Ҳисорак (ҳикоя) [Nabijon Boqiy]

Ҳисорак (ҳикоя) [Nabijon Boqiy]
Ҳисорак (ҳикоя) [Nabijon Boqiy]
Биз Ҳисоракда яшаймиз.
Менинг тахаллусим — Баққи Чол. Биламан, орқаваротдан одамлар «Лаққи Чол» дейди. Х. с. Индамайман, ўзимни билмасликка солиб юраман. Арқонни узун ташлаб қўйганман, вақти-соати етганда танобини тортаман. Майли, ғанимларим чучварани хом санаб юраверсин. Менга ҳам марҳум устоз Тоғай Мурод йўлини бериб, ишларим юришиб кетса: «Ғанимларим бир куйди, бир куйди-э!» деб дўппимни осмонга отиб роса ўйнайман, хуморимдан чиқаман. Яғири чиққан битта дўппим бор. Уни кўча-кўйга кийиб чиқиб бўлмайди. Чунки «дўст бошга қарайди» деган гап бор. Ҳозирги замонда «дўст» қанақа бўлишини ўзингиз кўриб турибсиз: ишонч қозониб пинжингизга кириб оладию манфаатлар тўқнашган заҳоти ништарини санчиб ёки кўзингизни шамғалат қилиб, пиёлангизга заҳар томизиб қочади. Дўппим борлигани биров билади, биров билмайди: у истеъфога чиққан сандалимнинг четиди туради, бемаза китобни ўкий бошласам беихтиёр ҳидлаб-ҳидлаб қўяман. Фойда беради, мутолаани охирига етказаман. «Терлаган бошнинг ёғи ёпишиб, қасмоқ бўлган дўппини ҳидлашдек азоб ҳам дунёда бор-ку, унинг олдида бемаза китоб нима бўпти?!» деб ўзимга таскин бераман. Шунда билдим, таскин ҳам одамга кор қилар экан. Дўппининг сиртини эмас, астарини ҳидлаш керак. Димоғни ёрадиган сассиғи ичида бўлади, ичидан чиқади.
Маҳалла номини ўзимиз қўйдик. Таклиф Ёвқур Баҳодирдан чиққан, бошқаларга маъқул бўлган. Айниқса, Раҳим Баққол бу таклифни қизғин қўллаб қувватлади; маҳалла бошига қўндириб олган буткаси ёнидан ўтган одамни тўхтатиб: «Маҳалламизга бундан бошқа ном ярашмайди, тарихий илдизи ҳам чуқур экан. Ишонасизми-йўғми, «Бобурнома»да Ҳисор ҳақида махсус гап бор, ҳисорликлар Бобуржонни норози қилади. Хусусан, «Хисравшоҳ адно кишиларға қилғон инсониятни бизга қилмади... Ширим тағойи номардроқ киши эди», деган. Раз, маҳалла номини Ҳисорак деб кўйдикми, буёғига огоҳ бўлайлик; инсониятни унутмайлик, номардлик қилмайлик. Дўст-душман оддида юзимиз ерга қарамасин, намунали маҳалла бўлишимиз керак. Ижодкор аҳли доим эл-юртнинг кўз ўнгида туради... Гугурт, туз, сигарет, туалет қоғози, тиш кавлагич учун ҳам супермаркетга югураверса, «ие, фалончи ҳожатхонада қоғоздан фойдаланар экан, тишини кавлар экан?!» деб, одамлар гапни кўпайтиради. Будкани бекорга қўнқайтириб қўйганим йўқ. Келинглар, майда-чуйдаларни ўзимдан харид қилинглар. Шу баҳонада ўзимга ҳам беш-тўрт сўм қолади, рўзғоримни тебратаман. Лекин менда инсоф бор, дуо олсам бас, дуо пулга сотилмайди. Шунақа гаплар, оғайни», деб дийдиё қилади.
Раҳим Баққол чакана молини ўтказиш мақсадида китоб титкилайди. Босим билимдонлигини кўзкўзлайди, ижод аҳлининг энсасини қотиради. Гоҳ адабиётшунос, гоҳ тужжор қиёфасига кириб ҳунар кўрсатади. «Журналда эълон қилган нарсангизни ўқидим, ҳамсоя, маъқул бўлди. Боплабсиз-у, отларни айтмапсиз-да! Лекин кимлар назарда тутилганини билдим», деб муғомбирона жилмайишни яхши кўради. Гўё оламшумул махфий сирни билади-ю, айтмайди. Айтса, осмон узилиб ерга тушади...
Ҳисорак дегани, менимча, тепалик маъносини англатади. Бироқ, этимологиядан бехабар оломон Ҳисоракни «қўрғонча» бўлса керак деб тусмол қилади. Бизнинг назаримизда ҳам шуниси тўғрига ўхшайди. Аммо тепалиқдан ном-нишон йўқ. Эҳтимол, бир замонлар дўнглик бўлган-у, вақт шамоли уни емириб юборгандир. Бу ҳақда ҳеч ким тайинли бир нарса дея олмайди. Бизга қолса, каллани ишлатгандан кўра тусмол гапларга ишонган маъқул. Бошқа жойларда ҳам ҳисорак-кўрғонча кўп учрайди. Лекин бунақаси бўлмаса керак. Дастлаб, Раҳим Баққол нима учун шу номни қизғин қўллаб-қувватлади экан деб ҳайрон бўлдик. Кейинчалик маълум бўлишича, маҳаллага ном қўйиб, тегишли идорада рўйхатдан ўтказиш муҳим экан. Шундай килинса, сонда бор маҳалла саноққа ҳам киради; маиший хизмат шаҳобчалари ташкил этилади, ҳокимият тизимидан ул-бул ундириб олинади ва ҳоказо. Мана, Раҳим Баққол бемалол савдо тўчкасини очди. Майли, очгани яхши. Лекин ўзини адабиётга, ижод оламига дахлдор билиб, шеъриятга соя солаётгани ёмон бўлди. Ўзича танками-манка деган янги жанр яратибди, икки қатор шеъри оғизга ҳам тушди:
«Йигит чўнтагида бўлса ул-були,
Доим сайраб турар булбули».
Қалай!
Ҳисоракда январ ойининг ўрталарида ҳам тизза бўйи қор бор эди.
Бир шоир танишим бизга девордармиён кўшни бўлган Бўрижар клиник-санаториясида роппа-роса ўн кун муолажа олиши лозим эди.
Бўрижарнинг ўзига хос «ҳасби ҳол»и бор. Тахминан, 120 — 130 йил муқаддам улуғ князлардан Софокл Туркистонга ихрож қилинади. Биласиз, Русияда ҳар ким ҳам бундоқ рутбаи шоҳонага ноил бўлавермасди. Фақат зоти олийлари императорнинг ака-укаси, амакиваччаси, эркак жинсидан бўлган фарзандлари «у.к.» олдқўшимчаси билан сарафроз этиларди. Ҳар бир у.к. тож-тахтга даъвогар бўлиши мумкин эди. Бироқ, валиаҳдни шахсан император тайинларди, у якто бўларди, дута бўлиши мумкин эмасди. Иккита қўчқорнинг боши битта қозонда (котёлда) қайнамайди. Иккинчи Николай ногирон у. к. ўғли — Алёшани (олмон онаси уни «Алекс» дерди) тахт вориси деб эълон қилади; ворис ногирон бўлса ҳам ўзининг пушти камаридан бино бўлган, бошқа у. к.лардан жонтомирига яқинроқ дилбанди ҳар ҳолда хиёнат кўчасига кирмайди, падарининг бетига оёқ қўймайди. Анавилари эса хотин уруғига ён босади, ота уруғини камситади. Шундоқ экан, уларни «Қишки сарой»дан четлаштирган маъқул. Бундан ташқари, у. к.нинг қўли эгрироқ экан. Олди олинмаса, гап-сўз кўпаяди, император хонадонига доғ тушади.
— Оғам, Софоклбой, қолоқ ўлкани юксалтириб бергайсиз! — деб император улуғ князнинг елкасига қоқиб Тошкентга жўнатади.
Подшоҳнинг амри вожиб, улуғ княз Софокл лом-мим демай узоқ муддатли командировкага отланади. Ўн саккиз кун деганда Тошкентга етиб келади, генерал-губернатор уни карнай-сурнайлар билан кутиб олади, хос хонага жойлаштиради.
— Шаҳар ташқарисида дилкушо боғ-ҳовлим бўлса, умримнинг қолган қисмини билярд ўйнаб ўтказардим, — деб истак билдиради у.к..
— Ў-ў, қандоқ ажойиб, қандоқ пурмаъно таклиф! Бўлди, бажарамиз! Геодезия, геология, минерология, зилзилашунослик мутахассислари гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўрт томонга тарқалади. Боғ-ҳовли учун муносиб жой қидирилади. Ёз ойлари эди. Кўпни кўрган маҳаллий маллавойлардан биттаси «тендер»ни ютиб олади, академиклар раҳбарлик қилаётган гуруҳлар доғда қолади. Гап шундаки, Дониш Чол тўрт коса сутни тўрт жавонибга кўйиб, сут ёнига соқчи тайинлайди, ўзи ҳар куни отда юриб посбонлардан хабар олади. Косалардаги сут бирин-кетин ачийди. Бўрижар ёқасига қўйилган сут эса бир ҳафтадан кейин ҳам сигирдан янги соғилгандек кўпиклашиб тураверади.
— Бўри аҳмоқ эмас, қаерда болалашни билади; Бўрижар энг баҳаво жой, бу ер тоғдан эсадиган шамолнинг йўлида экан. Улуғ княз Бўрижарда барпо этилган боғ-ҳовлида истиқомат қилса, манбаъд афсусланмайди, — дейди Дониш Чол.
Тилмочнинг гапини эшитган улуғ княз елкасидаги зарбоф чопонни Чолга ёпади:
— Якши, якши... бабай гут, маладес! — дейди. Елкасига қоқади. — Турқ-атворинг шоҳ Эдипга ўхшар экан. Ишқилиб, умринг ўхшамасин... Хўш, бабай, тила тилагингни, мендан нима истайсан? — дейди у. к.
— Отамди оти Виктор бой, — деб ерга қарайди Чол.
— Тузук. Ўзимиздан экансан-ку! — деб у. к. Чолнинг елкасига қоқади.
— Ўтган йили қазо қилди...
— Ў-ў, чатоқ бўпти-ку!.. Мерос масаласида ишкал чиқдими?
— Мерос хатланган, васиятномани нотариус тасдиқлаган. Лекин бошқа гап бор.
— Канақа гап экан?
— Қўқонда Муқимий деган шоир ўтган.
— Хўш-хўш?
— Бир пайтлари Қўқон боёнлари Муқимийни ёллаб отам хақида ҳажвия ёздиришган.
— Оббо, чатоқ бўлган экан-ку!
— Шоир ҳам, отам ҳам оламдан ўтиб кетди... Лекин... Остроумов яқинда Муқимийнинг сайланмасини чоп этади.
— Бахайр. Шоирларга, айниқса, марҳум шоирларга ҳомийлик қилиш керак.
— Ҳа, тўғри.
— Тўғри бўлса, сенга яна нима керак?!
— Сайланмага отам ҳақидаги ҳажвиялар ҳам киритилибди.
— Яхши. Муаллиф меросхўри истаса, ғижимлаб отиб юборилган қораламани ҳам чоп этиши мумкин.
— Илтимосим, «Воқеаи Виктор»дан икки қаторгинани тушуриб қолдирилса...
— Нима учун?
— Мана, ўзингиз эшитинг:
Олиб баски етти ярим пахтани,
Ўн икки яримга итарди сани.
— Зўр-ку! Бунинг нимаси ёмон?!
— Бу гап пахтачи бойларга оғир ботади.
— Оғир ботадими? — деб қайта сўрайди у. к.
— Оғир ботади.
— Оғир ботса, ўша жойни опқўйиш керак. Икки каторини опкўйса, осмон узилиб тушмас. Бўпти, Остроумовга ўзим айтиб қўяман.
— Миннатдорман, — дейди Чол жилмайиб.
У. к. мийиғида кулибгина қўяди. Бекорга мийиғида кулмаган экан: Остроумовга айтиб, ўша икки катор жойини йўғон-йўғон қора ҳарфларда ёздириб чиқаради.
Кейинчалик ошкор бўлдики, улуғ князнинг исми шарифи Костя экан, Софокл эса унинг лақаби — «кличка»си экан. Чамаси, у. к. бошқаларга ҳам лақаб қўйиб, Бўрижарни лақабхонага айлантириб юборади.
Бўрижарда ҳашар бошланади. Жарлик текисланади, бўрилар қувиб юборилади, ҳадемай пишган ғиштин болохонали иморат тикланади. Боғ-ҳовлига «Волчя яма» деб ном берилади. Улуғ княз билярд ўйнаб, кўнглини хушлаб юрган кезларда (у кишда ҳам яшаш учун танча, ўчоқ қурдириб олади) Петербургда оқ подшоҳ тахтдан ағдарилади. У. к. бир кечада ғойиб бўлади. «Волчя яма» дастлаб «Гурги жар» деб қайта номланади, сўнг бу ном «Гурги сурх» деб ўзгартирилади, пештоқига «Гурги жарга хуш омадед!» деб ёзилган алвон мато осиб қўйилади. Бир куни боғ-ҳовлига галифе шим кийган, белдаги тасмасига наган тақиб олган қизил комиссар ташриф буюради. Қўлини пешонасига соябон қилиб лавҳани ҳижжалаб ўқийди; бир четда қунишиб турган оқ иштонли боғбондан:
— Гўрги сурх нима дегани? — деб сўрайди.
— Қизил бўри, — дейди боғбон.
— Аҳмоқ! — деб оёғининг остига туфлайди комиссар. — Ҳеч жаҳонда бўрининг ҳам қизили бўлар эканми!.. Эски номи нимайди?
— Бўрижар.
Комиссар чаккасини қашлайди, ўйланади, узоқ ўйлайди ва:
— Йўқ, бўлмайди... Бизга ғоявий жиҳатдан тўғри келмас экан... Яхшиси, Қизилжар бўла қолсин, — дейди. — Ўзинг ҳам, бобой, қизил иштон кийиб олгин.
Шу ном етмиш йил давомида ўзгармади. Қизиллар салтанати барҳам топгач, бир кечада пештоқда «Бўрижар» деган лавҳа пайдо бўлди. Ҳозир эски бино омборхона вазифасини бажаради, ёнида кўп қаватли иморат қўр тўкиб туради. Жарлиқдан ҳам, бўрилардан ҳам ном-нишон қолмаган, атроф кўм-кўк арчазор, расмона ўрмон. Ўрмон қўйнида сиҳатгоҳ жойлашган.
Ажойиб кунларнинг бирида қоровулбеги Хон Хўжа каминага: «Сендан илтимос, ошна, қўлингдан келади, тўрт-беш варақ интермедия ёзиб бергин. Мавзуни Бўрижар директори айтади... Шифокорларнинг кўрик-танлови бўлади, шекилли. Бадиий қисмида томоша кўрсатилади... Қулхўжа мендан илтимос қилди, мен сендан илтимос қиляпман. У керакли одам, таниш-билишлар муолажа оламан деса, беочеред жой ҳозирлаб беради», деб қолди. Зарур ишим йўқ эди, рози бўлдим. Эртаси куни Қулхўжа сим коқиб мени сиҳатгоҳга таклиф этди. Бордим. У мавзуни белгилаб-чегаралаб берди. Гап орасида:
— Клиник-санатория номини «Лабиоб» деб ўзгартирсак, нима дейсиз? - деб сўради.
— Нима кераги бор?
— Бўрижар деган ном мижозларни чўчитади.
— Янглишмасам, Чоржўйнинг номи ҳам Лабиоб — Лебаб деб ўзгартирилган, — деб қошларимни чимирдим.
Кулхўжа бақрайиб қолди. Оғзи, томоғи қуриди, қулт-қулт ютинди. Хийла фурсатдан сўнг:
— Масаланинг сиёсий томонини ўйламабман... Бизга тўғри келмас экан, — деди паст товушда. — Аслида, Бўрижар ҳам ёмон ном эмас...
— Бўрилар ўзи ов қиладиган ҳудудни пешоб тўкиб чегаралаб олади, дерди Шукур Холмирзаев.
— Буни қаранг-а! — деди Кулхўжа талмовсираб. Шундан кейин бу мавзуга бошқа қайтилмади.
Биз яна уч-тўрт марта учрашдик: интермедиянинг хомаки нусхаларини муҳокама қилдик, тузатишлар киритдик, охири ихчамгина «саҳна асари» пайдо бўлди. Мен беихтиёр Бўрижарда раҳбар билан ходимларнинг муносабатини кузатдим.
— Сиз Қулхўжами ёки Хўжақулми? Ходимларингиз гоҳ ундай деяпти, гоҳ бундай. Паспортингизда қандай ёзилган? — деб сўрадим.
— Биз асли оқсуякмиз, хўжалардан. Шўро замонида диндорларнинг косаси оқармасди, елкасига офтоб тегмасди. Шу боис отам менга «Қулхўжа» деб исм қўйган, «хўжа»ни орқа планга олган, олдинги планга «қул»ни чиқарган. Хартугул, «қул» пролетариат синфига мансуб. Худога шукр, мана, энди динимизга ҳам йўл очилиб қолди, «хўжаларданман» деган одамни ҳеч ким таъқиб қилмайди.
— «Хўжа»ни олдинги планга чиқарибсиз-да!
— Шундай бўлди, шундай! Ха-ха-ха... — деб бирдан қаҳқаҳа отиб юборди у.
— Паспортни ҳам ўзгартирдингизми?
Қулхўжа кулгидан тўхтаб, қиёфасига жиддий тус берди.
— Йўқ, ўзгартирмадим. Паспортни ўзгартирсам, докторлик гувоҳномасини ҳам ўзгартиришим керак бўлади. Ортиқча югур-югурнинг нима кераги бор. Тўғрими?
— Тўғри, — дедим мийиғимда кулиб. — Агар дунё тескари бўп кетса борми...
— Худо сақласин!

* * *
Мусофир укамиз Ғиёсиддин Кичкина кўпдан буён юрак хасталигидан нолиб юрар, Бўрижарда бир курс муолажа олсам отдек бўлиб кетардим, деб овоз чиқариб хаёл сурарди. Аввало, Қулхўжага интермедия ёзиб беришга розилик билдирганимдаёқ Ғиёсиддинни ўйлаган эдим. Боз устига, уёқтса Мирзо Тўра: «Ака, отамнинг шогирдларига қанақа ёрдам керак бўлса, айтинг, қараб турмаймиз», деб ҳоли-жонимга қўймасди. Интермедия поёнига етгач, дарҳол Гулистонга сим қоқдим: «Мирзажон, Тўра Сулаймоннинг руҳи шод бўладиган кўринади, суюнчи беринг!» дедим. Мирзо тўхтовсиз Тошкентга етиб келди, сиҳатгоҳдан шартнома нусхасини олди, ҳадемай Бўрижарнинг ҳисоб рақамига икки юз эллик минг сўмни «ҳайдаб» берди. Афсуски, «ҳайдалиш куйи» пул ҳайдалгандан кейин бошланди.
Шартнома бўйича, Ғиёсиддин Кичкина янги йил арафасида «сиҳатгоҳ»га келолмади; курбон ҳайити ўртага тушиб қолди. Янги йилдан сўнг санатория гавжумлашиб кетибди. Бир ой илгари каминага иши тушган чоғида кунда-кунаро: «Ака, келинг, бирга тушлик қиламиз... Акахон, бир келиб кетинг, ужин қиламиз», деб шакаргуфторлик қилиб юрадиган Қулхўжа бирдан тўнини тескари кийиб олди. «Э-э, қанакаси бу! Ахир, одамни эзиб юбордиларинг-ку!» деб телефонда силтаб ташлади. «Хўжайин, бу менман — «акахон»инингиз, — дедим нафасим ичимга тушиб. Телефон гўшагини ушлаб турган қўлим титрай бошлади. — Ахир, ўзингиз айтган эдингиз, пули тўлангандан кейин...» «Э-э, пули тўланган бўлса, айтилган вақтда келсйн-да!» деди хўжайин. Мулзам бўлиб гўшакни қўйдим. Кап-катта одамнинг туйқус ўзгариб қолишини кутмаган эдим. «Ўлсам ҳам мана шундай профессор-шифокорнинг қўлида даволанмайман», деб қасам ичдим. Лекин атайлаб Дўмбирободдан ётиб даволанишга чоғланиб келган Ғиёсиддинга сир бой бермадим. Шубҳасиз, кўнглига ғулғула тушади. Устига устак, «устоз» деб жомадонини кўтаришиб келган бойсунлик Азамат деган чаққон йигитча олдида «рейтинги» пасайиб кетиши мумкин.
— Оғайни, ўзингиз айтилган пайтда келмадингиз. Шу кунларда ҳокиму тўралар ёпирилиб кетипти... Яқин орада жой бўшамайдиган кўринади, — дедим лабимни тишлаб.
— Майли, ака, бўшаганда келарман, — деди Ғиёсиддин Кичкина синиқ жилмайиб.
— Менда битта таклиф бор, чойхона-палов дамласак қалай бўлади? - деб қолди Азамат. — Қибрайга чиқиб харажат қилиб келаман.
— Майли, — дедим. — Биламан, пул берсам олмайсиз, лекин сизга берадиган пулим ҳам йўқ. Қибрайга чиқсангиз икки қути «Палл Малл» олиб қайтинг; қутиси қаттиғидан бўлсин, юз сўм қиммат юради.
— Хўп бўлади, — деб Азамат ўрнидан қўзғалди.
— Бирга борамиз, — деди Ғиёсиддин. — Гурунглашиб бориб келамиз.
— Майли, бирга боринглар. Мени бир-икки соатлик ёзадиган ишим бор, — дедим. — «Якта афғоний аст» деган ҳужжатли қиссани бошлаб қўйганман; қайтганларингдан сўнг мухтасар сюжетини гапириб бераман.
— Ў-ў, номи зўр-ку! — тсеб кулди Ғиёсиддин. — Янги нарсага ўхшайди.
— Албатта янги-да, эски сақични чайнамайман-ку!
Уларни остонада кузатиб қолдим. Ташқари совуқ эди, чиқмадим.
Ҳисоракка иккита дарвозадан кириш мумкин: биттаси — маҳалланинг «хусусий мулки» бўлиб, уни бурноғи йили сувюқмас Туркистоний деган хорижлик сармоядор «еҳсон» қилган. Хашаки «октябрят»-юлдузчаларнинг соатбай исловатхонасига айланиб қолган «Ижод уйи» ёнидан ўнг томонга бурилган йўловчи тоб ташлаган дарвозага дуч келадию «Ҳотамтой»нинг исми шарифи ёзиб қўйилмаганини кўриб ажабланади, чунки Ҳисоракда дарвоза қанотларига эгасининг номини ёзиш анъанага айланган. Истиқболда Шукур Холмирзаевнинг пастқамгина кулбаси намоён бўлади, Ҳисоракка кириб қолганингизни дарҳол сезасиз. Шукур аканинг кулбасини кунчиқар тарафдан қўшқаватлик чала битган бино эзиб туради; Шавкат Раҳмоннинг ўн беш йилдан буён битмай ётган хокисоргина иморати ёнида эса бутун бошли «БелАЗ» ҳам бемалол ўтиб кетадиган темир дарвозали муҳташам кошона қад кўтарган; рўпарасида Шуҳрат домланинг томи очиқ ётган ихчамгина уйи бор... Иккинчи йўл — ҳовузхона ёқалаб ўтади: икки четдаги арчаларни қалин қор босиб энкайтириб қўйган, тор йўлдан эрталаб Сайфи Саройининг «Матиз»и зўрға қор кечиб ўтган; ҳайбатли чинорлар остидан қаралса осмон кўринмайди — ҳўл кор кузда тўкилмаган хазоний япроқларга чиппа-чип ёпишиб қолган. Кўз олдингазда оппоқ қорга бурканган боғ намоён бўлади; қараб кўзингиз қувонади, дилингиз равшан тортади.
Ҳадемай Ғиёсиддин Кичкина билан Азамат тўрт-беш кишилик палов масаллиғини харид қилиб қайтди.
— Кечикмадикми? — деди Ғиёсиддин кулимсираб. — Тушлик ҳам ўтиб кетди.
— Қанақа тушлик? — дедим жўрттага.
— Ахир, соат уч бўлди, — деди Ғиёсиддин Кичкина телевизор устида турган соатга ишора қилиб. Сўнг, ҳар эҳтимолга қарши, билагидаги қўлсоатга ҳам кўз ташлади.
— Қизиқ экансиз-ку, огайни, сизлар томонда ҳалигача нонушта, тушлик, кечки овқат деган «ескилик сарқитлари» сақланиб қолган экан-да!
— Сизларда-чи?! — деб юборди Азамат кўзларини катта-катта очиб. Елкамни қисиб, қўлларимни икки томонга баралла ёзиб юбордим:
— Раҳматли Шукур аканинг раҳбарлиги остида биз эскилик сарқитларини таг-туги билан бартараф этганмиз! — дедим.
— Йўғ-э! — деди Ғиёсиддин калта палтосини ечишдан тўхтаб.
— Ҳа-да, дуч келса, уч маҳалги овқатни бирйўла ютиб олиб, кейин кавш қайтариб юраверамиз.
— Шунинг учун Шукур акам умрининг охирида ошқозонининг ярмини кестириб ташлаган экан-да? — деди Азамат. — Тежамкорлик бундан ортиқ бўлмас, офарин!
Ҳазил-ҳузул қилиб ошхонага ўтдик: биров ёғни доғ қилди, биров сабзи-пиёзни ҳозирлади, биров кўрсатма бериб турди. Хаш-паш дегунча зирбак тайёр бўлди, гуруч курмакдан тозаланди, ивитиб қўйилди, туз-намак ростлангач вағирлаб қайнаётган қозонга гуруч солинди, сувини тортгач дамладик. Туруп тўғралди, дастурхон тузалди.
— Азамат, анави зормандадан озгина кетмайдими? — деб телевизор остидаги пардадан кўриниб турган шишаларга ишора қилдим.
— Йўқ, ака, мен оғзимга олмайман, — деди Азамат кўлини кўксига қўйиб.
— Ихтиёрингиз. Бўлмаса, ҳозир ошни бузаман, — деб ошхонага чиқдим. Ошни бузиб, гўштларни кичикроқ лаганга ажратиб қўйдим. Сўнг гуруч-сабзини яхшилаб аралаштирдим. Олов паст эди — таги олмапти, яхши пишипти. — Ғиёсиддин, гўштни опкетинг, майдаланг. — Ўртасига Марғинонийнинг тимсоли туширилган лаганга уч-тўрт капкир ош солган чоғимда ховли томондан бировнинг чақирган товуши эшитилди. — Ким бўлса ҳам яхши меҳмон экан, ош устига келди, — дедим. Азамат ошхонага кириб:
— Сизни биров сўраяпти, — деди.
— Таклиф қилинг, ичкарига кирсин, ош тайёр!
— Ичкарига кирмаяпти, — деб Ғиёсиддин Кичкина ҳам ошхонага мўралади.
— Кираверсин. Ким экан?
— Ёши каттароқ бир одам, — деди Ғиёсиддин. Сўнг қўлида гўшт тўғраётган пичоғи билан йўлакка чиқиб: — Ака, киринг ичкарига! — деди.
Ўзим капкирни кўтариб йўлакка чиқдиму мумтоз адабиёт шинавандаси бўлган янги ҳамсоямиз Эгамқул акага кўзим тушди.
— Ие, келинг, ака, ичкарига киринг! — дедим қувониб. — Мана, шоир укалар келган, суҳбатлашасиз!
— Узр, минбаъд узр! — деб Эгамқул ака сохта салобат аралаш қўлларини кўксига қўйиб бош чайқади. — Бажонидил кирардим-у, лекин сира иложим йўқ.
— Тинчликми, ака? — дедим сохтакорликдан ғижиниб.
— Машинам Ҳовузхонага яқин жойда қорга ботиб қолди. Илтимос, укажон, бориб чиқаришиб юборсангиз! — деди Эгамқул ака ҳамон қўлларини кўксидан олмай.
— Бўпти... Лекин шу ошни совутмасдан еб олгунимизча машинангиз ботган жойида тура турса нима қилади? — дедим ҳазил аралаш. — Баҳоргача турса, қорлар эригач миниб кетаверасиз.
— Йў-ўқ, укажон, бўлмайди, уйда меҳмонлар бор.
— Мана, биз борамиз, — деб Азамат шошилиб курткасини кийди.
— Мен ҳам борайми? — дедим. — Шартми боришим?
— Бу йигитлар меҳмонми? — деди Эгамқул ака саволимни эшитмагандек. Сўнг: — Яхшимисиз, йигитлар?
— Раҳмат, ака.
— Агар белкурак бўлса, олинглар, ғилдирак остини кавлаш керак, — деди раҳбарона оҳангда Эгамқул ака. — Узр-да энди. — Киёфасига зўраки табассум югуртирди.
— Майли, ҳечқиси йўқ, ака. Мен ҳам борайми? — деб қайта сўрадим.
— Йў-ўқ, мен бораман, — деб Ғиёсиддин Кичкина шаҳдам калта палтосини кийди.
— Меҳмонларни ишлатар эканмиз-да, узр, — деди Эгамқул ака иржайибгина.
— Хижолат бўлманг, ака, ёш келса — ишга дейдилар, — деди Ғиёсиддин. Мен олди ёпиқ айвондан белкуракни топиб бердим.
— Ҳозир, бирпасда қайтамиз, — деб таъкидлади Эгамқул ака. — Всево десит минут.
Унинг русча, форсча сўзларни аралаштириб гапириши доим энсамни қотирарди.
— Бирга қайтиб келинг, ош тайёр, — деб қолдим.
Чамаси, Эгамқул ака Ҳисоракка боғ оралаб ўтиб келмоқчи бўлган. Бу йўлдан Сайфи Саройидан бошқа одам машинада юрмайди. У эрталаб ишга кетган бўлса, яна қор ёғиб изларни кўмиб қўйган, Эгамқул аканинг «Нексия»си эса, табиийки, қорга ботган.
Бу одамга кимдир «Асрор бобо» деб лақаб қўйган эди. Лекин лақаби ўзига сира ярашмасди. Асрор бобо қайда-ю, сохта салобат қайда!
Нафсиламрни айтганда, бировга лақаб қўядиган одам аҳмоқ бўлмайди; кишининг ўзига хос нозик бир нуқтасини топиб, нишонга бехато уради. Ҳисоракда қаламкаш қавми истиқомат қилса-да, Эгамқул акага «Асрор бобо» лақаби ҳадя этилган дастлабки пайтларда кўпчилик Абдулла Қаҳҳорнинг тўқима қаҳрамони билан бу киши ўртасида ўхшашлик борлигини биров хаёлига ҳам келтирмади. Аксинча, «ул қайдаю бул қайда!» деб лабини буриб, қошини керганлар бисёр топилди. Ҳақиқатан ҳам, биз билган, тасаввур қилган Асрор бобо ҳозир ҳам водий чойхоналарида онда-сонда учраб турадиган қувгина, қувноққина, айни чоқда покдамон, расмона бобо бўлса, Эгамқул ака соқолининг оқини кампиридан яшириш учун ҳар куни эрталаб иягини устарада қиртишлайдиган, «фарз», «суннат» каби гапларни «ахлоқ кодекси»нинг ёш камолларга мўлжалланган дастуриламал деб ўйлайдиган, уларга раҳбар ходимлар амал қилиши шарт эмас деб ҳисоблайдиган «комил инсон» эди гўё. Асрор бобо бор-йўғи маҳаллий доирада маълум ва машҳур бўлса, Эгамқул ака ўз замонасида «Биринчи» билан гаплашиб юрган катта одам. Хуллас, «ул қайдаю бул қайда!» деган гапда жон бор. Асрор бобо табиатида андак қувлик (кампирига нисбатан) сезилади, лекин бу қувлик беғараз, беозор; қувноқлик эса бачкана гулихандонни эслатадиган аския эмас, завқ-шавқдан туғиладиган ҳаётга чин муҳаббат нишонаси ёки аксинча, ҳаётга чин муҳаббатдан туғиладиган завқ-шавқ нишонасидир. Эгамқул ака хатти-ҳаракати билан қувлик қилаётганини гўё сездирмайди, лекин чинакам завқ-шавқ нималигини ҳам билмайди. У ҳаёт завқини ҳам, шавқини ҳам номенклатурага (мансабдан мансабга кўчиб юрувчилар рўйхати) кирган пайтидаёқ пакқос эсидан чиқариб юборган... Шундай бўлса-да, ултармалик Асрор бобо билан Эгамқул ака ўртасида қандайдир ўхшашлик бор. Афсуски, бу тескари ўхшашлик бўлиб чиқди. Яъни, Эгамқул ака, аслида, Асрор бобонинг карикатураси экан. Эгамқул аканинг лақабига жузъий тузатиш киритиб, «Хосаки Асрор бобо» дейилса, тўғрироқ бўларди. «Хосаки» сўзига «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «наслдор, зотдор» деб таъриф берилган. Бу таъриф Эгамқул акага нисбатан тўғридан-тўғри татбиқ этилса, унчалик ярашмайди, ўрнига тушмайди, лекин маълумот маъносида қайд этиб қўйилса зарар ҳам қилмайди.
Бу киши илгари сурункали амалдор бўлган, кейинчалик нафақа ёшига етгач номенклатурадан тушиб қолган. Шу боис ўзини «адолатсизлик қурбони» деб ҳисоблайди. Офтобшувоқ кунларнинг бирида адолат тикланишига, яъни катта мансабга тайинланишига умидвор бўлиб юради. Умидворлик муддати хийла чўзилиб кетгани учун ҳар хил машғулотлар билан ўзини овутади; гоҳ қарасангиз, мумтоз адабиёт мухлисига айланиб қолади, «адабиётшунос» Раҳим Баққолнинг бошини қотириб, унга Навоий ғазалларини шарҳлатиб эшитади; гоҳида ўзи мутолаа қилган янги китоб тўғрисида бачкана мулоҳазаларини айтиб мияни суюлтиради. Ора-орада: «Ишкилиб, вақтингизни олмаяпманми?» деб ғашингизни келтиради. Вактингизни олаётганини билиб туриб шундай савол беради, башарингизга тикилиб кулимсирайди, сизни ҳам ёлғондакам шакаргуфторлик қилишга мажбур этади. Майли, амалдан урилиб, кўнгли яримта бўлиб қолган деб ҳеч ким унга қаттиқ гапирмасди. Эгамқул акани бефаросат, бефаҳм деб бўлмайди — ҳамма нарсага ақли етади. Аммо баъзан хорижий технология асосида барпо этилган ҳовузини, саунасини кўзкўзлаш учун атайлаб уйига таклиф қилар, ўғил-қизларига атаб шаҳарнинг сўлим гўшаларида қурдираётган данғиллама иморатларини ҳам томоша қилдириб қайтар эди-ю, беихтиёр бу кишининг зийрак-зукко зот эканига кўнгилда шубҳа уйғонарди. Бир сўз билан айтганда, эски замондан қолган «Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун!» деган таомилни батамом хусусийлаштириб олган. Бошқалар ҳам инсон, бошқалар ҳам бахтли-саодатли бўлишга ҳакли деган гапни хаёлига келтирмас, мабодо хаёлига келтирса, минбарга чиқиб олиб, куйиб-пишиб ваъз айтаётган воиз нутқининг қораламаси кўринишидагина тасаввур этар эди.
Дастлаб, Эгамқул акани ҳурмат қилардим, куйинчаклик билан айтадиган гапларига чиппа-чин ишонардим. Ҳозир ҳам кўпни кўрган инсон сифатида ҳурмат қиламан, гапларини индамай эшитаман. Бироқ, ўйлайманки, уни Ёвқур Баҳодир билан Раҳим Баққол мендан кўра кўпроқ ҳурмат қилади, унга кўпроқ ишонади. Ёвқур сиполик билан ўзини четга тортади, ғижинади, виждонан қийналади: «Башарасига қараб тиржайиб туришга мажбурман, кўнгли яримта, дили оғримасин дейман. Агар кўнгли бутун бўлса, яъни амалда ўтирган бўлса у биз билан сўрашмасди, ёнимиздан бошини қимирлатиб ўтиб кетарди. Нима учун кўнглига қарашимиз керак ўзи?! Тупурдим-э, ўшандай яримта кўнгилга!» деб жиғибийрон бўларди-ю, аммо яна кўнгилчаклик қилишни қўймасди. Бу масалада Раҳим Баққолга Худо берди: энди унинг палағда гапларини эшитадиган қулоқ топилган, будкаси гавжумлашиб қолган эди; улар апоқ-чапоқ бўп кетди. Зимдан кузатилса, ўз қадрини биладиган «чаҳорёр» будкани четлаб, айланма йўлдан юрадиган бўлганини пайқаш мумкин. Бироқ Ҳисоракда айланма йўл ҳам узоқ эмасди; бари бир адоғдаги одам кўзга ташланади. Чунки тўрт тараф бетон билан ўралган, йўллар туташ, чорраҳа биттагина эди. Менга қолса, будкада бетма-бет ўтирган Раҳим Бакқол билан Эгамқулнинг бирини олиб бирига урсанг ҳам ҳаққинг кетади. Р. Баққолнинг пандавақи экани ойдай равшан, унга нисбатан Эгамқул қувгина, қитмиргина. У Шайх Саъдийнинг каломи билан, мумтоз иқтибослар билан ўзини мақтаётгандек туюлади. Муомаладаги сохтакорликни дарҳол сезаман. Сезмасам кошкийди.
Орадан ярим соатдан мўлроқ вақт ўтиб Ғиёсиддин Кичкина билан Азамат қайтди. Эгамқул ака раҳмат айтиб, ҳовлисига кириб кетипти. Майли... Паловни оловга яқинроқ жойда сақлаб турган бўлсам ҳам, тови кўтарилган эди, энди бемалол қўл билан ошалаб ейиш мумкин. Ҳаммамиз ошни қўл билан ейишга қарор қилдик.
— Агар икки киши бўлмасак, машинани чиқара олмасдик, — деди Ғиёсиддин бир-икки ошам олиб. — Лекин Эгам ака ажойиб одам экан, Саъдийнинг ғазалларини форсча ёддан биларкан, қойил!
— Маърифатли инсон шунақа бўлади, — деб кафтини ялади Азамат. - Афсуски, ўқиган, уққан одамлар кам. Замонавий қаҳрамон ҳам шунақа бўлиши керак.
— Кўпни кўрган одам, ўзининг мустақил карашлари бор, — деб мен ҳам ҳамсояни мақтаган бўлдим. — Мумтоз адабиётдан хабардор одам аблаҳ бўлмайди.
— Оласиз-да, ака! Аблаҳ бўлмаслик ҳам ноёб фазилатми?! — деб Ғиёсиддин кафти билан оғзини ёпиб, орқасига ўгирилиб мириқиб кулди.
Хуллас, ош устида ҳам, ошдан кейин ҳам ҳаммамиз Эгамкул аканинг инсоний фазилатлари тўғрисида сафсата сотиб ўтирдик. Ҳа, айнан «сафсата» сотдик. Чунки, афсуски...
Ўша куни Ғиёсиддин Кичкина билан Азамат Тошкентга қайтди. Жомадон бизникида қолди. Бўрижар сиҳатгоҳида жой бўшаса, бари бир Ғиёсиддин Кичкина келади — пулини аллақачон Мирзо Тўра тўлаб қўйган.
Орадан ўн-ўн беш кун ўтди. Бир куни теракзор ёқалаб Ҳисоракка қайтаётсам, рўпарамдан келаётган «Жигули» ёнимдан ўтиб тўхтади. Ҳайрон бўлдим: одатда, на олдимдан, на орқамдан келаётган енгил машинага қарайман. Атайлаб қарамайман, одатим шунақа. Агар инсофли таниш-билишим бўлса, ўзи машинасини тўхтатиб опкетади. Опкетмаса асло хафа бўлмайман, демак иши зарур ёки ичи тўла одам экан деб ўйлайман. Кимдир номимни тутиб чақирди. Ўгирилсам, ажаб, сиҳатгоҳ хўжайини Қулхўжа орқа эшигини қия очиб, битта оёғини ерга қўйиб ўтирибди.
— Телефон номерингизни айтинг, — деди у қўли билан ишора қилиб. Рўпарасига борар-бормасимдан машинадан тушди. Сўрашдик. Мен муваққат телефон рақамимни айтдим, ҳайдовчи дафтарчасига ёзиб олди.
— Шоир халқи инжиқ бўлади-да, — деб нолиб кўйди Кулхўжа. — Айтилган пайтда келганда-ку, сиз ҳам, мен ҳам овора бўлмасдик.
— Ўзининг сарсон бўлгани-чи! — дедим кулимсираб, яраш оҳангида.
— Бўпти, ўн-ўн беш кундан сўнг ўзим телефон қиламан... — деб у яна орқа ўриндикқа ўтирди. — Анови куни қаттиқ гапирдим, шекилли...
— Ўзим бемаҳал сим қоқдим...
— Хўп, хайр...
Машина жўнади. Мен ҳам ўз йўлимда давом этдим. Ичимдаги ғашлик бирпасда тарқади-кетди. Афтидан, мен ўшанда Қулхўжани бошқалар «езиб юборган» пайтда телефон қилиб, ланғиллаб турган темирга сув сепгандек бўлган эканман.
Орқамдан машина сигнали эшитилди. Ўгирилсам, бояги машина тисарилиб келяпти. Тўхтадим. «Жигули» ёнимга келгач, орқа эшиги очилди. Кулхўжа ўнг оёғини ерга қўйиб:
— Яланғоч махсум ҳам Ҳисорақда яшаяптими? — деб сўради.
— Қайси яланғоч махсум?
— Эгамқулни айтяпман.
Пиқ этиб кулдим.
— Нега куласиз?
— Ўзим, шундай, — дедим. — Сиз уни танийсизми?
— Танийман. Бир жойданмиз... — У негадир ерга қараб хўрсинди. — Қизиқ, обкомда ишлаб юрган кезларида яширинча намоз ўқиб юрарди, бизни ҳам мусулмончилик аҳкомларига зимдан даъват этарди. Унинг назарида, коммунизмда яшаётган одам жаннатдан ҳам жой ҳозирлаб қўйиши керак эди. Ношукурчилик оқибатида коммунизмдан жудо бўлди, жаннатдан ҳам дарак йўқ. Энди бадантарбия қилиб узоқ умр кўрмоқчи. Қарғага ўхшаб узоқ яшашдан кимга фойда, галварс! — деб буғдойзорни титкилаётган қарға галасига ишора қилди. — Ундан кўра ўзингга чиройли гўр қаздириб, устига мақбара қурдириб қўймайсанми!.. Энди бўлса, шортик кийиб теракзор бўйлаб югуради, пишшилламай ўл! Шу ишни ҳовлисида қилса ҳам бўлади-ку, жун босган оёғини реклама қилиш шартмикан...
— Соғлом танда соғ ақл, дейдилар.
— Қўйсангиз-чи, деди Қулхўжа қўл силтаб. — Спортсменлар дунёда энг кам умр кўрадиганлар тоифасига киради. Умрни Худо беради, ҳар қанча уринса ҳам бандаси умрини узайтира олмайди... Халқ орасида шоирлар алкаш бўлади деган гап юради. Шу боис Эгамқул соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилмоқчи бўлса керак.
— Қайдам.
— Аслида, бу ҳам рекламанинг битта кўриниши, холос. Елкамни қисиб кулимсирадим.
— Худди шундай. Сиз уни билмайсиз, — деб Қулхўжа машина эшигини зарб билан ёпди.
Машина бу гал ўрнидан шитоб қўзғалди.
Ана холос!.. Шом чоғида Ғиёсиддиннинг уйига сим қоқиб, ўн-ўн беш кундан кейин санаторияда жой бўшайди, командировкага кетиб қолманг, деб огоҳлантирдим.

* * *
Бир куни шаҳарга кетаётсам Ёвқур Баҳодирнинг дарвозаси рўпарасида Шукурхона томондан шортикчан сайр этиб қайтаётган Эгамқул акани учратиб колдим. Сўрашдик, сааом-алик қилдик. Эгамқул асабийроқ кўринди. Бошини елкаси узра ўнг ва чап томонларга айлантиргач:
— Теракзорда битта танишимни учратиб қолдим, — деди.
— Ким экан?
— Сиз уни танимасангиз керак. Бўрижарда ишлайди.
— Хўжақул ака эмасми?
Эгамқул менга ҳайратланиб тикилиб қолди. Сўнг:
— Сиз уни қайдан танийсиз? — деб сўради.
— Ҳисорак билан Бўрижар ёнма-ён, кўча-кўйда учрашиб турамиз, баъзан хизмат машинасида шаҳарга обкетади.
— Ҳм-м, — деди Эгамқул ерга қараб, негадир лунжларини шиширди. - Аҳмақ! Отини бошқа қўйипти. Хўжақул эмиш!.. Қулхўжа-ку!.. Хўжаларнинг қули бўлгандан кўра, қулларнинг хўжаси бўлган яхши эмасми?! Нима дедингиз?
— Икки ўн беш — бир ўттиз-ку, нима фарқи бор? — дедим.
— Ие, нега фарқи бўлмас экан, ер билан осмонча фарқи бор-ку!
— Шунақами?
Эгамқул ака иягини тутамлаб бир нуқтага тикилиб қолди. Хийла сукутдан сўнг:
— Биласизми, Наполеон нима деган? — деб сўради.
— Ўлими олдидан айтган гапларини сўраяпсизми?
— А йў-ўқ... — деди у чўзиб. — Ўлими олдидан нима деган экан? — деди қизиқсиниб. — Мен эшитмаган эканман.
Кулиб юбордим: ахир, бундан 186 йил муқаддам вафот этган одамнинг васиятини эшитиш учун камида 200 яшар чол бўлиш керак эди-да! Дарҳол лаб-лунжимни йиғиштириб:
— Жаҳонгир «Франсия, армия, Жозефина» деб жон берган, — дедим.
— Муни қаранг-а, ўлаётганда ҳам жазманини эсидан чиқармаган экан...
— Сиз Наполеоннинг қайси гапини назарда тутган эдингаз? — деб сўрадим.
— Қўй қўмондон бўлган шерлар галасидан Шер қўмондон бўлган қўй пода афзал деган. Бу дегани — хўжаларнинг қули бўлгандан кўра, қулларнинг хўжаси бўлган яхши демак. Тўғрими?
— Тўғри-ю, лекин Пири Туркистон ўзини Қулхўжа деб атайди.
— Яссавий шунақа деганми?
— Ҳа, шунақа деган.
— Эшитмаган эканман... Мавриди келса, Раҳим Баққолдан сўраб кўраман.
— Сўраб кўринг, — деб олдинга бир-икки қадам ташладим.
— Йўл бўлсин, шаҳаргами? — деб сўради.
— Ҳа, шаҳарга, ҳозир Аъзамхон акамнинг хизмат машинаси келади. Текинга опкетади.
— Юринг, ўзим обориб қўяман, пул олмайман. Қаерга борасиз? — деб сўради у киёфасига зўраки кулга югуртириб.
— «Телефилм»да ишим бор.
— Шошманг, «Телефилм» қаерда?
— «Пахтакор» метросидан чиқилса бас.
— Бўлди, мен сизни Амир Темур хиёбонига ташлаб ўтаман... Ҳозир машинамни миниб чиқаман, — деб Эгамқул ака уйи томон йўл олди. Сал нарида тўхтаб: — Юринг, бирга гурунглашиб бора қолайлик, — деди.
Бирга кетдик.
Эгамкул ака темир дарвозасини ланг очиб, ичкарида турган машинасини ўт олдирди, моторини бирпас киздирди. Сўнг биргалашиб Тошкентга йўл олдик.
Теракзор ёқалаб бориб ўнг томонга бурилдик. Арганга етган пайтимизда:
— Ишқилиб, анави куни хафа бўлмадингизми, меҳмонларингизга малол келмадими? — деб сўраб қолди туйқус.
— Қайси куни? — дедим қошларимни чимириб. — Нимани айтяпсиз?
— Машинам қорга ботиб қолган куни ёрдам бердиларинг-ку!
Бирдан унутилаёзган воқеани эсладиму кулиб юбордим:
— Ие, Эгамқул ака, нима деяпсиз?! Нега хафа бўлишим керак? Шу ҳам ёрдам бўлдию... — деб тескари қарадим.
— Ростини айтсам, мен сизга вақтимни етарлича выделит қилолмаяпман. Сиз билан мириқиб суҳбатлашгим келади. Сизга ҳавас қиламан, жуда-жуда хокисор инсонсиз-да!
— Йўғ-э, қўйсангиз-чи! — дедим энсам қотиб.
— Ўша куниям, қаранг, меҳмонларингизни менга ёрдам бергани жўнатдингиз...
— Мен жўнатганим йўқ, ўзлари борди. Нима, мен уларга хўжайинманми?..
— Аслида, уйингизда меҳмон борлигини мутлақо билганим йўқ эди, — деди худди гапимни эшитмагандек.
— Улар бўлмаганда ўзим ёрдамлашиб юборардим, Эгамкул ака.
— Сизга ҳаддим сиғиб уйингизга чақириб боргандим-да, укажон.
— Бемалол, ака, бемалол, — дедим-у, «бу одам бировнинг гапини эшитмас экан» деб ичимда ғимирладим.
— Кўрмайсизми, ўша куни ўғлим ўртоқларини меҳмонга чақириб кўйган, менга (соткамга) кетма-кет телефон қилиб: «Папа, қаерда юрибсиз, нега кечикяпсиз?!» деб сўраб ётибди денг. Мен, мана, боғ оралаб ўтяпман, беш минутдан кейин, уч минутдан кейин уйда бўламан деб, ўғлимни чалғитиб турдим... Машинамда зиёфатга мўлжалланган майда-чуйдалар бор эди.
Дўрмондаги айланма йўлга бурилдик. Эгамкул ака йўлдан кўзини узмас, мен бўлсам унинг юз-кўзига кўзим тушишидан хижолат бўлиб йўловчиларни, поезд йўлидан нарида ястаниб ётган далаларни томоша қилиб борардим. Ўзимча Эгамқул аканинг хирсдек бақувват ўғлини, ўзига ўхшаган хирсдай-хирсдай ўртокларини кўз олдимга келтирдим: «Ничего себе!..» Очиғини айтсам, ҳамсоянинг ўғлини бир-икки марта узокдан кўрганман: «Ласетти»ни миниб, хўмрайиб уёқ-буёққа ўтиб қоларди, тўрт мучаси соғ эди; топармон-тутармон бизнесмен, шекилли.
— Биласизми, укажон, Шайх Саъдий, сен Шарқда туриб шундай иш қилгинки, Ғарбда яшаётган одамлар хаққингга дуо айтиб, сени олқишласин, деган.
— Яъни, мусулмон одамнинг ишига ғайридинлар ҳам тан берсин, таҳсин ўқисин деган маънода шундай деган бўлса керак-да! — дедим.
— Ҳа, балли! Шарқда мусулмонлар, Ғарбда асосан насронийлар яшаган. Бу ўз-ўзидан тушунарли, изоҳга ҳожат йўқ, — деди Эгамқул ака йўлдан кўз узмай.
Беихтиёр унинг афт-ангорига тикилдим: юзлари жиддий, қошлари чимирилган. Афтидан, у ўзи айтаётган гапларига чиппа-чин ишонарди... Ишонмаса керак деб ўйладим. Ишонган одам бундай қилмайди; уйида ҳўкиздай ўғли ағанаб ётса-ю, қорга ботиб қолган машинасини йўлга чиқариш учун кап-катта одам ҳамсоясидан ёрдам сўраб ялиниб юрса-я!..
Хўш, ултармалик Асрор бобонинг эшакараваси лойга ботиб қолса нима қиларди? Мумтоз адабиётдан мутлақо бехабар чол ўғлини уйига беркитиб қўйиб, қўни-қўшниларини ёрдамга чорлармиди?!
«Уйингни ўғри босса, ўғлингни сандиққа солиб қўйиб, қўшнини ёрдамга чақирмайсан. Ҳамманинг ҳам фарзанди ўзига азиз», деган эди Асрорқул.
— Асрор бобо жинни экан, — деб юбордим беихтиёр.
— Нима дедингиз? Яна бир қайтаринг, яхши эшитмай қолдим, — деди Эгамқул ака бошини мен томонга қийшайтириб.
— Абдулла Қаҳҳорнинг «Асрор бобо» ҳикоясидаги чолни айтяпман, ғирт жинни экан! Уни жин чалган...
Эгамқул ака илкис юзимга тикилиб олгач:
— Унчалик эмасдир, — деди ишонқирамай. — Яна ким билади дейсиз.
— Жинни бўлмаган тақдирда ҳам уни жин чалган. Тегирмонбошида ухлаб қолган одамни албатта жин чалиб кетади.
— Фарғонада ҳам шунақа гап борми? — деди Эгамкул ака ажабланиб, юзига сохта табассум йўллаб. — Бизда ҳам одамлар тегирмонбошида ётиб-туришдан ирим қилади, тавба!.. Лекин Раҳим Баққол негадир Абдулла Қаҳҳорни жуда ёмон кўради. Одамзот қизиқ экан.
— Баққолнинг ҳамма гапларига ҳам ишониб бўлмайди, Эгамқул ака.
— Қўйсангиз-чи! У билмаган нарсасини гапирмайди...
— Тўғри, фақат билганини гапиради... Мулла ҳам билганини ўқийди, - деб қўшиб қўйдим ижирғаниб.
Эгамқул ака яна бир марта афтимга синовчан тикилиб олди. Мен қилт этмасдан йўлга қараб ўтиравердим. Ўртада гап-сўз тамом бўлди. Амир Темур хиёбонида машинадан тушдим, лекин ҳамсоянинг сохта қиёфаеи кўз олдимда муҳрланиб қолди. Жин урсин, энди кун бўйи мана шу башара мени ҳоли-жонимга қўймайди, лоп этиб рўпарамдан чиқаверади.
Биродарлар, ростдан ҳам, Асрор бобони жин чалганми? Ёки ўзимизга бир бало бўлганмикан?..

* * *
Дарвоқе, орадан роппа-роса ўн беш кун ўтгач Бўрижар санаториясининг раҳбари Қулхўжа каминага сим қоқиб: «Жой бўшади, ҳокимлар даф бўлди, Ғиёсиддин келаверсин», деди. Бир оз ажабландим... Сўнг унчалик ҳайрон бўлмаслик керак деб ўйладим. У пулдор муассасанинг раҳбари, қўлида кам деганда юз киши ишлайди, даргоҳига ташриф буюрадиган казо-казолар оғзига маҳтал бўлиб туради... Мен-чи, шунчаки кўрик-танловларга интермедия ёзиб юрган юпқақўл қаламкашман, холос. Шакаргуфторлик қиладиган пайтлар аллақачон ўтиб кетган, жўражон. Эшак ҳам лойдан ўтган. Энди ўзинг шакаргуфторлик қиласан... Мен шакаргуфтор деб юрганим Қулхўжа, аслида, Рум қайсарига ўхшар экан: «Келдим. Кўрдим. Енгдим» тарзида қисқа-лўнда ҳукм чиқаради-қўяди. Лекин, санатория ошхонасида тушлик, кечки овқат маҳаллари каминага айтиб берган латифалари, «одамийлик қиссаси» ҳали-бери эсимдан чиқмаса керак...
Англаганим шу бўлдики, қулхўжа махсус тоифага мансуб одам: бировга иши тушган пайтларда сўроқ аломатидек гажак бўлиб турса, юмуш билан келган одам қаршисида ундов белгиси ҳолатига киради-қўяди. Қуйидагилар — зинапоя, юқоридагилар — меҳроб. Зарурат туғилса, «хўжа»ни нари суриб, «қул»ни бери суради.
«Ултармалик Асрорқул Ҳайдар отанинг қадрдон ошнаси бўлади». Қулхўжа билан Эгамқул илгари ошначилик қилган, қадрдон бўлган. Иккови ҳам катта охурдан ем еган, фақат биттаси нари сурилиб, биттаси бери сурилган...
Икки ёрти — бир бутун, дейдилар. Қулхўжа билан хосаки Асрор бобо битта олманинг икки юзига ўхшарди. Улар бир-бирини тўлдиради, бойитади.
Шу оқшом Ғиёсиддин Кичкинага қўнғироқ қилдим. У эрталаб етиб келди; мен уни санаторияга опкириб ишбоши Кристинага таништирдим. Кристина Ғиёсиддинни асосий бинодан қақасроқ бўлган «дача-меҳмонхона»га жойлаштирди. Бу «дача» қалин арчазор қўйнида экан, тоза ҳавога шу қадар тўйинганки, ҳатто ҳавони ошамлаб ейиш мумкин эди. Боз устига, Кристина ҳам ажойиб дурагай қиз экан. «Исмингиз аслида Христина, ҳазратим Шайх Санъон қиссасида тасвирлаган «Тарсо қиз» айнан ўзингиз бўлсангиз керак. Нима дейсиз, Муслима?» деб сўрадим. «Мен чала муслимаман», деди Кристина. «Нима учун?» «Чунки отам гуржи, онам юнон қизи». «А-ҳа, гап буёқда экан-да! Ўзим ҳам бу қиз ҳофизнинг сўлим ғазалига бекорга ўхшамаса керак дегандим-а! Қачон ўқиганман, қаерда кўрганман деб бошим қотиб турган эди: энди топдим, атоқли гуржи ёзувчиси Нодар Думбадзенинг «Ҳелладос» ҳикоясининг моддийлашган кўриниши экансиз. Ўша ҳикояни ўқиганмисиз?
Низом Комил таржима қилган, «Тафаккур»да босилган», дедим жўрттага ҳаяжонланиб. «Йўқ, ўқимаганман», деди Кристина бепарво. Бу жавобни эшитиб ҳушимдан кетиб колёздим. «Наҳотки! — дедим кўзларимни олайтириб. Сўнг нажот кутгандек хона кунжидаги стулда қимтиниб ўтирган Ғиёсиддин Кичкинага юзландим: — Сиз-чи, Ғиёсиддин, ўқиганмисиз ўша ҳикояни? Мазмунини Кристинага гапириб бермайсизми?!» Ғиёсиддин Кичкина ерга қараб: «Ўқимаганман, ака... «Тафаккур»нинг ўша сони қўлимга тушмаган», деди. «Ўрисчасини ўқиш керак эди! Уни қачон Низом Комил таржима қилар экан деб кутиб юриш шарт эмас-ку!» дедим фиғоним чиқиб... Хуллас, куппа-кундузи иккита «жоҳил одам» билан юзма-юз келганимга гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай дилкушо санаторияни тарк этдим: «Тоза ҳаволар ўзларига сийлов, афандилар! Менга Ҳисорак бўлса бас. Бай-бай!..»

Зоҳиран қувноқ бўлсам ҳам, лекин кўнглим хира тортди, кўнглимга ғубор қўндириб қайтдим... Орадан бир ҳафта ўтиб «бўлган воқеа»ни қоғозга туширдим. Қалай! Сезиб турибман, Ҳисорак ҳангомаларининг давоми борга ўхшайди. Яна қайдам.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика