«Бермуд учбурчаги» (ҳажвия) [Erkin Usmonov] |
Корхонага янги ишга тайинландиму, ўзим учун биринчи кашф қилган нарсам, бошлиғимизнинг хонасини орқаваротдан «Бермуд учбурчаги» дейишларини билиб олганим бўлди. Нима учун у ерга кемалару самолётларни ютиб юборадиган жойнинг номини қўйишганини анчагача тушунолмай юрдим. Чет элдан, хизмат сафаридан қайтган куним ҳаммаси маълум бўлди-қўйди. — Сафар қалай ўтди? — илжайиб қарши олди бошлиғимиз. — Жуда яхши. Таассуротлар зўр, — жавоб бердим мен. — «Юрган дарё» деганлари шу-да! Баракалла! Xўш, нималар олиб келдингиз? — яна сўради у. — Сизга кўпдан-кўп саломлар олиб келдим... — Уни қўятуринг, — сўзимни бўлди бошлиғимиз, — яна нима? — Яна?.. Рангли фотосуратлар... Китоблар... — дедим ҳеч нимага тушунолмай. — Яна? — қовоғини уйиб менга синовчан тикилди бошлиғимиз. — Яна... яна ўзимга битта чарм куртка олдим... — Ана шулардан гапиринг! — чеҳраси очилди бошлиғимизнинг. — Яна нима? — Яна... Манави дипломат сумкани олдим, — дедим тиззамдаги сумкани кўрсатиб. — Қани, қани, кўрайлик-чи? — деди бошлиғимиз қўлларини чўзиб ва стол устига қўйиб сумкани очди. — Вой-бў! Зўр-ку! Тимсоҳ терисиданми дейман? Яхши, яхши. Бу нима? — Авторучка, — ҳайрон бўлдим мен. — Учида кичкина чироқчаси ҳам бор экан, кечаси ёзса ҳам бўларкан... Бошлиғимиз авторучкани «шиқ» этиб очиб, ёзиб кўрди. — Зўр, зўр! Яхши ёзаркан. Шунда сизнинг ҳисоботингизга имзо чекамиз-да энди. А?.. — Майли, майли, — дедим мен ҳамон гаранг бўлиб. Бошлиғимиз яна сумкани кавлади. — Бу нима? — Бу... Ҳисоблаш машинаси. Калкулятор. Ҳисоблаган рақамларингизни айтиб тураркан... — О, даҳшат-ку! — хушнуд жилмайди бошлиғимиз. — Гугуртдеккина экан. Яхши, яхши. Энди маошу мукофот пулларингизни шунда ҳисоблаймиз-да? А, лаббай? — Майли, майли, Сайфи Соқиевич, — дедим бўшашиб. — Буниси-чи? — Буниси қаламтарош экан. Ҳавасим келиб олдим. Жуда сафарбоп экан. Қайчисиям, пичоғиям, тирноқ тозалайдиган эговиям, вино пўкагини очадиган бурамасиям, отвёрткасиям бор экан... — Ана шунақасидан қидириб юргандим, — деди бошлиғимиз қаламтарошни тортмасига солиб. — Раҳмат сизга! Бу-чи? — Буниси ён дафтарча экан. Ёзиб бўлгандан кейин шундоқ бармоқларингиз билан силасангиз, ёзувлар ўчиб кетаркан, — тушунтирдим мен. — О, зўр, зўр! — деди бошлиғимиз қиҳиллаб кулиб. — Чет элликлар бало-да! Қойилман! Энди шу дафтарчага «Шуларни ҳурматли бошлиғимиз Сайфи Соқиевичга совға қиламан», деб ёзиб берасиз-да, ука! Эсдаликка! — Майли, — дедим мен ҳафсалам пир бўлиб ва ёзиб бериб, унинг хонасидан шип-шийдон бўлиб чиқиб кетдим... Йўлакда бир хонада ўтирадиган ҳамкасбим кўринди. — Ҳа, қалай, яхши келдингизми? — Раҳмат, — дедим хўрсиниб. — Қалай бўлди? Нималар олиб келдингиз? — яна сўради у. — Ҳеч вақо, — дедим қисқагина қилиб. — Ие, қаерга боргандингиз ўзи? — ажабланди ҳамкасбим. — «Бермуд учбурчаги»га, — дедим алам билан. — А? — илжайди ҳамкасбим ва қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. — Ҳа-а, тушунарли, тушунарли. Мен ҳам «Бермуд учбурчаги»га уч-тўрт марта бориб келганман! — Ҳаммасини ютиб юборди, лаънати, — дедим мен ҳасрат билан, — дипломат сумканиям, авторучка, калкулятор, қаламтарош, ён дафтарчаям қулоғини ушлаб кетди. — Э, сиз осон қутулибсиз, оғайни, — илжайди ҳамкасбим, — мен ўтган йили хизмат сафаридан қайтганимда «Бермуд учбурчаги» битта костюм-шим билан видеомагнитафонни ямлаб юборган эди. — Ана холос! — деб юбордим мен. — Буниси ҳолва, — давом этди ҳамкасбим, — «Бермуд учбурчаги» аввалги бош бухгалтеримизнинг ўзини ютворган! — Йўғ-е? — ҳайрон бўлдим мен. — Қанақасига? — Бухгалтер бояқиш сафардан совға-саломсиз келган экан. — Нима қибди? — Нима қибдимиш? — кулди ҳамкасбим. — Кейин кетди. Охир-оқибат, ариза ёзиб бўшаб кетишига тўғри келди... * * * Менинг ариза ёзишимга ҳожат қолмади. Кейинги хизмат сафаридан келганимда Сайфи Соқиевичнинг ўзи йўқ эди. Айтишларича, «Бермуд учбурчаги» бу сафар унинг ўзини ютиб юборган эмиш... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62901 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 60948 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40710 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37297 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 25077 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 24023 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23638 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 20193 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 19075 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14932 |