Широқ (ҳикоя) [Mirkarim Osim]

Широқ (ҳикоя) [Mirkarim Osim]
Широқ (ҳикоя) [Mirkarim Osim]
Ёз бошланиб, Яксарт бўйидаги чўлларда ўтлар қовжирай бошлади. Бу ерларда яшовчи шак қабилалари серўт яйловларга кўчиш тараддудига тушишди. Янги ерларга кўчиш чорвачилар учун бир байрамдек эди. Улар баҳор мавсумида яшаб ўрганиб қолган ерларини ташлаб кетиш олдидан бир-бирлариникига қўноқ бўлиб борар, доривор ўтларни еб семирган бияларнинг сутидан тайёрланган ўткир қимизларни ичиб маст бўлган йигитлар қизлар билан лапар айтишар, вақтичоқлик қилишарди.
Бироқ бу сафар одамларнинг кўнглига қил сиғмас, ўтловлардан на қўшиқ товуши ва на қизларнинг хушчақчақ кулгиси эшитиларди.
Баланд бир ерга қурилган катта оқ ўтовни эгниларига ярғоқ теридан камзул, бошларига учи ингичка, узун қалпоқ кийган қуролли соқчилар қўриқлаб турардилар.
Ўтов ичида эса шак қабилаларининг оқсоқоллари кенгаш қуриб ўтирардилар. Тўрга солинган айиқ териси устида чордона қурган Рустак оқсоқолларига вазиятни тушунтирарди:
— Эрон шоҳи Дараявуш Ўкуздан кечиб, Сўғдияни босиб олди. Эронийлар эл-юртни талаб, эркакларни қул, хотинларни асир қилиб олиб кетаётирлар. Энди навбат бизга келди. Даракчиларимиз шоҳнинг биз томонга Роносбат бошчилигидаги катта бир қўшинни юбормоқчи бўлганлигидан дарак бераётирлар...
Рустак — соч-соқоли оқарган, бир оз мункайиб, чўкиб қолган суяқдор чол. У бир вақтлар кенг яғринли, баланд бўйли паҳлавон эди. Яккама-якка жангларда шак уруғининг душманларидан кўп баҳодирларни ер тишлатган, унинг номи Сўғдияда ҳам, Эронда ҳам машҳур эди.
Ҳозир у шаклар ва сўғдияликларнинг ашаддий душмани бўлган Эрон шоҳи ва унинг қора ниятлари тўғрисида гапирар экан, ғазабдан нафаси тиқилар, кўзлари ўт сочар эди. У гапни тутатиб, душманни даф этмоқ учун қандай чоралар кўриш кераклиги тўғрисида ўз фикрларини айтишни уруғ оқсоқолларидан сўради.
— Қўлидан иш келмайдиган чоллар, кампирлар, болалик хотинларни қўй ва йилқилар билан узоқ чўлларга юбориб, қолган эр ва аёлларнинг барини қуроллантирсак ва душман билан бир томчи қонимиз қолгунча урушсак, деб гап бошлади уруғ оқсоқолларидан Саксфар. У олтмишга бориб қолган бўлса-да, ёшлардек икки бети қип-қизил, серғайрат ва таваккалчи одам эди. — Уруш кулфати беномуслик машаққатидан яхшироқ. Золим Эрон шоҳига қул бўлгандан кўра жанг майдонида ўлган афзал...
Рустак унинг узундан-узоқ гапини сабр билан тинглаб, бошини қуйи солганча ўйланиб қолди.
— Жангда мардларча ўлмоқ осон гап, лекин душманни янчиб ташлаб, ундан қасос олмоқ қийин. Биз мардлик кўрсатиб, номимизни қолдириш гўғрисида эмас, балки эл-юртимизнинг эркини қандай сақлаб қолиш тўғрисида ўйламоғимиз керак, — деди у қизиққон Саксфарга қараб.
Оқсоқоллар мум тишлагандек миқ этмай ўтирар эдилар. Кўп мамлакатларни босиб олиб, жанг майдонларида кўп тажриба орттирган, яхши куролланган Эрон қўшини билан урушмоқ жуда қийин эканлиги уларга аён эди.
Бошлиқлар бу мушкул муаммони ечиш учун бош қотириб ўтирганларида, ўтов эшиги олдида турган қуролли йигит Широқ деган бир чўпоннинг киришга ижозат сўраётганини билдирди.
— Широқ!— деб қошини чимирди Рустак,— Ким у?
— Широқ бизнинг уруғдан. Бутун умри чўпонлик билан ўтган,— деди Саксфар. — Ўзи жуда фаросатли, доно, достончи чол. Эски чалдиворлардан чаён ушлаб ўзини чақтиради. Оғриқ сезмайди. Айтишларича, ёшлигида илон уни чақиб олганда аллақандай гиёҳларни суртиб тузалиб кетган эмиш. Ўшандан бери илон-чаёндан қўрқмайди.
— Андоғ бўлса, чақир буёққа ўша чолни.
Эшикдан ёши олтмишдан ошган, тетиккина, барваста бир чол кириб, таъзим қилди.
— Ижозат берсанглар, мен ҳам қаторингизга ўтириб, ўз фикримни айтсам. Нима тўғрида гаплашаётганингизни биламан.
— Ўтир, ўтир, гапингга қулоқ соламиз, — деди Рустак.
— Эрон шоҳининг аскарлари Сирдарё остидаги қум доналаридан ҳам кўп, уларни жангга чорлаб, енгиш маҳол.
Шундай бир ҳийла топмоқ керакки, душманнинг оёғи тойиб, ҳалокат жариға қулаб тушсин.
— Қани, айт, қандай ҳийла ўйлаб топдинг?— деб сўради Рустак.
— Буни фақат сенга айтаман. Оқсоқоллар ўтовингни тарк этсинлар.
Рустак бу гапни эшитиб афтлари бурушиб кетган оқсоқолларга бир қараб олди-да:
— Нима, сен шу улуғ зотларга инонмайсанми?— деб сўради.
— Инонаман, улар эл ғамини ейдиган ҳалол одамлар, ўлсалар ҳам душманга сир бой бермайдурлар. Аммо уларнинг яқин дўстлари, инилари, ўғиллари, хотинлари бор. Мен айтган гапларни беихтиёр уларга айтиб қўйишлари мумкин. Уёғи маълум, эл оғзига элак тутиб бўлмайдур. Оқсоқоллар мени кечирсинлар...
Уруғ бошлиқлари бирин-кетин ўринларидан туриб чиқиб кета бошладилар.
Оқ ўтовдан нарироқда чўққайиб ўтирган оддий кўчманчилар Широқни яхши танир, унинг қўбиз чалиб айтган достонларини кўп маротаба тинглаган, ўзи ҳам достонларда мадҳ этилгап шерюрак одамлардан бири эканлигини билар эдилар.
Орадан анча вақт ўтгандан кейин Широқ ўтовдан чиқди. Уни кўргач, кўчманчилар даҳшатга тушиб ўринларидан сакраб туриб кетдилар. Кекса чўпон кесилган иқки қулоғи ва бурнига куйдирилган намат босиб, сизиб оқаётган қонни тўхтатишга ҳаракат қиларди. Кутилмаган бу фожиадан ғазабланган одамлар унинг атрофини ўраб олдилар ва устма-уст савол ёғдира бошладилар:
— Қулоқ-бурнингни нега кесдилар?
— Сен шўрлик нима гуноҳ қилиб эдинг?
Ранги мурдадек оқариб кетган Широқ тишини тишига қўйиб, ўзини бардам тутишга уринар, уруғдошларининг саволларига жавоб бермасди. Уни бир жойга ўтқазиб, куйдирилған намат билан қонини тўхтатдилар. Чолнинг саҳро шамоли ва чўл қуёшидан қорайган юзида ғазаб аломати йўқ эди. У ўзига келгач, ўрнидан турди-да, кунботиш томонга қараб кетди. Ҳанг-манг бўлган кишилар унинг орқасидан қараганларича қотиб қолдилар.
Деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланувчи сўғд халқини итоатга келтирган Эрон шоҳи Яксартнинг сўл қиргоғидаги кўчманчилар устига юриш олдидан дам олмоқда. У етти пахса девор билан ўралган боғ ўртасидаги баланд шийпонда ўз аъёнлари билан май ичиб, шакаргуфторлик қилиб ўтирарди.
Мулозимлардан бири шийпон ёнига келиб таъзим қилди-да, қулоқ-бурни йўқ ғалати бир чол шоҳ ҳузурига киришга изн сўраётганини билдирди. Доро суриштириб, келган одамнинг шак қабиласидан эканлигини билгач:
— Майли, кирсин,— доди.
Икки қуролли мулозим бошлаб келган Широқ шоҳдан ўн беш қадамча берида тўхтади-да, ер ўпди ва ўрнидан туриб, таъзим қилганича қотиб қолди.
Доро баланд бўйли, қушбурун, чиройли одам эди. Унинг понага ўхшаган соқоли кўкрагига тушган ва майин таралган. Устидаги тўқ қизил заррин тўни йилтирар, қўлидаги узун асо дастасига қадалган қимматбаҳо тошлар қоронғи кечадаги юлдузлардек чарақлар эди. Тош қўғирчоққа ўхшаган икки мулозим уни секин-секин елпиб турарди.
Доро камон қошларини чимириб, баланд овоз билан:
— Ҳой одам, ўзинг кимсан, отинг нима ва қайси уруғдансан?— деб сўради.
— Отим Широқ, ўзим шак уруғиданман,— жавоб қилди чол.
— Келиб менинг истироҳатимни бузмоқдан мақсадинг надир?
— Мақсадим мулозамат камарин белга боғлаб, умримни сиз шаҳаншоҳ хизматида ўтказмоқдир. Жанобларига хайрхоҳ бўлганим туфайли қабиладошларимдан қаттиқ ситам кўрдим. Уларга мен: «Шоҳи Эрон билан урушаман, деб чиранманг, сизларни бир ҳамлада зеру забар қилгай, яхшиси, итоат камарин боғлаб бориб, ул зоти бобаракотнинг этакларидан ўпинг», дедим. Бу гапдан хабар топган ҳукмдоримиз Рустак ғазабга минди на менинг қулоқ-бурнимни кестирди. Мен энди сизнинг ёрдамингиз билан ундан ўчимни олмоқчиман. Агар ижозати олий бўлса, енгилмас қўшинингизни ёлғиз подачилар биладиган сўқмоқлар билан шак лашкарларининг орқасидан олиб чиқар эдим, кейин уларни қилич дамидан ўтказмоқ қийин эмас...
Широқнинг гапини эшитиб, Доро ўйга толди. Агар жанговар шак қабилалари шу йўсинда яксон қилинса, Ўкуз билан Яксарт ўртасидаги серунум ерларни босиб олган Эрон лашкарларининг бехатарлиги таъмин этилган бўлади. Аммо бу кекса чўпонни бир синаб кўрмоқ керак.
Широқ шоҳнинг ишончсизлик кўзи билан қараётганини фаҳмлаб, ўз сўзиппнг тўғрилигини исбот қилишга киришди:
— Ахир қулоқ-бурнимнинг яқиндагина кесилгани кўриниб турибди-ку! Бизникилар бекорга ўз уруғларига бундай ситам етказмайдурлар.
У ўйлаб қўйган далилларини келтириб, узундан-узоқ гапирди ва ўзининг Эрон шоҳига содиқлигини, шакларга душман эканлигини исбот қилишга тиришди, сўзининг охирида Қуёш тангрисини шафе келтириб онт ичдн.
Доро саркардалари билан маслаҳатлашиб, шаклар устига қўшин юборишга, Широқни эса йўл бошловчи қилиб олишга қарор берди.
Эрон аскарлари йўл бошловчининг маслаҳати билан етти кунлик сув, озиқ-овқат ва ем-хашак олиб йўлга чиқдилар ва дарёнинг чап қирғоғидаги қум саҳроларидан бориб шакларга орқа томондан ҳужум қилмоқчи бўлдилар.
Дастлабки кунлар йўл унча машаққатли бўлмади. Чўл ўтлари энди қовжираб келаётган бўлса ҳам онда-сонда булоқлар атрофида кўм-кўк ўтлоқлар учраб турарди. Бора-бора чўл саҳрога айланди, одамлар ва отларнинг сувга эҳтиёжи оша борди. Афсонавий отларнинг тақаларига ўхшаб уюлиб қолган қумтепалардан ошиб ёки четлаб ўтиш осон эмас эди. Қора терга тушиб ҳансираган отлар оёқларини қумдан аранг тортиб олиб, бошларини қуйи солганларича битта-битта қадам ташлаб борарди. Саҳронинг бераҳм қуёши ёмон ниятда қолаётган бу қуролли одамларнинг бошидан олов сочар, ичларини куйдириб, ташналикдан лабларини қовжиратар, қумлар устида жимирлаб турган қайноқ ҳаво ўпкаларини ёндирарди.
Лашкарбошиларшшг тоқатлари тоқ бўлиб, шаклар лашкаргоҳига қанча масофа қолганини Широқдан суриштира бошладилар. У эса манзилга яқинлашиб қолганликларини ва яна икки кун юриш кераклигини айтиб, бошлиқларни юпатарди. Бироқ сермашаққат сафарнинг еттинчи куни ҳам шаклардан дарак топмадилар. Ҳаммаёқ дашт-биёбон, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куяди. Сув, озиқ-овқат, ем-хашак тамом бўлган, ориқлаб кетган отлар ер искаб сув қидиради, қовжираган лаблари шишиб кетган одамлар бир қултум сув учун бир йиллик умрларидан кечишга тайёр!
Широқни ўртага олиб: «Бизни қаерга бошлаб келдинг, аблаҳ!— деб қисти-бастига олдилар. Аскарбошилардан бири уни ёқасидан ушлаб силтади ва ҳақорат қила бошлади. Широқ ёқасини унинг қўлидан қутқариб, намат қалпогини бошидан олди-да, соражин ва кенг пешонасидаги терини артди. Унинг қовжираган лаблари истеҳзоли табассумдан ёришиб, қийиқ кўзларида ўт чақнаб кетди. Атрофини қуршаб олган ғазабли чеҳраларга мағрур қараб туриб, қалпоғини ерга бир урди-да, қаҳқаҳлаб кулиб юборди:
— Мен енгдим, Доро қўшинини бир ўзим енгдим! — дсди у қичқириб.— Сизларни алдаб саҳронинг қоқ ўртасига олиб келдим,— қўли билан кунчиқиш ва кунботиш томонни кўрсатди. — Буёғи ҳам етти кунлик йўл, буёғи ҳам. Истаган томонингизга бораверинг! Менинг гўрим шу ерда,— деб оёғи остини кўрсатди.
У ўз муродига етгани учун муқаддас оташ ва сув худосига шукур қилиб, аллақандай бир дуони ўқиди. Дарҳақиқат, у ўз элини қулликдан қутқариб қолиш учун жонидан кечган, ёвуз душманни ҳийла тузоғига илинтириш учун минг турли азоб-уқубатни бўйнига олган эди. Мана энди у ниятига етди, душман аскарини ҳалокат жари ёқасига бошлаб келди. Энди душман нима қилса қилаверсин!
У Рустакнинг ҳузурига кирганида шундай деган эди:
— Агар мснинг бола-чақам ва невараларимни унутмасанг, ўз ширин жонимдаи кечиб, юрт бошига келган балони даф этардим. Душманни даф қилмоқ учун бир ҳийла ўйлаб топдим. Умрим охирлаб қолди, ахир бу дунёдан кетмоқ керак. Мен эл-юрт учун ўлимнинг ширин шарбатини ичмоққа қарор қилдим... Гапимга қулоқ сол...
Ҳукмдор унинг гапини охиригача тинглаб, фикрини маъқуллаган эди. Шунда у ёнидан ўткир пичоғини олиб, ўз қулоқ-бурнини кесган ва гўё ўз элига хиёнат қилган бўлиб, душман орасига кирган эди...
Ғазабдан кўзлари олайиб, афт-башараси бужмайиб хунук бўлиб кстган Эрон саркардалари Широқни ўраб олиб, уни ура бошладилар. Саркарда Роносбат дабдаласи чиққан Широқни улар қўлидан қутқариб, бир четга олиб чиқди-да, сув ичирди, сўнгра чодирига олиб кириб, уни яхшиликча йўлга солмоқчи бўлди. Энди Эрон саркардаси шаклар устига юриш қилиб, уларни тор-мор этишни хаёлидан чиқариб ташлаган, у фақат қўшииини ҳалокатдан қутқариб қолишни ўйларди.
— Агар сен саҳро қудуқлари ва чашмаларини бизга кўрсатсанг, гуноҳингдан кечиб, Сўғдияда истаган қишлоқлардан бирини сенга инъом қилардик.

— Ўз элимнинг душманларига ёрдам учун чўзадиган қўлимни кесиб ташлаганим маъқул,— деди у гапни қисқа қилиб. Ҳалокат ёқасида қолган эронийлар аччиқларига чидай олмай фидокор чўпонни чопиб, қийма-қийма қилиб ташладилар.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика