Бир пиёла чой (ҳикоя) [Ketrin Mensfild]

Бир пиёла чой (ҳикоя) [Ketrin Mensfild]
Бир пиёла чой (ҳикоя) [Ketrin Mensfild]
Роземари Фелл унчалик гўзал аёл эмас. Ишқилиб уни гўзал дейиш қийин. Ё, «чиройликкина», деб атасакмикан? Ҳа, ҳа, агар Роземарининг фазилатларини синчиклаб кузацак... Назаримда, синчиклаб кузатиш ҳам унчалик шарт эмас-ов...
Роземари ёш, истараси иссиқ, замонанинг энг сўнгги урфида дид билан кийинадиган, китобхонликка ўч аёл. Уни турли касб эгалари даврасида тез-тез учратасиз. Даврадошларининг баъзилари ёқимтой, ажойиб кишилар бўлиб, айримлари эса ғалати-ғалати феъл-атворли эди.
Роземари бундан икки йил олдин турмушга чиққанди. Майкл исмли эркатой ўғли бор. Эри ҳам сидқидилдан уни севади. Бу оила бой яшашарди, ҳақиқатдан ҳам бой.
Роземари бирор нарса харид қилмоқчи бўлса, кўпроқ Парижга боради, мен эса Бонд кўчасига бораман. Мабодо Роземарининг кўнгли гулга кеца, машина уни муҳташам бинолар жойлашган Режент кўчасига олиб боради. Шунда Роземари дўкон пештахталарига ҳайрат билан боқиб:
- Мен ана уни, мана буни ва яна манавини ҳам олмоқчиман, - дейди. - Ана ундан тўрт даста берсангиз. Ана у кўзадаги атиргулларни ҳам. Ҳа, ҳаммасини беринг. Йўқ, йўқ, настарин керак эмас. Настаринни ёқтирмайман, жудаям бесўнақай.
Роземарини машинагача озғингина сотувчи қиз кузатиб қўяди. Унинг бир қучоқ гул кўтариб одимлаши худди бесўнақай кийим кийиб олган ёш боланинг юришига ўхшарди.
Қиш кунларининг бирида Роземари Кесон кўчасидаги кичкина қадимий дўкончага кирди. Бу унинг севимли дўкони эди. Дўконда керакли ҳамма нарсани топиш мумкин. Сотувчи ҳам унга бажонидил хизмат қилади. Бўсағада Роземарини кўрди дегунча қувонган чеҳраси ёришиб кетади. Ҳатто севинчдан тили зўрға гапга келади. Xушомал албатта. Аммо, бу ерда бир сир бор-ов...
- Биласизми, хоним, -тушунтиришга ҳаракат қиларди у мулойим овозда, - молларимнинг қадрини билмайдиганларга сотгандан кўра, уларни сотмасликни афзал кўраман. Гапнинг очиғи уларнинг қадр-қимматини камдан-кам одам билади.
Шундай дея сотувчи пештахта ойнаси устига бахмалга ўралган жажжигина қутичани қўйди. У буни Роземари учун сақлаб келаётганди. Ҳали ҳеч кимга кўрсатганича йўқ. Нафис дид билан ишланган қутича шунчалик жозибали ярақлардики, худди офтобда товланаётганга ўхшайди. Қутича қопқоғида йигит билан қизнинг расми бор экан. Улар гул тагида ёнма-ён туришар, қизчанинг қўллари йигитнинг елкасида эди. Қизнинг шляпаси гераниум баргидан сал каттароқ бўлиб, узун шохчалардан тўқилганди. Атрофи яшил лента билан ўралган эди. Яна уларнинг устида сезгир фариштага ўхшаган булутча сузиб юрарди.
Роземари қўлқопини ечди. У ҳар доим бирор нарса сотиб олмоқчи бўлса шундай қиларди. Ҳа, бу унга ёққанди, жудаям ёққанди. Бу ҳақиқий омад эди. Сотиб олиши керак. Қутичанинг у ёқ-бу ёғини кўрди, очди, ёпди, қўллари кўм-кўк бахмалга жудаям ярашди. Бунга эътибор бермай бўлмасди. Сотувчи пешгахтага суяниб ручкаси билан ярқираб турган қутичани сал нари суриб секингина пичирлади:
- Сизга айцам, хоним, гулларига эътибор беринг.
- Ҳа, ажойиб! - Роземарини гуллар ҳайратта солди.
- Xўш, нархи қанча?
Сотувчи, гўё, ўзини эшитмаганга солди. Кейин пичирлаган овоз эшитилди.
- 28 гиней, хоним.
- 28 гиней?
Раземари сездирмади. Қутичани жойига қўйди; қўлқопларини кийди.
- 28 гиней? - Унинг кайфияти бузилди. - Илтимос, олиб қўйинг, кейин оламан, - деди овози қалтираб.
Сотувчи аллақачон тушунганди. Албатта, у Раземари учун қутичани бир умр сақлайди.
Ташқаридаги эшик ғижирлаб ёпилди.
У қиш ҳавосини кузатди. Ёмғир ёғмокда. Ҳаво совуқ бўлиб, ҳозиргина ёнган кўча чироқлари хомушдай кўринади. Улар нелардандир афсуслангандай хира шуъла сочиб туришарди. Одамлар ҳам ҳар тарафга шошилишмокда. Роземари қандайдир ғалати бўлди. Жудаям қутичани олгиси келганди.
Албатта, машинаси жойида эди, фақат йўлдан ўтиш керак. Лекин нимагадир жимгина турарди. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, кимдир адашади, кимдир уларга йўл кўрсатади, баъзилар йўқ.
Худди шу пайт аллаким:
- Кечирасиз, хоним, - деб унинг хаёлини бўлди.
Роземари бурилиб орқасига қаради. Олдида қорачадан келган жудаям ёш бир қиз турарди. У худди сувдан чиққан одамдай қалтирарди. Қаердан келган бўлса?
- X-хоним, - дудуқланди қиз, - озроқ чой-чақа пули беринг.
- Чой-чақа? - ҳайрон бўлди у. Бу овоз умуман гадой овозига ўхшамасди.
- Умуман пулинг йўқми? - сўради Раземари.
- Йўқ, хоним.
Қизиқ, Роземари унга яқинлашди. Бундан ҳам қизиғи бўладими, ахир? Бирданига бу воқеа Роземари учун саргузаштдай туюлди. Бундай ҳаводаги учрашув худди Достоевский романидан олингандай. Таваккал қилиб қизни уйга олиб кеца-чи? Нима бўлар экан? Жуда қизиқ бўларди. Шунда у ҳайрон қолган дўстларига: «Уйимга олиб келгандим, холос», - деган бўларди. Кейин олдида турган қизга:
- Юр уйга, бирга чой ичамиз, - деди.
Қиз кутилмаган таклифдан орқага чекинди. Ҳатто қалтирашдан ҳам тўхтади.
Роземари қизнинг қўлидан ушлаб:
- Нимага ҳайрон бўлаяпсан? Қани кетдик, - деди жилмайиб.
- Йўқ, йўқ, хоним, - деди қиз сесканиб.
- Йўқ, борасан, - деди Роземари қатъий.
- Сиз, сиз мени полицияга олиб бормайсизми?
- Полициягами? - бирдан кулиб юборди Роземари. - Наҳотки шундай деб ўйласанг? Йўқ, фақат ёрдам бермоқчиман, холос.
Улар машинага ўтиришди ва уйга йўл олишди. Йўлда аёл асирасига бундай тасодифий учрашувлар ҳаётда бўлишини, фаришта, меҳрибон оналар ҳақиқатда борлигини тушунтирмоқчи бўлди. Гап охирида:
- Қўрқмасдан юравер. Ахир иккаламиз ҳам аёлмиз... - деб қўйди.
Ниҳоят машина тўхтади. Қўнғироқ чалинди, эшик очилди, бирга уйга киришди. Иссиқлик, ёруғлик, уйдаги шинамлик, ҳамма нарса ўзига ўхшарди. Шу вақтгача билмаган экан. Уйдаги ҳамма жиҳоз уни кутарди.
- Қани юр юқоридаги хонамга, - деди Роземари очиқ кўнгиллик билан. У беозор қизни ҳеч кимга кўрсатишни хоҳламади. Зинадан чиқиши биланоқ хизматкорни ҳам чақирмасдан ўзи қизнинг кийимларини алмаштирмоқчи бўлди. Бундай тасодифий ҳодиса табиий бўлиши керак, ахир!
- Шу ерга, - деди у янада кенг, чиройли хонага киришгач.
Хонанинг пардалари туширилган, олов ёқилган, иссиқ, ҳаворанг гиламлар, ҳаммаси хонага ярашган эди. Қиз эшик олдида туриб қолди. У ҳайрон эди. Роземари эътибор бермади.
- Қани, ўтир, - деди у стулни олов ёнига силжитиб. - Озроқ исиниб ол, жудаям совқотганга ўхшайсан.
- Раҳмат, хоним, - деди қиз бироз уялиб.
- Қўрқмасдан жойлашавер. Кийимларимни алмаштиргунча ўтириб тур. Кейин бошқа хонага ўтиб чой ичамиз. Намунча қўрқмасанг. - Шундай дея у қизни елкасидан ушлаб ўтқизиб қўйди.
Қайтиб келганда у қизни қандай ўтқизиб кетган бўлса шу ҳолда кўрди. Ростини айтганда қиз овсарга ўхшарди. Роземари эътибор бермади. Унга бироз эгилиб:
- Шляпангни ечмайсанми? Сочинг ҳўл экан, - деди.
- Xўп бўлади, хоним.
Шляпа ечилди.
- Кел, палтонгни ҳам ечамиз.
Қиз ўрнидан турди. Бир қўли билан стулдан ушлаб палтосини Роземарига ечтирди. Палтоси жудаям оғир эди. У боладай иккиланиб қолди. Агар одамлар бир-бирларига ёрдамлашишни хоҳласалар, озроқ бўлсада бир-бирларини ҳурмат қилишлари керак, бўлмаса жуда қийин бўлади, деб ўйлади. Энди палтони нима қилса экан? Палтони ҳам, шляпани ҳам ерга ташлади. Роземари сигарета тутатмоқчи бўлиб турганда қиз тўсатдан:
- Кечирасиз, хоним, ҳеч нарса еганим йўқ, ҳолдан кетаяпман, уйга кета қолай, - деб қолди.
- Ҳозир, бир пас кутгин, - дея Роземари қўнғироқни чалди. - Чой, тезроқ чой келтиринглар, озроқ бренди ҳам.
Хизматкор кириб чиқар, қиз эса йиғламсираб:
- Бренди ичмайман, фақат чой ичаман, хоним, - дерди.
Унинг бу ҳолати аянчли эди. Роземарининг унга раҳми келди.
- Йиғлама, жонгинам, йиғлама, - дея рўмолчасини узатди. У бошқа ҳеч нима дея олмади. Озғин елкасидан қучиб бағрига босди. Қиз уялиб ўтирмади. Иккаласи аёл эканлигидан ташқари ҳамма нарсани унутди ва хўрсиниб:
- Энди бундай яшай олмайман, чидай олмайман. Бу туришда ўзимни бир нарса қилиб қўяман, - дея ҳаётидан нолий бошлади.
- Ундай қилма, ёрдам бераман. Қарагин-а учрашганимизни. Ҳозир чой ичамиз, ҳаммасини айтиб берасан. Бирон нарса ўйлаб топармиз. Йиғлама.
Улар чой келганда анча-мунча тинчиб қолишганди.
Хизматчи қизнинг олдини ҳар хил ширинликлар билан тўлдириб ташлади. Роземари сигарета чекиб уни кузатиб ўтирди. Дастурхон олингач беозор, нимжон қиз чарчаб ўзини стулга ташлади.
Роземари сигаретни чекиб бўлди, гапни бошлаш вақти келганди.
- Қачон овқатлангандинг? - сўради мулойимгина.
Шу пайт эшиқ очилди.
- Роземари, кириш мумкинми?
Бу Филипп эди.
- Марҳамат.
У кирди. Кирди-ю, тўхтаб қолди. Роземари жилмайиб:
- Бу дугонам мисс...
- Смит, хоним, - деди қиз қўрқмасдан тик қараб.
- Смит, - давом эттирди Роземари. - Бироз гаплашмоқчи эдик.
- Ҳа, албатта, - деди Филипп. Унинг кўзи полда ётган палто ва шляпага тушди. Филипп оловга яқинлашиб: - Жудаям ёмон кун бўлди, - деди бефарқ ўтирган қизга қараб.
- Ҳа, ҳақиқатдан ҳам ёмон, - гапини тасдиқлади хотини.
Филипп кулиб қўйди.
- Кутубхонага, олдимга киргин. Мисс Смит бизни маъзур тутар.
- Албатта.
Улар хонадан чиқишди.
- Менга қара, тушунтирсанг-чи бундоқ. Ким у ўзи?
Роземари кулди, эшикка суяниб жавоб берди:
- Кесон кўчасидан топиб олдим. Ҳақиқий топилма. Чой-чақа сўради. Мен эса уйга олиб келдим.
- Энди у билан нима қилмоқчисан? - жаҳли чиқди Филиппнинг.
- Унга яхши муомалада бўл, - деди бирдан Роземари, - аҳволи қийин ҳозир.
- Азизим, - деди Филипп, - биласанми, сен ақлдан озибсан. Бу умуман мумкин эмас.
- Билардим шундай дейишингни, - эътироз билдирди Роземари. - У бугун қолади.
- Лекин биласанми... - деди Филипп секингина ва сигаретасини тишлаб: - Истараси иссиққина экан, чиройли, менга ёқди.
- Чиройли? - Роземари кутилмаган гапдан лол қолди. - Сен шундай деб ўйлайсанми? Эътибор бермапман.
- Наҳотки, - деди эр гугуртни чақиб, - У жудаям ёқимли, бир қарагин, азизим. Xонага кирганда ўзимни йўқотиб қўйдим... Нима бўлгандаям хато қилаяпсан. Қўполлик қилган бўлсам кечирасан.
- Аҳмоқ қиз, - деди Роземари жаҳли чиқиб. У кутубхонадан чиқиб кетди, лекин қизнинг олдига бормади. Xонасига кириб столга яқинлашди: «Чиройли, ёқимли. Наҳотки шундай бўлса». Чек дафтарчасини олди. Йўқ, чек ёрдам бермайди. Тортмани очиб 5 паунд олди. Иккитасини ташлади, учтасини қўлида сиқиб турди ва қизнинг олдига кетди. Қайтиб келганда Филипп хонада ўтирарди.
- Айтганча, Филипп, ҳалиги мисс Смит биз билан овқатланмайди, - деди у тутилиб.
Филипп газетадан бошини кўтарди.
- Нима бўлди?
Роземари унинг тиззасига ўтирди.
- Кетаман деб туриб олди. Озроқ пул бердим, - деди жилмайиб ва ўрнидан қўзғалди.
Сочини қайтадан таради, кўзларини бўяди, тақинчоқларини тақиб яна Филиппга яқинлашди-да,
- Мен-чи, мен ёқаманми? - деб сўради секингина.
- Жудаям, азизим, - деб уни ўзига янада яқинроқ тортди эри. Бироз жим туришди. Роземари ялинди:
- Бугун чиройли қутича кўрдим. 28 гиней экан. Майлими олсам?
- Ола қол, азизим.
Лекин эри Роземари кутган сўзни айтмади.
- Филипп, - пичирлади у ва эрининг бағрига баттар суқилди:

- Мен-чи, мен чиройлиманми?
Mualifning boshqa asaralari
1 Bir piyola choy (hikoya) [Ketrin Mensfild] 786
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика