Сомон йўли (биринчи ҳикоя) [Muhammad Sharif] |
Кўкдан тилларанг сомон ёғиларди. Ёқа-енгингдан кириб борса, жиққа терлаган баданга ёпишиб, ачитиб-қичитадиган майда сомон зарралари, қилтириқлари, қилтаноқлари... Аҳёнда бир ўйноқилаган эпкин чанг ва ғубор орасидан сомон талқонини кўкка кўтариб чиқади-да, ботаётган қуёш нурларига тутади. Қуёш нури олтин зарраларга қоришганча бир лаҳза муаллақ қотиб, сўнг чил-чил сочила бошлайди. Йилтираган сомон зарралари яна пастга тушиб, қуюқ чангга қўшилади ва борлиқни ғубор чулғаб олади. Тупроқ, сомон ва ёввойи ўтларнинг омухтасидан иборат эринчоқ чанг қишлоқ ичидан чиқиб кетишни истамайди. Йўл-йўлакай саратондан мажоли қуриб, шалпайиб қолган япроқлар устига қўнади. Беҳининг майдатук, барқуцимон япроқлари чангни бошқалардан икки ҳисса кўп тутиб қолади. Қишлоқни қуюқ тумандек чулғаган ғубор орасидан мирзатеракларнинг учигина кўзга ташланади. Қалин чанг остида қулоқни қоматга келтирувчи моторнинг тариллаган овози тинмайди. Ботир дўхтир Николай пошшонинг замбарагини ёдга солувчи қўлбола комбайнда буғдой янчади. Бу матоҳ бошоқдан буғдойни ажратиш учун эмас, кесак ва сомон чайнаб, чангини атрофга пуркаш учун ишлаётгандек. Юзига сақич бойлаб кетган чит дурра тутган дўхтир «замбарак» оғзига тўхтовсиз дасталаб буғдой тиқади. «Замбарак»нинг эгаси бошқа мижозларга ҳам улгуриш учун дўхтирни тинимсиз тезлайди ва ўзи ҳам жон ҳалак сомон тортади. Ботир дўхтирнинг икки бўйсара қизи ва кенжатойи буғдой боғларини пешма-пеш етказиб турибди. Уларнинг юзидан қуйилаётган тер гупиллаб урилаётган чангга қўшилиб, лойқага айланади. Ботир пешонасидан кўзига оқиб тушаётган терни артиб олишга имкони бўлмаганидан кўзини қайта-қайта юмиб очар, шунда шўр лойқа кўзёшлари изидан пастга қараб сизар, лекин йўл-йўлакай ҳовур-ҳароратда қуриб, эгнида юпқа лойсувоққа айланишга улгурарди. У комбайннинг оғзидан тўкилаётган донни элас-елас кўриб қолар ва ғайратига ғайрат қўшиларди. Комбайннинг ёнбошига ўрнатилган паррак буғдойнинг пучагини учириб, шамол пудаб турарди. Аслида, оддий бир ўткинчи бу манзарани илғаши қийин, унинг назарида Ботир ва болалар адирда кўтарилган қуюн ичида адашиб чопиб юрган шарпалардек туюларди. Қишлоқда бу кеч қўлбола комбайнлардан бир эмас, икки-учтаси ишлаб тургани боис қайси кўчадан кирилмасин, қуюқ чангга дуч келиниши тайин. Буғдой чиқариш мавсуми ҳали бирор ҳафта давом этар? Қўлбола комбайнларга навбатда турганларнинг рўйхати ҳам узун. Эринганлар ўтган-кетган машинами, от-улов янчиб ўцин деб буғдойни шундоқ йўл ўртасига ёйиб қўйган. Қишлоқнинг чанг босган меваси ва узумлари куз келиб, ёмғирлар бошлангандан кейингина ювилади. Ана ўшанда беҳилар ҳам тилларанг бўлиб товланади. Лекин ҳали унгача анча бор. Ҳозир эса тун яримлаб қолди. Комбайнлар ҳам тинчиди. Эгалари уларни симёғочдан узиб, навбатдаги хонадон эшиги тагига судраб элтди ва ўзлари анҳорга чўмилгани тушиб кетди. Ботир дўхтир болалари билан буғдойни қоплаб, ичкарига ташиб қўйгандан сўнг, анҳор бўйига тушди, чўмилиб чиққач, тегирмончи билан бир шиша винони бўлишди. Шароб унинг ёғочдек қотган бармоқларини юмшатиб, том битган қулоқларидаги шовқинни тарқатиб юборгандан кейин сувнинг шарқирашию теракларнинг шовуллашини эшитди, тунги салқинни туйди ва жим қолди. Узоқ сукут сақлади ва бирдан ўрнидан турди-да, тегирмончига ҳеч нима демай жўнаб қолди. «Ҳўв дўхтир, нима бўлди, қайга шошяпсиз?» унинг ортидан бақирди ҳайрон қолган тегирмончи. «Саҳар пиёзга дори септиришим керак,» деди у. Ботир адирда экилган пиёзини дорилатиш учун бугун ишдан келишда қўшни қишлоқдаги заҳарчининг уйига ўтганди. Агар пиёз шу кунларда доридан қолса, ҳосилни бит еб битиради. Бу ўйдан унинг оёқлари ўз-ўзидан илдамлаб кетди. Чанг қишлоқ узра қўниб-ўтириб бўлди. Сомон зарралари деразалардан уйларга кириб борди, кимнингдир тўнтарилмай қолиб кетган қозонини босди, токка осилган солмадаги сути юзини қоплади. Қишлоқнинг шакли-шамойили энди бор бўйича кўринди. Бодраб чиққан юлдузлар қишлоқ кўчалари ва катта асфалт йўлни қоплаган сомонларда жилваланди. Тонгга яқин ҳаво мусаффоланди ва енгил шабада турди. Чангга териси юпқаларнинг тунги аччиқ-аччиқ чучкириклари ҳам тиниб, ёзнинг оромбахш ва салқин тонги ота бошлади. Катта йўлдан машиналар ғизиллаб ўта бошлаган пайт Ботир адирга отланди. У кўча томонга эмас, ҳовли тепасидаги далага юрди. Шу тариқа адирга элтадиган йўлга кесиб чиқиш мумкин. Ёмғирларда ювилиб, қуёшда туллаб, ўркачга ўхшаб қолган пахсадан ошиб ўтди, кейин қўшниларнинг девори бўйлаб юрди. Қишлоқ чети бўлгани учун кўплар девор олмай, дарахт ва буталарни тиғиз экиб қўра қилган, баланд бақатераклардан тортиб, пастак дўланаю наъматаклар далани қишлоқдан ажратиб турарди. Ботир дарахтлар оралаб кетар экан, илкис тонгги сокинликни бузиб янграган қуш сайроғини эшитди. Кутилмаганда таралган бу сас унинг ҳали тўла уйғонмаган сезгиларини ҳушёр торттирди. Қушнинг товушида дарахтзорнинг сеҳрли садоси ҳам бор эди. Ботир бу оҳангни эшитмаганига юз йиллар бўлдиёв. Ҳали тонг оқариб улгурмади, тонги майинлик ва сокинлик аро янграган товуш уни ерга михлаб қўйгандек бўлди. Ботир шу қотганича бир қанча пайт туриб қолди. Товуш иккинчи марта такрорлангандан кейин яна ўзига келиб, атрофга зор аланглади. «Наҳотки яна шундай қушлар биз томонларга қайтиб келган бўлса?!» У қулоқларига ишонқирамай, дарахтларни бир-бир кўздан кечира бошлади. Энкайиб дарахтлар оралаб юрди. Қуш яна овоз берди. У чўккалади. Ортидаги қайрағочга суяниб, кўзини юмди ва ўзини алланечук сархуш ҳис қилди. Атрофга таралган товуш дарахтларга урилиб акс-садо берар, бора-бора қуюқ барглар орасида сингиб кетишидан аввал оқараётган тонг ҳавосида зангор-яшил из қолдириб кетаётгандек туюларди. Ботир кўзини кирт очиб, овчидек атрофга аланглади. Ёввойи бир ҳиссиёт ич-ичидан тўлқин уриб кела бошлади. Қаердан келмоқда эди бу товуш. Қушни ҳуркитиб юбормаслик учун оёқ учида, дарахтларни бир-бир ушлаб қадам ташлади. Қушнинг сайроғи тингач, бу сеҳрли оҳанг қайта янграшини кутиб карахт қотар ва шохларни кўз қири билан кузатар, кўз қорачиғининг қўққис ҳаракати ҳам қушни ҳуркитиб юборгудек эди. Ҳар гал сайроқ янграганда у қуш турган жойга тобора яқинлашиб қолганини ҳис қилар ва ҳаяжони ортарди. Субҳидам, мусаффо ҳаво, сада ва дўланаю наъматаклар, шудрингда юмшаган шох-шаббалар, ёввойи ялпиз ва чучукмиянинг ўткир ҳиди ҳамда қишлоқ четидаги бу сокинлик, буларнинг бари қўшилиб уни аллақаерларга чорлагандек бўларди. У чакалакзор орасида анча юрди. Орада қуш узоқ вақтгача товуш бермади. Лекин у ҳар бир дарахт ва бутани сергаклик билан кузатишдан тинмади. Ва ниҳоят, у ярим қуриб бўлган қайрағоч шохида ўтирган қушни барглар орасидан илғади. У яна ҳам яқинроқ бориб бамайлихотир кузатмоқчи бўлди ва қурғаб қолган ариқ ичидан қайрағочга яқинлаша бошлади. Илкис унинг шундоқ ёнидаги қоратол ковагидан чумчуқ пириллаб учиб чиқдию ҳуркиган қуш учди-кетди. Ҳавода тўлқин-тўлқин из қолдириб, лоп-лоп этиб ғойиб бўлди. Қайрағочнинг қуруқ шохи титраганча қолди. Ботирнинг кўксидан ҳам бир нима потирлаб чиқиб, қушга эргашиб кетгандек бўлди. Нима эди у?! Нега энди уни яна ташлаб кетди? Неча замонлар бўлди унинг юраги бундай урмай қўйганига... Ботир қоратолга елка тираганча сирғалиб ўтирди, оёғи остидаги ажриқларни чимдиб юлди, қадоқ бармоқлари ер тирнай бошлаганда қўлига лаппакдек тош илинди. У тошни тозалаб ялтиратмоқчидек кафтига ишқаб арта бошлади ва шу алпозда хотираси ҳам тиниқлаша бошлагандек бўлди. * * * Ўзи ёшлигидан миқти, лекин абжир ва чайир бола эди. Маҳалласидаги болаларга бош бўламан деб ўзини ўтга-чўққа урар, маҳалла шаъни, қишлоқ шаъни деб жанжалга бош суқишдан тап тортмас, тўйларда кураш тушар, эшакдек чайир бу боладан бир-икки синф юқорида ўқийдиган ўспиринлар ҳам ҳайиқиб турарди. Шу сабабдан у тўйларда ўчоқ атрофида йиғиладиган йигитлар даврасида фахрли меҳмондек ўтирарди. Дошқозон учун ковланган, қарсиллаб олов чатнаб турган ерўчоқ атрофида олди-қочди суҳбатлар, аскиялар, армиядаги ярми лоф саргузаштлар тинмасди. Ҳарбий хизматдан янги келган, дўпписини пешонасига қўққайтириб, кўйлагининг олдини киндиккача очиб, учини белбоғнусха тугиб юрадиган посон йигитлар билан тенгма-тенг бўйлашадиган Ботирга тенгқурларининг ҳаваси келарди. Мактабда «ким бўлсам экан» мавзусида иншо ёзилганда Ботир «Мен армияга бораман. Менинг ҳам бошқаларга айтадиган ўз саргузаштларим бўлишини хоҳлайман,» деб ёзганди. Ботир қишлоқда фақат икки ўртоғини «ошна» деб чақирар, «ошна» деб чақирилган ўша икки болага ҳамманинг ҳаваси келарди. Ўша пайтда муҳаббат ва дўстлик ҳақидаги ҳинд филмлари машҳур бўлиб, кимлардир ундаги қўшиқларга тақлид қилса, Ботир муштлашув саҳналарини қайта-қайта кўриш учун туман марказига қатнаб чарчамасди. Мактабни тугатиш йили синфдошлар охирги марта ғўза чопиққа чиқишди. Олдинда ҳали битириш кечалари, орзу-ҳавасларга тўла янги дунё. Синфдош қизлару йигитлар бу дамлар қайтиб келмаслигини ҳис қилгандек аҳил тортиб қолган. Энди аввалгидек оёқ остида топталган ёки ногоҳ чопиб ташланган ғўза ниҳоли ҳақида қайғуришлар ўрнини бошқа туйғулар эгаллаган. Эгатларда чўккалаб олиб қуриладиган суҳбатларнинг адоғи йўқ, нигоҳлар, қарашлар алланечук сирли ва маъноли. «Исталин» лақаби билан машҳур туман маориф бўлими мудири ўша пайтлар катта бир йиғинда «Косонсойда қуёш нури биринчи бўлиб Гўрмиронга тушади, бироқ бу қишлоқдаги мактаб ўқувчилари далага нима сабабдан ҳаммадан кеч чиқади?!» деб ўшқирганди. Мактаб директори ва ўқитувчилар эса йигит-қизларни оқшом пайти даладан қайтаролмай ҳалак эди. Лекин Ботир ҳамон ўша-ўша, унинг чапани феълида ғурур ва ориятдан ўзгаси йўқ эди. Қизлар ҳақида эса уларни ҳимоя қилиш зарурати туғилгандагина ўйларди. Кузатувчан одам борлиқда соат сайин ўсиш-ўзгаришни илғайдиган серавж май кунларининг бирида Ботир даланинг уватига тушди. Эгатлар тутқаторнинг тагида бўлгани учун ажриқ ва ғумайга тўла эди. Синфдошлари анча илдамлаб кетиб, ўқариққа яқинлашиб қолганди. У гоҳ тошлоқда кемшик бўлган кетмончасини тошга қўйиб теради, гоҳ ажриқларни юлқилайди, лекин ишда тиним ҳам йўқ, унум ҳам йўқ. Лекин у ортда қолиб кетганига сира парво қилмайди, чунки одатда қизлар иш охирида ҳашар қилиб, эгатини қайтариб келишини билади. Кун қизигандан қизиб борар, ердан кўтарилган ҳовурда ўқариқ томондаги синфдошлар жимирлаб кўринарди. Тепароқда қизлардан бири ёмғирпўшини тутнинг шохига илиб кетибди. Ботир ўша зангор, чумчуқ галасидек кутилмаганда бир кўтариладиган иссиқ елда ҳилпираб қўяётган ёмғирпўшни марра белгилаб, унга етгунча бош кўтармасликка аҳд қилди. Ҳадеб эгат охирига қарайверса, худди олдинга эмас, орқага қараб кетаётгандек туюлади. Ботир паккага етиб келганини боши ёмғирпўшга текканида сезди. Нафас ростлаш учун бошини кўтармоқчи эди, шохга илинган силлиқ либос унинг юз-кўзидан сирғалиб ўтди. Ботир кетмончасини ерга урган кўйи қотиб қолди. Унинг бутун вужуди ёқимли бир ҳисдан сесканиб кетди ва беихтиёр ерга ўтирди. У сармаст эди. Бироздан сўнг ўзига ҳеч ким қарамаётганига ишонч ҳосил қилгач, бошини яна бир марта кўтариб, юзини ёмғирпўшга қайтадан тегизди... Ва парвоз қилаётгандек бўлди. У пахта даласи узра учарди, бошларига оқ дурра танғиб олган қизлар, кўйлагини бошига ёпинғич қилган болалар пастда ер таталаб ётар, у эса тобора баландроқ учар, кўм-кўк осмонда лочин каби қанот керар, сўнг камон ўқидек пастга шўнғир, кейин қалдирғочдек ер бағирлаб учар, бора-бора ўзини печакгулга қўнаётган капалакдек ҳис қиларди. Ногоҳ унинг назарида баҳор осмони булут тўплаб, момақалдироқ турди, яшин чатнаб, шаррос ёмғир қуйди. Юз-кўзига тасирлаб урилаётган муздек томчилардан сесканиб, ваҳм аралаш ёввойи қутқу ичида телбалардек қичқириб, ич-ичидан кўкрак қафасига потирлаб урилаётган тилсим қушни учириб юборгандек бўлди гўё. Гўё бирдан ёмғир тиндию атроф чароғон бўлди, у ҳали кўрмаган турфа ранглар, сезмаган ҳидлар орасида каловланиб ўтирар экан, бу сержило оламда унга нимадир, кимдир таниш эди. Синфдоши Замира, унинг ёмғирпўши, ҳиди, кумуш қўнғироқдек жарангдор ва ёқимли овози... Ботир шу алпозда анча вақт қолиб кетди. Юраги гупиллаб урар, калласида жарқалдирғочдек чарх ураётган фикрлар кетидан қувиб етолмасди. У кўзини юмганча эгат ичига ётиб олди. Анча вақтдан кейин кўзини очди. Энди у дунёга бошқача нигоҳ ташларди. Xудди бир умр чанг бойлаб ётган дераза ойналарини кимдир ярақлатиб ювиб қўйгану ташқарида у шу пайтга қадар сезмаган ҳаёт тўқ ва бой рангларда жўшқин давом этарди. У нималарнидир энди тушунгандек бўлди. Анҳордаги сувнинг шовуллаши, толкўприкнинг ғийчиллаши, қушларнинг чуғур-чуғури, қизларнинг юк машинада далага қўшиқ айтиб келишию қўшиқ тугагандан сўнг бир-бирларига урилиб-сурилиб, қиқирлаб кулишлари, бари-бари қулоқлари тагида жаранглай бошлади. Бу товуш-овозларда у авваллари илғамаган маъно, йўқ-йўқ, ҳеч кимга кўрсатиб ёки айтиб бўлмайдиган сир борлигини англагандек эди. Навбатчи қиз пиширадиган макарон бўтқаю бакда чала қайнаган ва мумқоғоз ҳиди келиб турадиган чой нега хуштаъмлигини энди илғагандек. Шаррос жала қуйиб юборганда қизлару болалар бир туп чинор тагидан паноҳ топганию елка-тирсаклари бир-бирларига ногоҳ тегиб кетгандаги орзиқиш-сесканишлар, тер ва намдан таралган ҳидлар, буларнинг бари-барида энди маъно бор эди. У худди шунга ўхшаш, лекин бундан анчайин кучсиз, ёки агар ҳидларда ранг бўлгандайди, шу ҳиднинг очроқ рангини қачонлардир бир кўргандек эди. Ўтган йили қишда институтда ўқийдиган опаси икки толиба дугонасини олиб келганди. Ўша куни қишлоқда тўй эди. Толиба қизлар ясан-тусан қилиб, атир-упа суриб тўйга чиқиб кетишгач, Ботирнинг кўзи сандал устида қолган «Ёшлик» деган журналга тушди. У журнални қўлига олгач, ундан жуда ёқимли, лекин бегона бир ҳидни туйди. Ўшандан буён бу хуш бўй толиба қизлару ёшлик ҳақидаги журналлар билан боғлиқ бўлиб хотирасига ўрнашиб қолганди. Лекин бугунги ифор.... Ботир бутунлай ўзгарди. Энди Замиранинг ҳар бир ҳаракатию сўзидан ўзгача бир маъно топарди. Қиз нимаики демасин, нимаики қилмасин, унинг учун ёқимли туюларди. «Замира» деган исм маъно касб этди, Замиранинг кўчаси сариштароқ, дарвозаси ёнида ўсган шотути қадрдонроқ кўринадиган бўлди. У ана шундай хушхаёллар оғушида юрган кезларда тасодифан Замира билан ёнма-ён эгатга тушиб қолди. Улар ишлаётган дала четида бир ташландиқ боғ бўларди, кўп дарахтлари қуриб кетган, ғўзадан ошиб чиққан пероб сувдан ичиб қолганлари яшнаб турарди. Боғ қаровсиз бўлишига қарамай, баҳор ва ёзда ғўзага ишлов беришга келган мактаб ўқувчиларию колхозчиларга соя берарди. Ботир ва Замира бошқалардан ортда қолиш учун кетмончаларини ерга енгил урар ва тез-тез суҳбат қуриб, эгат ичида узоқ ўтириб қоларди. Ўшанда уларнинг суҳбатини бузиб боғдан бир қушнинг ажиб сайроғи эшитилди. Ногаҳон янграган бу оҳанг кетмонларнинг чақир-чуқур тошлоқ ерга урилишидан чиққан товушни бир лаҳза бўлса-да, босиб кетди. Ботир тошдек қотди, Замира ҳайрат ила аланглади. Улар бу қуш ҳақида кўп эшитган, бироқ ўзини ҳеч қачон учратмаганди. Ботир қушлар ҳақида билганларини гапира кетди. Аслида у бу гапларни бир синф пастда ўқийдиган, ҳамма «қуш жинниси» деб атайдиган боладан эшитган, кўп марталаб қушлар уялайдиган жарларга бирга борганди. Улар азбаройи қизиқишдан боққа киришди. Қушни ҳуркитиб юбормаслик учун оёқ учида қадам ташлашди. Дарахт ва буталар қуюқлашган жойда Ботир баланд ёнғоқнинг шохлари орасида ўтирган бир қушнинг думинигина кўра олди. У Замирани сўзсиз ўзи томон имлади. Замира унга шу қадар яқин келдики, Ботир унинг гупиллаб ураётган юрак товушини, илиқ нафасини сезди ва ихтиёрсиз ҳолда унинг яноғидан шартта ўпич олди. Замира «вой» дедию ҳуркиб, сапчиб қочиб кетди. Қуш ҳам пирр этдию учди кетди. Ботирнинг юраги эса типирчилаб қолди. Замира томонга қарашга ботинолмай, кўзи лоп-лоп учиб бораётган қуш ортидан эргашди. Ботир армияда икки йил хизмат қилиб келгандан кейин Замирага уйланди. Xизматдан аввал бир йил тиббий билим юртида ўқиганди, ҳарбийда фелдшер бўлиб ишлади. Қайтиб келганида кўп нарсалар ўзгариб кетди... Шўро Иттифоқи қулади, ғоялар ўзгарди, одамларнинг ҳаётга қарашлари янгиланди, ҳаётнинг ташвишлари-да янги қиёфа топди, етти ухлаб тушга кирмаган воқеалар пайдо бўлди. Онаси ёшлигида ўтиб кетган, отаси касалманд бўлгани учун Ботир тенгқурларидан кўра эртароқ уйланди. Ўқишни давом эттириш учун икки йил тиббий университетга ҳужжат топширди. Киролмагач, умид узди-да туман марказидаги шифохонада ишлади. Лекин бир маош билан рўзғор тебратиш, тўшакка михланган отага қараш, укани уйлантиришнинг ўзи бўлмади. У ерга ёпишди. Колхозлар тарқатилиб, ўрнига фермерлар чиққан, мол-қўй боқиш учун парча ер қолмаган. У чек ер олиб шундан даромад кўтармоқчи бўлди. Бир неча йил уриниб тузукроқ ҳосил кўрмаса-да, пиёз экиш ҳадисини олди. Бу вақт ичида одамгарчилиги ва зеҳн-фаросати туфайли ўзи фелдшер бўлса ҳам халқ орасида «дўхтир» деган ном қозонди. Xалқ бировга шунчаки ном бермайди, бунинг учун аввало тан бериши керак. Аслида ҳам Ботир анча-мунча шифокордан кўра қўли енгил ва тажрибалироқ эди. Қишлоқда унга тиним йўқ, энди енг шимариб кетмонга узанса, кимдир ҳовлиқиб келиб қолади. «Тез юринг, онамнинг қон босими кўтарилиб кетди», ёки «ўғлим томдан йиқилди» деб келувчиларнинг кети узилмайди. Касаллик фурсат кутмаганидек, беморлар ҳам вақт кутмайди, Ботир кечасию кундузи тиним билмайди. Шунинг орасида деҳқончилик ҳам қилади. Сув қаҳат бўлиб чек ердан олинадиган арзимаган даромаднинг ҳам баракаси учди. Энди у фермерлардан ижара ер олиб, пиёз эка бошлади. Касалхонадан келадию далага чопади. Ижара ҳақини ҳосилдан тўлайди. Лекин ҳар йили посанги ўша: ови юрса тови юрмайди, тови юрса ови чопмайди, дегандек. Ҳосил зўр бўлганда пиёз арзон, пиёз қиммат бўлганда ҳосилнинг мазаси йўқ. Ҳар иккиси ҳам бўлганда ҳосилни шира еб битиради. Лекин Ботир халқ орасида юрадиган гапга ишонгиси келади: деҳқоннинг пирлари пиёзни етти йил экиш керак, шу етти йилдан биттасида пиёз остонангни тиллодан қилиб ташлайди, деган эмиш. Бу йил беш йил бўлади пиёз экишни бошлаганига. Икки йил қолибди. Кейин нима қилади? Пиёздан бой бўлмаса, картошка экади. Барибир меҳнат қилиш керак, болалар катта бўляпти. Лекин дўхтир зоти ерга ёпишмасин экан, ўзи шу касб эгаларига жин-пин теккан бўлса ажабмас. Қишлоқдан учта дўхтир чиққан. Иккитаси ҳозир нафақада, умри ер чопиш билан ўтди. Валижон дўхтир қишлоқ этагидаги адирда йигирма йил тош териб, қўриқ очди. Ишдан келади-да, эшакаравага ўтириб боғига йўл солади. Йўлда «Қаро кўзимни» хиргойи қилади, авваллари маст бўлиб қолса тўйларда ҳам шу қўшиқни айтиб ҳаммани безор қиларди. Энди биров билан иши йўқ, кетмондан ҳориган пайтлари боғининг тепасидаги дўнгликка чиқиб олиб, най чалади. Баъзан найнинг ғамгин нолиши ярим тунга қадар тинмайди. Бу йил сув тақчил, боғ қуриб ётибди, найдан чиққан куй ҳам саратоннинг жазирамасидек юракни ўртайди. Раҳматилла дўхтир ҳам унинг ёнидан боғ қилган. Бироқ бу дўхтирнинг ичадиган одати йўқ, най ҳам чалмайди, лекин кетмонни қўлидан қўймайди. Учинчи дўхтир бу икковидан анча ёш. Ҳали боғ савдоси бошига тушмаган. У ҳозир Россиянинг тиббий экспедициясига қўшилиб Қизил денгиз соҳилидаги бир мамлакатда ишлаб юрибди. Ойлиги ҳартугул яхши экан уй-жойини тиклаб олди. Айланиб-айланиб охири у ҳам ерга ёпишадиган кўринади. Шу ёзда таътилга келганида қишлоқдан томорқа ер олиб, терак ва гилос кўчати ўтқазиб кетди. Келади-да бир кун тупроқ ялагани. Нега дўхтирлар ерга деҳқондан ҳам қаттиқ ёпишади. Оппоқ халатини кийиб, эгнига гард юқтирмай юрса бўлмасмикин? Нега ўзини ҳадеб ерга уради...тупроқ титкилайди. Балки кўп қон, кўп ўлик кўрганидандир... Ботир ариқ ичида тин олиб, бу хил ўйга чўмиб қанча ўтирганини билмади. Қуёш эса сўраб-нетмай терак бўйи кўтарилиб қолибди. Адирга етгунича кун қизиб кетади. Пиёзга дори сепадиган заҳарчи ҳам кутиб-кутиб кетиб қолган бўлса керак. У энди уйига қайтишдан бошқа чораси қолмаганидан оғир қадамлар билан ортга қайтди. Уйининг вассажуфт шифтига термулиб ётишни ўйлаб юраги сиқилди. Қишлоқда вассали уй деярли қолмаган, ё фанердан қўшнова қилиб нақш солинган ёки гипсқоғоздан шакл бериб, мойбўёқ сурилган, баъзилар шифтига турли рангларда шуъла таратадиган энг охирги русумдаги чироқлар ўрнатган. Ҳовлига тушиб келар экан, отасидан қолган уйга ёнбош солинган чала иморатга қараб, балки бугун гувала қуйсамми, деб ҳам ўйлади. Кеча тунда чиқарилган сомонни маллага солиб ташиётган хотини эрининг эрта қайтганидан ҳайрон бўлди. «Ҳа, иш битдими?! Пиёзга заҳар септирдийизми?» деб сўради. У нима жавоб қилишни билмай туриб қолди. Нима десин энди хотинига? «Мен бир қушни, ёшлигимдаги қушни учратдим. Сенга кўнгил қўйганимда, сендан илк бўса олганимда учратган қушни. Эсингдами ўшанда... э, у пайтлар сен бошқача эдинг, мен бошқача эдим, ҳаёт бошқача эди. Xуллас, адирга кетаётиб ўша қуш товушини эшитдиму, ўзини кўрмоқчи бўлиб пиёзга бора олмадим. Шира еб ётган пиёз яна заҳарсиз қолди. Энди қачон касалларимдан бўшайману қачон далага бораман, унгача пиёзни шира еб ётар. Манови чаладеворнинг томи яна ёпилмай қолади, қиши билан деворлари нураб тушади, янаги йил ёзда яна қайтадан урамиз. Болларинг мактабга яна эски кийимларини кийиб боради. Сен эса қизингни сепига ташлайдиган помбарқитни ололмайсан. Ҳаммаси ўша қушни деб бўлди, биргина қуш-а. Ўша зорманданинг бўй-бастини тўлиқ кўра олган бўлсам ҳам бошқа гап эди!» дейдими. Бу хотин зоти тушунадими ўзи? Жинни бўлибди, деб ўйлайди.Ундан кўра, сассиқпопишакни кўрсангиз яхши бўларди, деб киноя қилиши тайин. «Дарвоқе, сассиқпопишаклар ҳам келмай қўйди-я биз томонларга,» Ботир бу ўйдан кейин илжайди ва хотини кўриб қолмаслиги учун юзини терс ўгирди. Ў, аёл зотидан бир нарсани яшириб бўларканми!? «Э қанақа одамсиз ўзи, нега тиржаясиз, заҳар нима бўлди, заҳар,» деди энсаси қотиб. «Заҳарчи кемади.» Xотини кулгисини сезиб қолганидан жаҳли чиқди унинг. «Нега кемас экан, нима бўпти?» «Заҳарчи заҳар ичиб ўлипти.» У жаҳл билан узумток устунини тепганди, кечаги чанг ва сомон зарралари бошига дув тўкилди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36643 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21833 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |