Келинчак (ҳикоя) [Hamroxon Musurmonova] |
Эрталаб бувим негадир нонуштага чиқмади. Дадам ичкарига безовталаниб қараб қўяр, биз эса ундан олдин дастурхонга қўл чўзишга одатланмаганимиз боис бетоқатланиб ўтирардик. – Аям нима қиляпти? – деди дадам. – Эрталабдан сандиқ очибдилар, латта-путталарни саралаб ўтирибдилар, менсиз чой ичишаверсин, деяптилар. – Тинчликми, ўзи? Аям елкасини қисди: – Билмасам. Ойимнинг нима ўйлаётганини ўзидан бошқа биров билармиди. Бугун Назира холанинг тўйи-ку. Шунга тайёрланаётгандир-да. Бувим нонушта қилиб бўлганимиздан кейин чиқиб келдилар. Сочларини ювиб, силлиқ қилиб ўриб, учига оқ пахта пилик тақиб олибдилар. Ўзларига оро бериб, чиройли кўйлакларини ҳам кийибдилар. Кўринишидан жуда хотиржам, ҳатто нимадандир мамнун эдилар. – Тузукмисиз, ая? – деб ҳаммадан олдин дадам сўрашди. Биз ҳам навбати билан салом бердик. Бувим менинг елкамга қоқиб, синглимнинг пешонасидан ўпиб қўйди. Папкамни олиб, кўчага қараб югуришни мўлжаллаб турганимни сезиб дарҳол билагимдан ушлади. – Шошма, болам, бирпас шошмай тур. Келинчакка бир нарса берворишим керак, уйи шундоқ йўлингда, ташлаб ўтасан. Маҳалламиздаги келинчакларни кўз олдимга келтириб: – Қайси бирига? деб сўрадим. – Мафтунанинг бувиси бор-у, ўша Келинчакнинг тўйи бугун, – деди бувим ҳайратланарли мамнунлик билан. Анграйиб қолдим. Мафтунанинг бувиси Назира кампир. Уни ҳаммамиз катта буви деб чақирамиз. Наҳотки, шу бувимиз эрга тегаётган бўлса?! Тавба! Ахир у камида етмиш ёшда-ку... Чоли Раҳмонберди бува яхши киши эди. Катта боғи бор эди. Боғи этаги полиз, қовунлари ҳамманикидан олдин пишарди. Узумлари, анорлари ҳар йили ғуж-ғуж хосил қиларди. Мева пишганда биз болалар боғ атрофидан кетолмай қолардик. Чаққонроғимиз бир икки бош узум узиб қочишни ҳам уддалардик. Раҳмонберди бува меваларидан бутун маҳаллага улуш тарқатарди. Мени ҳайрон қолдирган нарса, боғдаги ишкомларида узумдан кўра бедана қовоғининг кўплиги эди. Эшикдан киришингиз билан беданалар бири қўйиб бири сайрар, Раҳмонберди бува эса, «Ҳа товушингдан, аканг айлансин», деб бақириб қўярди. У икки йил олдин қазо қилган. Ўшанда иккинчи синфда ўқирдим. Невараларига қўшилиб бутун маҳалланинг болалари йиғлаганмиз. Энди бўлса, кампири келинчак бўлаётганмиш. Бувимни хурсанд қилаётган бу янгиликдан негадир аччиғим чиқди. Бувим қўлимга тутқазган тугунчани олиб, эсанкираб йўлга тушдим. Менга қара, ҳай бола, бу тўёна экан, уйдагилар сал кечроқ келишаркан, деб айтгин, дея ортимдан тайинлаб қолди бувим. Аям биринчи синфда ўқиётган синглим Дилрабони кийинтириб эшик олдида пойлаб турган эди. Беихтиёр синглимнинг қўлидан ушладим. – Дил, сен Назира бувини танийсанми? – Ҳа, Мафтуна опаниям танийман, – дея бижиллаб жавоб берди синглим. Бугун ўша кампирнинг тўйимиш. Аям тўйга қатлама пишираркан. Кейин бувим иккаласи бориб келишаркан. – Етмиш ёшидаям кампирлар келинчак бўладими? – Билмасам. Кўз олдимга сийраклашган оқ сочига тангали қора сочпопук тақиб, бошига ҳар доим яшил рўмол ташлаб юрадиган Назира буви келди. У бошқа кампирлардан кўра олифтароқ кийинади. Тўйларга махси-калиш эмас, чиройли ялтироқ амиркон ковуш кийиб боради. Қаддини ғоз тутиб, керилиброқ юради. Ҳеч кимга гап бермайди. Бувимнинг айтишича, унинг кериклиги ҳам ўзига ярашаркан. Шу тобда Назира бувини келинчаклар тўй куни киядиган оқ фатода тасаввур этиб, бирдан пиқиллаб кулиб юбордим. – Ҳа, ака, нимага куляпсиз? – деди Дилрабо ҳайрон бўлиб. – Назира бувига оқ тўр кўйлак қанақа тураркан, а? – дедим кулгидан ўзимни тўхтатолмай. Дилрабо менга ялт этиб қаради-да: – Жиннимисиз, унақа кўйлак киймаса керак, – деди-ю бирдан қиқирлаб кулиб юборди. – Ростдан ҳам келин кўйлак кийса-я?.. Ака-сингил Назира бувини тўрдан тикилган, оқ кўйлакда тасаввур этиб роса кулишдик. – Сочини қанақа қилдираркан? – деди Дилрабо мунчоқдек кўзларини менга тикиб қувлик билан. – Салондан сартарош олиб келармикан? Ана энди тасаввур этинг, Назира бувининг кумушранг сочини сартарош аввал қорага бўяса, сочпопукларини олиб ташлаб, алламбало бурама гажак қилиб бошига турмаклаб қўйса. Роса ҳангома бўларди-да, ўзиям. Ҳали қишлоғимизда ҳеч қайси кампир бунақа келинчак бўлмаган. Ака-сингил гаплашиб кулишиб борарканмиз, йўлимиздан Дилрабонинг дугонаси Саида чиқиб қолди. Дилрабо унинг олдига югуриб бориб Назира бувининг тўйи бўлаётгани ҳақидаги хабарни етказди. – Буни мен ҳам биламан, – деди Саида ўзини билағонлардек тутиб. Бу гапдан Дилрабонинг бир оз ғаши келди-да: – Келинчак бўларкан, оппоқ келин кўйлак ҳам кияркан, бувим айтди, – деб юборди. Саиданинг узун киприкли мунчоқдек кўзлари пирпираб кетди. – Ростданми? – Ҳа. Менимча салондан сартарош олиб келишса керак, ахир оқ келин кўйлак кийгандан кейин сочини ҳам тузатиш керак-ку, – деди синглим дугонасини ҳайратда қолдирганидан севиниб. Иккаласи бижир-бижир қилиб, Назира буви қайси салондан сартарош чақиришини муҳокама қила бошлашди. Яна иккита қиз уларнинг сафига қўшилди. Йўл-йўлакай мен ҳам ўртоқларимни учратдим. Назира бувининг тўйи бўлаётганидан ҳамма хабардор эди. Оқ келин кўйлак кийиб, сочини алламбало қилиб турмаклатишини эшитганда болалар аввал хохолаб кулиб юборишар, кейин эса негадир жим бўлиб, маюс тортиб қолишарди. Назира бувиникига етиб борганимизда келинлари дарвоза ёнидаги столга ширинликлар қўйиб безатаётган экан. Бувимнинг омонатини олиб келганимни айтдим. – Шу ерга қўя туринг, обкириб бераман, – деди кенжа келини. Бувим, тағин биров яримга тутқазиб кетмагин, келинчакнинг ўзига олиб кириб бер, деб тайинлаганини эслаб, тугунчани маҳкам бағримга босдим. – Майли, уйга кира қолинг, – ичкарига ишора қилди Мафтунанинг аяси. Назира буви ичкари уйда нимадир юмуш билан овора экан. Инқиллаб-синқиллаб чиқиб келгунча ҳовлининг ўртасида пойлаб турдим. Эгнига қора хон атласдан кўйлак, бошига ялтироқ рўмол ўраб олибди. Қошига қалин қилиб ўсма қўйган, сочларини ҳам яқиндагина ювганми, ялтиллаб турарди. Елкамга қоқиб кўришаётганида бармоқларига қўйилган хинага кўзим тушди. Назира бувидан жуда ёқимли бир ис келаётганди. – Бувим кечроқ келарканлар, манавини сизга бериб юбордилар, – дедим тугунчани узатиб, – тўёна экан. – Бувинг сира тиниб-тинчимайди. Бекорга овора бўлибди-да, ҳай майли, мен ҳам унга тўйларида қайтарай, – дея қўлимдаги тугунни олди у. Бирдан қотиб қолдим: «Тўйларида қайтарай дейдими? Нима, ўзига ўхшаб бувимниям қариганда келин бўлишини истаяптими?» – Раҳмат болам, шошмай тур, – дея Назира буви ичкарига қараб катта келинини чақирди: – Ҳай, Бўстоной, манави той болага катта бувисининг тўй конфетидан олиб чиқиб беринг, айланай. Ўртоқлари билан бўлишиб есин. Кейин у менга ўгирилиб, сочимни силади-да, – Дарсдан чиққанингдан кейин тўғри шу ёққа келавер ўғлим, амакиларинг яхши артистларни чақиришган, томоша қилиб кетасан, – деди. – Ўртоқларимниям олиб келсам бўладими? – Майли, олиб келақол. Тўй болалар билан файзли-да, ойнонай, олиб кела қол, – деб лўмбиллаб қадам ташлаганча, соч попугидаги тангаларини жиринглатиб ичкарига кириб кетди. Бўстон хола берган бир сиқим конфетни олиб эшикка чиқаётганимда Назира бувининг ўғиллари стол-стулларни ҳовлига олиб кираётганини кўрдим-у, яна бирпас анграйиб қолдим. «Оналарини индамай эрга беришаверадими, булар», деган ўй ўтди кўнглимдан. – Шерзод, даданг яхшими, – деди Мафтунанинг дадаси Xалил амаки. – Яхши. – Тўй қиляпмиз, мактабга бормай қўя қол. – Устозим уришади-да. – Дадамнинг ошнаси аясига тўй қилаётган экан, қарашдим, дейсан. Негадир Xалил амакини ёмон кўриб кетдим. Тавба, сира ори йўқми бу одамнинг, аясини қариганда эрга бериб, тағин, буни ҳаммага мақтанишини-чи. Яна артистларнинг зўрларини ҳам чақириб қўйишибди. Мактабга борганимда ҳамманинг оғзида дув-дув гап юрарди: «Назира буви келинчак бўлаётган экан. У оқ келин кўйлак кийиб, сочини роса чиройли қилиб турмаклатармиш». Бу хабарнинг ёнига энг зўр артистлар келиб ўйин кўрсатишини қўшиб қўйдим. – Назира буви бизни тўйига чақиряпти, – дедим синфга киргач, – бормасак хафа бўлади. Тўй болалар билан файзли, деб алоҳида таклиф қилди. – Ростданми? – дейишди синфдошларим суюнганларидан қийқиргудек бўлишиб. Дераза оша дангир-дунгир мусиқа, карнай-сурнай товуши эшитилиб турганда, қулоққа сабоқ кирармиди. Зўрға чидаб ўтирдик. Дарслар тугаши билан тўйхонага жўнадик. Ана энди Назира бувининг қандай келинчак бўлишини томоша қилсак бўлади. – Ўзи, Назира буви кимга тегаётган экан? – деди синфдошим Мансур. Беихтиёр елка қисдим. – Бунисини сўрамабман. Куёв бу ерлик бўлмаса керак, дейишди болалар. Чунки қишлоғимизда Назира бувига уйланадиган чолнинг ўзи қолмаган. Оқ келин кўйлак кийишини ҳисобга оладиган бўлсак, Назира буви шаҳарликка турмушга чиқаётгандир, дея гапга аралашди қизлар. Қишлоғимизнинг чоллари барибир унга тўр кўйлак кийдиришмасди. Тўйхонага кириб бордик. Бизни дарвозага яқинроқ қўйилган бир чеккадаги столга ўтқазишди. Меҳмонлар кўп эди. Ўйин-кулги авжида. Даврадаги кексалар орасидан куёв бўлмиш чолнинг кимлигини аниқламоқчи бўлиб атрофга алангладим. Чолларнинг ҳаммаси пўрим кийинган, чақчақлашиб ўтиришарди. Назира бувининг ўғиллари-қизлари, келинлари галма-галдан даврага чиқиб ўйинга тушишяпти. «Қариб қолган онасини эрга бераётган болалари нега бунча суюняпти», деб ҳеч ким ҳайрон бўлмайди. Бир маҳал эшикдан бувим билан аям ҳам кириб келишди. Оқ ялтироқ кўйлаги устидан чиройли қора камзул кийиб олган Назира буви қаддини ғоз тутиб бувимга пешвоз юрди. – Вой, айланай келинчак, тўйларингиз қуллуқ бўлсин, – деди бувим унга қучоқ очиб. – Сизгаям насиб қилсин, янгажон, – дея бувимни бағрига босди Назира буви. Бир сесканиб тушдим. «Нима, бу калласи айниган кампир, бувимниям келинчак бўлишга кўндирмоқчими? Бунга ўла қолсам рози бўлмасман!» Бу орада аям билан бувимни ичкарига олиб кириб кетишди. Биз ўйин-кулгига андармон бўлдик. Даврани бошқараётган гапга чечан киши бир пайт бувимни микрафон ёнига чақириб қолса бўладими. – Биз келинчак билан эллик икки йилдан бери қадрдон дугонамиз, – деди бувим. – Бошимиздан не савдолар ўтмади. Ҳаммасини биргаликда енгиб, бугунги дориломон кунларга етиб келдик. Болаларимиз ҳам бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб ўсишди. Келинчакнинг болалари ақлли-ҳушли. «Ақлли-ҳушли бўлса етмишга кирган онасини эрга берармиди», – деб ўйладим. – Ўша пайтда бизнинг келинчак, ҳаммадан сулув эди, – дея гапида давом этди бувим. – Мана етмишга кирибди ҳамки, у ҳаммамиздан кўркам. Келинчак, илоҳим умрингиз узоқ бўлсин. Болаларнинг роҳатини, невараларнинг тўйларини кўринг. Ҳалидан бери баъзи ўртоқларим Назира бувининг келин бўлаётганига ишониб-ишонмай ўтиришган эди. Бувимнинг гапидан кейин қулоғимга: – Ростдан ҳам Назира буви келинчак бўлаётган экан-да, – деб пичирлаб қўйишди. Шу маҳал анави чечан киши бувимга савол бериб қолди: – Xанифа буви, нега Назира бувимни келинчак дейсиз? Ахир етмиш ёшида ҳам одам келинчак бўладими? Биз бир-биримизга маъноли қараб, сергакланиб бувимнинг гапларига қулоқ тутдик. – Оҳ болам-ей, ўзим ойнонай сизлардан, – деди бувим. – Мен бу қишлоққа эллик икки йил аввал келин бўлиб тушганман. Ўшанда мана шу қайнисинглим янги келинчак бўлган эди. У пайтлар эрнинг қариндош-уруғларини улуғ тутиб, отларини айтмаслик урф эди. Ҳа, шунақа чиройли одатимиз бор эди. Шундан бери келинчакнинг отини айтмадим. Мен учун у ҳалиям ўша сулувгина келинчак, – деди бувим. Бирдан одамлар ўрнидан туриб чапак чалиб юборишди. Назира буви бувимнинг ёнига йўрғалаб келди-да, маҳкам бағрига босди. – Етмиш ёшингиз муборак бўлсин, келинчак, – деди бувим титроқ товушда. – Сизга ҳам шундай ёшлар насиб эцин янгажон, – деди унга жавобан Назира буви. Ўртоқларим билан биз катталарнинг бу гаплари мағзини англамаган бўлсак-да, ҳайрону лол ҳолда уларга қўшилиб чапак чалардик. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62618 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59427 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40581 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36978 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23543 |
6 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23383 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23319 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19781 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18864 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14591 |