Энг яхши истак барбоди (ҳикоя) [Jeyms Grem Ballard]

Энг яхши истак барбоди (ҳикоя) [Jeyms Grem Ballard]
Энг яхши истак барбоди (ҳикоя) [Jeyms Grem Ballard]
Доктор Жеймисон айни туш пайти Лондонга етиб келди. Шаҳарга элтувчи барча йўллар эса эрталабки соат 6 даёқ бекилган эди. Одатда бўлганидек, ёш қиролнинг тахтга ўтириш, яъни тож кийиш кунида одамлар маросим бошланишидан бир кун олдин қирол кортежи ўтадиган бутун йўл бўйлаб ўрин ола бошлашди. Доктор Жеймисон «Ритс» меҳмонхонаси ёнидаги метро бекати томон ўт-ўланлар босган нишабликдан юқорига кўтарила бошлади. Грин-Паркда эса юқоридаги сабабга кўра, бирор жонзот қораси кўринмас эди. Дарахтлар ости қаровсиз, турли лаш-лушлар сочилиб ётарди. Доктор Жеймисон метрога етгунча қора терга ботди, ўзининг кичкина, лекин хийла оғиргина қурол-аслаҳага мосланган жомадонини ўтлоққа қўйиб, ўриндиққа чўкди.
Унинг қаршисида баланд ёғоч минбарнинг орқа томони турарди. У энг юқори қатордаги томошабинларнинг-очиқ ёқали ёзги кўйлакли аёллар, қўлидаги газета билан бошини қуёшдан паналаб турган енги узун кўйлакли эркаклар, миллий байроқчаларни силкитиб, куйлаётган болаларнинг елка-бошларини кўриб турарди. Одамлар бутун Пикадилли бўйлаб идора деразаларидан боқиб, токчалардан эгилишиб, ўзаро суҳбатлашишар, энди кўчанинг ўзи ҳам нур ва товуш аралашмасига айланиб кетган эди. Гоҳ у, гоҳ бу томондан узоқроқдан оркестр садоси ёки қайси бир офитсернинг аскарларни йўлнинг икки ёнига саф тортиши ёки сафни алмаштиришга ундовчи буйруғи эшитилиб қоларди.
Доктор Жеймисон буларни қизиқиш билан тинглаб, қуёш тафтини ҳам унутгандай бўлди. У 65 ёшларга яқин, ўрта бўйли, тўладан келган киши эди. Сочлари ҳам энди оқара бошлаган, ўйноқи, сергак кўзлари эса атрофда рўй берувчи ҳар қандай нарсани илғаётир эди. Унинг қиёфасида олимона кўриниш бўлса-да, кенг пешонаси нишаблиги туфайли, ўз ёшига нисбатан анча кичик кўринарди. Устидаги башанг кулранг костюми бу таассуротни янада кучайтиради. Минбар чеккасидаги биринчи ёрдам чодиридан кимдир чиқиб, шу томон йўналганда, доктор Жеймисон унинг кийими ўзига ярашмай турганини ҳис қилди ва қай бир ғамгин хаёлдан кўнгли бузилди.Соатига қаради-да, жомадонни қўлга олиб, метро бекати томон жадаллади.
Қирол кортежи тож кийиш маросимидан кейин ўз йўлини соат учда Вестминстер аббатлигидан бошлаши керак эди. Шунинг учун ҳам у ўтадиган кўчаларда политсия аллақачон ҳар қандай ҳаракатни тўхтатганди. Доктор Жеймисон иккинчи чиқиш йўлагидан юқорига, Пикадиллининг шимол томонига кўтарилди-да, кўплаб идоралар ва меҳмонхоналар жойлашган баланд биноларга синчиклаб разм солди, қайси бирларини таниб олиб вақти-вақти билан уларнинг номини ичида такрорлар эди.
Йўлакда тиғиз турган одамларга қийинчилик билан уриниб-суриниб, бунинг устига, темир қоплама жомадони тиззасига урилганда оғриқ тортиб, Бондстритгача етиб борди. Қаршисида Пикадилли томон келаётган одамлар оқими унга ажабсиниб қараб қўйишарди. Ниҳоят, у машинага чиққандан кейингина ўзини енгил ҳис қилди. Ҳайдовчининг ёрдамини рад этиб, жомадонини ўзи кабинага қўйди ва ўтирар экан:
-«Уестленд» меҳмонхонасига, -деди.
Ҳайдовчи унга ярим ўгирилиб сўради:
-Қаерга дедингиз?
-«Уестленд», -дея такрорлади доктор Жеймисон, ўз гапириш тарзини, иложи борича, ҳайдовчиникига мувофиқлаштиришга ҳаракат қилиб. Чунки бу ердагиларнинг нутқи у келган жойдан анча бошқачароқ эканини сезиб қолган эди. - Оксфорд-стритда, Марбл-Арчдан юз эллик ярд шарқда. Менимча, у ерга қўшимча кириш жойи Гроувенор-плейс томондан.
Ҳайдовчи унга диққат билан назар ташлади-да, маъқуллаб бош силкиди. Машина қўзғалди.
-Тож кийиш маросимини кўргани келдингизми?
-Йўқ,-бепарволик билан деди доктор Жеймисон. -Иш билан. Бор-йўғи бир кунга.
-Мен кортежни кўрмоқчисиз деб ўйлабман. «Уестленд» дан ҳаммаси жуда яхши кўринади.
-Ҳа, шундайга ўхшайди. Имкониятим бўлса, албатта, кўраман.
Улар Гроувенор хиёбонига бурилишди. Доктор Жеймисон жомадонни ўрнидан қўзғаб, усталик билан ишланган пинҳона темир қулфларини жиддий кўздан кечирди ва улар қопқоқни маҳкам тутиб турганлигига ишонч ҳосил қилди. Сўнгра хотиралар тўлқини қўзғаган ҳиссиёт туғёнини босишга интилиб, атрофдаги биноларга қарай бошлади. Бироқ ҳаммаси унинг хотирасидагидай эмас эди. Ўзини бугунидан орқага қараб узоқлаштирган йиллар эски таассуротларни ёдга солар эди. Узоқларга кетувчи кўчалар, тартибсиз бинолар, қаёққа қарама, кўплаб хилма-хил маънисиз рекламалар, буларнинг ҳаммаси тамоман янги эди. Шаҳар бениҳоя эски андозали ва турли услубли ҳамда унда қачонлардир ўзи яшаганини тушуниши қийин туюларди.
Наҳотки, қолган барча хотиралари ҳам уни алдаса?
Бирданига чеҳраси ёришган ҳолда олдинга эгилди, ҳозиргина ёнидан ўтганлари Америка элчихонасининг нафис ўйма деворли биноси унинг шубҳасини ёзди.
Ҳайдовчи унинг кутилмаган қизиқишига эътибор берди.
-Янкиларнинг қўлидан келгани шу-да, -деди у, сигарет кукунини қоқар экан. -Нима эканлигини ҳам тушуниб бўлмайди.
-Шунақа деб ўйлайсизми? -деди доктор Жеймисон. -Бу фикрингизга кўпчилик қўшилмаса керак.
Ҳайдовчи кулиб юборди.
-Худди шу ерда хато қиласиз, мистер. Мен ҳалигача бирор кишидан бу дахмаза ҳақида яхши сўз эшитмадим. - Ҳайдовчи йўловчининг кўнглини ранжитгиси келмагандек елка қисиб қўйди. - Тағин ким билади... Эҳтимол, буни қурган меъмор ўз давридан ўзиб кетган одам бўлса керак.
Доктор Жеймисон бу гапга жавобан енгил табассум қилди.
-Балки, -деди у ҳайдовчидан ҳам кўра ўзига қарата. -Нақ ўттиз беш йилга. Вақти келиб бу архитектура ҳақида одамлар жуда юксак фикрда бўлишади.
У яна енгил манқаланиб гапираётганини сезмай қолди. Шунда ҳайдовчи сўради:
-Сиз хорижлик эмасмисиз, сер? Янги Зеландиялик эмасмисиз?
— Йўқ, -деб жавоб қайтарди доктор Жеймисон ва энди кўчаларда транспорт ҳаракати чап томонлама эканлигига эътибор берди. -Тўғри, Лондонда бўлмаганимга анча бўлди. Лекин келиш кунини яхши танлабман, шекилли.
— Мана бу гапингиз тўғри бўлди, сер. Шаҳзода учун бугун ҳақиқий байрам, Аслида қирол учун дейишим керак эди-ю, аммо, Қирол Яков ИИИ деб айтиша ҳали кўникканимиз йўқ-да. Аммо унга яратгандан омад тилаймиз.
Доктор Жеймисон қўлини жомадон устига қўйганича ярим овозда бўлса-да, жўшқинлик билан жавоб қайтарди:
-Сиз ҳақсиз, илойим, бахтли бўлсин.
У меҳмонхонага орқа эшикдан кирди ва кичкина вестибюлда тўпланиб қолган одамлар ичига тушиб қолди. Қулоғида ҳамон Оксфорд-стрит шовқини босилмагандай эди. Беш дақиқача кутиб турди-да, сўнг меҳмонхона хизмати жойлашган пештахта томон юрди. Жомадони оғирлигидан қўли уюшиб борар эди.
— Доктор Режер Жеймисон, - деб ўзини танитди. - Бу ерда мен учун иккинчи қаватдан хонага буюртма берилган.
Хизматкор рўйхатлар журналидан ёзувни излай бошлади. Доктор эса атрофдагилар шовқинига қулоқ тутиб, пештахтага суянди. Бу ердагиларнинг кўпчилиги ялтироқ кўйлакли ўрта яшар бақалоқ аёллар эди. Улар тўхтовсиз бидирлашиб теливизор турган холга ўтишарди: соат иккидан бошлаб Вестминстер аббатлигида ўтказиладиган тахтга чиқиш маросимининг намойиши бошланади. Доктор Жеймисон уларга эътибор бермай, бошқаларни - ўз ишини тугатган офитсиантлар, хат ташувчилар, юқори қаватларда тантанали зиёфат уюштиришга ҳозирлик кшраётган хизматчиларни кузата бошлади. У ҳар бир кишига, худди бирор танишини учратиб қоладигандек разм соларди.
Хизматчи энкайганича журнал саҳифаларига тикилиб айтилган номни ахтарар эди.
— Хона сизнинг номингизга буюртма қилинганмиди, сер?
— Шундай бўлиши керак. 17-рақамли, бурчакда.
Рўйхатчи ишончсизлик билан бошини сарак-сарак қилди.
— Ўйлашимча, қандайдир хатолик юз берган, бизда ҳеч нима қайд қилинмабди. Эҳтимол, сиз бирон-бир зиёфатга таклиф этилгандирсиз?
— Ишонинг, ўша 17-рақамли хонага шахсан ўзим буюртма берганман,-деди доктор Жеймисон жаҳлини босишга уриниб. У жомадонини эҳтиётлаб оёқлари орасига олди. -Бу анча илгари бўлган эди, аммо меҳмонхона бошқарувчиси, ҳаммаси жойида бўлади, деб мени ишонтирган эди.
ўйхатчи журнални секин варақлашга тушди. Дафъатан, у биринчи варақнинг энг юқорисида вақт ўтиши билан ранги ўчган ёзувни бармоғи билан туртди.
— Мана бу ерда экан, сер. Кечирим сўрайман. Гап шундаки, уни бу ерга олдинги дафтардан кўчиришган. «Доктор Жеймисон, 17-хона». Жуда қулай кунни танлабсиз, доктор, қаранг-а,бу хонага ропа-роса икки йил аввал буюртма берган экансиз.
Ниҳоят, хонага ўрнашган доктор Жеймисон уни ичидан бекитиб олди-да, толиқиш билан кроватга ўтирди. Нафас олиши яна маромига тушиб, уюшган ўнг қўли асл ҳолига келгач, ўрнидан туриб хонани кўздан кечириб чиқди.
Хона кенг эди. Иккита бурчак деразасидан пастдаги одам тўла кўча яққол кўриниб турар эди. Чий пардалар эса қуёшнинг кескин нуридан ва қаршидаги катта универсал дўкон айвонида жойлашган юзлаб одамларнинг нигоҳидан ҳимоя қилар эди. Доктор Жеймисон девордаги жавонларни, сўнгра ювиниш хонасининг зинапояга чиқадиган дарчасини текширди. Кўнгли тинчигач, кейинча кортежни яқиндан кузатиш мумкин бўлган дераза ёнига креслони суриб қўйди. Бир неча юз ярд масофадаги кўча бўйлаб саф тортган аскар ва политсиячиларнинг ҳар бири аниқ кўриниб турарди.
Бутун дераза бўйлаб доктор Жеймисонни қизиқувчи назарлардан яшириб турувчи кенг қизил матоҳ - меҳмонхона деворини безаган байрам гулчамбари ўрами кесиб ўтган. Доктор Жеймисонга пастдаги уй девори билан ёғоч тўсинлар орасидан ўтган оломонга тўла йўлак жуда яхши кўриниб турарди. Ўрамни, унинг қуйи қисми билан дераза токчаси орасини бор-йўғи олти дюмча қолдириб тортиб қўйди-да, креслога қулайроқ ўрнашиб олди ва шошилмай оломон орасидан одамларни бир-бир қараб чиқа бошлади.
Кўринишидан, ҳеч ким унда алоҳида қизиқиш уйғотмади ва у асабий ҳолатда соатига қаради. Соат иккигача бор-йўғи бир неча минут қолган эди, эҳтимол, бўлажак қирол Букенгем қасридан Вестминстер аббатлиги сари аллақачон йўлга чиққандир ҳам. Оломондагиларнинг кўплари ўзлари билан радиотранзистор олиб олишган ва, ниҳоят, аббатликдан репортаж берила бошланиши билан одамларнинг ғала-ғовури тинди.
Доктор Жеймисон ўрнидан туриб, яна кроват ёнига борди ва чўнтагидан калитни олди. Жомадондаги қулфлар махфий эди. Бир неча марта калитни чапга, сўнг ўнгга буради, босган эди қопқоқ очилди.
Жомадонда узоққа отишга мўлжалланган ов милтиғининг қисмлари ва олти патронли ўқдон ўраб-ўраб қўйилган эди. Темир қўндоқ олти дюмга қисқартирилган ва қиялантирилган бўлиб, шу тариқа уни елкага қўйиб, 45 градус бурчакдан отиш имкони яратилган эди.
Доктор Жеймисон деталларни қисқичлардан бир-бир бўшатиб, милтиқни тезда териб чиқди ва қўндоққа мустаҳкам ўрнатди. Ўқдонни ўрнатиб, затворни орқага тортди ва патронни отишга мўлжаллаб юқорига жойлади.
Деразага орқа туриб, кроватда ўқланиб ётган милтиққа бир мунча вақт қараб турди. Қўшни хоналардан эшитилаётган маст-аласт бақириқлар ва кўчадаги оломон шов-шуви бир зум бўлсин тинмасди. Тасодифан нимадир доктор Жеймисоннинг руҳини тушириб юборгандай бўлди, ҳлзир уни кимдир кўрганида эди: докторнинг юзидаги журъат ва қатъиятни батамом йўқолганини , энди у ўзидан бошқа ҳамма учун байрам билан чулғанган бу бегона шаҳардаги меҳмонхона хонасида ёлғиз, дўст-ёронларсиз, ҳолдан тойган чолга айланиб қолганига гувоҳ бўларди. У милтиқ ётган тўшакка ўтирди, рўмолча билан қўллларидаги мой юқини арта бошлади. Бу пайтда хаёллари узоқ-узоқларда эди. У зўрға оёққа турди ва бу ерга қандай келиб қолганидан ҳайрон бўлгандай, атрофига паришон назар ташлади.
Лекин дарҳол ўзини қўлга олди. Милтиқни тезгина бўлаклаб, ҳар бир қисмни жомадонга аввалги тартибда жойлаб чиққач, қопқоқни ёпди. Жомадонни стол тортмасининг энг пастки қисмига жойлади-да, калитни ёнидаги тўпга қўшиб қўйди. Хонадан чиқаётиб, эшикни маҳкамлаб ёпди ва дадил қадамлар билан меҳмонхонадан чиқиб кетди.
Гроувенор-плейс бўйлаб икки юз ярд юргач, одатда кўплаб кичик-кичик дўкончалару емакхоналари билан жонланиб турувчи Халлам-стритга томон бурилди. Витриналар устидаги йўл-йўл чодирлар қуёшда ёрқин товланиб турар, аммо энди кўча шунчалик бўм-бўш эди, худдики қирол кортежини кузатаётган оломондан уни улкан масофа ажратиб тургандай эди. Доктор Жеймисон ўзига ишонч қайтиб келаётганини ҳис этди. Тахминан ҳар ўн ярд юриб тент остида тўхтар ва дўкон устидаги дарчадан хириллаб эшитилаётган узуқ-юлуқ телерепортажни тинглаганча бўм-бўш йўлакларга назар ташлар эди.
У Халлам-стритнинг ярмини босиб ўтиб, йўлакда ўнта стол қўйилган кичкина қаҳвахона олдида тўхтади Тент соя ташлаган бу столлардан бирига ўтирди-да, чўнтагидан қора кўзойнагини олиб таққач, қулайроқ жойлашиб олди ва хизматкорга яхлатилган апелсин шарбати буюрди-да, бамайлихотир ича бошлади. Қалин гардишли қора кўзойнакда уни таниш қийин эди. Кўча жимжит, фақат Вейтминстер аббатлигида вақти-вақти билан тадбир босқичлари бири бошқаси билан алмашган тартибда Оксфорд-стритдан қарсаклар портлаши ва табрик хитоблари эшитилиб турар эди...
Телевизорлардан аббатликда тантана якунлангани ва тож кийиш маросими ниҳоясига етгани тўғрисида хабар берилиб, органнинг оҳиста оҳанглари ҳавода суза бошлаганда, доктор Жеймисон чап тарафда қадам овозларини эшитди. Бурилиб қаради-да, қўл ушлашиб келаётган оппоқ кийимли йигит-қизга кўзи тушди. Улар жуда яқин келгач, ёшларни яхшироқ кўриш учун кўзидан қора кўзойнагини олди, сўнг шошиб яна уни қайта тақди-да, юзини қўли билан бекитиб,бутун гавдаси билан столга таянди.
Ёшлар бир-бирлари билан тамоман банд бўлганлари учун, ўзларини зимдан кузатиб туришгани мутлақо сезишмади. Йўқса, худди шу пайтда бирон бир кишининг доктор Жеймисонга кўзи тушганида эди, унинг беҳад ҳаяжонга тушганини билиб олар эди. Йигит 28 ёшларда бўлиб, эгнидаги костюми қоматига мос келмай,қопдек осилиб турарди. Жеймисоннинг эътибор беришича, Лондонда ҳозир ҳамма шундай кийинар экан. Йигитнинг узун ёқали кўйлагига рангини йўқотган галстук эътиборсиз тақилган, кўкрак чўнтагининг бирида иккита авторучка, бошқасида контсерт дастурига таклиф қоғози чиқиб турар эди. Унинг бутун қиёфасида университет ёш ўқитувчисининг хушёқим бамайлихотирлиги намоён эди. Чиройли юзи устида пешона орқага тортилган, сийраклашган қора сочлари пала-партиш силаб қўйилган эди. Йигит қизнинг юзига тикилар, унга бўлган туйғусини яширмас, уни диққат билан тинглар, фақат баъзи-баъзида хитоб ёки қисқа луқмалар билангина унинг гапини бўлиб турар эди.
Доктор Жеймисон ҳам энди қизга назар ташлади. Шу билан бирга, йигитдан ҳам кўз узмади, унинг ҳар бир ҳаракатидан ва юзидаги ўзгаришлардан кўз узмас эди. Кишилар фақат ўзининг ойнадаги аксигагина шундай тикилиб, диққат ила синчковлик билан кузатиши мумкин. Уни тўлақонли енгил тортиш ҳисси қамраб олди ва қувончдан ўрнидан сапчиб туриб кетишига бир бахия қолди. У ўз хотиралари олдида қўрқув ҳиссини туяр, лекин амалда қиз у ёдига келтирганидан ҳам кўра янада чиройлироқ эди. У кўп деганда 19-20 ёшларда бўлиб, бошини баланд кўтариб ва сал орқага ташлаб борар, шамол ҳам офтобда тобланган елкасидаги узун сомонранг сочларини силкитиб ўйнар эди. Унинг тўкис лаблари жуда ҳаракатчан, шодонликдан нурланган кўзлари эса йигитга муғомбирона боқар эди.
Улар қаҳвахонага яқинлашгач, қиз эҳтирос билан нимадир деб шивирлай бошлади,аммо йигит унинг гапини бўлди:
— Шошма, Жун, мен сал нафасимни ростлаб олай. Бир пасгина ўтирамиз-да, бирор нарса ичамиз. Кортеж Марбл-Арчга камида ярим соатдан кейин етиб келади.
-Бечора қариягинам, мен сени роса силлангни қуритибман-да?
Улар доктор Жеймисон ёнидаги столга ўтиришди. Энди қизнинг очиқ қўлини бир неча дюмгина ажратиб турарди. Доктор яна ҳиссиётга ғарқ бўлиб, узоқ ёшликдаги қиз танасининг шаффоф бўйини эслади. Уни хотиралар чулғаб олди: Ҳа, бу айнан унинг нозик ва равон қўллари, бу ўша, худди ҳозиргидек олдинга чўзилган ёқимтой ияги ва худди ҳозиргидек кенг оқ юбкаси остидаги тиззасини худди шундай силаб-силаб қўйишлари.
— Кортежни кўрмасак ҳам нима бўпти. Бугунги кун - қиролники эмас, меники.
Йигит жилмайди ва жойидан турмоқчи бўлгандай ҳаракат қилди.
— Гапинг ростми? Демак, бугун ҳаммани алдашибди-да. Сен ўтириб тур, мен ҳозир бориб, кортежнинг йўлини ўзгартириб, айнан шу ерга келишларини буюриб келаман,- йигит стол устидан энгашиб, қизнинг қўлини тутди ва унинг бармоғидаги нафис бриллиантга диққвт билан қаради. – Худо билади нима бу ўзи, уни сенга ким совға қилган.
Қиз бриллиантни ўпди.
-«Ритс» меҳмонхонаси билан баробар олмос. Ё худо, мен яқинда турмушга чиқадиган йигитимнинг аҳволини кўриб қўйинглар . Лекин мукофот билан кутилмаган мўъжиза рўй берди-я, Рожер, тўғрими? Тўрт юз фунт! Сен энди асл бойваччасан. Фақат қироллик жамияти уни ҳеч нимага сарфлашга рухсат бермагани алам қилади, бўлмаса, уни Нобел мукофотидай сарфлашга тушардик. Хуллас, энди Нобел мукофоти олишингни кутишимизгага тўғри келади, ана ўшанда ҳаммаси бошқача бўлади.
Йигит камтарона жилмайди.
— Қўй энди, жонгинам, бунга кўп ҳам умид боғлайверма.
— Йўқ, сен уни албатта оласан. Ахир, сен вақт машинасини кашф қилдинг-ку!
Йигит бармоқлари билан столни черта бошлади.
— Жун, илтимос, бунинг ҳаммаси бўлмағур гап: мен ҳеч қанақа вақт машинасини кашф қилмаганман. - У қўшни столга ўтирган ёлғиз кишини эслаб овозини пасайтирди; бошқа ҳеч ким атрофда йўқ эди.- Агар сен буни ҳаммага айтаверсанг, мени телбага чиқаришади.
Қиз бурнини жийирди.
— Йўқ, кашф қилгансан, бундан ҳеч қаёққа қочиб қутила олмайсан! Биламан, сенга бу ҳақдаги гаплар ёқмайди, аммо-лекин, олий математиканини бир четга суриб қўйганда ҳам, қолган барчаси буни тасдиқлайди-ку, шундай эмасми?
Йигит столга ўйчан тикилди. Энди унинг жиддий юзида бутун ақлий қудрати барқ этиб турар эди.
— Қандайдир математик тушунча коинотдаги нима биландир мувофиқ келгандай бир гап бу. Биз фақат нималанидир соддалаштириш йўлидан бордик,холос. Ҳатто шунда ҳам буни вақт машинаси демаганимиз маъқул. Тўғри, эртага «Нейчер»да менинг мақолам пайдо бўлганидан кейин, матбуот гап айнан вақт машинаси ҳақида бораётир дея қаттиқ туриб олади,аммо ҳозирги пайтда у ё бу тарзда бўлсаям вақт машинаси мени деярли қизиқтирмайди. Агар менинг ўттиз йиллик ортиқча вақтим бўлганида эди, бу билан шуғуллансам арзирди. Лекин ҳозирча бошқа муҳимроқ ишларим бор.
У қизга табассум қилди, қиз эса олдинга эгилиб, нима ҳақидадир жиддий ўйга толиб, йигитнинг қўлларини қўлига олди.
— Менимча эса, Рожер, сен ҳақ эмассан. Сен кашфиётингни кундалик ҳаётга татбиқ этиш мумкин эмас деб ҳисоблайсан. Олимларнинг ҳаммаси шундай деб ўйлайди. Бир ўйлаб кўр, вақтни орқага қайтариб ўтмишга саёҳат қилиш-а . Демоқчиманки...
— Бунинг нимаси қизиғи? Ҳозир биз вақт бўйича олға ҳаракат қиляпмиз,тўғрими? Аммо «ура» деб қичқириш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келгани йўқ-ку? Коинотнинг ўзи вақт машинасидан ўзга нарса эмас. Агар тўғри ифодалайдиган бўлсам, мана шу ўтирган жойимиздан кузатадиган бўлсак,яъни уни томоша залида ўтирган каби кузатадиган бўлсак, бир йўналишда ҳаракат қилаётганмизни кўрамиз. Янада аниқроқ қилиб айтганда, асосан бир йўналишда ҳаракат қиляпмиз. Менга бор-йўғи фақат бир нарсани илғаш насиб этди, яъни тсиклотроннинг ичидаги айрим қисмлар баъзан тескари томонга айланиб, ўзининг сўнгсиз қисқа троекторияларининг яна ўз йўлини қайтадан бошлайдиган охирги нуқтасигача боради. Бу гап умуман бир ҳафтадан кейин ҳар қандай киши бугундан эртага қараб йўл олади ва ўз бобосини ўлдиради деган гап эмас.
-Хўш, ўлдирсанг нима рўй беради? Йўқ, жиддий айтаяпман.
Йигит кулди.
— Билмайман. Рости гап, мен, ҳатто, бу тўғрида ўйлашни ҳам истамайман. Эҳтимол, худди шунинг учун ҳам муаммо соф назарий жиҳатдан ишлаб чиқилиб ҳал этилишини истаётгандирман. Агар уни охиригача мантиқан ўйлайдиган бўлсак, менинг Харуеллдаги кузатишларим нотўғри бўлиб чиқиши керак. Чунки коинотдаги воқеалар (бу жуда аниқ) вақтга боғлиқ бўлмай кечади ва у биз унинг орқасидан боқиб ҳамда ўзимизни унга боғлайдиган кўриш бурчагидан бошқа нарса эмас. Неча йиллардан кейин муаммони, эҳтимол, Жеймисон парадигмаси деб аташиб, синчков математиклар уни ҳал қилгунларича қанча-қанча бобо ва бувилар у дунёга рихлат қилишса керак. Сен билан мен эса бизнинг невараларимиз олимлар эмас, балки адмираллар ёки архитекторлар бўлиши учун ғамхўрлик қилишимиз керак.
Йигит гапирар экан,доктор Жеймисон бор кучи билан унинг қўлларига тегиб ёки унга сўз қотиб қўймасликка ҳаракат қилиб, қизни кузатар эди. Унинг ингичка нафис қўлларидаги майин сепкиллар, кўйлак этаги бурмалари, оёғидаги кичкина, лак билан бўялган тирноқлари, -буларнинг ҳаммаси унинг учун, шубҳасиз, ўз мавжудлигининг далил-исботи эди.
У кўзойнагини олди ва қандайдир сонияларда йигит билан нигоҳлари тўқнаш келди. Йигит ўзларининг ҳар иккаласида ҳам манглай тортилиши бу қадар ўхшашлигидан ҳайратланди, шекилли, докторга қисқа табассум қилди. Доктор Жеймисонни унга нисбатан чуқур, қарийб оталарча меҳр чулғаб олди. Бу йигитдаги тўғрилик ва содда жиддийлик, бамайлихотирлик ва жозибадор қўполлик унинг учун муҳим ақлий устунлик бўлиб кўринди ҳамда унга нисбатан ўзида ҳеч қандай ҳасад сезмади.
У яна кўзойнагини тақди ва кўчанинг охирига қаради: унинг ўз режасини охиригача етказиш нияти янада қатъийлашди.
Уй ортидаги шовқин кескин кучайди ва икки ёш ўринларидан сапчиб туришди.
— Тезроқ, тўрт ярим бўлиб қолибди! - дея хитоб қилди йигит. Яқинлашиб қолишди, шекилли.
Улар чопиб кетишди, лекин қиз шиппагини тўғрилаш учун тўхтаб, қора кўзойнакли қарияга қаради. Доктор Жеймисон олдинга эгилиб, унинг бирор нарса дейишини кутди, лекин қиз кўзини бошқа тарафга олиб қочди. Доктор яна ўрнига чўкди.
Ёшлар чорраҳагача чопиб боришгач, у ўрнидан турди ва меҳмонхонага қараб жадал одим отди.
Хонани ичидан қулфлаб, доктор Жеймисон стол тортмасидан жомадонни чиқарди, милтиқни терди ва уни қўлига олиб, дераза ёнига ўрнашди. Кортеж энди яқингинада ҳаракатланар, маросим бошида парад кийимидаги аскарлар ҳарбий оркестр мусиқаси остида тантанавор қадам ташлаб борар, улардан кейин қиролнинг отлиқ гвардияси келар эди. Оломон ҳавога серпантину конфеталарни ҳовучлаб сочганча шовқин солар ва қутловли хитоблар айлаб қийқирар эди. Доктор Жеймисон ўрам парда чеккаси билан дераза токчаси ўртасидан қуйига, йўлакка тикилди. У ўша ерда турган ҳар бир одамни бирма-бир кузата бошлади ва кўп ўтмай ҳалиги оқ кўйлакли қизни кўриб қолди - у оёқ учида кўтарилиб, оломон устидан кортежни томоша қилишга уринар эди. Қиз атрофдагиларга табассум ҳадя этар ва олдинроққа ўтишга ҳаракат қилиб, тинмай йигитнинг қўлини тортқилар эди.
Доктор Жеймисон бир неча дақиқа қизнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб боқди, аммо дипломатия корпусининг дастлабки сафи кўрингач, яна бошқаларни, оломон орасидан ҳар бир кишини диққат билан кузата бошлади. Сўнгра чўнтагидан кичкина пластик пакет чиқарди ва қўли билан иложи борича юзидан олисроқ тутиб, пакетнинг муҳрини бузди. Пакет ичидан оний пишиллаш билан яшил ранг газ чиқди ва доктор Жеймисон вақт ўтиши билан сарғайиб кетган газета парчасини тортиб олди; у шундай букланган эдики, фақат эркак киши сурати кўриниб турар эди.
Доктор Жеймисон газета парчасини дераза токчасига қўйди. Суратдаги киши ўттиз ёшларда эди, унинг қорачадан келган ориқ юзи сувсар тумшуғини эслатар, бу политсия томонидан суратга олинган айнан қандайдир бир жиноятчи эди. Сурат тагида жиноятчининг исми битилган эди: Антон Реммарс.
Доктор Жеймисон йўлакдан кўз узмай олдинга эгилиб олди. Дипломатия корпуси ўтди, ундан кейин очиқ машиналарда шойи тсилиндрларини олқишона силкитиб вазирлар маҳкамаси аъзолари борар эди. Яна қироллик отлиқ гвардияси кўринди, ўша заҳоти одамларнинг ғовур-ғувури кучайди: оломон яқинлашаётган қирол кортежини кўрган эди.
Доктор Жеймисон ташвишланиб соатига қаради, 3. 45. Етти минутдан кейин қирол кортежи меҳмонхона ёнидан ўтади. Оломон шовқини диққатни жамлашига йўл бермади, бунинг устига, қўшни хоналарда телевизорларнинг ҳам овози баланд қилиб қўйилган эди.
Бирданига унинг бармоқлари токчага ёпишди: Реммерс!
Пастда, тўғрида, тамаки дўкони яқинида, кенг соябонли яшил шляпа кийган касалманднамо одам турар, оҳорсиз ёпинғичи чўнтагига қўлини солганча кортежга лоқайд боқиб турар эди. Доктор Жеймисон шиддат билан милтиқни кўтарди ва ўша одамни кўздан қочирмаган ҳолда милтиқ учини дераза токчасига қўйди. Ўша одам олдинга тиқилиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмас ва йўлакка олиб борувчи кичкина пештоққа ёнма-ён жойлашган тамаки дўкони олдида индамай турар эди.
Ҳаяжондан оқариб кетган доктор Жеймисон яна деразадан ҳаммани навбат билан кузата бошлади. Уни оломоннинг шовқин-сурони гаранг қилиб қўйди: отлиқ гвардия ортидан, от туёқлари дупури остида олтин нақшли қирол араваси кўринди. Доктор синчковлик билан Реммерснинг шеригига имо қилишини илғаб олиш мақсадида уни назардан қочирмас эди. Бироқ Реммерс аввалгидай чўнтагидан қўлини чиқармай, хотиржам қиёфада қотиб турар эди.
-Жин ургир! - сўкинди доктор Жеймисон. -Иккинчиси қани?
У телбанамо ҳолатда чий пардани суриб қўйди-да, қолган саноқли дақиқада пастдаги ўнлаб одамларнинг феъл-атворини билиб олиш мақсадида бутун ақл кучини ва бой тажрибасини тўплаб оломонга тикилди .
-Ахир, улар икки киши бўлиши керак эди-ку! -дея ўзига ўзи мурожаат этиб бўғиқ ғудирланди. - Икков эди!
Ундан қандайдир эллик ярд масофа нарида олтин нақшли карета суянчиғига орқа ташлаб ёш қирол ўтирар ва унинг елкасидаги ёпинғич қуёшда ловиллаб товланар эди. Бир неча дақиқа доктор Жеймисон ундан кўз узолмай қолди, кейин бирдан Реммерснинг дўкон ёнида йўқлигини сезиб қолди.
Энди Реммерс ўзининг ориқ оёқлари билан оломоннинг орқа сафлари бўйлаб қутирган қоплондай у ёқдан бу ёққа зир югурар эди. Оломон яна олдинга ташланганини кўрган Реммерс тўсатдан ёпинғичининг чуқур чўнтагидан мовий термосни чиқарди-да, тезкор ҳаракатлар билан унинг қопқоғини бурай бошлади. Қирол каретаси энди унинг тўппа-тўғрисида эди ва у чаққонлик билан термосни ўнг қўлига олди; термоснинг ичига тиқилган темир портлатгич диккайиб турар эди.
— Демак, бомба Реммерсда экан-да!- деб юборди доктор Жеймисон саросимага тушиб.
Реммерс ўзини сал орқага ташлаб, тажрибали гранатомётчига хос ҳаракат билан ўнг қўлини иложи борича орқага олиб борди ва бомбани улоқтиришга киришди. Аммо милтиқ мили аллақачон унга қадалган ва доктор Жеймисон унинг кўксини нишонга олиб, Реммерснинг қўлидан бомба ажралиб чиқишига дақиқалик фурсат қолганда тепкини босди. Ўша заҳоти қўндоқнинг елкасига зарб билан урилиши туфайли ўзи ҳам ағнаб тушди. Реммерс икки букилганча тамаки дўкони томон қулай бошлади. Шунга қарамай, бомба худди моҳир ҳўққовоз отгандай, осмонга баландлаб учиб борарди. У Реммерсдан бир неча ярд наридаги йўлакка, қирол каретаси изидан ёприлган оломоннинг оёғи остига тушди.
Сўнгра у портлади.
Кўзни қамаштирувчи ўт чақнаб, тўрт томонга тутун ва чанг тўлқини урилди. Дераза ойналари бутунлай учиб тушди ва сакраб турган доктор Жеймисоннинг оёқлари остига тушиб парчинланди. Полни ойна синиқлари ва портлаш тўлқини майдалаган деворга ёпиштирилган пластика бўлаклари қоплади, доктор Жеймисон уларга тайриниб кетиб, креслога кўндалангига қулади; шу билан бирга, кўчада одамлар қичқириғи оҳу воҳлар билан алмашди, шунда у ўзини тутиб олиб деразага яқин борди ва ҳавода ёйилган тутун қоплаган ташқарига қаради. Одамлар ўзини ҳар томонга урар, отлар бош яланг қолган эгаларига бўйсунмай осмонга сапчир эди. Ўн-ўн беш киши шундоқ дераза тагидаги йўлакда ётар ва баъзилар ўтирганча нима содир бўлганини англамай қотиб қолган эди. Бир ғилдирагидан айрилган қирол каретасини от олдингага судраб борар, уни отлиқ гвардия ва аскарлар тўрт томондан ўраб олишга уринишар эди. Кўчанинг қарама-қарши томонидаги меҳмонхона тарафга бир неча политсиячи югуриб келарди ва доктор Жеймисон кимдир уни кўрсатиб, нималардир деб бақираётганини кўриб қолди.
У пастдаги йўлак четига қаради, у ерда оқ кўйлакли қиз ғалати тарзда оёқларини букиб қимирламай ётарди. Ҳамма ёғи йиртилган камзулли йигит унинг ёнида тиз чўкиб ўлтирар, қизнинг юзи йигитнинг дастрўмоли билан ёпиб қўйилган ва дастрўмолни аста-секин қора доғ қоплаб борар эди.
Коридордан ғала-ғовур эшитилди. У эшикка бурилди. Оёғи остида портлаш тўлқини улоқтирган ранги ўчган газета парчаси ётарди. Доктор Жеймисон тезлик билан уни қўлига олиб, кўз югуртирди-да, афти бужмайиб кетди.

Қирол Яковга Суиқасд
Оксфорд-стритда бомба портлашидан 27 киши ҳалок бўлди.
Икки киши политсия томонидан отиб ўлдирилди.
Сиёҳ билан қуйидагилар ажратиб чизиб қўйилган эди: «Ўлганлардан бири Антон Реммерс, профессионал қотил, ёлланган деб тахмин қилинаётган иккинчи террорчи Реммерсдан анча қари киши; жасади ўқдан дабдала бўлгани сабабли унинг шахсини политсия аниқлай олмади».
Эшикни муштлай бошлашган эди. Кимдир нималардир деб тинмай бақирарди, сўнг эшикнинг ушлагичини тепа бошлашди. Доктор Жеймисон газета парчасини ташлади-да, деразадан пастга, ҳамон аввалгидай қизнинг бошида тиз чўкиб эгилган куйи унинг жонсиз қўлларини қўлига олиб ўтирган йигитга қаради.
Эшикнинг ошиқ-маъшуқларини бузишган пайтда у энди иккинчи қотил ким эканлигини, яъни ўттиз беш йилдан кейин ўлдириш учун келган киши эканлигини англаб етган эди. Унинг ўтмиш воқеаларини ўзгартиришга бўлган уриниши самарасиз бўлиб чиқди, олис ўтмишга қайтиб, бир пайтлар содир этилган мудҳиш жиноят иштирокчисига айлантирди ва ёшгина қайлиғининг ўлдирилишига ихтиёрсиз сабабчи бўлишга гирифтор бўлди. Агар у Реммерсни отмаганида, қотил бомбани кўча ўртасига улоқтирар ва Жун омон қолган бўлар эди. Унинг пастдаги,қиз жасади устида бош эгиб ўтирган йигит фойдаси учун ишлаб чиққан бутун фидокорона режаси, бошқа кишига, анча ёш бўлган ўзига аталган бу беғараз армуғони ўз ҳалокатига сабаб бўлиб чиқди, чунки у қутқариши зарур бўлган кишини нобуд қилди.

Яна бир марта, охирги марта қизни кўриш ниятида, шунингдек, йигитни маҳбубасини батамом унутиши даркорлигидан огоҳлантириш мақсадида, у политсиячилар пистолетларидан тинимсиз потирлаб отилаётган ўқларга нишон бўлганича олға интилди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика