Офтобли кунлар (ҳикоя) [Abdusattor Hotamov] |
Теплоход портга кечга яқин келиши керак эди. Содиқ чарчагани учун шаҳар айланишни хуш кўрмади. Чамадонини олди-да, ҳали вақт бўлишига қарамай портга етиб келди. Бирпас дарёни томоша қилгиси келди. Портнинг катта зали одам билан гавжум, келиб-кетаётган кемаларнинг сўнгги йўқдек эди. Бир маромдаги ола-ғовурлар, дарё сувининг қирғоққа аста урилиши эшитиларди. Бунақа пайтда сафардаги одамни уйқу элитади. Бироқ кўчада ухлаб ўрганмаган одам барибир ухлай олмайди. Содиқ ҳам ана шундай жойларда биринчи бор бўлиши эди. Порт ойнасидан дарёнинг қуёш нурида зар қоғоздек ялтирашига маҳлиё бўлиб ўтириб, мудрадию, ухламади.Кеча кечқурун поездда соқол олгани ёдига тушди. Чамадонида бураб қўйса айланадиган қайроқ тошдек устараси бор эди. Ўзини тартибга келтириб олмаса бўлмас. Содиқ чамадонни очдию, ҳайрон бўлиб қолди. Чамадон уники эмасди. Аввал қулупнай сурати туширилган шаклдаги сочиқ, сўнг қўнғир ранг дафтар чиқди. Тавба, қаерда алмаштирдийкин? Поездда-ку алмаштирмаган. Охирги станцияда нарсаларини чамадонга жойлагани аниқ ёдида. Портга автобусда келганди, шундамикин? Ундай деса чамадони ўзи билан ёнма-ён турганди. Ҳарҳолда яхши бўлмапти. Кийим-кечаклари бор эди. У ёқда бу чамадон эгаси ҳам ташвишдадир. Содиқ чамадонни тиззасига қўйганча шуларни ўйлади. Катак дафтарни очиб ўқиди: «Бугун ишхонамиз билан лола сайлига бордик. Автобусимиз кенг сайхонликка чиққач, ҳаммамиз қичқириб юбордик: лола, қаранглар, лола!». Атроф қип-қизил эди. Қир томон чопиб кетдик. Ўғлимнинг қўлидан тутганча мен ҳам лолаларни қучоғимизга сиққанча тердик. Кўнглим бирам кўтарилиб кетдики, гўё дунё гўзаллиги фақат биз учун яратилгандек. Кейин ер ковлаб ўчоқ қилдик. Қозон осдик. Турғун деган жингалак соч йигит фартук тақиб, овқатга уннаб кетди. Қўлида капгиру, кўзини мендан узмайди. Қизлар олдида бирам уяламан, бирам уяламан... У уйланмаган, мен турмуш қурганман. Бошига урадими мени, деб ўйлайман. Сайлдан оқшомда қайтдик. Автобус уйимиз олдида тўхтагач ўғилчам билан бирга Турғун ҳам жойидан қўзғалди. Қўярда-қўймай юкларимни пастга олиб тушиб берди. Жилмайиб, эртагача хайр, деди. Беихтиёр кўзим кўзига тушдию юрагим ўйнаб кетди. Унинг бироз дўриллаган, ёқимли овози ҳозир ҳам эшитилаётгандек. 24 апрел». Содиқ бу ёзувларни ўқиб хижолат бўлди. Ўзини худди кимнингдир ўта сирли сўзларига қулоқ тутиб тургандек ҳис этди. Лекин барибир бегона аёл тақдири бу туйғудан устун чиқди. Дафтарни ўқигиси келаверди. Инсоннинг яхши кунлари тушдек ўтиб кетар экан. Содиқнинг хотини билан кечирган олти ойи олти кундек ўтдию кетди. Ёвуз хасталик хотинининг юрагига чанг солганида у севимли одамидан айрилиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ёстиқдошининг ҳамма маросимлари ўтиб, қалби кимсасиз дунёдек ҳувиллаб қолди. Онасининг «Ҳаётга энди келаяпсан, бирорта ақлли-ҳушли қизга уйлантириб қўяй» деган гаплари юрагига тиғдек ботарди. Оламда ҳали хотинида тенг келар аёл зоти йўқ эди. Мана, бугун Содиқ бегона аёлнинг дардларига шерик бўлди-да, дафтардан бош кўтаролмай қолди. Кундаликнинг кейинги саҳифасини очди. «Бир файласуф муносиб яшаш – жасорат» деган экан... Бу гапнинг маъносини эндиликда ёлғиз қолганимда тушунаяпман. Йўқ, мен эримдан ажрашишга қарор қилиб янглишдим, демоқчи эмасман. Ахир хиёнат қилган одам билан қандай бирга яшаб бўлади. Мен ўғилчамни ўйлайман. Якка-ёлғизимнинг ота меҳрисиз ўсаётганидан хафа бўлиб кетаман. Бир кўнглимда мени тушунадиган бирор кишига турмушга чиқай дейман. Шунда кўзим олдига Турғун келади. Жингалак соч, тик қомад, хушмуомала. Ортимдан соядек эргашиб юргани, меҳрибончилигини ўйлайман. Наҳотки у мени севса? 12 май». Қуёш уфққа ёнбошлай бошлаганда изғирин турди. Дарёнинг балиқ ҳиди аралаш шабадаси этни баттар жунжитарди. Ташқарига чиққан Содиқ чамадони адашганидан энди ростакам ташвишга тушиб қолди. Ичида костюми ҳам бор эди. Демак, иссиқ кийим сотиб олиши керак. Ҳозир улгурмайди. Теплоходга чиқса бирон портда магазинга киради. У ичкарига қайтиб, тақир стулга чикди. Енги калта кўйлак кийгани учун билак туклари тикка бўлиб кетганди. Қўлларини кўксида қовуштирганча яна дафтарга мук тушди. «Бугун ярим кечада эшик қўнғироғининг кетма-кет жиринглашидан уйғониб кетдим. Ўғилчам ҳам қўрқиб, бақириб юборди. Аста очсам янги қўшнимнинг эри. «Сизда инсоф борми-йўқми» дейди ўдағайлаб. «Нима гап? – дедим юрагим тез-тез урганча. – Нима бўлди?» «Уйни сувга тўлдириб юбордингиз-ку, ахир. Ётаётганингизда бундоқ у ёқ, бу ёққа қарамайсизми?» дейди. Квартирамиз ошхонаси жўмраги анчадан бери бузуқ эди, сув томарди. Ўлсин, кечалари ҳам чакиллаб одамнинг ғашига тегарди. Тўртинчи қаватга зўрға чиқадиган сув кучайиб, полга, кейин қўшниникига оқиб тушибди. Қўшнимнинг дағдағаси ўғлимга ҳам, менга ҳам ёмон таъсир қилди. Она-бола тўйиб-тўйиб йиғладик. Эҳтимол уйимизда эркак киши бўлганида шу қуриб кетгур жўмракни тузатиб қўярди. Бировга хафа қилдирмасди. 24 май». Порт дикторининг овози Содиқни ҳушёр торттирди. У кутган теплоход келарди. Қирғоқдан ёғоч йўлакка тушди-да туристларга қўшилиб, кема ичкарисига кирди. Каютаси биринчи қаватда экан. Зина билан пастга тушди. Каютанинг коса оғзидек думалоқ тешиги дарё сувидан хиёл юқори бўлиб, ундан яқин атрофдаги кемаларнинг қуйи қисми кўзга ташланарди. Содиқ «Оббо, бизнинг жойимиз сувнинг остида экан-ку», – деб ўйлаб турганди, радиокарнайдан овоз эшитилиб қолди: – Қайтараман. Кимда-ким вокзалда чемоданини алмаштирган бўлса, марказий фоега чиқсин. Содиқнинг кўзи дастлаб ўз чамадонига тушди. Сўнгра унинг ёнида турган 23-25 ёшлар чамасидаги аёлга. Унинг сочлари орқасига ихчам турмакланган, думалоқ, қорача чеҳрасида ўйчанлик аломатлари бор эди. – Салом, – деди Содиқ аёлнинг олдига аста бориб. – Менинг чамадонимни сиз олганмидингиз? Аёл билинар-билинмас жилмайди: – Йўқ, мен эмас, сиз. Улар кулиб юборишди. Содиқ эсладики, поезднинг икки вагонида шу теплоходда сайр қилишга келаётган туристлар бор эди. Поезд манзилига етганида у бир неча чамадонни ерга туширишга ёрдамлашганди. Шунда ўзиники қолиб ўхшашини кўтариб кетаверибди-да. – Фолбин экансиз, – деди Содиқ кулишдан тўхтагач. – Қойил-ей. Аёлнинг чеҳраси дарров жиддий тус олди: – Нарсаларингиз жойидамикан, қараб олсангиз. Бегона йигитнинг ўзига тикилиб турганини кўриб аёл гапни қисқа қилди. – Чамадон учун раҳмат. Xайр. – Сизга ҳам. Аёл ортига бир қаради-да, индамади. Содиқ теплоходнинг йўлаги эшигини очиб, ташқарига чиқди. Юзига изғирин шабада урилди. Энди у негадир совқотмас, бояги аёл нимаси биландир хотинини эслатганидан паришон эди. Бунинг устига бегона аёлнинг дафтарини ўқиб, уни ўз кўнглига яқин билиб қолганини пайқади. Кема ортидан гала-гала чағалайлар эргашиб учар, сайёҳларнинг отган емишларини ҳаводаёқ тутиб оларди. Бир оздан кейин палубада рақс бошланди. Баланд бўйли хипча йигит бир қиз билан аллақандай рақсга чунонам тушдики, бу бошқаларда ҳам завқ уйғотиб, жуфт-жуфт айланиб кетишди. Содиқ йигитларнинг бири бояги аёлни рақсга таклиф этаётганини ойна ортидан кўриб турарди. Аёл афтидан рад этиб нари кетди. Эртасига тушга яқин теплоход ўрмон ёнида тўхтади. Ҳамма қирғоққа тушгач, яшил дарахтлар оралаб кетди. Содиқнинг кўзлари кечаги аёлни ахтариб топди. «Исми нимайди, – ўйлади. – Xосият. Кундалигида кўзи тушганди». Шуни эсладию, бирдан хижолат чекди. Рухсациз бировнинг дафтарини ўқиб ўтирибди-я. Қанчалик фаросацизлик. Йигит бир даста гул кўтариб, ташқарига чиқар экан, Xосиятнинг палуба четида энгак тираб хаёл сураётганини кўрди. – Бу сизга, – деди у гулдастани узатаётиб. Кейин унинг йўқ олмайман, дейишидан қўрқиб дарров қўшиб қўйди. – Чамадонимни топиб берганингиз учун. – Раҳмат, – деди Xосият йигитга боқмай гулдастани оларкан. – Тушмадингиз. Биз табиат мўъжизасини кўрдик. Агар рассом бўлганимда уни чизардим. – Кимсиз бўлмаса? – Xосият йигитга ярим ўгирилди. – Агроном. Сизчи? – Ана холос. – Xосият суҳбатдоши томон бутунлай ўгирилди, чеҳраси ёришди. – Танишишнинг хўп ноёб йўлини топдингиз-ку. Агар Содиқдан бошқа одам бўлганида аёлнинг бу гапидан ранжиб нари кетарди. Содиқ унинг аҳволини тушунгани учун кўнглига олмади: – Нима қипти. Мен масалан, одамнинг бир-бири билан танишишидан ҳеч қандай ёмон нарсани кўрмайман. Хосият қошларини чимириб индамай қолди. – Майли, – деди бир оздан сўнг шикаста овозда. – Айта қолай. Исмим – Xосият. Врачман. Бўлдими? Ёки таржимаи ҳолимни тўла гапириб берайми? – Керак эмас, аслида биз вокзалдаёқ танишиб олган эканмиз. Кулишди. Ўртадаги ноқулайлик кўтарилгандек эди. Саёҳат тугай деб қолганида Содиқ Xосиятни сайрга таклиф қилди. – Майли,– деди аёл, – фақат ярим соатча. Улар қарағайзорнинг хушбўй ҳидидан маст бўлиб ўрмон айланишди. Ўрмонга офтоб нури тушмас, атроф салқин эди. Улар сайхонликка чиқишганда кичик анҳорга дуч келишди. – Сакранг, – деди Содиқ қулочини кериб. – Қўрқманг, сакранг. Хосият бошини сарак-сарак қилди. – Керак эмас, кетамиз. – Сакранг, кейин сизга ажойиб манзарани кўрсатаман. – Нима экан у? – Аввал сакранг-да, кейин кўрасиз. Хосият орқасига бир-икки қадам ташлади. Сўнгра югуриб келиб сакради. Сакрадию, ўзини йигитнинг қучоғида кўрди. Содиқ аёлнинг ёқимли атир ҳидидан ўзини сархуш сезар, юраги тез-тез урарди. Xосият киприк қоққунча лаҳза жимгина турдию, кейин йигит бағридан юлқиниб чиқиб, нари кетди. – Бу ёққа қаранг, – деди Содиқ ўртадаги ноқулайликни бузиб. – Биз сузган дарё оппоқ десак кўм-кўк экан-ку. Улар ўрмонда айланиб юриб, яна дарё кўринадиган сайхонликдан чиқиб қолишган эди. Хосиятнинг кўзлари ёниб кетди. – Олисдан жуда чиройли экан-а? Шундай деб йигитга қараганди, Содиқнинг ўзига тикилиб турганини кўриб, қизариб кетди. Улар анча баланд ўрмонзорлар оша уфққа ботаётган қуёшга боқишарди. Қуёш олов ёнаётган тандир мисол қизариб ботарди. – Эртага ҳаво очиқ бўлади, – деди Содиқ уфқдан кўз узмай. – Саёҳатимиз офтобли кунларда ўтди. – Xосиятнинг гап оҳангида илгари Содиқ сезмаган ҳаётдан мамнунлик аломатлари бор эди. У суҳбатдошига очиқ чеҳралик билан назар ташлади. Теплоход манзилига қайтгач, уларнинг йўли айро тушди. Содиқ агроном сифатида хорижий кўргазмада уч-тўрт кун бўлиши, ўзи етиштирган сабзавот уруғликларини намойиш этиши керак эди. – Майли десангиз, хат ёзишиб турсак, – деди Содиқ. Хосият бироз ўйлангач, ерга қараб жавоб қайтарди: – Мен хатни кеча ёзиб қўйганман, фақат битта шартим бор. Ҳозир ўқимайсиз. – У йигитга кўк конверт тутқазди. – Энди хайр, самолётдан кечикаман. Содиқ Xосиятни кузатиб қўйдию, сабри чидамай аеропортдаги ўриндиққа чўкиб конвертни очди. Катак дафтарнинг ўртасидан олинган икки варақ қоғозда дона-дона қуйидаги ёзувлар битилганди: «Ҳурматли Содиқ ака! Эҳтимол сиз сафар давомида бўлган суҳбатимиздан сезгандирсиз. Мен биринчи муҳаббати топталган одамман. Эрим хиёнат қилган. Бир марта оғзинг куйганидан кейин қатиқни ҳам пуфлаб ичаркансан. Лекин тақдир мени иккинчи марта алдагандан кейин одамларга ишончим йўқолаёзди. Бирга ишлайдиган Т.исмли йигит кўнглимни овламоқчи бўлди. Ростини айтай, у менга ҳам ёқарди. Келишган, хушмуомила. Ниҳоят ўғлим ота меҳрисиз ўсмайдиган бўлди, деб ўйлардим. Бекорларни ўйлаган эканман. Бир куни ёзув-чизувларим кўпайиб, ишхонамда кеч қолиб кетдим. «Мумкинми?» деб хонага Турғун кириб келди. «Келинг» – дедим ҳурмати учун ўрнимдан туриб. Унинг оғзидан ароқ ҳиди анқирди. Бир-икки пойма-пой гаплар айтгач, менга хиралик қилди. Қуриб кетгурнинг (ҳа, энди шундай дейман) менга қилаётган ҳамма меҳрибончиликлари, хушмуомилаликлари қабиҳ ниятини амалга ошириш учун экан. Юзига тарсаки тортиб юбордим. Чиқиб кетгач, ўтирволиб юм-юм йиғладим. Тавба, баъзи эркакларга хайронсан: бева аёлларнинг иззат-ҳурмати йўқ деб ўйлашади. Қармоқ ташлаб, илинтиргилари келади. Бундайларга на илжайиб бўлади, на кўпроқ гаплашиб. Наҳотки биз беваларни поклик билан хиёнатнинг, ростгўйлик билан алдамчиликнинг фарқига бормайдилар, деб ўйлашади. Наҳотки биз ҳам ёруғ дунёга ҳалол яшаш учун келганимизни билишмаса? Гўёки бева – барглар орасига яширинган ёлғиз олма. Ҳамма унга кесак отиб тушириб, егиси келади. Содиқ ака! Сиз бир кун менга ҳазиллашиб, фолбин экансиз, дегандингиз. Йўқ, фолбин эмаслигим учун ҳам мен содда икки марта янглишдим. Гапларимни кўнглингизга қаттиқ олманг. Балки сиз ўшандай эркаклардан эмасдирсиз. Балки сиз ҳам ҳақиқатан хотинингиздан айрилган, мени севган бўлишингиз мумкин. Мен билан ҳам яхши ниятда танишгандирсиз. Бунга шунинг учун ҳам ишонгим келадики, сиз мен билан бўлган олис сафарда ҳам ўзингизни чин эркакдек тутдингиз (Аслида ҳар ким сафарда бўлганида синалади). Лекин мен барибир ўшанда айтган таклифингизга қўшилолмайман. Қўрқаман. Бевалар иккинчи марта янглишиши мумкин эмас. Мен эса шунча янглишдим. Энди ёлғиз ўтаман. Сиз менга ҳадя қилган бахтли, офтобли кунлар учун раҳмат, олган тупроғингиз олтин бўлсин. Сизга бирдан-бир истагим шу: ўзингизга муносиб жуфти ҳалолингизни топинг. Бунга ишонаман. Xосият». Содиқ ўйга толди. Кейин хатни конвертга солатуриб, уй манзилгоҳи ёзилмаганини пайқади. Шамол ҳамон ўриндиқда хаёл суриб ўтирган Содиқнинг оёғига қаердандир бир парча газета бўлагини олиб келиб урди. Беихтиёр разм солди. Унда катта-катта ҳарфлар билан аёл ва эркакларнинг ўзларига ёстиқдош қидираётганликлари, улар неча ёшда, қандай характерда бўлишлари кераклиги маълум қилинганди. Содиқ бу эълондан кулишини ҳам, аччиқланишини ҳам билмай ўрнидан турди. Шувиллаб ёмғир ёға бошлади. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62720 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 60020 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40604 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37056 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24082 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23739 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23417 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19907 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18940 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14698 |