Қамиш қайиқчалар (ҳикоя) [Fayzulla Salayev]

Қамиш қайиқчалар (ҳикоя) [Fayzulla Salayev]
Қамиш қайиқчалар (ҳикоя) [Fayzulla Salayev]
Айвон хариларида уялаган қалдирғочларнинг «вижир-вижир»и уйғотиб юборди. Атроф ним қоронғи. Яна бироз мизғиш ниятида кўрпага буркандим. Эшик очилиб, полда ойимнинг шиппаги шипиллади. Кўрпа кўтарилди.
− Ёзнинг иссиқ кунида бунчалик ўранмасанг. Тур, болам, акангнинг мазаси қочиб қолди. Дармон опангга бориб келмасанг бўлмайди. − Ойим туни бўйи ухламаган шекилли, овози ҳорғин эшитилар, қабоқлари шишинқираган эди. − Тез бор, ўғлим! Аканг қийналиб кетди. Уйини биларсан, Бештомда, «Зариф тракторчиники қайси» десанг, ҳамма кўрсатади.
Апил-тапил кийиниб, ташқарига отилдим. Акам айвонда кўрпасидан ярим чиққанича ёнбошлаб ётар, бошини бир қўлига тираб, ўхчиқ аралаш йўталарди. Юзи-кўзи қизариб кетган… Саломимга сўлғин бир қараш билан жавоб берди.
Канал бўйидаги йўлдан велосипедга «қамчи босдим».
Бештом − қўшни овул. Каттагина-ю, нечундир шундай номланади. Бизнинг овул − Қўштерак билан мана шу канал боғлаб туради Бештомни. Илгари йўл анча айланиш эди. Тўғридан мана шу канал олингач, бештомликларга қулай бўлди. Улар колхоз маркази ва Кўккўлдаги мактабга мана шу йўлдан қатнайдилар. Бу кичик уч овул колхоз марказидан анча олис бўлгани учун уларга бир ҳамшира − Дармон опа биркитилганди. Унинг ишхонаси йўқ, беморларга уйма-уй юриб қарарди.
Зариф тракторчининг уйи худди бизникидай канал бўйида экан. Уйининг тўғрисида худди бизникидай пояпул . Зариф ака ишга чоғланаётган бўлса керак, трактори ёнида куймаланиб юрарди. Келишимнинг сабабини билгач, қизини чақириб чиқди.
Дармон опа қизғиш-сарғиш ранглар қоришган атлас кўйлак устидан яшил нимча кийиб, тилларанг симли рўмолини ингичка ияги тагидан танғиб олган эди.
Велосипедга мингашиб олдик. Йўл сертупроқ бўлгани учун мен ҳайдолмадим. Стрелизаторни менга тутқазиб, велосипед рулини Дармон опанинг ўзи олди.
− Қайси аканг оғриди?
− Менинг бир акам бор. Қодир акам.
− Ҳа-а, сен ҳали Салима холанинг ўғлимисан? Тунов куни армиядан келган акангми мазаси қочган?..
Дармон опа жим қолди. Чунки бир ойларча аввал дадамнинг вафот этганини биларди у. Дадамнинг ҳеч қандай касали йўқ эди. Бир куни кечқурун даладан қайтдилар-у, ювиниб, дастурхон бошида ёнбошлаганларича… қайта турмадилар. Кутилмаган йўқотишдан қариндошлар довдираб қолишди. Қодир акам хизматнинг сўнгги ойини ўтаётган эди. Уни маросимга чақириш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмабди. Эртасига хола-амма, амаки-тоғалар маслаҳатлашиб, акамга хабар беришмайдиган бўлишди. «Биратўла хизматини тугатсин энди. Маросимдан аввал бўлса бошқа гап эди» дейишди. Ойимнинг дарди болалади. У деярли ҳар куни акамни эслар, «юраккинаси ёрилади энди боламнинг» деб, кўзёшларини дарё қиларди. Мана, беш кун бўлди акам уйда. Ойим қайғурганидек унинг юраги ёрилмади. Олдига йиғлаб чиқиб, ҳушсиз йиқилган ойимни даст кўтарганида кўзидан тўкилган ёш олдин ўзининг, кейин ойимнинг юзларини ювди. Олдига келган таъзиячилар билан совуқ-салқи сўрашиб, уч кун уйда ётди. Тўртинчи кун ўзи ёлғиз балиққа кетиб, мана шу дардга чалингани…
− Нечанчи синфда ўқийсан, полвон? – Эрталабки салқиндан бўлса керак, овози титраброқ чиқди Дармон опанинг.
− Бешинчига ўтдим.
− Солдат ҳам касалланаркан-да, а, полвон? – Афтидан Дармон опа менинг хомуш тортиб қолганимни сезиб, кўнглимни кўтармоқчи эди.
− Қайдам…
Ҳадемай уйга етиб келдик.
− Айнонай дўхтир қизимдан! – Ойим Дармон опа билан ачомлашиб, ўпишиб кўришди. − Шу десанг, қизим, кеча балиқдан келиб, қўл-оёғи ўт билан олов. Нақ қирқ даража. Ухлайди − сапчиб уйғонади. Ухлайди − чўчиб тушади. Йўтал аралаш ўхчигани яна ортиқча… Барака топгур қизим, сениям тонг билан безовта қилдик…
− Ҳечқиси йўқ, безовталиги бор эканми?.. − Дармон опа шиппагини пастда қолдириб, акамнинг каровати томон юрди.
Акам ухлаётгандек кўзларини юмиб ётар, хўрсиниққа ўхшатиб нафас оларди. Ҳамширанинг қўли пешонасига теккач чўчиниб кўзини очди. Лоқайд назар билан атрофга аланглади. Кечагина соппа-соғ акамнинг бундай аҳволга тушиб қолганини кўриб хўрлигим келиб кетди.
− Ана-ана. Яна алаҳсираётир, жон қизим. Ёки куюкданмикан, дадасига куяди-да энди эслигим… − Ойим йиғлаб юборди, мен ҳам…
Дармон опа ойимга тасалли бериб, акамнинг қўлтиғига термометр қўйди. Йўқ, акам алаҳсирамаётган экан.
− Дармон, сенмисан? – Билинар-билинмас мийиқ тортди у. − Мен тузукман, яхшиман!
Дармон опа жилмайиб салом берди.
− Хизматни яхши битирдингизми?!
− Раҳмат! Ўзинг қалай... битказдингми ўқишингни?!
Акам энтикиб, базўр гапираётган бўлса ҳам, анча тетиклашгандек эди. Унинг лабларида табассумга ўхшаган енгил бир тўлқин кезинар, Дармон опанинг юз-кўзида ҳам қандайдир бир ёқимли ёғду бордай эди. Буни кўрган ойим йиғини йиғиштириб, чой қўйгани кетди.
− Озоджон, молларингга ўт-чўп солмадинг-ку бугун! – Ошхонадан қичқирди ойим. Унинг овозида қандайдир мамнуният бор эди.
Уйга келсам, ойим Дармон опа билан супада чой ичиб ўтиришарди. Ойим шу орада тухум қовуриб ҳам улгурибди.
Дармон опа ойим билан хайрлашаётиб, акамни қуёш урганлигини айтди. Армияда салқин юртларда бўлгани учун бизнинг иссиқни кўтаролмаганмиш.
− Ҳозир ўзим «Тез ёрдам»га қўнғироқ қиламан. Уч-тўрт кун ичида отдай бўлиб кетади. Сира безовта бўлманг, холажон! – деб ойимни овутди.
Ойим энди ўзини қўлга олган, ҳатто бироз хурсанд ҳам эди. Дадам вафотидан кейин уни биринчи марта хушнуд кўришим.
Акам касалхонада бир ҳафтача ётиб чиқди. У анча озган, бироқ ўзини енгил ҳис қиларди. Ойимнинг «ҳай-ҳай»ига қарамай боғдаги ишларда менга қарашарди.
Бир куни акам қўлимга лапа тутқазди.
− Бошим яна оғрияпти, − деди у пешонасини тириштириб, − мана шу хатда дорининг номи бор. Дармон опангга оборсанг, бериб юборади!
Қайдасан Бештом деб велосипед попишагини босдим, жонивор елдай учди. Уйларида Дармон опадан бўлак ҳеч ким йўқ экан. Лапани қўлига тутқаздим.
− Акам бериб юборди. Дори берармишсиз!..
− Қачон чиқди?
− Тунов куни. Кечадан олдингида.
Дармон опа негадир ингичка қошларини чимириб қўйди. Лапани очди. Мана сенга дорининг номи, икки варақ қоғозга зўрға сиғиб турибди. Ким билади, балки бошининг қандай оғриётганини ҳам ёзгандир.
Дармон опа хатни лабларини сезилар-сезилмас қимирлаб ўқиди. Нигоҳлари жиддий эди. Иккинчи варақ-қа ўтгач, қошлари ораси очилиб, киприклари туташгандай бўлди, лабларидан бошланган табассум ёноқларига ёйилди.
Мен велосипедим «шох»ларини силаганча анграйиб қолибман.
− Ҳа, сен нега туриб қолдинг?
− Дори…
− Ҳа-а, айтгандай, эсим қурсин... − Дармон опа югургилаганча уйига кириб кетди. Зум ўтмай қоғозчаларга ўралган дориларни олиб чиқди…
Эртасига акам овулдаги ўзгаришларни кўриб келаман деб кетди. Эрталаб кетган одам кун оққанда қайтди. Унинг руҳи тетик эди. Мен билан кечгача беда ўрди.

* * *
Бир куни тушдан кейин акам Кўккўлга кетди. Вақт ўтказиш учун қармоқ олиб, канал бўйига чиқдим. Уйимиздан икки юз қадамча юқорида, каналнинг биз томон қирғоғида кичик толзор бўлиб, узоқлардан ҳам кўзга ташланиб турарди. Толлиқнинг бир чеккасига жойлашиб олдим. Борган пайтда унчалик эмасди-ю, кечқурунга қараб «торт-торт» авжига чиқди. Ем илиб ташлайсан, беш-ўн минут ўтмайди. Пўкак аввалига ўйнайди, кейин ярми сувга ботганича канал ўртасига қараб кескин сузади. Тортасан, тирсак бўйли лаққа ё сазан!..
Қуёш уфққа тегар-тегмас пайтда йўл томонда йигит кишининг дўриллган саси эшитилди. Даров танидим − акам. Ёнидаги − Дармон опа. Нима учундир уларга кўриниш беришдан уялдим. Қармоқ дастагини қирғоққа суқиб, ўзимни бўёнлар ораси − панага олдим.
− Уф-ф, чарчаб кетдим. Мана шу ерда бир нафас дам олайлик!
− Сиз-а чарчаган?! Ҳали дунёнинг у бурчига етмадик-ку?
− Хўп де, Дармон. Бирпасгина ўтирамиз-у…
Акам велосипедни мендан икки қадамча нарига ётқизди. Кейин Дармон опа билан етаклашиб келиб, толларнинг қуюқ шохлари орасидаги тўнкага ўтирдилар. Ботаётган қуёш акси сув юзида жимир-жимир ўйнар, қизариб-бўзариб ўтирган Дармон опанинг юз-кўзига тушиб, уни янада чиройлироқ кўрсатарди. Улар нима учундир жимиб қолишди. Дармон опа сокинлик билан оқаётган сувга тикилганича ўтирар, акам атрофдан чўпми, кесакчами олиб, сувга итқитар, ҳосил бўлган тўлқинларни томоша қиларди. Узоқ давом этган жимликни Дармон опа бузди:
− Гапларингизга ишонмайман! Рост бўлса, ёзардингиз. Ақалли бир табрик ҳам юбормадингиз-а, байрамларда… − Дармон опа йиғлагудек куюниб гапирарди.
Акам қўлидаги кесакни зарб билан сувга уриб, қиз томон юзланди. Унинг қўлларидан ушлаб, кўзларига тикилди.
− Наҳотки, наҳотки Дармон, хатларимни олмаган бўлсанг?!.
− Йўқ, ҳеч нима олганим йўқ! Худо ҳақи!..
Дармон опа лабини тишлаб жимиб қолди. У акамнинг кўзларига синчковлик билан тикилар, ингичка қошларини чимириб, алланималарни эслашга ҳаракат қиларди.
– Бўлди! Тушундим, ҳаммасини билдим. Сизга ишондим, Қодир ака!
У ёш боланинг йиғи орасида сўзлаганидек, энтика-энтика гапира бошлади… Ҳаммасига айбдор Сотим пўшта экан... Дармон опа унинг ўғли таклифини рад этиб, совчиларини қайтаргач…
− Тумшуғини ёраман ўша уккияпалоқнинг!.. – Акам ғазаб билан ўнг қўлини мушт қилиб, ўз тиззасига урди. Унинг қўллари қалтирар, ғазаб билан гавдасини ҳар томонга ташлар, сўкмаса ҳам энг қўпол сўзларни ишлатиб ўшқирарди. – Онасини кўрсатаман, ўлдираман ўша қилтириқ боласини!..
Бир маҳал ўзининг қиз бола олдида эканлиги эсига тушдими, бирданига тинчиди. Беозор бир товушда:
− Мен эсам, хатларимни жавобсиз қолдиришинг сабабини сўрашга ботинолмай юрувдим. Дармон… − деди. Акам қизнинг олдига ташлаб қўйган соч ўримини бармоғига ўрай бошлади. − Кап-катта қиз бўлиб қопсан. Эсингдами, Хиванинг автобусида йиғлаганинг?..
− Қўрққандим-да, ким билади ўшанда сизлар бўлмаганда… − эркаланди Дармон опа.
Акам қўлларини қизнинг елкасидан ошириб, гавдасини ўзига тортди. Дармон опа ҳам қаршилик қилмади. Улар худди менинг кузатаётганимни билишгандай энди шивирлашиб гаплаша бошлашди.
Дарвоқе, мен нега гап ўғирлаб ўтирибман. Ўзимдан-ўзим қисиниб кетдим. Онда-сонда чигиртка чириллаб қўяди, «кетар вақт бўлди» дегандек. Қимирласам, каналга кесак юмалайди. Улар томонга қарамаслик ва қулоқ тутмасликни шарт қилиб, бироз кутишга қарор қилдим. Оёқларим оғриб кетди. Кечқурун иш бошлайдиган чивинлар ҳам изиллай бошлади. Кетмасмиканлар, деган умид билан яна ўша ёққа қарашга мажбур бўлдим.
− Вой-вуй, бунча чиройли бўлмаса! Кимдан ўргандингиз? Худди қайиқнинг ўзи-я! − Дармон опа қамиш япроғидан ясалган қайиқчани қўлига олганича болалардек қувонар, сувга қўйвориб, тағин қўлига оларди. – Сузишини қаранг, Қодир ака, худди катта қайиқлардай…
− Қўйворавер! Мана, яна биттаси тайёр!
− Биласизми, Қодир ака, қайсидир бир юртда қизлар сувга гулчамбар оқизарканлар. Кимнинг гуллари узоққа сузса, умри узун, бахтли бўлармиш…
− Кел, бизларам… Қайиқчалар оқизамиз!
− Келинг, фақат каттароқ япроқдан, нари-бери тўлқинга дош бероладиган қилиб ясаб берасиз. Йў-йўқ, ҳар ким ўз қайиғини ўзи ясайди!
Дармон опа ҳам бир зумда қайиқ ясашни ўрганиб олди. Кейин икки қайиқни ёнма-ён қўйиб, оқизиб юборишди. Қиз қайиқчаларни ҳаяжон билан кузатар, сувни қўллари билан тўлқинлатиб, уларни канал ўртасига ҳайдашга интиларди. Қайиқчалар менинг тўғримдан ҳам бир-бирига текканича қўшалоқ бўлиб, оқиб ўтиб кетишди.
− Дармон, Дармоним менинг! – Акам тик турган қизни қучди. − Истайсанми, мен сенга ҳар куни қайиқчалар юбориб тураман! Худди шу пайтда кутгин! Ҳар куни…
− Қайиқчалар?!
− Ҳа, қайиқчалар! Уларга қўшиб юрагимни…
Улар ўпиша бошлашди. Кўзларимни чирт юмдим. Қулоқларимга бармоқларимни тиқдим. Бир маҳал «енди кетишгандир-ов» деган умидда кўзимни очдим. Ҳали ҳам шу ердалар. Яна тўнкага ўтиришибди.
Тизгинга тизиб, сувга ташлаб қўйган балиқларга илон келдими, сувни шўпирлатиб, типирчилаб қўйишди. Бирдан қармоқ эсимга тушди. Вой, дастак кўринмайди-ку! Бўйнимни чўзиброқ мўраладим. Пўкак бутунлай йўқ, ип теран тортилган эди. Юрагим ҳапқириб кетди. Тўрт қадамча йўлни бир сакрашда ўтиб, қийшайиб қолган дастакни суғуриб олиб, тортдим. Балиқ катта бўлса керак, ип сувни ёриб, у ёқдан-бу ёққа тортилар, балиқнинг сувдан чиққуси йўқ эди.
− Қиялаб торт, қиялаб! Ҳозир ипни узасан…
Акам чопиб келиб, қўлимдан дастакни олди, балиқни ўзи сувдан чиқарди.
Тирсак бўйли сазан бўён ва такасоқоллар орасида типирчилар, акам уни ушлашга ҳаракат қиларди. Дармон опа жойида турганича хандон отиб кулар, кулгидан кўзлари ёшланиб кетганди.
− Қачон келдинг бу ерга? – сўради акам балиқни ушлаб, ўзига келгач.
− Ҳозир… Боя қуриб кетгандим қармоқни. – Ўйимга келган баҳонадан хурсанд бўлдим, ўзимга қойил қолдим.
Бу воқеадан сўнг Дармон опани янада яқин сеза бошладим ўзимга. У ҳам кўрган жойда бирор нарса деб ҳазиллашиб қўяр, ойимга салом айтиб қўйишимни таъкидларди. Уйга келган пайтда ойим билан у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтиришни яхши кўрарди. Ойим унга ўрганиб қолдилар. Икки-уч кун кўриниш бермаса, «дўхтир қизим нега келмай қўйди» деб, соғинчини яшира олмасди.
Акам армиядан аввал бирор иш қилиб қўйса, ойимга чақиб бермаслигимни уқтириб, ваъдамни олмагунча қўймасди. Негадир бу сафар ундай қилмади. Мен ойимга чақмасам-да, уларни кузатишни давом эттирдим. Нега шундай қилдим, билмайман. Уларни кузатиш, иккисини бир ерда учратиш менга қандайдир завқ бағишларди. Қувонардим, Дармон опага эркалангим келарди.
Акам толзорда келишилганидек, ҳар куни қайиқчалар оқизиб турди…
Ҳаммаси акам ишга киргандан кейин бошланди. Бир куни кечқурун овқатдан кейин ойим гап бошладилар:
− Бугун далага раис келди. Аяйди-да, ачинади. Даданг иккаласи қандай иноқ эдилар. Қаландарнинг тракторини ўғли ҳайдайди деб, ҳеч кимнинг қўлини теккизмай қўйибман, дейди. Кузда ваъда қилинган «Москвич»ни ҳам ўғлингга берамиз, дейди…
− Қўйинг, ойи. Мен колхозда ишламайман. − Ойимнинг гапини бўлди акам. − Дадамнинг адойи тамом бўлгани ҳам етар колхознинг ишини деб.
− Тавба дегин, болам! Мард одам мусибатни Худодан кўради, номард атрофдагилардан…
− Ойи, худою бошқаларни тинч қўйинг! – Овозини кўтарди акам. − «Москвич»мас, «Волга» беришса ҳам… Вақти йўқ, соати йўқ, байрами, якшанбаси йўқ…
Хуллас, акам кўп ўтмай раён марказига ишга қатнай бошлади. У эрталаб велосипедда кетганича кечқурун қайтарди. Унга ачинардим. Боришда етти, қайтишда етти, кунига ўн тўрт чақирим йўл босиш осон эмас-да велосипедда. Яна ҳамма қатори ишлаш…
Дастлабки кунлари акамнинг чарчагани шундай кўриниб турарди. Ишдан келгач, ҳеч ким билан сўзлашмас, нари-бери овқатланиб, йиғма кароватини кўтариб, боққа ошиқарди, уйқунинг тадоригини кўрарди. Бу ҳол узоқ давом этмади. Икки ҳафтача ўтгач, акам чиниқиб кетди шекилли, ишдан кайфи чоғ қайтадиган, менинг ишларимни суриштирадиган бўлди. Бироқ у негадир Дармон опа билан учрашишга ҳаракат қилмасди. Бу кунлари Дармон опа деярли ҳар куни тушда уйимизга келар, ойим билан йўл-йўлакай, баъзан чой устида суҳбатлашиб кетарди. У менга ёқимли бир туйғу билан қарар, кўзлари нимадир истаб жовдирарди. Мен энди ҳамма нарсага тушунардим. У мендан ўшандаги дорининг номи ёзилганга ўхшаган бирон лапа кутарди.
− Қиз бола ҳам бунчалик кўҳлик бўларкан-а, одобини айтмайсанми! Онасини кўру қизини ол, демишлари шу-да! Гулсара бекорга тўйбоши бўлиб юргани йўғакан. – Дармон опа кетгач, ўзига-ўзи гапириб, нима учундир бош чайқаб қўярди ойим.
Акам кўп ўтмай канал бўйига бориб, қайиқчалар жўнатишни ҳам унутди. Қайиқчалар оқизилмаган биринчи куниёқ юрагимнинг аллақаерида увишиқ ҳис қилдим. Балки эсидан чиққандир? Эслатсаммикан? Йўқ, унақада уларни кузатиб юрганим очилиб қолади. Кўз олдимда уйи олдидаги пояпул ёнида сувга термулганича паришон ўтирган Дармон опа гавдаланади. Акамнинг юбормаслигига аниқ кўзим етгач, ўзим оқиздим қамиш қайиқчаларни. Эртасига ҳам, индинига ҳам…
Бир куни акам ишдан вақтлироқ қайтди.
− Озод, чопгин! Ойимни айтиб кел! Уйга меҳмон келармиш, дегин! – Буюрди у. – Велосипедга тегинма. Магазинга боришим керак. Йўлакай олиб келай десам, бир тийинсиз чиқибман.
Меҳмонлар икки йигит ва уч нафар қиз бўлиб, иккита бир-бирига ўхшаш кажавали мототсиклда келишди. Йигитларнинг озғин ва чайир гавдалари, сочларидан яқинда ҳарбийдан қайтганлари сезилиб турарди. Акам йигитларни «қуролдошларим», қизларни «ҳамкасбларим» дея таништирди ойимга. Кейин номларини бир-бир санаб чиқди. Кун иссиқ бўлишига қарамай, акам меҳмонларни ичкари уйга таклиф қилди.
Мен одатдагидек, меҳмонларга хизматга шошилдим. Акам йўлдан қайтарди:
− Бошингни суқма хонага. Бор, ойингга қараш!
Ошхонага қайтдим. Ойим ўчоқ бошида паришонхотир ўтирар, тутунданми, пиёз арчиганми, кўзларида ёш қалқирди. Мени кўриб бепарвогина:
− Кел, болам, - деб қўйди.
Бир маҳал ошхонага бўш чойнак кўтарган акам, кетидан боя «Каромат» деб таништирган қиз кириб келди. Каромат рўмолини ечиб ташлаган, қоп-қора сочлари елкаларини тўлдириб турарди. У чой дамлаб чиқиб кетди. Ойим ниманидир сезди шекилли:
− Уятмасми, болам, дадангнинг тупроғи совумасдан туриб… − деб тутилиб қолди.
− Шу ёшингиз билан кампирнинг гапини гапирманг, ойи! – деди акам бамайлихотиргина. − Дадам қайтиб келармиди ичмасам… Ундан кўра Каромат билан танишинг! Идорамизда иккинчи буғолтир. Менам ўқийман, заушний…
Ойим индамади. Акам сигаретини тутатиб, чиқиб кетгач, бурнини тортиб, кўз ёшларини енгига артди.
Акам шу куни ярим тунда меҳмонлар билан бирга кетди. Ишхонаси ётоқхона берганмиш. Кийимларини олиб, биратўла кетди. Кетаётганида чидаб туролмадим:
− Ака, балки Дармон опамга бирор гапингиз бордир? Мен айтиб қўйсам…
− Нима?! – Акамнинг кайфдан сузилган кўзлари йиртилиб, ғазабдан чақнади. Негадир тариқча ҳам қўрқмадим ундан.
− Дармон опамга нима дейин?!
Акам кутилмаганда хандон отиб кулиб юборди.
− Эй, галварс! Эй, хумкалла!.. Ҳоҳ-ҳоҳ-ҳо! Демак, бўш эмаскан-да бу қовоқ! – Тақир бошимни шапатилади у. – Сенга барибирмасми, Дармон бўлмаса, Каромат! Ишқилиб чечасиз қолмассан, ахир! Шуни айт қишлоқи опачангга-а! – Акам яна кулганича ўт олдирилиб, уни кутаётган мототсикллар томон лўкиллади.
Йиғлаб юбордим. Нега йиғлаётганимни аниқ билмасдим. Гўё кўкрак қафасим кўзёши ва яна аллақандай оғир нарсаларга тўлиб кетган, йиғлаганим сари улардан қутулмоқда эдим.
− Ҳа, болам? Ҳали сенга ишониб акангни ётоқхонага жўнатиб юрсам… Айтди-ку, ахир, ҳафта сайин келиб турармиш… Қўй, йиғлама, болам! – Ойимнинг титроқ товушидан унинг ҳам йиғлаётганини сезиш қийинмасди.
Эртасига тушда Дармон опам яна келди. Мен унинг кўзига қарай олмадим. Ичкари кириб, китоб ўқишга уннадим. Китоб саҳифасида нигоҳим сўздан-сўзга сакрар, хаёлимда қоришиқ фикрлар ғужғон ўйнарди…
Нега мен уларни кузатдим? Нима учун қайиқчалар жўнатдим? Қандай ҳаддим бор эди бундай қилишга? Балки ўша қайиқчалар бормаганида Дармон опам илгарироқ сезармиди акамнинг бунақалигини… Бугун айтаман, ҳаммасини гапириб бераман. Уларни пойлаб юрганимни ҳам, қайиқчалар жўнатганимни ҳам! Ялиниб-ёлвораман, кечирим сўрайман!..
Дармон опа ойим билан хайрлашиб, дераза олдидан канал томон ўтиб кетди. Ташқарига отилдим. Пояпул устида кетидан етдим.
− Дармон опа, тўхтанг, илтимос! Биласизми, мен, мен сизни… − Томоғимга алланарса тиқилиб гапиролмай қолдим. – Биласизми…
У менга қараб маъюсгина жилмайиб турар, мен айтмоқчи гап уни қизиқтирмаётгандек эди. У стрелизаторини ерга қўйиб, менга интилди. Юзимни иссиқ кафтлари орасига олиб, кўзларимга тикилди.
− Гапир, полвон!
− Мен… мен сизни алдадим, Дармон опа! Қайиқчаларни…
Дармон опа пастки лабларини тишлаб жим қолди. Узун ва қора киприклари орасида ёш томчилари пайдо бўлди.
− Айтмай қўяқол!.. – Ҳалиги мунчоқдек томчилар ёноғига тушди. Кейин ияги томон бир-бирини қувлаб оқа бошлади. – Раҳмат сенга, ука! – Дармон опа ортиқча гапира олмади. Мени бағрига тортиб, титроқ лаблари билан ёш қуйилаётган кўзларимдан ўпди. Мен унинг меҳр уфуриб турган оғушида йиғидан тўхтолмасдим.
− Йиғлама, ука! – деди у. Аввал менинг, кейин ўзининг ёшларини артди. – Шунга ҳам йиғими, а, полвон? – У жилмайишга ҳаракат қилди.
− Дармон опа, кечиринг мени! – дедим унинг кўзларига тик қараёлмай.
− Нимани? Сен нима гуноҳ қилдинг?!
− Қайиқчаларни… − деёлдим сўлиғимни босолмай.
− Нима қайиқчалар?.. Энди оқизмай қўймоқчимисан? – деди у жиддий оҳангда. − Мен эсам, ҳар куни кутаман қайиқчаларингни!
У стрелизаторини олиб, секин мендан узоқлашди. Йигирма қадамча юргач, қўлини кўтариб, рўмолчасини силкиди.
− Майли, эртагача! Қайиқчаларингни эса кутаман!
Мен ўша куни кечқурун Бештомдаги опамга одатдагидан бир неча марта кўп қамиш қайиқчалар оқиздим…

1978
Нукус шаҳри.
Mualifning boshqa asaralari
1 Qamish qayiqchalar (hikoya) [Fayzulla Salayev] 475
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика