Икков (ҳикоя) [Muxtor Magʻavin]

Икков (ҳикоя) [Muxtor Magʻavin]
Икков (ҳикоя) [Muxtor Magʻavin]
Бир кўрган – билиш, деган халқимиз. Икки кўрган – таниш. Бир эмас, икки эмас... ўтган етти йил ичида етмиш марта кўрибди. Аммо биламан деб ҳам, танийман деб ҳам айта олмайди. Исми ким? Асли қаердан? Ким бўлган, нима иш қилган? Бугунги ишининг маъноси нима? Ҳаммаси қоронғу. Қоронғу ҳам эмас, мутлақо номаълум. Фақат ҳозирги касби ҳақидагина озгина тасаввури бор. Ё бизнес, ё ҳокимият. Ё хўжайин, ё хизматкор. Ишқилиб, тинчи камроқ. Вақти эса тақчил. Жуда тақчил.
Иккови тасодифан учрашишди. Ўшанда бир мактабда ўқиган, ўзига ўхшаган бева аёл театрга таклиф қилган эди. Чақирди-ю, энг сўнгги дамда ўзи боролмай қолди. Театр қаршисида, чиптани қўлига ушлатди-да, узр сўраб қолаверди. Бу эса анча саросимада қолди, бева қанча тайёрланган, энди шундоқ театр дарвозаси олдидан қайтмайди-ку. Илож йўқ, жилла бўлмаса бир пардасини кўриб кетай деб ичкарига кирди. Жойини топди, ўтирди. Олд қатор, бироқ сал четроқ экан. Фақат аввалгидай, буларнинг ёш пайтларидагидек тўда-тўда халқ кўринмайди. Ярмидан кўпи бўш. Ва келганларнинг ҳаммаси кекса, кекса бўлмасада ўрта ёшдан ошиб қолганлар. Ёшлар умуман йўқ. Оркестр уясидан скрипканинг чизилган, яна бир асбобларнинг узилган, ҳар хил товушлари эшитилади, куйини келтириб ётишибди. Ўткан кунларини, пешонасига ёзилган, ҳатто, бугун ҳам тоқ қолдирган ёлғизлигини ўйлаб, кўнгли бузилиб, маъюс ўтирган эди,
– Кечирасиз, хоним, – деган товуш келди қулоғига. – Мен ўтиб кетсам...
Чиройли, қора смокинг кийган, қотма, капалак галстук таққан, ўрта ёшлардаги гавдали эркак. Қобоғи қалин, лаби юқа, шиддатли экан. Аёл ўрнидан қўзғала бошлаган эди, яна бир илтимос қилди:
– Бетлашиб ўтишимиз қийин бўлар, бари бўш, ўртароққа силжисангиз...
Ўзининг хаёлида ҳам бор эди, энди иложсиз ўртароққа юришга тўғри келди. Ҳалиги эркак чап томонига, нақ ёнига ўтирди. Худди иккови театрга бирга келгандай. Шу пайт аста қоронғулашди. Ортидан саҳна пардаси очилди. Ўша қадимий, эскирмас «Аида» бошланди.
Бирдан сирли оҳангга аралашиб димоғига қиммат атир ҳиди урилди. Жуда олифта киши бўлса керак. Санъаткорми ё? Лекин юзи нотаниш. Ё режиссёрмикан? Балким, консерваториянинг профессори. Кўз қири билан қаради: У кўкиш сояда тош ҳайкал монанд қотиб қолибди. Умуман, ёмон одамга ўхшамайди.
Аёл ўзини жуда ноқулай ҳис қилди. Биринчи саҳнадан кейин кетсамми, қолсамми деб ўтирган эди, энди нима бўлганда ҳам кетишга аҳд қилди. Тасодифан биров кўриб қолса уят ахир. Нарироқ, бир-икки ўриндиқ силжиб ўтириш яна ноқулай. Бунинг устига, болаларнинг чораклик назорат иши. Тезроқ кўриб, натижасини чиқариш керак. Боз устига мана бу киши... Ўз-ўзидан қисилиб, тинчи йўқолди. Бир дам юзига иссиқ тафт урилди. Ўша биқинидаги эркак нафаси экан.
– Бирон жойингиз оғрияптими?
– Йўқ... – деди у янада ўзини йўқотиб қўйиб. – Ҳа... оғриб...
Шундан сўнг нафас олиши жуда қийинлашиб кетгандай эди.
Ниҳоят, тантанали, дабдабали, зафарли биринчи саҳна тугади.
Аёл биқинидаги эркакка ботиниб қарашга ҳам ийманиб, иккинчи томондан сидрилиб чиқаверди. Шошилиб пастга тушиб, кийимини олди. Тўхтамай ташқарига отилди.
Қалин қор ёғиб турган экан. Лайлак қор. Қалин, япалоқ, сувли, салмоқли қор. Ер яна шилп-шилп. Олмаотага дастлаб келган, ёшгина қиз бўлган бир замонда шундай, қиш ўртасида ҳаммаёқ шилпиллаб лой бўлиб ётарди. Жуда ёқимли кўринар эди. Ёш эди-да у пайтлар. Ёғиннинг ўзи қизиқ. Ҳозир эса бу юпанчсиз, ташвишли кўнгилни янада маъюслаштириб юборди. «Театрда менга нима бор эди...» – деб ўйлади. Йўловчи машина тўхтатмаса бўлмайди. Сал-пал олдинга юриб, кўчанинг нариги юзига ўтиб, йўл тўсди.
Шу пайтда ғилдираклари беўхшов, катта автомобил ёнига келиб тўхтади. Билади, бу – жуда қиммат машина. Янги чиққан катта бойларгина минишса керак. Албатта, тўхтаган – бойнинг ўзи эмас, ҳайдовчиси. Имкон бўлганида беш-ўн чақа ишлаб олмоқчи. Тўғри-да.
Джипми, ёки алламбало деб аталадиган қиммат машинанинг зинаси ҳам жуда баланд экан, эшикнинг тутқичини ушлаб, зўрға кўтарилди. Машина эмас, кенг саройга киргандай бўлди.
– Вой... – Қадди кўтаринки, тик ўтирган ҳайдовчига кўзи тушганда беихтиёр овоз чиқариб юборди. Ўша, театрдаги нотаниш.
– Сиз экансиз-ку... – деди талмовсираб. – Кечирасиз... мен билмасдан...
– Билмаган киши машинани қўл кўтариб тўхтатмайди, тўғри юриб остига тушади, – деди нотаниш қандайдир дағал оҳангда.
– Тўхтатганим... лойгарчилик бўлгач... уйга етиб олиш ниятида...
– Қанча берасиз?
Аёл баттар ўнғайсизланди.
– Эллик тенге... – деди иложсизликдан.
– Яхши, – деди ҳайдовчига ўхшамайдиган ҳайдовчи қаноатли оҳангда. – Бугунги банк ҳисоби бўйича эллик етти тенге – бир доллар. Уйингиз узоқми?
– Узоқ эмас... – деди аёл баттар уялиб.
Эски замонннинг аравасидай, тўрт бурчакли, улкан ғилдиракли қиммат машина шилпиқ қорни эзганча қоқ ёриб, тўғри эшик олдига келиб тўхтади. Аёл сумкасини ахтаришни бошлаган эди, ҳайдовчи лип этиб тушдию, ваҳшатли машинасининг олдидан айланиб ўтиб, унинг эшигини очди. Қўлидан қаттиқроқ ушлаб, секин туширди. Шундан сўнг сал секинлашган, лайлак қорга кафтини ёйди. Аёл ўзини жуда ноқулай сезганча сумкасини очиб, унинг бир бурчидан кичкинагина, буклама ҳамёнини олиб, эллик тенгелик қизил қоғоз ушлатди. Ҳайдовчи қўйнига қўл суқиб, чап томондаги ички чўнтагидан кичикроқ китобча шаклидаги, қалин, чиройли ҳамёнини суғириб, эллик тенгеликни ичкаридаги бир уячасига эҳтиёткорлик билан солди. Кўчадан таралиб турган хира ёруғда қапчиқ ичидаги бир даста шиқирлаган доллар кўзига аниқ чалинди.
– Нечанчи қават? – деб сўради ҳайдовчига ўхшамаган ҳайдовчи.
– Учинчи...
– Машина кўтарила олмайди... – Ташиган кишисини учинчи қаватга кўтариб чиқара олмайдиган соябонли аравадек машина биқ қилди-да, ёруғини йиғиб олди. – Энди ўзим чиқариб қўйишимга тўғри келади. Қоронғи, қўрқасиз...
Ростдан ҳам қоронғи.
– Эҳтиёт бўлинг, – деди аёл. – Бекор оввора бўлдингиз. Ўзимга таниш зиналар-ку..
Таниш зиналар жуда ўзгариб кетгандай. Иккови учун ҳам.
– Тўртинчи қаватга ўтиб кетмадикми? – деб сўради ҳайдовчи, овози гумбурлаб.
– Йўқ. Мана, келдик. Ҳозир эшикни очаман. Кейин чироқ ёқаман. Қайтар йўлингизда ёруғ бўлади...
Калит шиқирлаб, ошиқ-мошиқлар ғичирлаб, эшик зўрға очилди. Ички бўсағадан ялт этиб чироқ ёқилди.
– Рост, – деди аёл. – Сизга қандай раҳмат айтишимни билмай турибман. Машинасиз ҳали юрган бўлардим. Бу подъездда... чироқ доим куйиб кетади. Бемаҳалда юрмасам ҳам, эшик очиб, ташқарига чиқишга қўрқаман...
– Энди мен қўрқиб турибман, – деди ҳайдовчи. – Ташқари – қор, кун – совуқ. Ростдан ҳам раҳмат айтгингиз келса, эҳтимол, бир пиёла чой берарсиз...
Аёл бу таклифни рад қилолмай қолди. Иккови ҳам ичкарига кириб, эшик ёпилди. Ташқарида – лойгарчилик, ташқарида – қоронғилик. Кападай бир хона билан ошхона ҳам иссиқ, ҳам ёруғ эди.
Тўсатдан...
– Шарманда... – деди аёл бетини қўллари билан тўсиб. Мана, роса йигирма... ўн тўққиз йил бўлди... Эрим тўсатдан вафот этгандан буён. Ўтган ёзда қизимни узатдим. Бошқа шаҳарга. Мана энди... қирқдан ошган пайтда...
– Сен менга ўн тўққиздаги ёш қиздай кўриндинг... – деди эркак.
Аёл яна юзини яширди.
– Шарманда бўлдим... Мутлақо эсимдан чиқиб кетган нарса...
– Сезишимча, сен ҳеч қачон бошлаб ҳам билмагансан... – деди эркак.
– Нимага? – деди аёл ҳайрон бўлиб.
– Тозасан, – деди эркак. – Топ-тозасан. Устингдан чивин учиб ўтмаган каби.
Аёл гап маъносини яхши тушунмаган бўлса-да, ўша тортинчоқ ҳолича, эркакнинг кенг гавдасига суйкалиб, пинжига тиқилиброқ ётди.
– Бўлар иш бўлди, – деди эркак. – Аввалги гуноҳимни ювиш учун... яна бир марта...
– Исмингиз ким? – деб сўради устига эскироқ, енгил халатгина ёпиниб олган, ўзини йўқотиб қўйганидан қизариб турган аёл.
– Менинг исмим... Ҳайдовчи, – деди кийиниб, кетишга тараддудланган, эркак. – Сенинг исминг – Навниҳол. Кўп билган тез қарийди. – Унинг жиддий ё ҳазил гапираётганини билиб бўлмасди.
Ҳайдовчи бироз ноқулай аҳволга тушиб, сал эгилди-да, эшикка қараб юзланди. Остонада ортга қайрилди:
– Телефон... Яхши, – деди сўнгра. – Қўлим бўшаганда хабарлашиб тураман.
Шу бўйи бедарак кетди. Роппа-роса тўрт ой. Баҳорда қўнғироқ қилди. Бу ўша ҳайдовчи-ку. Уйдамисан, ёлғизмисан? Уйда. Албатта, ёлғиз. Ҳозир бораман деди. Аёл атрофини саранжомлаб ҳам улгурмаган. Ярим соат, ўн беш-йигирма дақиқа эмас, келар дамда, балким икки, балким, уч дақиқада. Мобил телефондан хабарлашибди. Тўғри эшикнинг олдидан. Машина эса... нарироқда қолдирган шекилли. Аёл деразадан қараб турса-да, яқин атрофдан кўра олмади. Уят бўлар эди-ку. Қўшнилар гапиришмайдими. Қандай машина, нимага юрибди, кимга келди деб. Ҳаммаси рус бўлса ҳам. Ҳеч бири билан аралашмаса-да. Шунинг ўзи… одам эшитмаган фирибгарлик каби. Ўтди, кетди, тугади деб ўйлаганди. Энди мана бошидан совуқ сув қуйгандай. Қўнғироқ бир қисқа, бир узун жиринглаганда унинг вужудини ўт чирмагандай бўлди. Эшикни ҳовлиққанча очиб, шошилиб ёпди. Тез-тез нафас ола бошлади. Эркак чиройли ва ихчам кийинибди. Эҳтимол, чет элники, бичими ҳам, бошқаси ҳам ўзгача кийимлар. Қиров оралаган қайсар сочи қисқа кесилган. Қалин қош остидаги қора кўзлари кулимсираб туради. Аёл эса… озгина ноқулайлик, кўпроқ қувонч. Бирдан чой қўймоқчи бўлган эди. Вақт йўқ деди. Шу тўрт ой ичида бир соат бўш вақт топмадим. Албатта, унутганим йўқ. Тўрга ўтар-ўтмасдан шошилинч ечина бошлади. Шумшайиб туриб қолган аёлни ҳам белидан қучиб, бўйнидан енгил ўпди-да, ўзи ечинтирди. Бир пиёла чой ичгунча вақт ўтгач, шошила туриб, чала-чулпа ювиниб, хайр-хўш айтишга ҳам ҳоли келмай, югуриб пастга тушиб кетаверди.
Келаси сафар жуда узоқ кетмади. Ойга етмай хабарлашди. Қоқ тушда келди. Аёл уйда, кун якшанба эди. Эркакнинг ҳам фавқулодда бир дам олиши бўлса керак, икки соатча вақтим бор деди.
Таниш-нотаниш, сўққабош умр шундай давом этаверди. Сал-пал кўникиш демасак, илк учрашган кундан фарқи йўқ. Аёлнинг бор тушунгани – эркак бурун мусиқа мактабида ёки опера театрида хизмат қилгандек. Хавотирсиз, тинчгина тирикчилиги ўтиб ётган. Охир-оқибат, омади чопибми, ҳар қалай, топарман-тутарманга айланган. Ҳозир жуда бойга ўхшайди. Аммо ҳаловати йўқ. Ола-сурон, тапур-тупур. Тинимсиз кураш. Авваллари келган дамда мобил телефонини ўчириб ташлар эди. Энди бош томонига қўяди. Бир сафар жуда ноқулай вазиятда жиринглади. Олди. Нафаси узилиб, унсиз эшитиб турди-да, сўкиб юборди. «У ўзидан кетмасин! – деб бўкирди, – ҳамма нарсанинг ўз чегараси бўлади. Шусиз ҳам ортиғи билан олиб ётибди…» Шундан сўнг сал ҳовуридан тушди. Озгина эшитиб тургач: «Келасанлар… Бироқ… айтганинг тугал эмас!..» – деди-да, ҳаммаси тугагандай, ағдарилиб тушди. Озгина унсиз ётиб, шу унсиз ҳолича кийиниб, чиқиб кетди.
Яна бир сафар жуда кўтаринки кайфиятда келди. Бирдан бош солмай, аввал ярим пиёла чой ичди.
– Шу биз қовушганимизга қанча вақт бўлди? – деб сўради.
– Сиз шуни… қовушиш деб ўйлайсизми?...– деди аёл беихтиёр.
– Менимча, қандай аталса ҳам ажойиб. Мен… бор дардимдан халос бўлиб қайтаман. Биласанми, тор дунёдаги бор ташвишлар бўйимдан сидирилиб тушади… Шунинг учун ҳам сендан воз кеча олмайман. Балки… икковимизда аллақандай бир ўхшашлик бор. Табиат, яралишда. Эҳтимол, эртароқ учрашганда, жони ҳам, тани ҳам бирлашган, аҳил-иноқ ёрлар бўлармидик…
– Уй олсанг бўлмайдими, – деб сўраб қолди у. – Икки хона. – Вақтинг бўлмаса, мен ўзимизнинг йигитларга топширайин. Борасан, кўрасан-да, яшайверасан.
Аёлнинг кўзи қинидан чиққудай бўлди.
– Одамларга қайси пулимга олдим деб айтаман?.. Йўқ, кераги йўқ. Икки хонани нима қиламан, – сўнгра қўшиб қўйди: – Нархининг ўзи ажабтовур бўлса керак…
Эркак кулди.
– Мен сенга… совға қилмоқчи эдим…
– Раҳмат… чин совға қилгингиз келса… кўп узамай қўнғироқ қилиб туринг…
– Сенга қўнғироқ қилсам… сабримдан айриламан, – деди эркак. – Ҳатто, эртага, эртагамас, бирон соатдан сўнг бораман деб ўйласам, тоқатим кетади. Бир-икки марта шунақа бўлди. Хабарлашгандан сўнг орқама-орқа келишим керак… Мен сени ҳеч қачон унутмайман. Ҳар доим ёдимда юрасан. Фақат вақтим тақчил. Шусиз ҳам сал бўшаб қолсам, аввалгидай театрга эмас, сенинг олдингга келгим келади.
Аёл умрида бунақа сўз эшитмаган эди. Уятдан қизариб, бир дам жим турди. Сўнгра ростини айтди.
– Мен... сиз билан учрашгандан буён жуда ўзгардим. Ўйлаб кўрсам... авваллари, шунчаки жинсим аёл экан. Сиз менга... ўзимнинг ким эканлигимни англатдингиз. Мен аёл сифатида... аввал кўрмаган, бор деб билмаган роҳатга беландим. Муҳаббат... буюк сўз. Тан лаззати. Уят бўлса ҳам... мен билмайман, келажакда қандай яшашимни. Сиз мени... буздингиз... – Йўқ, – дея сўнгра қўшиб қўйди, – сиз бўлмаганингизда мен дунёнинг роҳатини кўрмай кетар эканман. Шунинг учун раҳмат.
Эркак унсиз эшитиб, ўйланиб ўтириб қолди. Сўнгра аёлнинг иягини кўтариб, лабларидан енгилгина бўса олди. Эҳтирос билан қучоқлаб, эркалай бошлади. Шу пайтда телефон жиринглаб қолди. Яхши хабар шекилли. Эркак жимгина эшитиб турдида, «Хўп, Навниҳол, кетдим», – деди, қувноқ оҳангда.
Ўша сафар кичкинагина ёзув столининг устига бир даста... пул ташлаб кетибди. Кузатиб қўйгандан кейин кўрди. Пул бўлганда ҳам – доллар! Яп-янги, фақат юзталиклар. Сиртидаги, банк муҳри босилган боғламида ёзилган – роса ўн минг! Чўнтагидан яна бир нарсалар билан қўшиб чиқарган бўлса, унутиб қолдирган. Ҳозир қайтиб келади. Келмади. Вақти йўқдир. Энди аёл ақлга сиғмайдиган кўп пулни қаерга қўйишни билмай ҳайрон. Уйга ўғри тушса нима қилади. Ҳеч хаёлига келмаган экан бу фикр. Асло хавф сезмаган эди. Нимани ҳам ўғирлайди деб ўйлаган-да. Энди бунча пул. У ёққа яшириб, бу ёққа яшириб ниҳоят жой топди. Ўтган йилдан қолган эски дарсликлар бор эди. Улардан бирининг ўртасини тўрт бурчак қилиб ўйиб, ўн минг долларни бир бутун ҳолда солди. Остки, устки бир қанча бетларини бирлаштириб елимлаб, китобни кўринишидан аввалги ҳолига келтирди. Шундан сўнг иш столининг тепасига, деворга михланган китоб жавонидаги эски дарсликлар, ҳикоя ва шеър китоблар орасига жойлаштириб қўйди. Назарида, жуда яхши яширгандек бўлди. Аммо энди у ҳаловатини йўқотган эди. Юрагида мудом хавотир. Э, Худо юз мингли, миллионли бойлар қандай ухлар экан. Тўғри, бунча кўп пулни банкка солиб қўйишади. Бироқ, банкнинг ўзи туналиб қолиши мумкин-ку. Ёки қандайдир бир китобларда ёзганидек, банкрот бўлиб... Ўша куни уйқуси чала бўлди. Мактабда ҳам ишининг баракаси бўлмади. Сабоқларини ўтиб, сўнгра аксига олиб бугунга тўғри келган синф мажлисини чала-чулпа ўткизиб, уйга ошиқди. Эллик тенге тўлаб такси билан зумда етиб келди. Уф... Ҳаммаси ўрнида, бугунча омон экан. Кўнгли жойига тушди. Бироздан сўнг яна хавотир ола бошлади. Худди шу пайт телефон жиринглаб қолди. Албатта, Ўша!
Келган заҳоти... Ҳа. Аёл пулнинг жойини айтиб улгурган эди.
– Сеники, – деди эркак. – Керагингга ишлатавер. Кўп? Пул дегани ҳеч қачон кўплик қилмайди. Қандай тугаб қолганини ўзинг ҳам билмай қоласан. Бир четидан фойдаланавериш керак. Дастлаб енгил-элпи, у-бу жиҳоз ол. Сўнг чиройли, қимматбаҳо халат.
Аёл ҳеч қанақа жиҳоз олмади. Ҳожати йўқ эди. Одмигина қора халат олди. Ўз пулига. Икки ой бўйи анчагина тежашга тўғри келган. Кўп пулни эса... бошқа бир жойларга яширди. Хавф бор, аммо аввалгидай эмас. Эҳтимол, ўзиники, бир қадар ўзиники санагани учундир. Қанча мажбурласа ҳам эгаси олмагандан кейин шундай ҳисоблай бошлаган эди. Қайсидир романларда ўқигани бор эди. Қадимги бойлар шунақа қилиб хуштор ушлашар экан. Ҳашаматли саройга ўтирғизиб, турли лаш-лушларга, зеб-зийнатларга кўмиб қўяди. Шарманда. Мен унақа эмасман деб ўйлади. Сўраганим йўқ. Олмаса нима қилишим керак. Жанжал қила олмайди-ку. Ўзи бегона, нотаниш эркак...
Бегона, нотаниш эркак аввалгидай келаверди. Ҳафтада бир. Ойда бир. Икки-уч ой йўқолиб ҳам кетар эди. Бир сафар роса ярим йил хабарсиз кетди. Азоб эди. Кутиш эмас. Аёл кутиб ўрганган. Азоб – телефон жиринги. Одам бўлгандан кейин, таниш-билиш, хизматдош, яқин-йироқлар, олисдаги ёлғиз қиз – ҳар қалай аллакимлардир хабарлашмай турмайди. Телефон жиринглаганда аёлнинг юраги шув этиб кетади. Албатта, бошқа. Яна жиринг – яна шув... Яна бошқа. Ҳафта бўйи. Ниҳоят умид узилганда, ёки, кутилмаган дамда – Ўзи! Шундан сўнг бир ҳафта, йўқ, икки-уч кун хотиржамлик. Ёқимли тинчлик. Учинчи, тўртинчи кун... Яна азоб. Беш, етти, ўн, ўн икки... кун ўтади. Бир умрлик етим тўшак ўз одатини топади. Тул кўнгил қолипига тушади. Роппа-роса ўн тўққиз йил бўйи хотиржам яшади-ку. Ақлидан адашмади. Бир маромдаги умр карвони ўтиб ётган эди. Ҳозир ҳам... ҳафта ўтар, ой янгиланар кўниккан тирикчилик сўқмоғига тушар эди. Туша бошлар эди. Шу вақтда... жонга азоб берувчи телефон! Албатта, бошқа биров. Ўзи бўлиши ҳам мумкин-ку. Яна умид уйғона бошлайди. Кун сайин. Ҳафта бўйи. Ой давомида. Энг қийини шу экан. Бир сафар телефонни икки кун ўчириб ҳам қўйди. Шунда... бошқалар билан бирга унинг ҳам қўнғироқ қилиш эҳтимоли бор-ку. Балким, бир неча марта қўнғироқ ҳам қилгандир. Уйини алмаштирди деб ўйлади. Қайларгадир кетди, бир йўла кетди деб ўйлади. Энди асло хабарлашмаслиги ҳам мумкин. Ростдан ҳам. Икки кун давомида тинимсиз қўнғироқ қилган. Қанча излаган. Лекин... изламабди. Қандай яхши. Телефонни қайтадан қўшиш азоб экан, орадан ярим соат ўтмай топила қолди. Мана, қувонч! Мана, бахт!
Яна икки-уч кун хотиржамлик. Шундан сўнг жон азоби қайта бошланади.
Шу тариқа, билмаган билиш, танимаган таниш умр нақ етти йилга давом этибди. Аёл қирқ тўққизга келди. Бироқ лофи йўқ, роса ўн беш йилга ёшаргандай. Ўзини ўттиздаги ҳолидан кўра сергакроқ ҳис қилар эди. Ёш умри қайтиб келмаса-да, яхши бир кунларни бошдан кечирибди. Эркак эса – аксинча. Сочлари буткул оқариб кетган эди. Анча вазмин бўлиб қолган. Юзи ҳам сўлғин. Кўпинча чарчаб келади. Ўзини қанча хурсанд кўрсатишга уринмасин, барибир ич-ичидан кайфияти йўқлиги сезилиб қоларди. Мобил телефондаги суҳбатлар ҳам жуда кескин. Кўпинча буюриб эмас, ўтиниб гапиради. Ҳатто бир сафар жуда секин гапириб, ялиниш оҳангига ҳам кўчди. Уч ҳафта муддат сўради. Бир нарса етмай, бир нарса кечикиб ётибдими, ишқилиб кутилмаган дилхиралик. Устки кийимини ҳозиргина ечган эди. Дарҳол қайта кийиниб, бирон соатдан сўнг қайта келаман деди-да, боши хам ҳолда чиқиб кетди. Бир соат эмас, бир ҳафта эмас, бир ойда зўрға хабарлашди. Келган. Одатдагидай бўлмаса-да, соғиниб қовушишган. Сўнгра саросималаниб бир пиёла чой ичди. Чой ича ўтириб, такси чақиртирди. «Машина бузилиб қолди...» – деган, ўзидан-ўзи кечирим сўрагандай.
Камида яна бирон ойга кетдими деб ўйлаган эди. Уч кундан сўнг хабарлашди. Сиртқи эшик ёпилиши заҳоти ўзида йўқ одатга кўра, аёлни бир қўли билан белидан қучоқлаб, бир қўли билан сочларини силаб, унсиз туриб қолди. Ётоқхонага эмас, ошхонага томон юрди. Кичкина стол бошига келиб суянчиқсиз ўриндиққа ўтирар экан чой-пой керак эмас дегандай, қўлини силтади. Сўнгра бирон жойи оғриб, қаттиқ қийналгандай, юзлари сўлғин ҳолда, ерга қараб, сокин овоз билан:
– Навниҳол! – деди. – Сен етти йил бўйи менинг жонимга хотиржамлик бахш этдинг... – Томоғига нимадир тиқилгандай, бир хўрсиниб олди. – Албатта, мен... сени ҳамма томонлама таъминлашим керак эди...
– Бу нима деганингиз... бу нима деганингиз... – деди аёл бир ёмонликни кўнгли сезиб.
– Шундай қилиш керак эди, – деди эркак яна хўрсиниб. – Дунё бир қолипда тураверади деб ўйлабмиз. Бироқ... Ҳамон умид йўқ эмас. Эҳтимол, қайта айналиб, ҳаммаси ўрнига тушар. Сен мени кечир, меҳрибоним...
Аёлнинг кўзидан тирқираб ёш оқиб кетди:
– Нима бўлди, оғажон, нима бўлди?
– Ҳаммасидан айрилдим...
– Бош омон-ку, бош омон-ку...
– Ҳозирча омон. Бироқ... кимга керак.
– Унақа деманг. Унақа деманг. Бундан ўн йил олдин шу айрилган нарсаларингизнинг биронтаси ҳам бўлмаган эди-ку! Бўлган йўқ. Ўзи берган Худойим ўзи олди!
– Шунақами? – Эркак қандайдир янгилик очгандай, шалвираган бошини қайта кўтариб, аёлга тик қаради. Сўнгра яна шалвираб тушди. – Бироқ у пайтларда ёш эдим... Бошим озод эди-да. Энди... бошим савдога тушиб турибди. Ўзимни эҳтиёт қилишим керак. Менда эса... – Эркак аччиқ киноя аралаш кулди. – Куни кеча олтин пулни супириб олган менда ҳозир йўл кирага ишлатадиган кўк тийин ҳам йўқ! Ҳеч бўлмаганда, бирон минг доллар бўлса, ҳушёр ўлжадай, яшириниб турар эдим. Мана, чув тушиб, адо бўлди дегани шу. Эртага – турмада ўтираман!..
– Ўтирма, оғажон, – деди аёл жон ҳолатда. – Пул бор. Мана, ҳозир. – Сурина-туртина ичкари уйга югурди. Ниманидир қўпориб, ниманидир ағдариб, ҳовлиққанча қайта келди. – Мана! – деди қўлидаги йўл-йўл дафтар қоғозига ўралган узунчоқ, тўрт бурчакли тугунни эркакнинг қўлига берар экан. – Мана! Бир пайтлар, бундан беш йил аввал ташлаб кетган ўзингизнинг пулингиз! Бир тийини ҳам йўқолмасдан, ўз ҳолича турибди!
Эркак тугунни қўлига олиб, сиртидан сийпалаб, ўровини очар экан, юзини босиб эгилди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди.
– Сен... сен...
Томоғига ёш тиқилиб, ҳеч нарса айта олмади. Шу ҳолича яна озгина ўтирди. Шундан сўнг бошини илкис кўтарди. Кўзи қурғоқ. Аланг-жаланг қилиб ён-верига қаради. Пулни қўйнига тиқиб, яна нимадир излагандай ички уйга кириб чиқди.
– Ҳаммаси ўша-ўша-ку? – деб сўраган кейин. – Мен ҳали... ҳали кўрсатаман уларга! – Сўнг бирдан мулойимлашди. – Омон бўл! – деди кўзи ёшланиб. – Эҳтимол... қайтиб келарман. – Эшикка қараб юрар экан, яна тўхтади. – Қанча ноқулай бўлса ҳам, сендан кечирим сўраб кетмоқчи эдим. – Қайтадан қўйнига қўл солиб, ёпишиб қолган ҳамёнини суғурди. – Мана бу – ҳув ўша эллик тенгелик... Сен йўл ҳақига тўлаган. Эзгу ишнинг элчиси сифатида мудом ёнимда сақлар эдим. Сенда бўлсин. Йўқотиб қўйма. – Кейин зўраки жилмайди. – Икки-уч йилдан сўнг, мана бундан... – бўйнини кўрсатди, – икки-уч ҳисса, ярим қоп яшил қоғозга қайта сотиб оламан...
– Кўча қоронғи... Мен эшикни очиб тураман, эҳтиёт бўлинг, – деди аёл.
Зинадаги оёқ товушлари секин-аста тингач, аёл эшикни ёпди. Икки марта бураб, икки қулфни ҳам маҳкам беркитди. Қўлидаги қизил қоғозга қараб бироз туриб қолди. Худди ўзи. У олганда бир чети салгина йиртиқ эди. Кичкинагина ялтироқ қоғоз билан ёпиштириб елимлаб қўйибди. Ўша ҳолида турибди.
Аёл ўтган кунларни – кейинги етти йиллик умрини эмас, ўша умрга йўл очган дастлабки кун, дастлабки дақиқани эслади. Эллик етти тенге – бир доллар деганди. Ҳозирги бир доллар – юз эллик бир тенге. Уч ҳисса тушган. Эллик тенгенинг ўзига икки дона нон сотиб олиш мумкин. Навбатдаги маошгача уч кун бор. Чой билан ичиб ошқозонни алдашга иккита нон ортиғи билан етади.
Худди шу пайт телефон жиринглаб қолган. Аёл шошилмай, саросимага тушмай, азобланмай шахд билан гўшакни кўтарди. Ҳамкасбларидан бири экан. Икки-уч кунга юз тенге қарз сўрайди. Аёл беихтиёр кулди.
– Ҳозир керакми?
– Эртага дарсга келганда...
– Эллик тенге бор, – деди аёл вазмин овоз билан. – Ўртасидан қоқ бўлсак, икковимизга ҳам етади...

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 7-сонидан олинди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Ikkov (hikoya) [Muxtor Magʻavin] 403
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика