Довюрак Аҳмад (ҳикоя) [Mehmed Seyda] |
Лойга тушиб кетиб, кийимларингни ифлос қилсанг ҳечқиси йўқ, тозалашга берсанг, доғ-дуғларини кетказиб чинни-чироқдек қилиб беришади. Аммо лекин эркаклик ҳамиятингга доғ тушмаган бўлса бас у ярамасни на ювиб бўлади, на қиртишлаб бўлади, ўзингни қайнаб турган қозонга оцанг ҳам фойда йўқ. Эътироф этишим керакки, ҳамма айб ўзимда, чунки аввал бошданоқ қизчага канадек ёпишиб олдимда. Тўғри, акаси қандай одам эканлигини эшитганимдан кейин, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Лекин ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Кунлардан бир куни биз у билан қоронғи гўшада қучоқлашиб, ўпишиб тургандик, қизнинг ўзиям худди зулукдек лабимга ёпишиб олгандида, бирдан: «Вой ўлай, акам келаётганга ўхшайди!» деб шивирласа бўладими. Шунда бир туёғимни шиқиллатиб қолдимку! Ишқилиб, худонинг ўзи асрасин, деб ўйлайман. Синглиси билан айланишиб қолганимни кўрсами кўриши ҳам гапми! ҳатто гумонсираса ҳам ишим пачава. Ҳолимга маймунлар йиғлаши турган гап. Оёғимни қўлга олганча қочиб кета туриб, орқамдан: — Тўхта! Ҳой, виждонсиз, ҳайвон!—деган овозни эшитдим. Оёғим ўз-ўзидан юришдан тўхтади қолди. Xудди қоққан қозиқдек, орқамга қарашга ҳам юрагим бетламай турардим. «Қоч, қочиб қолсангчи, йигитча, деб ўзимни-ўзим шоширдим, келяпти у, келяпти». Лекин оёқларим жойидан жилмасди. Қадамлар яқинлашаётганини эшитиб турибман. Улар яқинлашган сари жоним товонимга тушиб борарди. Лекин бирон-бир нарса қилишга ожиз эдим. — Қани, бу ёққа қараб, турқ-тароватингни кўрсатчи! Қайрилсам ўша! Қўллари чўнтагида. Xудди қўнғизни оёғи билан эзғилашдан олдин яхшилаб кўриб олмеқчи бўлгандек, бошдан-оёғимгача синчиклаб кўздан кечириб чиқди. У бақрайиб қараб турарди, менинг эса қўрққанимдан ўтакам ёрилай дерди. «Тўғри тур,— дея уқтирардим ўзимга-ўзим,— чумчуқ пир эца, юрагинг шир этмасин!» Лекин бари фойдасиз эди. — Исминг нима, каллаварам? — Аҳмад. — Xудди ўзи. — Ҳечам ундай эмасда, оғажон. Мен сиз ўйлаган Аҳмад эмасман! — Учир овозингни!— деди у.— Синглимни йўлдан урган палид сен экансанда. Шундагина қизча қандайдир Xуршид, Қизил юз Фарук, Музаффар Жингалак ҳамда Рифат Айиқ ҳақида гапиргани эсимга тушиб қолди. Уз оёғимдан илиб ўтирибмана, ўшалардан бирортасининг отини айтиб, сувдан қуруқ чиқиб кетиш лозим эди. — Йўқ, мен мен эмас, оғажон. — Сен, эшаксан! Шундай қилиб, она сути оғзидан кетмаганлигини ҳам назарда тутмагансан? Ҳозир дабдалангни чиқармасам юрган эканман! Бир тепсам, Саланжакдан тўппа-тўғри денгизга учиб кетасан, мишиқи. — Қўлингдан келади, оғажон. Учиб кетишим турган гап, оғажон. Сени деб ўлимга тик қарашга ҳам розиман, фақат. — Учир овозингни! Ортимдан юр! — Раҳм қилинг, ахир, мен ўз йўлим билан уйга кетяпман, оғажон. Агар кечиккудай бўлсам уйдагилар хавотирланишади. — Ҳечқиси йўқ, хавотирланаверишсин! Қисқаси, унинг ортидан эргашдим. Xиёбонга, ундан сўнг паркка чиқдик. Агар у мени дабдала қилиш ниятида бўлса, шаҳар бошқармаси олдидан олиб ўтиб юрмасди, деб ўйлайман ўзимча. Уша ернинг ўзидаёқ, яъни тутиб олган жойида суробимни тўғрилаб қўя қоларди. Дарвоқе, бошга тушганни кўз кўрар, деб ўйлайман. У миқ этмасди, мен ҳам юрак ютиб бир нима демасдим. Мактабда юз метрга югуришда биринчи эдим. Пайт пойлаб туриб, бир қочиб бераман, шамолни даладан топ, деявер. Тутишга тутолмайдику, лекин иш пачава бўладида. Кейин пайимга тушиши аниқ. Қаҳвахонага бош суқолмайсан. Қаҳвахонасиз менинг ҳам ҳолим хароб, деяверинг. Қари отам берадиган сармоя ярим ойга ҳам етмайди, у ёғига ўзим қарта ўйнаб топишим керак. Майли, деб ўйлайман, нима бўлса бўлди, ишқилиб, тезроқ бу азоб-уқубатдан қутулсам бўлгани. Ўлимни кутиш ўлимнинг ўзидан ҳам даҳшатлироқ эканлиги маълумку. Паркка яқинлашдик, кирармикин, деб ўйловдим, йўқ, кирмади. Йўлни Тунусбоғи томон бурди. Мана, Тунусбоғини ҳам ортда қолдириб, —воҳ, она-жон!—тўғри қабристонга йўл бошлади! Xудди бузоқдай бўғизлайди, бирор тирик зот эшитмайди. У девор тагидан, қўш фонус ўртасидан қоронғироқ жой топдида, яна менга тикилиб қолди. — Эркакмисан? — Сояйи давлатларида, оғажон! — Сен эркак эмассан, ҳароми! Эркаклар андишали одамларнинг синглисига илакишиб юрмайди. Номусли қизларни шарманда қилмайди. — Оллонинг раҳми келсин, наҳотки, мен, оғажон. Мен ҳеч кимнинг синглисига осилмаганман. Ҳатто чумолига ҳам озор бермайман-ку. Оғайниларим гапга чечанлигимни яхши билишади. Лавашангроқ одамларни боплаб қўлга тушираман, кейинчалик, кўзлари мошдек очилгандан кейин бошимдан сув ўгирнб ичишади. Қарасам, лаънатининг қўллари аввалгидек чўнтагида. Улардан бирини чиқариши Турган гап. Фақат қайси бирини? Ўнгиними? Чапиними? Чиқаришга чиқаради-ю, лекин қачон? Жоним товонимга тушиб кетди. Пичоқни кўрибоқ жуфтакни ростлаб қолмаслик учун ҳам, отнинг калласидек юрак керак. — Сени Бетюл билан Кадикида кинода, кейин, Анадолухисарада автобусда кўришибди-ку. — Ким кўрибди, оғажон? Ҳаммаси ёлғон, алдасам тил тортмай ўлай. — Бировларни ёлғончига чиқарадиган бўлсанг, миянгдан дарча очиб қўяман, унда додингни худога айтаверасан!— деди у жаҳл билан. — Мен айтмоқчийдимки, оғажон, ким кўрган бўлса Ҳам адаштирганга ўхшайди, худо ҳаққи, рост айтяпман, на Кадикида, на Анадолухисарада бўлмаганмиз, кинога ҳам бормаганмиз. — Узингга ўхшаган акангми, укангми борми? — Йўқ, оғажон,— деб жавоб қилдиму, ўзим бошимни эгиб олдим.— Ота-онамнинг яккаю-ёлғизиман. Мана, уйга ҳам кечикдим. — Мишиқи! Xотинларга ўхшаб титраб-қақшашига ўлайми, уйга кечикканмиш! Мендан ҳам қўрқмайсанми? Менинг кимлигимни эшитмаган кўринасан, итвачча? — Эшитмай ўлибманми! Аллақачон эшитганман, оғажон. Айтишларича, яқинда— худо қўлингни доим баланд қилсин—текинга вино беришни хоҳламаган боққолнинг бошига бутилка билан боплаб туширибсан. Қаҳвахонада айтишларича, боққол қўрқиб кетганидан участкада ҳамма айбни ўз бўйнига олибди. Ҳеч қандай даъвоим йўқ, ўзим айбдорман, уни ёмон сўзлар билан сўккандим, дебди. Бизнинг болалар: «Агар биз шунақа қиладиган бўлсак, участкада кунимизни кўрсатиб қўйган бўлишарди», дейишяпти. Қаҳвахонадаям, Рифат Айиқдан ҳам шунақа деб эшитдим. Бу мақтовларни эшитиб, у бир оз юмшагандай бўлди. — Билсанг, нима жин уриб синглимни бошини айлантириб юрибсан, ҳароми? У билан кўчама-кўча санқиб юрганмишсан, ҳали қизни бадном қилмоқчимисан? Мен уни тамаки фабрикасидан чиқариб олдим, хўш, нима учун? Унга илакишишяпти! Битта-яримта итваччани ичак-човоғини бошига салла қилишга тўғри келади шекилли, унда жавобгар бўлишдан бошқа гап йўқ. — Лекин мен, оға, унақа йигитлардан эмасман, тўғрисини айтишим керак. Бизнинг аҳдимиз қатъий. Тилимга келган гапни валдирайвердим. Энди унинг жавоб қилиш гали эди, вақтдан ютиш учун, ёлғон-яшиқни тўқийвердим. — Xудо хоҳласа, лицейни эсон-омон тугатиб олсам, биз турмуш қурамиз, оға. Шунга аҳдлашганмиз. У рози, мен ҳам. Улай агар! — Алдамаяпсанми? Афтидан, илгариги шаҳдидан қайтганга ўхшайди, гарданини қашиб қўйди. — Алдаб ўлибманми,— дедим, — нима деб ўйловдинг? Ахир, сенинг қанақалигингни биламан-ку! — Ёшинг нечада? — Лицейнинг иккинчи синфидаман, менинг бўйимга қараб баҳо берманг, ўн саккизга кирганман, оға. У яна гарданини қашиб қўйди. — Нима ҳам дердим, агар гап шундай бўлса, унда розиман. Тўғрисини айцам, бу тўнкадан хамирдан қил суғургандай қутулиш етти ухлаб тушимга кирмовди. Агар унинг ўрнида Музаффар Жингалак бўлганда қармоққа илинмасди, қуруқ ваъдаларга қулоқ солиб ўтирмасди. Бу каллаварамга эса фақат бўйинтуруқ етишмади холос: бўйнига боғла-ю, хоҳлаган тарафингга бошлайвер. Шунақа гаплар! У қандай қилиб бозорга солиқ солиш йўлини топдийкин?! Юрагим жойига тушиб, нафасимни ростлаб олдим. Унга қасдма-қасдига қўлимни чўнтагимга тиқдим. Кейин лофни уриб кетдим: — Эшитганмисан йўқми, буниси менга қоронғи, оға, отам кийим-кечак тозаловчи. Ҳар йили ёзда. мен унинг қўлида ишлайман. Агар астойдил ҳаракат қилсам, яхшигина мастер бўлишим.мумкин. Фақат лицейни тугатиб олсам бўлгани. — Ўқишинг қачон тугайди? — Агар омон-есонлик бўлса икки йилдан кейин, оға. — Агар мастер бўладиган сиёқинг бўлса, ўқиш сенга чикора, тирмизак? Мен тупугимни ютдим. — Биласанми, чамалаб кўрсам, бу ишда косам оқарадиган эмас. Шунинг учун амалдор бўлишга қарор қилдим. Тил меники, деб гапиравердим. У шу заҳоти гапимни бўлди. — Бўлмағур гапларни қўй, тирмизак! Мастеровой бўлишга аҳд қилдингми, мастеровой бўласанда Амалдор бўлсанг, сендан нима фойда? Тинчгина устахонангга бориб, отанг билан ишлайвер, бизни ҳам унутма! Кўнгиллари яна нимани тусаркин. Ахир, бу қипқизил ўғирликнинг ўзгинаси-ку! Xап, саними, деб ўйладим — Бажонидил,— дедим. — Мен мардона сўзни ҳурматлайман. Агар сен мард бўлсанг, сўз бердингми, уддасидан чиқ. Лицейингни йиғиштириб, тезроқ тўйни қил. Бир ой муҳлат бераман! Пўписа қилаётганга ўхшайди-ю, лекин овози ҳамда кўз қарашида жиддийлик йўқ. — Бажонидил, оға- Сўзларингизни юрагимга жо қилдим — Юрагингга жо қиласанми ёки бошқа жойинггами бу сенинг ишинг,— деди у. Энди жўнаб қол, қорангни ҳам кўрмай! Осонгина қутулдим шекилли Тўғрироғи, ўзимча, осон қутулдим деб ўйладим Эртасига кечқурун чол қовоғидан қор ёғиб келди. Менга дам-бадам қараб қўйганча, бошини чайқаб, оллога илтижо қиларди. Ҳаммаси тушунарли. Овқатланиб бўлганимиздан кейин ёрилди. — Нима гуноҳ қилдим, дада?—деб сўрадим — Яна нима қилдим дейди-я, падар лаънати! Бировнинг қизини йўлдан урибсан-ку. Ўғлим ҳар хил тайин-тахсири йўқ, қаланғи-қасанғилар билан илакишмасин, бизга ўхшаб ҳар бир бошлиқнинг олдида етти букилиб ялтоқланмасин деб, ўқитиб одам қилмоқчийдим У бўлса иззатига тупуриб ўтирибди— Кейин кампирига ўгирилди:—Мен сенга калтаклаб турмасанг, одам бўлмайди, дегандимку Сен доим унинг ёнини олганинг-олган эди? Ана энди бефаҳм эшакка айланибди-қўйибди, урганинг-сўкканинг билан бир мирилик фойдаси йўқ. Ҳаммаси тамом! Унинг акаси, манман деган шпана бугун устахонага келди Мен бирон буюртмачи бўлса керак деб ўйлаб, иззат-икром билан кутиб олдим У бўлса менга: «Мана шунақа гаплар, отахон, ё қизга яхшиликча уйлансин, ёки дўконингдан умидингни узавер»,—деди. Нақ гирибонимдан тутди. Унга нима? Айтганини қилмай қўймайди. Полиция унинг мушугини пишт деёлмайди-ку, менга йўл бўлсин. Ўшандан бери қари туллак мен томонга қиё ҳам боқмайди, ҳатто гаплашмай қўйди. Пулдан ҳам сиқа бошлади: қизни едириб-ичирадиган аҳмоғинг йўқ. Аксига, қартада ҳам омадим чопмасди. Буни қаранг-а, қарталарга хол қўйиб белгили қилиб қўйилган бўлсаям бари бир панд беради! Югурдакка: «Оғайни, ишим юришмаяпти, иш пачава, озгина қарашвор!»—дедим-йигитча моянасидан тикди. Бир марта, икки марта қарз берди, ахир қачонгача бу ҳол давом этиши мумкин?! Бу орада қизнинг акаси берган муҳлат ҳам охирлаб қолганди. Кунлардан бир куни у кўчада гирибонимдан бўғиб олди. «Уйлаяпман»,— дедим жон ҳолатда. Бу сўзни айтишга улгурмасимданоқ шунақанги суробимни тўғриладики, кейинчалик ойнага қараб ўзимни-ўзим таниёлмай қолдим Миршабхонага судрадим, лекин гувоҳларимиз йўқлиги учун ҳеч иш чиқаролмай, икки қўлимни бурнимга тиқиб қолавердим. Бир неча кундан кейин чолнинг устахонасидаги ҳамма ойналарни синдириб кетишди. Ким? Қани топиб кўр-чи! Катта комиссар уни чақириб, менинг олдимда сўроқ қилди. У бўлса еттита ҳамшишасини гувоҳликка чақирди, улар унинг кун бўйи Бешиктошда бўлганлигига қасам ичишди. У яна сувдан қуруқ чиқиб кетдию Авваллари, қаҳвахонадаги қарта ўйини тугаши билан қизча ҳозиру нозир бўларди, кейин биз ярим соатча бирон-бир девор тагида севги нашидасини сурардик. Ҳатто чақирмасам ҳам, ўзи келаверарди Энди бўлса акасидан қўрққанидан қорасини ҳам кўрсатмай қўйди, мен бўлсам аҳмоқ бўлиб қаққайиб туриб-туриб кетаман. Қари туллак эса бутунлай ишини ташлаб қўйди, қора хаёлларга берилиб ўтирар, ора-чора менга худди тирик одам эмас, мурдага қарагандай қараб қўярди. Кейин кампир билан шивирлашиб олдида, гўё тобут устида сура ўқиётгандек: — Уйланишингга тўғри келади, бошқа иложи йўқ,— деди.— Лекин ўқишни ташламайсан. Сени одам қилишга аҳд қилдимми, қиламан! Қизни уйга олиб келамиз, биз унга қараб турамиз. Тақдири азалда ёзилганидан қочиб қутулолмайсан!—дея қайғули хўрсиндида, қўшиб қўйди:—Пешана экан-да! Мен қаршилик қилган бўлиб, Этъемза кварталида яшайдиган амакимникида яшириниб турсам бўлади, дедим. Шу вақт онам сенсиз менга ҳаёт йўқ, деб саркашлик қилиб қолди. Дарвоқе, шуни айтишим керакки, мен ҳам усиз кун кечиролмайман. Бечорагина, мени таъминлаш учун баъзи-баъзида чолнинг чўнтагига тушиб турарди. Олишувимиздан уч ҳафта, устахонанинг ойнасини синдириб кетишганига икки ҳафта ўтганидан кейич Бетюл билан тўйимиз бўлди. Тўйни бизникида, камтарона, ўзимизникилар орасида қилдик Қари туллак халфаси билан шогирдини чақирди, менинг икки-уч оғайниларим бўлди. Келиннинг акаси эса ичкиликбоз ҳамда томтешар шерикларини бошлаб келди. Тўйда бир-иккита аёлларни демаса, нуқул эркаклар йиғилишди. У гурзидай мушти билан елкамга бир туширди-да: — Эркак билан эркакдек, эркакчасига бу ишни тўғриладик,— деди.— Яшавор Шунда мен ўзимни тутиб туролмадим-да, ҳечдан кўра кеч, деганларидек, кимлигимни кўрсатиб қўймоқчи бўлдим: — Сен бу ишни ташла — чапак чалиб бўлдинг. Тилингни тий!— Жавоб унга ёқиб тушди. Айниқса, «тий» сўзини ишлатганим. — Мард йигицан, қўлингни бер, ўпиб қўй! — Нари тур! Яна бир гап: шерикларингга айт, қораларини кўрсатмасинлар. — Буйруғинг бош устига, куёвжон! — Ароқ ичишни бас қилинглар! — Росаям довюрак йигицанда, куёв Айтганинг бажо келтирилади! Унинг бўйига тенглашиш учун ҳатто оёқ учида турдимда, шишиб кетган башарасига тик қараб: — Бемаза қилиқларингни йиғиштир, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олишни бас қил!— дедим.— Оиламизнинг номус ва обрў-еътиборини сақламоқ керак. Менинг хотиним, яъни сенинг синглингнинг ҳам иззат-нафси бор. Ичкиликка пулни ҳар ҳафта устахонада оласан. Мен қовоғимдан қор ёғиб, у бўлса қўйдай ювош тортиб турарди. Албатта, бошқа вақт бўлганда, кулимни кўкка совурган бўларди-я. Меҳмонлар ҳам унинг қўйдай ювош тортиб қолганига қараб оғизларини очганча ҳайратланишарди. — Эшитаман, куёв,—деди у,— сен ростданам довюрак экансан! Меҳмонлар донг қотганча бизга кўзларини пахтасини чиқариб тикилиб қолишди. Ана ўша кундан кейин мени Аҳмад Довюрак, деб атай бошлашди. Ускюдарга келиб, кийим тозаловчи Аҳмадни сўрасанг — ҳеч ким билмайди. Аҳмад Довюракни сўрасанг —ҳатто уч ёшли мишиқи ҳам менинг олдимга бошлаб боради. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Dovyurak Ahmad (hikoya) [Mehmed Seyda] 373 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21569 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |