Тасаввур (ҳикоя) [Faxriddin Sodiq] |
Бувиси неварасига айтаётган навбатдаги маталини тугатаяпти: — ... Шундай қилиб, элнинг оғзида гап қопти: кучук, эгамнинг болалари кўп бўлсин, ҳар бири бир бурдадан нон берсаям, қорним тўяди, дер экан. Мушук бўлса, қанийди, эгамнинг болалари йўқ бўлса, борлариям тезроқ ўлиб қолсайди, улар ейдиган нарсалар менга қоларди — қорним тўярди, дермиш. Буви жим бўлиб қолган неварасини аллақачон ухлаб қопти, деб ўйлади ва ўзи ҳам ухлашга ётди. Ҳеч қанча вақт ўтмай бувиси уйқуга кетди. Бола эса алламаҳалгача ухлай олмади. Негадир уйқуси ўчди. Кейин-кейин қандай ухлаб қолганини ўзи ҳам билмайди. Бувисининг ўша маталидан сўнг болада мушукка нисбатан (шундоғам у кичкиналигидан мушукдан қўрқади) қўрқинчли нафрат кучайди. Кучукка нисбатан эса мурғак қалбида янгича — чексиз-чегарасиз муҳаббат пайдо бўлди. Тўрт яшар боланинг шуурига шу тариқа муҳаббат ҳам, нафрат ҳам айни бир пайтда жойланди. Ойлар ўтди. Бир куни акаси қаердандир кўзи очилган қоп-қора кучукча олиб келиб берди. Шунда бола ўзининг бу пайтга қадар овиниб юрган дунёсидан ташқарига чиқди. Энди унинг қизиқиш доираси кенгайган ва одамзоднинг доимий эҳтиёжи — кимгадир меҳр кўрсатиш ва шу меҳрнинг акс таъсири натижаси бўлган тенгсиз завқнинг кўникмаси билан овиниб қолди. Дўндиққина, қоп-қора кучукчанинг икки қошида билинар-билинмас оқлик бор эди. — Кўраяпсанми, қошининг рангини, бундай аломати бўлса, кучукка Тўрткўз деб ном бериш керак, уни Тўрткўз деб чақир — икки кунда отига ўрганади, — деди акаси. Бола учун эса, тўғрисини айтганда, кучукчанинг оти нима бўлиши аҳамияциз эди. Йўлбарс бўлмайдими, Қоплонми, Тузик бўлсаям барибир эмасми, муҳими, унинг кучукчаси борлиги эди. Кунлар ўтиб, кучукча билан бола бир-бирига жуда ўрганиб қолишди. Бола ҳар куни эрталаб ва кечқурун сигир соғаётган онасидан челакни олиб, шишачасига сут солади — Тўрткўзга беради. Тўрткўз қорни тўйгач, думини ликкиллатиб бола билан ўйнайди, у ёқдан бу ёққа югуради, ҳазиллашиб тишламоқчи бўлади. Бир ой ўтиб кучукча кўзга кўринарли бўлиб, боланинг чин овунчоғига айланиб улгурди. Негадир ана шунда унга қандайдир касал тегди. Борган сари улғайиб — дўмбоқлашиб бораётган кучукча икки-уч кунда анчагина озиб қолди. Шунинг баробарида боланинг кўнгли ҳам анча чўкди. Отаси билан акаси кучукчани ўзларича даволаган бўлишди. Нималарнидир ичиришди. — Яхши бўлади, — деди отаси, — ичини бир тозалайди-да... Эртасигаям кучукнинг аҳволи яхшиланмади. Ўша-ўша — овқатниям тузукроқ емайди. — Болалар касал бўлса, уларни дўхтирга олиб боришади-ку, ота, — деди бола. — Тўрткўзниям оборайлик, даволаса бўлади-ку униям. — Дўхтир кучукларни даволамайди, ўғлим, сен хафа бўлма, яхши бўп кетади. Бола айнан шундан: дунёда кучукларни даволайдиган жой йўқлигидан азият чекарди. Тўрткўзнинг кўзларидаги мунгли ифодани кўрмаслик учун у ҳар нарсага тайёр эди. Қанийди қандайдир иложи бўлса. Ярим кечаси негадир боланинг уйқуси қочди. Ҳовлидаги чироқ ёниқ, оқшом тинч. Ёз яқинлашиб қопти — чигирткалар унда-мунда чириллаб қўяди. Бола ҳовлидаги супада ўтириб, бирдан ниманидир эслагандай бўлиб атрофга аланглади. — Тўрткўз, Тўрткўз, — деб пичирлаб чақирди. Шу пайтгача у қай маҳалда чақирмасин, кучукча чопиб келарди. Кечагина оқшом чақиргандаям келувди. Ҳозир эса йўқ. Бола Тўрткўзга ёғоч картондан уйча ясаганди. Негадир кучукча кечалари унда ётмас, нуқул кули олинган ўчоқда ётарди. — Тўрткўз, Тўрткўз, — такрорлади бола. Кучукдан яна дарак бўлмади. Боланинг вужудига алланечук сесканиш ва қўрқув ўрмалади. Сочидан тирноғигача жимирлаб ёйилди. Ўчоқ томон қоронғи эди. Пичирлаб Тўрткўзни яна чақирди. Ичкаридан керосин, яна бир қанча бало-баттарлар солиб қўйиладиган томчадан кучукчанинг заиф ғингшигани эшитилди. Бола қувониб кетди. Совқотибди, деб қўйди ўзича, бўлмаса ўчоқда ётиши керак эди. Деворни пайпаслаб ўчоқ бошини ёритадиган чироқни ёқди. Ва беихтиёр энгашиб ўчоққа қаради. Сесканиб кетди, қўрқувдан оёқ-қўлига қалтироқ югурди. Ўчоқда — Тўрткўзнинг ҳар кунги жойида қоп-қора мушук ётарди. Мушук ўзини ичкарироққа тортиб хурпайди. — Пишт, — деди бола, — кучукчани шу қувиб чиқарган. Унга жавобан мушук заифгина миёвлади, бола қайта-қайта ҳайдайвергач кучсиз «пх-х-х» деган овоз чиқарди. — Пишт, — деди бола қалтираб, — охирги марта айтаяпман. Унинг «охирги марта айтаётганини» мушук, албатта, тушунмасди. Бола шу қўрқув ичида ҳайрон қолди. Одатда, мушук зоти одамни кўрса зириллаб қочарди. Ўзини сал четга олиб, косов билан мушукни туртди. Шунда мушук аянчли миёвлади ва пихиллаб панжаси билан косовга чангал солди. Бола совуқ терга тушди, қалтироғи бироз кучайди. Косовни мушукнинг белига бор кучи билан урди. — Ми-ёёёёв, — қоронғи сукунат мушукнинг аянчли овозидан зириллади. Бола косовни маҳкам ушлаганича орқага тисарилди. Қўрқув билан пичирлади: — Тўрткўзни сен қувдингми, аблаҳ! Мушук ўчоқдан чиқа бошлади. Унинг аҳволи ростдан ҳам аянчли эди: олдинги оёқлари билан судралади, кейинги оёқлари ишламай қолган — фалаж эди. Болага қараб пихиллаб қўяр, ҳурпайишга уринар, бунинг уддасидан чиқолмасди. Бола бор кучи билан яна бир тушурди. — Мии-и-ёёёёв! Боладаги қўрқув ва нафрат кучайди. Йиғлашни ўйлагани ҳам йўқ эди — кўзларига ёш тўлди. Энди ўзидаги ишонч учунгина пичирларди: — Тўрткўзни сен қувдингми, аблаҳ, мана, мана... — ...ми-и-ёёв, пхх-х-хх, ми-и-ёёёв. Мушук болага қараб-қараб, ўша аянчли тарзда, фақат бироз секинроқ судралишда давом этарди. Ҳовлига ётқизилган тцементга чиқиб олди. Ўзи олд оёқлари билангина зўрға судралади-ю, болага қараб пихиллайди. — Мана сенга! Бола бор кучи билан мушукнинг қоқ бошига туширди. Мушук калласини тошга тираганча қотди. Даҳшат ичида қалтираётган бола косов билан уни туртиб кўрди. Мушук бир-икки қимирлади. — Мана, мана, мана! Яна туртиб кўрди — ўлганига ишонди. Кейин косов билан турта-турта ҳовли четидаги анорнинг тагига олиб бориб ташлади. Қайтди-ю негадир қўрқмай қўйди. — Тўрткўз, Тўрткўз, — деб кучукчасини чақирди. Тўрткўз думини ликкиллатиб чиқиб келди. Тузалаётганга ўхшайди, деб қўйди бола ўзича. Энди ундаги қалтироқ — қўрқув бутунлай йўқолди. У тушуниксиз мамнуният билан ухлаб қолди. Кучукча эса яна беш кун мўлтираб юрди — тузалмади... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62379 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57548 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40475 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36515 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23270 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23156 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21514 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19496 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18628 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14448 |