Матншунос аллома [Abdurashid Abdugʻafurov]

Матншунос аллома [Abdurashid Abdugʻafurov]
Матншунос аллома [Abdurashid Abdugʻafurov]
Чин маънода аллома, кўп асрлик бой адабиётимизнинг катта билимдони ва тарғиботчиси, йирик матншунос Порсохон Шамсиев ҳаётда ниҳоятда камтар, содда очиқчеҳра ва хушулфат инсон эди. Мен 1953 йили университетни битиргач, омадим бор экан, йигирма йил давомида шу улуғ олим билан бир хонада ёнма-ён ўтириб, уларнинг илмий суҳбатларидан, панд-ўгитларидан баҳраманд бўлганман, юксак инсоний фазилатларидан, шарқона одоб-хулқларидан, тавозеъ-лутфларидан ибрат олишга интилганман.

«Юздан бири... Ўндан бири...»
Порсохон домланинг илм ва ижод аҳли ўртасида обрўси катта эди. Xусусан, устоз Ғафур Ғулом билан яқин дўст, қадрдон улфат эди. Шарқ фалсафаси ва шеъриятининг, биринчи галда, мумтоз адабиётимизнинг бу икки билимдони қачондан дўст тутингани менга номаълум, аммо ўтган асрнинг 30-йиллари охирларида Навоий таваллудининг 500 йиллигини ўтказиш давлат комитетида ҳамкор бўлганликлари аниқ. Бу йиллари домла ва Ғафур Ғулом Навоий асарларини нашрга тайёрлаш бўйича самарали фаолият кўрсатдилар. 50-йиллар бошларида Ғафур Ғулом Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида домла ишлаётган бўлимга раҳбарлик қилган. 1953 йили Домла Ғафур Ғуломнинг «Танланган асарлари»ни, 1956 — 1957 йиллари эса асарларининг уч жилдлигини нашр эттирган.
Ғафур Ғулом Порсохон домла билан суҳбатлашиш ниятида, мудирликни топширганидан кейин ҳам, бўлимга тез-тез келиб турарди. Суюкли халқ шоирининг иқтидорига юқори баҳо берган домла, айни замонда, унинг баъзан замонасозлик қилишга мажбур бўлишини ҳам тўла ҳис этарди. Ўйлаш мумкинки, узоқ йиллар давомида сирдош бўлган домлага Ғафур Ғулом ўз юрагини тез-тез бўшатган, кўндаланг муаммолар қаршисида ўзининг мажбурий ожиз эканлигини яширмаган, очиқчасига дардлашган.
Бундай хулосага домланинг Ғафур Ғулом вафотидан кейин айтган қуйидаги гаплари тўла асос беради:
— Абдулғафур чиндан ҳам буюк истеъдод соҳиби эди. У катта ва табаррук мерос қолдирди. Аммо, минг афсус, айтиши мумкин бўлган сўзларнинг юздан бирини ҳам айтолмай, ёзиши мумкин бўлган асарларнинг ўндан бирини ҳам ёзолмай кетди...
Махсус илмий-тадқиқотнинг лўнда хулосасидек жаранглаган бу эътироф ўзининг фавқулодда чуқур мазмуни билан Ғафур Ғуломни, назаримда, бениҳоят улканлаштириб юборади. Ҳар қачон устознинг адабиётимиз ривожига қўшган катта ҳиссаси ҳақида сўз борганида, Порсохон домланинг куюнч билан айтган ана шу сўзлари мени ҳаяжонга солади...

«Қарилик гашти»ми ёки ташвиши?
Илмий жамоанинг энг ёши катталаридан бири бўлган домла умрининг охиригача институтдан ажралмадилар, қариган бўлишига қарамай самарали фаолиятда бўлдилар. Домланинг табиати жуда нозик эди. Асли хушфеъл, хушсуҳбат домла онгли-онгсиз қўпол ҳатти-ҳаракатлардан озор чекардилар, мантиқсиз гап-сўздан ўзини четга олардилар, «қизил» хитоб-даъватлардан ижирғаниб, хуноб бўлардилар. Ҳар бир сўзнинг маъно-моҳиятини чуқур билган домла матндаги нуқсон ва ғализликларни тузатишдан эринмас, биз ёшларни ҳам шунга ўргатардилар. Домланинг назаридан ўтган матндан кўнглимиз тўқ бўларди, чунки устоз ҳар бир жумла-иборанинг мантиқий-илмий асосланган бўлишини, услубнинг содда ва равшанлигини талаб қилардилар.
Кунларнинг бирида вилоятдан келган меҳмоннинг «Қарилик гаштини суриб юрибсизми?» дейиши домлани қаттиқ ранжитганига гувоҳ бўлганман. Домла бутун Шарқ адабиётида, жумладан, мумтоз ижодкорларимиз меросида қариликдан шикоят, уни умрнинг сўнгги босқичи эканлигидан надомат, кексаликнинг жисмоний-руҳий азоб-уқубатларидан нолиш жуда кўп учрашини таъкидлаб: «Ҳазрат Навоий қариликни тузалмас хасталик» деганлар, деб қанча далилларни келтирдилар. Xудди ўша кезлари домла Алишер Навоий ўн беш жилдлиги учун «Маҳбуб ул-қулуб» асари ва унинг соддалаштирилган матнини нашрга тайёрлаш ишини якунлаган эдилар. Ғаладондан тайёр матнни олиб, Навоийнинг қарилик ҳақидаги мана бу сўзларини ўқиб бердилар:
«Қарилик — йигитлик соғлиғининг хасталиги. Қарилик кунлари хушчақчақларни ношод қилиб, киши қаддини букчайтиради ва умр билан хайрлаштиради. Юксаклик хаёли бошдан йўқолади, ҳасрат ва надомат ёшининг сели бадан қасри деворини йиқитади...»
Қарилик ва унинг мумтоз адабиётимиздаги талқини мавзуи ўша йиллари ёши етмишлар атрофида бўлган домланинг «қизиқиш доираси»да турганлиги орадан икки-уч йил ўтгач, яна бир бор тасдиқланди. Домла «Хазойин ул-маоний»нинг тўртинчи девони — «Фавойид ул-кибар»дан қариликдан дардли шикоят мазмунида ёзилган:


Оқара бошлади бошу
тўкула бошлади тиш,
Сафар яроғини қилғилки,
тушти бошингга иш —

байти билан бошланувчи ғазални кўчириб келиб, ўқиб бердилар, улуғ шоирнинг бадиий топқирлигига тасаннолар айтдилар. Айниқса, ғазал таркибидаги мана бу байтлар домлага кучли таъсир кўрсатганлиги товушларидан ҳам билиниб турарди:


Йигитлик ўлди баҳору куҳулат ўлди хазон,
Деган бу сўзни — қарилиғни қишга ўхшатмиш.
Не қиш нашоти манга қолди, не хазон, не баҳор,
Баҳорима чу хазон қўйди юз, хазонима — қиш.
На турфа ишки, биров чун ториқти умридин,
Деса:»Узун яша!» — қарғишдур анга бу алқиш.

Қариликнинг бу каби талқини қаршисида «қарилик гаштини суриш» ҳақидаги даъватлар домлага батамом мантиқсиз жаранглаши табиий эди...
«Меҳнат — роҳат» ибораси ҳам домланинг ғашига тегарди. У пайтлари бу ибора тарғибот-ташвиқот руҳида жуда кўп қўлланиларди, деярли ҳар бир йирик раёнда шу номли колхоз бор эди. Домланинг (умуман, ўтмиш тарихимиздан хабардор ҳар бир зиёлининг) эътирозига сабаб шу эдики, аслан арабча бўлган «меҳнат» сўзи минг йиллар давомида «роҳат» сўзининг акс маъносини ифодалаб келган. Мумтоз адабиётимизнинг, беистисно, барча намояндалари бу сўзни ўрнига кўра «азоб-уқубат, дард-ҳасрат, алам-заҳмат, кулфат-машаққат» каби ўта салбий мазмунни ифодалашда қўллаб келганлар. Табиийки, Навоий ижодида ҳам худди шу мазмун турли товланишларда «меҳнат» сўзи билан ифодаланган. Домла профессор С.Иброҳимов билан ҳамкорликда тузган «Навоий асарлари луғати»да «меҳнат» сўзига «машаққат, оғирчилик» деб изоҳ берганлар ва далил сифатида Навоий шеъриятидан «шоми ҳижрон меҳнатин» («ҳижрон шоми азоб-уқубатлари») ҳамда «замона меҳнатидин» («замона кулфату зулмидан») бирикмалари ўрин олган байт-мисраларни келтирганлар. Бу мавзудаги шахсий суҳбатларнинг бирида эса Бобурнинг:


Неча бу фалак солғуси ғурбатқа мени,
Ҳар лаҳза тугангусиз машаққатқа мени.
Не чора қилай, нетайки, Тенгри гўё
Меҳнатни менга ёратти, меҳнатқа — мени

рубоийсини таҳлил этиб, Бобур ижодида ҳам «меҳнат»нинг асло «роҳат» эмаслигини, балки, аксинча, худди улуғ Навоий ва бошқа аллома-ижодкорлар меросларида бўлганидек, мазмунан «машаққат», «азоб-уқубат», «дард-кулфат» эканлигини тушунтирган эдилар.

«Лафзинг пок қилким!»
Нимадир баҳона билан ходимлардан бири уйида дастурхон ёзди. Домла бошлиқ тўрт-беш киши бўлиб бордик. Қуюқ-суюқ таомлардан олдин ҳам, кейин ҳам анча вақт гурунглашиб ўтирдик. Суҳбат шеърият, бадиий санъатлар, ижодкорларнинг топқирлиги устида борарди. Бундай хос йиғинларнинг деярли барчасида бўлганидек, Бобурнинг:


Ўз фасли, ёр васли, дўстларнинг суҳбати,
Шеър баҳси, ишқ дарди. Боданинг кайфияти
...Гар бу уч ишни мувофиқ топсанг ул уч вақт ила,
Мундин ортуқ бўлмағай, Бобур, жаҳоннинг ишрати —

байтлари ўқилди. Домла бу гўзал байтларнинг яратилишига Навоийнинг:


Бодаю ишқу шабоб айёмию фасли баҳор,
Панд нецунким, эрур ошуфталиғлар чоғи —

каби мисралари туртки берган бўлиши мумкин, деган тахминни айтдилар. Бу фикрни қувватлаб даврадагилар ҳам бир неча далиллар келтиришди. Гап айланиб суҳбат одоби, ширинсўзлиликка кўчди. Айниқса, «Маҳбуб ул-қулуб»да бу мавзуда кўп панд-насиҳатлар битилгани айтиб ўтилди. Бу асарнинг ҳар бир жумласини «ғалвирдан ўтказган» домла уни одоб-ахлоқ қомуси деб баҳоладилар. Бу асарда олға сурилган юксак инсонийлик, одамийлик мезонига Навоийнинг ўзи тўла-тўкис амал қилганлигини таъкидлаб, домла Xондамир асарларидан ва бошқа тарихий манбалардан кўплаб ҳаётий воқеалар, нақл ва ривоятлар келтирдилар. Улуғ шоир ҳаётда ниҳоятда покиза ва хушулфат, софдил ва нозиктабъ бўлганини, суҳбатдошига лутфи иноятлар кўрсатиб, очиқюз ва меҳрибонлик билан муомала қилганини сўзлаб, ижодида ҳам ўқувчини шунга даъват этганини мисоллар билан далиллаб бердилар. Бу мавзудаги жуда кўплаб ўгитлари жумласида домла мутахассислар етарли эътибор бермаган мана бу байтни ёд ўқидилар:


Пок лафз айтурға лафзинг пок қилким, ҳайфким,
Яхши сўз боринда сургай нуктаи мазмум оғиз.

Навоий ҳикматлари жумласидан ўрин олишга лойиқ бу мисралардаги «нуктаи мазмум» бирикмасини домла «яхши сўз» иборасининг зидди бўлган «сўкиш, ҳақоратловчи, одобсиз, беҳаё сўзлар» деб изоҳлаб, улуғ шоир «пок лафз» — хушмуомалага даъват қилаётганига эътибор қаратдилар. Xудди шу даврада домла Навоийнинг халқ мақоллари даражасидаги қуйма ва пурмаъно «Қолмамиш қўзғолмайин, кимки бировни қўзғамиш!», «Кимки, — ул эгри қадам урди — иши келмади ўнг» ва «Айб эрурки, аҳли дониш қилса нодон бирла баҳс» каби ўгитларини ҳам ёд ўқидилар.
Бу самимий давра суҳбати мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий шахсияти ва мероси бўйича бирор китоб-дарсликда битилмаган маълумотлар билан биз ёш ходимлар билимини бойитди. Ўшанда Навоий асарларининг луғатини тузган домла луғат нашрига кирмай қолган «шерик» ва «ўртоқ» сўзларининг шоир меросида мавжудлигини ва бу сўзлар худди ҳозирги маъно-мазмунда қўлланилганини айтган эдилар. Кейинчалик мен «Фавойид ул-кибар» девонидан домла маълумотини тасдиқловчи мана бу байтни учратдим:


Ишқ аро Фарҳод ила Мажнун шерикимдур, вале,
Дарду ғам чекмакка менга йўқ бу икки ўртоғим.

Дастурхон атрофида фақат илмий суҳбат эмас, ҳазил ва чиройли лутфлар ҳам бўлиб ўтди. Улардан бирида домла гап орасида ўртадаги бодомдан бирини олиб, қўллари билан чақмоқчи бўлдилар — чақилмади. Яна бирини олиб, иккаловини устма-уст қўйиб эзишга ҳаракат қилдилар — бўлмади. Оғизларига солиб анча айлантирдилар — қаттиқлик қилди. Кўнгиллари кетдими, ҳар ҳолда, кўп уриндилар, барибир, иккинчиси ҳам, учинчиси ҳам чақилмади. Бўлиб ўтаётган гап-сўзларга диққат билан қулоқ тутаётган соҳиби дастурхон беихтиёр кузатиб ҳам турган экан:
— Қўйинг, домла, уринманг, — деди кулги билан. — Силлиқ бўлиб кетганидан билингки, неча меҳмон қанча тиришиб уларни чақолмаган. Ҳатто академиклар ҳам уддалай олмаган. Ҳамид Ораслий домла ҳар келганларида ҳаммасини бир-бир оғизга олиб, қайтиб қўйганлар.
У дик этиб ўрнидан турди-да, бодомни ликопчаси билан кўтариб, дам ўтмай болғада чақиб келди. Мағзини ажратиб олиб домла ва бошқа меҳмонлар олдига қўйди. Мағиздан бир-иккисини еган Домла қолганини ўртага сура туриб:
— Чиндан ҳам Ораслий домла шимиб кўрган эканлар — шундоққина нефт мазаси анқиб турибди, — деб лутф қилдилар. Ҳамма кулиб юборди. Ҳамид Ораслий Озарбойжон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, ўзбек адабиёцҳуносларининг яқин дўсти бўлиб, ўша кезлари Навоий комитети анжуманларида қатнашиш учун илмий маърузалар билан Тошкентга тез-тез келиб турарди. У киши домланинг докторлик диссертациясини ёқлаганларида оппонентлик қилиб, тадқиқотга жуда юқори баҳо берган эди.

«Бор чойдан!..»
Кимнингдир йигирмасига тўпланишиб бордик. Ўтирдик, «Қуръон» тиловати бўлди. Ҳали фотиҳа тортилмаган ҳам эдики, биздан олдинги қаторда ўтирганлардан бири дағал овоз билан:
— Ҳе бола! Бу чойингни обор, аччиқ қилиб кўк чой дамлаб кел! Ма! — деб хизматда юрган йигитларнинг бирига янги келтирилган чойнакни тутқазди. Буни кўриб — эшитиб ўтирган домланинг жаҳллари чиқди, бир ижирғаниб қўйдилар.
— Ҳой, болам! Ўша чойнакни буяққа беринг! Баракалла! — дедилар атайлаб ҳаммага эшитиларли қилиб. Орадан бироз вақт ўтар-ўтмас олдинги сафдан яна ўша дағал овоз қулоққа зарб билан урилди:
— Кўк чой дедим-ку, кўк! Йўқ, қораси бўлмайди!
Бизнинг қаторда ўтирганларнинг энг ёши мен эдим. Домла менга қарата зарда билан:
— Ресторанга борганда ҳам меню бўйича буюртма берилади. Бу жой ресторан ёки куёвчақириқ эмас. Бор чойдан ичаверинг! — дедилар олдинги сафга ҳам эшитиларли қилиб.
Ош тортилди. Ҳар дақиқада «Чойила борми? Камчилик йўқми? Чой келтирайми, қанақасидан?» дея хизматда юрганларнинг бирига орқа сафдан кимдир илтимос оҳангида:
— Бор чойдан бир чойнак қўйиб кетинг! — деб мурожаат қилгани қулоққа чалинди.
«Ҳа, бор чойдан!» — дилимизда қайтардик бизлар ҳам...

«Бу сўнггиси бўлмасин!..»
Институт илмий жамоаси ихчам, аммо аҳил, ишчан эди, ходимлар ўртасида ўзаро иззат-ҳурмат руҳи ҳукмрон бўлиб, ҳазил-ҳузул ва самимий муносабат катта-кичикни дўстлаштириб юборган эди. 50 — 60-йиллари ходимлар томонидан ҳазил йўсинида «Кўндирбюро» ва «Ундирбюро» деб аталувчи «ташаббускор гуруҳлар» иш олиб борарди. Порсохон домла, Ҳоди Зариф, Ҳомил Ўқубов, Зокир Маъруфов, Абдулла Олимжон каби катта авлод олимлар бу «бюро»ларнинг фаоллари эдилар. Порсохон ака билан Ҳоди Зариф каби обрўли, сўзи ўтадиган домлалар ҳар иккала «бюро»да етакчилик қилишган. Бирор хурсандчилик муносабати билан унга алоқадор шахсларни «еритиш» — «бюро»ларнинг бош мақсади эди.
Диссертация муҳокамадан ўтиб, ёқлаш учун тавсия этилиши, кимнингдир фарзанд ёки набира кўриши, китоби босилиб чиқиши, унвонга сазовор бўлиши, янги уйга кўчиши каби шодиёна сабаб воқеалар муносабати билан, аввало, «Кўндирбюро» ишга киришар, алоқадор ходимни бир зиёфатга кўндириб ваъдасини оларди. Бу биринчи — бироз енгилроқ босқич эди. Ишнинг оғирлиги «Ундирбюро»га тушарди. Зиёфатга кўниб, ваъда берган шахс кейинчалик кўпинча тихирлик қиларди, баъзилар очиқдан-очиқ қочиб юрарди. «Ундирбюро», барибир, бўш келмасди... Биз ёшлар ҳам ора-сира бундай ўтиришларга аралашиб турардик, югурдаклик қилардик, баъзан ўзимиз ҳам қўлга тушиб қолардик. Завқ-шавқ билан қадаҳ сўзлари ҳам айтиларди. Ҳоди Зариф домланинг сўзлари жуда узун бўларди, баъзан илмий маърузага ўхшаб кетарди, даврадагилар энтикиб қолишарди. Кўпинча нима сабаб-баҳона билан йиғилингани эсга ҳам олинмасди. Порсохон домла, аксинча, гапирмас эдилар. Ҳеч иложи бўлмаганда, доимо ўрисча аралаштириб, «Бу предпоследн?й бўлсин!» дердилар пиёлани кўтариб, қисқагина.

Биз — ёшлар домланинг бу пурмаъно қадаҳ сўзларига қойил қолардик ва «бу сўнгги қадаҳ, сўнгги зиёфат, сўнгги китоб, сўнгги мукофот бўлмасин, яхшиликлар, улфатчиликнинг охиргиси бўлмасин!» деб тушунардик...
Mualifning boshqa asaralari
1 Matnshunos alloma [Abdurashid Abdugʻafurov] 745
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика