Фақат ҳаёт абадий (ҳикоя) [Jahongir Xolmirzayev]

Фақат ҳаёт абадий (ҳикоя) [Jahongir Xolmirzayev]
Фақат ҳаёт абадий (ҳикоя) [Jahongir Xolmirzayev]
1
Инсон ҳаёти ҳақида қанча кўп ўйласам, шунча ишонаманки, у ўзининг қисқагина умрида кўп марта ўлиб, тағин тирилар экан. Мана, ҳозир ҳам шундай: мен каравотда ётибман-у, ҳис этаяпманки, кетаяпман. Ҳолбуки менга пичоқ урганлари йўқ, заҳарлашгани ҳам йўқ, касал ҳам эмасман, соғ-саломатман. Мен энди ҳаётнинг маъноси ҳақида ўзимга савол бермайман, шунчаки мен ундан совудим. Тушундимки, ёшликнинг алдамчи шуълалари билан жиловланган орзуларим - хаёлий экан. Ажабо, энг сўнг қазо қиладиган умидлар энди йўқ. Ўзинг бирон-бир нарсани тушунмайдиган бу ҳаётдан нимани кутиш мумкин? Ҳа, йигирма икки яшарлик йигит учун бу фикрлар жуда оғир. Бироқ нима қилиш керак, қачонки шу қисқагина умринг ўзанини ўйлаб, қанчалар хатога йўл қўйганингни англаб турсанг? Вей, қанча ёлғончилик, сотқинликларни кўрдинг; қанча орзуларинг бор эди...

2
Кеча бир таиииш қизни акамнинг туғилган кунига таклиф қилдим. Ўтиришдан кейин уни уйига кузатиб бораётганимда, учта йигит - унинг хушторлари экан шекилли — мени тутиб уришди. Эсим оғиб қолибди. Бир маҳал ҳушимга келганимда йигитлар ҳам, қиз ҳам йўқ эди.
Уйга келиб, азбаройи қиздан хавотир олганим учун қўнғироқ қилдим. Қиз нима деди денг? «Мени ҳимоя қилолмадинг, шунинг учун улар билан кетдим«, деди. Начора, балки у ҳақдир. Кучсизлар ўлади, кучлилар қолади — »жунгли қонуни» шундай бўлса керак. Демак, мен ожиз эканман. Қолаверса, учовига бас келолмасдим.
Ҳозир мен кўзгу олдида туриб, башарамга қараяпман. Чап юзим шишган, ўнг кўзимнинг таги кўм-кўк, пастки лабим ёрилган, хуллас, энди «чиройлик»кина бўлиб қолибман.
Ойна олдидан жилиб хонамга кирдим. Ҳеч нарсани ўқигим, ўйлагим келмас эди.
Шунда ўзим севган рассомларнинг уй деворидан жой олган портретларига қарай бошладим-у, фотосуратлар ёпиштирилган эски албомим эсимга тушиб кетди. Уни шкафдан олиб, диванга ўтирдим.

3
Биринчи бетини очдим, унга икки яшар болакайнинг сурати елимланган. Болакай дўмбоққина қўлчалари билан ўйинчоқ айиқчанинг қўлидан ушлаб, беғубор кўзлари билан тикилиб, жилмайиб турибди.
Бу - мен, йигирма йил бурунги мен.
Албомнинг иккинчи варағини очаман. Биз тоғдамиз: отам, онам ва мен.
Ўшанда мен олти ёшда эдим.
Жуда яхши эслайман: илгарилари ҳар йили биз баҳорда шаҳардан ташқарига — тоққа чиқардик.
Авжи баҳор кезлари бўларди ўша чоғлар: тоғ бағирларида лолалар энди-энди очила бошлаган, дарахтларда илк япроқлар пайдо бўлган, қуёшнинг ёрқин нурлари ҳам совуқ қишнинг нафаси кўтарилиб кетганидан далолат берарди. Бепоён адирларга қараб, шалолалар шовқинини эшитиб, муздек чашма сувларидан симириб ҳам бойчечакнинг нозик бўйини ҳидлаб, киши беихтиёр хаёлкаш -романтик бўлиб қолганини сезмасди.
Бизнинг оиламиз бошқалар қатори йилнинг худди шу фаслида мана шундай тоғ бағрига келарди. Дадам гулхан ёқар, мен эсам калта-култа чўпларни йиғиб келардим. Онам гул терарди. Сўнгра биргалашиб ўзимизга бир егулик тайёрлар эдик.
Яна шу нарса кечагидек эсимда: этакда қолиб кетган водийда битта ям-яшил дарахт (номи ёдимда йўқ) ўсиб турарди. Ўткинчилар унинг бутоқларига турли тасмалар ва латта-путталарни боғлаб кетишарди. Дарахт мана шундай ранго-ранг латталарга бурканиб турарди.
Ҳар гал ўша дарахт яқинидан ўтганимизда дадам машинани тўхтатар, онам эса қўлимга рўмолча бериб, «Бориб богиагин, нимаики истагинг бўлса, рўёбга чиқади», дер эди.
Мен эсам бунга ишониб чопиб кетардим.

4
Яна варақлайман албомни. Мана бу - менинг чин холам. Термиз яқинида яшайди. У кишининг уйига биринчи марта борганим кечагидек эсимда. Бунга бир неча йил бўлди.
Ўшанда мен биринчи марта сомсага цирка сепиб ейишларини кўрганман. Қудуқдан сув тортиб ичишларини ҳам ўшанда кўрувдим. Унча чуқурбўлмаган қудуқчанинг тубида эса кичик-кичик балиқчалар сузиб юрарди.
Уларнинг оиласи катта, дастурхон бошида икки-уч соат бемалол ўтиришларини ҳам шунда кўриб ҳайрон бўлганман: холам дўконда ишлар, хоҳлаган пайтида бориб очар, айрим нарсалами уйида ҳам сотарди.
Қизиқ, улар яшаётган қишлоқнинг оти - Чашма эди. «Нега бундай, булоқ йўқ-ку«, деб сўраганимда, »шунақа булоқ чиқсин деб қўйишган», дедилар.
Хуллас, ҳайрон қолса боиадиган нарсалар кўп эди.
Охирги марта Чашмада тўрт ой муқаддам бўлдим. Бироқ мен бу сафарни сабрсизлик билан кутгандим. Чунки дадамнинг ёшликдан бирга катта бўлган битта дўсти катта бизнесчи бўлиб кетган, дадам менинг тентираб юрганимни унга айтгач, у киши: «Майли, келсин, фирма очиб бераман. Магазини бўлади. Иш ўргатаман», деб ваъда берган экан.
Бундан олдинроқ — айни ёз чилласида катта амакимнинг тўйига — Термизга борганимда, тўйхонада елиб-югуриб хизмат қилаётган бир қиз билан танишган эдим.
Уни холам ҳам мақтаган, биз икковлоннинг чой-товоқ ташишимиз ва ўзаро арзимаган гаплардан кулишимизни кўриб: «Тоҳир, шу қизга уйлансанг яхши бўларди. Туёғимиз узилмас эди. Ўйлаб кўр. Бундай қизлар меҳнаткаш бўлади. Эрнинг гапидан чиқмайди», деган эди.
Бу таклиф менга кутилмаганда маъқул тушган, қизнинг нималаринидир Абориген тоғамга ўхшатган бўлсам, унинг қандайдир соддалигини ўзимга ўхшатган эдим.
Қолаверса, кирн бўлишимдан қатъи назар, уйланишим керак-ку? Балки уйлансам, ҳаётимда бирон-бир бурилиш содир бўлар?.. Университетнинг филологиясигами, журналистикасигами - киролмасам киролмабман-да.
Бу мени адабиётдан совутадими?
Қолаверса, ҳамма ёзувчилар ҳам шу факултетларни битиришмаган.
Тўғри, мен жуда унақа «ёзувчи бўламан», дея олмайман. Аммо ҳеч бўлмаса ўзим учун ёзиб юришим аниқ: ёзганингда хумордан чиқасан-да киши, ҳатто ота-онангу дўстларингдан сир тутган дарду қувончларингни ҳам қоғоздан яширмайсан.
Хуллас, тўйнинг эртаси қизга ҳазил-ҳазил билан яқинда уйларига совчи юборишимни айтувдим, кулибгина қўйди: у чиндан ҳам содда, бокира қиз эди.
Ана шунинг учун ҳам холамнинг уйига — Чашмага боришни бесабрлик билан кутарканман, хаёлимда яна ёрқин манзаралар чизила бошлаган эди: дадамнинг ўртоғи ёрдам берса, ишларим юришиб кетса, ўзим оёққа туриб олсам, ҳаётим чиндан ҳам ўзгаради: ўша қизга уйлансам, уни яхши кўриб қолишим ҳам мумкин... Бироқ йўл харажатининг қимматлиги менинг оёғимга кишан солди.
Ниҳоят, сафарга отланадиган куним ҳам етиб келди. Юқорида айтган режаларим билан қандайдир куч-қувватга тўлиб, ҳатто шу боришдаёқ биринчи қадамим — янги мустақил ҳаётга қўйган қадамимдек туюлиб, Термизга жўнадим.
Поезддан тушибоқ, дадам ёзиб берган адрес бўйича бизнесчи ўртоғининг уйини излаб кетдим. Топдим. Деворлари пишиқ ғиштдан қурилган, темир дарвозаси оғзида иккита ажинакучук ётарди. Мени кўриб, «душманлик» билан қарши олишди. Бир амаллаб ҳовли қўнғироғини босдим.
Дўмбоқ, ёшгина-ю, сочи тўкилиб кетган йигит чиқиб келди. Йигитнинг қовоғи солиқ эди.
«Фалон кишининг ўғлиман. Тошкентдан келдим«, деб таништирдим ўзимни. У ҳам ўша »пистон» кишининг кичик ўғли экан. Чеҳраси хиёл ёришди-ю, лекин:
— Отамнинг мазаси йўқ, - деди. — Дўхтирлар бировга кўрсатманглар дейишган.
— Шунақаям бўлар экан-да.
Йигит тошиб турган эканми, ё мени отам туфайли ўзига яқин олдими, бирдан:
— Дўхтирлар «бели гарячка« дейишди, - деди бидирлаб. - Лекин отам ичмайдилар ҳисоби, жуда оз ичадилар. Бир табибни чақириб қаратган эдик, ўша... ўша »ўтиб кетади, восвос бўпти», деди. Илгариям бир марта шундай бўлувдилар.
— Аттанг.
— Биз жуда камбағалчиликдан шу даражага етувдик. Отамнинг душманлари кўп. Бир-икки йил олдин рекетчилар хат ёзиб қўрқитишди. Отам уларга ҳеч нарса бермадилар... Кейин, шу касални топдилар. Олдинлари ухламай тонг отқизар эдилар. Кейин-кейин шундай бўлиб қолдилар...
— Тушундим.

5
Чашмада ҳам мени шумхабар кутиб турган экан. Холам ғамгин кулимсираб айтди:
— Сенинг О... билан гаплашиб турганингни кўришган экан танишлари. Қизнинг отасига айтибди. Отаси: «У бола Ташканда яшаётган бўлса, қизимни опқочиб кетиш ҳам қўлидан келади», дебди хотинига...
— Кейин?
— Қизини эрга бериб юборди. Қандайдир қариндошига... Сен хафа бўлма, қиз топилади. Ёшсан...
О.нинг синиққина жилмайишлари, соддалиги, ҳаракатчанлиги кўз олдимга келиб, унга жуда-жуда ачиндим. Сўнгра, шу ҳолимда ўзим ҳам уни бахтиёр қилолмаслигимга инониб, бирдан хўрлигим келди: «Ё, худойим, нима гуноҳим бор? — дедим ичимда. — Эндигина ишларим юришай деганда, бутун режаларим картон уйчадек бузилиб кетди. Энди уйга қайси юз билан қайтиб бораман?»
Тошкентга боргач, нима қилишимни ҳам тасаввур этолмасдим. Нимагаки, бу ёққа жўнагунимгача бир тижорат дўконида ёрдамчи сотувчи бўлиб ишлаб турувдим.
Тўғри, ишим вақтинчалик эди-ю, ҳарқалай, уч-тўрт сўм маошим бор эди.
Eнг ёмони шулки, мен бу ёққа жўнаш олдидан «ўз ихтиёрим билан» ишдан бўшаб, бир таниш омборчидан қарзга пул кўтарувдим: икки карра қилиб қайтармоқчи эдим.
Eнди нима бўлади?

6
Вагон мутасаддиси «қирқ минутдан кейин» жўнашимизни айтди. Мен чамадонимни қўйиш учун вагонга, ундан купега кирдим. Ўрта яшар бир аёл ўтирарди.
— Салом алайкум. Бешинчи жой шу ердами? — дедим.
— Мана бу пастки полка бўлса керак, — деб жавоб берди хотин. Мен ўриндиқ қопқасини кўтариб, юкимни қўйдим. Сўнг дераза пардасини четга сурдим.
Пастда одамлар қандайдир шошқин қувонч билан пирожни, вино ва ҳар хил сақичнамо ширинликлар харид қилишар ва вагонларга қараб чопишар эди.
Мен тўшакни ёғоч ўриндиққа ёздим-да, секин чўзилиб ётдим. Кўнглимга қил сиғмасди. Кўзимни юмиб ётарканман, купемизга тағин кимдир кирганини сездим. Кирган киши аёл товуши билан салом берди. Анави хотин ўз ташвиши билан банд эканми, алик олмади.
«Барибиртуриб ўтиришим керак. Ҳали ётишга вақт бор. Бунинг устига, хотинларнинг олдида чўзилиб ётиш - ноқулай», деб ўйладим-да, ўрнимдан турдим.
Рўпарамда болали келинчак турарди. Кўринишидан йигирма ёшларда. Унинг ҳайрон қоларли даражадаги чиройи мени лол этди. Кўзлари қоп-қора ва катта-катта. Лекин қовоқлари шишиб кетган, тоза йиғлаган бўлса керак. Эгнида ўта арзон куртка, оёғида -товонлари қийшайиб, ранги ўнгиб кетган этик. Юзи рўмол билан ўралган.
Унинг боласи ўзига жуда ўхшарди; қизалоқнинг боши ҳам қийиқча билан ўралган, лўппи ёноқлари уни яна-да суюмли қилиб кўрсатарди.
Жувон боласини бир қўлида кўтарганча бошқа қўли билан эшик тутқичидан ушлаб турар, афтидан, ўтиришга қўрқар эди. Мен дарҳол четга сурилиб:
— Нега тик турибсиз? Ўтиринг, — дедим.
— Вей, сиз анча пул тўлагансиз, мен бўлсам - бебилет, — деди. - Яқинда тушаман, акажон.
— Ўтирсангиз-чи.
— Бу ер сизнинг жойингиз ахир?
— Нимабўпти.
Ниҳоят, у ўтирди. Мен тағин четроққа - деразага сурилиб, ташқарида - йироқларда қолиб кетаётган тоғларга тикила бошладим. Хаёлимда эса аламли ўйлар: «Мен ҳаётимда нима ёмонлик, нима гуноҳлар қилдимки, қисмат мени мунчалар азоблайди? Нима учун бировларга барча эшиклар очиқ, менга эса - ёпиқ?.. Тўғри, отам амалдор эмас, онамнинг ҳам қўли кўп жойларга етмайди... Бироқ мен тирикжонман-ку?»
Шунда Термиз кўчаларида кўрган бир афишани эсладим. Унда ёш хонанда кулиб турарди. Ҳолбуки, у бир вақтлар бизнинг ансамблда ноғора чалар, овози ҳам меникидан дуруст эмас эди. Қолаверса, мактабда менинг дипломатимни кўтариб юрар, мен билган инглизча, италянча қўшиқларни хиргойи қилишимни, яъни ўргатишимни сўрагани сўраган эди.
Мен ўшанда гитара чалиш ҳам, қўшиқ айтиш ҳам шунчаки ҳавас, ҳар бир кишиям билса зиён қилмайдиган бир сифат, деб билардим.
Бугунга келиб у шаҳарма-шаҳар консерт қўйиб юрибди. Мен эсамўша-ўша...
Шунда хаёлим бўлинди. Назаримда, кимдир менга гап қотгандекбўлди. Бурилдим. Болали жувон менга тикилиб турарди.
— Кечирасиз, бир нима дедингизми?
— Ҳа, - деди у ғарибона бир тусда. - Нимадандир хафа кўринасиз. Тўғри, бу менинг ишим эмас-у...
— Йўғ-э, сизга шундай туюлгандир, — дедим.
— Кўзларингиздан кўриниб турипти, оғажон. Айтиб беринг, енгил тортасиз.
— Э, йўқ, ҳеч нарсамас, - деб яна ойнага юзландим.
Яна олисдаги тоғларга қарай бошладим-у, бу аёлнинг эшик оғзида туриб айтган гапи ёдимга тушди: «Сиз анча пул тўлагансиз, мен бўлсам бебилет».
Демак, ҳақиқатан ҳам бу - билетсиз, бунинг устига, боласидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ. Демак, поезднинг паттаси — бунинг учун бир «дунё пул».
Eй, бунинг эри йўқми?
— Кечирасиз, билетингиз бўлмаса қандай чиқдингиз? Бизда билетсиз юрадиганларни қуён дейишади, — деб кулдим. Кулдимки, фикримни тушунсин, хафа бўлмасин деб.
У ҳазилни тушунди шекилли:
— Мени мелисалар ўтказворишди, - деди.
— Мелисалар-а?
— Ҳа, - уялиб кулимсиради у. Кейин давом этди, хўжайин билан ҳамиша обши вагонда юрардик, купелисига биринчи марта тушишим... Бундан бурун хўжайин билан Сариосиёга қариндошларникига бориб эдик. Кейин яна поездга ўтириб қайтдик. Билсангиз, эрим кўп ичадилар, бунинг устига байрам келиб қолди. Хуллас, поездга чиққанларида маст эдилар. Биз проводник билан келишиб эдик: пулини кейин ўзига бермоқчи бўлдик. Бор-йўғи саксон сўм пулимиз қолиб эди, шу билан амаллаб уйга етиб олардик... Эрим бўлса, шу поезддан ароқ топтилар-да, яна ича бошладилар. Бекатга етганда, биз тушдик, оёқни ёзиш учун. Хўжайин шунақаям маст эдиларки, ҳеч нарсани билмасдилар. Дуч келган одамни ўпа бошладилар... Уйдаям ичардилар, мен кўникибкетган эдим, аммо ёида мунчалик бўлмасдилар. Ўзлари қурувчи. Мен у кишининг таксичи бўлишини истардим: шунда камроқ ичармидилар...
— Ўзлари неча ёшда? — деб сўрадим.
— Ўттиз саккизда.
— Сизга зўрға йигирма ёш бериш мумкин.
— Ўн саккиздаман, — деб кулди у. Кейин яна сукут тортиб қолди. - Термизда мелисалар опқолишди у кишини. Қанча ялиндим-ёлвордим, йиғладим — қўйворишмади. Термизда мен ҳеч кимни танимайман. Шерободгача ярим соатлик йўл бор... Шундай. Мелисалар мени ичкарига чақиришди... — У чуқур хўрсиниб олди-да, яна давом этди: — Эримнинг киссаларидан бир сўм ҳам чиқмади. Мен бўлсам уйга етиб олишим керак. Автобус билан... Ўзимда пул йўқ, ҳеч ерда ишламайман. Биронта ошхонага идиш ювадиган бўлибми, ер супурадиган бўлибми ишга кирадиган бўлдим. Лекин мени ишга олишмади. Ёш болам бор.
— Қариндошлар борми?
— Ҳа, биз бир ота-онадан саккиз фарзандмиз. Лекин жуда камбағалмиз. Шунинг учун биз — беш қизни ёшлигимиздан эрга узатишди. Акаларим уйланиб чиқиб кетишган, уларни кўрмаганимга бирйилдан ошди. Опам олдинлари уйимизга тез-тез келиб турарди. Кейинги келишида бутун тақинчоқларим йўқолди. Битта узук ва битта сирға — булар раҳматли онамдан ёдгорлик эди. Опам кетганидан кейин бу нарсаларнинг йўқолгани малум бўлди. Кейин мен унинг уйига бориб эдим, у мени ҳайдаб юборди. Шундан кейин алоқамиз узилиб кетди. Баттар яшагинг келмай қолади. Лекин мана шу қизчамни деб...
— Ростини айтсам, нима дейишгаям ҳайронман, — дедим. — Қаранг, тўққиз бўлаяпти. Ўн минутдан кейин Шеробод... Вокзалга яқин турсангиз керак?
— О, йўқ. Биз Шерободнинг ўзида турамиз. Яна Гагаринда. Унгача ўн километр бор...
— Менимча, ҳозир автобуслар юрмаса керак, - дедим. -Сизнинг эса такси пулингиз йўқ. Кўчалар қоронғи, мастлар кўп...
— Бир амаллаб етиб оларман, — деди у. Ниҳоят, эшикдан бошини суққан проводник:
— Стансия Шеробод! — деди.
Мен ўрнимдан туриб, аёлнинг қизалоғини қўлимга олдим. Ва купедан чиқиб, йўл бошладим.
Миямда алкаш-чулкаш ўйлар: «Шундай паризод, ўн саккиз яшар паризод шундай хор-зор... - Перронда тушдик. Мен унга жуда ачинар эдим. Ҳатто: — Юзта шорёр ҳам, қурувчи ҳам бир тола сочингизга арзимайди, — кўнглимни тоштириб юбораётган бошқа гапларни айтишни истардим: — Эй, синглим, ҳали ишга жойлашасан, эринг ичишни ташлайди, опанг тақинчоқларингни қайтариб беради... Энг муҳими, яхши кунлар келишига инон, шунда ҳамма нарса яхши бўлади!» Бироқ, ҳеч нарса қила олмадим.
Поезд бир-икки минут тургач, сигнал берди. Мен чўнтакларимни кавлаб, бор пулимни чиқардим. Юз сўм экан.
— Олинг буни, — деб узатдим.
— О, йўқ, йўқ, ололмайман, — деди у.
— Олинг ахир, бу болакайни кўтариб, ўн километр юриш осонми?
У барибир пулни олмади. Мен шаҳд билан унинг курткаси чўнтагига пулни тиқиб юбордим-да, жила бошлаган поездга чиқдим. У ҳеч нарса деёлмай, тош қотганча қараб турарди. Бир-икки қадам юрилмасдан унинг кўзларида ёш кўрдим. Поезд узоқлашиб борар, келинчак ҳамон тик қотиб турарди. Ниҳоят, кўринмай кетди. Мен зинадан кўтарилиб, вагонга кирдим.
Дераза ёнидан ўтарканман, яна тўхтаб қолдим. "Eй, худойим, - деб ўйладим фавқулодда қандайдиренгил тортиб. — Фермер бўлолмаганим, ҳатто ўзим севган қизга уйланолмаганим, шунчалар фожиа эканми?
Нима бўлганда ҳам бу сафарда нимадир қилдим, тўғрироғи, кимгадир фойдам тегди...
Демак, бекорга келмаган эканман. Ҳа... У бояқиш келинчак менга бир сўз айтолмаган бўлса ҳам, кўзларида миннатдорчилик ёшларини кўрдим-ку..."
Термизга қилган сафарим шу тариқа тугади.

7
Албомнинг охирги варағини очдим. Унда биронта ҳам сурат йўқ эди.
Албомни ёпдим.
Ўзимнинг қисқагина умрим ҳақида ўйладим. Ва айрим хулосаларга ҳам келдим...
Яқинда ойим шкафдан эски шимимни топиб, «уйда кийиб юр», деб бердилар. Шимни кийиб, чўнтакларига қўлимни тиқсам, эски қопчиққа тегди. Уни чиқариб очишим билан Диноранинг телефон рақамига кўзим тушди. Балки у ҳалиям менинг қўнғироқ қилишимни кутаётгандир? Ахир, бу ҳаётда бирон-бир нарсани ҳам олдиндан билиш мушкул-ку?
«Бугуноқ, йўқ, ҳозироқ сим қоқаман Динорага. Кейин кўчага чиқаман», деб ўйладим.
Кейин албомни тағин бошидан тез-тез варақлай кетдим - бу бир хазинадекбўлиб қолган эди: мана - мен. Бу - онам, отам, севимли бувим.
Булар - синфдошларим, буниси - Динора. Мана Аброр - Абориген тоғам.
Холамни ҳам кўргач, охирги бетни очдим. Ҳа, бунда ҳеч қанақа сурат йўқ.
Шунда бирдан тушундимки, мен ҳали охирги бекатга етганим йўқ...
Ажабо, бу бетдаги биринчи сурат балки менинг бўлажак умр йўлдошимники бўлар, балки биринчи фарзандимники...
Бошда «мен ўлаяпман«, деган эдим, энди эса »тирилаётганим»ни сездим.

Демак, инсон «ўлар экан« ва »тирилар экан», бироқ ҳаёт, ҳаётнинг ўзи абадий экан...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика