Ит (ҳикоя) [Fridrix Dyurrenmatt]

Ит (ҳикоя) [Fridrix Dyurrenmatt]
Ит (ҳикоя) [Fridrix Dyurrenmatt]
Бу шаҳарга келган дастлабки кунимдаёқ Библиядан баланд овозда қироат қилиб турган абгор қиёфадаги киши ва унинг атрофида тўпланган кичик бир тўда эътиборимни тортди. Унинг оёқлари ёнида ётган итни – жуда хунук ва мумдай қоп-қора, тердан юнглари намиқиб ва силлиқланиб турган маҳлуқни – дафъатан кўрмаганимга ажабландим. Итнинг кўзлари худди олтингугуртдек сапсариқ, даҳшатли оғзини очаркан, иккита бўритиши ҳам шу рангдалигини кўриб титраб кетдим, унинг бутун кўриниши шундай эдики, дунёдаги бошқа бирорта жонзотга таққослашдан ожиз эдим. Бу даҳшатли махлуққа узоқроқ қараб туролмадим ва ундан кўз узиб, яна итнинг эгасига қарадим. У йиртиқ либосли норғул бир киши эди. Шунга қарамай унинг кийимлари йиртиғидан кўриниб турган бадани тоза эди, камбағалмонанд либослари ҳам одатдан ташқари тозалиги билан ажралиб турарди. Қўлидаги Библия эса ҳақиқий хазина; муқовасида олтин ва бриллиантлар жилоланарди. Воизнинг овози кескин ва хотиржам, сўзлари одатдан ташқари аниқ бўлиб, нутқида оддийлик ва ишонч ҳукмрон. Яна шуни ҳам пайқадимки, унинг нутқида мутлақо киноя йўқ. Бу Библиянинг хотиржам тарздаги қироати бўлиб, ҳар қандай фанатизмдан холи, мабодо қандай этиб сўзларида ишончсизлик сезилса, бу оёқлари остида ётиб, сап-сариқ кўзларини тингловчилардан узмай қараб турган итнинг таъсири эди. Ит ва унинг хўжайини билан боғлиқ ғалати уйғунлик мени ўзига ром этиб қўйди ва бутун эътиборимни шу одамнинг шахсиятини билиб олишга ундади. У шаҳарда ҳар куни ваъзхонлик қиларди. Бироқ ўз иши билан кечгача шуғулланса-да, унинг кимлигини билиб олиш осон кечмади. Шаҳар режа асосида аниқ ва оддий қурилганига қарамай, унда адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. Бунинг устига воиз ўз қароргоҳидан маълум бир вақтда чиқмас ва умуман, унинг хатти-ҳаракатидан нима қилмоқчи эканлигини айтиш қийин эди. Баъзида у кун бўйи бир жойда туриб олиб бетиним сухандонлик қилар, баъзида эса ҳар чорак соатда жойини ўзгартирарди. Улкан қора ит ҳамиша унинг ёнида юриб, кўча бўйлаб кузатиб борар ва ваъзхонлик бошланиши ҳамон оғир гавдаси билан ерга ўмганларди. Унинг ваъзларини тингловчилар унчалик кўп бўлмас, гоҳида ёлғиз ўзи турганини кўриш мумкин эди. Лекин менинг билишимча, бундай ҳолдан хижолат тортмасди ҳам. Турган жойидан жилмай қироатини давом эттираверарди. Ногоҳ чоғроққина кўча ўртасида туриб олиб, баланд овозда ибодат қила бошлаганини кўп марта кўрганман. Ваҳоланки, яқингинасида унинг ваъзларидан бехабар одамлар ўтиб-қайтишаётган катта кўча бор эди. Унинг ортидан сездирмай кузатиш имкони бўлмагани сабабли ҳар доим тасодифий учрашувга умид боғладим ва бу одамнинг қароргоҳини излаб топишга ҳаракат қилдим, бироқ ҳеч ким воизнинг манзилини кўрсатиб бера олмади. Шу боис, бир сафар кун бўйи унинг ортидан юрдим. Бир неча кун шундай ўтди. Ҳар доим оқшомга яқин у изсиз йўқолиб қоларди, мен эса мақсадимни сездириб қўймаслик учун унинг ортидан билдирмай боришга уринардим. Мана, ниҳоят, бир куни оқшом палласи унинг шаҳар кўчаларидан бирига, билишимча, шаҳарнинг энг бадавлат кишилари яшайдиган уйга кириб кетаётганини кўриб таажжубим ошди. Шу лаҳзадан эътиборан мен одатимни ўзгартириб, энди унинг ортидан яширин равишда кузатишни тўхтатдим. Мени кўрсин учун атайлаб унинг рўпарасида турадиган бўлдим, бу билан унга ҳеч ҳам халақит бермасдим, аммо ит мени кўриши билан ириллай бошларди. Шу тарзда бир неча ҳафта ўтди. Ниҳоят, ёзнинг охирларида Иоанн Инжили тўғрисидаги шарҳини тамомлаган воиз менинг олдимга келиб, уйига кузатиб қўйишимни сўради. Йўл давомида оғиз очмади. Уйга етганимизда борлиққа қоронғулик чўккан эди. Биз кирган катта хонада чироқ ёниб турарди. Xона йўл сатҳидан қуйида бўлгани сабабли эшикдан кирарканмиз, зина бўйлаб бир неча поғона пастга тушишга тўғри келди. Xонада китоб-лар шу қадар кўп эдики, деворлар ҳам кўринмасди. Осмачироқ остида арча ёғочидан ишланган катта ва оддий стол бўлиб, унинг ёнида тўқ мовийранг кўйлакли бир қиз китоб мутолааси билан машғул эди. У бизга эътибор қилмади. Xонанинг иккита деразаси бўлиб, уларга қалин матоҳдан парда тутилган, деразалардан бирининг тагига одмигина тўшама ташлаб қўйилган, деразага қарама-қарши томондаги девор тагида каравот, стол ёнида эса иккита стул турарди. Эшик ёнида печка. Яқинлашиб борарканмиз, қиз биз томонга қаради ва шунда мен унинг юзини кўрдим. Қиз мен билан қўл бериб кўришди-да, стуллардан бирига таклиф этди. Бу пайтда уй соҳиби тўшагига узала тушган, ит эса унинг оёқлари ёнидан жой олганди.
– Бу менинг отам, – баён этди қиз, – ухлаяпти, бизни эшитмайди. Итнинг номи йўқ. Бир кун оқшом отам ибодат қилаётганда пайдо бўлиб қолди. Эшик қулфланмаганди. У панжалари билан тутқични босиб, эшикни ўзи очди-да, хонага кириб келди.
Мен қизнинг рўпарасида лол бўлиб турардим, кейин пастроқ овозда отасининг ким бўлганлигини сўрадим.
– У жуда бадавлат киши эди. Кўплаб фабрикалари бўлган, – деди қиз кўзларини ерга тикиб. – Лекин у онамни ва акаларимни ташлаб чиқиб кетган. Ҳақиқатни халққа етказиш учун шундай қилган.
– Отанг қилаётган ваъз-насиҳатлар ҳақиқат деб ўйлайсанми? – деб сўрадим.
– Ҳа, ҳақиқат, – жавоб қилди қиз, – бунинг ҳақиқат эканлигини аввалдан билардим. Шу сабабли отам билан мана шу тагхонада яшаяпман. Лекин у ҳақиқатни баён эта бошлаши билан итнинг пайдо бўлиб қолиши сира ақлимга сиғмайди.
Қиз жимиб қолди ва менга шундай қарадики, гўё мендан ниманидир сўрамоқчи-ю, буни овоз чиқариб айтишга журъати етмаётганга ўхшарди.
– Сен бу итни ҳайдаб юбор, – дегандим, қиз бунга жавобан бош тебратиб қўйди.
– Унинг номи йўқ ва шунинг учун ҳам ҳеч қаёққа кетмайди, – деди қиз шивирлашга яқин овозда. Сўнг менинг ўнғайсизланиб турганимни пайқаб, стуллардан бирига ўтирди, мен ҳам шундай қилдим.
–Нима, сен ундан қўрқасанми?–деб сўрадим.
–Ундан ҳамиша қўрқардим, – жавоб қилди қиз, – бир йил аввал мени ва отамни уйга қайтариш учун онам адвокат ва укаларим билан келишган эди, улар ҳам бу номсиз итдан жуда қўрқиб кетишди, ит бўлса отамнинг олдида туриб олиб, уларга қараб ирилларди. Мен, ҳатто тўшакда ётганимда ҳам ундан қўрқардим, лекин энди ҳаммаси ўзгарди, чунки сен келдинг ва энди мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Сенинг келишингни билардим. Албатта, қиёфангни тасаввур қилолмаганман, аммо кунлардан бир кун отам билан бирга, оқшом чўкиб чироқлар ёнганда ва кўчалар тинчиб қолганда шундай бўлишини ва бу оқшом пайти рўй беришини тасаввур қилардим. Билардимки, сен келасан. Мана шу ярми ер остида турган хонада, менинг тўшагимда, мана шу китоблар олдида мени никоҳ туни билан сийлаш учун келишингни билардим. Биз - аёл ва эркак шундайгина ёнма-ён ётамиз, анави ерда, ўз тўшаги устида эса отам. У қоронғуда бир гўдак янглиғ ухлайди, улкан қора ит эса бизнинг бахциз севгимизга посбонлик қилади.
Бу муҳаббатни қандай унутай! Дераза, торгина тўртбурчакдай бўлиб, гўё бизнинг яланғоч танларимиз узра кенгликларда учиб юрарди. Биз бир-биримизга чирмашиб, бир-биримизга қўшилиб кетганча ётар, арава судраб ўтаётган от туёқларининг жарангдор товуши, кўча шовқинлари эҳтиросларга қоришиқ овозимизга қўшилиб кетган эди. Баъзида уйига қайтаётган маст одамнинг қатъияциз қадам ташлаши, баъзан бузуқ аёлларнинг бедана юриши, гоҳида колонна бўлиб ўтаётган аскарлар этигининг оғир ва бир маромдаги гурсиллаши эшитиларди. Биз тагхонада илиққина қоронғуликка бурканиб, бошқа ҳеч нарсадан ҳадиксирамай ётардик, бурчакда – худди ўликдек сас чиқармай ўз тўшамаси узра ухлаётган уй соҳиби ёнида – сап-сариқ худди иккита сариқ ой доирасидек кўзларини бизга қадаганча ит ётар, унинг кўзлари бизнинг севгимизни қўриқларди.
Олтиндай алангаланиб ва яллуғланиб куз келди. Кейин аввалги йиллардаги афсонавий совуқли қишдан фарқли ўлароқ, кечиккан ва юмшоққина қиш бошланди. Дўстларим билан таништириш учун қизни тагхонадан чиқаришга кўндириш, театрга олиб бориш (улуғвор ишлар пишиб етилаётган жойга) ёки тепалик бўйлаб тўлқинсимон кўриниш олган ва шаҳар остонасига қадар бостириб келган нимқоронғу ўрмонга бирга сайр қилишга кўндиришнинг уддасидан чиқмадим – у уйдан чиқмас ва токи отаси ўша баҳайбат ит билан қайтмагунча, арчадан ясалган стол олдидан жилмас ва фақат шундан кейингина сарғиш нур сочиб турган деразалар остидаги тўшаги томон мени етакларди.
Ҳали шаҳардан шилта ва киррати қор аримаган, соя жойларда бир метр қалинликда қор уюмлари сақланиб турган эрта баҳорда, кутилмаганда, қиз хонамга кириб келди. Деразадан қуёшнинг нурлари қиялаб тушиб турарди. Вақт кечга томон оғган ва мен печкага тараша ўтин қалаётгандим. Xудди шу лаҳзада у эшик олдида пайдо бўлди; ранги қув учган, қалтираб турар, палтосиз, эгнидаги ўзининг ўша тўқ кўк кўйлагида совқотаётгандай кўринарди. Фақат оёғида мен аввал кўрмаган қизил мўйнали бошмоқчаси бор эди.
– Итни ўлдир, – деди қиз эшикдан кўриниши билан, – ҳали нафасини ҳам ростламай туриб. Унинг сочлари ёйилган, кўзлари катта-катта очилган ҳолатда эди. Қизнинг бутун қиёфаси шу қадар хаёлий эдики, унга қўлимни тегдиришга ҳам ботинмадим. Жавон олдига бориб, револверимни олдим.
– Қачон бўлмасин мендан шундай қилишимни сўрашингни билардим. Шунинг учун қурол сотиб олгандим. Буни қачон бажаришим керак?
– Ҳозир, пайсалга солмай, – жавоб берди у. – Отам ҳам ундан қўрқади. У итдан азалдан қўрқаркан, буни энди англадим.
Мен револверимни кўздан кечирдим-да, палтомни кийдим.
–Улар тагхонада, – маълум қилди қиз нигоҳини ерга тикканича. – Отам ўзининг тўшагида қимирлашга журъат қилолмай ётибди. Чунки итдан қўрқади. Ҳатто ибодат ҳам қилолмайди, ит бўлса эшик олдида ётиб олган.
Биз дарё томонга эндик, тош кўприкдан ўтдик. Осмон худди ёнғин пайтидагидай қўнғир-қизил рангда. Қуёш эндигина бота бошлаган. Шаҳар одатдагидан гавжум, кўчаларда одамлар ва машиналар. Улар гўёки қандайдир қонли денгиз қобиғи бўйлаб бораётгандай, чунки деворлар ва деразаларда ботаётган қуёш шафақлари ҳали-ҳамон аксланиб турарди. Биз оломон ичига ўзимизни урдик. Ҳаракат борган сари кучаярди. Қатор бўлиб ўтаётган машиналар, силкиниб турган, зулмкор сутранг шиша кўзли баҳайбат маҳлуқларга ўхшаш омнибуслар, қўллари билан ишорат қилиб турган кулранг шлёмли полициячилар олдидан югургилаганча ўтиб борардик. Мен шунчалик қатъият билан олға интилардимки, қиз анча узоқда қолиб кетди. Ниҳоят, палтонинг тугмалари ечиб қўйилганига қарамай, қуюқлашиб бораётган сиёҳранг оқшом чоғида ҳансираганча юқорига, керакли кўча томонга ўтиб олгандим. Лекин жуда кечиккан эдим. Ўша лаҳзада револверни маҳкам ушлаб, эшикни оёғим билан бир тепиб очганча, чаққонлик билан ертўлага тушарканман, ўзини деразага отиб уни синдирганча кўчага сакраётган маҳлуқнинг баҳайбат соясини кўриб қолдим.
Ерда эса ит таниб бўлмас даражада бурдалаб ташлаган уй соҳибининг оппоқ гавдаси қон ҳалқобида ётарди.

* * *
Мен бутун вужудим билан титраб, китобларга кўмилганча деворга суяниб турарканман, машина сигнали эшитилди. Замбил кўтарган одамлар кириб келишди. Марҳумнинг жасади олдида турган врач менга ғира-шира кўринарди. Ранги учган, тиш-тирноғигача қуролланган полициячилар ҳам жасад олдида туришарди. Атроф тўла одам. Баралла овоз билан қизни чорлаганча ўзимни шаҳар бағрига отдим. Кўприкдан ўтиб уйимга етиб олдим. Лекин қиз у ерда йўқ эди. Мен жон аччиғида, уйқусиз, ейиш-ичишни, дам олишни унутиб, уни изладим. Полиция ҳам оёққа турган эди. Баҳайбат махлуқсимон ит ҳамманинг юрагини ваҳимага тўлдирган. Қизни қидираётганларга ёрдам сифатида сафарбар этилган маҳаллий гарнизон аскарлари занжир ҳалқаларидай тизилишиб, атрофдаги ўрмоннинг тити-питисини чиқаришди. Сарғиш ифлос сувли дарёда қайиқлар сузар, қўлида узун хода тутган кишилар дарё тубини титкилашарди. Шаҳар ва унинг атрофида баҳорнинг илиқ ёмғири тўхтовсиз ёғиб тургани сабабли қидирув ишини тошконларнинг ғорларида олиб боришарди. Улар ёниб турган машъалаларни бош узра кўтариб, қизнинг номини айтиб баланд овозда чақиришарди. Уни канализация тунелларидан, ҳатто маҳаллий кафедрал черков томларидан ҳам излашди. Лекин у сув остига чўккандай дом-дараксиз кетган, ит ҳам ғойиб бўлганди.

Орадан уч кун ўтиб, тунда уйимга қайтдим-да, ҳориган, бўшашган бир ҳолатда кийимларимни ҳам ечмасдан ўзимни каравотга ташларканман, худди шу лаҳзада пастда, кўча томонда, қадам товушлари эшитилди. Югурганча дераза олдига бордим, уни очиб юбордим ва деразадан бошимни чиқариб қарадим. Ярим тунгача қуйган ёмғирдан ҳўл бўлган йўл қора тасмага ўхшарди. Ҳўл асфалтда кўча чироқларининг нури нотекис бир тарзда олтин рангда жимирларди, кўчадан қатор дарахтлар бўйлаб, эгнида қора кўйлак, оёғида қизил бошмоқчаси, узун сочининг толалари кўкимтир рангларга йўғрилиб одимларди қиз. Унинг ёнида эса тундай қоп-қора, сариқ думалоқ, ялтироқ кўзли ўша ит гўё бегуноҳ қўзичоқдек енгил ва шарпасиз югургилаб келарди.
Mualifning boshqa asaralari
1 It (hikoya) [Fridrix Dyurrenmatt] 382
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика