Зоҳирий фақр, ботиний қудрат [Matnazar Abdulhakim]

Зоҳирий фақр, ботиний қудрат [Matnazar Abdulhakim]
Зоҳирий фақр, ботиний қудрат [Matnazar Abdulhakim]
Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳазратларининг қаламига мансуб «Ашъори форсий» манзумалар туркуми муборак анъаналар асосида битилган, моҳиятан тасаввуфий шеъриятнинг улкан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган оҳангларда ижод этилгандир:


Ё раб, сенинг туфайлидир мартаба, ашку оҳимиз,
Сен айбимизни айла авф, кечир бизим гуноҳимиз.

Шоирнинг «Таъвиз-ул-ошиқин» девонининг таркибий жузви бўлмиш «Ашъори форсий» туркумининг дастлабки ғазали мана шундай матлаъ билан бошланади. Ушбу мисралардан аён бўладики, шоир қаламга олган мавзуларнинг мавзуи, инсонни камолотга сазовор қиладиган фазилатларнинг манбаи, унга барча неъматларни турли воситалар орқали туҳфа этгувчи Аллоҳдир. Модомики, бизнинг бир-биримизга қилган эзгуликларимизни юзимизга солиб, таъна қилишга ҳақимиз йўқ, билъакс, бу эзгуликларга бизни сазовор этишга воситачи қилиб танлаганлиги учун, аввало, Аллоҳдан, қолаверса, бир-бирларимиздан миннатдор бўлмоғимиз, миннатдорлигимизнинг мантиқий натижаси ўлароқ, шукроналик тарзида, мазкур яхшиликларимизни яна ҳам зиёда қилиб ҳамда мустаҳкамлаб бормоғимиз керак бўлади.
Огаҳийнинг талқинича, бундан бошқа йўл таназзулга маҳкумдир, гумроҳликка элтгувчидир. Шунинг учун ҳам ҳар бир одам фақат мана шу йўлни изламоғи, мана шу йўлдан юрмоғи керакдир.


Саргаштамиз биз бир умр айрилиғингда дашт аро,
Қил илтифот, кўйинга элцин бизи рост роҳимиз.

Юқоридаги мисралардан тағин аён бўладики, бу «рост роҳ»га, яъни тўғри йўлга мушарраф бўлишнинг бирдан-бир иложи — тинимсиз риёзатдир. Модомики, шоир «Саргаштадирмиз бир умр айрилиғингда» деб ёзаётган экан, демак, бу тўғри йўлга мутлақ тушиб олиш ниҳоятда мушкул, шунингдек, лозим бўлган фазилатларнинг фазилатидир. Шоир фикрича, бу муваффақиятга бир умр тўғри изланиш туфайлигина эришилади.
Навбатдаги байт ҳам маърифатга, яъни илоҳий ёғдуни кўнгил кўзи билан илғаш туфайли эришиладиган маънавий жамолга бағишлангандир:


Ғам тунида қолиб кетурмиз, оҳ, биз саҳарсифат,
Қоронғудан фориғ этиб, ёрут, ки, субҳгоҳимиз.

Маърифатталаб ҳар бир инсон учун энг қўрқинчли ҳол бу — жаҳолат зулматига тутқун бўлиб қолишдир. Шунинг учун ҳам, ушбу байтда лирик қаҳрамон Аллоҳдан ёруғлик илтижо қилади. Бу байтда қоронғиликдан озурдалик билан ёруғлик умиди бир-бирига уйғун бўлиб кетганки, Огаҳий бобомизнинг мана шу зиддиятли ҳолатни ифода этиши ўқувчида ҳамфикрлик кайфиятини уйғотади. Негаки, ҳар бир одамнинг ҳаётида ҳам сурур ва ғам, умид ва умидсизлик туйғулари аксар ёнма-ён келади ва ҳар бир одам ўз ишончу эътиқодига муносиб равишда салбий ҳолатлардан халос бўлиб, ютуқларга восил бўлмоқ умидида яшайди.
Инсонда андуҳларни бартараф қилиш ниятида чекилган машаққатлар туфайли шодликларга эришув умиди устувор бўлмоғи, ғамни шодликка айлантириш йўлида у қаттиқ курашлар олиб бормоғи ва ғалабага эришмоғи жоиз.


Қақраса жисму жонимиз гоҳ оҳ самуми бирлаким,
Илиқ булутларинг билан кўкарт бизим гиёҳимиз.

Мана шу байт юқоридаги фикримизга далилдир. Бу далолат, умуман, Огаҳий шеъриятининг оптимистик йўналишини белгилайдиган фазилатлардандир. Шуниси эътиборга моликки, бордию Огаҳий лирик қаҳрамонининг, ғазалда таъкидланганидек, «Гоҳ оҳ самуми бирла жисму жони қақраб», «Илиқ булутлари ила гиёҳи кўкармаган» тақдирда ҳам, Яратганга ношукр бўлишга ҳақи йўқ. Бордию яратганнинг раво кўрган жабри билан унга бу жаҳон тор келган тақдирда ҳам, унинг лутфи туфайли у иноятдан умидвор бўлавермоғи лозим. Бундай тақдирда, шоирнинг таъкидлашича, банда:


Бош олибон чарх жавридан қочиб чиқиб кетар эсак,
Кўланканг, оҳ, бўлур бизим бошимиза паноҳимиз —

деб шукр қилмоғи лозим. Чунки Ҳақнинг иноятлари, ғазалда таъкидланаётганидек, самонинг чексизлиги янглиғ беҳудуддир.
Муҳаммад Ризо Огаҳий инсон ҳаётда йўл қўйиши мумкин бўлган нуқсонлардан фориғ бўлишнинг имконини ибодатда кўради. У ёзади:


Йўлингга бошимиз қўйиб, сажда қилиш билан санго,
Шоистаи сужудинг, о, бўлсак эди, илоҳимиз.

Мисралардан англашилаётганидек, гап фақат саждада эмас, балки «Шоистаи сужуд»да, яъни саждага ноил бўла билишда ҳамдир. Шоирнинг уқтиришича, саждага етиб боргунча мавжуд йўлни босиб ўтиш ҳам инсондан ўзига яраша фазилатларни талаб қилади.
Шу ўринда ҳадиси шарифлардан биттаси ёдга тушади. Бир куни Аллоҳ Расули Муҳаммад (с.а.в.) айтган эканларки, «Яхши амалларингиз бўлмаса, фақатгина ибодатларингиз билан жаннатга кира олмайсизлар!», «Сиз ҳамми, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашибди ундан. «Ҳа, мен ҳам!» жавоб берибди Муҳаммад (с.а.в.). Албатта, бу ҳадиси шариф ибодатнинг аҳамиятини пасайтирмайди, балки яхши амалларнинг нақадар муборак эканлигини таъкидлайди. Демак, илоҳий амаллар дунёвий амаллар билан мустаҳкамлангандагина савобли самаралар беради. Шунинг учун ҳам:


Ҳам бошимиз билан юриб, йўлингга тушсак эрди бир,
Самодан ҳам баланд бўлур эди бизим кулоҳимиз.

Маълумки, «ҳам бош» ва дарвешлик кулоҳи Ҳақ субҳонаҳу ва таолога эътиқод туфайли эришиладиган фақрлик даражаси. Бироқ бу маснаднинг, шоир талқинича, «самодан ҳам баланд бўлиши» алоҳида диққатга сазовордир.


Қуллигимиз қабул эса гар эшигингда ногаҳон,
Қайдаки бахт, баридан ҳам баланд бўлурди жоҳимиз.

Огаҳий ҳазратлари қуллик тузуми мавжуд бўлган замонда яшади. Гарчи бу даврда жамият қулликни ҳали очиқдан-очиқ инкор қилишгача етиб келмаган бўлса-да, халқ ўртасида бу мудҳиш иллатдан қутулиш ҳақидаги фикрлар очиқ-ойдин тилга олинаётган, ҳатто одамлардаги бу табиий истакни баҳона қилиб, бирмунча тараққий топган давлатлар қолоқ мамлакатларга қўшин торта бошлаган вақтлар эди. Огаҳийнинг мазкур байтида ҳам ана шундай заминий исённинг садоларини кўриш мумкин. Яъни Аллоҳга қулликдан бошқа қуллик рағбатлантириладиган жиҳат эмас. Шунинг учун ҳам, инқирозга маҳкумдир. Яна шуниси ҳам борки, бундай руҳий-маънавий машаққатларни бошидан кечирган одамнинг жисмоний жиҳатдан ҳам дардманд бўлиши табиийдир. Огаҳийнинг мисраларига қараганда, ул зоти шариф ҳам («Қарилиғ дардидан афтода бўлган Огаҳингдурман») жисмоний дардлардан озор чекиб яшаган кўринади ва бу ҳолни шоир ўзининг маънавий риёзатлари билан боғлайди:


Огаҳийдек ғаминг аро бўлибмиз ожизинг сенинг,
Эгик қаду сариқ юзи эрур бунга гувоҳимиз.

Шарқ донишмандларидан бири айтганидек, икки дунё, аслида, бир ўрилган кокил янглиғ чамбарчасдир. Айтмоқчимизки, шеъриятимиздаги, хусусан, тасаввуф шеъриятидаги «дудамалик», қўштиғликнинг мутлақо мантиқий асослари бор. Бу, бир жиҳатдан, инсонни ўлимдан кейинги иккинчи ҳаётга тайёрлаб, хотиржам эца, иккинчи тарафдан, жаҳоннинг муамоларини ҳам ана шу аснода бартараф қилишни ўргатадики, бу сабоқ унга ҳар қандай вазиятда ҳам асқотиб туради. Шуниси ҳам муҳимдирки, шоирларимиз ўзларининг қамровли, кўламдор манзумаларида инсон руҳий ҳамда моддий ҳаётининг турли жиҳатларини олиб, поетик таҳлилдан ўтказганлар, ўқувчини ҳаётнинг ниҳоятда кенг салтанатига турли эшиклардан олиб кириб, мазкур шукуҳли мулкнинг бор мураккаблигини унинг кўз олдида намоён қилганлар, уни ҳаётга қомусий бир тарзда тайёрлаганлар. Буни улар, албатта, эпик жанрлардагига қараганда тафовутли бир тарзда, шеъриятнинг ўзига хос бадиий имкониятлари даражасидан келиб чиқиб амалга оширганлар.
Чунончи, юқоридаги ғазал таҳлилида Огаҳийнинг оддий инсонни тавба-тазарру, маънавий риёзат, ҳаётнинг турли жиҳатларидан келиб чиқиб, яшаш жараёнида орттирилган руҳий ғуборлардан илоҳий кайфият ёрдамида, маърифат оҳангларида тарбиялаганини кўрсак, навбатдаги ғазалида бу тарбиянинг ўзгача бир жиҳатини кузатамиз.
Бу оҳангда қалам сурар экан, Огаҳий ҳазратлари энди бир мунча, яхши маънода, «осмондан келиб» ижод этади. Одамни дабдабали иллатлардан фориғ қилиш учун, заҳарни заҳар кесади деганларидек, дабдабали оҳангларда наволар қилади:


Ки эй, сендан бўлиб пурзеб кулоҳ, иқболу давлатлар,
Куйингга бош қўйиб топди неча Xисравлар иззатлар.

Бу мисралар бевосита илоҳий бир жамолга қаратилган хитоб бўлса ҳамки, шубҳасиз, у билвосита инсоннинг идрокига таъсир қилиш мақсадида битилган байтдир. Огаҳий бу байтда, хусусан, ўз даврининг хисравларига мунтазам бир шукроналик ҳамда огоҳлик билан ҳаёт кечиришлари лозимлигини уқтиради.


Фалак юксаклигидан, офтоб ўз нуридан ҳайрон,
Қўйиб остонанга юз, топдилар меърожи рифъатлар.

Аллоҳ даргоҳи шу қадар кенгки, унинг остонасига нафақат офтоб, балки фалакнинг ўзи бош қўяди. Юксак даража топади. Бу — буюкликнинг чинакам ўлчови, ҳақиқий мезонидир. Модомики шундай экан, Xисравларнинг керилишига ўрин қолмаслиги керак. Улар Аллоҳнинг бир меъёрда ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун яратилган бандаларидирлар.


Бўлиб офтоб тожингга гуҳар, тахтингга Зуҳро дур,
Бўлиб шоҳлар қулинг, орзу қилар қилмоқни хизматлар.

Биз товуш тезлиги деймиз, нур тезлиги деймиз. Товуш тезлиги фалакдаги майда бир жисмларнинг бир-бирларига тўқнашувидан ҳосил бўладиган саслар суръати. Нур тезлиги бўлса фалакнинг бағрида, измида бўлмиш жисмлардан чиқаётган ёруғликнинг тарқалиш тезлиги. Бу тезликларнинг барчаси фалакнинг ўзи кўрсатаётган тезликлар қошида тошбақа одимларидан ҳам саноқсиз карра оҳистароқ бир силжишдир, холос. Фалакки Аллоҳнинг хизматига шундай тезликлар билан шошилар экан, бандаларининг ҳам бир-бирларининг хизматларига нақадар камарбаста бўлишлари лозимлигини англаб олиш қийин эмас. Негаки, инсоннинг инсонга хизмати инсоннинг Яратганга хизмати ҳамдир. Аллоҳ илтифоти умид қилинади, талаб қилинмайди. Бу ҳақиқатни биз қуйидаги байтдан идрок қилишимиз мумкин:


Бўлиб афкандаинг шоҳлар, кулоҳлар шармисорингдир,
Бўлиб арзандаинг Румо, Сифоҳон топди шавкатлар.
Топиб лутфингда бахт шоҳлар, кулоҳлар фурқатинг ичра,
Сенинг ҳукмингга эрку, узлату, таъқиқу, суннатлар.

Шуниси диққатга сазоворки, Огаҳийнинг лирик қаҳрамони ҳақиқий салтанат эгасининг хизмату мадҳида бўлса ҳам, ўзини ҳали Аллоҳ кўйига бош қўйган имтиёзли одам ўрнида кўрмайди. У ўзини камтарин тутиб, дейди:


Бу музтар охири бир кун қўяр хоки кўйингга бош,
Дуоингни қилиб ҳаддан фузун, кутгай ижобатлар.

Бироқ умидини узмайди:


Ки эй хўблар шаҳи, Огаҳийингни сарфароз айла,
Ғамингдин қолмади жисмингда онинг шавку қувватлар.

Аслида, мана шу зоҳирий қуввацизлик — ботиний қудратдир. Эзгуликдан умидворлик ва бу йўлда муттасил саъй-ҳаракатда фаолият кўрсатиш, аён бўладики, Огаҳийнинг ижоддан мақсади, Аллоҳдан умидидир.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика