Дунё гўзал (ҳикоя) [Mehriniso Qurbonova] |
Баҳорнинг илк кунлари эди. Атрофдан пуштиранг, оппоқ бўлиб гуллаган дарахтларнинг муаттар ҳидлари таралиб турарди. Ҳар куни икки томони чинор, акация дарахтлари соя ташлаган йўлакдан юриб ишга кетаман. Бошқа яқин йўллардан ўтиб боришим, вақтимни бироз бўлса-да тежашим мумкин. Аммо айнан мен учун қадрдон бўлиб қолган йўлагимдан ўтиб, манзилга етиш осонроқдек туюлади, тинч, сокин, одам кам юрадиган йўлакдан автобус бекатигача овоз чиқариб ўзинг билан ўзинг бемалол суҳбат қилишинг мумкин. Биринчи бўлиб йўл четида мудраб ўтирадиган этикдўз бобони кўрардим. Энди унинг жойи бўм-бўш. У яқинда бу ёруғ дунёни тарк этган. Бугун ҳам йўлакдан шошилиб, тез-тез юриб борардим. Кўм-кўк ўтлар устида ётган эркак кишига кўзим тушди. «Биронтаси ичиб олиб думалаб ётгандир-да» десам, йўқ... юрагини чангаллаб ихраб ётган чол экан. Йўлакда бирпасда одам тўпланганлигидан таажжубга тушдим. Инсон зоти қизиқ, ҳаётнинг ё шодон, ё ғамбода кунларида дарров тўплана қолади. Лекин уларнинг кўпчилиги шунчаки томошаталаблар эди. «Тез ёрдам» чақириш керак! — Чап томонда қатор бўлиб саф тортган тўрт қаватли уйлар томон югуриб кетдим. Яқинроғининг йўлагига кириб тўғримдаги хонадон эшигини жон-жаҳдим билан тақиллата бошладим. Кўз ўнгимдан юрагини чангаллаб ётган одамнинг қиёфаси кетмас, «тез ёрдам» келгунича ўлиб қолмасин-да, дея эшик очилишини кута бошладим. Хайрият, қадам товушлари эшитилди. Эшикни очгунларича отам замон вақт ўтиб кетгандек бўлди. Шу пайт эшик занжирига қўллар тегди. Ва шундай асабий тарзда очилдики, ҳозир тамом бўламан, деб ўйладим. Тиззасигача калта иштон кийган, кўзлари хиёл қизарган қирқ беш ёшлардаги эркак рўпарамда важоҳат билан қоматини кериб турарди. Назаримда, бироз кайфи бор, ўқрайиб тикилганини кўриб оёғимдан мажолим қочди. Аммо унинг рўпарасида қад ростламай иложим йўқ эди. — Одам ўляпти! — дедим ҳовлиқиб. — Юраги касал шекилли... «тез ёрдам» чақириш керак. Илтимос, телефон қилинг! Хонадон эгаси эшигини қандай важоҳат билан очган бўлса, ўша тарзда юзимга тарақлатиб ёпди. Мен бошқа хонадон эшигини тақиллатишга мажбур бўлдим. Ҳайрият, инсофли кишилар экан, дарҳол қўнғироқ қилишди. Ортимга қайтиб келсам, чол оламдан ўтибди. Юрагим гуп-гуп уриб, «Худо раҳматига олган бўлсин», дея оҳиста пичирладим. Пешонасида кўчада ўлиб қолиш ёзиғлиқ экан-да. Тўпланганлар афсус билан бош чайқашар, кимдир мелисани чақириш керак, деса, яна кимдир чўнтагидан ҳужжатини олиб яшайдиган манзилини аниқлаш керак, дерди. Ҳассасини тўқиллатиб шу жойдан ўтиб кетаётган бир мўйсафид биз томонга келди, зўрға чўккалади. Ўликнинг очилиб қолган юзларини сийпалаб ёпди. Ёш йигитлардан бири марҳумнинг анча нарида ётган сумкасини олиб келди. Чалқанча ётган марҳумга бир зум термулиб қолдим. Қоплама тишлари ёнгинасида ётар, юзи, лаблари кўкара бошлаган эди. Кимдир ачиняпти, кўзлари бежогина йигит бечора чолнинг чўнтагини ковлаб ҳужжат қидириш билан овора, кимдир ишга кечикаётгани учун худди ўлик айбдордек нималарнидир тўнғиллайди, лекин бир қадам жойидан жилгиси йўқ. Чолнинг чўнтагидан ҳужжатлари чиқди. Кўзлари бежо йигитнинг ниманидир чўнтагига солганига кўзим тушди, нималигини эса билолмадим. Аммо тилларимга мих қоқиб қўйилгандек оғиз очолмасдим. Кимдир сергак тортди, кимдир пиқиллаб йиғлади, яна кимдир марҳумнинг яқинларини излаб кетди. Биров уйига кетар, биров ишига шошилар, яна биров эса «тез ёрдам» ёки мелиса келмаётганлигидан нолишга тушди. Шу чоғ одамларни кузата туриб, энг ортда турган аёлга кўзим тушди-ю, сесканиб кетдим. Ўттизларга ҳам етмаган бу хоним икки кўзи ўликда-ю, зўр бериб музқаймоқ яларди. Унинг шу тобда музқаймоқ ялашидан жиркандим ва юзимни четга бурдим. Аёл ҳақида «ўз яқинларининг ўлимини ҳам шу тарзда ширинлик ялаб кутиб олса керак», деган хулосага бориб қўя қолдим. Ҳаммаёқни ларзага келтириб «тез ёрдам» машинаси етиб келди. Чол энди уларнинг ёрдамига муҳтож эмас. «Билганларингни қилинглар» деяётгандек бемалол ётарди. Чолни олиб кетишди, шундан сўнг ҳаммамиз тарқалиб кетдик. Кунлар ўтди. Бу йўлакдан ҳар куни ўтаман. Гоҳ ишга, гоҳ бозорга... лекин чол оламдан ўтган жойни босиб ўтишга сира ҳаддим сиғмайди. Ҳамиша сал нарироқдан ўтишга ҳаракат қиламан. Ўша жойни босиб топтаб ўтаётганларни кўриб, «сал нарироқдан ўтинглар» деб юборишдан ўзимни зўрға тияман. Уларда айб йўқ. Бу ерда нима воқеа бўлганлигини билишмайди ҳам. Ичимда бир садо бор: «Сенинг нима ишинг бор? Бу жой сенинг шахсий мулкингмиди? Xўш, шу бир парча жойда одам ўлган бўлса нима бўпти? Илгари ҳам ўлган, бундан кейин ҳам ўлади. Бу дунёда одамнинг жони узилмаган жой борми ўзи? Индамай йўлингда давом этавер!» Ботинимдаги ҳиссиётларга қарши бош кўтара олмас эдим, измидан юришга мажбур эдим. Кимдир бу йўлдан гул кўтариб ўтади, кимдир пул кўтариб ўтади, кимдир муҳаббатга сархуш бўлиб ўтади, яна кимдир болалигини, ёшлигини эслаб оғир нафас олиб ўтади. Кунлар, фақат кунларгина ер юзидаги барча ҳолату манзараларга хотиржам алфозда лоқайд назар ташлаб тураверади. Одамлар ўтаверади, кунлар-да ўтаверади. Мен бўлсам, бу ўтмишларнинг ҳар бирида ўзига хос тақдирларни кўрардим. Айниқса, ўша кунги воқеа онг-шууримга аллақачон ўз муҳрини босиб бўлган, ўлган одамнинг чўнтагини ковлаётган кўзлари бежо йигит, музқаймоқ ялаётган яшил дуррачали хоним, марҳумнинг манзилини излаб кетаётган одамларнинг чеҳраси — бирма-бир намоён бўлаверар эди. Ҳар гал шу жойдан ўтаётганимда, чол бандаликни бажо келтирган бир парча жойга хайрихоҳлик назари билан термулар эдим. Ким эди у? Юраги касал, анча кекса бўла туриб оғир сумка кўтариб юришга тирикчилик мажбур қилдими? Фарзандлари бор эдими ёки яккаю ёлғизмиди? Қабри тепасида «отам-ов» деб йиғлаб турадигани бормиди, йўқмиди?.. Ёмғирларни гоҳ шивалатиб, гоҳ шаррос қуйдириб кўнгилсиз хотиндек баҳор ҳам ўтиб кетди. Кимдир бояги жойда маст бўлиб думалаб ётди, яна кимдир чарчаб дам олгани ўтирди. Кимдир қиз қучоқлаб ўтди, кимдир қовжираган ўтларни супуриб-сидирди. Ёз кунларининг бирида мени жимгина тинглайдиган йўлагимдан ўтиб борар эканман, кўзим айнан ўша жойда йиғлаб турган тўрт-беш ёшлардаги болага тушди. У овозини баланд қўйиб йиғлаяпти. Қўлида ширин маккажўхори қаламчалари тўлдирилган қутича. Болакай тинимсиз йиғлар, қуёш қуюқ дарахтзорлар орасидан унинг бошига бор бўйича ёғдуларини тушириб олган, атроф аллақандай ранго-ранг нурлардан ёришиб кетгандек эди. Ўйнаб юриб адашиб қолган болакай томон яқинлашдим, чол ўлиб қолган парча жойни босишга мажбур бўлдим. Боланинг кўз ёшларини артдим, юпатдим, у жим бўлди. Қўлчаларидан ушлаб у яшайдиган уй томон юриб кетдик. Ўша кунги воқеадан сўнг ўзимни биринчи марта енгил ҳис қилдим. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Dunyo goʻzal (hikoya) [Mehriniso Qurbonova] 472 |
2 | Muhabbat dorisi (hajviya) [Mehriniso Qurbonova] 590 |
3 | Муҳаббат дориси (ҳажвия) [Mehriniso Qurbonova] 350 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62425 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57886 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40499 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36638 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23176 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21829 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18662 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |