Тармоқланган сўқмоқлар боғи (ҳикоя) [Xorxe Luis Borxes]

Тармоқланган сўқмоқлар боғи (ҳикоя) [Xorxe Luis Borxes]
Тармоқланган сўқмоқлар боғи (ҳикоя) [Xorxe Luis Borxes]
Лиддел Гарт ёзган «Жаҳон уруши тарихи» китобининг йигирма иккинчи саҳифасида шундай маълумот берилган: Британиянинг 13 та дивизияси бир минг тўрт юзта замбарак ёрдамида Сен-Монтобан жабҳасига 1916 йил 24 июлга қилинадиган ҳужумни йигирма тўққизинчи июл эрталабига кўчиришга тўғри келди. Капитан Лиддел Гартнинг фикрича, бунга кучли ёмғирлар сабаб бўлиб, ўз ҳолича бу унчалик муҳим аҳамиятга молик эмасди. Синдар шаҳридаги Олий мактабнинг собиқ инглиз тили ўқитувчиси доктор Ю.Сун томонидан айтиб туриб ёздирилган ва ўқиб чиқиб имзолаган қуйидаги баённома шу воқеага бирданига ойдинлик киритди. Матн бошланишида икки саҳифа етишмасди.
«...Телефон гўшагидан олмонча жавоб қайтарган овоз эгасини танидиму гўшакни қўйдим. Бу капитан Ричард Медденнинг овози эди. Медден – Виктор Рунебергнинг уйида! Демак, бизнинг барча ҳаракатларимиз зое кетди, шу билан бирга – (гарчи бу мен учун иккинчи даражали бўлиб кўринса ҳам) ўзимиз ҳам тамом бўлдик, дегани. Демак, Рунеберг ё қамоққа олинган ёки ўлдирилган. Қуёш ботмасданоқ менинг ҳам шўрлик бошимга иш тушади. Медден аяб ўтирмайди. Тўғрироғи, у шунга мажбур.
Деразадан, ҳар доимгидек, томлар ва кечки ботаётган қуёшнинг хира нурлари кўриниб турарди. Бирор воқеа содир бўлишини олдиндан билиб бўлмайдиган оддийгина бегим куни менинг ажалим етишига сира ишонгим келмайди. Мен, отадан етим қолган, гўзал ва сўлим Xайфин боғчасида ўйнаб юрган бола эдим. Наҳотки, ҳаммаси тамом бўлса? Шу пайт ўйлаб қолдим: дунёдаги барча одамларга ҳозир нималардир бўлаяпти, айнан ҳозир. Асрлар кетидан асрлар ўтаверади, воқеалар содир бўлаверади. Ҳозир ҳам қанчадан-қанча одамлар ҳавода, қуруқликда, денгизда, бир нималар қилаяпти, лекин у нарсаларга менинг алоқам йўқ. Менда содир бўлаётган нарса фақат менгагина тааллуқли бўлган нарсадир. Медденнинг чўзиқ узунчоқ башарасини эслашим биланоқ барча ўй-фикрларим чалкашиб кетди. Қўрқув аралаш нафрат билан (қўрқоқлигимни тан олдим, энди эса Ричард Медденни боплаб алдагач, тез орада мени қатл қилишларини кутаяпман) ўйладим: бу қўпол, ўзига бино қўйган, ўзича бахт нашидасини сураётган галварс менинг бу сирни билишимни, яъни Британия артиллериясининг Ангор водийсидаги янги жойлашган манзили номини аниқ билишимни хаёлига ҳам келтирмайди.
«Қочиш керак», — дилимдаги тилимга чиқди. Гўёки мени Медден таъқиб қилаётгандек, аста ўрнимдан туриб, секингина юра бошладим. Ўзимнинг аянчли аҳволимга яна бир бора иқрор бўлиш учунми, негадир чўнтакларимда нималар борлигини кўрмоқчи бўлдим. Кутганимдек, чўнтакларимдан америка соати, никелланган занжирга осилган квадрат шаклдаги танга, мени фош қилиши мумкин бўлган, энди эса кераксиз бўлиб қолган Рунеберг уйининг калитлари, ён дафтарча, хат (мен уни йўқотмоқчи эдим, лекин негадир қолдирдим), бир крона, икки шиллинг ва бир неча пенс, қизил-кўк қалам, рўмолча, бир ўқланган тўппонча чиқди. Нима учундир, балки қатъиятли бўлиш истагидадир, уни маҳкам қисдим, салмоқлаб кўрдим. Миямдан ноаниқ бир фикр ўтди: ўқ овози узоқдан эшитилади. Ўн дақиқадан сўнг менинг режам тайёр бўлди. Телефон дафтарчасидан мен берадиган хабарни етказиши мумкин бўлган ягона одамни топдим. У темир йўлдан борилганда ярим соатли масофада — Фентон атрофида яшарди.
Унчалик довюраклардан эмасман. Бунга ҳозир ҳам иқрор бўлишим мумкин. Мўлжалланган нарсамни охирига етказдим, аммо бу қанчалик даҳшатли кечгани ўзимгагина аён. Бу ишни Германия учун содир этмадим, асло. Мендан жосус сифатида фойдаланган, хўрлаган бундай ваҳший мамлакатни ҳечам қадрламайман. Англияда бир оддийгина одамни билардим, у мен учун Гётедан кам эмасди. У билан бир соатча гаплашдим ва у Гёте билан тенг эканлигига амин бўлдим...
Бошлиғимиз мен ва менга ўхшаш тоифадаги, томирларида беҳисоб аждодлари қони оқиб турган одамлардан жирканади. Оҳиста кийиндим, видолашгандек кўзгуга қарадим-да, уйдан чиқдим. Бекат унчалик узоқ эмасди, лекин мен кеб[1]дан фойдаланиш маъқул деб ўйладим. Шундай қилмасам, бу кимсасиз кўчада мени кўриб, таниб қолишлари мумкинлигига ўзимни ишонтирдим, қолаверса, мутлақ ҳимоясиз ҳам эдим. Ёдимда: кебни вокзалнинг катта дарвозасига етмасдан тўхтатишни буюрдим, атайлаб шошмасдан тушдим. Эшгроу номли манзилгача боришим лозим эди, лекин чиптани ундан узоқроқ бўлган бекатгача олдим.
Поезд саккизу элликда жўнаши керак, бир неча дақиқа қолганди. Мен қадамимни тезлатдим, кейинги поезд тўққиз яримда жўнайди. Перрон деярли бўм-бўш эди. Вагонма-вагон ўтиб борар эканман, бир неча фермерни, мотам либосидаги аёлни, Тацитнинг «Йилномалар» китобига муккасидан кетган ўсмирни, дока ўралган, аммо мамнун солдатни кўрганим эсимда. Ниҳоят, вагонлар қўзғалди. Бир киши перроннинг охиригача юриб келди, лекин у кеч қолганди: уни танимаслигим мумкин эмасди — у капитан Ричард Медден эди. Тамом бўлдим: қалтираб, қўрқинчли ойнадан узоқроққа, ўриндиқ четига ғужанак бўлиб ўтириб олдим. Руҳимдаги ожизлик ва қўрқув тез орада қандайдир ич-ичимдан келган қувончга айланди. Ўз-ўзимга далда бердим: яккама-якка кураш бошланди, биринчи олишувда мен ғолиб чиқдим, арзимас қирқ дақиқа ютдим, менга ташланган рақибимни, майли, тасодиф туфайлими, доғда қолдирдим. Шу кичкинагина ютуғим катта ғалаба келтиради, деб ўзимга тасалли бердим.
Поездлар қатнови жадвалидаги фарқ мен учун бебаҳо бўлган вақт-ни инъом қилди, акс ҳолда аллақачон қамоққа олинган ёки ўлдирилган бўлардим, демак, бу ютуқни арзимас нарса деб бўлмайди. Шунга ўхшаш файласуфона фикрларга берилиб, ўзимни-ўзим ишонтирдим: менга ўхшаш қўрқоқларга ҳам омад кулиб боққанда ҳар қандай ишни охирига етказиш мумкин. Шу қилмишимдан ўзимда куч-қувват топдим ва у мени кейинчалик ҳам тарк этмади. Шундай замон келишини сезиб турибман: кундан-кунга одамларни бир-биридан даҳшатлироқ бўлган ишларни бажаришга мажбур қиладилар; тез орада дунёда фақат жангчилару, каллакесарлар қолади. Менинг уларга маслаҳатим: энг даҳшатли ишга қўл урмоқчи бўлган одам шундай фараз қилсинки, гўё у ўйлаганини амалга оширди, келажаги эса ўтмиш бўлиб қолди, ўтмишни эса қайтариб бўлмайди. Менинг кўзимда, худди ўликнинг қорачўғидек, бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисалар муҳрланиб қолгандек туюларди, балки бу ҳаётимнинг сўнгги кунидир ва у аста-секин тун билан алмашаётгандир.
Поезд дарахтзор олдидан юмшоққина ўтиб, назаримда даланинг қоқ ўртасида тўхтади. Бекат номини ҳеч ким эълон қилмади. «Бу Эшгроуми?» — деб сўрадим перронда турган болалардан. «Эшгроу», — деб жавоб беришди улар. Поезддан тушдим. Платформани фонус ёритар, лекин болаларнинг кўзларини қоронғулик тўсиб турарди. Болалардан бири сўради: «Сизга доктор Стивен Албернинг уйи керакми?» Жавобимни кутмасданоқ, бошқаси тушунтира кетди: «Унинг уйигача анча бор, мана бу чап томондаги йўлдан бораверасиз ва ҳар гал йўл ажаралганда чапга қайриласиз, адашмайсиз.»
Болаларга охирги тангамни бердим-да, тош зиналардан пастга, кимсасиз йўлга чиқдим. Йўл пастга қараб кетарди. Ёлғизоёқ тупроқ йўл, тепамда қуюқ дарахт шохлари соябон бўлиб кетган, тўлин ой уфқдан кўтарилиб гўё мени кузатиб борарди. Бирдан ярақлаб миямдан бир фикр ўтди — Ричард Медден гўё қалтис режамни билиб олгандек туюлди. Дарҳол ўзимга тасалли бердим — бўлиши мумкин эмас.
Ҳар доим чапга буриласиз, деб менга берилган кўрсатма айрим лабиринтлардаги каби марказий майдончани топишда умум қабул қилинган усулга ўхшаб туюлди. Лабиринтлар ҳақида анча-мунча нарсани биламан: ахир мен Юнан ҳукмдори Сюй Пеннинг чевараси бўламан. У қатнашувчилар сони жиҳатидан «Қизил қасрдаги тушлар» китобидан ҳам ўтадиган роман ёзиш ва ҳар қандай кимса адашиб қоладиган даражада мураккаб лабиринт яратиш учун ўзининг иккинчи касбидан воз кечган. Бу икки мақсадни амалга ошириш учун ўн уч йиллик умрини сарф этган ва бир бегона қўлида ҳалок бўлганди. Унинг романи алмойи-алжойи сўзлардан иборат, маъносиз бир ёзув сифатида қолиб кетган. Лабиринтни эса тополмаганлар. Серсоя инглиз дарахтлари остида ўша йўқолиб кетган лабиринт тўғрисида хаёл сура бошладим: тасаввуримда у покиза ҳолда, одам оёғи етмаган аллақандай сирли тоғлар чўққисида, бепоён шолизорлар ўртасида ёки чуқур сувлар тубида, нафақат ўзининг саккиз қиррали қуббалари-ю, айланма йўлларини, балки бутун бошли дарёлар, вилоятлар, мамлакатларни ўз ичига олгандек эди. Лабиринтларнинг лабиринти ҳақида, бора-бора чигаллашиб, кенгайиб борувчи — ўтмишни ҳам, келажакни ҳам қамраб олган мўъжизавий тарзда, ҳатто Коинотни ҳам ўз бағрига сингдирган чексиз лабиринт ҳақида ўйладим. Тасаввуримда пайдо бўлган бу шаффоф рўёлар оғушида мен ўзимнинг аччиқ қисматимни ҳам унутиб, вақт ўлчовини ҳам йўқотиб, гўёки бутун оламнинг шуури менинг онгимда мужассам бўлгандек, ўзимни оламнинг марказидек ҳис қилдим.
Шууримга элас-елас кўринаётган яшнаб ётган далалар, ботаётган қуёшнинг сўнгги шуълалари, тепаликдан юмшоққина тушиш чарчоғимни ҳам қувиб юборганди. Тароватли ва интиҳосиз бир оқшом эди. Йўл эса туманли ўтлоқлар узра узоқ-узоқларга ёйилиб, тармоқланиб кетган. Аллақаердан таралаётган куйни шамол гоҳ олқишлаётгандек юқори пардаларга олиб чиқар, гоҳ нола қилиб узоқлашар ва йўлга тўшалган баргларнинг шитирлаши жўр бўлиб, масофа ҳам ҳузур бағишларди. Одамнинг душмани фақат одамзодгина бўлиши мумкин, деб ўйладим. У улар яшаётган замин душман эмас. Замин ўзининг ялтироқ қўнғизчаларию уларнинг товушлари, боғ-роғларию сувлари, шуълалари билан барчага баробардир. Шу аснода занг босган баланд дарвоза олдидан чиқиб қолдим. Тўсиқ ортида хиёбон ва кўшкка ўхшаш бино борлиги сезилиб турарди. Таралаётган куй шу ердан келаётганлигини англаб етдим: ажабланарлиси шундаки, бу хитой мусиқаси эди. Мен куйга берилиб, бошқа нарсаларни ўйлаб ҳам ўтирмадим. Ёдимда йўқ, дарвозада қўнғироқча бормиди ёки мен қўнғироқ тугмасини босдимми ёки оддийгина қилиб тақиллатдимми? Куй эса узлуксиз давом этарди.
Тўсиқ ортида фонус шуъласи кўринди, унинг ёруғида азим дарахтлар танаси гоҳ пайдо бўлар, гоҳ зимистон қаърига сингиб кетарди. Ойга ўхшаш думалоқ фонус кўтарган баланд бўйли эркак киши келарди. Фонус нурлари кўзимга тушиб тургани сабабли унинг юзини кўра олмадим. У дарвозани қия очиб, мулойимгина менинг она тилимда гап бошлади:
— Муҳтарам Си Пен ўзининг бу ташрифи билан ёлғизликда ўтаётган ҳаётимга бироз бўлса-да, қувонч киритишга қарор қилибдилар-да. Эҳтимол, сиз боғни кўрмоқчи бўлгандирсиз?
У мени бир маҳаллар вакилларимиздан бирининг исми билан атади. Бироз эсанкираган ҳолда унинг сўзини қайтардим:
— Боғ, дейсизми?
— Ҳа-да, ёйилиб кетган сўқмоқлар боғи.
Хотирамда нимадир тўсатдан қўзғалди ва мен ўзим ҳам тушунтириб бера олмайдиган даражадаги қатъият билан айтдим:
— Бу менинг бобокалоним Сюй Пеннинг боғи.
— Сизнинг бобокалонингиз? Сиз ўша машҳур инсоннинг авлодимисиз? Марҳамат қилинг.
Худди болалигимдаги каби шудрингли йўлка илон изи бўлиб чўзилиб ётарди. Биз Шарқ ва Европа халқлари тилларидаги китоблар билан тўла кутубхонага кирдик. Сариқ шойи билан муқоваланган йўқолган энсиклопедиянинг бир неча нусхасини танидим. Ушбу китобларнинг нашри билан Мунаввар Сулоланинг Учинчи императори шуғулланганди, лекин нашр қилинмасдан қолиб кетганди. Бронзадан ишланган ҳумо қушининг ёнидаги граммофонда пластинка айланарди. Пушти рангли чинни гулдон ёдимда, ундан-да, қадимийроқ мовий ранглиси ҳам бўларди. Бизнинг усталар Эрон кулолларидан ўргангандилар...
Стивен Албер кулимсираб мени кузатиб турарди. Айтиб ўтганимдек, у новча, озғин, қўй кўзли, оппоқ соқолли киши эди. Қиёфасидаги айрим жиҳатлар руҳонийни, айни пайтда денгизчини ҳам эслатарди: кейинчалик у менга хитойшунослик билан шуғуллангунга қадар Тен-Чунда миссионер бўлганлиги ҳақида ҳикоя қилиб берганди.
Ўтирдик: мен пастаккина узун катга, у бўлса дераза билан юмалоқ соат ўртасига жойлашди. Ўзимча ҳисоблаб чиқдим: яқин бирор соат ичида мени таъқиб қилаётган Ричард Медден бу ерга етиб келолмаса керак. Қатъий қароримни бироз кечиктирса ҳам бўлади.
— Ҳа, Сюй Пеннинг тақдири жуда ажойиб, — деб бошлади Стивен Албер, — ўз юртининг ҳукмдори, астрономия ва астрология билимдони, қонуншунос олим, ажойиб шахмат устаси, машҳур шоир ва хаттот. У китоб ва лабиринт яратиш учун барча нарсалардан воз кечди. Ҳукмдорлик, ҳукмронлик, ҳукмфармолик лаззатларидан, беҳисоб гўзал жориялардан, базму жамшид, айшу ишратлардан, ҳаттоки, ўзи эгаллаган барча билимлардан воз кечиб, ҳаётининг ўн уч йилини ёлғизликда, Нурли Узлат айвонида ўтказди. Унинг ўлимидан сўнг ворислари бир қучоқ қўлёзмалардан бўлак бирор нарса топа олмадилар. Сизга, албатта, маълум бўлса керак, оила аъзолари бу қоғозларни ёқиб юбормоқчи бўлганлар, лекин унинг васиятлари ижрочиси бўлган дао маслагидами ёки буддавийларданми бўлган роҳиб бунга йўл қўймаган, нашр қиламиз, деб туриб олган.
— Биз, Сюй Пеннинг авлодлари, — деб гап қистирдим, — шу пайт-гача ўша руҳонийни сўкиб келамиз. У қандайдир алмойи-алжойи сўзлардан иборат, маъносиз бир нарсани нашр қилдирди. Бу китоб бир-бирига қовушмайдиган сўзлардан иборат. Мен у китобни бир марта варақлаб чиққанман: учинчи бобда қаҳрамон ўлган, тўртинчисида эса у яна тирик. Сюй Пеннинг бошқа бир мақсади бўлган лабиринтга келсак...
— Лабиринт бу ерда, — деди Албер баланд, лакланган столга ишора қилиб.
— Фил суягидан ясалган ўйинчоқ, — дея хитоб қилдим. — Жажжи лабиринтча...
— Рамзий лабиринт, — деди у гапимни тўғрилаб, — кўзга кўринмас замон лабиринти. Мен бир ёввойи инглиз, ўша содда жумбоқнинг тагига етдим. Юз йилдан ортиқ вақт ўтгач, тафсилотларни қайтадан аниқ тиклаб бўлмайди. Лекин нималар содир бўлганлигини тахмин қилиш мумкин. Менимча, Сюй Пен бир пайтда: «Мен китоб ёзиш учун кетаман», деган бўлса, бошқа бир пайтда у: «Мен лабиринт яратиш учун кетаман», деган. Бу ерда гап бир нарса тўғрисида кетаётганлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. — Китоб ва лабиринт айнан бир нарсанинг ўзи. Нурли Узлат Айвони боғнинг ўртасида ва анча қаровсиз ҳолда эди, шу сабабли кўпчилик лабиринтни моддий нарса, деб ўйлаганлар. Сюй Пен ўлгач, у ҳукм сурган салтанатнинг бирор жойида ҳам лабиринтни учратганлари йўқ. Романнинг алмойи-алжойи — тушуниб бўлмас сўзлардан иборатлиги мени бир фикрга ундади: балки шунинг ўзи лабиринтдир. Бу муаммони ҳал этишда икки муҳим ҳолат менга ёрдам берди: биринчиси — бу Сюй Пен чексиз-чегарасиз лабиринт қурмоқчи бўлганлиги ҳақидаги ривоят бўлса, иккинчиси — мен топиб олган хатнинг бир бўлаги.
Албер ўрнидан туриб орқасига бир лаҳза ўгирилди ва зарҳал ҳошияли лакланган қора стол тортмасидан бир нарса олди. У менга ўгирилганда, қўлида бир варақ қоғоз бор эди. Қоғоз анча уринган, вақт ўтиши билан ранги кетиб, юпқалашган, букланган жойлари титилиб кетганди. Xаттот сифатида қозонган шуҳратга Сюй Пен ҳақиқатдан ҳам лойиқ эди. Довдираган ва қалтироқ босган ҳолатда, қачонлардир менга қондош бўлган инсон нозик мўйқалам билан ёзган қуйидаги сўзларни ўқидим: Турли келажак замонларга ўзимнинг тармоқланган сўқмоқлар боғимни қолдираман (барча замонларга эмас). Жимгина ўқидим. Албер давом этди:
— Мен бу хатни топмасимдан олдин ўзимга-ўзим савол бердим: қандай қилиб китоб чексиз бўлиши мумкин? Китобдаги охирги саҳифа биринчи саҳифани қайтариб турувчи, беҳисоб тарзда такрорланувчи чархпалакдан бошқа бирор арзигудек фикр миямга келмади. «Минг бир кеча» эртакларини эсладим. Малика Шаҳризода кейинги ҳикоясини бошлашдан олдин ундан олдингисини қолган жойидан қайтариб, кейингисини эса тамом бўлмасдан тўхтатарди. Ва эртак шу зайлда узлуксиз давом этаверади.
Яна Афлотуннинг «Ғоялар»и руҳида ёзилган асарлар ҳақида тасаввур қила бошладим. Ундаги фикр авлодлардан-авлодларга ўтаверади, янги авлод ўзининг олдинги аждоди томонидан ёзилган фикрга амал қилиб, ўзи ҳам кейинги авлодларига ўз фикрини қолдираверади, бу шу зайда узлуксиз давом этаверади. Ўйлаганларим бироз бўлса-да, менга тасалли берди, лекин барибир булардан бирортаси ҳам Сюй Пеннинг китобидаги бир-бирига зид бобларга яқин ҳам келмасди. Бу муаммони қандай ҳал қилишни билолмай юрган кунларимнинг бирида мен Оксфорддан мана шу сиз кўрган хатни олдим. Табиийки, унда ифодаланган сўзлар мени ўйлатиб қўйди: «Турли келажак замонларга ўзимнинг тармоқланиб кетган сўқмоқлар боғимни қолдираман (барча замонларга эмас). Шу ерда тушуниб етдим — бир-бирига қовушмайдиган сўзлардан иборат бўлган шу романнинг ўзи «Тармоқланган сўқмоқлар боғи» эмасмикан: турли келажак замонлар (барча замонларга эмас) эса замин сўқмоқларини эмас, балки замон сўқмоқларини билдиради. Романни яна бир карра ўқиб чиқиб фикрим тўғри эканлигига амин бўлдим. Ҳар қандай роман қаҳрамони олдида бир неча йўллар пайдо бўлса, у албатта, биттасини танлайди, қолганларини четга суриб қўяди: Сюй Пен романида эса қаҳрамон барча йўллардан ўтади ва бу билан у турли тақдирларни, замонларни тасвирлайди, ўз навбатида улар ҳам яна турли замонларга тарқаб кетади. Романдаги қарама-қаршилик ҳам худди шу туфайли пайдо бўлган. Айтайлик, Фен бир сирдан хабардор, қандайдир бегона кимса уникига келади: Фен уни ўлдиришга жазм қилади. Ёзувчининг олдида яна бошқа бир неча тақдир йўллари ҳам мавжуд: Фен ўша чақирилмаган меҳмонни ўлдириши мумкин; меҳмон ҳам Фенни ўлдириши мумкин; иккаласи ҳам тирик қолиши мумкин; иккаласи ҳам ҳалок бўлиши мумкин ва ҳоказо. Сюй Пен ўзининг китобида ўша юз бериш эҳтимоли бўлган барча оқибатларни ёритиб берган, уларнинг ҳар бири эса ўз навбатида бошқа сўқмоқларга олиб бораверган. Айрим ҳолларда бу сўқмоқлар бир-бирини кесиб ўтиши ҳам мумкин: сиз, эҳтимол, менинг олдимга келдингиз, лекин ўтмишда бўлиб ўтган замонларнинг бирида сиз менинг душманим, бошқа бирида эса дўстим бўлгандирсиз. Агар сиз менинг хитойчага ўхшовсизроқ талаффузимга унчалик эътибор бермасангиз, бир неча саҳифани бирга ўқиб чиқишимиз мумкин.
Чироқ ёруғида унинг юзи қаримсиқ бўлиб кўринарди, лекин айрим юз ифодаларида боқийлик сезилиб турар, ҳатто мангулик муҳрланиб қолгандек эди. У менга бир узун бобнинг икки хилини секин, тушунарли қилиб ўқиб берди. Биринчисида жангчилар тоғ ён-бағридаги чўлдан жангга кетиб борарди. Қоялар кўчиб, босиб қолиш хавфи остида зимистон қаърига кириб боришар, ҳаётлари қил устида турганлигини ўйламасдан осонгина ғалабани қўлга киритадилар. Бошқасида эса яна ўша жангчилар саройдан айш-ишрат энг авжига чиққан пайтда зиёфатни жангнинг давоми деб ёки жанг ёлқинларини зиёфатнинг давоми деб ўйлаб, яна ғалабага эришадилар.
Мен бу қадимий ҳикояларни чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан эшитдим, лекин ажабланарли жойи шундаки, бу роман аллақачон ўтиб кетган буюк аждодим томонидан ёзилганди ва мен ўзимнинг қалтис ишимга қадам қўйиш арафасида дунёнинг узоқ бошқа бир тарафидаги оролда, олис бир империянинг кишиси мен учун романни яна жонлантирган эди. Ҳар икки матн якунида ҳудди дуоибаддек қуйидаги сўзлар хотирамда қолган: «Қаҳрамонлар қўлларида ўткир шамширлар-у, беқиёс қалбларида осойишталик билан, жасорат ва мардлик ила душманни ўлдиришга ҳам, ўзлари ўлишга ҳам тайёр ҳолда жанг қилардилар».
Шу онда менинг атрофим ва ички оламимда кўзга кўринмас, аллақандай мавҳум, жисмсиз шарпалар юрганлигини ҳис этдим. Бу рўё шахдам қадамлар билан гоҳ ажралиб, гоҳ қўшилиб, гоҳ ёнма-ён кетаётган қўшинларни элас-елас эслаца-да, лекин уларнинг ҳаракатлари сирли, тутқич бермас ва мавҳумроқ эди. Стивен Албер давом этди:
— Сизнинг машҳур аждодингиз бекорчиликдан, шунчаки ўзини овутиш учун бу тахминларни ўйлаб топган дея олмайман. Ҳаётининг ўн уч йилини фақат сўз ўйинларига сарфлаш ҳақиқатга унчалик тўғри келмайди. Роман жанри сизнинг мамлакатингизда унчалик юқори даражада эмас, айниқса, ўша даврларда бу романни ёқтиришмаган. Албатта, Сюй Пен ажойиб романнавис бўлган, бунинг устига у адабиёцҳунос ҳам эди. Ўзини оддий бир романнавис деб ҳисоблаган бўлса керак. Сюй Пеннинг ғойибона интилишлари метафизикага, мистикага қаратилганлиги ҳақида унинг замондошлари ёзиб кетган, қолаверса, ўзининг шахсий ҳаёти ҳам буни тасдиқлайди. Унинг фалсафасидаги қарама-қаршиликлар романда катта ўринни эгаллайди. Битмас-туганмас замон муаммосига доир бошқа бирор жумбоқ уни бунчалик қийнамаган ва ҳаяжонлантирмаган. Нима бўпти, дерсиз? Шуниси ҳайрон қоларлики, «Боғ» китобининг бирор саҳифасида ҳам бу муаммо ҳақида бирор марта эслатилмаган. Ҳатто, «замон» сўзини бирор марта бўлса-да, ишлатмаган. Бу сўз ҳақида шунчалик сукут сақлашни қандай тушуниш мумкин?
Мен бир неча фаразларни таклиф қилдим, лекин уларнинг бирортаси ҳам ишончли эмасди. Биз масалани муҳокама қила бошладик. Охири Стивен Албер сўради:
— Топишмоқнинг калити «шахмат» сўзи бўлган тақдирда, уни ечиш учун фойдаланадиган сўзлар ичида қайси бир ягона сўз учрамайди?
Бир дақиқа ўйлаб туриб жавоб бердим.
— «Шахмат» сўзи.
— Xудди шундай, — Албер сўзимни илиб кетди. — «Тармоқланган сўқмоқлар боғи» — улкан топишмоқнинг ўзи — «замон» унинг калити — асарда у сир тутилган, эслатиш ҳам тақиқланган. Қандайдир бир сўз атрофида сўз ўйини қилиш, унга турли метафоралар орқали ишора қилиш усули, бу ўша сўзга эътиборни қаратиш йўлларидан бири бўлиши, эҳтимол. Сюй Пен ўзининг туганмас романидаги ҳар бир бурилишда шунга ўхшаган айланма йўллар қўллашни лозим кўрган. Мен бу асарнинг юзлаб қўлёзмаларини таққослаб чиқдим, кўчиришда ношуд котибларнинг эътиборсизлиги туфайли йўл қўйилган хатоларни қўлимдан келганча тузатдим, тартибга келтирдим ва умид қиламанки, ўйлаганимдек, ҳозирги кўринишда муаллиф кўзлаган шаклга келди. Китобни тўла таржима қилдим ва амин бўлдимки, «замон» сўзи бирор марта ҳам тилга олинмаган. Жумбоқнинг ечими тайёр: «Тармоқланган сўқмоқлар боғи» — оламнинг ўзгартирилмаган ҳақиқий кўринишидир. Сюй Пен оламни худди шу тарзда кўрган, идрок қилган. Бобокалонингиз бизнинг Нютон ва Шопенгауердан фарқли ўлароқ вақт ягона ва мутлақ эканлигига ишонмаган. Замонни сон-саноқсиз тизимлардан иборатлиги, унинг ўсиши, ақл бовар қилмас даражада тарқалуви, бирлашуви, ёнма-ён мавжуд бўлишига ишонган. Замоннинг бундай жилоланиши — унинг бирлашуви, тарқалуви, кесишуви ёки асрлар давомида умуман кесишмаслиги — ақл-идрокимиз етган даражадаги эҳтимолликларни ўз қамровига олади. Кўп замонларда биз сиз билан мавжуд бўлмаганмиз, айримларида сиз бўлгансиз, мен эса бўлмаганман, мен бор, сиз йўқ, бошқасида ҳар иккимиз ҳам бўлганмиз. Замонларнинг бирида, яъни бахтли тасодиф менга кулиб боққанда, сиз менинг уйим-га келдингиз, бошқасида боғдан ўтаётиб менинг жасадимни топдингиз, учинчи бир замонда эса мен сизга шу сўзларни айтиб турибман-у, лекин ўзим эса саробман, шарпаман.
— Ҳар қандай замонда ҳам, — дедим, титроғимни базўр яширган ҳолда. — Сюй Пеннинг боғини қайта жонлантирганлигингиз учун миннатдорчилигимни изҳор қиламан.
— Ҳар қандай замонда эмас, — табассум ила ғулдиради у. — Абадий ёйила бориб замон бизни келажакда сон-саноқсиз вариантларга етаклайди. Уларнинг бирида мен сизнинг душманингизга айланганман.
Мен юқоридаги ҳолатимга яна қайтиб тушдим: уй атрофидаги рутубатли боғ сон-саноқсиз шаффоф одамларга тўла туюлди. Булар Албер билан мен эдим, фақат бошқа замонлар ўлчамларида ҳаракат қилаётган ўзгарган, таниб бўлмас ҳолда эдик. Боғнинг сарғимтил-қоронғи жойидан бир киши келаётганини кўрдим. У Ричард Медден эди.
— Келажак остонасида турибмиз, — дедим унинг гапини инкор қилиб, — ҳарқалай, мен сизнинг дўстингизман. Ўша хатга яна бир бора кўз ташлашга рухсат этинг.
Албер ўрнидан туриб қора стол тортмасини сурди ва бир лаҳза менга орқасини ўгирди. Тўппончам аллақачон тайёр ҳолда эди. Мумкин қадар мўлжални тўғри олиб ўқ уздим. Албер шу ондаёқ унсиз йиқилди. Қасам ичаманки, худди чақмоқ ургандек, шу лаҳзадаёқ жон берди.
Қолган нарсаларнинг унчалик аҳамияти йўқ. Бостириб кирган Медден мени шу ердаёқ қамоққа олди. Мени осиб ўлдиришга ҳукм қилишди. Воқеа қанчалик даҳшатли бўлмасин, мен ғалаба қозондим: ҳужум қилиш керак бўлган жой номини Берлинга хабар беришга улгурдим. Кеча у жойни бомбардимон қилишди. Таниқли хитойшунос олим Стивен Алберга нисбатан уюштирилган сирли қотиллик ҳақида, уни аллақандай Ю Сун исмли кимса содир этганлиги ҳақидаги хабар бутун Англия бўйлаб газеталарда тарқатилганлигини билдим. Бошлиғимиз бу жумбоқни ҳал қилди. Мен ечишим лозим бўлган асосий масала — Албер шаҳарчаси номини унга етказиш эканлиги энди унга маълум. Атрофда бўлаётган урушнинг даҳшатли акс-садолари остида шундай исмли одамни ўлдиришдан бошқа чорам йўқ эди. Фақат енгиб бўлмас оғриқ ва чарчоқ қанчалик мени қийнаётганлигидан унинг хабари йўқ. Буни ҳеч ким ва ҳеч қачон била олмаса ҳам керак...



↑ Кеб – файтун.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика