Йўл (ҳикоя) [Muhammad Ziyo] |
Ҳақиқий йўл юқорида эмас, аксинча шундоққина ер устига тортилган дордан ўтади. Бу йўл одимлашга эмас, балки ҳамиша қоқилиш учун мўлжалланганга ўхшайди.Франс Кафка Кечаси билан ёғиб чиққан ёмғир бомдодга бориб тинди. Ҳаво бирам енгилки, ҳатто бироз иситмалаб турган бўлсам-да ҳис қилдим. Бетобликдан ланж бўлиб, ишхонага ҳам кечикиб бордим. Ҳамиша чошгоҳдагина қора бўладиган бошлиғим каллаи саҳарлаб келибди, аксига олиб мени йўқлаганига ўлайми? Ҳаммаси расво бўлди. Кўза кундамас, кунида сингани шу бўлса керак-да. Таваккал қилиб раҳбарнинг хонасига кирдим. Ҳартугул кайфияти яхши экан, индамади. Тўғридан-тўғри мақсадга кўчди. Бир идорага шошилинч ҳужжатни етказиш зарурлигини айтди. Жўнадим. Айтилган манзилга бордим. Қора ойна қопланган баланд бинонинг атрофи арча ва панжара билан ўралган. Дарвоза ёнидаги милитсия ходими ҳужжатимни сўради. Бердим. У гувоҳномамга узоқ термулди-да, амал қилиш муддати ўтиб кетганлигини айтди. Ишонмадим, ўзим ҳам зеҳн солиб қарадим. У ҳақ эди. Шунда мен Фалончининг олдига муҳим топшириқ билан келганимни тушунтирдим. У пинагини ҳам бузмай тураверди. Нима қилишимни билмай, ноилож ялинишга ўтдим. – Ўртоқ камандир, шу қоғозни ташлайману чиқаман. – Иложи йўқ, – деди у қатъий оҳангда. – Унда бу қоғозларни ўзингиз олиб қолинг, – дедим жаҳл билан. – Мумкин эмас, – деди кўзларини лўқ қилиб. – Нима қилиш керак бўлмаса? – дедим асабийлашиб. – Паспорт борми? – Нима? – дедим энсам қотиб. – Нима, нима, паспорт режимини билмайсанми? Доим паспорт ёнингда бўлиши керак: Мен ростдан ҳам паспорт режими ҳақида билмасдим. У билан тортишишдан фойда йўқ деган фикрга келдим. Уйга қўнғироқ қилдим, хайрият, укам ҳали кетмаган экан, унга паспортимни олиб келишни тайинладим ва бир четга ўтиб кутиб турдим. Яна иситмам кўтарилди шекилли, ҳолсизланиб, пешонамда тер пайдо бўлди. Шунда пешонамни темир панжарага беихтиёр текқаздим. У шу қадар муздек эдики, баданимдаги бор ҳароратни суғуриб олгандай бўлди, ўзимни анча енгил ҳис қилдим. Гўё унинг шифобахш хусусияти бордай, тавба. Панжарага разм солдим, у жуда бежирим ишланган. Баландлиги ҳам икки-уч метр келади. Найзасимон учлари қуёш нурида ялтирайди... Дарвозага яқинлашдим. Бир киши одми кийимда келиб, қизил жилдли гувоҳномасини кўрсатди. Милитсия ходими дарҳол чаккасига қўл босди. Келувчининг ортидан кузатиб турар эканман, бир оёғини чап томонга қийшайтириб босаётганини пайқадим. Машина сигнали эшитилди, ўгирилиб қарасам, укам таксида келибди. Постдаги ходим ҳуштагини чалиб, «Бу ерда машина тўхташи мумкин эмас» дегандай ишора қилди. Мен паспортимни олдим-да, укамга «Кейин телефонлашамиз» дедим. Машина жўнаб кетди. Ходим паспортимни текшириб бўлиб, қайтариб бераётганда ёмғирдан қолган кўлмакка «тап» этиб тушиб кетди. Иккаламиз ҳам бараварига «Ие...» деб паспортга ёпишдик. Ҳужжатимни қўлга олиб бир-икки силкитиб, ҳавода қуритган бўлдим-да, сумкамга солдим. Постдаги ходим ҳам хижолат бўлди шекилли, «Бўлди, бораверинг» деди. Бинога кирганимда яна бир мундирли ва икки фуқаро кийимидаги навбатчиларга дуч келдим. Мен Фалончига ҳужжат олиб келганимни такрорладим. Фуқаро кийимидаги навбатчининг ранги бир оқариб, «Бир даққиқа» деди-да, чаққон рақам тера бошлади. Бир оздан кейин зинадан чиройли, «бир қошиқ сув билан ютиб юборса бўладиган» қиз тушиб келди-да, кесатиқ оҳангида «Бунча кеч қолдингиз», деди қоғозларни олар экан. Кейин навбатчиларга қараб, «Қалайсизлар, йигитлар», деди минг бир ноз-карашма билан. «Ҳойнаҳой бу котиба бўлса керак», деб ўйладим. Шу машмашадан қутулганимга шукур қилиб кўчага отилдим. * * * Топшириқ бажарилди, бугун ишга қайтиб бормасам ҳам бўлади. Кўлмаклардан ҳатлаб борар эканман, анави фуқоро кийимидаги орган ходимини негадир оёғини чап ташлаб босаётганини эсладим. Ва беихтиёр бундан анча олдинги бир воқеа ёдимга тушди. Ўшанда оғайнимнинг тўйидан жуда кеч қайтаётгандим. Ёмғирдан паналаш учун бошимни курткам ичига тортиб олгандим. Бекатгача яна икки юз метрлар юришим керак. Бу вақтда автобуслар қатнамайди, мақсад ёмғирдан панада машина тўхтатиш. Ивиб борар эканман, ҳар эҳтимолга қарши чап қўлим билан машина тўхтатиш ишорасини кўрсатиб борар эдим. Машина тўхтади. Манзилни ва нархни айтгандим, «Бунча кам бермасанг, озроқ қўш» деди ҳайдовчи. Рози бўлмадим. Бошқа машина тўхтади. Унга ҳам шу нархни айтдим. У ўйланиб турди-да, ниҳоят рози бўлди. Ҳайдовчи эллик ёшларда, ёнидаги қирқлардан ошган аёл билан чақчақлашиб борарди. Ҳайдовчи ойнадан менга кўз ташлаб: – Шунча узоқ йўлга бунча оз пул беряпсиз? – деди кулимсираб. – Ўзи битта йўл бўлса, хоҳлайсизми-йўқми, шу йўлдан юрасиз, тўғрими? – дедим сўқирнинг кўзига ҳақиқатни кўрсатиб қўйган донодай гердайиб. – Тўғрику-я, лекин сиз айтган манзилга етмасдан чапга қайрилиб кетишимиз керак эди, – деди ҳайдовчи, унинг гап оҳангидан «устига озроқ қўшсангиз бўларди» деган маъно сезилиб турарди. – Қадам ташлашингиз жуда кулгили экан, ёмғирда ивимасин деб оволдик, – деб гапга аралашди ёнидаги аёл вазиятга аниқлик киритмоқчи бўлиб. Мен уларни келишилган нарх устига яна қўштириш учун атайин шундай қилишяпти, деб парво ҳам қилмадим. Гапидан эр-хотинга ўхашмасди, муносабатлари жуда илиқ. Жазмани бўлса керак, аёллар ёмғирда сайр қилишни хуш кўришади, ҳойнаҳой сайрга олиб чиққан, дея хаёлимдан ўтказдим. Манзилга етиб келдим, ўша арзимас пулни бериб тушиб кетдим. Кўчанинг у юзига ўтар эканман, улар ҳақиқатдан ҳам орқага қайрилаётганини кўриб, ичим зил кетди. Нега уларга ишонмадим... Ўша воқеани эслар эканман, аёлнинг «Қадам ташлашингиз жуда кулгили экан» деган сўзларидан мен ҳам оёғимни чапга оғдириб босаётганлигимни фаҳмладим. Нега ўшанда уларнинг гапига эътибор бермадим. Ҳайронман... Кўпинча инсон хулқидаги қусурларни сезганимизда дарров ота-онаси тарбия бермаганлигида айблаймиз. Муҳит-чи, унинг таъсири-чи? Ҳаётнинг ўйдим-чуқур йўллари-чи, борингки, минг битта сабабни кўрсатиш мумкин. Ҳар тонг уйдан чиқишдан аввал ойнага бир қараб, қоматимиз, юзимиз, сочларимизни тартибга солиб, пўрим бўлиб кўчага отланамиз, кейин... Кейин билганимизни қилиб юраверамиз. Менимча, йўлларнинг четига катта-катта тошойналар қўйилиши керак. Токи ҳар бир инсон жамиятда ўз юриш-туришидаги камчиликларни ўзи сезсин, билсин, тузатсин. Инсонларга имкон берилсин... Ўйлаб кўрсам, аввалари ҳамиша маънавий етук бўлишга ҳаракат қилган, интилган эканман, энди бўлса унга яна бир мақсад қўшилгандек бўлди. Шулар ҳақида хаёл суриб, кун бўйи ишга бормасдан тўғри йўлдан шошмасдан яёв юрдим. Қаддим ростлангандай, ҳатто нафас олиш ҳам енгиллашгандай, бу ўзимга ҳам маъқул тушди. Тўғри қадам ташлаш, тўғри юриш, умуман уддаласа бўлади. Фақат доим диққатни жамлаш талаб қилинаркан, ҳар ҳолда ўттиз йилдан ортиқ шу тарзда ҳаёт кечириб, тана ҳам шунга кўникиб қолган бўлса, бу ёғига яна қанча вақт керак. Билолмадим... * * * Вақт – олий ҳакам, деб бежизга айтишмас экан. Инсон зоти яшаган сари яшагиси келаверади дейишарди. Мен эса борган сари ҳаётдан безиб боряпман. Тўғри қадам босишга аҳд қилганимга ҳам анча бўлди, аммо натижа кўнгилдагидек эмас. Дастлаб бу жуда осон, оддий машғулотга ўхшарди, энди эса борган сари мураккаблашиб бораётгандек... Мен барини бирма-бир мушоҳада қилиб чиқдим, хотиржам, шошмасдан қадам ташлаганимда тўғри одимлаётганимни, шошган пайтларимда эса яна ўша чапга оғиб қадам босаётганлигимни англадим. Йўл четидаги ям-яшил майсазорлардан одамлар юриб ўтавериб сўқмоқ солиб қўйганлигига кўзим тушади. Ва беихтиёр сўқмоқлар ҳақида хаёлланаман. Сўқмоқларнинг тарихи йўлларникига қараганда қадимийроқ эканига шубҳа йўқ. Мана тарих. Соҳибқирон бобомиз замонида бирор иншоот барпо этилса, бинога олиб борадиган йўлни солдирмай турар эканлар. Халқ ўзига қулай жойлардан юриб сўқмоқ очар, сўнгра ана шу сўқмоқларни кенгайтириб йўлга айлантирар эканлар. Нақадар олижаноблик, инсонпарварлик, халқпарварлик... Катта шаҳарларда йўллар ҳам, сўқмоқлар ҳам бисёр. Йўловчилар учун ер остида, устида ҳам йўллар бўлишига қарамай, яна йўл четидаги майсазорни билиб-билмасликка олиб депсаб, темир тўсиқдан ошиб ўтаман, чунки мен жуда шошаман. Хўш, нега шошяпман? Нимага? Қаерга? Қачонгача?... * * * Бир кун оқшом пайтида ишдан қайтаётганимда, рўпарамиздаги кўп қаватли уйда яшовчи Бекзод ака «ЖИП» машинасида келиб қолди. Болалар қий-чув қилишиб уни ўраб олишди. Унинг Акобир исмли фарзанди билан менинг ўғлим ўртоқ. Бекзод ака ҳамма болаларни машинасига жойлаб, айлантиришга олиб кетди. Бироздан сўнг ўғлим уйга кириб оғзидан бол томиб «Бекзод тоғам машинасида айлантирдилар» дея мақтанди. Кейин эса «Сиз қачон машина оласиз?» деб сўраб қолди. Хотиним «кўрдингизми?» дегандай бош ирғаб ишора қилди. Шунда ўғлим менга эмас, борган сари Бекзод акага кўпроқ меҳр қўяётганини сезсам-да, бу ҳали бола, кўп нарсани билмайди, катта бўлса тушуниб олар, деб ўзимни ўзим базўр юпатдим. Ўғлимни ҳар куни боғчага олиб бораётганимда йўл-йўлакай ҳатто менга нотаниш машиналарнинг маркасини айтиб кетади. Бу ҳам ўша Акобирларнинг таъсири бўлса керак. Оҳ, менинг ширин, асал ўғлима, қаро кўзима, қароғима. Оҳ, менинг жоним болама, зурриётима, тили бийрон болама, ўзи дарё болама. Ўйлари ўткир ўғлима, эслари йўқ болама... * * * Унинг қош-кўзи қоп-қораю, юзлари оппоқ, шу қадар гўзал ва дилбар эдики, илк бор кўрганимдаёқ юрагим алланечук ҳапқириб кетган, севиб қолган эдим. У вақтлар икковимиз ҳам институтнинг биринчи босқич талабаси эдик. Ўшанда, рости, «Бу танноз ҳеч қачон менга турмушга чиқмаса керак» деб ўйлаганман. Ва «Агарда шу қизга уйлансам, уни ҳеч қачон хафа қилмайман» деб ўзимга ўзим ваъда берганман. Лекин буни ҳали-ҳануз ўзига айтмаганман. Тақдир экан, шунча йигитлар орасидан у айнан менга турмушга чиқди. Уни хафа қилмаслик ҳақида ўйлайман-у қани иложи бўлса. «Турмуш» деб бекорга айтилмаган, «мушт»и бор унинг. Илгарлари кулганида кўзлари ҳам қўшилиб кулар, қандайдир беғубор, алламболо ҳурлиқо эди. Энди-чи, табассумида, муомаласида киноя, зарда бордек, сабаблар ҳам бисёр. Унинг ўзидай оппоқ орзулари бор. Кўп қаватли уйларда яшаш ёқмайди, мўъжазгина бўлса ҳам ҳовли бўлсин дейди. Мен «Одам алайҳисалом етти юз йил умр кўрганмиш, шу кўз очиб юмгунча қисқа бу умрга арзимайди деб, уй ҳам солмасдан чайлада яшаган эмиш» дейман, у бўлса, «миш-мишдан эмас, кишмишдан гапиринг» дейди. Томоғим ҳиппа бўғилиб, ичаётган чойим ўтмай қолади. Аммо кунлар, ойлар, йиллар ўтаверади... Орзулар – армонга, жонгинам – жодугарга, ёрим – аждоҳога айланади. Кейин... Кейин нима ҳам дейиш мумкин... * * * Яхшиям онам бор. Меҳрибоним онам. Инсонни ҳеч ким тушунмаса ҳам она тушунади дейишади. Менинг офтоб онам, сочлари оппоқ онама, онам. Туғилган кунимни ўзим, аёлим унутган бўлсак ҳам, ҳеч ёдидан чиқармайдиган, болалигимда ёғли кулча, катта бўлгач эса патир қилиб йўқлайдиган соддадил онам-а, онам. Афғондан қайтмаган акам-а, акам-а... Армон-а... Азоб-а... Онам-а... Акамнинг дардида куйиб кул бўлган онам-а, онам. Меҳрлари бир дунё-ю, аччиқлари бир дунё онам. Онамиз ўтган якшанба барчамизни кенжа укамизнинг тўй маслаҳатига чақирди. Бордим. Яна ўша эски гап, униси бу қизга, буниси бошқасига совчиликка бориш ҳақидаги чегараси йўқ гаплар. Ҳаммаси жонга тегди, охири: – Сизга нима, яшайдиган у, айтган қизини олиб беринг, тамом-вассалом, – дедим жаҳлим чиқиб. – Сен нимани ҳам билардинг? Битта «Каптива»ни гижинглатиб қўйгин, – деб қўлларини дарвозахонага ишора қиларкан: – ана ундан кейин кимникига совчи бўлиб боришни ўзим яхши биламан. Мени аввалига гап нима ҳақида кетаётганини тушунмадим, кейин сал илғагандек бўлдим, кейин, кейин... Адойи тамом бўлдим... Оҳ, онам-а... Онам... * * * Ўша куни тонггача мижжа қоқмай унсиз йиғлаб чиқдим. Поччам Москвада ишлаб опамга пул жўнатиб, уй қуришяпти. Саҳарлаб опамникига бориб, айтадиганимни айтдим. Опам телефонда поччам билан мени гаплаштирди, жуда зўри бўлмаса ҳам бундайроқ машина олмоқчилигимни, озроқ қарзга пул зарурлигини тушунтирдим. Улар рози бўлди, фақат бир шарти борлигини, уй қурилиши кўнгилдагидек кетмаётганлигини айтиб, назорат қилиб туришимни илтимос қилди. Келишув оддий: поччам опамга пул жўнатади, устабоши рўйхатни тузади, икковимиз бозорга равона бўламиз. Уй битгач, менга қарз бериб туришади. Усталардан кунига уч маҳал: эрта билан, тушликда ва кечга томон хабар олишим керак. Тушлик вақтида шошиб участкага йўрғалайман. Яна ўша юрилавериб сўқмоққа айланган майсазорни тепалаб, бетонли, темирли тўсиқлар устидан ошиб ўтар эканман, виждоним қийналади... Шунда бизнинг хавфсизлигимизни ўйлаб қилинган бу хайрли иш кўзларимга шу қадар бемани, беўхшов бўлиб, бутун инсоният келажагига қўйилган тўсиққа ўхшаб кўрина бошлайди. Шу тўсиқлар бўлмаганда виждоним ва бошқалар олдида ҳам айбдор бўлмасмидим? Агарда шу тўсиқлар бўлмаганда қанчалик озод ва эркин бўлишимни-ю, агарда тўсиқлар бўлмаганда ҳалокатга учраш эҳтимоли қанчалилиги ҳақида ҳам ўйлай бошладим. * * * Шу кунларда бўлар-бўлмасга сиқилиб, анча ўзимни олдириб қўйдим. Ҳаловатим йўқлиги юзимгача уриб юборган шекилли, ҳамма мендан ҳол-аҳвол сўрайди. Фоеда турсам Ҳасан ака келди. – Ҳа, тинчликми, кайфиятинг йўқ? – Шундай ўзим, унча ишларим юришмаяпти. – Бугун жума, бир ибодат қилиб, масжидга эҳсон бериб юборсанг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, мени айтди дерсан, – деди у насиҳатнамо оҳангда. Ҳасан ака узоқ йиллардан буён шу ишхонада ишласа-да, обрўси зўр эмас, ўзи ҳам сал ғалатироқ, ҳайрон қоладиган жойим, бешта нарсага қатъий амал қилади. Чекиш, ичиш, «юриш», жумага бориш, рўза тутиш, шуларни билганим учун «сен ўзинг кимсан, насиҳатинг нима бўларди» дедим ичимда. Унга кўнглимдан ўтганини билдирмаслик учун номигагина «Хўп» дегандай бош ирғаб қўйдим-да, хонамга кириб кетдим. Бошимни кўтармай компютерда ишлайвериб кўзим тиниб кетди, вақт ҳам тушликка яқинлашиб қолибди. Ишим бошимдан тошиб ётган бўлса-да, қўшни хонадаги Дадахон аканинг ёнига чиқдим. Бир пас гаплашсам, кўнгил ёзилар дегандим. Ҳасан ака ура солиб кириб келди-да: – Нима қилиб ўтирибсан, вақт бўлди-ку, – деди норизо оҳангда. – Сиз бораверинг, ортингиздан етиб оламан, – дедим хижолат бўлиб. У чиқиб кетди. – Қаерга боряпсизлар, – деди Дадахон ака қизиқсиниб. – Қайга бўларди? Тушликка-да, – деб секин мен ҳам қўзғалдим. Хонамга кириб тағин компютерда ишлаб ўтиргандим, яна Ҳасан ака кириб келди-да: – Борасанми, йўғми? – деди ўпкалаб. Соатга қарадим. Аллақачон вақт бўлган. Нима дейишимни ҳам билмай қолдим. Агарда ҳозир бормайман десам, «Нега аввалроқ айтмадинг» деб тихирлик қилиши турган гап. – Кеч қолмадикми? – дедим базўр столимни атрофида тимирскиланиб. – Тез борсак, фарзга улгурамиз, – деди шошқинсираб. Ноилож, унга эргашаман, эрта билан «Хўп» дегандай бош ирғаб қўйганимга минг бор пушаймон бўламан. Қайданам шунга йўлиқдим. Йўлга тушдик. Машина тўхтатилди, манзил айтилди. Масжидга яқинлашар экан, Ҳасан ака пул узатар экан, ҳайдовчи: – Пулингиз керак эмас, дуо қилинглар, – деди кўксига қўлини қўйиб. Ҳасан акага Худо берди, менга «Кўриб қўй» дегандай виқор билан бир қараб олди. Ҳожатбарор ака билан хайрлашдик-да, ўзимиз югургиладик. Ҳақиқатдан ҳам энди иқомат айтилаётган экан. Ҳасан ака ура солиб ичкарига кириб, ҳаш-паш дегунча кўздан ғойиб бўлди. Мен остонадаёқ жамоатга қўшилдим. Тиловат бошланганда баъзилар бирин-кетин чиқа бошлади. Мен кўзимнинг қири билан оёқ кийимлар учун махсус қилинган беш-олти қаватлик шкафчалардан туфлимни қидира бошладим. Шунда аксарият туфлиларнинг чап товони емирилган аҳволда эди. Бу улар ҳам чапга оғиб қадам ташлашидан дарак бериб тургандек эди. Тиловат тугагач, Ҳасан акани кутиб турмасдан тўғри ишхонага жўнадим. * * * Кутилмаганда хизмат сафарига юборилишим режадаги ишларимни остун-устун қилиб юборди. Поччам билан ўзаро келишувимиз ҳам барбод бўлди. Мен қанчалик уринмай поччамни қайта кўндира олмадим. Бу хизмат сафари менга жудда қимматга тушгандай бўлди. Мана, ўша сафардан ҳам минг бир хаёл кўчасига кириб қайтяпман. Нимани қойил қилдим, ўзим ҳам билмайман. Машина елдай учиб боради, ёмғир майин шивалайди, орқа ўриндиқда эшик деразасига бошимни тираб ташқарини кузатиб бораман. Ҳар замонда машина нотекис жойда бир силкиниб қўяр, аммо ҳайдовчи тезликни камайтирмайди. Қайтага учиради. Аллақайси ривожланган мамлакатларда машинанинг олди копотига бир стакан сувни тўлатиб қўйиб, йўлнинг текис ёки нотекислигини текширишар экан. Агарда машинага эмас, менинг қўлларимга шу стаканни бериб, қани юр деса нима бўларкин-а? Айниқса, темир тўсиқлардан сакраб ўтаман деб стаканни ҳам, ўзимни ҳам чил-чил синдирган бўлардим, эҳтимол. Бекзод акага ҳавасим келади. Ҳамма иши жойида. Қоидаларни бузмайди. Машинасида тўғри, текис ва равон йўллардан юради. Балки у ҳам ўз вақтида тўсиқлардан ошиб, майсазорларни тепалаб ўтгандир. Ким билади, сўраган билан тўғрисини айтармиди. Шу пайт елдай учиб бораётган машина бирдан негадир секинлаб, тўхтади. Ташқарига термулиб кетаётган бўлсам-да, хаёлга берилганимдан кўзим ҳеч нарсани илғамаган экан. Шундай катта йўлнинг икки четида пода борар, баъзилари йўлни кесиб ўтарди. Ҳайвон – ҳайвонда, қонун-қоидалар йўқ. Шунинг учун ҳам Худо қиёматда буларнинг бир-биридан қасдини олиб бериб, дўзахи, жаннати қилмай тупроққа айлантириб юборар экан. Машина яна илдамлаша бошлади, тағин ўйлар бошланади. Мени қийнаётган, азоблаётган нарса ўғлим тобора бошқаларга боғланиб қолаётганлиги эди. Эҳ болама, болама, олти ёшни қоралаётган болам нимани ҳам биларди. Ундоқ десам, олтмиш ёшни қоралаётган онам-чи, оҳ онама, онам десам, умид билан бир ёстиққа бош қўйган рафиқам-чи, бошим бошига тегиб турса-да унинг онгида нима ғам-ташвиш-у, менинг шууримда не ўй. Ҳар куни, кунора юзимиз юзимизга, кўзимиз кўзимизга тушса-да, чўзсак қўллар етадиган шунчалик яқин қондошлар билан шунчалар олислашиш, узоқлашиш мумкинми ахир?! Ўйлаб-ўйлаб, дунёга ўт кетса ҳам ўз билганидан қолмайдиган Ҳасан акага мазза дейман. Ё Худо, ўзинг мадад бер дейман. Ўзинг қўллаб-қувватла дейман. Нима учун биз поклик, ҳалоллик, маънавий юксаклик ҳақида га-пирсак-да, ҳаёт борган сари моддиятга, моддийликка бурканиб боряпти. Биз қанчалик дунёни маънавий бойитмайлик, у шу қадар моддийлашиб, майдалашиб бормоқда. Нега шундай, нега? Машина бекатга келиб тўхтади, юкхонадан каттакон сумкамни олиб, ҳайдовчи билан хайрлашдим. Кўйлак-шим дазмолланмаган, туфли ҳам урилиб қолган, сочларга ғубор оралаган, соқол ҳам озроқ ўсган бир аҳволдаман. Шу туришим хизмат сафарида бўлган қишлоқлар, овуллар одамларига жуда ўхшаб кетарди. Бекатдагилар фақат менга қарайди, худди мен бегонадек, худди мен ўзга сайёрадан келгандек. Шу пайт қаршимда милитсия ходими пайдо бўлиб, ўзини нимадир деб таништириб, ҳужжатларимни сўрашди. Мен ҳов бир вақтлар ўша кўлмак сувга тушиб кетган, қуритмасдан сумкамга солиб қўйганим учун сарғайиб кетган, кейин доим керак бўлса-бўлмаса ёнимда олиб юрганимидан сал уриниб қолган паспортимни узатдим. У паспортимни обдон варақлаб текшириб: – Ҳужжатни расво қипсан-у, – деди. «Бу сиз талаб қилган режимнинг оқибати», дедим ичимда. У ҳужжатимни қайтариб бераркан: – Оқ йўл, – деб ғудраниб қўйди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21570 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |