Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] |
Ҳокимият Ва МаъНавият Ёки Подшоҳлар, Xонлар, Қироллар, Президентлар Фаолиятига Бир Назар Мамлакатни бирлаштириб, жипслаштириб, ички ва ташқи сиёсатини бошқариб, маданиятни асраб ва ривожлантириб, давлат қудратини ошириб ва айни чоғда бошқарув жиловини қўлда маҳкам тутиб туриш ниҳоятда мураккаб ва масъулиятли вазифадир. Бу вазифани бажариш ҳар ҳандай ҳукмдорнинг ҳам қўлидан келавермайди.Чингиз Айтматов Фақат савоб ишларгина эмас, Балки инсоний гуноҳлар ҳам эсдан чиқарилмаслиги керак.Мухтор Шохонов Шохонов. Етмиш йил мобайнида икки юзу эллик миллион халқни ягона коммунистик мафкура остида бирлаштириб турган Совет Иттифоқи худди лой гупчакка ўрнатилган улкан ғилдирак мисоли ўз оғирлигини кўтара олмасдан қулаб тушди. Айтматов. Шу боис бугун бизнинг олдимизда янги вазифалар турибди. Собиқ СССР вайроналари ўрнида Марказий Осиёда пайдо бўлган мустақил республикаларнинг ўзаро алоқалари қайси йўналишларда ривожланиб бориши керак? Янги ҳокимият ва демократиянинг чегараси қандай бўлади? Шохонов. Илгари марказдан озиқланадиган ва бир-бирларига «оғаларча» ёрдам кўрсатадиган собиқ Иттифоқ республикалари мустақилликни қўлга киритгач, иқтисодий инқироз исканжасига тушиб қолдилар. Тақсимот ва таъминотнинг марказлашган тизими бутунлай издан чиқиб кетди, ҳар бир мустақил давлат ўз имкониятлари даражасида ҳаёт кечира бошлади. Афсуски, имкониятлар ҳам аллақачон сафдан чиқиб қолган экан. Тез орада талаб ва эҳтиёж ўртасида ўтакетган қарама-қаршилик рўй берди. Оддий мисол келтираман. Кундалик турмушда ишлатиладиган машинанинг битта мурвати Ўзбекистонда, иккинчиси Украинада, учинчиси Белорусда, тўртинчиси Россияда тайёрланар экан. Айтайлик, Қозоғистон тупроғида Менделеев жадвалидаги барча унсурлар бор. Шунга қарамасдан, ўша унсурларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқарадиган корхоналар нима учундир бошқа республикаларда қурилган эди. Буни қандай тушунмоқ керак. Жуда оддий. Аввал-бошдан узоқни кўзлаган сиёсий ҳисоб-китоб қилинган: агар бирорта республика бирдан мустақил бўлишни хоҳлаб қолса, бу хоҳиш ҳеч қачон амалга ошмаслиги лозим эди. Бироқ, вақти-соати етгач, ўша алоқалар узилиб кетди. Xудди инсон танасидаги қон томирлари қирқиб ташлангандай бўлди. Натижада ҳар бир мустақил давлат мисли кўрилмаган қийинчиликларни бошидан кечираётир. Мана шундай шароитда бугун республикалар биргаликда инқироздан қутилиб чиқиш имкониятларини қидиришяпти. Айтматов. Черчилл тўғри айтган экан, демократия қанчалик ёмон бўлса ҳам, инсоният ҳозирча бундан яхшироғини ўйлаб топгани юқ! Жуда ғалати ҳол. Иқтисодий муносабатлар ўзгариши баробарида бизнинг маънавий бойлигимиз ҳам путурдан кета бошлади. Яшириб нима қилдик, совет ҳокимияти йилларида санъат, адабиётнинг ҳар қандай тури партия ташвиқотининг қуролига айланиб қоларди. Доимо бедор бўлган сензура маданиятни «социалистик реализм» қолипларида сақлаб туришга уринса-да, лекин давлат нашриётлари жуда катта ишларни амалга оширарди, узлуксиз равишда ва ўз вақтида сифатли босма маҳсулотлар чиқарарди. Сиёсий ҳомийликдан маҳрум этилгач, давлат илгаригидек нашриётларни, газета-журналларни молиявий жиҳатдан таъминламай қўйди. Бозор иқтисоди муносабатларининг мана шундай аёвсиз қонунлари бор. Ўз меҳнатинг билан ўзингни таъминлай олмасанг, тижорат акуласига ем бўласан. Шу боис китоб дўконларини, пештахталарни, бозорларни ярамас олди-қочди асарлар эгаллаб ётибди. Зўравонлик, қотиллик, талончилик руҳи билан суғорилган бу асарлар, аслида, жиноятчиликни такомиллаштириш бўйича ўзига хос қўлланма вазифасини бажараяпти. Бундай ахлоқсизлик учун ким жавоб беради? Жавоб бериш ҳам, жавобгарни топиш ҳам жуда мушкул. Чунки, биз мамлакатни демократик тараққиёт йўлидан бошқариб бормоқчимиз. Майли, шундай бўлсин. Бироқ, бизнинг жамиятимизда бирталай демократик эркинликлар нотўғри талқин қилиняпти. Бемаза қовуннинг уруғидек урчиб кетган арзон-гаров адабиётлар ёш авлодни шубҳали анъаналарга ўргатаётган бўлса, биз бунга қачонгача бефарқ қараб ўтирамиз? Келажак авлод олдида ўтиш даврининг қийинчиликлари шунақа бўлар экан деб, ўзимизни оқлаймизми? Шохонов. Эътибор бердингизми, биз миллий таълим-тарбия тизимини бартараф этишимиз билан жамоатчиликнинг руҳиятида салбий ўзгариш рўй берди? Илгари ёшлар янги ўқиган китоблари билан мақтанишарди. Ҳозир эса беш сўм ёки тангани қандай қилиб ўнга айлантиргани тўғрисида бир-бирларига мақтанадилар ва бу ҳол ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Начора, замон ўз ҳукмини ўтказади. Ҳаммасига фақат ёшлар айбдор эмас. Бироқ, инсонни инсон қиладиган маънавий бойлик ўз аҳамиятига кўра, ўнинчи, ўн бешинчи, ҳатто йигирманчи ўринга тушиб қолдики, бу ҳол кишига алам қилади. Бир ҳамён пулни маънавий бойликдан устун қўядиган жамиятнинг келажаги забундир. Яқинда қизиқ бир воқеани гапириб беришди. Энди йигирма беш ёшга тўлган тижоратчи йигит туғилган кунини нишонлабди. Майли, пули кўп бўлса, нишонлайверсин. Лекин, у йигирма беш қаватли «Қозоғистон» меҳмонхонасининг томига ярим кечада замбарак чиқартириб, ўзининг шарафига йигирма беш марта «салют» оттирибди! Бу пайтда Олмаота аҳли ширин уйқуда экан... Айтматов. Ҳамма бало шундаки, дастлаб, демократияни биз бошбошдоқлик деб тушундик. Бўлмасамчи, ҳар ким ўзига хон, ўзига бек, ҳар ким кўнгли тусаган ишни қилади. Кўнгул эса нималарни тусамайди?! Xўш, кўзимизни қоплаган ёғни артиб, мундоқ қарасак... нималарни кўрдик? Йўқ, биринчи навбатда демократия — қаттиқ тартиб-интизом. У ўзига хос мезонларга, чек-чегарага эга бўлиши керак. Содда бир мисол. Оила — давлатнинг митти кўриниши, бирламчи бўғини. Унда ҳам бошлиқ бўлади, ўринбосар бўлади, оддий ижрочилар бўлади. Агар демократияни пеш қилиб, келин ўз қайнонасига гап қайтарса, ўғил эса ўз онасига ўшқираверса?! Маданиятдан, маънавиятдан мосуво бўлган, тинч-тотувлик ўрнига нифоқ ва мусибат келтирадиган бундай «демократия» кимга керак?! «Шод-хуррамлик билан ғам-ғуссанинг ораси бир қадам», деган эди императорлик тож-тахтидан ва ҳокимиятдан маҳрум этилиб, сўнгги кунларини яшаш учун Муқаддас Елена оролига сургун қилинган Наполеон Бонапарт. У алам билан шундай дейди. Жуда кўп тарихий воқеалар гувоҳлик берадики, акл-идрок билан ҳаракат қилиш лозим, қўлга киритилган ютуқлар асраб қолиниши даркор. Акс ҳолда, демократия билан бошбошдоқликнинг ораси бир қадам, холос. Бугун биз покланиш ва уйғониш йўлини танладик. Xўш, қаёққа кетяпмиз, қаерга боришимиз мумкин? Бу нарсани аниқ билишимиз лозим. Афлотун бундай деб ёзган эди: «Мутаассиблик қандайдир бегона тузумда эмас, айнан демократия даврида вужудга келади: бошқача айтганда, чексиз озодлик оқибатида энг даҳшатли, энг шафқациз қуллик пайдо бўлади. Демократия пинҳоний касалликни қўзитади. Менимча, такасалтанг ва исрофгарчиликка мойил айрим тоифадаги кишиларнинг пайдо бўлиши касалликнинг илк нишонасидир. Илгари биз улардан пилик ўрнида фойдаланардик. Энди ачимсиқ тутун буруқситиб ётган ўша пиликлар нутқ сўзлайдилар, фаолият кўрсатадилар. Бошқалар эса минбарга яқинроқ жойга сурилиб ўтирмоқчи бўладилар, минғирлайдилар ва бошқача фикр билдирмоқчи бўлган одамга йўл бермайдилар. Охир оқибат бўҳтончилар томонидан алданганини пайқаб қолган халқ ёвузлашиб кетгани учун эмас, балки кўр-кўрона равишда уларни ўлдирмоққа шайланадию пиликлар ҳақиқатан давлат тарафдори бўлиб оладилар... Демак, шундан ҳам кўриниб турибдики, агар мутаассиб пайдо бўлса, у айнан мана шу заминдан ўсиб чиқади, яъни у халқнинг гумаштаси бўлади... Фавқулодда итоатгўй оломон ўз қўлида эканини билган мутаассиб қабиладошларининг қонини тўкишдан ўзини тия оладими? Аксинча, адолациз айблар билан одамларни суд қилади ва бировнинг жонини олиб, ўзини мурдор қилиб қўяди. Одамларни қувғин қилиб, даҳшатли усулда қатл этишга ҳукм чиқариб, айни чоғда қарзларни бекор қилиш ва ерни қайта тақсимлаш тўғрисида ширин ваъдалар беради. Унинг биринчи вазифаси — фуқарони доимо қандайдир урушга жалб этиб туришдан иборат бўлади. Шундай қилса: халқ битта йўлбошчига мухтожлик сезади. Агар кимдир мустақил фикр билдирганини ёки ҳокимиятдан норози эканини пайқаб қолса, ундай кишини душманга сотилди деган баҳонада дарҳол йўқотади. Мутаассиб уларнинг ҳаммасини маҳв этиши лозим. Охирида қўлидан бирор иш келадиган дўстларидан ҳам, душманларидан ҳам ҳеч ким тирик қолмайди. У ич-ичидан ёмон кўрадиган разил оломон билан оғиз-бурун ўпишиб яшашга ёки ҳаёт билан видолашишга маҳкум этилган. Зевс номи билан қасам ичиб айтаманки, халқ барибир қандай махлуқни дунёга келтирганини, уни опичлаб вояга етказганини англаб етади». Тан олмоқ лозим, бундай огоҳлантириш ортиқчалик қилмайди. Шохонов. Сизнингча, ҳокимият билан демократиянинг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари нималардан иборат? Айтматов. Образли тилда айтганда, хокимият — бу болтанинг тиғи, демократия — болтанинг сопи. Лекин, ҳеч қачон унутмаслик керакки, болта сопини халқ ўзининг қудратли қўлларида ушлаб туради. Шу боис бояги икки тушунчага бир-биридан ажралган ҳолда қарамаслик лозим. Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани гапириб бермоқчиман. Бир оқшом Ширин қизим бундай деб қолди: — Дада, автобусда келаётиб ҳамёнимни йўқотиб қўйдим. Илтимос, жаҳлингиз чиқмасин. Мен уни оз-моз пулини йўқотгани учун койимадим. Балки, эҳтиёцизлиги учун, асосийси — ўқувчилик гувоҳномасини йўқотгани учун унга танбеҳ бердим. Энди ўша гувоҳномани қайтадан расмийлаштириш керак эди. Орадан икки-уч кун ўтиб, элчихонамизда телефон жиринглади. Люксембург полициясидан безовта қилишаётган экан. Трубкани олаётиб: «Полициянинг менда нима иши бор экан?» деб ҳайрон бўддим. — Қизингиз ҳамёнини йўқотиб қўйган экан. Топиб олган одам уни бизга келтириб берди. Ҳамённи олиб кетишингиз керак, — деди полициячи. Полиция маҳкамасига Шириннинг ўзини жўнатдим. Ҳамённи топиб олган одам пулни чўнтагига уриб, фақат ҳужжатни қолдирган бўлса керак деб ўйладим. Қизим қайтиб келган заҳоти: — Xўш, ҳаммаси жойидами? — деб сўрадим. — Пул ҳам, ҳужжат ҳам жойида, — деб жавоб берди у. Ростини айсам, ҳайрон қоддим. Айни пайтда ниҳоятда хурсанд бўлдим. Ҳар бир инсон жамият олдидаги масъулиятини худди шундай ҳис этмоғи лозим. Шубҳасизки, ҳамённи топиб олган одам уни полицияга элтиб бермасдан, чўнтагига солиб қўйганда ҳам биров ўғриликда айблай олмасди. Аслини олганда, ҳокимият томонидан шакллантирилган бундай ҳалоллик, масъулият — демократиянинг ҳаётдаги кўриниши. Агар мана шу тизимнинг бирорта мурвати бузилса, дарҳол бошқа бўғинларга ўз таъсирини кўрсатади. Ана шу маънода бизнинг жамиятимизда ҳали пишиқ-пухта ҳокимият ҳам, ҳақиқий демократия ҳам ўрнатилмаган кўринади. Чунки, йўқотилган нарсани эгасига қайтариш нари турсин, ҳатто қўлингдаги нарсани ўмариб кетишлари ҳеч гап эмас. Масалан, бундан сўнг қизим одамлар ўзига нисбатан меҳр-оқибат кўрсатганини кўргани учун яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга ҳаракат қилади. Ўзини ҳам, болаларини ҳам шу руҳда тарбиялайди. Энг асосий нарсани аниқ билмоқ лозим: демократия — бу Ғарб санъатида пайдо бўлган енгил-елпи оқимларга кўр-кўрона тақлид қилиш керак дегани эмас; миллий анъаналаримизга, урф-одатларимизга ёт бўлган унсурларни турмуш тарзимизга олиб кириш дегани ҳам эмас; бир қатор мусулмон мамлакатларида ҳукмронлик қилаётган ҳар хил мутаассиблик ғояларига кўр-кўрона тақлид қилиш деган эмас. Демократия — бу ўзгармас қонун ва яхши фазилат. Шохонов. Xалқ иқтисодий ва маънавий қийинчиликларни бошидан кечираётган бўлса-да, лекин аста-секин янги ижтимоий муносабатларнинг жиддий қонунларини ўрганиб боряпти. Марказий Осиё республикалари ўтиш даврининг мураккаб босқичидан сўнг Ғарбга хос тараққиёт йўлини танлайдими ёки Шарқ мамлакатларига ўхшаш йўлдан кетадими? Эҳтимол, ўзига хослигини сақлаган ҳолда қандайдир бошқача йўл танланар? Бугун бизнинг олдимизда мана шундай саволлар кўндаланг бўлиб турибди. Айтматов. Демократия учун ҳамма бирдек жавобгардир. Унинг юкини президентдан тортиб то жамиятнинг ҳар бир фуқароси ўз елкасида кўтариб юриши лозим. Xом хаёллардан тезроқ қутилиш керак. Демократия йўлини танлаганимиз учун осмондан олтин ёғишини кутиб ўтирмайлик. Идеал жамият қуришимизгача ҳали узоқ. Бу ғояни ақл-идрок ва қалб билан ҳис этмоқ лозим. Қачонки, ҳокимият мавжуд имкониятлардан фақат ўз манфаати йўлида эмас, балки халқ манфаатлари йўлида ҳам фойдаланса, шундагина демократия мева беради. Шунинг учун, менимча, ҳозир жавобгарлик туйғуси тоталитар тузум давридагига нисбатан ниҳоятда юқори бўлиши керак. Баъзан каминага шундай туюладики, ўзларини демократ деб атайдиган айрим кимсалар фақат ўша сўзнинг жарангдор товушига маҳлиё бўладилар, холос. Моҳиятни эса яхши тушунмайдилар. Шохонов. Тўғри айтасиз, Чике, биз ҳали демократияга кўп йўл босиб етишимиз керак. Унинг нима эканини ҳеч ким билмайди. Айтматов. Нега ҳеч ким билмас экан? Масалан, эрамиздан аввалги V асрда яшаган Перикл жуда яхши билган. Унинг халқ йиғилишида сўзлаган машҳур нутқига эътибор бериш керак. Марҳамат. «Бизнинг давлат тузумимиз бировларнинг муассасаларига тақлид эмас. Балки, ўзимиз бошқалар учун намуна бўлишимиз мумкин. Бу тузум демократия деб аталади. Чунки, озчиликнинг эмас, кўпчиликнинг манфаатларига асосланади. Xусусий манфаатлар учун қонунларимиз ҳаммага бир хил ҳуқуқ беради. Масаланинг сиёсий аҳамиятига келсак, кимдир қандайдир партия қўллаб-қувватлаётгани туфайли устунликка эга бўлмайди, балки ҳар ким ўзининг шижоатига мос бўлган ўринни эгаллайди. Камбағалнинг паст даражаси уни давлатга хизмат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди. Биз эркин сиёсий ҳаёт қучоғида яшаяпмиз. Кундалик турмушда бир-биримизга ишончсизлик билдирмаймиз; агар кимдир ўзи истаган тартибда ҳаракат қилса, биз бундан дарғазаб бўлмаймиз. Жамоат ишларида биз энг аввало қўрққанимиз учун қонунбузарликка йўл қуймаймиз. Ҳосилни йиғиштириб олганимиздан сўнг ҳар йили мусобақалар, қурбонлик байрамлари уюштирамиз, тинч-тотув яшаймиз, ғам-ғусса нималигини билмаймиз. Жонимиз ҳузур қилади. Бундан ташқари, мамлакатимиз бепоён бўлгани учун бизга ҳар томондан турли ноз-неъматлар оқиб келаверади; биз ўзимизнинг бойликларимиздан ҳам, бошқа халқлар ишлаб чиқарган маҳсулотлардан ҳам баробар фойдаланиш имкониятига эга бўламиз. Биз тантиқлик қилмасдан гўзалликни, инжиқлик қилмасдан доноликни севамиз. Биз мақтаниб юриш учун эмас, балки фаолият кўрсатиш учун бойликдан фойдаланамиз. Қолаверса, камбағаллигимизга иқрор бўлишдан уялмаймиз. Аксинча, меҳнат қилиб камбағалликдан қутилиб кетмаганлар уятли бўладилар. Битта шахс оиласига ғамхўрлик кўрсатиши ва айни чоғда давлат ишлари билан машғул бўлиши мумкин. Давлат ишларидан бўйин товлайдиган одамни манмансираган, каллаварам деб ҳисоблаймиз. Биз ўз фаолиятимизга ўзимиз баҳо берамиз. Айни чоғда танқидий гап-сўзлар бизга ҳалақит беряпти деб ўйламаймиз. Бизнингча, кенгашмасдан қилинган иш кўпроқ зарар келтиради. Бошқалар эса, аксинча, ғафлат босган киши журъатли бўлади, мулоҳазакор одам журъациз бўлади, деб ўйлайдилар. Иқрорманки, бизнинг давлатимиз — Юнонистон мактаби. Назаримда, ҳар бир киши фаолиятнинг турли соҳаларида шахсий қобилиятини тўла-тўкис намоён қилиши мумкин». Шохонов. Ҳаммаси тўғри. Лекин, айни чоғда «тили билан юрадиган» кимсаларнинг ҳам куни туғди! Улар демократик қиёфага кириб олишади-да, президентни ҳам, бошқаларни ҳам аёвсиз равишда балчиққа қориштириб ташлайверадилар. Ажабки, ҳеч ким уларнинг мушугини пишт демайди. Аксинча, кимлар учундир бундай кимсалар малҳамдек ёқади; кафтларини бир-бирига ишқалаб, қарсак чаладилар. Наҳотки, ҳақиқий демократия фақат бировнинг камчиликларини, хатоларини топиб, «гуноҳкор»нинг устига мағзава тўкишдангина иборат бўлса? Давлат мустақиллиги ва шахс мустақиллиги бизни қаёққа элтиб ташлайди? Қандай самараларни қўлга киритамиз? Қандай якуний тажрибаларга эришамиз? Қирғизистондаги охирги парламент сайлови пайтида нималар рўй бермади дейсиз! Уруғ-аймоқлар, гуруҳбозлар ўртасида шафқациз кураш бўлмадими? Ҳамма бир илдиздан тарқалганини унутиб, айирмачилик билан машғул бўлмадими? Одамлар бир-бирларини балчиққа қормадиларми? Ҳатто шу даражага бориб етдики, депутатликка номзод бўлган бир киши сайловчиларга туфли тарқатиб чиқди. Лекин, фақат бир пой туфли экан! — Менга овоз берсангиз, иккинчи пой туфлини ҳам бераман! — деди у. Сайловчиларнинг муҳтожлигидан шу йўсинда фойдаланди. Нафсиламбирини айтганда, бошқа номзодлар ҳам ундан қолишмадилар: пулларини аямасдан сарфлашди. Ароқ дарё бўлиб оқди. Кийим-кечаклар, аёлларнинг рўмоллари, кўйлаклари беҳисоб тарқатилди. Гўшт, ун, пул «совға» қилинди. Айтмоқчи, сайловда «етикдўз» олғирнинг омади келмади. У парламент аъзоси бўлол-май қолди. Сайловнинг мана шунақа қизиқ томонлари ҳам бўлади! Афсуски, «етикдўз»га ўхшаган кўпгина номзодлар парламентга аъзо бўлиб олишди. Ўз қадрини билган одам кечагина қўл бериб сўрашишга ҳам ор қиладиган муттаҳамлар, бирпаслик фойда учун отасини ҳам сотиб кетишга тайёр турган «номзодлар» бугун эртакдаги шаҳзода каби бой-бадавлат бўлиб кетишди. Мулкнинг умумий хусусийлаштирилишидан энг аввал ўшалар фойда кўришди. Энди оддий одамларнинг тақдири ўша муттаҳамларга қарам бўлиб қолди. Бундай ҳодиса тўғрисида гапирар эканмиз, демократия билан танишув жараёнида биз биринчи мағлубиятга учраганимизга иқрор бўлмоғимиз даркор. Қозоқлар ўтмишда икки юздан ортиқ нарсани таъқиқлаб қўйгандилар. Мана, ўшалардан баъзилари. Ўзинг сув ичадиган қудуққа тупурма! Ноннинг устига бирор нарса қўйма ва нонни тепмагин! Тузни босма! Уйга яёв юриб яқинлашгин! Ёши улуғ кишиларнинг йўлини кесиб ўтмагин! Ота-онангга қўполлик қилмагин! Ғарибни калака қилмагин! Одамга тикилиб қарамагин, унга орқангни ўгирмагин! Ҳайвоннинг бошига урмагин! Бўш бешикни тебратмагин! Уйда ҳуштак чалмагин! Бош кийимни оёқ остига ташламагин! Марҳумнинг уйидан чиқиб, бировникига бормагин! Чумолининг ва қушларнинг уясини бузмагин!.. Мана шунга ўхшаш таъқиқлар халқимизнинг ўзига хос миллий табиатини, маданиятимизни, адабиётимизни, тилимизни ва эътиқодимизни кўз қорачиғидек авайлаб-асрашга хизмат қиларди. Аслини олганда, юқоридаги таъқиқлар миллий мафкура вазифасини бажарарди. Ўзим гувоҳ бўлган иккита воқеа бир умр ёдимда сақланиб қолди. Гуржиларнинг яхши бир одати бор. Бу одат авлоддан-авлодга ўтиб келаётир ва ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Қачондир, кимдир қизини куёвга узаца, сепнинг асосий қисми — Шота Руставелининг «Арслон терисини ёпинган паҳлавон» достони бўлади. Ҳозир ҳам ўша достон мана шундай муҳим аҳамиятга эга! Чунки, бу она заминни, унинг фарзандларининг шон-шарафини, жасоратини тараннум этган буюк асардир. Шу боис у ҳар бир гуржи оиласининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Агар сеп орасида «Арслон терисини ёпинган паҳлавон» бўлмаса, келиннинг ота-онасига қаттиқ танбеҳ берилади — сеп чала ҳисобланади. Канадада кўҳна дарахтлар конкурси ўтказилиб турилади. Энг кўп яшаган дарахт медал билан мукофотланади. Медал дарахтнинг ўзига тақиб қўйилади. Табиатга нисбатан бундай меҳр-оқибатни кўриб, беихтиёр инсон бўлиб туғилганингдан ғурурланиб кетасан. Болтиқбўйида ҳар йили узоқ умр кўрган дарахтлар қайтатдан рўйхатга олинади. Бир сафар Эстониядаги Муху оролида ёгоч супа устига тўнкариб қўйилган қуп-қуруқ, балиқчиларнинг ярми чириган беҳисоб қайиқларини кўриб ниҳоятда ажабландим. Мен бунинг сабабини сўрадим. Шундай жавоб бердилар: — Бу қайиқлар юз йилдан икки юз йилгача умр кўрган. Ўз вақтида бу қайиқлар бизнинг боболаримизга беминнат хизмат қилган; ошиқ-маъшуқларнинг учрашувига гувоҳ бўлган, болаларнинг вояга етказишда ёрдам берган, ўз халқига садоқат билан кўмаклашган. Боболаримиз бу қайиклардан фақат яхшилик кўрганлар. Буларни унутиб бўлмайди. Халқ ота-боболарининг хотирасини муқаддас сақласа, ўтган-кетганларни мамнуният билан ёдга олса, қандай яхши! Айтматов. Ҳар хил тилда сўзлашса ҳам, ҳар хил динга эътиқод қўйган бўлса ҳам инсоният умумий тутумларни, асосларни кўп асрлар давомида салмоқлаб, танлаб олди. Шундай эмасми? Xудога беадад шукрлар бўлсинким, худди шундай! Агар кимдир орзиқиб кутилган озодликни қўлга киритгач, бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш учун ахлоқсизликни, бачканаликни тарғиб қила бошласа нима бўларди? 1993 йили менга Берлиндаги халқаро кинофестивалда жюри аъзоси бўлиб қатнашишни таклиф қилдилар. Фестивалда бутун дунёдан — Америкадан, Испаниядан, Англиядан келган кино ва адабиёт намояндалари иштирок этдилар. Собиқ Совет Иттифоқидан каминани таклиф этдилар. Жюри аъзоларининг фикрлари, қарашлари хилма-хил ва қизиқарли эди. Бошқаларга ҳам фойдали бўлса керак деган умидда умумий ишга қўшилиб кетдим. Бизнинг вазифамиз — фестивалга тавсия этилган филмларни таҳлил қилишдан ва баҳолашдан иборат эди. Бирор филмнинг ютуғини қайд этишдан ташқари, камчилигини ҳам кўрсатиб беришимиз лозим. Энг яхши янги кинолар намойиш этилди. Ниҳоят, америкалик бир режиссёрнинг киноасарига навбат келди. Ҳали овоз бериш бошланмасдан бурун жюри аъзолари филмни мақтаб, бир овоздан, шу пайтгача кўрганларимизнинг энг яхшиси шу, деб таъкидлай бошладилар. Филм сюжети Куба билан боғлиқ эди. Дастлаб ўйладимки, ярим яланғоч, оч-наҳор Кубанинг фожиали тақдири намойиш қилинса керак. Ростини айсам, тезроқ филмни томоша қилишни истардим. Маълум бўлишича, филмда кўтарилган энг асосий муаммо — америкалик баччабозларнинг (гомосексуалистлар) ўз ҳақ-ҳуқуқи ва эркинлиги учун курашини кўрсатишдан иборат экан. Филмнинг қисқача мазмуни бундай: Фидел Кастрога бутун қалби билан содиқ бўлган ёшгина партия ходими хизмат юзасидан ватандоши билан учрашади. У баччабоз бўлиб чиқади. Унинг эътиқоди ва майлидан хабар топган кастрочи-коммунист янги дўстидан юз ўгириш ўрнига, аксинча, барча муносабатларга сирдош дўст тутинади. Охир-оқибат ўзининг сиёсий эътиқодидан ҳам воз кечиб юборади. Муҳокама пайтида жюрининг мендан бошқа барча аъзолари ўша филмни бир овоздан кўкларга кўтариб мақтадилар: «Ажойиб, гўзал!» деб баҳоладилар. Мен ёлғизланиб қолдим. —Сизларнинг фикр-мулоҳазаларингга қўшила олмайман. Боз устига, бу филмни зарарли деб ҳисоблайман, — дедим ўрнимдан туриб. — Тўғри, инкор этмайман, ҳаётда шундай воқеа булиши мумкин. Дунёда нималар бўлмайди дейсиз! Лекин, жазаваси тутган инсоннинг тубан, бузуқ қилиқларини экранда кўрсатиш, баччабозни ҳақиқий қаҳрамон сифатида талқин этиш, уни илоҳийлаштириш — миллионлаб томошабинларнинг ахлоқий бузилишига сабаб бўлади, одамларни ёмон йўлга бошлайди. —Ҳеч ким, ҳатто президент ҳам инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларига, эркинлигига ғов бўлолмайди! —Ҳақиқий демократия шунақа бўлади. Қандай қилиб Сиз демократияга қарши чиқасиз? Хуллас, жюрининг бошқа аъзолари ҳар томондан менга ташланиб қолишди. — Мен эмас, балки ўзларинг норасо ғояни тарғиб қилиб, одамларнинг ор-номусига, виждонига, инсонлик шаънига зўравонлик билан таъсир ўтказяпсизлар. Бироқ, нима бўлса ҳам, ифлослик хеч қачон эркинлик тимсоли бўла олмайди! Шак-шубҳасизки, сизларнинг ахлоқсиз қарорларингга қарши қўйиладиган восита, йўлларингга ғов бўладиган кучлар ҳам мавжуд. Ростини айсам, мен чинакамига ғазабланиб кетдим. Ўша ҳодисадан сўнг кўп ўйладим. Ҳамма томонни тарозига солиб кўрдим. Балки, мен ҳаётдан орқада қолаётгандирман? Янги русумларни тушунмаётган бўлсам-чи? Лекин, русум — бу ўткинчи, ўзгарувчан ҳодиса-ку! Агар бугун русум бизни баччабозлик томон бошласа, эртага қаёққа эргаштириб кетади? Охир-оқибат, ўша хунасанинг орқасидан юраверсак, биз инсон билан ҳайвоннинг фарқига бормай қоламиз-ку! Фақат миллий, халқона таълим-тарбия билан маънавият, ички маданият пайванд қилинсагина одамларни ҳар қандай пасткашликдан, тубанликдан асраб қолиш мумкин. Xудди соҳира каби асрайди. Агар инсонга чексиз озодлик берилса, ҳатто у ахлоқдан ҳам озод қилинса, дунёқараши ва ахлоқи шаклланиб улгурмаган ҳозирги ёшлар асрлар давомида тўпланган миллий қадриятларга тупуриб, ананалар ва урф-одатлардан юз ўгириб, маркиз де Сад тараннум этган тубан, ҳайвоний эҳтиросларнинг қулига айланиб қолмайдиларми? Билмадим, каминанинг қатъий эътирозим таъсир этдими, ҳар ҳолда, ўша филмга Бош совринни бермадилар. Шунга қарамасдан, совринли ўринлардан бири берилди. Энг қизиғи шундаки, кейинчалик ўша филм Ню-Ёркдаги кинофестивалга тавсия қилинди-ю «Оскар»ни олди! Ишончим комилки, тушунчалар сохтаси билан алмаштирилса, ахлоқ билан ахлоқсизликнинг фарқи қолмаса, қадриятлар қадрсизланса, ҳозирги тараққиётни ич-ичидан кемираётган қусурлар йўқолмайди. Шохонов. Кунларнинг бирида биз оқсоқол ёзувчимиз Ғабиддин Мустафин билан Ғабит Мусреповнинг уйига кетаётгандик. Қарасак, куппа-кундузи остонада йигит билан қиз ўпишиб туришибди. Боз устига, қозоклар экан. Балки, бизни кўришиб уялишса керак деб ўйладик. Гўрдами! Янада баттар бир-бирига ёпишиб, ялашиб-юлқаша бошладилар. Шунда Ғабиддин ерга қарадию: «Қозоннинг қопқоғи тушиб кеса, ит уялади», деди қовоғини осилтириб. Буюк татар шоири Мусо Жалилнинг (илойим, жойи жаннатда бўлсин!) битта ажойиб шеъри бор: бир куни қиз уйига кечроқ қайтади, дарвоза эса ичкаридан тамбалаб қўйилган бўлади. У дарвозадан ошиб ҳовлига тушади, лекин эҳтиёцизлик оқибатида кўйлагини йиртиб олади ва буни ўзи сезмайди. Шу ҳолатда эрталаб ишга шошилиб кетади. Унинг аҳволини кўрган ҳамқишлоқ қизлар, янги русум пайдо бўлибди, деб ўйлашади ва кўйлакларини йиртиб қўядилар. Чике, назаримда, аҳолининг арзимас қисми, бор-йўғи 5-8 фоизи (қанийди, хато қилаётган бўлсам!) ўзининг ақл-фаросати, ўз ғояси билан яшайди, холос. Қолганлар эса ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмасдан бировдан бир нарсани, бошқадан бошқа нарсани ўзлаштириб оладилар. Ўша нарса мос тушадими-йўқми, бу ҳақда бош қотирмайдилар. Оёғи ердан узилган кимсалар миллий ва умуминсоний маданиятни ўзлаштириб олишга ожизлик қиладилар. Улар ҳайвонот боғидаги маймунга ўхшаб кўр-кўрона тақлид қилишни биладилар, холос. Маънан қашшоқ кимсалар шундай бўладилар. Айтматов. Мухтор, афсуски, шундай. Айни чоғда фақат миллий мафкурага ёпишиб олиш ҳам яхшиликка элтмайди. Миллий маданиятни бутун инсоният тўплаган маънавий бойлик билан тўйинтириб бориш кераклигини бир дақиқа ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Келажакда маданиятлар ўзаро чатишиб, бир-бирини бойитиши керак. Қисқаси, ҳозир ҳар хил қарашлар, нуқтаи назарлар ягона ўзанга бирлаша олмаяпти. Шу боис давлат миқёсида маданийлаштириш дастури ишлаб чиқарилиши зарур. Бу жабҳага йирик файласуфлар, маънавият соҳасининг намояндалари, олимлар, маданият арбоблари, ёзувчилар жалб этилмоғи лозим. Ўзинг боя айтиб ўтдинг, ҳар қандай маданиятда таъқиқланган нарсалар бўлади. Тақиқ — бу светофорнинг қизил чироғи эмас, балки бошқа йўналишдаги кўк чироқдир; бу эзгулик билан ёвузлик, яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги чегарадир. Кўр-кўрона тақлидчилик, маданий-ахлоқий таъқиқларни назар-писанд этмаслик, калондимоғлик билан ўзиникидан юз ўгириб, ўзгаларнинг усти ялтироқ, ичи қалтироқ нимарсалари кетидан югуриб юриш ҳоллари, афсуски, ҳозирги ўтиш даврининг хусусиятларидир. Австралияда ҳам, Олмонияда ҳам, Белгияда ҳам, Люксембургда ҳам ва бошқа Европанинг ривожланган мамлакатларида ҳам худди шундай ўтиш даври бўлган. Майли, ҳозир у ерларда кўчалар шампун билан ювилаётган бўлса, бу ҳол маданиятнинг кўрсаткичи бўлолмайди. Ахир, ўша тараққий этган давлатлар анъанавий мезонларга, қадриятларга бежиз қайтмаяптилар. Масалан, «севги эркинлиги», «жинсий инқилоб» каби ижтимоий ҳодисалар, оқимлар ўша мамлакатларда аста-секин сўниб бораётир. Бироқ, ўша кўчки энди бизни босяпти... Ўйлайманки, бу кулфатни бошимиздан кечиришимиз мажбурий бўлса-да, лекин ўткинчидир. Уни бошдан кечириб, вояга етмоқ лозим. Фақат инсоний уйғунлик ҳақиқатдир, оқилонадир. Мен Люксембург кўчаларида: «Биз қандай бўлсак, шундай қолишни истаймиз!» деган улкан шиорларни кўрганман. Яъни боболаримиз қандай бўлган бўлсалар, биз ҳам ўшандай бўлмоқчимиз. Сиртдан жўнгина кўринган бу сўзларнинг маъноси теран. Европадаги мўъжазгина бу мамлакат Франсия, Олмония, Голландия каби ниҳоятда тараққий этган давлатлар қуршовида жойлашган. Бояги шиор эса ҳар бир люксембурглик учун огоҳлантириш белгисидир: қўшниларга кўр-кўрона эргашаверманглар; она тилингизни, маданиятингизни, адабиётингизни, мусиқангизни, санъатингизни кўз қорачиғидай асрангиз, ўз ўтмишингизни-томирингизни унутмангиз! Шохонов. Иқтисод ривожланяптими ёки инқирозга юз тутдими, маданият гуллаб-яшнаяптими ёки ичидан зил кетдими, сиёсат урушга олиб борадими ёки мамлакатда тинчлик ҳукм сурадими, хуллас, буларнинг ҳаммаси давлат бошлиғига боғлиқ. Агар 1789 йилдан бери АКШда 41 нафар президент келиб-кетган бўлса, хўш, нима учун шу пайтгача Ж. Вашингтон билан Рузвелт аҳоли ўртасида жуда катта обрў-еътиборга эга? Биринчиси — мустамлакачилик оқибатида титиғи чиқиб кетган вилоятларни бирлаштириб, ягона давлат тузди, янги миллатни шакллантирди, янги кўринишдаги давлат тизимини яратди. Иккинчиси — бир асрдан сўнг, иқтисодий инқирозга ботиб кетган АҚШни ҳалокатдан қутқариб қолди, фашизмни янчиб ташлаш борасида қатъиятини кўрсатди. Шундай фазилатлари, фаолиятлари учун улар ўз фуқароси орасида ҳам, бутун дунёда ҳам ҳурмат-еътиборга сазовор бўлдилар. Буюк Британиядан етишиб чиққан ажойиб зотлар ўртасида Уинстон Черчилл билан ўз давлатининг манфаатлари йўлида хормай-толмай хизмат қилган Маргарет Тетчер алоҳида нуфузга эга. Айтмоқчи, М. Тетчер «темир хоним» деб ном чиқарганди. Камол пошо — Отатуркнинг ҳам Туркия тарихида муносиб ўрни бор. Турғут Ўзолнинг ёрқин хотирасини унутиб бўладими? Қишлоқ хўжалигига асосланган Туркия мисли кўрилмаган солиқлар юкидан ўнкиллаб қолган пайтда Турғут Ўзол қатъий ислоҳот томон юз бурди ва ўз мамлакатини муқаррар иқтисодий инқироздан асраб қолди. Коммунизм балосига гирифтор бўлган Xитой эса «маданий инқилоб» раҳнамоси бўлмиш Мао Сзедун билан биргаликда ҳақли равишда жиноятчилик, ёвузлик балчиғига ботиб кетди. Ҳукмдорлар томонидан қилинган савобли ишлар ҳам, гуноҳлар ҳам ҳавога учиб кетмайди. Ҳаммаси мамлакат тарихида из қолдиради. Айтматов. Сен жуда долзарб, ўткир муаммони — шахснинг тарихдаги ўрни муаммосини кўтардинг. Шохонов. Суҳбатимиз арафасида Никколо Макиавеллининг «Ҳукмдор» китобини яна бир марта қайтатдан кўздан кечириб чиқдим. Императорлар, подшолар, қироллар, султонлар тўрт асрдан буён ўз фаолиятларини ўша фалсафий рисола билан таққослаб кўрадилар. Мутаассиблар ҳам истисно эмас. Маълумки, Макиавеллининг «васиятлари билан панд-насиҳатлари»ни Сталин ҳам сув қилиб ичиб юборган эди. Ҳукмдорлар бу рисолани ўз ақл-идрокига, табиатига ва мамлакатининг урф-одатларига, анъаналарига монанд равишда айрича талқин қилганлар. «Ҳукмдор»нинг муаллифи, ҳукмдор халқни икки хил усулда бошқаради, деб эътироф этади. Биринчиси — қонун билан, иккинчиси — куч билан. Биринчиси инсонга хос хусусият, иккинчиси эса йиртқич ҳайвонга хосдир. Мамлакатда тартиб ўрнатишни истасанг, бошқарувнинг ҳар икки усулидан фойдаланмоғинг даркор. Оқил кишиларни ҳурмат қилишни ўрган, қонунларга риоя қилгин; итоациз кишиларга нисбатан куч ишлатгин. Бошқа йўли йўқ. Ўз ичингда ваҳшатли арслон билан ҳийлакор тулкининг бошини қовуштиргин. Биринчиси ташқи душман билан кураш чоғида, иккинчиси ички душман билан кураш чоғида керак бўлади. Қўрқувда ушлаб туриб, ҳийла ишлатгин. Ҳийла ишлатиб, қўрқувда ушлаб тургин. Фақат шундагина бошқарув жиловини қўлингда маҳкам тутиб турасан. Айтматов. Асрлар бўйлаб, ижтимоий тузумлар бўйлаб турли давлатларда ҳар хил ҳукмдорлар кетма-кет ўтдилар. Агар ҳукмдор ўлимидан кейин ҳам ҳурмат-еътиборини йўқотмаса, демак, у тирик пайтида адолатли бўлган, ҳақиқатпарвар бўлган, меҳр-шафқати ва очиқ кўнгиллилиги билан ном чиқарган. Бошқача бўлса, халқ уни мутаассиб деб атайди. Шу боис бир вақтлар «демократиянинг отаси» бўлмиш Периклга айтилган гапни ҳеч қачон унутмаслик керак: «Эсингда бўлсин, Перикл, сен афиналикларни — озод кишиларни бошқаряпсан. Бундай кишиларни бошқараётган пайтингда улар қаршисида қўрқувдан ҳам, ҳасаддан ҳам, манфаатпарастликдан ҳам, манманликдан ҳам холи бўлишинг лозим». Шохонов. Сиз фазилатларни санаб ўтдингиз. Бунда ҳар қандай ҳукмдорнинг яхши томонлари худди кўзгудагидек акс этади. «Ҳукмдор» рисоласида давлат бошлиғини хароб қиладиган бешта салбий хусусият кўрсатилади. Мана, улар: беқарорлик, мулоҳазасизлик, қўполлик, уқувсизлик, тўғри қарор қабул қилишга ожизлик. Агар мана шу салбий хусусиятлардан бирортаси бўлса, барча фуқаро доимо сени алдайдилар, калака қиладилар, лақиллатиб юрадилар. Айтматов. Шарқнинг бир қатор файласуфларининг асарларини ўқиб, қуйидагича умумий хулосага келдим. Давлат бошлиқлари ўз хусусиятларига кўра, уч турга бўлинадилар. Уларнинг биринчисига барча фазилатлар Xудо томонидан берилади. Бундай ҳукмдорлар узоқ вақт давр сурадилар; ўз мамлакатига, ўз халқига фақат фойда келтирадилар. Иккинчиси — ўз ишларида бошқаларга тақлид қиладилар. Уларнинг кўпчилиги ҳийлакор ва маккор бўладилар. Жамиятни таг-туби билан ўзгартириб юборадиган янгиликларга қодир эмас. Одатда, эскиликни сақлаб, мустаҳкамлаб қолишга ҳаракат қиладилар. Учинчиси — ўзлари ҳеч нарсани билмайдилар, бошқалардан ҳам ҳеч нарсани ўрганмайдилар. Тасодиф туфайли давлат бошқаруви жиловини қўлга оладилар ва тез орада ҳокимиятдан ажрайдилар. Ҳар қандай ишни бақир-чақир билан ҳал этмоқчи бўладилар. Баҳс-мунозарани эса уруш йўли билан ҳал этмоққа уринадилар. Xалқни қирғинга дучор этиб, мамлакат бойлигини ҳавога совурадилар. Шохонов. Жуда аниқ таъриф берилибди! Аслида, одамлар ҳам худди шундай уч гуруҳга бўлинади. Ҳаётий тажриба шунақа. Лекин, ҳокимият яхши фазилатларни иложининг борича кўкартирмайди, ёмон хусусиятларни эса яшнатиб юборади. Айтматов. Агар ҳокимият билан халқ ўртасида ишончсизлик, нафрат пайдо бўлса, уларни муросага келтириш мушкул. Мисол учун Олмонияни олиб кўрайлик. У ўз тарихи мобайнида қанчадан-қанча улуғ мусиқачиларни, ёзувчиларни, олимларни, санъат арбобларини дунёга берди. Бироқ, ҳокимият тепасига битта ефрейтор келдию асрлар давомида тирноқлаб тўплаган барча маънавий бойлигидан бир пасда жудо булди-қолди. Меҳнаткаш олмон халқи у пайтлари зинҳор-базинҳор рўшнолик кўрмади, аксинча, хонавайрон булди. Шохонов. Донишманд Наршахий бундай деб ёзган эди: «Агар халқинг қора нон еб ўтирган булса, сен ҳам қора нон тановул қилишинг керак. Агар у асал еб ўтирса, сен ҳам асал ейсан. Лекин, халқ қора нон еб ўтирган пайтда сен асал истеъмол қилсанг, ўша заҳоти ишончни йўқотасан. Чунки, ўз номингга доғ туширасан. Оқибатда, ҳокимиятдан ажраласан». Айтматов. Менимча, ҳокимиятнинг икки хил кўриниши бўлади. Биринчиси — халққа хизмат қилади; иккинчиси — истисносиз шахсий ва ўз тарафдорларининг манфаатларига хизмат қилади. Биринчиси ниҳоятда теран масъулият, ҳалоллик натижасида пайдо бўлса, иккинчиси ебтўймас худбинлик ва ахлоқсизлик оқибатида пайдо бўлади. Сир эмас, ҳокимият бор жойда унинг учун кураш кетади. Бироқ, нима бўлганда ҳам, умумий манфаат ҳеч қачон мустабид ҳокимият томонидан оёқ ости қилинмаслиги керак. Шохонов. Эсимда йўқ, қаёқдан олдим экан (афтидан, қадимий файласуфлардан бўлса керак), ён дафтарчамга қуйидаги сўзларни кўчириб қўйганман: «Ўз атрофига хушомадгўй, лаганбардорларни тўплаб олган ҳукмдорнинг шўри қурийди. Чунки, лаганбардорлар сенга ҳамд-сано ўқишдан ўзини тия олмайдилар. Тез орада ўша ширин-шакар сўзларнинг қулига айланиб қоласан. Зийракликдан, эҳтиёткорликдан маҳрум бўласан. Кўникма ҳосил қилганингдан сўнг ҳар куни ширин сўз эшитишга иштиёқманд бўлиб турасан. Буларнинг ҳаммаси ўзингни илоҳийлаштириш билан тугайди. Ўзинг ўзингга тиллодан ҳайкал ўрнатасан. Бирорта лаганбардор эса ҳайкални офтоб урмаслиги учун тепадан соябон тутиб туради. Бу ҳол сени хурсанд қилиб юборади ва унга халқ хазинасидан мукофот тайинлайсан. Ўз халқингни бутунлай эсингдан чиқарасан. Кўзинг оқиб тушгандай камбағаллар билан ғарибларни мутлақо кўрмайсан. Xотинларинг, бола-чақаларинг учун мармардан қасрлар қурдирасан. Албатта, уларнинг улуғворлиги ҳам лаганбардорлар назаридан четда қолмайди». Айтматов. Шарқ шоири жуда тўғри айтган: Тахтга яқин бўлса қул ҳамда ялтоқ, Бундай мамлакатга офат керакмас. Эгам сийлаган шоир-чи, бироқ Ерга боқар, сўз айтишга ярамас. Вақти-соати келиб, айрим ҳукмдорларнинг бошида қора булут тўпланади, қора кунлар бошланади. Лекин, шундай пайтлари ён-атрофида кечаги лаганбардорлардан бирортаси ҳам қолмайди. Ҳукмдор одамларнинг кўзларига тик қарашга ботинмайди, шармандаю шармисор бўлади ва мамлакатни ташлаб қочишдан бошқа илож тополмайди. Шохонов. Xудди шундай тарзда мамлакатни ташлаб қочган битта турк султонига бағишланган шеъримни ўқиб бераман. Мана, турк султоннн ҳарами — Хоразмдан, Ҳирот, Париждан, Юнон юрти Пелопонесдан, Ҳатто ҳоким Тарозийнинг Боболари ўтган шаҳар Тароздан келтирилган Мингдан ортиқ гўзаллар яшайди бунда. Улар анор донасидай Тўрт девор ортида езилади, ўз ҳолича қонайди... Бахтиқаро чўри хотинлар бичилган қуллардан ўзга кўрмаган эркак зотини. Ҳарамнинг сирту ботинида ҳукмдордир султоннинг руҳи. Ялтиратиб шоҳлик чопонин, Сархуш боқиб атроф-жонибга гоҳида сайр эца султон илтижоли тиз чўкиб сўрар: «Ё, Оллоҳим, ўзинг бер мадад! Ўзинг далда бер, Оллоҳим! Нигоҳини ўзимга қарат!» Аёл-да, ишга солар ҳийла, макрини, забт этмоқ чун султон нигоҳин. Бировга кулади бевафо тақдир, бировнинг куйдириб бағрин. Боғда-чи, сарой боғида, ўйнайди, сакрайди, йиғлайди, кулар, жанжал қилар, бир томчи сувдай султонга ўхшаш юзлаб болалар. Вақт етиб, тахтидан султон қулади... Пуфакдай ёрилди ҳою ҳаваслар. Буни қаранг, дарбадарликда султонни сақлар ўлимдан номаълум аёл! Султон сўрар: —Қайдадир кўрганман, юз-чеҳранг таниш. Канизагим бўлмагин тағин? —Афсусларким, худди шундай, асир бўлган кўнгул хушига минг қурбоннинг бириман, — дея аёл боқди султон кўзига. Ўйин экан дунёнинг иши: осонликча неча давлатни тиз чўктирган Сиздай улуғ зот, аёл кўнглин ололмай, ҳайҳот, забт этдингиз қуруқ савлатни. Муҳаббат бўлинмас, чопилмас, сотилмас туйғу! Уни гўштдай бўлмас майдалаб. Агар-чи, турибман Сизга қўл чўзиб, билиб қўйинг — севганимданмас, раҳмим келганидан. Бир кўнгулни эцанг нурафшон сеникидир бутун шу олам! Очкўзлик этади беному нишон, Сизни солди шу кўйга ҳаром. Истанбулда ёдга олдик, тирикларга тўзғоқ мисол сабоқ бўлган султонни. Ҳа, хотира нафақат савоб ишларни, балки, сақлар гуноҳларни ҳам! Айтматов. Ҳукмдорларнинг гуноҳи ҳеч қачон унутилмайди. Бу хотира ўчмас маънавий ибратдир. Айтмоқчи, бояги шеър билан Маҳмуд Кошғарийнинг ушбу сўзлари ҳамоҳанг экан: «Агар ҳукмдор бегона юртда ўзига сарой қурдирган бўлса, бу хосияцизлик белгиси. Демак, у оғир кунларда жуфтакни ростлаб қолиш учун ўзига бошпана ҳозирлаяпти. Ўз халқига нисбатан сотқинлик қилажак. Оддий халқ ҳеч қаёққа қоча олмайди. У фақат ўз тупроғига бош эгади, холос. Агар сен ҳукмдор бўлсанг ҳам, лекин ўз халқингдан ортиқ жойинг йўқ. Xалқ билан битта тупроқда туғилгансан. Демак, шу ерда ўлмоғинг лозим». Бу донишмандлик белгиси. Бу сўзлар ҳаммага ибрат бўлиши керак. Шохонов. Жуда кўп тузумлар, ҳукмдорлар учун қамчи бўладиган яна битта топиб айтилган гап бор. Ҳукмдор саройига қадам ранжида қилган битта донишманд қуйидаги васиятномани ёзиб қолдиради: «Давлат хазинаси — бу халқ бойлиги. Уни қўли қадоқ халқ ҳалол пешона тери билан ишлаб топган. Ҳукмдор бу хазинанинг калитини ҳар томонлама синовдан ўтказилган одамга эҳтиёткорлик билан топшириши керак. Қаердаки, тилло ва кумуш бўлса, ўша ерда ўғрилик рўй беради. Ўғрини қўлга туширсанг, дарҳол фош қилгин. Агар фош этмасанг, демак, ўзинг ҳам ўғрисан». Айтматов. Оқил, тажрибали ҳукмдорлар ҳеч қачон ўзларининг қариндошларини, яқинларини вазир лавозимига тайинламас эдилар. Чунки, билардиларки, улар бир кун келиб давлат ишларини оилавий ишлар билан чалкаштириб юборишлари мумкин эди. Кейин улар билан қаттиқ туриб ҳисоб-китоб қилиш мушкул бўлади. Агар кўнгилчанлик қилинса, бошқа вазирлар ҳам тушовни узиб кетишлари мумкин. Миср. Фиръавнлар даври... Оламдаги етти мўъжизанинг биттаси барқарор бўлган макон. Ҳайратланарли тарзда бир-бирининг устига қалаштириб қўйилган эҳромлар кўкка бўй чузиб булутлар ва Абадият билан мусобақалашадилар. Ҳа, эрамиздан аввал ҳам мислсиз қудрати билан ном чиқарган ҳукмдорлар ўтган. Мен учун ниҳоятда олис туюлган ўша замонлар негадир қизиқ туюлади. Ҳокимият одоби нуқтаи назаридан қаралса, бағоят ибратлидир. Ҳукмдорнинг қудрати миқдор билан ўлчанарди: қулларнинг сони ва куч-қуввати асосий мезон эди. «Ер ва осмондаги бор мавжудот унга назар солишга ботинмайди», деб фиръавнлар илоҳийлаштирилади. Қудратининг тимсоли шундай. Бутун инсониятдан шу жиҳати билан фарқланиб туради. Ҳамманинг ва ҳар бир кишининг эътиқоди бўйича, фиръавнлар авлоди бевосита худога бориб тақалар эмиш (ерамиздан аввалги даврларда мана шундай дунёқараш жуда оммавий тус олган эди). Шу боис фиръавннинг дафн маросими ниҳоятда дабдабали бўларди: марҳум билан бирга унинг хотинлари, чўрилари, қароллари ҳамда тахт ўрнатилган улуғвор араваси, жанговар асбоб-анжомлари, озиқ-овқатлар, буюмлар ҳам қўшиб кўмилар эди. Тирик пайтида мафкурани, сиёсатни, иқтисодни, уруш ва тинчликни ўз қўлида маҳкам ушлаб турган ҳукмдор нариги дунёда ҳам айнан шунақа ишлар билан машғул бўлади. Ўша даврга хос бўлган маросим қандайдир мажозга ўхшайди: инсонга инсоний, ҳокимиятга эса ҳурмат-еҳтиром билан муносабатда бўладилар. Арслоннинг ўлиги ҳам тирик итдан афзал бўлади. Бу ҳол кўнгулни бузиб юборади ва айни чоғда кишини ғамга ботиради: ҳар тарафда санамлар, фақат санамлар... Қоҳира яқинида Xеопс, Микрин, Xефренларнинг улуғвор эҳромлари бор. Минглаб қуллар қандай қилиб қуруқ қўл билан зил-замбил, азамат тоштахталарни қуш учса қаноти тегадиган баландликка кўтариб чиққанларини, бир сантиметр ҳам хато қилмасдан, ниҳоятда аниқлик билан бир-бирининг устига қалаштирганини, эҳромларнинг тўрт тарафини ўқ изидек аниқ ўлчаб қўйганини асло тасаввур этиб бўлмайди. Ҳайратланиб турганимни кўрган бадавий кулумсираб: Ҳозирги кашфиётларнинг ҳаммаси ўтмишдан қолган кашфиётлар. Жаноб, биз фақат ўтган-кетганлар изидан боряпмиз, — деди. Саводсиз чол ҳақ гапни айтганига ич-ичимдан иқрор бўлдим. Ер ва осмон ўртасида пайдо бўлган эҳромлар вақт деб аталмиш қудратли кучга ҳам итоат этмайди. Шу боисдан ҳам эрамиздан аввал яшаган араб ҳукмдорларининг ҳаёти биз учун ечиб бўлмас жумбоққа ўхшаб туюлаверади. Шохонов. 1974 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, Xеопс эҳромлари қурилишида махсус тайёргарликка эга бўлган тўрт минг нафар қул иштирок этган экан. Улар йигирма йил мобайнида назоратчиларнинг қамчиси остида азамат иншоотни бунёдга келтирганлар. Геродотнинг гувоҳлик беришича, бу улуғвор эҳромлар қурилишига вақти-вақти билан юз минг нафар одам жалб қилинарди. Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат қилган араб файласуфи ал-Идрисий: «агар ҳукмдорнинг хотини бошқарувга аралашса, қулни хотинининг ҳам тили қичийди», деб ёзган эди. Айтматов. Ҳокимият бор жойда доимо ҳасад олови гуркураб ёнаверади. Ҳокимият — юксак мартабага элтадиган йўл. Баъзан у сароб каби яқин кўринади. Бироқ, ҳокимият ниҳоятда масъулиятли ва айни чоғда хавфлидир. Шунинг учун масъулиятлики, қўлингда иш бор, одамлар бор, уларнинг фаровонлиги ва қашшоқлиги, қувонч-ташвишлари сенга боғлиқ. Xавфли томони шундаки, ҳокимият чўққисига кўтарилиб борганинг сари душманларинг ҳам кўпайиб бораверади; улар раҳбарнинг ҳар бир қадамини, ҳар бир сўзини ўлчаб юрадилар. Шу боис ижтимоий-ахлоқий тажрибаларнинг қаймоғи сифатида қадимдан авлодларга қуйидаги панд-насиҳатлар қолган: «Қачонки, ҳукмдор ўз атрофига халқдан чиққан муносиб, жасур, оқил кишиларни жалб эца, ҳурмат-еътибор қозонади. Агар улардан қўрқиб, барчасини қувғин қилса, ўзи ўзига қудратли душманларни тилаб олган бўлади. Ёнингда мингта аҳмоқни ушлаб ўтиргандан кўра, битта ақли донишни сақлаб турганинг афзал». Шохонов. Ҳокимият қонунчилик намунасидир. Туркий халклар тарихида ҳар доим алоҳида мавқега эга бўлган зотлар — бу ҳокимбийлар. Улар қарор қабул қилсалар, олдиндан ҳозирлаб қўйилган фитна ёки тарафкашлик тўғрисида гап бўлиши мумкин эмасди. Айтмоқчи, ҳозирги Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятига қарашли Ангрен водийсида Култепа кентида жойлашган Товкехон қароргоҳида — Xонободда жуда катта кенгаш чақирилади. Ўша кенгашда нуфузли ҳокимбийлар томонидан қозоқларнинг «Жети жарғи» деб номланган қонун-тузуклари қабул қилинади. Халқ орасида ўша кенгашдан кейин бундай ибора пайдо бўлган: «Худонинг берган куни Култепада кенгаш бўлади». Кенгашда қозоқлардан Тўла бий, Қозибек бий, Ойтеке бий, қирғизлардан Кўким бий, қорақалпоқлардан Сассиқ бий, Эдигей бий иштирок этганлар. Унда қуйидаги масалалар муҳокама этилади: ўз юртимизни, ўз халқимизни ташқи душмандан қандай ҳимоя қиламиз? Эл-елатларнинг бирлигини қандай қилиб асраб қолиш мумкин? Ота-боболар васиятига нетиб амал қиламиз? Кундалик «ташқи сиёсат» қандай бўлади? Келажакни муносиб қарши олишимиз мумкинми? Тарихий қурултой қатнашчилари мана шундай масалалар юзасидан кенгашадилар. Назаримда, қозоқ халқини бирлаштириш ғояси худди ўша ердан бошланади, ягона давлат барпо этиш дастури ишлаб чиқилади. Учта жуз уруғининг оқсоқоллари — донишманд Тўла бий, нотиқ Қозибек бий, мушоҳадакор Ойтеке бий ўз зиммаларидаги тарихий вазифани шараф билан адо этадилар. Улар ажралмас дўст эдилар. Xалқ ўртасида жуда катта нуфузга эга бўладилар. Xалқ тақдирини ҳал қиладиган масалаларни биргаликда ҳал этадилар. Қувончли кунларнинг ҳам, мусибатли кунларнинг ҳам халқ билан бирга баҳам кўрадилар. Очарчилик, уруш-жанжал рўй берган йилларда халқ қаватини тарк этмайдилар. Уларнинг ёрқин хотираси унутилса, кўп нарсани йўқотамиз. Чунки, улар қилни қирқ ёрадиган донишманд эдилар. Айтматов. Ҳа, улар ўз сўзининг орқасидан халқни эргаштириб кетишга қодир бўлган улуғ зотлар эди. Уларнинг ноёб қобилияти халқнинг жон томирига туташиб кетганди. Тарихни эсга олайлик. Нотиқлик санъати барча халқлар ўртасида, ҳамма замонларда алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Мисрда, Юнонистонда, Римда доимо уста нотиқларнинг мусобақаси ўтказилади. Бу жабҳада ўзига хос анъаналар пайдо бўлади, нотиқлик санъатидан таълим берадиган мактаблар вужудга келади. У пайтлари ҳар қандай ҳақиқат, халқнинг хоҳиш-иродаси, муҳим қарорлар буюк нотиқлар томонидан эълон қилинарди. Юнонча «оратор» сўзи аллақачон ҳамма тушунадиган атамага айланиб кетган. Мисрда «оратор» бошқача ном билан аталган бўлса-да, моҳият ўзгармайди. Ҳозирги замонда бу сўз ҳаммада кўникма ҳосил қилган, ўзига хос салмоққа эга. Қисқаси, кейинчалик бутун инсониятнинг бойлигига айланиб қолган демократияга илк бор тамал тошини қўйган зотлар ораторлардир. Бу борада улар жуда катта хизмат кўрсатганлар. Агар эсингда бўлса, ўлмас Плутарх меросининг бир қисми машҳури олам Демосфен билан Сицеронга бағишланган. «Улар икки томчи сувдек бир-бирига ўхшардилар, — деб ёзганди бир замонлар муаррих. — Фақат ахлоқ-одоби билан эмас, дунёқараши, суддан мустақиллиги, сўзлаш усули ва товуши билан ҳам бир-биридан фарқ қилмасди. Оддий халқ орасидан чиқиб, халқ ўртасида бунчалик шон-шуҳрат қозонган бошқа нотиқларни топиб бўлмайди». Ана энди доим бир-бирларидан ажралмай юрадиган қозоқ оқсоқоллари — Тўла бийни, Қозибек бийни, Ойтеке бийни эслаб кўргин! Юнонлардан чиққан Демосфен ва Сицерон каби улар ҳам умр бўйи ҳақиқатни ҳимоя қиладилар, фаҳм-фаросатлари, куч-қудратлари билан мутаассибларга, ҳукмдорларнинг адолацизлигига қарши курашадилар. Айтмоқчи, умр бўйи ноҳақ хўрланган кишиларни оқлаш билан шуғулланган Демосфен бўлажак суднинг аҳамиятини даъвогарнинг товуши паст-баландлигига қараб баҳолар эди. Кунларнинг бирида унинг ҳузурига битта афиналик киши келиб, битта шаҳарлик кимса ҳақорат қилиб, калтаклаганидан шикоят қилади. Демосфен пинак бузмасдан: — Сен ҳеч қандай зарар кўрмагансан, — дейди. —Қандай қилиб зарар кўрмас эканман! — деб қичқириб юборади даъвогар. —Ана! Энди калтакланган, тақдиридан нолиётган одамнинг овозини эшитдим. Судда мен сени ҳимоя қиламан, — дейди Демосфен. Шохонов. Отаси рус, онаси қозоқ аёли бўлган машҳур нотиқ, адвокат Плевако қатъиятли, муросасиз ва айни пайтда жуда меҳрибон инсон эди. Унинг ҳаётий солномаси яқиндагина батафсил ошкор қилинди. Унинг нотиқлиги, жасурлиги тўғрисида ҳикоя қиладиган битта воқеа бор. Ғарибгина, камбағал кампир бозорда пақир уғирлайди. Пақирнинг баҳоси бор-йўғи беш тийин экан. Буюмнинг эгаси ўғрини ушлаб, судга судраб боради. Қашшоқ кампирнинг пули ҳам, қариндош-уруғлари ҳам йўқлигига амин бўлган суд ходимлари қонун моддаларини кўздан кечиришиб, ўғрининг мол-мулкини мусодара этиб, ўзини бир неча йилга сургун қилиш тўғрисида ҳукм чиқарадилар. Бундай кампирни ким ҳам ҳимоя қиларди. Лекин, шов-шув қулоғига чалиниб қолган Плевако тўппа-тўғри суд мажлиси кетаётган залга етиб боради. Қараса, жавобгарликка маҳкум этилаётган кампир бир бурчакда йиғлаб турибди. Суд ходимлари эса қошларини чимирганча нафрат билан кампирни жиноятчиликда айблашарди. Шунда Плевако ўртага чиқиб, тахминан, бундай дейди: — Бизнинг мамлакатимизни қадим замонлардан бери ҳар қандай бекорчи одам талон-тарож қилаётир. Лекин, кўнгли кенг Россия ҳамманинг гуноҳидан кечиб юборди. Порт-Артурда денгизчи саркардаларнинг нўноқлиги оқибатида японлардан қақшатгич мағлубиятга учрадик, лекин кўнгли кенг Россия империяси уларнинг гуноҳидан кечди! Айни пайтда у бозордан баҳоси беш тийин турадиган пақирни ўғирлаган ғариб кампирнинг гуноҳидан кечмоқчи эмас. Бу ерда Россияга хос бўлган меҳрибонлик, олижаноблик етишмаяпти. Бу сўзларни эшитишиб, суд ходимлари шу тобда ер ёрилсаю остига кириб кетишга ҳам рози бўлиб қоладилар. Охири кампирни оқлаб юборадилар. . Нотиқлик санъатининг кучи шунда яққол кўринади. Асрлар давомида нотиқлар ҳукмдорларга беминнат хизмат қилганлар. Яшириб нима қилдик, мутаассиб шўро тузуми даврида биз сўзомоллик санъатини унутдик, авлоддан-авлодга ўтиб келган ноёб анъаналарни йўқотиб қўйдик. Xалқ даҳосидан, анъаналардан, маънавий тажрибалардан юз ўгирдик. Энди бўлса, бундай аҳволда узоққа бориб бўлмаслигини билиб, бошимизни чангаллаб ўтирибмиз! Кейинги икки-уч йил орасида Асқар Ақаевнинг ташаббуси билан Қирғизистоннинг чекка қишлоқларида оқсоқоллар суди ташкил этилди. Шубҳасиз, агар келажакда Марказий Осиё республикаларида оқсоқоллар ва бийлар судига етарлича эътибор берилса, бундан ҳаммага фойда бўлади. Балки, қадимий анъаналаримизни ўргатадиган махсус мактаблар ташкил этилиши мумкиндир? Долғали ўзгариш даврини бошидан кечираётган мамлакатларимизда ҳозир жиноятчилик авж олиб кетди. Оғир жиноят қилган кимсалар қилмишига яраша жазосини тортиши керак. Бироқ, арзимас айб қилиб қўйган кишини ҳам қамоққа келтириб тиқаверсак, нимага эришамиз? Ахир, арзимас айби учун икки-уч йил қамоқда ётиб чиққан навқирон йигит у ёқда ашаддий жиноятчиларнинг қўлига тушиб, инсоний қиёфасидан маҳрум бўлиб чиқаётганига ўзимиз кўп марта гувоҳ булдик-ку?! Бундай шароитда нима қилиш кераклигини, қандай жазо тайинлаш лозимлигини овул-қишлоқ жойларида ҳурмат-еътиборли оқсоқоллардан, бийлардан иборат суд ҳайъати ва кенг жамоатчилик ҳал этмоғи мақсадга мувофиқ бўларди. Шундай бўлса, бир томондан, арзимас жиноят қилиб қўйган одам уялтирилиб, виждони уйғотилиши, яъни тарбияланиши мумкин. Иккинчидан, халқда ажойиб мақол бор: «Онаси тепиб олса ҳам тойчоқнинг жони оғримайди». Конфуций бу ҳақда шундай дейди: «ҳукмдор, агар сен бировни жазоламоқчи бўлсанг, ота-боболар васиятини унутмаган ҳолда ҳукм чиқаргин. Шундагина бошқалар ҳам адолатли ҳукм чиқарганингга ишонадилар ва саъй-ҳаракатларингни қўллаб-қувватлайдилар». Айтматов. Инсон нима учун ер юзасида ҳокимияциз яшай олмайди? Ибтидоий жамоат тузумидан то ҳозирги замонгача бўлган инсониятнинг тараққиёт босқичларда ҳокимият зарурий зинапоя вазифасини бажарганми? Ҳаёт доимо шахслар билан жамиятнинг, ҳукмдор билан халқнинг ўзаро алоқасидан иборат бўлган. Бу икки тоифа ўртасидаги мураккаб ва қарама-қарши муносабатлар ҳеч қачон тарих саҳнасидан тушиб кетмаган. Шохонов. Чике, масалан, менинг ўзим сиёсатдан узоқ одамлардан биттасиман. Лекин тан олмоғим лозимки, Қозоғистонда демократик ҳаракатга раҳбарлик қилган пайтларимда кимлардир менинг қиёфамда президент тимсолини кўрмоқчи бўлдилар. Эсимда, йирик газеталарнинг бирида чоп этилган суҳбатимда бундай деган эдим: «Агар менга бирорта колхозга раҳбарлик қилишни топширсалар борми, шак-шубҳа йўқки, икки ойда колхозни хонавайрон қиламан». Ҳақиқатан ҳам ҳокимият жиловини қўлга олишга қодир бўлган, етарлича билимга, тажрибага, шахсий фазилатларга эга, ниҳоят, руҳий жиҳатдан шунга тайёр одамлар жуда кам. Баъзан сўзи билан ҳам, амали билан ҳам бу ишга мутлақо яроқсиз бўлган кишиларнинг президентлик лавозимига интилишларини кўриб, ҳайрон қоласан киши. Нақл қилишларича, кунлардан бир кун чўпондан: —Агар кутилмаганда қирол бўлиб қолсанг нима қилардинг? — деб сўрабдилар. —Агар қирол бўлиб қолсам, от миниб юриб мол боқардим! — деб жавоб берибди у муғомбирлик қилмасдан. Чўпон ўз табиатига, фаҳм-фаросатига монанд равишда жавоб қайтаради. Ҳақ гапни айтади. Мутлақо тасодиф туфайли ҳокимият тепасига келиб қолган кимсаларнинг касофати уриб, юз-юз миллион бегуноҳ одамларнинг ёстиғи бевақт қуриганини тарих ҳали унутгани йўқ. Чике, келинг, яна тарихга қайтамиз. Голошчекин даврида (1925—1933) қозоқ даштларининг бошига мисли кўрилмаган қора кунлар ёғилди. Бағоят шафқациз, маънавий жиҳатдан қашшоқ бўлган муртад ҳокимият жиловини қўлга олган заҳоти ўзича кашфиёт яратди: «Ие, бепоён Қозоғистон республикасида шўравий тузум ўрнатилмабди-ку!» У республикага раҳбарлик қилган саккиз йил мобайнида эртадан-кечгача минбардан тушмасди; қозоқ овуллари қандай ҳаёт кечираётгани билан асло қизиқмасди. Ҳатто шунчаки томоша учун ҳам бирор марта овулларга чиқиб кўрмайди. Шундай бўлса-да, ўзини «маҳаллий» ҳаётнинг билимдони деб биларди. Голошечкин, Октябр тўнтариши қозоқ овулларини четлаб ўтган, деб ҳисобларди. Демак, итоациз қозоқларга ҳозир ким ҳукмронлик қилаётганини кўрсатиб қўйиш керак. Шундай қилиб, у кетма-кет «адаб дарслари»ни уюштиради. Албатта, бундай «дарслар» қурбонсиз бўлмасди. Голошчекин раҳбарлик қилган даврда республика аҳолисининг сони ҳалокатли даражада камайиб кетади. Миллий зиёлиларнинг жуда катта қисми «бўйинтовловчилар» деб эълон қилинади ва қайта тарбиялашга номуносиб шахслар сифатида маҳв этилади. Сталиннинг «социализм мустаҳкамланиб боргани сари синфий кураш ҳам кескинлашаверади» деган кўрсатмаси асосида амалга оширилган Голошчекин сиёсати натижасида халқ шафқацизлик билан қувғин қилинди, қатли омга учради, мисли кўрилмаган очарчиликка йўлиқди. Бутун бошли халқни қириб юборишга мўлжалланган тадбир «кулакларни тугатиш» баҳонасида бошланади: бойларнинг мол-мулки мусодара қилинади, халқ чексиз миқдорда солиқ тўлашга маҳкум этилади. Қозоғистонда етти юздан ортиқ бой хўжалик ва эллик мингта ўртаҳол хўжалик борлиги қайд этилади ва уларнинг ҳаммаси хонавайрон қилинади. Xўжалик эгаларининг бир қисми отиб ўлдирилади, яна бир қисми қамоқларга ташланади, бир қисми эса Россиянинг Туман, Қўрғон, Астрахон, Иркуцк вилоятларига сургунга жўнатилади. Кўпчилик қозоқлар Xитойга, Эронга, Ҳиндистонга, Туркияга бош олиб кетадилар. Мусодара натижасида бир-иккита мол-қўйга, оз-моз ерга эга бўлган камбағаллар «совпедлар» инъом этган хайр-еҳсонлардан фойдалана олмайдилар. Чунки, атайлаб очарчиликни кучайтириш учун ўйлаб топилган чексиз солиқлар аҳолини очарчилик уюштириб туриш «катта сиёсат»нинг асил мақсадига айланиб қолади. Қадим замонлардан буён чорвадорлик билан машғул бўлган қозоқлардан солиқ сифатида қишлоқ хўжалик маҳсулотларни талаб қилишарди. Деҳқонлардан эса, аксинча, гўшт топширишни талаб этишарди. Чорвадорлар ўз мол-қўйларини буғдойга алмаштиришади, деҳқонлар эса ўз буғдойларини мол-қўйларга алмаштирардилар. Натижада иккови ҳам ҳеч вақосиз қолишарди. Ҳукмрон табақа қилмиши учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаслигини билгач, худди маст туялардай кўнглига келган номаъқулчилигини қилишаверади. Кундан-кунга солиқ турлари ортиб бораверади ва ниҳоят, ўн олтитага етади! Яна бир ажабланадиган томони шундаки, халқнинг эркинлик руҳига зид ўлароқ, шўравийларнинг умумий тенглик мафкураси билан қуролланган кимсалар «чиқитлар»ни ҳам солиқ сифатида давлатга топшириш керак деган уйдирмани ўйлаб топадилар. Энди отларнинг эскирган тақасини, ўлган отларнинг думларини, итнинг, эшакнинг, ҳатто илоннинг пўстини, латта-путталарни, суякларни, шохларни, туёқларни ҳам давлатга топшириш керак эди. Охир-оқибат, ўша хилдаги солиқни ўз вақтида тўлашга қодир бўлмаган одамлар қўрасида турган бир-иккита молини сўйиб, «чиқит»ни топширишга мажбур бўларди. Энг даҳшатлиси шундаки, дўқ-пўписалар билан тўплаган ўша «чиқит» бир жойга жамланарди-да ёқиб юбориларди! Мана шундай жиноятлар туфайли Қозоғистонда 1929 йилда қирқ миллион бош қўйдан орадан тўрт йил ўтгач, бор-йўғи тўрт миллион бош қолади. Ўн баробар йўқотиш бўлади. Голошчекин раҳбарлик қилган саккиз йил давомида тўрт миллион юз минг нафар қозоқлардан икки миллион икки юз нафари қириб юборилади. Очарчилик ҳам, аслида, шу мақсадда уюштирилганди. Россия империясининг энг охирги подшоси Николай II ва унинг оила аъзоларининг фаол қотилларидан бири бўлган Голошчекин қозоқ халқи бошига мисли кўрилмаган кулфат келтиради. Бу қаттол ҳукмдорнинг ўзига муносиб ўринбосарлари ҳам бор эди. Ўшалардан бири бўлмиш Қозоғистон Марказий Ижроқўмининг раиси Елтой Ерназаровни эслатиб ўтиш мумкин. Қозоғистоннинг ўша йиллардаги пойтахти Оренбург шаҳрида республика Марказий Ижроқўмининг раисини сайлашга бағишланган қурултой бўлади. Иш бевосита сайлов масаласига бориб тақалгач, икки гуруҳ бир-бири билан ҳокимият учун кураш бошлайди. Лекин, бир-бирини енгиб ўтолмайди. Шунда кимдир бундай таклифни киритади: — Ўртоқлар, биз камбағаллардан иборат Шўро ҳукуматини туздик. Анави Елтой камбағал. Устига-устак, ғирт саводсиз. Демак, у ҳар тарафлама бизга тўғри келади. Менимча, раис лавозимига ундан кўра муносиброқ номзод бўлмаса керак. Бир бурчакка тиқилиб ўтирганча мудраётган Ерназаров бирдан ҳушёр тортади. Қандай қилиб бўлсада бир-бирини ҳокимият тепасига чиқармаслик учун курашаётган мухолиф гуруҳлар бир овоздан Ерназаров номзодини қўллаб-қувватлайдилар. Айтишларича, бир куни Ерназаров Олмаота поездида Қизил Ўрдага кетаётган экан. Очарчиликдан, ўлпонлардан ва бошқа мусибатлардан силласи қуриган Чимкент халқи бу янгиликдан хабар топадию ёппасига вокзал томон югуради. Елтойни салкам подшо деб ўйлайдилар. Одамлар орасида унинг қариндош-уруғлари, таниш-билишлари ҳам бўлади. Xуллас, халқ ундан ёрдам сўрамоқни истайди. Дастлаб, Елтой халқ билан учрашувга розилик билдиради. Аммо, вокзал томон гурас-гурас келаётган оломонга кўзи тушиб, юраги така-пука бўлиб кетади ва фақат вагон тамбурида туриб халқ билан гаплашишга зўрга кўнади. Минди-минди бўлиб кетган халқ: — Елтой тақсир, оч қолдик! — деб қичқиради. — Очимиздан ўляпмиз, меҳр-шафқатингизни дариғ тутманг! Ёрдам беринг! Шунда мулойим тортиб қолган Елтой сувсар телпагини қўлига олиб: — Ўртоқлар! — деб қичқиради. Тақсир-бошлиқ ўз юртдошларидан меҳр-шафқатини дариғ тутмаса керак деб ўйлаган халқ нафасини ичига ютади. — Ўртоқлар! — дейди у яна бир марта. — Ўртоқлар, режа, режа, режа! — деб уч марта такрорлайдию ғойиб бўлади. Тамбур эшиги орқасидан қаттиқ ёпилади. Кулфатдан силласи қуриган юртдошларига, қариндош-уруғларига, таниш-билишларига икки оғиз илиқ сўз айтиб, аҳолининг кўнглини кўтариб қўйишга қодир бўлмаган кимса бошқаларга меҳр-шафқат кўрсата олармиди! Ўша Ерназаровга алоқадор яна бир воқеани эшитганман. Сиз билан Тошкентдан қайтиб келаётган чоғимиз менинг биродарим бўлмиш Жанабой Салимбоевнинг акардаги туғишган синглисининг уйида бир пиёла чой ичиб кетмоқчи бўлдик. Ўша йигитнинг отасининг исми Тошбой, бобоси эса Салимбой оқсоқол эди. Салимбой ота 96 ёшга кириб вафот этди. Xуллас, Елтой Ерназаров ялангоёқ юрган пайтларда Салимбой оқсоқол унга кўп яхшиликлар қилади. Нон-туз берган, панд-насиҳатини аямаган. Елтой Марказқўм раиси этиб сайлангач, туман партия қўмитасининг котиби Тошбойни ҳузурига чорлайди-да: — Ўзимизнинг Елтойга самимий саломимизни етказасиз, — дейди. — Бундан ташқари, қўшни туманда трактор бор, бизда йўқ. Ерни шудгор қила олмаяпмиз, қийналиб кетдик. Бу ерлар Елтойнинг отаюрти; айтинг, бизга ҳам битта трактор ажратиб берсин. Тошбой тўппа-тўғри Марказқўм раисининг уйига боради. Уй бекаси уни очиқ чеҳра билан қарши олади. Бирпас гаплашиб ўтирадилар. Ҳадемай Елтойнинг ўзи ҳам хизматдан қайтиб келади. Тошбойга қўл учини узатадию виқор билан бошқа хонага кириб кетади. Xотини ботинмайгина: — Елтой, ахир, бу киши Салимбой отанинг ўғли-ку, — дейди. — Уни танимадингми? Агар биз улар қилган яхшиликни унуцак, худони унутган билан баробар бўламиз. Сен у билан одамга ўхшаб сўрашгин, ҳол-аҳволини сўраб-суриштиргин. Шундан сўнг Елтой: —Бобой қалай, соғ-саломат юрибдими? — деб сўрайди истамайгина. Кейин жавобни ҳам кутмасдан шоша-пиша илова қилади: —Эртага қиладиган ишларим бошимдан ошиб-тошиб ётибди, тезроқ дам олмасам бўлмайди. «Қирол бўлиб қолсам, от миниб юриб мол боқаман» деган чўпондан ҳокимият тепасига чиқиб олган бундай кўрнамак одамларнинг нима фарқи бор? Айтмоқчи, ишдан бўшатилишини эшитган Елтой, энг аввал: — Машина ўзимда қоладими? — деб сўраган экан. Айтматов. Демокрит: «Давлатни бошқариш санъати — санъатларнинг энг улуғидир», деган эди. Кўпинча бутун бошли халқнинг тақдири бир кишининг — ҳукмдорнинг қўлида бўлади. Масалан, Пётр биринчи қолоқ Россияни қайта тикламадими? Бутун бошли халқни «қайта қуриш»га мажбур қилган «бузғунчи» шахснинг ўрнини таъкидлашдан олдин Пётрнинг ҳаёти ва фаолиятига доир маълум воқеаларни эслатиб ўтмоқчиман. Подшо бўлгач, шахсан ўзи Голландияга йўл олади ва у ерда Пётр-дурадгор номи билан кема қурилиши сирларини ўрганади. Албатта, зерикиб ётгани учун бундай иш билан шуғулланмайди, Пётрнинг улуғлигини Пушкин мана бундай мумтоз мисраларда ифодалаган: Гоҳ академик, гоҳ қаҳрамонсан, Гоҳ денгизчи, гоҳо дурадгор — Унинг қалби бепоён, Тахтда ҳам доим хизматкор. Ҳасадгўй Ғарб оч кўзларини Россиянинг бепоён ерларига, бойликларига тикавергач, салтанат хавф остида қолганини сезган Пётр пойтахтни Москвадан Болтиқ денгизи соҳилларига кўчиради. Унинг ишончи комил бўладики, пойтахтни ҳимоя қилиш ҳар бир рус кишисининг муқаддас бурчи эди. Пойтахт асраб қолинса, демак, бутун Россия ҳар қандай мусибатдан фориғ бўлади. Шундай қилиб, дунёдаги энг гўзал, бетимсол шаҳарлардан бири бўлмиш Санкт-Петербург бунёд этилади. Билч-билч ботқоқзорларни Пётр аллақаёқлардан келтирилган тупроқ билан кўмдиради ва шаҳар кўчаларига қайин, қарағай, эман кўчатлари эктиради. «Ўзбошимчалик билан эманни кесган одам қатл этилсин!» деган фармоннинг муаллифи ҳам ўша буюк Пётр эди. Унинг ўз қўллари билан экилган эманзорлар, мана, уч юз йилдирки, япроқларини шалдиратиб, кўкка бўй чўзиб турибди. Пётр Россия салтанатининг давлат бошқарувини тубдан қайта қуради; завод-фабрикалар, ўқув юртлари сонини кескин кўпайтирди; жанговар, уюшган армия ва қудратли флот тузди. Кириллица имлосини ўзгартирди, баъзи бир мураккаб ҳарфларнинг ёзилишини оддийлаштирди. Санкт-Петербургдаги биринчи махсус босмахонага асос солди; рус матбуоти тарихидаги илк «Ведомост» газетасини ўз қўллари билан нашр этди. Агар Пётр ўз мамлакатининг ҳақиқий фуқароси, ўз даврининг одами бўлмаганда ҳеч қачон буюк бўлмасди. Пётр Россиянинг келажагини яққол кўра билди. Чарм ковуш кийиб, чакмон ёпиниб юрган мамлакат вақтиғсоқти келиб буюк давлат бўлишига заррача шубҳа қилмади. Айни пайтда Пётр россияликларга бениҳоя тарвақайлаб кетган соқол-мўйловларни қириб юриш ва рўдапо кийимларни тартибга солиб, қисқартириш туғрисида фармон берди. Меъёр нималигини билмайдиган рус эркакларини ичкиликбозликдан қайтариш учун оғир чўян медал қуйдирди ва пиёниста кимсаларни халқ олдида уялтириш мақсадида ўша медални бўйниларига тақтириб қўйди. Агар кимда-ким ўз ота-онасини ҳурмат қилмаса, у давлат жиноятчиси деб ҳисоблансин ва оғир жазога тортилсин. Агар кимда-ким карра жадвалини (арифметика) билмаса, унга уйланишига рухсат берилмасин», деб фармон чиқаради Пётр. Подшоҳнинг бундай фармонлари жоҳил мамлакатни аста-секин тараққиёт сари суриб бораверади. Урушда енгилмас, ишда чарчамас буюк Пётр камбағаллик ва саводсизлик ботқоғига ботиб кетган ўз халқини ҳўкизга ўхшаб тубанликдан тортиб чиқармадими? Шохонов. Лекин, тарихнинг йўли текис эмас. Буюк Пётр буюк давлатлар сафига олиб чиққан Россия империясини 1730—1740 йилларда бошқарган Анна Иоановна яна-тағин қўзғолон қучоғига итқитиб юборади. Муаррихларнинг ёзишича, қиролича Анна дангаса эди, мамлакатни бошқаришни билмасди. У ҳаддан ташқари кайф-сафога берилиб кетади. Давлат ишлари билан мутлақо қизиқмайди. Эртадан-кечгача масхарабозлар ёки овунчоқ театрини томоша қилиб ўтираверарди. У изнидаги князлар, графлар устидан калака қилишни ва қаршисида қалтираб турган асилзодаларни масхаралаб кулишни яхши кўрарди. Ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Анна Иоановна сарой аҳлини, мулозимларини хурсанд қилиш учун княз Голицинни қўл остидаги энг хунук қалмиқ қиз Буженниковага ҳазил аралаш уйлантиради. Бу ҳақда махсус фармон чиқариб, бутун Россия бўйлаб тарқатади. Қиролича Аннанинг амрига кўра, қишда Нева дарёси устига сарой қурилади. Тўй тантанаси шу ерда бўлиши керак эди. Тантиқ қироличанинг хоҳиши бўйича, сарой музлардан барпо этилади: эшиклари ҳам, деразалари ҳам, ошхона анжомларию ҳатто келин-куёв ётадиган гўшанга ҳам муз бўлади. Россиянинг турли бурчакларидан ҳайдаб келтирилган руслар, татарлар, чувашлар, мордвалар, хохоллар ўзларининг миллий кийимларида рақс тушадилар, қўшиқ айтишиб, шовқин-сурон кўтарадилар... Қироличанинг бундай хурмача қилиқлари инсон тақдири унинг учун ўйинчоқ эканини яққол кўрсатади. Боз устига, княз Голицин рус тупроғидаги энг асилзода авлод вакили бўлиб, бу борада Романовлар оиласидан кам нуфузга эга эмасди. Яна битта қизиқарли тарихий ҳақиқат мавжуд. Маълумки, 1731 йили Россия империяси билан қозоқларнинг ғарбий ўлкалари ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилади, шартнома тузилади. Қозоқларнинг Кичик ва Ўрта жуз уруғига мансуб бўлган бийлар, ҳокимлар, оқсоқоллар, ботирлар ҳар хил совға-саломлар билан Санкт-Петербургга етиб борадилар. Қироличага ҳурмат кўрсатмоқчи бўладилар. Анна Иоановна олдиндан қозоқ саҳросидан келган элчиларни қабул қилишга рози бўлади. Битта татар-тилмочни ёллаган нуфузли элчилар ҳар куни қироличанинг остонасига бош уриб бораверадилар. Қиролича билан уч-тўрт оғиз гаплашмоқчи бўладилар. Кунлар кетидан кунлар, ҳафталар кетидан ҳафталар ўтаверади, лекин қироличанинг тилло эшиклари элчилар учун асло очилмайди. Ниҳоят, сарой мулозимлари олис юртлардан пойтахтга келган қозоқлар бир неча ойдан буён остонада мунтазир бўлиб туришганини Анна хонимга эслатадилар. Шунда жиззаки хотин: — Фавқулодда муҳим иш чиқиб қолди. Голландия қироли менга совға қилган маймун бугун эрталаб болалади. Болалари бирам чиройлики, асти қўяверасан! Бу ишлардан бошим оғриб турибди. Афсуски, уларни қабул қила олмайман, — деб жавоб беради. Айтматов. Бунга ўхшаш бемаъни воқеалар тарихда кўп бўлган. Кўпчиликка маълум бўлган битта қаллоблик тўғрисида эслатиб ўтишим мумкин. Ҳар хил можаролар билан тарихда ёрқин из қолдирган иккинчи Екатерина ҳукмронлик қилган даврларда Украина билан Қрим ҳам Россия империяси таркибига кирган эди. Ўша ўлкаларнинг генерал-губернатори лавозимига қироличанинг жазмани бўлмиш олиймақом княз Григорий Потёмкин тайинланади. Қиролича кичик Россия аҳолисининг аҳволи билан танишиш мақсадида 1787 йилда сафарга чиқади. У Петербург билан Киев ўртасида 76 стансияда, ўттиз бешта қишлоқда тўхтаб ўтади. Тушлик қилади, дам олади. Сон-саноқсиз мулозимлари қуршовида олдиндан белгилаб қўйилган йўллардан ўтаётган қиролича сафарининг иккинчи куниёқ бой-бадавлат, ўйнаб-кулиб ҳаёт кечираётган фуқароларини кўриб, бағоят хурсанд бўлиб кетади. Ваҳоланки, ўз қўли остидаги ўлкаларни қироличага яхши кўрсатиш учун губернатор кеча-кундуз тиним билмай томошахона ҳозирлайди: сўқимга боқилган ҳайвонларни йўл четига қаторлаштириб қўяди, одамларни ҳам тўтиқушдай сайрашга ўргатади. Хайрият, қиролича Петербургга қайтиб боргач, Потёмкиннинг найранглари фош этилади. Маълум бўлишича, у ҳамма нарсани олдиндан уюштириб қўйган экан. Лекин, сон-саноғи йўқ мол подани қайдан топган экан? Бу масалада топқирлик қилади: Екатерина битта қишлоқда дам олаётган пайтдан фойдаланиб, мол пода бир кечадаёқ қўшни қишлоққа ҳайдаб бориларкан ва навбатдаги «кўрикка шай этиб қўйиларкан! Ем-хашак, озиқ-овқатларнинг сероблигини қандай таъминлаган? Тоғ-тоғ қилиб устма-уст уюб ташланган қопларда ғалла эмас, тупроқ тўлдирилганди. Ўшандан бери «Потёмкиннинг қишлоқлари» деган ибора оғиздан-оғизга ўтиб юради. Шохонов. Ёлғончи-ҳукмдорларнинг найранглари тўғрисида тарихда минглаб мисоллар бор. Масалан, фолбинлик қобилияти билан ном чиқарган Рим императори Тиберий ўзининг келажакдаги вориси бўлмиш Калигула тўғрисида: «У ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам яхшилик қилмайди. Фақат римликларга эмас, балки бутун дунёга мусибат келтирадиган илон вояга етяпти», деган эди. Ниҳоят, тахтга янги ўтирган император дастлабки пайтлари жуда ғайратли, меҳрибон бўлади. Илгари тарқатиб юборилган сенатни қайта йиғади, обрў-еътиборли Рим зодагонларига фахрли мансабларни таклиф этади. Ливия билан Тибериянинг вафотидан сўнг қолган битмас-туганмас бойликларни марҳумларнинг васиятларига биноан римликларга баробар тақсимлаб беради. Буларнинг ҳаммаси хўжакўрсинга қилинади. Бирмунча вақт ўтгач, ҳокимият жиловини бутунлай қўлга олишга улгурган Калигула қутуриб кетади. «Унинг бемаънилиги, тентаклиги чегара билмасди, — деб ёзадилар қадимий муаррихлар. — У ўзини тирик худо деб эълон қилади. Мулозимлари кечасию кундузи унга хушомад қилардилар, сажда қилардилар. Одамларнинг итоатгўйлигидан мамнун бўлган Калигула: «Кўргани кўзлари бўлмаса ҳам майли, факат қўрқиб туришса бас», деб такрорлашни яхши кўрарди. Ўзини туғма актёр, туғма ҳукмдор деб билган император давлат ишларини бир четга йиғиштириб қўйиб, кайф-сафога, ўйин-кулгуга берилиб кетади. Бузуқчиликдан ҳам қайтмайди. Жамоат жойларида фожиавий актёр қиёфасида бир нималар деб минғирларди-да, сўнг ҳолдан тойгунча ўйинга тушарди. Айтматов. Ўша императорнинг ўзбошимчалиги тўғрисида Иосиф Флавийнинг эсдаликлари бор. «Бошқаларни қўя турайлик, лекин Калигула ҳатто Гомернинг достонларини ҳам йўқотиб юбормоқчи бўлди, — деб ёзади Флавий. — Одамларни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди. У бир неча марта ҳаммани қириб юбормоқчи бўлди, марҳумларнинг пок руҳини топтамоқчи бўлди. Калигула римликлар устига юклаб қўйган сон-саноқсиз ўлпонларнинг адоғи кўринмасди. Бой-бадавлат, нуфузли ворислар бош кўтариб қолишидан қўрқиб, император уларнинг ҳаммасидан ўз фойдасига васиятнома ёздириб олади. Кейин васиятнома ёзиб берган зотни жиноятчи деб эълон қиларди-да қатл эттириб юборарди; бойлигини эса ўзлаштириб оларди. Римликларни даҳшатга солган нарса шу бўлдики, у ўзининг суюкли отини консул лавозимига тайинлайди». Давлат аҳамиятига молик мансабга отнинг тайинланиши ҳали тарихда бўлмаган ҳодиса эди. Боз устига, Калигула ўз оти учун мармар катак ва фил суягидан охур қуриш тўғрисида фармон беради! Калигула император бўлган тўрт йил давомида ўзбошимчалик ва шафқацизлик оқибатида гуллаб-яшнаётган қудратли давлат қашшоқ монархияга айланиб қолади. Давлатнинг энг катта ўғриси императорнинг ўзи эди. Бошқа мансабдор шахслар ҳам бу борада четда қолмайдилар; улар ҳам давлат танасига зулукдай ёпишиб оладилар. Бир йилнинг ичида давлат хазинасидан икки миллиард етти юз миллион пошшойи танга ғойиб бўлади. Рим халқи қашшоқлашади, одамлар бир бурда нон топиш илинжида ҳар томонга тариқдай сочилиб кетадилар. Чексиз ҳокимият ва мисли йўқ бойлик қутуртириб юборган Калигуланинг хотини қиз туғади: император эса римликлардан қизалоқни боқиш, тарбиялаш ва келажақдаги сеп учун пул тўплаб беришни талаб қилади. Янги йилнинг биринчи куни Рим императори ўз саройи остонасида туриб олиб, тинимсиз оқиб келаётган одамлардан худди тиланчи каби хайр-садақа сўрай бошлайди. Аста-секин тоғ бўлиб уюлаётган тангаларни кўриб ақлдан озар даражада суюниб кетади, ўзини тангалар устига ташлайди; тангаларни ҳовучлаб-ҳовучлаб бошидан сочади. Турли даражадаги мансабларга тайинланган амалдорлардан келиб турадиган сийловлар билан қаноатланмаган император очиқ-ойдин талончилик қилади. Шу мақсадда саройда махсус қароқчилар ва ўғрилар гуруҳини сақлар эди. Калигула ола-қуроқ латта-путталардан тикилган бемаъни кийимларда юришни ёқтирарди. «У ғалати-ғалати уст-бош кийиб одамлар олдига чиқар эди. Бундай кийимни нафақат бирорта римлик, ҳатто оддий эркак ҳам кийишга ор қилган бўларди. Чет, эллардан келган элчилар этаклари кенгмўл хотинларнинг гулли кўйлагини, хотинларнинг туфлисини кийиб тахтда ўтирган императорни кўришгач, мийиғида кулишганча бир-бирлари билан маъноли кўз уриштириб олардилар. Бундай пайтларда римликлар номусдан ўлар ҳолатга етардилар», деб ёзади юнон тарихчиси. Калигула соқолини тилло суви билан бўяб олади. Сўнг машҳур саркарда Искандар Зулқарнайн қабрини очиб, ундан жанговар совутни оладида ўзи кийиб, кўчаларда сайр этиб юради. Бундай бачкана қилиқлар римликларнинг ғазабини қўзитади, холос. Ниҳоят, қонли тўқнашувлардан, қашшоқликдан, вайронгарчиликдан безор бўлган римликларнинг тоқатлари тоқ бўлади. Аҳмоқ императорнинг ҳокимиятига барҳам берилмаса, давлат яксон бўлажагини халқ тушуниб етади. Император қатл этилади. Бу янгиликни эшитган римликларнинг аксарияти бўлган воқеага ишонмайдилар: Калигула жўрттага ҳунар кўрсатаётган бўлса керак, деб ўйлайдилар. Баъзи кишилар эса хуш-хабарни эшитиб, бир-биридан суюнчи сўрайдилар. Тарихда шармандали ном қолдирган мана шунақа давлат бошлиқларидан худонинг ўзи сақласин! Шохонов. 121—139 йилларда Рим империясини бошқарган Марк Аврелий эса Калигуланинг мутлақо тескариси эди. «Ўзим билан юзма-юз» номли йирик илмий асар ёзган бу инсон тарихда энг тўғрисўз, адолатли файласуф-император сифатида яхши ном қолдирди. Аврелий ўз асарида халқни қандай бошқариш, ҳукмдор ўзини қандай тутиши тўғрисида батафсил баён қилади. У: «Ўз вазифангни римликларга хос бўл-ган очиқ кўнгулилик, ҳалоллик, халққа меҳр билан адо этмогинг даркор. Бундан бошқа қарашлару тушунчаларга маҳлиё бўлмаслик керак. Бемаънилик, мунофиқлик, манфаатпарастлик қилмасдан ҳар қандай ишни сидқидилдан ниҳоясига етказмоқ лозим. Шундагина бахтли бўласан», деб ёзади. Ҳарбий ёки фуқаро ҳаётига тегишли бирорта ишни бошлашдан аввал император албатта давлатнинг юқори мансабдор шахслари билан маслаҳатлашарди. Аврелий: «Давлатни бир кишининг иродасига итоат эттириб қўйгандан кўра, тажрибали, оқил дўстларнинг маслаҳатларига қулоқ солган афзал», деб тез-тез такрорлаб турарди. Тарихдан яхши маълум бўлган битта мумтоз мисол келтираман. Овидий Кассий Сурияда императорга қарши фитна ҳозирлайди. Лекин, чопар орқали ҳамтовоқларига жўнатган мактуб қўлга туширилиб, Марк Аврелийга етказилади. Шунда Аврелий мактубни ҳеч кимга ўқитмасдан ўтга ташлаб куйдириб юбориш тўғрисида фармон беради. У душманлари ким эканини билишни истамайди, кейинчалик ўзи истамаган ҳолда уларни ёмон кўриб қолишдан чўчийди. Овидий Кассийга нисбатан кўнгилчанлик қилган Марк Аврелийнинг саъй-ҳаракатидан ҳайрон бўлган битта римлик: «Агар ўша сотқиндан енгилиб қолганингизда нима бўларди?» деб сўрайди. «Худойимга нима ёмонлик қилган эдикки, биз сотқиндан енгилиб қолсак?» деб саволга савол билан жавоб қайтаради Марк Аврелий. Шундан сўнг у император томонидан қатл этилган бир қанча кишиларни мисол тариқасида санаб кўрсатади: уларни ўлдириш учун салмоқли асослар бор эди, дейди. Айтматов. У ўз мамлакатида эркинликка асосланган давлатга хос бўлган муносабатларни жорий этади: одамлар ёвузликдан ҳимоя қилинади, мунтазам равишда эзгу хислатлар тарбияланади; меҳнаткашлик, маърифатпарварлик фазилатлари қарор топтирилади. Қисқаси, барча соҳаларда юксак ахлоқий намуналар яратилади. У ҳар доим ёмон одамни яхши одамга, яхши одамни эса гўзал одамга айлантиришга ҳаракат қилади. Тарбияга алоҳида эътибор беради. Марк Аврелий худо берган қобилият, ақл-идрок, руҳий саховат соҳиби эди. Агар у ўша тарихий даврда дунёга келмаганда борми, Рим олами хонавайрон бўлиб, қонга ботиб кетарди. Шохонов. Рим империяси қанча-қанча ҳукмдорларни кўрган! Кўпчилигининг номлари аллақачон унутилди. Орадан йигирма аср ўтган бўлса ҳамки, Капитолия майдонида Марк Аврелийнинг от миниб турган кумуш ҳайкали қўр тўкиб турибди. Бу зот ўз халқини самимий севар эди. Айтматов. Плутархнинг «Етти донишманд суҳбатлари» асарини ўқиётиб, Фалес, Солон, Периандр каби файласуфларнинг юнон ва рим ҳукмдорларига берган таърифларига дуч келдим. Шохонов. Айтмоқчи, муаррих Гераклид Понтийскийнинг ёзишича, айнан Плутарх тасвирлаган Солоннинг отаси ўз даврида машҳур бўлган Эксекестид, онаси эса Писистратнинг набираси экан. Машҳур шоир, носир, файласуф, кўнгли кенг инсон бўлмиш Солоннинг ҳокимият тепасига келиши ҳам қизиқ бўлади. Ёшлигидан тижоратга мойил бўлган бўлажак ҳукмдор илм ўрганишга, янгиликка ташна эди. Тез орада олим сифатида машҳур бўлиб кетади. Шахсий бойлик уни деярли қизиқтирмайди. Маънавий дунёси бой бўлган зот олтин талвасасида маст бўлиб юрган кимсалардан ниҳоятда юксак эканини ҳис қилади. Ахлоқан поклиги ва ақл-идрокига қойил қолган афиналиклар ундан давлат бошқарувини қўлга олишни илтимос қиладилар; қўшни давлатлар билан узлуксиз равишда давом этаётган урушларга чек қўйишни сўрайдилар. Бошқарув жиловини қўлга олган Солон кўп ўтмасдан «сиёсат — ёлғончилик санъати» эканини кашф этади. Илгари ҳеч қандай жиноятга шерик бўлмаган, бойлар билан дўст тутинмаган инсон мамлакат осойишталиги учун ўз халқини кетма-кет алдай бошлайди. Дастлаб, камбағалларга ер берилади, деб ваъда қилади. Айни пайтда бойларни ўз тарафига оғдириб олиш учун, аксинча, ҳеч кимга ер берилмайди, уларга қарзлари қайтарилади, дейди. Натижада камбағаллар ҳам, бойлар ҳам Солонни «ўзимизнинг одам» деб биладилар. Шу муносабат билан айтган — «тенглик уруш чиқармайди» — сўзлари оғиздан-оғизга ўтиб юрадиган иборага айланиб кетади. Умр бўйи шеър ёзган ва шоирликни ҳамма нарсадан устун қўйган Солон бундай мушоҳада юритади: Мен халқимга қанча керак, шунча бердим ҳокимлик. Ҳурматидан айирмадим, ҳуқуқ бермадим ортиқ. Айни дамда қилдим ғамхўрлик — бойлик ва куч билан обрўй топганни. Этмасин уларни биров шарманда. Шу икки ўт аро турдим мардона: қўймадим бошвоқсиз ур ҳо-урларга... Айтматов. Бу шеърдан ҳам маълум бўляптики, Солон бекорга юнон ҳуқуқ тизимининг ислоҳотчиси сифатида ном чиқармаганди: ҳукмдор бўлган йилларда давлат учун зарур ва фойдали бўлган кўплаб қонунлар қабул қилган. Масалан, Солоннинг фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунини олиб кўрайлик. Сиртдан қаралса, қандайдир сабабга кўра парокандаликка учраган жамиятда фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс бирорта ҳам партияга қўшила олмайди, ҳаммадан ажралиб қолади. Бу ҳолни оқиллиқдан нишона деб бўлмасди. Бироқ, Солон қонуннинг ана шу моддаси ёрдамида фуқаролар ўз мамлакатидаги ҳар қандай сиёсий ўзгаришларга зийрак муносабатда бўлишлари кераклигини, қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтиш лозимлигини омма онгига сингдиради. Унинг яна битта яхши иши — марҳумлар тўғрисида ёмон гап айтишни қатиян ман этиб қўяди. Айни чоғда нутқ сўзлаётганда, ибодатхонада, давлат муассасасида, судда шалоқ сўзлар ишлатилишига ҳам барҳам беради. Мана шу қонунни бузган одам давлат жиноятчиси деб тан олинарди ва қаттиқ жазоланарди. Диний тутумларга мос тушадиган бундай чора-тадбирлар халққа маъқул бўлади. Ҳар тарафдан Солон шарафига ҳамд-санолар ўқилади. Ўзи қабул қилган конунларни бажармайдиган давлат охир-оқибат яксон бўлади, деб ҳисоблаган Солон ўша қонунлар матнини дарахтларга ўйиб ёзиб қўйиш тўғрисида фармон беради: шунда бу қонунлар юз йил сақланиб қолади. Солон ҳокимият тепасига келгач, илгариги ҳукмдор Драконт томонидан қабул қилинган барча қонунларни бекор қилади. Маълумки, Драконт жиноятчиларни қатл эттиришни яхши кўрарди. Ибодатхонани бузиб ташлаган ёвуз ниятли киши ҳам, қотил ҳам, чакана киссовур ҳам Драконт учун баробар жиноятчи ҳисобланарди. Шунинг учун одамлар: «Драконт давлат қонунларини сиёҳ билан эмас, қон билан ёзди», дейишарди. Дарахтларга ўйиб ёзилган Солон қонунлари Драконт жорий этган шафқацизликка ҳеч қандай ўрин қолдирмади. Ўша қонунлар ўчиб кетмади, бизнинг авлодимизгача етиб келди. Шохонов. Солон ҳукмдор бўлган йилларда Афинада бузуқчиликка чек қўйилади. Унинг: «Қиз-жувонларни ўғирлаб кетиб зўрлаб қўйган кишилардан 100 драхм, қўшмачилардан 20 драхм жарима ундириб олинсин! Ўз қизини ёки синглисини пулга сотган кимса жамиятдан ҳайдаб чиқарилсин!» деган фармонлари бузуқчиликка, ўзбошимчаликка барҳам беради. У пайтлари пул топиш жуда мушкул эди: 20 драхм жарима тўлагандан кўра, бир умр қул бўлиб яшаган осонроқ бўларди. Айтматов. Арастунинг асарларида ҳукмдор Солон билан Анахарсиснинг дўст бўлгани тўғрисидаги иқрорномани учратамиз. Геродотнинг ҳикоя қилишича, Анахарсис ўша пайтлари Эрон шоҳи Дорога қарши уруш олиб бораётган скифларнинг подшоси Иданфариснинг қариндоши эди. Анахарсис скифлардан чиққан мутафаккир олим эди. Скифлар эса, маълумки, туркий халқларнинг энг қадимий ота-боболари ҳисобланадилар. Анахарсис қомусий иқтидор соҳиби, файласуф сифатида машҳур эди. Унинг нотиқлик санъатига бутун дунё қойил қолади. Мутафаккирнинг фаҳм-фаросатига, топқирлигига тан берган юнонлар ўртасида: «Скиф шундай деяпти», деган ибора жуда кенг тарқалади. Қадимий дунё тарихчиларининг гувоҳлик беришича, Анахарсис (Анарис) Скифий Қора денгиз соҳилларидан Юнонистонда таълим олиш учун келади. Солон ва бошқа мутафаккирлар билан дўстлик туфайли унинг номи дунёга машҳур бўлиб кетади. Биз юқорида номларини зикр этиб ўтган қадимий файласуфлар Амасис номли подшога оқилона маслаҳатлар берганлар. Бўлажак ҳукмдорларнинг кўпчилиги ўша маслаҳатларга амал қиладилар. Донишманд зотлар «иттифоқи»да Анахарсиснинг ҳам муносиб ўрни бор. Солон. «Менимча, ўз ҳокимиятини ва ҳукуматини халқ ҳокимиятига айлантиришга қодир ҳукмдоргина шон-шуҳрат қозонади». Биант. «Фақат шундагина у қонун барчага баробар эканини кўрсатади». Фалес. «Кексайиб, ўз ажали билан ўлган ҳукмдор — бахтлидир». Анахарсис. «Бу дегани унинг ҳаммадан кўра ақллироқ бўлганини билдиради». Клеобул. «Шунда у мулозимларининг ўйлай-нетмай берган маслаҳатларига амал қилиб кетаверадиган ҳукмдор эмаслигини кўрсатади». Питтак. «Хушомадгўйлар бошидан ажралиб қолиши ҳеч гап эмаслигидан доим қўрқишлари керак. Шундагина ҳукмдор ўз давлатида осойишталик ўрнатади». Хилон. «Подшо ўлим тўғрисида эмас, абадият тўғрисида ўйлаши лозим». Периандр. «Бир нарсани эслатиб қўймоқчиман: юқорида айтилган гапларни ақл тарозисида тортиб кўрган инсон ҳокимият билан алоқасини узиши керак». Туркистон тупроғида туғилиб, ўзгалар мамлакатининг гуллаб-яшнаши учун беқиёс ҳисса қўшган бобокалонимиз Анахарсисга Юнонистонда улуғвор ёдгорлик ўрнатилган. Ўша ёдгорликнинг пойдеворига: «Менинг тилим — менинг душманим», деган сўзлар михлаб қўйилган. Одамларнинг хотирасида Анахарсиснинг қуйидаги иборалари ҳалигача сақланиб қолган: «Кема қурилган ёғочнинг қалинлиги тўрт энлик эканини билган одам кемада кетаётиб ўлим билан унинг ўртасидаги масофа ҳам тўрт энлик эканини унутмаслиги керак». Буюк подшо Солон вафот этгач, Анахарсис Қора денгиз соҳилларига, қадимий турклар тупроғига қайтади. Бу ерда у жоҳилият ва ҳасад туфайли ўз қариндоши томонидан ўлдирилади. Яна бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман. Уяцизларча: «Биздан кейин дунёни сув босмайдими!» деган иборанинг муаллифи бўлмиш Франсия қироли Людовик XIV чекланмаган ҳокимиятга эга бўлиб, 72 йил давомида ҳукмдор бўлган. У фуқаро билан ўзим хоҳлаганимдек муомала қиламан; хоҳласам отиб ўлдираман, осаман, бошини танасидан жудо қиламан, деб ҳисобларди. Истаган пайтимда кўнглимга келганини қиламан, деб ўйларди. «Давлат — бу мен» Людовик XIV калондимоқлик билан айтган мана шу сўзлар ҳозир ҳам салбий маънода ишлатилади. Қиролнинг сўнгги нафасигача хира пашадек атрофини қуршаб олган мулозимлар лаганбардорлик, хушомадгўйлик борасида бир-бирлари билан мусобақа ўйнашарди. Асилзодалар тонг отар-отмас қирол билан дийдорлашув маросимида қатнашиш учун саройга қараб югурардилар. Улар қиролга ялтоқланишарди: биров унга ички иштонини узатарди, биров оёқ кийимини тўғрилаб қўярди, биров камзулини илгакдан олиб берарди. Ғала-ғовур кўтаришиб: «Қирол бугун оқ кўйлагини кийсинми ёки ҳаворанг кўйлагиними?» деган масалада узоқ баҳслашиб қолардилар. Ҳар куни эрталаб қирол Людовик XIV нинг кийиниш маросими энг камида икки соат давом этарди. Айни чоғда Людовик хушомадгўйларга янги ва янги мукофотлар улашар, улар учун тоза лавозимлар ўйлаб топар, ҳар ойда бир марта хизмат зинапоясидан бир поғона юқорига кўтариб қўяр эди. Мулозимларнинг вазифалари ҳам жуда ғалати эди. Улар кечаси билан ухламасдан гуруҳ-гуруҳ бўлишиб, қиролнинг ички кийимларини, ясама сочини, тувагини қўриқлаб чиқишарди. Людовик XIV нинг энди бир ёшга етган қизчасининг 80 нафар хизматкори бор эди. Қиролнинг шахсий хизматкорлари эса сон-саноқсиз бўларди. Ҳеч поёни кўринмайдиган ўйин-кулгига, шикорга, мулвзимларга мисли йўқ маблағ сарфланарди. Табиийки, бу маблағ камбағаллардан солиқ сифатида ундириб олинарди. Кимки ўз вақтида солиқни тўламаса, у оила аъзолари билан ўз уйидан ҳайдаб чиқарилар, мол-мулки мусодара қилинар эди. Оддий халқ қашшоқлик ва хўрлик остида эзилиб ётган бир пайтда бекорчиликдан нима қилишини билмай юрган қирол Версал қасрини барпо этиш, устидан мармар «кийдириш» тўғрисида амри фармон беради. Қасрнинг ташқи ва ички ҳовлисида 1400 та ҳовуз барпо этилади. Қирол ҳукм сурган 47 йил давомида ўша қаср қурилади. Олифта, мақтанчоқ қирол ниҳоятда қўрқоқлиги билан ҳам замондошлари хотирасида из қолдиради. Ўз мулозимлари томонидан фитна уюштирилишидан ўлгудек қўрқадиган зоти олийлари саройда қирқдан ортиқ фолбин ва жодугарни доим сақлаб юрарди. Бемаъни «ажойибхона»га қиролнинг ўйнаши Атоно де Монтеспаон бошчилик қиларди. Ўша кулгули ташкилот полиция томонидан фош этилгач, қирол ўзининг «ҳомийлари»ни саройдан ҳайдаб чиқаришга мажбур бўлади. Людовик XIV нинг ўзбошимчалиги, шафқацизлиги тўғрисида сарой ҳаётига доир бир воқеа ҳар қандай тарихий солномадан кўра кўпроқ гувоҳлик бериши мумкин. Бир куни қирол ошпази қисқичбақадан зўр овқат тайёрлайди-ю, лекин устига қайла солишни унутади. Таом дастурхонга тортилгандан кейингина «қовун» туширганини сезиб қолади: қиролнинг ярамас одатларини бошқалардан кўра яхши биладиган шўрлик ошпаз жазо берилишини кутиб ўтирмасдан ўзини ўзи ўлдириб қўя қолади. Шафқациз хор-зорликлар жонидан ўтиб кетган франсуз халқи қирол ўлгандан сўнг унинг бутун авлодини битта ҳам қолдирмасдан қириб ташлайди. Шохонов. Дарвоқе, турк султони Абдулазизнинг саройида беш минг киши кечасию кундузи оёқ учида юриб, хизмат қиларди. Ўшалардан биттасининг вазифаси, масалан, бир ярим-икки ойда бир марта султоннинг муборак оёқларининг тирноқларини олиб қўйишдан иборат бўлади. Тарихга синчиклаб назар солинса, юз йиллар давомида том маънода донишманд ҳукмдорлар, том маънода шафқациз диктаторлар ва ўзларининг хурмача қилиқлари билан тантиқ болакайларни эслатадиган масхарабозлар ўтганини кўриш мумкин. Бундан икки ярим минг йил аввал яшаб ўтган Вавилон ҳукмдори Навуходоносорнинг фаолияти ҳам ибратлидир. У Мидий подшосининг Семирамида исмли гўзал қизига уйланади. Куёв-келин бир-бирларини ҳаддан ташқари яхши кўрсалар-да, лекин Семирамида Вавилоннинг чанг, шовқинли кўчаларини унчалик хуш кўрмайди: ўзининг тоғли, соя-салқин, гўзал ватанини соғинаверади. Суюкли ёрининг кўнглини овлашни билмай қолган бахтиқаро ҳукмдор минглаб хизматкорларини, асирларни оғир меҳнатга жалб этади: уларни худди Мидиадагидек осма боғ барпо этишга мажбур қилади. Бу боғда ҳар хил мевали дарахтлар барқ уриб ўсмоғи даркор эди. Сайроқи қушлар келтириш учун дунёнинг ҳамма томонларига чопарларини жўнатади. Булоқларнинг ўзанини ўзгартириб, ҳукмдор севгилиси учун жилдираб оқадиган жилғалар бунёд этади. Оғир меҳнатга бардош беролмаган қуллар, асирлар чивиндек қирилаверадилар. Соҳибжамол хотинига яхши кўриниш учун ўзи ҳам тиним билмаётган Навуходоносор ҳолдан тойиб, кексайиб қолади. Xалқ эса ёппасига қашшоқлаб кетади. Марокаш султони Мулла Исмоилнинг ҳаёти ҳам айнан Навуходоносор II тақдирини эслатади. Ўз халқининг энг охирги игна-ипини ҳам тортиб олиб, ўзи учун қирқ километрга чўзилган муҳташам қароргоҳ барпо этиш тўғрисида фармон беради. Унда элликта сарой бор эди. Саройдаги отхонага ўн икки минг бош от сиғиши мумкин. Айтматов. Ўз халқи учун кўп савобли ишлар қилган ҳукмдорларнинг номлари ҳам тарих саҳифаларидан муносиб ўрин олган. Лекин, ёвузлик ҳам тарихда қолган. Масалан, васвос касалига мубтало бўлган Иван Грозний ўн минглаб одамларни қириб, Новгородни бутунлай вайронага айлантирмадими? Унинг кўзига ҳамма сотқин бўлиб кўринаверарди. Рус халқи тарихида бу ўз шафқацизлиги, варварлиги билан бошқаларига асло ўхшамайдиган камёб ҳодиса эди. Грознийнинг номи қанчалик лаънатга учраган бўлса, франсуз қироли Карл билан Рим императори Титнинг номлари шу даражада шон-шарафларга буркангандир. Демак, агар ҳукмдор ўз манфаатларини халқ манфаатидан устун қўйса, у ўз даврида ҳам, келажак авлод оддида ҳам қақшатгич мағлубиятга учрайди. Шохонов. «Чўлоқ қўлон» — Жўжихон тўғрисидаги афсона ҳам бояги фикр-мулоҳазаларнинг давомига ўхшайди. Золим Чингизхон ўзининг тўнғич ўғли Жўжидан чўчир эди. Чунки, Жўжи гўзал рафиқасининг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолган, унинг таъсиридан чиқолмасди. Шу боис, Чингизхон бу ўғлини салтанат ишларидан четроқ юришини истарди. Жўжи хоқоннинг тўрт ўғлони орасида энг қобилиятлиси эди. Чингиз ўз қўли билан Жўжини гумдон қилиб юборишга ботинмасди. Оталик меҳри ҳукмдор ҳисоб-китобларидан устун келаверарди. Ниҳоят, Жўжи овга чиққан қулай фурсатдан фойдаланиб, Чингиз уни ўлдириб келиш учун пинҳоний равишда қотилларни жўнатади. Жўжи чўлоқланиб қочаётган қулоннинг орқасидан қувлашга қизиқиб кетиб, писиб келаётган қотилни сезмай қолади ва ажалидан беш кун бурун ўлади. Чингизхон ўғлининг ўлими тўғрисидаги хабарни эшитиб, сир бой бермайди. Аксинча, мотамсаро кимса қиёфасига кириб: «Агар кимда-ким Жўжининг ўлгани ҳақида хабар тарқаца, унинг оғзига қўрғошинни эритиб куяман!» деб дўқ уради. Шу чоғ дўмбирасини созлаб олган ёшгина бир бахши хоқон ўтирган ўтовга киради-да, мотам тутиб ўтирган Чингизга қараб «Чўлоқ қулон — Жўжихон» номли термасини дона-дона оҳангда куйлай бошлайди. Ғамгин мусиқа узоқ давом этади. Куй билан ижро этилаётган ғам-андуҳларга бардоши етмай қолган Чингизхон: —Менга Жўжининг ўлимини эслатишга ҳадди сиғган манави бетамизнинг оғзига қўрғошин қуйил-син! — деб амр қилади. —Шошманг, хоқоним! — деб хитоб қилади бахши. — Ўғлингизнинг ўлими тўғрисида мен эмас, манави дўмбира эслатди. Унинг оғзига қўрғошин қуйиш керак! Сўз ўйинида мағлуб бўлган Чингизхон мусиқа асбобини жазолашдан бошқа чора тополмайди. Қозоғистоннинг Улуғтов водийсида ҳозир ҳам Жўжихоннинг мақбараси бор. Чингизхон томонидан инъом этилган улус заминида мангу ором олаётир. Афсуски, Чингизхоннинг ўзининг ҳам, бошқа учта ўғиллари — Тўле, Угедей, Чиғатойларнинг ҳам ер юзасидаги қабрларидан ном-нишон қолмади. Айтматов. Айтишадики, шафқациз ҳукмдор ўзидан кейин ёмон ишларини, олижаноб ҳукмдор эса яхши номини қолдиради. Шохонов. Xаёлан кейинги беш асрга назар ташланса, Туркистон халқлари отдан тушмаганига гувоҳ бўлиш мумкин. Жанги жадал билан улар ҳатто нафасларини ростлаш учун ҳам фурсат тополмайдилар. Бизга маълумки, сўнгги хонликлар даврида тили, дини бир бўлган туркий халқлар ўртасида тез-тез қуролли тўқнашувлар бўлиб туради. Шу боис қозоқлар тарихида биринчи бўлиб учта жузни бирлаштирган Абулхайрихон алоҳида ўрин тутади. Бир тарафдан Xитой билан Жунгария, бошқа тарафдан Россия империяси исканжаси остида бўлган халқ худди ўткир тиғ устида тургандек туюларди. XVIII асрда бизнинг халқимиз фақат найзаю қийшиқ қилич билан қуролланган бўлиб, яйдоқ саҳродан бошқа бойлиги йўқ эди. Абулхайрихоннинг оқилона сиёсати туфайли душманлар қуршовида қолиб, Сирдарё соҳиллари билан Олатов ўртасида сарсари кезаётган халқ оммавий қирғиндан қутқариб қолинади. Ҳукмдорнинг қизғин муҳаббати ватандошларининг қалбида ўчмас из қолдиради. Гаров сифатида ўз ўғлини топширгач, Xитой билан дипломатик алоқа ўрнатган Абулхайрихон айни пайтда Россияга ҳам элчиларини жўнатади. Икки «арслон» ўртасида яшаётган Абулхайрихон навбати билан ҳар икки йиртқичнинг ёлини силаб турарди. Лекин улар вақти-вақти билан қозоқларга қарши қалмиқларни гиж-гижлаб қўйишар, уруғлар ўртасидаги қирғин-барот урушларни авж олдириб юборишар эди. Бир қанча иккиланишлардан сўнг Абулхайрихон Россияга қўшилади: худди ўз палопонларини авайлаб-асраган қуш каби халқни ҳимоя қилади ва тарқоқлашган уруғ-аймоқларнинг бошини қовуштириб, марказлашган давлат тузади. Тарихда буюк саркарда, уста дипломат сифатида ёрқин из қолдиради. Айтматов. Кейинги пайтларда: «Сиёсат — ифлос иш» деган ибора пайдо бўлди. Дарҳақиқат, агар кўрнамак, ахлоқсиз, ғараз ниятли кимсалар сиёсат билан шуғуллансалар, мамлакат таназзулга юз тутади. Ҳукмдорнинг обрў-еътибори бир пулга қиммат бўлиб қолади. Xудди ўшандай ҳукмдорлар тўғрисида бояги ибора жуда топиб айтилган. Лекин, сен эслатиб ўтган Абулхайрихон олийжаноб, гўзал ҳукмдорнинг намунасидир. Ҳамма замонларда ва ҳамма халқлар орасида ундай ҳукмдорлар ҳам бўлганлар. Масалан, 808—814 йилларда Франсияга Карл ҳукмдорлик қилган. Бўлажак қиролнинг отаси Пипин негадир ўз ўғлининг саводхон бўлишини истамайди. Қизиқ, тахтга ўтирган пайтида фақат «а» ҳарфининг ёзишни биладиган Карл кейинчалик мустақил равишда юнон ва лотин тилларини ўрганади, ўша тилларда бемалол ўқийдиган бўлади. У ҳукмдор бўлган йилларда Франсия куч-қувватга тўлади. Айниқса, илм-фан, санъат, ҳунармандчилик гуллаб яшнайди. Чунки, қирол ўз мамлакатининг аҳли донишлари, маърифатли зотлари — олимлар, шоирлар, меъморлар билан дўст тутинади. Улардан ўрганган билимларини мамлакат тараққиёти йўлида сарфлайди. Айтмоқчи, боя эслатиб ўтганинг Абулхайрихон ҳам Бухоржиров исмли донишманд ва халқ ботирлари, аскиячилар билан яқин алоқада бўлади. Давлат ишларини ҳал этишдан аввал уларнинг панд-насиҳатларига қулоқ солади. Қирол Карл бир нечта чет тилларни биларди. Қабулига тинимсиз оқиб келадиган кўпгина хорижий элчилар билан бемалол гаплашарди. Xотираси ҳайрон қоладиган даражада мустаҳкам эди: кимга, қачон, қандай давлат аҳамиятига молик вазифани топширганини, топшириқлари қандай йўсинда, қай даражада бажарилганини мудом ёдида сақларди. Ўзи тузган армиядаги минг-минглаб оддий аскарларнинг номларини биларди. У ҳукмдор бўлган йилларда ҳеч кимнинг илтимоси оқибациз қолдирилмасди. Ҳатто душманлари ҳам унинг ақл-идрокига тан беришарди. Мана, орадан неча асрлар ўтиб кетган бўлса ҳамки, Карлнинг номи Франсияда, Европада ҳурмат билан тилга олинади. Шохонов. Дунё тарихида бунга ўхшаган яхши мисоллар оз эмас. Машҳур Рим императори Веспасиан Титнинг ўғли бор-йўғи икки йил ҳукмдорлик қилган бўлса-да, аммо ўзининг одмилиги, камтарлиги, меҳнацеварлиги билан жамики римликларнинг муҳаббатини қозонади ва олижаноб инсон деган ном олади. Нақл қилишларича, кунлардан бир кун Тит мулозимлари қуршовида Рим кўчаларидан ўтиб бораётган экан. Шу пайт томошабин оломон орасидан битта тиланчи бола ажралиб чиқади-да императорга салом бериш учун қўлини узатади. Титнинг соқчиларидан бири қиличини яланғочлаб ўсмир устига ташланади. —Тўхта! — деб қичқиради император. — Боланинг айби борми? —Сурбетларча Сизга қўл узатиб турганининг ўзи айб эмасми, жаноб?! —Менинг мамлакатимнинг фарзанди одоб юзасидан шундай қиляпти. Агар унинг қўлини сиқиб қўймасам, демак ўзим тарбиясиз эканман. Тит ўсмир билан жонлигина сўрашадию сўнг эркалатиб елкасига қоқиб қўяди ва: — Агар мен императору манави ўсмир тиланчи бўлса, начора, худонинг амри шундай бўлган экан, Ялтироқ кийим-бош инсонийлик белгиси бўлмагани каби жулдурвоқа кийим ҳам бетамизлик белгиси бўлолмайди, — дейди-да Тит соқчига ўқрайиб қарайди. Шу пайт: «Титга шон-шарафлар бўлсин!» деган хитоб қадимий Рим кўчалари бўйлаб осмонга ўрлаб кетади. Ҳатто императорнинг ўзи билан ҳам қўл бериб кўришиш мумкинлигидан ҳайратга тушган одамлар дарҳол Тит билан сўрашиш учун навбат ҳосил қиладилар. Умрининг ҳар бир дақиқаси ҳисоб-китоб қилинган, ҳар кунини халққа ғамхўрлик қилиш билан ўтказадиган Тит тасодифан бир кунни бекорчиликда ўтказади. Кечга яқин шундай ҳолни сезиб қолиб: — Дўстларим, мен бугун бекорга яшадим! — дейди даҳшатга тушиб. Қирол Сиамнинг оила аъзолари бегона одамларнинг ўзларига қўл текизишини қатъиян таъқиқлаб қўйган эдилар. Бундан фақат бир нечта мулозим истисно этиларди. Қўл бериб кўришишгина эмас, ҳатто тасодифан кўйлакка тегиб кетиш ҳам ман этилганди. Бундай манманликнинг охири вой бўлиши турган гап эди. Ажойиб ёз кунларининг бирида қиролича Сунанда қайиқда кўл бўйлаб сайрга чиқади. Қўққис кучли шамол эсадию қайиқни ағдариб юборади. Зоти олияларининг жон ҳолатдаги қичқириқларини эшитиб, юзлаб сарой хизматкорлари соҳилга югуриб келадилар. Бироқ, ҳеч ким сувга ўзини ташлаб, қироличани қутқариб олишга журъат этолмайди. Чунки, ҳар бир киши қироличанинг кўйлагига тасодифан қўл тегиб кеса қандай оғир жазога гирифтор бўлиши мумкинлигини жуда яхши биларди. Нима қилмоқ керак? Тўс-тўполон пайти кимдир қиролнинг яқин мулозимларидан биттасини чақириб келгани чопиб кетади. Аммо, истисно қилинган зот етиб келгунча қиролича сувга чўкиб ўлади. Айтматов. Шахсий ҳаётида ҳам, мамлакат раҳбари сифатида ҳам одоб доирасидан четга чиқмайдиган, адолатпарвар герсог Люксембургский ҳукмдор бўлган даврида доим иззат-ҳурматда юрарди. Умуман, «буюк герсог» — «Грандюк» деган ибора бу халқ учун давлатнинг доғ тушмаган покиза тимсоли ҳисобланади. Ҳокимият тепасига ким келишидан қатъи назар, аввало, мана шундай талабларга жавоб бериши керак. Собиқ СССРнинг Люксембургдаги элчиси лавозимида ишлаган пайтларим билдимки, бу мамлакатда турли йўналишдаги партиялар ҳам кўп, мухолифат кучлар ҳам бисёр экан. Бироқ, уларнинг ҳаммаси учун герсог ягона, ҳамма учун юксак эътибордаги шахс ҳисобланади. Шу боис у бир одамни яхши кўриб, бошқасини ёмон кўришга ҳақли эмас. Кундалик газеталарда ҳар хил қарама-қарши мулоҳазалар тўлиб-тошиб чиқади, лекин бу зотнинг иззат-нафсига тегадиган бирорта ҳам салбий мулоҳазани учратмайсиз. Бу ҳол демократиянинг йўқлиги учун эмас, аксинча, демократияни ҳамма бирдек ҳурмат қилаётгани туфайли бўляпти. Шохонов. Афтидан, демократиянинг ҳақиқий тимсолига айланиб қолган етакчигина мана шундай ҳурмат-еътиборга сазовар бўлса керак? Айтматов. Тўғри. Герсог Люксембургскийнинг энг асосий ҳаётий шиори — ҳалоллик ва адолат. Муомалада оддийлиги, камтарлиги эсимда сақланиб қолди. Люксембургда сув тошқини рўй бериб, аҳоли огир аҳволга тушиб қолган кезлари герсог ўз рафиқаси билан одамлар орасида бўлди. Улар оёқларига резина этик кийиб олишиб, кўчама-кўча юрдилар, касалхоналарга бордилар, одамларнинг ҳолини сўрадилар. «Гуманитар ёрдам» деб аталадиган кўмак дарҳол кишиларга етказилади. Менимча, Люксембургда яшайдиган ҳар бир фуқарога бундан ортиқ оталарча гамхўрлик кўрсатиб бўлмаса керак. Шохонов. Илойим, катта кўчада тиланчи билан қўл бериб сўрашган зотнинг одмилиги, маърифациз халқнинг ғамини еб қайғурган зотнинг шахсий жавобгарлик туйғуси, тошқин пайти резина этик кийиб олиб, кўчама-кўча юрган зотнинг меҳрибонлиги бошқа президентларга, давлат бошлиқларига ҳам юқиб қолсин! Айтмоқчи, Чике, Сиз Люксембургнинг энг олий ордени билан мукофотланган эдингиз, чоғи? Шундай эмасми? Xорижий мамлакатда элчи мақомида бўлган ёзувчининг фахрий мукофотга сазовор бўлиши камёб ҳодиса ҳисобланади. Ўша мукофотни «Грандюк»нинг шахсан ўзи топширган бўлса керак? Айтматов. Ҳа, шундай бўлган. «Буюк хизматлари учун катта хоч» орденини шахсан Грандюк жаноблари топширганлар. Бу менинг ҳаётимда унутилмас воқеа бўлди. Люксембургга ўхшаган мамлакатларда билимдонлик, маданият, дунёга фалсафий нуқтаи назардан баҳо бера олиш каби фазилатлар ҳукмдорларнинг асосий хусусиятлари ҳисобланади. Шохонов. Давлат раҳбарлари файласуф бўлишлари керак. Эрамиздан аввалги 551—479 йиллари Xитойда машҳур файласуф, мутафаккир Конфуций яшаган. Қадимий Xитойнинг кўплаб ҳукмдорлари ўз фаолиятлари давомида унинг васиятларига, кўрсатмаларига амал қилганлар. Xитойнинг золим ҳукмдорларидан биттаси Конфуцийга нисбатан ҳурмат-еҳтиромини баён этиб: «Агар мамлакатни бошқарув жараёнида хатога йўл қўйсак, буюк устозимиз бизнинг гуноҳимизни асло кечирмайди», деган экан. Ҳукмдорлик, давлатни бошқариш санъатига бағишланган Конфуцийнинг фикр-мулоҳазалари жуда ибратли. Айниқса, ўн саккиз минг нафар донишманд замондошлари тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари ҳозир дунёдаги деярли барча тилларга таржима қилинган. «Ҳар бир киши ўз зиммасидаги вазифани ҳалол адо этмоги лозим. Ҳукмдор — давлатни бошқаради, ҳунарманд — ўз ҳунари билан машғул бўлади, ота ўзининг оталик бурчини бажаради, ўғил эса ўзининг фарзандлик бурчини адо этади. Агар ҳаётнинг мана шундай оддий қонунлари бузилса, давлат ич-ичидан ириб-чириб кетади. Тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат йўқолади. Мамлакатда нифоқ, уруш-жанжал, фитна авж олади. Мисли куринмаган ёнғин ҳам кичик учкундан чиқади...» Конфуцийнинг васиятлари ҳозир ҳам инсоният учун фойдали ҳисобланади. Айтматов. Менимча, мамлакатни бошқариш имконияти фақат ҳар хил мансабларда илгари синовдан ўтган, ҳаётнинг иссиқ-совуғини тотиб кўрган, сиёсат қозонида қайнаган, ақл-идрок билан маърифатни, донишмандлик билан кўнгли кенгликни ўзида мужассамлаштирган, замондошларидан бир ўқ баландлигида ажралиб турадиган инсонга насиб этиши керак. Мухтор, сен билан биздан кўра, тож-тахт соҳибларига бу йўлни босиб ўтган кишилар сифатида барча қийинчиликлар, ғов-тўсиқлар кўпроқ маълум бўлса керак. Ахир, халқимиз: «Битта хоннинг ақли қирқ кишига етади», деб бежиз айтмаган. Туркий халқларда аёл кишидан чиққан хонлар, беклар, ҳукмдорлар жуда кам бўлишган. Лекин, Европа мамлакатларида, Россияда аёл-ҳукмдорлар кўп учрайди. Xудди шу маънода оқила, иродали қирғиз аёли Қурмонжон додхо баайни арпазордаги бир туп буғдойга ўхшайди. Қурмонжон ўзи эри Олимбек додхо билан ўттиз беш йил бирга яшаган. Уларнинг Абдуллабек, Ботирбек, Маматбек, Ҳасанбек, Қамчибек исмли бешта ўғли, иккита қизлари бўлган. Қўқон хони Xудоёрнинг хуфя жаллодлари томонидан Олимбек қатл этилгач, Олой халқи ўз хоҳиши билан эллик икки яшар аёлни эрининг ўрнига додхо этиб сайлайди. Қурмонжон додхо ҳокимият тепасига келган даврда қирғиз халқи бир томондан Россия империяси, иккинчи томондан Қўқон хонлиги зулми остида эзилиб ётарди. Омилкор дипломат, аёл, она ва йўлбошчи бўлган Қурмонжон додхо жуда усталик қилиб қирғизлар билан Қўқон хонлиги, Қошғар, Бухоро ўртасидаги душманлик ҳаракатларига барҳам беради ва ўзаро шартномалар тузиб, дўстлик алоқалари ўрнатади. 1864 йилда Бухоро амири Саид Музаффар ўз томонидан ҳам аёлга «додхо» (генерал) унвонини беради. Икки томонлама зулм остида қолган халқнинг озодлиги йўлида матонат намуналарини кўрсатган Қурмонжон додхо сиёсий жиҳатдан ҳам сабр-тоқатли эди. Ўша замон нуқтаи назаридан энг янги қурол-яроқ заҳирасига эга бўлган ва қирғизларни тогма-тоғ таъқиб этган рус зобитлари ҳам додхонинг жасоратига тан берадилар. Туркистон ўлкасини ҳар томонлама ўрганиб, 1889 йили Қозон шаҳрида «Олой маликаси» номли китоб нашр қилган ҳарбий мутахассис Г.Н. Таубе Қурмонжон додхо фаолиятига юксак баҳо беради. Бироқ, додхо билан Россия мустамлакачилари ўртасидаги муносабатлар барибир омонат бўлиб қолаверади. Қурмонжонни ноёб истеъдод соҳибаси, улкан тарихий шахс сифатида чин дилдан ҳурмат қиладиган Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман кўпдан буён рус аскарларига қарши курашаётган додхонинг ўғлонлари Абдуллабек ва Қамчибек тақдирига доир маккор шартномага имзо чекишга мажбур қилади. Додхонинг бошқа бир ўғли Маматбек ва Мирзафаёз, Арслонбек исмли набиралари Сибирга сургун қилинадилар. Кенжа ўғли Қамчибекни эса руслар Ўшда дорга осадилар. Ўғлининг дорга осаётганларини додхо ўз кўзлари билан кўриб турган. Руслар Қурмонжонни она учун энг оғир бўлган жазога маҳкум этганлар: ўз ўғлининг қатл қилинишини миқ этмасдан кузатиб туради. Ўша даҳшатли воқеага гувоҳ бўлган бир киши ўз хотираларини бундай тарзда баён қилади: «Агар Қурмонжон додхо шунчаки имо-ишора қилиб қўйганда эди — бас, қадимдан буён курашиб юрган биз жангчилар бундай исноддан кўра, жангда ўлмоқни афзал деб билар эдик! «Халойиқ, қўзғолинг, отга мининглар!» дейилса кифоя, шак-шубҳасиз, Олойнинг жамики қирғизлари отларини эгарлашарди. Шунда у ўз ўғлини ҳам қутқариб қоларди». Бироқ, халқнинг минглаб асил ўғлонлари, қизлари қурбон бўлгандан кўра, додхо ўз ўғлининг қурбон бўлишини афзал деб билади. Шохонов. Руслар тарихида ҳам худди Қурмонжон додхо каби ҳатто ўз сояси билан халқини ҳимоя қилган фожиали шахслар бўлган. Ўшалардан бири — 1855 йили тахтга ўтирган иккинчи Александр эди. Охир-оқибат ўзи жорий қилган озодликнинг қурбони бўлади. Айни чоғда у мураккаб шахс эди: Россия империясининг чекка ўлкаларида яшайдиган мустамлака зулми остидаги кичик халқлар бошига жуда кўп мусибатлар келтиради. Бу подшо бепоён империя ҳаётига улкан ўзгаришлар олиб киради. Дастлаб, у ҳарбий хизмат муддатини йигирма беш йилдан олти йилга қисқартиради. Ўз муддатини ўтаб бўлган аскарларни оммавий равишда темир йўл қурилишига жалб этади. Жуда кўплаб завод-фабрикалар бунёд этилади. Ишсизлар миқдори камайтирилади, халқнинг турмуш даражаси яхшиланади. Xалқ таълим оладиган ўқув юртларининг сони икки мингтага, аёлларнинг мактаблари уч юзтага етади. Империянинг ҳамма ўлкаларида етти юздан ортиқ газета-журналлар мунтазам нашр этилиб туради. Иккинчи Александр ҳукмронлик қилган йилларда Россияда эллик миллион нафар крепостной деҳқон бор эди. Помешчиклар томонидан шафқацизлик билан эзиб ташланган деҳқонлар тез-тез қўзғолон кўтара бошлайдилар. Баъзан яхшилик хам ёмонлик бўлиб қайтиши мумкин экан. «Халқ иродаси» номли одамкушлар гуруҳи томонидан 1881 йилнинг 1 январ куни император кетаётган файтонга бомба ташланади. Подшо оғир ярадор бўлади. Бу арзон-гаров қулларидан ажралиб қолган бойларнинг қаҳр-ғазабидан нишона эди. Шундай қилиб, ўзининг қашшоқ халқига меҳр-шафқат кўрсатган иккинчи Александр ўзи ҳадя этган озодликнинг биринчи қурбони бўлади. Айтматов. Имконият бўлиб қолган пайтда ҳамқишлоқларим билан бир дастурхон теварагида ўтириб, узоқ суҳбатлашдик. Гапдан гап чиқиб, турли замонларда, турли халқлар орасида ўтган ҳукмдорлар, донишмандлар тўғрисида фикр алмашдик. Сталинни ҳам эслашдик. Шунда битта чол соқолини аста силаб қўйиб, тубандаги афсонани сўйлаб берди. «Бир куни Сталин масъул ходимларни хонасига тўплайди-да: «Қарасам, халқни қандай бошқариш тўғрисида бош қотириб юрибсизлар. Ҳокимият тепасидаги подшо худо эмас, лекин худодан кам жойи хам йўқ, Қўл остингдаги халқ бутунлай сенга итоат этиши учун нима қилмоқ керак? Кўриниб турибдики, билмайсизлар. Ҳозир мен сизларга кўрсатаман...» У битта товуқ олиб келинглар, деб амр қилади. Xонага товуқ келтирадилар. У товуқни қўлига олиб, шафқацизлик билан патларини юлиб ташлайди. Сўнгги пати юлиб олинган товуқ қип-қизил гўштга ўхшаб қолади. Сталин товуқни ерга қўяди-да: «Энди қараб туринглар-чи, бу товуқ қаёққа борар экан?», дейди. Азоб-уқубатларни бошидан кечирган товуқ бечора қаёқларгадир қочиб кетмоқчи бўлади-ю, лекин офтобга чиқса — иссиқ куйдиради, салқин жойга борса — совқотади. Ҳафсаласи пир бўлган товуқ, ниҳоят, Сталиннинг оёқлари остига келиб жон сақлайди. Шунда доҳий чўнтагидан бир сиқим дон чиқаради-да товуқнинг олдига сочиб қўяди ва ўзи хона бўйлаб уёқдан-буёққа бориб келаверади. Анави шўрлик товуқ ҳам доҳий орқасидан бир қарич узоқмасдан эргашиб юраверади. Сталин оғзини очиб ўтирган ходимлар қаршисига келиб тўхтайдию: «Қалай, кўрдиларингми? Xалқ ҳам мана шу товуққа ўхшайди. Xалқнинг ҳам патини юлиб, қўйиб юбориш керак. Шунда уни бошқариш осон бўлади». Уйдирма афсонанинг ҳақиқатан ҳам бўлганига чиппа-чин ишонган оқсоқоллар доҳийнинг ақл-идрокига қойил қолишиб: «Топқирлигини қаранглар-а!» дейишди ёқаларини ушлаб. «Ҳаётда бунга мисоллар йўқми? Сталин бағоят доно одам бўлган! Битта мисол билан ҳокимиятга талабгор бўлиб юрган дўстларини мот қилиб ташлайди!» — Афсона бўлса ҳам, ҳаммаси тўппа-тўғри. Аслида, шунақа ҳодисани ўзимиз бошимиздан кечирганмиз, — деди бошқа бир чол. — Ахир, оз-моз моли бўлган оталаримизни кечагина кулак деб айблашмасмиди?! Уларни ҳам айнан пати юлинган ўтпа товуққа ўхшатиб қўйишди-ку! Бўлмасам, бизнинг қанотимизни кесиб, патимизни юлиб ўтиришга на ҳожат бор эди? Дастлаб, совет ҳукуматининг ўзи бизга ер берди. «Буғдой экинглар. Оилангизни боқинглар. Ортганини давлатга топширасизлар», дейишди. Аста-секин омборхонамиз донга тўлди, молларимиз семирди, бойлик тўплай бошладик. Шу пайт бирдан: «ҳай, сен муштумзўр экансан-ку!» деб оч биқинимизга мушт туширдилар. Бировнинг мол-мулкини, уй-жойини тортиб олишга кимнинг ҳаққи бор?! Агар бойлик тўплаган бўлсак, буни ҳалол пешона теримиз билан тўплаганмиз-ку! Кейин маълум бўлдики, биз қорнимизни тўйдирамиз деб, ўзимизга ўзимиз бало орттириб олибмиз. Уялмай-нетмасдан одамларни қамоқхоналарга ташладилар, Сибирга сургун қилдилар. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларни отиб ўлдирдилар. Кимнинг оёққа туриб олган, бой хўжалиги бўлса, ўшани биринчилар қаторида йўқотишди. Бировнинг томорқасида майса кўкариб турганини кўрса ҳам, биров оз-моз бойлик тўплаганини кўрса ҳам ҳасадгўйлиги қўзиб, тун бўйи ухламай чиқадиган муртад кимсаларнинг куни туғди. Xалқнинг тақдири ўшаларнинг қўлига қараб қолди. Биров отидан маҳрум бўлди, биров чакмонидан. Бошимизни суқиб ўтирадиган уйимиз ҳам, ишлайдиган еримиз ҳам қолмади, ҳаммасидан ажралдик. Лекин, орадан бир-икки йил ўтар-ўтмас бизнинг оталаримизни муштумзўр сифатида гумдон қилиб юборган ҳасадгўйларнинг ўзлари ҳам айбдор деб топилдию дарҳол суд қилиниб, пақ-пақ отиб ташланди. Очарчиликка йўлиққан халқ ҳар тарафга сочилиб кетди. Кўпчилик эса ўша пати юлинган товуққа ўхшаб, тирикчилигини аранг ўтказа бошлайди: уларни иссиқ-совуқдан ҳеч ким ҳимоя қилмайди. «Кўнгилга тўпланиб қолган гаплар қимизнинг остидан отилиб чикади», дейишади. Мана, чолларнинг кўнглида тупланиб қолган гаплар ҳам вақирлаб қайнаётган қозон каби сира тўхтамасди, баҳс-мунозаралар узоқ давом этади. Жуда кўп кўнгилсиз воқеалар ҳикоя қилинди, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёвузликлар фош этилди. Жойларда қандай қилиб «худосизлар қўмитаси» тузилганини ва улар қандай йўсинда иймон-еътиқодни топтаганлари хусусида гапирдилар. Дастурхон атрофида бўлиб ўтган ўша суҳбат жараёнида бирталай таниқли зотларнинг асл башаралари очилиб қолди: ким кимни қаматиб юборган, ким кимнинг ўлимига сабабчи бўлган; кимнинг ёстиқлари, гиламлари, самоварлари кимнинг уйига кириб кетган, хуллас, ҳамма-ҳаммаси очилиб қолди. Назаримда, аллақачон ўлиб кетган кимсалар ётган қабрларда бу дунёдаги ёвузликлари учун ўзларининг шаънига айтилган лаънатларни эшитган бўлсалар ажаб эмасди. Аксинча, бу дунёда яхшилик қилиб кетган кўпчилик марҳумларнинг номлари миннатдорлик билан эсга олинди. — Э-е, у ажойиб инсон эди. Одамнинг жони эди гўё! Қўшга қўшилган ҳўкиз каби бутун халқни ўз орқасидан тортиб юрарди. Эҳ, у ҳали узоқ яшаши керак эди! Халқ учун қилинган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ҳеч қачон одам билан бирга гўрга кириб кетмайди. Тириклар ҳаммасини хотирада сақлайдилар. Ўн марта, эҳтимолки, эллик марта шундай фикрни хаёлимдан ўтказдим. Ҳа, совет тузуми даврида ҳам бизнинг халқимиз оғир йилларни бошидан кечирди. Инсоният ҳаётидан дин ситиб чиқарилса, унинг ўрнида ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ пайдо бўлади. Ҳозир шу гапнинг тескарисини исботлайдиган бир мисол эсимга тушиб қолди. Люксембургда элчи бўлиб юрган кезларим бир куни Олмониянинг ўша пайтлардаги Президенти Вайсзеккер қабулхонасидан телефон қилиб қолишди: «Католиклар Академиясида маданият намояндаларининг катта учрашуви бўлади. Бизнинг Президентимиз Сизни фахрий меҳмон сифатида учрашувга таклиф қиляптилар. Жаноб Вайсзеккер кўпдан буён Сиз билан шахсан танишишга орзуманд бўлиб юрибдилар», дейишди. Мамнуният билан таклифга рози бўлиб, йўлга чиқдим. Боя айтганимдек, Вайнбургдаги католиклар Академиясида йиғилиш бўлди. Шахсан Президентнинг ўзи нутқ сўзлади. Барча халқларнинг, динларнинг маънавий мероси ягона экани тўғрисида жонли ҳикоя қилиб берди. Вайсзеккер маърифатли инсон экан: жаҳон адабиёти ва маданияти билан яхши таниш бўлиб чиқди. Тарихий ва маданий илдизи битта бўлган Ғарбий Европа халқлари қадим замонлардан буён маданий ва диний жиҳатдан ҳеч қачон бир-бирига айрича муносабатда бўлмаганлар. Улар бир-бирига чатишиб кетган. Менинг назаримда, камолот йўлларини қидираётган маданият учун дин ҳидоятга бошловчи нур вазифасини адо этади. Ўша кунлари хаёлимга битта фикр маҳкам ўрнашиб қолди: миллатлар руҳий оламнинг ҳар икки ажралмас жавҳарини қалбига жо этиб олишлари лозим. Шохонов. Xудди мана шу ҳолат миллат тараққиёти учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилажак. Ўз ҳаётимда рўй берган бир воқеа тўғрисида гапириб бермоқчиман. Эҳтимол, бу ҳам тескари мисол бўлиши мумкин. Ҳар йили ўтказиладиган ва анъанага айланиб қолган Пушкин шеърияти кунлари, одатда, Псков вилоятида бошланади. Машҳур Майдонда йигирма-йигирма беш минг нафар ихлосмандлар тўпланади. Шеър ўқийдилар, эшитадилар. Ғала-ғовур кўтаришиб шеърият байрамини бошлаб юборадилар. Кейин байрам Москвада, Кенгашлар саройининг колонна залида давом этади. Ер юзининг турли бурчакларидан ташриф буюрган шоирлар навбати билан шеър ўқийдилар. Баъзан ўша байрам Марказий телевидение орқали бутун Совет Иттифоқига намойиш этиларди. Ўша шеърият анжуманида бир марта Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон номидан камина иштирок этдим. Навбатим етгач, минбарга кўтарилдим-да «Сўз масъулияти» шеъримни ўқиб бердим. Бироқ, Ҳушёр бўлинг сўз қадрига етмаганлардан. Хавфлидир раҳбар бўлса ундайин одам: мансабини йиллаб бермаса, халқни ҳам урар худойим, мисраларини ўқиётган пайтимда беихтиёр ўша пайтлардаги Псков вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби ўтирган раёсат томонга қаратиб қўлимни силкитиб юбордим. Тингловчилар шеъримни гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар. Мухлисларимга миннатдорлик изҳор этиб, раёсатнинг иккинчи қаторидаги ўз жойимга қайтиб келиб ўтирдим. Бир оздан сўнг ёнимга нотаниш бир киши ўқдай учиб келди-да: — Ташқарига чиқинг, — деди пўписа аралаш. Қарасам, қиёфаси жиддий. Тишларини ғижирлатиб турибди. Ташқарига чиқдик. — Шеър ўқиётган пайтингизда нима учун қўлингиз билан биринчи котиб ўтирган томонни кўрсатдингиз? — деб сўради у. Шундан кейингина нима бўлганини тушуниб етдим. Тасодифни қарангки, Псков вилоятининг бошлиғи кўп йиллардан бери ўз мансабида муқим ўтирган экан. Бояги шеъримни унинг ўзи ҳам, раёсатда ўтирган шериклари ҳам маълум бир ғаразли маънода қабул қилибдилар. — Бундан кейин биз сизга сўзлаш учун навбат бермасликка қарор қилдик. Бутун Иттифоққа кўрсатиладиган телекўрсатувдан шеърингиз батамом олиб ташланади, — деди партия раҳбарининг чопари. Кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмай қолган пайтимда қўққис қадимий афсона ёдимга тушиб қолди. «Қадим замонда битта қудратли хон бизнинг халқимизни ўзига буйсундиришга аҳд қилиб, сон-саноқсиз аскарларини чегарамизга келтириб қўяди. Сўнг бир неча айғоқчини қошига чорлаб: «Билиб келинглар-чи, бизга қарши турган душманнинг қанча кучи бор экан?» дейди. Айғоқчилар қайтгач, хон ўз ҳузурига вазирларини, саркардаларини чақиртиради. — Xўш, нима гап? Қани, бошланглар! — дейди хон. — Биз жуда кўп жойларда бўлдик, — дейди айғоқчилардан бири. — Бир гал катта зиёфатнинг устидан чиқиб қоддик. Xалқнинг ҳукмдори ҳам ўша ерда эди. Зиёфат авжга чиққан пайтда ўтовга дўмбира ушлаган ўн олти ёшлар чамасидаги бир ўсмир кириб келди. Тўрида ўтирган ҳукмдор нарироқ силжиб, анави болага ёнидан жой берди. Биз бундай ҳолдан ҳайрон бўлиб: «Мишиқи бир болага намунча иззат-икром кўрсатилмаса?!» деб сўрадик ёнимиздаги саҳройилардан. «Ахир, у бизнинг шоиримиз-ку!» деб ғурур билан жавоб қайтаришди. — Агар уларнинг ҳукмдори шу даражада аҳмоқ бўлса, демак биз бу халқни телпагимиз билан уриб енгишимиз мумкин! Олампаноҳ, ижозат берсангиз, ҳозироқ аскарларимни жангга ташлайман! — дейди саркарда кўзлари чақнаб. Шу пайтгача миқ этмай ўтирган хон саркардага бошдан-оёқ синчков назар ташлайди-да: — Йўқ! — дейди. — Аскарларни орқага қайтаринг! Ўз шоирларини ўзининг маънавий бойлигини бу қадар эъзозлайдиган халқни, маданияти бу қадар юксак тарақкий этган халқни қириб юбориш мумкин, лекин асло енгиб бўлмайди!» Айтматов. Афсуски, инсоният тарихида ўтган ва фақат маънавий бойликка хўжакўрсин учун эмас, чин дилдан суянган, маънавиятни байроқ қилиб олган ҳукмдор шу қадар камчиликни ташкил этадики, уларни бармоқ билан санаш мумкин. ХХ съезддан кейин Сталин жодисидан қутилдик, озодлик нафасини ҳис эта бошладик. Лекин, майнабозчиликни енгиб ўтолмадик. Шохонов. Бир гуруҳ гапга чечан хушомадгўйлар билан лаганбардорлар ёрдамида ҳатто ақлан заиф ва жисмонан иш қобилиятини йўқотган кимса ҳам донишманд ҳукмдор қиёфасида юриши мумкинлигини Л.И. Брежнев исботлаб берди. Марказқўмнинг ҳар бир қурултойи, пленуми, ҳар қандай йирик анжуманлар асосан ҳамд-сано ўқишга бағишланарди. Брежнев эса ўша чучмал мақтовларни жон қулоғи билан тамшаниб тинглаб ўтираверарди. Бундай мақтовлар худди Қизилқумнинг қақраб ётган барханларига ўхшарди: қанча сув тўкилса, ҳаммасини қум ютиб кетаверади. Шундай қилиб, тарихий саҳнада шу пайтгача кўз кўриб, қулоқ эшитмаган масхарабозлик томошаси намойиш этилди. Таниқли қозоқ олими, академик Манаш Қозибоев ўзининг «Брежнев ва Қозоғистон» номли мақоласида қизиқ бир воқеа тўғрисида ҳикоя қилади. Украина ССРга «Халқлар дўстлиги» орденини топшириш маросимига бағишланган Киевда бўлиб ўтган тантанали мажлис чоғида Бош котиб Л.И. Брежневнинг нутқи ўттиз беш марта қарсакбозлик оқибатида узилиб қолади. Ўша тантаналардан бир оз фурсат ўтгач, 1974 йилнинг 15 март куни қўриқ ерлар ўзлаштирилиши бошланганига 20 йил тўлиши муносабати билан Қозоғистонда ҳам тантанали анжуман бўлиши, унда Брежнев иштирок этиши лозим эди. Қўриқ ерларни ўзлаштириш ташаббусини бошлаб берган Қозоғистон тантаналарга кўтаринки руҳда тайёргарлик кўради. Республика компартияси Марказқўмининг мафкура бўйича котиби С.Имашев махсус кенгаш чақириб, Брежневга украинлардан ҳам ўтказиб иззат-ҳурмат кўрсатиш тўғрисида масъул ходимларга қатъий топшириқ беради. Махсус кўрсатма олган вилоят, шаҳар, туман раҳбарлари енг шимариб ишга киришадилар ва тантанали мажлисда Брежнев нутқ сўзлаётган пайтда 73 марта гулдурос қарсак чаладилар. Шундай қилиб, лаганбардорлик, хушомадгўйлик плани украиналик ўртоқларга нисбатан икки баробар ортиғи билан адо этилади. Гувоҳларнинг айтишича, «бош» йўналишга бағишланган нутқни бу қадар иззат-икром билан тинглаётган одамларга қараб бечора Брежневнинг кўзларида шода-шода ёш пайдо бўлган экан. Бу воқеани хушомадгўйлик бўйича бемалол Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш мумкин. Айтматов. Ўша йилларда СССР Олий Совети Президиумининг аъзоси бўлган Расул Ҳамзатов Москвадан уйига: «Раёсатда ўтирибман, лекин бахсизман», деб телеграмма жўнатган эди. Шохонов. Ҳазил аралаш бир оғиз сўз айтилган-у, лекин унда қанча маъно яширин... Билмадим, Брежнев атайлаб ўзининг шарти кетиб, пати қолганини яшириш учун шундай қилганмикан, нима бало, лекин ўша пайтдаги Политбюронинг аъзолари ёппасига миқсираган чоллардан иборат эди. 1979 йилда уларнинг ўртача ёши 70 эди. Уларнинг баъзилари учун минбарга чиқиб-тушишнинг ўзи азоб эди. Ўша пайтлари халқ орасида тарқалган латифада биров Брежнев товушида: «Политбюро аъзоларини кўтариб чиқишларингни сўрайман», дейди. Ҳамма ишда Кремлдан андаза оладиган иттифоқдош республикаларнинг раҳбарлари ҳам ёш жиҳатидан Қизил майдондаги чоллардан қолишмасди. Ўша йиллари «12—3=?» номли кичик достон ёзган эдим. Кремлда ўтирган бойларнинг муаммолари каминани хийла ташвишга солиб қўяди. Айтматов. Ўша достонни ҳозир ўқиб берсанг яхши бўларди. Шохонов. Қадим ўтган замонда, Сор-бургутлар макон тутган томонда, Бир қайсару қудратли хон бор экан. Англаш қийин эди хоннинг таъбида Қудрат кўпми ёки қайсарлик. Кекса эди, аммо чапдаст чавандоз, остида йўрғалар асов бедовлар. Ўзидан қайса ҳам қайтмас сўзидан. Оширмоқни ўйлади бир пайт халқнинг ақли, обрўси, шаънин. Аммо, қандай қилиб? Боши қотди хўб. Бироқ, қандай қилиб бўлса-да қарор этди мана шу ишга. Қабул қилди янги бир қонун, унда шулар ёзиб қўйилди: «Бир нарса шубҳасиз, донолик келтирар кексалик. Неки бор — агар ёш бўлса, ҳали у пишмаган, демакки, хавфли... Хом-хатала фикрлару қарорлардан қўрқинчли не бор? Алқисса, шу пайтдан барча мулозим, амалдору аскар бошлиғи кексалардан тайин этилсин! Зотан, улар иш қилишса, аста-секин, ўйлаб қилади. (Донолик — аста демакдир! Аста юрган — эрта боради!..» Шу тариқа аста янчиб ёшликни, кексаликка берилди урғу. Ёш-ялангни бир четда қўйиб, кекса чоллар чалди бургуни. Ишонч руҳи ёшларда сўнди, ўчирилди ёшлик гулхани. Бир ғаройиб замонлар бўлди, йигирмада эса-да ёши тушиб юрар белдан иштони Йигирма беш ёшлилар кўргин — лаёқациз, омадсиз тўда, нонни ҳам чайнатиб ейди. Ў-ў, бу халқ улут халқ эди, шаън куларди қўшиқларида. Энди-чи, аччиқ тарих энди. Дард устига чипқон бўлди хон чиқарган қонундан. Жангчи эмас, ўсди қўрқоқлар, ешица-да душман бургусин кўрпасига бошин ўрарлар. Қайдан келди руҳий эзгинлик? Ғижимлайди ҳатто гулларни, қани ёшлик, ишонч, эркинлик? Таниб бўлмас қизу улларни. Шайтон уриб хонни йўлидан халққа деди бир кун қайрилиб: «Бўлсин десак хонлик мустаҳкам, керак унга жангу жадаллар! Бордир ахир белда белбоғли юраклари ўтли навжувон? Ёки ундан тақдир қисганми? Тарқатиш чун янги бир довруғ Фалончига... уруш бошлаймиз. (Фалончига деганда бироз секинлади хоннинг овози.) Фалончига... биздан тўрт ҳисса жангчиси кам юртга юрамиз, Уят бўлди, тушиб кетди жанговарлик, кўтарайлик руҳни алқисса!» Хон улгурмай жангга киришга ҳал этилди уруш тақдири. «Уруш» сўзи чиқмай оғиздан рақибининг бўлди асири. «Қайга учди шон-шавкатим, кимлар улар шохим қайирган?!» Дея бўзлаб хон йиғлайди зор, тўзиб кетган тўзғоқдай оқсоч бошин билмас қайга уришга ўтган ишни кимга тўнкасин, илож йўқдир елка тўсишга. Ғалабанинг гаштини суриб ўтираркан ул ғолиб амир истеҳзо-ла сўз қотди кулиб: «Ишонсанг-да қанча сустликка кўп шошилдинг ақлинг емоққа. Шўхлик қилдинг, балки тўқликка, Энди шошгин ақлинг йиғмоққа! Бир топишмоқ айтарман, агар топа билсанг озодсан! Магар тополмасанг, билки, жасадсан. Харакат қил, балки, бу мия ҳуш қуриб битмаган, борсан. Топишмоғим ушбудир менинг: «Ўн иккидан неча қолар учни айирсак?» Сиртмоқ тушуб бўйнига, ўлимини кутган одамдек юзи кўм-кўк кўкарган хоннинг туққандайин хотини ўғил хурсандликдан жони жаҳони жавоб берди: «Қолурда тўққиз!» Ғалабанинг гаштини суриб амир қайта қўйди жилмайиб: «Шу кичик бир муҳорабада мен синадим сени такроран, омад кетди сендан, чамамда. Топқирларни аягум фақат... Тополмадинг. Ўзингдан кўргин бош қўюрсан кундага албат!..» Бироқ, шудам гала асирдан отилиб чиқиб деди бир ўсмир: «Буюк амир, ертами-кеч ўлимдир барҳақ, шоширмоқдан не фойда уни? Кон тўкиш-ку, амир, осон гап, яхшидир ўлимнинг секини. Топишмоқни мен топаман, хўп...» Амир: «Мудом жангда бахтим деб инсон, ким тўхтатар, тўсар йўлини? Ҳеч ким, ҳеч қачон. Ёшлик кучи, қудратига гар ишонмаган барча кексанинг жазосини берсин шум ажал. Эҳ, ўғлим, аралашдинг бу ишга бекор, узоқ кетган унинг илдизи...» Ўсмир: «Тасодиф туфайли қолсанг ўлимдан, ўз кўзинг кўрсаца хатоларингни, шон-шавкат, тожу тахт кеса қўлингдан, кўниксанг, тирнаса яроларингни ҳар куни минг бора булсанг сен қазо, борми бундан ортиқроқ жазо ?..» Амир: Ёшим, билсанг, ошди тўқсондан, лекин, ўғлим, қувонар кўнглим шу заминда унган майсадан. Кузатаман, ўсмир бағрида сўнмасин деб ёшликнинг ўти. Агар сезсанг, бу ўт сунган кун кексаларнинг ҳалокати шу. Севмасалар дуркун ёшларни хуш кўрмайман ундайларни ҳеч. Отар экан сенга тошларни, бундай хондан яхшиликча кеч. Бироқ, айтай, ёқиб қолдинг сен, бажо этай истак, сўровинг. Арзийдими, аммо мазкур хон қалбингдаги қатим оловга ?» Ўсмир: «Болага тош отган, этган масхара, Бахти ҳеч тўлмасин ёруғ дунёда. Бола-да отмасин тошни кексага, чолларнинг умри ҳам бўлсин зиёда. Амирим, Сиз айтган топишмоқ, асли — (кечиринг, адашиб кетдингиз ногоҳ) топишмоқ эмасдир — ҳаёт қонуни. Ўн иккидан учни агар айирмоқчи бўлса одамлар бу оламнинг қолмас бутуни!..» Амир: «Баракалла! Ёмонмас, топдинг. Аммо, қани сўзинг исботи? Далил — баҳснинг учқур қаноти...» Ўсмир: «Агар Сизни тўғри тушунсам, бир йил демак — ўн икки ойдир. Шундан уч ой фасли баҳордир... Баҳор эса табиатнинг бор жўмардлигин этар намоён. Ким баҳорга қазир экан гўр жўмардликни ўлдирар шу он. Ёшлик — баҳор! «Зангор фаслидир. Ким айирса ранги-рўйидан ҳаёт ўчар, қурир насллар. Ҳар баҳорда олма гулламас, кузда қайдан беради мева? Хулоса шу: уч ой бўлмаса, тўққиз ойи қуруқ шевадир. Мумкин эмас ўн иккидан, бил, учни айирмоқ... Кимки агар айирса учни, бахсиз бўлар собиқ хон мисол. Зеро, ушбу ҳаёт қонуни кимларгадир топишмоқ, масал...» «Турган ўсмир ким бўлди экан? Кўп ўйлади, кечагина хон аталган бахсиз қария... Шу дамгача нега билмадим, танимадим ёшларни тақир. Не-не ёшни иснод қилмадим, қариларга суяндим, ахир?..» Қачонлардир кўргани ўша ёш отбоқар тушди ёдига... Қайда тож-тахт, қайда у гўша пичирлайди хаёл отига: «Ҳаммаси тугади. Мен жасадман... Тирилмасман, қайта турмасман, ўт юракли зобитларим дим, отхонадан бери юрмади. Мен кўр эдим. Эдим ожиз. Қани у ҳаёт? Ёшларга ҳеч бермадим қанот...» Кўрдинг, фикр — энг тўғри фикр, бош-охири чарс, чўғли фикр кеч келганин кўрмоқдан яна қандай азоб бордир дунёда ? Айтматов. Бу достон эсимда бор. Унда турғунлик даврининг аччиқ ҳақиқати кўрсатилган... Ўз вақтида Евгений Евтушенко уни рус тилига таржима қилганди. Мен унга сўзбоши ёзиб, «Смена» журналига эълон қилиш учун тавсия этгандим. Афтидан, журнал ходимлари мажоз остида қандай маъно яшириниб ётганини пайқаб қолишди, шекилли, асарингни нашр қилишмади. Шохонов. Орадан икки-уч йил ўтгач, собиқ Иттифоқдаги энг оммавий журналлардан бири бўлмиш «Огонёк»нинг эски бош муҳаррири Анатолий Сафронов билан Тошкентда ўтказилган Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг халқаро конференсиясида учрашиб қолдик. — Бирор нарсанг бўлса, бергин — журналда чоп этаман, — деб илтимос қилди у. «12 - 3 = ?» номли бахтиқаро достонимни унга бериб юбордим. Кейинчалик, афсуски, достонингни нашр қила олмаймиз, деган мазмунда узрнома жўнатди. 1986 йил декабр ойида бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Евгений Евтушенконинг илтимосига кўра, КПСС Марказий қўмитаси Маданият бўлимининг мудири Юрий Воронов шошилинч равишда каминани қабул қилди. Юзма-юз суҳбатлашаётган пайтимиз у ҳазил аралаш бир пайтлар КПСС Марказий қўмитасининг котиби, Политбюро аъзоси Сусловнинг топшириғига биноан «12—3 = ?» номли достонинг билан танишган эдим, деб қолди. Марказқўмнинг навқирон ходимлари пиқ-пиқ этиб кулиб юришади. Чунки, достондаги воқеаларни дарҳол Кремлга таққослаб кўрадилар. Бироқ, менинг номим ҳам қора рўйхатга тушиб қолишига Воронов қўлидан келганча қаршилик кўрсатади. Шундагина достоним нима учун ҳеч қаерда чоп этилмаганини англаб етдим. Мустабид тузум инқирозга юз тутган оғир дамларда, Кремлдаги чоллар ҳассаларига суяниб қолган бир пайтда сиёсий майдонга шаҳд билан кириб келган М.С. Горбачёв бизнинг ҳаётимизга «қайта қуриш», «демократия» каби тушунчаларни олиб кирди. Етмиш йилдан ортиқ вақт мобайнида кўзлари юмуқ ҳолатда яшаган халққа, дунёқараши, орзу-умидлари чекланган оломонга сўз эркинлигининг берилиши, шубҳасиз, буюк жасорат эди. Буни тан олиш керак. Чике, Сиз Михаил Сергеевич билан хийла қалин эдингиз. У мана шу хавфли йўлни онгли равишда ўз ихтиёри билан танладими ёки жамиятда рўй берган ўзгаришлар туфайли мажбур бўлдими? Айтматов. Гапларингда жон бор. Ўша пайтда Горбачёв ҳам янгилик тарафдори, ҳам ички қарама-қаршиликлардан халос бўлмаган сиёсий арбоб эди. Ким билади дейсан, агар у эски сафдошларининг йўлидан кетганда, балки раҳбарлик лавозимида умрининг охиригача ўтириши мумкинмиди? Ўша йиллари мамлакатимизда демократик жараён кучга тўлиб борарди. Кремлда бўладиган қандайдир йиғилиш арафасида мен Горбачёв билан учрашдим. — Юринг, шошилмасдан бафуржа гаплашиб оламиз, — деб у мени ўз кабинетига бошлади. — Ўрта Осиё ва Қозогистондаги ҳозирги аҳвол сизга жуда яхши таниш. Бу региондаги сиёсий, иқтисодий, маданий аҳвол тўғрисида қандай фикрдасиз? — деб сўради. Ўзимнинг билганларимни, фикр-мулоҳазаларимни очиқ-ойдин баён этдим. Биз анча вақт қизғин суҳбатлашиб ўтирдик. —Ҳокимият ва ҳукмдор тўғрисидаги битта афсонани гапириб бераман. Ўйлайманки, буни тўғри тушунасиз, — дедим. У индамасдан бош силкитиб қўйди. Қадим замонларда қайсидир бир олис мамлакатда машҳур император ҳукмдор бўлган экан. Кунларнинг бирида узоқ йўл босиб, нотаниш чавандоз ҳукмдорнинг ҳузурига келибди ва: «Олампаноҳ, тахтга ўтираётган пайтингиз фуқароларимга тўла-тўкис эркинлик бераман деб ваъда берган эдингиз. Бироқ, халққа эркинлик бериб, ундан яхшилик қайтишини кутиб ўтирманг. Чунки, халқ сизни ёмонлаб, тож-тахтингизга хавф сола бошлайди. Фақат сизни тахтдан ағдариб ташлагандан кейингина халқ тинчийди. Шунинг учун ҳали вақт борида яна бир марта яхшилаб ўйлаб кўринг. Ҳозир чорраҳада турибсиз: ё халққа эркинлик беринг, ёки ҳокимиятни қўлдан чиқариб юборманг!» Асрлар давомида қарор топган тартиб-қоидаларга кўра, ҳукмдорнинг ишларига аралашиш, унинг саъй-ҳаракатларидан шубҳаланиш мисли кўрилмаган сурбетлик ҳисобланарди. Бундай одам бошидан ажралиб қолиши ҳеч гап эмасди. Ўша қоидани яхши билган императорнинг соқчилари биргина имо-ишорадан сўнг бояги шўртумшуқнинг бошини узиб олишга шайланиб турардилар. Бироқ, узоқ ўй-хаёлдан сўнг: «Бу кишига менинг номимдан мукофот берингиз! Кейин кузатиб қўйинглар, ўз йўлидан кетаверсин!» дейди император». Мен сўйлаб берган афсонани Горбачёв индамай ўтириб тинглади. Нима учун бу афсона айтилганини тушуниб, ранг-рўйи бир оз оқариб кетди. — Чингиз Тўрақулович, мен энди орқага чекинмайман. Орқага буриб юбориш мумкин эмас. Одамларга эркинлик бераман деб ваъда қилдимми, энди охиригача шу гапимда тураман. Агар ҳокимиятдан, ҳатто бошимдан ажраб қолсам ҳам шу йўлдан қайтмайман. Фақат олға босаман, — деди у. — Шундай бўлса, мен сизга ишларингиз бароридан келишини тилайман, — дедим. Биз илиқ хайрлашдик. Назаримда, ўша пайтларда айтган гапларимни худойимнинг ўзи кўнглимга солиб қўйгандек туюлади. 1991 йил август ойида Москвадаги «ГКЧП»чиларнинг фитнаси Елсин раҳбарлигида янчиб ташлангач, Парижда чоп этиладиган «Пари-матч» газетасидан каминага телефон қилдилар: «Сиз Горбачёвга яқин одамсиз, унинг маслакдоши бўласиз. Энди у тарихий саҳнани тарк этади. Бу ҳақда нима дейсиз?» деб сўрадилар. Мен уларга ҳам бир пайтлар Горбачёвнинг ўзига айтиб берганим афсонани такроран гапириб бордим. Газета афсонани дарҳол эълон қилди. 1989 йилда Горбачёв бошчилигидаги делегация таркибида Xитойга бордим. У ёқдан жуда катта таассурот билан қайтдим. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — кўп йиллардан бери совуқчилик тушиб қолган икки буюк давлатнинг муносабатларини яхшилашдан иборат эди. Иқтисодий, савдо-сотиқ алоқаларимизни имкон қадар кенгайтиришни истардик. У пайтлари Совет Иттифоқида қайта қуриш, демократия жараёни авж нуқтага етганди. Бутун дунё бизга кўз тикиб турарди. Адолат юзасидан эътироф этмоқ лозимки, мамлакатимиздаги ўзгаришлар, жамиятимиздаги уйғониш истисносиз равишда барча хорижий давлатларга ўз таъсирини ўтказганди. «Горбачёв», «қайта қуриш» сўзлари тилга олинса — бас, Европада ҳозир ҳам одамларнинг юзлари ёришиб кетади. Бизнинг мамлакатимиз учун янги тарих, янги давр бошланган эди. Буни унутмаслик керак. Албатта, охири нима билан якунланади, деган шубҳа ҳам кўнглимизда йўқ эмасди. Дастлаб, демократия аста-секин одамларнинг онгига таъсир қилди, сўнг учқундан аланга чиқиб кетди. Лекин, бу бошқа мавзуга тегишли мулоҳаза. Хитойга ташриф буюрган кунларимиз Пекинда талаба-ёшларнинг оммавий чиқишлари рўй берди. Пойтахтнинг Тянанмен майдонига минглаб одамлар тўпландилар ва бир қатор талабларни ҳокимият олдига қўйдилар. Норозилик намойиши кечасию кундузи тўхтамади, тобора хавфли тус ола бошлади. Xитойга Горбачёв ташриф буюрганини билиб қолган ёшлар ўз эҳтиросларига баттар эрк бериб юбордилар. Намойишчилар янада кўпайиб кетишди. Вазият қалтис тус олди. — Горбачёв бизнинг олдимизда нутқ сўзласин! СССРда бўлаётган демократик ўзгаришлар тўғрисида батафсил гапириб берсин! — деб талаб қилишади намойишчилар. Радио-телевидение кечасию кундузи намойишчиларнинг талабларини маълум қилиб турарди. Xитойдаги чет мамлакатларнинг элчилари: «Горбачёв намойишчилар олдига чиқадими-чиқмайдими?» деган масалада ўзларича фол очишарди. Албатта, бундай қалтис вазиятда Горбачёвга осон бўлмайди. Нима қилмоқ керак? СССРда бўлаётган қайта қуриш тўғрисида ёшларга гапириб бериш керак, деган фикр ҳам йўқ эмасди. Бироқ, бундай ахборот намойишни кучайтириб юбориши мумкин эди. Горбачёвнинг маслаҳатчилари: — Сиз Xитой ҳукуматининг таклифига биноан бу ерга келган расмий меҳмонсиз, — дейишади. — Сизнинг асосий вазифангиз — мамлакат раҳбарияти билан шартнома тузиб, ташрифдан кўзлаган мақсадга эришишдан иборат. Барқарорликни бузаётган ҳар қандай куч билан (улар ким бўлишидан қатъи назар) алоқага киришилса, ўзга давлатнинг ички ишларига аралашяпти, деб баҳоланади. Ундан сўнг ҳамма ишлар чаппасига кетади. Бизнинг мамлакатимизда рўй бераётган буюк ўзгаришлар тўғрисида минглаб одамларга нутқ сўзлаш имкониятидан маҳрум бўлаётгани Горбачёвга алам қилади ва у делегациянинг ҳар бир аъзоси билан бу масалада алоҳида-алоҳида фикр алмашади. Охир-оқибат, Тянанмен майдонидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш мазмунидаги Горбачёвнинг очиқ хатини эълон қилишга қарор қилинди. Қизиғи шундаки, бизнинг делегациямиз шарафига қабул маросими уюштирилган ва зиёфат берилган ҳукумат саройидан майдонга тўпланган минглаб намойишчилар яққол кўриниб турарди. Улар ҳар-ҳар жойга палатка тикиб олишиб, ҳали-бери жойларидан қўзғолишни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Ягона мақсад йўлида ҳамфикр бўлган хитой ёшлари мамлакатнинг турли бурчакларидан пойтахтдаги улкан майдон сари тўхтовсиз оқиб келар, намойишчилар сонини тобора кўпайтиришар эди. Бу майдонда машина билан ҳам, яёв ҳам юриб бўлмасди. Тез орада майдоннинг атрофи қуршовга олинди. Ажаб ҳол: Горбачёвнинг ғояларидан илҳомланган ёшлар майдонда тўлқинланиб ўтиришарди, Горбачёвнинг ўзи эса сарой ичкарисида миқ этмасдан ўтирарди. Улар бир-бири билан учрашиш, икки-уч оғиз гаплашиш имкониятидан маҳрум эдилар. Оёқ-қўлингни чирмаб ташлайдиган сиёсат мана шундай қудратли кучга эга бўлади. Бизнинг делегациямиз қайтиб кетгач, орадан икки-уч кун ўтиб, Xитойда хунрезлик бошланди. Ўша кунлари Пекинда жуда кўп ёшлар қурбон бўлганини жаҳон жамоатчилиги жуда яхши билади. Шохонов. Менимча, Горбачёв демократик эътиқод соҳиби сифатида ҳокимият тепасига келди. Албатта, бу фазилат яхши. Айни чоғда у тоталитар тузум даврида шаклланган диктаторлик қудратидан ажралишни-да истамасди. Тўғри, у «икки қўчқорнинг бошини битта қозонда кайнатиш»га кўп уринди. Бўлмайдиган ишни бўлдирмоқчи бўлди. Тарихдан маълумки, ҳеч қачон, ҳеч ким бундай қилолмаган. Демократ бўлдингми — бас, диктатурага барҳам беришинг керак. Ёки аксинча. Назаримда, иккиланишлар Горбачёвни хароб қилди. У диктатурадан воз кеча олмади. Айтматов. Горбачёвни менга нисбатан ёмон кўрасан. Бу тушунарли. 1986 йил декабр ойида Олмаотада рўй берган воқеаларга бир томонлама баҳо берилди. Баъзан бу ҳақда ҳеч қандай ахборот тарқатилмади ёки «қозоқ миллатчилари» тўғрисида аюҳаннос солинди. СССР Xалқ депутатларининг биринчи қурултойида сўзлаган нутқинг гўё Кремлда бомба портлагандай таассурот қолдирганди. Шундай эмасми? Ростини айсам, ўшанда сени бир балога гирифтор қилишмасайди, деб қўрққан эдим. Шохонов. Мана, Горбачёв ҳукмронлик қилган йиллар ҳам ўтиб кетди. Афсуски, Олмаотада рўй берган декабр воқеаларининг тарихий аҳамияти ҳалигача тўла-тўкис идрок этилгани йўқ. Унга халқаро майдонда аниқ-равшан баҳо берилмади. Бу ҳолат кишини хийла ўйлантириб қўяди. Бироқ, халқнинг бўйнига тақилган тавқи-лаънат тамғаси олиб ташланди. Ҳақиқатни топиш мақсадида мен бир неча марта Горбачёв билан суҳбатлашганман. Бир марта у ҳатто: «Овозингни ўчириб қўйиш ҳам қўлимдан келади!» деб яққол қўрқитиб кўрди. Шунда мени Россиянинг ҳозирги Президенти Борис Елсин билан гўринг нурга тўлгур буюк олим-демократ Андрей Дмитриевич Сахаров ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган эдилар. Бу ҳақда алоҳида гаплашамиз. Сизнинг «Кассандра тамғаси» романингиз Москвада муҳокама этилажагини ва анжуманда Горбачёв ҳам қатнашадиган бўлганини эшитган бўлсам ҳам, лекин ишдан қўлим бўшаб бора олмадим. Орадан бир неча йиллар ўтгач, демократия билан диктатурани битта қўлда ушлаб турмоқчи бўлган сиёсий раҳбар билан суҳбатлашиб кўриш қизиқ бўларди. Айтматов. «Кассандра тамғаси»нинг муҳокамасида Евтушенко, Вознесенский, Фозил Искандар, Дементев, Гачев, Гачевнинг хотини — адабиёцҳунос-файласуф Светлана Семёновалар иштирок этдилар. Михаил Сергеевич ҳам қатнашди. Ўз нутқида Горбачёв бундай деди: — Илгари таъқиб-тазйиқ остига олинган бадиий ижод намуналарига қайта қуриш даврида тўла-тўкис эркинлик берилди. Натижада шафқацизликни, зўравонликни, қотилликни мароқ билан тасвирлайдиган тубан даражадаги бадиий асарлар ҳамма ёқни босиб кетди. Бу сўз эркинлигидан тескари мақсадларда, нотўғри йўналишда фойдаланишдан бошқа нарса эмас. Мен бунга мутлақо қаршиман... Шохонов. Умумий танишимиз Рустам Xаировдан эшитдимки (у ҳам ўша муҳокамада қатнашган), Горбачёв «Кассандра тамғаси» романига жуда юксак баҳо берибди. Айтматов. Афтидан, романим унга маъқул бўлибди. Бўлар, энди асосий мавзуга қайтамиз. Кишиларнинг эртанги кунга ишончи сифатида демократия қарор топиши керак. Ўша ишончни мустаҳкамлайдиган стимул — бу бутун давлат учун ягона бўлган Конституция ҳисобланади. Жамиятнинг энг оддий аъзосидан тортиб, то энг юксак мартабадаги президентгача умумий қонунга итоат этишлари лозим. Агар президент ўзгаришига ёки парламент янгиланишига қараб, янги чиққан асилзодаларнинг манфаатларига монанд равишда Конституция ҳам ўзгараверса, биз биринчи навбатда одамларнинг ишончини йўқотамиз. Мана, АҚШ икки юз йилдан ортиқ давр мобайнида фақат битта конституция билан яшаяпти. Люксембургда рўй берган битта воқеани тез-тез эслаб тураман. Дунёда қонун бузилмайдиган бирорта мамлакат борми? Люксембург суди бир кишини айбдор деб топди ва бир неча йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Суд ҳукмини қўлига олган айбдор оила аъзолари билан хайр-хўшлашиб қамоқхонага боради. Қамоқхона бошлиғи: «Ҳозир жой йўқ, бир ойдан сўнг келасиз», деб қонунбузарни уйига қайтариб юборади. Тайинланган вақтда айбдор хотини ҳамроҳлигида қамоқхонага боради. Афсуски, ҳали ҳам жой бўшамаган экан. Уч ой давомида ўша ҳолат уч марта такрорланади. Ниҳоят, сабр-тоқати тамом бўлган айбдор: «Қамоқхонадан менга жой бериладими-йўқми? Қанча вақтим бекорга кетди! Ахир, бундан ортиқ адолацизлик бўладими?!» деб газетага шикоят ёзади. Газетада эълон қилинган шикоят жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама қилинади: ахир, инсон ҳуқуқлари оёқ ости қилиняпти-ку! Қамоқхона бошлиғини ишдан бўшатиш лозим! Қамоқхона девори остидан лаҳм қазиб, дуч келган томонга жуфтакни ростлаб қолишга шай турадиган бизнинг фуқароларимиз икки дунёда ҳам суд ҳукмини қўлига олиб, ўз хоҳиши билан қамоқхонага бормайди. Боз устига, ўзини қамоқхонага ётқизишларини ҳеч ким талаб этмайди. Демак, бу воқеа бизда ҳаммага бемаъниликдай кўринади. Лекин, маданиятли мамлакатда бу ҳол табиийдир. Агар одил суд сени айбдор деб топдими, демак жиноятга яраша жазоланишинг керак. Қамоқхонадан қочиб кетиш, масалан, Люксембургда ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Ишчи бўласанми, бой-бадавлат савдогармисан, суперменмисан — барибир ўз мамлакатинг конституциясини ҳурмат қилишга мажбурсан. Агар қонун посбонлари билан жиноятчилар ўртасидаги муносабатлар порахўрлик аосида қурилган бўлса, демократия жар ёқасига бориб қолади. Конфуций: «Ҳукмдор адолатли ва ҳалол бўлса, айбдорни жазолаш осон бўлади. Агар ўзинг кўппак мисоли ифлос бўлсанг, ҳар қандай ит билан илиқиб юрсанг, ўзингда йўқ бўлган ҳалолликни бошқалардан қандай қилиб талаб қиласан?» деган эди. Бутун бир мамлакатнинг президенти бўлиш ҳар қандай инсон учун фахр ҳисобланади. Ер юзидаги беш миллиарддан ортиқ одамлар орасида қирол, император, подшо, хон, президент бўлиш камдан-кам инсонга насиб этади. Бироқ, ўша ҳукмдорлар орасида ўз мансабидан кетгандан сўнг халқ томонидан меҳр-муҳаббат билан, яхши сўзлар билан эсга олинадиганлар кўпми? Жуда кўпчилик ҳукмдорларни шуҳратпарастлик, мансабпарастлик, шафқацизлик, порахўрлик, таъмагирлик, сиёсий саводсизлик, ахлоқсизлик каби ярамас қусурлар хароб қилади. Оқибатда улар қора гурухларнинг, ифлос ғояларнинг етовига тушиб қоладилар. Шохонов. Мустақилликни қўлга киритган Марказий Осиё республикалари ўзларининг биринчи президентларини сайладилар, алоҳида ҳаёт кечира бошладилар. Сир эмас, қардош халкларимизнинг раҳбарлари, давлат бошликлари Сизни жаҳон адабиётининг йирик намояндаси сифатида ҳурмат қиладилар. Нурсултон Назарбоев Сизни «Қозоғистон халқ ёзувчиси» унвони билан тақдирлади, Ислом Каримов эса Ўзбекистондаги энг нуфузли мукофотлардан бирини — «Дўстлик» орденини кўксингизга тақиб қўйди. Бетимсол асарларингиз аллақачон ўқувчилар оммасини мафтун этган, Сизнинг ватанпарварлигингиз, ёрқин шахсингиз жамоатчилик томонидан тан олинган. Келинг, энди бизнинг навқирон республикаларимиз президентлари тўғрисида гаплашамиз. Айтматов. Яхши. Одатда, ҳар бир раҳбарга тарих баҳо беради. Назаримда, ҳозир ҳокимият тепасида турган шахс тўғрисида мулоҳаза юритаётиб, қайси мезонларни асос қилиб олиш жуда машкул бўлади. Қозоғистонда юздан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилади. Ўз-ўзидан мана шу кўрсаткич Қозоғистондаги миллий ва ижтимоий муаммолар ниҳоятда мураккаб эканини билдириб турибди. Бу муаммолар бепоён ҳудудий, табиий, инсоний ресурслар, иқтисодий тараққиёт имкониятлари эвазига ҳал этилиши мумкии. Шубҳасизки, сиёсий оламда машҳур бўлган Нурсултон Назарбоевдек инсон ҳам бундай ижтимоий ўзгаришлар, миллий муносабатлар мураккаблашган, давлатлар ўртасидаги алоқалар издан чиқиб кетган бир даврда мамлакатни бошқариши осон бўлмайди. Биз у билан Олмаотада, Москвада, Брюсселда учрашганмиз, кўп бора суҳбатлашганмиз. Ўша учрашувлар пайтида амин бўлдимки, Назарбоев юқори малакага эга бўлган, қамровдор инсон экан. Бунга асло шубҳаланмайман. XX аср адоғида айнан шу инсон раҳбарлик масъулиятини ўз зиммасига олди. Шохонов. Нурсултон Назарбоев тўғрисидаги суҳбатимизнинг муқаддимасида шахсан ўзим гувоҳ бўлган битта воқеани гапириб бермоқчиман. Бир пайтлар Ўтрор вилоятидаги Балиқчи туманида Ўринбосар Эркинов партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимида ишлаганди. У ниҳоятда қобилиятли, санъатни севадиган инсон эди. Бир сафар у ўз туманига таниқли ёзувчиларни, артистларни таклиф этди; уларга туманни таништирди, Каспий денгизига олиб борди. Меҳмонлар орасида Асет Бейсеуов ҳам бор эди. Биз Асет билан ҳамкорликда «Турналар Ёйиқдан (Ўрол) қайтяпти» деб номланган қўшиқ ёздик. Сўз меники, мусиқа у кишиники бўлди. Туман Маданият саройида бўлиб ўтган учрашувда янги қўшиқ ижро этилди. Зални тўлдириб ўтирган мухлислар қўшиқни гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар ва такрор ижро этишни талаб қилдилар. Қўшиқ такрор ижро этилди. Шу пайт ўзини тутиб тура олмаган Ўринбосар ҳам саҳнага чиқдию биргалашиб қушиқ айта бошлади. 70-йилларда партия раҳбарлари қандай одоб мезонига итоат этишлари лозимлигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Xуллас, партия раҳбарининг саҳнага чиқиб қўшиқ айтиши ақлга сиғмайдиган ҳодиса эди. Ўринбосарнинг «беодоблиги» тўғрисидаги миш-миш вилоят раҳбарларидан бирининг қулоғига етиб боради. Шу заҳоти масала кўтарилади ва раҳбарни вазифасидан олиб ташлашларига бир баҳя қолади. Туман раҳбари қандайдир мўъжиза туфайли ишдан бўшатилмайди. Нурсултон Абишевич тоталитар тузум даврида вояга етган сиёсатчи ҳисобланади. Айни пайтда бу зот ҳам санъатни теран идрок этади. Баъзи тантаналар, байрамлар пайти у киши катта мамлакатнинг президенти учун уят-пуят бўлади деб ўтирмасдан қўлига дўмбира оладию суюкли қўшиқларни шахсан ўзи ижро этиб беради. Президент ўз рафиқаси Сора Алписовна билан ҳамкорликда жўр бўлиб қўшиқ айтганини бир неча марта кўрганман. 1993 йил якунига кўра, Қирғизистондаги «Руҳият халқаро ташкилоти» Қозоғистон Президентини «Йилнинг энг яхши одами» унвони билан тақдирлади. Мукофот топширилишига бағишланган маросимда қатнашиш учун Нурсултон Абишевич республикамизнинг Абиш Кекилбоев, Алибек Днишев, Олтинбек Xўрозбоев, Дўстхон Жўлжақсинов каби йирик адабиёт ва санъат намояндалари билан бирга келди. Тантанали маросимдан кейинги зиёфат чоғида халқ орасида машҳур бўлиб кетган бир қўшиқни муаллиф-бастакор Олтинбек Xўрозбоев билан биргаликда ижро этди. Ахир, бастакор учун ўзи яратган қўшиқни мамлакат Президенти билан бирга айтишдан ҳам ортиқ бахт бормикан? Ўша зиёфат пайти Алибек Днишев билан Дўстхон Жўлжақсиновлар ҳам Президентнинг илтимосига кўра бир нечта ажойиб қўшиқларни ижро этдилар. Маълум бўлдики, ўзим ҳам ижод аҳлига мансуб бўлсам-да, аммо қўшиқчиларнинг репертуаридан ўрин олган янги асарларни билмас эканман. Президент билан чин дилдан суҳбатлашиб ўтирган пайтларим кўпинча у киши ўз халқининг тарихини теран билмоққа интилаётганига гувоҳ бўламан. Бир гал гап ижод масаласига бориб тақалдию у киши: — Қўйшиғари Солғариннинг «Олтин илдиз», «Шажара» номли тарихий мавзудаги роман-есселарини ўқидингми? — деб сўраб қолдилар. Ўша китоблар анчадан бери кутубхонамда ётган бўлса-да, аммо ўқиб чиқишга вақт топганим йўқ эди. Ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Нурсултон Абишевич бош қаҳрамон бўлган бир қизиқ воқеа ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди. У пайтлари Қозоғистон Компартияси Марказқўмининг биринчи котиби Колбин эди. Унинг ҳокимият тепасига келиши Олмаотада декабр воқеаларига сабаб бўлади. Қозоқлар бундай одамлар тўғрисида: «Унинг тупуги ерга муз бўлиб тушади», дейишади. Орол фожиаси тўғрисида ҳар ким қарама-қарши мулоҳазаларини баён этаётган кезларда биз Колбиндан денгиз фожиасига бағишланган мавзуда анжуман ўтказишга рухсат олдик. Келишувга биноан анжуман Қизил Ўрдада ўтказилиши лозим эди. У пайтлари Нурсултон Абишевич республика Вазирлар Маҳкамасининг раиси эди. Биз тармоқ вазирлари, тегишли идораларнинг раҳбарлари билан биргалиқда вилоят марказига учиб бордик. Колбин узундан-узун кириш сўзи айтди. Кейин Н.Назарбоевнинг нутқи тингланди. Сўнгра Оролни асраш бўйича жамоатчилик қўмитасининг президенти сифатида каминага сўз борилди. Эсимда, ўз нутқимда тубандаги мисолни келтирган эдим. Франсия қироли Людовик XIV шайтоннинг гапига кириб, шеър ёзмоқчи бўлибди. Бир гал ўша пайтлари Франсияда машҳур бўлган танқидчини ҳузурига чақириб, унинг қўлига ўзи ёзган шеърларни берибди: «Фикрингни билмоқчиман», дебди қирол. Танқидчи ўйланиб қолибди: агар қиролга бор ҳақиқатни айса, арслоннинг оғзига бошини тиққандек бўлади; шеърларни мақтаб юборса, виждонга хилоф равишда ёлғон гапирган бўлади. Шунда танқидчи: «Зоти олийлари, сиз ўз олдингизга мазза-матрасиз, бемаъни шеър ёзишдек ниҳоятда оғир вазифани асосий мақсад қилиб қўйган экансиз. Бу вазифани шараф билан адо этибсиз!» деган экан. Ўша афсонани баён қилганимдан сўнг, бетга айтилган аччиқ ҳақиқатни кўпчилик ҳукмдорлар ёқтиришмайди, деб илова қилдим. Шундай бўлса-да, бор ҳақиқатни у ёки бу шаклда айтишга қодир бўлган инсонлар топилиб туради. Ундай кишилар бизда ҳам оз эмасди. Xуллас, кўнглимда тўпланиб қолган гапларимни — Орол ҳалокати, Қозоғистондаги экологик аҳвол тўғрисида ўйлаб юрган фикр-мулоҳазаларимни айтиб-айтиб минбардан тушиб кетдим. Тушликка танаффус эълон қилинди. Анжуман бўлаётган Нортой Бекежонов номидаги вилоят драма театрининг битта хонасига дастурхон ёзилибди. Бизни тушликка таклиф этдилар. Дастурхон тўрига Колбин, Назарбоев, КПСС Марказқўмининг сектор бўлимининг мудири (исми эсимда йўқ), Қизил Ўрда вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Овулбеков ва камина ўтирдик. Тўрга беш киши жойлашдик. Шу пайт Нурсултон Абишевич ўсмоқчилаб: —Хўш, сенга ҳозир анави амакини олқишлаб юборайми? — деб сўради атайлаб қозоқчалаб. У ёнимизда ўтирган Колбинни назарда тутганди. — Ёки «оғиз бостириқ» — сукут сақлаганим учун ҳақимни берасанми? —Лекин бизнинг «амаки» ёш бола эмас-ку, — дедим ҳеч нарсадан бехабар ҳолатда. —Ундай бўлса, ўзинг биласан, — деди кулумсираб Нурсултон Абишевич. Сўнг, мен томонга ўгирилиб, рус тилида давом этди: — Мухтор! Анжуман иштирокчилари нутқингни жуда яхши кутиб олдилар, роса қарсак чалишди. Бироқ, қирол тўғрисидаги гапларингни қандай тушуниш керак? Ўша афсонанинг Оролга нима алоқаси бор? Ўша мисол билан Геннадий Василевичга ишора қилмадингми, ишқилиб? Шу заҳоти Колбиннинг ранг-қути ўчиб кетди. —Эй, ростдан ҳам, ўша қирол баҳонасида мени назарда тутдингми? Боя мен унчалик эътибор бермаган эканман-ку! — деди Колбин жиддий. —Йўғ-е, нима деяпсиз, мен бутунлай бошқа нарсани назарда тутганман. Бошқа нарсага эътиборни қаратмоқчи бўлдим, деб ўзимни оқлай бошладим. Аммо, у менинг гапларимга ишонмаётгани шундоқ билиниб турарди. Тушлик пайти иштаҳам ғиппа бўғилди. Иш чаппасига айланиб кетди. Энди нима қилишни мутлақо билмасдим. Худога шукр, ишга яна-тағин Нурсултон Абишевичнинг ўзи аралашди. — Геннадий Василевич, мен шунчаки ҳазиллашгандим. Мухтор ҳам доим ўз фикрини тарихий воқеалар, афсоналар билан кучайтирмоқчи бўлади. Анави қиролнинг сизга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Албатта, одамлар ҳам бундай деб ўйлашгани йўқ. Умуман, у ўзи яратган қалтис вазиятни ўзи бартараф этди. Мантиқий мушоҳадаси кучли бўлгани учунми ёки инсон руҳиятини яхши билгани учунми, ишқилиб, Назарбоев ўша пайтлари Колбиннинг хаёлларини, кайфиятини керакли ўзанга буриб юбора оларди. — Э-е, бошидан шунақа демайсанми, — деди Колбин юзлари ёришиб. У яна руҳан тетиклашиб қолди. Айтматов. Эсимда, бир сафар Қозоғистонга борган пайтимда Колбин каминани ўз ҳузурига таклиф этди. Кўпинча бирор инсон тўғрисидаги илк таассурот нотўғри бўлади. Ўша пайт у менга хийла оқил, мушоҳадакор туюлганди. Афтидан, ўзини шундай кўрсатишга тиришган бўлса керак. Шохонов. Дарҳақиқат, республика раҳбари бўлгач, адабиёт ва санъат аҳли томонидан мададга муҳтож Колбин улардан ширин сўзларини аямасди. Бироқ, унинг бундай хатти-ҳаракатлари самимий эмасдек кўринарди. Ҳийла-найрангни узоқ вақт яшириб бўлмайди. Дастлаб, у: «Бир йилдан сўнг мен қозоқ тилида нутқ сўзлайдиган бўламан!» деб ҳаммани ҳайрон қолдирди. Афсуски, «Саламациз ба?» деган қозоқча сўзни ўрганган пайтида Қозоғистон билан хайрлашди. Айтматов. Осонликча муваффақият қозонаман деб ўйлаган, миллий анъаналарга бефарқ бўлган, ўзи бошқараётган одамларнинг маънавий бойлигини назар-писанд қилмаган ҳукмдор ҳеч жаҳонда зафар қозонганми? Шохонов. Бир сафар Нурсултон Назарбоев билан гаплашиб ўтириб, ундан қуйидаги афсонани эшитдим. Қадим замонда битта хон яшаган экан. Бойлиги чексиз экан. У бир куни мулозимлари билан шикорга чиқади. Ўрмон оралаб ўтадилар, довондан ошиб тушадилар. Қўққис улар қаршисидан чиройли сайғоқ чиқиб қолади ва ҳуркиб қочади. Xон камондан ўқ узиб, сайғоқнинг орқа оёғидан ярадор қилади. Xон мулозимлари бақир-чақир қилишиб, сайғоқни жар ёқасига сиқиб бораверадилар. Бир тараф тик қоялик эди. Ярадор оёғини судраб, аранг қочиб бораётган сайғоқ иложсиз қолгач, ҳув олисда турган юртни кўриб қолади ва очиқ турган эшигидан ўзини ичкарига уради. Юрт эгалари ўша пайтда дастурхон теварагида ўтиришиб, тушлик қилишаётганди. Сайғоқ дастурхон устидан сакраб ўтадию тўри томонга йиқилиб, ҳолдан тойганча оғир-оғир нафас ола бошлайди. —Сайғоқни ҳайдаб чиқар! — деб қичқиради отда турган хон уй эгасига энгашиб. — Мен чошгоҳдан бери унинг орқасидан қувлаб юрибман. Бу менинг ўлжам! —Олампаноҳ, тўғри гапиряпсан! — деб жавоб беради чол. — Бу сайғоқ ўлжанг сенинг, аммо у менинг уйимнинг тўрида ётибди. Кўриб турибсанки, дастурхоним ёзиғлиқ. Ҳеч ким дастурхонни ҳатлаб ўтолмайди. Ҳатто ашаддий душманлар ҳам дастурхон устида ярашадилар, гина-кудуратни унутадилар. Муқаддас анъанамиз шундай. Сен хон бўлсанг ҳам, лекин боболаримиздан қолган удумни бузишга ҳаққинг йўқ. Хон ҳеч нарса деб жавоб бера олмайди ва от жиловини буриб, орқага жўнаб қолади. «Фарғона водийсидаги ўн минглаб ўзбеклар Ўш томонга боришяпти!» «Кечаги кундан эътиборан Олой қирғизлари отларига миндилар!» Шунда Мен Ўзбекистондаги ҳар хил жамоат ташкилотларининг раҳбарларига: «Келинглар, оға-инилар, сеники нотўғри, меники тўғри деган мунозарани бас қилайлик. Ростини айсак, ҳаммамиз айбдормиз. Вазиятни кескинлаштиришдан фойда йўқ», дедим. Барча менинг фикрларимни бир овоздан қўллаб-қувватлади. Тез орада менинг келганимдан хабар топган Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби Ислом Каримов аеропортга етиб келди. Ҳар доимгидек муайян бир масалага бутун диққат-еътиборини жамлаган, ҳаракатчан, ғайратли эди. Яккама-якка чин дилдан гаплашдик. Мен унга: «Ўшга кирмоқчи бўлаётган фарғоналикларни тўхтатинг, — деб илтимос қилдим. — Агар икки оломон бир-бири билан тўқнашиб кеса, кейин уларни тўхтатиш ҳам, тинчитиш ҳам қийин бўлади. Жуда катта хунрезлик рўй бериши ҳеч гап эмас. Биз ҳам Ўш вилоятини тинчитиш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз». Каримов билан гапимиз бир жойдан чиқди. У менинг фикр-мулоҳазаларимни батамом қўллаб-қувватлади ва самолёт зинапоясига қадар кузатиб қўйди. Ўш вилоятига бориб, шарт-шароитлар билан танишганимдан сўнг, мен республика телевидениеси орқали Ўзбекистон халқига мурожаат қилдим. Бу ҳодиса нимадан бошлангани, агар низо кучайиб борадиган бўлса, охири жуда ёмон бўлиши мумкинлиги тўғрисида дилимда бор гапларимни очиқ-ойдин айтдим. Ўша пайтда менинг ёнимда Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодиров ҳам ўтирган эдилар. Улар ҳам менинг фикрларимни қувватлашиб, бутун ўзбек халқини босиқликка чақирдилар. Қадимдан қон-қардош бўлган икки халқ ўртасида пайдо бўлган нифоқни бартараф этиш борасида ўшанда Ислом Каримов улкан давлат арбобига муносиб бўлган ақл-идроқ, донолик намунасини кўрсатди. Қозоғистоннинг ПЕН-клуби навбатдаги мажлисларидан бирини Кустанойда ўтказди. ПЕН-клуб президенти Абдужамил Нурпеисовнинг таклифига кўра, мен ҳам ўша мажлисда қатнашдим. Ўзим яқинда Франкфуртдан қайтгандим. Xуллас, уйга қайтаётиб, йўл-йўлакай Тошкентга ҳам тушиб ўтдим. Оқшом чоғи Ислом Каримов каминани йўқлаб келди. Биз Марказий Осиё маданиятининг ҳозирги аҳволи тўғрисида жуда узоқ суҳбатлашдик. Илгари мен бу кишини фақат хўжалик ишларининг миридан-сиригача яхши биладиган тажрибали сиёсатчи сифатида билардим. Ўша оқшомдаги суҳбатдан сўнг амин бўлдимки, бу зот ўз халқининг, ўз давлатининг тарихини теран биладиган, маданият ва санъатнинг турли тармоқлари бўйича чуқур тасаввурга эга бўлган том маънодаги давлат арбоби экан. Айнан ўша учрашувимиз самараси ўлароқ Марказий Осиё халқларининг Ассамблеясини тузиш ва йирик анжуман ўтказиш ғояси дунёга келди. Шохонов. 1995 йили Тошкентда Марказий Осиё халқларининг маданият Ассамблеяси ўз фаолиятини бошлади. Унга бир овоздан Сиз президент этиб сайландингиз. Мустақиллик қўлга киритилгандан кейин хийла тарқоқлашиб кетган мамлакатларнинг адабиёт ва маданият намояндалари биринчи марта юзма-юз учрашиш, мавжуд муаммоларни биргаликда муҳокама этиш имкониятига эга бўлдилар. Ўша нуфузли анжуманда Одил Ёқубов, Шукрулло, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ёқубжон Xўжамберди, Аҳмаджон Мелибоев каби ўзбек адиблари ва кинодраматург Xайрулла Жўраевлар билан мулоқотда бўлиш шарафига муяссар бўлдим. Улардан Ислом Каримов тўғрисида илиқ сўзларни эшитдим. Қаламкаш дўстларим Ўзбекистон Президентининг юксак интеллектуал қувваи ҳофизаси ҳақида гапириб бердилар. Унинг шоир ва ёзувчиларга кўрсатаётган чинакам ғамхўрлиги сифатида республикада ўша йили элликдан ортиқ квартира ажратилгани ҳам гувоҳ бўлиши мумкин. Шубҳасиз, бу ҳол халқнинг маънавий бойлигини сақлаб қолиш ва ривожлантириш йўлида қилинаётган амалий ҳаракатдир. Яшириб ўтирмайман, мен илгари Ислом Каримовни сиёсатчи сифатида яхши билмасдим. Бироқ, ўша сафардан сўнг қардош мамлакатнинг Президенти тўғрисида бир олам таасссурот билан қайтдим. У кишига ҳурматим янада ортиб кетди. Айтматов. Ёшлик пайтимда буюк саркарда Амир Темур тўғрисида битта афсона эшитган эдим. Ҳозир ҳам ўша афсона эсимдан чиқмайди. Буюк ҳукмдор бошқа қутлуғ ишлар қаторида Бухоро ва Самарқандда наққошлик санъати ривожланишига алоҳида гамхўрлик қилади. Унинг даврида кўплаб осмонўпар мачитлар, мақбаралар, миноралар бунёд этилади. Аста-секин қўл остидаги ўлкаларни илм-фан марказига айлантириб юборади. У барпо этган боғ-роғлар, ҳовузли оромгоҳлар тўғрисида хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган элчилар тўлқинланиб хотиралар ёзганлар. Ҳукмдор тўғрисида бир қанча афсоналар мавжуд. Шулардан бири қуйидагича. Амир Темур Шарқда машъал бўлмиш Самарқанд ва Бухоро шаҳрини тубдан қайта қурган даврларда улуғ шоир Ҳофиз Шерозий: «Агар кўнглимни ром эца ўшал Шероз жонони, Туркий холига бахш этгум Самарканду Бухорони!» деган инжа мисраларни гўзал бир ғазалининг кўксига қадаб қўяди. Амир Темур Эрон юриши пайти Шероз шаҳрида тўхтайди ва улуғ шоирнинг шу ерда яшаётганини эшитиб: — Ўша шоирни келтиринглар! Қани, жононнинг холига менинг икки жавоҳир шаҳримни инъом этиб юборадиган ҳотамтойни бир кўриб қўяй-чи! — дейди. Гўё дарвешона кезиб юрадиган шоирни чопарлар излаб топа олмайдилар. Лекин, кунларнинг бирида Амир Темур ўз қўналғаси айвонида офтобда исиниб ўтирса, кўчадан Ҳофиз ўтиб қолади. Қоравуллар дарҳол шоирни тутиб келтирадилар. — Самарқанд билан Бухорони тортиқ қилиб юборган ошиқ сенмисан? — деб сўрайди Темур дагдаға аралаш. — Биргина хол учун икки шаҳарни бериб юборибсан-а! Шунда Xожа Ҳофиз: — Эй, олампаноҳ, бир қошиқ қонимдан кечинг! — деб илтижо қилади шоир. — Менинг ҳамма бойлигим эгнимда турибди. Қанақа эканини ўзингиз кўриб турибсиз. Камбағалнинг қўли очиқ бўлади. Турк гўзалини кўкларга кўтариш мақсадида ўша икки шаҳарни тортиқ қилиб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Амир Темур шоирга синчиклаб разм солса, дарҳақиқат, унинг эгнида жулдур чопон, оёғида эса титиғи чиқиб кетган чиптаковуш. — Ҳа-а, қўлинг очиқ экан! Жуда олижаноб инсон экансан! — деб чин дилдан кулиб юборади ҳукмдор. — Агар мен буюк амир бўлсам, сен буюк шоирсан. Бундан кейин менинг саройимнинг тўри — сеники бўлсин. Умрингнинг охиригача қаватимда яшайвер; муҳтожлик нималигини билмай, гўзал ғазаллар ёзавергин! Бир оз сукут сақлагач, Амир Темур мулозимларига назар ташлайдию: — Ўз шоирини излаб юрган подшонинг қўл остидаги халқ бахтли бўлади. Бироқ, ўз ҳукмдорини излаб юрган шоирнинг халқи бахсиздир. Менинг бу сўзларим ҳаргиз ёдингизда бўлсин! — дейди. Шохонов. Энди яна бугунги кунларимизга қайтамиз. 1995 йил баҳорида қирғиз матбуоти: «Айтматов ўз номзодини президентликка қўйса ажаб эмас!» деб шов-шув кўтарди. Сизнинг Қирғизистондаги ва бутун турк оламидаги обрў-еътиборингизни яхши биладиган одамлар: «Нима бўпти, Чике бемалол президент бўлиши мумкин», дейишарди. Бундай миш-мишлар кундан-кун авж олиб кетаверди. Ниҳоят, ўзингиз Белгиядан телефон қилиб қолдингиз. Мен одамлар оғзида юрган миш-мишларни гапириб бердим. Шунда Сиз: «Шахсан менга ва, умуман, қирғиз халқига яқин бўлган одам сифатида матбуотда суҳбатингни чоп эттиргин. Бундай миш-мишлар қуруқ гап эканини, ҳақиқатдан узоқ эканини тушунтириб бергин. Назаримда, бундай миш-мишлар жамиятимиз барқарорлигини издан чиқариб юборишдан манфаатдор бўлган кимсалар учун керак», дедингиз. Мен дарҳол матбуотда суҳбатимни эълон қилдим. Қирғиз тупроғида миш-миш тарқалмаслиги учун қўлимдан келганча ҳисса қўшдим. Кейинчалик Нурсултон Назарбоев Франсияда Сиз билан учрашган чоғида ўша масала хусусида фикр алмашганини гапириб берди. «Улкан ёзувчига президентликнинг нима кераги бор?.. Адабиётнинг вазифаси — бошқа. Xудога шукр, Чикенинг обрў-еътибори президентникидан кам эмас. Анави миш-мишларни оғзига кучи етмайдиган кимсалар тарқатишяпти», деди у. Чике, ҳамма жуда яхши эслайдики, республика парламенти Сизнинг номзодингизни президентликка тавсия этгач, рад этгансиз ва Асқар Ақаевни тавсия қилгансиз. Бу воқеага бевосита алоқадор бўлган қаламкаш дўстимиз, Қирғизистон демократик ҳаракатининг раҳбарларидан бири бўлган Қазат Акметов шундай ҳикоя қилади: «1990 йилдан бери камина раҳбарлик қилаётган «Қирғизистон демократик ҳаракати» партияси мамлакатда президент лавозимини жорий этиш тўғрисидаги таклифини парламент кун тартибига киритди. Дастлаб, бизнинг таклифимизни бирорта ҳам депутат қўллаб-қувватламаган бўлса-да, лекин вақт ўтиши билан тарафдорларимиз сони ортиб бораверди. Бироқ, Қирғизистон Компартияси Марказий қўмитаси бизнинг таклифимизга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатаверди. Афтидан, уларнинг кўпчилиги Қирғизистон мустақил давлат бўлиши мумкинлигини ҳатто тасаввур эта олмасди. Ҳокимият жиловини ўз қўлларида ушлаб олган кимсалар имтиёзлардан маҳрум бўлиб қолишни асло истамасдилар. Шу боис: «Совет Иттифоқида битта президент бор. Ўшанинг ўзи етарли. Ҳар бир республикада яна президент сайлаб ўтиришга ҳеч қандай хожат йўқ», деб баёнот беришди. Ўша йилнинг ноябр ойида парламент мажлисларида бўлиб ўтган қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, президент ҳокимиятининг тарафдорлари ғолиб келишди. Республика партия ташкилоти вақтинча бўлса-да тари-хий саҳнани тарк этди. Такрорий сайлов пайтида ҳам бирорта номзод ғалабани таъминлайдиган даражада овоз тўплай олмади. Парламент сиёсий жиҳатдан боши берк кўчага кириб қолди. Сессиядаги мунозаралардан сўнг, ниҳоят, 25 депутатдан иборат комиссия тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Комиссия таркибида мен ҳам бор эдим. Бизнинг олдимизда жуда мураккаб вазифа турарди: хўш, Қирғизистоннинг биринчи президенти лавозимига кимнинг номзодини тавсия этамиз? Бизнинг бир тўхтамга келишимизни сессия уч кун мобайнида сабрсизлик билан кутди. Комиссия аъзолари аста-секин икки гуруҳга бўлиниб қолди. 12 нафар депутат эски раҳбарни президент лавозимига сайлаб олиш мақсадига умумхалқ референдуми ўтказишни ёқлаб чиқди. Бошқа 12 нафар депутат эса президентликка янги номзодлар кўрсатилиши керак деб туриб олдилар. Битта депутат бетараф қолди. Мунозара қизиб кетди. Сиёсий кампанияни синчиковлик билан кузатиб бораётган жамоатчилик ташвишга тушиб қолди. «Қирғизистон демократик ҳаракати» сессия давом этаётган парламент биноси қаршисида кечасию кундузи ёшларнинг сурункали намойишини уюштирди. Ёшлар «Айтматов президентликка номзод!» деган шиорларни кўтариб олишган. «Оқ уй» ёнида 140 нафар сайловчи очлик эълон қилади. Мана шундай оғир бир вазиятда комиссия аъзолари: «Айтматовнинг номзодини президентликка таклиф қиламиз», деган қарорга келдилар. У пайтлари ёзувчининг ўзи Москвада эди. — Ҳозироқ телефонда ўзи билан гаплашгин. Зудлик билан бу ерга етиб келсин! — дейишди депутатлар бир овоздан. Биз Тўламуш Укеев ҳамда Барпи Риспоевлар билан биргаликда Москвага сим қоқдик. Xайрият, ёзувчи уйида экан. Мен айтган янгиликни диққат билан тинглагач, Айтматов бундай деб жавоб берди: — Президент бўлиш учун тайёргарлигим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ. Бу жуда масъулиятли, фахрли лавозим. Сизларга мингдан-минг раҳмат! Бундай лавозимга иқтисодчи, ҳуқуқшунос ёки қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис кўпроқ муносиб бўлади. Мен ёзувчилигимни юксак мартабага алмаштирмоқчи эмасман. Ижодий режаларим жуда кўп. Xудо хоҳласа, янги асарлар ёзмоқчиман. Мен ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Биз унга, сиз рози бўлсангиз — бас, шак-шубҳасиз президент бўласиз, дедик. Бизнинг сўзларимиз чин ҳақиқат эди. Агарда Айтматов: «Бўпти, сизлар нима десаларинг шу», деганда борми, парламент уни президент этиб сайлаши аниқ эди. Ундан розилик олиб бўлмаслигига тўла-тўкис ишонч ҳосил қилганимиздан сўнг: «Ўзингиз кимни тавсия этган бўлардингиз?» деб сўрадик. — Ана бу бошқа гап, оббо, азаматлар-ей! — деб енгил тин олди. — Аллақачон шуни сўраш керак эди... Мен, масалан, президентликка Асқар Ақаев номзодини тавсия этаман. У юксак малакали, ҳалол, зийрак инсон. Вақти-соати етгач, у ҳақиқий раҳнамо бўлиб қолади. Асқарнинг ўзи бу пайтда Москвада СССР Олий советининг сессиясида эди. — Бу таклифни Сизнинг номингиздан парламент муҳокамасига тавсия этишимиз мумкинми? — Ҳа. Парламентга менинг номимдан салом айтинглар. Агар Асқар сайланса, халқимиз учун ҳам, ўзларинг учун ҳам яхши бўлади. Буюк ёзувчининг фикр-мулоҳазаларини кутиб ўтирган 114 нафар депутатдан иборат парламент, ниҳоят, янгиликни эшитиб енгил тин олди. Шундай қилиб, иккинчи турда кўп овоз олган Асқар Ақаев Қирғизистон Республикасининг биринчи президенти этиб сайланди». Чике, Қазатнинг ҳикоясидан маълум бўладики, жамоатчилик билан парламентнинг таклифини рад этганингизни, бир тарафдан, Сиз табиатан камтарин инсон деб, иккинчи тарафдан, ёзувчилик касбига садоқат деб баҳоламоқ лозим. Шундай эмасми? Айтматов. Ҳар ким ўз кучи ва имкониятлари даражасида маълум бир юксакликка кўтарилади. Тақдир каминага ёзувчи қаламини ҳозирлаб қўйган экан. Агар ундан оқилона фойдаланилса, сўз ҳам бебаҳо қурол бўлиши мумкин. Шохонов. СССР Олий советининг аъзоси бўлиб юрган кезларимда мен биринчи марта Асқар Ақаев билан танишган эдим. Сессия давомида унинг ватанпарварлиги кўпчиликни ҳайратга солганди. Мен ўша кунлари Олмаотадаги декабр воқеаларини сессиянинг кун тартибига киритиш учун ҳаракат қилиб юрган эдим. Сиз ўшанда чет элга сафарга кетган эдингиз. Ўша оғир дамларда гўринг нурга тўлгур Андрей Дмитриевич Сахаров ёнимга келиб: «Агар битта палатанинг тўртдан бир қисми, яъни 68 нафар депутат мана шу масалани қўллаб-қувватлаб имзо чекиб берса, кўтарилган масала ҳеч қандай муҳокамасиз ҳам кун тартибига киритилиши мумкин», деб маслаҳат берганди. Бир неча кун давомида оёғимда оёқ қолмасдан ҳар бир депутатнинг орқасидан чопиб юрдим: қўлимдаги икки-уч саҳифа хатни ҳар бирига ўқитиб, тўрт-беш дақиқа бировларнинг оғзига маҳтал бўлиб турдим. Шундай қилиб, уч-тўрт кун ўтди. Ўшанда декабр воқеаларини муҳокама этилишини Қирғизистондан борган 24 депутатдан фақат иккитаси қўрқмасдан қўллаб-қувватлади, холос. Ўшалардан биттаси айнан Асқар Ақаев, иккинчиси эса Талас вилоятидан сайланган ҳайдовчи Телдибек Каримбеков эди. Ўзингиз биласиз, ҳайдовчи машинасидан ажралиб қолишдан қўрқмаса ҳам бўлади. Лекин, тоталитар режим ҳали кучли бўлган бир пайтда Асқар Ақаев республика Фанлар академиясининг президенти эди. Шундай бўлса-да, қозоқ демократик ёшларининг хатти-ҳаракатларини, ўша режимга қарши бош кўтарган ёшларни ҳеч иккиланмасдан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги хатга имзо чекади. Бу имзони мен академик Асқар Ақаевнинг инсоний жасорати деб баҳоладим. Мана шу имзоси учун юксак лавозимидан ажралиб қолиши ҳеч гап эмасди. Ўшандан бери мен фавқулодда маданиятли, одобли, олижаноб бу инсон билан қалин дўст бўлиб қолдим. Айтматов. Эндигина мустақилликка эришган мамлакатларнинг президентлари ҳозирги ўтиш даврида ҳар томонлама синовдан ўтаётирлар. Жамият фақат икки ҳолатда мана шундай мушкулотга дуч келиши мумкин: биринчиси — уруш пайтида, иккинчиси — жуда чуқур ижтимоий ўзгаришлар пайтида. Кўпинча каминани-да ҳайрон қолдирадиган Асқар Ақаевнинг матонати шундан иборатки, кўпинча болға билан сандон орасида қолса ҳам, қарама-қарши томонларнинг тазйиқига дуч келиб турса ҳам, у сўз эркинлигига катта йўл очиб берди. Қаердаки, сўз эркинлиги ва мухолифат тақиқлаб қўйилса, ўша ерда ҳақиқат ўлади. Кўпинча ҳокимият мухолифатдан ўлар даражада қўрқади. Лекин, аслида, мухолифат ҳокимиятни еб қўймайди. Мамлакатнинг сиёсий йўли қандай, демократик жараёнларнинг қотили ким, ким давлат хазинасидан ўғирлаяпти, хорижий мамлакатлардан келган қарзлар нималарга сарфланяпти ва ҳоказо маълумотлар очиқ-ойдин фуқарога етказилиши лозим. Мухолифат эса мана шуларнинг барчасини ҳар тарафлама назорат қилиб туради. Демократик жамиятда мухолифат ҳалол рақиб бўлади; у ҳар қандай хато ва камчиликларингни юзингга айтади. Унинг танқидлари натижасида ўз камчиликларингни тузатиб борасан. Шохонов. Менинг назаримда, Асқар Ақаев қамровдор шахс, олим иқтидори, сиёсатчи қобилияти, ноёб ватанпарварлик хусусиятлари унда жам бўлган кўринади. Тўғри, Қирғизистон Республикасининг Президенти лавозимида эндигина иш бошлаган кезларда баъзи бировлар уни кўнгилчанлиги, ниҳоятда боодоблиги учун танқид қилдилар. Бироқ, ўтган давр кўрсатдики, кимнингдир ғурурига тегмасдан, кимнингдир ёқасига ёпишмасдан, яна кимнидир «тупроқ ейишга» мажбур қилмасдан ҳам мамлакатни бошқариш мумкин экан. Ўз халқининг тарихини, маданиятини, анъаналарини яхши билган Ақаев халқ тажрибасига асосланган кўп асрлик фалсафа, умуминсоний қадриятлар тизимида оқилона мушоҳада юритади. Ақаев билан суҳбат қурган ҳар бир киши биладики, мулойим табассум ёйилиб турган қиёфасида ёки хушнуд нигохларида улкан ақл-идрок, қамровдор дунёқараш балқиб туради. Бишкекда Тўқтагул номидаги Қирғизистон давлат филармонияси биносида ўтган менинг ижодий кечамда навқирон қирғиз шоири Ўмрбек Тиллабоев жуда яхши битта шеърини ўқиб берди. Залда ўтирган Президент: «Бу йигитдан зўр шоир чиқади», деди-да унинг номини ён дафтарчасига ёзиб олди. Миллий бойликка муносиб улуш қўшадиган ҳар қандай янгиликни учқун берган чоғидан эътиборан қўллаб-қувватлаш мамлакат раҳбарининг фазилати бўлиши керак. Ақаев ўз асарларидан тушган маблағ ҳисобидан Алиқул Ўсмоновга ҳайкал ўрнатяпти. Қирғиз адабиёти осмонида яшиндай бир чақнаб сўнган бу шоир қисқа умр кўрди, лекин ўзидан кейин гўзал ижодий мерос қолдирди. Эътироф этмоқ жоизки, кейинги йилларда одамлар умуман санъатга, хусусан театрга ҳам унчалик қизиқмай қўйишди. Албатта, мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол бунга тўсиқ бўлиб турибди. Қирғизистон Xалқ артисти Арсен Ўмралиев раҳбарлик қиладиган Бишкек театри ўз томошабинлари учун япон драматурги Модзаемон Тикамацунинг «Амудзима» песасини тайёрлади. Премерага йирик жамоат ва давлат арбоблари, Асқар Ақаев бошчилигидаги чет элларнинг элчилари таклиф этилди. Бу асар илк бора қирғиз тилида намойиш этилаётган бўлса-да, лекин спектаклда қатнашган артистлар ажойиб ижрочилик маҳорати, япон халқининг маданиятини теран англаб етгани, миллий ўзига хосликни, дунёқарашни аниқ ифода этганлари туфайли томошабинлар қалбида ёрқин из қолдирдилар. Премерадан сўнг фикр алмашув бўлди. Бу муҳокамада Қирғизистоннинг Япониядаги собиқ бош консули, ҳозирги Қирғизистоннинг давлат котиби Ишенбой Абдураззоқов, Россиянинг элчиси Михаил Романов, Покистоннинг элчиси Назар Аббос, Ҳиндистоннинг элчиси Рам Сваруп Мукижа ва камина иштирок этдилар. Суҳбат охирида Асқар Ақаев сўз олиб, спектакл тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Президент бадиий асарни жуда теран тушунганидан, кучли қувваи ҳофизасидан ҳамма ҳайратланди. Маълум бўлишича, Ақаев песа матнини келтириб беришларини сўраб, диққат билан ўқиб чиққан экан. Кейин таржимани таглама билан таққослаб кўрибди. Таржиманинг яхши чиққан ўринлари аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди. Президент фақат шулар билан чекланиб қолмасдан, Модзаемон Тикамацу қаламига мансуб бошқа асарларни сўраб-суриштириб, қайси тилларда чоп этилганини аниқлаб, бу асарларни айнан мана шу жанрда яратилган бошқа асарлар билан таққослаб кўрибди. Актёрлар муаллиф фикрини аниқ ифодалай олганлари, спектакл юксак даражада чиққани тўғрисидаги Ақаевнинг маърузасини залда тўпланганлар гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар. Бошқаларни билмадим-у, шахсан ўзим спектаклга ҳеч қандай тайёргарлик кўрмасдан келганим учун уялиб кетдим. Айтматов. Қирғиз тупроғида Ақаевдек биродарим борлигидан бағоят мамнунман. У чексиз ҳокимиятдан ҳам инсонийлик нуқтаи назаридан фойдаланиш мумкинлигини исботлаб берди. Шундай қилиб, Миср эҳромларидан бошланган суҳбатимиз табиий равишда бизнинг ажойиб замондошларимизга — уч қардош давлатнинг президентларига келиб тақалди. Ҳаммага бирдек маъқул бўладиган раҳбар борлиги тўғрисида шу пайтгача эшитганим йўқ. Ҳаммага бирдек ёқадиган раҳбар борлигига ишонмайман, Алалхусус, Назарбоев тўғрисида ҳам, Каримов тўғрисида ҳам, Ақаев тўғрисида ҳам халқ ўртасида, жамиятда бошқача фикрда юрган одамлар бўлиши шак-шубҳасиз. Уларнинг фаолиятига ҳар ким қарама-қарши баҳо бериши ҳеч гап эмас. Демократия нуқтаи назаридан қаралса ҳам бу ҳолат мутлақо табиийдир. Биз уларнинг ҳокимият чўққиси томон ташлаган илк қадамлари, маънавий бойликлари, уларга алоқадор бўлган ва ўзимиз гувоҳ бўлган воқеалар тўғрисида қисман тўхталиб ўтдик, холос. Қалбимизни ўртаётган ташвишларни ҳам яшириб ўтирмаймиз. Шохонов. Қалбимизни ўртаётган ташвишнинг асоси, назаримда, Сапармурод Ниёзов — Туркманбошининг ҳозирги режимидир. Шахсга сиғиниш натижасида халқ бошига қандай мусибатлар тушиши мумкинлигини жуда яхши биладиган Ниёзовнинг ўзи ҳам айнан ўша йўлни танлади. У тириклик пайтидаёқ ўзига икки юздан ортиқ ҳайкал қўйдирганини орқаваротдан эшитган ҳар қандай одам беихтиёр кулиб юборишини у билармикан? Ёки бўлмасам, айтайлик, авлодларни-ку қўя турайлик, сон-саноқсиз хўжаликларга, атрофларга, шаҳарларга, ҳатто каналга ҳам унинг номи берилганини, пулга расми босилаётганини кўриб турган замондошлар нима деб ўйлашар экан? Айтматов. Рус тилида чоп этиладиган битта корейс журналида Ким Ир Сенга алоқадор қизиқ бир воқеани ўқиб қолдим. У Шимолий Кореяни деярли ярим аср бошқарди, ҳаёт пайтидаёқ ўзини илоҳийлаштириб улгурди. Бир марта тошқин пайтида соҳилдаги қишлоқларни сув босади. Асов тўлқин ёш гўдагини опичлаб олган бир аёлни ҳам оқизиб кетади. Аёл оқиб кетаётган пайтида сув юзасида қалқиб бораётган Ким Ир Сен портретига кўзи тушиб қоладию қўлидаги боласини ташлаб, доҳий портретини қирғоққа олиб чиқади. Журнал ўша аёлнинг саъй-ҳаракатини юксак ватанпарварлик намунаси деб баҳолайди... Албатта, бу ҳол санамга сиғинишдан ва сиёсий манқуртликдан бошқа нарса эмас. Надоматлар бўлғайким, чексиз ҳокимият одамларни кўпинча ўз қадр-қимматини билмайдиган, инсоний гурурини ҳис этмайдиган ҳолатга келтириб қўяди. Президент ҳокимияти — инсон бошига қўниши мумкин бўлган бахт қуши, тақдирнинг буюк иноятидир. Баъзилар бу сиёсий шоҳсупага ўз иқтидори, ақл-идроки, ўзига хослиги ва бошқа фазилатлари туфайли кўтарилади. Бошқаларга эса бошқарув жилови тасодифан насиб этади. Тарихий ўтиш даврида кўпинча шундай бўлади. Бошқарув жилови гоҳида халқ оёғига урилган кишан бўлиб қолиши ҳам мумкин. Биз юқорида эслатиб ўтган кўплаб тарихий ҳодисалар шундан гувоҳлик беради. Шохонов. Ҳукмдор учун тарих тарозисида фақат уч дона тош бор: бу тошларнинг номлари — халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Унинг оақл-идроки оу борада ҳакам бўлиши керак. Акс ҳолда, у халқ ишончини йўқотади. Ўзим жиддий ҳурмат қиладиган Аҳмаджон Есимовни Олмаота вилоятига ҳоким этиб сайлашгач, ҳазил аралаш: — Мансаб хақиқий йигит учун — синов. Фақат ҳозирги замонда эмас, балки ўтмишда ҳам шон-шуҳратга бефарқ қарайдиган одам жуда кам бўлган. Умид қиламизки, сен ўша камёб одамлар рўйхатидан муносиб ўрин оласан, — дедим. Камбағал оилада дунёга келиб, кейинчалик юксак мартабага эришган Аёз бий шон-шуҳрат чўққисига кўтарилиб, қудратга тўлган пайтларда ҳам сарой эшигида жулдур кийимлари осиқ турар экан. Шу нарсалар унга ўтмишини эсига соларкан. Айтматов. Масалан, Ислом Каримов Жиззахга сафарга борган пайтида унинг иккита катта портретини осиб қўйганлари учун вилоятнинг иккита раҳбарини вазифасидан бўшатиб юборганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Шохонов. Бу таҳсинга лойиқ ҳодиса. Ислом Абдуғаниевич камтарлик масаласида буюк боболарининг изидан кетяпти. Энди мен «Темурнинг сўнгги васияти» номли янги шеъримни ўқиб бермоқчиман. Амир Темур аскарлари Самарқандга — пойтахтга қайтди узоқ юришдан. Оқшом эди. Кўксаройнинг гумбазлари жилвагар... Ғалабага улуш қўшган буронғору жувонғорни ўз кўшкига тўплади Амир. Суҳбат узра танбур навоси таралади оҳиста, ажиб. Гўё оққуш учар ҳавода... Шу дам туриб Xожа Ҳофиз , ўша машҳур Ҳофиз Шерозий ўқий кетди мумтоз бир ғазал. Ҳаяжондан Амир бош иргаб: — Қандай ажойиб! Сўз мухтасар, туйғу мухтасар! — деди маъқуллаб. Шу пайт кимдир сакраб ўрнидан қайта-қайта таъзимда бўлиб, сўз сўради ногоҳ Амирдан: — Улуғларнинг улуғи Сизсиз, доноларнинг Сизсиз доноси, жасурларнинг жасури ҳам сиз.. Боз устига, ғазал мухлиси, сўз қудратин илғайсиз нозик. Фахрдамиз сиздай Соҳибқирондан! — Бас қил, етар! — ҳайқирди Амир. — Сен чиройли ёлғон айтасан! Билмайсанки, сўз бўлмаса, куй бўлмаса, эй, сен мутомбир, бу дунёда яшаб қайтасан? Гўзалликни қадрламоқ вазифаси одамнинг! Бунинг учун ялаб-юлқамоқ ерур иши фақат нодоннинг! Шундай дея қаттиқ тикилди: — Ким бўласан, айт ўзинг? — Xуросоннинг ҳокимидурман. Табриклашга келган эдим Сиз эришган ғалаба билан! — Сен шу тобдан эмассан ҳоким! Шундай бўлар — бу менинг ҳукмим. — Гуноҳим не, ў-ў, улуғ амир? Бечораҳол сўрар қалтираб. Сен айёрсан мисоли тулки, биласанки, хушомад қурол! Дош беролмас не-не улуғлар. Ҳукмдорнинг ҳақиқатини шу хушомад албат ўлдирар. Касофати сенга эмас, халққа уради. Бундан буён амирлик сўзим: мамлакатда мендан тортиб, ким хушомад, мақтовлар айса, ҳаддан ошиб бица қасида, жазолансин, балки шунда мамлакатда туради тартиб. Сен-чи, ҳоким, йўлдан нари тур, — деб Амир анжуманни тарк этди мағрур... Қатимизда ўгирибди мана, ёш ҳоким. Олти аср беридан туриб, кеч бўлса-да ўзиб вақтни қайта-қайта ўйлаб кўрсин Амир Темур васиятини мана шу ҳоким! Айтматов. Ҳа, бу шеър мазмунини ҳар биримиз жиддий ўйлаб кўрмоғимиз лозим. Унинг мағзини чақиш керак. Мен Қирғизистоннинг турли бурчакларидан кўплаб мактублар олиб тураман. Xалқнинг турмуш даражаси пасайиб кетди, экологик ҳалокат, инсоний фазилатлар путурдан кетяпти — ҳаммасини санаб адоғига етиб бўлмайди. Булар ҳеч тугамайдиган мусибатномага ўхшайди. Айниқса, бир мактуб юрагимга қаттиқ ботди. — Бизнинг Конституциямизга «дуо» ва «қарғиш» тўғрисида қўшимча киритилиши лозим, — деб ёзади мактуб муаллифи. — Ўз халқи учун кўп меҳнати синган, жамиятни олға силжитган, оғир дамларда бизни ёлғизлатиб қўймаган раҳбарларни дуо қиламиз. Ундай раҳбар ўша дақиқадан эътиборан «Дуо олган инсон» деган фахрий унвонга сазовор бўлсин. Лекин, жамиятни пароканда қилиб юборган, қора ишлар билан машғул бўлган, давлат мулкини талон-тарож қилган, шахсий манфаатини жамият манфаатларидан устун қўйган раҳбар, аксинча, биздан қарғиш олиши керак. У одамлардан ўзини четга тортиб юрсин, бировнинг кўзига тик қарай олмасин, халқнинг тавқи лаънатига йўлиқсин! Овулда яшайдиган оддий одамлар барча муаммоларни юракка яқин оладилар. Шохонов. Чике, Сиз фақат Марказий Осиё республикаларининг давлат бошлиқларини эмас, балки бошқа ҳамдўстлик мамлакатларининг раҳбарларини ҳам яхши биласиз. Ўша одамлардаги қандай хусусиятлар халқлар келажаги учун ғов бўлади? Айтматов. Назаримда, ғов бўладиган тўртта унсур бор. Айрим президентлар «мен» олмошини тез-тез ишлатиб турадилар. Бундан эҳтиёт бўлмоқ даркор. Чунки, бугунги «мен» эртага бориб «Давлат — бу мен!» деган машҳур иборага айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Иккинчидан, чексиз ҳокимиятга эга бўлган ҳукмдорлар баъзан хатога йўл қўйиши мумкин. Бироқ, улар ўз хатоларини танқид қилишга ҳам, муҳокама этилишига ҳам асло изн бермайдилар. Xатоларини халқдан яширадилар. Демократик тараққиёт йўлини танлаган мамлакатларда президентнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир қарор қатъиян назорат остида бўлади. Бунга жуда кўп мисоллар бор. Учинчи хавф шундан иборатки, парламентнинг ҳақ-ҳуқуқларини, имкониятларини президент чеклаб қўйишга, уни ўз иродасига бўйсундиришга интилади. Масалан, давлат бошлиғининг шахсий самолёти унинг айби билан икки соат мобайнида бекор тургани учун парламент қарорига кўра президентга жарима солинади. Ғарб мамлакатларининг бирида шундай воқеа бўлди. Тўртинчидан, ҳаддан ташқари ҳамд-санолар, сиғинишлар, хушомадлар асло рағбатлантирилмаслиги керак. Ширин сўзлар тўлқинлантирмайдиган, мақтовга бефарқ раҳбарлар жуда оз. Шубҳасиз, ундай шахслар бор. Вақт борида эс-ҳушни йиғиштириб олиш лозим. Васвасага учмасдан, одам ўзини идора қила олиши даркор. Бу нарса мамлакат раҳбари учун ҳам, халқ учун ҳам зарур. Қадим замонлардан то XX аср адоғигача ўтган ёки ҳаёт бўлган ҳар тоифадаги ҳукмдорларнинг маънавий бойликка муносабатлари, уларнинг эътиқоди, асил ҳақиқати ва ёлғон ҳақиқати тўғрисида суҳбатлашдик. Агар бизнинг бу суҳбатимиз замондошларимизни, эҳтимол, ҳозирги ва бўлажак президентларни, ҳеч шубҳа юқ, бир сония ўйлашга ундаса — бас, ўз олдимизга қўйган вазифамизни бажарган бўламиз. Шу боис ушбу суҳбатни турли даврларда яшаб ўтган донишмандларнинг ҳокимият ва маънавият тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан якунлашни истардим. Пифагор. «Аҳмоқнинг қўлига қилич бериш ҳам, виждонсизнинг ихтиёрига ҳокимиятни топшириб қўйиш ҳам бирдек хавфлидир». Ш. Монтеске. «Қасамёд бўйича, қонунлар доирасида, муқаддас байроқ остида ҳаракат қилаётган мустабид подшодан ҳам даҳшатлироқ душман бўлмайди». Д. Дидро. «Зўровонликка асосланган ҳокимият айнан зўровонликнинг қурбони бўлади». Ж. Лабрйуер. «Фахрли жой муносиб инсонни янада юксалтириб юборади, майда одамни эса баттар бачканалаштириб қўяди». Сўзимнинг охирида айтмоқчиманки, халқнинг ахлоқий қадриятларидан, маънавий ҳаётидан айрича йўл тутадиган ҳукмдорлардан бизни тақдири азалнинг ўзи асрасин! Адашган Оққушлар Қичқириғи Ёки Медузаларнинг Сири Дунёдан умидлари узилган, муқаррар ҳалокатга маҳкум бўлган Xўжаёшнинг ўкраб-ўкраб, саннаб-саннаб йиғлаётган товуши тоғ-тошлар узра узоқ вақт таралиб турди. У ҳаддан ташқари шафқациз, бемеҳр, адолациз бўлгани учун ўзини ўзи қарғаб-қарғаб йиҳғларди. Мана шу хосияциз қоядан ажал комига учиб кетажагини билиб, шўр пешонасига муштлаб-муштлаб йиғларди. Унинг мотамсаро товушини эшитган инсон ҳам, йиртқич ҳайвон ҳам қўрқувдан даҳшатга тушарди. Бироқ, ниҳоятда кечикиб айтилаётган истиғфордан, аччиқ тавба-тазаррудан энди ҳеч қандай фойда йўқ эди...Чингиз Айтматов Қадимдан инсоннинг ҳамроҳи — қўшиқ, Ўз қўшиғин айтар ҳаётда ҳар ким. Тоғда айсанг қандай мўъжиза? Айтганингни қайтаради аллаким. Дунё одил, шунинг билан гўзалдир, ҳар ким экканини албат ўради. Барча қилган яхши-ёмонлик қайтмоғи чин бошқа бир ёқдан. Вақти келиб нажот, омонлик «Ал қасосул минал ҳақ»дадур.Мухтор Шохонов Айтматов. Бир куни Яратган Эгам: «Ер юзасидаги бутун тирикликни ихтиёрингга топширяпман. Бепоён текисликлар, пурвиқор тоғлар, кўм-кўк денгизлар, зилол кўллар, қуюқ ўрмонлар — ҳамма-ҳаммаси сеники. Жамики махлуқлар ҳам сенинг ҳукмингда бўлсин. Буларнинг ҳаммасига, биринчидан, Ўзим, иккинчидан, сен жавоб берасан. Ҳаёт Ер юзида гуллаб-яшнайдими ёки ҳаммасининг кули кўкка совуриладими — фақат сенга боғлиқ. Ҳаммаси учун Менинг олдимда ўзинг жавоб берасан», дебди одамга. Шундай қилиб, инсон чексиз ҳокимиятга эга бўлишдек шарафга муяссар бўлган экан. Ер юзида қанчадан-қанча тирик махлуқот борлигини ва яна қанчадан қанчаси инсон қўли билан йўқотиб юборилганини ўйласанг, беихтиёр баданинг жунжикиб кетади. Хўжаёш исмли машҳур овчи ва унинг фожиали тақдири тўғрисида қирғизларда қадимий афсона бор. Бир пайтлар мен ўша афсонани таниқли япон файласуфи Дайсаку Икедега гапириб берган эдим. Кейинчалик халқ афсонасини одамлар оғзидан қайта ёзиб олдим, янги тафсилотлар билан бойитдим. Жуда узоқ йиллар муқаддам бепоён саҳролару улуғвор тоғлардан иборат бўлган азалий қирғиз юртида Xўжаёш исмли ёшгина овчи яшаган эди. У ҳуркак ёввойи эчкининг кўзини бехато мўлжалга оладиган уста мерган эди. Бўрининг изидан қуш каби шиддат билан қувлаб етарди, йиртқични йиқитарди. Баҳайбат тоғ чўққиларини бемалол забт этарди, довюрак эди. У қўлга киритган ўлжа фақат узоқ-яқин қариндошларига эмас, балки бутун овулга ҳам етиб-ортарди. Xўжаёш рўпара келган ҳайвонни ўлдирмагунча тинчимасди; ўзини шу юртнинг хўжайинидек ҳис қиларди: ўзига бино қўйган эди. Ажойиб кунларнинг бирида гўзал қизга уйланмоқчи бўлиб, ошланган йўлбарс, тулки териларини хуржунга жойлаб, териларнинг пахмоқ ва майин юнгларини силаб-сийпалаб совчиларни «қулчилик»ка жўнатади. Тўй куни ҳам белгиланади. Тўйга жуда кўп сарф-харажат зарурлиги равшан эди. Xўжаёш неки бойликка эга бўлса, ҳаммасини фақат овчилиги орқасидан топганди. Тўй куни яқинлашгани сари у тез-тез овга отланадиган, кўплаб ҳар хил ҳайвонларни ўлдирадиган бўлади. Гўзал келинчакнинг висолига етишмоқ учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Кечаси ҳам, кундузи ҳам ором нималигини унутади. Йўлида учраган ҳайвонни ҳам, қушни ҳам аямасдан қийратаверади. Ўлжа излаб юрган овчи бир куни кутилмаганда сув каламуш оиласига дуч келиб қолади; шу куни сув каламуш оиласида келинтушди бўлаётган экан. Сув каламушлар ойдин тунда худди одамлар каби қўшиқ айтишиб, ўйин-кулги қилишарди. Сўнг келинни қўшни инга — куёв ҳузурига кузатиб қўядилар. Ўйин-кулгига берилиб кетган ҳайвонлар одатдаги эҳтиёт чораларини унутадилар. Келинни кутиб олиш учун бахтиёр куёв ўз жўралари қуршовида чиқиб келади. Бир-бирлари билан юз кўришган қуда-қудағайлар тўй тантаналарини давом эттирадилар. Бу маросимни сас чиқармасдан кузатиб ўтирган Xўжаёш яқинда бўлажак ўз тўйини, келинчакни кўз олдига келтиради — юраги орзиқиб кетади. Сув каламушларнинг мўйнаси қимматбаҳо эди. Ундан чиройлироқ, қимматроқ нарсани деярли топиб бўлмасди. Агар ҳозир анави ҳайвонлар қўлга туширилса, бундан ортиқ ўлжа бўладими?! Xўжаёш эгнидан пўстинини ечадию шу заҳоти ўйин-кулги билан овора бўлган сув каламушлар устига ёпиб, ҳаммасини босиб олади ва ҳайвонларни битта-биттадан бўғиб ўлдиради. Тоғ даралари орасига қувлаб киритилган ёввойи эчкиларни ҳам у худди шундай шавқацизлик билан маҳв этади. Тирик қолган Кулранг Эчки овчининг ёнига келиб: «Ёввойи эчкининг кўзига бехато урадиган овчи фақат сенсан. Бу оламда сендан бошқа уста мерган бўлмаса керак. Лекин, ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор. Афтидан, сен ўша чегарани эсингдан чиқариб қўйган кўринасан. Ўтиниб сўрайман, энди бизга тегма, раҳминг келсин! Бизнинг авлодимиздан фақат бир жуфт эчки қолдик. Наслимизни давом эттиришимиз учун имкон бергин, бизни қириб юбормагин!» деб Кулранг Эчки йиғлаб юборади. Хўжаёш эчки билан пачакилашиб ўтирмайди — бир ўқ билан уни йиқитади. Буни кўрган совлиқ эчки: «Сен эчкилар наслининг уруғини қуритдинг! Битта ўқ билан бутун умидимизни пучга чиқардинг-ку! Лаънатлар бўлсин сенга, Xўжаёш! Шу дақиқадан бошлаб энди бирорта жониворни отолмайсан. Агар ишонмасанг, мана, мени отиб кўрчи!» дейди юрак-бағри хун бўлиб. Ўзига бино қўйган овчи совлиқнинг гапларини эшитиб, мийиғида кулиб қўяди. Кейин тиззаларига шап-шап уриб қаҳқаҳа отиб юборади. Жарангдор кулги товушидан тоғлардаги тошлар юмалаб тушади. Лекин, совлиқ эчкининг гаплари чин ҳақиқат бўлиб чиқади: Xўжаёш пинак бузмай эчкини нишонга олиб ўқ узади-ю, бироқ на биринчи, на иккинчи, на учинчи ўқ мўлжалга тегади! — Ҳечқиси йўқ, мен сенга қувлаб етаманда пичоқ билан бўғизлаб ўлдираман! — дейди кўзига қон тўлиб кетган овчи. У совлиқнинг ортидан ташланади. Кулранг совлиқ эса тошдан тошга, қоядан қояга енгилгина сакраб-сакраб тошлоқ дара бўйлаб чўққига қараб қочиб боради. Xўжаёш ҳам жон ҳолатда совлиқ ортидан тирмашиб юқорига чиқаверади ва илгари одам оёғи етмаган тик қоя устига қандай қилиб чиқиб қолганини ўзи ҳам сезмайди. Эс-ҳушини йиғиб, мундоқ атрофига қараса, ўқ етмас масофада фақат яйдоқ қоялар кўринади. Орқага қайтиб бўлмасди. Шунда кулранг совлиқ эчки: — Сон-саноқсиз ўлдирилган ҳайвонларнинг хунини тўлайдиган пайт келди, — дейди. — Сенинг дастингдан биз озмунча кўзёш тўкдикми! Энди сўнгги дамларда ўзинг ҳам йиғлаб-йиғлаб тўйиб олгин! Дунёдан умидлари узилган, муқаррар ҳалокатга маҳкум бўлган Xўжаёшнинг ўкраб-ўкраб, саннаб-саннаб йиғлаётган товуши тоғ-тошлар узра узоқ вақт таралиб туради. У ҳаддан ташқари шафқациз, бемеҳр, адолациз бўлгани учун ўзини ўзи қарғаб-қарғаб йиғларди. Мана шу хосияциз қоядан ажал комига учиб кетажагини билиб, шўр пешонасига муштлаб-муштлаб йиғларди. Унинг мотамсаро товушини эшитган инсон ҳам, йиртқич ҳайвон ҳам қўрқувдан даҳшатга тушарди. Бироқ, ниҳоятда кечикиб айтилаётган истиғфордан, аччиқ тавба-тазаррудан энди ҳеч қандай фойда йўқ эди. Тақдирнинг оғир зарбасига учраган Xўжаёшнинг қаллиғи кечирим сўраш учун кулранг совлиқ эчкини қидириб тоғлар томон отланади. Бир неча йил излайди, лекин кулранг эчки қаёққадир ғойиб бўлганди. Овчининг қаллиғи кексайиб, кампирга айланади. Ғам-андуҳ эзиб юборган кампир бир куни тўй-тўй ўйнаётган сув каламушларни учратиб қолади. Ойдин оқшом эди. Келинни куёв ҳузурига узатиб бораётган ҳайвончалар ой шуъласида қўшиқ куйлашарди, рақсга тушарди. Бу ҳолатни кўрган Xўжаёшнинг қаллиғи аччиқ-аччиқ йиғлаб юборади: — Ҳеч бўлмаса, мана шу ҳайвонларга ато қилган қувончларингдан заррасини менга раво кўрмадингми, тақдир! Шохонов. Xўжаёш тўғрисидаги афсона — бу инсоний азоб-уқубатларнинг юксак намунаси. Инсон вазиятга ҳар хил нуқтаи назардан баҳо беради, ҳар хил тушунади, лекин фожиа рўй бергандан кейингина ҳақиқатни тушуниб етади. Айтматов. Люксембургда бир куни ҳузуримга немис киночилари келдилар-да, сиз ҳақда филм яратмоқчимиз, дейишди. — Қандай қилиб суратга оласизлар? — деб сўрадим. — Кабинетингизда суҳбатлашиб ўтирганимизни суратга оламиз. — Ундай қилсангиз, эскиларини такрорлаган бўласиз. Ўзим яхши кўрадиган бир жой бор. Юринглар, гапни ўша ердан бошлаймиз, — деб кино ходимларини ортимдан эргаштириб кетдим. Брюссел — Люксембург — Триер — Ковпес — Франкфурт йўналиши бўйича ўтадиган тезюрар автойўл ёқасига бордик. Бу йўлдан кечасию кундузи ҳар томонга олти қатордан тизилишиб олган турли туман автомобиллар ўқдай учиб ўтадилар. Йўлнинг ҳар икки ёқасига юзлаб чақирим масофаларга мустаҳкам темир тўсиқлар тортилган. Тасмадек бетон йўл тогларни, далаларни, ўрмонларни, кўлларни кесиб ўтади. Йўлнинг икки томонида қолган ҳайвонлар бир-бирлари билан учрашиш имкониятидан маҳрум бўлганлар. Табиатнинг яхлитлик қонуни бузилган. Мана шу муаммони ҳал этиш учун одамлар нималарни ўйлаб топганлар? Йўлнинг ҳар ўн чақиримига биттадан махсус кўприк қурилган: бундан кийиклар, қобонлар, қуёнлар, чаёнлар, илонлар ўтади. Бизнинг мамлакатимизда эса, ҳайвонларни-ку қўя турайлик, ҳатто одамлар ўтиши учун чиройли осма кўприклар қуриш — ушалмайдиган орзу. Киночилар билан бирга ўшандай ғаройиб кўприклардан бирининг ёнига борганимиздан сўнг: — Xудбинлик устидан инсонийлик ғолиб келган ёрқин мисол ана шу, — дедим. — Табиатни шундай эъзозлаш керак. — Мен осма кўприк устига чиқиб, бўлажак филм учун битта ҳикояни гапира бошладим. Кейинчалик ўша филмнинг давоми Қирғизистонда, Талас тупроғида суратга олинди. Сен Шакар овулида учратган кўпчилик ёшлар, кексалар филмга тушганлар. Лекин, гап бунда эмас. Асосий масала — экология учун ҳар бир инсон жавобгар бўлиши керак. Бўри, тулки, айиқ, олмахон қирилиб кетмасин деб ҳарқанча аюҳаннос солмайлик, аммо ҳеч қандай наф бўлмайди. Асосийси — одамларни тирикликка муҳаббат ва дарддошлик руҳида тарбиялаш лозим. Ҳар ким жониворларга ёрдам берсин, вазиятни яхши томонга ўзгаришига ҳисса қўшсин. Люксембургда кўрганим кўприклар гўё ҳайвонларга қарата: «Тинч-тотув ҳаётингизни, оромингизни бузганимиз, табиатни пайхон қилганимиз учун бизни кечиринглар! Мана шу кўприклар сизлар учун барпо этилди, марҳамат, фойдаланаверинглар!» деб тургандек туюлади. Бизга айнан ўша нарса етишмайди: яхши гапларни кўп айтамиз, аммо амалда ҳеч нарса ўзгармайди — гапларимиз ҳавога учиб кетади. Шохонов. Сизнинг «Асрни қаритган кун» романингизда Эдигейнинг Қоранор исмли туяси ҳар баҳорда арқонини узиб, овулдан қочиб кетади ва саҳродан куйикиб турган жуфтини топиб, ўн икки ой мобайнида тўпланиб қолган шаҳват оловини сўндиради, нафси қондирилгандан сўнг озиб-тўзиб эгасининг қошига қайтиб боради. Эдигейнинг ўзи ҳам Қоранор қайси урғочининг ёнига кетганини билади; шу боис уни излаб юрмайди, фақат қайтиб келишини кутади. Ўйлаб кўрилса, ўша Қоранорнинг ҳам ўз «мен»и бор экан. У нафсини қондириш учун йўлида учраган ҳар қандай ғовни кунпаякун қилиб юборади. Ёввойи буғуларнинг ҳаёти тўғрисидаги қизиқ бир филмни кўриб қолдим. Бир қарашда ювош кўринадиган бу ҳайвонлар биргаликда ўзларига муносиб яйлов танлайдилар, сув ичадиган жой топадилар, йиртқичлардан ҳам биргалашиб ўзларини ҳимоя қиладилар. Сўнг очиқ майдонда бир-бирлари билан ўзаро куч синашадилар. Куйикиш мавсумида дағ-дағ титраётган урғочилари бир жойда тўпланиб турадилар; эркаклар эса бир-бирлари билан шохлашадилар. Агар шохлари чувалашиб қолса, бир-биридан ажраладию орқасига тисарилиб, яна тўқнашадилар. Бундай пайтда шохлари кучли зарбаларга дош беролмасдан синиб кеса керак деб ўйлайсан киши. Эркак буғулар орасида келишган, кучли биттаси бор эди. У бултурги беллашувда рақибларини доғда қолдириб, йигирмадан ортиқ урғочи буғуга ёлгиз ўзи эгалик қилганди. Бу сафар ҳам саккиздан ортиқ шохдор эркак буғуни бирпасда бир ёқлик қилади. Кучли зарбалардан сўнг буғуларнинг шохидан учқун чиқиб кетгандай бўларди. Енгилган эркак буғулар бошини хам қилганча бир четга чиқиб туришарди. Ниҳоят, жанг майдонида бултурги ғолиб билан ёшгина қайсар буғу юзма-юз қолади. Улар ўртасидаги кураш одатдагидан узоқроқ давом этади. Ҳеч бири таслим бўлишни истамасди. Ўз устунлигини довюраклик билан намоён қилаётган ёш буғу охирги кучларини тўплаб, рақибига қақшатгич зарба берадию бултурги ғолибни қулатиб юборади; сўнг шохи билан қовурғасини синдиради. Мағлуб буғу майдонни ташлаб қочади. Аёвсиз жангни қизиқиб томоша қилаётган урғочи буғулар дарҳол ғолиб атрофини қуршаб оладилар ва унинг хоҳиш-иродасига осонликча итоат этадилар. Ҳаёт учун кураш осон кечмайди. Айтматов. Насл қолдириш инстинкти ҳайвонлар ўртасида жуда кучли ривожланган. Куйикиш мавсумида ҳаёт-мамот учун жанг қиладиган эркак буғулар табиатнинг бузилмас қонуниятига амал этмайдиларми? Ўз-ўзини сақлаб, яшаб қолиш қонуни ҳайвонлардан табиий танланишни талаб қилади; наслни фақат соғлом ва кучли ҳайвонлар давом эттириши керак. Буғулар жанги келажак авлод олдидаги жавобгарликлан бошқа нарса эмас. «Оллоҳ отага нимани берган бўлса, ўғилга ҳам ўшани беради», деб бекорга айтишмайди. Бу ибора табиатда муросасиз кураш асосида табиий танланиш ва насл қолдириш ҳуқуқига эга бўлиш учун беллашув бўлажагини тасдиқлаб турибди. Сир эмаски, касалманд, кучсиз буғулардан ўзларига ўхшаш насл дунёга келади ва аёвсиз ҳаёт шароитида ҳалокатга маҳкум бўладилар. Шохонов. Илмий тадқиқот натижаларига қараганда, нафақат ҳайвонлар, балки ўсимликлар оламида ҳам ўзига хос урф-одатлар бўлар экан. Ўсимликларнинг баҳорда гуллаб, кузда уруғ тугишида ҳикмат борга ўхшайди. Биолог-олимлар ултратовуш аппаратлари ёрдамида ўсимликларнинг япроқларида қизиқ тажриба ўтказадилар. Ўсимлик танасига махсус мослама жойлаштириб қўйилгач, олим ўсимлик япроғини узиб олиш учун қўл узатади. Қўл япроққа тегар-тегмас экранда титроқ пайдо бўлади. Олимларнинг фикрича, бу қўрқув нишонаси эди. Ўсимликнинг ҳолатини олимлар бундай баҳо беришади. — Диққат, хавф пайдо бўлди! — Мен ўламанми ёки яшайманми? — Мени ушлаб олишди! — Мен ўляпман! Япроқ узиб олиниши биланоқ экрандаги титроқ йўқолади. Бу ҳол кимнингдир умри тугаганини билдиради. Табиат мўъжизаларга тўла: сиртдан қаралса, жуда оддий кўринган япроқ ҳам ҳис-туйғулардан бегона эмас. Биз бўлсак, нафақат япроқларни эмас, балки бутун бошли ўрмонларни ҳам йўқотиб юбораверамиз. Айтматов. Боғда ўсаётган чиннигуллар устидан ўтказилган битта тажриба тўғрисида ўқиганим бор. Агар гуллар устига ёш қизлар энгашса, гуллар дарҳол очилади — гўё хурсанд бўладилар. Агар гуллар ёнидан ачиб-бижғиб кетган бирор киши ўтиб қолса, дарҳол бужмайиб қолишади — ҳафа бўладилар. Агар тамаки ҳиди анқиб турган ширакайф одам гулларга яқинлашса — бас, дарҳол кўрак бўлиб қолишади. Бу ҳайрон қоладиган ҳодисами? Ҳа, Ер юзидаги ҳар қандай тирик унсур ўзининг «мен»ига эга бўлади. Ҳайвонларнинг онги эса маълум даражада шакллангандир. Улар учун «яхши кўриш», «ёмон кўриш» каби туйғулар бегона эмас. Қолаверса, хайвонлар ўртасида баъзан инсон ибрат олса арзийдиган сайъ-харакатлар хам учраб қолади. Масалан, халқ орасида хосиятли ҳисобланган оққушлар палопонлик давридан эътиборан жуфт-жуфт бўлиб, то умрларининг охиригача бир-бирларидан ажралмай яшайдилар. Жуфтидан айрилган оққуш ўзини яшин тезлигида ерга уриб ўлдирганини кўпчилик кўрган бўлса керак. У айрилиққа чидай олмайди: ҳеч қандай овқат емай қўяди ва ихтиёрий равишда ўзини очдан ўлдиради. Окқуш муҳаббати жуда кучли бўлади. Менимча, қуруқликда ва сувда яшайдиган кўпчилик жониворлар меҳр-шафқат, нафрат каби туйғуларга эга бўлса керак. Ҳимолай тоғларида яшайдиган тай халқи ёш келин-куёвга: — Бир-бирларингни худди китлардек яхши кўринглар, бир-бирларингга худди итлардек садоқатли бўлинглар! — деб тилак билдирадилар. Айтишларича, ўша халқ луғатида бундан ортиқ эзгу тилак йўқ экан. Итнинг вафодорлигини ҳамма билади. Лекин, китнинг муҳаббати тўғрисида ҳали эшитмаган эдим. Кўпдан бери шу савол бошимни қотириб келарди. Яқинда Калифорния бўғозида рўй берган бир воқеа тўғрисидаги мақолани ўқиб қолдиму ўзимни кўпдан қийнаб юрган саволга жавоб топдим. «Аторранте» номли кит овлайдиган кема ўз иши билан машғул бўлиб юрган кезлари сувда бир жуфт ўткир тишли китларни учратади. Урғочиси отиб ўлдирилади ва ўлжани кема билан судрашиб қирғоққа олиб чиқадилар. Жуфти ҳалолини асирга тушиб қолди деб гумон қилган эркак кит эргашиб келади, уни қутқариб олмоқчи бўлади. Атрофда анча вақтгача айланиб юргач, урғочи кит ўлганини билади. Ғазаби қўзиб кетган кит бирдан ҳужумга ўтади. У бутун кучини тўплаб кемага ўзини урадию «Аторранте»ни ағдариб юборади. Овчилар бебаҳо ўлжани қўлга киритганидан хурсанд бўлиб улгурмасдан ёмон аҳволга тушиб қоладилар. Xайрият, экипаж аъзолари бир иложини қилиб омон қоладилар. Назаримда, инсониятнинг асосий хатоси шундан иборатки, у бошқа жониворларга ҳам хос бўлган ҳис-туйғуларни назар-писанд қилмайди. Шохонов. Сиолковскийнинг: Инсоннинг табиат ишларига аралашуви охир-оқибат кулфат келтиради, Ер сайёраси тезлик билан кексайиб боряпти» деган сўзларида теран ҳақиқат бор. Яқинда хорижий бир матбуотда қизиқ воқеа тўғрисида ўқиб қолдим. Шундан бери кўп нарсаларни ўйлаб юрибман. Френк Чарней исмли йигирма олти яшар бир йигит балиқларни яхши кўрар экан. У дарёдан битта лаққа балиқ тутиб, уйидаги аквариумга қўйиб юборади. Вақт ўтади, лаққа катта бўлади ва бир йилдан сўнг аквариумга сиғмай қолади. Балиқ сувга юзиб юришни унутади, ҳатто орқасига ағдарилиб олишни ҳам билмайди. Xўжайин балиқни яхши парвариш қилади, баъзан биргалашиб телевизор кўрадилар. Ҳамма ишни Френкнинг маъшуқаси бузиб қўяди. Улар аразлашиб қоладилар. Қиз ўч олиш мақсадида лаққа балиқ номидан ҳайвонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашадиган машҳур ҳуқуқшунос Эдвиг Кренкга шикоят қилади. Текширув натижасида Френкни лаққа балиққа муносиб шароит яратиб бермагани учун айбдор деб топадилар ва беш соатлик қамоқ жазосига ҳукм этадилар. Катта миқдорда жарима ҳам тўлайди. Ҳайвонларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ҳуқуқшунос Френкка: — Бу қадар шафқациз одамни биринчи марта кўриб турибман. Агар ўзингизни ҳам пўстинга ўраб, бемалол ҳаракат қилмайдиган аҳволга солиб қўйишса, хўш, нима бўларди? Балиқлар ҳеч нарсани сезмайди деб ким айтди? Биз уларни бахсиз қилиб қўйишга ҳақли эмасмиз. Аслида, сиз бундан ҳам огир жазога маҳкум этилишингиз керак эди! — дейди. Айтматов. Олтойлик битта танишим қизиқ воқеани сўзлаб берганди: «Тоғ этакларида хўжағат (малина), олма, нок, маймунжон пишган заҳоти у ёққа шаҳар аҳолиси ёпирилиб боради. Мева-чеваларни бамайлихотир териб, тинчгина қайтиб кесалар гўргайди. Йўқ, одамлар шох-шаббаларни синдирадилар, кўчатларни мажруҳ қиладилар, тун бўйи гулхан ёқиб ўтирадилар, арақ ичадилар; бўкириб ашула айтишади — яқин атрофда яшайдиган ҳайвонларни ҳуркитишади. Озиқ-овқатдан, оромидан ажралган айиқлар тоғдан тушиб, маст-аласт одамлар устига ташланиб қолади. Одамлар зўрға қочиб қутиладилар. Сўнг худди одамларга қасдда-қасд қилгандек айиқлар кўчаларни остин-устин қилиб, машиналарни ағдариб кетадилар». Ўша воқеадан кейин шаҳарликлар ҳаддидан ошиб кетганини сезадилар ва табиатни оёқ ости қилмай қўядилар. Шохонов. Чет элларда ноўрин синдирилган шох-шабба ҳам, лаққа балиқни кичкина аквариумда боқиш ҳам жиноят сифатида баҳоланади. Бироқ, бизнинг ўлкаларда кўплаб ҳайвонлар таг-туги билан қириб ташланди. Чике, «олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ», деб бекорга айтишмайди. Бир пайтлар ўзингиз айтган эдингизки, баъзи халқлар энг азиз меҳмонларга сайғоқ гўштидан таом пишириб берар экан. 1988 йили Тўрғай вилоятида бир миллион бошдан ортиқ сайғоқ қириб юборилди. Эҳтимол, улар Семипалатинскдаги синов майдонида ўтказилган ядровий синовлар ёки Орол денгизи яқинидаги «Возрождение» деган жойда ўтказилган биологик қурол синовлари натижасида қирилиб битгандир?! Шунга қарамасдан, даҳшатли фожиа учун жавоб берадиган бирорта ҳам масъул ходим топилмади. Қанчалик шов-шув кўтармайлик, қаерларга мурожаат қилмайлик — ҳаммаси бекор кетди. Масалан, шахсан ўзим «Орол — Осиё — Қозоғистон» халқаро қўмитасининг президенти ва СССР халқ депутати сифатида Президент Горбачёв, СССР Мудофаа вазири Язов, СССР Соғлиқни сақлаш вазири Чазовлар билан учрашганман ва ҳар бирига миллий фожиа сабабларини текшириб кўриш ҳақидаги талаб ёзилган махсус мактуб топширганман. Мурожаатномага жавобан, сайғоқларга қандайдир юқумли касал теккан экан, деб елка қисиб қўйишди, холос. Мана шу ёлғондакам жавоб билан каминани кўчага ҳайдаб чиқаришди. Шундан сўнг собиқ Иттифоқ парчаланиб кетдию бояги масала ҳал этилмасдан қолиб кетди. Айтматов. Бизнинг замонамизда хўжаёшлар маккор ва ҳийлакор бўлиб қолишди. Шундай эмасми? Уларни жиноят устида қўлга тушириш осон эмас. Шохонов. Бир марта телевизорда Жума Жумаев деган одам билан суҳбатни намойиш қилдилар. Бу кишини болалик пайтида бўрилар олиб қочиб кетган эканлар. У бўрилар орасда вояга етади. Овчилар тасодифан уни топиб олгунларига қадар Жумавой она бўрининг қаватида бўриваччаларга қўшилиб яшайверган, ўзи ҳам ёввойилашиб кетган. Ёввойи болани темир панжарали катакка қамашдан аввал унинг орқасидан аранг қувиб етганлар. — Одамлар мени катакка қамаб қўйишгач, онам (она бўри) ўз ҳаётини хавф остида қолдириб, мени қутқариб олишга кўп уринди. У катакнинг темир панжараларини тишлаб тортар, атрофимда парвонадай айланиб юрар, ёнимга кирмоқчи бўлар эди. Афсуски, овчилар уни отиб ўлдирдилар. Бўрилар билан яшаб юрган кезларимда мен улардан ҳеч қандай ёмонлик кўрганим йўқ. Улар ниҳоятда адолатли бўладилар. Лекин, одамлар ўртасида мен меҳрғоқибатни кўрмадим, - дейди Жумавой. Сизнинг «Қиёмат» романингизда бўриларга алоҳида ўрин ажратилган... Айтматов. Акбара билан Тошчайнар тўғрисида ёзишдан аввал бўриларнинг табиатини, юриш-туришини, ҳаётини ўргандим. Кўплаб ҳар хил китобларни ўқиб чиқдим. Умуман, бўриларнинг ҳаёти қатъий интизомга бўйсундирилган. Қизиқ ҳаёт кечирадилар. Масалан, агар қиш ниҳоятда қаттиқ келиб, очлик силлани қуритмаса, бўрилар ўзлари яшайдиган депарадаги ҳайвонларга ҳеч қачон ҳужум қилмайдилар. Аксинча, улар бу депарага бегона бўриларни яқин йўлатмайдилар; ўз депарасини ҳимоя қиладилар. Бўрилар гала-гала бўлишиб, тун бўйи навбати билан ўз депарасини қўриқлаб чиқадилар: ҳар-ҳар жойга нажас ташлаб, чегарани белгилаб борадилар. Айниқса, бўри болалаган пайтлари навбатчилик янада кучайтирилади. Депарада бегона бўри пайдо бўлган заҳоти уни қувлаб юборадилар. Чунки, агар бегона бўри бирорта ҳайвонни майиб қилиб қўйса, чўпон ўшанинг жазоси учун маҳаллий бўриларни ёки ёш бўриваччаларни айбдор қилиши мумкин. Бўрилар мантиқ бўйича фикр юритадилар. Шохонов. Болалигимда эшитганим бир ҳикоя ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди. Чўпон истиқомат қиладиган уйдан унча олис бўлмаган жойда бўри болалайди. Чўпон ўз ишлари билан банд бўлиб, бўрининг оиласига ҳалақит бермайди. Бўрилар ҳам ўзлари билан ўзлари бўлиб, чўпонга ҳеч қандай зарар-заҳмат етказмайдилар. Жуда узоқ вақт қўшни сифатида тинч-тотув яшайдилар. Овул йигитлари бир неча марта бўрининг болаларини олиб кетмоқчи бўладилар, аммо чўпон уларга рухсат бермайди. Дунёда боласидан айрилиб қолган бўридан ҳам қаҳри қаттиқ йиртқич бўлмайди. Баъзан бўрилар отардаги барча қўй-қўзиларни бир кечадаёқ бўғизлаб кетади. Эр-хотин бўрилар оиласи ҳам оқибатли қўшнисининг отарини бегона қондошларидан ҳимоя қилади; ёт бўриларни яқин келтирмайдилар. Лекин, кутилмаган ҳодиса рўй беради. Офтобшувоқда инидан чиққан бўри болалари ўйинқароқлик қилиб тасодифан битта қўзичоқни ўлдириб қўйишади. Буни чўпон ҳам кўради. Эртаси куни, қани энди бўрилар ўзларини қандай тутишар экан, деб ўйлайди чўпон. Не кўз билан кўрсинки, отарида бўйнига арқон боғланган оппоқ битта қўзичоқ юрибди. Бу бегона эди. Ажабки, бўри болаларининг кечаги қилмишидан уялган ота-она ўша кечасиёқ бировнинг отарига кириб, у ёқдан битта қўзичоқни ўғирлаб келадилар-да қўшни чўпонга «совға» қиладилар. Айтматов. Ҳайвонлар ҳаётида ҳам қизиқ воқеалар кўп бўлади. Афсуски, биз ҳайвонларга фақат ҳайвон сифатида қараймиз, холос. Уларнинг ички дунёсини тушунишга ҳаракат қилмаймиз. Шохонов. Биз табиатга зўровон нигоҳи билан қарашга ўрганиб қолганмиз. Статистик маълумотларга кўра, кейинги 90 йил мобайнида Олмаота теварагидаги кўкламзорлар 57 фоиз камайиб кетган. Етти-саккиз яшар битта дарахт бир кунда икки киши нафас олишга етадиган даражада кислород ишлаб чиқаради. Демак, табиатни қийратиб, биз ўзимиз ўтирган шохни кесамиз, холос. Шу тарзда умримизга зомин бўламиз. Сув, ҳаво, тупроқ бебаҳо бойлигимиз эканини кўпинча эсимиздан чиқариб қўямиз. Улар ўртасидаги биологик алоқалар издан чиқса, ҳаёт ёмонлашади. Сувда яшайдиган бир ҳужайрали махлуқдан то баҳайбат китга қадар, қуруқликда ўсадиган қамишдан то қалин ўрмонгача — ҳамма-ҳаммасидан одамзот баҳраманд бўлади. Бироқ, табиатнинг асил ҳолати бузилса, икки оёқли, тўрт оёқли махлуқларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатлари ҳам ўзгариб кетиши мумкин. Айтматов. Бир пайтлар вақтли матбуот саҳифаларида кўтарилган шов-шувлар ҳалигача ёдимдан чиқмайди. Ўшандан бери орадан кўп йиллар ўтиб кетди. Красноярск вилоятининг қишлоқларидан бирида яшайдиган аёл ёзда ўрмондан қўзиқорин териб келади ва тузлаб, шиша идишларга солиб, қишга асраб қўяди. Эрта баҳорда қўзиқорин ҳидини сезиб қоладию ертўлага тушади: ў-ў, даҳшат! Аёлнинг рўпарасида шишиб кетган бир махлуқ турарди. Махлуқ аёлнинг оёқларига маҳкам ёпишиб олади. Аёл бечора жон ҳолатда қичқириб юборади. Бор кучини йиғиб, ваҳшатли «қопқон»дан оёқларини қутқариб олгач, қараса, қўл бармоқларида гўштдан ном-нишон қолмаган, оппоқ суяклари шалвираб турарди. Илгари номаълум бўлган махлуқни олимлар текшириб кўришади ва бу қўзиқоринга радиоактив нур таъсирида пайдо бўлган «мутант» деган қарорга келадилар. Ҳозир темир ва бетонни ҳам еб ташлайдиган, тўйдим деган гапни билмайдиган ўша мутантларни йўқотиш жуда катта муаммога айланиб кетди. Улар борган сари кўпаймоқда. ХХ асрнинг бошқа бир даҳшатли махлуқи Бермуд учбурчаги қаърида пайдо бўлди. Денгиз ва океанларда тинчгина яшайдиган қирқ оёқли қисқичбақалар (бор йўғи қирқ сантиметр) атрофга ажал уругини сочадиган даҳшатга айланиши учун қандай куч керак? Бу не жумбоқ бўлди? Яхшилаб ўйлаб кўрилса, айнан Бермуд учбурчаги ҳудудида бортида ядровий қуроли бўлган советларнинг сувости кемаси ҳалокатга учраганини эслаш мумкин. Натижада ҳалокат рўй берган жойдаги сувга кўп миқдорда зарарли радиоактив моддалар тарқалади. Ўшаларнинг таъсирида қисқичбақалар тўхтовсиз равишда катталашиб бордилар ва узунлиги олтмиш метрга етадиган ваҳшатли мутантларга айландилар. Ҳозирги кунларда ўша даҳшатли махлуқлар йирик балиқлар, ҳатто делфинлар билан қаноатланиб қолмасдан, балки йўлида учраб қоладиган қайиқларга, кичикроқ кемаларга ҳам ҳужум қиладилар. Бесўнақай танадан ўсиб чиққан шилимшиқ қисқичлар қурбонликка чиппа ёпишадию заҳрини сочади. Қисқа вақт ичида мутантлар йигирмадан ортиқ денгизчининг бемаврид ўлимига сабабчи бўлди. Шу кунларда ҳам қурбонлар сони ортиб бораётир. Улар икки юз нафарга етиб қолди. Шундай қилиб, кучли елвизак шишириб юборган кўримсизгина қўзиқорин ва радиоактив моддалар таъсирида ҳимоясиз қолган қисқичбақалар инсоният учун ниҳоятда хавфли бўлган ҳалокатга айландилар. Агар ҳайвонот оламининг арслон, фил, тимсоҳ, кит, акула каби йирик вакиллари радиоактив таъсирида мутантларга айланиб қолсалар нима бўлади? Улар инсоният бошига келтирадиган мусибатлар қамровини тасаввур этиш мумкинми? Назаримда, ҳар бир зиёли одам бир пайтлар Сиолковский айтган сўзларни асло эсидан чиқармаслиги керак: Инсон табиат устидан зўровонлик қилди, энди табиат бизнинг устимиздан зўровонлик қилишини кутмоқдан бошқа иложимиз йўқ». Олимларнинг тахмин қилишларича, Ер сайёрасида биздан олдин ҳам тўрт марта такроран ҳаёт кечган экан. Бундай тахмин ҳам бояги сўзларни тасдиқлайди. Ишқилиб, ўзи асрасин! Агар ўша тахминларга ишонадиган бўлсак, Ер юзасидаги ҳаёт, дастлаб, мисли кўрилмаган зилзила оқибатида йўқ бўлиб кетади. Сўнг, қонли уруш натижасида ҳаёт тугайди. Сўнгра, даҳшатли кучга эга бўлган қурол туфайли ҳаёт тамом бўлади. Ниҳоят, дунёни сув босгач ҳаёт тўхтайди. Жамики кулфатларнинг асл сабабчиси — инсон маънавияти қашшоқлашади, очкўзлик, худосизлик охир оқибат тирикликни адойи тамом қилади. Инсон табиатга қарши бош кўтаради! Ҳамма бало мана шунда! Биз Ердаги бешинчи ҳаёт қучоғида яшаяпмиз. Ҳозир асосий муаммо шундан иборатки, хўш, биз Ер сайёрасини муқаррар ҳалокатдан асрай оламизми-йўқми? Каромат қилишларича, агар келажакда инсонлар табиатга муносабатини тубдан ўзгартирмаса, одамларнинг бир-бирига муносабатлари ҳам тубдан ўзгармаса, шак-шубҳасиз, инсоният мисли кўрилмаган вулқон олови ичра куйиб кетади. Унда ҳар ким фақат худодан меҳр-шафқат сўрайди. Яна айтадиларки, мусибат бошланишидан олдин оёқ остидаги ер ёрилиб кетади. Айтадиларки, Xудо: «Мен хамма нарсани одамга бердим, фақат истакни Ўзимда қолдирдим» деган экан. Тўғри. Ҳамма гап бизнинг истак ва интилишимизда қолган. Маънавиятга эришмай туриб биз ҳеч қачон фаровонликни қўлга кирита олмаймиз. Айтадиларки, тараққиёт — табиатнинг душмани. Бу хато фикр. Асосий айбдор — инсоннинг ўзи. Ўз қўли билан яратган тараққиёт ноз-неъматларидан оқилона фойдаланишни билмаган инсон айбдор. Бошқа гапларни бир четга қўя турайлик, қани, айтгин, қайси биримиз баҳорда бир туп кўчат экишга яраймиз? Афсуски, кўпчилик кўчат экмайди. Назаримда, бизнинг меҳрсизлигимизни кўрсатадиган бундан ортиқ мисол бўлмаса керак. Шохонов. Агар ҳар биримиз ўз фарзандимиз ёки севган кишимиз учун бир тупдан кўчат экканимизда борми, олам аллақачон бўстонга айланиб кетарди. Афсуски, биз бошқача тарбия кўряпмиз. Бир йили Бишкекда шаҳар миқёсида шанбалик ўтказилди. Шанбалик пайти хорижий мамлакатларнинг элчилари Метин Кўкар (Туркия), Рам Сваруп Мукижа (Ҳиндистон), Яо Пей-Шен (Хитой), Ален Малой (АҚШ), Михаил Романов (Россия), Назар Аббос (Покистон), Муртазо Тавассолий (Эрон), Александр Тумор (Белорус) ҳамда шаҳар мери Борис Силаев ва камина унча катта бўлмаган шинам майдонга бир тупдан кўчат экдик. Шубҳасизки, келажакда бу кўчатлар улғайиб, шу ерда яшаган, ишлаган одамлардан ёдгорлик бўлиб қолади. Ўша шанбалик чоғи мен қизим Ойчурек шарафига ҳам бир туп кўчат экдим. Албатта, бир-икки туп кўчат экиб она Ер олдидаги қарзни узиб бўлмайди. Бироқ, кичик хайрли ишлар тўпланиб йирик савобга айланади. Ер атмосфераси ҳар хил заҳарли газлар, чанг-тўзонлар, радиация билан ифлосланди. Сайёрамиз хавф остида қолди. Дунёдаги миллион нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган кўплаб йирик шаҳарларнинг ҳавоси ниҳоятда кирланиб кетгани боис халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти ўша жойларда саккиз ёшгача бўлган болаларнинг яшаши мумкин эмас, деган қарорга келди. Ўша шаҳарлар рўйхатида Олмаота ҳам бор. Айтматов. Эсимда, ўн уч миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Токио шаҳри бундан ўн йилча муқаддам ҳаво ҳаддан ташқари ифлосланиб кетгани туфайли жиддий муаммоларга дучор бўлганди. Устма-уст қуриб ташланган уйлар, муассасалар, корхоналар, сон-саноқсиз завод-фабрикалар, автомобиллару автобуслардан чиқаётган тутунлар буюк маданиятнинг ва энг янги технологиянинг маркази бўлган шаҳарни ҳалокат ёқасига элтиб қўяди. Ҳатто вазият шу даражага бориб етдики, шаҳарликлар заҳарли тутундан сақланиш учун ичига тоза ҳаво қамалган ғилофни юзларига тутиб юрадиган бўддилар. Меҳнаткаш японлар бу муаммони қандай қилиб ҳал этганларини биласанми? Дастлаб, улар Токио шаҳри мери лавозимига конкурс эълон қилдилар. Кимки шаҳар ҳавосини қисқа фурсатда тозалашга мўлжалланган энг яхши лойиҳани таклиф эца, ўша киши мер бўлади. Минглаб даъвогарлар орасидан бу муаммони илмий асосланган лойиҳа асосида ҳал этишни таклиф қилган зот мер этиб сайланади. Ўша киши шаҳар ҳокимиятини бошқаради. Сайлов арафасида берган ваъдасига кўра, олти ой ичида Токио дунёдаги энг покиза шаҳарлардан бирига айланди. Ўйлайманки, жиддий рақобат асосида сайланган бундай иродали инсон дунёдаги ҳар қандай тараққиётнинг марказига узук кўзидек ярашади. Шохонов. Кейинги пайтларда олимларимиз Ернинг озон қатлами юпқалашиб бораётгани тўғрисида тез-тез бонг уришяпти. Саноат корхоналари ҳавога пуркаётган заҳарли чиқитлар, хусусан, қурумларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани учун шундай бўляпти. Табиат мувозанатини сақлаб турадиган икки унсур ўртасидаги муносабат бузилса, Ер юзида яшайдиган ҳар қандай мавжудотнинг биологик ҳолати путурдан кетади. Жонли ва жонсиз табиат ҳалокат ёқасига бориб қолади. Александр Белйаевнинг «Ҳавофуруш» номли хаёлий романи эсингизда бўлса керак. Унда Ер сайёрасида тоза ҳаво етишмай қолгани ва битта устамон тадбиркор мана шу асосда савдо-сотиқни йўлга қўйиб юборгани тўғрисида ҳикоя қилинади. Қаппайган ҳамёни бўлган бойлар ноёб маҳсулотдан мўл-мўл харид қилиб, қора кунлар ғамини ҳам еб қўядилар; маблағи бўлмаган камбағал бечоралар эса бир ютум ҳаво излаб, эмаклаб юрадилар — ҳар бир туп дарахтни ҳидлаб-ҳидлаб жон сақлайдилар. Ёзувчининг хаёлида яратилган ўша афсонавий воқеалар, ишқилиб, келажакда аччиқ ҳақиқатга айланиб кетмаса бас! Ер юзи XX асрда техник тараққиёт учун кураш майдонига айланиб қолмадими? Боз устига, ўрта асрларда рўй берган ва юз минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган даҳшатли зилзилалар, ҳалокатли сув тошқинлари нисбатан бир неча баробар ортиб қетди. Эҳтимол, табиат ўзига нисбатан шафқацизлик қилаётган ебтўймас, беғам одамлардан шу йўсин ўч олаётгандир?! Ҳар кеча-кундуз нефт, газ, кўмир каби фойдали қазилма бойликлар мисли кўрилмаган даражада ер қаъридан сўриб олинаётир. Натижада ер пўчоққа ўхшаб қоляпти. Умуман, табиатда ортиқча нарсанинг ўзи йўқ эканини эътироф этганимиз ҳолда беадаблик билан табиат мувозанатини бузяпмиз. Оддий мисол. Ер қаъридан нефт ёки газ заҳираси тортиб олингач, фойдали қазилмаларнинг ўрни бўшаб қолади. Фақат кейинги йиллардагина ўша бўшлиқни сув билан тўлдириб қўйиш технологияси ишлаб чиқилди. Маълум бўлдики, ўша бўшлиқ фақат зилзила бўлиши учун имконият яратиб қолмасдан, балки атрофдаги жонли табиатга ҳам зарарли таъсир кўрсатар экан. Албатта, юқоридаги фикр-мулоҳазалардан фойдали қазилмаларга тегмаслик керак деган маъно келиб чиқмайди. Ҳамма гап шундаки, қазилма бойликлар энди янги воситалар асосида олиниши лозим. Токим, кейин тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўйганимиз учун истиғфор айтиб ўтирмайлик. Кейинги пушаймон эса ўзимизга душман бўлади. Айтматов. Бир неча йил муқаддам, кеч куз чоғида Қозоғистон ва Қирғизистондан иссиқ ўлкаларга учиб кетаётган оққушлар, ўрдаклар, ғозлар галаси йўлдан адашиб қаҳратон келган Ёқутистонга бориб қоладилар ва ҳаммаси қирилиб битади. Мутахассисларнинг эътироф этишича, масалан, Иссиқкўл соҳилида тухумдан чиққан палопон кейинчалик ҳар баҳор, то умрининг охиригача ўзи дунёга келган жойни бехато топиб келар экан. Барча кўчманчи қушлар қиш арафасида Африкага, Ҳиндистонга, араб мамлакатларига ёки Сейлонга учиб кесалар, баҳорда яна худди ўша издан ҳаво оқимидан четга чиқмаган ҳолда қайтиб келадилар. Ёқутистон совуғида ҳалок бўлган бахсиз қушлар нима учун йўлдан адашади? Фараз қилинишича, ҳавода ҳаддан зиёд даражада радиация бўлгани туфайли қанотли дўстларимизни сезги қобилияти сусайиб кетади ва қаёққа кетаётганларини билмай қоладилар. Xўш, ҳаводаги қушларнию Ердаги ҳайвонларни майиб-мажруҳ қилаётган радиациядан сайёрада юрадиган икки оёқли аҳоли омон қолиши мумкинми? Шохонов. «Кассандра тамғаси» романингизда бирор-бир мантиққа амал қилмаган китлар номаълум сабабларга кўра ўзларини қирғоққа уриб, муқаррар ҳалокатга гирифтор бўлганини бир неча ўринларда атайлаб такрорлагансиз. Сайёрамиздаги энг улкан махлуқлар ўзларини ўзлари ўлдирадилар. Бунинг муайян сир-асрори бор. Бироқ, зукко китобхон англайдики, инсоният келажаги хавф остида турибди, бир-бирларига нисбатан ёвузликни соғинаётган одамларга эътироз билдирилмоқда. Эсимда, Сиз ёзган эдингизки, Ерда биологик алоқалар арзимас даражада бузилса ҳам — бас, Инсон — Қуёш — Коинот ўртасидаги яхлитлик путурдан кетади. Қиёмат куни келиши учун атом бомбаларни портлатиб юбориш ёки дунёни сув босиши асло шарт эмас. Қушлар галаси йўлдан адашса, китлар оммавий равишда ўзларини ўзлари ўлдирса, ахир, қиёматнинг бундан ортиқ нишонаси бўладими?! Айтматов. Табиатда ортиқча нарсанинг ўзи юқ. Одатда, биз Ердаги энг ақли расо мавжудот деб ҳисоблайдиган инсондан (бу масала хийла мунозарали) токи тубан даражада ривожланган қурт-қумурсқаларгача — ҳамма-ҳаммаси жонли табиатнинг тенг ҳуқуқли аъзоларидир. Уларнинг бирлиги ва ўзаро алоқалари буюк биологик тизимни вужудга келтиради. Бу тизимнинг бирорта мурвати ишдан чиқса, бехато фаолият кўрсатадиган тизимнинг бутун бир қатори бузилиб кетади. Масалан, денгиз соҳилида жойлашган битта шаҳарда, балиқчи қушлар ҳаддан ташқари мечкай бўлиб қолишди — улар балиқни кўп истеъмол қилишяпти, шу боис қушларни қириб ташлаш керак, деган тўхтамга келадилар. Қушларни қириб ташлайдилар. Бироқ, орадан бир оз фурсат ўтгач, қандайдир юқумли касаллик тарқалади. Маълум бўлишича, қушлар асосан касалманд, мадори қуриган балиқларни тутиб ер эканлар ва шу йўсинда сув ҳавзасини табиий равишда дезинфексия қилиб турарканлар. Демак, балиқчи қушлар амалда санитар вазифасини бажарадилар. Шохонов. Xитойда маданий инқилоб даврида чивинларни, пашшаларни, сичқонларни, чумчуқларни батамом қириб юбориш тўғрисида махсус қарор қабул қилинади. Xитой Xалқ Республикасининг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Яо Пей-Шен ўша масала хусусида каминага қизиқ бир воқеани гапириб берди. — 1958 йилнинг январ ойида хитой халқига жуда катта миқдорда моддий зарар етказаётган ва аҳоли саломатлигига ҳам мисли кўрилмаган даражада зиён келтираётган тўрт хил зараркунандаларга қарши давлат қарори эълон қилинди, — дейди элчи жаноблари. — Xалқнинг каттадан-кичиги бу ҳужжатни ёрқин келажак сари ташланган улкан қадам сифатида кутиб олиши керак эди. Баҳорга бориб бу ҳаракат оммавий тус олиб кетди; йирик тадбирлар ўтказилди. У пайтлари мен Шанхай яқинидаги Люйхе шаҳарчасида мактабда ўқирдим. Давлат томонидан ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этардим. Ҳар куни синфхонадаги дарслар ҳар бир ўқувчи нечта сичқон ушлаганини, нечта чивин ва пашша ўлдирганини ҳисоб-китоб қилишдан бошланарди. Мақтанишни яхши кўрадиган айрим ўқувчилар ҳар куни мактабга бўхчага тугилган ўлик сичқонларни, ипга тизилган чивин, пашша ўликларини кўтариб келишарди. Миллат «душманлари»ни ким кўпроқ ўлдирган бўлса, ўша намунали ўқувчи ҳисобланарди. У давлат аҳамиятига молик муҳим вазифани сидқидилдан адо этган бўлади. Кейин чумчуқларга навбат етади. Тонг отар-отмас ўрнимиздан туриб, даранг-дурунг шовқин чиқарадиган пақир, жом, дўмбира каби анжомларни, таёқларни кўтариб мактаб олдида тўпланардик. Сўнг ўқитувчиларимиз посбонликка тақсимларди: биров томга чиқади, биров дарахтга тирмашади, бошқалар ҳовлиларга тарқатилади, чорраҳаларда, кўчаларда пойлаб турардик. Шаҳарлик бошқа кишилар ҳам ўзларига тайинланган жойлардан жилмасдилар. Ҳамма тайёр бўлгач, шаҳарда шовқин-сурон, бақир-чақир бошланиб кетарди. Гўё бирдан ҳаммани жазаваси тутиб қолгандек туюларди. Ёввойи бақир-чақирдан талвасага тушиб қолган чумчуқлар галалашиб осмонга кўтарилардию парвоздан чарчашгач, бехавотир дашту далаларга учиб кетишарди. Биз бўлсак, чумчуқлар чарчагач, тап-тап этиб оёқларимиз остига қулаб тушаверади деб гўлларча ишонардик. Чарчаш нималигини билмайдиган ўжар кишилар то ҳолдан тойиб йиқилиб қолганларига қадар қушларнинг орқасидан қувлаб боришарди... Пекин, Шанхай каби йирик шаҳарларнинг аҳолиси ҳам, ўқувчилари ҳам биздан кўра бахтлироқ эди: улар кўчаларда тўдалашганча чумчуқларни қувлаб юришарди, холос. Ўша пайтда истисносиз равишда барча вақтли матбуот бундай ҳаракатларни қаҳрамонлик деб баҳоларди ва ўз саҳифаларида батафсил ёритиб борарди. Ўйламай-нетмай амалга оширилаётган кулгили ҳодисанинг охири вой бўлишини ким билибди дейсиз! Мамлакатда майда чивинлар хавфли даражада кўпайиб кетади. Маълум бўлишича, илгари чумчуқлар аҳолини ўшандай чивинлардан муҳофаза этиб турар экан. Устига устак, чумчуқлар бартараф этилгандан кейин ғалла маҳсулотларининг ҳосилдорлиги асло кўтарилмади. Табиат одамларга мана шундай қилиб яна бир бора сабоқ беради. Айтматов. Шарт-шароитлар тўғри келиб қолса, кўпинча бир кишининг худбинлиги давлат миқёсидаги худбинликка айланиб кетади. Шунинг оқибатида биз табиатнинг қанчадан-қанча ноёб неъматларидан маҳрум бўлиб қоламиз. Лекин, сўнгги пушаймоннинг кимга кераги бор? Қизиқ афсонани гапириб бераман. Ўзга сайёрадан келган ерга қўнган бир кимсадан: «Ер тепадан қанақа кўринади?» деб сўрашибди. «Ер биллур саройга, одамлар эса унинг ичида юрган беғам буқаларга ўхшайдилар», деб жавоб берибди. Бу топиб айтилган гап. Шундай эмасми? Биз болалар боғчасидан, мактабдан бошлаб экологик таълим-тарбияга алоҳида эътибор бермоғимиз керак. Болалар ёшлик чоғиданоқ табиатга нисбатан бемеҳрлик, енгилтаклик қилинса, бу оғир оқибатларга олиб боришини билмоқлари зарур. Айтадиларки, курраи заминни мўл-кўл иссиқлик билан таъминлаб турган Қуёш ҳам вақти-соати етгач, сўнади. Демак, Қуёш ҳам кексайиб боради. Одамлар тўғрисида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ҳатто Ернинг умрининг ҳам чек-чегараси бор. шундоқ хам Ер ўз умрида бошидан кўп нарсаларни кечирли. Уни фақат инсон ўзининг меҳр-муҳаббати ва меҳр-шафқати билан қутқариб қолиши, унга ёрдам бериши мумкин. Шундай бўлсагина ҳамма муқаррар ҳалокатдан омон қолади. Боя айтиб ўтганимдек, ҳозир давлат миқёсидаги худбинлик жуда чуқур илдиз отиб кетди. Бундай худбин-лик: «Ўз еримда ўзим хўжайинман, хоҳлаган ишимни қиламан: хоҳласам — дарё ва кўлларни қуритаман, хоҳласам — ям-яшил далаларни қақроқ дашти биёбонга айлантириб юбораман, хоҳласам — чакалакзор ўрмонларни кесиб оламан, ҳатто кулини кўкка совуришим мумкин. Ҳеч ким менга буйруқ бера олмайди!» деган хом хаёл билан яшайди. Ана шундай бемаъни сиёсат туфайли атроф муҳит беқиёс зарар кўрди. Ҳалокат давом этаётир. Агар бир жойда кўл қуриб қолса, бошқа жойлардаги об-ҳавога ҳам шубҳасиз таъсир кўрсатади. Буни ҳаргиз ёддан чиқармаслик керак. Шунинг учун табиатни асраш борасида умумжаҳон аҳамиятига эга бўлган бош дастуруламал ишлаб чиқилиши лозим. Ҳозир бутун инсоният олдида турган асосий вазифа ана шундан иборат. Акс ҳолда, бизнинг биллур саройимиз қулаб тушади. Бутун инсоният эса бемаънилиги, шафқацизлиги, манманлиги учун ўзини ўзи қарғаб ўтирган Xўжаёшга ўхшаб қолади. AvvalgiII- qism Keyingi |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21571 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |