Қўлқоп (ҳикоя) [Murod Tillayev] |
Кимки комил бўлмагай ғафлат анга, Ғафлати илми хирад подош этур. Кимки жоҳил бўлмагай ҳикмат анга, Илми ҳам бир кун жаҳолат фош этур.Жалолиддин Румий Троллейбус навбатдаги бекатда чайқалиб тўхтади. Йўловчилар бирин-кетин туша бошладилар. Шу пайт олдинги эшик ёнида қўлига бир парча кизил мато боғлаб олган аёлнинг оюзи ҳамманинг хаёлини бўлиб, сергаклантирди: — Қани, тезроқ бўлинг, тез... Узун, сариқ юнгли калин палто ёқаларини кўтариб олган ўн тўққиз-йигирма ёшлар чамасидаги йигит кўлидаги чарм қўлқопини ғижимлаб лочинникидек ҳаракатчан, катта-катта кўзларини гоҳ ерга нотинч қадар, гоҳ кимнидир излаётгандек атрофга олазарак қараб қўярди. Аммо «лом-мим» демасди. — Чиптангиз бўлмаса, унда жарима тўланг! — Назоратчи аёл йигитга жиддий тикилди. — Уялиш керак эди!.. «Балки у пулини ёдидан чиқазиб қолдиргандир. Балки... умуман... Ҳаётда нималар бўлмайди... — деб ўйлади дераза ёнбошида юпқа гардишли кўзойнак тақиб ўтирган қорача кампир йигитдан кўз узмай». — Барака топкур, болани бир марта кечиринг, энди қилмайди, — деди кампир икки тиззасига қўлларини тираб тураркан. — Мен тўлайман, қўйиб юборинг уни, қоқиндиқ! — У назоратчи аёлга яқин бориб дастрўмолчаси учига тугиб қўйган пуллари орасидан юз сўмлик олиб узатди: — Керагини олиб қолинг, қизим... Назоратчи аёл кампирга бошдан-оёқ бир сидра қараб чиқди-да, йигитга ишора қилиб негадир жилмайди. — Неварангиз бўладиларми? — Бу гап оҳангида киноя ҳам, назоратчи аёлнинг йигитга муруввати ҳам бор эди. «Ўғлим, ё неварам бўлиши шартмиди? — деб ўйлади кампир бўғилиб. — Бегонага яхшилик қилиш айб эмас-ку!» — Аввалроқ ўйлаш керак эди. — Назоратчи аёл камгшрнинг қарашидан кўнглидаги фикрни ўқиб олгандек бўшашиб гапирди. — Яна шундай қилса, — деди бошини йигитга буриб, — жарима соламан. Албатта, икки ҳисса қилиб... Йигит истар-истамас бошини кўтариб аввал кампирга, сўнг назоратчи аёлга қовоқ уюб қараб, ташқарига отилди. — Ёш экан, — деди кампир пулини рўмолчасига қайта тугаётиб. - Қуюлиб қолади... Троллейбус шитоб билан ўрнидан қўзғалди. Олдинга ўриндиқ тепасидаги кичкина туйнуқдан салонга муздек қор ҳавоси гуркираб кирди. Ҳамма бир-бирига урилди... Кампир бирпас ўтиргач, троллейбусда борган сайин одамлар сийрақлашиб қолаётганини, ток келишини кутиш бефойда эканини тушунди. «Бу ёғи уйгача бир бекатча йўл. Қор ҳавоси, тан давоси. Сайр қилиб борарман», — ўйлади у. У троллейбусдан тушаётганда зинада қорга беланиб ётган чарм қўлқопга кўзи тушди. «Боёқиш шошганидан тушириб қолдирипти, — деб ўйлади йигитни эслаб. — Узоққа кетиб қолмадимикин?!» — У эшик четидаги мис тутқичдан ушлаб, яхмалак ерга оёқ қўйди. Қўйди-ю, бирдан сирпаниб, қўли тутқичдан чиқиб, чирпирак бўлиб тушди... Кўлидаги тугуни анча нарига бориб, қорга кўмилиб кетди. Ўзи қўрққанидан, миясига урган оғриқнинг зўридан кўзларини чирт юмиб, тишларини гажирлатиб, совуқ ерни қучганча инграб юборди. * * * Назоратчи аёл бекатга етганда тўсатдан юраги қаттиқ-қаттиқ ураётганини, кўкраги қаттиқ санчаётганини, томоғига бир нарса тиқилиб келаётганини сезиб, кўнглига ғулғула тушди. У бундан беш йил бурун тахикардия касалига йўлиқиб, бир ойча даволаниб чиққан, шундан буён бирон марта қаттиқ ҳаракат қилиб қўйса, ё ҳаяжонланса, бас, дунё кўзига қоронғи бўлиб кўринади... У ҳозир ҳам аъзойи баданидан муздай тер чиқиб кетаётганини пайқади. Чироқ тагидаги ўриндиқдан қорни сидириб ўтирди. «Энди кампирнинг ҳоли нима кечади?» Бирдан кўз ўнгида тинмай инграётган кампир пайдо бўлди. Бутун кучини йиғиб, ўрнидан турди. «Менинг касалим уники олдида нима бўпти? У қари нарса... Олди олинмаса, тағин худо кўрсатмасин...» У энди беш-олти қадам босган эди, йўл чеккасидаги газета дўкони ёнида сигарет тутатиб турган бояги сариқ юнгли, қалин палто ёқаларини кўтариб олган йигитни кўриб қолди. «Яхши бўлди», — деб ўйлади ўзича севиниб. — Хўш, нега тикилиб қолдинг? Одам кўрмаганмисан?! Назоратчи аёл оғриқнинг зўрайиб бораётганидан йигитнинг гапини зўрға эшитди. — Ўзим... — деди аста унга яқин келиб. — Бояги кампир... троллейбусдан йиқилиб тушди... — Менга нима?! — Йигит кўзларини лўқ қилиб аёлга тикилди. — Кампирнинг оёғи қаттиқ шикастланган кўринади... — деди назоратчи аёл ғазабини ичига ютиб. — Ёрдам бериш керак... нариги кўча муюлишидаги автоматдан «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилиб берсангиз. Мен... бориб унга қараб тураман. — Дастёрлик килиб ўрганмаганман! — Йигит унинг гапини чўрт кесди. Назоратчи аёл «ялт» этиб йигитга қаради. Йигит сигарет тутатиб, йўлак бўйлаб келаётган қизларга суқланиб тикилди. — Кўрнамак! — деди ғазаб билан. — Виждонсиз! Сўтак! — Нафаси қисилиб гапирди. — Сен... сени... Садқаи одам кет-э!!! — Унинг кўз олди қоронғилашди-ю, кескин бурилиб, бошини қуйи солганча қорни ғарч-ғурч босиб юриб кетди. * * * Ҳилола дарслар тугаши билан биринчи қаватга тушиб, йўлак бошига «Деканат» деб ёзиб қўйилган эшик олдига борди. Талабалар бу эшикдан ичкари киришга журъат этолмас, ҳатто факултет ўқитувчилари ҳам декан — Абдулла Сайфиддиновичнинг хонасига ўйлашиб киришларини Ҳилола аллақачон — биринчи курсда ўқиб юрган кезларидаёқ пайқаган эди. У деканнинг хонасида ўтказилган старосталар мажлисида беш-олти марта қатнашган, Абдулла Сайфиддиновичнинг сўзини кўп тинглаган бўлса-да, ҳар гал у билан юзма-юз келиб қолса негадир борлиғини ҳаяжон босиб, лавлагиси чиқиб кетарди. У ҳозир ҳам ҳаяжонланиб бир зум иккиланиб турди-да, сўнг шахт билан эшикни очди. Профессор Абдулла Сайфиддинович дераза тагидаги стол ёнида мукка тушганча аллақандай қоғозларни кўздан кечириб ўтирарди. Зангори дарпарда тутилган деразадан тушаётган қуёшнинг тафтсиз нурида пахтадай оппоқ бўлиб қолган сочлари товланиб кўринарди. — Мумкинми домла? — деди Ҳилола эшик тутқичини қўйиб юбормай. Профессор столдан вазмин бош кўтарди-да, негадир жилмайди. — Келинг, — деди секингина. Кейин олдидан бўш курси кўрсатди. — Ўтиринг. Ҳилола қип-қизил лоладай товланиб турган курсига ийманиб оҳиста чўқди. — Табриклайман Москвада ўтказиладиган ЮНЕСКО симпозиумида қатнашадиган бўлдингиз. — Мен... мен-а?! — Ҳилола ялт этиб профессорга қаради. Эсанкираб ўрнидан турди. — Ҳа, сиз! Факултет кенгаши тасдиқлади. — Профессор Ҳилоланинг кичкина қўлини сиқди. — Омад тилайман! Ҳилола йўлакка чиқди-ю, «Сизга ҳамроҳ бўлиб механика-математика факултетидан Ғайрат Камолов боради» деганини эслади. Демак, у ҳам анжуманда қатнашар экан-да. Шу тобда Ҳилоланинг хаёлида Ғайрат, унинг доимо ўйчан, самимий боқиб турувчи тим қора кўзлари, силлиқ таралган сочлари қайта жонланди. Беихтиёр у билан танишган олтин куз кунларини эслади... * * * Оқ халатли доктор троллейбус ичида ётган кампирнинг қўлини оҳиста кўтариб ҳаракатга келтирди. Томир уришини эшитгач, шпритс тайёрлаб, билагига укол қилди. Кардиамин тезда ўз кучини кўрсатди: кампир кичкина, ажин босган кўзларини ярим очди. Атроф туманли, айқаш-уйқаш бўлиб — кўринди кўзига. Кўнгли айний бошлагач, яна кўзларини юмиб олди. Ҳилола троллейбус томон чопиб бораркан, тинмай ҳарсиллар, кўнгли мудҳиш бир нарсани сезиб, юраги гупиллаб урарди. Троллейбус эшиги ёнида одам тирбанд эди. Амаллаб уларни ёриб ўтди. Ўтдию бирдан... ранги қордек оқариб, лаблари титраб, даҳшат ичида қичқириб юборди: — Буви, бувижоним! — У жон ҳолатда кампирнинг қаршисида тиз чўкиб, уни маҳкам бағрига босди. — Сизга нима бўлди, бувижон? Кўзингизни очинг, оча колинг кўзингизни, бувижон!.. Кампир Ҳилолани овозидан таниб, бошини хиёл кўтарди. Мажолсиз қўллари билан неварасининг сочларини силаб, кўзига ёш олди. — Энди машинага олсак ҳам бўлади, — деди оппоқ халати устидан қалин палто ташлаб олган кўзойнакли врач. — Тезроқ шифохонага олиб бориш керак. Икки киши брезент замбилни троллейбуснинг ёнидан олиб ўтаётганларида бирдан одамлар четлашишди. Ичкаридан дилни ларзага солувчи фарёд эшитилди. — Бувижон! Бувижоним! Кўзингизни очинг! Оча қолинг кўзингизни, бувижон! Симёгоч остидаги «Дамас» русумли машинанинг эшиги очиб қўйилган, атрофида беш-олтита одам тўпланиб турар, ҳаво совиб, битта-бшта лайлак қор ёға бошлаган эди. Ғайрат уларнинг олдига келиб тош қотиб қолди. Бир кампирга, бир сочлари сўлғин юзларига ёпишган Ҳилолага қараб туриб титраб кетди. «Наҳот, наҳотки!..» Кампир шу пайт замбил ёнида эгилиб бораётган назоратчи аёлга ниманидир узатгандай бўлди, овози паст, ингроқ чиқди: — Бояги йигит тушириб қолдирипти... омонат... Кўрсангиз берарсиз... Ғайрат ўзининг қўлқопини таниди, таниди-ю, бирдан вужуди музлаб, кўз олди қоронғилашди, оёқлари шалвираб, беихтиёр симёғочга суянди. У ўзига келганида машинанинг қизил чироқлари узоқлашган, йўл чеккасида тўпланиб турган одамлар аллақачон тарқалиб кетганди. Фақат қулоғи остида Ҳилоланинг юракни эзувчи фарёди, кампирнинг дилкашлик билан назоратчи аёлга айтган сўнгги сўзлари ҳамон жарангларди... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Qoʻlqop (hikoya) [Murod Tillayev] 371 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57605 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21571 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19506 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |