Маъсума (ҳикоя) [Fyodor Dostoyevskiy] |
О, бу ёруғ оламдаги ҳақиқат нақадар даҳшатли! Бу малак, бу маъсума, бу осмон – мустабид эди, қалбимнинг чидаб бўлмас даражадаги шафқациз мустабиди, ситамгири эди! Агар буларни айтмасам, ўзимга-ўзим туҳмат қилган бўламан! Сиз менинг севгимга ишонмаяпсизми? Шундай деб ким айта олади? О, бу шўри-ғавғо, тақдир ва табиатнинг истеҳзога тўла шўри-ғавғоси эди! Бизга қарғиш теккан, одамзотнинг ҳаёти (жумладан меники ҳам) қарғиш остида қолган. Ёзувчидан Одатдаги «Кундалик»[1] ўрнига бу сафар қисса ҳавола этаётганим учун ўқувчилардан узр сўрайман. Ўтган ой чиндан ҳам асосан шу қисса билан банд бўлганим сабабли ўқувчилар айбситмай илтифот қиларлар деган умиддаман. Энди ҳикоя ҳақида. Xаёлий деб атаганим билан ўзим уни олий даражадаги ҳаётий ҳикоя деб ҳисобламайман. Аммо шу ўринда, айниқса, ҳикоя шаклида мавҳумлик борки, буни аввалдан изоҳлашни лозим деб топдим. Гап шундаки, бу ҳикоя ҳам, кундалик ҳам эмас. Бундан бир неча соат илгари ўзини деразадан ташлаб, жонига қасд қилган жувоннинг эри қандай холатдалигини тасаввур қилиб кўринг: стол устида хотинининг жасади. Эсанкираган эр ҳали хаёлини йиғиб ололмаган. У «хаёлини бир нуқтага жамлаш», содир бўлган воқеанинг маъносига етиш учун у хонадан бу хонага сарсари юради. Қолаверса, ваҳима касали, ўзи билан ўзи гаплашиш хасталиги ҳукм ўтказа бошлаган. Ўзи билан ўзи гаплашиб, гўё содир бўлган ҳодисани баён қиляпти, аслида эса воқеани ўзи учун ойдинлаштиряпти. Гаплари, дастлаб изчилдай туюлса-да, бир неча ерда ҳам мантиқ, ҳам туйғу жиҳатдан қарама-қарши фикрларни айтади. Ўзини оқлаб, уни айблайди, алоқасиз баҳоналарни рўкач қилиб, тушунтиришга киришиб кетганда юрак ва фикр тўмтоқлиги, айни чоқда, бунга зид ўлароқ туйғу чуқурлиги аён бўлади. Аста-секин воқеани ўзи учун «ойдинлаштиради» ва «хаёлини бир нуқтага тўплайди. Уйғонган бир қатор хотиралари уни охир-оқибатда ҳақиқатга олиб келади: бу ҳақиқат унинг онги ва қалбини шубҳасиз юксакликка кўтаради. Ҳатто охирига бориб ҳикоя оҳанги бошланишидаги бетартибликка нисбатан анча ўзгаради. Ҳақиқат, ҳеч бўлмаганда шу безорининг ўзи учун етарли даражада равшан ва аниқ юз очади. Мавзу мана шу. Албатта, бир неча соат давом этадиган ҳикоя жараёнида узуқ-юлуқлик ҳам, оралатиш ҳам, пойма-пойлик ҳам учрайди: дам у ўзига-ўзи гапиради, дам гўё кўринмас тингловчига, қандайдир ҳакамга мурожаат қилади. Умуман ҳаётда ҳамиша шундай бўлади. Агар унинг гапларини стенограф яширинча эшитиб, ёзиб олганда эди, мен тавсия этаётган ҳикояга нисбатан тўмтоқроқ, ғадир-будурроқ баён юзага келиб, руҳий тартиб эса ўша-ўша қолиши мумкин эди. Стенограф ёзиб олган (мен эсам қайта сайқал берган) деган фаразим ҳикоянинг мавҳумлигини, ҳаётийлигини ташкил этади. Зеро, бу ҳол санъатда илгари ҳам учраган: масалан Виктор Гюго «Ўлимга маҳкум этилганнинг сўнгги куни» деган дурдонасида қарийб шу усулни қўллаган, гарчи стенографни назарда тутмаган бўлса-да, ундан ҳам баттарроқ тахминга - ўлимга маҳкум этилган одам фақат сўнгги кунида эмас, ҳатто сўнгги соати, дақиқасида ҳам кундалик ёза олади (ва бунга вақти етарли) деган ақл бовар қилмас фаразга асосланган. Агар бу мавҳумликка йўл бермаганда эди, бу асар ҳам, у ёзиб қолдирган асарлар ичидаги энг ҳаётий, энг ҳақгўй асарнинг ўзи ҳам дунёга келмаган бўларди. Мен Киму У Ким Эди …Ҳозирча у шу ерда, менга бирмунча осонроқ, дам-бадам келиб термуламан: эртага олиб кетишади - ёлғиз қоламан – унда ҳолим нима кечади? У ҳозир катта хонада: устига мовут қопланган қарта ўйналувчи икки стол бирлаштирилиб қўйилган – у шу стол устида ётибди, эртага тобут келади, оппоқ ёғочдан ишланган, оппоқ тобут: дарвоқе гап бу ҳақда эмас… Мен у хонадан – бу хонага юра-юра воқеани ойдинлаштирмоқчиман. Олти соатдан бери ойдинлаштираман дейман-у, хаёлимни бир нуқтага тўплай олмайман. Фақат юраман, юраман, юраман… Воқеа бундай бўлган. Мен бир бошдан, тартиб билан (тартиб!) айтиб берай. Жаноблар, мен адабиётчи эмасман, буни ўзингиз сезиб тургандирсиз, шундай бўлса ҳам, фаҳмим етганини айтиб бераман. Мени исканжага олиб турган даҳшат ҳам шунда – ҳамма нарсага фаҳмим етади! Агар билишни истасангиз, аниқроғи, бошидан бошлайдиган бўлсак, бу шундай гапки: яъниким, у «мураббия уйга қатнаб ҳам, бошқа ерга кўчиб бориб ҳам дарс бера олади...» ҳоказо, ҳоказо мазмундаги хабарни «Голос»да эълон қилиш учун етарли маблағга муҳтож бўлиб, буюмларини гаровга қўйгани келган эди. Бу – воқеанинг муқаддимаси: мен уни аввалига бошқалардан фарқламадим ҳам: бошқалар қатори келади, кетади. Кейинроқ, фарқлайдиган бўлдим. У ўртадан хиёл тикроқ, оқ-малла сочли, хипчагина эди: менинг олдимда ўнғайсизланганиданми, сал беўхшов ҳаракат қиларди (назаримда у бегонага рўпара келганда ҳамиша шу ҳолга тушарди: чунки агар гаровчи эмас, оддий одам сифатида қаралса у учун, менинг бошқалардан фарқим йўқ эди). Пулни оларди-ю, шу заҳотиёқ орқасига ўгирилиб, жўнаб қоларди. Чурқ этиб оғиз очмасди. Бошқалар кўпроқ беришни талаб қилиб, талашади, тортишади, ялинади… бу эса… йўқ, овоз чиқармайди. Берганни олади… Мен чалғиб кетяпман шекилли… Ҳа, мени энг аввало унинг буюмлари ҳайратга солди: тилла суви югуртирилган кумуш зирак, тақиб юришга номус қиладиган, алмисоқдан қолган медалон, хуллас, бир чақага қиммат буюмлар. Гаровга қўяётган нарсаларини ярим тангадан ошиққа баҳоламаслигимни ўзи ҳам билади, аммо мен кўзларига қараб, буюмлар у учун бебаҳо эканини сезардим. Зирак, медалонлар ота-онасидан қолган ёдгорлигини кейинроқ билдим. Бир марта уни масхаралагандай бўлдим. Буни ўзим ҳам кутмаган эдим. Чунки, одатим бўйича, мен мижозларим олдида ўзимни сипо тутаман: мулойимлик билан, кам гапираман, аммо жиддийликни, қатъиятни йўқотмайман: «Қатъият, қатъият, қатъият!» - менинг иш услубим шунга асосланган. Бир куни тўсатдан у қуён терисининг юлиб-юлқилган эски қолдиғини (ҳа, ҳа, айнан қолдиғини) келтиришга журъат қилганда ўзимни тутолмай қандайдир аччиқ гап айтвордим. Воҳ, отагинам! Ўша заҳоти лов этиб ёниб кетди. Кўзларидан – катта-катта ўйчан, кўм-кўк кўзларидан учқунлар сачрагандай бўлди. Шунда ҳам бир оғиз сўз айтмади, «қолдиғи»ни олди-ю, чиқди-кетди. Ана шунда мен илк бор бошқа мижозларимдан фарқлаб, алоҳида кашф этдим ва у ҳақда бошқачароқ, ҳа, айнан бошқачароқ фикрга келдим. Ҳатто маълум таассурот ҳам уйғонди менда – унинг ёшлиги, жуда ҳам ёшлиги, худди ўн тўрт ёшли қизалоқдай экани (ҳолбуки, ўша дамда у уч ойи кам ўн олтида эди), таассуротим яхлитлигини ташкил этди. Дарвоқе, мен бу ҳақда гапирмоқчи эмасдим, таассуротим бутунлиги ҳам бундан эмасди. У эртасига яна келди. Кейин билишимча, у мана шу бир парча тери билан Добронравовга ҳам, Мозерга ҳам йўлиққан экан: улар тилладан бошқа нарсани гаровга олишмайди, шунинг учун бу қиз билан гаплашиб ҳам ўтиришмабди. Мен эса ундан ҳатто нақшин чиғаноқ ҳам олиб қолган эдим. Олишга олиб қолиб, кейин ўзим ҳайратга тушган эдим: мен – тилла ва кумушдан бўлак ҳеч нарсани гаровга қабул қилмайдиган одам, унинг алмисоқдан қолган нақшин чиғаноғига пул берибман-а! Қиз ҳақидаги иккинчи фикрим ўшанда уйғонган, аниқ эсимда. Бу сафар у Мозерникида ишини битиролмай, яна менга бош эгиб келган эди. Ҳавасга ишланган мундштугининг кўриниши чакки бўлмаса-да, тилла билан муомала қиладиган биздай одамларнинг ўлчовида ҳеч нарсага арзимасди. Кечаги исёндан кейин яна келгани учун уни жиддий қиёфада қаршиладим. Жиддийлигим – қуруқ ниқоб. Унга икки сўм узатаётиб, бир оз ҳаяжон билан гапиришдан ўзимни тутолмадим: «Мен фақат сиз учун шундай қиляпман. Мозер бунақа нарсани сира олмайди». «Сиз учун» деган сўз маълум маъно англацин деган мақсадда алоҳида урғу бердим. Шу гапдан кейин бир чимдим кулга айландим. У эса… «сиз учун»ни мен истаган маънода тушуниб, яна лов этиб ёнди, лекин индамади, камбағаллик нималарга мажбур қилмайди - пулни қайтариб ташламади, олди. Унинг лов-лов ёниши!.. Мен бир сўз билан игна санчиб олганимни сездим. У чиққач, тўсатдан ўзимни ўзим саволга тутдим: наҳот унинг устидан ғолиб чиқишнинг баҳоси икки сўмгина турса? Ҳе-ҳе-ҳе! Аниқ эслайман: бу саволни икки қайта такрорладим: «Икки сўмми? Икки сўмми?» кейин кулимсираб саволга ўзим истаган, кўнглимни ийитадиган жавоб топдим. Жуда яйраб кетган эдим ўшанда. Аммо қабиҳ ниятим йўқ эди: ўйлаб бир мақсад билан қармоқ ташлагандим: уни синамоқчийдим, чунки хаёлимда шу қизга тегишли айрим фикрлар бехос ўралашиб юрарди. Бу у ҳақдаги учинчи алоҳида фикрим эди. …Хуллас, ҳаммаси ўшандан бошланди. Табиийки, мен ҳар томонлама ўйлаб, сўраб-суриштириб, унинг келишини жуда бетоқатлик билан кута бошладим. Унинг тез орада келишини кўнглим сезган эди. У келгач, беқиёс бир илтифот билан баодоб суҳбатга берилдим. Менга дурустгина тарбия беришган, керак маҳалда муомалам билан ҳамсуҳбатимни ром қила оламан. Ҳм… ана шунда мен унинг ниҳоятда меҳрибон ва мўъмин эканини англадим. Меҳрибон ва мўъмин қизлар кўп қаршилик кўрсатолмайдилар, майлларини буткул бериб қўймасалар-да, суҳбатга чап бериб кетолмайдилар: гапга хасис бўлганлари билан саволингизга қисқа-қисқа жавоб берадилар. Савол қанча кўп бўлса, ўзингизнинг шўрингиз – жавоб борган сари қисқараверади. Шубҳасизки, у ўшанда менга бор гапни тушунтирмади. «Голос» ҳақида ҳам бошқа масалалар ҳақида ҳам мен кейинроқ билдим. У сўнгги умидда бор буд-шудини гаровга қўйиб, газеталарда қайта-қайта эълон берарди, дастлаб, табиийки, бир оз такаббурлик билан бошлаган эди: яъники, «мураббия, бошқа ерга кетиши ҳам мумкин, шартлар хат орқали маълум қилинсин» кейин: «ҳамма нарсага розиман: ўқитишга ҳам, надималикка ҳам, уй-рўзғорга қарашга ҳам, хасталарни боқишга ҳам кўнаман, тикишни биламан...» ҳоказо, ҳоказо. Бу ёғи маълум… Бу гаплар эълонларга бирин-сирин қўшилиб, охири, пичоқ суякка тақалганда ҳатто «маошсиз, фақат ном эвазига» ишлашга ҳам кўнди. Шунда ҳам жой тополмади! Шунда мен уни сўнгги марта синамоқчи бўлдим: бугунги «Голос»ни олиб эълонни кўрсатдим: «Ҳеч кими йўқ жувон, ёш болали оилада мураббиялик қилиши мумкин, кексароқ бева эркакникида бўлса яна яхши. Рўзғор ишларини енгиллатиши мумкин». - Мана кўрдингизми, эълон эрталаб чиқди, кечгача жой топади. Эълонни шунақа ёзиш керак! У яна лов этиб ёнди, кўзларида учқун чақнади, шарт ўгирилди-да, чиқиб кетди. Бу иши менга жуда-жуда ёқди. Қолаверса, мен энди қўрқмасдим, ниятимга етишимга амин эдим: мундштуги қўлдан кетган. Учинчи куни ранги оқарган, саросимага тушган ҳолда келди – уйида бир гап бўлганини тушундим, дарҳақиқат, бўлган экан. Нима гаплигини ҳозир айтаман, аввал башанглигим билан кўзи олдида қандай қад ростлаганимни эслатай. Ҳа, бирдан менда шунақа ният пайдо бўлди. Гап шундаки, у икона олиб келди (журъатни қаранг!). Ҳа, эшитинг! Эшитинг! Ўшанда бошланди ҳаммаси, мен эса боятдан бери чалғияпман. Гарангсишимнинг боиси, мен ҳар бир майда-чуйдани, ҳар бир чизиқчани эсламоқчиман. Xаёлимни бир нуқтага тўпламоқчиман – эплолмаяпман, бу чизиқчалар, чизиқчалар… Биби Марям иконаси. Гўдак кўтарган Биби Марям – уй тўрига қўйиладиган, қадимий, нақшлари тилла суви югуртирилган кумушдан ишланган икона – нархини олти сўм атрофида баҳолаш мумкин. Иконанинг қадрли эканини билиб турибман, у Биби Марям тасвирини зарҳал нақшидан чиқармай узатди. «Нақшинкор қопламани чиқариб, Биби Марям тасвирини олиб кетаверинг, ҳар ҳолда икона икона-да…» - дедим. - Иконани олиш мумкин эмасми? - Гап мумкин ё мумкин эмаслигидамас, балки у ўзингизга… - Майли, чиқарақолинг. - Биласизми, мен чиқармайман. Ҳов анави ерга, санам қутиси ёнига қўйиб қўяман, - дедим бир оз ўйлагач, - бошқа иконалар билан жинчироқ ёнида (дўконни очишим билан жинчироқни ёқиб қўйиш одатим бор) туради. Иконанинг шу туришига ўн сўм оласиз. - Ўн сўм керак эмас. Беш сўм етади. Мен пулингизни тўлаб, албатта қайтариб оламан уни. - Ўн сўм керакмасми? Икона шунчага арзийди, - дедим. Бу гапдан кейин қизнинг ёнганини сездим. У гапирмади. Мен ичкарига кириб беш сўм олиб чиқдим. - Сиз ҳеч кимдан нафратланманг, мен ҳам бу исканжани татиб кўрганман, аҳволим баттарроқ эди. Гаровчи бўлиб қолишим… ўша азоблардан кейин… - Албатта, ҳамма ерда яхшилик қилиш мумкин, - деди у менга яшин тезлигида нигоҳини ташлаб. – Айнан ҳамма ерда, - деб яна таъкидлаб қўйди. - Ўчингизни жамиятдан оляпсизми? А? – деган аччиқ кесатиқ билан гапимни бўлди. Истеҳзосида ҳам маъсумалик бор эди (у мени бошқалардан фарқлай олмас эди, шу сабабли айтган гапи заррача айбли эмасди). «Ҳа! – деб ўйладим, - янгича йўналишдаги феълинг бор экан-ку, охири фош қилдинг-ку!». - Биласизми, - дедим ўша заҳоти унга жавобан ярим хазил, ярим сирли оҳангда, - «Мен ёвузлик мақсадида уруғ сочиб, яхшилик меваларини етиштирувчилар бўлагининг бир заррасиман». У зўр қизиқиш билан, ҳатто болаларча қизиқиш билан ялт этиб менга қаради. - Тўхтанг… бу кимнинг фикри! Қаердадир эшитганман. - Бошингизни қотирманг. Мана шу гаплар билан Мефистофел Фаустга ўзини таништиради. Фаустни ўқиганмисиз? - Ўқи… ўқиганману, сал бееътиборроқ…. - Аниқроғи, умуман ўқимагансиз. Албатта ўқиш керак. Лабларингизда яна истеҳзо кўряпман. Сиздан илтимос, мени жуда дидсиз деб ўйламанг, гаровчилигимни яшириш учун ўзимни Мефистофелдай кўрсатмоқчи эмасман. Гаровчи гаровчилигича қолади. Биламиз… - Қизиқ экансиз… Бу гап хаёлимга ҳам келгани йўқ. У «билимдон эканингизни кутмаган эдим», демоқчи эди, лекин айтмади, айтмаса ҳам хаёлидагини ўқидим: мен унинг кўнглини топган эдим. - Ҳар соҳада ҳам, - таъкидладим мен, - яхшилик қилиш мумкин. Мен ўзимни назарда тутаётганим йўқ, менинг қўлимдан аҳмоқликдан бўлак иш келмайди, лекин… О, эсимда, ҳар бир дақиқа эсимда! Яна бир нарсани қистириб кетишим керак: бу ёшлар, бу дилбар ёшлар қанақадир ақлли, ғалати фикр билан суғорилган гапни айтмоқчи бўлишса бирданига чеҳралари ҳаддан ташқари самимият ва соддалик нурига тўлади: «мана, мен сизга ақлли ва нодир фикрга тўла гап айтдим» - йўқ, бошқалар каби манманликдан пайдо бўлмайди бу нур (асло!), у айтганларини беҳад қадрлайди ва унга ишонади, авайлайди, сиз ҳам худди шундай авайлайсиз деб ўйлайди. О, самимийлик! Мана шу билан ғолиб чиқишади-да! Қиздаги самимийлик эса ғоят ёқимли эди. Ёдимда, ҳеч нимани унутганим йўқ! У чиқиб кетгач, узил-кесил ҳал қилдим. Ўша куниёқ у ҳақдаги қолган маълумотларни миридан-сиригача билишга киришдим. Билиб олдим ҳам. Аввалги маълумотларни уларникида хизмат қилган, бир неча кун бурун арзимас пулга сотиб олганим Лукерядан эшитган эдим. Янги маълум бўлган сирлар шу қадар даҳшатли эдики, бу аҳволда қандай қилиб кулиш мумкинлигига, ўзи даҳшатли бир аҳволда бўлатуриб қандай қилиб Мефистофел сўзларига қизиқиши мумкинлигига ҳали-ҳали ақлим бовар қилмайди. Ёшликнинг қудратими бу! Мен у ҳақда айнан шуларни ҳам ғурур, ҳам шодлик билан ўйладим, чунки бу ерда яна олижаноблик ҳам бор-да: ўзи ҳалокат чоҳида тургани ҳолда, Гётенинг буюк сўзларидан кўзларида нур порлаяпти. Ёшликда бир томчи бўлса-да, биздан тескари томонга оғиб турса-да, олижаноблик бор. Мен уни, фақат уни назарда тутяпман. Энг муҳими ўшанда қудратимга мутлақо ишониб, унга ўзимники, сифатида қарадим. Мутлақо ишонган онларингизда бу фикр шаҳвоний маъно касб этаркан. Менга нима бўляпти? Шунақа эзмалик қилсам, фикримни қачон бир нуқтага тўплайман? Тезроқ, тезроқ, э, худойим, ахир гап бошқа ерда-ку! Совчилик Унинг сир-асрорини бир сўз билан айтадиган бўлсам: ота-онаси уч йил аввал ўлиб кетиб, бетайин холалари қўлида қолган экан. Тўғрироғи, уларни бетайин дейиш озлик қилади. Бир холаси бева, бири-биридан кичик олти боласи билан қолган, яна бир холаси - қариқиз, қурумсоқ, расво хотин. Иккала холаси ҳам расво. Қизнинг отаси чиновник ўтган, мирзалардан бўлган, дворянликка ўзи эришган одам экан. Xуллас, ҳаммаси менинг фойдамга. Ҳар ҳолда мен - юқори табақа вакилиман, ажойиб полкнинг истеъфодаги штабс-капитаниман. Насл-насабим тоза дворянлардан, бировга муҳтожлик ерим йўқ, ҳоказо, ҳоказо... қилаётган ишимга холалари фақат эътибор билан қарашлари турган гап. Xолаларига уч йил чўрилик қилган. Шунда ҳам имтиҳондан ўта олган, кундалик меҳнат азобидан юлқиниб чиқиб, имтиҳондан ўта олиш - унинг олижанобликка, юксакликка интилишидан далолат эди. Ахир мен нима учун уйланмоқчи эдим? Э, ўзим ҳақимдаги гапларга тупураман, бу ҳақда кейин.. гап бу ерда эмас! Xолаларининг болаларини ўқитган, тикадиганларини тиккан, охир-оқибатда киргина эмас, шу нимжонгина гавдаси билан эгилиб, пол ҳам ювган. Шу азоби эвазига... холаларининг калтагидан боши чиқмаган. Калтак билан қаноатланмаган маразлар уни сотишгача бориб етишган. Тфу! Ифлос тафсилотларни тушириб қолдираман. Буларнинг ҳаммасини кейинроқ ўзи менга айтиб берган. Унинг аҳволини йил давомида қўшни семиз баққол, оддий эмас, икки дўкони бор баққол обдан кузатган. У аввалги икки хотинини ура-ура ўлдириб, энди учинчисининг илинжида эди. Ифлос кўнгли шу қизни тусабди: «мўмингина, камбағалликда ўсди, етимларимнинг ғамини еб уйланаман»... Чиндан ҳам етимчалари бор эди. Элликни уриб қўйган бу баққол қизга совчи қўйиб, холалари билан тил бириктира бошлаган. Қиз - даҳшатда! Xудди шу вақтда «Голос»га эълон бериш мақсадида менга йўлиққан. Xолаларига ялиниб-ёлвориб, ўйлаб кўриш учун жичча вақт беришни сўради. Жичча вақт беришди, бошқа бир дақиқа ҳам қўшишмади. Қулоқ-миясини еб юборишди: «Ўзимизга егулик нарса йўқ, текинтамоқлардан безормиз...» Мен буларни билардим. Ўша куни эрталаб қиз келиб-кетгандан кейин бир қарорда тўхтадим. Кечқурун баққол ярим сўмлик ширинлик олиб уларникига кирди: қиз у билан бирга ўтирарди. Ошхонадан Лукеряни чақиртириб, қизнинг қулоғига шипшит, зарур гапим бор, дарвоза олдида кутаман, дедим. Қилган ишимдан кўнглим тўлди. Умуман ўша куни ўзимдан -ўзим беҳад мамнун эдим. Дарвоза ёнидаёқ унга, Лукеря орқали чақиртирганимдан ҳайратга тушган қизга мақсадимни тушунтирдим: унинг ризолиги мен учун бахт эканини айтдим. Иккинчидан: бу ҳаракатимдан, дарвоза ёнида турган «ҳамма гапдан бохабар» одамнинг дангал таклиф қилишидан ҳайрон бўлмаслигини сўрадим. Алдамаётган эдим чиндан ҳам дангалчи эдим. Ҳе, тупурдим! Мен фақат тарбия кўрган одамнинг сиполиги билан эмас, энг муҳими - янгича оҳангда гапирдим. Нима, буни тан олиш гуноҳми? Мен ўзимни-ўзим айбламоқчиман, айблаяпман ҳам. Мен барчасига про ва cонтра[2] айтишим керак, айтаман ҳам. Мен бу дамни, кейинчалик ҳам роҳат билан эслар эдим, гарчи тентаклик бўлса ҳам, биринчидан, айтарли иқтидорга эга эмаслигимни, ҳатто, хушфеълликдан узоқлигимни, бир чақага қиммат худбин (Бу ибора аниқ эсимда: кела-келгунча ўйлаб топиб, кўнглим хотиржам бўлган эди), эканимни ва бошқа масалаларда анчагина кўнгилсизликларга сабаб бўлишим мумкинлигини ҳеч қандай ҳижолациз, тараддудсиз, дангалига айтдим. Буларнинг бари ўзингизга маълум алфозда – алоҳида бир мағрурлик билан айтилди. Албатта, камчиликларимни олижаноблик ила маълум қилгач, «буларнинг ўрнига мана бу, мана бу яхшиликлар ҳам бор», деб фазилатларимни баён қилишга тушмадим – бунга фаросатим етарди. У дамда мен унинг ниҳоятда қўрқаётганини кўриб турардим. Кўриб-билиб туриб, ҳеч нимани юмшатмадим, аксинча, баттар кучайтирдим: қорни тўқ бўлишини, хилма-хил либослар, театр зиёфатларга эса йўл йўқлиги, орадан вақт ўтиб мақсадимга эришгач, балки булар ҳам амалга ошиши мумкинлигини очиқ айтдим. Гапларимдаги қатъий оҳанг мени ўзига мафтун этарди. Шу ишга қўл урган эканман, яъни гаровчиликни бўйнимга олган эканман, бир мақсадим борлигини, бир шароит мажбур қилаётганини сўз орасида қистириб ўтдим. Шундай дейишга ҳаққим бор эди: чинданам бир мақсад, маълум бир шароит туфайли эди бу юмушим. Тўхтанг, жаноблар, мен умрим бўйи бу юмушдан нафратланганман, нафсиламрини айтганда, ўз-ўзига сирли иборалар билан баён қилиш кулгили туюлса-да, «жамиятдан ўч олишим» чин эди, чин эди, чин эди! Шу боис унинг эрталабки «ўч олиш»им ҳақидаги қочирими ўринсиз эди. Яъни, биласизми, агар мен унга тўғридан-тўғри «Ҳа, жамиятдан ўч оляпман» десам, хахолаб юборарди, умуман бу жавобим кулгили чиқарди. Бошқа ёққа ишора қилиб, сирли ибора билан тасаввурни ўғирлаш мумкин экан. Ундан ташқари, бу пайтда мен ҳеч нимадан қўрқмас эдим: семиз баққолга нисбатан ўлсам ўлигим ортиқлигини, дарвоза олдига халоскор сифатида келганимни яхши билардим. Буни тушунардим. О, қабиҳликни одам аъло даражада тушунади! Бу қабиҳлик эдими? Қандай ҳукм чиқариш керак? Ахир ўша пайтдаёқ уни севмас эдимми? Тўхтанг: ҳиммат ҳақида шубҳасиз ярим оғиз ҳам гап айтмовдим: аксинча, о, аксинча: «Марҳамат нурига сиз эмас, мен йўғриламан» - ўзимни тутолмай, буларни сўз билан ифодалаган эдим, юзининг бир учиб тушганига қараганда, гапим телбанамо чиққан эди. Xуллас калом, узил-кесил ғалаба қозондим. Тўхтанг, бу ифлосликларни эслаётган эканман, сўнгги тўнғизлигимни ҳам ёдга олай: мен унинг рўпарасида турардим, бошимда эса хаёллар ғувиллайди: бўйинг баланд, келишган эркаксан, одоблисан ва ниҳоят, мақтанишдан ташқари, биб-бинойисан. Каллам шу гаплар билан банд эди. Лекин… лекин хўп дейишдан олдин, шу ерда, дарвоза ёнида узоқ ўйга толганини унутмаслигим керак. Шу қадар кўп, шу қадар кўп ўйладики, тоқатим тоқ бўлиб «Хўш?» деб юборишдан ўзимни тутолмадим. Шунчаки, «хўш!» эмас, киборларча «Хо-ош, нима дейсиз?» деб сўрадим. - Шоширманг, ўйлаб олай... Чеҳраси шу қадар жиддий эди-ки, ўйларини ўқиб олишим ҳеч гап эмасди! Аммо мен ундай қилмадим – кўнглим ранжиди: «Наҳотки мен билан баққолни солиштириб, танласа», деб ўйладим. О, мен унда тушунмас эдим! Ҳеч нарсани, ҳеч нарсани тушунмасдим! Ёдимда, кетаётганимда Лукеря мени йўлда тўхтатди. «Ойимтиллага уйланаётганингиз учун худо сиздан марҳаматини аямайди, жаноб, фақат унга ҳиммат қилаётганингизни айта кўрманг, у жудаям мағрур қиз» деди шоша-пиша. Мағрур эмиш! Ўзим ҳам мағрурларни ёқтираман. Мағрурлик қачон ярашади?.. бошқаларга нисбатан қудратлироқ эканингни билиб турганинг-да тўғрими? О, пасткаш, бесўнақай одам! О, мен қандай мамнун эдим. Ўша дарвоза ёнида мени ҳайрон қолдириб, узоқ ўйга ботиб турганда, хаёлига мана бу фикр келиши мумкинмиди: «Ҳамонки бахцизлик у ерда ҳам, бу ерда ҳам бор экан, энг ёмонини танлаганим маъқул эмасми? Семиз баққолни танласам, маст ҳолда тезроқ уриб ўлдириб, мени бу азоблардан биратўла қутқаргани дуруст эмасми!» Xўш? Нима деб ўйлайсиз, шу фикр хаёлига келиши мумкинмиди? Ҳа, ҳозир ҳам тушунмайман, ҳеч нимани тушунмайман. Ҳозиргина икки бахцизликдан энг ёмонини, яъни баққолни танлаши ҳақидаги хаёлга бориши мумкинлигини айтдим. Ўша пайтда у учун ёмонроғи ким эди – менми ё баққол? Савдогарларми ё Гётедан мисол келтириб гапирадиган гаровчими? Шу ҳам саволмиш! Саволга бало борми? Нимага тушунмайсан: жавоб стол устида ётибди-ку! Саволинг нимаси? Тупуриш керак менга! Ҳозирги гап мутлақо менда эмас. Дарвоқе, гап мендами, мендамасми, нима аҳамияти бор энди. Мана шуни фаҳмлаб ололмаяпман. Ундан кўра ухлаганим маъқул. Бошим оғрияпти. Одамлар Орасидаги Ўзим Ҳам Ишонмайдиган Олижаноб Ухлолмадим. Ухлаш қаёқда, бошим лўқиллайди. Буларнинг ҳаммасини, ифлосликларнинг барчасини англаб етгим келади. О, нопоклик! О, мен уни қандай ботқоқдан чиқариб олдим! Ахир буни тушуниши, илтифотимни қадрлаши лозим эди-ку! Менга турли хаёллар, айтайлик, ўзимнинг қирқ бирда эканим, унинг энди ўн олтига тўлгани ҳақидаги хаёл жуда ёқарди. Мана шунга мафтун эдим, тенгсизлик ҳисси ширин эди, оҳ, жуда ширин эди. Мен, мисол учун тўйни à l'anglaise[3] фақат иккаламиз ва яна икки гувоҳ иштирокида (гувоҳларнинг бири шубҳасиз Лукеря бўларди) қилиб, ўша заҳоти вагонга ўтириб Москвагами (айтмоқчи, воқеа ўша ерда бўлган), бирон меҳмонхонагами жўнаш ниятида эдим. У қаршилик билдирди, рухсат бермади ва мен холалари ҳузурига қиз узатувчи қариндошлар ҳузурига боргандай илтифот билан бордим. Ён босдим унга, холаларининг иззатини ҳам жойига қўйдим. Мен яна бу маҳлуқларга юз сўмдан пул бердим, устига яна ваъда қилдим, шубҳасиз, бу пасткашликдан озор чекмасин деб, унга лом-мим демадим. Пулни олгач, холалари ипакдек эшилиб қолишди. Сеп ҳақида тортишув бўлди: унинг ҳеч вақоси йўқ эди, ўзи ҳам ҳеч нимани хоҳламасди. Мен унга ҳеч ниманг керакмас, деб ишонтирдим, сепни ҳам бўйнимга олдим, мендан бошқа яна ким сеп қиларди? Келинг, ўзим ҳақимдаги гапларга тупурайлик. Баъзи ғояларим билан уни ўша дамнинг ўзида таништиришга улгурдим, ҳеч бўлмаганда умумий жиҳатларидан бохабар бўлсин, дедим. Балки шошқалоқлик қилгандирман? Энг муҳими, ўзини тутишга қанчалик уринмасин, у аввал бошиданоқ, бағримга муҳаббат билан отилиб кирди, кечалари қайтганимда кутиб олиб, ҳаяжон билан, шивирлаб (ажиб, бокира шивир билан) гўдаклигини, болалигини, уйларини, ота-онасини гапириб берарди. Аммо мен бу завқ оташини совуқ сув қўйиб совутардим. Менинг ғоям шундан иборат эди. Унинг ҳаяжонларига мен сукут билан жавоб қайтарардим, албатта, бу онда хайрихоҳлигимни яширмасдим… шунга қарамай, у иккимизнинг тамоман бошқа-бошқа эканимизни, менинг турган-битганим жумбоқ эканини тез фаҳмлаб етди. Мен энг муҳими, шу жумбоққа зўр бердим. Балки шу жумбоқни ечиш учун ҳам мен бу тентакликни кашф қилган эдим! Даставвал қаттиққўллик – остона ҳатлаш билан шу қаттиққўлликни татиди. Xуллас, ўшанда мамнун юрган ҳолда ўзимга хос тартиб турларини яратдим. О, бу тартиб ҳеч бир зўриқишсиз, ўз-ўзидан яралди. Бошқача бўлиши мумкин эмасди, мен бу тартиб тўрини шафқациз шароит талабига кўра яратдим, ахир ўзимни чўқитиб қўёлмасдим-ку. Тартиб ҳақиқатга зид эмасми. Йўқ, сиз охиригача эшитинг, одамга гуноҳ ортишдан олдин, сабабини билиш керак… Эшитинг! Нима деб бошласам экан, тушунтириш жуда оғир. Ўзингни оқлашни бошласанг – тушунтириш оғир кечади. Биласизми, ёшлар кўп нарсадан, масалан пулдан ҳам нафратланади, мен эса, пулга муккамдан кетган эдим. Пул устига ўлигимни ташлаганим сайин – у нафасини ичига ютаверди. Катта кўзларини жовдиратиб қараб, тинглаб, оқибатда жим қолаверди. Ёшлар олижаноблар, аниқроғи яхши ёшлар ҳам олижаноб, ҳам шиддаткор, шунданми, сабр-тоқациз, сал нарсага лов этиб ёнишади-ю, нафратларини яширишолмайди. Мен эса кенгликни истардим, кенглик уруғини унинг юрагига сепмоқчи эдим, таъбир жоиз бўлса, юрак кўзи билан кенгроқ қарашга ўргатмоқчийдим. Тубан бир мисол келтирай: хўш, мен қандай қилиб бундай феъл-атворли одамга гаров хазинамни тушунтира олардим? Шубҳасизки, агар тўғридан-тўғри бу ҳақда гап бошласам, шуғулланаётган юмушим учун узр сўрагандай бўлардим. Шунинг учун ўзимни мағрур тутдим, қарийб сукут билан гапирдим. Сукут билан гапиришга суягим йўқ менинг, бутун умрим сукут билан гапиришда ўтди, бошимга тушган мудҳиш савдоларни ҳам сукут билан енгдим. О, ахир мен қандай бахцизликларни бошимдан кечирмадим! Мени кўкрагимдан итариб, худди кераксиз матоҳдай итқитиб ташлашган эди, унутиб юборишган эди, буни ҳеч ким, ҳеч ким билмайди! Кутилмаганда бу ўн олти ёшли «ойимтилла» разил одамлар тилидан мен ҳақимдаги ярамас гапларни эшитиб, ҳамма нарсадан хабар топдим, деб ўйлабди, эзгуликлар одамнинг фақат кўкрагидагина қолганини эса фаҳмламабди. Мен эса сукутни сақлайвердим, айниқса, у билан бирга бўлганимда тилим тиш ҳатламасди. Кечаги кунга қадар шундай давом этди. Нима учун «Ичимдагини топ», деб сукут сақладим? Мағрурлигим туфайли. Мен бу одам тўғрисидаги бор ҳақиқатни, унинг кўнглидаги яширин эзгуликларни ўзи, тубан одамлар ҳикояси орқали эмас, балки ўзи англаб етишини истардим. Уйимга бошлаб келар эканман, мен ундан тўла ҳурмат, эътибор кутган эдим. Мен унинг бошимдан кечирган азобларим эвазига тиз чўкиб ибодат қилишини хоҳлаган эдим – шунга арзирдим. О, мен ҳамиша мағрур бўлганман, ҳеч қачон ўртамиёнага тоқат қилмаганман, ё ҳаммасига эришишни ё ҳаммасидан биратўла воз кечишни истаганман. Яримта бахтга тоқат қилолмаганим, яхлит, бутунига интилганим сабабли ҳам «ўзинг билиб ол ва қадримга ет» қабилида иш тутишга мажбур эдим. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, агар мен унга тушунтиришни, айтиб туришни бошласам, ялтоқлансам, ҳурмат қилишини сўрасам – гадодан нима фарқим қолади?.. Дарвоқе… дарвоқе… нима учун мен буларни гапираётибман? Тентаклик, тентаклик, тентаклик ва яна тентаклик! Ўшанда мен унга ёшларнинг олижаноблиги жуда гўзал, аммо бир чақага арзимаслигини икки оғиз сўз билан очиқ ва шафқацизларча (шафқацизлигимни таъкидлагим келади) тушунтирдим. Нима учун бир чақага қиммат? Шунинг учунки, ёшларга ҳаммаси осондай туюлади, олижанобликлари, енгил қўлга киритилган, яъни хали аччиқ-чучугини татимай туриб, ҳаётдан олган дастлабки таассуротлари асосида юзага келган; вақти келиб, меҳнат исканжасига тушишгач, аҳволларини бир кўрамиз. Арзон олижаноблик ҳамиша енгилтак бўлади. Ҳатто ҳаётини ҳам арзон-гаровга бериши мумкин – чунки қони қайнаб, кучи ошиб-тошиб ётибди, кўнгли гўзалликка жон-жаҳди билан интилади. Қани, оғир ва сокин, жарангсиз, ҳашамсиз, ғийбатларга тўла, заррача шуҳрат келтирмайдиган, аммо қурбонлик талаб этувчи олижаноблик жасоратини олайлик-чи. Xўш, бу жасоратни татиб кўринг-чи, йўқ-йўқ, рад этасиз . «Ер юзидаги барчадан номуслироқ бўлганингиз ҳолда жамоатга аблаҳ сифатида кўрсатилган ёруғ юзли одам, қаердасиз?» - дейишга ҳақлиманми? Ҳа! Чунки мен бу жасоратни бир умр кўтариб ўтяпман. У аввалига мен билан астойдил баҳслашди, кейин жим бўла бошлади, охири нафасини ютди, кўзларини даҳшат билан очиб тинглади. Кўзлари катта-катта эди… Шу аснода мен… мен унинг кўзларида сокин, ёқимсиз, ишончсиз бир кулгини кўрдим. Ана шу кулгиси билан мен уни уйга олиб кирдим. Тўғрироғи, унинг бошқа борадиган жойи йўқ эди… Нуқул Режалар, Режалар Ўшанда ким биринчи бўлиб бошлади? Ҳеч ким. Биринчи қадамданоқ ўзи бошланди. Мен уни қаттиққўллик билан уйга етаклаб кирдим, девдим, аммо қаттиққўлликни илк одимдаёқ ўзим юмшатдим, қаллиқлик чоғидаёқ, гаровга буюм олиб қолиб, пул бериш билан шуғулланиши тушунтирилган, у эса индамаган эди (Буни эслаб қолинг). Энг қизиғи, бу ишга астойдил киришувди. Албатта, уй, жиҳозлар ўша-ўша эди. Уйим икки хонали: бири катта зал, озгина қисминигина касса эгаллаган: иккинчиси ҳам кенг-мўл, ётар-турар жойимиз шу ерда. Жиҳозларимнинг мазаси йўқ, ҳатто холалариникидан ҳам хароброқ. Шамчироқли иконам залда, касса ёнида: хонамдаги жавонда (калити менда туради) бир неча китоб ва гаровларнинг шартлари: яна тўшак, стол, стуллар… Емоқ-ичмоғимиз учун Лукеря учовимизга, мен уни оғдириб олган эдим, кунда кўпи билан бир сўм ажратажагимни айтиб, «Уч йилда ўттиз минг жамғаришим керак, тежаб-тергашга мажбурман», деб тушунтиргандим. У қаршилик билдирмаган эди, шунда ҳам мен кунлик ҳаражатни кўпайтириб, бир сўму ўттиз тийин деб белгиладим. Бунинг ёнига театр кўшилди. Қаллиқлик даврида театр деган гап йўқ деган эдим, бироқ қароримни ўзгартириб, ойда бир марта борадиган, борганда ҳам юмшоқ ўриндиқлардан жой оладиган бўлдим. Уч марта бирга бордик, «Муҳаббат изидан қувиш», назаримда яна – «Сайроқи қушлар»ни кўрдик шекилли (о, тупуриш керак бунга, тупуриш!) жимгина бориб, жимгина қайтардик. Нима учун, нима учун илк қадамимиздаёқ сукутни раво кўрдик. Ахир дастлаб орамизда низо бўлмаганди-ку? Сукут нимаси эди! Эсимда, у менга тез-тез кўз қири билан қараб қўярди, мен уни сезардим, сеза туриб баттар сукутга берилардим. Тўғри, сукутга у эмас, мен жон-жаҳдим билан ёпишдим. У бир-икки марта ўзини тутолмай қучоқлашга ташланганда ҳам совуқ муомаламни ўзгартирмадим. Чунки унда уйғонган тўлқин дардчил, жазавали эди: менга эса унинг астойдил эъзозидан келиб чиқадиган чинакам бахт лозим эди. Мен ҳақ эдим: ҳар бир тўлқиндан кейин эртасигаёқ орада низо чиқарди. Тўғрироғи буни низо дейиш ҳам қийин. Чунки жанжалимиз ҳам сукутда ўтарди – унинг қарашларида борган сайин «Исён ва мустақиллик»ка мойиллик кучаярди, аммо қарашларини амалга оширишга ожиз эди. Ҳа, бу маъсума чеҳра кундан-кунга дағаллашарди. Ишонсангиз, ишонмасангиз, у мендан жиркана бошларди – мен буни яққол ҳис қилиб турардим. Баъзан ички тўлқинларини жиловлай олмай ўзидан кетишига шубҳа йўқ эди. Мисол учун айцам, кечагина пол ювишдан боши чиқмаган ойимтилла ночорлик ботқоғидан қутулиб, бугун камбағаллигимдан бурнини жийирадиган бўлиб қолди! Туриш-турмушимиз покиза, керак жойда ҳашамга ҳам ўрин бор, айтмоқчиманки, менинг уйимда қашшоқлик эмас, тежамкорлик хукмрон эди. Мен илгарилари ҳам эрнинг саришталиги хотиннинг кўнглини банд этади деб ҳисоблар эдим. У қашшоқлигимни лаънатламас, балки тежамкорлигимни бахиллик ҳисоблаб, «аниқ мақсади борлигини, қатъий иродасини кўрсатмоқчи», деб мендан нафратланарди. Театрдан кутилмаганда ўзи воз кечди. Мазахли чимирилишлари бешбаттар кўпайди… Мен эса сукутни кучайтирдим, сукутга зўр бердим. Ахир ўзимни оқламайман-ку! Бу ерда энг муҳими қарз кассаси. Илтифот қилинг: мен аёлнинг, айниқса ўн олти ёшида, эркакка бутунлай бўйсунмаслиги мумкин эмаслигини билардим. Аёлларда оригиналлик йўқ – бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат, ҳатто ҳозир ҳам бу мен учун исбоциз ҳақиқат! Залда ётган бўлса нима қилибди: ҳақиқатни ҳақиқат дейиш керак, бу ерда Милл[4] ҳам ожиз. Севучи аёл эса, о, севучи аёл эса, кўнгли майлини олган кимсанинг барча камчиликларини, ҳатто ёвузликларини илоҳийлаштиради. Ўша кимса ёвузликларини ювиш учун арзирли баҳона топа олмайди. Аммо севучи аёл унга фатво топиб беради. Бу олийҳимматлик, аммо оригиналлик эмас. Аёлни фақат нооригиналлик бадном этади. Қайтарсам нима бўлибди, стол устини нимага имлаб кўрсатяпсиз? Стол устидаги оригинал демоқчимисиз? О-о?.. Билиб қўйинг: унинг муҳаббатига ўшанда амин эдим. Ахир бўйнимга осилиб олган эди-ку. Демак, севарди, аниқроғи севишни истарди. Ҳа, шундай эди: севишни истарди, муҳаббатини изларди. Энг муҳими шундаки, бу ерда у фатво топиб бериши лозим бўлган ёвузликнинг ўзи йўқ эди. Гаровчилигимни айтяпсизми? Буни ҳамма гапиради. Гаровчи бўлсам нима! Олижанобларнинг олижаноби шу ишни ўзига лозим кўрган экан, демак сабаби бор. Биласизми, жаноблар, ғоялар бор… Яъни биласизми, агар ўзга ғоя айтилса, сўз билан ифода қилинса жуда аҳмоқона чиқади. Ўзимдан-ўзим уялиб кетаман. Нимага? Ҳеч нимага. Чунки биз ярамас одамлармиз, ҳақиқатга чидолмаймиз, агар гапимни ёлғон десангиз, билмадим, қандай одам эканмиз. Мен ҳозир «олижанобларнинг олижаноби» дедим. Кулгилими, лекин гапнинг чини шу! Ахир бу ҳақиқат, яъни ҳакиқатлар ичра энг олий ҳақиқат-ку! Мен бу кассани очиш, ўзимни-ўзим таъминлаш истагига тўла ҳақли эдим: «Сиз мени четга суриб чиқардингиз, сиз одамлар, ҳа, сиз мени жирканч сукутингиз билан ораларингиздан ҳайдадингиз. Сиз томонга эҳтирос ва шиддат билан интилишимга жавобан бир умрга ранж-алам қайтардингиз. Шундай экан, энди мен қалин девордан тўсиқ қилиб олишга, ўша ўттиз мингни тўплаб, Қримданми, жанубий соҳилданми ер-мулк сотиб олиб, умримнинг қолган қисмини тоғларда, узумзорларда, энг муҳими – сизлардан узоқроқда, аммо сизларга кек сақламасдан, кўнглимдаги олий мақсадим билан, юракдан севучи аёлим билан, худо берса оилам билан, ён қўшнилардан ёрдамимни аямасдан яшашга тўла ҳаққим бор». Яхши ҳамки бу гапларни энди овоз чиқариб ўзимга-ўзим айтяпман, агар илгарироқ унинг қулоғига қуйганимдами, бундан бемаънироқ иш бўлмасди. Менинг мағрурона сукутим ҳам, жимгина ўтиришларимиз ҳам айнан шундан. Ахир у тушуна олармиди? Ўн олти ёш – ёшликнинг биринчи поғонаси – у менинг важ-карсонларимни, азоб-уқубатларимни англашга қодир эмасди. Тўғрилик, ҳаётни билмаслик, болаларча арзон имон, «гўзал қалблар» хусусидаги кўр-кўрона тушунча, энг муҳими гаров кассаси (Ҳолбуки мижозларимга нисбатан ёвузлик қилмас эдим! Меъёридан ошиқча олиб қолмаслигимни ўзи яхши биларди, кўрган эди!) уни ҳақиқатга олиб борувчи йўлларни тақа-тақ беркитиб ташлаган эди. О, бу ёруғ оламдаги ҳақиқат нақадар даҳшатли! Бу малак, бу маъсума, бу осмон – мустабид эди, қалбимнинг чидаб бўлмас даражадаги шафқациз мустабиди, ситамгири эди! Агар буларни айтмасам, ўзимга-ўзим туҳмат қилган бўламан! Сиз менинг севгимга ишонмаяпсизми? Шундай деб ким айта олади? О, бу шўри-ғавғо, тақдир ва табиатнинг истеҳзога тўла шўри-ғавғоси эди! Бизга қарғиш теккан, одамзотнинг ҳаёти (жумладан меники ҳам) қарғиш остида қолган. Мен қаердадир янглишганимни тушуниб турибман-ку! Қаердадир мўлжални тўғри ололмадим. Ҳаммаси аниқ-равшан эди, режаларим ҳам осмон каби покиза эди: «Қаттиққўл ва мағрур, бировнинг руҳий таскинига муҳтожлик йўқ, сукут билан азоб чекиш». Шундай эди, алдамадим, сира алдамадим! Бунга кейинроқ ўзи гувоҳ бўлади, бунинг олижанобликдан эканини ўзи кўради (аммо, сезолмади), қачондир билса, олижаноблигимни ўн чандон ошириб баҳолайди ва қўлларини кўксига қўйиб худонинг зорини қилади». Режам шу эди. Лекин мен бу ерда ниманидир унутдим ёки ниманидир тушириб қолдирдим. Ниманидир амалга оширолмадим. Бас, етар бас! Энди кимдан узр сўрайман? Тамом бўлди, тамом бўлди – тан олиш керак. Э, одам, қаддингни тут, ерпарчин бўлма! Айбдор сен эмассан. - Xўп, яхши, мен рост гапни айтаман. Ҳақиқат билан юзма-юз бўлишдан чўчимайман: У айбдор эди, айбдор У эди!.. Маъсуманинг Ғалаёни Орамиздаги низо бундай бошланди: ҳеч кутилмаганда у пулни ўз хоҳишига кўра берадиган, буюмларни меъёридан ортиқ баҳолайдиган бўлди, бу ҳам етмагандек, мен билан икки марта баҳслашди. Ён босмадим. Шу пайтда оёғимиз остидан капитаннинг беваси чиқиб қолди. Бева кампир медалонни, яъни марҳум эрининг совғаси, демак, қадрли ёдгорликни олиб келди. Ўттиз сўм бердим. Минғирлаб, арз-дод қилиб, буюмни асрашимизни илтимос қилди – асрамай нима қилардик. Xуллас, беш кундан кейин яна пайдо бўлиб, саккиз сўмга ҳам арзимайдиган билакузукка алмаштириб беришни сўради. Мен шубҳасиз, рад этдим. Ўшанда бу айёр кампир хотинимнинг кўзида меҳр кўрганми, ҳарҳолда мен йўғимда келиб, муддаосига етди – у медалонни билакузукка алмаштириб берибди. Бундан хабар топишим билан қисқа, аммо қатъий, жўяли гапимни айтдим. У тўшак устида ерга тикилганча ўтирар, ўнг оёғининг учини ликиллатиб, гиламчани уриб-уриб қўярди (бу унинг маънодор ишораси) лабларида истеҳзо қотган эди. Шунда мен, овозимни мутлақо кўтармасдан, пул меники эканини, ҳаётга ўз кўзларим билан боқишга ҳаққим борлигини, уни уйга таклиф қилганимда, ҳеч нарсани яширмаганимни хотиржам бир алфозда эслатдим. У эса бирдан сапчиб турди, аъзойи бадани титради, кейин – нима деб ўйлайсиз – депсина бошлади: шу туриши ваҳшийликнинг ўзи эди, тутқаноқ эди, тутқаноғи тутган ваҳший эди. Мен ҳайратдан муз қотдим: бу қилиқни сира кутмагандим. Аммо ўзимни йўқотмадим, ҳатто қимирламадим, ўша хотиржам овозда бундан буён юмушларимга аралашиш ҳуқуқидан маҳрум этажагимни маълум қилдим. У башарамга қараб туриб хахолади-да, уйдан чиқиб кетди. Гап шундаки, менсиз уйдан чиқишга унинг ҳақи йўқ эди. Тўйдан олдиноқ шунга келишган эдик. Кун бўйи қайлардадир санқиб, кечқурун қайтди – чурқ этмадим. Эртасига эрталабдан яна ғойиб бўлди, индинига ҳам. Кассани беркитиб, холалариникига бордим. Тўйдан кейин улар билан борди-келдини йиғиштириб қўйган эдим. Остоналарини ҳатлашга мажбур бўлдим: бу ерга қадам босмабди. Xолалари гапларимни диққат билан эшитиб, «Сизга ҳали бу ҳам кам», деб мазах қилишдан тойишмади. Кулги бўлишимни билардим. Ўша заҳоти кичик холасига – қариқизга юз сўм ваъда қилиб, оғдириб олдим, йигирма бешини нақд санаб бердим. Икки кундан кейин у уйимга хунук хабар билан келди: «Поручик Ефимович деган одам, сиз билан бир полкда хизмат қилган офицер сувни лойқалатиб юрибди». Ҳайратда қолдим. Бу Ефимович деганлари полкда менга нисбатан разиллик қилгани етмагандай, бир ой муқаддам гаровга нарса қўйиш баҳонасида кетма-кет икки марта уйимга беҳаёларча келиб, хотинимга шилқимлик қилган эди. Ўшанда унга яқинлашиб, муносабатларимизни унутмай, уйимга қадам босишга журъат этмаслигини айтгандим: иш бу даражага бориб етиши хаёлимга ҳам келмаганди, шунчаки суллоҳ деб ўйловдим. Мана энди холаси хотинимнинг ўша суллоҳ билан учрашув тайин қилганини, бу иш уларнинг эски танишлари, полковникнинг беваси Юлия Семеновна раҳнамолигида амалга ошганини маълум қилиб турибди: «Хотинингиз ўшаникига қатнаяпти». Бу тафсилотларни қисқартираман. Бу иш охир-оқибатда менга уч юз сўмга тушди. Аммо икки кун ичида мақсадга эришдим: қўшни хонада туриб, қия очиқ эшикдан хотинимнинг Ефимович билан биринчи рендер – Воус[5] гувоҳ бўлиш, гапларни эшитиш имкониятини қўлга киритдим. Бу воқеага тайёргарлик кўраётган пайтимда, бир кун аввал, жуда қисқа давом этган, аммо мен учун ниҳоятда муҳим ҳодиса юз берди. Кечқурун у ёқдан-бу ёққа юрди, тўшакка ўтирди, менга тикилиб, масхаралаб тиржайди, оёқ учларини қимирлатиб гиламчага тап-тап урди. Унга қараб туриб, дафъатан калламга бир фикр урилди: ўтган ой давомида, тўғрироғи ўтган икки ҳафта мобайнида феъл-атвори жуда ўзгариб кетди: қандайдир асовлик, ҳужумкорлик беҳаё дея олмайман, аммо бетартиблик, изтиробга мойиллик пайдо бўлди. Буларни сиртига чиқармасликка ювошлиги сабаб эди. Изтироблари чегарадан чиққан бўлса-да, ўзини зўрлаб ушлаб тургани, бу учун ўзидан-ўзи ҳазар қилаётганини сезмаслигим мумкин эмасди. Бунақалар бир қутурмасин, қутурса жиловлаб бўлмайди. Шунақа пайтда улар айтадиган, қуюшқондан чиқиб кетадиган гапларни эшитиб, қулоқларингга ишонмайсан. Қалбан бузуқликка одатланганлар эса, аксинча юмшатадилар, қабиҳликларини ҳам батартиб, илтифот билан юзага чиқарадилар, ана шу разилликларида устунлик қилиш даъвоси бўлади. Ўша куни у асовлик билан арқонни узди: - Дуелга чиқишга қўрққанингиз туфайли полкдан ҳайдаб юборганлари ростми? - деб сўради у кутилмаганда, кўзларида эса ўт чақнади. - Рост, офицерларнинг қарори билан полкни ташлаб кетишимни сўрашди, унга қадар ўзим истеъфога чиқаман деб ариза берган эдим. - Қўрқоқ сифатида ҳайдашганми? - Ҳа, улар шундай айб қўйишди менга. Лекин дуелдан бош тортишимга сабаб қўрқоқлик эмас. Менинг шахсимни ҳақорат қилишмаган ҳолда дуелга чақирсам бемаънилик бўларди. Мен уларнинг мустабидона қарорларига бўйсунмадим. Билиб қўйинг, шу ерга келганда ўзимни тутолмадим, ўз ҳатти-ҳаракати билан бундай мустабидликка, оқибатларини била туриб қарши бориш, ҳар қанча дуелга чиқишдан кўпроқ жасорат, мардлик талаб қилади. Мен ўзимни тута олмадим, шу гапларим билан гўё ўзимни оқлашга уриндим: унга эса худди шу - янада тиз чўкиб, хўрланишим керак эди. У ғазаб билан кулди. - Уч йил Петербургда дайдиларга ўхшаб тиламчилик қилиб, биллиард столларининг тагида ётиб қолганларингиз, ростми? - Мен Сеннада, Виземскийнинг уйида ҳам ётиб қолардим. Полкдан кейин жуда кўп ҳақоратли тушкун онлар бўлди, аммо руҳан чўкмадим, чунки қилғилиғимни ўшанда биринчи бўлиб ўзим айблаган эдим. Тушкунлигим боиси, ўшандаги аҳволимдан умидсизликка берилиш оқибатида ақлим ва иродамнинг ожизланиб қолганидан эди. Буларнинг бари ортда қолди... - О, сиз эндиликда кўзга кўринган одамсиз - пулдорсиз! Яъни, бу гаров кассасига қилинган истеҳзоли ишора эди. Мен ўзимни қўлга олишга улгурдим. Унинг мени янада ҳақоратлашга олиб борувчи тушунтиришларимга чанқоқ эканини сездим - бунга эришишига йўл бермадим. Чорловчининг қўнғироғи айни муддао бўлиб, залга чиқдим. Орадан бир соат ўтгач, у тўсатдан кийинди-да, уйдан чиқаётиб рўпарамда тўхтаб, шундай деди: - Ҳар ҳолда сиз булар ҳақида тўйдан олдин оғиз очмаган эдингиз? Мен жавоб бермадим. У чиқиб кетди. Хуллас, эртасига чўнтагимда тўппонча билан қия очиқ эшик ортида туриб тақдиримнинг қандай ҳал этилаётганига диққат билан қулоқ тутиб турардим. У ясан-тусанда ўтирарди, Ефимович эса унинг рўпарасида қийшангларди. Xўш, нима бўлди, ўзим сезмаган ҳолда, нимани ўйлаган бўлсам (номусим ҳаққи гапираман буни), нимани кўнглим сезган бўлса, кутган бўлсам ўша юз берди. Билмадим, тушунарли қилиб сўзлаяпманми? Бўлган воқеа мана бундай: эшик ортида туриб, уларнинг суҳбатига бир соат қулоқ тутдим, бир соат мобайнида олижаноб юксак ҳис-туйғу эгаси бўлган аёлнинг оқсуяк мазҳабидан чиққан бузуқ, қалби нопок, бераҳм ҳайвон билан олишувига гувоҳ бўлдим. Бу маъсума, бу камгап, бу содда жувон шунча гапни қаердан билади, деб ҳайратга тушдим. Оқсуякларнинг севимли комедияларини тўқувчи зукко муаллиф ҳам бузуқ ишларга ҳиммат камарини боғловчиларга нисбатан олий нафрат ва дўлвор кулгу уйғотувчи бундай масхарали саҳнани ўйлаб тополмаган бўларди. Унинг гапларида, сўзларида қанчалар шукуҳ, тезкор жавобларида қанчалар ўткирлик, мулоҳазаларида қанчалар ҳақиқат, айни чоқда қизларга хос соддалик бор эди! Малъун Ефимовчининг севги изҳорига, қилиқларига, гапларига жавобан кўзларига қараб мазах қилиб куларди. Муддаога осонлик билан, бир хуруждаёқ эришиш ниятида келган Ефимович унинг қаршилик қилишини кутмаган экан, дарров чўкди. Мен дастлаб унинг ҳатти-ҳаракатини «Бузуқ, аммо оқила мавжудотнинг нархини ошириш мақсадидаги ноз-фироғи», деб оддий ноз-карашмага йўйишим мумкин эди. О, йўқ, ҳақиқат қуёш янглиғ порлаб, шубҳаларга ўрин бермади. Менга нисбатан бўлган ғайритабиий ва шиддатли нафрати туфайли, тажрибасиз бу жувон мана шундай учрашувга журъат қилиши мумкин эди, аммо эркакнинг пинҳона муддаоси сув юзасига қалқиб чиққач, унинг кўзи очилди. Бу мавжудот қандай қилиб бўлмасин мени ҳақоратлаш қасдида бетоқат тўлғониб, ҳатто бу балчиқдан ҳам ҳазар қилмади, аммо бетартибликка чидам беролмади. Айнан уни, кўкрак сутидай покиза, бокира, олий мақсади бор жувонни Ефимович ёки унга ўхшаш бирор бошқа оқсуяк махлуқ йўлдан оздира олармиди? Аксинча, у фақат масхара бўлди. Xотинимнинг қалбида бор ҳақиқат уйғонди ва ғазаб юрагидаги аччиқ истеҳзони юзага чиқарди. Қайтараман, бу масхарабоз охир-оқибат бутунлай чўкди, тумтайиб олди, саволларга ҳам беҳуш жавоб қайтара бошлади, ҳатто тубанлик билан ўч олиш қасдида хотинимни ҳақорат қилиб қўймасин, деган қўрқув баданимга тарқади. Яна такрорлайман, бу саҳнани қарийб ҳайрациз тингладим. Мен гўё таниш воқеага дуч келгандай эдим. Мен гўё у билан учрашиш ниятида йўлга чиққандим. Тўппонча олволганимга қарамай, мен ҳеч нимага ишонмай, ҳатто айбномаларга парво қилмай келдим - бу айни ҳақиқат. Шундай экан, мен уни бошқача тасаввур этишим мумкинмиди? Xўш, мен нима учун севдим, нима учун эъзозладим, нима учун уйландим унга? О, менга нисбатан нафратининг нақадар улуғлигига, айни пайтда, ўзининг қанчалар бокиралигига ўша онда амин бўлдим. Шартта эшикни очиб, бу масхарабозликка чек қўйдим. Ефимович сапчиб тушди. Xотинимнинг қўлидан олиб, мен билан юришни сўрадим. Ефимович дарҳол ўзига келди, жаранглаб, яйраб кулди. - О, илоҳий эр-хотинлик ҳуқуқига монелик қилолмайман, олиб кетинг, олиб кетинг! Аммо билиб қўйинг, - деди у изимдан, - олижаноб одамларнинг сиз билан олишуви бемаънилик бўлса ҳам, аёлингиз ҳаққи ҳурмати хизматингизга тайёрман... Агар журъат қилолсангиз албатта... - Эшитяпсизми, - дедим унга, остонада бир нафас тўхтатиб. Уйга етгунча, йўл бўйи чурқ этилмади. Мен уни қўлтиқлаб олган эдим, бунга қаршилик билдирмади. Аксинча, у беҳад ҳайратда эди, аммо ҳайрат пардаси уйга етгач кўтарилди. Уйга кириб стулга ўтирди-ю, менга бақрайиб тикилди. Унинг рангида-ранг қолмаган эди: лаблари шу дамда истеҳзога мойиллик билан чимирилса-да, кўзларида олишувга даъват этувчи қатъийлик, улуғворлик бор эди: назаримда дастлабки дақиқаларда тўппончадан отиб ўлдиришимга қаттиқ ишонган эди. Аммо мен индамай тўппончани чўнтакдан чиқариб, стол устига қўйдим. У бир менга, бир тўппончага қараб қўйди (Тўппончанинг унга таниш эканига диққатингизни тортаман. Шу дўконни очганимдан бери ўқлоғлик туради. Кассани очар чоғимда катта итларни ҳам, Мозерга ўхшаб бақувват малайларни ҳам ушламасликка қарор қилдим. Мижозларимга эшикни ошпаз хотин очади. Бироқ бу ҳунар билан шуғулланувчи одам ҳар эҳтимолга қарши ҳимоя чораларини ўйлаб қўймаса бўлмайди. Шу сабаб тўппончам ҳамиша ўқлоғлиқ туради. У уйимга келган дастлабки кунлардаёқ, тўппончага қизиқиб қолди, сўраб-суриштирди, мен ҳатто тўппончанинг тузилишию қурилишини тушунтириб бердим, ҳатто ўзи ҳам отиб кўриб, мўлжални бехато уришига ишонди. Буни унутманг). Унинг қарашидаги қўрқувга эътибор бермай, ярим ечинган ҳолда тўшакка чўзилдим. Соат ўн бирдан ошган. Мен ўлардай ҳолдан тойган эдим. У жойида яна бир соатча қимирламай ўтирди, кейин шамни ўчириб, кийимларини ечмай девор томондаги диванга ётди. Биринчи марта бошқа ётди – буни ҳам эслаб қолинг. Мудҳиш Xотира Энди бу мудҳиш бир хотира… Барвақт уйғондим, ҳарҳолда хона ёруғ, чамамда соат саккизлар бор эди. Фикрим тиниқлашиб, бирдан уйғондиму кўзларимни катта очдим. У стол ёнида тўппонча ушлаган ҳолда турарди. Уйғониб, қараб ётганимни у сезмади. Бир маҳал тўппончанинг оғзини менга тўғрилади. Кўзимни юмиб, ўзимни ухлаганга солдим. У тўшагимга яқинлашиб, тепамда туриб олди. Мен ҳамма нарсани эшитиб, сезиб ётардим: хонада ўлик сукунат ҳукмрон, мен сукунатни ҳам эшитардим. Шу пайт титроқ бир ҳаракат сезилди -ўзимни тутолмай кўзларимни очдим. У тўғри менга, кўзларимга тикилиб турар, тўппонча эса қарийб чаккамга тиралганди. Кўзларимиз тўқнашди. Нигоҳлар тўқнашуви бир нафасдан ошмади. Ўзимни мажбурлаб кўзимни юмдим, энди нима бўлса ҳам, қимир этмайман, деб бор қувватим билан ўзимни мажбурладим. Умуман баъзан шунақа бўлиб туради, қаттиқ ухлаган одам бирдан кўзини очади, ёстиқдан бошини кўтаради, атрофга аланглайди-да, бир сония ўтмай ҳушидан кетгандай бошини ёстиққа ташлаб, яна қаттиқ уйқуга кетади, уйғонгандан кейин сўрасангиз, ҳеч нимани эсламайди. Нигоҳларимиз тўқнашиб, чаккамдаги тўппончани ҳис қилиб, бирдан кўзимни чирт юмиб, қаттиқ уйқудаги одамдай қимир этмай қолганимда у ухлаётганимга, ҳеч нимани кўрмаётганимга аниқ ишониши мумкин эди, чунки уйғоқ одамнинг мен кўрганни кўриб, бу дақиқада яна хотиржам кўзларини юмиб ётишига ақл бовар қилмасди. Ҳа, ақл бовар қилмасди. Аммо у ҳақиқатни билиши ҳам мумкин эди – бу фикр хаёлимга ўша заҳоти урилди. О, инсон онгининг самовий қудратига минг-минг офарин – ярим лаҳзада бошимни қанча хаёллар, қанча ҳислар тўлқини кезиб чиқди. Демак, бу ҳолда, ҳақиқатни билиб, айёрона кўз юмиб ётганимни билган бўлса (буни сезардим), унда мен ўлимга тайёр эканим билан уни енгиб ташладим, энди қўли қалтираши турган гап. Аввалги қатъийлиги эндиги таассуроти билан тўқнашиб парчаланиши тайин. Чўққидагиларни қандайдир куч пастга, тубсиз жарга тортиб туради, дейдилар. Назаримда тўппончани қўлга олишга улгуриш – жуда кўп қотилликлар ёки ўз-ўзининг жонига қасд қилишларга сабаб бўлади. Бу ҳам тубсиз жарлик, қиялиги қирқ беш градус, сирғанмаслик мумкин эмас, нимадир сизни муқаррар тепкини босишга ундайди. Аммо ҳамма нарсани кўрганим, унинг қўлидан ўлим топишга ризо эканимни билиш уни бу қияликда тутиб қола оларди… Сукунат давом этарди, бирдан чаккамга, сочларимга совуқ темир тегди. «Жон сақлашингга имонинг комил эдими?» - деб сўрашингиз мумкин. Xудо олдида жавоб бергандай сизга ҳам тўғрисини айтай: ҳеч қандай умидим йўқ эди, юздан бир имконият билан тирик қолишимнигина билардим. Унда ўлимга нима учун шай эдинг, дейсизми? У ҳолда сиз ҳам бир сўроғимга жавоб беринг: суюкли маҳбубам чаккамга тўппонча тирагандан кейин менга яшашнинг нима қизиғи қолар эди? Бундан ташқари мен бутун вужудим билан бир нарсани аниқ ҳис қилиб ётардим: айни чоқда орамизда, кечаги қўрқоқ билан, қўрқоқлиги учун ўртоқлари томонидан ҳайдалган ўша қўрқоқ билан унинг орасида кураш, ҳаёт-мамот жанги борарди. Мен буни билардим, агар ухламаётганимни фаҳмлаган бўлса, у ҳам биларди. Балки бундай бўлмагандир, балки ўша онда буларни ўйламагандирман, аммо булар фикрдан ўтмаса ҳам юз бериши лозим эди, чунки шундан кейин ҳаётимнинг ҳар бир соати шу хаёллар билан банд бўлди. Энди сиз «нима учун уни ёвузликдан асраб қолмадинг?»- деган саволни беришингиз мумкин. О, кейинчалик мен бу лаҳзани ҳар эслаганимда, этим музлаб, бу саволни ўзимга-ўзим минг марталаб берганман. Унда қалбим мавҳум бир умидсизлик чоҳида эди: ўзим жон таслим қилардим, шу аҳволда кимни қутқара олардим? Қолаверса, бировни қутқариш истаги бўлганми йўқми, сиз қаердан биласиз? Нималарни ҳис қилганимни ким билиб ўтирибди. Сезгиларимнинг жизғанаги чиқарди... лаҳзалар ўтди, сукунат ўликлигича қолди: у эса тепамда ҳамон тик турибди – бирдан ялт этган умиддан сескандим! Шошиб кўзимни очдим. У хонада йўқ эди. Ўрнимдан турдим: мен ғалаба қозондим – у умрбод мағлуб бўлди! Самоварнинг олдига бордим. Қайноқ самовар одатда биринчи хонага келтирилиб, чойни ҳар сафар у қуйиб берарди. Мен жойимга жимгина ўтириб, у узатган чойни олдим. Беш дақиқалардан сўнг унга қарадим. У ҳам менга тикилиб турар, ранги кечагидан бешбаттар оқариб кетган эди. Бирдан қарашимни илғаб, рангсиз лабларида рангсиз истеҳзо, кўзларида журъациз савол назари пайдо бўлди. «Афтидан, биладими ё билмайдими, қўрқдими ё қўрқмадими деб ҳали ҳам иккиланяпти». Мен хотиржамлик билан ундан нигоҳимни олдим. Чойдан сўнг кассани беркитиб бозорга тушдим-да, темир каравот билан парда сотиб олдим. Уйга қайтгач, каравотни залга қўйиб, парда билан тўсиб қўйишни буюрдим. Бу каравот унга аталган эди, аммо ўзига бу ҳақда оғиз очмадим. Шу каравотни кўрибоқ «ҳаммасини кўрганимни, ҳаммасини билишимни» сўзсиз англаганига шубҳам йўқ. Тунда тўппончани одатдагидай яна стол устида қолдирдим. У ўзининг янги тўшагига ётди: никоҳ бузилди, у «мағлуб этилган, аммо кечирилмаган эди». Тунда алаҳсирай бошлади, эрталаб эса иситмаси кўтарилди. У олти ҳафта ўрнидан турмай ётди. Мағрурлик Уйқуси Лукеря уйимда бўлак яшамаслигини, бойвуччани дафн этгач, чиқиб кетажагини ҳозиргина маълум қилди. Тиз чўкиб, бир соат ибодат қилмоқчи эдим, беш дақиқадан нарига ўтолмадим, ўйлаб ўйимга етолмайман, фикрларим хаста, бошим хаста – тавбанинг нима фойдаси бор, ибодат қилдинг нима – қилмадинг нима, барибир гуноҳкор бандасан! Яна ажабланарлиси шуки, сира уйқум келмаяпти, ҳолбуки, оғир, беҳад оғир ғам-ситамлардан сўнг, дастлабки руҳий портлашлардан кейин одамнинг уйқуси келади. Айтишларича, ўлимга маҳкум этилганлар сўнгги тунда қаттиқ ухлар эканлар. Табиатан шундай бўлиши керак, йўқса одамнинг иродаси дош беролмай синиши мумкин. Диванга ётдим, барибир ухлолмадим. Мен, Лукеря, касалхонадан ёллаганим ҳамшира – уч киши бўлиб олти ҳафта мобайнида туну кун касалини боқдик. Пулни аямадим, аксинча унга сарф қилгим келаверди. Доктор Шредерни чақириб, ҳар келишига ўн сўмдан тўладим. У ҳушига келгач, кўзига камроқ кўринишга интилдим. Буларни баён этишимнинг нима ҳожати бор! У оёққа тургач, хонамдаги алоҳида стол ёнига оҳистагина яқинлашиб, жимгина ўтирди. Бу столни касал ётганида унга махсус сотиб олган эдим. Чиндан ҳам икковимиз сукут сақладик. Тўғри, кейинроқ гаплаша бошладик, лекин оддий мавзудан четлашмадик. Мен, албатта атайин эзмаликдан, ёйилиб гаплашишдан қочардим, унинг ортиқча гап айтиб юбормаётганимдан хурсанд эканини ҳам сезиб турардим. Бу қилиғи менга табиийдек туюларди. «Узил-кесил мағлуб бўлганидан бениҳоя изтиробда, - деб ўйладим, - демак, ўтганларни унутиш, кўникиш учун имкон бериш зарур». Шу аснода сукут сақлардик, аммо мен ҳар дақиқа ўзимни келажакка тайёрлардим. Назаримда у ҳам шайланарди, ўзи ҳақида энди нималарни ўйлаётганини билиш мени ғоят қизиқтира бошлади. Яна бир гапни айтмасам, юрагим тошиб кетади: касал ётганида унинг тепасида туриб қанча фиғон чекканимни, қанча азобларга тоқат қилганимни биров билмайди. Фиғонларим фақат ўзимга маълум, ҳатто Лукерянинг нолаларини ҳам қалбимга яширганман. Мен унинг ҳеч нарсани билмай ўлиб кетиши мумкинлигини тахмин қилиш у ёқда турсин, тасаввур ҳам этолмасдим. Аниқ ёдимда, аҳволи бир оз яхшиланиб, хавф чекиниб, сиҳати тиклана бошлагач, тез ва қатъий хотиржам бўлдим. Устига-устак келажагимизни қўя туришга, маълум муддат орқага суришга, ҳозирги аҳвол ҳақида қайғуришга аҳд қилдим. Ҳа, ўшанда ғалати, ажиб бир ҳолга тушдим, буни ўзгача ифода этишим мушкул: мен ғалаба нашидасини сураётган эдим, шу ҳақда ўйлашимнинг ўзиёқ, мени номаълум ҳисларга чирмаб ташларди. Қиш шу зайлда ўтди. О, мен беҳад хурсанд эдим, умримда ҳеч вақт кўнглим бу қишдаги каби хуш бўлмаган. Биласизми, ўша воқеага қадар, яъни хотиним билан орамизда ҳалокат юз бергунгача ҳар кун, ҳар соат мени эзиб келган ҳаётимнинг обрўсизланишим ва полкдан кетишимга боғлиқ мудҳиш бир ташқи жиҳати мавжуд эди. Икки оғиз сўз билан айцам: менга нисбатан мустабидларча ноҳақлик қилинган. Тўғри, ўртоқларим оғир, балки, кулгили феълимни ҳазм қилишолмасди, мени ёмон кўришарди, ҳолбуки, кўп ҳолларда сиз учун буюк, сизга илоҳий туюлган, сиз сиғинадиган нарса айни чоғда атрофингиздаги ўртоқларингиз тўдасини кулдиради. О, мени ҳеч қачон, ҳатто мактабда ҳам яхши кўришмаган. Мени ҳаммавақт, ҳар жойда ёмон кўришган. Мени Лукеря ҳам ёқтирмайди. Полкдаги воқеа, гарчи мени яхши кўрмасликларининг оқибати эса-да, тасодифан содир бўлган эди. Буларни эслашимга сабаб: ёнингдан булут каби сузиб ўтиб кетиши мумкин бўлган турли сабабларнинг бемаъни йириклашуви, юз бермаслиги мумкин бўлган тасодиф туфайли ўлиб кетишдан баттарроқ ранж-алам йўқдир. Ҳар ҳолда зиёли одам учун бундан ўтадиган хўрлик мавжуд эмас. Воқеанинг мағзи мана бу: Театрда, танаффус пайтида емакхонага чиқдим. Гусар А-в икки гусар орасида, овозини баралла қўйиб – бу ерда офицерлар ҳам кўп эди – полкимиз капитани Безумсев даҳлизда жанжал кўтарганини гапира бошлади. Гап орасида «афтидан капитан ғирт маст эди», деб қистириб ўтди. Уларнинг бу мавзудаги гаплари узоққа чўзилмади, чунки Безумсевнинг мастлиги ёлғон, даҳлиздаги «жанжал» жанжал дейишга арзимас ҳам эди. Гусарлар бошқа гапларга ўтиб, тинчишди, аммо бу латифа эртасигаёқ полкимизга етиб бориб, шивир-шивир бошланди. Яъниким, гусар А-в, капитан Безумсев номини булғаётганда емакхонада полкимиздан фақат мен бор эканман, мен унга танбеҳ бериб тўхтатмабман. Xўш, нима учун мен танбеҳ беришим керак? Безумсевда алами бўлса – бу уларнинг шахсий ишлари, мен аралашиб нима қилдим? Офицерлар эса бу шахсий масала эмас, полкка бевосита алоқадор эди, деб топишди. Нима эмиш, емакхонада полкимиз офицерларидан биргина мен бўлганим учун ҳам емакхонадаги жамоага, жумладан, барча офицерларга полкимиз шаънига ва ўз ғуруримга доғ тегишидан унча ғашим келмаслигини исботлаганмишман. Бу хулоса билан келишишим мумкин эмасди. Шунга қарамай, вақт ўтган бўлса ҳам, ҳали кеч эмаслигига, хатоимни тўғрилашга, А-в билан муносабатимни ойдинлаштириб олишимга имконият борлигига шаъма қилишди. Мен буни хоҳламадим, қаттиқ ғазабланганим туфайли, мағрурлик билан рад этдим. Сўнг ўша заҳоти истеъфога чиқдим – бор гап шу. Мен полкни мағрурона, аммо руҳий чилпарчин бўлган холда ташлаб чиқдим. Иродам заифлашиб, ақлан тубанликка шўнғидим. Xудди ўчакишгандай ўша пайтда синглимнинг эри Москвадаги шинамгина мулкимизни, жумладан, ундаги менинг озгина улушимни ҳам буткул совуриб юборди: мен бир чақасиз, кўчада қолдим. Мен хусусий хизматга ёлланишим мумкин эди, хоҳламадим, офицерлар либосини ечиб қандайдир темир йўлга боришни ўзимга ор билдим. Уят бўлса – уят, шармандалик бўлса – шармандалик, тушкунлик бўлса – тушкунлик-да, қанча баттар бўлса, шунча яхши дедим. Мана шу баттарини танлаганимдан кейинги уч йилдан фақат қайғули хотиралар қолган, бунинг ичида Вяземскийнинг уйи хам бор эди. Бир ярим йил муқаддам Москвада бадавлат кампир – чўқинтирган онам вафот этишидан олдин, сира кутилмаганда бошқа меросхўрлар қаторида менга ҳам уч минг сўм васият қилди. Мен танамга ўйлаб кўриб, ўшандаёқ ёзуғимни белгиладим. Одамлардан тиланчилик қилиб юрмай, гаров кассаси очишга аҳд қилдим. Пул бўлса бор, режам – бир бурчакни ижарага олиб – эски хотиралардан йироқда янги ҳаёт бошлаш эди. Қолаверса, қайғули ўтмишим бутунлай барбод бўлган номус-орим мени ҳар дақиқа ҳар соат исканжага олиб турарди. Шундай аҳволда уйландим. Бу тасодифми, йўқми билмайман. Аммо уни уйга бошлаб кираётганимда, дўстни олиб киряпман деб ўйловдим. Чунки чин дўстга жуда-жуда зор эдим. Бироқ мен бу дўстни ҳали маънан тайёрлаш, шакллантириш, ҳали мағлуб этиш лозимлигини аниқ-равшан билган эдим. Ўн олти ёшли қизга, нотўғри фикрларга кўмилиб ётган гўдакка буларнинг ҳаммасини бирданига тушунтириш мумкинмиди? Йўқ! Айтайлик, тўппонча билан боғлиқ ўша ҳалокатли, тасодифий воқеа бўлмаганда ўзимнинг қўрқоқ эмаслигимга, полкдошларим қўрқоқ, деб ноҳақ айблашганига қандай ишонтира олардим. Бахтимга ўша ҳалокат айнан вақтида юз берди. Тўппончага чаккамни хотиржам тутиб, буткул зулмат ўтмишимдан қасос олдим. Бундан ҳеч ким хабар топмаса-да, у билди, менга шуниси керак эди, чунки у менинг борлиғим, орзуимдаги келажагимнинг бор умиди эди. Менга ундан бошқанинг кераги йўқ, зеро, у келажагим учун тайёрланаётган ягона одам эди. Унинг бор ҳақиқатдан хабар топиши, ҳеч бўлмаганда ғанимлар сафига барвақт, ноҳақ ўтганини билиши мен учун катта гап эди. Бу фикрдан фахрим тошарди. Энди унинг кўзига аблаҳ бўлиб эмас, балки ғалати одам бўлиб кўринаман: энди юз берган воқеадан кейин бу фикр мени аввалгидай ғашимга тегади: ҳар ҳолда ғалатилик айб эмас, аксинча, вақти келса, аёлнинг феълига ўтиради. Xулласи калом, ечимни атайин орқага сурдим. Бўлиб ўтган воқеа хотиржамлигим учун етиб ортарди. Орзуларим учун ранглар тўлиб тошганди. Орзуларимга ранг етарли дедим, у эса кутиб туради дедим: расволик ҳам худди шунда – хаёлпарастлигимда! Бутун қиш ниманидир кутиш билан ўтди. Ўзининг столчасига тирсакларини тираб ўтирган чоғида уни ўғринча кузатишни хуш кўрардим. У уйдаги майда-чуйда ишлар билан ўзини овутарди, кечалари жавонимдаги китоблардан олиб ўқирди. Жавондаги китобларнинг саралиги ҳам, назаримда менинг фойдамга хизмат қиларди. У деярли ҳеч қаерга чиқмасди. Ҳар куни овқатланиб олгач, қош қораймай туриб уни сайрга бошлардим, тоза ҳавода юрардик, аввалгидек оғзимизга талқон солиб олмасдик. Мен ўзимни жим эмасдай, бир-биримизга маъқул оҳангда гаплашаётгандай қилиб кўрсатишга уринардим. Аммо айтганимдай, зоҳирий кўринишимиз билангина «ширин суҳбат» қурардик. Мен ўзимни атайин шундай тутардим, унга вақт бериш керак дердим, қизиқ, мен-ку унга зимдан қарашни хуш кўраман, нима учун у менга қарамайди, деган ўй бир марта ҳам хаёлимга келмабди. Мен буни ҳадиксирашдан деб билдим. Қолаверса, касалликдан кейин унинг кўринишида қуввацизлик, журъациз бир маъсумалик аниқ зоҳир эди. Йўқ, кутгин, дедим ўзимга-ўзим, «унинг ўзи дафъатан олдингга келади…» Бу фикр менинг кўнглимни ғоят чоғ қилди. Очиғини айцам, баъзан ўзимни-ўзим атайин руҳан эзардим, қовурардим, гўё ундан хафа эканимга ўзимни-ўзим ишонтирмоқчи бўлардим. Бу маълум муддат давом этди. Менинг нафратим қалбимга илдиз отиб, мустаҳкамланиши мумкин эмасди. Бунинг шунчаки ўйинлигини сезиб турардим. Ўшанда каравот ва парда-тўсиқ олиб келиб, никоҳни ўзимча бузганим билан, уни ҳеч қачон жиноятчи сифатида тасаввур қилолмасдим. Унинг айби бўйича енгилтаклик билан ҳукм чиқарганим бунга сабаб бўлолмасди. Йўқ, мен шунчаки, ўша дастлабки куниёқ, ҳали каравот олмаёқ унинг гуноҳидан ўтишни лозим деб топган эдим. Бир сўз билан айтилса, бу менинг ғайриоддийлигим, тўғри, аммо хулқий қоидаларга қаттиқ эдим. Кўзим олдида у шунчалар мағлуб этилган, енгилтак эди-ки, баъзан беихтиёр раҳмим келарди, айни чоқда хўрлаш ғояси дилимни яйратарди. Орамиздаги тенгсизлик ёқарди менга… Шу қиш мобайнида бир неча марта атайин яхшилик қилдим. Иккита қарздан буткул кечдим, бир бечора аёлга гаровсиз пул бериб юбордим. Бу ишларни хотиним билсин учун қилмадим, бу ҳақда унга мутлақо оғиз очмадим: аммо аёлнинг ўзи деярли тиз чўкиб миннатдорчилик билдиргани келиб, меҳрибонлигимни ошкор қилди. Назаримда, аёлга яхшилик қилганимдан у мамнун бўлди. Апрел яримлаб, баҳорнинг нафаси келиб қолган эди. Қўштабақа деразаларнинг кўча томонини олиб ташлагач, сокин хоналаримиз қуёшнинг ёрқин шуълаларига йўғрилди. Аммо қаршимда қалин булут қатлами турганидан, ақлимни қоронғилик пардасига ўраётганидан бехабар эди. Мудҳиш ва машъум қатлам эди бу! Қатлам қандай йўқолди кўзим қандай очилди, ақлим қандай пешланиб, воқеаларни қандай фаҳм эта бошладим? Тасодиф юз бердими, ҳал қилувчи куннинг келиши бирдан тезлашдими, қуёш нурлари ўтмаслашиб қолган ақлимда фикр ва идрокимни уйғотдими? Йўқ, фикр ҳам, идрок ҳам мутлақо алоқасиз бу ерда. Юрагимда ўла бошлаган томирчалардан бири тўсатдан тирилди, бир титради-ю, ҳаётга қайтди ва қалбимдаги зим-зиёликни, зим-зиёда яшириниб ётган мени йўлдан ураётган мағрурлик шайтонини ёритди. Бу кутилмаганда, тўсатдан, оқшом арафасида, овқатдан кейин, соат бешларда содир бўлди… ўрнимдан сапчиб турдим… Қора Қатлам Тўсатдан Йўқолди Мақсадга ўтишдан аввал эътиборингизни бошқа нарсага тортаман. Бир ой муқаддам унда ғалати ўйчанлик пайдо бўлганини, ҳа, ҳа, сукут сақлаш эмас, айнан ўйчанликни тўсатдан сездим. У тикиш билан машғул бўлиб, бошини эгиб ўтирар, тикилиб турганимни билмасди. Ана шу дамда унинг беҳад озиб, чўп бўлиб қолгани, рангида ранг қолмагани, лабларидан қон қочгани – буларнинг бари ўйчанлигига қўшилиб мени фавқулодда саросимага солди. Аввал эътибор бермаганим, айниқса, тунлари енгил йўталиб қўйиши энди кўнглимда ғулғула уйғотди. Унга ҳеч нима демай, доктор Шредерни чақиргани кетдим. Шредер эртасига келди. У докторни кўриб, бир менга бир Шредерга ҳайрон бўлиб қаради. - Мен соппа-соғман, - деди жилмайишга ҳаракат қилиб. Шредер уни дурустроқ ҳам кўрмади (умуман бу доктор зоти баъзан ҳаддан ташқари бееътибор бўлади), қўшни хонага чиққанимизда буларнинг ҳаммаси касаллик оқибати экани, баҳорда имкон туғилса денгиз томонга борилса, йўқса, чорбоққа чиқилса дуруст бўлажагини айтди. Xуллас, ҳали бемадорликдан қутулмаганини айтгани дейилмаса, дори-дармон тугул тайинли маслаҳат бермади. Шредер кетгач, у менга қаттиқ тикилиб туриб, ўша гапини яна такрорлади: - Мен соппа-соғман. Шундай деди-ю, уятданми, қизариб кетди. О, буни энди фаҳм этяпман: у ҳали ҳам эри эканимдан, ҳақиқий эри каби парвона бўлаётганимдан уялган. Мен галварс ўшанда буни тушунмаганман, ройишга йўйганман. (Қора қатлам!) Ниҳоят, орадан ой ўтгач, апрелнинг қуёшли кунларида, соат бешларда, ҳисоб-китоб билан ўтирган чоғимда, қўшни хонадан унинг овози келди… У… шикаста овозда хиргойи қиларди. Бу янгилик мени ларзага солди – ҳали-ҳали ўзимга келолмайман. Шу пайтгача, уйга янги бошлаб келган кунларим, тўппонча отиб шўхлик қилган дамларимизни ҳисобга олмаганда, унинг ашула айтганини эшитмаганман. Унда овози асабийроқ туюлса ҳам, жуда ёқимли, соғлом, қаттиқ жарангдор эди. Эндиги қўшиқ жонсиз эди, о, йўқ, буни мунгли қўшиқ деб бўлмасди қандайдир романс эди у, аммо унинг овози алланечук дарз кетган, синган, гўё у эмас, балки ашуланинг ўзи хаста-ю, овози унга жон киритишга ожиз эди. У хиргойи қиларди, бирдан овози кўтарилди-ю, узилди – хаста овози – ачинарли тарзда узилди, йўталиб олиб, яна секин-секин, аста-аста хиргойисини бошлади. Ҳаяжонимдан куладилар, барибир ҳеч қачон, ҳеч ким ҳаяжонланишим боисини тушуна олмайди. Йўқ, ҳали унга ачинмас эдим. Мендаги туйғу мутлақо бўлакча эди. Дастлаб, аниқроғи, дастлабки дақиқаларда даҳшатли ва ғалати, оғриқли ва ҳатто қасосга мойил туйғу, таажжуб ва ҳайратда қотдим: Нима бу: «Менинг борлигимни унутдими? Менга эътиборсиз куйлаши нимаси!». Вужудимни изтироб исканжасига топшириб, жойимдан жилмай ўтирдим, кейин бирдан ўрнимдан туриб, нима қилаётганимни ўзим ҳам билмаган ҳолда, шляпамни олиб ташқарига йўналдим. Қаёққа, нима учун отланганим ўзимга ҳам номаълум эди. Лукеря палтомни узатди. - Ашула айтяптими? – сўрадим Лукерядан беихтиёр. Лукеря тушунмади, ажабланиб қаради: шу тобда менга тушуниш чиндан ҳам мушкул эди. - Биринчи марта ашула айтяптими? - Биринчи эмас, сиз йўқлигингизда баъзан айтарди, - деб жавоб берди Лукеря. Ҳаммаси аниқ эсимда. Зинадан пастга тушдим, кўчага чиқдим, кейин бошим оққан томонга юрдим. Муюлишгача бориб, тўхтадим, атрофга алангладим. Одамлар оқими орасида қолган эдим, туртиб ўцалар ҳам сезмасдим. Извошчини чақириб, Полиция кўпригига ҳайда, дедим. Сўнг, бирдан фикримдан қайтиб унинг қўлига бир танга тутқаздим. - Сени безовта қилганим учун, - дедим извошчига маъносиз кулиб. Бироқ юрагимда тўсатдан қандайдир завқ уйғонди. Қадамимни тезлатиб, уйга қайтдим. Қалбимдаги дарз кетган, узилай-узилай деб турган бечора торлар бирдан созланиб, жаранглади. Энтикиб, кетдим: кўз олдимдаги қора қатлам йўқоларди, йўқоларди! Мен боримда мени унутиб куйлабдими – энг қўрқинчли ва аниқ-равшан ҳақиқат шу эди. Буни юрагим сезиб турарди. Қалбимдаги шавқ тобора ўт олиб, қўрқинчни сиқиб чиқарарди. О, тақдирнинг шўри-ғавғоси! Ахир бутун қиш бўйи вужудимда шу шавқдан ўзга ҳеч нима йўқ эди, бўлиши ҳам мумкин эмасди-ку, мен қаерда эдим? Мана шу қалбим билан яшар эдим-ми? Зиналардан шошилиб, югуриб чиқдим, бироқ ичкарига журъат билан кирдим-ми, билмайман. Оёқларим ости тўлқин ургани, ўзимни гўё дарё узра енгил сузиб юрганимнигина эслайман. Xонага кирдим: у ўша жойида бир нимани тикиб ўтирарди, қўшиқ айтмасди. Мен томон қизиқишсиз югурук қараб олди, буни ҳатто қараш деб ҳам бўлмайди, одатда хонага бирор кимса кирса мана шундай одатий, эътиборсиз ҳаракат қилинади. Мен мияси айниган одамдай тўғри келиб унинг ёнига ўтирдим. У қўрқиб кетгандай менга тезгина қаради: мен эса унинг қўлини олиб нимадир дедим, нималиги эсимда йўқ, тўғрироғи нимадир демоқчи эдим, аммо ўша аҳволда бир сўзни эплаб айтишга қурбим етмасди. Овозим ўзимга бўйсунмай, сўзлар чала ярим отилиб чиқарди. Ҳа, нима дейишни билмас эдим, нуқул энтикардим. - Гаплашиб… олайлик… биласанми… нимадир дегин… - тўсатдан отилиб чиққан бу сўзлар тентакнамо эди, тан оламан, бироқ ўша топда ақлли гап айтадиган аҳволда эмасдим. У юзимга қаради, сесканди, кучли бир қўрқинч билан ўзини четга олди кўзларида қатъий ажабланиш зоҳир бўлди. Ҳа, ажабланишида қатъийлик бор эди, у менга катта-катта кўзлари билан боқарди. Бу қатъийлик, бу қатъий ажабланиш мени бир ҳамладаёқ буткул мажақлаб ташлади. У индамаган бўлса-да, бу ажабланишида «Ҳали сен муҳаббат истаяпсанми? Муҳаббат керакми сенга?» деган савол жарангларди. Йўқ, мен бу сўзларни ўқиб олдим, ҳаммасини ўқидим. Аъзойи баданимга титроқ югурди, ўзимни тутолмай оёқлари остига шилқ этиб тушдим. Ҳа, мен оёқлари остига қуладим. У ўша заҳоти сапчиб тушди, аммо мен бор кучим билан қўлларидан ушлаб қолдим. Руҳий тушкунлигимни мен яхши англаб турардим, жуда яхши англардим. Xоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, юрагимдаги шавқ шу қадар қайнардики, ҳатто ўлиб қоламанми деб ҳам ўйлардим. Мен – бахтдан маст бўлган, лаззатдан ҳушини йўқотган одам унинг оёқларини ўпдим. Ҳа, ҳа, бу беҳисоб: беҳудуд бахт эди, руҳий тушкунлигимни англаган ҳолда бахтга йўғрилган эдим. Мен йиғлардим, нималардир дердим, аммо гапира олмасдим. Ундаги қўрқув ва ҳайронлик ўрнини бирдан қандайдир ташвишли фикр, фавқулодда савол эгаллади: энди менга ғалати, ҳатто ёввойи қараш қилди, у ниманидир тезроқ тушуниб етиш истагида кулимсиради. Оёқларини ўпаётганимдан ҳаддан ташқари уяларди, оёқларини тортиб оларди, аммо мен ҳозиргина оёғи турган ерни ўпардим. Аҳволимни кўриб уятдан кула бошлади. (Уятдан қандай кулишларини кўрганмисиз?) Асабдан қўллари титради. Буни кўрдим. Аммо мулоҳазага чоғим келмади, довдираб, нуқул севишимни, ўрнимдан турмай «бир умр тиз чўкиб унинг ҳақига ибодат қилишимни» айтардим… «кел, кўйлакларингдан бир ўпай…» Билмадим, эсимда йўқ… бирдан у титраб кетди, уввос тортиб йиғлай бошлади; мен уни қўрқитиб юборган эдим, тутқаноғи тутди. Уни кўтариб тўшакка олдим. Xуруж қўйиб юборгач, қаддини кўтариб эзгин бир аҳволда тўшакка ўтирди-да, қўлларимни ушлаб, тинчланишимни сўради: «Ўзингизни қийнаманг, бас, етар, тинчланинг» - менга «тинчланинг» деб, ўзи йиғини бошлади. Кечаси билан ёнидан жилмадим. Овози хаста эканини, буни яқингинада ўзим эшитганимни икки ҳафтадан сўнг Булонга, денгиз соҳилига олиб кетажагимни, кассани ёпиб, Добронравовга сотажагимни, ҳаммаси янгитдан бошланажагини, энг муҳими Булон, Булонга кетажагимизни гапириб чиқдим. У индамай, аммо ҳадик билан эшитиб ётди. Гапирганим сари ҳадиги остида ётиш, оёқларини ўпиш, оёқлари турган ерни ўпиш, унинг қаршисида тиз чўкиб, ибодат қилиш истаги бутун қудрати билан вужудимга ҳукм ўтказарди. «Сендан бошқа ҳеч нимани, ҳеч нимани сўрамайман, менга жавоб берма, бор-йўқлигимни билмасанг ҳам майли, фақат бурчакдан ўғринча қарашимга изн бер, мени бирон бир буюмингга, майли, кучукчангга айлантириб ол»… бу гапни неча қайта такрорладим. У эса йиғи билан жавоб қайтарди. -Мени шу ҳолда ташлаб қўясиз деб ўйлабман, - бу гап унинг бўғзидан бирданига ва беихтиёр отилиб чиқди. Ҳатто қандай айтиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. О, унинг бу сўзлари – мен учун ҳал қилувчи, энг муҳим, ўша тун айтилган сўзлар ичра энг тушунарлиси – юрагимни пичоқ янглиғ тилиб юборди. У ҳаммасини тушунтириб берди, ўшанда ёнимда, кўз олдимда эди, бундан умидим уфқи ёришиб турарди, бахтим ҳам беҳад эди. О, ўша кеч уни жуда толиқтирдим, буни билиб турсам-да, ҳаммасини қайта қуришни бетўхтов ўйлардим. Тун оққанда бутунлай ҳолдан тойди, ухлашга кўндирдим, у тезда, қаттиқ уйқуга кетди. Алаҳсирармикин деб кутдим, енгилгина алаҳсиради. Тун бўйи дам-бадам туриб, унга қараш учун шиппакда овоз чиқармай юриб келардим. Ўшанда уч сўмга сотиб олган темир каравотга, ундаги тўшакка, тўшакдаги бу бечора, хаста зотга қараб юзларимни юлиш даражасида афсус-надомат чекардим. Тиз чўкардим, аммо (унинг рухсатисиз!) ухлаб ётган чоғида оёқларини ўпишга журъат этолмасдим. Xудога ибодат қилгали тиз чўкардим, аммо тез орада туриб кетардим. Лукеря ошхонадан чиқиб, мендан тез-тез хабар оларди, мен унга кириб ётавериши мумкинлигини, эртага бутунлай ўзга ҳаёт бошланишини айтдим. Мен шундай бўлишига кўр-кўрона, телбаларча, ашаддий ишонар эдим. О, шавқ, фақат шавқ бодасидан лаззатланардим мен! Мен фақат эртанги кунни кутардим. Энг муҳими, баъзи бир белгиларга қарамай, фалокатга ишонмас эдим. Кўз олдимдаги қора қатлам йўқолган бўлса-да, идроким тиниқлашмаган. Идроким узоқ вақт, жуда узоқ, то бугунги кунгача тиниқлашмади. Қандай тиниқлашсин, ахир унда у тирик эди, у менинг рўпарамда, мен эсам унинг қаршисида эдим. «Эрталаб уйғонганда ҳаммасини айтаман, у ҳаммасига ўзи шоҳид бўлади». Менинг ўша топдаги фикр-ўйларим шу – оддий ва равшан эди, шавқим ҳам шундан ўт оларди! Муҳими – Булон, нимагадир, Булон бор-йўғимизни ҳал қилади, Булонда тақдиримиз ўзгача чирой очади, деб ўйлардим. «Булонга, Булонга», юрагим шундай тепарди. Мен тонгни телбаларча орзиқиб кутардим. Ҳаддан Зиёд Тушунаман Ахир бу бир неча кун, беш кун, атиги беш кун аввал, олдинги сешанбада бўлган эди! – Яна озгина вақт, яна заррача чидаганда мен атрофимиздаги қоронғиликни тарқатиб юборардим! Наҳотки тинчлана олмасди? Ахир эртасигаёқ, бир оз саросимага қарамай, гапларимни кулиб эшитган эди-ку… Муҳими, бу вақт давомида, беш кун мобайнида парокандалик ё уятдан сиқиларди. Қўрқарди ҳам, жуда-жуда қўрқарди. Баҳслашиб ўтирмайман, тентакларга ўхшаб ўз гапимга ўзим қарши ҳам бормайман: қўрқув бор эди, ахир шу вазиятда қандай қилиб қўрқмасин? Ахир жуда узоқ вақт бадалида бир-биримизга бегоналашиб қолувдик-ку, бир-биримиздан бу қадар узоқлашиб, кутилмаганда… Аммо мен ундаги қўрқувга қарамадим, чунки янгилик барқ уриб келмоқда эди!.. Xатога йўл қўйганим тўғри, минг-минг маротаба тўғри. Балки бир эмас кўплаб хатога йўл қўйгандирман. Бундан ҳам бўйин товламайман. Эртасига (яъни чоршанба куни) уйғонишимиз билан хатога йўл қуйдим: уни бирданига ўзимга дўст деб билдим. Мен шошилдим, беҳад шошилдим, бироқ тавбам зарур эди, истиғфор келтириш ҳар нарсадан зарурроқ эди. Мен ҳатто бир умр ўзимдан яширган сирларимни ҳам ошкор этдим. Бутун қиш бўйи унинг муҳаббатига умид боғлаганим очилди. Гаров кассаси риёзат чекиш оқибатида иродам заифлашуви, онгим тушкунлиги туфайли туғилган худбинларча шахсий ғоям эканини тушунтирдим. Ўшанда театр емакхонасида чиндан қўрққанимни, аммо дуелдан эмас, ўз феълимдан, ўз бадгумонлигимдан қўрққанимни, аниқроғи, емакхонадан, вазиятдан лол қолганимни, гусарни дуелга чақиришим бошқаларга бемаъни бўлиб туюлмасмикин, деган хаёлда гумонсираганимдан, дуелдан эмас, айнан шу гумондан чўчиганимни, сўнг бу қўрқоқлигимни бўйнимга олмай ҳаммани, ҳатто уни азобга қўйганимни, уни азобга қўйиш учун ҳам уйланганимни айтдим. Умуман гапларимда тартиб йўқ эди, гўё иситма аралаш валақлардим. Унинг ўзи қўлларимдан ушлаб, бас қилишимни сўрарди: «Сиз ошириб юборяпсиз, сиз ўзингизни қийнаяпсиз» - шундай дерди, кейин кўз ёши бошланарди, тутқаноғи тутишга оз қоларди! У хотираларимга нуқта қўйиб, гапирмаслигимни илтижо билан сўрарди. Унинг илтимосларига қарамасдим, ёки кам эътибор берардим. Ахир олдинда – баҳор, қуёшли Булон! У ерда бизни янги қуёшимиз кутяпти – буларни гапирмай бўладими! Кассани ёпиб, ишни Добронравовга оширдим. Чўқинтирган онамдан қолган уч мингдан ташқари бор будимизни муҳтожларга улашиб, ўша уч мингга Булонга бориб келгач, янги ҳаёт бошлаб, пешона тери билан тирикчилик қилишни таклиф этдим. Шунга келишдик, чунки у таклифимни жавобсиз қолдирди, фақат жилмайиб қўйди. Назаримда, мени хафа қилмаслик ниятида, кўнгил учун жилмайди. Унга оғирлигим тушаётганини кўрдим. Мени буни кўрмайдиган даражада тентак ва худбин деб ўйламанг. Мен ҳаммасини, сўнгги чизиқчасигача кўрдим, кўрганда ҳам бошқалардан аниқроқ кўрдим: менинг барча изтиробларим шундай кафт устида эди. Мен унга ўзим ҳақимда, у ҳақда ва Лукеря тўғрисидаги ҳамма гапни айтдим. Йиғлаганимни айтдим… О, баъзан гапни чалғитдим, баъзи нарсаларни эслатмасликка ҳаракат қилдим, ҳатто у бир-икки жонланди, эсимда, аниқ эсимда! Нима учун қараб туриб ҳеч нимани кўрмагансан, деяпсиз? Ахир бу содир бўлмаганда ҳаммаси қайта тириларди. Ахир учинчи куни суҳбатимиз чоғида, қиш бўйи ўқиган китоблари ҳақида гап кетганда Жил-Блаз билан архиепископ Гренадский орасидаги можарони эслаб, кула-кула айтиб берган эди-ку! Кулгиси худди қаллиқлик давридагидек (о, у онлар!) нақадар мунис, мулойим эди, бунда менинг қувончим чекини чамалаб бўлмасди. Архиепископ можаросини эшитиб, ҳайратга тушдим: қаранг, ўша қишда ўтирган чоғида дурдона асардан лаззатланишга, кулишга руҳий хотиржамлик ва бахтли онлар топа билибди-да! Демак, у шу ҳолда ташлаб қўйишимга ишонч ҳосил қилиб, овуна бошлаган экан. «Мени шу ҳолда ташлаб қўясизми, деб ўйлабман» - ўша куни, сешанбада шундай деди! О, ахир бу ўн ёшли қизалоқларнинг ўйи-ку! Демак, у ҳамма нарса шу ҳолда қолишига ишонган, тўла ишонган: яъни у ўз столида, мен ўзимникида ўтираман, шу зайлда олтмиш ёшимизга қадар айримиз… Бирданига, ҳеч кутилмаганда мен тиз чўкаман, мен – эр, муҳаббатга муҳтожман! О, бу менинг хатоим, бу менинг ожизлигим эди! Унга шавқ билан қарашим ҳам хато эди; ўзимни тутишим лозим эди, чунки шавқим уни қўрқувга соларди. Ахир мен ўзимни тутиб ҳам олдим, оёқларини бошқа ўпмадим. Ҳатто бирор марта бўлсин унга.. эр эканлигимни шама қилмадим, бу ҳатто хаёлимга ҳам келмади. Мен фақат ибодат қилдим, ҳа, ибодатдан бошқасини ўйламасдим. Ахир бутунлай гапирмаслик, сукут сақлаш ҳам мумкин эмасди! Гапларидан лаззат олишимни, унинг ўзимга нисбатан чексиз, ҳа, чексиз билимдон ва етук эканини ҳам яширмадим. У қизариб кетди, ноқулай аҳволга тушиб, «ошириб юборяпсиз» деди. Ана шунда, мен аҳмоқ калла, ўзимни тутолмай, эшик ортида писиб унинг олишувини, бокиралик билан маҳлуқ орасидаги олишувни тинглаганимни, болаларча оқкўнгил бўлган ҳолда ақли, зарофати шуъласи, менга беҳад лаззат бағишлаганини айтиб юбордим. У сесканиб, бутун вужуди титраб кетди, яна ошириб юборяпсиз демоқчи бўлди-ю, бирдан чеҳрасига қайғу югурди, юзини қўллари билан тўсиб ҳўнграб юборди… Мен яна ўзимни тутолмадим, яна йиқилиб оёқларини ўпа кетдим. Ўтган сешанбадаги каби тутқаноқ билан якунланган бу воқеа кеча кечқурун содир бўлди. Эрталаб эса… Эрталаб!? Тентак, эрталаб бугун эди, бугун эртага эди, яқинда, яқинда эди… Яхшилаб тинглаб, уқиб олинг: яқинда (кечаги жазавадан кейин) чойга ўтирганимизда у ўзининг хотиржамлиги билан мени лол қолдирди. Ҳа, шундай бўлди. Мен эсам туни бўйи кечаги воқеа туфайли қўрқувдан типирчилаб чиққан эдим. Бирдан у менга яқинлашди, тиз чўкди, қўлларини қовуштириб (яқинда, яқинда-я!) ўзининг жиноятчи эканини, буни яхши билишини, жинояти қиш бўйи азоб берганини, азоб исканжасидан ҳали ҳам қутулмаганини… олижаноблигимни чексиз қадрлашини айтди: «вафодор хотинингиз бўламан, сизни эъзозлайман..» Шунда мен сапчиб туриб уни телбаларча қучоқлаб олдим! Уни ўпа кетдим, юзларидан, лабларидан ўпдим, узоқ айрилиқдан кейин қайтган эр мисол ўпдим. Шундан кейин нимага кетдим-а, икки соатгагина… хорижий паспортлар орқасидан… Э, худо, беш дақиқагина, беш дақиқа олдин қайцам бўлмасмиди? Дарвозамиз олдидаги оломон, уларнинг нигоҳлари… Э, худо! Лукерянинг айтишича (о, мен энди Лукеряни сира қўйиб юбормайман. У ҳаммасини билади, бутун қиш бўйи у билан бирга бўлган, энди менга ҳикоя қилиб беради!), мен уйдан чиққач, қайтишимга бор-йўғи йигирма дақиқа қолганда хонамизга кирган, бойвуччадан ниманидир сўрамоқчи бўлган, нималиги эсимда йўқ, кириб қараса-ки, унинг иконаси (ҳов ўша, гаровга келтирган, Биби Марям иконаси) нақшиндор қопламадан чиқарилган, стол устида турибди, бойвучча худди ҳозиргина сажда қилгандай... «Сизга нима бўлди, бойвучча?» – «Ҳеч нима, Лукеря боравер.. Тўхта Лукеря». Яқинлашиб ўпибди. -Бахтлимисиз, бойвучча? – деб сўрабди. «Ҳа, Лукеря». – Аллақачонлар сиздан узр сўрашлари керак эди… Xудога шукр, ярашиб олдинглар. – «Яхши, Лукеря, бор, боравер Лукеря» - шундай деб жилмайибди, жуда ғалати жилмайибди. Шу даражада ғалати жилмайибдики, Лукеря ўн дақиқадан сўнг хабар олиш учун яна изига қайтибди. «У шундай дераза олдида, тирсаги билан деворга суяниб, бошини қўлига қўйиб, ўйланиб турибди. Жуда қаттиқ ўйга толганидан қўшни хонага кирганимни, тикилиб қолганимни сезмади. Қарасам, жилмаяётганга ўхшади, турган ҳолича ўйлаб жилмайгандай бўлди. Унга қараб туриб-туриб, орқамга ўгирилиб, секин чиқдим. Энди ўзимча ўйга толгандим, дераза очилгани эшитилди. «Бойвучча, ҳали ҳавонинг заҳри бор, шамоллаб қолманг» дегани кириб, қарасам – у деразада турибди. Очиқ деразада бутун бўйи-басти билан менга орқасини ўгириб турибди. Қўлида Биби Марям. Юрагим узилиб тушди. Жон ҳолатда «Бойвучча, бойвучча!» деб қичқирдим. У овозимни эшитди, ўгирилмоқчи эди, ўгирилолмади, ташқарига қараб қадам қўйди, Биби Марямни кўкрагига босиб, ўзини деразадан ташлади». Мен фақат бир нарсани яхши эслайман: дарвозадан ҳатлаб ўтганимда у ҳали совуб улгурмаган эди. Муҳими – ҳамманинг кўзи менда. Аввалига бақираётган эдилар, кейин бирдан жимиб қолдилар. Оломон икки томонга сурилиб йўл очилди ва… уни Биби Марямни қучоқлаган ҳолда кўрдим. Ғира-шира эслайман, унга жимгина яқинлашдим, узоқ тикилдим, чекинаётган оломон ичидан менга нималардир дейишди. Лукеря шу ерда экан. Мен билан гаплашганмиш. Фақат мешчан ёдимда, у нуқул тошдаги қонни кўрсатиб: «оғзидан бир ҳовуч қон чиқди, бир ҳовуч! Бир ҳовуч!» деб бақирарди. Мен, афтидан, қонга бармоғимни теккиздим, қонга буланган бармоғимга қарадим (бу эсимда), мешчан эса нуқул «бир ҳовуч, бир ҳовуч!» деб бақирди. -Бир ҳовучинг нимаси! – деб қайнаб кетибман, бор кучим билан унга ташланибман. О, ваҳшийлик, ваҳшийлик! Англашилмовчилик бу! Ножоизлик, ақлга тўғри келмайдиган ҳол бу! Атиги Беш Дақиқагина Кечикдим Нотўғрими? Ҳақиқатга тўғри келмайдими? Жоиз дейиш мумкин эмасми? Бу аёл нимани деб, нимага ўлди? О, ишонинг. Тушунаман, аммо унинг нима учун ўлгани муҳим муаммо. У менинг муҳаббатимдан қўрқди, қабул қилсамми, қилмасамми, деб ўзидан-ўзи жиддий сўради, охир саволига жавоб тополмай, ўлимни раво кўрди. Биламан, биламан, бош қотиришнинг ҳожати йўқ ваъдаларни керагидан ортиқча бериб юборди, ваъдага вафо қилолмаслигини билиб қўрқди – бу равшан нарса. Бу ерда ниҳоятда мудҳиш бўлган бир неча вазият бор. Ҳарҳолда «у нима учун ўлди?» - деган саволга ўрин бор. Бу савол бетиним тиқиллаяпти, айнан менинг миямда тиқиллаяпти. Агар у шу ҳолда қолишни истаганда, мен уни шу ҳолда қолдирардим. У эса бунга ишонмади, мана гап қаерда! Йўқ, йўқ алдаяпман, гап бу ерда эмас. Масала оддийроқ, мен билан ҳалол муносабатда бўлиши керак эди; севадиган бўлса бутун жону тани билан севиши лозим, баққолга инъом этиши мумкин бўлган севги менга мутлақо керак эмасди. У баққолга лозим бўлгани учун ҳам мени алдаб юришни истамади. У севги ниқоби остида ярим севги ёки чорак севги билан мени лақиллатишни хоҳламасди. Ҳаддан ташқари бокира эди, мана гап қаерда! Қалб кенглигини жорий этмоқчи эди, эсингиздами? Ғалати фикр… У мени ҳурмат қилармиди? Буни ўлардай билгим келяпти. Мендан нафратланармиди ёки йўқми? Ўйлашимча, нафратланмасди. Ғоят таажжубланарлиси шундаки, мендан нафратланармиди, деган савол бутун қиш бўйи калламга келмабди. Мен унинг нафратидан холи эканимга сўнгги дақиқагача, менга қатъий ажабланиш билан, айнан қатъий қарагунга қадар олий даражада ишонардим. Ана шунда мен унинг нафратланишини тушундим. Абадулабад, умрбод англадим! Оҳ, майли эди, бир умр нафратланса ҳам майли эди, мен учун тирик бўлса, тирик юрса бас эди! Яқиндагина юрувди, гапирятувди. Қандай қилиб деразадан ташлади, сира ақлим бовар қилмаяпти. Ҳатто беш дақиқа олдин ҳам буни тасаввур эта олмасдим. Лукеряни чақирдим. Энди уни сира қўйиб юбормайман, сира! О, биз ҳали тил топишишимиз мумкин эди. Биз фақат қиш бўйи даҳшатли равишда бегоналашиб қолдик, ахир яна яқинлашувимиз мумкин эди-ку? Яна меҳр нуқтасида учрашиб, янги ҳаёт бошлашимиз наҳот, наҳот мумкин эмасди? Мен олижанобман, у ҳам – учрашув нуқтамиз шундан иборат! Яна икки кунгина, кўп эмас, чидаса, яна бир неча сўз билан ҳаммасига тушуниб етарди. Муҳими, бу ҳодиса – оддий, ёввойи, жоҳил ҳодиса ана шуниси алам қилади. Шундан дилим оғрийди! Беш дақиқа, бор йўғи, бор йўғи, беш дақиқа кечикдим! Беш дақиқа олдин келганимда ҳаммаси булут каби сузиб ўтиб кетарди, бу иш кейин хаёлидан кўтариларди. Ҳаммаси унинг тушуниб етиши билан якунланарди. Энди эса яна бўш хоналар, яна ёлғизлигим… Ана соат капгири тиқиллаяпти, унга нима, раҳм, шафқат деган нарсани билмайди. Энди ҳеч ким йўқ – ранжу аламим ҳам шу! У хонадан бу хонага сарсари кезаман. Биламан, биламан, айтмай қўяқолинг, тасодифдан, беш дақиқа кечикканимдан зорланишим сизга кулгили туюляпти. Аммо аён ҳақиқатни тан олгингиз келмаяпти. Ўзингиз ўйлаб кўринг: у бошқалар каби ҳатто «ўлимимда ҳеч кимни айбламанг», деган икки энлик хатча ҳам қолдирмабди. «У билан сен ёлғиз қолган эдинг, деразадан итариб юборгансан», деб ҳатто Лукеряни сарсон қилишларини наҳот ўйлаб кўрмаган бўлса! Агар ҳовлидаги тўрт киши унинг деразада Биби Марямни қучоқлаб турганини, сўнг ўзини ташлаганини кўришмаганда, айбсиз бўлишимизга қарамай, тоза саргардон қилишарди. Ахир одамларнинг туриши, ҳодисага гувоҳ бўлгани ҳам тасодиф-ку! Йўқ, буларнинг барчаси – лаҳза, ғайришуурий лаҳза. Ногаҳонийлик ва бежилов хаёл! Xўш, икона қаршисида ибодат қилган бўлса нима? Бу ўлим олдида тавба қилди, деган гап эмас-ку! Ҳаммаси бир лаҳзагина давом этган. Балки қандайдир ўн дақиқа ичида – деворга суяниб, бошини қўлига қўйганича жилмайган пайтида бир қарорга келгандир. Калласига шу хаёл урилгану боши айланиб, бу қарор қаршисида ўзини тута олмаганми? Хоҳ истанг, хоҳ истаманг, бу ерда қандайдир тушунмовчилик бор. Мен билан яшаши мумкин эди. Камқонлик бўлса нима қипти? Камқонликдан, силласи қуриб ҳаётий қувватнинг тугаганидан дейсизми? Йўқ, у қиши билан чарчади, мана гап қаерда… Кечикдим!!! Тобутда ётганда бунчалар хипча, бурни бунчалар сўппайиб қолмаса! Киприклари камон ўқлари каби ётибди. Йиқилиши ҳам беозоргина бўлган – ҳеч ери синмаган, ёрилмаган. Фақат шу «бир ҳовуч қон». Яъни бир қошиқ дегани. Ич-ичидан қалққан. Ажиб фикр: кўммаслик мумкин бўлганда эди? Уни олиб кетишгач, унда… о, йўқ, олиб кетиш мумкин эмас! О, ахир мен олиб кетишлари лозимлигини биламан, мен телба эмасман, алаҳсираётганим ҳам йўқ, аксинча, ақлим ҳеч маҳал ҳозиргидай ойдинлашмаган. Мен бир нарсани ҳазм қила олмаяпман: яна уйда ҳеч ким қолмайдими, яна ҳайҳотдай бу хоналарда гаровга қўйилган буюмлар билан ёлғиз яшайманми? Алаҳсираш, алаҳсираш, мана алаҳсираш қаерда! Мен унинг силласини қуритдим мана гап қаерда! Энди қонунларингизни бошимга ураманми? Энди одатларингиз, таомилингиз, ҳаётингиз, давлатингиз, динингизни сариқ чақага олмайман. Майли, мени сизнинг ҳакамингиз сўроқ қилсин, майли мени ўша судга, очиқ судингизга бошлаб боринг, ҳеч нимани тан олмаслигимни ўша ерда ҳам айтаман. Ҳакамингиз «Жим бўлинг, офицер!» деб қичқиради. Мен эсам унга: «Мени қулоқ осишга мажбур этувчи қудратинг қани? Нима учун бу зим-зиё жаҳолат мен учун ҳамма нарсадан қадрли бўлган нарсани мажақлади? Қонунларингиз менга нимага керак? Менга энди бегона булар!» деб бақираман. О, энди менга бари бир! Ожиз, ожиз! Жонсиз у, эшитмайди! Сенга қандай жаннат яратиб берардим, билмайман. Жаннат қалбимда эди, чор атрофингни жаннат билан ўрардим. Сен мени бари бир севмас эдинг, хўш, нима қипти? Ҳаммаси ўша ҳолда бўларди, ўша ҳолда қоларди. Дўстга гапириб бергандай гапирардинг менга – бир-биримизнинг кўзимизга тикилиб қувонардик, кулардик. Шундай яшардик. Бошқани севиб қолсангми? Майли, рози эдим! Сен у билан юриб кулардинг, мен бўлсам кўчанинг бу бетида туриб кузатардим… О, фақат бир мартагина кўзини очса, ҳаммасига рози эдим! Бир лаҳза, фақат бир лаҳза (!) менга қараса эди, худди яқингинада олдимга келиб вафодор хотин бўламан, деб қасам ичаётгандай бир қараса эди! О, бир қарашдаёқ ҳаммасини англар эди! Жаҳолат! О, табиат! Ер юзидаги одамлар ёлғизлар – алам қиладигани шу! «Майдонда тирик жон борми?»- деб қичқиради, рус паҳлавони. Паҳлавон бўлмасам-да, мен ҳам қичқираман – ҳеч ким жавоб бермайди. Қуёш одамга жон беради, дейдилар. Қуёш чиққанда унга бир қаранглар – ахир у ўлик эмасми? Ҳамма нарса ўлик, ҳамма ерда жонсиз мурдалар. Фақат одамлар, атрофларини сукут ўраб олган – Ер шундан иборат. «Одамлар, бир-бирингизни севинг!» Буни ким айтган!? Кимнинг ўгити? Соат капгири унсиз, нафратни қўзғатадиган даражада тиқиллайди. Тун оғди – соат икки. Ботинкачалари каравоти олдида турибди, гўё бекасини кутяпти. Йўқ, жиддий айтяпман, эртага уни олиб кетишгач, мен нима қиламан? 1876 ↑ «Ёзувчи кундалиги» назарда тутилаётган бўлса керак. Ф.М.Достоевский 1873-74 йилларда «Гражданин» журналига муҳаррирлик қилиб, ҳар ойда «кундалик»ларини эълон қила бошлаган. 1876-77 йилларда давом эттирган. «Маъсума»нинг ёзилиш вақти худди шу даврга тўғри келади. (Тарж.) ↑ Ҳам оқлашим, ҳам қоралашим маъносида (лотинча) ↑ Инглизчасига (франс.) ↑ ХИХ аср инглиз файласуфи, утилитаризм тарафдори назарда тутилган бўлса керак. (Тарж.) ↑ Ишқий учрашувга (франс.) |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Ma’suma (hikoya) [Fyodor Dostoyevskiy] 1147 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62483 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58305 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40527 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36752 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23375 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23213 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22336 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19607 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18699 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14513 |