Биллур гулдон (ҳикоя) [Mas’uma Ahmedova] |
Катта иморат пастида бозор қизийди. Қўшни кампирлар пастаккина курсичаларда ўтирадилар, эрмак қилиб, савдо қиладилар. Олдиларида турфа буюмлар ёйилган, ранг-баранг пуфаклардан тортиб, банка қопқоқлари-ю, чинни идишлар... Биров пайпоқ тўқиганча олдидаги эски қўғирчоқ, сирли кастрюлга аҳён-аҳён ўтиб қолган ўткинчиларни чорлайди. Бирови олдидаги нарсаларни уёқ-буёққа суриб қўйган бўлади. Биров бепарво, қўлларини чалмаштирганича ўтиради. Шу ердан ўтиб кетаётган қиз беихтиёр тўхтаб қолди. Ана шу эски буюмлар орасида бир гулдон унинг эътиборини тортди. Қиз энгашиб қўлига гулдонни олди. Биллур гулдон нафислиги, безаклари кўзини яйратди. Аста бармоқлари билан гулдонни чертди. Гулдондан кўнгил тубига бориб тегадиган ажиб нозик овоз таралди. — Эҳтиёт бўл, қизим, — деди қотмагина кампир унга юзланиб. Афтидан, кампир идиш эгаси бўлса керак, куюнчаклик билан қўшиб қўйди: —Бунақа биллур ҳозир топилмайди. Чехларники. Ўҳў, буни бир пайтлар эрим олиб келганди. Шундай қиммат, шундай қиммат... Роса койигандим ўзиниям Қиз гулдонни қўлида авайлаб томоша қилди. Биллур қуёшда жилва қилди. — Қанча деяпсиз? — сўради қиз гулдонни қўлидан қўймай. Кампир ютинганча индамай қолди. — Қанча? — қиз уни эшитмади, деб ўйлаб саволини такрорлади. — Матвеевна, сенга гапиряпти, — кампирнинг ёнида ўтирган ҳамроҳи уни туртиб деди. — Айтсанг-чи нархини. Кампир гўёки гулдонни қайтиб олмоқчидай, беихтиёр қўлларини қизга силкиди. — Гулдонни ростдан олмоқчимисан? — Олмасам, сўрармидим, бувижон, — деди қиз кулиб. — Бу гулдон не-не бахтли кунларни кўрмаган... — кампир хаёлга толди.— У бахт келтиради. — Майли, бахт келтира қолсин, шунинг учун ҳам сотиб олмоқчиман-да, — деди қиз яна мийиғида кулиб. — Ахир қанча нархи? Кампир ўйланиб қолди. — Клава, савдоси келганда, нега жим ўтирибсан, айтсанг-чи? Кампир қизга юзланди: — Гулдонни қайтиб бера қолинг, қизим. Қиз ҳайрон бўлиб қолди. Атрофдагилар ҳам унга таажжубланиб қарашди. — Сотишдан айнидингизми? Ё пули етмайди деб ўйлаяпсизми? — деди қиз жон-дили билан. — Йўқ, йўқ.... — Жиннимисан, Матвеевна, нега бундай қиляпсан? — деди унга ҳамроҳи куюниб. — Гулдонни сотмоқчи эмасман... фикримдан қайтдим. — Ие, нега? — деди қиз ажаблангандан-ажабланиб. — Сотмоқчи бўлмасангиз, нега олиб чиқдингиз? Атрофдагилар ҳам чувиллашиб кетишди. — Бера қолинг... — кампир деди қизга ёлвориб, гўёки у гулдонни олиб, қочиб кетадигандай. Қиз ноилож истамайгина гулдонни унга узатди. Кампир гулдонни шоша-пиша олиб, қоғозга ўради. Қиз орқасига қарай-қарай нари кетди. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Billur guldon (hikoya) [Mas’uma Ahmedova] 458 |
2 | Vidolashuv (hikoya) [Mas’uma Ahmedova] 408 |
3 | Видолашув (ҳикоя) [Mas’uma Ahmedova] 319 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21570 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |