Кайфият (ҳажвия) [Mavluda Ibrohimova]

Кайфият (ҳажвия) [Mavluda Ibrohimova]
Кайфият (ҳажвия) [Mavluda Ibrohimova]
Ёзувчининг икки кўзи муҳаррирда. У эса жиддий, гўё ҳозир маҳбус устидан ҳукм ўқийдиган судядай, қовоқларини уйиб ҳикоя ўқирди.
— Лекин, ёмон эмас, чёрт! — тантанали эълон қилди муҳаррир. — Сюжет яхши. Аммо... — бир зум сукут сақлади у. Ёзувчи нақ унинг оғзига кириб кетгудай бўлди. — Нимадир етишмаяпти... Шу, биласизми? — Унинг кўзлари қисилди. Ўзича ниманидир чамалаган бўлди. — Имм... ҳолат керак... манзара! — Бир нимани кашф қилгандай портлади у. Кейин қулочини ёзиб, манзарани тасвирлаган бўлди. — Масалан, қаранг, ҳозир баҳор-а! Дарахтлар гуллаган, бир қарасангиз қуёш чарақлаб чиқади, бир қарасангиз гумбир-гумбир ёмғир қуйиб беради. Сиз эса севишганлар ҳақида ёзяпсиз. Севги бу... Биласизми! — муҳаррир энди ғазал ўқиётгандай тўлқинланиб гапирди. — Юракнинг момақалдироғи! Гулдир-гулдир, гумбир-гумбир... — у янада қизишиб кетди. Жала бўлиб тарновлардан оқиб тушдими-ей, кейин ўрнидан туриб, бир-бирига яқин жойлашган кўзларини олайтириб:
— Тушундингиз-а! — деди. — Кайфият керак. Асосийси — манави ерда, — қоғозга шарақлатиб урди у.
Ёзувчи гарчи ҳеч балога тушунмаган бўлса-да, бош силкиди. Яна муҳаррир тутақиб кеца, ора бузилмасин деди-да!
У автобусда ҳам муҳаррирнинг айтганларини ўйлаб кетди. Баҳор манзарасини қаерга тиқса экан?! Энди бу муҳаррир баҳорсиз ҳикоясини бостирмайди. Айтдими — қонун! Э, ҳа! Уйига етай деб қолганида, деярли дарвозани очаётганида, миясига бир фикр урилди. Ҳикояда йигит йиғлаб муҳаббат изҳор қиладиган жойи бор-ку, шу ерга жалани қўшса, уҳ, даҳшат кетади!
Ёзувчи эшик очиб, уйга кириши билан хотини уни:
— Уйда нон йўқ! — дея кутиб олди.
Ёзувчи табиийки, буни эшитмади. Ечинмаёқ ёзув столига ёпишди. Ҳикояда йигит қизга аввалги маҳбубаси ўлганини айтади. Шу пайтда осмон қарсиллайди-ю, жала қуйиб юборади... уҳ! Адиб иштаҳа билан қўлини қўлига ишқаб қўйди-да, ёзишга киришди: «Осмонни қора булут қоплаганди. Қаердандир олис-олисдан бўғиқ гумбирлаш эшитилар, трамвайнинг симидан олов чиққандай, атроф бирдан ёришиб кетарди. Булутли осмон эса...»
Шу пайт ҳикоядаги ёмғир ёғиб ҳам улгурмай, хонага булутдай бўлиб хотини кирди. Важоҳати об-ҳаводан баттар:
— Нон йўқ! — деди у чертиб-чертиб. — Грамм ёғ қолмаган! Бу кишимнинг ўтиришини қаранг. Овқат қиламан десам на ун бор, на гуруч! Туреенг, дўконга чиқиб келинг! Фойда бўлсайкан бундан! Пул берса ҳам майли эди! — даҳлиздан вайсади хотини.
Ёзувчи кайфиятини асраб қолиш учун индамади. Сумка, пул олиб зипиллаб дўконга чиқиб келди-да, ҳужрасига шўнғиди. Қаерга келган эди. Э, ҳа, ёмғир!
«... булутли осмон эса нақ тўкилай деб турарди. Шу пайт биров шундоқ тепасида катта харсангни қарс этиб иккига бўлгандай овоз келди-ю, олов хивчин осмон бағрини тилиб ўтди. Ўша заҳотиёқ осмон ҳўнграб юборди...» Манзара даҳшат чиқдими? У ўз-ўзини «чинакам талант» деб мақтаб қўйди ичида. Энди йигит билан қизнинг диалогини ёзмоқчи бўлиб турганди, яна ошдан чиққан тошдай бўлиб хотини келди.
— Манави кишини ўтиришини қаранг! Ҳа-а?!
— Нима, ҳа? Обкелдим, ана!
— Нимани обкелдингиз? Обкелган нарсангизни бир кўрдингизми ўзи? Нима бу?
— Нима бўларди, момақалдироқ!
— А?!
— Йўғ-е, ун!
— Тўғри, ун! — бошини таҳдидли ликиллатди хотини.
— Гуруч уни денг, сечка! Шундан овқат қилиб бўладими? Қани, шу гуручдан ўзингиз бир овқат қилинг-чи, мен кўрай... Туринг, туринг! Тура қолинг!
Эр индамай ошхонага ўтди. Кайфиятни сақлаш керакми, ахир. Бошқа пайт бўлганида бўралатарди-ю... сабзини бир пасда тўғраб ташлади. Апил-тапил гўшт-пиёзни қовуриб, сабзини босди. Чаққонлик билан қозонга сув солиб, сечкани ивитди-да, пилдираб уйга кириб кетди. Ёзишда давом этди:
«Ёмғир қизнинг юзларини ювиб тушарди. Юзидан у йиғлаяптими-йўқми, билиб бўлмасди.
— Мени ташлаб кетма, Мадина? — ўтинди йигит. — Тушун, ахир, у ўлган, у энди йўқ. Сенинг муҳаббатинг мени ҳаётга қайтарди. Азизам, дилбарим...
Ёмғир шариллаб қуяр, унинг зарбидан гиёҳларнинг боши эгилар, гўё шу ўт-ўланлар ҳам Мадинага «қол, қол!» деяётгандек туюларди. Қиз кўзларини жовдиратди. Нима дейишини билмай каловланиб қолди. Самандарнинг илтижоли кўзлари юрагини ўртаб юборди...» Эшикда эса қўлини белига тираганча жанговар кайфиятда хотини пайдо бўлди.
— Овқат тагига об кетибди-ю! Қарамайсизми? Ҳеч бўлмаса, бир оғиз айтмайсизми, сабзи-пиёзни босдим, деб!
У ошхонага чопди. Ҳартугул, овқат тагига олмабди. Эссиз-е, суви буғланиб кетибди-да! Ёзувчи шоша-пиша гуручини солди, ошни дамлаб, яна ўзини уйга урди. «Асосийси кайфиятни бузмаслик!» — ўз-ўзига далда берди у. Аммо ёзганларини ўқиб энсаси қотди. Ҳаётий чиқмабди-да! Йигитни қаранг, йигитми — латтами? Намунча ялинади. Кеца кетавермайдими! Xотинларнинг ҳаммаси бир гўр! У беҳафсала ёзишга тутинди: «Самандар қизга илк бор синчков назар ташлади, — деб ёзди у хотинидан ўч олаётгандай. — Унинг гўзал чеҳрасини доим нимадир бузиб турганга ўхшарди. Энди топди: бурни қанқайган экан! Ўзи ҳам қорачадан келган. Баҳор бўлиб, баттар мўндиси чиқиб кетибди. Авваллари зулукдай қошларини кўрса, этлари жимирлаб кетарди. Энди эса қизнинг қошларини чувалчангга қиёслади. Бирам мижғов қиз эканки... икки йилдан бери ўлган Сайёрани гапиради. Ўлган деса ҳам тушунмайди.
Қиз кафтлари билан юзини тўсди. Ёмғир эса беаёв саваларди. Гўё ўчакишгандай, юракдаги сўнгги чўғни ўчирмоққа чиндан-да аҳд қилгандай, шаррос қуярди.
— Янами?! — жеркиди Самандар. — Яна йиғими?
— Сизни қанчалар севмай, лекин Сайёра...
— Нима, Сайёра?...
Шу пайт эшик тарақлаб очилиб кетди-ю, остонада хотини пайдо бўлди. Қор маликасидай совуқ.
— Нима, очлик эълон қилганмисиз? Бир марта овқат қилганингизга аразми? Ҳа, ўлмаган менинг жоним. Бошқаларнинг хотинига ўхшаб берсанг ейман, бермасанг ўламан, деб ўтирганим йўқ-ку! Раҳмат денг менга! Уйда хотин, кўчада эркакман, — хотини йиғлагудай бўлди. — Ҳеч бўлмаса дастурхонда бирга ўтиринг болаларингиз билан. Ё буларни кўчадан эргаштириб келганманми?!
Ёзувчи индамади. Бўйнини қисиб тамаддихонага ўтди. Кайфиятни асраш керак-ку! Болалари овқат ейишни аллақачон бошлаб юборишганди. «Бисмиллоҳ»ни айтиб, яримлаб қолган лаганга қўл узатди. Аммо шу ҳам хотинига ёқмади-да! Тавба-ей!
— Нима, мум тишлаганмисиз? — кесатди аёли чувалчанг қошларини чимириб. — Нега гапирмайсиз?
— Нима дей, ахир?! — бақириб юборди у. — Овқатимни ҳам тинч еёлмайманми?!
— Шунчалик биздан бегоналашиб кетгансиз. Гапиргани сўз тополмайсиз. Сизга нима ёмонлик қилувдим?! Бошқасини топган бўлсангиз айтинг, қийнаманг... — хотини шундай деб йиғлаганча чиқиб кетди. Ёзувчи анграйиб қолди. Бир бало бўлганми, бунга?! Қачон қарама буники асар топшириладиган пайтда қўзийди. Ҳамма дийдиёсини бугунга тиққан! Ҳикояни эса эртага топшириш керак.
Ёзувчи қошиқни отиб ўрнидан турди.
— Овқатмас, заҳар бўлди! Падарингга... йўқ ердан айб қидиради, — у вайсай-вайсай хонасига кетди. Ичкарида хотини ингичка овозда бир нарсалар деб, изиллаб чунон йиғларди. Бундан асаб таранг, дили хун бўлса-да, ёзишга киришди. Энди у ҳикоя ёзмаётганди, албатта. Гўёки хаёлида хотинидан ўч олмоққа киришганди.
«Мадинанинг ингичка лаблари титради. Ёмғирдан ҳўл бўлиб кетган сочлари пешонасига ёпишиб қолган, совуқданми, аламданми, кўкариб-гезариб кетганди.
— Сиз барибир уни севасиз... умрбод. Мен эса ... мен шунчаки бир эрмак...
— Яна эски хархашани бошладингизми? — чидаёлмай деди Самандар. — У десам — бу дейсиз, бу десам — у дейсиз. Яна нима деб овутай, яна нима деб оқлай ўзимни?! Оғзингиздан чиққанини ҳам, чиқмаганини ҳам миқ этмай муҳайё қилсам. Нима қилай яна?
Мадинанинг қошлари илондай биланглади:
— Ҳо, шунақами ҳали? Қадим замонда ошиқлар маҳбубасининг битта холига иккита шаҳарни бериб юборишган экан. Сиз нима қилиб қўйибсиз?
— Қайси каллаварам битта холга иккита шаҳар беради? Ҳозирдан шаҳар талаб қилсангиз, эртага нима бўлади? Тинч океани керак эмасми, мабодо?!
— Вой, савил. Ҳали олиб бермасдан дағ-дағани қаранг. Автобусга чиқсак, йўл чиптангиз борми, деб турасиз-ку, Тинч океани эмиш. Ғирт масхарабоз экансиз-ку!
— Ҳаммасининг уруғи бир, — минғирлади Самандар қандай алам олишни билмай, — чап қовурғадан бўлган!
Мадинанинг кўзлари олайиб кетди. Шу дам чинданам занжирли портлаш юз берди:
— Ўзинг кимсан-а, ўзинг кимсан? Xотинбоз! Каззёл... Эшшак, — деди қиз. Самандар чидай олмади. Қизнинг юзига шапалоқ тортиб юборди...»
Шу пайт шапалоққа ҳамоҳанг эшик шарақлаб очилди-ю, остонада кўзлари қизарган хотини пайдо бўлди.
— Ҳмм! — қўлини белига тираганча таҳдидли им қоқди у. — Ўрнингизни бошқа қилиб ётмоқчимисиз? Бекорларни айтибсиз! Қани олдимга тушинг-чи! Менинг бировларга бериб қўядиган эрим йўқ!

Шу дам қулоқ-чаккасининг тагида бир нарса қарс этиб кетди...
Mualifning boshqa asaralari
1 Kayfiyat (hajviya) [Mavluda Ibrohimova] 374
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика