Қиш ёмғири (ҳикоя) [Abduqahhor Ibrohimov] |
Пешиндан бери ёмғир ёғяпти. Аввал эзиб ёғди — тўпиққа чиқадиган қорни оқизиб кетди. Кечга бориб бирдан шамол турди. Тарнов сувлари гоҳ чапга, гоҳ ўнгга, гоҳо иморат деворига қуйилади... Трамвай бекатида турганлар ўзларини кўча ёқасидаги дорихонага, дўконларга уришди. Бекатда фақат уч киши қолди: қиз тутган зонтик йигит учун ҳам паноҳ бўлди. Кейин зонтик йигит қўлига ўтди. Улардан сал нарида ўрта мактабнинг математика муаллими Козимбек турибди. Қўлида чамадонсифат портфел. Қаҳваранг палтоси ёмғирдан қорайиб кўринади. У панага ўтишни хаёлига келтирмайди. Трамвай келди. Одамлар дорихона ва магазинлардан отилиб чиқишди, ўзларини трамвайга уришди; чиқолганлар чиқди, қолганлари изларига қайтишди. Козимбек ҳам, йигит-қиз ҳам жойларидан силжишмади. Троллейбус келди. Одамлар дорихона ва дўконлардан отилиб чиқишди ва ўзларини унга уришди. Чиқолганлар чиқди, қолганлари изларига қайтишди. Йигит билан қиз ҳам троллейбусга илинишди. Бекатда Козимбекнинг ўзи қолди. Ёмғир ёғмоқда... Козимбек кутяпти... Ниҳоят, унинг кутгани — маршрутли такси келди, муроди ҳосил бўлди. Козимбек маршрутли таксида юришга одатланиб қолган. Бўлмаса бу бекатда трамвай, троллейбус, автобуслар тўхтаб ўтади. Козимбек эгилиб маршрутли таксига чиқар экан, орқа ўриндиқда ўтирган Жўравойга кўзи тушди. Қайтиб тушиб кетишнинг иложи бўлмади, машина жойидан жилган эди. — Ие, Козиммисан, сени сувга бўккан... — Жўравой гапининг давомини айтмади, шундай ҳам нима демоқчи эканлиги равшан эди, кейин ёнидан жой кўрсатди. — Қани, бу ёққа! Козимбек билан Жўравой курсдош, беш йил бирга ўқишган. Жўравой курсдошлар орасида ҳазил-мутойибага, калака қилишга усталиги билан танилган эди. Козимбек бошқа бўш жой йўқлиги учун Жўравойнинг ёнига ўтиришга мажбур бўлди. У Жўравойнинг аскиясига учрашидан чўчир эди. Айниқса, одамлар орасида. — Табриклайман! — деди дабдурустдан Жўравой Козимбек билан қўл олишар экан ва унинг елкасига уриб қўйди. Козимбек ҳайрон бўлиб қолди, ҳар нарсадан ўзича хулоса чиқараверадиган, ҳадиксирайверадиган бўлгани учун «табриклайман» дегани унга ғалати таъсир этди. — Ўзим эшитмасам, бундоқ шипшитиб қўймайсан ҳам! — деди сўзида давом этиб жиддий қиёфада Жўравой. — Янгилик зўр-ку! Козимбек ажабланиб: — Тушунтириб айт! Нима билан табриклаяпсан? Янгилик деганинг нимаси!, — деди. — Қўй, мўғомбирлик сенга ярашмас экан, — деди Жўравой. — Билиб туриб, ўзингни гўлликка солма, оғайни. Бир жойда ишлаб туриб... Эй, қўй-е... — Рост айтяпман, — деди Козимбек. — Ҳеч қанақа янгиликни эшитганим йўқ. — Ие, ҳали шундоқми, бўлмаса сени ғафлат босибди, оғайни. Мактабингдаги ўзгаришдан бехабар қолибсан. Козимбекнинг юзида таажжубланишдан кўра ваҳима, ташвишланишга ўхшашроқ ифода пайдо бўлди. — Қанақа ўзгариш? — деди у ўз касалидан қўрққан бемор врачга чўчиб савол берганидек. Буни Жўравой сезмай қолдирмади! Одатда ҳазилкаш кишилар суҳбатдошларининг ҳолатини тезда илғаб оладилар, шунга қараб суҳбат тарзини белгилайдилар. Жўравой янада жиддийлашди. Бироз сукут сақлагач, Козимбекнинг қулоғига шипшиди: — Директоринг мактабдан кетди, ўрнига туман халқ таълими бўлимининг инспектори Солиев тайинланди. — Йўғ-е, йўғ-е... Бўлмаган гап. Ҳазилни қўй, оғайни. — Ҳазил эмас, рост. Сенга ёлғон гапирармидим? — Мени калака қилма. — Рост. Куни кеча туман халқ таълими бўлими шундай қарор қилибди. Ҳозир ўша ердан эшитиб келяпман. Бу гапдан Козимбекнинг эти увишиб кетди. Шунча ёмғирда қолиб ҳам эти увишмаган эди. — Мана шунақа гаплар, оғайни, — деди Жўравой юпатгансимон. — Наҳотки... — Козимбекнинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди. — Наҳотки... — Майли, ишонмасанг, ишонмай қўя қол. Мен бор гапни айтдим. — Гапинг чин бўлса, яхши бўлмабди. Ҳар ҳолда, Ғиёс Ғаниевич мактабдан кетмайди. — Нега энди? — Негаки, бугун Ғиёс Ғаниевичда ҳеч бир ўзгариш сезилмади. Авваллари қандай бўлса, бугун ҳам шундай кўринди. — Дилидагини билиб ўтирибсанми? Мактабдан кетиши аниқ. — Ўзи билармикан? — Бўлмаса-чи! Кеча мажлисда қатнашибди. «Кўринишдан на хурсандлиги, на хафалиги сезилган эди». Козимбек шуни дилидан ўтказди, кейин Жўравойдан аста сўради: — Оғайни, қани айт-чи директоримиз юқорилармикин ёки... Козимбек гапининг бу ёғини айтмади, гўё Ғиёс Ғаниевич эшитиб қолаётгандек тилга олишга чўчиди. — Дарвоқе, буни сўрамабман. Лекин мактабдан кетиши аниқ, — шундай деб Жўравой тушиб кетди. Козимбекнинг юраги увишганича бор. Мактаб директори Ғиёс Ғаниевич унинг неча йилларки бошлиғи. Козимбек институтни тугатиб, тўғри шу мактабга ишга келган. Бунга ҳам бу ўқув йили тугаса, ўн йил тўлади. Козимбек ишга қабул қилинишини сўраб Ғиёс Ғаниевич номига ариза ёзган, дипломининг асл нусхасини ҳам унга кўрсатган. Мана энди кутилмаганда бунақа гап чиқди. Козимбек қизил қор ёғишини хаёлига келтириши мумкин эди (қачонлардир аллақаерда қизил қор ёққани ҳақида газетада ўқиган эди) аммо Ғиёс Ғаниевичдан ўзга кишини мактаб директори сифатида тасаввур қилолмасди. Ғиёс Ғаниевичга шу қадар кўникиб, ўрганиб, мослашиб кетган эдики, асти қўяверасиз. У мактабда директордан бўлак ҳеч кимни тан олмасди. Ўқитувчилар у ёқда турсин, ҳатто илмий мудир билан ҳам ҳисоблашмасди. Нимаики таклифи бўлса, лутфан директорга айтади; нимаики илтимоси бўлса, шахсан директорга учрашади. Бу ҳолнинг одат тусини олишига дастлабки пайтларда Ғиёс Ғаниевич билан Козимбекнинг тенгдошлиги сабаб бўлди. Козимбекнинг маслаҳат сўраб ёки таклиф билан ҳузурига тез-тез кираверишига Ғиёс Ғаниевич мойиллик билдирди, чунки бу ўзига хуш ёқарди. Козимбекдан илтифотларини дариғ тутмади. Илмий мудир ёки мактабнинг бошқа раҳбарлари билан ҳам битирса бўладиган иш юзасидан ҳузурига кирганида Козимбекка бир нима демади, масалани шахсан ўзи ҳал қилаверди, «илмий мудирга учрашинг», «завхозга боринг», дейишни унутди. Козимбек бора-бора коллективда директордан ўзгани тан олмайдиган бўлиб қолди. Унинг директор ўзгаришини, ўзга кишининг бошлиқ бўлишини тасаввур қилолмаслигига сабаб ҳам шунда. Козимбек хаёл билан бўлиб, ўз бекатидан ўтиб кетди. Муюлишда сезиб қолди. Ҳай-ҳайлаб тўхтагунча машина ярим чақирим йўл босиб қўйди. Янги очилган кўчадан лойгарчиликда, бунинг устига жалада юриш ўзи бўлмайди. Козимбек бемаврид ёққан ёмғирни ичида сўкди. У тўпиғидан лойга ботиб, аранг ҳовлисига етиб келди. У уйга киргач, кийимларини алмаштирди, овқатланди, ширин чой ичди, ўзини печкага тоблади, лекин бари бир вужуди исимади. Чунки ўзи учун энг совуқ хабар эшитган эди. «Жўравойнинг гапи ростмикан ёки ҳазил?» Бу савол унинг оромини ўғирлаб қўйган эди. Кимдир бир куни Козимбекка ҳеч эсдан чиқмайдиган гап қилган эди: «Козимбек, эсингиз борида математика ўқитувчиси касбини танлаб зап иш қилган экансиз-да! Бахтингизга бу фан тез ўзгаравермайди. Икки карра икки ҳамиша тўрт. Бошқа предметдан дарс берганингиздами...» Козимбекнинг феъл-атвори ҳам одатига муносиб эди. У қайнатасининг уйига борса, фақат қайнатаси билан гаплашарди, бошқалар билан сўзлашишни ўзига эп билмасди. Чунки қайнатаси оила бошлиғи-да! Тўйда тўй эгаси билангина сўрашади. Никоҳ тўйида эса келин-куёвни табриклаш ўрнига уларнинг ота-оналарини қутлайди. Дўконларга кирса, мудирни йўқлаб қўйгач, харид қилади. Курсдошларини кўрганда уларнинг ўзини эмас, бошлиқларини суриштиради. Хуллас, ёмғирдан кўра қорни афзал билади, ҳандалак пишиғида қовундан гап очади... Козимбек бир кечадаёқ ўзини олдириб қўйди. Эртасига ишга кўзлари киртайиб келди. Ҳамкасблари уни тоби йўққа чиқаришди. Аллаким: «Грипп бўлса керак», дея ўзини четга олди. Бу ҳам Козимбекка таъсир қилмай қолмади. «Янгилик»дан хабардор бўлса керакки, — деб ўйлади, —мени Ғиёс Ғаниевичга яқин санаб ўзини олиб қочяпти». У тўрт соат дарсини ўтгунча ўқитувчилар хонасига кирмади — ўқитувчилардан бирор гап эшитиб қолишидан чўчиди. «Қани энди Жўравой айтган гап ҳазил бўлса!» Козимбек танаффус пайтларида синфда ўтирди, лекин бекор ўтирмади. Ғиёс Ғаниевич ҳузурига кириш учун баҳона уйлади. Топди! «Шу Наврўзда коллектив бўлиб тоққа чиқилса!» Яхши таклиф! Буни тополганидан беҳад қувониб, директор ҳузурига йўл олди. «Лекин Наврўзга ҳали анча бор-да! Майли, олдиндан тайёргарлик кўрган яхши». Кабинетга кириб не кўз билан кўрсинки, директор инспектор Солиев билан суҳбатлашиб ўтирибди. Буни кўриб Козимбек ўзини йўқотиб қўйди, остонада сўррайиб қолди. Директор унга қайрилиб қаради: — Келинг, Козимбек, — у ўрнидан турди. Буни Козимбек ўзича йўйди: «Авваллари кирганимда ўрнидан турмасди, демак, мактабдан кетадиганга ўхшайди. Солиевда яхши таассурот қолдирмоқчи шекилли». У олдин директор билан ҳам қўл олишгач, пойгакдаги стулга чўкди. — Хўш, келинг? — деди Ғиёс Ғаниевич. Бу гапдан Козимбек: «Нега суҳбатни бўлдинг, қани, гапингни тез айту, кўздан йўқол», деган маънони уқди. Демак, Жўравойнинг гапи ҳазил. — Ғиёс Ғаниевич, Наврўзда бир лола сайлига чиқсак, ўзингиз бош бўлсангиз, камина хизматда турса... — Лола сайли?.. Майли, чиқамиз. Наврўз келсин, албатта чиқамиз. — Раҳмат, — Козимбек кабинетдан хурсанд бўлиб чиқиб кетди. «Жўравойнинг гапи ҳазил экан, Ғиёс Ғаниевич мактабдан ҳеч қаёққа кетмайди. Кетадиган одам ҳеч қачон шундай қатъият билан ваъда бермасди». Козимбек бахтиёр эди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62661 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59749 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23789 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23613 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23366 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19835 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14639 |