Ҳол (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]

Ҳол (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]
Ҳол (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]
Унинг орзиқишлари узоққа чўзилмади. Кутилмаганда отаси қазо қилди. Оила бирданига саросимага тушиб қолди. Отасининг маросимларини ўтказди. Унинг хаёли паришон эди.
Ўйлардики, отаси узоқроқ сафарга кетган, эрта индин эшикдан кириб келади. Кейин болалар унинг устига ўзини отишади. Ота эса уларни эркалаб бағрига босади. Яна дастурхон бошида ҳаммаси жамулжам ўтиришади. Ота болаларига тикилади. Унинг кўзларига ҳеч ким тик қарамайди. У узоқ хаёлларга чўмади... Отанинг неларни хаёл сурганидан болалари бехабар бўлади.
Бола яна бир ҳолатни ҳамон ёдида сақлайдики, бу ҳам бир умрлик хотира эди. Ота ўғлини ёнига чорлаб, унга аммасини яъни ўзининг опасини чақириб келишини айтади. Бола эса аммани ўзи билан бирга эргаштириб уйга келади. Дастурхон бошида опа-ука –иккаласи ҳоли қолишади. Улар ўзаро анча вақт суҳбатлашадилар.
Қуёш ботиши олдидан ота уйдан чиқади. Чиқиб томорқани бир айланиб, яна дераза олдига бориб ўтиради. Ота бошини рўмол билан ўраб олганди. У дераза олдида ўтирганича, ҳовлини, экинларни, дарахтларни ва бу ерда ишлаётган болаларини зимдан кузатади. Ота худди шу дераза олдида қош қорайгунча ўтирди. Уни ҳеч ким безовта қилмасди. Аммаси ҳам, онаси ҳам, болалари ҳам.
Ота ўрнидан туриб, уйнинг орқа томонига юрди. Бу пайтда пода ва сурув уйга қайтган эди. У сигиру қўй, ҳўкизу қўчқорларини кўздан кечирди. Жониворларга ўзи хашак ташлади.
Дастурхон отага маҳтал эди. Ҳамма ўтирган, фақат отанинг жойи бўш. Угра ош ҳали сузилмасдан турибди. Амма эса болаларга овқат ейишнинг қоидаларини тушунтиради. Шу пайтда ота эшикдан кириб келади. Жойига секингина бориб ўтиради. Ҳаммага ота хуш кўрадиган таом – угра ош сузилди. Барча иштаҳа билан овқат ейишга тушди. Ота мурчдан таомга кўпроқ сепди. Чой ичишга ҳам навбат етди. Отанинг манглайидан, бўйнидан тер томчиларди.
Опа-ука ўзларининг ёшлик дамларини, ота-онасини ва бошқа қилган шўхликларини эслашди. Кейин эса ота болаларига бургут, бўри, от каби жониворлар ва улар билан боғлиқ қишлоқ одамларининг феъл-атвори ҳақида ярим тунгача сўзлаб берди...
Эрталаб онасининг дод-войидан ҳамма уйғониб кетди. Болаларни уйга киритишмади. Фақатгина амма « отангиздан рози бўлингизлар,» дея эшик олдида турарди.
Ҳовлини бир пасда тумонот одам босди. Қариндош-уруғлар »отамлаб» йиғлашди. Пешинга яқин тобутнинг нарвонини уйга суяб қўйишди. Худди мана шу дамда бола аммасининг олдига келди. Унинг кўзи тўла ёш эди.
-Амма, отамни бир кўрсатинглар, майлими? Бу менинг охирги илтимосим. Отамни ҳам охирги кўришим бўлади...
Бола кўп гапларни айтиши мумкин эди. Бироқ ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди-ю, қудуқ бошига кетди. Кимдир унга сув тутди. Ҳовури босилиб, кўз олди ёришгандек бўлди. Унинг хаёллари остин-устин бўлиб кетган эди. Содир бўлган воқеа уни батамом гангитиб қўйган, саросимага тушиб қолган эди...
Ана шу дамда амма уни секингина чақирди:
-Пўлатжон болам, бу ёққа кел, амманг айлансин сендан. Кел, тезроқ юр, бўтам.
Исмини эшитибоқ, бола аммаси томон югурди. Амма унинг қўлидан тутиб, «Ҳов, эгачилар йўл беринглар, боласи келяпти. Отаси билан кўришмоқчи. Қани болам кел-чи. Мана шу ерда тур,» деди-ю амма майитнинг юзини секингина очди.
Пўлат отасининг юзига унсиз тикилиб турди. Кўзлари юмуқ. Жағи танғилган. Юзидан салгина қон қочган. Оқарган. Ота ухлагандек, ухлаганда ҳам дунёдан, ҳовлидаги аҳволдан бохабардек ва шу баробарида бахтиёр одамдек кулгичларини қимтиб ётарди. Бола секингина майитнинг ёнига чўккалади. Отасининг қўлидан оҳистагина ушлади. Панжаларини маҳкам сиқди. Ичида эса, «хайр отажон, биздан, мендан рози бўлинг...» деди. Бу дамда у кўнглидаги борки неклигини айтмоққа, жамики дарду ҳасратини ёрмоққа тайёр эди. Бироқ кимдир унинг билагидан тутди. Боланинг лаблари титради. Юрагидан хўрсиниқ отилиб чиқди.
-Ўзингни бос болам, - деди аммаси. – Ота-она ўлмоғи мерос. Худоям ўзи яхши кўрган одамларини ёнига тезроқ опкетади. Отангнинг умрини сизларга қўшиб берсин. У кўрмаган кунларни сизлар кўринглар. Йиғламагин болам, отангнинг руҳи безовта бўлади...
Пўлат уйдан чиқиб, қудуқ олдидаги олмага келиб суянди. Шу ердан туриб томорқасини кузатарди. Кеча мана шу жойларни отасини бир айланиб чиққанди. Ана шу пайтда у киши не хаёлларни сурган бўлса...
Зардолунинг довуччаларини ва худди мана шу - ўзи суяниб турган олманинг кўм-кўк меваларини ҳам ушлаб кўрувди. Айниқса, ариқ бўйидаги қари тутнинг танасини қўллари билан сийпалаганичи! Ота мана шу тутни бир пайтлар бобоси экканлигини болаларига айтиб берганди. Тутнинг ғадир танасини ушлаб туриб, балки хаёлан бобоси ва отаси билан суҳбатлашгандир.
Отаси мана шу тутнинг меваси пишган пайтларда тагидан тутларни териб худди ёш боладек тамшаниб ер эди. Унинг тут ейиши болаларининг ҳам ҳавасини келтирарди...
Йиғи овози кучайди. Бу пайтда отани тобутга олишаётганди. Жаноза намози пешинда ўқилди. Тобутни издиҳом қўлма-қўл қилишиб, қабристонга элтди. Отани лаҳадга тоғаси – Бекпўлат қўйди. Жиянлари чопонининг барига тупроқ солиб, секингина чимнинг устига тўкишди. Қабр устига тупроқ тортишди. Тупроқдан дўнглик ясалди. Уни яна чим билан ҳам қоплашди.
Сўнг ҳамма Бўрибой оқсоқолнинг амри билан ўтиришди. Қабристонда унинг ўзига мос сукунати ҳукмрон эди.
Мулла Эштурди теварак-атрофга бир қараб олди-да, Қуръон тиловат қилди. Омин қилингач, халқ секин-аста ўрнидан туриб, қабристондан чиқа бошлади. Шу пайтда мулла Эштурдининг, «ей, ҳалойиқ, Исамат қандай одам эди?» деган хитоби янграйди. Шунда барча «яхши одам эди бечора, Исамат тузук инсон эди,» дея бирваракайига жўр бўлишади.
Қабристондан қайтиб яна ҳамма уйга келишди. Узоқдан келганлар дуои фотиҳани ўқиб боз изига қайтишди. Кечга томон яна қариндошлар тўпланиб, отанинг нега бундай эрта кетганлигини тахмину тусмол қилиб гаплашиб ўтиришди. Уларнинг ҳаммаси отани мақташарди. Уйдагиларга овқат сузилди. Пўлатнинг иштаҳаси йўқ эди. Секингина уйдан чиқди. У отаси ўлимидан бир кун аввал ўтирган деразанинг олдига келди.
Энди у отасининг бу уйга ҳеч қачон қайтмаслигига батамом ишонганди. Пўлат аламли хўрсиниқни ичига ютди. Отаси билан боғлиқ хотиралар билан яшаши мумкинлигини англади.
Ўлимнинг отани рўзғордан опкетиши оила учун анча мушкулликларни келтирди. Пўлатнинг ва укаларининг руҳияти қаттиқ зарбага дуч келди.
Амма уларнинг уйида анча вақт юрди. У болаларга укасининг яхшилигини, ёшлигини ошириб, мақтаб гапириб берарди. Гапириб берарди-ю, бечоранинг ўзи ҳам йиғлаб юборарди. Ўзини тутолмасди. Аммани эса ҳеч ким юпатмасди ҳам. Негаки, ҳамма аммага қўшилиб йиғларди.
Пўлат ҳайитда отасининг қабрига борди. Кўрсаки, қабр ёнида олма дарахти кўкариб турибди. Дуо ўқиди. Энди ўрнидан тураман деганда, Ҳасан гўрков келди. У киши ҳам тиловат қилди. Қариндошлар кимдир унга пул узатди, гўрков олмади.
-Мен ўзи тут экмоқчи эдим, - деди Ҳасан гўрков. – Нима бўлди-ю мана шу олмани экиб қўйибман. Акамнинг арвоҳлари шод бўлсин, дедимда. Раҳматли Исамат аканинг менга кўп хизматлари синган...
Пўлат ўзининг бошида, тақдирида кўп синоатлар борлигини айни жойда туриб, издиҳомга тикилганича ўйлаб қолди...

Гўрков эса ким биландир гаплашиб турарди...
Muallifning boshqa asarlari
1 Tugʻilgan kun (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 1218
2 Uloqcha (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 1163
3 Armonga aylangan orzu (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 1024
4 Oʻrnak (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 1010
5 Unutilgan va’da (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 1008
6 Ҳамро бобо (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 978
7 Chalinmagan chanqovuz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 906
8 Tazarru (qissa) [Shodiyor Hazrat Ismat] 860
9 Koʻzdagi aks (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 856
10 Ehtirom (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 851
11 Quralay (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 835
12 Oʻtinch (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 817
13 Inoyat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 810
14 Qulmat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 810
15 Savrgacha yetmagan sabr (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 806
16 Morboz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 803
17 Izlanayotgan baxt (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 797
18 Nazr (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 796
19 Omonat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 785
20 Irismat qopqoq (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 785
21 Zavq (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 781
22 Mergan Muso (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 780
23 Hol (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 774
24 Sukunat sohili (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 772
25 Hamro bobo (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 767
26 Gʻafur muallim (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 744
27 Oqayotgan odam (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 736
28 Toʻrtkoʻz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 728
29 Sovgʻa (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 727
30 Yaxshilik manzili (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 725
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика