Девор (ҳикоя) [Jan Pol Sartr]

Девор (ҳикоя) [Jan Pol Sartr]
Девор (ҳикоя) [Jan Pol Sartr]
Бизни деворлари оппоқ чорси хонага итариб-туртиб киритишди. Ўткир ёруғлик кўзни қамаштирди. Зум ўтмай стол ортида қандайдир қоғозларни титиб ўтирган кишилик кийимидаги тўрт нусхани кўрдим. Бошқа қамоққа олинганлар бир оз нарироқда тиқилишиб туришарди. Биз хонани кесиб ўтиб, уларга қўшилдик. Бу одамларнинг кўпини билардим, қолганлари, чамаси, муҳожирлар эди. Менинг олдимда иккита бир-бирига ўхшаган оқ-сариқдан келган киши турарди, булар франтсузлар бўлса керак, деб ўйладим. Бўйи пастроғи дам-бадам шимини кўтариб қўяр – тиззалари қалтираётгани кўриниб турарди.
Бу даҳмаза уч соатчадан буён давом этар, бошим қотган, қулоқларим шанғиллар эди. Аммо хона иссиққина, танага ёқар, биз уззукун совуқда қолиб изиллаган эдик. Соқчилар қамоққа олинганларни бирма-бир стол ёнига олиб боришарди. Кишилик кийимидаги тўрт нусха ҳар бир одамдан исми билан касб-корини сўрарди. Улар шу саволлардан нарига ўтишмас, лекин гоҳида «Ўқ-дорилар ўғирлашда қатнашганмисан?» ёхуд «Ўнинчида эрталаб қаерда, нима иш билан машғул эдинг?» деб сўраб қўйишарди. Жавобларни эса ҳатто эшитишмас ёки эшитмаганга олишар, бўшлиққа тикилиб, жим қолишар, кейин ёзишга тушишарди. Томдан «Ҳақиқатан байналмилал бригадада хизмат қилганмисиз?» деб сўрашди. Бўйин товлашнинг маъниси қолмаган – улар курткасидаги ҳужжатларини топиб ўқишган эди. Хуандан эса ҳеч нарсани сўрашмади, фақат у отини айтиши биланоқ тез-тез алланималарни ёзишга тушишди.
– Ўзингиз биласиз-ку, – мен эмас, акам анархист. Аммо у бу ерда эмас. Менинг сиёсат билан ишим йўқ, ҳеч қандай партияга аъзо эмасман. – Улар индамай ўтириб ёзишарди. Хуаннинг жағи тинмасди. – Менинг ҳеч бир айбим йўқ. Бошқаларнинг жатига қолишни истамайман. – Унинг лаблари титрарди. Соқчи оғзингни юм деб, уни бир чеккага итариб олиб борди.
Навбат менга келди.
– Сиз Пабло Иббиетамисиз?
Мен «Ҳа», дедим. Нусха қоғозларга қаради-да, сўради:
– Рамон Грис қаерга яширинган?
– Билмайман.
– Сиз уни олтинчидан ўн тўққизинчигача яширгансиз.
– Ундаймас.
Улар нималарнидир ёзишди, кейин соқчилар мени хонадан олиб чиқишди.
Йўлакда иккита қоровул ўртасида Том билан Хуан турарди. Бизни олиб кетишди. Том соқчиларнинг бировидан сўради:
– Бу ёғига нима бўлади?
– Қайси маънода? – деди соқчи.
– Бизни сўроқ қилишдими ёки суд?
– Суд.
– Хўп. Энди нима қилишади бизни?
Соқчи қуруққина жавоб берди:
– Ҳукм камерада эълон қилинади.
Улар камера деб атаган жой илгариги касалхонанинг ертўласи эди. Бу ердаги совуққа чидаб бўлмас, ҳар томондан аёз шамол ғўрилларди. Тун бўйи азбаройи совуқдан тишлар такиллаб чиқар, кундузлари ҳам бундан тузук эмасди. Бундан аввал мен беш кун архиепископликнинг ёлғизхонасида ўтирган эдим, уни ўрта асрлардан қолган тош ўра деса ҳам бўларди. Қамоққа олинганлар шунчалик кўп эдики, уларни дуч келган ерга тиқиб ташлашарди. Мен-ку ўша ўрасидан хафа эмасман, жиллақурса, у ерда совқотганим йўқ, фақат ёлғиз эдим, ёлғизлик эса одамни ҳолдан тойдиради. Манави ертўлада ҳарқалай ён-веримда одамлар бор. Рост, Хуан оғзини очмас, қаттиқ қўрқар, ҳар на қилса-да, жуда мурғак, гапирадиган гапи ҳам йўқ ҳисоби эди. Томнинг эса, аксинча, жағи тинмас, бунинг устига испанчани сувдай ичарди.
Ертўлада битта узун ўриндиқ ва тўртта бўйра бор эди. Эшик орқамиздан ёпилгач, биз ўтириб, бир муддат жим қолдик. Аввал Том тилга кирди:
– Тамом. Кунимиз битди.
– Балки, – дедим мен. – Лекин йигитчага тегишмас дейман.
– Акаси жангари бўлсаям, укасининг бунга алоқаси йўқ.
Мен Хуанга қарадим: у, чамаси, эшитмасди. Том гапини давом эттирди:
– Сарагосада уларнинг нималар қилаётганини биласанми? Одамларни йўлга ётқизиб, устидан юк машина юргизишяпти. Марокашлик бир қочоқ бор эди, бизга ўша гапириб берди. Айтишларича, шунақа қилиб ўқ-дорини тежашармиш.
– Бензинни тежашмас эканми?
Том жиғимга тегди. Нима қилади буларни гапириб?
– Зобитлар бўлса йўл чеккасида қўлларини чўнтакка тиқиб, сигарет тутатиб айланиб юришармиш. Ўша шўрликларни дарров асфаласофилинга жўнатишади деб ўйлайсанми? Ҳеч-да! Абгорлар соатлаб бақириб ётишармиш. Марокашлик оғриқнинг зўридан мен аввалига оғзимни ҳам очолмадим, дейди.
– Ишончим комилки, улар бу ерда ундай қилишмайди, – дедим мен. – Бошқасини билмайман-у, лекин уларнинг ўқ-дорилари етарли.
Ертўлага тўртта тешик ва чап томондаги шифтдан очилган туйнукдан ёруғлик тушиб турар, ундан нақ осмон кўринарди. Бу туйнукдан илгари ертўлага кўмир туширилган чоғи, шундоқ тагида кўмир хокаси тўдаланиб ётарди. Чамаси, у билан ҳарбий касалхонани иситиш мўлжалланган. Кейин уруш бошланиб, касаллар бошқа жойга кўчирилган-у, кўмир шундоқ қолиб кетган. Афтидан, туйнукни беркитиш ёдларидан кўтарилган, вақти-вақти билан тепадан ёмғир томчилари томарди. Кутилмаганда Том ёмон қақшаб ғўлдиради:
– Қуриб кетсин! Ҳаммаёғим титраб кетяпти. Шу етмай турувди!
У ўрнидан туриб машқ қилишга тушди. Кўйлаги ҳар кўтарилганда жун босган оппоқ кўкраги кўриниб кетарди. Кейин у чалқанча ётиб, оёқларини кўтариб қайчидак айлантира бошлади – унинг семиз думбаси дирилларди. Умуман, Том – зуваласи пишиқ йигит, лекин барибир семизроқ. Мен беихтиёр ўқ ва милтиқ найзаси бу лаққа юмшоқ гўштга ёғни кесгандай осон ва енгил кириб боришини тасаввур қилдим. У қотма йигит бўлганида, эҳтимол, бундай ўйламаган бўлардим. Мен совқотмаган бўлсам-да, қўл-оёғимни сезмасдим. Баъзида бирнимамни йўқотгандай бўлар, курткамни қидириб, аланг-жаланг қилар ва шу заҳоти уни менга қайтариб беришмаганини эслар эдим. Бундан ғашлигим ортарди. Улар бизнинг кийим-кечакларимизни олиб қўйишиб, бўз иштонлар беришди – бу ерда касаллар айни ёз чоғлари шундай иштонларда юришган. Том ўрнидан туриб, рўпарамга ўтирди.
– Қалай, исидингми?
– Қайда дейсан, қуриб кетсин. Нафасим тиқилгани қолди.
Соат саккизларда камерага комендант билан иккита фалангачи аскар кирди. Комендантнинг қўлида рўйхат бор эди. У соқчидан сўради:
– Бу учовининг фамилияси нима?
Соқчи айтди:
– Стейнбок, Иббиета, Мирбал.
Комендант ойнагини тақиб, рўйхатга боқди.
– Стейнбок... Стейнбок... А-ҳа, мана бор. У отишга ҳукм қилинган. Ҳукм эртага эртаминан ижро этилади.
У рўйхатга яна бир қур кўз ташлади:
– Қолган иккови ҳам.
– Бўлиши мумкинмас, – дея ҳиқиллади Хуан. – Хатолик бу.
Комендант унга ҳайрон бўлиб қаради:
– Исми шарифинг?
– Хуан Мирбал.
– Ҳаммаси тўғри. Отув!
– Лекин мен ҳеч нарса қилганим йўқ, – дея гапидан қолмади Хуан.
Комендант елкасини қисди-да, бизга ўгирилди:
– Сизлар баскмисизлар?
– Йўқ.
Комендантнинг авзойи бузуқ эди.
– Лекин менга бу ерда учта баск бор дейишувди. Уларни қидириб юришдан бошқа ишим йўқми? Сизларга руҳоний керакми?
Биз индамадик. Комендант:
– Ҳозир олдингизга белгиялик врач киради, – деди. – У сиз билан эрталабгача бирга бўлади.
У қўлини чаккасига қўйиб, сўнг чиқиб кетди.
– Айтмовдимми сенга? – деди Том. – Хасислик қилишмапти.
– Рост, – дедим мен. – Аммо болапақирга жабр-да. Аблаҳлар!
Гарчи йигитчани жиним суймай турган бўлса-да, бу гапни адолат юзасидан айтдим. Болакайнинг юзи ғоятда ингичка, ўлим қўрқинчи башарасини ёмон ўзгартириб юборганди. Уч кун бурун у хипчагина ўсмир эди, уни ёқтирмасликнинг иложи йўқ эди, лекин ҳозир у жуда қаримсиқ бўлиб қолган, мабодо энди уни шу ҳолда қўйиб юборсалар ҳам, у умр бўйи шундай қаримсиқ ва пажмурдалигича қоларди, деб хаёлимдан ўтказдим. Умуман, болакайга одамнинг раҳми келади, аммо ачиниш нафратимни қўзғар, у ёғини айтсам, боланинг ўзи ҳам кўзимга балодек кўринарди.
Хуан бошқа миқ этмади, унинг ранг-рўйи қумдай оқарди, қўллари, башарасининг ҳам туси ўчди. У кўзлари соққадай бўлиб яна ерга чўкди. Бир жойга тикилди-қолди. Том меҳрибон одам эди, у болакайнинг қўлини тутмоқчи бўлди, аммо у жаҳл билан қўлини тортиб олди, юзи аламдан буришиб кетди.
– Унга тегма, – дедим Томга. – Кўрмаяпсанми, хўрлиги келиб турибди.
Том истар-истамай рози бўлди, у негадир болакайни юпатгиси келган, шундай қилганда, ўз аҳволини ҳам бир оз бўлса-да енгиллатган бўлармиди балки. Ҳар иккови ҳам жуда ғашимга тегишаётган эди. Илгари мен ҳеч ўлим тўғрисида ўйламагандим, фурсатим бўлмаганди, лекин ҳозир мени нима кутаётганини ўйламай иложим йўқ эди.
– Менга қара, – деди Том, – сен улардан биронтасини нариги дунёга жўнатдингми?
Мен жавоб бермадим. Том августдан бери олтитасини отиб ташлаганини ўраб чирмай бошлади. Аниқ, у ҳозир юзага келган вазият ҳақида ўзига ҳисоб бермасди, у буни истамаётганини равшан кўриб турардим. Ўзим ҳам рўй берган ҳолни тузук-қуруқ англай олмас, бироқ мен ўлим оғир бўлармикин-а, деб ўйлаган ва қайноқ ўқлар баданимни дўлдай тешиб ўтаётганини ҳис қилгандим. Шунга қарамасдан бу сезгиларнинг унча аҳамияти йўқ эди. Ҳали бунинг ташвишини чекмаса ҳам бўлар, аҳволни аниқлаштириб олишим учун олдинда бир кеча бор эди. Тўсатдан Том жим бўлиб қолди. Унга кўз қиримни ташладим, рангида ранг қолмабди. Аҳволи ғоятда ночор эди, шунда мен «Ана бошланди!» деб ўйладим. Қоронғи тушиб келарди, туйнукдан хира ёруғ оқиб кирар, кўмир уюмини ёритар, хона саҳнига доғ-дуғ бўлиб ясланарди. Туйнук узра кўзимга юлдуз ташланди, кеча совуқ, осмон тиниқ эди.
Эшик очилиб, ертўлага икки соқчи кирди. Уларнинг ортидан Белгия ҳарбий кийимидаги оқ-сариқдан келган кимса кўринди. Биз билан саломлашгач:
– Мен врачман. Манави нохуш аҳволларда сизлар билан бирга бўламан, – деди.
Унинг товуши зиёлиларники сингари ёқимли эди. Ундан сўрадим:
– Бунинг нима фойдаси бор?
– Камина хизматингизда бўламан. Охирги дақиқаларни осонлаштиришга ҳаракат қиламан.
– Лекин нега бу ерга келдингиз? Госпиталда ярадор тўлиб ётибди-ку.
– Мени айнан шу ерга жўнатишди, – деб жавоб берди у ноаниқроқ қилиб. Кейин шоша-пиша қўшимча қилди: – Чекасизми? Сигаретим, ҳатто сигарам ҳам бор. – У бизга инглиз сигарети ва Гавана сигарасини узатди, биз рад этдик. Мен унга тикилиб қарадим, у ўзини ноқулай сезди. Унга шундай дедим:
– Сиз бу ерга раҳм-шафқат кўрсатиш учун келмагансиз. Мен сизни танидим. Мени қўлга олишган куни сизни казарма ҳовлисида кўрганман. Сиз фалангачи аскарлар билан бирга турардингиз.
Унга бор гапни тўкиб солмоқчи эдим, лекин ўзимга ҳайрон қолдим, бундай қилиб ўтирмадим: бирдан белгияликка умуман қизиқмай қўйдим. Илгарилари мен бировга тирғилсам, уни осонликча қўлдан чиқармасдим. Ҳозир эса бутунлай гапиргим келмай қолди. Елкамни қисдим-да, юзимни бошқа ёққа ўгирдим. Бир неча дақиқадан сўнг мундай бошимни кўтариб қарасам, белгиялик мени қизиқсиниб кузатяпти. Қўриқчилар бўйраларга ўтиришди. Найнов Педро зерикиб ўзини қаерга қўйишни билмас, наригиси эса ухлаб қолмаслик учун дам-бадам бошини у ёқдан бу ёққа бурар эди.
– Чироқ олиб келайми? – кутилмаганда сўради Педро.
Белгиялик бошини силкитди, мен шунда унинг зиёлилиги алдамчи, тўнкадан фарқи йўқ экан, деб ўйладим. Лекин ҳар ҳолда шафқатсиз дажжол ҳам эмасди. Унинг совуқ кўк кўзларига қараб, ҳавойироқ одам, ҳар қандай пасткашликка боради, деб ўйладим. Педро тезда керосин чироқ кўтарганча қайтиб келди ва узун ўриндиқнинг четига ўрнатди. Чироқ хира ёритар, лекин, ҳар қалай, ҳечдан кўра яхшироқ эди. Кечагина биз зимистон қоронғида ўтирган эдик. Мен шипга тушиб турган чироқ шуъласи гардишига узоқ термулиб қолдим. Худди сеҳрлангандай ундан кўзимни узолмасдим. Тўсатдан бари ғойиб бўлди, шуъла доираси сўнди. Кўтариб бўлмас оғир юк остида қолгандай мен қаттиқ қалтираб кўзимни очдим. Йўқ, бу қўрқув, ўлим шарпаси эмас эди. Бунинг нималигини англаб бўлмасди. Икки юзим ўт бўлиб ёнар, бошим оғриқдан ёрилай дер эди.
Жунжикиб ўртоқларимга боқдим. Том кафтларига юзини яширганча ўтирар, кўзим унинг жингала пахмоқ сочинигина илғарди. Болакай Хуан тобора ночорлашиб борарди: оғзи ярим очиқ, бурун катаклари пир-пир учарди. Белгиялик яқин келиб, унинг елкасига қўлини қўйди: чамаси, у болага далда беришни истарди, лекин кўз қорачиқлари муз парчаларидек йилтирарди. Унинг қўли аста пастга сирғалди ва боланинг билагида тўхтади. Хуан қимирламади. Белгиялик унинг билагини уч бармоғи билан қисди, унинг нигоҳи қотиб қолганга ўхшарди, шунда у мени кўрмаслик учун орқасини ўгирди. Мен бир оз олдинга энкайдим, шунда у соатини чиқариб, қўлини қўйиб юбормасдан бир неча сония унга қараб қолганини кўрдим. Кейин у ўзини четга олди, шунда Хуаннинг қўли ҳолсиз пастга осилиб қолди. Белгиялик деворга суянди, кейин худди муҳим бир нарсани эслагандай ёндафтарини чиқариб, унга ниманидир ёзди. «Аблаҳ! – қаҳрим келди менинг. – Қани менинг томиримни кўрсин-чи, башарасига айлантириб соламан». У, ҳар қалай, менинг олдимга келмади, аммо бошимни кўтарганимда, менга қараб турганини кўрдим. Мен кўзимни олиб қочмадим. У қандайдир ҳиссиз бир овоз билан менга сўз қотди:
– Совқотмаяпсизми бу ерда?
Унинг ўзи жуда совқотган, башараси кўкариб кетган эди.
– Йўқ, совқотмадим, – деб жавоб бердим.
Бироқ ҳамон у менга қаттиқ тикилиб турарди. Бирдан гап нимадалигини тушуниб қолдим. Қўлим билан юзимни сидирдим: уни шилимшиқ тер босган эди. Зах совуқ ертўлада қишнинг қоқ ўртаси ҳар ёқдан ғўриллаб турган елвизакда мендан тинмай тер қуйилиб келаётганини қаранг. Сочларимни ушлаб кўрдим: жиққа ҳўл. Кўйлагимни ҳам тамомила тер босиб, баданимга ёпишиб қолган эди. Бир соатдан бери тер аъзойи баданимдан қуйилиб келар, мен эса уни сезмасдим. Белгиялик маҳлуқ бўлса, буни кўриб-билиб турган экан. Юзимдан оқиб тушаётган терни кўриб, мана, қўрқув одамни қандай аҳволга солади, жон ширин, деб ўйлаётгандир, хойнаҳой. У ўзини шу тобда рисоладаги одамдай сезаётган ва рисоладаги одамлар каби совқотаётганидан мамнун ҳам бўлса керак. Мен унинг олдига бориб, башарасига туширгим келди. Лекин у томонга ҳали бир қадам ҳам қўймай туриб, юрагимдаги алам ва уят йўқолди-да тамомила фарқсиз бир ҳолда узун ўриндиққа ўтириб қолдим. Мен яна рўмолчамни чиқариб, у билан бўйинларимни артишга тушдим. Энди мен сочларимдан оқиб тушаётган терни аниқ сездим ва бундан кўнглим ниҳоятда хира бўлди. Кейин оқиб тушаётган терни артмай қўя қолдим, рўмолча сиқса бўладиган даражада ҳўл эди. Аммо тер сира тўхтамасди. Бўксаларим ҳам терга ботди, иштоним ўриндиққа ёпишиб қолди. Кутилмаганда болакай Хуан тилга кирди:
– Сиз врачмисиз?
– Врач, – деб жавоб берди белгиялик.
– Айтинг-чи... оғрийдими... узоқ чўзиладими?
– Оҳ, бу... анов... Йўқ, тез ўтиб кетади, – деб жавоб қилди белгиялик оталарча оҳангда. Шу тобда у гўё ҳақ тўлаб даволанишга келган касални юпатарди.
– Мен эшитгандимки... менга айтишувди... баъзан... биринчи ўқ ёғдирилганда ҳеч нарса бўлмайди деб.
Белгиялик бошини чайқади.
– Дастлаб отилган ўқлар одамнинг жон жойига тегмаса, шундай бўлади.
– Унда милтиқларни яна ўқлаб, яна бошқатдан мўлжалга олишадими?
Хуан бир оз жим қолиб, кейин овози хириллаб сўради:
– Бунга вақт керакдир?
Жисмоний азоб уни қийнар ва қўрқитарди: унинг ёшида шундай бўлиши табиий. Мен бўлсам, бундай нарсаларни ўйламасдим, оғриқ олдида қўрққанимдан терга ботаётганим йўқ эди. Ўрнимдан туриб, кўмир уюми олдига бордим. Том сесканиб, менга норози боқди: оёқ кийимим юрганда ғижирлар, бу унинг ғашига тегарди. Наҳотки менинг ҳам башарам шундай оқариб-кўкариб кетган бўлса, деб ўйладим.
Осмон ажойиб эди, мен ўтирган бурчакка ёруғлик тушмасди, шундоқ тепага қарашим билан Катта Айиқ юлдуз туркумини кўрдим. Аммо энди бари бошқача эди: илгари архиепископликнинг ёлғизхонасида ўтирганимда истаган пайтда осмон парчасини кўра олар ва бу ҳар сафар менда турли хотираларни уйғотар эди. Эрталаб ҳаво енгил, осмон ложувард бўлганда мен Атлантика океани қумлоқ соҳилларини хаёлимдан ўтказардим. Туш маҳали қуёш тиккага келганда Севилиядаги қовоқхона эсимга тушарди – у ерда мансанило ичкилигини ичиб, хамса ва зайтун меваларидан ердим. Тушдан сўнг кун уфққа оғганда, сояда ўтирар ва шунда майдоннинг қоқ ярмини қоплаган қуюқ сояни эслардим, худди шу пайтнинг ўзида майдоннинг қолган қоқ ярми қуёш нурларида ярақларди, шу тариқа тирноқча осмон парчасида акс этган ерни томоша қилиб, жуда маъюс тортардим. Бироқ энди осмонга қандай хоҳласам, шундай қарардим: у мутлақо ҳеч нарсани эсимга солмасди. Менга шу кўпроқ ёқарди. Ўз жойимга қайтиб, Том билан ёнма-ён ўтирдим. Ҳеч ким сўз қотмади.
Андак фурсатдан сўнг у шивирлаб сўзлашга тушди. У жим ўтиришга сира ўрганмаганди: товуш чиқариб сўйлабгина ўзининг кимлигини англарди. Гарчи у бошқа томонга боқиб турган эса-да, афтидан менга сўйларди. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, у мени шу алфозда терга ботган ва ранги қум оқарган ҳолда кўришдан, чамаси, юраги безилларди. Энди биз бир-биримизга жуда ўхшардик ва ҳар бировимиз бошқа бировимиз учун бамисоли ойна эдик. У тирик белгияликка қаради.
– Сен бу нарсаларни тушунасанми? – деб сўради у. – Мен тушунмайман.
Мен ҳам секин шипшиб сўйладим. Мен ҳам белгияликка қарадим.
– Нима деяпсан?
– Ҳализамон бошимизга қаттол бир савдо тушади.
Томдан ғалати бир ниманинг ҳиди анқиётганини сездим. Ҳидларни одатдагига қараганда нозикроқ сезадиган бўлиб қолибман. Мен киноя қилдим:
– Майли. Тезда тушуниб қоласан.
Лекин у ҳамон ўзининг айтганидан қолмасди.
– Йўқ, бунга одамнинг ақли бовар қилмайди. Мен охиригача матонатли бўлишим керак, лекин нима бўлганда ҳам, билишим керакки... Демак, шундай, кўп ўтмай бизни ташқарига олиб чиқишади. Бу газандалар рўпарамизда саф тортишади. Нима дейсан, улар неча киши бўларкин?
– Билмадим, балки бешта, балки саккизта. Ундан кўп бўлмас.
– Майли. Саккизта бўлақолсин. Уларга «Мўлжал!» деб қичқиришади, ўзимга қаратилган саккизта милтиқ оғзини кўраман. Мен девор томонга сурилмоқчи бўламан, елкам билан унга суянаман, жон-жаҳдим билан ёпишаман, у эса тунги босинқираш чоғида бўлгани каби мени итариб ташлайди. Буларнинг барини мен кўз ўнгимга келтира оламан. Билсайдинг, қанчалар аниқ бу суврат!
– Биламан, – дедим. – Мен буни сендан кам тасаввур қилмайман.
– Бунинг оғриғига чидаш қийин. Ахир, улар башарангнинг абжағини чиқариш учун кўзинг ва оғзингни пойлаб отишади. – Унинг овози қаҳрли эшитилди. – Мен жароҳатларимни ҳис қилиб турибман, мана бир соатки, бошим оғрияпти, бўйним азоб беряпти. Бу ҳақиқий оғриқ эмас, аммо ундан баттарроқ, бу мен эртага эрталаб ҳис қиладиган оғриқ. Хўш, ундан кейин нима бўлади?
Унинг нима демоқчи бўлаётганини жуда яхши тушуниб турардим, лекин буни пайқаб қолишини сира истамас эдим. Мен ҳам бутун аъзойи баданимда шундай оғриқни сезардим, мен уни худди чандиқ ва тиртиқлар каби ўз жисмимда олиб юрардим. Ҳеч уларга ўрганолмасдим, лекин ўртоғимдан фарқли ўлароқ, уларга ортиқча аҳамият бермасдим.
– Кейинми? – дедим мен баралла овозда. – Кейин сени қурт-қумурсқалар талайди.
Сўнгра у худди ўзи билан ўзи гаплашгандай сўйлади, лекин белгияликдан кўзини сира узмасди. Белгиялик эса ҳеч нимани эшитмаётгандай эди. У нега бу ерда ўтирганини мен тушунардим: фикрларимиз уни қизиқтирмасди, ҳали ҳаётни тарк этмаган бўлса-да, аммо талваса ичида тўлғанаётган жисмимизни кузатгани келганди.
– Бу худди тунги қўрқинчли тушга ўхшайди, – деб давом этарди Том. – Бир нарсани ўйлашга уринасан, назарингда, бу қўлингдан келадигандай, бир дақиқадан сўнг ниманидир тушунгандай бўласан, ундан сўнг ҳаммаси тарқалиб, йўқолиб кетади. Мен ўзимга ўзим «Кейинми? Кейин ҳеч нима бўлмайди», дейман. Лекин бунинг маънисини тушунмайман. Гоҳ мундай тушунгандай бўламан... лекин шунда яна ҳаммаси қочиб кетади-да, кейин мен оғриқми, ўқлар, милтиқларнинг бирваракай отилишими шуларни ўйлашга тушаман. Сенга қасам ичиб айтишим мумкин, мен моддий дунёга ишонаман, амин бўл, менинг ақли-ҳушим жойида, лекин шунга қарамай, бунинг учини учига тўғри келтиролмайман. Мен ўз лошимни кўраман: бунинг қийин жойи йўқ, лекин уни, ҳар қалай, мен ўзим кўряпман: ўлик танага қараган ҳам ўзимнинг кўзларим. Мен ўзимдан бошқа ҳеч нарсани кўрмайман ва ҳеч нарсани эшитмайман, ҳаёт эса бошқалар учун давом этаверади, деб ишонтирмоқчи бўламан. Лекин биз бундай фикрлар учун яратилмаганмиз. Биласанми, алланиманидир кутиб тун бўйи мижжа қоқмай чиққан пайтларим бўлган. Аммо бизни бутунлай бошқа бир нарса кутяпти, Пабло. У устимизга орқадан бостириб келмоқда, шунинг учун унга шай туришнинг ҳеч иложи йўқ.
– Жим бўл, – дедим унга. – Балки руҳонийни чақирсак, изҳори дил қиларсан?
У индамади. У башорат қилишни, отимни айтиб чақиришни ва босиқ ғўнғирлаб гапиришни яхши кўришини аллақачон пайқагандим. Буларнинг ҳеч бирини мен кўтаролмасдим, аммо нима ҳам қилиш мумкин – ирландларнинг бари шунақа. Ундан пешоб иси анқиётгандай туюлди. Гапнинг очиғини айтсам, Томни унчалик ҳам ёқтиравермасдим ва энди ҳам бирга ўламиз-ку деб, унга муносабатимни ўзгартирмоқчи эмасдим. Бирга ўлишнинг ўзи мен учун етарли эмасди. Мен ҳаммаси бошқача кечиши мумкин бўлган одамларни билардим. Мисол учун Рамон Грис. Аммо Хуан билан Томнинг ёнида ўзимни ёлғиз сезмоқдайдим. Дарвоқе, шу тобдаги аҳволдан ҳам норози эмасдим: агар Рамон бу ерда бўлганда, чўкиб қолган бўлармидим. Ваҳоланки, ҳозир мен ўзимни дадил тутаётган ва охиригача шундай қолмоқни ният қилгандим. Том паришон ҳолда сўзларни чайнарди. Бир нарса кундек аён эди: у, қандай бўлмасин, ўйламаслик учунгина нуқул гапирарди. Энди ундан пешоби чатоқ қариядай шиптир ҳиди тараларди. Лекин, умуман олганда, унинг гапларига қўшилардим, у нима деган бўлса, афтидан, буларни мен ҳам айтишим мумкин эди: зўрлик оқибатида ўлиш – ғайритабиий нарса. Эртага ўлишимни билган дақиқадан бошлаб атрофдаги барча нарсалар менга ғайритабиий бўлиб туюла бошлади: кўмир уюми дейсизми, узун ўриндиқ ва ё Педронинг наҳс башараси дейсизми – ҳаммаси. Гарчи энди тун бўйи фақатгина бир нарса ҳақида ўйлашимиз, бирга дир-дир титрашиб, бирга қора терга ботишимизни обдон тушунсам-да, буларни ўйлагим келмасди. Унга кўз қиримни ташладим ва илк дафъа у менга ғалати кўринди: юзига ўлим шарпаси ўтирганди. Шунда ғурурим дарз кетди: йигирма тўрт соат-дан бери мен Том билан бирга унинг ёнида турибман, гап-сўзини тинглаб, ўзим ҳам бир нималар деб... ва шунча вақт орасида ишончим комил эдики, биз у билан бутунлай бошқа-бошқа одамлармиз. Мана энди маълум бўлдики, биз бир-биримизга баайни эгизаклардай ўхшаб қолибмиз. Бунинг сабаби эса эртага бирга ўлишимиз. Том менинг қўлимдан ушлаб, кўзлари қайларгадир бошқа ёқларга қараганча, деди:
– Мен ўзимдан ўзим сўрайман, Пабло... мен ўз-ўзимдан дам сайин сўрайман: наҳотки биз изсиз йўқолиб кетсак?
Қўлимни бўшатдим-да, аччиқ билан дедим:
– Оёғинг тагига бир қара, чўчқа.
Унинг оёғи тагида кўлмак ҳосил бўлган, иштонидан томчилар ширилларди.
– Нима бу? – ғўлдиради у ўзини йўқотиб.
– Иштонингга бажариб қўйибсан, – дедим мен.
– Ёлғон! – дея қичқирди у қутуриб. – Ёлғон! Мен сезаётганим йўқ!
Белгиялик мунофиқларга ачингандек бўлиб, ёнимизга келди.
– Мазангиз қочяптими?
Том жавоб бермади. Белгиялик индамай кўлмакка қараб турарди.
– Билмайман, нега бундай бўлди... – Томнинг овози қаҳрли янгради. – Лекин мен қўрқмайман. Қасам ичаманки, қўрқмайман!
Белгиялик миқ этмасди. Том ўрнидан туриб бўшангани бурчак томонга кетди. Кейин иштонини тўғрилаганча қайтиб келди, ўриндиққа ўтирди-да, бошқа лом-мим деб оғиз очмади. Белгиялик ёзув-чизуви билан машғул бўлди.
Биз унга қараб ўтирардик. Учовимиз. Ахир, у тирик эди-да!
Унинг ҳаракатлари тирик одамнинг ҳаракатлари, тирик одамнинг ташвишлари эди: бу ертўлада у худди тирикларга ўхшаб, совуқдан қалт-қалт титрар, соғлом диркиллаб турган жисми тириклиги боис унга сўзсиз бўйсунарди. Биз эса ўз жисмимизни у қадар ҳис қилмай қўйгандик, ҳис қилганда ҳам, у каби эмасдик. Мен иштонимнинг паст қисмини пайпаслаб кўришни истардим, лекин бунга журъат этолмасдим. Мен белгияликка тикилиб қарайман: у ўз мушак¬ларининг эгаси, кучли оёқлари ерда уни маҳкам тутиб туради, унга эртанги кун ҳақида ўйлашига ҳеч нарса ҳалақит бермайди. Биз уч қони сўриб олинган шарпа – бутунлай бошқа бир томонда жойлашганмиз, биз унга қаттиқ термулиб ўтириб, бамисоли унинг қонини ичамиз – қонхўрлар каби. Ана у болапақир Хуаннинг олдига борди. Болакайнинг бошини нега силамоқчи бўлди – айтиш қийин; балки буни касб-кори талабига кўра қилгандир, балки кўнглида раҳм-шафқат уйғонгандир. Агар шундай бўлса, бу тун бўйи фақат бир мартагина рўй берди, холос. У Хуаннинг бошини силаб, елкасига қоқиб қўйди, болакай ундан кўзини узмас ва бунга қаршилик кўрсатмасди, аммо у кутилмаганда белгияликнинг қўлидан маҳкам тутиб, ваҳшиёна алфозда тикилиб қолди. Болакай унинг қўлини ўз кафтлари орасига олиб сиқди, бунинг ажабланарли жойи йўқ эди: туссиз оташкурак орасидаги оппоқ, юмшоқ қўл. Мен нима рўй беришини дарров тушундим. Чамаси, Том ҳам фаҳмлади, аммо белгиялик буни миннатдорлик изҳоригина деб англаб, ҳамон оталарча табассум қилиб турарди. Кутилмаганда болакай бу юмшоқ дўмбоққина қўлни оғзига олиб борди-да, уни тишламоқчи бўлди. Белгиялик қўлини кескин тортиб олди ва қоқиниб кетиб, деворга урилди. Бир зум у бизга даҳшат тўла кўзлари билан боқиб турди: мана, ниҳоят у биз ўзига ўхшамаган, тамомила бошқача одамлар эканимизни англади. Мен хахолаб кулиб юбордим, соқчилардан бири даҳватан сакраб ўрнидан туриб кетди. Иккинчи соқчи эса ҳамон ухлаб ётар, ярим юмуқ қовоқлари орасидан кўзининг оқи кўзга чалинарди. Мен ўзимни ҳорғин ва ўта оғир ҳаяжонга ботган ҳолда сезардим. Ҳали тонг қоронғисида нима рўй беришини, ўлимни ўйлагим келмасди. Барибир ўлимни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди, сўзлар қуруқ ва ҳеч нарсани англатмасди. Лекин бутунлай бошқа бир нарса ҳақида ўйлайман деганимда, шу заҳоти менга қараб ўқталган милтиқларнинг оғзини кўрдим. Йигирма мартача ўзимнинг отилаётганимни тасаввур қилдим, бир гал ҳатто бу ростдан ҳам рўй бераётгандай туюлди: афтидан, кўзим илиниб қолган бўлса керак. Девор томонга судрашар, мен эса қаршилик кўрсатар ва раҳм қилинглар, деб бақирардим. Шунда шошиб кўзимни очдим ва белгияликка қарадим: тағин уйқимда бақириб юборган бўлсам-а, деб қўрқардим. Аммо белгиялик мўйловчаларини хотиржам силар, ҳеч нарсани сезмаганга ўхшарди. Агар истасам, андак мизғиб олишим мумкин эди: икки кундан буён кўз юммаганман, асабларим таранг тортилган эди. Аммо қолган икки соат умримни зое кетказгим келмасди: улар мени тонг саҳарда туртиб-суртиб уйғотишади, уйқуси чала карахт одамни ташқарига олиб чиқишади, кўз очиб юмгунча асфаласофилинга жўнатишади, мен эса ҳатто оғзимни очишга ҳам улгуролмайман. Буни хоҳламасдим, худди ҳайвондай жонимни олишларини истамасдим – мен аввал гап нимадалигини билишим керак. Ундан ташқари, мен босинқирашни ёмон кўрардим. Ўрнимдан турдим, орқа-олдимга юрдим, фикрларимни чалғитишга уриндим, ўтган воқеаларни хотирлашга уриндим. Шунда миямда паришон хотиралар ғувиллаб айланди. Уларнинг яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам бор эди. Ҳарқалай ҳозирги аҳволимга довур менга шундоқ туюларди. Ҳар турли ҳодисалар ёдимга тушди, таниш башаралар кўз ўнгимдан липиллаб ўтди. Валенсиядаги якшанба бозорида буқа шохига илиб итқитиб юборган ёшгина новилеронинг чеҳраси кўз ўнгимда гавдаланди, амакиларимдан бирининг юзини кўрдим, Рамон Гриснинг қиёфаси нигоҳимдан ўтди. Йигирма олтинчи йилда уч ой иш тополмай сарсон юрганимни, очликдан ўлар ҳолга келганимни эсладим.
Бир кеча Гранададаги кўча ўриндиғида ётиб ухлаганим ёдимга тушди: уч кундан буён туз тотмаган эдим, алам ичида ўртанар, сира ўлгим келмасди. Шуларни эслаб, жилмайиб қўйдим. Мен юҳо суллоҳ каби омад, хотинлар, эрк ортидан югургандим қанчалар. Нима бўлди? Испаниянинг халоскори бўлишни истардим, Пи-и-Маргал қошида сажда қилардим, анархистларга бориб қўшилдим, одамлар орасида нутқлар айтдим; мен буларни худди ўлим йўқдай ўта жиддий адо этдим. Шу дақиқаларда эса бутун ҳаётим икки кафтимда яққол тургандай эди, шунда мен, «Булар ҳаммаси қанчалар разил ёлғон!» деб ўйладим. Менинг ҳаётим сариқ чақалик ҳам эмас экан, зеро, у олдиндан қурбонликка келтирилган эди. Ўзимдан тинмай сўраганим сўраган эди: мана шундай ўлиб кетишимни билсайдим, кўчаларда дайдиб юрармидим, хотинлар орқасидан санғирмидим, йўқ, унда мен ҳатто жимжилоғимни ҳам қимирлатиб қўймасдим. Энди ҳаёт тугади, қопдай оғзи боғланди, лекин ҳали ҳаммаси тугамаган, поёнига етиб улгурмаганди. Барибир, бу ҳаёт асли гўзал, деб айтгим келарди. Лекин машқни, ишнинг қораламасини ҳали қандай баҳолаб бўлади, ахир, мен ҳеч нарсани тушунганим йўқ, ваҳоланки, келажагимга гаров бўлоладиган ишларни бажаряпман, деб хомхаёл қилибман. Жуда кўп нарсалар боис афсус, надомат, армон қилишим мумкин эди, мисол учун мансанилони айтай ёки Кадисдан унча узоқ бўлмаган кичкина кўрфазчадаги чўмилишларим қандай соз эди, лекин ўлим буларнинг мафтункорлигига барҳам берди, шунинг учун ҳеч нарсага афсус-надомат қилмасдим.
Кутилмаганда белгияликнинг калласига ўткир бир фикр келиб қолди.
– Биродарларим, – деди у, – мен ўзимга бир мажбурият олмоқчиман, рост, агар маъмурият қарши бўлмаса, – сизларнинг азиз кишингизга айтадиган бирон гапингиз бўлса, уларга етказиб қўйишим мумкин...
Том тўнғиллади:
– Менинг ҳеч кимим йўқ.
Мен индамасдим. Том бир зум жим турди-да, сўнг қизиқсиниб сўради:
– Нима, сенинг Кончега айтадиган гапинг йўқми?
– Йўқ.
Бундай гап-сўзларга сира тоқатим йўқ эди. Бироқ айб ўзимда: яқинда унга Конче ҳақида гапириб бергандим, афсус, тилимни тийсам бўларкан. Мен бир йилни Конче билан бирга ўтказдим. Ҳали куни кеча у билан беш дақиқа кўришиш учун қўлларимни болта тагига қўйишга ҳам тайёр эдим. Шунинг учун ҳам уни Томга гапириб бергандим, ҳеч юрагимга сиғдиролмагандим. Лекин энди уни кўришни истамасдим, унга нима ҳам дердим. Ҳатто уни қучоқлагим ҳам келмасди: ҳозир жисмимдан ўзим ижирғанардим, чунки у бўздай оқарган ва шилимшиқ эди, унинг баданидан ҳам ижирғанмасдим, деб ишонч-ла айтолмайман. Менинг ўлимимни эшитиб Конче кўзёши қилади, бир неча ойлаб ҳаётдан озурда бўлиб юради. Лекин ҳар не деманг, ўладиган одам – Мен. Унинг мулойим боқадиган чиройли кўзларини эсладим: термилиб боққанда худди нигоҳидан менга бир нарсалар сизиб ўтаётгандай бўларди. Лекин энди бари тугади: агар ҳозир мени кўргандами, унинг нигоҳи ўзида қолган, бу нигоҳ сира менга етиб келмаган бўларди. Мен ёлғиз эдим.
Том ҳам ёлғиз эди-ю, лекин унинг ёлғизлиги бошқачароқ эди. Том чўк тушиб ўтирди-да, ажабсинган илжайиш билан тикилиб, ўриндиқни томоша қила бошлади. У худди бир нимани бузиб юборишдан қўрққандай қўлини оҳиста унга қўйди, кейин қўлини тортиб олиб, қалтираб кетди. Томнинг ўрнида бўлганимда мен ўриндиқни эрмак қилиб ўтирмасдим, бунинг бари яна ўша ирландча комедиянинг нақ ўзи. Бироқ мен ҳам нарсалар аллақандай ғалати бўлиб кўринаётганига эътибор бердим: улар одатдагидан бошқача жимирлаб пирпираб кўринарди. Ўриндиққами, чироққами, кўмир уюмигами қараган заҳотим бир нарса аниқ туюларди: мен энди бу оламда бўлмайман. Рост, ўлимимни аниқ тасаввур қилолмасдим, лекин у ҳаммаёқда ва, айниқса, нарсаларда кўзимга ташланарди, нарсалар мендан узоқлашиб бораётгандай, мендан олисроқда туришни истагандай эди – лекин улар буни худди одамлар каби ўлим тўшагида ётган киши ҳузурида шивирлашиб сўйлагандай жимгина адо этар эди. Том ўриндиқ узра ҳозиргина ўз ўлимини сийпаб кўрганини мен тушунардим. Агар мана шу дақиқаларда менга, энди сени ўлдирмаймиз, бемалол хоҳлаган жо¬йингга кетавер, деб эълон қилганларида ҳам, бу мени ҳозирги лоқайдлигимдан чиқаролмасди: сен мангуликка қолиш умидини йўқотдинг, бу ёғига бир неча йил кутасанми ё бир неча соатми – бунинг нима фарқи бор?! Энди ҳеч нарса эътиборимни тортмас, ҳеч нарса менинг хотиржамлигимга путур етказолмасди. Аммо бу жуда қалтис хотиржамлик эди, бунинг айбдори эса жисмим: кўзларим кўрар, қулоқларим эшитар, лекин бу мен эмасдим – жисмим бир зайлда қалтирар ва тер босарди, энди уни таний олмасдим. У энди менга эмас, кимгадир тегишли эди ва унинг нимага айланганини билиш учун дам сайин пайпаслардим. Ҳали ҳам вақти-вақти билан ҳар қалай уни ҳис этардим: мен қайгадир сирғаниб кетаётгандай, худди шўнғиган тайёра каби зувиллаб учаётган бўлардим, юрагим қинидан чиқиб кетгудай тасирлаб ураётганини сезиб қолардим. Бундан кўнглим жойига тушмасди: жисмим билан боғлиқ ҳамма нарса менга аллақандай ёпишқоқ, шилимшиқ, бетайин бўлиб туюларди. Аммо, умуман олганда, жисмим ўзини тек, осойишта тутарди, фақат мени ғалати бир оғирлик босган эди, кўксимга ғалати бир илон ёмон чирмашиб олгандай, назаримда, бутун аъзойи баданимни улкан бир қурт ўраб олаётгандай эди. Мен иштонимни пайпаслаб кўриб, унинг ҳўллигини пайқадим, лекин бу терданми, пешобданми, билолмадим, ҳар эҳтимолга қарши, кўмир уюми устига бўшаниб олдим.
Белгиялик чўнтагидан соатини чиқариб қаради ва «Уч ярим», деди хотиржам овозда.
Аблаҳ! У атай шундай қилди! Том илкис сакраб турди – биз хаёллар билан чалғиб, вақт ўтаётганини унутибмиз, тун қалқиб турган қоронғилиги билан бизни чирмаб олган ва тун қачон бошланганини сира эслолмасдим.
Болапақир Хуан ҳиқиллай бошлади. У қўлларини қисирлатар ва қичқирарди:
– Ўлишни истамайман, ўлишни истамайман!
У қўлларини олдинга чўзганча ертўла ичини кесиб ўтди-да, бўйра устига қулади ва уввос солиб йиғлаб юборди. Том кўз олди хиралашган кўйи унга қаради: болакайни сира юпатгиси келмаётгани сезилиб турарди. Бунинг ҳожати ҳам йўқ эди: болакай биздан қаттиқроқ шовқин-сурон кўтараётган бўлса-да, лекин унинг азоби енгилроқ эди. У оғир касалдан иситма тутиб қутулаётган беморга ўхшарди. Бизнинг аҳволимиз анча оғирроқ эди.
У йиғлар, ўзига ачиниб кетаётгани кўриниб турар, лекин ўлимнинг ўзи нималиги ҳақида ўйламасди. Бир сония ичи, бир оний сония ичи мен ҳам ҳозир йиғлаб юборадигандай, ўз-ўзимга жуда ачиниб кетгандай туюлдим. Лекин аксинча бўлди: болакайга қараб, унинг титраган ориқ елкаларини кўрдим-да, ўзимни шафқатсиз бўлиб кетгандай сездим – мен энди на ўзим ва на бошқага раҳм қилишга қодир эдим. Ўзимга ўзим «Сен тик туриб ўлишинг керак!» дедим.
Том ўрнидан туриб очиқ туйнук олдига борди-да, оқариб келаётган осмонга қарай бошлади. Мен эса ўзимга ўзим такрорладим: тик туриб ўлиш, тик туриб ўлиш – бошқа ҳеч нарса хаёлимга келмасди. Аммо белгиялик бизга вақтни эслатиб қўйгандан бери мен унинг оқиб ўтаётганини ҳис қилар, ҳақиқатан у томчи эди ва томчига айланиб оқиб борарди. Ҳали кун ёришмаган эди. Том сўз қотди:
– Эшитяпсанми?
– Ҳа.
Ташқаридан қадам товуши келарди.
– Тонг қоронғисида нима қилиб санғиб юришибди! Бизни, ахир, қоронғида олиб чиқиб отишмас.
Бир дамдан сўнг жимлик чўкди. Мен Томга шивирладим:
– Кун ёришяпти.
Педро оғзини катта очиб, ҳомуза тортганча ўрнидан турди, чироқни ўчириб шеригига ўгирилди:
– Итдай совқотдим.
Ертўлага нимтатир ёруғлик тушди. Биз узоқда милтиқ овозларини эшитдик.
– Бошланди, – дедим Томга. – Менимча, орқа томонда отишяпти.
Том белгияликдан сигарет сўради. Менинг на ичким ва на чекким келарди. Шу дамдан эътиборан улар бетўхтов отишга тушди.
– Тушундингми? – деди Том.
У яна нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин жимиб қолди ва эшик томонга қаради. Эшик очилиб, тўртта аскар билан лейтенант кирди.
Том оғзидан сигаретини тушириб юборди.
– Стейнбок?
Том бесас қотиб турарди. Педро у томонга ишора қилди.
– Хуан Мирбал?
– Бўйрада ётган ўша.
– Тур ўрнингдан! – қичқирди лейтенант.
Хуан қимир этмади. Иккита аскар унинг қўлтиғидан тутиб оёққа қўйди. Аскарлар қўйиб юборган эди, Хуан яна йиқилди. Аскарлар талмовсираб туришарди.
– Бунақаси бўлиб туради, – деди лейтенант. – Кўтариб олиб боришга тўғри келади, майли, ҳаммаси жойида.
У Томга ўгирилиб қаради:
– Чиқ.
Том чиқди, икки аскар икки ёнига турди. Бошқа иккитаси Хуанни қўлтиқ ва билакларидан тутганча олиб чиқишди. Хуаннинг ҳуши ўзида эди, кўзлари катта-катта очилган, юзидан кўзёшлари оқиб тушарди. Мен ҳам эшик томон юрганимда лейтенант тўхтатди:
– Иббиета сизмисиз?
– Ҳа.
– Кутиб туринг. Сизга келишади.
У чиқиб кетди. Белгиялик ва икки соқчи унга эргашди. Ёлғиз ўзим қолдим. Нима бўлаётгани менга қоронғи эди, ўзимга қолса, барини бирваракай тугатиб қўя қолишларини истардим. Ўқ овози аниқ эшитиларди, милтиқлар маълум вақт оралаб отиларди. Ҳар сафар милтиқ овозидан титраб кетардим. Увиллагим, сочларимни юлгим келарди. Лекин тишларимни маҳкам босдим, қўлларимни чўнтагимга тиқдим: дадил бўлиш керак! Бир соатдан сўнг мени олиб кетишга келишди ва биринчи қаватдаги кичкина хонага олиб киришди, бу ер сигара тутунига тўлган, шундай дим эдики, бўғилиб нафасим тиқилди. Иккита зобит юмшоқ ўриндиқларга чўкиб, сигара бурқиситишар, тиззалари устида қоғозлар ёйилган эди.
– Исми шарифинг Иббиетами?
– Ҳа.
– Рамон Грис қаерга яширинган?
– Билмайман.
Мени сўроқ қилаётгани семиз пакана киши эди. Унинг кўзлари ойнак остидан менга ўқдай қадаларди.
– Яқинроқ кел, – деди у менга.
Яқин бордим. У ўрнидан туриб, худди жаҳаннамга қулатиб юборадигандай менга ўқрайиб қаради, қўлимни қайира бошлади. Мени қийнаш учунгина шундай қилмади, унга шунчаки эрмак керак эди: ўзининг ҳукмдорлигини кўрсатиб қўймоқчийди. У башарасини менга тақади, димоғимга балчиқ ҳиди урилди. Бу бир дақиқача давом этди, мен кулгидан ўзимни базўр тиярдим. Ҳализамон ўладиган одамни қўрқитиш учун бошқа кучлироқ бир нарса керак, шунинг учун унинг дўқ-пўписаси зое кетди. Кейин у мени қаттиқ итариб юборди-да, яна жойига ўтирди.
– Ё сен, ё у, – деди у. – Агар унинг қаердалигини айтсанг, ҳаётингни сақлаб қоламиз.
Баланд қўнжли этик кийган ва бўйинбоғ таққан манави нусхалар ҳам эртадир, кечдир, барибир ўлади. Рост, балки мендан пича кейинроқдир, лекин унча кўп эмас. Улар олдидаги қоғозлардан қандайдир исмларни тортиб чиқаришар, қамоққа тиқиш ёки отиб ташлаш учун одамларни қув-қувга оларди, Испания¬нинг келажаги ва бошқа кўп нарсалар хусусида уларнинг ўз қарашлари бор эди. Уларнинг ғайрати жиғимга тегар, кулгили кўринарди, улар восвос бўлиб қолганга ўхшар, мен уларнинг ўрнида бўлишни сира истамасдим.
Одамнинг кулгисини қистатадиган семиз пакана нусха таёқчаси билан қўнжига ура-ура кўзини мендан узмай қарарди. Унинг барча хатти-ҳаракатлари аниқ ҳисобга олинган, ўзини жуда қаҳрли махлуқ қилиб кўрсатмоқчи бўларди.
– Хўп, нима, тушундингми?
– Грис ҳозир қаердалигини билмайман, – дея жавоб бердим мен. – Эҳтимол Мадриддадир.
Иккинчи зобит эринибгина қўлини кўтарди. Бу эринчоқлик ҳам аввалдан ҳисобга олинган эди. Мен уларнинг олдиндан пишитиб қўйилган барча усулларини аниқ кўриб турар ва шундай аҳмоқона нарсалардан ҳам роҳат қиладиган одамлар борлигидан ажабланардим.
– Биз сизга ўйлаб кўриш учун чорак соат вақт берамиз, – деди у. – Буни кирхонага олиб боринглар, чорак соатдан сўнг олиб келинглар. Агар бош тортса, дарҳол отиб ташланглар.
Аблаҳлар, нима қилишни билишади: мен бир кеча кутдим, кейин ертўлада яна бир соат ўтирдим, Хуан билан Томни бу пайт ичида отишди, энди эса мени кирхонага қамаб қўйишмоқчи – шак-шубҳа йўқки, буни улар кеча маслаҳатлашиб қўйишган. Бунинг асаблари бу қисти-бастиларга дош бермайди, таслим бўлади, деб ўйлашган. Лекин чакки ўйлашибди. Мен, албатта, Грис қаерга яширинганини билардим. У шаҳардан тўрт чақирим наридаги амакилариникида беркинган эди. Агар мени қийноққа солишмаса (афтидан, улар бундай қилишмоқчи эмасди), ҳеч қачон унинг қаерга яширинганини айтмайман, буни жуда яхши билардим. Буларнинг бари менга кундай равшан эди, бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас, умуман, бу мени заррача ҳам қизиқтирмасди. Шундай бўлса ҳам, барибир нега ўзимни бундай тутяпман, нега бошқача эмас, деб тушуниб олишни хоҳлардим. Нега мен Рамон Грисни чақиб бериш ўрнига ўлиб кетишни афзал бил¬япман? Нега? Ахир, энди Рамонни яхши кўрмасдим. Унга бўлган дўстлигим кеча тонг қоронғисида тугади, Кончега муҳаббатим ҳам, яшаш истагим ҳам тамом бўлди. Рост, мен уни доим ҳурмат қилиб келганман. У мард, матонатли одам. Лекин фақат шунинг ўзи деб унинг ўрнига ўлишга рози бўлганим йўқ: мен учун унинг ҳаёти ўз ҳаётимдан қимматлироқ эди – ҳар қандай ҳаёт сариқ чақага арзимайди. Одамни деворга тақаб қўйишиб, то жони чиққунча тариллатиб отишса: бу ким бўлмасин, менми, Рамонми, ёки бошқа бир кишими – бир қарашда ҳаммаси баробар. Мен яхши билардим: у Испанияга кўпроқ керак эди, лекин энди мен Испанияга ҳам, анархизмга ҳам тупурардим: энди ҳеч нарсанинг маъноси қолмаган эди. Бироқ шу ерда эканман, Рамон Грисни ушлаб бериб, ўз жонимни қутқаришим мумкин, аммо мен бундай қилмайман. Эшакдай қайсарлигим ўзимга ғалати бўлиб кўринарди. «Э, одам деган шунчалик аҳмоқ бўладими!» – дердим ўзимга ўзим. Ҳатто кўнглим озгина ёришгандай бўлди. Яна келишиб мени ўша хонага олиб кетишди. Оёғим остидан каламуш липиллаб ўтди. Бундан ажабландим. Мен фаланга аскарларидан бирига шипшидим:
– Қара, каламуш.
Соқчи индамади. Унинг қовоғи солинган, ҳамма нарсани жиддий қабул қиларди. Менинг хахолаб кулгим қистади, аммо ўзимни тутдим, агар бир кулишни бошласам, кейин ўзимни тўхтатолмайман, деб чўчидим. Фаланга аскари мўйлов қўйган эди.
– Мўйловингни қириб ташла, бетамиз, – дедим унга.
Одам ҳали ҳаётлиги чоғида башарасининг жун босишига йўл қўйиши жуда кулгили туюларди. У беозоргина қилиб орқамга тепди, мен жим бўлдим.
– Хўш, – деди семиз пакана, – ўйлаб кўрдингми?
Мен худди ноёб ҳашаротга қарагандай унга қизиқсиниб кўз солдим-да, жавоб бердим:
– Ҳа, биламан унинг қаердалигини. У қабристонга яширинган, мақбара ёки қоровулхонада бўлиши керак.
Мен уларни бир боплагим келди. Сакраб туриб, апил-тапил қурол-яроғларини олиши, чаққон-чаққон буйруқлар беришини бир томоша қилай дедим. Улар ҳақиқатан ҳам жойларидан сакраб туриб кетишди.
– Кетдик. Молес, лейтенант Лопесдан ўн бешта одам олинг.
– Агар тўғри айтган бўлсанг, – деди пакана, – сўзимнинг устидан чиқаман. Агар бизни лақиллатаётган бўлсанг, жонингдан умидингни узавер.
Улар тасир-тусир қилиб хонадан чиқиб кетишди, мен эса соқчилар назоратида хотиржамгина ўтирардим. Вақт-бевақт иршайиб қўярдим: уларнинг қабристон томонга лўкиллаб бораётганини кўз ўнгимга келтирар ва бундан кулгим қистарди. Бу ишни жуда қойил қилгандай эдим. Уларнинг мақбаралар эшигини очаётгани, мозор тошларини кўтараётгани шундоққина кўз ўнгимда жонланарди. Буларнинг барини бегона кўз билан кўраётгандай эдим: қайсар маҳбус, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатмоқчи бўлган қайсар маҳбус, басавлат мўйловдор фаланга ҳарбийлари, гўристонда қабрлар оралаб изғиб юрган аскар кийимидаги кишилар, – ҳақиқатан ҳам, бундан қизиқроқ манзарани ўйлаб топиш мумкинми?! Ярим соатдан сўнг семиз зобит қайтиб келди. Ҳозир мени отиб ташлашга буюради, деб ўйладим. Бошқалари, чамаси, гўристонда қолишган, шекилли. Аммо зобит менга диққат билан разм солди. У сира лақиллатилган зотга ўхшамасди.
– Уни катта ҳовлига, бошқаларнинг олдига олиб боринглар, – деди у. – Ишини жанг тугагандан сўнг трибунал ҳал қилади.
Уни яхши тушунмадимми, деган хаёлда сўрадим:
– Нима, ахир мени отишмайдими?
– Ҳар ҳолда ҳозир эмас. Ундан кейин бунинг менга алоқаси йўқ.
Мен ҳамон ҳеч нарсани тушунмасдим.
– Лекин нимага?
У индамай елкасини қисди, аскарлар мени олиб кетишди. Катта ҳовлида юзларча қамоққа олинганлар, чоллар, болалар тўдалашиб турарди. Ҳеч нарсага ақлим етмай ўртадаги кўкатзор атрофида кезиниб юрдим. Тушда бизни ошхонага олиб боришди. Икки-уч одам мен билан тиллашишга уринди. Афтидан, таниш-билишлар бўлса керак, лекин уларга жавоб бермадим: мен энди қаердалигимиз, ўзим кимлигимни англамасдим. Кечга яқин ҳовлига ўндан ортиқ янги қамоққа олинганларни киритишди. Улар орасида нонвой Гарсияни танидим. У менга қараб қичқирди:
– Омадинг бор экан! Сени тирик кўраман деб ўйламовдим.
– Улар мени отишга ҳукм қилишди, – деб жавоб бердим унга, – кейин қайтаришди. Негалигини тушунмайман.
– Мени соат иккида қўлга олишди, – деди Гарсия.
– Нимага?
Гарсия сиёсат билан шуғулланмасди.
– Ҳеч ақлим етмайди, – жавоб берди Гарсия, – уларга ўхшаб ўйламайдиганларнинг ҳаммасини тутишяпти.
У овозини пасайтирди:
– Грис қўлга тушди.
Мен сесканиб кетдим:
– Қачон?
– Бугун эрталаб. Тентаклик қилиб қўйди. Чоршанба куни укаси билан уришиб, уникидан кетиб қолди. Уни яшираман деганлар кўпчилик эди, бироқ у ҳеч кимни зарба остига қўйгиси келмади. У менга «Иббиетаникида беркинсам бўларди, лекин уни қамашган бўлишса, унда қабристонда яширина қоламан», деди.
– Қабристонда дейсанми?
– Ҳа. Бемаъни бир иш. Бугун эрталаб анавилар қабристонга бостириб боришди. Уни қоровулнинг кулбасида босишди. Грис ўқ отиб қаршилик кўрсатди, уни отиб ташлашди.
– Қабристонда-я!
Кўз ўнгим хиралашиб бошим чайқалиб кетди, ерга қуладим. Мен ўзимни тўхтатолмай хахолаб кулар, кўзларимдан ёш дарё бўлиб оқарди.

1939
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика