кўзбўямачилик билан тўлдирган бригадир, Хидир Собировичнинг яқинларидан бири. - Биз халқнинг ишончли, оқил вакилларига сўз беришимиз керак. Айтилган сўз – отилган ўқ, ўртоқлар. Барлосликларнинг фахри бўлмиш - Ўрозгул опамизни ҳар хил уйдирмалардан асраш – бизнинг вазифамиз. — Сўз Эшқобил фермага! — Ўртоқлар! Бу нима деган гап? Ҳали сен бу ердан туриб айтган ҳар бир гапинг учун жавоб берасан, Бувиражаб! – Эшқобил ферма гарангсиб қолган қизга илондай тикилди. – Сен доҳиймиз Владимир Илич Ленин тузган шонли Коммунистик партиянинг, Совет ҳокимиятининг вакилига туҳмат қилдинг. Коммунистик партия кимни конферентсияга делегат қилишини яхши билади. Керак бўлса, сенга ўхшаш она сути оғзидан кетмаганлардан сўраб ўтирмайди. Мен йиғилганлардан, шахсан райком вакилидан, шахсан Хидир Собировичдан шуни қатъий талаб қиламанки, иғвогарона гапи учун Бувиражаб жиноий жавобгарликка тортилсин! Зал увлаб юборди. Бувиражаб ерга кириб кетгудай бўлди. Фермада Эшқобил ака билан неча бор гап талашган, бирда енгган, бирда енгилган, бироқ шу вақтга қадар бирон марта у кўпчилик орасида бунчалар изза бўлмаган, бу қадар ўзини якка, нотавон ҳис этмаган эди. — Фермамиз жамоаси аҳил, иноқ эди, - дея равон давом этди Эшқобил ферма. – Бувиражаб ишга ўтганидан бери тинчлик йўқ бизда! Онасининг ҳурматини қилиб, муни ишга олдигу, тоза балога қолдик. На ишда унум бор, на барака. Шу касофат туфайли ярим йиллик планниям бажаролмай, ерга қара-аб ўтирибмиз. Бувиражаб бирдан ҳушёр тортди. Ёлғон-ку, ҳамма гапи ёлғон-ку ахир! Нега бошқалардан садо чиқмайди? Нега қайта қуриш дейишадию, оғизларига талқон солиб ўтиришади? Бувиражаб бор-йўғи шароит тақозо этган нарсани сўраган: «Қани янги газета-журналлар? Телевизор-радио? Қани душ?», деган, холос. Тўғри, фермада Ленин хонаси йўқ эмас, аммо у ерга соғувчиларни киритишмайди. Текширишга келадиганларга кўрсатиш учун безаб қўйишган уни. – Нега шуни биладиганлар индамай ўтирипти? – Бувиражабнинг яна қони қизиди. Атрофдагиларга нисбатан дилида нафрат уйғона бошлади. Шу ерда ўтирганларнинг ҳаммасиям Ўрозгул опа Эшқобил ферманинг ўйнаши эканини, ферма мудирининг эса Хидир Собирович билан ҳаром-ҳариши бирлигини, шунинг учун ҳам опахон «кўтар-кўтар» қилинаётганини яхши билади-ку! — Мен совхоз партия комитетидан Бувиражабнинг юриш-туришини, хулқини муҳокама қилишларини талаб қиламан! – Бу «ўйин»да ютиб чиқаётганини англаган Эшқобил ферма отга қамчи босди: - Аввал ҳам талаб қилганимдек, унинг иш жойида ўзини тутишига, қолаверса, бугунги антипартиявий, антисотсиалистик, совет жамиятига душманлик руҳи билан суғорилган гапларига принтсипиал баҳо беришларини сўрайман. — Ол-а! – деди кимдир. — Гап деганниям тешиб қўяди-да Эшқобил, - деди бошқаси. — Бувиражаб! – Руҳланиб кетган Эшқобил тўғридан тўғри Бувиражабга ўгирилди, кўрсаткич бармоғини бигиз қиларкан. – Сен бировга баҳо беришдан аввал ўзингни ўйла, маънавий-ахлоқий хулқингни тузат! – У мажлисларда ҳеч ким, ҳатто Хидир Собирович ҳам ишлатмаган сўзларни топиб, жой-жойига қўйиб айтар, шунинг учун ҳам кўпларни ҳайлатлантираётган эди. – Асли ўзинг ёмонсан! – Унинг кўзларида ғолибона нафрат, таҳдид чақнади. – Агар ўзинг яхши бўлсанг, онанг ажалидан беш кун бурун ўлиб кетмас эди. Отанг маст-аласт кўчаларда лойга беланиб ётмас эди. Алланима тарақлади. Ҳамма шу томонга ўғирилди. Бувиражаб эшикни қарсиллатиб ёпганча чиқиб кетган эди. * * * Ночорликдан, ёлғизликдан титраб-қақшаб кетаётган бўлса-да, Бувиражабнинг кўзларига ёш келмасди. Шу пайтгача ўзи сира англамаган қасос туйғуси юрагини ёндириб борарди. «Уҳҳ! – Бувиражабнинг бармоқлари мушт бўлиб тугилди. – Онаси ўлган бўлса, унинг айби нима?» – Шу фикр хаёлига келдию, бирдан ўкраб йиғлаб юборди. Югурганча йўлдан четга – панага ўтиб ўтирди. Юраги бўшагунча йиғлаб олиб, кўзёшларини артди. Туриб у ёқ-бу ёғига қаради. Қараса, қишлоқ болалари футбол ўйнайдиган майдоннинг бир чети. Яқин атрофда ҳеч ким йўқ. Ҳа, яхши. Ишқилиб, кўз ёшларини биров кўрмапти. Баттар бўл, дейиши аниқ эди. Директордан, Эшқобил фермага ўхшаш унинг гумашталаридан дўзахдан қўрққандай қўрқади ҳамма. «Булар керак бўлса, шайтонга ҳам дарс беради» дейишади. Бувиражаб ўрнидан турди. Этакларини қоқиб, гўё ҳеч нима бўлмагандай, йўлида давом этди. Сокин, масъум кеча. Онаси... Онаси фермада соғувчи эди. Ҳақиқатан ҳам онасининг ҳурмати учун Бувиражабни ишга олишган, бу рост гап. Уч йил бурун Эшқобил ферма мудирликка тайинландию, тез-тез уйда жанжал чиқадиган бўлиб қолди. «Фермадан бўша!» – дерди отаси. «Нима, Йигирма йиллик стажим куйсинми?» – дерди онаси. Ўлгудай ўр эди онаси раҳматли, эрини еб қўярди. Шўрлик эр елкасини қисиб, бўзрайиб қолаверарди. Кейин ичиб келадиган одат чиқарди. Ароқ магазинда йўқ, қўлда фалон пул, униям топган топади, топмаганга палахмон тоши. Отаси пулни, пулга ароқни қаердан топади – худога аён. Ўша, охирги жанжалдан сўнг у хотинига индамай қўйди. Онаси фермадан қайтиб, эрини шилтага ботган ҳолда кўрар, қизариб-бўғриқиб кетардию, лекин ҳеч нарса дея олмас, аламини Бувиражабдан, Бувиражабнинг укаларидан олар эди. Бувиражаб бола эмас, ахир саккизинчи синфни битирган чоғлари, эс-ҳуши жойида, унча-мунча гапга балодай ақли етарди. — Эшқобил бизга мудир бўлиб келди. – Бир оқшом онаси дабдурустдан дастурхон устида шу янгиликни айтди, гўё оддий, кундалик янгиликлар тўғрисида ахборот бераётгандай. Отасининг қўлидаги қўлида, оғзидаги оғзида қолди. Чой ҳўплади, бироқ томоғидан ўтмади, шекилли, пиёлани зарда билан бир четга ирғитганча, ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди.. Онасининг афт-ангори ўзгарди, овқатини тўкиб еяётган кенжасига ўшқирди: «Қачон сенлар одам бўласан?! Ўлмадим – сенлардан қутулмадим!» Кенжатой йиғлади, қолганлар сергак тортишди. — Нега анқаясан? Е заҳарингга! Бувиражаб тўнғич бўлгани учун ҳам саволомуз онасига тикилди. Она кўзини олиб қочди. Шунда унинг томоғидан ҳам овқат ўтмай қолди. Телевизорга қаради. Ҳозиргина қизиқиб томоша қилаётгани – «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи»ни ортиқ кўргиси келмаётган эди. Бўшаган косаларни йиғиштирганча ошхонага қараб юрди. Болалар бирин-сирин жойларига кириб ётишди. Она мунғайганча ҳамон хонтахтага юзини босиб ўтирарди. Нимадир юз берган эди. Гап Эшқобилнинг фермага мудир бўлиб келганидагина эмас, Бувиражаб буни англаб турарди. Ўн бешга тўлган қиз эди. Лекин гап айнан нимада? Ўшанда ҳам, кейин ҳам, токи онаснинг вафотигача у ҳеч вақони англай олмади. Энди билса... Онаси билан отаси аввалдан бир-бирини яхши кўришган, олам-жаҳон ваъдалардан сўнг ошиқ йигит армия хизматига икки йилга кетган. Энди кўнгилдаги гаплар хатларга кўчган, яна ваъдалар, «куйдим-ёндим»лар... Аскарнинг хизматдан қайтишига ярим йил қолганда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг ветеринария факултетида ўқийдиган Эшқобил студент қишлоқда пайдо бўлади. Қўлида ўша замон йигитчалари фақат орзу қиладиган «Весна» магнитофони, лабида думи сариқ сигарета. Практика ўташ баҳонасида ёз бўйи фермага қатнайди. Бувиражабнинг бўлажак онаси ўша пайтлари фермада соғувчи бўлган. Эшқобил фермадаги қизларнинг ўртасига ўтириб олиб, олис шаҳарва ғаройиб стунтлик онлари ҳақида мароқ билан ҳикоялар айтади. Бу – Эшқобил деганлари ёшлигидаям ўлгудай гапдон бўлган-да. Гапдонлиги туфайли бугун Бувиражабни ҳам енгди. Ўшанда унинг онасини – Барлоснинг манаман деган қизини гаранг қилиб, кўпдан-кўп маломатларларга қолдириб, муроди ҳосил бўлгандан сўнг Самарқандга жуфтакни ростлаган. Ошиқ армиядан қайтиб келса, шунақа-шунақа, ва ҳоказо, ва ҳоказо... Ўйлайди, ўйлайди, ахийри, нима бўлса бўлар, деб уйланишга қарор қилади. Буни қарангки, айбдор бўла туриб, маъшуқа «тегмайман!», деб туриб олади. Ошиқ эса: «Тегақол. Эшқобил билан юрганингни ҳеч қачон юзингга солмайман, - дейди. – Бундан бу ёғига содиқ қолсанг бўлди». Роса ялинади у. Шўрлик ўзича олижаноблик қилмоқчи бўлгандир-да. Охир-оқибат ёшликдаги гуноҳи касрига кетди онаси шўрлик. Қон йиғлаб кетди бечора!. Ўзини, Эшқобилни, бу дунёни, шунга қўшиб тенгсиз ҳиммат кўрсатган эрини ҳам қарғай-қарғай кетди шўрлик. Қиз бола кўз очиб кўргани билан бўлсин, дейишади. Жўяли гап бу. Кўз очиб кўргани алдадими – бас, шўрлик, бутун умр ўзини бадбахт, айбдор санайди, дейишади. Рост бўлса, шундайлар яхши кўрадими, йўқми, бари бир кўз очиб кўрганига ҳамиша талпинади, дейишади. Бувиражабнинг онаси ҳам афтидан бир умр ўзини эрининг қошида айбдор, қарздор ҳисоблаган. Бу қарзни на меҳр, на садоқат билан узиб бўлмас эди. Шунинг учундир, - Бувиражаб эсини таниганидан биладики, - онасининг мудом ғижиниб, норози бўлиб юрганини кўрган. Икки гапнинг бирида у еб қўйгудек бўлиб эрига тармашар, аламини ундан олар эди гўё. Oʻsha oqshom u: «Eshqobil fermaga mudir boʻlib keldi», deganida ehtimol otasi birinchi bor achchiq qilgandir, nomusi qoʻzib, piyolani irgʻitgandir, arazlab eshikka chiqib ketgandir? Birinchi bor, ehtimol, oʻshanda onasi ichidan zil ketgandir. Yuragi oʻsha oqshom dardga chalingan boʻlsa ne ajab? Demak, onasida qandaydir Eshqobilga talpinish asorati bari bir qolgan ekanki, erining yalinib-yolvorishlariga ham qaramay, stajini bahona qilib, fermaga qatnayverdi. Hatto oilasi, bola-chaqasiyam qoʻziga koʻrinmadi, shekilli. Va yoki, oʻch olish niyati boʻlganmikan? Kim biladi deysiz. Otasining hech narsa bilan ishi boʻlmay qoʻydi. Oqibat... bir kuni onasi it quvgan mushukday, fermadan yugurgilab keldiyu, oʻzini soʻriga tashladi. Tugmalarini uzib, koʻkragini uqalashga tushdi. Buvirajabga koʻzi tushgach, «Suv. Tez suv keltir!», dedi xirillab. U keltirgan suvni ichaman, deb boshini koʻtardiyu, qattiq ixrab boshini ortga tashladi. Koʻzlari dahshatli olayib, tepaga bitdi-qoldi. Онасининг ўша ҳолати сира Бувиражабнинг кўз ўнгидан кетмайди. Бир умр қийналиб яшади, тағин қийналиб ўлиб кетди шўрлик. Эшқобилнинг алдагани – бир, отасининг олижаноблиги минг азоб эди. Икки гапнинг бирида эрини қарғадию, Эшқобил ҳақида бирон марта бирон жойда ёмон гап айтмай ўлиб кетди шўрлик. Ҳар қалай, Бувиражаб эшитмаган. Шу воқеалардан хабар топгач, Бувиражаб нима учун айнан Эшқобил мудирлик қилаётган фермага ишга ўтди? Ўзи билмайди, нега? Балки онасининг қонидаги ўрлик, ўжарлик унда ҳам бордир. Ўнинчи синфни битирган кезлари эди. Хидир Собирович уни идорага чақиртирди. «Онангнинг қарамоғида бўлган сигирлар беега. Биласан, онанг илғор соғувчи эди. Ва ҳоказо, ва ҳоказо. Истасанг, онангнинг ўрнини эгалла». Бувиражаб бу таклифни отасига айтди. Отаси индамади. Биринчи ойлигини келтириб берганида уч қолдирмай ичиб тугатди. Шундан кейин Бувиражаб отасига пул бермай қўйди. Ўзи йиғиб, тежамкорлик билан рўзғорга ишлатадиган бўлди. — Бувиражаб! Бувиражаб чўчиб тушди. Ортига ўгирилди. «Шукрулла?» Мунгли дили бадтар ғамга ботди. Бунга нима экан? Тошини термайдими? Бувиражаб йўлида давом этди. Шукрулла келиб ёнма-ён юра бошлаганида ҳам индамади. Бир муддат шу тахлит кечди. Кейин Бувиражабнинг юраги қисила бошлади. Нега орқасидан эргашиб юрипти бу? Нега индамай кетяпти? Тилсиз! Шукрулла фермада молбоқар. Бир йилдан бери Бувиражабнинг изини пойлайди. Бир йилдан бери соядай эргашади. Бувиражаб аввалига кулди, кейин ғаши келди, ахийри эътибор бермай қўйди. Майли, молбоқар бўлса ҳам, ё тегар, ё тегмас. Лекин бир йигитнинг ортингдан эргашиб юриши... яхши экан-да! Қайси қизга ёқмайди бу? Аммо... яхши кўрадиган йигит, агар йигит бўлса, келиб, шундай-шундай, демайдими? Шукрулла бир йилдан бери бирон марта бу ҳақда оғиз очгани йўқ. Умуман, Бувиражабга дуч келиб қолса, қалтирайверади. Бўш-баёв! Лапашанг! Нима, Бувиражабнинг ўзи бориб, бўйнига осилсинми? Фермадаям, қишлоқдаям айрим қизлар йигитлари билан юришади, бинойидай, одамга ўхшаб. Шукрулла эса... Бувиражабнинг ҳар бир сўзини буйруқдай бажаришдан бошқасига ярамайди. Бувиражабга биркитилган ўн беш сигитнинг таги доим тоза, озода, охурида ем-емиш ҳамиша бор. Бувиражаб баъзан аламидан эзиш учун Шукрулланинг ишидан камчилик қидиради. Топса, йигитни чақиради. «Мана бу юмушларни кўнгилдагидай бажармапсиз», дейди. Шундаям Шукрулла индамасдан унинг айтганларини ўрнига қўйиб бажаради-да, ортиқча бир гап айтмай, жўнаб қолади. Йигит деган, мунда-ай, тўлиб-тошиб юрса-да. Қиз бола унинг қошида қалтираб, юрагини ҳовучлаб турса. Бувиражаб ана шунақа жўмардга йўлиқишни истарди. Эҳтимол ҳар бир қизнинг орзусидир бу. Турмуш ўртоғини бўйсундиришни эмас, балки унга бўйсунишни истар. Йўлиққани бўйсундиришга қодир эмаслигини билган заҳоти ранжир, аста-секин жиловни ўз қўлига олишга ҳаракат қила бошлар? Бувиражабнинг отаси ҳам итоаткор эди, хотинни бўйсундириш қобилияти бўлмаган унда. Шунинг оқибатида онаси жаҳлга миниб юрган. У киши, агар севгани Эшқобил билан дон олишганини билган заҳоти воз кечганида, балки аёл боши билан бир умр хаёлан унга сажда қилиб ўтармиди. Яхши кўргани хиёнат қилганини кўра-била туриб, «Кечираман. Уйланаман...», дейиш. Бувиражаб кейинчалик шуни англадики, ўшанда отасига розилик бериб қўйгани учун, оёғини тираб туриб олмагани учун онаси бир умр ўзини қарғаб яшаган. Ўзига қўшиб, эрининг ҳам гўрига ғишт қалаган. Аслида-ку, у шўрликни мажбур қилишган: «Eшқобил қочиб кетди. Энди шундан бошқаси сени олмайди. Тегасан», дейишган. Илож қанча, ортида бўй етган сингиллари турипти, уларнинг бахтини боғламайин деб... Хуллас... Шукруллада ҳам отасининг феъли бор. Жўмард бўлса экан. Қани?! Қани ўшанақа йигитлар?! Барлосда, масалан, шунақаси йўқ. — Нега соядай эргашиб келяпсиз? — Ўзим... шунда-ай... сизни кузатиб қўяй деб... — Мени бўри емайди, ўзим кетавераман. Мажлисингиздан қолманг! – Бувиражаб кескин бурилиб, йўлида давом этди. — Бувиражаб! Тўхтанг! Бувиражаб тўхтамади. — Бувиражаб! Мен сизни яхши кўраман! Ногоҳ Бувиражабнинг кўзларига йш қуйилиб келди, лекин шу заҳоти куч билан ўзини тийди: «Керак эмас!» — Яхши кўрсангиз нега мажлисда мени ҳимоя қилмадингиз? Бувиражаб тўхтаб, Шукруллага шахд билан ўгирилди. — Билмасам, мен нима дейишим керак эди?! — Билмасангиз, боринг, билиб келинг. – Бувиражаб уйларига етиб келган эди. Шукруллани лол қолдириб, ичкарига кирди-кетди. Укалари телевизор кўриб ўтиришган экан. Одатдагидек, отаси кўринмайди. Етти яшар кенжатой бир бурчакда йиғлаётир. Бувиражабнинг ўпкаси тўлиб кетди, меҳри товланиб, укасини қучоқлади-да: — Нимага буни урдиларинг? – деб сўради. — Ҳеч ким ургани йўқ. Ўзи йиғлаяпти, - деди ўнинчи синфда ўқиётган Худоёр. — Қорнинг очдими, а? – Бувиражабнинг ичи ачишиб, укасининг кўз ёшларини кафти билан артди. Сўнг синглиси Бувойшага ўгирилди. – Чой дамлаб кел. Онасининг вафотидан кейин уйда Бувиражабнинг ҳар бир сўзи қонунга айланган эди. Синглиси ўрнидан туриб, ошхонага жўнади. Бувиражаб бошқа укалари ҳам тамшаниб ўтирганини англадию: «Бирон нима едиларингми ўзи?», деб сўради. Ҳаммаси бирваракайига «йўқ» деган маънода бош чайқашди. Телевизорга термулиб ўтирган Худоёр: «Нон қолмапти», деб тўнғиллади. — Вой ўла-ай! – Бувиражаб кенжатойни ерга қўйиб, тахмонни кўрди. Худоёрнинг гапи рост эди. – Ҳа, мажлислари қуриб кетсин-а! Қўшнидан сўрамадиларингми? — Ўзларида битта қолган экан. — Вой ўла-ай! – Бувиражаб супрани очиб, хамир қоришга тушди. – Ҳозир сизларга қотирма нон қилиб бераман. Бувойша, қозоннинг тагига ўт қала. Бувиражаб сал нарсага йиғи-сиғи қилиб, тўмтайиб ўтирадиган қизлар хилидан эмасди. Ҳар қандай шароитда ҳам у иложи борича имкон қидирарди. Мажлисдан гарчи хафа бўлиб чиққан эса-да, ҳозир фақат укаларини, уларнинг қорнини тўйдиришни ўйлар, кўнгли ёришиб борар эди. «Ҳар қалай, ёнимни оладиган одамлар ҳам бор экан-ку! Шукрулла: «Нима дейишим керак эди?», деб турипти-ку ана. – Бувиражабнинг кўзлари чақнади. – Тўғри-да, нима десин? Эшқобил фермага ўқталсинми? Ё бўлмаса: «Мен Бувиражабни яхши кўраман», деб жар солсинми? Ҳа, йигити тушмагур-а! Аваз акадан бошқа бирон киши ёнимни олишга журъат этмади. Шукрулла эса...» – Бувиражаб унинг соддадилларча термулишини кўз ўнгига келтириб жилмайди. Рости, меҳри ийиб кетди. Унинг қарашлари кўнгилга яқин, қандайдир азиз туюлар эди. Шўрлик, шунча вақтдан бери журъат қилиб бир оғиз гап айтолмай юрган экан-да. Бугун Бувиражабнинг энг тушкун пайтида ёнига келди, унга далда берди. Унча-мунча йигит кўнгил қўйган қизи шунақа бетгачопарлик қилса, ундан юз ўгириб кетади. Бувиражабнинг эшитишича, Шукруллани ҳам ота-онаси койиган: «Бувиражабингни қўй. Тагли-жойли йигит ўзига ўхшаган қизга уйланади», дейишган. Бувиражаб бўш-баёв деб билган Шукрулла эса ота-онасига тик қараган: «Уйлансам фақат Бувиражабга уйланаман!» Улар ҳам бўш келишмапти: «Бувиражабни олиб берсак, ҳаммамизни уйдан қувиб чиқаради». Шунда Шукрулла: «E, сизлар уни билмайсизлар. Бувиражаб тилла қиз! Одамлар айтаверади-да. Ёмон бўлганида қиз бола боши билан катта рўзғорни боқиб, бошқара олармиди?!», депти. Шу тахлит узунқулоқ гаплар етиб келганида Бувиражабнинг бўйи бир қарич ўсган, энди келиб севги изҳор қилса керак деб кутган. Шукрулла эса шундан кейин ҳам оғиз очмади. Дуч келганда йигитнинг мунғайишини кўриб. Бувиражаб: «ҳаммаси ёлғондир», деб ўйлаган. Буни қарангки, кесакдан ўт чиқди. Шукрулла уни севар экан! Севар экан!! Севар экан!!! Бир ҳисобда ҳар қадамда минг битта ваъда бериб, сал нарсага йиғлаб юборадиган йигитлардан кўра Шукрулланинг ўлса ўлиги ортиқ. Унча-мунчага индамайди, мақтанмайди, лекин Бувиражаб қийин аҳволга тушиб қолсами, - унинг шунга жуда-жуда ишонгиси келарди, - Шукрулла кўкрагини қалқон қилади. У мард, олижаноб йигит! Шунинг учун ҳам қизларнинг унча-мунча қочиримларига парво қилмайди. Шукруллани лапашанг деганларнинг ўзлари лапашанг. Унинг кимлигини Бувиражаб энди англаяпти. Бекорга хафа қилди боя. Ҳечқиси йўқ, эртага гаплашади. Бувиражаб то қозонга ёғ солиб доғлаганча, доғлаб қотирма нонни пишириб олганча бор ғамини унутди ва қушдай енгил тортди. Қип-қизил қотирмаларни қўтариб келганида хонтахта атрофида укалари полапонлардан тизилиб ўтиришарди. Бувойша сариёғ келтирди ва улар маза қилиб овқатланишди. Ухлайдиган вақт бўлганида Худоёр одатдагидек ўз жойига, олма тагидаги каравотга кетди. Кенжатой эса Бувиражабга суйкалди: «Мен сиз билан ёта-ай!» — Майли, юрақол! – Бувиражаб кенжатойни етаклаганча ётоқхонага ўтди. Уйлари икки хонадангина иборат. Шунинг бирида қизлар, иккинчисида эса эркаклар ётар эди. Ёз, кечалар ҳам иссиқ эмасми, Худоёр ҳовлига кўчиб чиққан, отаси эса ичиб келиб, ярим тунда кенжатойни уйғотиб оладиган одат чиқарганди. Шу қилиғи учун Бувиражаб бир-икки марта отасига аччиқ-чучук гап айтган пайтлар ҳам бўлди... Бу хонадон Барлосдаги энг камбағал оилалардан ҳисобланар эди. Оила бошлиғини ҳамма бебарака дер эди. Балки онаси шунинг учун куйиб кетгандир. Чунки ўқишни битириб келгач, Эшқобил сердаромад жойни эгаллади, данғиллама тўй қилиб, уйланди. Қанақа қимматбаҳо мато чиқса, Барлосда аввал Эшқобилнинг тасқара хотини, сўнг бурни оққан қизлари кияди. Онаси шўрлик читдан бошқа матони кўрмай ўтди. Бувиражаб ҳам нафсини тийишга, заҳмат чекиб пул топишга, укаларини одам қилишга мажбур. Топгани кунлик емишга, одмигина кийимга аранг етади. Яқинда Худоёр: «Юз сўм беринг, жинси оламан», деб қолса бўладими? Йўқчилик қурсин-да. Бахтларига битта сигири бор. Бувиражаб фермага ўтдию, унча-мунча ем-емиш ташиб, ўлар ҳолдаги шу сигирни асраб қолдилар. Кунларига яраб турган ҳам шу. Барлос фермаси кони хазина. Кўпчилик ўзини шу ерга уради. Шунинг учун соғувчини ҳам, молбоқарни ҳам танлаб ишга қабул қилишади. Бувиражабни эса онасининг ҳурматига ишга олишди. Йўқса, ишга ўтаман, деган сон мингта эди. Отаси эса, одатдагидай, жуда кеч қайтди. Кенжатойни уйғотиб, бир нималар деди. Кенжатой тўнғиллаб, ўгирилиб ётди. Кейин даҳлизда бир нима тарақлади. Афтидан отаси сув ичмоқчи бўлиб, пақирни ағдариб юборди. Кейин сўкинганча ташқарига чиқди. Қайтиб кирди ва нариги хонага ўтди. Ўғли жойига ўтмаганини билди шекилли, қайтиб буларнинг хонасига кирди, чироқни ёқди. Бувиражабкенжатойни бағрига босганча, ўзини ухлаганга солди. Отаси каловланиб қолди, ғудранди, сўнг чироқни ўчирди-да, даҳлизга чиқди. Отаси ёмон одам эмас, ҳаддан ташқари оқкўнгил. Қиз қуриб кетганидан эмас, оқкўнгиллигидан ўзига хиёнат қилган қизга уйланган. Қиз эса бу оқкўнгилликни кўтара олмаган. Шукрулла ҳам бўш-баёв, оқкўнгил йигит... Шукрулла... Қандай кун бўлар экан эртага? Қандай? Тезроқ тонг ота қолсайди. * * * Eрталаб ортиқча гап-сўзларсиз сигирлар соғилди, лекин кечга бориб, Бувиражаб аламидан нима қиларини билмай қолди. Сигирларнинг таги тозаланмаган, емиш солинмаган. Шукруллани далага – сомон йиғишга жўнатиб юборишипти. Ўрнига қолган Бойқул молбоқар эса елкасини қисиб, «нега энди Шукрулланинг ишини мен қилар эканман?», деди-да, бурилди-кетди. Жамики кўнгилсизликлар шундан кейин бошланди. Бувиражаб иш билан бўлиб, ҳеч вақони пайқамаган, асли тонгданоқ соғувчилар ундан ўзларини четга олишган экан. Дам олиш хонасида у Ўрозгул опа соғувчиларни йиғиб, гурунг бериб ўтирганининг устидан чиқди. Қизлар бир пас жим бўлиб қолишди. Кейин Ўрозгул опа гапни буриб кетди. Шунда Бувиражаб унга-бунга қараб, нима деярини билмай, бир четга ўтиб, қўлига газета олди. Ўшандаёқ гап ўз устида бораётганини англади, бироқ ҳеч нима қилолмади. Унга алам қилгани шу бўлдики, йил бўйи у ферма мудири ва совхоз директори билан шу соғувчилар ҳаққи олишди. Мана шу дам олиш хонасини ҳам у безор қилиб юборгандан кейин очиб беришган аслида. Айнан Бувиражаб роса олишгач, қизларнинг ойлигини ҳам кўтаришди. Кечаги йиғинда у бор гапни айтди. Манавилар Бувиражабнинг ҳақлигини билишади. Ўрозгул опа мажлисларга кетганида минг марта уни қарғаб, гўрига ғишт қалаб, сигирларини соғишар эди. Қайтиб келиши билан мум тишлаб олишади, унинг гапини маъқуллашади. Асли шуларни деб куйиб-пишган Бувиражабнинг ўзи ахмоқ. Мана, моховдай четга чиқди-қолди. Бувиражабга нима етишмайди? Фермада қайта қуриш битта унга керакми? Ферма мудири унга қарши. Совхоз директори қарши, райком вакили шуларнинг гапини маъқуллагандан кейин... Қанақа одам ўзи булар?..! Шу кундан бошлаб Бувиражабнинг сигирлари сутини алоҳида текширадиган, сув қўшган-қўшмаганини аниқлашга уринадиган бўлишди. Бир куни у сигирларига ратсиондагидан кўп ем берган экан, шу аниқланди ва бу гап бутун қишлоққа овоза бўлди. — Мана энди Бувиражабнинг танобини тортишади! – дейишди билағонлар. Нима эмиш, Ўрозгулга – депутатга, делегатга бекорга осилмаган, унинг ўрнини олмоқчи бўлган эмиш. Кейин бу гаплар тинчиди. Чунки Бувиражаб унинг иштирокида қайтадан текшириш ўтказишларини, ферманинг ҳужжатларини бошдан-оёқ тафтиш қилишларини талаб қилди. Қарасалар, иш катталашадиган. Шукруллага ҳайфсан эълон қилишди-да, ишни босди-босди қилишди. Шундан кейин Барлосда янги гап қўзилади: «Шукрулла билан Бувиражаб бир жойда ишлаб, номақбул кирдикорлар билан машғул эмишлар. Барлос ёшларига ёмон таъсир кўрсатаётган эмиш... Хуллас, ўша йиғиндан кейин ёшу-қарининг тилидан Бувиражаб тушмай қолди. Даставвал Бувиражабнинг ёнини унча-мунча олганлар бўлса-да, «у Шукрулланинг бошини айлантираётган эмиш» деган гап чиққандан кейин орқаваротдан уни ўтдан олиб сувга, сувдан олиб ўтга урадиганлар кўпайди. Албатта, бу фисқу-фасод Бувиражабга ҳам етиб келди, аввалига у миш-мишлардан устун туришга ҳаракат қилди, кўпчилик бараварига қўлини бигиз қилгандан сўнг кимнинг ёқасидан оларини билмай қолди. Шукрулла эса... Бувиражаб шўрлик йигитни яқинига йўлатмай қўйди, уни бошқа бригадага ўткизишларини талаб қилди. Аввалига Бойқулни Шукрулланинг ўрнида ишлатиб юрган бўлса, энди Эшқобил Бойқулни сомонга жўнатиб юборди. Шукрулла билан ишлайсан, сенга берадиган бошқа одамим йўқ деб туриб олди. Хоҳласанг – шу, хоҳламасанг – тўрт томонинг қибла! Э, боши қотиб қолди Бувиражабнинг. Жуда қийин бўлди-да унга. Шу тахлит орадан йигирма кун ўтди. Сигир соғаётган пайт Бувиражаб Шукрулла атрофида гирдикапалак бўлишини сезиб, ғижинар эди. Шунча гап-сўз камми? Ҳайронсан, гап-сўз кўпайган сари йигитбашара бу гунг унинг ёнидан кетмайдиган одат чиқарди. Ҳайдаб кеткизолмайди-е! Қачон қараса, Бувиражабга термулиб тургани-турган. Бувиражаб минг ўйга бормасин, Шукрулла айниб кетиб қолмаётганидан қувонар эди. Баъзан шунақа дамлар бўлардики, йигитнинг бағрига ўзини отгиси, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келарди. Биронта ҳимоячинг, жилла қурса, ёнингда турадиган одаминг бўлмаса, қийин экан. Лекин алам қиларди: Шукрулла билан «юриш» у ёқда турсин, тузукроқ гаплашмасларидан шунча маломат. Бу «гунг» эса телба муҳаббати билан Бувиражабни адойи-тамом қиляпти. «Юриб» туриб гап эшитсанг, ҳа, шундай бўлган, дея ўзингга тасалли берасан... Шукрулла томоқ қирган киши бўлиб, Бувиражабнинг у ёқ-бу ёғидан ўтди. Бувиражаб сигир соғаверди. Шукрулла яна томоқ қирди, охурга қараган киши бўлди. Тимирскиланди. Сигирнинг сути қуриган эди. Бувиражаб аввалига сигирни соғишда давом этаётгандек кўрсатди ўзини. Кейин «мен нега индамаслигим керак?» деган иддао билан шарт ўрнидан туриб, сут тўла пақирни қўлига олди. — Бувиражаб! Қизнинг аъзойи-бадани роҳатли оғриқдан жимирлаб кетди. «Бувиражаб!» Шунчалар меҳр билан, ҳаяжон билан айтилган эдики бу исм!.. — Мен сизни яхши кўраман, Бувиражаб! Бувиражаб ялт этиб йигитга ўгирилди. Шукрулланинг кўзлари умидвор, ҳатто шу пайтгача Бувиражаб ҳам пайқамаган ажиб ёниқлик билан термулиб жавоб кутарди. Бу қарашлар... Бувиражабнинг аламлари, ғашликлари бир зумда тарқади. Қувончдан, кўпдан-кўп ситамлардан ва хўрликлардан сўнг қувончдан йиғлагиси келди. Қўлидаги пақир сирғалиб туша бошлаганини ҳатто ўзи пайқамади. Яхшиям Шукрулла кузатиб турган экан. Пақирнинг дастагидан тутаётганда йигитнинг қўли қизнинг кафтига тегиб кетдию, қиз орзиқди. Йўқ, кўз ёшини душмани у ёқда турсин, дўстига ҳам кўрсатмайди ҳатто. Бувиражаб йигитнинг қарашларига бардош беролмай, кўзларини пақирга тикди. Энтикди, умрида илк дафъа. Доим кўзлари тўқнаш келса, Шукрулла ерга қарар эди. Ҳар қанча гунг бўлмасин, бари бир йигит йигит экан-да. Йигит бари бир қиздан устун экан. Бувиражаб куч билан бошини кўтарди. Шукрулланинг нигоҳи шу қадар илиқ, шу қадар самимий эдики, у... — Сиздан жавоб кутяпман, Бувиражаб!? Бувиражаб жилмайди. Балки ўша йиғисидан бери биринчи марта чин дилдан яйраб жилмайишидир бу. Шунинг баробарида у ўзини қўлга олди. — Совчи юбораверайми, Бувиражаб?! — Пақирни беринг. — А?! — Пақирни беринг, сутини тўкиб келай. — Ҳозир! – Шукрулла югургилаб борганча сутни бидонга ағдарди. Бувиражаб унинг ортидан меҳр билан тикиларкан, бирдан сергак тортди: соғувчиларнинг ҳаммаси уларни кузатиб туришарди. Ўҳ-ҳў! Бувиражабнинг ранг-қути ўчди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. Ўзини ортга олиб, охурга суянди. Сигир «нима гап?» дегандай унга тумшуғини чўзди. — Нима гаплиги билан нима ишинг бор? Ҳе ўл! – Сигирнинг тумшуғига бир мушт туширди. «Айтмасанг айтмай қўя қол!» – сигир аразлаб бошини четга бурди — Сен бир мол бўлсанг, гапга тушунармидинг! – Бувиражаб йигит келтирган пақирни олиб, сигирни соғишга тушди, шунда у ҳамон кимдир ўзларини кузатаётганини пайқади. Аччиқланди. Аччиқланиш баробарида Шукрулланинг гапини эслади: «Мен сизни яхши кўраман, Бувиражаб!» «Қанақа қилиб яхши кўраркан?! – Бувиражабнинг юраги орзиқди. Шундай омон-омон кунларга етармикан? Ишқилиб етсин-да». Кундан-кунга тажанглашиб боряпти. Сал нарсага дуч келган одам билан ёқалашишга тайёр. Сўнгги кунларда укаларини ҳам кўп хафа қиляпти. Отаси билан икки марта уришиб олди. «Ўн сўм бериб тур», деган эди, уники тутиб қолди. Пул бермагач, отаси сўкинди. Бувиражаб аламдан укаларини урди. Хуллас, ишлар чатоқ... Қайси куни бир дугонаси ўзига олов қўйиб юборипти. Ўнинчини битирар-битирмас эрга бериб юборишган эди. Яқинда туғруқхонадан қайтган, рўзғор ташвишларига унча ярамай турган пайти экан, қайнонаси: «ағанаб ётаверади бу эшшакка ўхшаб», деб ўғлига ёмонлапти. Ўғилнинг эркаклиги тутиб, чилласи чиқмаган хотинини урипти. Хотин «ана бўлмаса» деб ичкарига кирипти-да, устига солярка қуйиб, гугурт чақипти. Қайнонаю-ўғилни ўша заҳоти ўша заҳотиёқ оббориб қамашипти. Ўртада чиллали гўдак чирқираб, ғирт етим бўлиб қолипти. Ўшандан бери Бувиражабнинг ҳам хаёлига баъзан-баъзан шунақа нохуш ўйлар келади. Ўзини ўлдирсаю, ҳаммасидан қутулса, ферма мудирию, парткомни, совхоз директорни олиб бориб қамашса. Булар билан тириклай олишишга кучи етмайди унинг. Бувиражабда куч қаёқда дейсиз... Ўз жонингга қасд қилиш – яхши эмас! – Бувиражаб ўзига ўзи ақл бўлишга уринарди. Уринардию,.. Дугонаси ўзига ўт қўйгандан бери бир ҳафта ўтди. Бир ҳафтадан бери кўзига нуқул олов кўринади. Баъзан ўзини ёнаётган ҳолда тасаввур қилади. Кейин суд. Қора курсида Эшқобил ферма, Хидир Собирович, Ўрозгул опа, Ҳамроқул Бозорович... Судъя ҳукм ўқийди: «Унисиям, бунисиям, учинчисиям, тўртинчисиям, ўнинчисиям, ҳаммаси отилсин... осилсин!» Бари бир... бари бир... битта қўймай қириб ташлашганда ҳам аслида нима ўзгаради? Бувиражабга нима фойда? Ахир ўлган бўлади у! Ўлган бўлади-я! Қандай даҳшат!!! Тупроқларга қоришиб ётган бўлади. Оғзи, кўзлари тупроққа тўлган бўлади. Нега энди ўлиб кетавериши керак экан? Бундай ўйлаб қараса, шу дунёда борлиги, яшаётганининг ўзи бахт-ку! Онаси ўлгандан кейин бошига кўп ташвишлар тушди, тўғри, лекин Бувиражаб деган қиз бор-ку, шу дунёда яшаяпти-ку! Қанчалар гап-сўз бўлмасин, отаси бир вақтлар онасига уйланган, кейин Бувиражаб дунёга келган. Модомики шундай экан, Бувиражаб яшашга, яхшироқ яшашга уриниши, курашиши керак энди. Ахир турмуши ночор бўлса... Аблахлар! Қайта қуриш деб ёзишади, кўзбўямачиликларга қарши курашамиз дейишади. Аслида ҳаммаси эскича. Кўзбўямачилар аллақачон топталиб, ер билан яксон бўлиш ўрнига... Бувиражаб топталяпти. Қачон ҳақиқат бўлади? Қачон? Йўқ! Бувиражаб ҳеч қачон ўзига олов қўймайди. Ахмоқлик бу! У курашади. Аммо қандай қилиб? Нима деб? Нима учун курашади? Газетага ёзса-чи?! Ай-й. Нечтаси ёзяпти ҳам, натижа йўқ. Қайтага ўзлари «ёзғувчи» деган ном олишяпти. Қанчадан-қанча текширишлар бўлди. Биронтасида директорга айб қўя олишмади. Нима қилиш керак? Катталар ҳам Хидир Собировичнинг ёнини олишяпти. Нима бало, ўзига ўт қўйишдан бошқа чора йўқ, шекилли! – Бувиражаб сесканиб кетди. – Туф-е! Яхшиям, бахтига Шукрулла бор экан: «Мен сизни яхши кўраман, Бувиражаб!» Бувиражаб хўрсинди. Меҳр билан: «Ҳа, яхши кўрмай ҳар бало бўл. Мени олиб нима барака топардинг? Нуқул ғавғога қоласан», деб хаёлидан ўткизди, кейин атрофига кўз югуртди. Шукрулла сал нарида гўё иш билан машғулдай айланиб юрар, тез-тез бу томонга қараб қўярди. Э, нима бўлса бўлар. Таваккал! — Ҳў-ўй, бу ёққа кел! Бувиражаб ялт этиб қаради. Сал нарида қаердандир пайдо бўлиб қолган Эшқобил ферма Шукруллани бош бармоғи билан беписанд имлаб чақирарди. Авзойи бузуқ. Бувиражабнинг аъзойи-бадани ғазабдан титраб кетди. Салгина қувонганингниям кўролмайди булар. Қаёқдан кела қолди бу бало? — Бу нима қилганинг?! – Эшқобил ферма сигирларнинг тагига ишора қилганча, Шукрулланинг пешанасига кўрсаткич бармоғини тиради. — Тозалаяпман-ку. — Гап қайтарма. Нима лаллайиб туриш бу? А? Ҳей, сендан сўраяпман, сендан? — Нима бўпти, мана, ишла... — Гап қайтарма дедим сенга, ифлос! Тилинг чиқиб қолдими ҳали? Сен нега бировнинг сигирига кўпроқ, бошқаникига камроқ ем соляпсан, а? Бу ишинг ғирт жиноят эканини биласанми ўзи? Хомкалла! – Эшқобил мушти билан Шукрулланинг бошига турткилади. — Туртманг! Нега туртасиз?! — Бор кет фермадан! Ишдан бўшатдим сени! Алланима тарақлади. Бувиражаб ўгирилиб қаради: Шукрулла қўлидаги белкуракни ирғитганча шашт билан кетиб борарди. Об-бо! Мана бу шўрлик ҳам Бувиражабнинг касрига ишдан ҳайдалди. – Бувиражаб бўшашиб қолди. Йиғлагиси келди: «Нима керак экан бу одамларга? Нега энди уни қўйиб, Шукруллага ёпишишяпти?» Eшқобил ферма ҳам шашт билан ташқарига жўнади. Бувиражабнинг ёнидан қовоқ-тумшуғини солиб ўтди. Ҳе ўл раҳбар бўлмай! Қиз бола билан олишмай ҳар бало бўл! Қирғин келсин сенга! – Бувиражабнинг кўнгли ўксиди. Қўлларидан дармон кетди. Сигирларини ҳам ҳаммадан кейин соғиб бўлди. Халатини ечишга бораётганда соғувчиларнинг бари ферма ҳовлисида кетишга тайёр бўлиб туришар эди. Соғувчиларни ташийдиган автобус шофёри бир соатига, бир Бувиражабга қараб қўйди. Шошиляпти. Соғувчилар ўртасида Ўрозгул опа гап беряпти десангиз. Одатдагидай. Бувиражабга қараб у бир чимирилди-да, яна гапида давом этди. Ана шу чимирилишнинг ўзи Бувиражабни адойи-тамом қилди. Нега булар бунақа қилаверади? Боя ўйнаши ёнидан «одаммисан» демай ўтди. Аламини Шукрулладан олди. Буниси эса… Бувиражаб кийим алмаштирадиган хонага кириб, халатини ечди. Тамом бўшашиб, дармони қуриганча, деворга суянди. Хонада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шу чоғ эшик секин очилди ва кимдир кириб келди. Бувиражаб, соғувчилардан биридин деб ўйлаб бошини кўтармади ҳам. — Бувиражаб! — Эҳ! – Бувиражаб чўчиб бошини кўтарди. Ичкўйлакда экани ёдига тушиб, халатини олганча кўкрагига босди. – Шукрулла?! Koʻzlari yongancha Shukrulla u tomonga kelardi. Buvirajab oʻzini yoʻqotdi. Ortga chekinib, beixtiyor devorga suyandi. Koʻzlarini chirt yumdi. Ikki yelkasiga ikkita «choʻgʻ» tegdi va kaftlarini qizdirib yubordi. Shuning tafti a’zoyi-badaniga urib, erib ketdi u. Boshini yigitning koʻkragiga tashladiyu, oʻkrab yigʻlab yubordi. Oʻzini toʻxtatishga urinar, ammo uddalay olmas, ich-ichidan yigʻi otilib chiqib kelar edi. — Бувиражаб! Менга тегинг! Сизни бу аблахлардан ўзим ҳимоя қиламан! Ҳаммасини кўриб-билиб турибман, Бувиражаб! – Шукрулла кўксига сингиб бораётган Бувиражабнинг елкаларини авайлаб силаганча, шивирларди. – Мени булар мўмин-қобил деб ўйлашади, Бувиражаб! Мен буларга мўмин-қобил қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман ҳали! Йиғламанг, Бувиражаб! Бувиражаб, йиғлама! Йиғлама! Ўзингиз… ўзингни бос, Бувиражаб! Бувиражаб йиғи аралаш бир муддат бошини кўтариб, Шукрулланинг нигоҳида илгари ўзи сира илғамаган қатъиятни кўрди. Унга ишонди. Юраги бадтар тўлиб кетди. Айниқса «сен»лаб, «ўзиники» қилиб гапиргани қизни тоза эритиб юборди ва у яна бошини йигитнинг кўксига ташлади. — Шошмай турсин ҳали бу онангни эмгирлар! – Шукрулла метиндай қўллари билан уни бағрига тортди. Ажабо! Йигитнинг сўкиниши ҳам Бувиражабга ёқар эди. Сўкиниш йигит кишига ярашар экан-да. Айниқса, сени - ҳар томонлама яккаланган қизни – ҳимоя қилиб турса. Шукруллаяна бир нималар деди, аммо энди Бувиражаб учун унинг нималар деяётганининг аҳамияти йўқ эди. Ўзини бутунлай унинг ихтиёрига ташлади… Шу алфозда қанча туришди, билмайди. Бир пайт шарақлаб эшик очилди-да, Бойқул молбоқар ичкарига кирди. — Э, мана буларнинг туришини қаранглар, - деди у бақириб. Шу чоғ яна кимнингдир товуши эшитилди. Молбоқар унга қарата шанғиллаб деди: - Ўтиб кетаётсам, қиз боланинг йиғиси, йигитнинг ғўнғир-ғўнғири қулоғимга чалинди. Бунда-ай, эшикнинг тирқишидан қарасам, иккови қип-яланғоч, чалкашиб ётишипти.. Туф-е! Ферманиям расво қилдинглар, нас босганлар, деб икковиниям кетига тепиб, ҳайдаб чиқай дедиму… Eшикдан бирин-сирин соғувчилар, хизматчилар, ниҳоят хўмрайганча Эшқобил кириб келди. Шукрулла билан Бувиражаб бир-бирини қўйиб юборганча ҳанг-манг бўлиб туришар эди. — Нима гап? Тағин нима ғавғо? – ўшқирди Эшқобил. Кейин Шукруллага таҳдид қилди. – Сен бу ерда нега санғиб юрипсан? — … қулоқ солсам, - давом этди Бойқул, - Бувиражаб йиғлаб Шукруллага тармашяпти: «Мен энди шарманда бўлдим, қорнимда уч ойлик болам бор», дейди. «Кимдан?» деб сўради Шукрулла. Кейин Бувиражаб бировнинг исмини айтди, эшитмадим. Сизларни чақирай деб… — Ифлос! – Эшқобил Шукруллага ўқталди. – Сенларнинг касофатларингга фермадан барака кетди. Ўласанларми шу ишларингни кўчага чиқиб қилсаларинг. Чидамай, ўлиб боряпсанларми? Жой топилмай қолдими? Нега бунча ҳақорат?! Ҳеч нарса, ҳеч гап бўлгани йўқ-ку ахир! – Шу вақтгача карахт бўлиб, тошдай қотиб турган Бувиражабнинг вужудида титроқ турди. Нимадир демоқчи эди, ғазабнинг зўридан тили калимага келмади. Тамшанди. Ёқасини тутмоқ ниятида қўлини кўтарди, шундагина бор-йўғи ичкўйлакда эканини англади. Ногоҳ Шукрулла айиқдай айқирди, қўлида алланима ялтираб кетди. У Эшқобилга ҳамла қилди. Эшқобил чап берди. Чап бера туриб, Шукрулланинг қўлига тепди. Пичоқ бир четга учиб кетди. Қий-чув, дод-фарёд кўтарилди. Одамлар Шукруллани қўлидан тутишди, сўнг муштлай бошлашди, қўлларини орқасига қилиб боғлашди ҳам. — Чиқ ҳамманг автобусга! – буюрди Эшқобил. – Директорга борамиз. Ё биз ишлайлик, ё Бувиражаб! Ўйнашини мелисага топширамиз. Пичоғини олдингми? Ҳамманг гувоҳсан! Ҳа, ойимча! Қилғиликни қилиб қўйгандан кейин жавобини ҳам беринг. Ё қочиб қолмоқчимилар? Дераза раҳига юзини босиб турган Бувиражаб бошини кўтарди. Қизарган кўзларида йиғидан асар йўқ эди. Ҳатто қўрққинч ҳам! Нафратга тўла кўзларини Эшқобилга тикканча, эшик томонга юрди. Қўлларини белига тираганча тиш қайраб турган Эшқобил беихтиёр тисарилиб унга йўл берди. Атайлаб чақиришганми, тасодифми, ҳар қалай идора олдида Норқул мелиса турган экан, Шукруллани ўшанга топширишди. Директор ҳам, партком секретари ҳам, бошқа катталар ҳам идорада эдилар. Шуларнинг олдида Бойқул ҳалиги гапларини яна такрорлади. Гувоҳлар тасдиқлашди. Сўнг тушунтириш хати ёзишга тушишди. Эшқобил рапорт тайёрлади. — Бувиражаб! Сен нима дейсан? – Хидир Собирович гўё ҳамдардлик билан қизга ўгирилди. Жанжал бошлангандан бери «гунг» бўлиб юрган Бувиражаб сесканиб кетди. Гарангсиб, директорга юзланди. — Шу гаплар ростми? – Хидир Собирович мулойим оҳангда, ўзига жуда яқин олиб сўради. — Ёлғон! Ҳаммаси ёлғон!! – Бувиражаб беҳол шивирлади. – Ҳеч қанақа болам йўқ менинг! – У тушунтириш хати ёзаётган Бойқулга ташланиб, бор кучи билан шапалоқлаб солди. Бойқул полга ағдарилиб тушди. – Ўғри! Эшқобилнинг исковуч ити! - Бувиражабнинг кирза этиги икки-уч марта Бойқулнинг биқинига бориб келди. Одамлар Бувиражабни ушлашди. Унинг кўзларига ҳамон қатра ёш келмас, соғувчи қизларнинг қўлида ғазабдан ҳансираганча, қалт-қалт титраб турарди. — Мушт билан, дўқ билан ҳеч нарсани исбот қилолмайсан, Бувиражаб! – деди Хидир Собирович. – Ҳозир қайта қуриш кетяпти. Демократия! Ҳар ким ўз фикрини очиқ-ойдин, яширмай айта олади. Сен ҳам ўз фикрингни айт.. Кўплашиб, маслаҳатлашиб, бир қарорга келамиз. Бу ерда битта Бойқул эмас, бутун бир коллектив сенга қарши гапиряпти. Фермаларингга йилда бир бормайман ўзи! Билмайман, Эшқобил билан нимани бўлишолмай қолдинглар… Шунча одам сен ҳақингда шунақа деб турса… Балки партком секретари фикр билдирар… Ҳамроқул Бозорович мулойим юзини силай-силай, ўрнидан турди, йўталган киши бўлди. Ниҳоят гапиришдан бошқа иложи қолмаганини англаб, деди: — Бизнинг Бувиражабдан умидимиз катта эди. Шунинг учун яқинда уни партия аъзолигига кандидатликка қабул қилган эдик. Минг афсуслар бўлсинки, Бувиражаб ишончимизни оқламади. У ўзининг ёмон хулқи билан, номуносиб ҳатти-ҳаракатлари билан ёшларга салбий таъсир кўрсатяпти. Тағин ўз айбига иқрор бўлмай, бутун бир коллектив юзига оёқ тираяпти экан… — Бузуқиларга орамизда ўрин йўқ! – деди Ўрозгул опа. — Мен аввалги мажлисда ҳам коммунистлар олдига бу масалани кўндаланг қўйган эдим, - деди Эшқобил. – Мана, келишувчанлик оқибати. Принтсип, партиявий принтсип қани, ўртоқ партком секретари?! Яна айтаман, Бувиражаб масаласини партиявий йўл билан кўриб чиқиш зарур ва бу ёшларни коммунистик руҳда тарбиялашда жуда муҳим. — Кўрамиз, - деди Ҳамроқул Бозорович, бир оз ўйланиб тургандан сўнг. – Ишонаманки, коммунистлар ферма коллективининг фикрини маъқуллайди. — Балки биринчи сафар кечирармиз?! – гап ташлади Хидир Собирович.. — Партиявий принтсип керак, ўртоқ директор! – деди Эшқобил. – Биз бу аҳволда ҳеч қачон қайта қуришни амалга оширолмаймиз. Бувиражабга ўхшаш… тўсиқларни бузиб ташлай олмас эканмиз, жойимизда депсиниб тураверамиз. — Шунча гап-сўздан кейин агар юзи бўлса, майли, фермага бориб ишлайверсин, - деди Ўрозгул опа. — Бас!! – Бувиражаб қизларнинг қўлидан юлқиниб чиқди. – Қирилгурлар! Қирғининг келгурлар! Ферманг билан қўшмозор бўл ҳамманг! Ўт қўяман!... – У оғзини билаги билан бекитганча, ташқарига отилди. — Ие! Она қизим, тинчликми? – Қадрдон овозни эшитиб, Бувиражаб бошини кўтарди. Қаршисида Аваз ака турарди. – Нима бўлди ўзи? Бувиражаб чидай олмади. Ҳиқиллаб йиғлаганча ташқарига отилди. Қоронғи тушиб қолган эди. Ўт қўяди. Ҳаммасига ўт қўяди! Қуриб кетсин, қирилиб кетсин бари! Ўлиб қутулмаса, тириклай қутулмайди шекилли булардан. Оҳ-ҳ! Ўзига олов қўйган дугонаси қанчалар бахтли-я!.. Уйга кираверишда дарвозанинг олдида отаси кутиб турган экан. Бувиражаб айланиб ўтмоқчи бўлган эди, отаси қўлидан тутди. Қип-қизил маст — Қаерда юрипсан? — Ҳеч қаерда. — Жал-л-лабла-аар! – Отасини ҳиқичоқ тутди. Бувиражабнинг миясига яшин ургандай бўлди. «Онамнинг арвоҳларини тинч қўйинг», демоқчи, отасини узиб-узиб олмоқчи эди, сабри чидамади. Сатқаи сар… Энди гапирди нима, гапирмади нима. Яшади нима – яшамади нима. Бари бир охир оқибат ўлиб кетар кансан, бугун ўлдинг нима, яна ўттиз йил яшаб ўлдинг нима?! Қайтага ҳозир ўлсанг, ҳамма… Бувиражабнинг кимга кераги бор? – Бувиражаб шашт билан отасининг қўлидан юлқиниб чиқди-да, ошхонага кириб, эшикнинг зулфини солди. Қоронғида тимирскиланганча, тандирнинг тагидан ўзи эрталаб тракторчидан сотиб олган бир пақир соляркани топди. Кўтарганча аввал елкасидан, кейин бошидан қуйди. — Умримни хазон қилди булар менинг! – Ҳовлидан отасининг йиғлоқи овози эшитилди. Бувиражаб ошхонага кирганини кўрмай қолипти-да. Яхши. Энди… гугурт… Гугурт тандирнинг ёнида ҳам, ўчоқнинг бошида ҳам йўқ эди. Электр чироғини ёқди. Гугурт шундоққина ўчиргичнинг ёнида, тахмонда экан. Ола солиб, чироқни яна ўчирди. Мана энди… Бувиражаб гугуртни чақди. Баданига ҳарорат уриши баробари ҳовлидан кенжатойнинг «опа-а», дея зорлангани эшитилди. – Отаси урияптими уни? Нега? Оҳ! Вой-дод! Вой-до-о-од! – Олов сочларига ўрмалади. Бувиражаб жон аччиқғида қичқириб, ўзини у ёқдан-бу ёққа ураверди. – Онажоним-ей, онажоним-ей! Дўзахи қизингни кечир, онажоним-ей! Худоёрлар-ку, бир кунини кўрар, аммо кенжатой… Нима қилиб қўйди? Дод, нима қилиб қўйди-я?! – Бувиражаб ўзини эшикка урди. Эшик ёпиқ эди. Ҳозир у эшикнинг зулфини очадиган ҳолатда эмасди. Кўз олдини қип-қзил олов қоплади. Олов аралаш кўзларига онаси кўринди. Онаси ҳилпиллаганча ёниб-ёниб келарди. Бошдан оёғигача баданларидан узун-қисқа бўлиб олов ўрмалар, ўрталарида оловдан йўлак пайдо бўлган, онаси ёнаётган қучоқларини ёзганча, Бувиражабни ўзига чорларди… — Зулфни очинг, опа! – Бувойшанинг овози қулоғига чалинди. Укалари, сингиллари… Энди буларнинг куни қандай ўтади? Бувиражаб эндигина ўзи керак бўлган одамлар борлигини, улар учун ҳали яшаши кераклигини англаб етди, аммо… ҳушини йўқотди… Худоёр болта топиб келиб, эшикни бузганда у куйиб битган ва қоп-қора кундага айланиб улгурган эди… |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |