Элдор (ҳикоя) [Goʻzaloy Matyoqubova] |
Айни саратон вақти, ғир этган шабада йўқ. Қуёш ёндираман дейди. Элдор энди сигирларни тўранғилар соясига боғлайман, деб турганида арқонлар эскилигидан узилиб, сигирлар шаталоқ отиб, ҳар томонга тарқаб кетишди. Уларни тутиб боғлайман, дегунча ҳолдан тойди. Дармони қуриб, оёқларини зўрға судраб уйига келди. Ҳамма пешин уйқусида, ғимир этган жонзот йўқ. Элдор эшик олдида бирпас серрайиб турди-да, иссиқнинг зўридан терлаган юз-кўзларини артди. Эшикни ғичирлатмасликка тиришиб, секингина уйга кирди. Хайрият, ҳаммаси ухлашган экан. Жойига бориб ётмоқчи эди-ю, лекин қўрқувни очлик енгиб, дастурхон олдига келди. Ҳар доим хонтахта устида нон, чойнак-пиёла, хитой чиннисига ўхшаган чиройли идишда мураббо ёки шакар турар, овқат вақтида йўқ бўлса, бувиси унинг насибаси деб, оз бўлса-да ликопчада насиба олиб қўярди. Ҳозир ҳам дастурхонни очаркан, ликобча тўнкарилган товоқдаги ошни кўриб, иштаҳаси карнай бўлиб кетди. Янгаси чиқиб қолишидан қўрқиб, қошиқ олиб келишга ҳам сабри чидамай қўллари билан апил-тапил ош ея бошлади. Шошганидан, хонтахта четида турган кичкина Икромнинг сут идишини туртиб юборди. Сут идиш хонтахтадан пастга тушмасдан айланиб-айланиб бориб нон турган баркашга «жаранг» этиб урилди. Элдор кўзларини катта-катта очиб қотиб қолди. — Бўлди, тамом, бошланди, — деди ўзига-ўзи пичирлаб. Унинг ўзига-ўзи гапириши кимгадир дардларини тўкиб солаётган одамга ўхшарди. — Ҳа, қирчинингдан қирқилгур, қаерлардадир санқиб юриб, уйга келиб ҳамманинг уйқусини бузасан. Тақирлатмай заққумингга ютсанг ўласанми?! Янгаси гўдагини овутаркан, тинмай қарғанарди. Қарғишни эшитиб, қўшни хонадан бувиси чиқди. Элдор худди шундан қўрққанди. Бувиси кела солиб унинг юзига тарсаки тортиб юборди. Қулоғидан чўзиб: — Қаерда эдинг? — паст овозда зўриқиб пичирлади. Тарсаки зарбидан Элдорнинг кўзларига ёш келди. Бўғзига нимадир тиқилиб, гапиролмади. — Бола бўлгунча бақа бўлсанг бўлмасмиди? Мени кунимдан бурун ўлдирасан-ку! Унинг овозида қандайдир ҳазинлик бор эди. — Уст-бошига қаранг энди буни, қўлларига қаранг, қўллариниям ювмаган-а! Элдор янгасига кўз остидан қаради. У икки қўлини белига тираганча турар, тинмай жаврарди. — Кап-катта бола-ю, уйга бир тийинлик фойдаси тегмайди. Мол боқаман деб, худо билсин, қаерларда юради?! Ҳалитдан шундай бу, катта бўлгач қандай бўлар экан? Қўлидан бир иш келмайдиган безори босмачи бўлади-да, отасига ўхшаб... Элдор бу гапларни кўп марта эшитган бўлса ҳам эътибор бермайди. Чунки, у билади, отаси босмачи бўлмаган. Унинг лақаби шундай. У отасини кўрмаган бўлсаям билади. Бувиси унинг билагидан тутди, судрагудек қилиб эшик ёнига борди. Эшикни очди. — Бор, юзларингни, оёқ-қўлларингни ювиб, жойингга бориб ёт! Элдор кўз остидан бувисига қаради. Бувисининг кўзларида ёш ғилтилларди. Элдорнинг қараганини кўриб, сездирмаслик учун юзини тескари бурди. Элдор сезди. Билиб билмасликка олди. Элдор яхшилаб ювинди-да, оёқ учида юриб, жойига бориб ётди. Энди ҳамма тинчиб қолган. Кичик холаси ҳам бошини ёстиқ тагига тиқиб, пишиллаб ухларди. Афтидан, боя шовқинни эшитмаслик учун шундай қилганди. Олдинлари янгаси унга жуда меҳрибон эди. Кейин туғди. Ўзининг болалари бор. Ундай деса, бувиси-чи? Йўқ, билади, бувиси уни яхши кўради. Фақат янгасига аччиқ қилади. Уни кичкиналигидан бувиси тарбия қилган. Эмизиб катта қилган. Айтишларича бувисига меҳр сути келганмиш. Ҳатто, кечалари ҳам уни ойисига бермасдан ўзи билан олиб ётаркан. Барибир, у бувисини яхши кўради. Аслида ҳаммаси буваси билан тоғаси ишлагани кетиб, ойиси турмушга чиққанидан кейин бошланди. Энди у на ойисиникига сиғади, на бувисиникига. Эҳ, катта бўлиб қолсам Гулнозни олиб, бу ерлардан кетардим. Бечора Гулноз! Унинг аҳволи ҳам уникидан кам эмас. Тўғри, у ойиси билан бирга. У ойисининг турмуш ўртоғини «отам« дейди. Лекин унақамас. Аслида Гулноз Элдор билан ҳам ўгай. Фақат ойилари бир. Шундай бўлса-да, у Гулнозни яхши кўради. Элдор Гулнознинг дадасигаям "дада" демаган, бунисигаям »дада» демайди. Яқинда у яна укалик бўлди. Лекин уям ўгай. Унинг дадасиям, ойисиям бор. У билан Гулнознинг эса ойиси бор, дадалари йўқ. Иккиси ҳам дадасини кўрмаган. Иккисининг ҳам дадалари туғилмасдан бурун ойисини ташлаб кетишган. Бечора Гулноз худди ойисига ўхшайди. Ойисидек чаққон, ойисидек меҳрибон. Ўзи кичкина бўлса ҳам кучи етадиган ишни чиройли қилиб бажаради. Қизиқ, сира тушунмайди. Ойисидек яхши аёлни унинг дадаси, Гулнознинг дадаси нега ташлаб кетишган экан-а? У Гулнознинг дадасини кўрган. Эс-эс эслайди. Ўзининг дадасини эса мутлақо кўрмаган. Эшитишича, у худди дадасига ўхшармиш. Унга ўхшаганидан ойисига ўхшагани яхшийди. Элдор хаёл аралаш у ёнидан бу ёнига ўгирилди. Ўгириларкан, дераза тагидаги жавонга кўзи тушди. Жавонда ўзининг китоблари чиройли қилиб тахлаб қўйилганди. Уни тунов куни ойиси билан келган Гулноз тахлаганди. Чиройли қилиб тахлабди, дея хаёлидан ўтказди Элдор. Китобларнинг сиртига 3-синф деб ёзилганди. Ҳа, мактабгаям оз қолди. Яқинда у 4-синфга боради. Энди 4-синф китобларини сотиб олиши керак. Бувиси сотиб олиб берармикан? У олиб бермаса ойиси олиб берар... Ойиси ҳам олиб бермаса-чи? Унда нима қилади? Бу ҳам бир можарога сабаб бўлмасайди? «Эҳ, катта бўлиб қолсам эди» — деди ўзича. Кейин ёмон хаёлларни миясидан қувиш учун кўзини юмди. У ҳар доим яхши нарсаларни хаёлига келтириш учун шундай қиларди. Бир пайт пешонасини майин бир қўл силаётганини ҳис қилиб кўзини очди. Қараса, тепасида ойиси ўтирибди. У жилмайди-да, унинг оёқ томонига ишора қилди. Унинг оёқ томонида бир киши қовоқларини солиб ўтирарди. У киши Элдорнинг қараганини кўриб, мулойимлик билан сўз қотди. — Ҳа, ўғлим нима қилиб ётибсан? Тур, кетдик. Сени олиб кетгани келдим. Элдор сапчиб ўрнидан турди. — Сиз кимсиз? Ойиси Элдорни елкасидан тутиб, секин ўзига қаратди. — Бу киши сенинг даданг бўлади, ўғлим. Сени олиб кетгани келибди. — Дадам?! Элдор нима дейишини билмай жим бўлди. Шу пайт Гулнознинг «Элдор! Элдор!» деган товушини эшитиб ҳайрон бўлди. Нега энди Элдор деяпти, ахир доим ака дерди-ку! — Хўш, ўғлим, мен билан кетасанми? — хаёлини бўлди ҳалиги киши. — Йўқ, — деди Элдор. — Кетмайман! — Кетмайсанми? Кўзларини совуқ йилтиратди ҳалиги киши. Элдор жавоб бериш ўрнига жойига ётиб олди. — Кетмасанг... Кетмасанг... Мана сенга, кетмасанг... Ҳалиги киши унинг орқасига пошнали этик кийган оёғи билан тепди. Тепкининг зарбидан унинг юмиб олган кўзлари ярқ этиб очилди. Қараса дадангман, деган кишининг ўрнида янгаси турарди. Ойиси ҳам ғойиб бўлибди. — Сенга индамаса, кун ботгунчаям ухлайсан. Тур, яшшамагур, молларга кет! Оч қолгандир бечоралар... Элдор ўрнидан сакраб турди-да, ташқарига югурди. Остонада ўтирган бувисига қоқилиб кетишига сал қолди. Бувиси изтироб тўла, мунгли кўзлари билан қараб: — Болам, ҳеч бўлмаса қўлингга озгина нон олиб кетгин. Очиққанда ерсан, — деди. Элдор уйга қайтиб кирмоқчи эди-ю, лекин мажоли етмади. Бўғзига нимадир тиқилди. Уни нимадир бу ерлардан узоқларга судраётгандек бўлди. Асфалт йўлни кесиб ўтиб, ёлғизоёқ йўлга тушиши билан югуриб кетди. Унинг кўзлари ҳеч нарсани кўрмас, қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмас, агар тўхтаса нимадир содир бўладигандек фақат югурарди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62547 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58806 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40551 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36891 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23450 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23259 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22861 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19678 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18786 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14541 |