Сотилмайдиган одам (ҳажвия) [Jahongir Ismoilov]

Сотилмайдиган одам (ҳажвия) [Jahongir Ismoilov]
Сотилмайдиган одам (ҳажвия) [Jahongir Ismoilov]
Янги русумдаги қора «Нексия» касалхона дарвозаси ёнига келиб тўхтади. Қоровулхона ичкарисидан туриб очиладиган темир дарвоза берк эди. Ичкарида бамайлихотир чой ичаётган қоровул машина ҳайдовчисининг «дарвозани очинг», дегандек кетма-кет чалган сигналига ҳатто эътибор ҳам бермади. Шундан сўнг «Нексия»нинг орқа эшигидан ўрта ёшлардаги мўйловли, хушбичим, енги калта кўйлак кийган киши тушди. Унинг орқасидан тан қўриқчисига ўхшаб нисбатан ёшроқ, новча бўйли шериги эргашди.
Машинадан биринчи бўлиб тушган киши қоровулхона олдига борди, бамайлихотир оёғини тиззасига чалиштириб ўтирган чолга салом берди.
— Илтимос, машина билан кирайлик.
— Мумкин эмас, — деди қоровул.
— Илтимос, деяпман.
— Мен, йўқ деяпман.
Йигит чўнтагидан битта икки юз сўмликни олиб туйнукдан ичкарига чўзди.
— Илтимос, киритиб юборинг.
— Ўзбекчани тушунасизми, ўзи. Мумкин эмас, дедим-ку, — қоровул дағдаға қилди.
Йигит қўлидаги пулга яна икки юз сўм қўшди.
— Беш минутга кириб чиқамиз. Одамнинг сазасини ўлдирманг, отахон.
— Нима, мени сотиб олмоқчимисан! Пулингни чўнтагингга солиб қўй, — қоровул кўзларини ола-кула қилиб, «сан»сирашга ўтди.
— I-е, и-е! Раҳмат сизга, амаки! — Бирдан тамомила юмшаб гапирди йигит қўлини кўксига қўйиб ва ёнидаги ҳамроҳига юзланди. — Қара, қандай ҳалол одамлар бор.
— Бунақа ҳалол, сотилмайдиган одамлар жуда кам, — деди шериги ҳам гап маъқуллаб.
— Раҳмат сизга! Яшанг! Кам бўлманг! Сизнинг жойингиз бу ер эмас, — деди қоровулга мўйловли киши ҳамон қўлларини кўксидан олмай. — Сиздай одамларнинг жойи катта корхоналарнинг раҳбарлиги, — кейин шеригига қараб худди мўъжизага дуч келгандай бош ирғади. — Бундай кишиларни бемалол катта раҳбарлик лавозимларига кўтарса бўлади. Чунки уларнинг кўзи тўқ, дуч келган одамдан бир нима ундирай дея мўлтираб турмайди. Қара, қандай ажойиб отахон экан. Эҳ, ёшлари бир жойга бориб қолибди-да, ёш бўлганларида борми, шу бугуннинг ўзидаёқ яхшилаб тафсифнома ёзиб, керакли ҳужжатларини тўғрилаб юқори бир лавозимга шахсан ўзим тавсия этган бўлардим.
Мўйловли йигит охирги сўзларини алоҳида бўрттириб таъкидлади. Уни жим тинглаб ўтирган қоровул чолнинг чеҳраси ёришиб кетди. Анчадан бери бунақа ёқимли сўзларни эшитмаган эди. Қўли дарвозани очадиган тугмачага қандай бориб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди.
— Майли, жуда зарил бўлса, беш минутга кириб чиқинглар, — деди у йигитларга қараб алоҳида мулойимлик билан.
— Э, раҳмат отахон, — деди мўйловли йигит ичкарига машинаси билан кирар экан ва шеригига шивирлади:

— Ҳа, сотилмайсан-а...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика