Ўзгалар учун яша (ҳикоя) [Najib Mahfuz]

Ўзгалар учун яша (ҳикоя) [Najib Mahfuz]
Ўзгалар учун яша (ҳикоя) [Najib Mahfuz]
Кечқурунлари Абдураҳмон боғига кириб, ундан завқ олишни хуш кўрар эди. Бу унинг одатига айланган эди. Абдураҳмон аксарият вақтини уйида ўтказар, зарур кезлардагина кўчага чиқар эди, холос.
У илиқ сентябр кунларининг бирида боққа кириб, теваракка синчков кўз ташлаган кўйи, нотекис йўлакча бўйлаб борарди. У гулзордаги гулларга анча пайт суқланиб термулгач, қўшни ҳовлини ажратиб турувчи тиканли сим тўсиғи олдидаги креслога ўтирди. Кечки газетани қўлига олиб кўз югуртира бошлади.
Унинг юриш-туришида, афт-ангорида ажиб бир виқор сезилиб турарди. Бирор кимса уни шу лаҳзада кўриб қолса, ҳеч иккиланмай Абдураҳмонни улуғ бир хонадон соҳиби, дея ўйларди. У доимо хотиржамлик ва совуққонлик билан ажралиб тураркан, кўзларида донолик ва мардлик нур сочиб тарар эди. Хумдек боши, қалин мўйлови ҳам унинг салобатига монанд. Унинг кўриниши қирқ беш ёшни берса-да, аслида бор- йўғи ўттиз беш ёшни қоралаган эди.
Абдураҳмон креслода ястаниб ўтирга кўйи ўқишга шунчалик берилиб кетган эдики, оҳиста бир овоздан сесканиб кетди:
– Ассалому алайкум, амаки.
Абдураҳмон газетани қўйиб, қўшнининг боғи томон ўгирилди. У ёқда бир қиз турарди. Қизнинг ёрқин, тим қора кўзларида ишонч, самимият балқирди. Абдураҳмоннинг юзига ясминнинг муаттар исини таратувчи ёқимли шабада урилди.
– Ва алайкум ассалом, Самара, – жавоб берди у.
Қиз илжайиб қўйди-да, ёнидаги кучукчаси билан ўйнай кетди. Самара ўн олти ёшда эди. Унинг чиройли юзлари ва келишган қадди-қомати анчадан буён Абдураҳмоннинг ҳаловатини ўғирлаган эди.
У қизнинг итига ишора қилиб сўради:
– Аҳволи қандай бунинг?
– Оллоҳга шукур, бутунлай тузалиб кетди.
– Ҳар ҳолда, – таъкидлади Абдураҳмон илжайиб. – Искандариянинг ҳавоси унга ёқмаган кўринади?
– Аксинча. У томонлар миттивойга жуда маъқул келди, ўзини яхши ҳис қилди.
Самарага боқар экан, унинг қуёшдан андек қорайган юзлари, жозибали кўзлари Абдураҳмонни тобора ром этарди.
– Самара, роса қуёшда қорайдингми?
Қиз кулиб қўйди.
Абдураҳмоннинг маъноли нигоҳи янада ўткирроқ тус олди. Бир томонга йўналтирилган фикрлар ўрнини фусункорлик ва орзулар ошиёни эгаллади. У стулга ўтириб, ёнидаги эрмагини ўйнатаётган қизга узоқ ва мамнун тикилди. Самара эса кучукчасини эркаларкан, оппоқ, узун жунларини силаб-силаб қўярди. Ажойиб жонзот хурсанд тарзда думларини ликиллатиб, соҳибасининг қўлини ялади ва унинг тиззасига сакраб чиқиб олди.
Самаранинг майин, узун сочлари унинг бўйнини қоплаб турарди. Абдураҳмон унга қараб туриб, завқланаётганди. Негадир унинг юраги сиқилди: Самара болалигидан бери «амаки», деб мурожаат қилиб келади, ҳозир ҳам шундай. Ўша кезларда у жуда кичкина бўлиб, қўғирчоқлар ўйнаб ўтирарди. Илгари бундай мурожаат унга маъқул эди, чунки, қизга нисбатан оталарча меҳр қўйган эди. Энди эса қизнинг бу тарздаги мулоқоти уни хижолатга солар, ҳатто кўнглини чўктираётган ҳам эди.
Агар «амаки» унга уйланса, тўғри йўл тутган бўлармикан? Кўпчилик ўйлайдики, турмуш қураётганлар ёшидаги тафовут асло тўсиқ эмас ва бунга эътибор бермайдилар ҳам. Аммо бахт учун кураш жуда қимматга тушмасмикан? Ахир у бор-йўғи Ички ишлар вазирлигида ўн беш фунтга кун кўраётган бир инспектор-ку. Унинг йиғиб қўйган молу давлати ва ёхуд мансаби бор бўлсаки, қизнинг юрагини забт эта олса. Лекин у қизни севади ва ўз ҳиссиётлари билан курашиши қийин, тўғрироғи бунинг иложи ҳам йўқ. Соҳибжамол қиз ўн олти йил мобайнида кўзи ўнгида ўсиб улғайди. Бу қиз унинг ёлғизликда ўтган ҳаётида тақдирнинг юборган ягона иноятидир. Муҳаббат унга секин-аста яқинлашди ва унинг бутун вужудини қамраб олди.
Абдураҳмон қизнинг бахтиёр ва беташвиш болалиги қандай ўтганлигининг шоҳиди бўлди. Бу эса унинг ёлғизлигини янада гўзалроқ қилиб кўрсатарди. У севиб қолди ва аввалги хотиржамлигини йўқотди. Энди уни ҳамма нарса, ҳатто ҳаловатини ўғирлаган ёш дўсти билан тасодифий учрашувлар ва суҳбатлар ҳам қийнаётган эди. У қиз билан болаларча мулоқот қилаётган эди. Абдураҳмон қизга муҳаббатга тўлиб- тошган кўзлари билан нигоҳ ташлар, Самара эса бу бу ҳолатни сезмай «менинг азиз амаким», дейишда давом этарди. Агар у қизнинг қўлини сўраса, нима деб жавоб берар экан-а? Унинг ҳиссиётлари қандай? У ҳарқалай таажжубга тушса керак? Қиз отасига нима дейди? Қандай тушунтиради? Бундан кейин ҳозиргидек кўришиб туриш унга насиб этармикан? У қизни бутунлай йўқотиб қўйса-чи...
Ҳарқалай, Абдураҳмон қизнинг отаси – ўз дўсти билан бу масалани хотиржам гаплашиб олишга қодир. Лекин у қандай жавоб берар экан? Ҳа, қанчалар қийин бу иш! У кўзларини юмиб олиб, бўлажак мулоқотни тасаввур қила бошлади:
«Дўстим, мен жуда муҳим масала юзасидан ташриф буюрдим. Сен бунга кўнасанми ёки йўқми, билмадим... Эҳтимол, мен бу масала ҳақида сўз юритишга ҳақли эмасдирман. Лекин барибир мен масала қандай ҳал бўлишидан қатъий назар гаплашиб олишим керак...»
У хаёлан мулоқотни давом эттираётган эди, дабдурустдан ёқимли овоздан ўзига келди.
– Ухлаяпсанми?
– Йўқ.
– Узр. Мен кўзингни юмиб ўтирганингни кўрдим.
– Мен ўйлаётган эдим.
– Нима ҳақида?
У ёш суҳбатдошининг юзига разм солди: нима дейиш керак? Унга ҳаммасини айтиб бериш керакми? Йўқ, бунга ҳали эртароқ, ҳозир мавриди эмас. Яхшиси гап очмай турганим маъқул.
Бу заифанинг қаршисидаги хижолат қамчи зарбаси мисоли унга таъсир қилди. Шу онда у қимирламай ўтирарди. Сўнгра қизнинг кўзларига боқди. Воажаб, Самаранинг юзлари ўзгарган, қошларида бўёқ излари, қирмизи лаблари титрар эди. Қиз унга ҳадиксираб қараб олди-ю, уйи томон чопқиллаб кетди. Абдураҳмон орқага ўгирилган ҳам эдики, илжайиб унга яқинлашаётган укасини кўрди. Абдураҳмоннинг юраги ноҳуш бир нарсани сезгандек тезроқ ура бошлади. У сир бой бермай мулойимлик билан укасидан сўради.
– Шифокор, қалай ишлар?
Ўспирин йигит кулиб қўйди.
– Сен қандай бахтиёрсан, ака?
Абдураҳмон гап нимада эканлигини фаҳмлаган бўлса ҳам, худди тушунмагандек қайта сўради:
– Бахтиёр?
– Ҳа, албатта. Самара билан гаплашган инсон ўзини бахтли ҳис этмоғи лозим.
Абдураҳмон ўйлади: «Менинг укам ўтакетган қаллоб, ё аҳмоқ. Аслида Самара билан суҳбатлашган одам эмас, балки ҳозиргина юз берганидек, унинг ёнгинасида қизариб кетиб, хижолатдан жуфтакни ростлаб юборадиган инсон бахтлидир. Эҳтимол, бу ўспирин ҳақиқатан ҳам бахтлидир. Наҳотки, у буни тушуниб етмаса. Балки, у менинг устимдан кулаётгандир?»
Абдураҳмон ўз укасининг олдида ҳаяжонланаётганини сездирмаслик мақсадида гапни бошқа томонга буриб юборди-ю ундан сўради:
– Кечаги оқшомни қандай ўтказдинг?
Анвар унинг ёнига келиб ўтирди.
– Кеча «Қаср ал-Айни»да жуда кўп ҳаяжонли воқеалар бўлиб ўтди, оқшомнинг аксарият қисмини ўша жойда ўтказдим.
Абдураҳмон жимгина укасига боқар экан, бутунлай бошқа нарса ҳақида ўйга толди. У Анварни яхши кўрар эди, худди бошқа укаларидек уни ардоқлаб, меҳрибонлик кўрсатиб келмоқда. Лекин айрим кезларда юрагини ташвишлар қамраб оларди. Айниқса, Самара ҳақида сўзлаганида укасини жуда ёмон кўриб кетарди. Укаси қизнинг исмини тилга олганида Абдураҳмон қийноқ ва изтиробда қолар эди. Ака Анварнинг порлоқ келажаги учун кўп меҳнат қилди. Лекин, ука катта аканинг юрагида юз бераётган туғёнларни илғай олармикан? У гўзал қизни бошқа инсон севишини хаёлига ҳам келтира олмас, ўзининг ташвишлари билан ниҳоятда банд эди.
– Мен бир муҳим масала борасида маслаҳат олгани келган эдим, – деди Анвар.
Абдураҳмон ўз ҳиссиётларини сир бой бермай хотиржам таклиф қилди:
– Ўтир.
– Олдин сен мени эшит , – гапира кетди Анвар ўтирмасдан. – Ҳозир фикрларим аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Бир ойдан сўнг шифохонадаги амалиётим тугайди. Ўқитувчим доктор Браун тиббиёт факултетида шифокор бўлиб қолишга тавсия этяпти.
Абдураҳмон анча енгил тортди ва хурсанд оҳангда қичқириб юборди:
– Табриклайман! Табриклайман! Шак-шубҳасиз, сен бунга лойиқсан, офарин!
Анвар аниқ бир тўхтамга кела олмай турарди, у ҳозир айтган сўзларига яна қўшимча қилмоқчи шекилли. Ниҳоят у хижолатомуз ҳолда секингина қўшиб қўйди.
– Йўқ... демак... Мен айтмоқчиманки... Агар кетсам, бир ўзим кетмайман.
– Хеч нарсани тушунмаяпман – ҳайрон бўлди Абдураҳмон, лекин юраги нотинч, қандайдир ташвиш бор эканлигини сезиб турарди.
Анвар ўз ҳаяжонини енгиб, давом этди:
– Мен уйланиб, хотинимни ҳам олиб кетаман.
– Нега бундай тўсатдан? Илгари бу ҳақида гап бўлмаганди-ку, тўғрими?
– Бўлмаган.
– Унда нима бўлди?
– Мен жўнаб кетиш билан боғлиқ ишларимни ҳал қилмагунимча бу ҳақида гапирмоқчи эмасдим.

Abdurahmon sukutda edi. U baribir oʻz hayajonini chetga surib soʻradi:

– Сен узил-кесил шу қарорга келдингми? Кимга уйланмоқчисан ўзи?
– Самарага, – деди Анвар қўшни уй томонга ишора қилиб.
Абдураҳмон бу янгиликни сукут сақлаган ҳолда эшитди.
– Сенинг фикринг қандай? – сўради Анвар шоша-пиша. – У сенга ёқадими?
– Яхши танлов, дидинг чакки эмас, – деб ғўлдиради Абдураҳмон.
– Сендан миннатдорман, ака. Ўтиниб сўрайман, менга ёрдам бер, эртага унинг отасига учрашамиз, умид қиламанки, у бизга йўқ демайди.
– Бўпти, сен айтганча қиламиз.
– Менда бор-йўғи бир неча ой бор. Бу вақт мобайнида мен уйланишим ва Англияга жўнаб кетишим учун тайёргарлик кўришим жоиз. Биласанми, мен асал ойимизни барча аслзодалар сингари хорижда ўтказмоқчиман.
Анвар хайрлашдию жўнаб кетди. Абдураҳмон укасига эшикни ёпиб, кўздан йўқолгунича қараб турди. У маъюс ўтирар, кўзлари ҳеч нарсани кўрмасди. Туман қуюқлашди ва ҳаммаёқ сукутга чўмди. У ахири турдию кичик боғни айланиб, яна ўтирди. Абдураҳмон йигирма йил аввалги ўтмишини эслай бошлади. У дамлар сурурга тўла ва саодатли эди. У ўша даврда ниҳоятда хушчақчақ ўспирин бўлиб, келгуси ҳаётдан талайгина умидлари бор эди. У вақтлар ҳозирги кунлар сингари шафқатсиз эмас эди. Абдураҳмон ўз оиласида тўнғичи эди. Ота-она уни иложи борича ҳаётдан завқланишини истаб яшар эдилар. Мактабда у ўз тенгдошлари орасида истеъдоди ва тиришқоқлиги билан ажралиб турарди. Атрофдагилар ҳақиқатан унинг пешонасида порлоқ истиқболни кўришар эди. Балки шундай бўлиши мумкин эди, лекин унинг отаси тўсатдан оламдан ўтиб қолди. Ота бахтсиз бевани тўрт фарзанди билан қолдириб боқий дунёга равона бўлди. Оила бор-йўғи тўрт фунт нафақага аранг кун кўрар эди. Абдураҳмон шафқатсиз ҳаёт билан илк бор тўқнашди. Унинг барча орзу-умидлари чилпарчин бўлди. Илгари ота оиланинг боқувчиси бўлган бўлса, эндиликда бу ташвиш Абдураҳмонга юкланди. Бошқа йўл йўқ эди, лекин у бу ҳақиқатни дарров англаб етмади. Шу тариқа оила таянчининг барча умидлари пучга чиқди.
Юракни ўртаб юборувчи оғир кунлар бошланди. Лекин у барчасига чидади. Унинг зиммасида укалари ҳақида қайғуриш юки бор эди. Энди у фақат ўзи ҳақида ўйламаётган эди. У бутун борлиғини онаси ва укаларига бағишлади. У янги бир бахтга , яъни – ўзгалар бахти учун курашмоқ бахтига сазовор бўлди.
У ҳатто уйланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади, буларнинг барчаси оила таянчининг яқин инсонларига насиб этди. Бу инсон сабр-тоқат қилишга қарор қилди, лекин укаларининг сабрлари чидамади. Улардан бири политсия мактабини битириб, зобит бўлди ва дарров уйланди. Унинг ортидан муҳандислик дипломини олган иккинчи ука ҳам уйланиб олди. Абдураҳмон эса бўйдоқ бўлиб қолаверди.
Эндигина унинг ҳаётига бахту саодат олиб кириши мумкин бўлган кўҳликкина қиз ёқиб қолганда...
Онанинг овози унинг хаёлини бўлди.
– Абду, нега қоронғида ўтирибсан?
Абдураҳмон кун ботганини ҳам сезмай қолибди. У оғир қадамлар ташлаб уйга кирди.
– Анвар сен билан гаплашдими? – сўради она.
– Ҳа.
– Хўш, унинг қарорига нима дейсан?
– Унинг танлаган қизи яхши. Эртага мен қўшнимиз билан гаплашиб, Анвар учун унинг қўлини сўрайман.
– Мана энди ҳамма қушчаларим ҳар томонга қанот қоқиб учиб кетдилар. Сендан ташқари ҳаммаси, – деди она хомуш оҳангда.
У жим эди.

Ким билади, эҳтимол унга рўбарў келган бахтсизлик унчалар қўрқинчли эмасдир. Бу биринчи марта эмас. Ҳаёт уни бир нарсага, сабр-тоқатга ўргатди. У шуни тушуниб етдики, ҳаётни ўзгаларга бағишлагандагина бахт-саодатли бўлиш мумкин экан.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика