Йўлдаги қизил чироқ (ҳикоя) [Monika Maron] |
Агар Берлин шаҳрининг фуқаролари ажнабийлар бўлганида Пассаудан Фленсбурггача, бутун Германияда тарқалган юримсик гапларнинг бир оғиз сўзини айтишга ҳеч ким журъат эта олмасди. Аммо улар ҳақиқатан ҳам ажнабий эмас, балки пойтахт фуқаролари каби ўзлариники, маҳаллий, қўйинг-чи, киндик қонлари шу ерга тўкилган, қолган ҳаммаси, уларнинг шаънига айтиладиган ҳар қандай бетгачопар гап-сўзлар ҳам ирқий камситиш ёхуд камсонли миллатларнинг ҳақ-ҳуқуқини ёқлаш деб ҳисобланмас, аксинча ниҳоятда ҳаққоний ва одилона дея қабул қилинарди. Яқиндагина, поездда Улмадан Берлинга қайтатуриб, саккиз соатлик йўл давомида ҳалигача бирон марта Берлинда бўлмаган ва ниҳоят, талаба ўғлини кўргани биринчи маротаба ана шу – ўзи учун зерикарлироқ саёҳатга отланган эркак билан бир купеда суҳбатлашиб қолдим. Ҳамроҳим кўринишидан ҳали эллик ёшга ҳам тўлмаган эди. Эгнида майда-майда катак гулли нимча, жигарранг шим ва жигарранг ботинка. Эшик ёнидаги илгакда тўқима астарли енгил камзули осиғлиқ турарди. Маълум бўлишича, Берлин қўшилгунича, гарчи ГДР чегарачилари сабаб ва яна уларнинг ҳаммаси ўзларини буюк қаҳрамонлар каби кўз-кўз қилганлари учун ҳам аччиқ қилиб, у ерга бормаган экан. Берлинликлар шахсан унга ҳеч қачон ёқмаган ва ўзи айтмоқчи умри давомида бунақаларнинг кўпини кўрганди! Чунки, улар бошқа ерга эмас, айнан унинг ватанига, жанубий Германияга дам олгани боришарди. – Ҳамма дам олувчилар ҳам фаришта бўлмасалар керак,– ниманидир фаҳмлагандек бўлдим мен. – Бўлиши мумкин, бўлиши мумкин,– жавоб берди у.– Фақат шу... берлинликлар улар орасида энг бемаънилари... бир сўз билан айтганда, бақироқ, сершовқин, қўпол, қуйиб қўйган пруссакларнинг ўзи! – Ҳа, балки, сиз ҳақдирсиз,– дедим мен.– Ҳар қалай кўпчилик шундай дейди. – Лекин асосийси бу эмас. Фақат, илтимос, мендан хафа бўлманг,– давом этди ҳамроҳим,– асосийси, уларнинг ҳаммаси қўрқинчли даражада қўпол, ўғлим айтмоқчи – халқ орасидан чиққан дағал одамлар. Шунга қарамай, у барибир Берлинга ўқишга кетди. Уларнинг ўзлари ҳақидаги фикрларини-ку, асти сўраманг! Биринчи марта Алпга бориб қолган берлинлик бола ҳақидаги латифани эшитганмисиз? Унга тоғлар худди пастқам тепаликлардек туюлган эмиш! Шунда унга «Сизларнинг Берлинда шунақасиям йўқ-ку», дейишса, у: «Ҳа, лекин бўлгандаям сизларникидан баландроқ бўларди», – дебди. Қалай? – Бу шунчаки ҳазил,–еҳтиёткорлик билан жавоб бердим мен. – Ҳамма гап унга қандай қарашда,– жавоб берди ҳамроҳим.– Майли, ҳазил-ҳузул ҳам бўлақолсин. Аммо у менга мутлақо жиддий айтилгандек кўринади. Мен негадир берлинликларда юмор ҳиссини ҳалигача пайқамаганман. Турган гап, буларнинг ҳаммаси, секин-аста менинг ғашимни келтира бошлади. Чунки мен Берлинда яшайдиган аёл, бунақа, бизнинг унчалик хушмуомала эмаслигимиз ҳақидаги бемаъни гапларни жимгина эшитишга кўникмаган эдим. Тўғри, биз ўзимизнинг қўполлигимиз, айни чоғда кўнгилчанлигимизни жуда яхши билардик ва шу боис ҳеч нимага хомтама ҳам эмасдик. Лекин, дуч келган «доно» бизда юмор ҳисси йўқлигини айтиб турткилайверса – энди буниси ҳаддан ташқари! «Қолаверса, яна бизнинг шевамизни эслаш ҳам етмай турувди»,– ўйладим ва бўшлиққа тикилгандек жим бўлиб қолдим. – ... сўзларни бузиб талаффуз қилишлари-чи,– деди ҳамроҳим худди кўнглимдан ўтганларни сезгандек.– «Ҳозир» ўрнига «ҳозе» (унинг ўзи ҳам шундай деди), «яна» ўрнига «янна» (ўзи ҳам шундай деди), ёки «нима» ўрнига «нема» дейишади... – Нафасингизни ел олсин,– дедим мен ва палтомни олиб купемни алмаштириш учун эшик тарафга юрдим. – О, йўқ, илтимос,– ўрнидан сапчиб турди у.– Қаёққа? Наҳотки, сизни шунчалик қўрқитиб юборган бўлсам? Кетманг! У шундай дея палтомни тортиб олиб яна илгакка осиб қўйди ва қўярда-қўймасдан мени жойимга ўтқазди. – Мана кўраяпсизми, айтдим-ку сизга, берлинликларда умуман юмор ҳисси йўқ,– деди у. – Қанақа кулгили гап айтдингизки...– дедим мен ўзимни аранг босиб. Ҳамроҳим қувончдан қарсак чалиб юборди. – Мен юмор ҳиссинглар йўқ, ўз устинглардан кула олмайсизлар,– дедим, холос. У зимдан норози қиёфада назар ташлади ва мен унинг кўзлари кулгидан ёшланиб кетганини сездим. – Сиз ўзингиз ҳам ўз устингиздан эмас, менинг устимдан кулаяпсиз,– эътироз билдирдим мен. – Агар сиз мени ўз устимдан қанчалар очиқдан-очиқ кулишимни билганингизда эди. Ана, хотинимдан сўранг. Бизнинг жануб томонларда бутунлай бошқача маданият, сиз берлинликлар эса жуда ўз-ўзингларни авайлайсизлар. Ҳатто дотацияларга шунчалар кўниккансизки, бугунги ижара ҳақинглар учун тўловларингиз биз олтмишинчи йилларда Улмада тўлаганларимизга тўғри келади. Яна кўз ёши қиласизлар. – Ким кўз ёши қилади? – Сиз берлинликлар-да, ким бўларди? – Етар,– тоқатим тоқ бўлиб кетди. – Энди менга қулоқ солинг. Биз ҳозир Ганновердамиз, демак, Соогача қолган йўл давомида гапларимга қулоқ солиб кетишингизга тўғри келади. Xудди мен сизни қандай тинглаган бўлсам, сиз ҳам шундай эшитасиз. Майли, юмор ҳисси йўқ деганингизни ҳам кечираман. Шундай қилиб, агар ўн йил аввал Улма, Мюнхен ё Ҳайделберг фуқаролари агар қолган бутун умрларини қурилишларда ўтказишлари эълон қилинсин дейилса, улар, сизнингча, нима қилган бўлардилар?«Бас, шундай экан, нимаям қилардик. Бундан бешбаттар бўлиши мумкин эди-ку?» Тўғрими? Берлинликлар эса айтардиларки, энди улар худонинг берган куни марказ атрофидаги янги айланма йўлларни излардилар ва у сизнинг Улмангиздагига қараганда кўпроқ норози бўлардилар. Мабодо, қандайдир рус мафияси тасодифан Улма шаҳрига кириб қолса, маҳаллий газеталар учун уч ҳафтага етарли материал вужудга келар ва бу хавфсизлик хизмати савдогарлари учун тиллага арзигулик кунлар бўларди. Бизга, рус мафиясидан ташқари, ветнам, румин, албан, яна худо билади, полякми, болгарми, хайриятки мўғулларники йўқ, бордир-у, ҳали бизга етиб келмагандир. Ўйлайсизки, ҳар бир сўзга юмшатгич сўз ясовчи қўшимчалар осиб қўйилаверса, улар бошқа ҳаммасидан кўра самимийроқ бўлади деб ўйлайсизми? Xудди булдог қўлга ўргатилган лайчага айлангани каби ҳаммаси итвачча дейилаверадими? Мана берлинликлардаги болаларча тўғриликни, кўнгилчанликни сиз ҳис қилмаяпсиз ва уларни юмор ҳиссидан маҳрум деяпсиз... Лекин берлинликлар «Биз бутун шаҳрингизни ағдар-тўнтар қилиб ташлаймиз, сизларга эса ўнқир-чўнқирликларни кўриш учун ажойиб томоша майдончаси қуриб берамиз», дейдилар. Улар дўстона тарзда юқорига чиқиб оладилар ва у ердан барча вайронагарчиликларни кузатадилар, бундай манзарадан лаззатланадилар. Агар берлинликларга, Рейхстаг минораси тикланди, энди унга бемалол қараш мумкин дейишса, улар эртасигаёқ уч соатлаб навбатга турадилар, кейин миноранинг борлигидан ҳаяжонга тушиб атрофида узоқ айланадилар. Берлин музейлари томошабинларни кечқурун киритишни бошласа, улар ғинг демай бораверадилар ва у ерда ўзларининг бирон таниш-билишларини учратиб қувонадилар. Мабодо, берлинликлар,– дедим мен Улмалик жанобга,– эртага кейинги беш-ўн йил мобайнида энг кучли ёмғир ёғади десам, улар худди келишгандек резина этикларини кийиб, соябонларини кўтариб, бу ғаройиб ҳодисани ўтказиб юбормаслик учун кўчага чиқадилар, айримлари, балки оёқяланг ва соябонсиз ҳам келишлари мумкин. Ана шунақа! Мен тинимсиз гапирардим. Ҳамроҳим эса ҳадиксираб жим бўлиб қолди, иккинчи тоифа оромкурсисининг юмшоқ суянчиғига ёпишиб олди ва айтаримни айтиб, юрагимни бўшатиб олмагунимча ҳайрат тўла кўзларини мега тикканча (ким билсин, қўпол, ҳамиша азмойиш қиладиган кимсалар билан суҳбатлардан асабийлашган пайтларимда ўзим ҳам шунақадирман) ўтирди. – Яна,– дедим мен улмалик жанобга, – берлинликлар ўз майдонларини мусиқачиларга, югурувчилар, велосипедчилар, болалар, гуллар кўтарган намойишчиларга, миллий либослар кийиб олган ярамас кимсаларга бўшатиб берадилар, чунки, берлинликлар аслида ҳам кўнгилчанлар,– қўшиб қўйдим мен ва бир лаҳза ҳовлидаги ижарага бериладиган хоналарни ўнгу терсига қарамай сотиб юбораверадиган трактир хўжайини каби Берлин сенатини тез-тез айблашимни эсладим. Сездим, ҳамроҳимга менинг мақтовга лойиқ нутқимни эшитиш ёқмасди. Бу унинг қаҳр тўла кўз ифодаси, вақт ўтгани сайин тундлашиб бораётган юзида зоҳир бўлди. У менинг кутилмаган танаффусимдан фойдаланди, ҳолбуки биз ташаббусни қўлга киритиш учун ҳали Берлин ҳудудига етиб бормаган эдик. – Бу, берлинликларнинг ўз вақтида нацистлар ва коммунистлар юксак баҳолаган меҳмондўстлиги эмасми?– деди у ва чуқур нафас олганди, бурун катаклари керилиб, турқи ўзгарди ва туйқус аянчли товушда бақирди: – Буюк Германия йўқ, диктатура йўқ! – Ана,– дедим мен,– сиз бу гапларни худди ўқитувчилар каби айтаяпсиз, касбингиз ҳам ҳойнаҳой ўқитувчидир-а? Сизга яхши маълум бўлса керак, Гитлер Берлинда ҳеч қачон кўп овоз ололмаган. Коммунистлар эса, кўп овоз олиш учун шаҳарга саксларни жойлаш-тирганлар. Лейпсигдаги намойишлар ҳам, агар уларда берлинликлар фаол иштирок этмаганларида бунчалар даражага етмасди. Сўнгги жумлани мен очиғи, алланечук ишончсизлик билан, аммо худди шундай бўлгандек оҳангда айтдим. – Агар сиз Пруссия ва мункиллаган Фриц ҳақида суҳбатлашмоқчи бўлсангиз, – давом этдим мен,– аввало ўйлаб кўринг, бизнинг Фридрих (худди шундай, «бизнинг Фридрих» дедим) Волтернинг яқин дўсти эди, мамлакатга картошка олиб кирган ва яҳудийларни ҳимоя қилганди. Мен ирод этаётган нутқимнинг шу ерига келганда поездимиз «Берлин–Ваннзэе» бекатига кириб келди. Ҳамроҳим суҳбатимиздан безгандек, дераза тарафга қараб олди. Энди хулосага ўтишим керак эди. – Мана нега сизга буларни айтаяпман,– дедим мен.–Аслида, ҳаммамиз яхшимиз. Биздан қўрқманг. Мабодо сизга кимдир, айтай-лик, сиз йўл-йўлакай чиққан юк машинасининг ҳайдовчиси ёки сиз бирон нима харид қилиш олдидан узоқ ўйлаб қолаётганингизни сезган сотувчи аёл қўполлик қилса, хафа бўлмасликка ҳаракат қилинг, бундан жанжал чиқарманг, шунчаки хотиржамлик билан «Сиз, нега сўкинаяпсиз?» деб сўранг! – Энди шуниси етмай турганди,– бурнини жийирди у. – Сиз уриниб кўринг. Балки, ўшанда «Э-е-е, оғайни, бунақаси ҳар куни неча маротаба учрашини билсанг эди», деган жавобни эшитасиз. «Йўқ, сен қара, қарагин, яна жим бўлиб қолдинг, у беўхшов бўлақолсин, сен эса бир кунда юз мароталаб айтасан, мен эса, қарийб ўн икки йилдан бери бунақа ҳодисалар қанча бўлганини ҳисобига етолмайман» дейди... Ва шундан кейин ўша ҳодисани айтиб беради ва охирида: «Шунақа, сен эса гапирасан. Майли, омон бўл, қария, лекин айтганларинг эсингда турсин», дейди. Сотувчи аёл билан ҳам тахминан шундай бўлади. Шу тахлит қаршингизда бир қанча ҳаёт муаммолари пайдо бўлади. Чунки, кўнгил тўлмаслик ортида ҳамиша оддий хоҳиш туради, ишонинг менга, мен буни биламан. Балки сиз, суҳбатимизни шу аснода давом эттиришингиз мумкин ва ўшанда сиз бу одамлардан ўзингизни қийнаган саволларга жавоб топасиз, буни эса «ўз-ўзидан рўёбга чиқадиган ғоя» дейдилар. Аслида эса, биз ҳаммамиз яхшимиз, буниси рост. Тўғри, ўзингизнинг берлинликлар ҳақидаги тасаввурин-гизга мос келадиган кишиларни топа олишингиз мумкин, аммо улар билан истайсизми-йўқми, бирингиз икки бўлмайди. Ана ўшанда уларнинг берлинлик эмас, бранденбурглик эканлиги аён бўлади. Таассуфки, кўпинча бизни улар билан адаштирадилар. Бранден-бургликлар ҳақиқатан ҳам сиз айтганингиздек одамлар... – Йўғ-е, нима деяпсиз?– хитоб қилди ҳамроҳим ва унинг овозида алланечук сохталик сезилди. У эшик олдида ҳам узрхоҳлик қилди, менинг сабоқ бўлгулик суҳбатим учун миннатдорчилик билдирди. «Ана холос, пишди гилос, сурбет!» – кулгим қистади ва айни чоғда унга Берлинда кўнгилчоғлик тилаб хайрлашдим. – Қизил чироқ ёниб турганда кўчани кесиб ўтишдан уялманг,– қичқирдим унинг орқасидан, аммо афтидан, у мени эшитмади... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Yoʻldagi qizil chiroq (hikoya) [Monika Maron] 453 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36643 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21833 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |