Ғаройиб ҳайкал (ҳажвия) [Abdugʻani Abduvaliyev] |
У онасининг қорниданоқ тагли-тугли бўлиб туғилди. Уни «пуф-пуф»лаб боқишди, тетапоя бўлиб қад ростлагач, худди ҳайкалчадек боғчага олиб бориб ўрнатишди. — Пойдевори борми? — деди боғча мудираси Ҳайкалчанинг уёқ-буёғини сийпалаб. — О, бўлганда қандоқ! Фалончиевнинг болалари бўлади-я! — дейишди саволга жавобан. Унга шабадани ҳам раво кўрмай, алоҳида меҳр билан парвариш қилишди. Етти ёшга етганда Ҳайкалчани мактабга ўрнатишди. — Пойдевори қалай? — сўрашди мактабдагилар. — Жуда мустаҳкам. Фалончиевнинг фарзандлари! — Баҳоси беш экан бунинг, — дейишди муаллимлар. Унга «4»ни ҳам раво кўрмай таълим беришди. Ниҳоят, орадан ўн йил ўтгач, кўксига олтин медал тақиб қўйишди. Бундай ғаройиб Ҳайкални ҳали ҳеч ким учратмаганди. — Буни қаерга ўрнатамиз? — сўради Фалончиевнинг югурдакларидан бири. — Қаерга бўларди, галварс! — деди иккинчиси. — Институтга-да!.. — Пойдевори борми? — сўради қабул комиссиясининг раиси. Унга Фалончиевнинг мактубини тутқазишди. — Ўқитувчи бўлмоқчи эканлар-да... — Ўқитувчи бўлиши шарт эмас. Диплом олса бўлгани. Биронта юмшоқроқ ерга ўрнатиб қўйиш қўлимиздан келади, — деди кимдир. Орадан беш йил ўтгач, Ҳайкалнинг қўлтиғига диплом қистирганча машинада олиб келишди-да, шаҳар ҳокимлигига ўрнатишди, хона эшигига «бўлим мудири» деб ёзиб қўйишди. Бир-икки йил ўтгандан кейин Ҳайкалнинг калла механизмида баъзи нарсалар етишмаётгани сезилиб қолди. Уни дарров молия идорасининг ҳовлисига ўрнатишиб, белига «ўринбосар» деб ёзиб қўйишди. Орадан кўп ўтмай, «Пойдевори мустаҳкам бўлса, қачонгача ўринбосар бўлиб юради?» деган шивир-шивир оралаб қолди. Ҳайкални елкада кўтариб келиб марказий бозорга ўрнатишди. Бозорлар бошқармаси бошлиғи аввалига рози бўлмай, бироз тихирлик қилди. У ерга мўлжаллаб қўйган ўз одами бор экан. Бироқ унга Фалончиевнинг суратини кўрсатишган эди, дами ичига тушиб кетди. Ҳайкал бозорда қоладиган бўлди. Йиллар ўтди, Фалончиев оламдан ўтди. Ҳайкалнинг пойдеворига сув оралаб, нурай бошлади. Бозордан кўчириш керак экан, деган қарорга келишди. Лекин қаерга қўйиш лозим, деган муаммо кўндаланг турарди. — Фалончиевдан қолган нишона-я! Марҳумнинг ҳурмати йўқми? — деб қолди Фалончиев билан кўп йил бирга ишлаган тепакал киши. Бу гап кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Ниҳоят Ҳайкални латта-путта, суяк-синиқлар идорасига ўрнатишга жазм қилишди. Уч-тўрт одам Ҳайкални судраб келди-да, «Утилсирё-чиқиндилар» деган маҳкамага ўрнатиб, иягининг остига «Мудир» деб ёзиб қўйди. Бу дунёда абадий нарса йўқ экан. Ҳамма нарса емириларкан, ўларкан. Вақти-соати етгач Ҳайкалнинг ҳам куни битди. Барча ташвиш шундан кейин бошланди. Уни қабристонга элтишдан аввал баҳс бўлди: — Ҳайкални тобутга соламизми? — Йўқ. Уни ҳамма одамларга ўхшаб тобутга солиб, ерга кўммаймиз. — Нега? — Чунки у ҳайкал бўлган. Ўлгандан кейин ҳам ҳайкаллигича қолиши керак. — Қанақасига? — Қабристонга типпа-тик қилиб ўрнатамиз. Одамлар ўз қабрига ҳайкал қўйиш учун гўрковга пора тиқиб ётишибди-ку! Шунга келишилди. Қабристонга бетон ғилоф ўрнатиб, унга Ҳайкални типпа-тик туширишди. Во, ажаб! Буни қарангки, буюртма берганлар бир қаричга янглишган экан. Бетон ғилофдан Ҳайкалнинг боши чиқиб қолди. Жанжал бошланди. — Айтдим-ку, бўлмайди деб. Ҳеч жаҳонда ўликни типпа-тик кўмадими? — Калласига алоҳида ғилоф қилиш керак! — Ушламайди, кейинчалик улоғидан чиқиб кетади... Қабристонга тўпланганларнинг асаби таранг эди. Ҳайкалнинг тириклигида бирон марта ишламаган калласи ҳозир, шу тобда ҳамманинг бошини қотириб турарди... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Gʻaroyib haykal (hajviya) [Abdugʻani Abduvaliyev] 1915 |
2 | Sharh (hajviya) [Abdugʻani Abduvaliyev] 1256 |
3 | Шарҳ (ҳажвия) [Abdugʻani Abduvaliyev] 1201 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62649 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59726 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40588 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37024 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23724 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23604 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23349 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19827 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18913 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14630 |