Рубоиёт [Foniy]

Рубоиёт [Foniy]
Рубоиёт [Foniy]
1

Тундан қиламан тошта қадар зорликлар,
Ҳадцан ўгди танҳолигу беморликлар,
Юзланди фироқ туфайли душворликлар,
Эй ёр, қаёқда қолди ул ёрликлар?

2

Ўткинчи ҳавасларга экансан мафтун,
Ғам-ғуссадан озод эмассан бир кун,
Бўлмоқ эсанг Искандару Жамдан устун,
Жой ойинасисиз бу эмасдир мумкин.

3

То дилда кучу қуввату жон бор эрди,
То танда ҳаётдан нишон бор эрди,
Дил мойили ҳусни дилситон[1] бор эрди,
Жон волаи ошўби[2] жаҳон бор эрди.

4

Зуҳд аҳлидан уз кўнгилни буткул, эй дил,
Қургил фано дайрида манзил, эй дил,
Мақсуд маю мутриб ила ҳосил, эй дил,
Бир-бир айтдим, қулоқ сол, эй дил, эй дил.

5

Эй дўст, ҳалокатлидир айёми фироқ,
Ҳижрон заҳарига қоришиқ жоми фироқ,
Туғдирса висол тонггини гар шоми фироқ,
Кечирма сира тутсам агар номи фироқ.

6

Давр эли жабр этса, кўтарма исён,
Кўн борига, йўқ туфайли бўлма сарсон,
Тинглаш керак эмасми — эшитма пинҳон,
Сўзлаш керак эмасми — гапирма бир он.

7

Аччиқ сув эмас, соқий, оловдан ўткир —
Чоғирни олиб, катта қадаҳга тўлдир,
Узримни қабул қилма, қошимга келтир,
Енгишта сол-у, сўнг оғзима қуй бир-бир...

8

Сенсиз мени(нг) сабримда фақат нуқсондир,
Кўнглимда ғамингдан алами ҳижрондир,
Жоним чекибон беҳуда ранж нолондир,
Бас, менда на сабр-у, на дил-у, на жондир.

9

Ёр кўйида токи бенишон бўлмассан,
Сен воқифи асрори ниҳон бўлмассан.
Жисминг унутиб, то ломакон бўлмассан,
Лойиқи ҳаёти жовидон бўлмассан.

10

Ғам заҳри агар қилса ҳалок, эй соқий,
Дафъ этсанг уни май-ла не бок[3], эй соқий,
Дил тавбадан ўлди журмнок[4], эй соқий,
Бода ила айла уни пок, эй соқий.

11

Шўхсан бу сулувлардан, аён, эй соқий,
Ошуфтаман ўзингга ниҳон, эй соқий,
Май жомини тўлдириб равон, эй cоқий,
Айла мени бехуд шу замон, эй соқий.

12

Дайр ичра агарда тиласанг ичмоқ май,
Шўх муғбачалардан[5] эшитиб чанг ила най.
Мумкин бўлмас агарчи бўлсанг Жаму Кай[6],
Қиммат қилмай дайри пири, рухсат бермай.

13

Лоф урмак ўз илмидан эрур нодонлик,
Нодонлигин англаган бўлур ирфонлик,
Мушкул қилиш ишингни не кордонлик[7],
Бир йўқ олиб келгуси минг осонлик.

14

Жоним икки лаъли жонфизойишта[8] фидо,
Руҳим у насими атрсойишта[9] фидо,
Ошуфта дилим нозу адойишта фидо,
Фарсуда[10] бу жисмим хоки пойишта фидо.

15

Ҳар лаҳза бу чархдан жафолар етса,
Даврон элидан турфа балолар етса,
Ғам йўқ агар ул ойдан вафолар етса,
Бош зулфидек бош ўпиб, видолар етса.

16

Ҳажрингда ишим изтиробдир бу кеча,
Тарк этгали жоним-да шитобдир бу кеча,
Жисмимда фироқдан кўп азобдир бу кеча,
Огоҳ бўл-ей, дил иши харобдир бу кеча.

17

Бу расми талабни худписанд[11] билмасдир,
Бу шевани ғайри ниёзманд билмасдир,
Бу нақш эмас зоҳидга писанд — билмасдир,
Бу нақшни ғайри нақшбанд билмасдир.

18

Солди мени ғурбат ичра ҳижрони ҳабиб,
Заъф шиддатидан бўлдим ажал бирла қариб,
Бир ёр қани — хастага келтирса табиб,
Бир зор қани — излашга кафан ўлса ғариб.

19

То тушди-ю дилга меҳри ул моҳлиқо,
Қон бўлди жигар, кўзимнинг ёши дарё,
Йиғлайди кўриб бир бошима шунча бало,
Осмонда қуш-у, сувда балиқлар ҳатто.

20

Эй, ҳар нафасишта беадад ҳамду сано,
Юз ҳамду санодан Сен ўзинг истиғно[12],
Айтар малакут макон тугиб дайри фано:
«Илминг сени йўқ бизда, эй пок Худо!»

21

Тонгнинг елидан таралди бўйинг менга,
Боғ ичра намоён ўлди кўйинг менга,
Гул худди сенинг нишони рўйинг менга,
Лек бўлмади маълум сира хўйинг менга.

22

Дил йўқ — асири зулфи паришонинг эмас,
Жон йўқ яна саргаштаи ҳижронинг эмас,
Дегунча дилинг энди қадрдонинг эмас,
Бу жон меники, дегил, сенинг жонинг эмас.

23

Сеҳр илми кўзинг туфайли топди ривож,
Бобил ила Кашмирдан ул олгай бож,
Айёрсифат қилиб ул гоҳи торож,
Тандан олар бошни худди бошдан тож.

24

Биллур жом ичинда май мисоли ёқут,
Топсам уни кеча-кундуз этгайдим қут,
То кекса фалак-у, қари осмон собит,
Ақлу ҳис ҳайронлиги бўлмас соқит.

25

Заъфимга ўшал қил каби бел боис,
Қатлимга ўшал ҳалқаи кокил боис,
Умримга ўшал қомати чун гул боис,
Жонимга ўшал шаҳду шакар тил боис.

26

Ёр бўлмади менга ул париваш ҳаргиз,
Шод бўлмади ундан дили ғамкаш ҳаргиз,
Кам бўлмади бу дамимдан оташ ҳаргиз,
Бас, олган эмасман нафаси хуш ҳаргиз.

27

Мен ўз вужудимдан паришонман, бас,
Ҳар ишки қилибман, пушаймонман, бас,
Ақл менга насиб бўлмади — нодонман, бас,
Нодонлигима ўзим-да ҳайронман, бас.

28

Кетдинг-у, ғамингда дил фигордир ҳануз,
Шавқингдан ёшим шашқатордир ҳануз,
Қайтсанг-чи, бу жон фироқда зордир ҳануз,
Келгил яна бу дил интизордир ҳануз.

29

Кетдинг, сени деб танимда тобдир[13] ҳануз,
Ёдингни қилиб, кўзим пуробдир[14] ҳануз,
Ишқинг ўтида таним кабобдир ҳануз,
Келгил яна, дил ғамда харобдир ҳануз.

30

Соқий, жомга майи тарабнок[15] солгил,
Пок майга яна акси рухи[16] пок солгил,
Тайёр шўру шарга мени бебок — солгил,
То титрасин ундан етти афлок, солгил!

31

Эй дил, кунинг қилди қаро аҳли замон,
Шундан буён тун-да ҳамон, қун-да ҳамон,
Бир лаҳза замонни(нг) жабридан йўқдир амон,
Май ич, тиласанг амон, тинимсиз бегумон.

32

Ишқ ўтида куйган хаста жонман, на қилай?
Девонаю расвои жаҳонман, на қилай?
Сабр менга эрур чора, аён, ман на қилай?
Билсам-да, қилишга нотавонман, на қилай?

33

То қўйди қазо бошимга афсари[17] ишқ,
Дил ичра ниҳон қилди яна гавҳари ишқ,
Кирди қўла ул афсардан кишвари ишқ,
Тушди дила у гавҳардан ахгари[18] ишқ.

34

Кўз гулшани юзингдан гул, лолага кон,
Кўз маскани оразинг сабаб нурга макон,
Кўз равзани[19] ёришмаса юзингдан, ишон:
Кўз равшани зулмат ичра қолгай бегумон.

35

Лаъли майидандир ҳамма сармастлигимиз,
Сарв қаддидандир ер қадар пастлигимиз,
Гар бўлмасами фикрига ҳамдастлигимиз,
Юз ўгиради нестликдан ҳастлигимиз.

36

Томнинг четидан кўринади моҳсиймо,
Офтоб-да бу юзни кўрмагандир асло,
Икки қошинг акси тушди қўзга, санамо,
Ул навъки, шишада бўлар қибланамо[20].

37

Ашким уммонида юлдуз ҳубоб,
Йўқ-йўқки, унда офариниш[21] нобоб,
Уммон кўкига юлдуздан тушди тоб,
Гирдоб эмас, у девор бўлди ҳисоб.

38

Соқий, менга тутгил қани бир бор қадаҳ,
Чўнг бўлса-да гар бир неча миқдор қадаҳ,
Гар бўлса-да мисли чархи даввор[22] қадаҳ,
Бир-икки симирсам, қолмас зинҳор қадаҳ.

39

Токай ситаму меҳнати ҳижронга чидай?
Бир тун сени кош бу байт ул-аҳзонга[23] этай,
Вайрона бу дилни(нг) ичдан чокини ситай,
Жон хилватига сен ила ул лаҳза кетай.

40

Ёр қошида бўлма сира, эй дил, беадаб,
Бўлган каби бу шоҳ қошида қул беадаб,
Ёр васлига етган бўлмагай, бил, беадаб,
Оқил боадаб бўлга-ю, жоҳил беадаб.

41

Сен келмадинг-у, аммо қуёш жилва қилар,
Кетдинг-у, қуёш бўлса ҳали кўкда турар,
Бас, кеч келиб, эрта кетганингдан бу қадар,
Кўз орқали дил қони юзимга тўкилар.

42

Йўллабди бу хастага у дилбар мактуб,
Билдимки, вафо ҳақда муқаррар мактуб,
Гирён бўлдим кўрдим-у раҳбар мактуб,
Тўкилдим ашк каби саросар, мактуб.

43

Ёр, олма қўлингни кифтимдан бир пас,
Оғзимдан узоқ тутма қулоғингни-да, бас,
Юзинг юзим-у, бўйним оғушингдан абас,
Тандан руҳ-у, жисмимдан ҳушни, хуллас.

41

Сен келмадинг-у, аммо қуёш жилва қилар,
Кетдинг-у, қуёш бўлса ҳали кўкда турар,
Бас, кеч келиб, эрта кетганингдан бу қадар,
Кўз орқали дил қони юзимга тўкилар.

42

Йўллабди бу хастага у дилбар мактуб,
Билдимки, вафо ҳақда муқаррар мактуб,
Гирён бўлдим кўрдим-у раҳбар мактуб,
Тўкилдим ашк каби саросар, мактуб.

43

Ёр, олма қўлингни кифтимдан бир пас,
Оғзимдан узоқ тутма қулоғингни-да, бас,
Юзинг юзим-у, бўйним оғушингдан абас,
Тандан руҳ-у, жисмимдан ҳушни, хуллас.

44

Бўлгач ичима оташи ҳижрон воқеъ,
Бўлди юзима ашки фаровон воқеъ,
Қилдим ҳаракат борича имкон воқеъ,
Лек ўчмади ўт бўлса-да уммон воқеъ.

45

Ишқинг ўтидан кўксимни зўрлар доғ,
Ғам шомида осмонга қадар ўрлар доғ,
Ўтди ичим-у ҳамда ташимдан ҳар доғ,
Бас, қайга қўярман яна келса гар доғ?

46

Сендан дилу жисми нотавоним хуррам,
Ҳуснингдан чашми[24] хунфишоним[25] хуррам,
Қаддингни кўриб, руҳи равоним[26] хуррам,
Жонбахш лабингдан эса жоним равшан.

47

Ул чеҳраки, ҳусн авжи эрур жилвагоҳ,
Зулфи орасидан солдим унга нигоҳ,
Бошдан-оёғига боқиб, бўлдим огоҳ,
Ҳеч тенг кела олмас унга офтоб ила моҳ.

48

Киприкларинг қатлим учун тортмиш саф,
Ҳар ўқи қилиб ўзига жонимни ҳадаф,
Бўлғуси бу жанг майдонида умр талаф,
Қочиб кетиб бўлмас ундан ҳеч тараф.

49

Эй шўх соқий, тут менга бир ўтли шароб,
Бир қатраси томса, бўлсин тош-да хароб,
Чўнг ғам тоши танг дилимга бермиш кўп азоб,
Шояд уни енгиллатса бир оз майи ноб...

50

Дўстлар баҳор чоғида сузса майи соф,
Урсам-да зуҳду тавбадан мен неча лоф,
Дўстлик ҳақи, қилинг-у сўзимни маоф[27],
Майдан мени маҳрум этманг, айланг инсоф.

51

«Кимман бу жаҳонда?» — деб бўлурман ҳайрон,
Ёхуд нимаман? Неданман? Нега бу жон?
Инсонманми ё тупроқ — эрмас аён,
Тупроқ ҳақи, билмадим, мен нечук инсон?

52

Ишқ оташи ичра жисму жоним ою йил
Узини камолга етказишга машғул,
Ҳижрон дўзахига тушса, чекмай мушкул,
Алқисса, висол жаннатига ўтгай ул.

53

Сурганча хаёл, эй дили девона,
Орзу қиласан ёр бўлишин ҳамхона.
Қандай сенга ҳамхона бўлар жонона?
Хона қани сенда? Бори шу вайрона...

54

Ўлдирма мени ҳажринг ила, эй жонон,
Бу ғамли дилимни этма баттар вайрон,
Мендан кеча олислаганингга бир он,
Бошимдан ақл учди-ю, жисмимдан жон.

55

Фақр ичра бошингда неки бўлса ташла,
Бер қўлдаги бахтни — юрма бу ташвиш-ла,
Ҳар яхши-ёмон келса шу икки иш-ла
Парво сира қилма-ю, дилингни хушла!

56

Бўстонга кириб келди баҳор карвони,
Гуллар ҳидига тўлдирибон дунёни,
Лаззат олиб ғунчадан, бўлиб жонони,
Тушмиш кўзига гард наргиси шайдони.

57

Бир тун агар ул шамъи саодатпартав[28],
Майхонада кўҳна май узатса ўртаб,
Сабуҳий[29] умидида хира қилмам табъ,
Жон бирла тўним унга гаровдир, ё Раб!

58

Создир киши ишқ ичра мужаррад[30] бўлса,
Ошиқ эмас ақл-ҳушга муқайяд бўлса,
Ҳар ким дам урар қабулдан — у рад бўлса,
Даъво агар этса яхшилик, бад бўлса.

59

То тоштача кулбанг ёритар шамъи Хўтан,
Кун бўлса, жаҳон кулар қуёш нури билан,
Шом кирса, ҳилол ёғдусини сочгуси шан,
Ё Раб, шу тариқа бор ҳаётинг равшан!

60

Май қуйқаси жомда лаъл каби жилва қилар,
Ошиқларини ишқида маст, телба қилар,
Ғам йўқ ғамдан, чунки ўзи тилка қилар,
Ҳар қатраси жони пок каби жилва қилар.

61

Залворли бир тоғ сари тушгач йўл,
Қалбимни яширдим, ёнди қайғуда ул.
Орзум шу: жамиятга бутун силтаб қўл,
Дил амри-ла тоғ этагин этдим манзил.

62

Чўлпон каби ол юзинг жаҳонга зийнат,
Жаннатни солар ёдга ҳидинг, не ҳайрат?
Сочсиз бу қадар гўзал эмас бу хилқат,
Сочинг узун-у, ғуссали тунга нисбат.

63

Юзинг сени кавкаби жаҳонородир,
Бўйинг сени ашҳаби[31] равоносодир[32],
Соч бўлмаса, жисминг хароб, расводир,
Сочинг мисоли тун фиғонафзодир[33].

64

Бу майкада риндларга макон, эй соқий,
Тортиб мени элтдилар уён, эй соқий,
Тут менга шароби арғувон, эй соқий,
Майдан ўлишим бўлди аён, эй соқий,

65

Бу фасли хазон — баргрезон, эй соқий,
Ҳолим-да гўё ранги хазон, эй соқий,
Бу майда-да шу ҳол намоён, эй соқий,
Ундан симирай замон-замон, эй соқий.

66

Дарвеш элидан гар тиласанг келсин файз,
Ўзингдан уларга аввало бўлсин файз,
Шу хилда ғариблар бошида кулсин файз,
Сенинг-да шу жисму жоништа тўлсин файз!

67

Ёмон нимани истамасанг, хушхулқ бўл,
Касб этма риёни, тўғри бўлсин кўнгил,
Ҳар.ёққа юрар эл, сен тут ўзга манзил,
Қўй элни, ягона маҳраминг бўлсин Ул.

68

Бўлмоқ тиласанг агарда сен аҳли хавос,
Ўзингни авом суҳбатидан айла халос
Ҳам сидқу ихлос йўлидан илгари бос,
Ҳақ зора мақоминг этса хос аҳлига мос.

69

Эй дил, демаким, мушки нобдир ул хат,
Боиси: мудом банди хижобдир ул хат,
Офтобга шом хати — хитобдир ул хат,
Йўқ, йўқ, ғалат айтдим, нақши обдир ул хат.

70

Муғ дайрида[34] ул муғбачаларки, чолок[35],
Май бирла мени қилдилар масту бебок,
Мурда каби бўлди менга-да манзил хок,
Лек майга гаров қилмадилар хирқаи чок.

71

Хокинг сени шоҳлар кулоҳининг банди,
Ҳусн шоҳига тенг эмас башар фарзанди,
Хасдек вужудимга юзинг барқ монанди,
Чақса узилар жаҳондан жон пайванди.

72

Фоний бу жаҳон ғамига то пайвандсан,
Ўзингга ўзинг бақо йўлида бандсан,
Нафсинг ҳавасига кўмилиб хурсандсан,
Бўлсанг-да замонни шоҳи — ҳожатмандсан.



↑ Дилситон — дилбар, дилрабо: дилни олувчи, асир қилувчи.

↑ Ошўб — ғавго-тўполон, фитна, тартибсизлик. Ошўби жаҳон — жақонга фитна солувчи, фитнагар.

↑ Бок — бу ерда: ажаб.

↑ Журмнок — гуноҳкор, айбдор.

↑ Муғбача — муғ (оташпараст)лар хизматидаги бола. Сўфиёна адабиётда содиқ мурид, чин ошиқ ва соқий тимсоли бўлиб келади.

↑ Кай — подшоҳ, улуғ подшоҳ, шаҳаншоҳ; «Шоҳнома»даги қадимий Эрон шоҳларининг лақаби; сосонийлар сулоласи улуғ подшоҳларининг лақаби ёки исмининг бир қисми (масалан: Кайхисрав, Кайқубод, Кайковус).

↑ Кордон — билимдон, тажрибали.

↑ Жонфизо — жонга роҳат берувчи, жонни қувватлантирувчи.

↑ Атрсо — хушбўй, муаттар, хуш ҳид таратувчи.

↑ Фарсуда — ҳорғин; тўзғиган; эскирган.

↑ Худписанд — худбин, мутакаббир.

↑ Истиғно — эҳтиёжсизлик, муҳтож бўлмаслик.

↑ Тоб — бу ерда: ҳарорат, иситма.

↑ Пуроб — кўз ёшга тўла.

↑ Тарабнок — шод, хурсанд.

↑ Рух — юз, чеҳра.

↑ Афсар — подшоҳлик тожи, жига.

↑ Ахгар — лахча чўғ, олов.

↑ Равзан — дарча, тешик, туйнук.

↑ Қибланамо — қиблани кўрсатувчи асбоб, компас.=

↑ Офариниш — яратиш, вужудга келтириш; борлиқ, коинот.

↑ Чархи даввор — айланувчи чарх; осмон, фалак.

↑ Байтул-аҳзон — ғамхона, кулфат маскани.

↑ Чашм — кўз.

↑ Хунфишон — крн сочувчи, қон тукувчи.

↑ Руҳи равон — жон, ҳаёт, тириклик.

↑ Маоф — афв этиш, кечириш.

↑ Саодатпартав — саодат нурини сочадиган, хушбахтлик келтирадиган.

↑ Сабуҳий — эрталабки бошоғриғи учун ичиладиган май.

↑ Мужаррад — якка, танҳр, ёлғиз, озод. Дунё неъмат ва лаззатларини тарк этиб, сайри илаллоҳга муносиб бўлган киши.

↑ Ашҳаб — оқ, оқиш бўз от.

↑ Равоносо — я«уда равон.

↑ Фиғонафзо —хаддан зиёд кўп нола қилувчи.

↑ Муғ дайри — оташпарастлар ибодатхонаси; мажозан: майхона.

↑ Чолок — келишган, нозик, хушбичим; чаққон, тез; етук.
Mualifning boshqa asaralari
1 Ruboiyot [Foniy] 519
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика