Ўгай она (ҳикоя) [Hasan Manzur]

Ўгай она (ҳикоя) [Hasan Manzur]
Ўгай она (ҳикоя) [Hasan Manzur]
Баъзан хотиралар қалбни тирнайди... Гоҳо шундай бўладики, топганларингдан йўқотганларинг кўпга ўхшаб кетади. Ўксик бир ҳаяжон билан босиб ўтган йўлингга назар ташлаб оласан.
Отаси вафотидан кейин пойтахтда ўқишини давом эттираётган Ҳусан уч-тўрт ойда бир қишлоққа келиб, аясидан хабар олар, ҳар келганда аясини бир юмуш устида учратарди.
Бу сафар борганида аяси эшик супираётган экан. Ишга берилганидан унинг қадам сасини ҳам эшитмади.
– Ая, мен келдим...
Аяси қаддини кўтарди, кўксига туфлаган бўлди: «Капалагимни учириб юбординг, болам», – деди. Кейин бир зум, атиги бир зум у тарафга назар таш¬лаб турди-да, қўлидаги супургисини улоқтириб, уни бағрига олди.
– Нега ҳаяллаб кетдинг, болам, онанг эмасман-да, онанг бўлганимда бунчалик йўқолиб кетмасдинг, – дея гина қилди.
Аяси уни қучганча турар, елкалари силкинаётганидан унсиз йиғлаётгани сезиларди. Ҳусан аясининг оқариб кўкимтир тус олган сочларини силади, юзига сидирилиб тушган рўмолини пешонасига тортди.
– Нега ундай дейсиз, мен сизни онамдан яхши кўраман. Иш, ўқиш билан вақтим бўлмади.
– Отанг ўлмаганида кундузи ўқирдинг.
Аяси ундан аввалроқ бориб ёғоч каравотга ёзиғлик кўрпача устига янгисини солди.
– Нима қиляпсиз, ая?
– Меҳмондай келиб, меҳмондай кетасан, кўрпача солаяпман.
Дастурхонни янгилагани аяси ичкарига кириб кетди.
– Ўтирсангиз-чи, ая, соғиндим дейсиз-у, келсам олдимда тинч ўтирмайсиз.
Аяси қант-қурсга қўшиб тоза оқ нафис докага ўралган гўшт тўрғамларини олиб чиқди.
– Сенсиз томоғимдан ўтармиди, болам, гўшт пиширганимда насибангни олиб қўйганман.
Ҳусан бўғзига нимадир тиқилиб ютинди.
У ҳарбийда юрган кезлари аяси ҳар ош дамлаганда насиба деб бир кафт гуручни халтага солиб қўйган, келган куни ўшани ўзига ош қилиб едирган эди.
– Ола қол, болам, – қистади аяси, – офтобда қотириб, кейин муздек жо鬬да асраганман.
Аяси гўшт бўлакларини тақсимчага майдалади.
– Энди иккимиз баҳам кўрамиз.
Ҳусан тақсимчани ўртага қўйди.
– Ҳали ҳам аччиқ чой ичасанми? Сен ичадиган қилиб дамладим.
Она – бола чойхўрликка ўтиришди.
– Чарчаб қоляпсиз, ая, сизга қийин бўлди.
– Мени қийналмасин десанг, уйлан. Келин олдимда бўлади.
Ҳусан пишитиб келган фикрини ўртага ташлади:
– Аввал укамни уйлантирамиз.
– Сан жинни бўлибсан, – аясининг туси ўзгарди. Халқ кулади, ўгайлигига борди, ўзиникини аввал уйлантирди дейди.
– Халқ бизни бошимизни силаб катта қилганингизни билади. Укамни қарз-қаволасиз уйлантирсак, бас. Эру хотин ишласа, мен уйлангунча ўзларини тиклаб олади.
– Оғанг келсин-чи, – аяси бўшашгандай бўлди.
Тамаддидан сўнг, дастурхон йиғиштирилди.
– Уч-тўрт кун турарсан?
– Уч кунга рухсат олиб келдим.
– Агар чарчамаган бўлсанг, шаҳарга тушиб холангни кўриб келсанг бўларди.
– Қайтишимда кириб ўтаман.
– Хола ҳам онадай гап.
– Йўл-йўлакай кирсанг, хафа бўлади, эринма болам.

Aya Husanni koʻchaga qadar kuzatib chiqdi.

– Холангни сўраб қўй, кейин бояги гап учини чиқар-чи, нима деркин?

* * *
Сукут инган кўчалар Ҳусанга болалик чоғларини эслатди. У болаликдан одамови ўсган, кўпчиликка қўшилмас, ўйинқароқлик ҳам қилмас, аясидан ажрамасди.
Катта қишлоқда уни танимаган одам йўқ эди. Тўй-тўйчиқ, бирон маъракадан келаётган аёллар ҳамиша уни ўраб олишар, Норбининг ўғли деб суюшар, чўнтакларидаги бор нарсаларини қўлига тутқазиб кетишарди. Ҳусан Норбининг эмас, аясининг ўғли бўлишни истар, йиғламсираб уйига қайтарди.
– Ая, хотинлар мени Норбининг ўғли дейишяпти.
– Хотинлар бекор айтибди. Сен менинг ўғлимсан, сени даладан, янтоқнинг тагидан, қуёнларнинг ёнидан топиб олганман.
Уйга кириб кетган аяси кафтини қант-қурс билан тўлдириб чиқиб, дўпписига соларди.
– Мен сенга уларникидан яхшироғини бераман.
Кун иссиқ эди. Кўча охирига борган Ҳусан бир тўп аёлга дуч келди. Салом берди. Аёлларнинг улуғи олдинга чиқди.
– Норбининг ўғлимисан?
– Обдагулни.
– Обдагулники ҳали ёш, Норбиникига ўхшаяпсан, қош- кўзларинг айтиб турибди, – аёл ёнидагиларига ўгирилди. – Буни онаси «пински дом»да туққан. Норби раҳматли икки бешикни икки ёнига қўйволиб ўрикни соясида алла айтарди. Биз Қўштепанинг ёнида чопиқ қиламиз. Унинг алласини эшитиб йиғламаган одам ҳам йиғларди. Умри қисқа экан-да, мана боласи бўй етиб уйланадиган бўлиб турибди.
– Соч деганини айтинг, – қўшилди иккинчи аёл. – Обдагул ҳам тузук, ўгайлигини ҳам билдирмади.
– Етимларнинг бошини силаганини худойим ҳам билди, битта бўлса ҳам ўғил берди, – давом этди гап бошлаган аёл.
– Уйга кириб ўтиринглар, – таклиф қилди Ҳусан улар билан хайрлашаркан.
– Худо ҳоҳласа, тўйингда сават қилиб берамиз, – чувуллашди аёллар.

* * *
Ҳусан айни туш чоғида холасиникига кириб борди. Айвонда дўппи тикиб ўтирган холаси дарвозадаги шарпани сезди, таниди, тикаётган дўпписини отқилаб ялангоёқ чопди.
– Ҳой-ҳой, онаси, ўпкангни бос, жиянинг кетиб қолмайди, – ёнбошлаб ётган почча хотинининг ортидан йўрғалади.
– Кел, болам, – холаси уни қучоғига олди ва тийиқсиз кўз ёшлари билан унинг юзларини ивитди.
Почча ҳам уни худди оталардай бағрига олди. Ҳаммалари қўлтиқлашиб шийпонга одимлашди.
– Тошкентдан қачон келдингиз? – саволга тутди почча.
– Эрталаб поезддан тушдим. Уйда бир пиёла чой ичдим, кейин аям бу ёққа жўнатди
– Умридан барака топсин, – дастурхон солишга тутинган холаси аяси ҳаққига дуо қилди. – У дунё-бу дунё кам бўлмайди. Ўтган ҳафта бозорда учратдим. Сизни сўрасам, анчадан бери келмайди, деб кўзига ёш олди. Зинҳор-базинҳор дилини оғритманглар.
Насиҳатдан бошланган суҳбат олис хотираларга кўчди.
– Норби ўтганда тўққиз ойлик чақалоқ эдинг. Маъракасини ўтказиб, отам раҳматли Обдагулни поччамга ўзи бош бўлиб олиб берган.
Холасининг кўзига ёш қалқиди.
– Кел. Холаси, энди бу кишининг ҳам юрагини сиқма.
– Кўнглимни ойда, йилда бир шуларга бўшатмасам, кимга бўшатаман.
– Каркидондан анча нарида, Варзикнинг ёқасида финлар услубида қурилган ёғоч уй бўларди, – изоҳ берди почча. Одамлар «пинский дом» деб аташарди.
– Бир тарафи узумзор, бир тарафи ўрикзор бўлган уйни мен ҳам эслайман, – суҳбатга қўшилди Ҳусан.
– Баракалла. Сизлар ўша ерда туғилгансизлар.
Қаҳратон қиш чилласида «пински дом»да яшаган онаси молларни суғоргани қишлоққа ҳайдаб тушгани, ортидан турган шамол аввал уй деразаларини, сўнг эшикни очиб юборгани, қишлоқ чилласида елвизакда қолган қизалоқ, унинг опаси, кечга бориб иситмалаб ўлиб қолганини ҳам у биринчи марта шу куни холасидан эшитди.
Чой устидаги суҳбатга ора-сира почча қўшилди.
– У вақтлар автобус йўқ. Таксида Варзикка одам ташийман. Онангиз ажойиб эди. Машинамни овозидан танирди. Варзикдан қайтишимда чой дамлаб, тухум пишириб берарди. Варзикнинг ярим одами онангизни чойини ичган. Таъзиясига ҳам кўпчилиги келди, – почча Ҳусанга чой қуйиб узатаркан, ҳикоясини давом эттирди. – Ўша кезлари руслар Шакафтордаги олтин конларига Ангрендан темир симёғоч тортган. Асосан немис асирларини ишлатишган. Озғин, оёқда базўр турган тутқунлардан бири нон сўраб келса, онангиз бир челак тухум билан икки тандир нонни улашиб юборибди. Уруш кўрган Улканбой акам бир ғижинади... Норби раҳматли қишда узилган-да...
– Чиллайди, – эслади холаси. – Нусратжон мактабга чиққан йил. Кечга қолган бола туманда адашиб Ғовасой ёқалаб Ёрқишлоқ тарафга ўтиб кетибди. Йўлига кўз тутиб турган Норби шамолда боласи овозини эшитиб, юпун кийими билан битта калишда боламлаб чопаверган. У вақтлар бўрилар кўп бўларди. Ўшандан кейин ҳафта ўтиб ётиб қолди деб эшитгандик. Унда шаҳар касалхонаси ёнимизда эди. Бир оқшом поччам шошиб кириб келди. «Синглингизни олдига чиқиб туринг, мен қишлоққа бориб келаман» – деди. «Пиёда қачон бориб келасиз», деб поччангизни қўшиб бердим. Бу киши машинани миниб келдилар. Мен касалхонага чопдим. Норби раҳматли бир бурда бўлиб ётибди. Олов бўлиб ёнаяпти. Олиб борган овқатимга қарамади. Сув сўради. Докани қорда ивитиб келиб, пешонасига боссам, ярқ этиб кўзи очилди. «Опа, – деди, – агар ўлгудай бўлсам, бир дам мени юз тубан ётқизиб қўйинг. Ичим заҳар билан тўлиб кетган. У ёққа сал покланиб кетай».
Ҳусан совуган чойини охирига қадар хўплади, бўшаган пиёлани кафтида айлантириб ўйнади.
– Нега ундай деб айтган? – деб сўради.
– Поччам кўча одами. Эрталаб ишга кетиб, кеч қайтади. Далада ёзу қиш бир ўзи сиқилиб қолган-да, болам, – тушунтирди холаси. Сизлар ёш. Ўша куни поччам қишлоққа бу киши билан бориб қайтганда, Норби ҳолдан тойиб бўлганди. Поччамни кўриб розилик сўради. «Куним битган кўринади, дадаси, менга бир нарса бўлса, Ҳусанбой нимжон, ўзингиз олиб қолинг, Фотимани Ғулкарби опамга беринг, у эплаб олади», – деди-ю, шилқ этиб боши қўлимга тушди. Айтгандай қилиб, юз тубан ётқизиб қўйдим. Ичидан роса бир коса айрон зардобидай кўкимтир сув тушди.
Орага оғир жимлик чўкди.
– Фотимани нега аммамга бермагансизлар? – суриштирди Ҳусан.
– Аям, ўгай онам оғиз солганда, поччам йўқ деёлмади.
– Ўйноқлашиб шаҳарга олиб борган-у, ўлигини олиб қайтган дейишади.
– Шаҳарга қизиникига олиб келган. Унинг иккита тутқаноғли боласи бор эди. Фотима касал болалар бошида айланиб ўйнайверган. Улар аҳамият беришмаган, беришса ҳам кўнгилларида нима бўлган, Оллоҳ билади. Мени олдимга олиб чиқишганда, бола ҳали тирик эди. Саодат эмизикли. Бор-э дедиму кўкрак тутдим. Чўлқ-чўлқ эмди, сўнг қусди-ю, қўлимда жон берди. Додимни кимга айтаман, болам.
Ҳусан ортиқ тоқат қилолмади. Гапни бошқа мавзуга бурди.
– Бир қишлоққа чиқсангиз бўларди.
– Тинчликми?
– Укамни уйлантирмоқчийдик.
– Сиздай акаси туриб-а?!
– Шунга аямни кўндиринг дейман.
– Обдагул нима деяпти?
– Эл кулади деб унамаяпти.
– Сиз-чи?
– Мен уйлансам, ўқишим жувонмарг бўлади.
– Кетгунингизча бораман.
Эру хотин Ҳусанни кузатиб кўча бошига қадар келдилар.

* * *
Кейин орадан уч ойлар ўтиб Ҳусан укасининг тўйига келди.
– Хафамасмисан? – сўради аяси. – Қизим йўқ, қиз бўлар деб синглимни қизи¬ни келин қилдим.
– Сизга ёққан бўлса, бўлди.
Амакилар тўйбоши, амма-холалар хизматда бўлишди. Отасининг ўрнини билинтиришмади. Ҳусан тўйдан кейин кўрманасини кўтариб келинни кўргани кирди-ю, қуруқ қайтиб чиқди.
– Шошманг, – янгаси уни остонада тўхтатиб ичкарига бош суқди. – Ҳой, овсинжон, қайноғангиз қайтаркан, тўқиган рўмолчаларингиздан бермайсизми?
Янгаси ичкаридан узатилган рўмолчани ёруғга солиб кўрди, ранги ўзгарди, бироқ буни ёнидагиларга сездирмади.
– Мана иним, келинингиз берган рўмолча. Олиб бориб дўппингизни устига ташлаб қўйинг. Уйланганингизда хотинингизга берасиз, шундайлигича эгасига қайтаради.
– Хафа бўлмай кетгин, ўғлим, – аяси уни нақ бекатга қадар кузатиб борди.
– Қизиқмисиз, ая.
– Энди тез-тез келиб тур, нафақамни йиғиб тураман.

Ayasi bilan xayrlashib avtobusga chiqqan Husan boyadan beri kaftida qisib kelayotgan roʻmolchani avtobus derazasidan uloqtirib yengil tortdi.

Сентябр охирларида пахтага кетишдан олдин аясидан хабар олгани келган Ҳусан уни ғоят хомуш ҳолда кўрди.
– Бирон гап ўтдими?
– Танлаб-танлаб тозисига учрадим шекилли, болам, келин бир ой турмай кетиб қолди.
– Нимага?
– Уйимиз эскиймиш. Янгисини солиб бермагунимизча келмасмиш.
– Арқонни узунроқ ташлаб қўяверинг-чи, – маслаҳат берди у.

* * *
Ҳусан уйланди. Уч йил ўтса ҳам фарзанд кўришмади.
– Хотинингни дўхтирларга кўрсатгин, – маслаҳат берди аяси.
– Кўрсатдим, ая, ё бола асраб олинглар, ё ажрашинглар дейишяпти.
– Хотининг биладими?
– Йўқ.
– Билдирмай яхши қипсан. Ўша дўхтирларинг бекорларни айтибди. Хотининг болали бўлади. Тушимда Хўжайидод бобо мозорини супириб юрибди. Сен тилаклик бўлмасанг ҳам тилаклидан яхшироқсан. Болалигингда сени у ерга олиб бориб қозон қайнатиб келардик. Энди яна борамиз.
Жума куни саҳар йўлга тушдилар. Бир тарафи қуюқ дарахтзор, бир тарафи улкан тепалик бўлган мозордаги кўҳна иморат айвонида ўтирган қария уларни олисдан таниди.
– Обдагулмисан? – деб сўради. – Болалари катта бўлиб оёғини тийиб олди деб кеча дилимдан ўтказгандим. Қизингми, келинингми, шайхнинг мозорини тозалаб юрибди.
– Бирга бориб шайх мозори тепасига тизилишди. Бобо дуога қўл очди. Бошқалар қўшилишди.
– Буни олдингизга кўп олиб келганман, буваси, – гап бошлади аяси. – Дуо қилинг, ота, шунга худойим қизми, ўғилми бир фарзанд берсин, ўйноқ¬латиб олдингизга олиб келайлик.
– Бобо тиловат бошлади. Овози майин, ёқимли эди. Ҳусаннинг вужуди жимирлаб кетди. Дуодан сўнг бобо кампирини ёнига чақирди.
– Бор бисотингни кўр, бу қизингга атаган нарса чиқиб қолар.
– Ичкарига кириб кетган кампир қўлида рўмол ва қиз боланинг кўйлакчаси билан чиқди. Рўмолни Саодатнинг бошига солди, кўйлакчани қўлига тутқазди.
– Қизим, бобонгни тилаклари беиз кетмайди. Сандиққа қўлимни тиқсам, илингани шу бўлди. Худо хоҳласа, фарзандли бўласан, боши қиз бўлади-ёв, қўлимга илинганидан билдим.

* * *
Бир йил ўтиб хотини қиз кўрди. Аяси умри бино бўлиб касалхона юзини кўрмаган, дори хидига тоқат қилолмасди.
– Юринг, набирангизни кўрсатиб келаман, – деди Ҳусан.
– Овсинлари юмма талар.
– Сездирмаймиз, секин таксида олиб бориб келаман.
Шундай қилишди. Аяси келини кўтариб чиққан қизалоқни қўлига олди, суйди, сўнг чақалоқни Ҳасаннинг қўлига тутқазди.
– Ол, кўр, қиз бола отасини бир кўришда танийди.
Киприклари узун, қошлари қоп-қора қизалоқнинг нафас олгани сезилмасди. Ҳусан чўгинқираб, андак энтикиш билан қизини қўлига олди.
– Қаранг, – кулди Саодат. – Қош-кўзлари худди сизники.
Қизалоқ сергак тортди, сизми менинг отам дегандай унга термулди, сўнг оҳиста кўзларини юмди. Саодат меҳр билан эрига қаради-ю, шивирлагудай қайнонасидан сўради:
– Исмини нима қўямиз, ойи? Ўзингиз танлаб беринг.
Аяси дуога қўл очди.
– Қиз берган Худо ўғилни ҳам беради. Фарзанднинг боши қиз бўлса, давлат бўлади. Илоё умри билан берган бўлсин. Кейингиси ўғил бўлсин. Йўқ демасанглар, Ўғилой бўлсин!
Аясини уйга кузатган Ҳусан ишхонасида қолди. Оқшом уйга сархуш қайтди. Аяси ўчоқ бошида куймаланар, негадир Ҳусанга рўбарў келишдан қочарди. Ўчоқ томон борган Ҳусан ажабтовур ҳолнинг устидан чиқди. Аясининг юзи тимдаланган, чуқур ботган тирноқ ўрнида қон қотиб қолганди.
– Қайси бири?! – қаҳр билан сўради у.
– Ўтир, ўғлим, менинг ўғлим бўлсанг, жим ўтир, – йиғламсиради аяси.
Аясининг гапи тугамасдан остонада укасининг қораси кўринди. Даладан энди қайтган, ҳали этигини ечмаган укасининг феъли айнигани юзидан билиниб турарди.
– Акамнинг хотинини кўргани борибсиз-ку, она, ўлиб-пўлиб қолма¬дингизми? – деди у олайиб. – Нима қилардингиз бориб, хотинга мени тилимни қисиб?
– Тилингни тийсанг бўларди, – Ҳусан уни муросага бошлади.
– Сиз аралашманг, мен ўзимни туққан онам билан гаплашаяпман.
– Қизинг эшигимда туғилганида ўла-ўла борардим, туғилганини билмасам, дарагини эшитмасам, нима деб бораман? – аяси ўзини оқлашга тушди.
– Кўру кармидингиз?
– Йўқол! Бу ердан қорангни ўчир!
Ҳусан ғазаб билан ўрнидан турди-ю, укасига қарамай кўксини ушлаганча кесилган дарахтдай йиқилаётган аяси томон чопди. Аясининг гап-сўзларини яхши англаб бўлмас, оёқ-қўли измига бўйсунмас эди.
– Қимирлатманглар, – маслаҳат берди Ҳусан олиб келган доктор. – Бу ёғи энди Худодан.

Hafta oʻtmay ayasi ogʻirlashdi.

– Укангни чақир, буюрди акаси Ҳусанга.
У ўрнидан турган эди, аяси этагидан тутиб ёнига ўткизди.
Ўғилу келинлар кўз уриштириб олдилар.
– Тузалиб олай, ўзим биламан, – деди базўр аяси, – тузалмасам, рози бўлинглар.
У яна нимадир демоқчи эди, улгурмади, сўнгги сўзи бўғзида қолди.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010-йил 1-сонидан олинди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Oʻgay ona (hikoya) [Hasan Manzur] 851
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика