Шаҳар кўрган Шодиқул (ҳажвия) [Muhammad Ochil]

Шаҳар кўрган Шодиқул (ҳажвия) [Muhammad Ochil]
Шаҳар кўрган Шодиқул (ҳажвия) [Muhammad Ochil]
Мулла Мойлибойнинг кенжаси Шодиқул шаҳарда яшайди. Ўқитган ўқитувчилари: «Бу бола одам бўлмайди, ғирт чаласавод!» дейишарди. Йўқ, бинойидай... Ҳафта-ўн кунда, айниқса байрам, ҳайит кунлари «иномарка» машинасини «бип-бип»латиб келиб, қишлоқдошларнинг кўзини ўйнатиб кетади. «Нима иш қиласан шаҳарда?» деб сўраганларга кўкрак кериб: «Бизнес!» дейди-қўяди.
Шодиқул бу сафар катта акасининг: «Бобойнинг касали қўзилади... Дори-пори обке!» деган муждасини эшитибоқ йўлга чиқди. Келса, алдашмабди — «Бобой» чорпояда инқиллаб ётибди, ёнида эса қўшни қишлоқлик «фронтовой» жўраси Болта бақироқ шанғиллаганча ҳол-аҳвол сўраяпти:
— Ҳа, буйтиб, бутти кериб, узала тушиб қопсан, мулла? Контужинг яна қўзиладими?
— Бақирма-е! — Мойли бобо ёстиқнинг ғилофидан увада пахта олиб қулоғига тиқди. — Ҳали девдайман! Отамни биласан-а, юз ёшида нима қилган...
— Биламан, биламан! — яна шанғиллади Болта бова. — Отанг Жовли бова ошнинг тагида қолган зиғир ёғга чой қўшмасдан ичган, ўлишидан ярим соат олдин энангга бир қозон кесган ош қилдириб, орқасидан олтита моякни хомлай...
— Ҳа-а, ана! — Мулла Мойлибой кафтини чорпоя қиррасига тираб, ўмганини кўтарди. — Ана шу нафси бузуқлик, жўражон, менга ҳам отамдан ўтган. Касал бўлишимга сабаб, кеча Ғайбулла ғужала бор-ку... Эски «актив»лардан! Қадрдон-да энди... Ўшанинг неварасими-еварасими, ишқилиб бир чурвақаси армиядан келган экан. Эй-й... ҳозирги замоннинг жигитларига нима бўлган-а?! Бир дошқозон паловнинг ярми, мантининг тўрт-беш қасқони, икки товоқча яхна... шундайгина қўл урилмасдан қоб кеца бўлама! Ўлай агар, шу жигитларни қўшга қўшсанг ўн метр юрмай бути шишиб қолади-ёв. Лекин, бир яшик ҳалиги «шайтоннинг суви» бор-ку, ўшандан томчи ҳам қолмади!
— Нима? — бақириб юборди Болта бақироқ. — Мулла бўла туриб, сен ҳам ютдингми?
Мулла Мойлибой ўзини қайта ёстиққа ташлаб, беҳол бош чайқади.
— Томчи қолмаган бўлса, балони ютаманми? Қайтага исроф бўлмасин деб, Ғайбулла ғужала билан қолган ош, манти, яхнани... қуруқ тушираверибмиз, лаппа-лаппа ютаверибмиз...
Беморнинг хасталиги эсига тушиб кетдими, бу сафар кўзини юмганча инқиллади.
— Вой-й, жоним-ай! Вой, энажон-ай... Ғайбулла ғужала ғирромлик қилдими ё ўша кунлари мазам йўқмикан, ишқилиб, чатоғим чиқиб қолди-да, жўражон! Давлениям кўтарилди... Нечаво... Мана, шаҳардан Шодиқулим келди, ўзи тузатади! Аканг айтган дорини обкелдингми, тойчоқ?
«Тойчоқ» — тўрт болалик шаҳарлик ўғил Шодиқул кисса кавлади.
— Мана, ўзиям импортнийси.
Болта бобо Шодиқулнинг елкасига қоқди.
— Баракалла! Мулла, шу улинг сенга кўп меҳрибонда-а? Бир марта мени ҳам мошинада истансагача чиқариб қўйган. Қани, Шодиқул отангга дорини ичир... Бизди гурунгимиз кейин қизийди.
Шодиқул олиб келган дорисининг «ёрлиғи»ни ўқиб, ичиришга тадорик кўра бошлади.
— Ота... Бу шишачадаги суюқликни овқатдан ярим соат олдин ичиш керак экан. Рецептида шундай ёзишган. Шўрваям пишиб қолди. Xўш-ш, ош қошиқда... Болта бова, анови алюмин қошиқни узатворинг... Ота, энди оғизни катта очинг! Йўқ, шошмай туринг. Бу ерда ёзилишича... Болта бова қошиқни ушлаб турингчи...
Шодиқул эгилиб отасининг елкасидан тутганча уч маротаба қаттиқ-қаттиқ силкилади. Мулла Мойлининг бошидаги қалпоғи учиб гиламга тушди. Оғзи ланг очилиб қолган Болта бақироқ шоша-пиша Шодиқулнинг билагига тирмашди.
— Э-е-е! Эсинг жойидами, сен баччани! Касал одамни-я?
Шодиқул Болта бовага таънали боқди.
— Соддасиз-да отахон, керак бўлгандан кейин силкилайман-да!.. Мана, дорининг қоғозига отнинг калласидай қилиб ёзиб қўйишибди: «Ичишдан олдин уч-тўрт маротаба силкитилсин!» деб. Энди тушунгандирсиз?! Қани ота, оғизни очинг...
Мулла Мойли дорини ичгач, ўғлига меҳр билан қараб қўйди. Болта бова ҳам қойил қолганини яширолмади.

— Ҳа-а... Бежизга шаҳар кўрмаганда-а!..
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика