Олмазор (ҳикоя) [Muyassar Tilovova]

Олмазор (ҳикоя) [Muyassar Tilovova]
Олмазор (ҳикоя) [Muyassar Tilovova]
− Келгинди.
− Сен кетмонсан, дастаси синган кетмон.
− Молбоқар.
− Дала кўрсичқони.
− Кўчманчи.
− Каламуш.
Бизнинг даҳанаки, аммо охири кўринмайдиган урушларимиз мана шундай бошланади. Чўпон болалар билан айни тушда бошланган жанжал то шомгача, кун ҳовуридан тушгунича давом этади. Чунки фақат шу пайтда сойда чўмилишни тўхтатиб уйга кетамиз. Аслида бир-биримизни нима деб сўксак ҳам эшитмаймиз, улар сойнинг нариги, биз эса бу қирғоғида бўламиз. Сувнинг шовиллашида қулоқларга ўз чийиллашларимиздан бошқа нарса эшитилмайди. Лекин ҳар ҳолда енгилмаганимизга асос бор. Биз бисотимиздаги бор ёмон сўзлардан фойдаланамиз. Янгилари тугаб қолса, рақибларимиз айтган гапларни қайтаришга тушамиз. Қўлимиздан келгани шу. Бу урушлар мен эсимни таниганимдан буён бўлади. Аввал акаларим уришишарди, кейин улар тинчиб кетишди. Навбат бизга етди. Бошида уларга нималар деб сўкканимни айтиб роса мақтанар эдим. Бироқ бу ҳеч кимни қизиқтирмади. Кейин жанг тафсилотларимизни айтишга ҳафсалам ҳам сўниб кетди.
Бугун далада акамга ёрдамлашиб қоқ тушгача қолиб кетдим. Сўнгра Даврон билан эшакни секин йўрғалатганча сойга йўл олдик. Жуда ҳориганимиздан кўйлакни ечиб бошга соябон қилганмиз, эшакни эса бошқармай ўз ҳолига ташладик. Жонивор ҳар куни борадиган йўлини топиб кетаверади. Сойга етгач жуда жаҳлим чиқиб кетди. Чўпонлар биз чўмиладиган жойни эгаллаб олишганди. Бу ҳолдан ҳайрон бўлишимиз табиий. Чунки сой биз билан улар ўртасида тенг бўлинган. Ҳар кимнинг ери дахлсиз эди.
− Нега биз томонга ўтдинг, келгинди?
− Қўлингдан келса ҳайда, кетмон.
Уларнинг бошлиғи, менинг асосий душманим Шаҳбоз курка юриш билан менга яқинлашди.
«Қўрққан номард»− деб ўзимга пичирладим-да, доимги вазмин қадамларимда у томонга илдамладим.
− Жой бўлинган, лафзингда тур.
− Ўртага лафзни қўшма. Уни сендан яхши биламан.
− Унда нимага биз томонга ўтдинг?
− Бу тоғликларнинг одати.
− Босқинчиликми?
− Йўқ, бирга-бир қилиш.
− Мен сен томонга ўтганим йўқ.
− Иккита ширбозни ўғирладиларинг.
− Биз сенинг молларингни деб ўлиб турганимиз йўқ.
Мен ўғирликни ўзимдан соқит қилдим-у, аммо ширбозларнинг гўштидан еганим эсимга тушди. Уни акам ва жўралари ўғирлашган эди. Буни тан олиб бўлмайди, чунки ютқазган бўламан. Сир бой бермадим.
− Сен ўғирлаганлар билан ҳисоб-китоб қил, молбоқар.
− Жиғимга тегма, дала кўрсичқони.
− Кўчманчи, беватан.
Шаҳбоз бу гапимдан жим бўлиб қолди. Мен нишонга ургандим. Ўша гапни тоғликларни қарғаётганда онамдан ўрганганман. Бугун асқотди. Бошимни ғолибларга хос баланд кўтардим. Бироқ кутмаган нарсам содир бўлди. Юзимнинг остида қаттиқ муштни ҳис қилдим. Кўз олдим қоронғилашиб кетди. Гандиракладим, чоғи. Лекин буни билдирмаслигим керак. Ўзимни тутдим. Зўрға тутдим. Тан олиш керак, зарбаси жуда кучли экан. Худди темир қўлларга ўхшайди. Буни шундай қолдириб бўлмайди. Бор кучимни қўлимга йиғдим-да, унинг ўнг юзини мўлжалладим. Зўр зарба бўлди. Боягина ҳайрат эгаллаб турган Давроннинг юзида хушкайфият пайдо бўлди. Шаҳбоз тараф болалар эса йиқилиб тушган дўстларига парвона эди. Мен бутунлай ғолибман. Кийимларимни ечиб, озғин, чайир гавдамни қуёшда берилиб кериштирдим. Ўзим билан ўзим банд бўлиб Шаҳбознинг ўрнидан турганини сезмабман. Биқинимда нимадир узилиб кетгандай бўлди. Фақат, сўкишиб ўтган болаларча жангларимиз тугаган, энди ниҳоясиз муштлашувлар бошланганди. Унга еб қўйгудай тикилиб турган кўзларимдан зарба кучидан беихтиёр ёш қалқиб кетди.
− Бориб онангга йиғлаб бер. Сени овутади.
Балки таслим бўлардим, лекин бу гапидан кейин эмас. Қорнимни ушлаб турган қўлларимда мушт тугилди. Шаҳбоз томонга югурдим. Бўйнига маҳкам осилиб, ерга йиқитиб олдим. Бир-биримизга кетма-кет зарбалар ёғдирдик. Шунчалик кучли эканимни бугун ҳис қилдим. Аммо Шаҳбоз ҳам қолишмасди. Бақувват бола экан. Кўз қиримда қараб, Даврон билан Шерқўзи олишаётганини кўрдим. Негадир Жўра бу олишувда иштирок этмасди. Чеккада туриб гоҳ бизга, гоҳ Шерқўзи билан Давронга қарарди. Демак қўрқаяпти. Албатта, бу фикрдан куч олдим. Лекин кейинчалик билсам мен адашган эканман. Тоғлик чўпонлар одатида бир кишига икки кишининг ташланиши уят ҳисобланар экан.
Назаримда мен енгаётгандай эдим. Чунки Шаҳбоз букилган оёқларим остида эди. У таслим бўлишга ҳозирланаётгандай кўринди.
Энди охирги зарбани бериш керак. Башарасини нишонга олиб қўлларимни баланд кўтардим. Улар залворли муштга айланганди.
Энди урмоқчи бўлганимда қўлимни кимдир ушлади. Ўгирилиб тепамга қарадим. Тоғ ёнбағирлигидаги катта олмазорнинг эгаси Қодир ота экан. Хаёлим у билан бўлиб тепишга ҳозирланган Шаҳбознинг оёқларини илғамабман. Қодир ота иккинчи қўли билан унинг оёғини ушлади.
− Нега урушасанлар?
− Манови бизни чўмиладиган жойга ўтиб олибди.
− Уят, болаларим, уят. Бир жойда яшайдиган оға-инилар ҳам муштлашадими?
Чол доимги хушчақчақ чеҳраси билан табассум қилди. Мени мажбурлаб чеккага олди. Юзлари тупроққа беланган, қошининг усти ёрилиб қон сизаётган Шаҳбоз йиғлашдан нари-бери бўлиб ўрнидан турди. Унинг қўрқаётгани билиниб турарди. Чунки, чол бизнинг қишлоқдан. У биз тараф бўлиши аниқ эди.
− Хўш, бир-бирингиздан кечирим сўраб ярашиб оласизларми?
Биз жиммиз. Кимнинг ҳам паст кетгиси келарди. Чол бизга қаради-да, нимадандир афсусланиб бошини сарак-сарак қилди.
− Ҳеч одамларга тушунмайман-да, ўзлари душман бўлса болаларда нима айб? Бу одамни одам ажратиши ҳеч тугамас экан-да. Ҳатто, болаларга ҳам сингдириб улгуришибди. Ҳа майли. − Қодир ота эътиборсиз қўлини силкитди. − Боғда ҳозир олма ғирқ пишган. Ким дўст бўлмоқчи бўлса, мен билан юрсин. Олмахўрлик қилишга.
Чол ҳассасини дўқиллатиб йўлга тушди. Биз эса ким ортидан эргашса, таслим бўлишини тушунгандик. Қилт этмадик. Аммо томонлар иккиланарди. Боғдаги олмаларнинг таърифини ҳамма биларди. Шаҳбоз, Шерқўзи, Жўра чолнинг ортидан юрди. Мен шуни кутиб тургандим, энди йўл очиқ. Даврон иккимиз ҳам эргашдик. Боғга етгунча ҳеч ким чурқ этмади.
Чол орқасига ўгирилиб қаради-да, мамнун жилмайди.
− Бу бошқа гап. Яхшилаб уқиб олинглар, бир ерда яшаган одам ғаним бўлмайди. Худо барчани бир хил яратган, у оқми, қорами, лўлими, кўчманчими − бунинг аҳамияти йўқ. Нега индамайсанлар? Сизларга болаларча уришиш, болаларча ўйинқароқлик ярашади. Насл-насаб ва бошқа нарсаларни ўртага қўшманглар. Қани сени отинг нима эди? Дарахтга чиқиб олма қоқ-чи?
Қодир ота ўтмаслашиб қолган кўзларини Шаҳбозга қисиб қаради.
− Исмим Шаҳбоз.
− Бу бургут деганими?
− Ҳа.
− Жуда соз, ўзинг ҳам бургутга ўхшагин. Улар кучли, бақувват, мағрур бўлишади. Бир пайтлар ҳов анави, тоғларда кўрганман.
Чол кўрсаткич бармоғини учлари оқариб кўриниб турган тоғ чўққиларига қадади.
Шаҳбознинг ўртоғи Жўра суҳбатга аралашди:
− Бизда уларнинг тириги бор. Полопонлигидан боқамиз.
Ҳайратини яширолмаган Даврон энди гапираман деб оғиз жуфтлаганди, мен туртиб қўйгач гапи оғзида қолди.
Ҳаш-паш дегунча сара олмалардан бир саватини тердик. Боғ қишлоқнинг четида, охири баланд тоғларга уланиб кетган қирликда барпо этилган. Жуда хушманзара, сўлим жой. Қодир ота ёлғиз ўғли Нодир билан парваришлайди уни.
− Нега қариндошларинг биз томонга келишмайди? Сизларда мева-чева йўқ, келсанглар қоплаб бериб юборардим.
− Бизга қишлоққа тушманглар дейишади. Шунинг учун то кетгунимизча яйловда бўламиз.
Чўпон болалар олмалардан ютоқиб ер, бу эса бизнинг завқимизни келтирарди. Биринчи учрашувимиз унчалик кўнгилдагидек ўтмади. Аммо биз шу пайтгача олақараш қиладиган болалар билан орамизда қандайдир яқинлик уйғонган эди.
− Баракалла, болаларим. Оға-ини тутининглар, агар қишлоққа тушишни истамасанглар мана, менинг боғим. Хоҳлаган пайтда келиб-кетаверинглар. Олмазор барча болаларнинг ўйнайдиган жойи бўлсин.
Шу куни чўмилишга бормадик. Олмазорда қолдик. Ўша ёз биз учун бошқача ўтганди. Чўпонлар ва қишлоқ болалари дўст тутинишди. Ҳаммаси эмас. Мен ва Шаҳбоз.
Кузга яқин улар кетишди. Қишлаш учун ўз қишлоқларига.
Қиш охирлашди, аммо кунлар совуқ. Тоғдаги қорни энди онда-сонда ўт-ўланлар ёриб чиқяпти. Тоғнинг баланд жойларига, қалин яйловларга кўчманчи чўпонлар қайтишди. Улар ўтган йилги хароба кулбаларини қайтадан қуришяпти. Аслида, уларнинг ўрни ҳам билинмай кетган. Чунки, ҳар йили кетишгач қишлоқ одамлари уларнинг уйларини ё бузиб ташлашади, ёки ёқиб юборишади. Лекин бирор марта чўпонлардан ҳеч бири «нимага бундай қилдинг» деб келмаган. Изғиринли баҳорнинг узун кечаларида тоғнинг ҳар ер-ҳар ерида қурилган, худди бостирмага ўхшайдиган уйларининг ёниқ чироқлари кўриниб туради. Улар ҳар йили то яна қиш бошлангунга қадар тоғларда бўлишади. Қишлоқ билан ҳеч қачон алоқада бўлишмайди. Биз уларни, чўпонлар бизни ёмон кўришади.
Ҳаш-паш дегунча орадан икки ойча вақт ўтди Қодир отанинг олмазори ҳам қийғос ҳосилга кирган. Биз вақтимиз бўлди дегунча ўша ерга шошиламиз. Қишлоқда чўпонлар билан дўст тутинган ягона одам биз болалармиз. Олмани бўкканимизча еймиз, қорин тўйгач бир-биримизга олма отиш бошланади. Қандай шўхлик қилсак ҳам Қодир ота индамайди. Гўёки олмазор ҳамма болаларнинг дўстлик масканига айланиб қолган. Мен, Шаҳбоз, чўпон болалар ва яна татар йигит Башир ҳам шу ерга келади. Улар оиласи билан кўчиб келишган. Бошида болалар уни турткилашарди, сўнг Қодир отанинг гапи билан биз дўстлашиб кетдик. Олмазордаги ўтган ҳар дақиқамиз гўзал. Бу ерда бизни катталарнинг муаммолари, шунга ўхшаш майда-чуйдалар ажратмайди. Мен қишлоқ ҳақида, Шаҳбоз чўпонлар ҳақида, Башир эса ўзлари ҳақида айтиб беради. Олмазор болалар дўстлигининг рамзига айланди.
Ёз охирлашди. Биз олмазорга боришни канда қилмадик. Лекин бир ҳафтадан буён Шаҳбоз ва чўпон болалар кўринмайди. Мен ҳайрон бўлиб Қодир отадан сўрадим.
− Эй, нимасини айтасан, болам? Мен бир умр чўпонлар билан яхши муносабатда бўлиш тарафдори эдим. Лекин одамлар буни хоҳлашмади. Тунов куни тўрт-бешта ҳамқишлоғимиз уларнинг қўрасига ўғирликка тушибди. Бундай ўғирликлар кўп содир бўлгани учун чўпонлар сергак ётишган экан, тутиб олишибди. Таланавергач уларнинг ҳам жонига теккан-да, роса дўппослашибди.
Чол гапираётиб чуқур хўрсинди.
− Бобо, нега бизникилар чўпонларни ёмон кўради?
− Ерни деб, мана шу ҳаммадан қоладиган ерни деб.
− Қишлоғимиз катта-ку, ҳаммага ер етади.
− Қанийди катталар ҳам сендай ўйлашса!
Чол негадир ўйчан бўлиб қолди. Кўзларини қаёққадир мунгли қадади. Аммо нимага тикилаётганини мен билолмадим.
− Ишқилиб бу нарсанинг охири яхшилик билан тугасин-да.
Қодир ота хўрсиниб бошимни силаб қўйди.
Мен у нималар деганини унчалик тушунмадим. Бироқ куюниб гапиришидан, жиддий муаммо эканини фаҳмладим.
Кечқурун уйимизда акам ўртоқлари билан тўпланишди. Мен уларнинг суҳбатини эшикнинг орқасидан туриб эшитдим.
− Тўранинг жағини эзиб қўйишибди.
Акам оғир зарбаси билан хонтахтани бир урганда мен учиб тушдим.
− Ҳаддидан ошиб кетишди. Индамаган сари ўзидан кетишяпти.
Қайси жўраси гапирганини аниқ англолмадим.
– Улар кетишармиш, бошқа бу ерга қайтишмас экан, қилғиликни қилиб шундай кетаверишадими?
Акам бунга чидай олмаётгани билиниб турарди.
− Кетаётган бўлишса, яхши. Лекин қилмишига яраша жазо олиб кетишади. Индамай қўйиб қўймаймиз.
− Нима қиламиз?
− Мол тўла қўрасига ўт қўямиз.
Катталарнинг бу гапидан юрагим музлаб кетди. Наҳотки, шундай қилишса!
− Қачон қиламиз?
Барча акамга юзланди.
− Шу бугуноқ. Мен билан йигитман деганинг борасан.
Акамнинг қўйган шартидан кейин ҳаммаси қўзғалди.
Кетаётган улар-у, қўрқаётган мен эдим. Аслида қоронғида бир ўзим юришга қўрқсам ҳам қандайдир куч мени тоққа, чўпонлар ёнига етаклади. Кучим борича югурдим. Уларни огоҳлантиришим керак. Кўп нарсада бизникилар айбдор. Чунки чўпонлар қишлоқнинг хасини ҳам ўғирламаган. Бизникилар эса кўп марта ўғирлик қилганларини ўзим кўрганман. Қанча югурдим, билмайман. Бироқ бир марта йўлдан адашганимни биламан. Етиб борганимда нафас олишим қийинлашиб, ўпкам оғзимга тиқилиб қолгандай эди. Аммо, не кўз билан кўрайки, мен кечиккандим. Қўра алангаси кўкка ўрлаб ёнарди, чўпонлар билан йигитларимиз ўртасида эса, аллақачон, муштлашув бошланиб кетганди. Улар кўпчилик, бизнинг йигитлар эса оз эди. Мен довдираб қолгандим. Кимдир бошимдан бир челак сув қуйди. Чўчиб ўгирилсам, Шаҳбоз.
− Бу ерда бўлганингни ҳеч кимга айтмайман. Фақат, кет. Бошқа кўришмаймиз.
Мен аслида уларни огоҳлантиришга келганимни айтишга улгурмадим. У челагига сув тўлдириб, молхоналари томонга югурди.
Бу жанжални тўхтатиш керак, нима қилиб бўлса ҳам. Қишлоқ олис. Бу ерга энг яқин жой Қодир отанинг боғи. Мен боғ томонга чопдим. Қуюқ олмазорни оралаб чолнинг уйига етдим. Бобо ниманидир сезган, шекилли, ухламаган экан.
− Бобо, тезроқ юринг. Тоғда жанжал бўляпти. Ҳозир йигитларни ўлдириб қўйишади.
− Товба, шунга юрагим безовта экан-да. Нодир, Нодир. Югур, болам. Уларни тинчлантир. Мендан чаққонсан. Ортингдан етиб оламан.
Нодир ака тоғ томонга илдамлаб кетди.
Биз бир соатлар фарқи билан етиб бордик. Борганимизда жанжал тугаган, бизникилар қочиб кетган экан. Чўпонлар Қодир отага индашмайди. Уни ҳурмат қилишади. Чунки ҳеч кимни ажратмайдиган яхши одам эканини билишади. Ачимсиқ тутун ҳидидан улар анча талофат кўрганини билиш қийин эмас.
− Яхшимисиз, ота?
Улардан ёши каттароқ бир киши чолга салом берди.
− Валайкум, Мурод, яхшимисан?
− Кўряпсиз-ку, аҳволни.
− Ҳа, хомсут эмган бандалар.
− Хафа бўлманг-у, ота, сиз томон номардлик қилди. Улар қанча ўғирликлар қилишмади. Биз индамадик.
− Тўғри, аммо бир куни шундай воқеа юз беришини мен билардим. Ишқилиб, ҳеч кимга зарар етмадими, Мурод?
Ҳалиги киши бошини қуйи солди. Оғир хўрсинди.
− Нимага индамайсан?
− Ҳеч ким хоҳламаганди, аммо муштлашувда бир йигит ўлди.
− Ким?
Ота иккимиз бирдан сўрадик. Ўлай агар у акам эканига ишончим комил эди. Ҳали совимаган жасадни гиламга ўраб қўйишганди.
− Биз қишлоқни танимаймиз. Ўзингиз кўринг.
Мен боролмадим. Дош бера олмасдим. Қодир ота секин гиламни очди. Лекин индамади. Ўрнидан тураётиб бир қалқиб кетди. Ҳеч кимнинг гапига жавоб бермай, келган йўлимизга равона бўлди. Мен ҳайрон эдим. Қўрқаётган бўлсам ҳам гиламни очиб кўрдим. Ўлган Қодир отанинг ўғли Нодир ака экан. Чолнинг йўлда бирор нарса бўлишидан хавотир олиб унга эргашдим. У ўғлини олиб кетишга ҳам қайтмади. Уйига тонг ёришаётганда етиб бордик. У жимгина жойига кириб ётди. Мен ёнида қолдим. Бироқ эрталабга яқин уйқу элитган экан. Қаттиқ қўрқув ва чарчашдан қанча ётганимни билмайман. Уйғонганимда тушга яқин пайт эди. Негадир Қодир отани кўрмадим. Излаб боғга чиқдим. Чолни топдим. Ота қўлида болта, дарахтларни чопарди. Қандай куч билан ишлаганини билмайман. Анча дарахт қулаган экан. Қанча ҳаракат қилмайин, чолни тинчлантиролмадим. У ғазаб билан қиларди бу ишларни. Кейин индамадим. Бизнинг дўстлик қўрғонимиз қулаётганини азоб билан кузатдим. Катта-катта олмалар ерга тўп-тўп этиб тушарди.
− Мен олмазорни бекорга қишлоқ билан тоғ ўртасида бунёд қилмагандим. У қишлоқ билан қўра ўртасида кўприк бўлсин дегандим. Лекин бу боламнинг умрига зомин бўлишини билмабман.

Ота ҳўнграб йиғлади ва олма дарахтларини чопишини тезлаштирди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика