Адабиётга ҳужум [Isomiddin Poʻlatov] |
Адабиётга Ҳужум Ёхуд юракни эзадиган, ташвишга асосли манзаралар ҳақида Бир куни Насриддин Афанди қаршисига бир уюм китобни йиғиб олиб, уларни варақлаб ўтирган экан. Афандининг бу ҳаракатини тушунмаган таниши сўрабди: – Афанди, бунча китобни ўқиб олим бўлармидинг. Нима қилмоқчисан, ўзи, – дебди. – Китоб ёзмоқчиман! – Э, китоб ёзмоқчи бўлсанг, нега бошқаларнинг китобини ўқиб ўтирибсан. Ўзинг ёзда, китобни, - яна эътироз билдирибди таниши. Афанди шундан сўнг бу «ўқимаган»га содда, тушунарли қилиб «Одамдан одам, китобдан китоб туғилади-да» деган экан. Энди бу латифа бўлмай қолди. Чунки, бу – фалсафа. Донишманд Насриддинимиз ҳам чакана одам бўлмаган-ку, ахир. Унинг топағонлиги, қочирим ва кесатиқлари замирида «нимадир» бўлгани шубҳасиз. Унинг «Китобдан китоб туғилади» деган фикрига қўшилмайдиганларга эса бизда эътироз бор. Келинг, латифани қўйиб, ҳаётга қайтайлик. Дунёнинг исталган шоир ёки адиби, борингки, зиёлиси фаолиятига қарайлик. У албатта минглаб китоб ўқиган, бирор олийгоҳда таҳсил олган ёки буви ё бобосидан, опасидан эртак эшитган. Илмий бўлмаса-да, ҳаётий, ақлий тажриба билан услуб, жанрни ўзлаштиргани аниқ. Ҳазрат Алишер Навоий ёшлигида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарини ўқийди. Ўқигандаям асар ичига, мантиқ оламига чўкиб мутолаага кўришади. Ейиш-ичиш ва ҳоказоларни унутиб Атторни ўрганади. Бундан ташвиш тортган катталар ёш Алишернинг қўлидан китобни олиб, яшириб қўйишади. Бу ҳаёт ҳақиқатига қанчалик мос келади, йўқ, аҳамияциз. Аммо Навоийнинг ўша асар таъсирида ёзилган бетакрор «Лисон ут-тайр»и дунё юзини кўргани рост-ку. Шу ҳолат китобдан китоб туғилиши эмасми? Бобур, Машраб, Амирий, Нодира, Мунис, Огаҳий, Феруз ёки Қодирий-у Чўлпонга, Саид Аҳмад-у Озод Шарафиддиновга бошқа, ўзларидан аввал ижод қилганларнинг, аниқроғи, китобларнинг таъсири бўлмадими? Фикримизча, улар китоб ўқимай туриб, шоир-ёзувчи бўлишга уялган. Билимсиз бўла туриб, бировга ақл ўргатишга, баландпарвоз «фалсафа» сўқишга, ўхшамаган ўхшатишни, ноўрин ташбеҳни қўллашни ор билган. Агар ўзидан улуғлар танбеҳ бериб, хатосини кўрсатганда, ўргатганда терс бурилмаган, аксинча, жон қулоғи билан эшитган. Xатосини тўғрилаган. Машраб илм олиш учун устози пойига йиқилгани ҳақиқат эмасми? Ваҳоланки, у жаҳоншумул шоир. Шоирларга ижобий маънода телбалик нисбати берилишига ҳам Машраб сабабдир, балки. Бухоролик бир ёш йигитнинг уч-тўртта китоби нашрдан чиқиб улгурибди. Шеърларининг анчаси қўшиқ бўлиб кетган. Баъзи «модерн» ёшлар ўша китобларни харид қилаётгани ҳам рост. Биз ҳам китобларни варақлаб кўрдик. Аввало, тўпламнинг муқоваси эътиборни жалб қилади (шеърнинг эмас, «шоир»нинг рекламаси). Муаллиф деярли барча китобларида соқол қўйиб олган (ёшига эътибор қилайлик), ўзини тутишидан санъаткорларни эслатадиган кўринишда. Китоб орқасига ўзининг кимлиги, табрик сўзига ўхшаб кетадиган жумлаларни келтирган… Бундай катта даъвони катта шоирлар ҳам қилолгани йўқ, ҳали. Минг истиҳола билан ёзиш мумкинки, ўша, биз катта даъво деётган жумлаларда ижодкор ўзининг қандай хасталик билан оғриб, касалликни қандай енгиб ўтгани, улкан ҳаётий «тажрибаси» ҳақидаги битикларни ўқиймиз. Ёки севги ҳақидаги «чуқур» мулоҳазаларга кўзимиз тушади. Гўё бу бизга ибрат бўлиши керакдек. Тўпламнинг мазмун-мундарижаси ҳақида ёши улуғроқ, тажрибалироқ мунаққидлар фикр билдиргани маъқул, албатта. Бизнинг кичик хулосамиз эса китобдан ўрин олган шеърларни адабиётни тушунадиган ҳеч бир киши кўрмаган, таҳрир-таҳлил қилмаган, деган фикр билангина чекланишга етади. Бир сўз билан айтганда, матн мазмуни ишқий, қарғиш, ақл ўргатиш кайфиятидаги даҳанаки жангни эслатади. Афсуски, аксарият ёш қаламкашлар матбуот, нашриёт эшигига «ётиб» олишган. Ҳатто ота-онасини эргаштириб келади. «Боламнинг шеърини чиқарсанг ҳам чиқарасан, чиқармасанг ҳам. Акс ҳолда ўқишга киролмайди, танловларда ғолиб чиқолмайди». Зерикишдан қўлга қалам олаётганлари-да топилади. Энди ўйланг, сизнинг нўноқ болангиз (айнан ижодга) қоралаган алламбалоларни хаспўшлаб, силлиқлаб газетада босса, нашриёт тўплам(ча) қилиб берса (азбаройи зада бўлганидан), у қобилиятли бўлиб қолармиди? Ёки бирор олийгоҳга имтиёз асосида қабул қилинармиди? Ёки машҳур бўлиб кетармиди? Шунча сарсонгарчилик, маблағни беҳуда сарфлаш ўрнига, боланинг қўлига тўртта дарслик, иккита бадиий китоб олиб беришнинг нафи кўпроқ эмасми? Шу ўринда яна бир муаммонинг ечимига етгандаймиз. Вилоятларда телемидениелар, баъзи марказий телеканаллар, радиоларда тинимсиз эфирга узатилаётган, на овози, на мусиқасида тайини бўлган «санъаткорларнинг» тегирмонига биз тилга олиб ўтган ижодкорлар сув қуймаяптимикан. Шевашунослик, бачканаликдан нарига ўтолмай қолган «санъаткорларни» руҳлантириб юбормаяпмизми? Ачинарлиси шундаки, хизмат кўрсатган, ҳатто халқ артистлари ҳам ўшандай маза-матраси, савияси бўлмаган шеърларни топиб айтаётгани. Балки шундандир, санъаткор билан санъаткорни, қобилиятли билан қобилияцизни фарқлолмай қолдик. Ҳаммаси бир хил, бир рангда. Фарқи шундаки, бирови ўзини реклама қила олади, бирови йўқ. Мусиқа матни, мазмун-моҳиятини назорат қилиши керак бўлган улуғлар қаерга қараётгани номаълум. Матбуот ҳам «оппоқ» эмас. Кўплаб хусусий газеталар, тармоқ нашрлари озуқа манбаи сифатида шов-шув кўтаришни билиб олишган. Юракнинг қонга айланиб, дарё бўлгани, ойнинг энгашиб қўшиқ айтгани (достонларда ҳам бу даражада кўпиртирилмаган мисралар), уйқусиз кечаларнинг оғриқлари, бир ҳаваскорнинг беш юз марта севгани, хатосидан афсус чекаётганини шеър, деб тушунаётган адабий ходимларнинг борлиги, уялмай-нетмай газетасининг муқовасида дабдабали суратини босишгани кўнгилни эзади. Бировга шоир нисбасини беришдан олдин озгина бу ҳақда ўйласак, нима деётганимизни фаҳмласак, бўлармиди. Наҳотки, савиямиз оммавийлашиб бораверса… Ўйлагани қўрқади, киши. Катталаримизда дўппини бир четга қўйиб, яхшилаб ўйла, деган ибора бор. Қачон ўйлаймиз? Дўппи-ку бошимизда йўқ. Лекин дўппи биз учун ўйламайди-да. Адабиёт қаерга қараб бораяпти? Ёки адиб Шукур Xолмирзаев таъбири билан айтганда, адабиёт ўлаяптими? Ёки дарвозасиз қолдими? Дод-вой қилиб, айюҳаннос солаётган одам бўлиб кўриниш ниятимиз йўғ-у, аммо шоирман, ёзувчиман, деб кўкрагига ураётганларнинг ниҳоятда кўпайиб бораётгани ростдан ташвишга асос бўла олади-да. Қўшиқ, мусиқа шоу-бизнес деган баландпарвоз «маданият»нинг қурбони бўлиб улгурганига-ку анча бўлди. Нима, энди навбат адабиётгами? Наҳотки, шу ҳолат ташвишга асос бўлмайди, дейсиз?! Бунақада йигирма йилдан сўнг мактаб дарсликларига кимлар киритилиши ҳақида ўйлаш оғир. Назм ёки насрда бўлсин, иқтидорли ёшлар, янги-янги қобилият эгалари юзага чиқавергани яхши. Бундан қувониш керак. Аммо, улар китоб ўқиган, адабиётдан хабардор бўлса яхши-да. Тағин, шоирман, адабиёт билимдониман, шу санъат турининг эртасини ўйлайман, деган борки, ижод эшигини қоққанга, адашиб туртиб қўйганга дарвозани ланг очиб қўймаса, деймиз. Акс ҳолда адабиёт латифага айланади. Ёки биз… |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62423 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57859 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40496 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36631 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23303 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23173 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21803 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19538 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18657 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14483 |