Саломон ва Ибсол (фалсафий қиссалар) [Abu Ali ibn Sino]

Саломон ва Ибсол (фалсафий қиссалар) [Abu Ali ibn Sino]
Саломон ва Ибсол (фалсафий қиссалар) [Abu Ali ibn Sino]
Муқаддима
Ўз шаҳримда турган вактимда унинг атрофидаги сайилгоҳ жойларнинг бирисига ўртоқларим билан саёҳат килишга муваффақ бўлдим. Биз ўша ерни айланиб юрган вақтимизда кўзимизга бир нуроний, ёши ҳам анчага бориб картайиб қолган, лекин ўзи ҳали барваста, тетик суяклари ҳам сусаймаган, ҳеч бир аъзоси бўшашмаган ва хуллас соч оқаришдан бошқа ҳеч қарилик нишонаси бўлмаган бир чол кўринди. Шунда менинг у билан гаплашишга ҳавасим келиб, ўзимдан-ўзим унинг пинжига киргим ва у билан яқин бўлгим келиб қолди. Кейин ўртоқларим билан унга қараб равона бўлдим. Унга яқинлашган чоғимизда, у биздан аввал салом берди ва жуда дилга ёқар, маъқул гаплардан гапира бошлади. Гапга киришиб кетибмиз, ҳатто гап айланиб, унинг ҳол-аҳволи, ёши, ҳунари, ҳаттоки унинг исми, насаби, шаҳрини билишгача ҳам бориб етди.
Кейин у жавоб бериб айтди:
— Исмим Тирик, насабимга келсак, Уйғоқ ўғлиман. Шаҳрим Байт ул-муқаддасдир. Ҳунарим жаҳон теварагини саёҳат қилиш ва ҳатто оламнинг ҳамма томонларидан хабардор бўлиб юришдир. Шу саёҳатларимда юзимни отам томонга қаратганман. У тирикдир. Мен барча илмлар калидини ундан олганман. У менга олам чегараларига олиб борадиган йўлларни кўрсатган, саёҳат қилиш билан ҳатто ҳамма иқлим уфқлари менга кўриниб қолди.
Анча маҳалгача у билан ҳар хил илм соҳаларида масалалар айтишардик ва уларнинг ҳақиқатини тушунтнриб беришни сўрардик, ниҳоят фаросат илмига етдик. Мен унинг бу илмда шунчалик тўғри фикр юритаётганинм кўриб, жуда ҳам ҳайратда қолднм. Негаки, у биз келиб тўхтаган фаросат илмидан гап бошлаб, мана шундай деди:
— Фаросат илми фойдаси нақд бўлган илмлардандир. Сен бу илмни билиб олсанг, у сенга кишиларнинг ўзлари яшириб юрган феълу атворларини билдиради. Мана шу фаросатнинг билдириши натижасида ўз билгинг билан унга бойланиб қоларсан, ё ундан юз ўгирарсан. Фаросат илми сенинг ўзингни аслингда бор бўлган инстинктив яратилмаларинг, ўзгартирилмаган табиатларингни кўз ўнгингга келтириб қўяди. Агар сенга фаросатнинг тузатувчи қўли тегса, сен жуда ўткир бўлиб кетасан. Агар сени бир алдоқчи йўлдан оздириб, тузоғига тушира олса, алданасан.
Теварагингдаги сени ташлаб кетмайдиган бу кишилар сенинг ёмон ошналарингдирлар. Сен улардан осонликча саломат қутулмайсан, улар сенга фитна қиладилар. Сени улар фитнасидан фақат тўла бир покликкина сақлаб қола олиши мумкин, холос.
Аммо мана шу сенинг олдингда турган оғайнинг эса, сенн ҳайратга солувчи, эзмадир. У ёлғонни тўқиб чиқарадиган ва қалбаки ишларга уста бир уйдирмачидир. У йўл озиғи берилмаган кишиларнинг сенга келтирган хабарига ўхшаган хабарларни келтиради. У хабарларнинг ҳақиқатини уйдирма билан булғанди, ростни ёлғонга қориштиради. Тағин у сенинг жосусинг ва айғоқчингми? Сенга маълум бўлмаган ва сендан узоқ бўлган нарсаларнинг хабарларини сенга у шу йўл билан келтиради. Сен бунинг ростини ёлғондан ажратиш билан, сохтадан чинни фарқ қилиш билан, хато пардалар ортидан тўғриларини сайлаб олиш билан синаласан. Сенга бундай қилишдан бошқа чора йўқ. Гоҳо бахт қўлингни тутиб, адашув муҳитидан қутқаради, гоҳо унинг берган хабари сени ҳайратда қолдиради, гоҳо ёлғон сени алдайди.
Мана бу ўнгингдаги ошнанг эса, сенн йўлдан уришга жуда ҳам чоғлангандир. Агар у безовта бўлиб қўзғалиб қолса, уни насиҳат қилиш билан тўхтатиб ва юмшоқлик билан босиб бўлмайди.
У худди қуруқ ўтинга тушган ўтдай ё босиб келаётган селдай, ё маст туядай ва ё қасд оладиган шердай, унинг жнловини тутиб бўлмайди.
Мана бу сўлингдаги ошнанг эса, ўлгудай ифлос, очопат, вужуди билан шаҳватга берилган кишидир. Унинг қорнини тупроқдан бўлак ҳеч нарса тўлдиролмайди, очлигини гард, чангдан бўлак ҳеч нарса йўқота олмайди. У ўлгудай ялоқи, хўранда, ютоққан, мечкай ва ямлоқдир. У роса очиқтириб, кейин ахлатга қўйиб юборилган тўнғизга ўхшайди.
Эй, мискин! Бу ошналарингга сен шундай боғланиб қолгансанки, улар ва уларга ўхшаганларнинг оёғи ҳеч ҳам тегмаган мамлакатга чиқиб кетиб, улардан қутулмасанг, бошқа ҳеч нарса сени қутқаролмайди. Лекин ҳозир улардан ажралишнинг вақти ҳам эмас, қочиб қутулишинг ҳам қийин. Энди қўлингни улардан узун қилиб юр. Сенинг ҳукминг улар ҳукмидан устун келсин. Сен ўз тизгинингни улар қўлига тутқазиб қўйишдан ёки уларнинг ўзингга етакчи бўлишларидан сақлан. Қайтангга уларга яхши тадбир қўллаб, устун келишга ҳаракат қил. Шунда сен уларни тўғри йўлга бошлаган бўласан. Агар сен қаттиқ турсанг, уларни ўзннгга қаратасан, улар эса сени ўзларига қарата олмайдилар. Сен уларни эгаллаб оласан, улар сени эгаллай олмайдилар. Бу ўртоқ ва оғайниларинг ҳақида сенинг учун энг яхши ҳийла ва тадбир шуки, лаганбардорлик билан муомала қиладиган бу калтафаҳмга алданишдан иборат ғазаб аралаш ошифталик ва қийин ишни учратсанг, у бадхулқ билан бу калтафаҳмнинг бошига яхшилаб уриб синдирасан, шунда унинг мартабаснни жуда пасайтирган бўласан. Аммо мана бу очкўзга у то тангрига катта қасам ичиб, сени ишонтирмагунигача унга мойил эканлигингни билдирма. Агар у қасам ичиб, инонтирса, инон, унинг сенга келтираётган хабари рост-ёлғон аралаш бўлса ҳам эшитишдан қочма. Шунда сен унинг хабарларидан аниқ ва исботлашга лойиқ бўлганини йўқотмаган бўласан.
Шундай қилиб, у чол, менга оғайниларимдан гапириб, уларни менга тавсифлаб берганида ошналарим ҳақида билган нарсаларини, рост, деб қабул қилишга шошилдим. Ахир, мен уни имтиҳон қила бошлаганимда, сўраган кишим улар ҳақидаги хабарларнинг тўғрисини менга айтиб берди-да!
Мен машаққат тортиб, улар билан шуғуллана бошладим. Гоҳ менинг қўлим улардан, гоҳ уларнинг қўли мендан баланд келарди. То ажралиш пайти келгунга қадар бу ошналарим билан яхши қўшничилик қилишим учун тангридан ёрдам тилайман.
Сўнгра бу чолдан зўр бир орзу ва иштиёқ билан саёҳатда раҳнамолик қилишини истадим. У менга айтди:
— Сен ва сенга ўхшаш кишилар менинг саёҳатимдек саёҳат қилмоқчи бўлишса, бунга йўл беркдир. У саёҳат йўли сенга ва сенга ўхшашларга ҳам беркилган. Яккаланиш сенга бахт-саодат бағишламасмикин?! Бахт учун белгиланган вақт бор; сен у вақтдан олдин бахтга эришолмайсан. Сен баъзи вақтлар қўним аралаш саёҳат қилишга ва баъзи вақтлар улар билан биргалашнб туришга кўник. Жуда иштиёқ билан саёҳатга чиққанингда сен мен билан бирга бўласан. Шунда сен уларни ўзинг билан бирга олмай, ташлаб кетарсан. Агар сен у ошналарингга мойил бўлсанг, улар томонга борарсан; то улардан юз ўгира олишлигинг муяссар бўлгунгача мендан алоқангни узиб турарсан.
Шундай қилиб, гап ҳар бир иқлим аҳволидан, тўла билган ва эшитган хабарларидан сўрашга келиб етди. Шунда у менга айтди:
— Ер чегараси учтадир: бирн Хофиқони деб аниқланган чегарадир. Бу чегаранинг ҳақиқати маълум. У ҳақда кетма-кет очиқ ва ажойиб хабарлар келиб туради. У улуғ нарсаларни ўз ичига олган, яна иккита ажойиб чегара бор: бири Кунботар, бошқа бири Кунчиқардир".
Буларнинг ҳар бирида биттадан мамлакат бор. Бу иккаласи оралиғи билан ннсонлар олами оралиғини ажратиб турган чегара бор. У чегарадан худо томонидан, асли яратилишда ўтиш лаёқатини касб қилган, махсус одамлардан ташқари, ҳеч ким ўтолмайди. Бу чегаралардан ўтишда турғун ҳаёт чашмаси ёнида шариллаб оқиб турган чашмада чўмилиш фойда беради.
Агар саёҳатчи ўша чашмага йўл топса, унда ювиниб, тоза бўлса ва унинг ширин сувидан ичса, у вақтда унинг аъзоларида ажойиб бир қувват пайдо бўлиб, у билан бу саҳроларни босиб ўтишга қодир бўлади. У Баҳр ул-Муҳитда чўкмайди. Қоф тоғи унинг йўлини тўсолмайди. Забония ҳам уни жаҳаннамга улоқтириб юбора олмайди. Биз булоқни яхшилаб тушунтириб беришни сўрадик. У айтди:
— Сен буни эшитгансан: Қутб томондаги тургун қоронғуликларнинг ҳоли сенга маълум. Қуёш ҳар йили маълум муддатгача уни ёритишга қодир бўлолмайди. У қоронғуликларга кирган ва улардан тортинмаган киши, нурга тўлган чексиз бир бўшлиққа етиб боради. Шунда, унга, энг олдин, баландликка қараб, дарё бўлиб шариллаб оқаётган чашма кўринади. Кимки бу чашмада чўмилса, сувда чўкмай, енгил юради; тоғ чўққиларига қийналмай чиқиб, ниҳоят инсоният оламндан ажралган ўша икки чегаранинг бирига эришади. Мамлакатимиз Мағриб чегарасидан узоқ бўлгани учун чегара ҳақида гапириб беришини сўрадик. Шунда у айтди:
— Мағрибнинг энг узоқ жойида катта ва иссиқ бир денгиз бор. Уни тангри китобида «Айнан ҳамиатан» иссиқ чашма деб юритилади. Қуёш унинг яқиннга ботади. Бу денгиз чеки йўқ кенг бир хароб мамлакатдан бошланади. У иқлимга турли томондан ғариблар келиб, уни обод қилиб турадилар, холос. Унинг ерларини доимий қоронғилик қоплаб олган, у ерга борадиган кўчманчилар қуёш ботганда керак бўлади, деб ўзлари билан бирга бир озгина нур ҳам олиб борадилар. Унинг ерлари шўр тупроқдир. Бу ерга келиб қўниб қолганлар ўзлари учун у ерни обод қилиб, ариқлар қазийдилар, бинолар қуриб, кўчатлар экадилар. Бошқа бировлар иморат соладилар, кейин у бинолар қулайди, уни яна тиклашади, яна бузадилар.
Бу ернинг одамлари ўртасида доимо жанжал, ҳатто уришлар ҳам юз бериб туради. Қайси бир тоифа зўр келса, бошқа тоифанинг уйларини эгаллаб олади. Шу билан бирга бу зўр келганлар уй эгаларини у ердан мажбурий равишда кўчириб юборадилар. Улар ўз ерларида қолишни исташса ҳам, хўрланишлари бунга йўл қўймайди. Буларнинг одатлари шудир, бундан қайтмайдилар. Бу иқлимга ҳар хил жонлилар келади, унда ўсимликлар ўсади. Лекин бу ерга келиб қарор топган жонлилар, бу ернинг ўтлоғидан ўтлаб, баҳраманд бўлиб юрса ва сувидан ичса, суратларидан анча узоқ (яъни ўхшамаган) бир тусга кириб қолиб, ўз суратлари эса пардаланиб қолади. Шунда у мамлакатда инсонни жонивар териси билан ёпилганини ва унинг устида қалин ўтлар битишини, шу билан бирга, қолган ҳамма нарсаларнинг ҳоли нима кечишини кўрасан. Бу иқлим хароб бир жон бўлиб, ерлари шўроб, серфитна, сержанжал, серғалаёндир. Агар исталса, яхшилик ва хурсандчилик узоқ жойлардан олиб келинади.
Мана шу иқлим билан сизнинг иқлимларингиз ўртасида бошқа иқлимлар ҳам бор. Лекин осмон чети келиб туташган жойига ёндош мана шу иқлимнинг орқасида бир қанча нарсаларда худди шу иқлимга ўхшаш яна бир иқлим бор. Уларнинг бири ғариб ва узоқ ердан келган аҳолисидан бошқа ҳеч кимса йўқ, кимсасиз, бўм-бўш жойдир. Булардан яна бири, гарчи биз юқорида айтиб ўтган нур деразасига энг яқин бўлса ҳам, нурни бегона жойдан ўғирлайдиган иқлимдир. Бундан олдинги иқлим ернинг асоси ва қароргоҳи бўлганидек, кейингиси осмонларнинг қароргоҳидир. Лекин бу кейинги иқлимда ободонлик йўлга қўйилган. Бу иқлимга келиб тушувчилар орасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Ҳар бир халқ учун тайинланган маълум ўлка бор. Улар устига ҳеч ким ғолиб бўлиб бостириб кирмайди. Обод қилинган жойнинг бизга энг яқин қисмида яшовчи халқ кичик жуссали, серҳаракат кишилардир. Уларнинг шаҳарлари эса саккизта бўлади.
Унга ёндашган мамлакат аҳлларининг жуссаси эса булардан ҳам кичикроқ, юриш-туришлари оғирроқ бўлади. Улар ёзув-чизув ва нужум, найрангбозликлар, тилсимлар, нозик синоатлар, юксак ишларни биладилар ва шулар билан шуғулланишга ҳаракат қиладилар. Уларнинг шаҳарлари тўққизтадир. Бу мамлакат аҳолиси ёқимли, жуда гўзал бўлади. Улар кайф-сафони жуда ҳам яхши кўришади, ғамдан озодлар, турли наъмаларни латиф қилиб чалишади, унинг турли-туман куйларннн билишади. Бир хотин уларга подшоҳлик қилади.
Эҳсон ва яхшилик улар учун табиийдир. Агар ёмон нарса гапирилиб қолинса, ундан нафратланишади. Бу хотин подшоҳнинг шаҳарлари саккизтадир.
Унга туташган мамлакатда яшовчиларнинг жуссалари катта, юзлари сухсурдек; улардаги хислатлардан бири шуки, уларнинг бир-бирлари билан танишишлари жуда ҳам фойдасиз, яқинлашиш азиятли бўлади. Уларнинг шаҳарлари бештадир.
Унга ёндашган мамлакатда дунёда ёмонлик қиладиган халқлар жойлашган. Улар бўғиш, қон тўкиш, ўлдириш ва оёқ-қўл кесишни яхши кўрадилар, ўйин-кулгини севадилар. Уларнинг кулфат келтирадиган қотил, урадиган, қирмиз юзли, йўлдан урувчи подшоиҳи бор.
Бу қисса ривоятчиларининг айтишича, бу ҳоким юқорида айтганимиз чиройлик подшоҳ хотинга ошиқ экан, унинг муҳаббати буни ошифта қилиб қўйган экан. Уларнинг шаҳарлари еттитадир.
Унга ёндашган буюк мамлакат аҳллари иффат, адолат, ҳикмат ва тақвога берилган, яхшиликни қўлга киритиш учун ҳар томонга боришга тайёр, узоқ ва яқин барча кишиларга шафқат кўрсатишга эътиқодлидирлар. Билган ва билмаганларига яхшилик кўрсатувчилардир. Нафосат ва гўзалликда буларнинг тенги йўқ. Буларнинг ҳам шаҳарлари еттитадир.
Унга ёндашган мамлакат аҳолиси эса чуқур фикр юритувчи, ёмонликка берилган халқдир. Агар яхшилик қилсалар, уни жуда ҳам уддалайдилар. Булар бирон-бир тоифа устига юриш қилишса, шошган киши каби эмас, балки ақлли киши сингари тадбир кўрадилар; қиладиган ишларида сабрдан бошқа нарсага асосланмайдилар. Уларнинг шаҳарлари еттитадир.
Ундан кейин, кенг ўлкали, кўп иморатли катта бир мамлакат бор. Бу мамлакатнинг обод қилувчилари кўп. Халқлари шаҳарларда туришмайди, саҳроларда яшашади. Уларнинг тураржойлари ўн икки бўлакка бўлинган қуруқ ердир. Уларнинг йигирма саккиз қўноқ жойи бор. Уларнинг ҳеч қайсиси бошқаларннинг қўноғига боришмайди. Лекин олд томондаги уйлардан бирор тоифа кўчса, уларнинг орқаларидан бошқа бир тоифа бориб, уларнинг жойларини дарҳол эгаллаб олади. Бундан олдинги мамлакатларнинг халқлари бу мамлакатга келиб-кетиб турадилар.
Унга яна бир мамлакат ёндашган. Бу мамлакат уфқига то ушбу вақтгача ҳеч ким етган эмас, пайқаган ҳам эмас. Унда на шаҳарлар бор, на қишлоқлар.
Кўз билан кўриладиган зотлар бу ерда туришмайди. Бу ерни обод қилиб турувчилар руҳоний фаришталардир. Ҳеч бир инсон у ерга тушмайди. Бу мамлакатдан унга ёндаш бўлган мамлакатлардагиларга фармонлар тушиб туради. Бунинг орқасида обод жой йўқ. Оламнинг Мағриб деб аталаднган чап томонндан бу икки иқлимга ерлар ва осмонлар туташган.
Агар ундан Машриқ томонга юзлансанг, сенга бир иқлим кўринади. Бу иқлимда на инсон, на ўт, на тош бор. Фақатгина у кенг бир саҳро, суви лиқ тўла денгиз, жиловланган шамоллар, алангаланган ўтдан иборат, холос. Буни босиб ўтсанг, юксак тоғли, оқар дарёлар, гизиллаган шамоллар, ёмғирли булутлари мавжуд бир жойга дуч келасан ва у ерда олтин, кумуш, қимматли ва арзон гавҳарларнинг хил ва турларига эга бўласан. Лекин унда ҳеч бир ўсимлик йўқ.
Бу ердан ўтгач, бошқа бир иқлимга бориб қоласан. Бу иқлим юқорида айтилган жойда бўлмаган нарсалар билан лиқ тўла. Унда ер бағирлаб ўсадиган ўсимликларнинг барча тури, мевали ва мевасиз. донли ва уруғли дарахтлар бор. У ерда юрадиган ва овоз чиқарадиган жондорларни кўрмайсан, Ундан ўтиб, бошқа бир иқлимга бориб қоласан, тилсиз, сузувчи, судралувчи, тўғри учувчи ва туғилувчи ҳайвонларнинг ҳамма турларини кўрасан. Унда сенга улфат бўладиган кимса бўлмайди. Унда кўрган ва эшитганларингни ўқиб олиб, ҳамжинсларинг оламига қутулиб чиқасан.
Агар Машриқ томонга йўналсанг, қуёшни шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқишининг шоҳиди бўласан. Чунки шайтоннинг иккита шохи бор: бири учади, бири юради. Машриқ томонда юрадиган халқлар икки қабиладан иборатдир. Бирининг хулқи йиртқич ҳайвонсифат, бошқасининг хулқи эса тўрт оёқли уй ҳайвони сифатдир. Булар иккови орасида доим жанжаллар бўлиб туради.
Буларнинг иккаласи Машриқнинг сўл томонидадир. Учадиган шайтонларнинг жойлари эса Машриқнинг ўнг томонндадир. Булар бир хил жинсдан яратилмай, балки уларнинг ҳар бири деярлик бир-биридан ажратилган ҳолда, нодир кўринишда яратилгандир. Уларнинг баъзиси икки хил, баъзиси уч, бошқа баъзиси тўрт хил қилиб учадиган инсон ва чўчқа бошли илон каби яратилган. Баъзиси ярим одам ва бошқа баъзиси бир кафти инсон қўлию, бошқа ҳамма жойлари ҳайвонларнинг аъзосидан иборат. Рассомлар тасвирлайдиган суратларнинг ўша иқлимдан олиб келинганлиги ҳақиқатдан узоқ эмас. Бу иқлимда ғолиб келган — подшоҳ бу ерда бешта чопар — алоқа йўли ташкил қилган. Шунингдек, у ўша мамлакат учун қуролхоналар қурган ва унга қуролли кишилар қўйган. Булар бу олам аҳлидан кимки у ерга бориб қолса, уни шартта тутиб оладилар ва ўзларига етган барча хабарларни ўша орқали исботлайдилар. Кейин асирларни мамлакат эшигини тутиб турувчи ўша бешта чопарнинг бошлиғига топширадилар. Асирларда бекитиб муҳрланган ёзма хабарлар бўлади, лекин ундан мудир ҳам хабардор бўлолмайди. Бу мудирнинг вазифаси мактубларнинг барчасини подшоҳга билдириш учун хазиначига етказишдир. Асирларга эса мана шу хазиначи қараб туради. Уларнинг қуроллари эса, бошқа хазиначига сақлаш учун топширилади. Сизнинг оламингиздан асир олинган инсонлар, ҳайвонлар ва бошқалар ўз суратлари билан ўша турларнинг бири бўлиб кўпаядилар.
Бу иккала шох ўртасидан бу иқлимингизга сафар қилувчи киши ннсонларнинг нафас йўлларидан кириб, ҳатто уларнинг қалбларининг қора нуқтасигача боради. Аммо бу икки юрувчи шохнинг йиртқич ҳайвон суратдагиси инсонга уни қийнайдиган бир азият етишини кутиб туради. Агар азият етса, уни бўрттиради ва инсонга ваҳшийлик қилиш, ўлдириш, қулоқ-бурунни кесиб сазойи қилиш, азоб бериб қийнаш каби ёмон ишларни яхши қилиб кўрсатади. У инсон вужудида жабр қилиш, зулм ва эзиш ҳисларини уйғотади, уни шунга мойил қилиб тарбиялайди. Лекин бу икки шохдан бошқа бир шох эса инсон боласига ёмонлик, ман қилинган иш, фисқу фужурларни яхши қилиб кўрсатади ва шунга қизиқтиради. Ҳатто унинг елкасига миниб олади. Қизиқтиришда давом этиб, ниҳоят уни ўша томонга тортади.
Аммо у учадиган шох эса, кўзи билан кўрмаганни ёлғондан кўрдим, деб алдайди, яратилган нарсаларга ибодат қилишни тасвирлаб беради. Инсоннинг дилига, ўлгандан кейин қайтиб тирилиш йўқ, оқибати ёмонлик ва яхшиликни кўриш ҳам йўқ, бу мамлакатни яратувчиси ҳам йўқ, деб инсон қалбини қоралайди, фикрини бузади.
Бу иккала шохдан буёғини иқлимингиз ортидаги иқлим чегарасига яқин ер фаришталари обод қилишади, фаришталарнинг йўл кўрсатиши билан у тоифа тўғри йўлни топиб, динсизларнинг йўлидан чиқадилар, пок руҳлилар ахлоқига эга бўладилар. Булар агар инсонлар билан аралашсалар, уларга ёмон хулқларни ўргатмайдилар, йўлдан оздирмайдилар, инсонларнинг пок бўлишларига ёрдам берадилар. Улар жин ва ҳинлардир. Кимки ушбу иқлим орқасига етса, ер фаришталари турадиган бпр иқлимга боради. Булар икки табақага бўлинади: бири ўнг томондагиси бўлиб, бу билувчи ва буйруқ берувчидир. Рўбарўсидаги, чап томонда турувчи табақа эса, буйруқни қабул қилувчига ишловчилардир. Бу иккала табақа гоҳ жин ва инсон иқлимларига, пастга тушадилар, гоҳ кўкка кўтариладилар. Айтишларича, «хафазайи кироми котибийн» шулардан эмиш. Булардан ўнгда ўтириб кузатувчиси эса, буйруқ берувчилардан бўлиб, ёздириш иши шуларнинг қўлида. Чапда ўтириб кузатувчиси ишловчилардан бўлиб, ёзиш иши шунинг қўлида. Бу иқлимга ўтишга йўл топа олган киши осмоннинг нариги томонидан қутулиб чиқади. Шундан кейин у энг олдинги яратилганларни кўради. Уларнинг барчаси итоат қиладиган ягона подшоҳлари бор. Чегараларнинг биринчисида улуғ подшоҳларининг хизматкорлари унга яқинлаштирадиган амалларни қилиб турадилар. Улар очкўзлик, знқналик, шаҳвоний иш, зулм ва ҳасад қилиш ҳамда ялқовлик қилишга мойиллик қилмайдиган покиза зотлардир. Улар бу мамлакат атрофларпни обод қилиш учун қўйилган вакиллардир. Улар ўша ерда ҳар нарсадан огоҳ бўлиб турадилар.
Булар маданий бўлиб, шаҳарларда, баланд-баланд кўшкларда, гўзал биноларда туришади.
Бу ернинг тупроғи иқлимингиз тупроғига ўхшамайди. Бу мамлакат ойна, ёқут ва шунга ўхшаган нарсалардан ҳам қаттиқроқдир. Уларнинг умрлари узун ва ўлим улардан йироқлаштирилган. Улар энг узоқ умр кўрадилар. Уларнинг вазифалари подшоҳлари билан жуда яқин ва жуда яхши аралашиш бўлиб, улар шоҳ мажлисига доим тайёр бўлиб турадилар. Подшоҳ хизматини қилишни ўзларига хорлик деб билишмайди ва қилаётган ишларини ўзгартиришмайди. Уларнинг ўзлари шоҳга яқин туришни исташади. Шоҳ олий мажлисининг даврасида ўтирадилар ва подшоҳдан ажралмайдиган бўлиб, унинг юзига қараш билан бахтга эришадилар. Буларнинг табиатлари гўзаллик ва зеҳн ўткирлиги, донолик, ростгўйлик билан ёқимлилик ва етуклик билан зийнатланган. Уларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида жой ажратилган, даражаларн ҳам тайин, турар-жойлари ҳам маълум чегаралар билан белгиланиб қўйилган. Улар бу даражаларда туриб, бир-бирларининг ўринларини тортиб олмайдилар ва бошқаларнинг ишларига аралашмайдилар ҳам. Уларнинг ҳар бири бошқасидан юқори бўлиб, ўзганинг ишига аралашмайди, ўзини ундан камситишни эп кўрмайди.
Подшоҳнинг битта энг яқин кишиси бўлиб, у ҳам бўлса уларнинг отасидир. У кишилар ўша отанинг фарзанди ва невараларидир. Бу ота орқали улар подшоҳнинг буйруқ ва фармонларини олиб турадилар. Уларнинг ажойиб хусусиятларидан бири шуки, уларнинг табиатлари пир бўлиб, тез кексайишмайди.
Уларнинг отаси эса, гарчи улардан каттароқ бўлса-да, улардан ҳам кучга тўла, кўриниши ҳам ёшроқдир. Уларнинг ҳаммалари саҳрода туришади. Ҳамма нарса етарли, камчиликлари йўқ. Подшоҳлари эса, улардан ҳам эҳтиёжсиздир. Кимки уни бирор ирққа тааллуқли деб билса, у адашади, кимки унга лойиқ мақтовлар билан мақтай оламан деса, бекорларни айтибди. Унинг васфини қилишга кишининг кучи етмайди. У бирор нарсага ўхшатилишдан узоқ. Чунки ўхшатиш бўлак бир нарсага қиёслаш билан бўлади. Унда бўлса, бундай аъзолар йўқ. Шу сабабдан бутун вужуди ўзининг ҳусни учун чеҳра, сахийлиги учун қўлдир. Унинг ҳусни барча гўзалликларни йўқ қилиб юборадиган даражада бўлиб, унинг карами олдида барча нафис карамлар чиппакка чиқади. Агар бу подшоҳ атрофида хизматда бўладиганларнинг бирортаси фикр қилиб, уни кўраман деса, ҳасратида кўздан маҳрум бўлади ва шу кўйича мақсадга етмай қайтади. Унинг жамоли ўз ҳуснини пардасидир, ошкоралиги унинг яширинлигига, нур сочиши бекиклигига сабабдир. Худди қуёш озроқ ниқобланганда, очилиши кўпроқ талаб қилинганидайдир.
Қуёш нурига синчиклаб қарамоқчи бўлинганда, нури нурига парда бўлиб қолади. Бу подшоҳ ўз кишиларига кўриниб туради, уларга ўзини кўрсатишга бахиллик қилмайди. Кимки уни кўра олмас экан, буни ўз мулоҳазасининг етишмаслигидан деб билсин. У кўп яхшилик, хайр-эҳсон қиладиган, мўл нарса ато қиладиган даргоҳи кенг, барчага баравардир. Кимки унинг жамолидан бир озгина баҳраманд бўлса, уни ҳар ҳолда танийди. Бир кўз очнб юмгунча ҳам ундан кўзини ололмайди. Агар инсонлар у томонга ҳижрат қилиб турсалар, унинг фазилатларидан ўзларига кераклигини олишади ва бу иқлимингиз матоини бир пул қилишади. Мабодо, унинг ҳузуридан қайтишса, ўзларининг хоҳишига қараб эмас, балки мажбуран қайтишади. Ниҳоят Уйғоқ ўғли Тирик қўшиб қўйди:
— Агар, сени уйғотиш мақсадида қилган бу ҳикоям мени унга яқинлаштирмаганда эди, мен бу ҳикоя билан машғул бўлмасдим ва сенга бу сўзларни гапириб ўтирмасдим. Истасанг менга эргаш, сени унга олиб борайин.


Қуш Ҳикояти
Менинг қайғуларнимдан бир озини эшитишга лойиқ даражада қулоқ тутадиган биродарларимдан бирортаси бормикин?! Агар менга ўртоғлиқ қилиб, у шундан қилганида менинг баъзи оғирликларимни кўтаришга шерик бўларди. Шунда ҳақиқатан ҳам чин дўст шод ва ғамгин пайтларингда ўз дилини кудуратдан тозалаб, соф дўстликни сақлаб қололган ҳисобланарди.
Шундайлигингни билмай туриб мен сени қандай қилиб кўнглида кири йўқ, холис дўст дея оламан?
Агар дўстлик савдо-сотиққа ўхшаб, эҳтиёж талабига қараб исталса, унга зарурат бўлмаганда назарга илинмай тарк этилса, унда қандай дўстлик бўлади? Дўст ўз дўстини бирон кулфат юз бергандан ўзга вақтда ҳеч зиёрат қилмаса, зарур бўлиб қолгандагина эслаб, бошқа вақт эсламаса, шу ҳам дўстлик бўлдими, ахир?
Эй худо, майли, ахир илоҳий яқинлик бирлаштирган, ораларини олий меҳрибонлик яқинлаштирган дўстлар бор-ку! Улар ҳақиқатга тик қарайдилар, кўнгилдан ифлослик ва шак-шубҳа зангини кетказадилар, уларни бир-бирлари билан, холисанлиллоҳ, дўстликдан бошқа ҳеч нарса бирлаштирмаган.
Эй, биродарлар! Ҳақиқатни ёйинглар, баҳамжиҳат бўлинглар. Баъзиларингизни баъзи нарсаларни ўрганишларинг ва баъзиларингизни баъзи нарсалар билан камол топишларинг учун орангиздаги ҳар бир киши ўз биродарига нисбатан дилидаги пардани холис очиб ташласин.
Эй, ҳақиқий биродарлар! Кирпилар бошини ичига тортгани каби, сиз ҳам бошингизни ичингизга тортинг. Ботинингизни юзага чиқаринг, зоҳирингизни эса, ичингизга олинг. Худо ҳаққи, ботинингиз равшан кўриниб турибди-ю, бироқ сиртингиз яширин.
Эй, ҳақиқий биродарлар! Илонга ўхшаб ўз пўстларингиздан чнқинглар ва қуртлар судралиб юргандек судралинглар. Душманга қарши қуроли думида бўлган чиёндек бўлинглар. Чункн агар шайтон одамларни орқадан алдай олмаса, у ҳеч қачон алдашга муяссар бўла олмайди.
Ажал заҳрини ютинглар, яшаяжаксиз; ўлимни севинглар, тирик бўлажаксиз. Қўнаднган уя тутмай, учиб юринглар, чунки қушларнинг овланадиган жойлари инларидир. Агар қанотсизлик парвоз қилишингизга тўсқинлик қилса, қанот ўғирланглар, мақсадга етасиз. Учишга ким моҳир бўлса, ўша энг яхши фазилатли саналади. Қизитилган тошларни ютадиган туяқуш бўлинглар. Қаттиқ суякларни ютиб юборадиган илондек, оловнинг ичида дадил юрадиган самандардек, ёруглиққа чиқмайдиган кўршапалакдек бўлинг, чунки паррандаларнинг энг яхшиси кўршапалакдир.
Эй ҳақиқий биродарлар! Одамларнинг ботири келажакдаги мушкулотдан қўрқмайди. Камолга етишдан четланган киши одамларнинг энг қўрқоғидир.
Эй ҳақиқий биродарлар! Фаришта ёмонликка юз тутса ёки ҳайвонлар хунук иш қилса, ажабланнш керак эмас. Мабодо агар инсоннинг вужуди ақл билан мунаввар бўла туриб, шаҳватларга берилсаю бу йўлда ўз инсонлигини йўқотиб, тоатини тарк қилган бўлса, бундай инсонга ажабланиш керак бўлади. Ўлай агар, ҳеч шак-шубҳа йўқки, одам фариштаси шаҳвоний ҳисларни йўқотишда собитқадамдир. Унинг оёқлари жимога юрмайди. Агар кишидаги инсонийликнинг ёмонликка тортадиган шаҳватни қайтаришга қурби етмаса, у ҳайвондан ҳам паст туради.
Энди сўз бошига қайтаман. Буни мен (Ибн Снно — А. И.) айтяпман.
Бир гуруҳ овчилар пайдо бўлиб, тузоқлар қўйиб, тўрларини ёйишди. Кейин уларга дон сепиб, ўзлари ўтлар орасида бекиниб туришди. Бу вақтда мен паррандалар галаси орасида эдим. Шунда овчилар бизни кўриб қолиб, қушларга ўхшаб ҳуштак чалиб чақиришди. Биз у ерда жуда кўп донларни ва ўзимизга ўхшаш қушларни кўрдик. Кўнглимизда бунда бирон ёмонлик бор, деб шубҳа ҳам туғилмади, иккиланиб, у ерга боришдан тортиниб ҳам турмадик.
Биз ўша қушлар томонга боришга шошилдик ва ҳаммамиз — тўпимиз билан бирга тузоққа тушдик. Шу пайтда ҳалқалар бўйинмизга ўралишиб, тўрлар қанотларимизга ёпишар, оёқларимизга эса, тузоқлар илашар эди. Қутулишга шунча ҳаракат қилиб кўрсак ҳам, лекин барибир уринишимиз зое кетди, қийинчиликдан бошқа нарсани орттирмади. Ҳалок бўлишга кўзимиз етди. Ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб, оғайинларимиз ҳолидан хабар олиш ва қайғуришни ҳам унутиб қўйибмиз. Ҳаммамиз бир лаҳза қутулиш йўлида ҳийлалар топишга бош қотирдик. Ҳатто бу ҳақда ўйлаб, ўзимизнинг тузоқда эканлигимиз ҳам эсимиздан чиқиб кетибди. Тузоққа кўникиб, қафасларда ором олдик. Бир куни тўр орасидан бир гала қушларни кўриб қолдим. Улар бош ва қанотларини тўрдан халос этиб, қафаслардан қутулиб учиб келишар, оёқларида эса ҳамон тузоқ қолдиқлари осилиб турар эди. Лекин бу қолдиқлар учишга нажот топишга тўсқинлик қилмас эди. Тўсқинлик қилмаганига қарамай, учиб қутулиш осон эмасди, тинчгина ҳаёт кечиртирмас ҳам эди. Ана шу ҳолат унутган нарсамни ёдимга туширди. Шу билан бирга кўникиб қолган нарсанинг ёмонлигини ҳам кўрсатди. Бўшайман, деб уринавериб, уринавериб, жуда тавбамга таяндим ҳатто, ҳасрату надоматдан куйиб, ўлай дедим. Кейин мен, зора улар менга яқинроқ кеилиб роҳат топиш йўлини кўрсатсалар, деган умидда қафас ичида туриб уларни чақирдим. Ахир қафасда узоқ туриш мени қийнаб юборди-да. Улар овчиларнинг ҳийлаларини эслашиб, қайтанга мендан баттар қочдилар. Кейин мен уларга қадимги дўстлигимиз ва ҳаммамиз бир гуруҳданлигимизни айтгач, уларнинг дилларида яна шубҳа пайдо бўлди. Мен эса қасам ичиб, гапимнинг ростлигига уларни ишонтирдим. Шундай қилганимдан кейингина улар менинг олдимга келишди. Мен улардан ҳол-аҳвол сўраган эдим, шунда мен мубтало бўлган нарсага улар ҳам мубтало бўлганликларини, кейин умид узиб шу уқубатга кўникиб қолганликларини гапириб беришди. Сўнгра менга ҳам ёрдам қилишди; бўйнимдан тузоқ, қанотларимдан тўрни узоқлаштиришди, қафас эшигини очишди. Кейин менга: «Ғанимат билиб, қутулиб қол!»—дейишди. Мен улардан оёқларимни ҳалқалардан озод қилишларини сўрадим. Улар: «Агар биз бундан ишга қодир бўлганимизда, аввал ўз оёғимизни бўшатиб олган бўлардик, касал табиб касални даволай олармиди»,— дейишди. Қафасдан чиқиб, учмоқчи бўлдим. Улар менга шундай дейишди: «Сенинг олдингда жуда кўп буқъалар бор. Агар у буқъалар устидан бўлиниб-бўлиниб ўтмасак, қийинчиликдан қутулолмаймиз, бизнинг изимиздан уч, биз сени қутқарамиз ва сенга тўғри йўлни кўрсатиб юборамиз».
Серўт, серҳосил водий, йўғ-е, аксинча, қуруқ хароб водийдаги бир юксак тоғнинг икки баланд чўққиси оралиғидан учдик. Ҳатто водий орқамизда қолиб, ҳалиги тоғ чўққисига етдик. Бирдан олдимизга қарасак, яна саккизта баланд тоғлар турибди, буларнинг чўққиларини кўз илғамас эди. Шунда орамиздаги баъзилар, бу тоғлардан тезроқ, шошилиб ўтиб олмасак, биз ҳеч омонлик тополмаймиз, дейишди. Шундан кейин тез учиб, олти чўққидан ўтиб, еттинчисига етдик. Еттинчи тоғ чегарасига киргач, баъзи қушлар, ҳеч тоқат қилиб бўлмаяпти-ку, ором оласизларми-йўқми?! Ахир бу қийинчиликлар тинкамизни қуритди-ку. Биз билан душманларимиз ораси узоқ бўлиб қолди, баданларимизга ҳам бир оз ором беришимиз керак-ку, ахир, дам олиб-дам олиб учиш тўхтовсиз учишдан кўра нажотга тезроқ етказади, дейишди.
Шундай қилиб, ўша тоғ чўққисига келиб қўндик. Бундай қарасак, кўз олдимизда ҳаммаёғи кўм-кўк, обод, мевазор, анҳорлар оқиб турган боғлар турибди. Унинг неъматлари ўз кўриниши билан кўзларни қамаштириб, фикрларни ҳайратда қолдиради. Қулоқларингга ашула куйлари, мунгли нағмалар эшитилади; на ўткир мушкда ва на анбарда бўлмайднган ҳидлар димоғингга урилиб туради. Биз у боғ меваларидан едик, сувларидан ичдик ва то ҳордиқ чиққунча шу ерда турдик. Баъзилар, шошилайлик, чунки хотиржамликдек алданиш, эҳтиёткорликдек қутулиш йўли ва шубҳа қилишдек маҳкам кўрғон йўқ, дейишди.
Бу жойда ғафлатда қолиб, узоқ туриб қолдик, орқамиздан душманлар изма-из биз турган жойни ахтариб келяпти. Гарчи бу жойда туриш биз учун яхши бўлса ҳам, лекин бу ерда саломат қолишимиз қийин. Шунинг учун, келинглар, бу буқъани ташлаб, тезроқ бу ердан кетайлик.
Шундай қилиб, ҳаммамиз учишга қарор қилдик. У ердан учиб, саккизинчи тоққа етиб келдик. Бундан қарасам, чўққиси осмон бағрини ёриб кириб кетган баланд тоғ, унинг теварагида қушлар учиб юрибди. Мен умримда бундай хушнаво, гўзал, хушсурат, дилкаш қушларни учратмаганман. Уларнинг ёнига қўнганимиздан кейин, биз илгари ҳеч кимдан кўрмаган ва эшитмаган эҳсон, лутф ва одамгарчиликни кўрдик, самимий ёрдамни ҳис қилдик. Ҳатто биз умр бўйи уринсак ҳам, борингки, умримизга бир неча бор умр қўшиб берилганда ҳам, уларнинг бизга берган ёрдамларининг кичик бир улушини бажо келтиролмаймиз. Улар билан танишиб бўлгач, биз уларни ўзимизга азоб бераётган воқеадан огоҳ қилдик. Шунда улардан бири сўзимизга эътибор бериб, «Мана шу тоғнинг орқасида бир шаҳар бор. Ўша ерда буюк подшоҳ истиқомат қилади. Ҳар бир зулмдийда унга сиғинса ва таваккул қилса; унинг қудрат ва мадади билан бахтсизлик ундан йироқлашади»,— деди.
Биз уларнинг ишорасига биноан подшоҳ шаҳрига равона бўлдик. Ниҳоят унинг даргоҳига қўннб, унинг рухсатига мунтазир бўлиб турдик. Кейин киришга рухсат берилди. Бизни унинг қасрига олиб кирдилар. Бундан қарасак, биз шундай саройга тушиб қолибмизки, унинг кенглиги ва гўзаллигини тавсифлаб бериш қийин. У саҳндан ўтганимиздан кейин кенг ва ярақлаган яна бир саҳн дарвозаси очилди. Бу саҳнни кўрганимизда бундан олдинги кўрган саҳнимиз ҳам анча торроқ, ҳатто кичикроқ ҳам кўринди. Ниҳоят биз подшоҳ ҳужрасига етдик. Парда кўтарилиб, подшоҳ жамолига кўзимиз тушгач, унга кўнглимиз тушиб, ҳаммамиз ҳушимиздан кетиб, шикоят қилишга ҳам қодир бўлмай қолдик. Ҳайтовур унинг ўзи бизнинг дардимиздан огоҳ бўлиб, ўз лутфи билан ҳушимизга келтирди. Ниҳоят у билан гаплашишга журъат этиб, унга ўз кечмишларимизни гапириб бердик. Кейин у айтди:
— Оёқларингиздаги тузоқни қўйган кишидан бўлак ҳеч ким ечолмайди. Мен уларга бир элчи юбораман. У элчи сизларни тузоқдан қутқаришни овчидан илтимос қилади. Гап тамом. Шоду хуррам бўлиб тарқалинглар.
Ана шундан сўнг биз элчи билан бирга йўлга тушдик.
Биродарларнм подшоҳнинг гўзаллиги ва унинг даргоҳи ҳақида ҳикоя қилиб беришимни мендан қаттиқ туриб талаб қилдилар. Мен унинг васфини қисқача иборатлар билан тўла-тўкис таърифлаб бераман: у подшоҳ шундай бир подшоҳки, қачон сен дилингга завол аралашмаган бир жамолни, камчилиги бўлмаган бир камолни келтирсанг, ундаги бор жамол ва камолга дуч келган бўласан.
Ҳақиқатан ҳам ҳар бир камолот унда пайдо, ҳар бир нуқсон, гарчи мажозий бўлса ҳам, ундан узоқ. Камолнинг ҳаммаси унинг ҳусни учун юз, эҳсони учун қўлдир. Кимки унга хизмат қилса, у энг олий бахтга эришади. Кнмки ундан узоқлашса, дунё ва охиратда зиён кўради.
Менинг қанчалар биродарларим ҳикоямни эшитиб:
— Сенинг эсинг оғиб қолибди,— дейишди.— Ақлу ҳушинг учиб, девона бўлиб қолибсан. Худо ҳаққи, сен учмаган экансан, балки сенинг ақлинг учган экан, сен овланмаган экансан, балки сенинг ақлу ҳушинг овланган экан. Кишилар қачон учгану, қуш қачон гапирган! Гўё мизожингда сафро ғалаба қилганга, димоғингни қуруқлик эгаллаб олганга ўхшайди. Сен энди девпечак қайнатмасини ичиб тур, сучук сувли иссиқ ҳаммомга вақт-вақти билан тушиб тур, нилуфар ёғини ҳидлаб тур. Кейин яхши овқатларни танлаб, шошилмай егин, жинсий алоқадан, уйқусизликдан сақлан ва камроқ фикрла. Ахир биз илгари сенинг ақллилигингни кўрган, сенинг фатонат ва заковатингга қойил қолган эдик. Кўнглимиздан тангринг ўзи огоҳдир. Энди сенинг бу аҳволингни кўриб, биз сендан ранжидик. Аҳволингга халал етгани сабабли бизнинг аҳволимизга ҳам халал етди.
Уларнинг гаплари қанча кўп бўлса, фойдаси шунча оз эди; сўзнинг энг ёмони амал қилинмай зое кетганидир. Тангридан мадад, одамлардан айбга буюрмасликни сўрайман. Ундан бошқага ишонган киши охиратда ҳам, ундан аввал ҳам зарар кўради. Зулм қилганлар келгусида қаерга ағдарилишларини билишади.

Саломон Ва Ибсол
Ўтган замонларда Саломон деган кишининг бир ота ва бир онадан туғишган укаси бор эди. Саломон укасини ўз ўғлидай тарбиялади ва юриш-туришида ножўялик топмай, унга одамлар биладиган ва ўргатадиган ҳамма фанлардан таълим берди.
Тангри унга гўзал кўрк ва шайдойи ҳусн берди. Бола балоғатга етгач, шайтон янгасининг кўзини унга буриб юборди, кетидан кўнглини ҳам унга боғлади. Хотин унга ошиқ бўлиб қолдию, ўз дардини нчига сиғдиришга чидай олмади.
Бнр куни Саломонга хотини шундай деди:
— Уканг Ибсол, сўзсиз, олижаноб бола, у сенга ўз фарзандингдек яқин. Унинг дину диёнати устивор, яхши хулқли қилиб етиштирдинг. Энди, уни менинг олдимда, болаларингга қўшиб қўйгин, уларга хулқу одоб ва яхши феъл-атворлардан ўргатсин.
Саломон, хўб, сен айтгандай бўлади, деди.
Кейин Саломон Ибсолга ҳар бир пайшанба ва жума кунлари янга қасрга келиб туришни тайинлади. Бунда Ибсол бирор шумлик борлигини сезиб қолади ва Саломонга шундай дейди:
— Э, ака, мен қаёқдаю, қасрдаги хотинлар қаёқда! Мен бу ишни кўнгилдагидек бажо келтиролмайман. Болаларингга ўзинг бош бўлиб, назорат қилиб турсанг, зарур бўлганда мен улардан хабар олиб турсам, бу дурустроқ ва яхшироқ бўларди.
Укасининг бу гапларини эшитган Саломон укасига:
— Бу гапинг дурустку-я, лекин янганг сен билан хурсанд бўлади,— деди,— очиқ юз билан унинг олдига кириб турсанг, у буни хуш кўради. Шундай қилсанг, сенга у яхши илтифотлар қилади, сендан хурсанд бўлади. Кўнгли кўтарилиб, сенга совғалар беради. Сен ҳам энди шўртумшуқлик қилиб, янгангдан ўзингни олиб қочмагин-да. Ахир у сени ўз бағрида катта қилди, сен бола эдинг, у сенга оналик кўзи билан қаради. Сен ҳам энди қўлингдан келадиган ёрдамингни аямай, уни хурсанд қилгин-да.
Шундай қилиб, воқеа айтгандай бўлиб, Ибсол янгасининг хонасига киргач, қанчадан-қанча тиллаю қнмматбаҳо нарсалар сочилиб ётганини кўрди. Шайтон хотиннинг болага бўлган муҳаббатини яна ҳам ошириб юборган эди, хотин қайнисига устма-уст гавҳар ва дурлар қадалган ипаклик саруполар қўйди.
Аёл ўзини Ибсолга энг яқин қилиб кўрсатиб, бу ҳаракатига уни ишонтирмоқ учун ўзини вазмин тутиб турди, тилига эрк бермади, зўрма-зўраки бўлса ҳам ўзини тутиб туришга уринди. Натижада Ибсол ўзининг алданганига фаросати етмай, хотиннинг хатти-ҳаракатини самимий деб билди, унга меҳрибонлик қилаётганлигига шубҳа қилмади.
Ннҳоят хотин уни бир неча марта шундай синаб кўриб, хотиржам бўлиб, кўнгли жойига тушгач, хилватда унга дилидаги сирини очиб шундай деди:
— Э, Ибсол, тангрининг тақдир қилгани бўлади, мен ва сен яратилишимиздан олдин, мен сени севишим белгиланиб қўйилган. Тангри таолонинг тақдир қилгани шу. Рабб ул-оламиннинг тақдиридан қочиб қутуладиган одам ҳам, қочадиган жой ҳам йўқ.
Янгадан бу гапларни эшитган Ибсол ҳайрон бўлганича, бошини қуйи солди. Қўлини тангридан берилган ва шу ҳолга тушишга сабаб бўлган чиройли юзига уриб, энди нима қилсамикин, деб чуқур ўйга чўмнб қолди.
Кейин у ўзича ўйланиб қолиб айтди: «Агар мен унинг талабига очиқ-ойдин буйсунмасам, мендан бурунги ростгўйларга хотинлар макр қилганидек, бу ҳам менга макр қилиши мумкин. Агар тангрим ва акам раъйига қарши иш қилиб, хотинга шнрин сўзларимни айтсам, амалга ошмайдиган ваъда устидан чиққан бўлишимдан қўрқаман. Э, тангрим, менга ўзинг йўл кўрсат, кушойиш бер!»
Хотиннинг олдига киришни Ибсолнинг кўнглига солдик. Шундан кейин хотин олдига кириш фикри Ибсол хаёлидан кечди. Кейин Ибсол ўзига-ўзи шундай деди: «Тақдир шу экан, энди пешонамда ёзилганидан бўлак ҳеч нарса бўлмайди».
Кейин хотинга қараб, тангрининг тақдирини кутгин, балки у сендан бу фикрни кайтарар ёки бошқа бирор иш қилишга менга йўл-йўриқ кўрсатар, деди. Э, тангрим, ўзинг кушойиш бер, ўзинг ярлақа. У ўзича айтди:
«Э, тангрим, қалбимни ихтиёрингга топширдим, уни ўзинг рози бўлган нарсага барқарор қил. Бу дунё ва охиратда менинг ягона вакилимсан, илойим сен хотинларни менинг устимдан хўжайинлик қилишига йўл қўйма!»
Ибсолнинг юқорида, тангри тақдирини кутпб тур, деб хотинга айтган гапи унинг ўйлаб қўйган ҳийлаю макрини бузгач, хотин бирмунча қизишди ва йиғламсираб қизарган кўзларини ундан ўгирди. Хотин қайнисндан аразлади. Ибсол тағин хотин дод-вой солмасин учун бу гап билан ўз муддаосини яширди ва вақти-вақти билан унинг ҳузурига кириб тураднган бўлди. Бунинг натижасида хотнн бир қанча вақт сабр қилиб юриб, унга қайтиб гинахонлик қилмай қўйди. Бу билан хотин гўё Ибсолдан тийилгандай бўлди. Ибсол бўлса шундай бўлганидан хурсанд бўлиб, тангрига шукурлар қиларди.
Кўп ўтмасданоқ хотин қалбн исён қилиб, Ибсол ишқи уни яна ўзига тортаётгандай бўлди. Шу пайтда, унинг кўнгли чопиб, Ибсол бўйнига қўлини ташлади. Шунда Ибсол хотинни жеркиб берди; шу билан Ибсол хотиндан юз ўгирди, хотин эса ўз ишқида жафо чекиб юрди. Шу тариқа Ибсол хотиндан бир оз узоқлашди, хотин эса ноқулай ҳолатга тушиб катта-катта қасамлар ичди ва шундай деди:
— Ростини айтсам, сени синаб кўрмоқчи эдим, ундан бўлак мақсадим ҳам йўқ эди, йигитликнинг энг авж пайтида бўла туриб қилаётган тақвойингнинг сабабини билгани шундай қилган эдим, натижада, сенинг чинакам тақводорлигингга ишондим. Эгамга қасам ичиб айтаманки, бу коқеадан кейин қулоғинг хафа қиладнган нарсани мендан эшитмайди.
У шу дақиқада бир кунмас-бир кун ўз қасамини бузишини ва алдаш нияти борлигини яшириб турарди. Хотин эрига айтди:
— Мен уканг Ибсолни йигитлар айни етилаётган пайтда синаладиган йўл билан синадим. Уни номусли эканини билсам, синглимни олгин, деб айтмоқчи эдим; синглим билан бирга жуда кўп сеп ҳам юбормоқчи эдим. Уни синаб кўриб, маъқул топдим, энди синглимни унга никоҳлаб бермоқчиман. Зора бу иш тангримга хуш келиб, доимий осойишталик бахш этса.
Кейин хотин ўз синглисига кенгашиб айтди:
— Агар сен олдингга келган Ибсолдек меҳмонингга севилиб қолсанг, менга ҳам у билан бирга бўлишга рухсат берасанмн? Мен буни унга айтмайман, ўзи ҳам сезмайди. Мен уни ўзимга керак бўлгани учунгина сенга танлаяпман. Агар хоҳласанг, шунга рози бўласан, хоҳламасанг буни сендан қайтараман, яна ўзинг биласан.
Хотин келиб Ибсолга айтди:
— Синглим уятчан, ҳали эр кўрмаган, сен уни хурсанд қил, олдига тим-қоронғу кечада кир; то танишиб, бир ой ўтмагунча, ундан бир оғиз ҳам сўз сўрама.
Хотин дарров сннглиси ётадиган жойга бориб ётди.
Ибсол, ҳали кўнглидаги шубҳаси кетмасданоқ, қоронғу кечада хотин олдига кирган заҳоти янга уни бағрига босишдан ўзини тиёлмади.
У: «Ҳей»,— деб қаттиқ бақириб юборди, кейин унга айтди:
— Агар сен уятчан қиз бўлганингда эдинг, эр кишидан олдин талпинмасдинг, сен бошқа бўлсанг керак.
Ана шу пайтда чақмоқ чақадиган тизма булутлардан бир қисмини пайдо қилдик. У булут чақмоқ чақиб Ибсолга хотин юзини кўрсатди. Ибсол норози бўлганича у ердан қочиб чиқиб кетди.
Ибсол жуда довюрак, паҳлавон йигит эди. У бирон аскар устига юриш қилганида уни несу нобуд қилмай қўймасди. У аскарлари кўп лашкар устига бостириб келганида уларни ер билан яксон қилар, уларни теварак-атрофга тумтарақай қилмасдан қўймасди.
Унинг ўзини довюрак, хулқи атворини расо ва ўзини эса яширин илмларга ошно қилган эдик. У ўша яширин илмларни очди.
Ибсол, хотин мени унутар, деган умидда акаси ва янгаси даргоҳини бир қанча вақт ташлаб кетмоқчи бўлди, кейин бориб акасига айтди:
— Сенга Машриқдан тортиб Мағрибгача бўлган ўлкаларни фатҳ қилиб, тангри динини кофирларга ёйсам, нима дейсан? Зора, тангрим менга ёрдам берса.
Саломон укасининг гапини маъқул кўриб, рози бўлди.
Кейин Ибсол Қутб томондаги ўлкаларга юриш қилди. Ундан кейин Шарқ томондаги ўлкаларни боснб олишга жазм этди. У энг иззатли ва энг кучли халқни қидириб бориб, улар устидан ҳукмдорлигини ўрнатмоқчи бўлди. Кейин Қай ўлкаларига, ундан кейин то Чингача бўлган, унинг орқа томонларига ва бу ўлкага ёндаш Ҳинд ўлкаларига юрди. Кейин акасининг ўлкалари чегарасига етиб, акаси эгаллаёлмаган ўлкаларни то Рофидонгача фатҳ қилди. Кейин кемага миниб, денгизга тушади. Кейин ортга қайтиб, кунчиқиш томонга қараб йўл олади. Қатор оролларга дуч келади ва қирғоқ бўйлаб юради. Шундай қилиб, кунчиқиш оролларини олиб бўлгач, яна бошқа томонга бурилиб, у ерда ҳам ўшандай иш қилди. Ниҳоят, Ҳумр ўлкаларига етиб, денгиздан қуруқликка чиқади ва у баъзи гуруҳларни бирин-кетин қўлга олиш учун уларнинг ерларини ахтаради. Кейин Тайҳо чўлларга кириб, то чуқур денгизга боргунча йўлларни улардан тозалади. Улар билан уришиб, подшоҳларини асир олди. Ундан кейин соҳил бўйлаб чуқур денгизни Аҳзомгача ёриб ўтишдан олдин Сабта мамлакатларига йўл олди. У текисликларда тошқин бўлиб, ундаги мамлакатларни босиб ўтди. Кейин шимол денгизлари бўйлаб шарқ томонга узоқ йўл юрди ва ниҳоят, кетган жойига қайтиб келди. У ўзича, энди хотин мени унутган бўлса керак, ҳатто эсламаса ҳам керак, деб ўйлаган эди.
Ибсол Ҳофиқонга эга қилганимиз Зулқарнайн подшоҳларнинг энг аввалгиси эди. Сўнгра Ибсол акасининг олдига йўл олди. Ибсол бутун уфқни тим-қоронғулик босганда акаси олднга қайтиб келди.
У акасига айтди:
— Э, ака, сенга фатҳ қилиб берган ўлкаларим кўзимга тупроқдан илашган бир гардча ҳам эмас. Менга уни мутлоқ қадри йўқ. Мен фатҳ қилган мамлакатларга эга бўлган тоифа аҳволидан хабардор бўлган киши ерни ва ерда бор нарсаларни назар-писанд қилмайди.
Хотин Ибсолнинг сафардан қайтиб келганини эшитгач, устомонлик қилиб, қучоқламоқчи бўлиб унга қулочини ёзди. Бу ҳаракати билан у гўё унга ишқивозлик қилмаётгандай бўлиб кўринмоқчи эди.
Ибсол хотинга айтди:
— Салом, тангрим сени пок сақласин, менга яқинлашма! Мен ўша билганинг Ибсолман. Тангрим рабб ул-оламийн ўз паноҳида асрасин, барча ёмон кирдикорларни ўзи аритсин. Эгамга таваккул қиламан.
Саломон хонадонига бобилликлардан душман чиқиб, уларнинг қўри қутларини тугатадиган бўлди. Уларнинг жазосини бермоқ учун акаси Ибсолни ўша томонга юбормоқчи бўлиб, унга аскар тўплаб берди. Хотин эса Ибсолни унутиб, унга яқинлаша олмаслигига кўзи етди. Натижада хотин Саломон аскар бошлиқларига хазинадан пора бериб, Ибсолни боши берк кўчага киргизиб, душманга рўпара қилишга ва ўзлари унинг кўзига кўринмай кетиб қолишларини тайинлади. Ибсол қочиб кетиши мумкин бўлган ҳар бир йўл душман аскарлари томонидан тўсиб қўйилган бўлиши керак эди. Хотин лашкарбошиларга шуларни шарт қилиб қўйди; Ибсол аскарларга қаршилик қилмоқчи бўлса, улар уни қийма-қийма қилиб ташлашлари керак.
Хотин аскарларга нима буюрган бўлса, улар ўшани қилдилар.
Агар биз унинг бошидан бахтсизликни кўтармаганимизда, қиличлар Ибсолни бўлиб ташлаб, соғ қўймаган бўлар эди. Улар Ибсолни қонга бўяб ташлаб кетишди. У хўрланиб қолди. Биз уларни Ибсол аҳволидан бехабар қолдирдик. Кейин улар устига жуда ҳам ивитадиган ёмонлик ёмғирини ёғдирдик. Унга ваҳший ҳайвонларнинг энг ғамхўри бўлган — оқ кийикни эмизувчи қилиб юбордик. Кийикнинг унга меҳри келиб, Ибсол оғзига ўз
эмчагини солди ва шундай қилиб у бирмунча вақт кийикни эмди.
Ибсолнинг акаси душманлар томонидан ўраб олиниб, унинг ҳукмронлнги кучсизланиб қолган ва укаси Ибсолни йўқотганидан қайғу-ҳасратда ранги сомон бўлган эди.
Ибсол ўзига келиб, дуч келган кишидан сўраб-суриштнриб бошига тушган кулфатлардан огоҳ бўлди, уни қийин аҳволга ташлаб кетган аскарлар тўдасининг кетиб қолганини билгач, жуда ҳам афсусланди.
— Э, тангрим, ўзинг менга кўмак бер. Сен менга меҳрибонсан, менга берган неъматингни санаб тугатолмайман; менга чексиз меҳрибонлик қилдинг!—деб тангрига нолиди, унинг меҳрибонлигига шукрона билдирди.
Шундан кейин у акасининг ўлкаси томон йўл олиб, ниҳоят, акасига душман қўллари етаёзганда юртига етиб келди. Шунда Ибсол акасига меҳрибонлик қилиб:
— Мен уканг Ибсолман, сен гирифтор бўлган балони сендан даф қилишим ва балога тўғаноқ бўлишнм учун тангрим мени олдингга юборди,— деди.
Саломон Ибсолга пароканда бўлган қавмларни керакли озиқ-овқатлари билан йиғиб берди. Ибсол шаҳар чеккасига, аскарлар олдига чиқиб айтди:
— Мана мен, хизматингизга тайёр ўша Ибсолман. Тангрим мени соғайтирди. У энг кароматли ва раҳмдил. У ваъдасига энг садоқатли ва энг вафоли ёрдамчи ва қодир, меҳрибон ва шифо берувчи. Ҳар қандай махфий нарсалар ҳам унга аёндир.
Ибсол одамларининг юраклари довланиб, душманлар билан курашиш учун тўпланднлар, дилларида ҳеч бир хавф қолмади. Душманни ўз ерларидан суриб чиқардилар, душманлар қочиша бошлагач, уларнинг рўпараларидан чиқиб қаршилик қилдилар, ниҳоят, уларни енгнб, уларга қаттиқ шикаст етказдилар. Ҳали етилмаган экинларни ўргандек қириб ташладилар.
Ибсол урушга шундай киришдики, ўз қўли билан ҳатто душман тўдаларннинг улуғини асир қилиб олди. Кейин у Бобилга қараб юрди. Бобил Ибсолга дарҳол муяссар бўлди. Кон ва бойликларининг ҳаммаси Ибсол қўлига кирди ва ҳамма томонларга Ибсол овозаси тарқаб, шону шавкати зўрайди. Ибсол садоқатли, тақводор ва номусли подшоҳ эди.
Шундай қилиб, Ибсол ўз акаси олдига қайтиб келса, хотин уни очиқ-ойдин алдаш пайига тушиб, бу ишга қаттиқ киришади. Ниҳоят, Ибсолни алдай олмаслигига кўзи етгач, хотин энди ҳинд сунбули дорисидан ёки зараб ул азрақдан Ибсолга ичиринглар, деб ошпаз ва дастёрга буюради. Иккови хотиннинг буйруғини бажо келтириб, унга миқдоридан кўпроқ заҳар ичиришади. Бу тадбир сабрли кишиларни ҳам бесабр қилди, кўпчиликни мусибатга чўмдирди. Бундан ҳатто ер титраёзди; ер юзидаги ҳар бир жонли нарса Ибсолнинг ҳалок бўлишидан ғаму ҳасратга тушиб, ҳатто Ибсолнинг ўзи эгалик қилган мамлакатлардаги ва қилич билан қўлга олган юртлардаги кишилар ҳам ҳасратланиб, бу иш содир бўлганидан ғазабга келишди. Чунки Ибсол ҳар бир жонлининг назарида энг олижаноб, асл инсон, билим-маърифатли улуғ киши тимсоли эди.
Шундан кейин акаси бутун қулларндан воз кечди. У қулларини озод қилиб, уларга худди ўз қариндош-уруғларидек илтифот қилди...
Шундай қилиб, тангри Саломонга бир ҳукм орқали хотинининг бу қилган ишини ошкор қилди. Натижада унга хотин, ошпаз, овқат ташувчилар томонидан қилинган махфий ишлар маълум бўлди. Улар зулм қилувчи киши учун биздаги бор бўлган азобу уқубатларни билмадилар. Уларнинг учаласига ҳам Ибсолга ичирилгандек ҳўплаб заҳар ичирилди. Уларнинг учаласи ҳам ўлиб, ўз жойларидаёқ чириб кетдилар. Бундайларнинг ҳар бир қилган ишларига яраша жазоимиз ҳам бор. Биз кичик ва катта гуноҳлардан бехабар эмасмиз.
Аниқ ҳисобланмаган ҳеч бир нарса йўқ. Қайси бир дўстимизни ҳузуримизда бор ҳукмлардан истагани билан имтиҳон қилсак, у сабр қилса, шунга яраша мукофотга сазовор бўлади. Озмунча кишилар ўлдирилмаганмиди-ю, озмунчаси шаҳид қилинмаганмиди?!
Ҳар бир жон эгаси учун маълум муддат бор. Даҳрга қазо чиқаришдан олдин биз ҳар бир жон учун маълум бир муддат ўлчаб берганмиз ва буни қазо китобида ёзганмиз. Бу ўша ўлчаб берган муддатдан ортиқча бўлмайди. Эндн раббингга таваккул қил! Раббинг сен эшитган ва билган кишилардан ҳеч бирига қилмаган инъомларини сенга қилмадими?! Сен ўрганишинг керак бўлган ҳар бир жойда ҳақ нима эканини очиб кўрсатди. Сени ҳақ йўлга йўллади ва сенга ҳамма ёрдамини кўрсатди.[1]



↑ Биринчи шахсда номидан айтилаётган сўзлар Тангри номидан гапириляти.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика