Марғилонда бўлганмисиз ҳеч [Abdukarim Jumaboyev]

Марғилонда бўлганмисиз ҳеч [Abdukarim Jumaboyev]
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч [Abdukarim Jumaboyev]
Қадим ва навқирон Марғилон шаҳрининг
2000 йиллигига бағишлайман.Муаллиф
Сўзбоши
Марғилонда иқтидорли бир ижодкор яшайди. Гап шундаки, у ширингина шеъру ғазаллар битади. Шу билан бирга ширали овоз соҳиби: мумтоз ва замонавий қўшиқларни маромига етказиб айтиб, катта-кичик маросимларда қатор-қатор совринлар ҳам олган. Бир неча шеърий китоблар муаллифи.
Абдукарим Жумабоев ана шундай ижодкордир. Унинг бир қарашда соддагина туюлган сатрлари таъсирли, дардли, теран маъноли. Неча ўнлаб шеърлари эфир тўлқинлари орқали жаранглаб, шинавандалар дилига ором бераётганлигининг боиси ҳам ана шунда.
Шоирнинг ушбу мажмуасига унинг янги асарлари жамланган. Ўйлаймизки, тўплам китобхонларни мамнун этади.

Охунжон Ҳакимов, Ўзбекистон халқ шоири.
Ватан
Эй турким, Туроним, эй, дилбар Ватан,
Эй ислом нуридан мунаввар Ватан,
Муқаддас тупроғинг симу зар Ватан,
Қуёшдек барчага баробар Ватан,
Онадек меҳрибон, мўътабар Ватан.
Тарихинг не қаро замонлар кўрди,
Ёғийга таланган карвонлар кўрди,
Шайтон адаштирган сарбонлар кўрди,
Аммо сен барчага баробар Ватан,
Онадек меҳрибон, мўътабар Ватан.
Бағрингда саҳрою бўстонлар яшар,
Боғингда гуллару тиканлар яшар.
Ҳотамлар, очкўзлар, ёмонлар яшар,
Қуёшдек барчага баробар Ватан,
Онадек меҳрибон, мўътабар Ватан.
Дунёда дунёдек тенгсиз Ватансан,
Ҳар ўзбек талпинган ёлғиз Ватансан,
Жон десам, жонлардан азиз Ватансан,
Қуёшдек барчага баробар Ватан,
Онадек меҳрибон, мўътабар Ватан.

Ўзбекистон
Дунёда тенги йўқ, жоним-жаҳоним,
Халқи одамохун, танти мезбоним,
Олтиним, гавҳарим, дуру маржоним,
Ҳеч кимдан кам эмас, Ўзбекистоним.
Истиқлол яшнатган боғларинг гўзал,
Кўкларга юксалган тоғларинг гўзал,
Байраминг, бу шодлик чоғларинг гўзал,
Ҳеч кимдан кам эмас, Ўзбекистоним.
Беғубор, мусаффо осмонларинг бор,
Равзаи Ризвондек бўстонларинг бор,
Темурдек алп, метин қалқонларинг бор,
Ҳеч кимдан кам эмас, Ўзбекистоним.
Билсинлар, аҳдимиз кўролмаганлар,
Олий шон, тахтимиз кўролмаганлар,
Тинчлигу бахтимиз кўролмаганлар,
Ҳеч кимдан кам эмас, Ўзбекистоним.

Элингдан Айрилма
Шуҳрат қўлларини маҳкам тутсанг ҳам,
Орзу чўққисига бориб етсанг ҳам,
Худо умр бериб, юздан ўтсанг ҳам,
Элингдан айрилма, юртдан кетсанг ҳам.
Биласан, афғоннинг афғонларини,
Тожикнинг кўз ёши, қурбонларини,
Ватанда беватан сарсонларини,
Элингдан айрилма, юртдан кетсанг ҳам.
Халифат бўлмоқлик ўзи хомхаёл,
Туя ҳаммом орзу қилгани мисол,
Одам номи сенга бўлмасин увол,
Элингдан айрилма, юртдан кетсанг ҳам.
Бахиллар макрига боғланиб қолма,
Халқингга душмандек чоғланиб қолма,
Бир умр армонда доғланиб қолма,
Элингдан айрилма, юртдан кетсанг ҳам.
Миллатинг ўзбекдир, тилинг ўзбекдир,
Борлиғинг ўзбекдир, дилинг ўзбекдир,
Дунёлар таниган, элинг Ўзбекдир,
Элингдан айрилма, юртдан кетсанг ҳам.

Бурҳониддин Марғилонийга
Буюк Турон давлатининг шайхул исломи,
Ҳидоятли Бурҳониддин Марғилонийсиз.
Шариат ҳам тариқатни китоб айлаган,
Кароматли Бурҳониддин Марғилонийсиз.
Сиз Аллоҳнинг номи билан «Ҳидоя» битган,
Авлод-аждодлари шони дунёга кетган,
Марғилонни етти иқлимларга танитган,
Саҳоватли Бурҳониддин Марғилонийсиз.
Шоҳлар таъзим қилган буюк шайхим, бузрутим,
Мозийлардан қад кўрсатган қадрим, ўзлигим.
Бугун сизни ёдга олар озод ўзбегим,
Саодатли Бурҳониддин Марғилонийсиз.
Сиз турасиз йўл кўрсатиб адашганларга,
Бевафо дунёда дунё талашганларга.
Ёр бўлдингиз ҳақдан иймон тилашганларга,
Заковатли Бурҳониддин Марғилонийсиз.
Сиз туфайли юртимизда улуғ айёмлар,
Сизни ўқиб, савоб излар аҳли исломлар.
Сиз учундир, Карим битган назму каломлар,
Шарофатли Бурҳониддин Марғилонийсиз.

Онажонлар
Самоларни қопларди булут,
Зулмат аро қоларди эл-юрт.
Не бор эзгу - бўларди унут,
Агар онажонлар бўлмаса.
Асло қайтиб келмасди баҳор,
Қуёш кулиб боқмасди зинҳор,
Айтилмасди алла-ю ёр-ёр,
Агар онажонлар бўлмаса.
Очилмасди турфа атиргул,
Сайрамоқни бас қилар булбул,
На севги бор, на ошиқ кўнгил,
Агар онажонлар бўлмаса.
Тўхтар эди шўх оқар дарё,
Бўм-бўш бўлиб қоларди дунё,
Эшитилмас бир ширин садо,
Агар онажонлар бўлмаса.
Кўтаролмай ғам-алам юкин,
Тоғу тошлар бўлар чилпарчин,
Айланмоқдан тўхтарди замин,
Агар онажонлар бўлмаса.
Карим, она меҳри-ю сеҳрин,
Қудратига не ҳам келар тенг,
Қайда булар эдик: мен-у сен,
Агар онажонлар бўлмаса.

Марғилонда Бўлганмисиз Ҳеч?
Субҳи ширин, сабоси ширин,
Суви ширин, ҳавоси ширин,
Авжи баланд, навоси ширин,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Қучоғида гуллар яйраган,
Боғларида булбул сайраган,
Қаҳ-қаҳаю, кулгу янграган,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Зилол-зилол оқар сойлари,
Осмондамас ерда ойлари,
Ҳотамтойдан ҳотам бойлари,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Марғилоний излари тушган,
Шоҳ Бобурнинг кўзлари тушган,
Аллоҳимнингназари тушган,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Санъатимиз буюк шонлари,
Маъмуржону Жўрахонлари,
Юсуфжону Охунжонлари,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Кезинг кўркам гулзорларини,
Зиёратгоҳ, мозорларини.
Бир айлашдаг боэордерини,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Бири косиб, бири ҳунарманд,
Бири санъат кўшкида баланд,
Оқсоқоли айтиб турар панд,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Дўпписини кийгандан сўранг,
Тўйларида тўйгандан сўранг,
Кумушини суйгандан сўранг,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Йигитлари Алпомиш беллик,
Боболардан мерос хушфеъллик,
Тарихи бор икки минг йиллик,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Ёниб турган қўзлар биздадир,
Нур ёғилган юзлар биздадир,
Тош эритган сўзлар биздадир,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Писанд қилмай ғамлар тоғини,
Асрайдилар кўнгил боғини,
«Сиз»лар ҳатто чақалоғини,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Меҳмон надир, келинг бир кўринг,
Мезбон надир, келинг бир қўринг,
Инсон надир, келинг бир кўринг,
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?
Она шаҳрим, эй, Онажоним,
Шоҳи-ипак атласга коним,
Нондек азиз, манзил-маконим
Марғилонда бўлганмисиз ҳеч?

Шоирнинг Бахти
Уйқусиз тунларни ўтказиб бедор,
Тонгда ашъор билан кўришар дийдор.
Айтинг шоир учун ўзга не бахт бор?
Шеърларин ўқиса Ҳазрати инсон,
Шоир ўзи учун ёзмас ҳеч қачон.
Илҳоми бир азим дарё бўлса ҳам,
Оташин ҳислари дунё бўлса ҳам.
Севгани Ширин ё Лайло бўлса ҳам,
Сизга деб битажак севгидан достон,
Шоир ўзи учун ёзмас ҳеч қачон.
Қалбида туганмас армон бўлса ҳам,
Севгида топгани ҳижрон бўлса ҳам,
Соғинчдан кўзлари гирён бўлса ҳам,
Фақат сизга айтар дардин бегумон,
Шоир ўзи учун ёзмас ҳеч қачон.
Жаҳоннинг шодлиги дўстлар, сиз билан,
Ватан ободлиги сиз-у биз билан,
Бизда инсон қадри қолган из билан,
Шуҳрати оламни тутса ҳам чунон,
Шоир ўзи учун ёзмас ҳеч қачон.
Бахтлидир халқининг бахтин куйлаган,
Ёлғонмас ростини, нақдин куйлаган,
Садоқат бурчини, аҳдин куйлаган,
Таърифга лойиқдир беназир замон,
Шоир ўзи учун ёзмас ҳеч қачон.

Чўлпон Мактуби
Атрофим баланд тоғлар,
Оёқ-қўлларим боғлар.
Андижон кетолмайман,
Ғаним йўлларим пойлар.
Зулмат зиёни ютди,
Айрилиқ жондан ўтди.
Нечун дўст эшитмайдур,
Додим фалакни тутди.
Қуш эдим буюрдилар,
Қанотим қайирдилар.
Шеъримдан, қаламимдан,
Ватандан айирдилар.
Бошимга касофатлар,
Ёғдирди маломатлар.
Мени бунда келтирди,
Ғийбату разолатлар.
Энди қайтарим йўқдир,
Ёзар дафтарим йўқдир,
Тўрт девор орасинда,
Дардим айтарим йўқдир.
Атрофим баланд тоғлар,
Тоғлар йўлларим боғлар.
Андижон кетолмайман,
Қўнглимда алам - доғлар.

Шоҳимардоним (Сув Тошқини Қурбонларига)
Оқ сувлари қаро бўлган, Шоҳимардоним.
Тошқинлари бало бўлган, Шоҳимардоним. ,
Юрак бағри яро бўлган, Шоҳимардоним,
Айрилиқдан адо бўлган, Шоҳимардоним.
Бир кечада оқиб келди балолар тоши,
Бир кечада нечаларнинг оқарди сочи.
Ё синалди инсонларнинг сабр-бардоши
Оромидан жудо бўлган, Шоҳимардоним.
Булутлардан қаро киймиш осмонинг сенинг,
Мотамсаро меҳмонларинг мезбонинг сенинг.
Икки сойдир, икки чашми гирёнинг сенинг,
Кўз ёшлари дарё бўлган, Шоҳимардоним.
Фарзандларин доғин айтиб бўзлаган қанча,
Қариндошин йиғлаб-йиғлаб сўзлаган қанча.
Отажон деб, онажон деб, излаган қанча,
Етимларга асо бўлган, Шоҳимардоним.
Аллоҳ неки буюргани бўлғуси ҳар дам,
Уникидир қахру ғазаб, уники карам.
Кимга айтиб, кимга йиғлар чорасиз одам,
Фарёдлари нидо бўлган, Шоҳимардоним.
Шаҳидларни жаннатмакон айла Аллоҳим,
Қолганларга сабри жамил бергин илоҳим,
Карим, шеърга солди бу кун фарёдин, оҳин,
Фидоларга фидо бўлган, Шоҳимардоним.

Ўтинч
Баъзида, олдидан оққан ариқнинг
Қадрига етмайди бехабар банда.
Сўнг афсус чекади бир куни келиб,
Ўша тиниқ сувлар оқиб битганда.
Баъзида, заҳматкаш ота-онанинг
Қадрига етмайди беадаб банда.
Сўнг қарғаб қолади бир кун фарзанди,
Унинг хатоларин такрор этганда.
Баъзида, қариндош, ака-уканинг
Қадрига етмайди молпараст банда.
Бир қун пешонага уриб қолади,
Мансаб, давлатлари қўлдан кетганда.
Баъзида, беминнат Она-Ватандан
Бахт излаб кетади ношукур банда.
Бир оғиз ўзбекча сўзга зор бўлар,
Мусофирлик тоши бошга текканда.
Баъзида, умрнинг олтин онларин
Ғафлатда ўтказар адашган банда.
Кеч қолиб уйғонар, қуёш ҳам ботиб,
Ёшлик карвонлари ўтиб кетганда.
Тириклик ишқида қанча хатолар,
Гуноҳлар қилади сабри йўқ банда.
Худоё, шавқатинг тутмагин дариғ,
Улар ҳузурингга бориб етганда.

Ёднома (Маъмуржон Узоқов Хотирасига)
Айланур чархи фалак, ер бирла осмон айланур,
Гардиши даврон аро минг турфа инсон айланур,
Бўлмагай дунёга устун, шоҳу султон айланур,
Қанча олим, қанча шоир ҳам ғазалхон айланур,
Икки эшик орасинда қанча карвон айланур.
Бу жаҳоннинг саҳнига ким неча хушхон келмади,
Қанча хушхон келди, аммо асл Маъмуржон келмади,
Лаҳжада ширин забон-зўр авжи осмон келмади,
Во дариғо ул каби ардоқли меҳмон келмади,
Марғилоним боғларида энди армон айланур.
Бир буюк ҳофиз эдинг сен «Якка бу Фарғонада»,
«Суратинг» қолди «Фиғонким» ҳар дили вайронада,
То ҳануз янграр сен айтган яллалар тўйхонада,
Риштаи жонинг узилган боғаро чойхонада,
Сен каби улфатга муҳтож қанча мезбон айланур.
Марғилон аҳли ҳамиша хотирангни ёд этур,
Ёд этиб меҳру муҳаббат бирла руҳинг шод этур,
Аҳли ишқ гуллар қўйибул маркабинг обод этур,
То Каримдек, неча шоир таърифинг иршод этур,
Эл аро номинг, Маъмуржон, мисли достон айланур.

Дўст
Дунёларга юрак дардим сиғмади,
Армон ханжар бўлиб бағрим тиғлади.
Кунглим ўзи ай тиб, ўзи йиғлади,
На дўст булдим, на оир дўст тополмадим.
Кимга меҳр қўйсам, жабри кўп бўлди,
Вафо-садоқатнинг қабри кўп бўлди.
Не тонг осмонимнинг абри кўп бўлди,
На дўст бўлдим, на бир дуст тополмадим.
Яхши-ёмонларнинг суҳбатин кўрдим,
Тириклик заҳматин, меҳнатин курдим.
Мунофиқ бандалар ғийбатин кўрдим,
На дўст бўлдим, на бир дўст тополмадим.
Аро йўлда ташлаб кетар ёмон дўст,
Сендек яхши дўстни нетар ёмон дўст,
Бир куни бошингга етар ёмон дўст,
На дўст бўлдим, на бир дўст тополмадим.
Навоий топмаган меҳрибон қайда,
Шоҳ Бобур излаган дилистон қайда,
Сен яхши қайда-ю, мен ёмон қайда,
На дўст бўлдим, на бир дўст тополмадим.
Қуёшни дўст тутдим, вафо қилмади,
Ой-юлдузлар мени кўзга илмади,
Умидим ёр эди, у ҳам келмади,
На дўст бўлдим, на бир дўст тополмадим.
Ёрсиз дунё ғалат кўринар кўзга,
Ғам тамғаси тушар манглайга, юзга,
Карим, икки дунё Аллоҳдан ўзга,
На дўст бўлдим, на бир дўст тополмадим.

Бўлмаса
Ҳаё ярашгандек юзларга,
Маъно безак бўлар сўзларга,
Ғубор тўлар эди кўзларга,
Агар, мужгонлари бўлмаса.
Ҳижрону рашк, айрилиқ беҳад,
Азобидан чекмасанг заҳмат,
Ширин бўлмас эди муҳаббат,
Агар, армонлари бўлмаса.
Ўтар йиллар, ўтар давронлар,
Келиб-кетар қанча инсонлар,
Кимга керак йўллар, довонлар,
Агар, карвонлари бўлмаса.
Ҳаёт ўрмон, бўлмас бехатар,
Ғофил бўлма, қолма бехабар,
Ўрмон бўлармиди, биродар,
Ваҳший ҳайвонлари бўлмаса.
Не Тоҳирлар оққан дарёга,
Не Мажнунлар куйган саҳрода,
Кўлим силтаб кетай дунёга,
Ширин ёлғонлари бўлмаса.

Ёр-Ёр
Деразадан ой мўралар ғамга ботиб,
Алам-алам бошим ёрар тошлар отиб,
Баҳоси йўқ муҳаббатни арзон сотиб,
Бир тўп қизлар кетиб борар ёр-ёр айтиб,
Вафоси йўқ бир гўзалга алёр айтиб.
Кўнглим ширин ёлғонларга алданди-ку,
Ишва билан қарашларга боғланди-ку,
Армон деган дошқозонда доғланди-ку,
Бир тўп қизлар кетиб борар ёр-ёр айтиб,
Вафоси йўқ бир гўзалга алёр айтиб.
Келин бўлиб кетар энди Фарғонадан,
Бахтин излаб ўшал тилла остонадан,
Паранжига ўраб, асраб бегонадан,
Бир тўп қизлар кетиб, борар ёр-ёр айтиб,
Вафоси йўқ бир гўзалга алёр айтиб.
Тушлар экан, Карим, севдим деб юрганинг,
Мажнун бўлиб ҳар тарафга югурганинг,
Тақдир экан, Тангрим, Ўзинг буюрганинг,
Бир тўп қизлар кетиб борар ёр-ёр айтиб,
Вафоси йўқ бир гўзалга алёр айтиб.

Ёлғонларг А Алданма
Дасти дароз меҳрибонларга,
Фикри саёз сухандонларга,
Кўнгли аёз, зимистонларга,
Осмонларга алданма, жоним.
Аямаслар дунёни сендан,
Ўзида йўқ вафони сендан,
Фалакдаги Зуҳрони сендан,
Достонларга алданма, жоним.
Севдим деган девоналарга,
Куйдим деган афсоналарга,
Шам кўрмаган парвоналарга,
Ёлғонларга алданма, жоним,
Ҳуснинг қуёш бўлса ҳам сўнар,
Инсон тақдир измига кўнарр
Қабринг узра қизғалдоқ унар,
Меҳмонларга алданма, жоним.
Ошиқ бошқа, нокас бошқадир,
Ҳижрон бошқа, араз бошқадир,
Севги бошқа, ҳавас бошқадир,
Давронларга алданма, жоним.
БИРОВ БИЛМАДИ
Қийнаб мени қоши қаламлар,
Қўшиқ айтинг, дейди санамлар.
Юрагимда қанча аламлар,
Фақат, буни биров билмайди.
Ғамлар тўла дарёдир қалбим,
Ўт пуркаган саҳродир қалбим.
Офтоби йўқ дунёдир қалбим,
Фақат, буни биров билмайди.
Оқар сувдай оқар кўз ёшим,
Соқов дунё бўлди сирдошим,
Адашганлар эди йўлдошим,
Фақат, буни биров билмайди.
Севги дарди давлатим бўлди,
Мажнунлигим шуҳратим бўлди,
Армон содиқ улфатим бўлди,
Фақат, буни биров билмайди.
Мен куйласам шеърларим йиғлар,
Кўнглимдаги сирларим йиғлар,
Ўтган умрим, йилларим йиғлар,
Фақат, буни биров билмайди.
Айтолмасам қўшиқ, санамлар,
Ранжиманг ҳеч қоши қаламлар.
Куйлай десам қўймас бу ғамлар,
Фақат, буни биров билмайди.

Ирмоқ
Майли, сен ҳеч қачон меники бўлма,
Асли шундай бўлса, агар, муҳаббат.
Ёкут лабларингдан рақибим ўпсин,
Мен армон қучоқлаб ўтай то абад.
Ҳижроннинг қоп-қора сочларин силаб,
Кўмирдек танидан қилмасдан ҳазар.
Ҳабаш юзларидан жирканмай ўпай,
Азроил ёқамдан тутгунга қадар.
Бурдалаб ташлайин юрак деганни,
Менга қасд қилганлар, қузғунлар тўйсин
Сен билан фарқимиз кўра олмаган,
Кўзимни оғриқлар бир очиб қўйсин.
Сен эса кетавер мағрур ва масрур,
Салом ҳам бермагин, хайр демагии,
Мендайлар жуда кўп ёруғ оламда,
Бу биркам дунёнинг ғамин емагин.
Сени кўрганимда тош каби қотсам,
Малол олсанг агар кўзу кўнглингда.
Айланиб ўтмагин, бир тепиб ўтгин,
Тошларга нима бор, сенинг йўлингда.
Ширин ёлғонлардан гулдаста тутиб,
Уринмай кўяқол, таскин бермоққа,
Дарёдек оқиб ўт, ҳеч парво қилма,
Сенга етолмаган ғариб ирмоққа.

Билмайсиз
Мен сизни севиб қолдим,
Барчадан безиб қолдим,
Ёлғиз сизни деб қолдим,
Нега, нега билмайсиз?
Сизни деб кўзим гирён,
Сизни деб юрак бир ён,
Токай яйрагай ҳижрон,
Нега, нега билмайсиз?
Дард келиб-кетар меҳмон,
Бордир дорию дармон,
Аммо, ишқ дарди ёмон,
Нега, нега билмайсиз?
Севдим, мубтало бўлдим,
Шоҳ эдим гадо бўлдим,
Бор эдим адо бўлдим,
Нега, нега билмайсиз?
Сиз менинг юрагимсиз,
Ҳаммадан керагимсиз,
Каримдан тилагимсиз,
Нега, нега билмайсиз?

Ёнимда Бўлсанг
Йигит бошим хам бўлмагай ҳеч,
Кўзларимда нам бўлмагай ҳеч,
Рўзғоримда кам бўлмагай ҳеч,
Зебогинам, ёнимда бўлсанг.
Қўшиқларим созу шўх бўлар,
Мушкулларим осон йўқ бўлар,
Фарзандларим кўнгли тўқ бўлар,
Зебогинам, ёнимда бўлсанг.
Севиб-севиб сенга етганим,
Ишқинг юрагимга битганим,
Бир умрга қўлинг тутганим,
Зебогинам, ёнимда бўлсанг.
Бахтли кунларимнинг кувончи,
Ғамли кунларимнинг юпанчи,
Меҳру муҳаббатим таянчи,
Зебогинам, ёнимда бўлсанг.
Севги тўла юрагим ўзинг,
Икки дунё керагим ўзинг,
Ёлғизгина тилагим ўзинг,
Зебогинам, ёнимда бўлсанг.

Висол
Сен келасан, шодлигим беҳад,
Офтобларга тўла осмоним.
Аммо қайтиб кетмоғинг ўйлаб,
Висолингдан қўрқаман, жоним.
Сен биласан, гар келмасанг ҳам,
Хаёлингсиз ўтмас бир оним.
Фақат ҳижрон эргашган ўша
Висолингдан қўрқаман, жоним.
Сени кўрсам, адашар ақлим,
Сўз айтмоққа қолмас имконим.
Юрак дардим янгидаб кетган,
Висолингдан қўрқаман, жоним.
Сени кўрмоқ истагим фақат,
Ўзинг бахтим, ўзинг армоним.
Айрилиқни етаклаб олган,
Висолингдан қўрқаман, жоним.

Туш Бўлса Эди
Сизни деб куйганларим,
Ардоқлаб суйганларим.
Туш бўлса кўрганларим
Зора, уйғониб қолсам.
Дил бериб бевафога,
Куним қолди жафога,
Чидаб бўлмас жазога,
Зора, уйғониб қолсам.
Алданди орзуларим,
Илк севгим, туйғуларим,
Зўр келиб қайғуларим,
Зора, уйғониб қолсам.
Ҳамма ёр сиздай ёрми?
Севгида вафо борми?
Вафо дунёси торми?
Зора, уйғониб қолсам.
Юрагим ғамга тўлди,
Хазонлардек тўкилди,
Не бўлса, кўнглим бўлди,
Зора, уйғониб қолсам.

Лўли Қиз
Йўлим тўсиб, нақдинг кўрай деб,
Толеингдан, бахтинг кўрай деб,
Ё, давлатинг, тахтинг кўрай деб,
Алдасанг ҳам майли, лўли қиз.
Севган ёринг ёнингда дединг,
Муҳаббати жонингда дединг.
Туғёнлари қонингда дединг,
Аврасанг ҳам майли, лўли қиз.
Билмайсан-да, борлигин фироқ,
Ёрим мендан жуда ҳам йироқ,
Ёлғонлардан ёндириб чироқ,
Алдасанг ҳам майли, лўли қиз.
Таъриф этиб гул жамолини,
Ваъда қилдинг ёр висолини,
Тотиб кўрай ёлғон болини,
Алдасанг ҳам майли, лўли қиз.
Аврашларинг ақлимни олар,
Кўнглим сенга ишониб қолар,
Илк севгимни ёдимга солар,
Алдасанг ҳам майли, лўли қиз.

Ким Қолди
Ёрим сизни суймаган,
Суйиб, меҳрин қўймаган,
Юрак-бағри куймаган,
Айтинг, яна ким қолди?
Ошиқлар қатор-қатор,
Сиғмайди, кўчангиз тор,
Фарғонада сизга зор,
Айтинг, яна ким қолди?
Муҳаббат бу кенг бозор,
Шоҳ-гадога тенг бозор,
Бир сизга минг харидор,
Айтинг, яна ким қолди?
Сизни ўйлаб юрмаган,
Ширин хаёл сурмаган,
Тушида бир кўрмаган,
Айтинг, яна ким қолди?
Сизни севиб толмаган,
Севиб, шеърга солмаган,
Изингиздан қолмаган,
Айтинг, яна кцм қолди?

Билмаган Ўзим
Гуноҳлар кўп бўлди, хато кўп бўлди,
Омонат жонимга жазо кўп бўлди,
Вафо қилганимдан жафо кўп бўлди,
Бировлар билдилар, билмаган ўзим.
Беш кунлик дунёга меҳримни қўйиб,
Мени суймаганни жонимдан суйиб,
Ўтдим, куймаганга беҳуда куйиб,
Бировлар билдилар, билмаган ўзим.
Гоҳ яхшилик қилдим, гоҳо ёмонлиқ,
Гоҳ адашдим, гоҳо бўлдим имонлиқ,
Гоҳо имонсиздан сўрдим омонлиқ,
Бировлар билдилар, билмаган ўзим.
Кўнгил кўчасида дарбадар кездим,
Гоҳ ҳаётни севиб, гоҳида бездим,
Куйладим, ошиқлар бағрини эздим,
Бировлар билдилар, билмаган ўзим.
Тангрим, гуноҳимиз кечиргувчи Сен,
Чироғимиз ёқиб, ўчиргувчи Сен.
Каломинг ҳар дилга кўчиргувчи Сен,
Бировлар билдилар, билмаган ўзим.

Дунё
Бор дунё, башанг дунё,
Жонларга жафо қилдинг.
Тор дунё, тажанг дунё,
Айт, кимга вафо қилдинг?
Бериб кимгадир давлат,
Кимга ранж ила меҳнат,
Ўзинг бахт, ўзинг ғурбат,
Айт, кимга вафо қилдинг?
Сирли ой-қуёшингни,
Дарё, тоғу тошингни,
Биров билмас ёшингни,
Айт, кимга вафо қилдинг?
Гоҳида кошонасан,
Гоҳида вайронасан,
Бир зумда бегонасан,
Айт, кимга вафо қилдинг?
Карим ақлин олурсан,
Не куйларга солурсан,
Кулиб чапак чалурсан,
Айт, кимга вафо қилдинг?

Айтақол Энди
Кел, эй, ширинлар ширини, лайливаш пари,
Дилбарликда барча дилбарларнинг дилбари.
Тарқаб кетсин туман каби гумонлар бари,
Гоҳо эслаб юрганингни айтақол энди,
Мени яхши кўрганингни айтақол энди.
Муҳаббатим пинҳон эди, ошкора бўлди,
Бошим узра хаёлларинг сайёра бўлди,
Дилингдагин билолмайин дил пора бўлди,
Гоҳо эслаб юрганингни айтақол энди,
Мени яхши кўрганингни айтақол энди.
Хаёлларинг бош устига, эй, пари чеҳрам,
Қарашларинг дардларимга дорию малҳам,
Минг бор дедим севганимни, бир бора сен ҳам
Гоҳо эслаб юрганингни айтақол энди,
Мени яхши кўрганингни айтақол энди.
Меҳрибонсан, ошиғингга шафқатинг қани?
Шўхликларинг, шаддодлигинг, журъатинг қани?
Тортинмагин, сўзла, келди навбатинг, қани,
Гоҳо эслаб юрганингни айтақол энди,
Мени яхши кўрганингни айтақол энди.

Ўжарқиз
Ошиқ бўлдим беқарор,
Гўзаллар шаддодига,
Ўжар қиз қулоқ солмас,
Юрагимнинг додига.
Соғинтириб атайдан,
Бағритош кўнгли тўлар,
Мени минг кўйга солиб,
Балки, ҳолимдан кулар.
Ҳой, ой санам, бой санам,
Баландроқсан ойдан ҳам.
Кел озгина пастга туш,
Ёлғиз ўғилман мен ҳам.
Етти кундуз-кечаси,
Пойлар етти акаси.
Борсам тош отиб қувлар,
Бир зумраша укаси.
Жоним гаровга қўйиб,
Ўтсам қиё боқмайди.
Тегманозик бу қизга,
Билмам, нимам ёқмайди.
Бир кун умид юлдузим,
Бахтим бўлиб куларсан.
Кўксим узра кўйиб бош,
Мунис, ювош бўларсан.

Қизлар
Гўзал қизлар, жанона қизлар,
Боқишингиз мастона, қизлар.
Бугун Наврўз айёмингизда,
Бизни деманг бегона, қизлар.
Бизларни деб пардоз қиласиз,
Қоматингиз танноз қиласиз.
Ногоҳ юракларга ўт қўйиб,
Ўчирмайман, деб ноз қиласиз.
Биз бўлмасак, ўсмалар қайда?
Кўзлардаги сурмалар қайда?
Олов бўлиб ёнар либослар,
Ўшал тилла тугмалар қайда?
Ўзингиздан ширин сўзингиз,
Лайлолардан зебо ўзингиз.
Ер юзига шаҳаншоҳ бўлур,
Бир ғарибга тушса кўзингиз.
Гўзал қизлар, жонона қизлар,
Боқишингиз мастона, қизлар.
Бугун Наврўз айёмингизда,
Бизни деманг бегона, қизлар.

Эрка Қиз
Юзингиз ойдеккина,
Қошингиз ёйдеккина.
Ҳеч кимга парво қилмай,
Турасиз бойдеккина.
Дадасига эрка қиз,
Аясига эрка қиз.
Ишқингиз юрагимни,
Қилди тилка-тилка қиз.
Қарамасангиз бизга,
Нима ҳам деймиз сизга.
Мағрур бўларкан қизлар,
Кирганда ўн саккизга.
Кулишларига гап йўқ,
Туришларига гап йўқ.
Товусдан эртак айтманг,
Юришларига гап йўқ.
Ўргилай феълингиздан,
Аччиқроқ тилингиздан.
Меҳрингизни қозониб,
Жой олай дилингиздан.
Чидаймиз нозингизга,
Нозу арозингизга.
Қишлардан омон чиқсак,
Етармиз ёзингизга.
Дадасига эрка қиз,
Аясига эрка қиз.
Ишқингиз юрагимни,
Қилди тилка-тилка қиз.

Ажаб Дуне
Азим дунё, сеҳрли дунё,
Ҳалим дунё, меҳрли дунё.
Золим дунё, қаҳрли дунё,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.
Кенгларга кенг, торларга торсан,
Йўқсилга йўқ, борларга борсан.
Боғларга гул, тоғларга қорсан,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.
Сабри борнинг сабри сен ўзинг,
Жафо ўзинг, жабри сен ўзинг.
Ғофилларнинг қабри сен ўзинг,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.
Ғами адо бўлмас дунёсан,
Ками адо бўлмас дунёсан.
Кетган қайтиб келмас дунёсан,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.
Кошонасан кимга вайрона,
Кимга ошно, кимга бегона.
Чин дунёга ўзинг остона,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.

Ёрилтош
Ёрим ёнимда бўлсанг-у, етолмасам,
Меҳрим қониб қўлларингдан тутолмасам,
Кучолмасам, лабларингдан ўполмасам,
Кетгим келур дунёларнинг чеккасига,
Ташла мени ёрилтошлар ўртасига.
Қололмасам хаёлингда хаёл бўлиб,
Атрофингда айланмасам шамол бўлиб,
Қийнаганда гумонларим савол бўлиб,
Кетгим келур дунёларнинг чеккасига,
Ташла мени ёрилтошлар ўртасига.
Термулмасам кўзларингга тўйиб-тўйиб,
Силолмасам юзларингни суйиб-суйиб,
Армон билан юрак-бағрим ўйиб-ўйиб,
Кетгим келур дунёларнинг чеккасига,
Ташла мени ёрилтошлар ўртасига.
Айтолмасам дардларимни нидо бўлиб,
Эшитмасам сўзларингни фидо бўлиб,
Фироқингда адо бўлиб, адо бўлиб,
Кетгим келур дунёларнинг чеккасига,
Ташла мени ёрилтошлар ўртасига.
Мени излаб тоғу тошга бормагин-ей,
Афсун ўқиб, ёрил тошни ёрмагин-ей,
Жафо қилиб чарчамагин, хормагин-ей,
Кетгим келур дунёларнинг чеккасига,
Ташла мени ёрилтошлар ўртасига.
Дарёларда оқиб кетай Тоҳир бўлиб,
Ҳижрон мени сўйсин Қоработир бўлиб,
Карим жунун саҳросида шоир бўлиб,
Кетгим келур дунёларнинг чеккасига,
Ташла мени ёрилтошлар ўртасига.

Маликам
Гуноҳим кўп, оғир бўлса ҳам,
Жазо бериб ёр кўнглингиз тўлса ҳам,
Аразингиз етар, эй, соҳибкарам,
Бир қошиқ қонимдан кечинг, маликам.
Юзингизга термулиб қолган эдим,
Ҳаддим сиғиб бир бўса олган эдим,
Хижолатдан оловдай ёнган эдим,
Бир қошиқ қонимдан кечинг, маликам.
Оташ ҳислар солур туғён қонимга,
Борим берай бўса олган онимга,
Шафқат қилинг миттигина жонимга,
Бир қошиқ қонимдан кечинг, маликам.
Севгимизнинг сеҳри бўлсин бўсалар,
Тақдиримиз муҳри бўлсин бўсалар,
Қалбимизнинг меҳри бўлсин бўсалар,
Бир қошиқ қонимдан кечинг, маликам.

Сени Унутмасман
Гул эдинг, қалбимдан узди ёмонлар,
Муҳаббат қасрини бузди ёмонлар,
Юрагимни ёмон эзди ёмонлар,
Сени унутмасман, унутолмасман.
Сенсиз ўтган кунлар - карвонлар айтсин,
Аламлар ёғилган осмонлар айтсин,
Соғинчлар, ҳижронлар, армонлар айтсин,
Сени унутмасман, унутолмасман.
Маъюс кўзларингда қолди хаёлим,
Мунис юзларингда қолди хаёлим,
Маҳзун сўзларингда қолди хаёлим,
Сени унутмасман, унутолмасман.
Қўлларим етмаган юлдузим, моҳим,
Гўзал Лайлим эдинг, Шириним - шоҳим.
Кўксимда дод солган кўшиғим, оҳим,
Сени унутмасман, унутолмасман.
Сенсиз бу ҳаёт - бир занг босган қафас,
Орзусиз дунёни ким қилар ҳавас.
Билсанг Карим учун ёдинг бўлса бас,
Сени унутмасман, унутолмасман.

Онамга
Кўз ёшларга тўлдириб бу оламни,
Кимга айтай дилда дарду аламни,
Тақдир раво кўрди жабру ситамни,
Розилигин ололмадим онамни.
Боролмадим, тоғлар тўсди йўлимни,
Занжирларга боғлаб оёқ-қўлимни,
Худо менга бермасмиди ўлимни,
Розилигин ололмадим онамни.
Бунча мени ёқтирмаса балолар,
Не тўғри деб қилсам, бўлди хатолар,
Етмасмиди менга шунча жазолар,
Розилигин ололмадим онамни.
Бир бандаман, Худодан уялмаган,
Сўнги марта онажон деёлмаган,
Ўғилманми, қабрига қўёлмаган?
Розилигин ололмадим онамни.
Энди, Карим, мени армон йиғлатур,
Ҳасрат ўти кўзимни қон йиғлатур,
Минг надомат, минг пушаймон йиғлатур,
Розилигин ололмадим онамни.

Қўшиқларим Бор
Кўлдан тушмас созим, эй дўст, бир нафас,
Куйлайман дардларим, бедард англамас,
Чаман булбуллари қилгудай ҳавас,
Ҳали айтилмаган қўшиқларим бор.
Дейдилар, булбулга гул бўлса бўлди,
Кўнгил изҳорига тил бўлса бўлди,
Мендек ҳофизларга эл бўлса бўлди,
Ҳали айтилмаган қўшиқларим бор.
Йўлимга игналар сочма, ҳасадгўй,
Ортимдан тош отиб қочма, ҳасадгўй,
Қулоғинг беркитиб шошма, ҳасадгўй,
Ҳали айтилмаган кўшиқларим бор.
Ёмонлар зулмидан афғону оҳим,
Кўшиқ айтмоқ бўлди ёлғиз гуноҳим.
Бахилларга инсоф бергин, Аллоҳим,
Ҳали айтилмаган қўшиқларим бор.
Вафо қилмас сохта шуҳрат, эътибор,
Аллоҳ ўзи азиз қилмаса бекор,
Қалбимда, эй, Карим тоза, беғубор
Ҳали айтилмаган қўшиқларим бор.

Мунгли Кўзлар (Шу Номли Қиссани Ўқиб)
Бир кам бу дунёда не бор мукаммал?
Ҳаёт гоҳ заҳардир, гоҳида асал,
Манглайга битилмиш тақдири азал,
Тақдирнинг измига юрмасам бўлмас,
Манглайга ёзганин кўрмасам бўлмас.
Оёқларим юрмас бир қадам бўлса,
Наҳот ёш жонимга бу дард кам бўлса,
Бошимга ёғилган фақат ғам бўлса,
Тақдирнинг измига юрмасам бўлмас,
Манглайга ёзганин кўрмасам бўлмас.
Ақлдан оздирар аччиқ ситамлар,
Буни қайдан билар бедард, бекамлар,
Бунчалар бағритош экан одамлар,
Тақдирнинг измига юрмасам бўлмас,
Манглайга ёзганин кўрмасам бўлмас.
Ҳақиқат изладим, сарғайди юзлар,
Сепилди қонталаш бағримга тузлар,
Нечун ёш тўкмасин бу мунгли кўзлар,
Тақдирнинг измига юрмасам бўлмас,
Манглайга ёзганин кўрмасам бўлмас.
Дунё, сендан тонсам не ажаб,
Ажал шаробига қонсам не ажаб,
Ноҳақлик ўтида ёнсам не ажаб,
Тақдирнинг измига юрмасам бўлмас,
Манглайга ёзганин кўрмасам бўлмас.

Адашдим
Ёш эдим, ёшлигим кетмайди дебман,
Бу масрур лаҳзалар битмайди дебман,
Отам, онам асло ўтмайди дебман,
Адашдим, адашдим, э воҳ, адашдим.
То абад қалбимни ғашлаб кетдилар,
Чорасиз кўзларим ёшлаб кетдилар,
Бир-бирин бақога бошлаб кетдилар,
Адашдим, адашдим, э воҳ, адашдим.
Бу манзур кунларда юролмадилар,
Басту камолимни кўролмадилар,
Қаршимда ёнма-ён туролмадилар,
Адашдим, адашдим, э воҳ, адашдим.
Кўнглимда ғамларнинг адоси қолди,
Кимнингдир фарёди, нидоси қолди,
Онамнинг сўнги бор дуоси қолди,
Адашдим, адашдим, э воҳ, адашдим.
Ҳасратим дунёга сиғмайди, ё Раб,
Армоним бағримни тиғлайди, ё Раб.
Етимлик Каримдек йиғлайди, ё Раб,
Адашдим, адашдим, э воҳ, адашдим.

Кундошлик Дарди
Ҳаёт гўё синар бардошим,
Не кунларга қолди бу бошим,
Йўлда йўл бермади йўлдошим,
Кунда кун бермаган кундошим.
Дунё бўлди кўзимга торлар,
Баҳоримда ёғилди қорлар, .
Юрагимга берди озорлар,
Кунда кун бермаган кундошим.
Ёлғон экан ёрнинг вафоси,
Ўзга гулнинг бўлди адоси,
Қайси гуноҳимнинг жазоси,
Кунда кун бермаган кундошим.
Алам-алам куйдирди мени,
Бу дунёдан тўйдирди мени,
Кумуш эдим, ўлдирди мени,
Кунда кун бермаган кундошим.
Дарё оқар кўзимда ёшим,
Ёлғиз ёстиқ бўлди сирдошим,
Балоларга қўйди бу бошим,
Кунда кун бермаган кундошим.

Бир Кам Дунё
Азал шундай яралган олам,
Ярим шодлик, ярим дарду ғам,
Умид қилма, эй, азиз одам,
Бутун бўлмас, бу дунё бир кам.
Яшаб ўтди, турфа хил эллар,
Унут бўлди, не қадим тиллар,
Ўтса ҳамки яна минг йиллар,
Бутун бўлмас, бу дунё бир кам.
Инсон қанча уринган билан,
Мол-дунё деб, суринган билан,
Бахт манзили кўринган билан,
Бутун бўлмас, бу дунё бир кам.
Биров ота-онадан безор,
Кимдир улар дийдорига зор.
Йўқсилда йўқ, борларда бисёр,
Бугун бўлмас, бу дунё бир кам.
Буғдой ўсар сомони билан,
Гул очилар тикони билан,
Яхши яшар ёмони билан,
Бутун бўлмас, бу дунё бир кам.
Ортга қайтмас карвон барчамиз,
Бошдан оёқ нуқсон барчамиз.
Замин узра меҳмон барчамиз,
Бутун бўлмас, бу дунё бир кам.

Ҳофиз Дарди
Кўшиқ айтиб ўттизимда ҳам,
Ҳали шуҳрат майин тотмадим,
Юрак дардим куйладим, аммо
Кимга ёқдим, кимга ёқмадим.
Тақдир синаб сабру тоқатим,
Соғинчларда берди роҳатим,
Мунофиқлар қилар ғийбатим,
Кимга ёқдим, кимга ёқмадим.
Ошиқларга ғамхона бўлиб,
Мажнун бўлиб, девона бўлиб,
Ғарибларга остона бўлиб,
Кимга ёқдим, кимга ёқмадим.
Хато қилдим ўзимни ўйлаб,
Бегоналар боғига бўйлаб,
Гоҳи ёлғон, гоҳи рост сўзлаб,
Кимга ёқдим, кимга ёқмадим.
Йўллар олис, манзиллар олис,
Ўз қўшиғим излайман ҳануз,
Кўллагувчи топмадим бир дўст,
Кимга ёқдйм, кимга ёқмадим.
Яхши ҳамки сен бор санъатим,
Тангри берган кетмас давлатим,
Шоддигимсан, ўзинг ҳасратим,
Кимга ёқдим, кимга ёқмадим.

Гўзалим
Бир кўриб, гўзалим, ойдек жамолинг,
Соядек эргашиб, етолмай қолдим,
Кўринмас занжирга боғладинг, қўйдинг,
Эшигинг олдидан кетолмай қолдим.
Чиқишинг тураман ҳар сафар пойлаб,
Сенга айтар сўзларим дилимга жойлаб,
Кунлар эмас, жоним, ҳаттоки ойлаб
Эшигинг олдидан кетолмай қолдим.
Исминг айтган садога бир қараб қўй,
Адо бўлган адога бир қараб қўй,
Мажнун сифат гадога бир қараб қўй,
Эшигинг олдидан кетолмай қолдим.
Васлинг ширин хаёл, орзу бўлса-да,
Нозу фироқларинг мангу бўлса-да,
Ўтган-кетганларга кулгу бўлса-да,
Эшигинг олдидан кетолмай қолдим.
Ҳижрон дарёлари мени ютса ҳам,
Сабру бардошларим тамом битса ҳам,
Майли остонангда умрим ўтса ҳам,
Эшигинг олдидан кетолмай қолдим.

Ёлғиз Ўғил
Молу давлатлари мўл бўлар,
Обрў-шуҳратлари мўл бўлар.
Ташвиш, меҳнатлари мўл бўлар,
Ёлғиз ўғил бўлган йигитнинг.
Дерлар, ота-оналар меҳмон,
Опа-сингил тоши палаҳмон,
Сўнгра ёлғиз қолгани ёмон,
Ёлғиз ўғил бўлган йигитнинг.
Топганда ҳам дўстнинг зўрини,
Босолмас ҳеч оға ўрнини,
Билмайдилар кемтик кўнглини,
Ёлғиз ўғил бўлган йигитнинг.
Оила ҳам курар бегумон,
Ўғил-қизлар кўрар бегумон,
Фақат дилда қолар бир армон,
Ёлғиз ўғил бўлган йигитнинг.
Қалби йиғлар тўйлар қилганда,
Бошга мусибатлар келганда,
Ака-уканг борми деганда,
Ёлғиз ўғил бўлган йигитнинг.
Ёлғиз билар ёлғиз қадрини,
Тақдир деган золим жабрини,
Аллоҳ берсин Карим сабрини,
Ёлғиз ўғил бўлган йигитнинг.

Биларсан
Дўстим, дарду ситам дардини,
Турфа ташвиш тушса, биларсан,
Баҳор, ёзу кузнинг қадрини,
Бемаҳал қиш тушса, биларсан.
Ҳаёт айни ҳикмат бўлганин,
Умринг азиз неъмат бўлганин,
Чайнаб емоқ роҳат бўлганин,
Оғиздан тиш тушса, биларсан.
Омад келса боринг кўп бўлар,
Суҳбатинга зоринг кўп бўлар,
Қариндошинг, ёринг кўп бўлар,
Ошиғинг беш тушса, биларсан.
Муҳаббатнинг ёлғонларини,
Дил ўртаган ҳижронларини,
Аламлари, армонларини
Қалбинга ишқ тушса, биларсан.
Бевафонинг шайтонлигини,
Бўсалари арзонлигини,
Қўйнингда бир илонлигини
Тананга ниш тушса, биларсан.
Дунё бир кам, дунё бераҳм,
Боғи ярим, саҳроси ярим,
Кимлар ғаним, ким ошно, Карим,
Бошинга иш тушса, биларсан.

Устоз Шералига
Тоғлар ором олар, дарёлар сокин,
Кўзларга қум сочган саҳролар сокин,
Сиз кўшиқ куйлайсиз, наволар сокин,
Халқим ардоқлаган ҳофиз - Шерали.
Қирқ йил қирчиллаган бир йигит умри,
Кимлар тўти бўлди, бировлар қумри,
Сиз эса чаманзор юртим булбули,
Халқим ардоқлаган ҳофиз - Шерали.
Сиз ушшоқ аҳлининг ширин забони,
Санъаткор водийнинг шуҳрати-шони,
Кўнгли яримларнинг малҳами, жони,
Халқим ардоқлаган ҳофиз - Шерали.
Табиат яшнагай сиз куйласангиз,
Булбуллар сайрагай сиз куйласангиз,
Кекса-ёш яйрагай сиз қуйласангиз,
Халқим ардоқлаган ҳофиз - Шерали.
Эл кўнглин чоглаган инсон ўзингиз,
Элдан дуо олган инсон ўзингиз.
Аллоҳ ёрлақаган инсон ўзингиз,
Халқим ардоқлаган ҳофиз - Шерали.

Санъат (Устоз Санъаткор Каримжон Раҳматовга Бағишлайман)
Яхши ҳам дунёда санъат бор, санъат,
Санъат бу дилларга илоҳий роҳат,
Шу санъат бағрида яшаган фақат,
Мен ўша Каримман, Каримжон Раҳмат.
Санъат бир дарёдир, оққани оққан,
Кимга бахт, кимларга дард бўлиб боққан,
Бировга ёқмаган, бировга ёққан,
Мен ўша Каримман, Каримжон Раҳмат.
Жўрахон, Маъмуржон санъатин кўрган,
Юсуфжон, Охунжон суҳбатин кўрган,
Санъатнинг меҳнату роҳатин кўрган,
Мен ўша Каримман, Каримжон Раҳмат.
Дўст бўлсанг, майли, кел, ёнимда тургин,
Гар душман эрурсан, сал нари юргин,
Марғилон аҳлидан бир сўраб кўргин,
Мен ўша Каримман, Каримжон Раҳмат.
Кўлимда рубобу дутор сайраган,
Авжли наволардан қалби яйраган,
Мумтоз қўшиқларни дилда асраган,
Мен ўша Каримман, Каримжон Раҳмат.
Дилбар давраларда юрдим, минг шукр,
Орзули тўйларда турдим, минг шукр,
Фарзандлар камолин кўрдим, минг шукр,
Мен ўша Каримман, Каримжон Раҳмат.

Дийдор
Йиллар ўтиб борар, улғаяди ёш,
Вақт деган ҳакам бор, золим, бағритош,
Бугун шодлигимдан кўзларимда ёш,
Дийдорга не етсин, азиз синфдош.
Унут бўлармиди мунаввар тонглар,
Беташвиш болалик, жонсарак жонлар.
Партада ёнма-ён ўтирган онлар,
Дийдорга не етсин, азиз синфдош.
Ёддан чиқармиди кўрганларимиз,
Далада, пахтада юрганларимиз,
Қувлашиб, яйрашиб кулганларимиз,
Дийдорга не етсин, азиз синфдош.
Бир кун фарзандларга бўлиб парвона,
Кимдир ота бўлди, кимлардир она,
Яратган шаънига айтиб шукрона,
Дийдорга не етсин, азиз синфдош.
Қалбим боғ бўлади сизларни кўрсам,
Вақтим чоғ бўлади сизларни қўрсам,
Кўксим тоғ бўлади сизларни кўрсам,
Дийдорга не етсин, азиз синфдош.
Сизга бахт тилайман, бахтлар ёр бўлсин,
Дилларда орзулар оппоқ қор бўлсин,
Дунёда муҳаббат, меҳр бор бўлсин,
Дийдорга не етсин, азиз синфдош,

Эл Дарди
Во ажаб, кунгилга зор сиғмай қолди,
Гўёки тоғларга қор сиғмай қолди,
Ғазалга иболи ёр сиғмай қолди,
Шоирлар шаънига ор сиғмай қолди,
Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди.
Токчада сарғайиб ётар ашъорлар,
Деворда осиғлиқ қолди дуторлар,
Қайдасиз, қалбида эл дарди борлар?
Санъаткор шаънига ор сиғмай қолди,
Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди.
Ёндим деб куйлашар қизлар, во дариғ,
Куй ғариб, пойма-пой сўзлар, во дариғ,
Андиша билмайди кўзлар, во дариғ,
Хонанда шаънига ор сиғмай қолди,
Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди.
Саҳналар ишқи йўқ бедардга қолди,
Шовқин-суронлардан асаблар толди,
Раққоса рақсидан шайтон уялди,
Шеърларга вафоли ёр сиғмай қолди,
Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди.
Қайдан миллий бўлсин ғайри наволар,
Қолипга солинган бедард садолар,
Афсус, қайда энди авжу ҳаволар,
Эй, Карим, кўнгилга зор сиғмай қолди,
Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди.

Онажон
Жаҳонда борлигим, танда жонимсиз,
Отамдан ёдгорим, меҳрибонимсиз,
Суянчим, паноҳим, соябонимсиз,
Сиз менинг ёлғизим, онажонимсиз,
Отамдан ёдгорим, меҳрибонимсиз.
Ёшгина умрини бой берган аёл,
Не-не азоблардан ризқ терган аёл,
Бизларни кам қилмай ўстирган аёл,
Сиз менинг ёлғизим, онажонимсиз,
Отамдан ёдгорим, меҳрибонимсиз.
Ўзи янги киймай, бизни кийдирган,
Ўзи емай-ичмай, бизни тўйдирган,
Ёмон кўздан асраб, кинна йўйдирган,
Сиз менинг ёлғизим, онажонимсиз,
Отамдан ёдгорим, меҳрибонимсиз,
Сиз юрган йўлларда йўл бўлай ўзим,
Кўнглингиз очгани гул бўлай ўзим,
Неки буюрсангиз, қул бўлай ўзим,
Сиз менинг ёлғизим, онажонимсиз,
Отамдан ёдгорим, меҳрибонимсиз.

Янги Йил
Янги йил келмоқда наволар билан,
Дилга яқин оҳанг, садолар билан.
Даврага дастурхон ёзар оналар,
Яхши ният, эзгу дуолар билан.
Қор ёғар покликнинг тимсоли бўлиб,
Тоғлар, адирларнинг жамоли бўлиб.
Янги манзилларга интилар халқим,
Йилдан-йил истиқлол камолга тўлиб.
Ҳар инсон қалбида орзулар ширин,
Нурли чеҳраларда, кулгулар ширин.
Барчани лол этиб рақс тушар қизлар,
Бугун дилбар наво, чолғулар ширин.
Қадамлари қутлуғ келсин янги йил,
Бахтли, саодатли бўлсин янги йил.
Ватан обод бўлсин, тинчлик барқарор,
Истиқлол нурига тўлсин янги йил.

Ғийбат
Йиғлама, шу экан дунёнинг бори,
Уч одам тўпланса - ғийбат бозори,
Жонингни оғритар оғриқ, озори,
Ғийбатдан қайга ҳам қочамиз, жоним.
Мунофиқ чин дўстинг бўлиб туради,
Юзлари чиройли кулиб туради,
Кўзлари заҳарга тўлиб туради,
Ғийбатдан қайга ҳам қочамиз, жоним.
Қуш бўлсанг қонотинг қайирмоғи бор,
Минг йиллик дўстингдан айирмоғи бор,
Қалбида қоп-қора ҳасад доғи бор,
Ғийбатдан қайга ҳам қочамиз, жоним.
Ўзидан бехабар бўлар ғийбатчи,
Тиззаси йиртиққа кулар ғийбатчи,
Сендан гапирмаса ўлар ғийбатчи,
Ғийбатдан қайга ҳам қочамиз, жоним.
Қўшнинг ёмон бўлса, кўчиб кетасан,
Дўстинг ёмон бўлса, кечиб кетасан.
Бир куни ёдидан ўчиб кетасан,
Ғийбатдан қайга ҳам қочамиз, жоним.
Кўзингда дард бўлар унинг дастидан,
Юзларинг зард бўлар унинг дастидан,
Сочингда гард бўлар унинг дастидан,
Ғийбатдан қайга ҳам қочамиз, жоним.

Не Ёзмиш Яна
Азизим, бир жойга етганда ёшинг,
Қиблага бош қўяр умринг, қуёшинг,
Не кунлар кўрмади бу ёлғиз бошинг,
Билмадик, тақдирда не ёзмиш яна.
Болалик шамолдек бир елиб кетди,
Йигитлик меҳмондек бир келиб кетди,
Не турли кийганинг йиртилиб битди,
Билмадик, тақдирда не ёзмиш яна.
Яйрадик, йиғладик, кулдик беармон,
Ҳатто юлдузларни урдик бенарвон,
Топганимиз бўлди хато бир хирмон,
Билмадик, тақдирда не ёзмиш яна.
Яхшими, ёмонми даврон сурдик биз,
Рўзғор деб югурдик, уйлар курдик биз,
Ўғил-қиз ўстириб, тўйлар кўрдик биз,
Билмадик, тақдирда не ёзмиш яна.
Мўлжалга тушмайди боссанг оёғинг,
Дуога қўл очсанг, титрар бармоғинг,
Кўлингда отангдан қолган таёғинг,
Билмадик, тақдирда не ёзмиш яна.
Энди чор улфатлар бизга бегона,
Кўлда жойнамозу тасбеҳ дурдона.
Дарвоза ёнида бир ҳужрахона,
Билмадик, тақдирда не ёзмиш яна.
Кўнгилда илтижо Аллоҳ зикримиз,
Дунёдан имонли ўтмоқ фикримиз,
Берган неъматига минг бор шукримиз,
Билмадик, тақдирда не ёзмиш яна.

Қараб-Қараб
Қизлар аро оҳиста бўйлаб,
Сунбул-сунбул сочларинг ўйнаб,
Биров билмайди-ку деб ўйлаб,
Қараб-қараб қўясан, жоним,
Қараб мени суясан, жоним.
Нигоҳингга меҳрингни жойлаб,
Ҳуснинг билан кўзимни боғлаб,
Қарамаган чоғимни пойлаб,
Қараб-қараб қўясан, жоним,
Қараб мени суясан, жоним.
Айтай десанг кўнглинг ростидан,
Қутилмайсан ҳаё дастидан,
Фақатгина кўзлар остидан,
Қараб-қараб қўясан, жоним,
Қараб мени суясан, жоним.
Ўтиб кетсанг ёнимдан кулиб,
Сенга ташна, зорлигим билиб,
Ногоҳ бир ортингга қайрилиб,
Қараб-қараб қўясан, жоним,
Қараб мени суясан, жоним.

Бахт
Ой зулматда бўғилган кеча,
Кўкдан армон ёғилган кеча,
Йигит бошим эгилган кеча
Сен бахтли эдинг.
Ҳижрон эшик қоққан ўша тун,
Сочимга қор ёққан ўша тун,
Алам ёмон чаққан ўша тун,
Сен бахтли эдинг.
Ўзга уйинг безатилганда,
Эгилиб чой узатилганда,
Илк бор бешик тузатилганда,
Сен бахтли эдинг.
Неча йиллар ҳажрингда юриб,
Сендан анча узоқда туриб,
Сенинг бахту иқболинг кўриб,
Мен бахтли эдим.

Муҳаббатим
Менинг фикру хаёлим олган,
Дилга ҳижрон оташин солган,
Бир дард бўлиб қалбимда қолган,
Ҳам азобим, ҳам роҳатимсан,
Муҳаббатимсан.
Ёдинг билан кечаркан кунлар,
Хаёлингсиз ўтмас не тунлар,
Қайдан билсин бағри бутунлар,
Тинчим олган ҳаловатимсан,
Муҳаббатимсан.
Топган эдим йўқотдим сени,
Бу ғариб қалбимнинг таскини,
Ташлаб қайларга кетдинг мени,
Армон бўлган саодатимсан,
Муҳаббатимсан.
Сен борсанки, гўзал бу ҳаёт,
Орзуларга бўларсан қанот,
Карим учун ўзингсан нажот,
Йўқлигим ҳам бор давлатимсан,
Муҳаббатимсан.
Бой бўлдинг, суюндинг, Худо берди, деб,
Йўғингда куюкдинг, Худо урди, деб,
Фолбиндан демагин, ишим юрди, деб,
Тилингдан тутилсанг, бировдан кўрма.
Кимдир масжид курар, берса дастига,
Кимдир чоҳлар қазир бойроқ дўстига,
Карим, жоним берай гапнинг ростига,
Бандасан, не бўлсанг, бировдан кўрма.

Она Фарёди (Марсия)
Кўзларимни ёшлаб кетдинг, ўғлоним,
Юрагимни ғашлаб кетдинг, ўғлоним,.
Самоларни тутди оҳу фарёдим,
Нечун бевақт ташлаб кетдинг, ўғлоним?
Ҳаёт деган тиканмиди, гулмиди,
Пасту баланд сўқмоқмиди, йўлмиди,
Фарзанд доғи деганлари шумиди,
Нечун бевақт ташлаб кетдинг, ўғлоним?
Юрган йўлинг йўлмасмиди, дилбандим,
Ажал кўнгли тўлмасмди дилбандим.
Онанг ўлса бўлмасмиди, дилбандим,
Нечун бевақт ташлаб кетдинг, ўғлоним?
Аканг, опа-сингилларинг зор этиб,
Дадажонинг сочларини қор этиб,
Мен онангга дунёларни тор этиб,
Нечун бевақт ташлаб кетдинг, ўғлоним?
Шаҳидларга жаннат ато бўларкан,
Фарёд қилсам, гуноҳ, хато бўларкан,
Онанг дардинг тортиб адо бўларкан,
Нечун бевақт ташлаб кетдинг, ўғлоним?
Куёв бўлсанг, яйраб юрсам бўларди,
Набираю келин кўрсам бўларди,
Давлатингда даврон сурсам бўларди,
Нечун бевақт ташлаб кетдинг, ўғлоним?
Сени эслаб, то абад, ёд этарман,
Айрилиқдан ғам-аламлар ютарман,
Бир кун, ўғлим, ёнгинангга кетарман,

Нечун бевақт ташлаб кетдинг, ўғлоним?
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика