Қулчилик (ҳикоя) [Husniniso Ahmedova]

Қулчилик (ҳикоя) [Husniniso Ahmedova]
Қулчилик (ҳикоя) [Husniniso Ahmedova]
– Ҳий-й, шўрима, кап-катта хотинни ҳўнгиллашини-и-и. Ҳе, осонакан-да бировнинг бир парча оқини олиб, эшигини очиб қайтиш. Бир кирган жойингга тўрт-беш бош урасан, бориб келавериб калиш йиртасан. Завчилик – қулчилик, балам, асти ёш тўкма, сани балангаям атагани бордир...
Моҳира хола қаттиқ-қуриқ гаплар билан қизини юпатган бўлдию, ўзининг ҳам юраги жизиллаб ачишаётганидан хўрсиниб қўйди. Бахтигулни ўзининг бахти кулмаганига яраша, Аброргинасининг ҳам ҳадеганда йўли очилмаяпти-да. Совчи бўлиб борган хонадонларининг учинчисидан ноумид қайтишди. Шу Саври сатангникига ҳечам оёғи тортмовди-я. Халқ беҳуда «сатанг» деб лақаб тақамаган экан. Уйда ўтирган хотин бўлса, қалам тортилган қошларини кериб, қовоқларини кўкартириб, билакузукларини кўз-кўзлашини буни. Пешонасидаги бир тутам сочини маккажўхорининг пўпагидек қилиб, қизартириб олибди. Мундоқ соч деганни палладай ивиган ёғлиққина қатиққа чайиб олсанг-ку, тўсдай қоп-қора бўлиб, жилдираб очилади. Катта-матта хотин фарқ очивол...
Саври ҳар гапирганда Моҳира хола жувоннинг пешонасидаги маккажўхорининг қовжироқ пўпагига назар ташлаб қўяди.
– Кеганларинг нур устигаку-я қизимиззи боши боғлиқ, бўлмаса... Бахтигул, сиздиям уйлайдиган ўғлингиз бор экан-да а, ҳа-а, унгаям ўзига ярашаси бордир. Эрингиз ҳалиям ичаркан-а, у куни бозорда қизизга кўзим тушди. Шўлликинани рўзғори чурик дейишади, памилдори сотаётувди, дадаси бошида турувди, пул-мул сўраётгандир-да. Эй, қиз жанворам жойига тушсин экан. Бу замонни қизи бир ароқхўр оилага тушса, арпа нонни эплаб ёполмаса, ким ямон, онаси хамир-патирни ўргатмаган, деб тақал қўйишади.
Бахтигулнинг ранги бўзариб кетганлигини кўриб, Моҳира хола гапни олди:
– Энди Парвардигорга ўлай, буғдойини одамга, арпасини молга чиқарган. Ҳа, энди, бир хилилар, буғдой қиммат, арпаданам кам-кам қўшади, айби йўқ. Ҳа, айтгандай, Савринисожон, дастархонни очинг, ёғлиққина патир қилиб келувдик, нондан юз ўгирманг, дардингизди олай.
– Йў...йў..йў, дастархонингизни очмайман, силарни умидгор қилиб нима қилдим, қизди боши боғлиқ, холажон...
Бошқа гаплашиладиган гап қолмаганлиги учун қўзғалишди.
Каттагина тугуни қўлида, шалвираб кетаётган қизига қараб кампир сўзланди:
– Онани кўр, қизини ол, шу онанинг қизи бўлса, бермагани яхши бўлди. Ўзи оёғим тортмовди-я, ҳе, шу чочинг гўрда, жизғинчоч... Санам энди, сал ўзингни қўлга ол, қиз қаҳатми?!
Жувон дам урмас, бир маромда кетиб борарди. Ҳовлига кирганларида Аброр ер чопаётган экан, бир зум тўхтаб онасининг юзига разм солди-да, яна ишини давом эттираверди.
Уйга киришгач, Бахтигул баралла йиғлаб юборди. У бундай камситишлардан анча дийдаси қотган бўлса ҳам, Саврига биров, улар арпани торттириб ейди деганми, буларни тенгситмай сўзлаб юбораверганига беҳад аламзада бўлди.
Асли ҳамма гап мана шу алкаш эри-да. Бузуқ нафсидан бошқасини ўйламаса. Соқолига оқ оралаб, мачитга кирай, мўйсафидлар қаторида юрай демаса. Ҳали келади қийшайиб. «Ҳии, бўрими?.. Эйй, ўзим борай девдима, яна тулкими? Ўл, шу кунингдан. Ёмонлиғингдан биров қизи тугул, қанжиқ кучугиниям...
Бахтигул беихтиёр туриб кетди, бемақсад, токчадаги пиёлаларни йиғиб, ичма-ич қилди-да, ҳолсиз жойига қайтиб ўтирди. Унинг ҳаракатини мўлтираб кузатиб турган онасига қараб, яна хўрлиги келди:
– Шўрим ҳам кўп экан, опажон, биров мени арпахўр деса, биров светафўр деса. Эрим алкаш бўса, балаларимда нима айб.
– Балага ота-онанинг касриям уради-да, Бахтижон. Ичувчи бўлса қандоқ қилайлик, оғзини тикиб бўмаса, бу инсофсиззи. Ҳаммангни рисқи-насибангни ароққа қўшиб ютивораяпти-да,бу байталмон. Ичиб келиб жўн-жўриқча ётсаякан, келиб сани уради, баллани кўчага тириқтиради, идиш синдиради. Бети кўзингни кўкартириб ташласа, оғзига кучи етмаган исфетапул дейди-да. Бу ўзи бир етимча бўлса, кўчага ҳайдаворсанг эл улусдан номус қилсанг. Шу алпозда юровради энди, шумранг. Ичканигаям, бошқасигаям ишларинг бўлмайди энди.
Бахтигул эридан ҳеч рўшнолик кўрмаган бўлсаям, овқатини вақтида қилади. Ўзини билмай келганида ўрнини тўшаб, алдаб-сулдаб ётқизади.
Аброржон бир йил астойдил меҳнат қилиб, картошка экди. Хосилини йиғиб, қазноққа тўкиб қўйишди. Баҳорга яқин сотишса, бирорта ғўнажин олармиз, деб ният ҳам қилишди.
Бир куни эри , ичиб олиб, уч-тўрт йигитчани ҳовлига бошлаб келди.
– Ранисан, кампирвой, ман картишкага харидор обкелдим. Олдидан ўзингга бир яхши кўйлак, махси, калиш обераман. Пул бераман буйрагингни даволатгани физличинага борасан, бўл, битта чой қўй.
Бахтигул саросар танг қолди. Тамом. Аброрнинг ёз бўйи қилган меҳнати чиппакка чиқди. Картошкани пуллаб, бир кунда йўқ қилади.
Жувон пайт топиб, эскироқ поча-пўстин кийган, тўладан келганини бир четга имлади.
– Аёғларингни тайига ўлай, болажоним, кейинроқ савдо қилинглар. Хўжайинимга ҳозир пул тегса, ҳаммасини ичиб қўяди. Рўзғорда, тишга босгулик қолмаган, ишонганимиз шу.
– Ие, амак билан савдо пишган-ку, хола, биз халқ қатори оломмиз, ҳай, майли, бўлмаса, эрта шу пайтлар келармиз.
Улар кетгач, эр қутиргандан-қутирди. Кўзлари қонга тўлиб, ўсиқ қошлари ҳурпайди, лабини қаттиқ қимтиб, хотини томонга юрди.
-Ҳов, мегажин, қани баққа кечи, бояғинларга нима деб пичилладинг? Бу ҳовлини эркаги санми?.. Улар қопу лингасини кўтариб келган эди, нима дединг?!
Аёл бу важоҳатдан қўрқиб беихтиёр қўлларини юзига босиб, ортга чекинди, лекин эрнинг чангалидан қочиб қутилолмаслигини билиб, эланишга тушди .
— Жон дадаси, Аброр келсин, сотса пулини сизга беради. Набижоннинг дўконидан олинган ароқларнинг қарзини ҳам тўлаймиз, фақат ўзи келсин.
— ...твоюмат, ҳали она-бола бу оилага хўжайинчамисанлар. Билиб қўй, ўғлинг келганча, ман сани кафанга тиқаман. Картишкани сотиб , исқотингга ишлатаман. Эр хотинининг юз-кўзига мушт туширди. Гуппа учган аёлнинг ўнг келган жойига тепкилади.
— Ҳали санларми уй эгаси, мол эгаси, ҳали... А...?
Бу қиёматни қўни-қўшнилар кўриб, эшитиб, эшик-дарзикдан мўралаб туришгандир. Аммо бечора аёлнинг бахтсиз рўзғорига ким ҳам аралаша оларди, дейсиз.
Аёл судралиб уйга кирдию катга ўзини таппа ташлади. Юз-кўзлари ачишар, калтак зарби касал буйрагига таъсир қилган шекилли белидаги оғриқдан додлаворгудек бўларди. Кўнгли озар, ўзини кўтаролса, лой- гил анжомларини алмаштирган, юз-кўзларини ювган бўларди. Яна ошхонадаги болта, теша, пичоқларни ҳам кўздан яшириш керак. У яна ичиб келса, худо кўрсатмасин.
Мактабдан қайтган қизи Мавжуда ҳовлидаги аҳволга, афтодаҳол онага ҳайрону лол боқиб қолди .
— Бор, Мавжу, опачангни чақириб кел, опам касал бўп қоптила, де жиндай оби ёвғон қиб берсин, ҳадемай овқат вақти бўлади.
Ойжамол эшикдан довулдек гувраниб, шамолдек увиллаб кирди:
— Нима қилди – и, яна урдими? Мастми ?
— Картишка, - иҳради у, картишкага харидор бошлаб келган экан, Аброр келсин, деб соттирмовдим.
Ойжамол оҳ-воҳ қилди, саннай-саннай, уёқ-буёқни йиғиштирган бўлди. Дадаси бир кунмас-биркун онасини ўлдириб қўйишини, шўри қуриб қолишини айтиб саннайверди:
— Аптингизни қаранг, опажон, ўлмабсиз, совимабсиз. Сотса-сотсин эди, қаро ерга эди, ўлиб қолсайиз, буларийизди ман қандоғ удда қиламан. Ўз бошийизга ўзийиз калтак сотиб олганингизни қаранг. Шу арағғи чиқарганни каппасига ўт тушсин илойим, ўша совдогар бачалар қатори уйдан чиқиб кетсайиз бўлмасмиди. Бу азройил ичиб бир ерда ўлиб, жасади қотиб қолсаям, шунча куймасидик.
Ойжамол дастшў ва обдаста келтириб, онасининг юз-қўлларини ювдирди, калтакзада баданига оқ мой сурди, чой дамлаб келтирди. Дастурхон устида она-бола ўз ҳасратларини қайтадан бошлаётган пайт, қаердан ҳам Хайри бизнес кириб келди.

Yuz-koʻzi shishinqirab momataloq boʻlib ketgan ayol toʻgʻrisini soʻzladi.

-Вўй, гўр эриз бўсин, қўлгинаси шал бўлсин, сизди светафор қиб қўйибди-ку.
Мана неча йиллар ўтсаям Хайри бизнес тамғалаб кетган лақабни ҳамон ўзи билан олиб юрипти. Энди Савриники оёқ чиқармаса гўрга эди. Рулчилик ҳам бор бўлсин. Бир йилча Аброр онасига , она ўғлига бу ҳақда ҳеч сўз қотолмай юришди.
Райси бир тўйда Мавжуда акасининг бир қиз билан гаплашиб турганини айтиб суюнчилаб қолди.
Ойжамол ҳам юрагини ҳаприқтирди.
-Ҳаракатти уринг , завчиси ғажалакдек эмиш. Юракларим жизиллаб кетди. Ҳилвадеккина, денг. Сочи тақимига тушади. Аброр билан севишармиш.
Рулчиликдан юракзада бўлган Бахтигул тайсалланди.
– Тирамода ҳосилни йиғиб, якбора қилиб, якбора оламиз. Рудачилик чўзилиб кетсаям, яхшимас. Риз кутса керак, Аброр ҳам тўлишиб, хушрў бўлган-ку.
– Жон опажон, ҳозир боринг, ками-кўстингизга куёвингиз кўндаланг. Тоғаларим қараб туришмас...
Кечки пайт она ўғлига дил ёрди:
– Бирор жойга қулчиликка борай, оёғингни илинтирай деб андармон бўлиб ўтирибман, болам. Кўнгил берганинг боракан...
Аброр кулди. Бахтигул ўғлини энди кўраётгандек анграйди.
– Оёғимам, бошимам тўрга илинган. Жамол опачамга айтганман. Энам билан бемалол Абдусамад комбайнчиникига кириб бораврасизлар.
Рулчиликдан кечки пайт қайтишди. Бахтигулнинг юзларида бахт жилваланарди. Руҳида бир енгиллик билан уйга кириб, жонининг кушандаси бўлган эрига жилмайиб қаради.

– Boʻri, dadajonisi, boʻri, - dedi.

Ҳаммани ҳайратга солиб, ўғлининг чорпахлў елкаларини силаб, қалин сочларини бармоқлари билан тароқлади.
– Бир лаппиллаган нонларни ёпиб, келиним, бир хушхўр ошларни пишириб келди-ки. Шукур, худойимга шукур, етказганига шукур...


Ҳуснинисо Аҳмедова 1959 йили Сўғд вилоятининг Гончи туманида туғилган. 1976-81 йиллари ТошДУнинг журналистика факултетида таҳсил олган. Муаллифнинг «Ўзга ҳовли ҳавоси« ва »Тахайюл» ҳикоялар туплами 1995 йили Хўжандда чоп этилган. Вилоят даврий нашрларида ишлаган. Ҳозирда Гончи тумани Ўртақўрғон қишлоғида яшайди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика