Кечмиш ҳисоби (ҳикоя) [Maʻsuma Ahmedova] |
Уйдан асабий чиқди. Хотинига бирон нима дейишга ҳадди бўлмади. Тўғриси, гапни кўпайтирмади. Устига-устак, машинанинг аккумулятори ҳам ўтириб қолибди. Жаҳл билан ерга тупурди. Хотинининг бетўхтов вайсашини эшитмай, деб ёмғирпўшининг тугмасини устма-уст қадаганича кўчага шошилди. Қараса, троллейбус келаётибди. Чопиб чиқиб олди. Аслида, такси тўхтатса ҳам бўларди. Энди бу троллейбус деганлари шундай ташбақа юриш қиладики, тушиб олиб, яёв югуриб кетгиларинг келади. Эрталаб бир кайфиятинг бузилиб, ишинг юришмаса, тамом, охиригача юришмайди. Энди қачон етиб боради-ю... Машинага ўрганган одам, жамоат уловида юриши қийин экан. Одам ўзини хўрлангандек хис этади. Хаёлидан шундай ўй кечар экан, у бир қур троллейбус ичига назар солиб чиқди. Шунда тўсатдан қулогига таниш, жудаям таниш овоз эшитилди. Эшитилди-ю, шуурини ағдар-тўнтар қилиб юборди. — Мастура опа, ишга борийб турибсизми?— ёшгина овоз ёнидаги ҳамроҳи бўлган аёлдан сўроқларди. — Ҳа, айланай, бормай бўладими. Уйдаям эзилиб кетаркан одам. Пича бетобланиб қолувдим, ўтиролмадим, сиқилиб кетдим. Бор-э, деб ишга чиқиб олдим. У беихтиёр овоз келган томонга ўгрилди. Угирилди-ю, юраги орқасига қалқиб кетгандай бўлди. У қачонлардир бир кун келиб, уни учратишини, юзма-юз келишини ҳис қиларди. Лекин уни ҳеч қачон бундай кепатада, бундай рафторда кўраман деган ўй ҳаёлининг бир чеккасидан ўтмаган эди. Аёлнинг юзлари осойишта кўринарди. Чамаси, у ҳеч нимага даъвогар эмас, умидвор ҳам эмасди. Бир пайтлар шу аёл, ҳа, бир пайтлар шу ёшгина қиз кулганича, бари ўтар-кетар, лекин хотира қолар, дерди. Қиз башорати ҳақ чиқдп. Киши бориб-бориб келажак орзуси билан эмас, хотиралар билан яшаркан. Эсида, бари эсида. Ўшанда, шундай қўшиқ бўларди: «Эҳ, кечки поезд, кечки поезд, Севиклимни олиб кетдинг-а... » Бу қўшиқда қайғудан кўра беташвиш оҳанг, шўхчанг оҳанг мужассам эди. Қуёшнинг сўнгги нурлари оламни ғарқ этаётгаи палла. Куй тинимсиз янграйди, шўх садолар хонани тутади. Қуёшнинг сўнгги нурлари остида, кечки поезднинг релсларини тарақлатиб келишидан темир йўл чеккасидаги заъфарон тус девонагуллар, яшил майсалар титраб кетади. Аслида ҳеч қандай поезд релсларни гумбурлатиб ўтмайди. Бу шунчаки қўшиқ қўзғаган таассурот, холос. Теварак файзли, ёз шоми ҳам эмас. Ташқарида қор майдалаб, эзилиб ёғяпти. Буни узун симёгочларга осилган чироқлар нуридан пайқаш мумкин. Қиз куйга монанд иргишлайди, димоғида қўшиққа жўр бўлади. У тўсатдан аёл ўтирган суянчиққа яқин боргиси, аёлнинг кифтларига қўл қўйиб, ўзига қаратгиси, кечки поездни сўроқлагиси келди. Хаёлига келган бу ўйдан ўзи уялиб кетди. Яна... яна кенг пахтазор эсида қолган. «Кенг пахтазор. Ҳамма далада». Бу сийқаси чиққан иборани ўшандан ҳозирги довур бамайлихотир ишлатиб келишади. Қиз ўшанда узоқлардан унга пешвоз югуриб келди. Ҳа, ҳа, ўшанда улар... еттинчи синфдагилар пахтага чиқишган эди. Қиз эса олтинчи синфда ўқир, ўшанда дадасинингми, кимнингдир ўрнига пахтага чиққая эди чоги. Ҳа, ориққина қиз елиб келди-ю, қўлидаги тушликда нон билан ейман, деб олиб келган бир бош узумни унга ташлаб кетди. Хаёлида шу манзара михланиб қолди. Олислардан истиқболига югуриб келаётган нозиккина қиз... Қўлидаги узумни ташлаб, ортига қайтаётган қиз... Кейин... бир сафарги куз хаёлида қолган. Уша хотирасида қолган ягона куз. Колхоз боғи, жарлар орасидан мунгли оқаётган сой. Шох-бутоқларида тинимсиз «чирқ-чирқ» қилаётган қушлар. Атроф сокин, - одамзоднинг тиқ этган товуши эшитилмайди. Шу қиз иккаласи жийда теришга, жийда хазанакка чиқдилар. Иккалови жийда излашга тутиндилар. Жийда дегани қани энди топила қолса. Сабаби - жийда аллақачонлар орқалаб олиб кетилган. Фақат шох остида шитир-шитир этган хазонлар орасидан аҳён-аҳён чирик жийда ҳиди гуркирайди. Баҳорда тўлиб-тошиб, кўпириб оқаётган сойда энди тиниқ сув жилдирайди. Одамлар боғлардан кўчиб бўлган, ёздаги гавжум клублар ёлғиз, сўник! Ҳозир ҳам қулоқлари остида ўша сукунатнинг овози жаранглайди. Улар ўшанда куз сукунатига бирга қулоқ тутдилар. Тугаб бораётган куз уларга ял-ял ёнган баҳордан аълороқ бўлди. Ахир, қачон, қачон бу кунлардан қайтиш бўлди? Қачон ахир? У хом сут эмган банда, бундан ҳам бахтиёрроқ, бундан ҳам тотлироқ онлар келажак, бундан ҳам гўзал кунлар бўлажаклигига қатъий ишонган эди. Яна улар бир сафар тонгни бирга қарши олдилар. Тонг чоғи қалбида кечган ҳисларни, кўнгил ҳолатини бирга-бирга тонг кутганлар айтсин! Қиз унинг пинжига суқилганча, ғалати ҳислар қуршовида пичирлади — Айтинг, айтинг, киши ҳеч ўзи севган, ишонган нарсасига хиёнат қилмайди-я! У ҳа, деди, ўша пайтда ҳа, дер эди! Ҳозир-чи? Қачон ўша кунларга хиёнат бўлди? Энди орадан кўп йиллар ўтиб англаса, қиз ўшанда ўзи ишонган, ишонмаган, шубҳа қилган саволларга ундан жавоб излаган экан. «Эе, кечки поезд, кечки поезд, севиклийимни олиб кетдинг-а!» Пластинка чарчамай айланади, тинмай айланади, релсларни тарақлатиб поезд елиб ўтади. Темир йўл бўйидаги кўм-кўк майсалар, девонагуллар ўтиб кетаётган поезд зарбидан титранади. Қиз курсига чўкканича, рўмолчасини ўйнайди. Бир йигитга, бир ерга қарайди. Йигитнинг эса юраги негадир хижил. Ҳозир ҳам ўша пайтда нега ичи хижил бўлганлигини, кўнглидан нималар кечганини аниқ айта олади бу қиз унинг келажаги эмас эди! Ҳовир ўзини-ўзи топтагиси, тепкилагиси келади. Хўп, келажагинг ким бўлди, нима бўлди, галварс?! Қиз ўшанда ётоқхона курсисида ўтирганича, рўмолчасини ўйнаганича машъум ҳақиқатни айтди. Бўлгани бўлди, деди, энди нима қиламиз, деди. Ушанда у қулоқларига ишонмади. Хонада уёқдан — буёққа юрди, бошини чангаллади. Қиз ўрнидан турди. — Нега бунчалик эзиласиз, нари борса... - қиз ғарибгина жилмайди. — Нари борса, тўй қилармиз дегин, а, сени... — У шунда одобнинг барча чегараларидан чикди. Кабиҳ сўзни огзига олди. Ўшанда, бир оз кейин ҳам ўша сўзни айтганига пушаймон бўлган эди. Қиз беихтиёр йигит қаршисига борди. Тили калимага келмади, титради. Унинг эса жаҳли бўғзига келди, қаршисида турган қизни итариб юборди. Қиз ерга муккасидан тушди. Аста туришга интилди. У қизга қарамади, сапчиб чиқиб кетди. Эшик тарақлаб ёпилди. Энди билса, ўшанда ёшликка, ўша кунларга хиёнат бўлган экан... Одамзот ношукурда, ҳимматни билмайди. Ёдида, бу машъум фалокатга тунлари, кунлари чора излаганлари... Ҳозирга келиб ўзини оқлашга чора излаяпти. Эсида, ўшандай кунлари ҳамкурси, «Чиқаркансиз, бир қиз сизни сўраяпти»», — деб қолди. Шу пайт товонигача қалтироқ турди. Ичида қизни яна, койиди. Ташқарига чиқди. Дилида минг бир баҳонани рўкач қилди. Деворга суяниб турган қизни кўриб, дарсдан кейин гаплашамиз, дейишга огиз жуфтлади. Қиз уни кўрди. Йигитга пешвоз юрди. Қизнинг ҳолатидан гўё ҳеч нима бўлмади, ҳеч ҳодиса рўй бермади. Ўшанда у қивзи танимади. — ... Ҳозир, гапириб бўлай, кейин кетаверасиз. Фақат мени кечирсангиз бўлгани, — қиз ўша бир вақтлар, аҳил дамлардагидай андак ғамда, андак эркалик билан сўзларди - уришмайсиз-да. Ўша куни сизга ўша гапни... ҳазиллашиб айтган эдим. — А? Нима?— Ўз овози ўзига бегона эшитилди. — Айтяпман-ку, ҳазиллашдим, деб. Сизни нима қиларкансиз, деб айтгандим. — Киз ҳеч нима бўлмагандай хуррам кулди. Кейин, кизнинг ўша ҳолатини кўп эслади, кўп хаёлида тиклади, бўлмади. Ўшанда қиз чин кулдими, ёлғон кулдими, билмади. Шундан кейии у қизни асло кўрмади. Ўшанда қиз қайси гапни гапириб уни алдади — буни ҳам билмади. Бу унга жумбоқ бўлди. Тўғри, ўшанда хавф, туфон ўтиб кетди, зилдай юк елкасидан ағдарилди. Кейин, эсида, жумбоқни ечмок, умидида қизни излаб ўқиш жойига борди, тополмади. Кишлоқдан излади, топмади - қиз изсиз йўқолди. Қишлоқдагилар, қизни шу шаҳарга ўқишга кетганича қайтмади, дейишди. Шаҳардан эса - топмади. Кейинчалик, қишлоқдан, онаси бечора қизи дардида куйиб кетди, Мастура турмуш ҳам қилмабди, деб эшитди. Нимаики эшитса бари миш-миш бўлди. Мана, ҳозир орадан қанча йил ўтгач, каллани бир жойга қўйиб ўйласа, кўнглининг бир чеккасида қизнинг ўша гапи, ўша воқеа чин бўлганлигига амин бўлди. Шунда ўзини қўйишга жой тополмади. Мана, аёл осойишта кетяпти. Маъюсгина, гарибгина кетяпти, дунёдан шундай ўтяпти. «Дардингни олай, севгилим... » Кўнгли музтар бўлди. Беихтиёр олдинга интилди. Ҳозир уни тутиб қололмаса, сўрамаса-сўроқламаса, оёғига бош урмаса, ғафлатда қолади, у дунёсию бу дунёси куяди... У шошқалоқлик билан олдидаги одамларни итариб ўша суянчиққа яқин борди. Чақираман, деди. Нафаси бўғзига тиқилиб қолди. — Кап-катта одам, нега туртасиз?— ёнида турган бакалоқ хотин унга газаб қилди. Шунда аёл ўрнидан қўзғалди. — Бўпти, Мастура опа, яхши боринг. — Бўпти, жоним, хайр. Троллейбус «ғийқ» этиб тўхтади. Аёл ўрнидан турди, эшикка борди. Бир муддат ҳамроҳига ўғирилди. У ҳовлиқди, жон-жаҳди билан аёл томон интилди. Шунда кўзлари тўқнаш келди. Аёл уни пайқамади. Билмади, танимади. Унинг эса сўзга мажоли бўлмади. Ўткинчи-кеткиичилар йўлда тушиб қолди. Аёл ҳам тушди кетди. У шоша-пиша ойна томонга ўтди. Юзларини ойнага ёпиштириб қаради. Наҳотки, уни танимай адаштирган бўлса? Наҳотки? Ахир ёнидаги ҳамроҳи ҳам, Мастура опа, деди-ку! Йўг-э, ана, бўй-басти ҳам, юриш ҳам ўша-ўша-ку. Ана, аёл аста кетмоқда. Кулранг ёмғирпўш бари энгидан силкиниб-силкиниб кетмоқда. Бошини мағрур кўтарганча, хотиржам кетмоқда. Троллейбус ғизиллаб кетди. Шу пайт назарида аёлнинг кўзлари троллейбусга интиқ, шошилиб тикилгандай бўлиб кетди! Ахийри кулранг ёмғирпўшни кўз илғамай қолди. Анча ортда қолиб кетди. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Kechmish hisobi (hikoya) [Maʻsuma Ahmedova] 410 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21570 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |