Абадий жазо (ҳикоя) [Jim Tompson]

Абадий жазо (ҳикоя) [Jim Tompson]
Абадий жазо (ҳикоя) [Jim Tompson]
Соат беш бўлишига бир неча дақиқа қолганди. Ардис Клинтон уйининг орқа эшигини очди ва «Жо» тамаддихонасида ишлайдиган ёш йигит, жазманини ичкарига киритди. Тамаддихонанинг эшиги айнан Ардис яшайдиган уйнинг орқа эшиги жойлашган томонда эди.
Улар эҳтирос билан қучоқлашдилар. Аёл жазманининг кўйлаги остига яширилган катта пичоқнинг сопи баданига текканини ҳис қилди. Оз, жудаям оз вақтдан сўнг ҳаммаси тугайди. Анави аҳмоқ така, эри ўлади. Ўзининг аҳмоқона ҳазиллари ва бемаъни одатлари билан бирга абадийлик сари равона бўлади. Йигирма минг доллар суғурта пули эса...
-Биз бахтли бўламиз, Тони,-шивирлади у.-Сенинг шахсий ресторанинг бўлади...
-Биз бахтли ва шод-хуррам яшаймиз,-деди Тони.
-Албатта, азизим,-жилмайди Ардис.-Биз турмуш қуришимиз билан ҳаммаси яхши томонга ўзгаради.-Аёл унинг ёноқларини силади.-Тамаддихонадан чиққанингни ҳеч ким кўрмадими?
-Ҳеч ким кўрмади.
-Яхши. Агар бирортаси ошхонада йўқлигингни сезиб қолса-чи? Нима дейсан?
-Унда... ахлат ташлагани чиққан бўламан... Ёки ертўлага масаллиққа тушиб кетганлигимни айтаман...
-Яхши,-маъқуллаб бош силкиди Ардис.-Аниқ қаерда бўлганлигингни айтма, ўшанда ҳеч ким сенинг у ерда бўлмаганлигингни исботлай олмайди. Тушундингми, азизим?
Тони бош ирғади. У ётоқхонага мўралаб, қовоғини уйди:
-Нимага бирпасда бундай қилиб ташладинг, асалим? Тўғри, ҳаммаси талончиликка ўхшаши керак. Лекин у келгунча хонани ағдар-тўнтар қилиб ташлаш...
-Кейин вақт қолмайди. Ташвишланма, Тони. Эшик ёпиқ бўлади. У ётоқхонага қарамайди. У нима дейишини ва нима қилишини жуда яхши биламан, у тўйимизгача қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай.
-Ўзинг биласан,-деди Тони.-Нима десанг шу бўлади, Ардис.
-Бизга фақат политсия ташвиш келтириши мумкин. Сени бу ҳақда огоҳлантирдим. Сенга оғир бўлади. Уларда далил-исбот бўлмайди, аммо улар сени қийнашлари, бурчакка қисишлари, саволга кўмиб ташлашлари мумкин ва агар салгина иқрор бўлсанг...
-Иқрор бўлмайман. Улар мендан ҳеч нарсани била олишмайди.
-Ишончинг комилми? Улар сени аҳмоқ қилишга уринишлари мумкин. Балки улар мен ҳаммасини тан олганимни айтишар. Шунинг учун агар ишончинг комил бўлмаса...
-Улар мендан ҳеч нарсани била олишмайди,-қатъий такрорлади Тони.
Унга синчковлик билан тикилган Ардис ҳақиқатан ҳам шундай бўлишини тушунди. У жазманини ваннахонага бошлади. Тони ваннани тўсиб турган пластик пардани сурди ва ванна ичига тушди. Чўнтагидан қўлқоп олиб тақди. Шими орасига қистирилган пичоғини чиқарди.
-Ардис... азизам.
-Ҳа?
-Сени уришим шартми? Балки сал туртиб қўярман...
-Йўқ, азизим,-деди аёл.-Сен мени уришинг шарт. Бу ўғирлик-ку. Агар эримни ўлдирсангу менга тегмасанг... тушунгандирсан.
-Лекин мен ҳеч қачон аёл кишини урмаганман. Сени қаттиқроқ уриб қўйишим мумкин...
-Тони!
-Бўпти,-деди у.-Фақат шуниси менга ёқмайроқ турибди.
Ардис унинг лабларидан ўпиб қўйди ва меҳмонхонага қайтди. Соат бешдан ўн беш дақиқа ўтганди. Биллнинг ишдан қайтишига роппа-роса беш дақиқа қолганди. Аёл ётоқхона эшигини ёпди ва диванга чўзилди. «Э Худойим! Билл, агар ўзингни озгина бошқачароқ тутганингда эди». Лекин у ўзини доим бир хил тутарди. Шунинг учун аёлнинг бошқа иложи қолмаганди. У ажрашишга ариза бериши мумкин эди, аммо унда ҳеч нарсага эга бўлолмасди. На пул ва на бошқа нарса. На ўн беш йиллик азобли турмуши учун товон.
«Бу сенинг айбинг,-алам билан ўйлади Ардис.-Ортиқ чидолмайман».
Йўлакда оғир қадам товушлари эшитилди. Эшик қулфи шиқирлади. Билл ичкарига кирди.
-Мен келдим. Кун ўтди, пул келди.
Ардис юзини бужмайтирди. Билл меҳмонхонага кирди, энгашиб хотинининг ёноғидан ўпди.
-Кечки овқатга нима еймиз?
Ардис тишларини ғижирлатди.
-Ахлат,-жавоб қайтарди у.-Ювинди. Гўнг аралаштирилган салат.
-Ёмонмас. Иссиқ сув борми?
-Иссиқ сув бор,-вишиллади Ардис.-Бизда қачон иссиқ сув бўлмаган? Қачон? Нимага ҳар куни битта гапни қайтараверасан?
-Тушунмадим, нега жиғибийрон бўляпсан?-эр елкасини қисди.-Бўпти, ювиниб чиқаман.
Ардис ваннахона эшигининг очилиб-ёпилишини эшитиб турди. У ўрнидан туриб телефон аппарати томон қадам ташлади. Ваннахона эшиги тарақлаб очилди. Тони йўлакка югуриб чиқди.
У пичоқни ювиб бўлган, шими орасига қистираётганди. Ардис политсия рақамини терди.
-Ёрдам беринглар!-қичқирди у.-Ёрдам... политсия... ўлдиришяпти!-У гўшакни ерга ташлади ва пичирлаб сўради:-Ўлдими?
-Ҳа, ҳа. Сен нима деб ўйловдинг?
-Яхши. Энди охиргиси. Мени ур,-буюрди у иягини кўтарганча.-Тони, ур мени!
У урди. Ардиснинг кўз олдида минглаб юлдузчалар чақнади. У полга йиқилди.
...Ардис ҳушига келганида диванда ётарди. Кўринишидан қаҳри қаттиқ эркак, детектив бўлса керак, унинг ёнида ўтирар, иккинчи, оқ халатли, бўйнига стетоскоп осиб олган ёшроқ эркак унинг тепасида турарди. Ардис ўзини зўр ҳис қилди. Ҳаттоки Тонининг даҳшатли мушти тушган жағи ҳам оғримасди. Аммо ҳаммасини эслаган Ардис атайин инқиллади ва зўрға эшитиладиган қилиб сўради:
-Қаердаман? Нима бўлди?
-Лейтенант Пауерс,-ўзини таништирди детектив.-Бизга нима воқеа юз берганини айтиб беролмайсизми?
-Мен... мен эслолмайман. Эрим ишдан қайтиб, тўғри ваннахонага кириб кетди. Эшик тақиллади, мен хат ташувчи деб ўйлаб эшикни очдим. Кимдир ичкарига бостириб кирди ва юзимга мушт туширди. Кейин эса ётоқхонага кириб ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб ташлади...
-Кўряпман. У шовқин солган бўлса керак. Наҳотки эрингиз ҳеч нарсани эшитмаган бўлса?
-У эшитолмасди. Чўмилаётганди...
У жим бўлиб қолди, қўрқув унинг томоғини чангаллаб олганди. Лейтенант Пауерс кинояли табассум қилди ва унинг кўзларида учқун чақнади.
-Қовун тушириб қўйдингиз, Клинтон хоним.
-Тушунмадим... нима... деяпсиз...
-Бас қилинг. Ванна қуп-қуруқ. У ерда ҳеч ким чўмилмаган ва нима учунлигини ўзингиз жуда яхши биласиз. Чунки ваннада бегона одам бўлган!
-Л-ле... лекин мен ҳеч нарсани билмайман. Мен беҳуш эдим...
-Унда ўғри ётоқхонага кириб ҳаммаёқни остин-устин қилиб ташлаганини қаердан биласиз? Ва бизга қандай қилиб қўнғироқ қилдингиз?
-Хўш, мен... бутунлай ҳушимдан кетмаган бўлсам керак-да. Менимча, нима бўлаётганини элас-элас кўрганман...
-Энди эса мени эшитинг,-унинг гапини бўлди лейтенант.-Сиз соат 5.23да қўнғироқ қилгансиз. Патрул машинаси уйингизга яқин жойда бўлган, шунинг учун 5.25да политсиячилар уйингизда бўлишган. Сиз беҳуш эдингиз ва ҳозиргина ҳушингизга келдингиз.
Ардиснинг кўз олдида хона чайқала бошлади. Унга лейтенант ғалати қора мундир, йўқ, мундир эмас, ридо кийиб олганга ўхшади. Орқасида ҳам худди тундек қоп-қора қанотлари бордек туюлди. Доктор ҳам қанотли, ридо кийганди, фақат уники оқ рангда эди.
-Икки дақиқа ичида,-давом этди Пауерс,-одам уйга бостириб кириб, бунча нарсани ағдар-тўнтар қилиб қочиб кета олмайди!
-Демак, операторингиз вақтни адаштирган,-деди Ардис.-Бошқа изоҳим йўқ.
Пауерс томоқ қириб қўйди. Лейтенант унга ҳақиқатга мос келадиган бошқа далилни келтирди. Ардис унинг сўзларини индамай тинглади.
-Бу бемаънилик, лейтенант. Тони ҳақида қанақа миш-мишлар эшитганингизни билмайман. Мен уни эримни ўлдиришга мажбурлаганим ҳам йўқ.
-У сиз мажбурлаганингизни таъкидлади. Бизда унинг кўрсатмаси бор.
Ардис кулди-уларда Тонининг кўрсатмаси бўлиши мумкин эмасди.
-Эрим қалай? Тузукми?
-Тузукми?!-ўшқирди лейтенант.-Унақа ҳолатдаги одам...-у тўхтаб қолди, сўнг чуқур уф тортгач, гапида давом этди.-Умуман олганда, унинг ҳолати қониқарли. Жароҳати оғир, лекин кўрсатма берди...
-Хурсандман. У ҳолда нега мени сўроқ қиляпсиз?-У лейтенантдан жавоб кутиб унга қаради.
Пауерс пешонасини тириштирди:
-Яхши, яхши, Клинтон хоним. Эрингиз ўлган. Бизда унинг кўрсатмаси йўқ, Тонининг иқрорномаси ҳам.
-Йўқ?
-Лекин биз сизнинг гуноҳкор эканлигингизни худди ўзингиздек АНИҚ биламиз. Балки имконият борлигида тавба қилиб, айбингизга иқрор бўларсиз?
-Имконият борлигида?
-Доктор,-Пауерс оқ ридоли эркакка ўгирилди.-Унга тушунтириб қўйинг, доктор. Унинг жазмани зарба кучини ҳисобга олмаганини айтинг.
Доктор унинг устига эгилди. У мулойимлик билан гап бошлади.
-Афсуски, Клинтон хоним, жиддий жароҳат олгансиз.
-Ростданми?-Ардис илжайди.-Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.
-Мен бундай деб ўйламайман. Сиз ҳеч нарсани ҳис қилмаяпсиз, ҳис қила олмайсиз ҳам. Бундай жароҳатдан сўнг...
-Йўқолинглар!-деди Ардис.
-Илтимос, Клинтон хоним, ишонинг, бу политсиячиларнинг ҳийласи эмас. Бу ростдан ҳам тавба Қилиш учун сизнинг охирги имкониятингиз.
-Мени қўрқитолмайсизлар. Энди эса йўқолинглар!
У кўзларини маҳкам юмиб олди, яна очганида эса хонада ҳеч ким йўқ эди.
Ардис ўзини ғалаба билан табриклаб кулди. Шу пайт йўлакда оғир қадам товушлари эшитилди. Товуш эшик олдига етиб келганида тинди. Калит шиқирлагани эшитилди. Эшик очилиб-ёпилди. Шу пайт уни ақлдан оздираёзган таниш овоз эшитилди:
-Мен келдим. Кун ўтди, пул келди.
Ардис заҳархандалик билан илжайди. Демак, улар таслим бўлишмабди! Уни қамоққа тиқишмоқчи. Майли, уриниб кўришсин.
Эркак хонага кирди, энгашиб, унинг ёноғидан ўпди.
-Кечки овқатга нима еймиз?
-Қовурилган бойқуш! Энди эса эшитинг жаноб, кимлигингизни билмайман...
-Ёмонмас. Иссиқ сув борми?
-Э Худойим, иссиқ сув бор. Қачон бўлмаган?-У чидаб туролмади. Бу киши ўзини унинг эридек тутаётган бўлса-да, буниси энди ортиқча эди.-Йўқол бу ердан!-чийиллади Ардис.-Чидолмайман! Ўн беш йил чидадим, етар...
-Тушунмадим, нега жиғибийрон бўляпсан?-у елкасини қисди.-Бўпти, ювиниб чиқаман.
-Бас қил! БАС ҚИЛ!-хонани унинг чинқириғи тутди.-У... сен ўлгансан! Буни биламан! Сен ўлгансан, сен билан гаплашишга хоҳишим йўқ!
-Буни сен ҳал қилмайсан,-деди Билл.-Ҳар қалай, бўйнинг синиб ўлганингдан бери.

У шу сўзларни айтиб ваннахонага қадам ташлади. Нигоҳлари қотиб қолган Ардис полда ётаркан, ўзи учун қандай жазо тайинланганини энди-энди англаётганди. У энди Биллдан қутула олмаслигини ва ҳаётининг сўнгги дамларидаги воқеа қиёматгача ҳар куни тўхтовсиз такрорланишини тушунганди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Abadiy jazo (hikoya) [Jim Tompson] 568
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика