Бухоро тарихи [Abu Bakr Narshaxiy] |
Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий. Бухоро Тарихи Муҳаррирдан Қўлингиздаги «Бухоро тарихини Ўрта Осиёнинг ерли халқлари томонидан қачонлардир ёзилиб, энди ўтмиш асрлар саҳифаларини ёритиш учун хизмат қилиб келаётган нодир ёзма ёдгорликларнинг энг қадимийларидан биридир дейилса, хато қилинмаган бўлади. Дарҳақиқат, бундан 1000 йил муқаддам Ўрта Осиёнинг ўзида, ўз фарзанди қўли билан ёзилиб, тугал бир асар ҳолида бизнинг кунларгача етиб келган бошқа тарихий манба ҳозир бизга маълум эмас. Шунинг учун ҳам «Бухоро тарихи»ни Ўрта Осиё халқлари тарихнавислик фанидаги энг дастлабки асарлардан бири деб ҳисоблайдилар. Бу асар, асосан, Ўрта Осиёда араблар истилоси натижасида ислом динининг тарқатилиши (VIII аср) ва ундан бевосита олдинги даврлар ҳамда IX—XII асрлардаги Бухоро ва унга яқин шаҳар-қишлоқлар халқларининг иқтисодий, маданий, ижтимонй, сиёсий тарихига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олган ва бу ҳол «Бухоро тарихи»нинг қимматли бош манба сифатида тарих фанида зўр шуҳрат топишига асос солган.[1] Асарнинг ҳозирги давргача етиб келиш тарихи бошқа қўлёзма манбалардан кўра бошқачароқ бўлиб, уни ўрганшидан аввал бу ҳақда қисқача маълумотга эга бўлиб олиш унда келтирилган маълумотлардан тўғри фойдаланиш учун албатта зарурийдир. «Бухоро тарихи»нинг бош сўзида айтилганидек, уни даставвал Бухоронинг Наршах қишлоғидан бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий 943—944 йилларда араб тилида ёзган. Ҳозирда Наршахийнинг номи Ўрта Осиёнинг VIII—XII асрлар тарихига оид деярли барча илмий тадқиқот ишларида тилга олинади-ю, аммо унинг ҳаётига оид бирор тўлиқ маълумот келтирилмайди. Бунга сабаб, унинг ўз асарида ҳам ва унга яқин даврларда яшаган бошқа муаллифлар асарларида ҳам шундай маълумотларнинг кглтирилмаганлигидир. Фақат Самъонийнинг «Китоб ул-ансаб» асарида унинг тўла номи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик эканлиги ва у Бухоро аҳлидан бўлиб, 286 (899) йили туғилган ва 348 (959— 960) йили вафот этганлиги эслатилади[2]. «Бухоро тарихишинг эса араб тилидаги асл нусхаси бизгача етиб келган эмас, тўғрироғи, ҳали шу вақтгача унинг мавжудлиги ҳақида бирор маълумот йўқ. Гап шундаки, асарнинг бизгача етиб келган нусхасининг бош сўзида айтилишича, 1128 йилн асли ҳозирги Қува шаҳаридан бўлган Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Қубовий Наршахийнинг китобини «кўпчилик кишилар араб тилида ёзилган китобни ўқишга рағбат кўргазмаганликлари» сабабли ўз дўстларининг илтимосига биноан арабчадан форс тилига таржима қилган. У «араб тилидаги нусхада сўзланган кераксиз ва бунинг устига ўқиганда (киши) табиатида малоллик орттирадиган нарсалар»ни таржимага киритмай қисқартириб юборган. Ундан ярим аср ўтгандан кейин асар яна қайтадан таҳрирга учраган: 1178—1179 йиллар мобайнида Муҳаммад ибн Зуфар ибн Умар форс тилидаги таржимани иккинчи марта қисқартириб баён қилган. Аммо асарни ўқир эканмиз, биз унда, баъзан, мазкур 1178-1179 йилдан кейинги то 1220 йилгача бўлиб ўтган тарихий воқеалар ҳақида ҳам, қисқа-қисқа маълумотлар учратамиз. Бу ҳол шуни кўрсатадики, Муҳаммад ибн Зуфардан кейин ҳам бир ёки бир неча бизга номаълум кишилар асарни таҳрир қилганлар. Улар ҳам асарни қисқартирганлар дейишга асос бўлмаса-да, лекин қўшимчалар киритганликлари воқеалар мазмунидан аниқ англашилиб турибди[3]. «Бухоро» тарихи» нинг биз танишишга муяссар бўла олганимиз барча қўлёзма нусхалари, улар орасидаги баъзи фарқлардан қатъи назар, ана шу 1220 йилгача давом эттирилган матнни ўз ичига олади. Наршахийнииг ҳамда унинг асарини бевосита қайта ишлаб арабчадан форс тилига таржима қилган Абу Наср Аҳмад ва бу таржимани қирқартириб баён этган Муҳаммад ибн Зуфарларнинг асл нусхалари эса ҳозиргача ҳам манбашунослик фани учун номаълумлигича қолиб келмоқда. Лекин бизгача етиб келган асар нусхасининг мазмунига қараганда, шуни айтиш мумкинки, таржимон Абу Наср Аҳмад ҳам, қисқартирувчи муҳаррир Муҳаммад Ибн Зуфар ҳам ўз ишларига оддий таржима ёки таҳрир тарзида қараган эмаслар. Асарнинг кўп ерларида унинг муаллифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфарга ҳамда таржимон Абу Наср Аҳмадга илова қилиб сўзланган жумлалар шуни кўрсатадики, таржимон Абд Наср Аҳмад ҳам, қисқартирувчи муҳаррир Муҳаммад ибн Зуфар ҳам ўз ишларига мустақил бир тус берганлар[4]. Таржимон Абу Наср Аҳмад Наршахийнинг араб тилидаги нусхасида мавжуд бўлган баъзи мавзуларни ташлаб кетиш билан бир қаторда асарга катта тарихий қимматга эга бўлган кўпгина маълумотларни қўшган ва бунда у ўз давридан илгариги воқеаларни ёритиш учун бошқа тарихий манбалардан фойдаланган. Бу манбалардан бири Абу Наср Аҳмаднинг ўзи кўрсатиб ўтгани Абу-л-Ҳасан Абдураҳмон (ибн) Муҳаммад Нишопурийнинг «Хазоин ул-улум» номли асаридир. Бу асарнинг бизнинг давримизгача етиб келган-келмаганлиги ҳозирча маълум эмас. Аммо ундан келтирилган «Бухоро тарихи»даги айрим сатрларнинг ўзи ҳам Абу-л-Ҳасан Абдураҳмоннинг китоби нақадар муҳим бир тарихий манба бўлганлигини кўрсатади. «Хазоин ул-улум»дан маълумотлар келтирилиши ҳақиқатан ҳам Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад томонидан бажарилганлигига эса қисқартирувчи муҳаррир Муҳаммад ибн Зуфалнинг ўз номидан келтириб: «Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср... шундай дейди. Абулҳасан Ншиопурий «Хазоин ул-улум»да айтишича...» деган сўзлари шубҳасиз далилдир. Ана шу мазмундаги кўп жумлалар яна шуни кўрсатадики, Наршахийншг асарига қўшимчалар киритган киши асосаи таржимон Абу Наср Аҳмад бў либ, Муҳаммад ибн Зуфарнинг иши, қатъий қилиб айта олмасак ҳам, форс тилидаги таржимани «қисқартириб баён қилиш»дан иборат бўлган. Таржимон Абу Наср Аҳмад ва ундан кейинги муҳаррирлар асар матнига анчагина ўзгартишлар киритган бўлсалар ҳам, лекин Наршахий номини мусанниф-муаллиф сифатида сақлаб қолганлар: масалан, асардаги: «Бу китобнинг мусаннифи айтади» деган сўзлар буни яққол исботлай олади. Лекин, шунга қарамай, асардаги бир қанча маълумотлар Наршахий ўз китобини ёзиб тугаллагандан (944) кейинги таржимонга яқин (1128) даврларга оид эканлигига кўра, биз бу маълумотлар муаллифи деб Абу Наср Аҳмадни ёки ундан кейин китобни қисқартириб таҳрир қилган Муҳаммад ибн Зуфар ва бошқа ҳозирча номлари аниқланмаган шахсларни танишимиз лозимлигини тақозо этади. Наршахий аслида ўз асарига қандай ном берганлиги маълум эмас. Шу сабабли асар қўлёзма нусхаларда ва ҳозирги замон илмий-тарихий адабиётида ҳам «Тарихи Наршахий» («Наршахий тарихи»), «Тарихи Бухоро» («Бухоро тарихи»). «Таҳқиқ ул-вилоят» («Вилоят ҳақиқатини аниқлаш»), «Ахбори Бухоро» («Бухоро ҳақида хабарлар»)[5] каби ҳар хил номлар билан юритилиб келган. Бу номлардан кейинги учтаси асар мазмуни бўйича тўғри бўлиб, улардан энг аниғи — «Тарихи Бухоро» ҳозирда тарихий адабиётда қатъий ўрнашиб қолди. «Тарихи Наршахий» деб аталиши эса юқорида эслатиб ўтганимиздек, асарнинг бизгача етиб келган нусхаси Наршахийдан бошқа кишиларнинг ҳам қўшимча ва таҳрирлари, қисқартиришларига учраганлиги туфайли тобора камроқ ишлатилиб келмоқда. Шунга биноан, ушбу нашрда ҳам асарнинг номи «Бухоро тарихи» деб қабул қилинди. «Бухоро тарихи»ни бош манба сифатида ўрганиб, ундаги қимматли маълумотларни илмий тадқиқотларга жалб қилиш ишлари кўп вақтлардан бери давом этиб келмоқда. Бухоронинг VIII—XII асрлардаги тарихидан баҳс этувчи ҳозирги замон йирик илмий тадқиқот ишларининг ҳаммасида ҳам «Бухора тарихи»дан олинган маълумотларни учратамиз десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шу билан баробар асарнинг бир ёки бир қанча қўлёзма нусхалари асосида тайёрланган матни ҳам бир неча бор — 1892 йили Ч. Шефер томонидан Парижда, 1904 йили Мулло Султон томонидан Бухорода, 1939 йили Мударрис Ризавий томонидан Теҳронда нашр қилинган. Шунингдек, «Бухоро тарихини»нинг Н. Ликошин томонидан бажарилган изоҳли русча таржимас» 1897 йили Тошкентда ва Р. Фрайнинг изоҳлар илова этилган инглизча таржимаси 1954 йили Кембрижда босилиб чиқди. * * * «Бухоро тарихи»нинг кенг ўқувчилар оммаси диққатига тавсия этилаётган ушбу ўзбекча таржимаси А. Расулев томонидан бундан бир неча йил бурун Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтида асарнинг Париж ва Бухоро нашрлари ҳамда мазкур институтнинг қўлёзёмалар фондида сақланаётган 5388—11 рақамли 1235 (1819—1820) йили кўчирилган қўлёзма нусхаси асосида бажарилган эди. Сўнгроқ, ушбу сатрлар муаллифи томонидан таржимани таҳрир қилиб, нашрга тайёрлаш асносида босма ва қўлёзма нусхалар сони яна кўпайтирилиб, таржима қайтадан кўриб чиқилди ва баъзи текстологик изоҳлар тузилди. Чунончи, бу ишга «Бухоро тарихи» нинг Теҳронда Мударрис Ризавий томонидан нашр қилинган форс тилидаги қиёсий нашри ва СССР Фанлар академияси Осиё халқлари институтининг Ленинград бўлимида сақланаётган 1008 (1599—1600) йилда кўчирилган 675 рақамли ҳамда Тожикистон ССР Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари фондидаги 1060 (1650) йилда кўчирилган 513/11 рақамли қўлёзма нусхалар жалб қилинди. Бу қўлёзма ва босма нусхаларни бир-бирига таққослаш натижасида Теҳрон нашрини асос қилиб олиш мувофиқ топилди. Чунки гарчи бу нусха ҳам айрим камчиликлардан холи бўлмаса-да, умуман олганда бошқа қўлёзма ва босма нусхаларни назарда тутиб нашрга тайёрланганлиги билан эътиборга сазовордир. Бу босма нусханинг камчиликларини текшириб бориш учун эса асосан Париж босмаси, Бухоро босмаси, Ленинград қўлёзмаси ва Душанба (Тожикистон ССР) қўлёзмаси матнларидан фойдаланилди. Зарурат туғилган айрим ҳолларда Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг XIX асрда кўчирилган 2212/1 ва 4355/111 рақамли қўлёзмалари ҳам жалб қилинди[6]. Жуғрофий ва шахсий номларга берилган қисқача изоҳлар Д. Ю. Юсупова томонидан бажарилган. Маълумки, «Бухоро тарихи»ни дастлаб ёзган Муҳаммад ибн Жаъфар ҳам, сўнг асарни қисқартириб ва қўшимчалар қўшиб арабчадан форс-тожик тилига таржима қилган Аҳмад ибн Муҳаммад ва бу таржимани қисқартириб баён қилган Муҳаммад ибн Зуфарлар ҳам Х-ХП асрлар шароитида, ўз даврларида мавжуд бўлган иқтисодий, маънавий ҳаёт таъсирида иш олиб борганлар. Шунинг учун ҳам «Бухоро тарихи» Х-ХП асрлар ижтимоий муҳити тақозосича ислом динига ҳамда ўша даврда ҳукмрон бўлган тузумга қарши ҳаракатлар (масалан, Муқанна қўзғолони) ни қоралаш позициясидан туриб ёзилган. Бироқ шунга қарамай, асарда катта тарихий қимматга эга бўлган маълумотлар келтирилган ва уларни илмий объектив равишда таҳлил қилиш тарих фани учун фойдадан ҳоли эмас. Бу ҳол «Бухоро тарихи» маълумотлари Ўрта Осиёнининг VII-ХII асрлар тарихидан баҳс этувчи илмий-тарихий асарларнинг аксаридш кўп вақтлардан бери фойдаланиб келинаётганлиги билан шак-шубҳасиз исботланган. Бу қимматли ва ноёб асарнинг ушбу ўзбекча нашри ҳам тарихчи-тадқиқотчилар, кенг ўқувчилар оммаси диққатига бош манба ҳамда Х-ХII асрлар тарихий адабиётидан намуна сифатида тақдим зтилади. I. Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим Шукр ва мақтовлар жаҳонни яратувчи, яширин (нарсалар)ни ҳам билувчи жониворларга ризқ берувчи ва еру осмонни тутиб турувчи улуғ танғрига бўлсин! Унинг шаъни улғайсин! (Худонинг) марҳамати ва саломлари одамларнинг сараси, пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад мустафога,— худо унга раҳмат ва саломини йўлласин,— унинг хонадони, ёр-дўстлари ва тобеларига бўлсин! Уларнинг барчасидан оллоҳ рози бўлсин! Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Қубовий[7] шундай дейди: «Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий Бухоро (шаҳари), унинг хусусият ва фазилатлари. шаҳарнинг ўзида ва қишлоқларида мавжуд бўлган қулай шароитли ва фойда етказувчи нарсалар, шаҳарга алоқадор бўлган нарсалар ҳақида ҳамда пайғамбар,— аллоҳ унга ўз раҳмат ва саломини йўлласин,— унинг суҳбатдошлари, тобелари ва дин олимлари,— уларнинг барчасидан аллоҳ рози бўлсин,— томонидан Бухоронинг фазилати борасида айтилган ҳадислар[8] ҳақида бир китоб ёзган ва уни марҳум Амири ҳамид Абу Муҳаммад Нуҳ ибн Наср нбн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомоний[9] номига бағишлагаи. Бу китоб араб тилида, гўзал иборалар билан уч юз ўттиз иккинчи йил ойларида (4 сентябрь 943—23 август 944) ёзилган эди. (Аммо) кўпчилик кишилар араб тилида ёзилган китобни ўқишга рағбат кўргазмаганликлари сабабли, дўстларим мендан у китобни форс тилига таржима қилишни илтимос қилдилар. Мен илтимосни қабул қилдим ва беш юз йигирма иккинчи йилнинг жумод ал-аввал ойида (май, 1128) китрбни форс тилига таржима қилдим. Бироқ, араб тилидаги нусхада кераксиз ва бунинг устига ўқиганда (киши) табиатига малоллик орттирадиган нарсалар (ҳақида ҳам) сўзланган экан. У нарсаларнинг баёни (таржимага) киритилмади». Беш юз етмиш тўртинчи йил ойларида (19 июнь 1178—7 июнь 1179) эса бандаларнинг камтарини Муҳаммад ибн Зуфар ибн Умар бу таржиманн жаҳон садрларинииг садри, хожа имом, энг улуғ, энг иззатли, дин ва шариатнинг далили, ислом дини ва мусулмонлар қиличи, бутун олам пешволари шамшири, шариат султони, халифалик таянчи, икки ҳарам имоми, кун чиқиш ва ботиш муфтиси, икки томони обрўлик, мақтовлар ва фахрлар эгаси Абдулазиз ибн ас-садр ал-имом ал-ҳамид Бурҳонуддин Абдулазизиинг[10],— худо унинг ота-боболари руҳларини пок этсин ва болаларига иззат ва баланд мартаба билан баракатли умр берсин,— олий мажлиси учун қисқартириб баён қилди. II. Бухорода Қозилик Қилган Кишилар Ҳақида Себавайҳ ибн Абдулазиз ал-Бухорий ан-Наҳвий[11] шулар жумласидандир. «Мен Абдуллоҳ Муборакдан эшитдимки,—дейди Муҳаммад ибн Аъян,—Себавайҳ Бухорода қозилик қилганида (халқнинг) икки дирҳамига ҳам адолатсизлик қилмади»; сўнг у яна: «Икки дирҳам кўплик қилади, у тариқча ҳам жавр ўтказмади»,— дейди. Яна Мухаллад ибн Умар ҳам йиллар давомида, токи шаҳид бўлгунига қадар қозилик қилди. Абу Дайм Ҳозим Садусий (ҳам қози бўлди) ва унга халифадан қозилик фармони келди. Ғанжор деб машҳур бўлган раҳматли Исо ибн Мусо ат-Таймийга қозиликни берган эдилар, у қабул қилмади. Султон унга агар қозилик қилмасанг бирор кишини танлагин, биз ўшанга берайлик деган эди, буни ҳам қабул қилмади. Султон қозиликка лойиқ кишилар номини унинг олдида бир-бир айтинглар деб буюрди; шундай қилдилар, аммо унинг олдида кимнинг номини атамасинлар, у «лойиқ эмас» дея берди ва, ниҳоят, Ҳасан ибн Усмон Ҳамадонийнинг номини тилга олганларида сукут қилди. Унинг сукути розилигидир дедилар-да, қозиликни Ҳасан ибн Усмон Ҳамадонийга бердилар. Бунинг замонида Хуросон шаҳарларида илмда ва тақводорликда унга тенглашадиган ҳеч бир кишини кўрсата олмаганлар. Яна Омир ибн Умар ибн Имрон қози бўлди. Исҳоқ ибн Иброҳим ибн ал-Хитий ҳам қозилик қилди. Бу киши қозиликдан бўшатилганидан кейин икки юз саккизинчи йили (16 май 823—3 май 824) Тусда вафот топди. Яна Саъид ибн Халаф ал-Балхийни икки юз ўн учинчи йил жумод ал-аввал ойининг охирида (16 август 828) қозиликка танинладилар. Бу киши қозиликни шундай олиб бордики, худойи таолонинг яратган бандаларига адолат, инсоф ва шафқат қилиш борасида уни мисол қилиб кўрсатар эдилар. У яхши қонун-қоидалар ўрнатди. Жумладан, токи кучлик киши заиф кишига зулм ўтказмасин учун бу тўғонларни[12] қурдириб Бухоро сувини адолат ва инсоф юзасидан тақсим қилишни у киши асослаган. Яна раҳматли Абдулмажид ибн Иброҳим ан-Наршахий (қози бўлди). Бу кишини хушхулқ-тақводор бандалар жумласидан ҳисоблар эдилар. Яна Султон Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомонийнинг[13] даврида (раҳматли) Аҳмад ибн Иброҳим ал-Баркадий қозилик қилди. У ҳам зоҳид[14] ҳам фақиҳ[15] эди. Яна (қозилардан бири) Абу Зар Муҳаммад ибн Юсуф ал-Бухорий бўлиб, у раҳматлл Имом Шофеийнинг[16] суҳбатдошлари жумласидан ҳамда олим ва зоҳид эди; уни (барча) Бухоро олимлари орасида юқори қўяр эдилар. У кишини яширнн пора бериш ва бошқа ҳар хил йўллар билан синаб кўрдилар, аммо у бирор нарса билан ҳам ўзини булғатмади, балки кундан-кунга ундан адолат ва инсоф равшанроқ содир бўлди. У кексайган пайтида қозиликдан бўшати лишини илтимос қилди ва ҳажга кетиб, ҳаж маросимини адо этди; кейин бир муддат Ироқда туриб, пайғамбарнинг,— худо унга ўз раҳмат ва саломини йўлласин,— ҳадисини ўрганиш талабида шогирдлик қилди. Сўнг қайтиб Бухорога келгач, то умрининг охиригача узлатда яшашни ихтиёр этди; худо уни раҳмаг қилсин. «Мухтасари Кофий»нинг муаллифи марҳум Абу-л-Фазл ибй Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Марвазий ас-Суламий[17] кўп йиллар давомида Бухорода қозилик қилди ва заррача ҳам ўзига айб юқтирмади; у барчага (баробар) адолат ва инсоф юзасидан иш кўрар ҳамда унинг даврида олимлик ва зоҳидликда бутун дунёда ҳам унга тенг келадиган киши йўқ эди. Шундан кейин у султонга вазир бўлди ва шаҳид бўлиб ўлди. Бу китобнинг мусаннифи айтади: Агар Бухоро олимларининг ҳаммасини зикр қилсак, бир нечта дафтарни ташкил этади. Биз баён этиб ўтганларнинг ҳаммаси пайғамбарнинг,— худо унга раҳмат ва саломини йўлласин,— (ҳадисидаги) «менинг умматим (ичидан чиққан) олимлар Баний Исроил пайғамбарлари кабидирлар» деган (киши)лари жумласидандирлар. Фасл. Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий бу фаслни ўз китобида келтирмаган. Аммо Абу-л-Ҳасан Абдураҳмон (ибн) Муҳаммад ан-Нишопурий «Хазоин ул-улум» китобида[18] шундан келтирган: ҳозирда Бухоро (ўрнашган) бу мавзе, (илгари) ботқоқлик бўлиб, унинг баъзи ерларини тўқайзор, дарахтзор ва кўкаламзорлар ташкил этган, айрим жойлари эса шундай бўлганки, бирон ҳайвон ҳам оёқ қўйишга жой топа олмаган. Бунинғ габаби шуки, Самарқанд томонидаги вилоятларда тоғларда қор *риб, суви (оқиб келиб) ўша жойга йиғилиб ётар эди. Самарқанд томонида бир катта дарё борки, уни «Руди Мосаф»— «Мосаф дарёси»[19] деб атайдилар. Бу дарёга кўп сув йиғилган, у бир талай ерларни ювиб-ўпириб, кўп лойқаларни суриб келган ва, натижада, бу ботқоқликлар тўлиб қолган. Сув кўп оқиб кела берди, лойқаларни то Битик[20] ва Фарабгача[21] суриб келтира берди. Сўнг сув (тошиб келиши) тўхтади, Бухоро ўрнашган жой (аста-секин) тўлиб текис ерга айланди ва, шундай қилиб, у катта дарё Сўғд ва бу (лойқалар билан) тўлган мавзе Бухоро бўлнб қолди; ҳар томондан одамлар йиғилиб, у жой обод бўлди. Одамлар Туркистон томонидан келар эдилар. Бу вилоятда сув ва дарахтлар, ов қилинадиган (жониворлар) кўп бўлганидан кишиларга бу вилоят хуш келиб, шу ерга жойлашдилар. Аввал улар чодир ва ўтовларда турар эдилар, сўнг вақг ўтиши билан одамлар йиғилишиб иморатлар қурдилар. Халқ кўпайгач, бир кишини сайлаб амир қилдилар: унинг номи Абруй[22] эди. Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқлардач баъзилари пайдо бўлган эди. Нур[23], Харқонруд[24], Вардона[25], Таровча,[26] Сафна ва Исвоналар[27] ўша қишлоқлар жумласидандир. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Байканд (Пойканд)[28]эди. Шаҳар «Қалъайи Дабусий»[29]— «Дабусий қалъаси» бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар. Бир қанча муддат ўтгандан кейин Абруй (ҳукмдорликда) улғайиб, шу вилоят (халқи)га зулм қилишга тутунди; халқ ортиқ чидай олмади, деҳқонлар[30] ва бойлар бу вилоятдан қочдилар ҳамда Туркистон ва Тароз[31] (яқинида) бир шаҳар бино қилиб уни Ҳамукет деб атадилар, чунки Бухородан қочиб кетган тоифанинг раиси бўлмиш бир катта деҳқоннинг номи Ҳамук эди; «Ҳамук» деб, Бухоро тилида гавҳарга айтилади, «кет» эса — шаҳар, яъни Ҳамукет «Ҳамук — гавҳарнинг шаҳари» демакдир. Бухоро тилида катта одамни «ҳамук», яъни фалончи гавҳар дейдилар. Сўнгра Бухорода қолган кишилар ўзларининг (қочиб кетган) саркардаларига одам юбориб, Абруйнинг жабр-зулмидан қутқаришни сўрадилар. Шунда саркардалар ва деҳқонлар турклар подшоҳининг олдига бордилар,— у подшоҳнинг номи Қарожурин турк бўлиб, улуғлиги сабабли унга Биёғу деб лақаб берган эдилар—ва Биёғудан арз-додларига етишии илтимос қилдилар. Биёғу Шери Кишвар номли ўз ўғлини кўп лашкар билан юборди. Шери Қишвар Бухорога келгач, Байкандда Абруйни тутиб банд қилди. Унинг фармони билан бир катта қопни қовоқ арига тўлғизиб Абруйни шу қопга солдилар ва у қоп ичида ўлди. Шеря Кишварга бу вилоят ёқиб қолиб, отасига хат юборди ва ундаа бу вилоятни талаб қилиб, Бухорода туриши учун рухсат беришини илтимос қилди. Биёғудан: «у вилоятни сенга бағишладим», деган жавоб келгач, Шери Кишвар Ҳамукетга одам юбориб, Бухородан қочиб кетган кишиларни хотин ва бола-чақалари билая Бухорога олдириб келди ва ўша вақтдаёқ яна.: «Ҳамукетдач келган ҳар бир киши (амирнинг) яқин кишиларидин бўлади» деган буйруқ бўлди. Бунинг сабаби, кимки бой ва катта деҳқон бўлган бўлса Бухородан қочиб кетган, камбағал ва бечоралар эса Бухорода қолган эдилар. Қочиб кетган кишилар қайтиб келгач, чорасиз (Бухорода) қолган (камбағал)лар уларга хизматкор бўлдилар. Бухорога қайтиб келган гуруҳ орасида бир катта деҳқон бор эди, у қадимий деҳқонзода ва кўпроқ даромадли ерлар уники бўлганлигидан уни «Бухорхудот» дер эдилар ва (Бухорода қолганларнинг) кўплари унинг кадиварлари[32] ва хизматкорлари эдилар. Шери Қишвар Бухоро шаҳристонини[33] қурди ҳамда Мамостин,[34] Сақматин[35] Самтин ва Фараб қишлоқларини бино қилди. У йигирма йил подшоҳ бўлиб турди. Ундан кейин бўлган бошқа подшоҳ Искажкат, Шарғ ва Ромтин қишлоқларини бино қилди, сўнгра Фарахший қишлоғига асос солди. Хитой подшоҳининг қизини келин қилиб Бухорога олиб келганларида унинг жиҳозлари орасида Хитойдан бир бутхона ҳам олиб келдилар ва уни Ромтинга ўрнатдилар. Амир ул-муъминни Абу Бакр Сиддиқнинг,— худо ундан рози бўлсин,— халифалиги даврида[36] Бухорода соф кумушдан танга пул зарб қилдилар, бундан илгари Бухорода танга пул йўқ эди. Муовиянинг даврида Қутайба ибн Муслим томонидан Бухоро фатҳ қилинди ва Тағшода Қутайба ибн Муслим томонидая подшоҳ бўлиб, ўттиз икки йил ҳукмронлик қилди. Абу Муслим уни Хуросон амири бўлган Наср (ибн) Сайёр даврида[37] Самарқандда ўлдирди. У, то ўлдирилгунигача, Қутайбадан кейин ўн йил ҳукмронлик қилган эди. (Шундан кейин) уни худо раҳмат қилгур Абу Муслим ўлдирди. Ундан сўнг унинг биродари Сукон ибн Тағшода етти йил подшоҳлик қилди ва халифанинг фармони билан Фарахший (Варахша) қасрида ўлдирилди, тўполон кўтарилди; у рамазон ойида ўз кўшкида олдига қуръон қўйиб ўқиб ўтирган эди, уни шу ҳолатда ўлдирдилар ва шу кўшкка кўмдилар. Сукон ибн Тағшодадан кейин биродари Бунёт ибн Тағшода етти йил ҳукмронлик қилди. У халифанинг фармони билан Фарахший қасрида ўлдирилди; бунинг сабаби кейин сўзланади. Шундан кейин Бухоро токи худо раҳмат қилгур амир Исмоил Сомоний давригача[38] Тағшоданинг фарзандлари, хизматчилари ва набиралари қўлида бўлди. Сўнг подшоҳлик Бухорхудот болаларининг қўлидан кетди. Бу ҳақда қуйида айтилади. III. Бухорога Подшоҳ Булган Хотин Ва Ундан Кейин Подшоҳ Бўлган Унинг Фарзандлари Ҳақида Муҳаммад ибн Жаъфар (ан-Наршахий) айтади: Бидун Бухорхудот[39] ўлган вақтда ундан бир эмадиган ўғил бола қолди; уиинг номи Тағшода эди. Боланинг онаси бўлган хотин тахтга ўтирди ва ўн беш йил ҳукмронлик қилди[40], Унинг даврида араблар Бухорога кела бошладилар; ҳар гал келганларида хотин улар билан сулҳ тузар ва мол[41] берар эди. Айтишларича, унинг даврида ундан кўра донороқ биронта ҳам киши бўлмаган; у донолик билан ҳукмронлик қилар ва халқ унга итоатда эди. Унинг одати шундай эдики, у ҳар куни отга миниб Бухоро ҳисори дарвозасидан ташқари чиқар ва «Алаффурушлар дарвозаси» деб аталган Регистон дарвозасига келиб тахтга ўтирар, унинг олдида эса ғуломлар, хожа саролар, яъни бичилган қуллар[42] ва улуғ кишилар турар эдилар. У қишлоқ аҳолиси учун шундай қоида ўрнатган эдики, ҳар куни деҳқонлар ва маликзодалардан икки юз нафар йигит заррин камар боғлаб, қиличларини осиб хизматга ҳозир бўлиб, узоқроқда туришар, хотин ташқарига чиққач, ҳаммалари уни олқишлашар ва икки сафга тизилишар эди; хотин эса подшоҳлик ишлари билан машғул бўлар, яхшиликка даъват қилиб ёмонликдан қайтарар, истаган кишисига сарпо кийгизиб, истаган кишисига жазо берар эди. Шу тарзда эрталабдан то тушгача ўтириб, сўнг ҳисорга қайтиб кирар, дастурхонлар чиқариб ҳамма хизматкорларига таом берар эди. Кечга яқин ҳам хотин шу йўсунда ташқари чиқиб тахтга ўтирар, (ҳалиги) деҳқонлар ва маликзодалар икки саф бўлиб унинг хизматида туришар эди; қуёш ботгач, хотин тахтдан туриб отга минар ва қасрга қараб, йўл олар, йигитлар эса ўз ватанларига — қишлоққа қайтар эдилар. Эртаси куни бошқа жамоа келиб шу сифатда хизматда бўлар ва ниҳоят, навбат яна ўша (аввалги) жамоага келиб етар эди. Шу тарзда ҳар бир жамоа бир йилда тўрт маротаба (хизматга) келиши лозим эди. Бу хотин ўлганида унинг ўғли Тағшода подшоҳликка муносиб келадиган даражада катта бўлиб қолган ҳамда ҳар кнм бу мамлакатни эгаллашни тама қилаётган эди. Бир вазир Туркистондан келган эди: номи Вардонхудот: Вардона ерлари унга тегишли эди. Қутайбага у билан кўп уруш қилишга тўғри келган эди. Шу Вардонхудот ўлди ва Қутайба Бухорони олди. Қутайба Вардонхудотни бир неча марта бу вилоятдан қувиб ташқари чиқарди ва у қочиб Туркистонга кетди. Қутайба Бухорони яна Тағшодага топширди ва уни подшоҳликка ўтказди; мамлакатни (тамагарлардан) тозалаб Тағшодага топширди ва унинг барча душманларининг қўлини қисқартирди. Тағшода Қутайбанинг қўлида имон келтириб мусулмон бўлган эди. У Қутайба тириклигида ва ундан кейин Наср (ибн) Сайёр даврида Бухоро мулкини сўраб турди; жами ўттиз икки йил давомида Бухоро унинг қўлида бўлди. Тағшода ислом динига киргандан кейин ундан бир ўғил дунёга келди. Тағшода Қутайба билан бўлган дўстлиги ҳурматига ўғлини Қутайба деб атади. Тағшода ўлгандан кейин унинг ўғли Қутайба тахтга ўтирди, бир оз вақт мусулмонликда турдида, сўнгра марҳум Абу Муслим даврида диндан қайтди. Абу Муслим бундан хабардор бўлиб уни ўлдирди, унинг биродарини ҳам (тарафдор) одамлари билан қўшиб ҳалок этди. Ундан кейин Бунёт ибн Тағшода Бухорога подшоҳ бўлди. У отаси ислом динида эканлигида туғилган эди. Бир қанча вақт мусулмон бўлиб турди. Муқанна пайдо бўлиб «Оқкийимликлар» қўзғолони Бухоро қишлоқларига тарқалгач, Бунёт уларга мойил бўлиб ёрдам берди ва натижада «Оқ кийимликлар»нинг қўллари узайиб, улар ғалаба қозондилар. Алоқа (хат-хабар) ишлари бошлиғи[43] бу ҳақда халифага хабар юборди, халифа Маҳдий эди[44]. Маҳдий Муқанна ва «Оқ кийимликлар» ишларидан хотиржам бўлганидан кейин (Бухорога) отлиқ аскарлар юборди. Бунёт Фарахший қасрида мажлис (тузиб) шароб ичар ва дарчадан қараб ўтирар эди. У узоқдан шошилинч билан келаётган отлиқларни кўрди ва улар халифа томонидан эканликларини фаросат билан англаб, қарши чора кўришга киришар-киришмас отлиқлар етиб келдилар ва ҳеч бир сўз айтмасдан қиличларини қиндан суғуриб унинг бошини кесдилар. Бу воқеа бир юз олтмиш олтинчи йилда (15 август 782—4 август 783) бўлган эди. Унинг барча одамлари қочиб кетди, (халифа юборган) отлиқлар ҳам қайтди. Шундай қилиб, Қутайба ибн Тағшода диндан қайтганлиги сабабли Абу Муслим уни, биродарини ва хонадон аҳлини ўлдирди ҳамда Қутайбанинг даромадли ва ғаллакорлик ерларини унинг биродари Бунёт ибн Тағшодага берди; амир Исмоил Сомоний давригача (бу ерлар) Бунётнинг қўлида бўлди. Бунёт (ҳам) диндан қайтиб ўлдирилганидан кейнн эса бу мол-мулк Бухорхудот фарзандларининг қўлида турди. Бу мамлакат қўладан кетган охирги киши Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Холид ибн Бунёт бўлди. Иброҳим[45] Бухорода турар ва мамлакат унинг қўлида эди. У ҳар йили ўзининг биродари Насрга[46] Амир ул-мўъминин Муқтадирга[47] етказсин учун Мовароуннаҳрдан олинадиган ҳосил вл ғаллалардан юбориб турар эди. Амир Исмоил Сомоний бу даромадли ва ғаллакорлик ерларни унинг қўлидан чиқарли. Буничг сабаби, ўша вақтда соқчилар бошлиғи бўлиб турган Аҳмад ибн Муҳаммад Лайс бир куни амир (Исмоил Сомоний)дан: «Эй амир! Шу қадар кўп ғалла битадиган серҳосил яхши ерлар Абу Исҳоққа кимдан қолган?»—деб сўради. Амир Исмоил Сомоний унга жавобан: «Бу даромадли ерлар улар (Бухорхудотлар)нинг мулки эмас, султонлик мулкидир»,— дели. Аҳмад ибн Муҳаммад Лайс яна: «Уларнинг мулкию, аммо уларнинг отаси диндан қайтгани сабабли халифа уларнинг қўлларидан чиқариб байт ул-мол мулкига[48] айлантирган ва яна хизмат ҳақи (сифатида) ва таъминот ўтказншлари учун уларга бериб қўйган эди. Абу Исҳоқ эса хизматни керагича адо этмайди ва у ерларни ўз мулки деб билади,— деди. Улар шундай сўзлашиб турганларида, Абу Исҳоқ Иброҳим кириб келди. Амир Исмоил Сомоний ундан: «Эй Абу Исҳоқ! Бу даромадли ерлардан сен ҳар йили қанча ғалла ҳосили оласан?»— деб сўради. Абу Исҳоқ: «Кўп машаққат ва уринишлардан кейин бир йилда йигирма минг дирҳам ҳосил бўлади,— деб жавоб берди. Амир Исмоил Аҳмад ибн Муҳаммад Лайсга: «Бу мавзени сен олгин. Абу-л-Ҳасан оризга[49] айт, у ҳар йили Абу Исҳоққа йигирма минг дирҳам бериб турсин,— деб буйруқ берди. Ана шу сабабдан у даромадли ерлар Абу Исҳоқнинг қўлидан кетди ва қайтиб (ҳеч) унинг қўлига кирмади. Абу Исҳоқ уч юз биринчи йили (7 август 913-26 июль 914) дунёдан ўтди, унинг авлодлари Сафна ва Севанж қишлоғида қолдилар. IV. Бухоро Ва Унга Қушиладиган Жойлар Абу-л-Ҳасан Нишопурий «Хазоин ул-улум» китобида келтирганки, Бухоро шаҳри, гарчи орадан Жайҳун дарёси ўтган бўлса ҳам Хуросон шаҳарларидан ҳисобланади. Кармина Бухоро қишлоқлари жумласидан бўлиб, унинг суви Бухоро сувидан келади; хирожи Бухоро хирожига қўшилади. Унинг ўзига тегишли алоҳида бир қишлоқ ҳам бор; унда масжиди жоме барпо этилган. Карминада адиб ва шоирлар кўп бўлганлар. Масалда айтилишича, қадим вақтларда Карминани «Бодяйн хурдак» («Кўзача») деб атаганлар. Бухородан то Карминагача ўн тўрт фарсангдир. Нур катта жой. Унда масжиди жоме бор; У кўпгина работларга эга. Бухоро ва бошқа жойларнинг одамлари ҳар йили зиёрат учун у ерга борадилар. Бухоро аҳолиси бу ишда кўп муболаға қиладилар; Нур зиёратига борган киши ҳаж қилган (кишининг) фазилатига эга бўлади; у зиёратдан қайтиб келганида табаррук жойдан келганлиги сабабли шаҳарни ҳавоза банд қилиб безатадилар. Бу Нурни бошқа вилоятларда Нури Бухоро деб атайдилар. Тобеинлардан[50] кўп кишилар у ерга дафн этилганлар, худо уларнинг ҳаммаларидан то қиёматгача рози бўлсин! Яна Тавоис[51]. Бу Бухоро вилоятларидан бўлиб, (асл) номи Арқуддир[52]. Унда бой ва зебу зийнатни севувчи кишилар яшаганлар. Зебу зийнатга берилганлигидан ҳар бир киши зийнат учун уйида битта ёки иккита товус сақлаган. Араблар (бу ерга келишдан) илгари товусни кўрмаган эканлар, бу ерда кўп товусларни кўриб, у қишлоқни «Зот ут-тавоис»— «Товуслар эгаси» деб атаганлар, унинг асл номи эса унутилган; ундан кейинроқ «зот» сўзини ташлаб Тавоис деб қўя қолганлар. Унда масжиди жоме бор, у катта бир шористонга эга, қадимги вақтларда (ҳар) куз фаслида у жойда ўн кун бозор бўлар эди. У бозорда шундай расм бор эди-ки, (бошқа бозорлардан сурилиб қолган) ҳар қандай нуқсонли қуллар, чорва моллари ва бошқа айбли қолдиқ нарсалар бўлса ҳаммаси бу бозорда сотила берар ва уларни қайтариб беришнинг ҳеч илож-имкони бўлмас эди; на сотувчи ва на олувчининг ҳеч бир шарти қабул қилинмас эди. Ҳар йили (шу ўн кунда) бу бозорга масалан, Фарғона, Чоч[53] ва бошқа жойлардан келган савдогарлар ва турли ҳожатмандлардан ўн мингдан ортиқ киши ҳозир бўлишар ва кўп манфаат топиб қайтар эдилар. Шу сабабли бу қишлоқнинг аҳолиси бой кишилар эдилар ва бойликлари* деҳқончилик туфайли эмас эди. Тавоис Самарқандга бориладиган катта йўл устида бўлиб, ундан Бухорогача етти фарсангдир. Искажкат. У бир катта куҳандизга[54] эга. Унинг аҳолиси бой кишилар бўлганлар; бойликлари деҳқончиликдан бўлмаган, чунки у қишлоқнинг ерлари хароб бўлиб, яхши ерлари минг жуфтга[55] етмаган. Унинг ҳамма аҳолиси савдогарчилик билан шуғулланган. У жойда кўп бўз (тўқиб) чиқарилар эди. Ҳар пайшанба куни у ерда бозор бўларди. У кишлоқ султонликка тегишли мулклар жумласидандир. Абу Аҳмад ал-Муваффақ биллоҳ[56] бу қишлоқни муқотаа[57] сифатида Хуросоннинг амири Муҳаммад ибн Тоҳирга[58] берган эди (кейин) уни яна Саҳл ибн Аҳмад ад-Доғуний ал-Бухорийга сотди ва пулини олди. Доғуний у жойга бир ҳаммом қурди ва дарёнинг қуйи томон қирғоғида бир бурчакка катта қаср бино қилди. У қасрнннг қолдиқлари бизнинг замонамизгача сақланиб келган эди. Доғуний қасри деб атаганлар; уни дарё суви вайрон қилди. Саҳл ибн Аҳмад Доғуний учун Искажкат аҳолиси ҳар йили ўн минг дирҳам солиқ (тўлаши шарт эди). Бу солиқни ҳамма хонадонларга тақсим қилиб тўлар эдилар. Қейинроқ бориб аҳоли икки-уч йнл давомида солиқни тўламади ва подшоҳга мурожаат қилиб ундан ёрдам сўради. Саҳл ибн Аҳмаднинг меросхўрлари амир Исмоил Сомоний даврида ҳужжат кўрсатдилар, у ҳужжатни кўриб, тўғри топди. Лекин (икки орадаги) хусумат узоқ давом этиб шаҳарнинг улуғ кишилари қишлоқ аҳолиси билан Доғуний меросхўрлари орасига тушиб, бир юз етмиш минг дирҳамга сулҳ қилдилар. Аҳоли қишлоқни сотиб олиб (Доғуний меросхўрларига) солиқ тўлашдан қутулдилар ва у маблағни тўладилар. Бу қишлоқда то Малик Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим Тамғочхоннинг[59] подшоҳлик давригача ҳеч қачон масжиди жоме бўлмаган. Шу қишлоқ аҳолисидан бир улуғ киши бор эди, уни Хонсолор дер эдилар, у ҳурматли, хизматкорлари кўп бир киши бўлиб. султоннинг омилларидан[60] эди, шу киши холис ўз молидан жуда яхши бир масжиди жоме бино қилди, бунга кўп пул сарф бўлди ва бу масжидда жума номозини ўқиди. Аҳмад ибн Муҳаммад Наср шундай дейди: Шарғ (қишлоғи) хатибинннг менга берган хабарича, у масжиди жомеда бир мартадан бошқа жума намози ўқиган эмаслар, (чунки) ана шу бир марта ўқишдан кейин Бухоро имомлари рухсат бермай қўйганлар ва у масжидда жума намозини ўқишни тўғри топмаганлар. Бу жума масжиди токи Қадрхон Жабраил ибн Умар ибн Тўғрулхон Бухорога амир бўлган вақтгача[61] бекор қолди. Бу амирнинг номи Тўғрулбек бўлиб, лақаби Кулортегин эди. У масжиднинг ёғочларини Хонсолорнинг меросхўрларидан сотиб олиб, масжидни бузди ва ёғочларини Бухоро шаҳрига келтириб, «Жўбайи баққолон», (Боққоллик бозори») яқинида мадраса бино қилди, у ёғочларни шу мадрасага ишлатди ва беҳисоб пул сарфлади. У мадрасани Кулортегин мадрасаси деб атайдилар. Бу амир шу мадрасага дафн этилган эди. Шарғ қишлоғи Искажкат рўпарасидадир, икковининг орасида катта дарёдан бошқа ҳеч бир боғ ва бўш ерлар йўқ. У дарёни Рудя Сомжан деб атаганлар. Ҳозирда эса Шарғ дарёси, баъзн кишилар бўлса, Ҳаромком дейдилар. Бу икки қишлоқ ўртасида дара устида катта кўприк бор эди. Шарғ қишлоғида ҳеч вақт масжиди жоме бўлмаган. Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон даврида[62] унинг фармони билан ўша кўприкни ғоятда маҳкам қилиб ғиштдан ишладилар ва Арслонхоннинг холис ўз пулига масжиди жоме бино қилдилар. Арслонхон мусофирлар учун Искажкат томонига бир работ қуришға буюрди. Бу қишлоқда катта бйр куҳандиз бор, катталигидан уни шаҳарга тенглаштириш мумкин. Муҳаммад ибн Жаъфар (ан-Наршахий)нинг айтишича, (бу жой аҳолисининг) қадимги вақтларда бир бозори бўлиб, ҳар йили қиш ўртасида ўн кун давом этар, (кишилар) узоқ вилоятлардан келиб савдо қилар эдилар. Кўпроқ у жойдан шинни билан тайёрланган мағизли ҳолва чиқар эди, яна у жойдан кўпроқ чиқадиган нарса қинтори[63] ва чўп (ёғоч)лар, тузланган балиқ, янги балиқ, қўй ва қоракўл териларидан тикилган пўстинлардан иборат эди; бу ерда кўп савдо бўлар эди. Аммо бугун бизнинг давримизда ҳар жума куни бозор бўлиб, шаҳар ва қишлоқлардан савдогарлар у жойга борадилар. У қишлоқдан чиқадиган ва бу кунларда савдогарлар бошқа вилоятларга олиб борадиган нарса мис[64] ва бўздир. Муҳаммад ибн Жаъфар (ан-Наршахий)нинг хабар беришича, раҳматли амир Исмоил Сомоний бу қишлоқни барча ер-сувлари ва дов-дарахтлари билан сотиб олиб, ҳаммасини Бухоро шаҳрининг ичкарисида Самарқанд дарвозасида бино этган работга вақф қилган. Ҳозир у работ ҳам, вақф ҳам қолган эмас. Бу Шарғ ва Искажкат Бухоронинг энг яхши қишлоқлари бўлган. Худо уларни балолардан сақласин! Зандана. Бу қишлоқ катта қалъага, кўпгина бозор жойларга масжиди жомега эга. Бу ерда ҳар жума куни намоз ўқийдилар ва бозор қиладилар. Бу қишлоқда (тўқиб) чиқариладиган нарса — бўзни «занданийчи», яъни «Зандана қишлоғидан чиқадиган» деб атайдилар. Бу ерда у ҳам яхши, ҳам кўп бўлади. Шу хил бўздан Бухоронинг кўп қишлоқларида тўқийдилар ва буни ҳам «занданийчи» деб атайдилар. Чунки у аввало шу қишлоқда тўқиб чиқарилган. Шу хил бўздан Ироқ, Форс, Кермон, Ҳиндистон ва бошқалар каби ҳамма вилоятларга олиб борадилар. Барча улуғлар ва подшоҳлар ундан кийим қиладилар ва ипакли кийимлик баҳосида сотиб оладилар. Худо бу қишлоқни ҳамиша яшнатсин! Вардона. Бу катта бир қишлоқ бўлиб, куҳандизга, катта ва кустаҳкам ҳисорга эга. У қадим вақтлардан подшоҳларнинг тураржойлари бўлган, (лекин) ҳозирда унда подшоҳ ўтирадиган қароргоҳ йўқ. Вардона Бухоро шаҳридан қадимроқ (барпо бўлган) уни Шоҳпур Малик[65] бино қилган. У Туркистоннинг чегарасида жойлашган. У жойда ҳар ҳафтада бир кун бозор бўлиб савдогарлар кўп келар эдилар. У ердан чиқадиган нарса ҳам яхши хил «занданийчи» бўлган. Афшина. Катта шористонга ва мустаҳкам ҳисорга эгадир. Бир қанча қишлоқлар унга мансубдир. У ерда ҳар ҳафтада бир кун бозор бўлади. Бу қишлоқнинг экин ерлари ва биёбонлари мадраса талабаларига вақф қилинган. Қутайба ибн Муслим у жойда масжиди жоме бино қилган. Муҳаммад ибн Восе ҳам бир масжид қурдирган. Бу ер дуо қабул бўладиган жой. Одамлар шаҳардан у жойга борадилар ва уни табаррук деб ҳисоблайдилар. Баркад. Бу қадимий ва катта бир қишлоқ; бир катта куҳандизга эга. Бу қишлоқни «Баркади алавиён»— «Али авлодннинг Баркади» деб атайдилар. Бунга сабаб шуки, амир Исмонл Сомоний бу қишлоқни сотиб олган ва олти бўлакка ажратиб, ундан икки бўлагини Али ва Жаъфар авлодига[66], икки бўлагини дарвишларга ва икки бўлагини ўз меросхўрларига вақф қилган. Ромтин (Ромитан). Бу катта бир куҳандизга эга ва мустаҳкам бир қишлоқ бўлиб, Бухородан қадимийроқдир. Баъзи китобларда бу қишлоқни Бухоро деб атаганлар. Бу қишлоқ қадим вақтларда подшоҳларнинг тураржойлари бўлган, (кейинроқ эса) Бухоро шаҳари бино бўлгандан кейин, подшоҳлар қиш фаслидагина бу қишлоқда турадиган бўлганлар. (Бу ерлар) ислом давлатига ўтганда ҳам шундай бўлиб турган. Марҳум Абу Муслим Бухорога келганида шу қишлоқда турган. Бу қишлоқни Афросиёб бино қилган. Афросиёб ҳар вақт бу вилоятга келганида шу қишлоқдан бошқа жойда турмаган. Форсийларнинг китобларида айтилишича, Афросиёб икки минг йил яшаган. У жодугар бўлиб, Нуҳ подшоҳнинг болаларидандир. У ўзининг Сиёвуш номли куёвини ўлдирган. Сиёвушнинг Кайхусрав номли ўғли бўлиб, у отасининг қонини талаб қилиб кўп лашкар билан бу вилоятга келганида Афросиёб шу Ромтин қишлоғини ҳисор қилиб турган. Кайфсрав ўз лашкари билан икки йил шу ҳисор атрофини ўраб турди ва унинг рўбарасига бир қишлоқ бино қилиб, у қишлоқни Ромуш деб атади. Уни яхшилигидан Ромуш деганлар. Бу қишлоқ ҳозиргача ободондир. Қайхусрав Ромуш қишлоғида оташпарастлар ибодатхонасини қурди; оташпарастларнинг айтишларича, бу ибодатхона Бухородаги оташпарастлар ибодатхоналарининг энг қадимийсидир. Кайхусрав икки йилдан кейин Афросиёбни тутиб ўлдирди. Афросиёбнинг гўри Бухорода Маъбад дарвозасида раҳматли Хожа имом Абу Ҳафс Қабир[67] тепалигига туташган катта тепали устидадир. Бухоро аҳолиси Сиёвушнинг ўлдирилиши тўғрисйда ажойиб ашулалар тўқиганлар; куйчилар бу қўшиқларни «Кини Сиёвуш»— «Сиёвуш жанги» деб атайдилар. Муҳаммад ибн Жаъфар (ан-Наршахий) ўша вақтдан буён уч минг йил ўтган (дейди). Яна худо билимдонроқдир. Варахша. Бир нусха (китоб) да Варахша ўрнида Ражфандун деб ёзганлар. Катта қишлоқлар жумласидан бўлиб, Бухоро сингари эди; у Бухоро шаҳридан қадимийроқдир, у подшоҳлар турадиган жой бўлиб, мустаҳкам ҳисорга эга бўлган, чунки падшоҳлар (у ҳисорни) бир неча марта мустаҳкамлаганлар. Униаг Бухоро шаҳрининг девори сингари девори ҳам бўлган. Ражфандун ёкн Варахшанинг ўн иккита ариғи бор. Бу қишлоқ Бухоро деворининг ичкарисида жойлашган. Унда обод бир қаср бўлган, шундайки, гўзалликда уни намуна қилиб кўрсатар эдилар. Уня Бухорхудот бино қилган бўлиб, қурилганига минг йилдан ортиқроқ вақт ўтган. Бу қаср кўп йиллардан бери вайрон ва қаровсиз қолиб кетган эди Хунукхудот[68] уни қайтадан тузатди: яна вайрон бўлган эди Бунёт ибн Тағшода ибн Бухорхудот исломият даврида янгидан қуриб, ўзи учун тураржой қилиб олди ва ниҳоят, у шу жойда ўлдирилди. Раҳматли амир Исмоил Сомоний ўша қишлоқ аҳолисини чақириб: «Мен йигирма минг дирам (пул) ва ёғоч бераман, тузатин! (харажати)ни ўз устимга оламан, унинг баъзи қисмлари ҳали ўз жойида, сизлар бу қасрни масжиди жоме қилиб олинглар»,— деди. Қишлоқ аҳолиси буни хоҳламадилар ва масжиди жоме бизнинг қишлоққа тўғри келмайди ва жоиз ҳам эмас, дедилар. Бу қаср амир Аҳмад ибн Нуҳиби Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомоний давригача[69] ўз жойида мавжуд эди. Бу амир у қасрнинг ёғочларини шаҳарга олиб келиб, Бухоро ҳисори дарвозасидаги ўз саройини қуришга киришди. Бу қишлоқда ҳар ўн беш кунда бир кун бозор бўлади, йилнинг охирида эса йигирма кун бозор қилиб, йигирма биринчи куни наврўз — янги йил байрамини ўтказадилар. Буни «Наврўзи кишоварзон»— «Деҳқонлар наврўзи» дейдилар. Бухоро деҳқонлари (йил кунлари) ҳисобини ўша кундан бошлайдилар ва бунга эътибор берадилар. Оташпарастларнинг наврўзи ундан беш кун кейин келади. Байканд. Буни шаҳарлар жумласидан деб ҳисоблайдилар. Байканд аҳолиси, бирор кишининг Байкандни қишлоқ деб аташига розилик берган эмаслар. Агар бирор байкандлнк Бағдодга борса ва ундан «сен қаердансан?» деб сўрасалар у Байкандданман деган, Бухороданман деган эмас. Байкандда катта масжиди жоме ва олий иморатлар бор. То икки юз қирқинчи йилгача (2 июнь 854—21 май 855) Байканд дарвозаси олдида кўп работлар бўлган. Муҳаммад ибн Жаъфар (ан-Наршахий) ўз китобида келтиришича. Байкандда Бухоро қишлоқлари сонича, мингдан ортиқ работ бўлган. Бунинг сабаби шуки, Байканд катта ва яхши жой бўлиб, ҳар бир қишлоқнинг аҳолиси у ерда бир работ қуриб унга бир тўда кишиларни жойлаб қўйган ва уларнинг нафақаларини қишлоқдан юбориб турган. Қиш фаслида кофирлар (йиғилиб) ҳужум қиладиган вақт бўлганида ҳар бир қишлоқдан у жойга кўп халқ тўпланиб ғазот қилганлар. (Шунда) ҳар бир қавм ўз работига келиб тушган. Байканд аҳолиси ҳаммаси савдогар бўлган. Улар Хитой билан ва денгиз (орқали бориладиган) мамлакатлар билан савдо қилганлар ва жуда бой бўлганлар. Қутайба ибн Муслим Байканд жуда мустаҳкам бўлганлиги сабабли уни олишда кўп қийинчилнклар кўрди. Уни жездан қурилган шаҳристон дер эдилар. У Бухоро шаҳридан қадимийроқ. Бу вилоятда бўлган ҳар бир подшоҳ, ўзи учун Байкандни тураржой қилар эди. Фарабдан Байкандгача ўн икки фарсанг масофа биёбон бўлиб, бу биёбон қумлик (чўл)дир. Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон ўз даврида Байкандни (қайтадан) қуришга буюрди. Одамлар у ерга йиғилиб яхши иморатлар қилдилар, хоқон (Арслонхон) ўзи учун жуда ҳажаматли сарой қурдирди. Ҳаромком суви Байкандга келади. Байкандда қамишзорлар ва катта-катта сув халқоблари туташади; буларни «Боргини фарох»— «Кенг ҳавз» дейдилар ва Қарокўл деб ҳам атайдилар. Ишончли кншилардан эшитганманки, у (кўл)нинг кенглиги йигирма фарсангдир. «Масолик ва мамолик» китобида айтилишича, уни «Буҳайрайи Сомжан»— «Сомжан кўли» деб атайдилар, Бухоро сувининг ортиқчаси ҳам ўша жойга йиғилади. Унда сув жониворлари бўладилар; бутун Хуросонда бу ердагидек миқдорда қуш ва балиқ тутилмайди. Ҳаромкомнинг суви Байканд иморатлари (яқини)га гоҳ етиб келиши, гоҳо эса етиб келмаслиги туфайли, сув иморатларгача етиб келсин учун Арслонхон алоҳида ариқ қазишга буюрди. Байканд тоғ тепасида жойлашган бўлиб, лекин тоғ баланд эмас эди. Хоқон тоғдан ариқ қазишга буюрди. Тош шундай қаттиқ эдики, унда ҳеч бир дарз йўқ эди. Бу ишда жуда ҳайронликда қолдилар, Тошларни юмшатиш учун жуда кўп харвор[70] ёғ ва сирка сарф бўлса, ҳам бир фарсанг масофадан ортиқ қазиёлмадилар. Кўп кишилар ҳалок бўлди; кўп қийинчилик кўриб, кўп маблағ сарф қилгандан кейин, (ариқни) қазимай қолдирдилар, Байканднинг (араблар томонидан) фатҳ қилингани қиссаси худо хоҳласа ўз ўрнида айтилади. Фараб. Бу шаҳарлар жумласидан бўлиб, алоҳида жойларга эга, Жайҳун дарёси лабидан то Фарабгача бир фарсанг, сув тошган вақтларда эса ярим фарсанг келади. Гоҳо шундай ҳам бўладики, Жайҳуннинг суви (тошиб) Фарабгача бориб етади. Фарабда катта масжиди жоме бор, унинг деворлари ва томи пишиқ ғиштдан бўлиб, унга сира ёғоч ишлатилмаган. Фарабнинг бир амири бор эдики, у бирор (зарурий) ҳодиса юзасидан ҳам Бухорога келишни лозим топмас эди. (У ерда) бир қози бор эдики, у Шаддод[71] каби золимона ҳукмлар юргизар эди. Бухоро қишлоқларннинг сони кўп. Бу (айтиб ўтилган) бир нечтаси машҳурроқ ва қадимийроқ бўлгани учун улар ҳақида тўхтаб ўтдик. V. Бухорода Бўлган «Байт Ут-Тироз»— «Тўқимачилик Корхонаси»Нинг Баёни. У Ҳануз Уз Жойида Турипти Бухорода — ҳисор билан шаҳристон ўртасида, масжиди жоме яқинида бир корхона бор эди; унда палослар, дарпардалар, яздий кийимликлар, ёстиқ жилдлари, фундуқий[72] жойнамозлар ва уст кийимларни халифа учун тўқир эдилар; битта дарпардага (бутун) Бухоро хирожи сарф бўларди. Бағдоддан ҳар йили алоҳида бир омил келиб, Бухоро хирожининг эвазига шу кийимлилардан олиб кетар эди. Бир вақт келиб бу корхона бекор қолди ва бу ҳунар билан шуғулланувчи кишилар тарқалиб кетдилар. Бухоро шаҳрида шундай ишга тайин қилинган усталар бўлар эдилар: вилоятлардан савдогарлар келиб, одамлар занданийчини олиб кетганларидек, у кийимлилардан Шом ва Миср, Рум шаҳарларига олиб кетар эдилар. Хуросоннинг ҳеч бир шаҳарида бундай (матони) тўқий олмас эдилар. Шуниси қизиқки, бу ҳунар эгаларидан баъзилари Хуросонга бордилар ва бу иш учун керакли асбобларни шайлаб шу кийимликдан тўқидилар, лекин Бухородагидек сифатли бўлиб чиқмади. Бу кийимликка эга бўлмаган бирорта ҳам подшоҳ, амир, раис ёки бошқа мансаб эгаси йўқ эди. Унинг қизил, оқ ва яшил ранглиси бўлар эди. Бугун ҳамма вилоятларда у кийимлидан кўра занданийчи машҳурроқ. VI. «Бозори Мох»Нинг Баёни Бухорода бир бозор бор эдики, уни «Бозори Мох рўз» дер эдялар. У ерда йилига ҳар гал бир кундан икки марта бозор қилар ва ҳар бир бозор бўлган куни бутлар сотар эдилар. Ҳар бозор куни эллик минг дирамдан ортиқ савдо бўлар эди. Муҳаммад ибн Жаъфар (ан-Наршахий) ўз китобида шундай дейди: «Бу бозор бизнинг вақтларда (ҳам) бор эди; мен нега бундай одат расм қилинган деб жуда ажабланар эдим; Бухоронинг кексалари ва шайхларидан: «бунинг сабаби нима» деб сўрадим. Улар: «Қадим вақтларда Бухоро аҳолиси бутпараст бўлганлар ва бу бозор расм бўлиб, ўша даврлардан бошлаб бу ерда бут сотганлар ва (бозор) ҳозирда ҳам ўша (қадимгидек) қолиб келмоқда»,— деб жавоб бердилар. Абу-л-Ҳасан Нишопурийнинг «Хазоин ул-улум» китобида айтишича, қадимги вақтларда Бухорода бир подшоҳ бўлиб, унинг номи Мох эди. У ана шу бозорни қуришга буюрди; унинг фармони билан дурадгорлар ва наққошлар у йилдан бу йилгача бут йўниб, белгиланган кунда шу бозорга келтириб сотишар ва халқ уни сотиб олар экан. Ҳар қачон у бут йўқолса ёки синса, ёки эскиса, шу бозор куни бошқасини сотиб олар ва эскисини ташлар эканлар. Ҳозир Мох масжиди ўрнашган ерда катта ариқ бўйида бир сердарахт текислик жой бўлиб, шу дарахтлар соясида бозор бўлар ади. У подшоҳ, халқ бут сотиб олишга қизиқсин учун, шу бозорга келиб ҳозир Мох масжиди ўрнашган ерда тахтда ўтирар, ҳар ким ўзи учун бут сотиб олар ва уйига олиб кетар эди. Бу жой яна оташпарастлар ибодатхонаси (ҳам) бўлди; бозор куни одамлар бу ерга йиғилганларида ҳаммалари ибодатхонага кириб оловга топинар эдилар. Бу ибодатхона то исломият давригача бор эди, мусулмонлар қувватланиб кетгач, мазкур (Мох) масжидиии худди шу жойга бино қилдилар. Ҳозир у Бухоронинг мўътабар масжидларидандир. VII. Бухоронинг Турли Номлари Баёни Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср Бухоро кўп исмларга эга дейди ва ўз китобида Нумижкат[73] деган исмни келтиради. Яна бошқа бир жойда мен уни Бумискат деб келтирилганини кўрдим. Бошқа бир жойда араб тилида «Мадинат ус-суфрия», яъни «Мис шаҳар» ва яна бошқа бир жойда араб тилида «Мадинат ут-тужжор», яъни «Савдогарлар шаҳри» деб ёзилган. Бухоро деган ном у номларнинг ҳаммасидан машҳурроқдир. Хуросон шаҳарларидан биронтаси ҳам бунчалик кўп номга эга эмас. Бир ҳадисда Бухоро номи Фохира бўлиб, келган. Хожа имом, зоҳид, воиз Муҳаммад ибн Али Нужва бодий раҳматли Салмони Форсийдан[74] бир ҳадис ривоят қилган Салмоннинг айтишича пайғамбар,—худо унга ўз раҳмат ва саломини йўлласин, — шундай деган: Жаброил— унга худонинг раҳматлари бўлсин — айтганки, кун чиқиш томонда бир жой бор, уни Хуросон дейдилар, унинг учта шаҳарини қиёмат куни ёқут ва маржон билан зийнатлаб келтирадилар; улардан нур чиқиб туради; у шаҳарларнинг теварагида фаришталар кўп бўлиб, улар тасбиҳ, хамд ва такбир айтадилар, келинни куёв уйига олиб боргандек у шаҳарларни эъзоз ва икром билан маҳшаргоҳга олиб келадилар. Бу шаҳарларнинг ҳар бирида етмиш мингдан байроқ, ҳар бир байроқ тагида етмиш мингтадан шаҳид (ётган) бўлади ва ҳар бир шаҳиднинг шафоати билан форсча сўзловчи ва худони бир деб билувчи етмиш минг киши азобдан қутулади. Қиёмат куни у шаҳарларнинг ҳар тарафи: ўнг ва сўли, олди ва орқаси ўн кунлик йўл бўлиб, буларнинг ҳаммасида шаҳидлар туради. Ҳазрат пайғамбар,— худо унга раҳмат ва саломини йўлласин,— Эй Жабраил! У шаҳарларнинг номларини менга айт, деб сўради; Жаброил,— унга худонинг саломи бўлсин,—шаҳарларнинг бирини араб тилида Қосимий форсчада, Яшкард дейдилар; иккинчисини арабчада Самарон, форсчада Самарқанд дейдилар; учинчисини арабчада Фохира, форсчада Бухоро дейдилар,— деб жавоб берди. Пайғамбар,— худо унга ўз саломи ва раҳматини йўлласин,— сўради: Эй Жабраил! Нега Фохира деб атайдилар? Жабраил: шунннг учунки, қиёмат куни Бухоро шаҳари ўзида шаҳидларнинг кўплиги билан фахр қилади, деб жавоб берди. Пайғамбар,— худо унга ўз салом ва раҳматини йўлласин, — хитоб қилиб: Эй худо! Фохирага баракат бергин, унинг халқлари дилларини тақво билан пок этгин, ишларини покиза қилгин ва уларни менинг умматимга марҳаматли қилгин!—-деди. Ана шу маъни туфайли бухороликларнинг раҳмдилликларига, уларнинг эътиқодлилик за покликларига кун чиқиш ва кун ботиш гувоҳлик беради. VIII. Бухоро Арқининг Бино Этилиши Ҳақида Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср бунинг ажойаботлари ҳақида тўхтаб, шундай дейди: Абу-л-Ҳасан Нишопурийнинг «Хазоин ул-улум»да айтишича, Бухоро куҳандизининг, яъни Бухоро арки ҳисорининг бино этилишига мана шу (воқеа) сабаб бўлган: Сиёвуш ибн Кайковус ўз отасидан қочиб Жайҳун дарёсидан ўтиб Афросиёбнинг олдига келди. Афросиёб уни яхши қабул этди ва ўз қизини унга хотинликка бериб, айтишларича, барча мулкини ҳам унга топширди. Бу вилоят ўзига вақтинча бериб қўйилган жой эканлиги туфайли, Сиёвуш бу ерда ўзидан бир ёдгорлик қолдиришни истади. Шундай қилиб, у Бухоро ҳисорини бино қилди ва кўпроқ вақт ўша жойда турар эди. (Кимлардир) у билан Афросиёб ўртасида ёмон гап юргизди ва (натижада) Афросиёб уни ўлдирди ҳамда ана шу ҳисорда шарқий дарвозадан кираверишингда «Дарвозайи ғуриён» деб аталган сомонфурушлар дарвозасининг ичкарисига дафн этдилар. Шу сабабли Бухоро оташпарастлари ўша жойни азиз тутадилар ва унга атаб ҳар бир эркак киши ҳар йили наврўз куни қуёш чиқишидан олдин ўша жойда биттадан хўроз сўяди. Бухоро аҳолисининг Сиёвушнинг ўлдирилишига бағишлаб айтган марсиялари бўлиб, у барча вилоятларга машҳурдир. Куйчилар унга мослаб куй тузганлар ва қўшиқ қилиб айтадилар. Қўшиқчилар уни «оташпарастлар йиғиси» дейдилар. Бу гаплар бўлганига ҳозир уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Шундай қилиб, мана шу ривоятга кўра бу ҳисорни Сиёвуш бино қилган, баъзилари эса Афросиёб бино қилган деганлар. (Сўнг) бу ҳисор бузилиб кетиб, кўп йиллар вайронлигича қолди. Биз айтиб ўтган хотиннинг эри, Тағшоданинг отаси бўлган Бидун Бухорхудот тахтга ўтирганидан кейин, одам юбориб бу ҳисорни тузаттирди, ундаги қасрни ҳам у тузаттирди ва ўз номини темирга ёздириб қасрнинг эшигига маҳкам ўрнаттирди. Шу хат битилган темир таржимоннинг замонигача ўша қаср эшигида мавжуд эди. Лекин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Насрнинг айтишича, Ҳисорни вайрон қилганларида у эшикни ҳам бузиб юборганлар. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Насрнинг айтишича, Муҳаммад ибн Жаъфар ва Абу-л-Ҳасан Нишопурий бундай деганлар: Бидун Бухорхудот у қасрни бино қилганида бузилиб кетди, қайтадан бино қилган эди, яна бузилди. У неча марта бино қилмасин яна вайрон бўлаверди. Ҳукамоларни йиғиб улардан маслаҳат сўрадилар. Улар бу қасрни осмондаги етти қароқчи юлдузлари шаклида еттита тош устун устига қуришга қарор қилдилар; шу шаклда (қурилгандан кейин) қаср бузилмади. Яна бир ажойиби шуки, бу қаср бино қилингандан бери бунда ҳаёт кечирган ҳеч бир подшоҳ мағлубиятга учраган эмас, аксинча ҳамиша ғалаба қозонган. Яна бир ажойиби, бу қасрни бино қилганларидан бери на кофирлар даврида ва на исломият даврида — бирор подшоҳ ҳам унинг ичида ўлмаган; подшоҳнинг ажали етган вақтда бирор сабаб юз бериб у қасрдан ташқарига чиққан ва бошқа бир жойда вафот топган —бу қаср бино қилинганидан то вайрон бўлгунича шундай бўлиб келган. Бу ҳисорнинг иккита дарвозаси бор, бири шарқ томонда, бири ғарб томонда; шарқ томондагисини «Дари ғуриён», ғарб томондагисини «Дари Регистон» дейдилар, таржимоннинг даврида кейингисини «Дари алаффурушон» деб атаганлар. Ҳисорнинг ўртасида бу дарвозадан то у дарвозагача тўғри йўл бўлган. Бу ҳисор подшоҳлар, амирлар ва аскар бошлиқларининг тураржойлари бўлиб, зиндон, подшоҳлик девонлари ва подшоҳлар турадиган қаср қадимдан шу ерда бўлган. Ҳарам саройи ва хазина (ҳам) шу ҳисорда бўлган. Таржимоннинг даврида бу ҳисор бузилиб кетди. Бундан бир неча йил илгари Арслонхон уни янгилашга буюрди ва ўзига тураржой қилиб олди ҳамда ҳисорни (маълум) шартларга мувофиқ идора қилиб турсин учун, улуғ бир амирни кутвол[75] қилиб тайинлади. Бу ҳисор халқ кўзида зўр эътиборга эга эди. Беш юз ўттиз тўртинчи йил ойларидан бирида (28 август 1139 — 16 август 1140) Хоразмшоҳ[76] Бухорога келганида амир Занги Али халифа ҳамда Султон Санжарнинг[77] фармони билан, Бухоронинг волийси эди. Хоразмшоҳ уни қўлга олиб ўлдирди ва ҳисорни вайрон қилди. Ҳисор икки йилдан ортиқроқ шу вайронлигича қолди. Беш юз ўттиз олтинчи йили (6 август 1141—26 июль 1142) Гўрхон[78] томонидан Бухорога волий қилиб тайинланган Алптегия ўша йилиёқ ҳисорни ободон қилишга буюрди ва уни ўзи учун тураржой қилиб олди. Ҳисор илгаригидан ҳам яхшироқ бўлди. Беш юз ўттиз саккизинчи йили рамазон ойида (8 март — 6 апрель 1144) ғуз аскарлари[79] Бухорога етиб келди. Айнуддавла, Қарочабек вз Шаҳоб вазирлар ҳисорга қамалдилар, кўп жанг ва қийинчиликлардан кейин ғуз аскарлари ҳисорни олиб, Шаҳоб вазирни ўлдирдилар ва ҳисорни вайрон қилдилар; ҳисор шу вайронлигича қолди. Беш юз олтмишинчи йили (18 ноябрь 1164 — 6 ноябрь 1165) Бухоро шаҳрининг айланасига девор қурмоқчи бўлдилар; деворнинг тагини пишиқ ғиштдан ишлаш зарур бўлди. Ҳисорнинг таги ва миноралари пишиқ ғиштдан эди, уни бузиб олиб Бухоро шаҳрининг деворига ишлатдилар. Ҳисор бир йўла вайрон бўлди ва у қасрдан ҳеч бир иморат ва нишон қолмади. Олти юз тўртйнчи йили (28 июль 1207—15 июль 1208) Хоразмшоҳ Муҳаммад ибн Султон Такаш Бухорони олиб, ҳисорни қайтадан тиклади; хитойликлар енгилдилар[80]. Олти юз ўн олтинчи йили (19 март 1219—7 март 1220) эса татар лашкари келди, уларнинг амири Чингизхон эди. Улар қалъанинг дарвозасида ўн икки кун жанг қилиб, уни олдилар ва вайрон қилдилар. IX. Подшоҳларнинг Бухорода Булган Манзиллари Ҳақида Бухоро ҳисорнинг ғарбий дарвозасидан то Маъбад дарвозасигача бўлган масофа Регистон деб аталади. Мана шу Регистонда қадим жоҳилийят даврларидан бери подшоҳларнинг саройлари бўлган. Сомонийлар даврида[81] Амири саъид Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомоний[82] Регистонга бир сарой (қуришни) буюрди; ғоятда гўзал бир сарой қурдилар; (Амир) бунга кўп Мол сарфлади; у ўз саройи дарвозаси олдида амалдорлари учун сарой қуришга буюрди, уни ҳам қурдилар, шундайки, ҳар бир амалдорнинг подшоҳ саройи дарвозаси олдида қурилган ўз саройида алоҳида девони бор эди; масалан: вазир девони, молия (кирим-чиқим) ишлари девони, давлат ҳужжатларини бошқариш ишлари девони, соқчилар бошлиғи девони, хат-хабарлар мутасаддиси девони, сарой иш бошқарувчиси девони, давлат хос мулклари девони, муҳтасиб девони, вақфлар девони, қозилик ишлари девони. (Амир) мана шу тартибда девонлар қуришга буюрди ва уларни қурдилар. Абдулмалик ибн Нуҳ нбн Наср ибн Аҳмад ибн Исмоилнинг даврида[83] унинг вазири ва «Китоби Яминий»нинг муаллифи худо раҳмат қилгур Аҳмад ибн Ҳасан ал-Утбий[84] унинг гўри Дарвозайи Мансур маҳалласида, хон ҳаммомининг ёнидадир, мадраса рўпарасига жуда яхши бир масжид бино қилди ва шу масжид туфайли ўша мавзу камол топди. У доно амир отдан йиқилиб ўлгач, қуллар кечаси саройга кириб, уни талашга киришдилар. Амирнинг яқин кишилари ва канизлари ўртасида жанжал чиқиб, саройга ўт қўйиб юбордилар; сарой буткул ёниб кетди ва ундаги тилла ва кумушдан (ишланган) ҳамма гўзал нарсалар яроқсиз бўлди. Шундай (ёнғин) бўлдики, у бинолардан бирор нишон ҳам қолмади. Уч юз эллигинчи йил шаввол ойида (13 ноябрь - 11 декабрь 961) Амири садид Мансур ибн Нуҳ[85] Жўйи мулиён деган жойда тахтга ўтиргач, унинг фармони билан у саройии янгидан қуриб нобуд ва зое бўлган нарсаларни аввалгидан ҳам яхшироқ қилиб вужудга келтирдилар. Шунда Амири садид саройда жойлашди. (Бироқ) ҳали бир йил ҳам ўтгани йўқ эдики, бир байрам кечаси ўтказилиб, қадимий одатга мувофиқ катта гулхан ёқдилар, бир пора олов учиб саройнинг шипи аланга олди ва сарой яна бутунлай куйиб кетди. Амири садид кечаси Жўйи мулиёнга кетди ва вазирига шу кечадаёқ ҳамма хазина ва дафиналарни олиб чиқишга буюрди. (Вазир) бу нарсаларни ишончли кишилар орқали Жўйи мулиёнга юборди. Тонг отгач, битта тилла косадан бошқа ҳеч бир нарса йўқолмаганини аниқладилар. Амири садиднинг вазири холис ўз пулига оғирлиги етти юз мисқол[86] келадиган бир коса буюртирди ва уни хазинага юборди. Уша вақтдан бери бу мавзу яна регистон — «бўш майдон»га айланиб вайрон бўлиб қолди. Кейин подшоҳлар саройлари Жўйи мулиёнда бўлган. Жўйи мулиённинг жаннатни эслатувчи гўзал мақомидан кўра яхшироқ бирор жой ва манзил Бухорода йўқ эди. Чунки унинг ҳамма жойи саройлар, боғлар, гулзорлар ва бўстонлар билан қопланган. Доимий оқиб турувчи сувлар (билак таъминланган). Унинг чаманзорлари бир-бирларига туташиб кеттан ва уларнинг ораларидан ариқлар ўтиб чаманзорлар ва гулзорлар томон минг тарафга қараб оқар эди. Оқиб турган сувларни томоша қилган ҳар бир киши, бу сув қаердан келаяпти-ю, қаерга кетаяпти деб ҳайратда қолар эди. Ўз замонининг нодир устодлари ва меъморларн ана шундай тарҳ чизган эдилар. Бир бахтли (шоир) бундай деган. Байт: Ҳаёт суви бу чаманга келдию, зор-зор йиғлаб кетди, Бу гулшанни ташлаб кетиш шарт эканлигидан нолалар қилиб кетди. Яна Регистоннинг дарвозасидан то Даштаккача (бўлган) ҳама на ер тошдан ишланиб нақшланган, бир тартибда (қурилган) баланд танд уйлар, турли суратлар ишланган меҳмонхоналар, чиройли чорбоғлар ва яхши сарҳовузлар билан банд эди. Сада қайрағочлар шундай бир тарзда чодир шаклини олган эдики, сарҳовуз лабидаги ўтирадиган жойга шарқ томондан ҳам, ғарб томондан ҳам заррача қуёш тушмас эди. Бу чорбоғларда нашвати, бодом, ёнғоқ, гилос, жилон жийда ва анбар бўйли жаннатда бўладиган ҳар бир мева ғоятда яхши ва гўзал тарзда(ўтқазилган) эди. X. Жуйи Мулиённинг Баёни Ва Унинг Тавсифи Жўйи мулиён ерлари қадим вақтларда Тағшоданинг мулка бўлиб, у ўз фарзанд ва куёвларининг ҳар бирига тақсим қилиб берган эди. Марҳум амир Исмоил Сомоний бу ерларнн халифа ал-Мустаъин ибн ал-Муътасимнинг[87] лашкарбошиси бўлган Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Толутдан сотиб олди. Амир Исмоил Жўйи мулиёнда саройлар ва боғлар барпо қилиб, унинг кўпроқ қисмини маволийларга[88] вақф қилди. У ҳозиргача ҳам вақф. Амир Исмоил доимо ўз маволийларига ғамхўрлик кўргизар эди. Бир куни амир Исмоил Бухоро ҳисоридан Жўйи мулиёнга қараб турганида унинг ёнида отасининг мавлоси Симо-ул-кабир — «Улуғ сиймо» турган эди. Амир Исмоил уни дўст тутар ва яхши кўрар эди, унга қараб: «Бир вақти кетса-да, худойи таоло бирор сабаб туғдириб, бу ерларни сизлар учун сотиб олсам ва менга умр берса-да, бу ерлар сизларники бўлганини кўрсам, чунки бу ерлар Бухоронинг барча ерларидан қийматлироқ, яхшироқ ва хуш ҳаволироқдир»— деди. Худойи таоло насиб этиб амир Исмоил у ерларнинг ҳаммасини сотиб олиб, маволийларга берди ва ниҳоят, у ерлар Жўйи маволиён деб аталди, кўпчилик халқ эса уни Жўйи мулиён, дейдилар. Бухоро ҳисорига бир текислик ер туташган бўлиб, уни «Даштак» дейдилар. Бу ерларнинг ҳаммаси қамишзор эди. Марҳум амир Исмоил бу жойни ҳам Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Толутдан ун минг дирамга сотиб олди ва биринчи йилдаёқ қамишнинг пулидан ўн минг дирам ҳосил унди. Амир Исмоил бу жойни масжиди жомега вақф қилди. Амир Исмоилдан кейин унинг фарзандларидан кимки амир бўлса у гўзаллиги, тоза ва хушҳаволиги туфайли Жўйи мулнёнда ўзи учун боғ ва кўшклар бино қилди. Дарвозайи Навда шаҳар дарвозасига туташ бир мавзе борки, уни «Кораки Алавиён» — «Али авлоди экинзори» дейдилар. Амир Мансур ибн Нуҳ бу жойга ғоят гўзал бир кўшк қурди; гўзалликда уни мисол қилиб гапирар эдилар; у уч юз эллик олтинчи йили (17 декабрь 966—6 декабрь 967) (қурилган) эди. Кораки алавиённннг бу ерлари то Насрхон нбн Тамғочхон[89] давригача султонлик мулки бўлган эди. Наср хон бу ерларни шаҳарга яқин бўлганлнги учун фақиҳларнинг деҳқончилик қилишлари осонроқ бўлсин деб. илм аҳлларига берди ва ўзи бунинг эвазига узоқроқ ерлардан олди. Жўйи мулиён ва Кораки Алавиён сомонийлар ҳукмронлигн даврининг охиригача обод эди. Мамлакат сомонийлар қўлидан кетгач, у саройлар хароб бўлди ҳамда токи Шамсулмулк Наср ибн Иброҳпм Тамғочхон давригача Бухорода фақат ҳисордан бошқа (подшоҳлар учун) бирор муайян қароргоҳ бўлмади. Шамсулмулк Шамсободни бино қилди. XI. Шамсободнинг Бино Этилиши Ҳақида Малик Шамсулмулк дарвозайи Иброҳим олдидан кўп даромадли ерларни сотиб олиб, дарвозагача қарийб ярим фарсанг келадигап жойда гўзал боғлар барпо этди, иморатларига кўп маблағ ва хазиналар сарф қилди ва у жойга Шамсобод деб ном берди ҳамда Шамсободга туташ қилиб подшоҳликка хос отлар учун бир ўтлоқ жой барпо этди ва уни ғўруқ (қўруқ) деб атади ва узунлиги бир мил миқдорида мустаҳкам девор билан ўраб, ичига бир қаср ва бир каптархона қурди. Бу ғўруқ ичида буғу, кийик, тулки ва айиқ каби ёввойи жониворларни (ҳам) сақлар ва уларнинг ҳаммаси ўргатилган эди. Ғўруқ баланд деворлар билан ўралган бўлиб, жониворлар қоча олмас эдилар. Малик Шамсулмулк дунёдан ўтгач, унинг биродари Хизрхон[90] тахтга ўтирди ва ана шу Шамсободга кўп иморатлар қурдирди. Улар ғоятда гўзал эди. У ҳам дунёдан ўтгач, унинг ўғли Аҳмадхон подшоҳ бўлди[91]. У Шамсободга қарамай қўйди ва ниҳоят, Шамсобод харобаликка юз ўгирди. Маликшоҳ Хуросондан Бухорога (юриш қилиб) келганида[92] кўп жойларни вайрон қилди ҳамда (Бухородан) Самарқанд томон кетаётганида Аҳмадхонни асир қнлиб Хуросонга олиб кетди ва яна Мовароуннаҳрга қайтариб юборди. Аҳмадхон (қайтиб келганнда) Шамсобод тамом вайрон бўлган эди. У ўзига Жўйборда сарой қуришга буюрди, саройни қурдилар. Сарой ичига боғ, оқар сувлар ва унинг такомили учун зарур бўлган барча нарсаларни жойига келтирдилар. Бу сарой ўттиз йилгача Бухоро ҳукмронларининг қароргоҳи бўлиб турди. Арслонхон тахтга ўтиргач, ҳар вақт Бухорога келганида шу саройда бўлар эди. Кейинроқ у саройни буздириб ҳисорга олиб келишни лозим топиб, шунга буйруқ берди ва у жой хароб бўлиб қолди. Бир неча йилдан кейин Арслонхоннинг фармони билан Бу Лайс кўчасидаги Дарвоза маҳалласида сарой ва унинг ичида подшоҳликка хос ҳаммом қурилди. Яна сарой дарвозаси олдига мисли кўрилмаган бошқа бир ҳаммом ҳам солинди. У сарой кўп йиллар давомида Бухоро подшоҳининг қароргоҳи бўлиб турди. Кейинроқ эса Арслонхоннинг фармони билан у саройни фақиҳлар учун мадраса қилиб бердилар, сарой дарвозаси олдидаги ҳаммом ва бирмунча қишлоқларни у мадрасага вақф қилдилар. Ўзи учун хос саройни эса Арслонхон Саъдобод дарвозаси олдида қуришга буюрди; уни ҳам қурдилар. XII. Кашкашон (Деб Аталган) Гуруҳнинг Баёни Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий ўз китобида келтирганки, Қутайба ибн Муслим Бухорога кириб уни олгач, Бухоро аҳолисига ўз уйлари ва ерларининг ярмини арабларга беришни буюрди. Бухорода бир қавм бор эдики, уни Кашкашон дер эрдилар; улар ҳурматли, қадр-қийматли ва эътиборли одамлар бўлиб, Бухоро аҳолиси ўртасида зўр обрўга эга эдилар; улар деҳқонлардан бўлмай, четдан келган кишилар бўлиб аслзода, савдогар ва бой одамлар эдилар. Қутайба уйлар ва асбоб-анжомларнн тақсим қилиб беришга қистай бергач, улар ўз уй-жойлари ва асбоб-анжомларини бутунлай арабларга қолдириб, ўзлари учун шаҳар ташқарисида етти юзта кўшк бино қилдилар. У вақтларда шаҳарнинг катталиги (ҳозирги) шаҳристонча келар эди. (Кашкашонлардан) ҳар бирн ўз кўшкининг атрофига хизматкорлари ва ўзига қарашли одамлари учун уйлар қурди ва ҳар бир киши ўз кўшкининг олдига боғ ва текис майдон барпо қилди ва улар ана шу кўшкларга кўчиб келдилар. У кўшклар ҳозирда вайрон бўлиб, кўпроқ қисми шаҳарга қўшилиб кетган; у жойда фақат икки-учта кўшк сақланиб қолган ва уларни «Кўшки муғон» дейдилар. Чунки у жойда оташпараст (муғ)лар турганлар. Бу вилоятда оташпарастларнинг ибодатхоналари кўп бўлган ва муғлар кўшклари дарвозаларининг олдида гўзал ва оромбахш боғлари бўлиб, уларнинг экин ерлари жуда қимматбаҳо бўлган. Муҳаммад ибн Жаъфар шундай ёзган: «Биз Амири ҳамид даврида эшитишимизча, Кўшки муғон ерларининг қимматбаҳо эканлигига сабаб шуки, подшоҳлар Бухорода жойлашганлар ва уларнинг хизматчилари ва яқин кишилари у ерларни сотиб олишга қизиққанлар, натижада бу ерларнинг ҳар бир жуфти ҳатто тўрт минг дирамгача етган. Бу гап Амири (ҳамид)нинг қулоғига етган-да у: «Менинг билишимча, подшоҳлар Бухорода тураржой қилиб олишларидан илгари бу ерларнинг баҳоси яна ҳам ортиқроқ бўлган, агар биров бир жуфти гов ер сотиб олмоқчи бўлса, йил бўйи қидириб (ундай ерни) топа олмас эди, агарда, топа олса ҳар бир жуфтни ўн икки минг холис кумуш дирамга сотиб олиши лозим эди. Ҳозир бир жуфт ернинг нархи тўрт минг холис дирам бўлса, нарх арзонлашиб қопти, халқда кумуш (пул) кам қолган бўлса керак»,— деган. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср эса: «Бизнинг давримизда бу Кўшки муғон ерлари шундай (арзон) бўлдики, уни текинга берсалар ҳам, ҳеч ким олишни истамайди. Сотиб олингани ҳам (ҳукм-дорларнинг) халққа қилган зулм ва шафқатсизлиги сабабли (экилмай ётади) ва текинга қолиб кетади»,— дейди. XIII. Бухоро Ва Унинг Атроф Ерларидаги Анҳорлар Биринчиси Кармина анҳорн; бу катта анҳор. Иккинчиси Шопурком анҳори. Бухоронннг авом халқи буни Шофурком дейишади. Ҳикоятда келтиришларича, сосонийлар сулоласидан бўлган Кисронинг[93] фарзандларидан бири ўз отасига аччиқ қилиб, бу вилоятга келган; унинг номи Шопур эди. «Пур» эрон тилида «ўғил» демакдир. У Бухорога келганида Бухорхудот уни яхши қабул қилди. Шопур ов қилишни яхши кўрар эди. Бир куни овга чиқиб у (Шопурком) томонига бориб қолди. У вақтларда ўша ерда ҳеч бир қишлоқ ва обод жой бўлмай, яйлоқ ва ов қилинадиган жой бўлган. Бу ер Шопурга ёқиб қолиб, уни обод қилиш учун улуш йўсинида ўзига берилишини Бухорхудотдан сўраган. Бухорхудот бу мавзени Шопурга берди ва Шопур у ерда катта анҳор қазитиб, уни ўз номи билан, яъни «Шопурком» деб атади ва бу анҳор (бўйлаб) қишлоқлар ва қаср бино қилди. Бу теваракни «Обавия қишлоқлари» дейдилар. Шопур яна Вардона қишлоғини бино қилди ва қаср қуриб, уни ўзи учун тураржой қилиб олди. (Шундай қилиб) у ерда катта бир мулк пайдо бўлди ва Шопурнинг вафотидан кейин қишлоқлар унинг авлодига мерос бўлиб қолди. Қутайба ибн Муслим Бухорога келгаи вақтда Шопур авлодидан Вардонхудот ҳукмрон эди ва у улуғ подшоҳ бўлиб, Вардона қишлоғида турар ҳамда Тағшода Бухорхудот билан низолашар эди. Қутайбага Вардонхудот билан кўп жанглар қилишга тўғри келди ва охири Вардонхудот ўлиб, Қутайба Бухоро мулкини Тағшодага берди. Бу қисса Байканд ва Бухоронинг фатҳ этилиши бобида айтилади. Учинчи анҳорни Ҳарқонат ул-Улё, тўртинчисини Ҳарқонруд, бешинчисини Овхатфар, бу ғоят кенг ва катта анҳордир,— олтинчиси Сомжан, еттинчисини Байконруд ва саккизинчисини Фаровзи Улё дейдилар; бу (саккизинчи) анҳор бўйлаб кўп қишлоқлар жойлашган. Тўққизинчисини Фаровиз ис-Суфло ёки Коми Даймус ҳам дейднлар, ўнинчисини Арвон, ўн биринчисини Кайфур, ўн иккинчисини Руди Зар дейдилар. Бу шаҳарни (суғорувчи) анҳордир. Биз айтиб ўтган анҳорларнинг ҳаммаси серсув бўлиб, улар (ёқаси бўйлаб) кўп қишлоқлар ўрнашган. Айтишларича, ҳамма анҳорларни халқ қазиган, аммо Овхатфар анҳоринннг қазилишида у ернинг халқи заҳмат чекмаган, уни сувнинг ўзи ўйиб қазиган. Ҳозир бухороликлар уни Руди Нафар дейдилар. XIV. Бухоро Ва Унга Тобе Жойларнинг Хирожи Сомонийлар ва улар қўл остидаги амирлар дазрида Бухоронинг хирожи Карминаники билан қўшилиб бир гал бир миллион бир юз Олтмиш саккиз минг беш юз олтмиш олти дираму беш ярим донакни ташкил этган. Ундан кейин хирож ҳар жиҳатдан камайган, баъзи ерлар сув тагида қолиб кетиб, подшоҳ у мавзедан хирож олишни тўхтатган; сув олиб кетган жойдан (ҳам) хирож олмай қўйган; ерларнинг баъзиси алавийлар ва фақиҳлар қўлига ўтиб султон булардан ҳам хирож олмаган. Баъзи ерлар масалан. Байканд ва бошқа кўп қишлоқлар, султоннинг мулкига ўтиб хирож дафтаридан ўчирилган ва Карминанинг хирожи Бухоро хирожидан ажратилиб (алоҳида олинган). XV. Бухоронинг Кишилар «Канпирак Девор» Деб Атайдиган Девори Ҳақида[94] Аҳмад ибн Муҳаммад (ибн) Наср айтадики, Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий бу фаслни шу (қуйидаги) тартибда баён қилмаган, лекин сўз орасида баъзи гапларни айтиб ўтган. Аммо Абу-л-Ҳасан Нишопурий «Хазоин ул-улум»да батартиб келтирганки, халфалик Амир ул-муъминин Маҳдийга, яъни Ҳорун ар-Рашиднинг отасига етгач, аббосийя халифаларининг ҳеч бири ундан кўра порсороқ бўлмаган, у бутун Хуросон амирлигини бир юз олтмиш олтинчи йили (15 август 782—4 август 783) Абу-л-Аббос ал-Фазл ибн Сулаймон Тусийга[95] берди. Бу (амир) Марвга келиб шу ерда ўрнашди. Шундан кейин (Бухоронинг) кўзга кўринган кишилари, жамоалар сардорлари ва улуғлари унинг олдига бордилар ва Сўғднинг барча сардорлари ҳам Хуросон амирига салом бериш учун Марвга келдилар. Хуросон амири улардан ўз вилоятларининг аҳволи ҳақида сўради. Бухороликлар айтдиларки: «Биз турк кофирларидан ранж тортмоқдамиз, улар ҳар вақт тўсатдан келиб қишлоқларни талайдилар; ҳозир улар яна келиб Сомдун қишлоғини галадилар ва мусулмонларни асир қилиб олиб кетдилар». Абу-л-Аббос Тусий сўради: «Ўзингизда бирор чора бормики, мен (уни амалга оширишга) буюрсам!» Шу ерда ҳозир бўлган Сўғд малики Язид ибн Ғўрак жавоб бериб: «Хуросон амирининг умри узун бўлсин! Қадим жоҳилийят даврларида турклар Сўғдни талар эканлалар. Сўғдда бир хотин киши подшоҳ экан, у Сўғднинг атрофига девор кўтартирган ва Сўғд вилояти турклардан омон топгап»,— деди. Шунда Абу-л-Аббос Туснй унинг ўзи томонидан Бухоро амири бўлиб турган Муҳтадий ибн Ҳаммод ибн амир аз-Зуҳлийга Бухоро атрофига девор олдиришни буюрди ва туркларнинг қўллари Бухоро вилоятига етмасин учун, худди Самарқанддагига ўхшаш Бухоронинг ҳам ҳамма қишлоқлари девор ичкарисида бўлсин, деди. Муҳтадий ибн Ҳаммод шундай деворни уришга, ҳар бир фарсанг (масофада) бир дарвоза қуришга ва ҳар ярим мил (масофа)да биттадан мустаҳкам минора кўтаришга буюрди. Бухоронинг қозиси бўлган марҳум Саъд ибн Халаф ал-Бухорий бу ишга мутасаддий бўлди. Ниҳоят девор икки юз ўн бешинчи йили (28 февраль 830—17 февраль 831) Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Мансур ибн Ҳалжад ибн Варақнинг даврида қурилиб битди. Бундан кейин амир бўлган ҳар бир киши деворни тузаттириб, сақлаб турар ва шу сабабли Бухоро аҳолисига кўп харажат тушар, ҳар йили кўп пул сарфлашга ва жуда кўп ҳашар ташкил қилишга тўғри келар эди. Охири раҳматли амир Исмоил Сомоний халқни (бу қийинчиликни тортишдан) озод қилди ва девор ҳам хароб бўлди, Амир: «То мен тирик эканман, Бухоро вилоятининг девори мен бўламан»,— деди ва устига олган бу вазифани тўла бажарди; у доимо жангларда ўзи қатнашди ва Бухоро вилояти устидан душманларнинг зафар топишларига йўл қўймади. XVI. Бухоро Шаҳрининг Девори Бухоро халқи Хуросон амири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Талха ат-Тоҳирин томонидан Бухоро амири бўлиб турган Аҳмад ибн Холиддан: «Шаҳримиз атрофида девор бўлиши керак, токи биз кечаси дарвозаларни беркитиб, ўғрилар ва йўлкесарлардан тинч бўлайлик»,—деб илтимос қилдилар. Шундан кейин у девор уриш» га буюрди ва жуда яхши маҳкам девор уриб, миноралар қурдилар, дарвозалар ўрнатдилар. Бу иш икки юз ўттиз бешинчи йила (26 июль 849—14 июль 850) тамом бўлди; ҳар қачонки бирор лашкар Бухорога қасд қилса деворни қайтадан тузатишар эди» Арслонхон ўз (ҳукмронлиги) даврида эски деворнинг олдига бош» қа (янги) девор (ҳам) уришга буюрди ва иккала девор бир-бирига ёпшииб мустаҳкам бўлди. (Лекин кейинроқ) бу девор ҳам бузилиб кетди. Беш юз олтмишинчи йили (18 ноябрь 1164—6 ноябрь 1165) одил ва билимдон ҳоқон, дунё ва диннинг суянчиғи Масъуд Қилич Тамғочхонинг[96],— худо унинг ётган ерини нурлантирсин,— буйруғи билан Бухоро шаҳрн эски деворининг ташқарисидан девор урдилар; у ҳам вайрон бўлди. Олти юз тўртинчи йили (28 июль 1207—15 июль 1208) Хоразмшоҳ Муҳамад ибн Султон Такаш Бухорони олди ва яна сиртдан девор уришга буюрди; иккала деворни янгиладилар. Олти юз ўн олтинчи йили (19 март 1219—7 март 1220) татар лашкари келиб Бухорони олди ва у деворлар яна вайрон бўлди. XVII. Бухорода Дирҳам Ва Кумуш (Танга) Зарб Қилиниши Бухорода сийм — кумуш (танга)ни дастлаб ишлатган киши Коно Бухорхудот номли подшоҳ эди. У Бухорода ўттиз йил подшоҳ бўлиб турди. Бухорода савдо бўз ва буғдой воситаси билан бўлар эди. Бошқа вилоятларда кумуш (танга) зарб қилганликлари ҳақида подшоҳга хабар берган эдилар, у ҳам Бухорода соф кумушдан танга зарб қилиб, унга ўзинннг тож кийиб тургандаги суратини ишлашга буюрди. Бу воқеа Амир ул-муъминин Абу Бакр Сиддиқнинг,— ундан худо рози бўлсин,— халифалик даврида[97] бўлиб (бу кумуш танга) Ҳорун ар-Рашид давригача[98] давом этди. Бунинг даврида эса бир юз саксон бешинчи йил рамазон ойида (13 сентябрь—12 октябрь 801) Ғитриф ибн Ато Хуросонга амир бўлди. Ғитриф Ҳорун ар-Рашиднинг онаси бўлган Хайзурон номли (хотиннинг) биродари эди. Хайзурон Атонинг қизи бўлиб: Ямандаги Жураш деб аталган шаҳардан эди. У асир тушиб қолиб Табаристонга ва у ердан Маҳдийнинг ҳузурига келтирилган эди. Маҳдий бу хотиндан икки ўғил кўрди; биринчиси Мусо ал-Ҳодий[99] иккинчи Ҳорун ар-Рашиддир. Хайзуроннинг обрўси улуғланганда) кейин Ғитриф (Ямандан) унинг олдига келиб, шу ерда қолди. Ҳорун ар-Рашид Хуросонни Ғитрифга берди. У вақтда «Бухоро аҳолиси қўлида Хоразм кумуш (тангаси) муомалада бўлиб, одамлар у кумуш (танга)ни кўнгилсизлик билан олар эдилар. Бухоронинг (ўзида қуйилган) у кумуш (танга) эса одамлар қўлидан чиқиб кетган эди. Ғитриф ибн Ато Хуросонга келганида Бухоронинг катталари ва кўзга кўринган кишилари унинг олдига бордилар ва ундан: «Шаҳаримизда кумуш (танга) қолмади, Хуросон амири буюрсалар, токи бизга кумуш (танга) зарб қилиб берсинлар ва уни ўша қадимги Бухоро кумуш (тангаси) зарб қилинган қолипда қуйсинлар ва у кумуш (танга) шундай бўлсинки, ҳеч ким уни бизнинг қўлимиздан чиқариб ололмасин, шаҳримиздан ташқарига олиб кетолмасди ва биз ўз ўртамизда ўша кумуш (танга) билан муомала қилайлик»,— деб талаб, қилдилар. У вақтда кумуш кам эди; шаҳар аҳолисини йиғиб бу ҳақда улардан маслаҳат сўрадилар ва олти хил нарса — тилла, кумуш, тери, қалай, темир ва мислардан кумуш (танга) зарб қилишга қарор қилдилар. Шу (қарорни) амалга оширдилар ва ўша илгариги қолипни Ғитриф номи билан, яъни «Сийми ғитрифий»— «Ғитриф кумуш (тангаси)» деб қўйдилар; авом халқ уни «ғидрифий» деб атар эди. Қадимги кумуш (танга) соф кумушдан эди. Бу аралаш қилиб қуйилган кумуш (танга) қора рангли бўлиб чиқди ва Бухоро аҳолиси уни олмай қўйди. Султон уларга ғазаб қилгач, мажбуран оладиган бўлдилар. Олти ғидрифий бир дирҳам соф кумушга баробар, деб баҳо қўйдилар. Султон (ҳам) уни шу қийматда олди ва ниҳоят, у кумуш (танга) ривож топиб кетди ва шу сабабдан (халқ учун) Бухоро хирожини (тўлаш) оғир бўлди, чунки Бухоро хирожи илгари икки юз минг кумуш дирамдан бир оз камроқ эди, ғидрифий тангаси қуйилиб, олтитаси бир дирам соф кумуш баҳосида юргач, султон (бухороликларми) шу ғидрифий билан хирож тўлашга буюрди, шунда ғидрифий камайиб кетиб, бир ғидрифийнинг бир дирами бир дирам (соф) кумуш баҳосида юра бошлади. Султон эса (хирожни) кумуш билан олишни истамай, ғидрифий талаб қилди. (Натижада) икки юз минг дирам кумушдан камроқ бўлган Бухоро хирожи бирданига 1.068.567 дирам ғидрифийга бориб етди. Муҳаммад ибн Жаъфарнинг айтишича, бир йили икки юз йигирма дирам тоза кумуш саксон беш дирам ғидрифийга (баробар) бўлган. Аҳмад ибн Наср: «Биз бу китобни таржима қилаётганимиз беш юз йигирма иккинчи йили (6 январь — 24 декабрь 1128) юз дирам соф кумуш етмиш дирам ғидрифий баҳосида бўлиб, бир мисқол қизил олтин етти ярим дирам ғидрифий (баҳоси)га тенг бўлади»,— дейди. Муҳаммад ибн Жаъфарнинг айтишича, бу ғидрифийни Бухоро шаҳарида Кўшки Моҳак (деган жой)да зарб қилганлар. Ғидрифий кумуш (тангасида) бошқа таркиблардан кўра кумуш кўпроқ. Айтишларича, бир ғидрифийнинг ҳар бир дирамида бир ҳабба тилла бўлиб, ҳар бир ўн дирамида ярим дирамдан тортиб тўрт ярим донагача[100]тилла бўлган. Сомонийлар сулоласидан (подшоҳ бўлган) ҳар бир киши ва сомонийлар сулоласидан кейинги бошқа подшоҳлар Бухорода кўп майда пуллар зарб қилганлар. Бунинг бирор ажабланарли жойи бўлмаганлиги учун, у ҳақда гапирилмади. XVIII. Бухоро Фатҳ Этилишининг Бошланиши Муҳаммад ибн Жаъфарнинг баён қилишича, Убайдуллоҳ ибн Зиёд Муовия[101] томонидан Хуросонга юборилиб, у Жайҳун дарёсидан ўтиб Бухорога келган вақтида Бухоро подшоҳи, ўғли Тағшода кичик ёшли бўлгани туфайли, бир хотин киши эди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд Байканд ва Ромтинни олиб кўп кишиларни асир қилди. Тўрт минг бухоролик асирни шахсан ўзига олди. Бу воқеа эллик учинчи йилнинг охири ва эллик тўртинчи йилнинг бошида (ноябрь-декабрь 673) бўлган эди. У Бухоро шаҳрига етгач, аскарларини саф қилиб, палакмонларни шаҳарга тўғрилаб қўйди. Хотин туркларга одам юбориб улардан ёрдам сўради ҳамда Убайдуллоҳ ибн Зиёдга ҳам одам юбориб етти кун муҳлат талаб қилди ва: «Мен сенинг итоатингдаман»,— деб, кўп ҳадялар юборди. Шу етти кунда турклардан ёрдам келмагач, Убайдуллоҳ ибн Зиёдга қайтадан одам юбориб, яна етти кун муҳлат сўради. (Ниҳоят) турк лашкари етиб келди ва бошқалар ҳам йиғилишиб лашкар кўпайди; кўп урушлар қилдилар ва охири кофирлар енгилиб қочдилар, мусулмонлар уларнинг орқаларидан бориб кўпларини ўлдирдилар. Хотин қалъага кирди, у (йиғилиб келган) лашкарлар ўз вилоятларига қайтдилар. Мусулмонлар қурол, кийим-кечак, тилла ва кумушдан ишланган нарсалар ва асирлардан иборат кўп ўлжа қўлга киритдилар. Улар хотиннинг бир пой этигини ҳам пайпоғи билан топиб олдилар. Этик ва пайпоқ тилла (ишлатилиб тикилган ва) қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди, баҳо қилганларида икки юз минг дирҳам турди. Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг фармони билан дарахтларни кесдилар, қишлоқларни вайрон қилдилар; шаҳар ҳам хатарда эди; хотин одам юбориб омон тилади, бир миллион дирҳам баробарига сулҳ тузилди. (Хотин) мол юборди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд молнн олиб қайтди ва мазкур тўрт минг бухоролик асирларни ҳам ўзи билан олиб кетди. У эллик олтинчи йили (25 ноябрь 675—13 ноябрь 676) Хуросон амирлигидан туширилганидан кейин Саъид ибн Усмон Хуросон амири бўлди ва Жайҳун дарёсидан ўтиб Бухорога келди. Хотин унга одам юбориб: «Убайдуллоҳ ибн Зиёд билан тузган сулҳимда барқарорман»,— деди ва молдан бир озини юборди. Ногоҳ шу аснода Сўғд, Кеш (Шаҳрисабз) ва Нахшаб (Қарши) лашкарлари етиб келдилар. Уларнинг сони бир юз йигирма минг эди. Хотин сулҳ тузганлиги ва мол юборганлигига пушаймонлик билдирди. Саъид: «Мен ҳам шундай фикрдаман»,— деди-да, молни қайтариб юбориб: «Бизнинг орамизда сулҳ йўқ»,— деди. Шундан кейин лашкарлар йиғилишиб бир-бирларига қарама-қарши туриб саф тортдилар. Худойи таоло кофирлар дилига ваҳима солиб, уларнинг ҳамма лашкарлари урушсиз орқага қайтдилар. Хотин ёлғиз қолиб яна одам юборди ва (Саъиддан) сулҳ сўради, мол (миқдорини) кўпайтириб ҳаммасини юборди. Саъид: «Мен энди Сўғд ва Самарқандга бораман, сен менинг йўлимдасан, (қайтишимда) менинг йўлимни тўсмаслигинг ва мени ранжитмаслигинг учун сен томондан бирор гаров бўлиши лозим»,— деди. Хотин маликзодалар ва Бухоро деҳқонларидан саксон кишини гаров қилиб Саъидга берди. Саъид Бухоро дарвозасидан қайтиб кетди ва шу кетганича кетмоқда. Ҳикоятда келтиришларича, хотин ўз эрининг хизматкорларидан бирига ошиқ эди; одамлар унинг ўғли Тағшода ўша кишидан бўлган ва хотин бу болани ўз эридан бўлган деб кўрсатади, аммо бу бола Бухорхудотдан эмас деб гапирар эдилар. Унинг лашкарларидан бир гуруҳи эса: «Биз унинг мамлакатини бешак подшоҳзода бўлган бошқа бир худотзодага берамиз»,— дер эдилар; хотин уларнинг бу қасдларидан огоҳ бўлиб, уларни ўзидан даф қилиш учун тадбир қидирар эди. Саъид билан сулҳ тузилиб, Саъид ундан гаров талаб қилгач, хотин ҳийла қилди ва ҳалиги мақсадни мўлжаллаган ўша гуруҳни гаровга бериб, улардан халос бўлди ва Саъиддан ҳам қутулди. Яна Саъид ҳақида ҳикоят қиладиларки, у хотин билан сулҳ тузганида: «Менга салом бериш учун ҳузуримга чиқишинг керак», деган; хотин унинг айтганидек саломга чиққан, у яна: «Менинг саркардаларим олдига (ҳам) саломга чиқишинг керак»,— деган. Хотин унинг саркардаларидан ҳар бири учун ҳам саломга чиққан. Саъиднинг лашкар бошлиқларидан бири Абдуллоҳ Ҳозим эди, у ўзининг чодири ичида катта гулхан ёқишга буюрди ва ўзи (олов ёнида) турди. (Чодир ичи) жуда иссиқ эди, Абдуллоҳ ранги қизил киши бўлиб, оловнинг иссиғидан кўзлари ҳам қизариб кетган эди ва калласи катталигидан уни Байғория деб масалда келтирар эдилар; ваҳшатли бир киши эди. У қуролланган ҳолда қилич яланғочлаб турди ва унинг олдига кирган хотин қўрқиб тез қочиб чиқди ва айтди: Эй ғулом, сени худо ажаб гўзал қилиб безантирипти, Ёмон кўз (сендан) узоқ бўлсин, сенга яқинлашмасин! Ҳикоят: Сулаймон Лайсий айтадики, Саъид хотин билан сулҳ тузилгандан кейин Бухорода касал бўлиб қолди; хотин уни кўргани кирди; унинг тиллага тўла бир ҳамёни бор эди, у қўлини ҳамёнга солиб, ундан иккита нарса чиқарди-да: «Бунинг биттасини ўзим учун сақлайман, мабодо касал бўлиб қолсам ейман, мана бу иккинчисини сенга бераман, уни есанг соғаясан»,— деди. Саъид: «Бу нима нарса эканки, бу хотин шунчалик азиз ва улуғ тутиб менга берди»,— деб ажабланди ва хотин чиқиб кетгач қараса, у нарса эскириб кетган бир дона хурмо экан. Шунда у одамларига буюрди: улар бешта туяга янги хурмодан ортиб хотиннинг олдига элтдилар. Хотин қопларни очиб кўп хурмони кўрди; ҳамёнини очиб ўзининг хурмосини чиқарди-да, у хурмолар билан солиштирди; қараса улар ўзи сақлаб юрган хурмодек экан; шунда у узрга келиб: «Бизда бундай нарса кўп бўлмайди, бу икки дона хурмони касаллик пайтда нстеъмол қилиш учун кўп йиллардан бери сақлаб юрардим»,— деди. Ривоят қилишларича, бу хотин ёқимли ва гўзал аёл экан ва Саъид унга ошиқ бўлиб қолган экан. Бухороликларнинг бу ҳақда бухоро тилида қўшиқлари бор. Бир ривоятда келтиришларича, Саъид Бухорога келган вақтида раҳматли Қусам ибн Аббос ҳам Бухорога келган экан, Саъйд уни ҳурмат қилиб: «Бу ўлжалардан ҳар кишига бир ҳисса, сенга эса минг ҳисса бераман»,—деса, Қусам,—худо ундан рози бўлсин,—«шариат буюрган бир ҳиссадан бошқа (ҳеч нарса) олмайман»,—деган. Шундан кейин раҳматли Қусам Марвга борган ва у ерда вафот этган[102]. Баъзиларнинг айтишларича, у Самарқандда вафот этган. Яна худо билимдонроқ. (Шундай қилиб) Саъид Бухоро ишларидан фориғ бўлгач, Самарқанд ва Сўғдга бориб кўп жанглар қилди ва зафар унинг томонида бўлди. У вақтда Самарқандда бирор подшоҳ йўқ эди. Саъид Самарқанддан ўттиз минг кишини асир қилиб, кўп мол қўлга тушириб (қайтди). У Бухорога етиб келганида хотин одам юбориб: «Соғ-саломат қайтиб келдинг, энди гаровни бизга қолдириб кет»,—деди. Саъид эса «Ҳали сендан хотиржам бўлганим йўқ, токи Жайҳундан ўтгунимгача гаровлар мен билан бўлади»,— деди. Жайҳундан ўтганида хотин яна одам юборса: «Марвга етгунимча қўятур»,—деди. Марвга етганида эса «Нишопурга етгунимча қўятур», Нишопурга етганида «Куфага етиб олай»,— деди ва ундан Мадинагача олиб кетди. Мадинага етганидан кейин, Саъид ғуломларига буюриб (у гаровга берилган одамларнинг) қилич ва камарларини ечтирди ва уларда бор бўлган кимхоб кийимлар, тилла ва кумушларнпнг ҳаммасини олдирди. Кийимлар эвазига уларга шолча (кийим)лар бериб экин экиш ишларига банд қилиб қўйдилар. Улар бундан жуда хафа бўлиб: «Бу киши бизга бермаган яна қандай хорлик қолди? У бизни қул қилиб олиб оғир ишларни буюрмоқда, биз хорлик билан ўлгандан кўра бир йўла фойдали иш қилиб ўлайлик»,— дедилар ва Саъиднинг саройига кириб зшикларни маҳкам беркитдилар, Саъидни ўлдирдилар ва ўзларини ҳам ўлимга топширдилар. Бу (воқеа) Язид ибн Муовия[103] халифалик қилиб турган вақтда бўлган эди. Сўнгра Муслим ибн Зиёд ибн Абийҳ[104] Хуросон амири қилиб тайинланди ва Хуросонга келди. Бу ерда лашкар тузиб, Бухорога борди. Хотин бу лашкар ва тайёргарчиликларни кўриб, Бухоро лашкари уларга қарши туролмаслигини билди-да, сўғд подшоҳи Тархунга одам юбориб: «Мен сенга хотун бўлай. Бухоро сенинг шаҳаринг, сен келиб бу мамлакатдан араблар қўлини узоқлаштиришинг лозим»,— деди. Тархун бир юз йигирма минг киши билан келди, Бидун ҳам Туркистондан кўп лашкар билан келди. «То бу лашкар етиб келгунича хотин Муслим билан сулҳ тузиб, унга дарвсзаларни ва ташқарида бўлган кўшк эшикларини ҳам очган едн. Бидун (Бухорога) етиб келди ва Харқонруднинг у томонига тушди. Муслимга: «Бидун етиб келди ва хотин унга бўйсунди ҳамда шаҳар дарвозаларини беркитдилар»,— деган хабарни етказдилар. Муслим ибн Зиёд Муҳаллабнинг олдига одам юбориб: «Муҳаллабга айт, бориб Бидун лашкарининг қандай андозада эканлигини кўрсин ва айғоқчилик шарти нима булса уни жойига келтирсин!»—деди. Муҳаллаб жавоб бериб: «Ҳеч ким бундай ишга мендек одамни юбормайди; мен ҳаммага таниқли кишиман; шундай бир кишини юборгинки, агар у саломат қайтиб келса, сенга тўғри хабар келтирсин ва агар ҳалок бўлса, лашкарингга нуқсон етмасин», деди. Муслим эса: «Ҳар нима бўлса ҳам сен боришинг керак!»—деди. Муҳаллаб: «Агар мен боришим шарт бўлса, лашкарнинг ҳар бир тўдасидан биттадан кишини мен билан бирга юбор ва менинг кетганимни ҳеч кимга билдирма!»—деди. Муслим у айтганидек қилди ва ўз амакисининг ўғлини (ҳам) у билан бирга юборди; ҳаммалари кечаси Муҳаллаб билан йўлга чиқдилар ва душман лашкарига билдирмай керакли маълумотларни билиб олдилар. Тонг отгач, Муслим ибн Зиёд эрталабки намозни ўқиб бўлди-да, одамларга қараб: «Мен кеча Муҳаллабни айғоқчилик қилиш учун юбордим»,— деди. Бу хабар лашкар орасига тарқалди ва буни эшитган араблар: «Амир биздан олдинроқ ўлжа олсин учун Муҳаллабни юборипти, агар жанг бўлганида эди у билан бирга бизни ҳам юборар эди»,— дедилар. Улардан бир тўдаси тезда отларига миниб Муҳаллабнинг орқасидан то дарё лабигача бордилар. Муҳаллаб уларни кўргач: «Сизлар келиб хато қилибсизлар; мен яширин турган эдим, сизлар эса ошкора келаяпсизлар, энди кофирлар ҳаммамизни тутиб оладидар»,— деди. Муҳаллаб санаб қараса мусулмонлар тўққиз юз киши экан, у: «Азбаройи худо! Қилган ишингиздан ўкинасиз»,— деди. Шу вақт улар саф тортдилар ва Бидун лашкарининг айғоқчилари уларни кўрдилар. Мусулмонлар тезлик билан карнай чалиб ҳаммалари бирдан отларига миндилар ва сафларга тизилдилар. Турк подшоҳи уларга ҳужум қилди ва арабларнинг тинкалари қуриди. Муҳаллаб: «Мен шундай бўлишини билган эдим»,—деди, Улар: «Энди қандай тадбир қўллаш керак?»—деб сўрадилар, У «Илгарироқ юринглар!»—деди. Улар эса орқага чекиндилар за Бидун кетларидан етиб келиб мусулмонлардан тўрт юз кишини ўлдирди, қолганлари лашкаргоҳга қочиб бордилар. Эртаси куни тонг отгач, Бидун сувдан ўтиб, Хўтан амирининг олдига келди, (чунки) уларнинг оралиги ярим фарсанг келар эде (Сўнг араблар билан) жанг бошланиб кетди. Муҳаллаб бирнчи бўлиб урушга кирди, қаттиқ уруш бўлиб кофирлар ёпирилиб уни ўртага олдилар. Муҳаллаб: «Менга ёрдам беринг»,— деб қичқирди. Муслим паришон ҳол бўлиб: «Бу Муҳаллабнинг товушк-ку!»—деди. Шу вақтда Абдуллоҳ (ибн) Худон Муслимнинг олдида сўз қотмай жим турган эди. Муслим ундан: «Сенга нима бўлди, бирор сўз гапирмайсан?»—деб сўради. У: «Азбаройи худо! Агар ҳалокат хавфли бўлмаса Муҳаллаб қичқирмайди, энди отга минаман-да, ўз гарданимдаги вазифани адо этаман, агар мени ҳалокат қарши олса, унга ҳам тайёрман»,— деди. (Араблар) ҳар гал қочишга тутунганларида Муҳаллаб қичқирар эди. Муслим: «Бир оз сабр қилинг!»— деди. Шу орада Муслим дастурхон ёздириб нон ея бошлаган эди, Абдуллоҳ ибн Худон: «Ҳозир нон ейиш вақти эмас, сени худо тўйғизсин! Ҳалок бўлай деяпсан-ку, хабаринг йўқ, сен жанг кишиси эмасмисан?»—деди. Муслим: «Энди нима чора кўрамиз?»—деб сўраган эди у: «Отлиқларга айт, пиёда бўлиб жанг майдонига юрсинлар»,— деди. Шундай қилдилар. Абдуллоҳ (ибн) Худон Муҳаллаб томонга югуриб кетди. Муҳаллаб қаттиқ қуршовда қолган эди, (Абдуллоҳ): «Орқангизга қарангиз!»—деб қичқирди, (мусулмонлар) орқага қараб ёрдамга келаётган кишиларни кўрдилар, диллари қувватланиб ғайратга кирдилар ва жангни кучайтириб юбордилар. Шу орада Бидун ўлдирилди; мусулмонлар такбир айтиб юборган эдилар, кофирлар бирдан қоча бошладилар, мусулмонлар уларнинг кетларидан қувиб бориб ўлдира бердилар ва, ниҳоят, уларни бутунлай енгиб, кўп ўлжалар олдилар. Ўлжаларни ўша куни тақсим қилган эдилар — ҳар бир отлиққа икки минг тўрт юз дирамдан тегди. Хотин одам юбориб сулҳ талаб қилди: Муслим у билан сулҳ тузиб жуда кўп мол олди. Хотин Муслимга: «Сендан илтимос қиламанки, менга Абдуллоҳ Ҳозимни кўрсатсанг, унинг суратини бир марта кўриб беҳуш бўлиб эдим, менимча у одам жинсидан бўлмаса керак»,— деди. Муслим Абдуллоҳ Ҳозимни ўзи турган меҳмонхонага чақириб хотинга кўрсатди. Абдуллоҳ кўк рангли ипак кийим кийган ва қизил салла ўраган эди. Хотин уни кўрганида унга сажда қилди ва ажабланганидан ҳадялар юборди. Муслим ғалаба қозониб ва кўп улжалар олиб Хуросонга қайтиб кетди. XIX. Қутайба Ибн Муслимнинг Ҳукмронлиги Ва Бухоронинг Фатҳ Қилиниши, Мовароуннаҳрнинг Араб Ва Ажам[105] Ўртасида Тақсимланиши Қутайба ибн Муслим Ҳажжож[106] томонидан Хуросон амири қилиб тайинлангач, Хуросонга келиб бутун Хуросонни ўзига бўйсундирди ва Тўхористоннинг[107] фатҳ этилиши (ҳам) унинг қўлида тамомланди. У саксон саккизинчи йили (12 декабрь 706—30 ноябрь 707) Жайҳун дарёсидан ўтди. Байканд аҳолиси бундан хабардор бўлиб, Байкандни жуда мустаҳкам ҳисор билан ўрадилар. Қадимги вақтларда Байкандни шористон деганлар ва мустаҳкамлигидан, уни «жез шаҳар» деб ҳам атаганлар. Қутайба жуда қаттиқ жанглар қилди; мусулмонлар эллик кунгача (ҳисорни олиш учун) чора тополмай заҳмат чекдилар ва (охири) ҳийла ишлатдилар. Бир гуруҳ (аскарлар) девор тагидан минора ва ҳисорнинг ичкариси томон лаҳм қазиб, отхонадан чиқдилар, (сўнг) деворни кавлаб раҳна очдилар; мусулмонлар ҳануз ҳам ҳисорга келаолмаётган эдилар, (энди) раҳна орқали ичкари кирдилар. Қутайба: «Ҳар ким шу раҳнадан ичкари кирса унга хуни баҳосида (мукофот) бераман, агар у ўлдирилса (мукофотни) унинг фарзандларига бераман»,—деб қичқирди. (Шундан кейин) ҳар ким ичкари киришга қизиқди ва (ниҳоят) Ҳисорни олдилар. Байканд аҳолиси омон тилади. Қутайба сулҳ тузиб мол олди ва Варқо ибн Наср Боҳилийни уларга амир қилди-да, ўзи Бухорога қараб юрди. Қутайба Хунбунга[108] етиб келганида унга: «Ҳисорнинг кишилари қўзғолон қилиб амирни ўлдирди»,—деган хабарни етказдилар. Қутайба лашкарига: «Боринглар, Байкандни талон-торож қилинглар. Уларнинг қонларини (тўкишни) ва молларини (олишни) ҳалол қилдим»,—деб буйруқ берди. (Қўзғолон) сабаби шу эди; байкандлик бир кишининг соҳибжамол иккита қизи бор эди; Варқо ибн Наср иккаласини ҳам ўзига олди, шунда у киши: «Байканд катта шаҳар, нима учун: сен бутун шаҳардан фақат менинг иккита қизимни оласан?»-—деди. Варқо жавоб бермади, у киши сакраб туриб Варқонинг киндигига пичоқ урди, лекин бундан бир иш чиқмади — Варқо ўлмай қолди. Бу хабар Қутайбага етгач, у қайтиб Байкандга келди ва у ерда кимки урушга яроқли бўлса ҳаммасини ўлдирди, қолганларини асир қилиб олди, шундай қилиб, Байкандда ҳеч ким қолмади ва Байканд хароб бўлди, Байканд аҳолиси савдогарлар бўлиб, кўплари Чин мамлакати вилоятларига ва бошқа жойларга савдо қилиш учун кетган эдилар, улар қайтиб келганларидан кейии болалари, хотинлари ва ўз яқин кишиларини талаб қилиб, араблардан сотиб олдилар ҳамда Байкандни яна обод қилдилар. Айтишларича, Байканддан бошқа буткул вайрон бўлиб бўшаб қолган, сўнг яна ўз аҳолиси қўли билан тезда обод бўлган ҳеч бир шаҳар йўқ. Ҳикоят. Ривоят қилишларича, Қутайба Байкандни фатҳ қилганида бир бутхонада оғирлиги тўрт юз дирам келадиган битта кумуш бут топган. У яна бир қанча кумуш жомлар топиб олган ва уларнинг ҳаммасини жамлаб торозида тортганида бир юз эллик минг мисқол чиққан. У ҳар бири кабутар тухумидек келадиган иккита марварид ҳам топиб олган. Қутайба: «Бу қадар катта марваридларни қаердан келтирдингиз?»—деб сўраганида: «Иккита қуш оғзида олиб келиб мана шу бутхонага ташлаган»,— деб жавоб берганлар. Кейин Қутайба бу қимматбаҳо нарсаларни йиғиб ҳалиги иккита марварид билан биргаликда Ҳажжожга юборди ва унга Байканднинг фатҳ этилганлиги ҳақида хат ёзиб, у икки дона марварид қиссасини ҳам қайд қилиб ўтди. Ҳажжож унга шундай жавоб ёзди: «Хатда айтганларинг менга маълум бўлди; у икки дона катта марварид доналаридан ва уларни қушлар олиб келганлигидан мен жуда ажабландим, аммо шундай қимматли нарсани қўлга киргизиб, уни бизга юбориб кўрсатган саховатинг ундан ҳам ажойиброқ туюлди; худо сенга баракат берсин!» Шундан кейин Байканд кўп йиллар хароб бўлиб қолди. Қутайба Байканд ишидан фориғ бўлгач, Хунбунга қараб жўнади ва кўп жанглар қилиб Хунбунни, Торобни ҳамда кўпгина майда қишлоқларни олди ва Вардонага кетди. У ерда Вардонхудот номли бир подшоҳ бор эди, у билан кўп урушди ва охири Вардонхудот ўлиб, Қутайба кўп қишлоқларни олди. Бухоро қишлоқларидан Тороб[109], Хунбун ва Ромтин оралиғида кўп лашкар тўпланиб Қутайбани ўраб олдилар. Сўғд подшоҳи Тархун кўп лашкари билан, Хунукхудот кўп аскари билан, Вардонхудот ўз аскари билан келдилар; Хитой подшоҳининг жияни малик Кўрмағонунни ёллаган эдилар у ҳам Қутайбага қарши жангда (Сўғд подшоҳига) ёрдам бериш учун қирқ минг лашкар билан келди. Лашкарлар жам бўлдилар. Қутайбанинг иши оғирлашди. Қутайба ва унинг ёронлари қуролсиз эдилар. Қутайба: «Бундан буён (аскарлар) қуролларини ўзларидан узоқлаштирмасинлар, аскарларни (лашкаргоҳдан) тарқатмасинлар!—деб буйруқ берди. Шу сабабли қурол-яроғ қимматлашиб кетди; масалан, битта найза эллик дирам, битта қалқон эллик ёки олтмиш дирам, битта совут етти юз дирам бўлди. Ҳайёни Набатий[110] Қутайбага қараб: «Агар худойи таоло менинг сабабчилигим билан бу балони сендан қайтарса нима дейсан»—деб сўради. Қутайба жавоб бериб: «Мен ўзим ҳам шувдай йўл ахтармоқдаман»,— деди. Ҳайёни Набатий Қутайбага «Менга эртагача муҳлат бер»,— деди. Эртаси тонг отганида Ҳайёни Набатий Сўғд маликининг олдига одам юбориб «Менинг сенга айтадиган бир насиҳатим бор, биз иккаламиз бир жойда учрашишимиз керак»,— деди. Тархун: «Дуруст» қай вақтда учрашамиз?»— деб сўради. Ҳайён: «Лашкар урушга машғул бўлиб, жанг қизиган вақтда»,— деди. Шундай қилдилар. Уруш қизиган пайтда Ҳайёни Набатий Тархун билан учрашиб: «Мулк қўлингдан кетипти-ю, сенинг хабаринг йўқ»,— деди. Тархун: «Қандай қилиб»,— деб сўради. Ҳайён унга: «Биз (араблар) ҳаво иссиқ вақтдагина бу ерда тура оламиз, энди ҳаво совуб қолди ва бизнинг ва бизнинг вақтимиз етди. Токи биз бу ерда эканмиз бу турклар биз билан уруш қиладилар, бу ердан кетганимиздан кейин эса сен билан уруш қиладилар, чунки Сўғд вилояти яхши жой, яхшилиқда унга ўхшаш жой дунёда йўқ, қаёқда улар Сўғдни сенга қолдириб, Туркистонга кетадилар? Улар мамлакатингни оладилар, сен эса қийинчиликда қоласан»,— деди. Тархуш «Мен қандай чора қўллайман?»—деб сўради. Ҳайён: «Чоранг шуки, Қутайба билан сулҳ тузиб бирор нарса берасан, туркларга эса аҳволни шундай кўрсатасанки, гўё Ҳажжождан биз (араблар)га Кеш ва Нахшаб йўли билан кўп лашкар ёрдамга келаётган бўлади. Ўзинг эса: «Мен ўз вилоятимга қайтиб кетаман»,— дейсан; шунда турклар ҳам қайтадилар. Сен биз билан сулҳ қилиб шартнома тузганингдан кейин биз сенга ёмонлик истамаймиз ва сени ранжитмаймиз, сен у қийинчиликдан қутуласан»,— деди. Тархун: «Менга яхши маслаҳат бердинг, мен шундай қиламан, шу кечаёқ қайтаман»,— деди. Кечаси бўлгач, Тархун Қутайба олдига одам юборди, у билан сулх тузиб мол ва икки минг дирам юборди. Унинг лашкари карнай чалиб қайтишга бошлади. Деҳқонлар ва амирлар: «Нима бўлди?»—деб сўрадилар. Тархун: «Зинҳор ҳушёр бўлинг! Ҳажжож Кеш ва Нахшаб томонидан кўп лашкар юборипти, улар орқамиздан келиб, бизни ўртага оладилар, мен ўз вилоятимга қайтаман»,— деб жавоб берди. Кўрмағонун турк одам юбориб бу ҳолдан хабар сўраган эди, унга ҳам хабар қилдилар, у ҳам карнай чалдириб қайтишга тушди ва (аскарлари) йўл-йўлакай вилоятни талаб кета бердилар. Худойи таоло у балоки мусулмонлар бошидан даф қилди. Қутайба тўрт ойдан бери у ёқда қолиб кетиб, шу муддат ичида Қутайба за унинг ёронлари ҳақида Ҳажжожга бирор хабар етмаган ва Ҳажжожнинг дили бу томон билан машғул эди; масжидларда қуръон ўқиб, хатмлар қилар ва дуолар ўқир эдилар. Қутайба ва унинг ёронлари яна Бухорога бордилар; бу унинг Бухорога тўртинчи марта келиши эди. У жанг қилар, мол олар, айрим вилоятларни талар, баъзи кишиларни ўлдирар, баъзиларни асир ҳамда қул қилиб олиб шу тарзда то Марвгача борар ва яна Бухоро вилоятига қайтиб келар эди. Худойи таоло Бухорони ҳамма офат ва балолардан сақласин! XX. Бухоронинг Фатҳ Этилиши Ва У Ерда Ислом Динининг Тарқалиши Муҳаммад ибн Жаъфарнинг айтишича, Тағшоданинг онаси бўлмиш хотиннинг эри Бухорхудот ўлганида, унинг ўғли подшодзода (Тағшода) кичик ёшли бўлиб, шу хотин подшоҳлик қилиб турди. Унинг зикри Убайдуллоҳ ибн Зиёд ва Саъид ибн Усмон ибн Аффон,— худо уларнинг иккаласидан рози бўлсин,— ҳақларида сўзланганда баён қилинди. Ислом лашкари ҳар сафар Бухорога келганида ёзда ғазот қилар, қишда эса қайтиб кетар эди. У хотин (Бухорога араблардан) ҳар ким келса у билан озгива уруш қилар, сўнгра сулҳ тузар эди. Унинг ўғли кичик бўлганидан қариндошларининг ҳар бири бу мамлакатни эгаллаш тамаида эди. (Илгари) Бухорхудот Бухорони жанг қилиб олган эди. Бухоро аҳолиси ҳар сафар (ислом лашкари келганида) мусулмон бўлар, араблар қайтиб кетганида эса улар яна диндан қайтар эдилар. Қутайба ибн Муслим уларни уч марта мусулмон қилган, улар эса яна диндан қайтиб кофир бўлган эдилар. Бу тўртинчи марта (келганида) Қутайба жанг қилиб Бухоро шаҳрини олди, кўп қийинчиликлардан кейин (бу ерда) ислом динини юзага чиқарди ва ҳар турли йўллар билан уларга қийинчиликлар туғдириб, дилларига мусулмончиликни ўрнаштирди. Улар эса ислом динини юзаки қабул этиб, ҳақиқатда бутпарастлик қилар эдилар. Қутайба араблар бухороликлар билан бирга яшаб уларнинт хатти-ҳаракатларидан хабардор бўлиб турсалар, улар заруратдан мусулмон бўладилар, деган мақсадда Бухоро аҳолисига ўз уйларининг ярмини арабларга беришга ундаб буйруқ чиқаришни тўғри топди ва шу йўл билан у мусулмончиликни ўрнатди ҳамда шариат ҳукмларини бажаришга уларни мажбур этди. Қутайба масжидлар бино қилди, кофирлик ва оташпарастлик асарларини йўқотди. У кўп жидду-жаҳд қилиб, ҳар кимданки шариат ҳукмларини бажаришда камчилик содир бўлса уни жазолар эди. У масжиди жоме бино қилди ва одамларга жума намозини ўқишга буйруқ берди, токи худойи таоло бу яхши иш савобини Бухоро аҳолиси учун охират захираси қилсин! XXI. Масжиди Жоменинг Бино Этилиши Қутайба ибн Муслим тўқсон тўртинчи йили (7 октябрь 712—25 ноябрь 713) Бухоро ҳисорининг ичида масжиди жоме бино қилди. У жой (илгари) бутхона эди. Қутайба Бухоро аҳолисига ҳар жума куни у ерга йиғилишга буюрди; чунончи, у ҳар жума куни жарчи қўйиб: «Жума намозига ҳозир бўлган ҳар бир кишига икки дирам бераман»,— деб чақиртирар эди. Бухороликлар дастлаб ислом дннини қабул этган пайтларида арабчани ўргана олмаганларидан намозда қуръонни форс тилида ўқир эдилар. Рукуъга бориш вақтида уларнинг орқаларида бир киши туриб, «Бкнитонкинт».— деб сажда қилмоқчи бўлганларида: «Нкуниёнкуни»,— деб қичқирар эди. Муҳаммад ибн Жаъфар ўз китобида мана шундай дейди: «Бухоро масжиди-жомеини кўрдим, унга суратлик эшиклар ўрнатилган бўлиб, суратнинг юзи тарошланган ва бошқа жойлари ўз ҳолича қолдирилган эди. *Мен (бунинг сабабини) ўз устозимдан сўрадим. У айтди: «Мен бу эшик ва бошқалар (ҳақида) эшикларни дастлаб ўрнатган ва кўп умр кўрган бир дурадгор кишидан сўраганимда, у айтган эдики, бухороликлар тил учида мусулмонликка иқрор бўлиб, яширин равишда бутга чўқинар эдилар. Шаҳардан ташқарида етти юзта кўшк бўлиб, уларда бойлар турар эдилар ва улар итоатсизроқ бўлганликларидан масжиди жомега кўп кишилар ҳозир бўлмас эди, ҳалиги икки тангани олиш учун камбағалларгина боришга қизиқар, аммо бойлар эса қизиқмас эдилар. Бир жума куни мусулмонлар кўшкларнинг эшикларига бориб уларни жума намозига чақира бериб зериктирдилар, шунда бойлар кўшк томидан туриб мусулмонларни тош билан урдилар, (икки орада) уруш бўлиб, мусулмонларнинг қўллари баланд келди ва улар бойлар қасрларининг эшикларини кўчириб (Бухорога) келтирдилар. У эшикларга ҳар ким ўзи (чўқинадиган) бутнинг суратини ишлатган эди. Масжиди жоме кенгайтирилган вақтда у эшикларни масжиди жомега ишлатдилар ва эшиклар хунук бўлиб кетмасин учун суратнинг юзинигина қириб ташлаб, бошқа жойларини ўз ҳолича қолдириб қурдилар». Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср бундай дейди: «Ҳозир ўша эшиклардан биттаси сақланиб қолган ва томлардан масжиди жоме эшигига тушиб келаберишингда Хуросон амирининг саройига бормоқчи бўлганингда, биринчи эшикни қолдирсанг, иккинчиси ўша эшиклардан (сақланиб) қолганидир. Унда ҳали ҳам тарошланганлик асари кўриниб турибди. Ҳисор ичида бўлган масжиди жомени Қутайба бино қилган, одамлар унда намоз ўқир эдилар. Мусулмонлик кенг тарқалиб, одамларнинг ислом динига бўлган рағбатлари кундан-кунга ортаборгач, улар бу, масжидга сиғмай қолдилар. (Бу ҳол) Фазл ибл Яҳё ибн Холид Бармакий давригача давом этди. У Ҳорун ар-Рашид замонида Хуросон амири бўлди. Бухоро халқи йиғилдилар ва иттифоқлашиб бир юз эллик тўртинчи йили (24 декабрь 770— 32 декабрь 771) ҳисорнинг (оқава сувлари тушадиган) ҳовузини қазидилар ҳамда ҳисор ва шористон ўртасида масжиди жоме бино қилдилар! Ҳисор масжиди жомесида жума намозини ўқир эдилар.' Масжиди жоме эскиргач ва ҳисор масжиди жомеси бекор қолиб хирож девонига айлангач, катта масжидни қуришда ҳеч ким Фазл ибн Яҳё ибн Холид Бармакий каби кўп саъй-ҳаракат кўргазган эмас у бу ишга кўп мол харж қилган. Ундан, кейин то марҳум амир Исмоил Сомоний давригача ҳар ким бу масжидни кенгайтириб борди. Амир Исмоил кўп уйлар сотиб олди ва масжиди жомени учдан икки ҳиссасича кенгайтирди. Рамазон ойида масжидларга шамдонлар қўйишни дастлаб буюрган киши шу Фазл ибн Яҳё ибн Холид Бармакий эди. Ҳикоят. Айтишларича, Амири саъид Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил даврида, (бир йили) рамазон ойида жума куни халқ масжиди жомега тўлиб турган вақтда масжид бирдан босиб қолиб, кўп кишилар у ерда Ҳалок бўлган, бутун шаҳарда таъзия ўтказилган. Масжид тагида қолганларнинг баъзиларини чиқариб олганларида улар ҳали нафас олиб турар, аммо бир оз вақтдан кейин жон берар эдилар; баъзиларининг қўл ва оёқлари сииган эди. Шаҳар (аҳолисидан) кўп кишилар ҳалок бўлганидан бу ҳодисадан кейин Бухоро шаҳари (қарийб) бўшаб қолди. Шаҳар кишилари (масжидни қайта қуришга) яна жидду-жаҳд кўрсатдилар султоннинг яқин кишиларидан ҳар бири бунга ёрдам берди; марҳум Абу... қози бу ишни бошқариб турди, ниҳоят масжиди жоме бир йил ичида қурилиб битди. Кейинги йили эса у яна бузилиб кетди; қибла (томонининг) ҳар икки ёни йиқилиб тушди. Лекин у ерда одамлар йўқ эдилар. Беш йил муддатда (масжидни) яна қайтадан тузатдилар. Абу Абдуллоҳ ал-Жайҳоний уч юз олтинчи йили (14 июль 918—2 июль 919) холис ўз пулидан минора барпо этди. У ўша вақтда султоннинг вазири эди. Бу масжиди жоме ҳисорга пайваст эди. Токи Иброҳим Тамғочхон ҳукмронлигининг охиригача (шундай турди); у тахтга ўтирди. Тамғочхоннинг Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим номли бошқа бир ўғли бор эди, у Бухорони олишга қасд қилди. Сайфас Бухоро ҳисорини мустаҳкамлади. Шамсулмулк Бухоро ҳисори дарвозасида туриб жанг қилар эди. Масжиди жоменинг минорасидан туриб ҳисорга ўқ отар эдилар ва бундан ҳисор аҳли қийинчилик тортар эди. Шамсулмулк буйруғи билан ҳисордан олов отдилар, миноранинг тепаси ёғочдан ишланган эди у куйди ва ёниб турган ёғочлар масжиди жомега тушиб у ҳам куйди. Малик Шамсулмулк ҳисорни олиб Бухоро мамлакатини қўлга киритгач, масжиди жомени яна тузатишга буюрди ҳамда унинг буйруғига кўра ҳисор билан масжиди жоме ўртасига хандақ қазидилар ва минора тепасини пишиқ ғиштдан ишладилар. Яна Шамсулмулк мақсурани ва ичкарисида мақсура ўрнашган саройни ҳисордан узоқроққа қуришга буюрди. Хожалар ва бойлардан ҳар ким ёрдам берди ва ниҳоят, бу иморатлар қурилиб битди. Масжиди жоменинг бу куйиши тўрт юз олтмишинчи йилда (11 ноябрь 1067—30 октябрь 1068) воқе бўлди, тўрт юз олтмиш биринчи йили (31 октябрь 1068—19 октябрь 1069) эса у қайта тузатилди. Муҳаммад ибн Абу Бакр бундай дейди:. «Ишончли кишилардан эшитишимча, Бухорода мавжуд бўлган бу мақсура, минбар ва меҳробларни подшоҳ Шамсулмулк буйруғи билан Самарқандда ясаб ва нақшлаб Бухорога олиб келганлар». Бу масжид то Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон давригача шу сифатда бўлиб келди, сўнг Арслонхоннинг фармони билан масжиди жоменни унга, масалан, Шамсулмулк вақтида бўлганидек, бирор ҳалал етмасин деб ҳисордан узоқроққа қурдилар, Арслонхон шорнстондан кўп уйларни сотиб олиб, масжиди жоменинг ҳисорга яқинроқ қисмларини (ўша уйлар ўрнига) қуришга буюрди ва ҳисор олдидаги минорани (ҳам) буздириб олиб, уни шористонга ўрнаттирди. Бу каби ғоят даражада гўзал ва яхши минора ҳеч бир жойда бўлмаган. Минора (қурилиши) охирига етиб, унинг тепаси ўрнатилган ва энди битай деб қолган эдики, кўз тегди ва минора қулаб масжиди жоме устига тушди ва масжиднинг учдан бир қисми босиб қолди, нақшланган ва дурадгорлар (ҳунари ишлатилган) ёғочларнинг ҳаммаси синди. Арслонхон иккинчи марта минора кўтаришга буюрди ва энди, у мустаҳкам бўлсин учун, зўр ҳаракат қилиб қурдилар, тепасини пишиқ ғиштдан ишладилар. Арслонхон буларнинг ҳаммасини холис ўз пулига қурдирди. Арслонхон қуришга буюрган у масжиди жоме беш юз ўн бешинчи йилда (22 март 1121—11 март 1122) (қурилган) эди. Бутун масжид (таркиби)да бешта миён сарой бўлиб, улардан шаҳарга яқин турган иккитаси минораси билан Арслонхон томонидан, у катта сарой ва мақсура эса подшоҳ Шамсулмулк томонидан бино қилинган. Булар ўртасида қадимдан қолган иккита миён сарой бўлиб, улардан ҳисор яқинидагиси марҳум амир Исмоил Сомонийдан қолган; амир Исмоил Сомоний уни икки юз тўқсонинчи йили (5 декабрь 902—23 ноябрь 903) қурган. Хуросон амири саройи томонидаги бошқа бирини эса пайғамбарнинг,— унга худо раҳмат ва саломини йўлласин — ҳижрати воқеасидан кейин уч юз қирқинчи йилда (9 июль 951—28 май 952) Амири ҳамид Нуҳ ибн Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил Сомоний бино қилган. XXII. Ийд Намозгоҳи Қутайба ибн Муслим шаҳар ичкарисидаги ҳисорнинг ичида масжиди жоме бино қилган вақтида, одамлар «Регистон» деб атаганлари бўш майдонни ийд намози ўқиладиган жой қилди ва мусулмонларни ийд намозини ўқиш учун ўша ерга чиқарди. У кишиларга (ийд намозига чиқданда) қуролларини ҳам олиб чиқишга буюрди, чунки ислом дини ҳали янги бўлиб, мусулмонлар кофирлардан хотиржам эмас эдилар. (Бу одат) ҳозирда ҳам суннат бўлиб қолган, кимки қурол тақишга қодир бўлса у (ийд намозига) қуролини ўзи билан олиб чиқади. Бу (майдонга кираверишдаги) дарвозани «Дарвозайи Саройи маъбад»,—«Ибодатхона саройи дарвозаси» дейдилар. Бу жой Бухоро амирининг «маъбад ул-хайл-и —«аскарлар ибодатхонаси» бўлган экан. Бу намозгоҳда кўп йиллар давомида ийд намозини ўқиб келганлар. Бу жойга сиғишмай қолганларидаи кейин Амири садид Мансур ибн Нуҳ ибн Наср[111] Самтин (қишлоғи) йўлидаги девор айлантирилган ерлар ва яхши боғларни сотиб олиб, у ерга кўп мол сарфлаб ийд намозгоҳи қилди, чиройли минбар ва меҳроб ишлатди ҳамда (ийд намозида) такбир айтувчи (мукаббир)лар такбир ўқиб кишиларга эшиттирсинлар деб минорачалар қурдирди. Намозгоҳдан Бухоро ҳисори дарвозасигача ярим фарсанг масофа бўлиб, ийд намозида бу ер одамлар билан тўлар эди. Кўп йиллар ийд намозини шу жойда ўқидилар; бу уч юз олтмишинчи йилда (4 ноябрь 970—23 октябрь 971) барпо бўлиб, токи Арслонхон давригача намозгоҳ бўлиб турди. Арслонхон одамлар қийналмасинлар ва бирор душман шаҳарга қасд қилганида аҳоли шаҳарда йўқ вақтга тўғри келиб қолмасин деб, шаҳарга яқин жойда намозгоҳ қилишга буюрди. Дарвозайи Иброҳимда подшоҳларнинг бир боғлари бор эди, уни Шамсобод дер эдилар, бу боғ бузилиб кетган бўлиб, у ерда экин экар эдилар. Турк ҳоқони Арслонхоннинг фармони билан у ернинг ҳаммасини тартибга солиб, теварагига баланд девор урдилар, пишиқ ғиштдан минбар ва меҳроб қурдилар, такбир айтиб турувчилар учун минорачалар тикладилар. Бу (иш) пайғамбарнинг,— худо унга ва хонадонига раҳмат ва саломини йўлласин — ҳижратидан (кейинги) беш юз ўн учинчи йилда (14 апрель 1119—1 апрель 1120) бўлган эди. XXIII. Бухоро Шаҳрининг Араб Ва Ажам Уртасида Тақсимланиши Муҳаммад ибн Жаъфар Хотим ал-фақиҳдан келтириб ривоят қилишича, Қутайба тўртинчи марта келиб Бухорони олганида у (қуйидаги) шартларга биноан сулҳ тузди; бухороликлар ҳар йили икки юз минг дирам халифага, ўн минг дирам Хуросон амирига, уйлар ва экин ерларининг ярмини мусулмонларга берадиган бўлдилар. Яна шаҳардан ташқарида турувчи бухороликлар арабларнинг отлари учун беда, (ўзлари учун) ўтин ва (бошқа) зарур нарсаларни бериб турадиган бўлдилар. Шаҳар ичида кўшклар бор эди; баъзи маҳаллалар қишлоқ сингари тарқоқ ва бир-биридан узоқ эди. Шаҳристоннинг еттита дарвозаси бўлиб, биринчи дарвозани «Дарвозайи бозор»—«Бозор дарвозаси» дер эдилар; у вақтларда бундан бошқа ҳеч бир дарвоза олдида шаҳарга яқин бозор йўқ эди. Ҳозир биз уни «Дарвозайи атторон»—«Атторлар дарвозаси» деймиз. Қутайба шаҳристонни тақсим қилиб, унинг Дарвозайи атторондан кириб келаберишингиздаги жойидан ҳисор дарвозасигача ва ундан то Дарвозайи Нунгача бўлган жойларини арабларнинг рабиъа ва музар (қабилалари)га, қолганини яманликларга бўлиб берди. Шаҳарга кираберишингда чап қўл томондаги биринчи кўчани «Кўйи риндон» —«Бебоклар кўчаси» деб атайдилар: унинг орқасида оташпарастлар калисиё (ибодатхона)си бўлган. Ҳозир у ерда бир масжид бор уни «Масжиди Банн Ҳанзала»—«Ҳанзала авлодининг масжиди» депдилар. Шаҳар дарвозасидан кирганингда ўнг қўлда бир кўча бор, уни Вазир ибн Айюб ибн Ҳассон кўчаси деб атайдилар. Бу кўчани яна «Кох»—«Қаср» кўчаси ҳам дейдилар. Бу Вазир ибн Айюб Қутайбанинг лашкар бошлиқларидан бири бўлиб унинг отаси Айюб Бухоро амири бўлган эди. Бухорода ислом дини ўрнатилгандан кейин Қутайба ибн Муслим томонидан Бухорога дастлаб амир бўлган киши ана шу Айюб эди. Бухоро амирлари ҳамиша шу Кох кўчасида турганлар. Бу ерда Бухоро амирлари учун алоҳида бир сарой бўлган. Хина номлик бир деҳқон бор эди, у ислом динини қабул этгач Аҳмад деб аталди, ана шу Кох кўчасининг ҳаммаси уники бўлиб, шу кўчада бу деҳқоннинг бир қасри бўлган. Бухоро амирлари ҳамиша шу қасрда турар эдилар. У (деҳқон ўлгандан) кейин қаср ўз эгаси қўлидан чиқди. Бир юз эллигинчи йили (6 февраль 767—25 январь 768) у деҳқоннинг Кадрайи Хина номли меросхўрлари, ўша вақтдаги халифа Абу Жаъфар Давонақий[112] олдида, у қасрни ўзлариники деб даъво қилдилар ва ҳужжат кўрсатдилар. (Ҳужжатда кўрсатилган жойнинг) бир тарафи шаҳристоннинг Жўбайи баққолонга ёпишган девори, иккинчи тарафи шаҳристоннинг «Писта шиканон»—«Писта чақувчилар» бозорига пайваст девори, учинчи тарафи эса Нуи дарвозасидан чиққанингда шаҳристоннинг ўртасига боргунинггача бўлган тўғри йўл эди. (Хулласи) Атторлар дарвозасидан то Нур дарвозасигача ҳаммаси бир маҳаллани ташкил этган шаҳристоннинг тўртдан бир қисми ушбу ҳужжатда қайд қилинган эди. Бухоро шаҳри ичидаги мингта дўкон, Бухоро суви ва ислом дини қабул этилгандан кейин вужудга келган Фаровизи Улё суви (ёқасидаги) етмиш бешта хос қишлоқни ҳам халифа олдида даъво қилдилар ва ҳужжатлар кўрсатдилар; гувоҳлар гувоҳлик бердилар; халифанинг буйруғи билан ҳукмнома муҳрлатиб Бухорога олиб келдилар ва (мазкур мулкларнинг) ҳаммасини қайтариб олдилар. Бундан кейин уларнинг болалари (у мулкларни) бўлиб-бўлиб ҳар кимга сотдилар ва охири (мулклар) одамлар қўлида тарқалиб кетди. Атторлар дарвозасидан ўтганингдаи кейин Баний Саъд дарвозаси ва Баний Саъд масжиди келади. Ҳасан ибн Алойи Сўғдий катта (бой) киши бўлиб, шористонда унинг ғоят даражада олий бир кўшки бор эди; ундай кўшк ҳеч бир подшоҳда бўлган эмас, Бу киши Ало кўчасини Дарвозайи Алода барпо қилди ҳамда мана шу (ҳозирги) иҳота қилинган жойни ҳам у барпо этган эди, бу иҳотали ердан унга ҳар ойда бир минг икки юз динорлик ҳосил унар эди. Шористон ичида (ҳам) унинг даромадли жойлари бор эди. Ҳикоят. Хуросон амири бўлмиш Ҳасан ибн Тоҳир[113] даврида, унинг Ҳафс ибн Ҳошим номли бир вазири бор экан. У (айтнб ўтилган) мулкларни ўша эгаларидан сотиб олишни тама қилибди, улар сотмабдилар ва шу сабабдан вазир уларни зиндонга қамаб, кўп қийнапти. Вазир ҳар ҳафтада бир марта уларни ўз ҳузурига чақириб, мулкларига харидорлик қилар, улар сотмагач, зиндонга қайтариб яна кўпроқ азоблашга буюрар экан. Ул беш йил шу тарзда ўтибди ва улар кўп азоб-уқубат тортсалар ҳам, барибир, мулкларини сотмабдилар. Бир куни Ҳафс ибн Ҳошим уларни чиқириб: «Сизлар узоқ вақтлардан бери азобда қолиб келмоқдасиз, охир бундан нима мақсадга эришасиз?»— депти. Ҳасан ибн Ала: «Уч мақсаддан бирига (эришамиз): «Ё сен ўласан, ё тепангдаги амиринг ўлади, ёки биз ўламиз»,— депти. Ҳафс уларни яна зиидонга қамаб кўпроқ азоб беришга буюрибди. Шу гапдан кейии бир ой ўтмасданоқ Хуросон амири ўлибди ва (халқ) қўзғолон кўтариб зиндонни бузибди. Ҳафс ибн Ҳошим эса қочипти ва унилғ саройини талаптилар. Ҳафс шу қочқинликда юрганича ўлипти, Ҳасан ибн Ало эса ўз биродарлари билан Бухорога қайтиб келипти. Баний Саъд дарвозасидан ўтганингдан кейин Баний Асад дарвозаси келади. Буни жоҳилийят замонида «Муҳра дарвозаси» дер эдилар. Бу дарвозадан чиқиб қуйига тушганингда Хуросон амирининг саройи бор. Яна бир дарвоза бор: уни «Кандиз дарвозаси» дейдилар, чунки у дарвозадан чиққанингда ҳисорга дуч келасан. Ҳозир у маҳалла вайрон бўлиб кетган, у маҳаллани Фағсодара дейдилар. Ҳозир гўристонлар ўша томонда, Илгари арабларипнг уйлари ўша дарвоза томонда бўлган. У дарвоза (Бухоро) дарзозаларининг маҳкамроғи бўлиб, узунлиги олтмиш қадам миқдорида катта камари бор, у камар тагида кўпгина уйлар жойлашган. Бу иморатларни Субоштегин номли бир амир қурган. Унинг гўри ҳам шу мавзеда. Яна бошқа бир дарвоза—«Дари Ҳақраҳ»— Ҳақраҳ дарвозаси»дир, Марҳум Хожа имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий[114] ўша маҳаллада турар эди; у киши Бухородан Бағдодга бориб марҳум Имом Муҳаммад Ҳусайн Шайбонийга[115] шогирд бўлган. Бу (Бухоро) вилоятида унга тенг бирор киши бўлган эмас. У Бухоронинг мутааххирлари[116] жумласидан бўлиб ҳам зоҳид, ҳам олим эди. Бухоро ўша киши туфайли «Қуббат ул-ислом»—«Ислом динининг гумбази» деб аталган. Бухоро аҳолисининг илмли бўлишига, Бухорода илм кенг тарқалиши ва имомлар, уламоларнинг ҳурматли бўлишларига у киши сабаб бўлган. Унинг ўғли Абу Абдуллоҳнинг[117] (ҳам) илми шу даражада эдики, (ҳожилар) карвони Ҳаждан қайтиб келаётганида уларнинг уламолари Хожа имом Абу Ҳафс олдига келиб ундан масала сўрар эдилар. Шунда Абу Ҳафс «Ўзинг-ку Ироқдан келяпсан, нима учуи Ироқ олимларидан сўрамадинг?»—деб сўрар, у олим эса: «Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, улар жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога борганингда бу масалани Хожа имом Абу Ҳафс Бухорийдан ёки унинг фарзандларидан сўра!»—дедилар, деб жавоб берар эди. Ана шундан кейин Абу Ҳафс у масалага тўғри жавоб берар экан. Хожа имом Абу Ҳафс ҳар бир кеча-кундузда Қуръонни икки марта хатм қилар ва шу билан бирга, одамларга илм ўргатар эдн. У кексайиб заифлашгач, Қуръонни бир марта хатм қиладиган бўлди. Яна ҳам заифлашиб қолгач, то дунёдан ўтгунига қадар, бир кеча-кундузда қуроннинг ярмини ўқийдиган бўлди. Худо уни ўзининг раҳмат ва ризосига ғарқ этсин! Ҳикоят. Ривоят қилишларича, Яҳё ибн Наср шундай деган: «Мен Хожа Абу Ҳафснинг ҳузурида бўлдим, у эрталабки намозини ўқиб бўлиб, қиблага қараб ўтирар ва бир нарса ўқир эди; кун чиқгач, орқасига қараган зди у илм ўргатадиган қавм (шогирдлар) ҳали келмаган экан; ўрнидан туриб тўрт ракаат намоз ўқиди ва мана шу тўрт ракаат намозда Қуръондан бақара, оли имрон, нисоъ ва моида сураларини қироат қилиб салом бергаинда ҳали ҳам жамоа ҳозир бўлмаган эди, у яна ўрнидан туриб ўн икки ракаат намоз ўқиди ва қуръондан сура ал-раъдгача қироат қилди». Муҳаммад ибн Толут Ҳамалоний «Фасл ил-хитоб» (номли китоб) дан ривоят қилишларича, Бухорода Муҳаммад Толут исмли бир амир бўлган. Бир кун у ўз вазири Хашуяга: «Хожа имом Абу Ҳафснинг зиёратига бориб унинг суҳбатига етишайлик»,— деган. Бу Хашуя Бухоро Саркардаларидан бўлиб, обрўлик эди, у амирга: «Абу Ҳафснинг олдига боришинг яҳши эмас, сен унинг яқинига борганингда салобатидан ҳеч бир сўз айтолмай қоласан»,— деса, амир: «Ҳар нима бўлса ҳам бораман»,—-деган ва вазири билаи бирга Хожа имом Абу Ҳафс олдига борган; у киши масжидда намоз ўқиш билан машғул экан, пешин намозини тугатиб салом берганидан кейин вазир кириб «Амир келган эди, унинг киришига рухсат борми?»— деб сўраса; «Бор»,— деган. Абу Ҳафс қиблага қараб ўтирган экан, амир кириб унга салом бериб ўтирипти-ю, ҳеч бир сўз айта олмапти. Марҳум Хожа: «Нима иш билан келдинг?»—депти. Шунда амир гапирмоқчи бўлиб ҳар қанча уринса ҳам гапира олмабди. Амир Хашуяни кўрганида у амирдан: «Хожа Абу Ҳафс қандай экан?»— деб сўраса, амир: «Сен айтгандек экан, унинг олдида ҳеч гап гапира олмай ҳайронликка тушиб қолдим, неча марта ҳалифа ҳузурига бориб у билан сўзлашганман, халифанинг ҳайбати мени сўзлашишдан тўхтата олмаган эди, бу ерда эса у кишининг салобатидан сўз айта олмай қолдим»,— деган. Зоҳид ва олим киши бўлган Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан ривоят қилишларича, у қуйидагиларни айтган эмиш: «Тушимда пайғамбарни — унга худонинг раҳмат ва саломи бўлсин — Бухорода Харқон бозорида кўрдим,— Харқон бозори Муғлар кўчасининг бошидан то Деҳқонлар кўчасигача бўлган жой, уни қадим вақтларда Харқон бозори дер эдилар,— пайғамбарни кўрдимки, у хабарда келтирилган ўша туяга минган ва бошига оқ кулоҳ кийган эди, унинг олдида кўп халқ туришиб пайғамбарнинг —унга худонинг саломи бўлсин — келганлигига хурсандчилик қилишар ва пайғамбарни — унга худонинг раҳмати бўлсин — қаерга туширамиз?»—дер эдилар, шунда уни марҳум Хожа имом Абу Ҳавфснинг уйига туширдилар. Мен Хожа Абу Ҳавфсни кўрдим, у пайғамбарнинг,— унга худонинг раҳмат ва саломи бўлсин — ҳузурида ўтириб китоб ўқир эди. Пайғамбар,— унга худонинг саломи бўлсин,— уч кун унинг уйида бўлдилар. Абу Ҳафс китоб ўқир, пайғамбар,— унга худонинг саломи бўлсин, тинглар эди, шу уч кун ичида пайғамбар унга ҳеч эътироз билдирмади ва (ўқиганларининг) ҳаммасини тўғри топти». Марҳум Хожа Абу Ҳафснинг саройи, кишилар у жойни қанчалик тузатиб турганликларига қарамай, бу кунгача сақланиб қолган эмас, лекин ундан (айрим) нишоналаргина боқийдир, савмаа — ибодат қилинадиган жой ҳам у уйда ўз ўрнида турибди ва дуо қабул бўладиган жойдир. Унинг вафоти икки юз ўн еттинчи йилда (832) эди. Қабри Дарвозайи навда, дуо қабул бўладиган жой деб машҳур. У тепаликни Хожа имом Абу Ҳафс тепалиги дейдилар. У ерда масжидлар ва ибодатхоналар бўлиб, ҳамиша мужовирлар[118] келиб турадилар. Халқ унинг гўри тупроғини табаррук деб билади. У жойни «Хақраҳ дарвозаси» дейилишига сабаб шуки, одамлар ўша ерда, марҳум Хожа Абу Ҳафс ҳузурига келиб фатво олар эдилар ва бу фатвони ҳақ деб билар эдилар ва шу жиҳатдан улар Ҳақраҳни «ҳақ» деб атаганлар[119]. Еттинчи дарвозани «Дарвозайи нав»—«Янги дарвоза» дейдилар, шу маънидаки, у шористон дарвозаларининг энг охиргисидир. Бу дарвозадан ичкари кирганингда ўнг қўл томонда, Хожа Абу Ҳафс саройининг яқинида қурайшийларнинг масжиди бор; уни «Қурайшийлар масжиди» дейилишига сабаб шуки, Муқотил ибн Сулаймон ал-Қурайший шу ерда бўлган. Бу Муқотил Ҳайённинг устозидир, Ҳайён эса Талҳат ибн Ҳубайрат аш-Шайбонийнинг устози эди. Ҳайён улуғ ва қадрли киши бўлган. У Хуросонга борган ва кофирлар Қутайбани Бухоро дарвозаси олдида қуршаб олган вақтда Қутайба билан Сўғд малики Тархун ўртасида сулҳ тузган. Кейин ана шу Ҳайён Фарғонада аскар шайлаган ва бу аскар Қутайбани ўлдирган[120]. Ҳавзи Ҳайён унинг номига қўйилган. Қутайбанинг қабри Фарғонада машҳур бўлиб, у «Работи Сарҳанг» деган жойда, Коҳ деб аталадиган бир қишлоқда ўрнатилган. Вилоятлардан одамлар зиёрат учун ҳамиша у ерга бориб турадилар. Қутайба шаҳид этилганида у эллик беш ёшда эди. Худо ундан рози бўлсин. XXIV. Сомонийлар Ва Уларнинг Насаби Ҳақида Асад ибн Абдуллоҳ ал-Қушайрий Хуросон амири қилиб тайинлангач, Хўросонга келди ва бир юз олтмиш олтинчи йилда (15 август 782—4 август 783)[121] дунёдан ўтгунича ўша ерда бўлди. Айтишларича, у яхши ишларни қилувчи ва баҳодир киши бўлиб, кўнгли араблар ҳам ерли халқларнинг қадим улуғ оилаларига ғамхўрлик қилишга ва аслзодаларни дўст тутишга мойил эди. Сомонийларнинг бобоси бўлмиш Сомонхудот Балхдан қочиб Марвга, унинг олдига келганида у Сомонхудотни иззатлади ва ҳимоя қилди, унинг душманларига қаҳр қилиб Балхни унга қайтариб берди[122]. Сомонхудот унинг қўлида (ислом динини) қабул этди. Унинг Сомонхудот дейилишига сабаб шуки, у бир қишлоқ барпо қилиб, унга Сомон деб ном берди ва Бухоро амирини Бухорхудот деб атаганларидек уни ҳам шу қишлоқ номи билан (Сомонхудот деб) атадилар. Сомонхудотдан бир ўғил туғилганида у Асад Қушайрийни дўст тутганидан ўғлига Асад исмини берди. Шу Асад Амири мозий, (яъни) марҳум амир Исмоил Сомонийнинг бобосидир. Исмоил Асаднинг ўғли, Асад Сомонхудотнинг ўғли, Сомонхудот эса Баҳром Чўбин маликнинг авлодларидандир. Ўша вақтдан бошлаб сомонийлар давлати кундан-кунга ривож топиб, ниҳоят етган мартабасигача етди. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Насрнинг айтишича, Муҳаммад ибн Жаъфар ўз китобида Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Лайсий ва Абу-л-Ҳасан Майдонийдан[123] келтириб мана шундай ривоят қилган: Асад ибн Абдуллоҳ ал-Қушайрий замонида бир киши чиқиб Бухоро аҳолисини (ислом динига) даъват қилган. Бухороликлар бундан олдинроқ зиммий бўлиб, жизя тўлаб турар эдилар[124]. (Ҳалиги кишининг даъватига) бир жамоа одамлар ижобат этиб мусулмон бўлдилар. Бухоро подшоҳи Тағшода эди. У ўзи яширин равишда кофир бўлганлиги учун бундан ғазабланди ва Хуросон амири Асад ибн Абдуллоҳга (қуйидагича) хат ёзди: «Бухорода бир киши пайдо бўлиб, вилоятни бетинч қиляпти ва бир гуруҳни бизга қарши кўтарди; у гуруҳ биз мусулмон бўлдик деб ёлғон айтадилар, улар тилларидагина мусулмон бўлганлар, дилларида эса ўзларининг ўша илгариги эътиқодлари билан машғуллар, Шу баҳона билан улар вилоят ва мамлакатни бетинч қилмоқдалар ва хирож тўламаяптилар». Шу сабабли Асад ибн Абдуллоҳ ўзининг солиқ йиғувчиси Шарик ибн Ҳарисга хат ёзиб унга: «Ўша одамларни қўлга олиб Бухоро подшоҳига топшир, токи у нимани хоҳласа шуни қилсин»,— деб буюрди. Айтишларича, у гуруҳ масжидда бўлиб ҳаммалари баланд овоз билан «Ашҳаду ан ло илоҳа иллоллоҳу ва ашхаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу»,— дейишар ва «во Муҳаммадо», «во Аҳмадо» деб фарёд қилишар эканлар. Тағшода Бухорхудот уларнинг калласини олар ва уларга шафқат қилишни сўрашга ҳеч ким ботина олмас эди. Ниҳоят уларга юз кишининг бошини олдирди ва дорга остирди, қолганларинн эса Асад ибн Абдуллоҳ номидан асир қилиб,унинг олдига Хуросонга юборди. Бу жамоадан ҳеч бири ислом динидан қайтмади; кимки (тирик) қолган бўлса, у ислом динида қолди, Асад ибн Абдуллоҳ бу жамоани ислом динидан қайтармади ва Тағшода Бухорхудот ўлганидан кейин у жамоа Бухорога қайтиб келди. Яна худо билимдонроқ. XXV. Наср (Ибн Сайёр Зикри)[125] Ва Тағшоданинг Ўлдирилиши Мана шу бир юз олтмиш олтинчи йили (15 август 782—4 август 783) Асад ибн Абдуллоҳ ўлди ва Ҳишом ибн Абдулмалик ибн, Марвон[126] Хуросонга амир қилиб Наср ибн Сайёрни тайинлади ва унга Хуросонни идора қилиш учун фармон юборди. У Мовароуннаҳрга келиб турклар билан ғазот қилди ва Фарғонани фатҳ этиб уларни тарқатиб юборди, ўзи эса Самарқандга қайтди. У Самарқандга етиб келганида, Тағшода Бухорхудот унинг олдига борди. Наср (ибн Сайёр) унинг қизини ўзига сўратганлиги боисидан уни иззат-ҳурмат қилар эди. Тағшода Юқори Хунбундаги «Кораки алавиён»—«Али авлодининг экинзори» деб аталган ерларни унга берган эди. Тағшода Наср ибн Сайбрнинг олдига келганида у ўз саройининг дарвозасида ўтирган эди. Шу вақт рамазон ойи бўлиб, кун ботиш пайти эди. Наср ибн Сайёр Бухорхудот билан сўзлашиб турган эди, Бухородан иккита деҳқон келди. Улар иккови ҳам Бухорхудотнинг қариндошларидан ва бузургзодалардан бўлиб, Наср ибн Сайёр қўлида ислом динини қабул этган эдилар. Улар Наср ибн Сайёр ҳузурида Бухорхудот зулмидан шикоят қилиб: «Бухорхудот бизнинг қишлоқларимизни тортиб олди»,— дедилар. Бухоро амири Восил ибн Амир ҳам шу ерда эди, унинг зулмидан ҳам шикоят қилиб: «Булар иккови бир-бирини қўллаб одамларнинг мулкларини тортиб олмоқдалар»,— дедилар. (Шу вақт) Тағшода Наср (ибн) Сайёрга секин-секин (бир нарсани) сўзлар эди, улар бундан: «Тағшода Наср ибн Сайёрдан бизни ўлдиришни илтимос қиляпти»,— деб гумон қилдилар ва иккаласи (бир) қарорга келиб, бир-бирларига: «Бухорхудот бизни ўлдирмоқчи экан, биз (ундан олдинроқ) ўз кўнглимизни бир қувонтирайлик»,—дедилар. Тағшода Наср (ибн) Сайёрга: «Эй амир! Булар иккаласи сенинг қўлингда ислом динини қабул этган эдилар-ку, нима, учун улар белларига ханжар боғлаганлар?»— деган эди, Наср ибн Сайёр улардан: «Нима учун белингизга ханжар боғлаб олдингиз?»—деб сўради, улар: «Бухорхудот билан бизнинг орамизда адоват бор, биз ўзимизни ундан хотиржам деб ҳисобламаймиз», деб жавоб беришди. Наср (ибн) Сайёр Ҳорун ибн Сиёвушга буюриб уларнинг белларидан ханжарларини ечтирди ва ғазаб билан қаради. У икки деҳқон нарироқ туриб уларни ўлдириш чорасини кўрдилар. Наср ибн Сайёр намоз ўқимоққа туриб такбир туширди ва имомликка ўтиб намоз ўқишга бошлади. Бухорхудот эса намоз ўқимай курсида ўтирар, чунки у ҳалигача яширин равишда кофир эди. Наср ибн Сайёр намоздан фориғ бўлгач, сарпардага кирди ва Тағшодани чақирди. Тағшода сарой дарвозасига келганида оёғи тойилиб йиқилди, (шу пайт) у икки деҳқоннинг бири югуриб келди-да, Бухорхудотнинг қорнига пичоқ уриб, қорнини ёрди. Иккинчи деҳқон эса хануз намоз ўқишни давом эттираётган Восилнинг олдига бориб унннг қорнига ханжар урди; Восил уни кўргаи заҳотиёқ тезда қилич уриб, у деҳқоннинг калласини узиб ташлади ва уларнинг ҳар иккаласи ҳам бир вақтда ўлдилар. Бухорхудотга ханжар урган деҳқонни Наср (ибн) Сайёрнинг фармони билан ўлдирдилар. Бухорхудотни эса дарҳол саропардага олдилар. Наср (ибн) Сайёр уни ўзининг ўрнига суянтириб ўтирғизди ва тажрибали табиб чақириб уни даволашга буюрди. (Шунда) Бухорхудот васият қилар эди, бир соат вақт ўтгач, жон берди, унинг хизматкорлари кирдилар ва гўштини ажратиб (ташлаб) суягини Бухорога олиб келдилар. У ўттиз икки йил подшоҳ бўлиб турди. Наср (ибн) Сайёр Восил ибн Амирга жаноза ўқиб ўз саропардасига кўмдирди. Бишр ибн Тағшодани Бухорхудотликка ўтирғизди ва Холид ибн Жунайдни Бухорй амирлигига тайинлади. Яна худо билимдонроқ. XXVI. Шарик Ибн Шайх Ал-Маҳрий[127] У араблардан бўлиб Бухорода яшаган ва жанговар киши бўлган. У шийъа мазҳабидан эди. У одамларни Амирул-муъминин Алининг,—худо ундан рози бўлсин,— авлодидан (бирини) халифа қилишга чақирар ва: «Биз марвонийлар[128] қийноғидан эндигина қутулдик, аббосийлар[129] зулмига тутилишимиз керак эмас, пайғамбарнинг халифаси пайғамбар авлодидан бўлиши керак»,— дер эди. Унпнг атрофига кўп халқ йиғилди. Бухоро амири Абдулжаббор нбн Шуайб эди, у Шарикка байъат қилди. Хоразм амири Абдумалик ибн Ҳарсама ҳамда Барзам[130] амири Муҳаллад ибн Ҳусайнлар ҳам унга байъат қилиб иттифоқлик билдирдилар ва ҳаммалари Шарикнинг чақириғини ошкора қилишга ва кимки уларга қарши келса уруш қилишга қарор бердилар. Бу хабар Абу Муслимга[131] бориб етди, у Зиёд ибн Солиҳни ўн минг киши билан Бухорога юборди ва унга: «Амуга етганингда ўша ерда тўхтаб, айғоқчиларингни юбор, улар исёнкор Шарик аҳволидан хабар берсинлар, Бухорога эҳтиётлик билан юргин»,— деб таъкидлади. Марҳум Абу Муслимнинг ўзи Марвдан чиқиб Омуй йўли билан бир манзил юриб Кашмизда[132] лашкаргоҳ қурди ва ҳар томондан лашкарини йиғиб Зиёд ибн Солиҳга: «Мен шу ерда тураман, агар сенга (яна) лашкар керак бўлиб қолса хабар бер, мен юбораман»,—деди. Зиёд Бухорога (яқин) келиб лашкаргоҳ қурди. Шарик иба Шайх (ҳам) кўп сонли лашкар билан Бухоро дарвозасида лашкаргоҳ қурди; бутун Бухоро аҳолиси Абу Муслимга қарши урушиш учун Шарикка иттифоқлик билдирдилар. Ўттиз етти кун давомида урушдилар, Шайх ўғли ғалаба қозонмаган ҳеч бир кун бўлмади, Зиёд ибн Солиҳ лашкаридан эса ҳар куни кўп кишилар ўлар ва асир тушар эди. Ниҳоят Ҳайёни Набатийнинг устози Сулаймон Қурайший беш юз аскар билан шаҳар дарвозасига борди. Ҳамза Ҳамадоний Бухоро шаҳаридан унга қарши чиқди. Сулаймон тўрт юз кишини пистирмага яшириб қўйиб, ўзи юз киши билан Ҳамза Ҳамадонийга қарши урушга юрди. Ҳамза унинг аскари шу миқдордан ортиқ эмас деган гумон билан яқин келиб жанг бошлаган эди, у тўрт юз киши пистирмадан чиқиб Ҳамза аскарларининг кўпини ҳалок қилдилар, қолганлари шаҳарга қочишди. Қутайба ибн Тағшода Бухорхудот ўн минг одам билан келиб сипоҳ аломатини ошкора қилди[133] ва Зиёд ибн Солиҳ билан биргаликда (Шарикка қарши) жангга киришди. Унинг буйруғи билан кўшкларнинг дарвозаларини очдилар. Бухоро шаҳрининг дарвозасида етти юзта кўшк бор эди, унинг фармони билан кўшкдагилар ҳам сипоҳ аломатини ошкоро қилдилар. Бу кўшклардаги кишилар шаҳардагилардан кўра кўп эди. Лекин шаҳарда ерли халқ билан бирга араблар турар, кўшкларда эса араблардан бирор киши ҳам йўқ эди. Бухорхудот қишлоқ халқига ва кўшкларда турувчиларга Шарик лашкарига дарвозаларни беркитишни, уларга озиқ-овқат ва ем-хашак бермасликни, озиқ-овқат ва ем-хашакни Зиёд лашкаргоҳига олиб боришни буюрди. (Шундай қилиб) ҳар йўл билан Шарик лашкарига қийинчилик туғдирдилар ва Шарик лашкари тангликда қолди: ўзлари оч қолдилар, отлари (ҳам) ем-хашаксиз қолиб урушга ярамади. Улар тадбир кўришиб, бизга шаҳардан озиқ-овқат ва ем-хашак еткизишар, шаҳардан бошқа лашкарлар ҳам чиқиб бизга қўшилар деган умид билан шаҳар дарвозасига яқинроқ боришга, орқа томонни шаҳаргаю юзни душманга қаратишга қарор қилдилар. Лекин йўлда Зиёд ва Бухорхудотнинг лашкаргоҳи бўлганлиги туфайли кундузи юришга имконият топмай, кечаси йўлга чиқдилар. Шаҳардан бир фарсанг узоқликдаги масофага етганларида Зиёд бундан хабардор бўлиб қарши чиқди ва уларнинг йўлларини тўсди. Икки лашкар қаттиқ жанг қилдилар; Зиёд ва Бухорхудот лашкари мағлубиятга учради. Бухорхудот (Зиёдга): «Яхшиси шуки, биз душман лашкарининг орқа қисмига ҳужум қилайлик; агар биз уларнинг олдиларига ўтсак улар (лашкарнинг) бирор жойига ҳужум қилиб (ёриб) ўтадилар ва бизнинг ишимиз оғирлашади. Агар биз орқадан ҳужум қилсак, уларнинг олдимги қисмлари ўзини шаҳарга олган бўлади-ю, (лекин) тезлик билан қайтиб жангга киришишга (мажбур бўлади), бу эса биз учун қўл келади»,— деди. Ана шу маслаҳатни амалга ошириб, Зиёд ва Бухорхудот лашкарлари орқада қолдилар ҳамда (душман лашкарининг) баъзи қисмлари олдинга қараб жўнаган пайтда орқа қисмларига ҳужум қилиб уруш бошладилар; лашкарлар йўл-йўлакай жанг қилиб Навкандага яқинлаб етдилар. Бухорхудот Зиёд ибн Солиҳга: «Бу қавм очиқиб қолган, улар бу йил узум ва қовун кўрганлари йўқ, еганлари ҳам йўқ, улар Навкандага етганларида ўз ҳолларига қўяйлик, токи улар узум, қовунга овора бўлиб қолсинлар ва олдинги қисмлари шаҳарга етиб олсин, ана шунда биз уларга ҳужум қиламиз», -деди. Шарик лашкари Навкандага етгач узум, қовун ва (бошқа) мева қидириб тарқалиб кетди; унинг олдинги қисми эса шаҳарга етган эди. Шу вақт Бухорхудот ва Зиёд уларга ҳужум қилиб кўп кишини ўлдирдилар, қолганлари қочиб кетишди. Шу аснода у жамоани (ўз мазҳабига) даъват қилаётган Шарик ибн Шайх отидан йиқилди ва ўлдирилди. Зиёд ибн Солиҳ ҳозирда «Масжиди Мағок» деб аталадиган Мох дарвозасига — анҳор лабига келиб тушди ва шаҳарга ўт қўйишга буюрди; шаҳар уч кеча-кундуз давомида ёнди. Зиёд: «Ҳар ким шаҳардан чиқса унга омонлик берилади»,— деб жар чақиртирди; улар шаҳардан чиқсинлар деб лашкарни шаҳардан узоқроққа қўйган эди. Шарикнинг ўғли ва унинг лашкар бошлиқларидан бири шу кечаси шаҳар дарвозасига келган эдилар, ҳар иккаласини ҳам тутиб Зиёднинг олдига олиб бордилар ва унинт фармони билан икковини дорга осдилар. Шундан кейин шаҳар халқи қўрқиб қолиб бу чақириқка ташқари чиқмадилар. Уч кундан кейин Зиёд шаҳар дарвозасига келиб Бухорхудотнинг Регистондаги ҳисор дарвозасида бўлган кўшкига тушди ва лашкарига шаҳар дарвозасига боришга буюрди. Яна уруш бошланиб, жанг қилишар ва шундай такбир айтар эдиларки, ундан ер ларзага келар эди. Жанг қаттиқ бўлди. Танилган машҳур кишилардан бир қанчаси шаҳардан чиқдилар. Атторлар дарвозасида уруш бўлди ва шаҳар аҳолисидан кўп киши ўлдирилди. Зиёднинг буйруғи билан шаҳар аҳолисидан кимники тутсалар шаҳар дарвозасида дорга оса бердилар ва ниҳоят шаҳарни олдилар. Бухоро ишидан хотиржам бўлгач, Зиёд Самарқандга кетди. У ерда кўп урушлар қилди ва яна Хуросон томонга қайтиб кетди. Яна худо билимдонроқ. XXVII. Муқаннанинг Хуружи Ва Унинг Тобелари Оқ Қийимлиқлар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Насрнинг айтишича, Муҳаммад ибн Жаъфар бу фаслни ўз китобида келтирган-у, лекин тўла баён этган эмас. «Ахбори Муқанна» (номли китоб)нинг муаллифи Иброҳим ва Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийларнипг айтишларича[134], Муқанна Марв атрофи аҳолисидан, Коза деб аталган қишлоқдан бўлиб, номи Ҳошим ибн Ҳаким эди. У илгари кудунггарлик қилар эди, кейин эса илм ўрганишга машғул бўлди ва ҳар хил илмларни: кўзбўямачилик, сеҳр ва тилсим илмларини ўрганди. Кўзбўямачиликни яхши билиб олиб, пайғамбарлик даъвосини ҳам қилди ва уни Маҳдий ибн Мансур[135] ҳижратнинг бир юз олтмиш еттинчи йилида (5 август 783—23 июль 784) ўлдирди. Муқанна кўзбўямачиликни ўрганган ва ғоятда зийрак бўлиб қадимги (олимлар) илмларига оид кўп китобларни ўқиган ва жодугарликда устоз бўлган эди. Унинг отасининг номи Ҳаким бўлиб, у Абу Жаъфар Давонақий давридаги[136] Хуросон амири лашкарбошиларидан бири эди, У Бадхдан чиққан эди. Ҳошим ибн Ҳакимни Муқанна дейишларига сабаб шу эдики, у жуда хунук, боши кал ва бир кўзи кўр бўлганидан ҳамиша боши ва юзига кўк парда тутиб юрар эди. Шу Муқанна Аббосийлар даъватчиси Абу Муслим замонида Хуросон лашкарбошиларидан бири бўлиб, Абдулжаббор Аздийга[137] вазир бўлди ва пайғамбарлик даъвосини қилди ва бир қанча вақт шу даъвода турди. Абу Жаъфар Давонақий одам юбориб уни Марвдан Бағдодга олдириб келди ва бир неча йил давомида зиндонда тутди. Шундан кейин у зиндондан қутулиб яна Марвга қайтиб келди ва одамларни йиғиб: «Менинг ким эканимни биласизми?»—деб сўради. Одамлар: «Сен Ҳошим ибн Ҳакимсан»,— дедилар. У: «Янглишдингиз, мен сизнинг ва бутун оламнинг худосиман»,— оғзига тупроқ.— ва яна: «Ўзимнн қандай ном билан аташни истасам атайбераман»,— деди ҳамда; Мен халққа ўзимни Одам (ато) суратида, кейин Нуҳ суратида, кейин Иброҳим суратида, кейин Мусо суратида, сўнг Исо суратнда, кейин Муҳаммад мустафо,— худо унга раҳмат ва саломини йўлласин,—суратида, кейин Абу Муслим суратида кўрсатган зотман, энди эса мана ўзингиз кўриб турган суратдаман»,— деди, Одамлар: «Бошқалар пайғамбарлик даъвосини қилган эдилар, сен эса худолик даъвосини қилаяпсан»,— дедилар. Муқанна: «Улар нафсоний эдилар, мен эса руҳонийман ва уларнинг (баданлари) ичида эдим, менда шундай қудрат борки, ўзимни қандай суратда кўрсатишни истасам шундай суратда кўрсата бераман»,— деди. Муқанна ҳар бир вилоятга нома ёзиб, ўзининг доий (ташвиқотчи) ларига берди. Номага мана шуларни ёзди: «Раҳмли ва меҳрибон тангри номи билан, саййидлар саййиди Ҳошим ибн Ҳакимдан фалончи ўғли фалончига, ҳамд худога бўлсин, ундан бошқа худо йўқ. У Одамнииг ҳам, Нух, Иброҳим, Исо, Мусо, Муҳаммад ва Абу Муслимларнинг ҳам худосидир. Сўнгра (сўз шуки), қудрат. эгалик, иззат ва ҳужжат Муқаннаникидир; менга имон келтиринг ва билингки, подшоҳлик менга хос,— унга лаънатлар бўлсин,— азизлик ва худолик меники, мендан бошқа худо йўқ,— оғзига тупроқ —кимки менга имон келтирса, жаннат ўшаники, кимки менга имон келтирмаса дўзах уники». У ҳали Марвда турган вақтидаёқ ҳар ерга доийларини юборди ва кўп халқни йўлдан оздирди. Марвда арабладан Абдуллоҳ ибн Амин номли бир киши бор эди, у Муқаннага имон келтирди ва қизини унга хотинликка берди. Ана шу Абдуллоҳ Жайҳундан ўтиб Нахшаб ва Кеш[138] шаҳарларига келди ва ҳар ерда халқни лаьнати Муқанна динига чақириб, кўп кишини йўлдан оздирди. (Бундайлар) Кеш шаҳарида ва унинг қишлоқларида кўпроқ эди. Дастлаб Муқанна динига кирган ва унинг динини юзага чиқарган қишлоқ Кешнинг Субах номли қишлоғи бўлиб, қишлоқ аҳолисининг улуғ кишиси Умар Субахий эди. Улар қўзғолон кўтардилар. Уларнинг амири араблардан бўлиб, порсо бир киши эди, уни ўлдирдилар. Сўғднинг кўпчилик қишлоқлари Муқанна динига кирди, Бухоро қишлоқларидан кўп кишилар кофир бўлиб, кофирликни ошкор қилдилар. Ниҳоят бу фитна улғайиб кетди ва мусулмонлар учун қаттиқ бало бўлди; (муқанначилар) карвонларни уриб қишлоқларни талар ва кўп вайронгарчиликлар қилар эдилар. Муқаннанинг Мовароуннаҳрга бориш сабаби бундай эди: Муқанна воқеаси хабари Хуросонга ёйилгач, Хуросон амири бўлган Ҳумайд ибн Қаҳтаба уни тутишга буюрди. Муқанна эса ўз қишлоғидан қочиб, беркиниб юрар эди. Охири Муқаннага Мовароуннаҳр вилоятида кўп халқ унинг динига киргани ва шу диннинг тарқалгани маълум бўлди ва у Жайҳундан ўтишга қасд қилди. Хуросон амири: «Жайҳун дарёси лабида уни соқчилар пойлаб турсинлар»,— деб буюрган эди; Муқанна Жайҳун дарёсидан ўтмоқчи бўлса уни тутиб олиш учун юзта отлиқ аскар Жайҳун қирғоғида юқори ва қуйи томон ҳамиша юриб турдилар. Муқанна ўттиз олти киши билан Жайҳун дарёси лабига келиб сол тайёрлаб Жайҳундан ўтди ва Кеш вилоятига борди. У вилоят Муқаннага бўйсунди ва халқ унга рағбат қилди. (Шу вилоятдаги) Сом тоғи тепасида ғоятда мустаҳкам бир ҳисор бўлиб, унда оқар сув, дарахтлар ва экин ерлар бор эди. Бу ҳисор (ичида) ундан ҳам мустаҳкамроқ яна бир ҳисор бор эди. Муқанна уни тузатишга буюрди ва уни тузатдилар. Муқанна у ерга кўп мол ва беҳисоб озиқ-овқат йиғди. Соқчилар тайинлади. Оқ кийимликлар кўпайишиб кетдилар ва мусулмонлар уларга қарши тадбир қўллашдан ожиз қолдилар. Бу овоза Бағдодга бориб етди; ўша вақтда Маҳдий халифа эди, у жуда қайғуриб, Муқаннага қарши курашиш учун кўп лашкар юборди ва охири бу фитнани даф қилиш мақсадида ўзи ҳам Нишопурга келди. Маҳдий ислом дини хароб бўлиб Муқанна дини бутун дунёга тарқалиши хавфидан қўрқар эди. Муқанна туркларни чақирди ҳамда мусулмонларнинг қони ва молини улар учун ҳалол қилиб (ҳукм чиқарди). Туркистондан тллончилик тамасида кўп лашкар келди. Улар вилоятларни талар, мусулмонларнинг хотин ва болаларини асир қилиб олар, ўлдирар эдилар. Улар дастлаб Бухорода пайдо бўлдилар. Муқаннанинг ҳаммаслаклари бўлган оқ кийимликлардан бир гуруҳи Нумижкат деб аталган бир қишлоққа бордилар ва кечаси масжидга кириб муаззинни ўн беш киши билан биргаликда ўлдирдилар; бутун қишлоқ аҳолисини ҳам ўлдирдилар. Бу воқеа бир юз эллик тўққизинчи йилда (31 октябрь 775—18 октябрь 776) содир бўлди. (Бу вақтда) Бухоро амири Ҳусайн ибн Маоз эди. Муқанна тоифасининг катталаридан бухоролик Ҳаким (ибн) Аҳмад номли бир киши бўлиб. у билан бирга яна учта лашкарбоши бор эди. Улардан бирининг номи Хашвий, иккинчисиники Боғий бўлиб, бу иккови Фузайл кўшкидан эдилар. Учинчисининг номи — Гирдак; у Ғиждувон қишлоғидан эди. Буларнинг ҳар уччаласи ҳам жанговар кишилар бўлиб айёр, босқинчи ва ўғри эдилар. Уларнинг қишлоқ аҳолисини ўлдирганлиги хабари шаҳарга етгач, Бухоро аҳолиси жам бўлдилар ва амирнинг олдига бориб: «Бу оқ кийимликлар билаи албатта жанг қилишимиз керак»,— дедилар. Бир юз эллик тўққизинчи йил ражаб ойида (апрель—май 776) Ҳусайн ибн Маоз ўз лашкари билан ва Бухоро қозиси Омир ибн Умар ибн Имрон Бухоро аҳолиси билан чиқиб Наршах қишлоғига бордилар,— ҳозир бу қишлоқни Наржақ дейдилар,—ва оқ кийимликлар қаршисида лашкаргоҳ туздилар. Шунда Бухоро қозиси: «Биз уларни ҳақ динга чақирамиз, улар билан урушиш биз учун муносиб эмас».— деди. Кейин қози яхши тадбиркор одамлар билан бирга уларни ҳақ динга чақириш учун қишлоққа кирди. Оқ кийимликлар: «Биз бу сиз айтаётган нарсаларни билмаймиз»,— деб кундан-кунга кофирликларини кучайтирдилар ва насиҳатни қабул қилмадилар. Шундан кейин жанг бошланиб кетди. Биринчи бўлиб оқ кийимликларга ҳамла қилган киши араблардан Наим ибн Саҳл номли киши эди. У кўп урушлар қилиб бир қанча кишини ўлдирди ва охир ўзи ҳам ўлдирилди. Оқ кийимликлар енгилдилар, улардан етти юз киши ўлдирилди ва қолганлари қочдилар. Шу билан ўша кун тамом бўлди. Эртасига тонг отгач, оқ кийимликлар элчи юбориб мусулмонлардан омон сўрадилар ва: «Биз мусулмон бўлдик»,— дедилар. Мусулмонлар улар билан сулҳ тузиб, сулҳнома ёздилар ва уларга бундан буён йўлкесарлик қилмаслик, мусулмонларни ўлдирмаслик, ўз қишлоқларига тарқалиш, ўз амирларига бўйсуниш шартларини қўйиб худо ва пайғамбар аҳдини уларга маҳкам юкладилар. Шаҳарнинг ҳамма катталари сулҳномага қўл қўйдилар. Мусулмонлар қайтиб кетгач, улар аҳдларидан қайтиб яна йўлкесарлик билан машғул бўлдилар. Улар мусулмонларни ўлдирлр ва эндигина бош тортган кўк экин (дон)ларни Наршах ҳисорига олиб кетар эдилар. Мусулмонларнинг иши қийинлашди. Халифа Маҳдий ўз вазири Жабраил ибн Яҳъёни Муқаннага қарши урушга юборди. У Бухорога келиб Муқаннага қарши жангга юриш учун Дарвозайи Самарқандда лашкаргоҳ қурди. Ҳусайн ибн Маоз унинг олдига бориб: «Сен (аввал) оқ кийимликларга қарши урушда менга ёрдам бер, бу ишдан бўшагач, биз сен билан бирга Муқаннанинг (ўзига) қарши урушга борамиз»,— деди, Жабраил бу таклифни қабул этди-да, лашкарини оёққа турғизиб Наршах қишлоғига борди, қишлоқ атрофига ҳандақ қазишга буюриб, ҳандақ ичини лашкаргоҳ қилди; оқ кийимликлар кечаси чиқиб ҳужум қилиб қолмасинлар деб лашкарига ҳушёр бўлиб туришга буйруқ берди. Худди у айтгандек бўлиб чиқди; оқ кийимликлар дастлабки кечадаёқ қишлоқдан чиқиб ҳужум қилиб кўп вайронлик келтирдилар. Бухоро амири Ҳусайн ибн Маоз Жабраилга кўп меҳрибонлик кўрсатиб, ундан то бу иш тамом бўлгунича Кешга кетмай Бухорода бўлишини сўради. Жабраил урушни бошлаб юборди. Тўрт ой мобайнида эртаю кеч узлуксиз урушдилар, оқ кийимликлар ғалаба қозонмаган бир кун ҳам бўлмади. Мусулмонлар чорасиз қолиб тадбир излашга тушдилар. Молик ибн Форим: «Мен бир тадбир кўрсатаман»,— деди-да, лашкаргоҳдан то ҳисор деворигача ариқ кавлашга буюрди ва у ерга қуролли кишиларни юбориб қанча жой кавласалар уни чўп, қамиш ва тупроқ билан мустаҳкамлаб беркитиб боришга буюрди. (Шу тарзда) ҳисор девори тагигача қазиб етдилар ва (ҳисор девори тагини) эллик газ миқдорида кавлаб устунлар қўйиб маҳкамладилар. Эллик газ жой кавланиб бўлгач, уни ўтин билан тўлғизиб нефть сепдилар-да, у устунлар ёниб қўрғон девори йиқилсин деб ўт қўйиб юбордилар. Аммо олов ёнмади, чунки олов ёниши учун унга шамол тегиши керак. Ҳисор ичнда эса шамол ўтадиган йўл йўқ эди. Ҳисорнинг таги кавланган минорасига палақмонларни тўғрилаб қўйиб тош отган эдилар, тешик очилиб шамол чиқишга йўл топди, олов олиб устунлар ёндн ва ҳисор деворининг эллик газча жойи йиқилди. Мусулмонлар қиличбозликка киришиб кўп кишини ўлдирдилар, қолганлар омонлик тилаб, илгариги аҳдномага мувофиқ мусулмонларни ранжитмаслик, ўз қишлоқларига қайтиб кетиш, ўз улуғларини халифа олдига юборилишига (рози бўлиш) ва ўзлари билан, бирга қурол-яроғ олиб юрмаслик шартлари билан сулҳ туздилар ва (қишлоқдан) ташқари чиқиб ҳандакдан ўтдилар. (Аммо) улар яширин суратда қуролга эга эдилар. Оқ кийимликларнинг каттаси бўлган Ҳакимни Жабраил ўз ўғли Аббосга топшириб: «Буни олиб бориб саропардага қўй ва яширин равишда ўлдир»,— деди. Унинг амрига мувофиқ иш қилиб Ҳакимни саропардага олиб бордилар. Оқ кийимликлар узоқдан (қараб) турган эдилар. Жабраил саропардага борган эди, оқ кийимликлар Ҳакимнинг дўсти бўлган Ҳашвийни юбориб у орқали Жабраилга: «Биз Ҳакимни олмасдан кетмаймиз»,— дедилар. Ҳашвий янги этик кийган эди. У Жабраилга шу сўзларни айтиб турган эдики, Жабраилнинг ўғли Аббос келиб: «Ҳакимни ўлдирдим»,—деди. Жабраилнинг буйруғи билан дарҳол Ҳашвийни отдан тушириб ўлдирдилар. Оқ кийимликлар қичқиришиб қуролларини қўлга олдилар ва жанг бошланиб кетди. Жабраил бутун лашкарини отга минишга буюрди. Илгаригидан кучлироқ уруш бўлди. Қаттиқ жанглар қилдилар ва охири оқ кийимликлар яна енгилиб, улардан кўп халқ ўлдирилди, тирик қолганлара қочдилар. Наршах қишлоғининг ҳукмдори бир хотин киши эди, унинг эрининг номи Шараф бўлиб Абу Муслимнинг лашкарбошиси бўлган ва марҳум Абу Муслим уни ўлдирган эди. Бу хотинни Жабраилнинг олдига олиб келдилар, у билан амакисининг бир кўр ўғли бирга келди, у бағоят палид ва бадкор эди. Жабраил у хотинга: «Абу Муслимнинг гуноҳидан кеч!»—деди. Хотин: «Абу Муслим деб мусулмонларнинг отасига айтилади, менинг эримни ўлдиргандан кейин у мусулмонларнинг отаси бўладими?!»—деди. Жабраилнинг буйруғи билан хотинни белидан икки бўлиб ташладилар ва амакисининг ўғлини ҳам ўлдирдилар (Ҳакимиинг лашкар бошлиқларидан бири бўлган) Гирдак Муқаннанинг олдига кетди. Улардан бири — Боғий эса урушда ўлдирилди. Жабраил Сўғд оқ кийимликларнинг дилларига қўрқинч солиш учун ўлдирилган (бошлиқ)лар калласини Сўғдга олиб борди. Сўғд аҳолисига Муқаннанинг лашкар бошлиқларидан Сўғдиён номли бир киши амир бўлган эди; Сўғд аҳолиси у билан иттифоқ бўлдилар. Жабраил Сўғд аҳолиси билан кўп урушди ва охири Бухоро аҳолисидан бир киши Сўғдиённи ўлдирди ва бу қавм тарқалиб кетди. Жабраил у ердан Самарқандга борди ва то Маоз ибн Муслим Хуросонга амир бўлгунига қадар[139] турклар ва оқ кийимликлар билан кўп урушлар қилди. (Маоз ибн Муслим) бир юз олтмиш биринчи йилда (9 октябрь 777—27 сентябрь 778) Марвга келди ва бу ердан иш бошлаб Омуй биёбонига кириб кетди. Бухорога етганида Бухоро аҳолиси (орасидаги) деҳқонлар жангчи кишиларни йиғдилар; беш юз етмиш минг киши йиғилди. Маоз ибн Муслимнинг фармони билан уруш қуролларини кўплаб тайёрладилар; у ҳунармандларнинг лашкар ичида иш берадпган ҳар бир жинсидан уч минг ишчи кишини тешалар, беллар, тўқмоқ ва болталар билан таъминлаб муҳайё қилиб қўйди; палақмонлар, нарвонлар ва девор тешадиган қуроллар ишлатди ва энг яхши қуроллантирилган лашкар билан Сўғдга қараб юзланди. Сўғдда оқ кийимликлар кўп эдилар, турк лашкари ҳам кўп келган эди. Ҳарийнинг[140] амири Ҳарийдан ўн мингта қўй олиб келган эди, ўзи билан бирга олиб юрди. Маоз ибн Муслим унга: «Душманимиз турклар бу ерда бизга яқин жойда туриптилар, улар қўйни жуда яхши кўрадилар, бу қўйларни Бухорода қолдир ёки менга сот, мен уларни лашкарга тақсим қилиб берайин!»—деса у рози бўлмади. Турк аскарларидан бир тўдаси чиқиб ҳужум қилдилар-да, ҳамма қўйларни Арбинжон билан Зармон[141] ўртасидаги бир манзилга олиб кетдилар. Турклар кетидан лашкар борган эди уларнинг ҳам баъзиларини ўлдирдилар, баъзилари эса мағлубиятга учраб қайтиб келдилар. Маоз ибн Муслим Сўғд ва Самарқандга бориб турклар ҳамда оқ кийимликлар билан икки йилгача кўп урушлар қилди, гоҳ у ва гоҳ душман ғалаба қозонар эди. Икки йилдан кейин у Хуросон амирлигидан истеъфо берди ва Мусайяб ибн Зуҳайр ал-Забий Марвда бир юз олтмиш учинчи йил жумод ал-аввал ойида (январ— феврал 780) Хуросонга амир бўлди ва ражаб ойида (март—апрел 780) Бухорога келди. Шу вақт Бухоро амири Жунайд ибн Холид эди, уни Хуросон амири Хоразмга юборди. Бухорода Муқанна саркардаларидан, бўлган Кулортегин номли бир саркарда бор эди, у лашкар ва мулозимлар тузиб Мусайяб билан урушлар қилди. Ҳикоят: Муҳаммад ибн Жаъфарнинг ривоят қилишича, Муқанна лашкаридан моварауннаҳрликлар, турклар ва бошқалардан иборат эллик мингги унинг ҳисори дарвозасига йиғилиб, сажда ва зорий қилиб ундан дийдор кўрсатишни сўрадилар. Ҳеч бир жавоб ололмагач, яна сўрашда давом этиб: «Ўз эгамизнинг дийдоринн кўрмас эканмиз, бу ердан қайтиб кетмаймиз»,— дедилар. Муқаннанинг Ҳожиб номли бир қули бор эди, Муқанна унга: «Бандаларимга,—оғзига тупроқ,— айт, Мусо мендан дийдор кўрсатишни сўради, тоқат қилолмаслиги сабабли кўрсатмадим. Мени кўрган ҳар бир киши тоқат қилолмай дарҳол ўлади»,— деди. Улар ялиниб-ёлвориб яна сўрайбердилар ва: «Биз дийдор истаймиз, агар ўлсак, бу айни муддао»,— дедилар. Муқанна: «Фалон куни келинг сизга дийдор кўрсатаман»,— деб ваъда берди. Шундан кейин Муқанна ҳисорда ўзи билан турадиган хотинларга буюрди, улар Сўғд, Кеш ва Нахшаб деҳқонларининг қизларидан иборат бўлиб, юзта хотин эдилар. Муқаннанинг шундай одати бор эди: қаерда хушрўй хотин бўлса унга хабар берар эдилар ва Муқанна уни олдириб келиб ўзи билан бирга сақлар эдн, Ҳисорда у билан бирга шу хотинлар ва ўша хос қулдан бошқа ҳеч ким бўлмас эди. Ҳисордагиларнинг озиқ-овқат каби эҳтиёжлари бўлса, ҳар куни бир марта ҳисор дарвозаси очилар, ташқари томонда эса бир вакил бўлиб, у керакли нарсаларии тайёрлар, ҳалиги қул вакилни чақириб у нарсаларни ҳисор ичкарисига олиб киргач, яна ҳисор дарвозасини беркитар ва то иккинчи кунгача Муқаннанинг хунук юзини ҳеч ким кўрмас эди. Чунки у юзига кўк парда тутиб юрар эди. Шундай қилиб, у ўша хотинларнинг ҳар бирига ойна олиб ҳисорнинг тепасига чиқиб бир-бирининг рўбарўсида туришга ва қуёш нури ерга тушган пайтда барча ойналарни қўлга олиб бетафовут бир-бирига рўбарў қилиб тутишга буюрди. Халқ тўпланган эди. Қуёш нури ойналарга тушгач, унинг акси билан ўша жой нурга тўлиб кетди. Шу вақт Муқанна қулига: «Ана қаранг! Худо ўз юзини кўрсатяпти деб бандаларимга айт»,— деди. Тўпланган халқ қараб, бутун жаҳоннинг нурга тўлганини кўриб қўрқдилар ва ҳаммалари бирдан сажда қилиб: «Эй худо! Қудратинг ва улуғлигингни шунчалик кўрганимиз етади, бундан кўпроқ кўрсак юрагимиз ёрилади»,— дедилар. Улар ҳануз саждада эканлар, Муқанна яна қулига: «Саждадан бошларингизни кўтаринг! Худо сиздан рози ва гуноҳларингизни кечди деб умматларимга айт»—деди. У жамоа қўрққан ва ваҳимага тўлган ҳолда бошларини саждадан кўтардилар. Шу вақт Муқанна: «Ҳамма вилоятларни сизлар учун ҳалол қилдим. Кимки менга имон келтирмаса унинг қони, моли ва фарзандлари сиз учун ҳалол»,— оғзига тупроқ,— деди. Шундан кейин у жамоа талончиликка юз ўгирди. Бу жамоа бошқалар олдида фахрланиб: «Биз худони кўрдик»,— дер эди. Муқаннанинг ҳалок бўлиш сабаби. Ҳирот амири бўлган Саъид кўп лашкар билан Муқанна ҳисорининг дарвозасига келиб қўнди[142], уйлар ва ҳаммомлар қуриб ёзин-қишин шу ерда бўлдилар. Ҳисорнинг ичида чашма, дарахтлар ва экинзорлар бор эда. Муқаннанинг хос кишилари ва снпоҳи солорлар кучли лашкар билан ҳисор ичида эдилар. Ҳисор ичкарисида, тоғ тепасида яна бошқа бир ҳисор бўлиб, у ҳисорга ҳеч кимга йўл йўқ эди. Муқанна ўша хотинлар билан (шу) ҳисорда турар эди. Унинг одати шундай эдики, ҳар куни ўша хотинлар билан бирга овқатлаиар ва улар билан шароб мажлисига ўтириб шароб ичар эди. Шу тартибда у ўн тўрт йил ҳаёт кечирди. (Охири) Ҳирот амири унинг ишини оғирлаштириб, лашкарлари тарқалиб кетди, ҳисорда бўлган сипоҳи солор эса ҳисор дарвозасини очди ва бўйсуниб ташқари чиқди; ислом динини қабул этди. Мусулмонлар ҳисорни олдилар. Муқанна ички ҳисорни сақлаб қололмаслигини тушунди. Муҳаммад ибн Жаъфарнинг Кеш деҳқонларидан бўлган Абу Али Муҳаммад ибн Ҳорундан ривоят қилишича, Абу Али шундай деган; «Менинг бувим Муқаннанинг ўзи учун олиб келиб ҳисорда сақлаб турган хотинлари жумласидан бўлган экан. У шундай ҳикоя қилар эди: «Бир куни Муқанна хотинларни ўз одати бўйича овқат ейишга ва шароб ичишга ўтирғизиб, шароб ичига заҳар солдида, ҳар бир хотин учун биттадан хос қадаҳ тутқизиб айтди: «Мен ўз қадаҳимдаги шаробни ичганимда сизлар ҳам қадаҳларингизни бутунлай бўшатишингиз лозим». Ҳамма хотинлар ичдилар, мен эса ичмасдан шаробни кўйлагим ёқасига тўкдим, Муқанна буни пайқамади. Ҳамма хотинлар (ҳушсиз) йиқилиб ўлдилар; мен ҳам ўзимни уларнинг орасига ташлаб ўлганга солиб ётдим. Муқанна менинг ҳолимдан бехабар эди. Кейин Муқанна ўрнидан туриб қараб, ҳамма хотинларнинг ўлиб ётганини кўрди-да, ўз қулининг олдига борди ва қилич билан унинг калласини кесди. Муқаннанинг фармони билан уч кундан бери тандир қизитаётган эдилар. Муқанна ўша тандир олдига бориб кийимини ечди ва ўзини тандирга отди. Тандирдан бир тутун чиқди. Мен у тандир олдига бориб унинг вужудидан ҳеч асар кўрмадим. Ҳисорда бирор тирик киши йўқ эди. Унинг ўзини ўзи куйдиришига сабаб шу эдики, у ҳамиша: «Қачон бандаларим менга бўйсунмасалар мен осмонга чиқиб у ердач фаришталарни олиб келаман ва уларни бўйсундираман»,— дер эди. Халқ: «Муқанна фаришталарни олиб келиб бизга осмондан ёрдам бериш учун осмонга чиқиб кетди; унинг дини дунёда (абадий) қолади»,— десин деб Муқанна ўзини ўзи куйдирди. Кейии у хотин ҳисор дарвозасини очди ва Саъид Ҳараший кириб у ердаги хазинани олди». Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср шундай дейди: «Бу қавмдаа Кеш ва Нахшаб вилоятида, Кўшки Умар, Кўшки Хиштивон ва Зармон қишлоғи каби Бухоро қишлоқларида ҳозирда ҳам сақланиб келмоқда. Улар ўзлари Муқаннанинг ким эканлигидан бутунлай хабарсиз бўлсалар ҳам унинг ўша динидалар. Уларнинг тутган йўллари шуки намоз ўқимайдилар, рўза тутмайдилар ва жунуб бўлганларида ғусил қилмайдилар, лекин омонатга хиёнат қилмайдилар. Бу одатларининг ҳаммасини мусулмонлардан яширин тутадилар ва мусулмонлик даъво қиладилар. (Яна) айтадиларки улар: «Хотин худди гулга ўхшайди, уни ким ҳидласа ҳам (барибир) камайиб қолмайди»,— деб хотинларини бир-бировларига ҳалол ҳисоблайдилар. Бирор киши бирор хотиннннг олдига хилватга кирганида уй эшигида белги қолдиради; у хотиннинг эри келиб қолгудек бўлса хотини уйда бошқа киши билан бирга эканлигини билиб қайтиб кетади ва у киши хилват ишидан фориғ бўлгандан кейингина ўз уйига киради. Ҳар бир қишлоқда уларнинг раислари бўлади ва ҳаммалари унинг фармонига бўйсунадилар. Ҳикоят. Айтишларича, уларда ҳар бир қишлоқда биттадан '(тайинлаб қўйилган) киши бўлиб, шу қишлоқда кимки қизга уй-ланмоқчи бўлса қизнинг бакоратини аввал ўша киши кеткизади, шундан кейингина қизни эрига топширадилар. Аҳмад ибн Муҳам-мад ибн Наср шундай дейди: «Мен қишлоқ кексаларидан шун-дай улуғ неъмал-ни у бир кишига бериб қўйиб бошқалар ўзларинн ундан маҳрум қилишларида қандай маъни бор?»— деб сўрага-нимда кексалар: «Уларнинг одатлари шуки, балоғатга етган ҳар бир йигит то бир хотинга уйлангунича ўша одам билан ўз эҳтиё-жини қондириб юради ва бунинг эвазига у йигит ўз хотинининг аввалги кечасини ўша одамга беради. У одам кексайиб қолгани-да эса унинг ўрнига бошқа бирини тайинлайдилар. Бу қишлоқнинг эркаклари ҳамиша ўша одам билан шу муомалани қилади-лар. Шу иш билан шуғулланувчи кишини «такона» деб атайди-лар»,— деб жавоб бердилар. Лекин мен бу ҳолнинг ҳақиқатидан воқиф бўлолмадим. Бу ҳикояни қишлоқнинг кексаларидан ва (му-қанначилар)нинг қишлоқларида яшовчи жамоатдан эшитдим. Худоё, бизни бундан сақлагин! XXVIII. Сомонийлар Ҳукмдорлигкнинг Бошланиши[143] Сомонхудотнинг бир ўғил кўрганлиги ва Асад ибн Абдуллоҳ Қушайрийни дўст тутганидан, ўғлига Асад деб ном берганлиги ҳяқида юқорида айтиб ўтилган эди. Асаднинг тўрт ўғли бор эди: Нуҳ, Аҳмад, Яҳё ва Илёс. Рофе ибн Лайс Ҳорун ар-Рашидга қарши хуруж қилиб Самарқандни олганида Ҳорун ар-Рашид Ҳарсама ибн Аъяини Рофе ибн Лайсга қарши урушга юборди. Рофе Самарқандни ҳисор қилди ва Ҳарсама уни қўлга олишдан ожиз қолди. Бу ҳодиса сабаб ли Маъмун Ҳорун ар-Рашид билан бирга Хуросонга келган ва Ҳоруннинг дили шу иш билан ғоят даражада машғул эди. Маъмун Асаднинг ўғилларига хат ёзиб, уларга Рофе билан урушда Ҳарсамага ёрдам беришни буюрди. Асад ўғилларининг даъватига кўра Рофе Ҳарсама билан сулҳ тузди ва улар ўртасида қуда-андалик вужудга келиб, Ҳорун бу ишдан хотиржам бўлди. Рофенинг буткул Хуросонни олиб қўйиш хавфи бор эди, (шунинг учун) бу сулҳнинг тузилиши Маъмун учун жуда ёқиб тушди. Ҳорун мана шу сафар вақтида Тусда вафот этди[144]. Маъмун халифаликка ўтиргач[145], Ғассон ибн Уббод Хуросонга амир бўлди. Маъмун унга Асад ибн Сомонхудотнинг ўғилларига Хуросоннинг айрим шаҳарлари ҳукмронлигини беришни буюрди: Ғассон ибн Уббод уларнинг ҳар бирига ўша қилган яхшиликлари эвазига биттадан эътиборли шаҳарни берди: Нуҳ ибн Асадни Самарқандга, Аҳмад, ибн Асадни Марвга амир қилиб тайинлади. Бу (воқеа) икки юз иккинчи йилда (20 июль 817—9 июль 818) бўлган эди. Ғассон Хуросон амирлигидан бекор этилиб[146] Тоҳир ибн Ҳусайн Хуросон амири бўлганда[147] ҳам Тоҳир у вилоятларни Асаднинг ўғиллари қўлида қолдирди ва уларнинг энг каттаси бўлган Нуҳ ибн Асадга сарпо кийгизди. Нуҳ ибн Асад то дунёдан ўтгунигача Самарқандда бўлди ва биродари Аҳмад ибн Асадни (ўз ўрнига) халифа қилди. Аҳмад ибн Асад олим ва порсо бир киши эди, у то вафот этгунигача[148] Самарқандда бўлди ва (вафоти вақтида) ўғли Наср ибн Аҳмад ибн Асадни ўз ўрнига халифа қилди. У отасининг ўрнига ўтиргач, икки юз эллик биринчи йили рамазон ойининг бошида (29 сентябрь 865) шанба куни унинг номига халифа Восиқ биллоҳдан7 Мовароуннаҳрнинг амирлиги унга берилганлиги тўғрисида фармон келди. XXIX. Амири Мозий Абу Иброҳим Исмоил Ибн Аҳмад Ас-Сомоний Ҳукмронлигининг Бошланиши У сомонийлар сулоласи султонларининг аввалгиси бўлиб, ҳақиқатан ҳам подшоҳликка лойиқ ва ҳақли эди. У ақлли, адолатли, шафқатли, фикр ва тадбир эгаси бир киши эди; ҳамиша халифаларга итоат изҳор қилар ва уларга тобе бўлишни зарур ва лозим биларди. У икки юз саксон еттинчи йили раби ал-охир ойининг (апрель, 900) ўртасида шанба куни Амр ибн Лайсни Балхда асир этиб[149] мамлакатга эга бўлди ва саккиз йил подшоҳлик қилди. Икки юз тўқсон бешинчи йили (12 октябрь 907—29 сентябрь 908) Бухорода худонинг раҳматига етишди. Худо уни раҳмат қилиб гуноҳларини кечирсин. Амири мозий икки юз ўттиз тўртинчи йил шаввол ойида (апрель—май 849) Фарғонада туғилди, ўн тўрт ёшга етганида отаси вафот этди. Катта акаси амир Наср уни жуда улуғ тутар, у ҳам амир Насрнинг хизматини қилар эди. Ҳусайн ибн Тоҳир ат-Тонй икки юз олтмишинчи йили раби ал-охир ойида (январ—февраль 874) Хоразмдан Бухорога келганида у билан бухороликлар ўртасида урушлар бўлиб, беш кундан кейин у шаҳарни олди, бухороликларни шаҳар ва қишлоқда туришдан ман қилди ва кўп кишини ўлдирди; хоразмликларга босқинчилик қилишга рухсат берди. Улар бухороликларнинг нарсаларини мусодара қилар, кечаси зўрлик билан уйларига бостириб киришар, оғир жнноятлар қилиб мол олар эдилар. Бухоро аҳолиси Ҳусайн ибн Тоҳирга қарши урушга чиқди, кўп киши ўлдирилди ва шаҳарнинг учдан бир қисми куйди. Урушда шаҳар аҳолисининг қўли баланд келгач, Ҳусайн ибн Тоҳир жарчи қўйиб аҳолига омонлик эълон қилди. Жам бўлиб урушга тайёр турган халқ омонлик хабарини эшитиб тарқалди; баъзилар қишлоққа кетдилар. Ҳусайн ибн Тоҳир халқ тарқалиб кетганини билиб қилични ишга солди ва кўп кишини ўлдирди, Халқ яна (унга қарши) қўзғолди ва Ҳусайн ибн Тоҳир енгилди. Кун бўйи уруш қилдилар, кеч бўлгач Ҳусайн кўшкнинг дарвозасини маҳкам беркитди. Халқ уни ушлаб олиш учун кўшк дарвозасини қўриқлаб турар эди. Ҳусайн ибн Тоҳир Бухоро хирожини тамом олган, унинг ҳаммаси ғидрифий дирам бўлиб сарой ўртасига тўкиб қўйилган эди. Ҳусайн ибн Тоҳир бу ғидрифийларни кумушга алмаштириб олмоқчи эди-ю, бунга вақт топа олмади ва ўша кечаси деворни тешиб ўзннинг яқин кишилари билан оч ва яланғоч ҳолда қочиб кетди; у ғидрифий дирамлар (саройда) қола берди. Одамлар бундан хабардор бўлиб саройга кирдилар ва у пулларни таладилар. Кўп кишилар ўша молдан шундай бой бўлиб кетдиларки, бойлик асари улларнинг авлодларига ҳам қолди. Шаҳарда: «Фалончи Ҳусайн ибн Тоҳир саройининг бойи»,— дейишар эди. Шундай қилиб, Ҳусайн ибн Тоҳир қочди, ундан кейин ҳам Бухоро аҳолиси бошида бошқа ҳар хил можаролар ва ҳар кимлар билан урушлар кўп воқе бўлди. Бухоронинг аҳли илм ва яхши кишилари марҳум Хожа Абу Ҳафс Кабирнинг ўғли Абу Абдуллоҳ ал-фақиҳнинг ҳузурига йиғилдилар. У жасоратли киши эди. Бухоро ишлари бўйича у билан маслаҳат қилдилар. Хуросонда бирор амир йўқ эди. Яъқуб ибн Лайс[150] зўрлик билан Хуросонни олган ва Бухорода Рофе ибн Ҳарсама у билан урушаётган эди. Хуросонда ҳам нотинчлик бўлиб, Бухоро бу тўполонлардан хароб бўлаётган эди. Шундай қилиб, Хожа Абу Ҳафснинг ўғли Абу Абдуллоҳ Самарқандга Наср ибн Аҳмад ибн Асад ас-Сомонийга— у Самарқанд ва Фарғонанинг амири эди — хат ёзди ва ундан Бухорога амир юборишини сўради. Наср ибн Аҳмад ўз биродари Исмоил ибн Аҳмадни Бухорога юборди. Амир Исмоил Карминага етгач, бир неча кун у ерда туриб, Бухорога, Бухоро амири Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Хаворижийга элчи юборди. Унинг элчиси бир неча марта бориб-келиб турди ва охири амир Исмоил Бухорога амир, Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Хаворижийнинг эса унга халифа бўлишига қарор қилинди. Ҳусайн Хаворижийнинг лашкари бу қарорга бўйсунди. Амир Исмоил Хаворижийни ўзига халифа тайин қилганлиги ҳақида фармон билан байроқ ва сарпо юборди. Хаворижийни шу байроқ ва сарпо билан Бухоро шаҳрида айлантирдилар. Бухоро аҳолиси шодлик кўрсатди. Ўша куни сешанба куни эди, жума куни хутбани Наср ибн Аҳмад номига ўқидилар ва Яъқуб ибн Лайс номини хутбадан туширдилар. Бу воқеа амир Исмоилнинг Бухорога киришидан олдин бўлиб, ўша жума куни икки юз олтмишинчи йил муборак рамазон ойининг биринчи жумаси (23 июль 874) эди. Абу Ҳафс Кабирнинг ўғли,— худо уларни раҳмат қилсин,— унинг истиқболига чиқди. Бухоронинг араб ва бошқалардан иборат улуғ одамлари у билан бирга Карминагача бордилар. Абу Абдуллоҳ буйруғи билан шаҳарни ясатдилар. Амир Исмоил Бухорога келганидан пушаймон эди. Чунки унинг лашкари оз, Бухорода эса тўполон ва ғавғо кўтарилган эди; ўзига нисбатан бухороликлар дилдан қандай муносабатда экани унга маълум эмас эди. Абу Абдуллоҳ ибн Хожа Абу Ҳафс (истиқбол учун Бухородан) чиқиб Карминага келгач, амир Исмоилнинг дили қувват топди; Абу Абдуллоҳ ҳар нима қилса ҳам шаҳар аҳолиси уни қайтара олмаслигини билиб, ўз қарорини қатъий қилди. Абу Абдуллоҳ унга кўп мадҳлар айтиб дилини қувватлантирди. Амир Исмоилни Бухорога олиб келгач, уни улуғлаб, ҳурмат кўрсатдилар, шаҳар аҳолиси (Абу Абдуллоҳнинг) буйруғи билан унинг устидан кўп тилла ва кумуш сочдилар. Амир Исмоил Ҳусайн ал-Хаворижийни тутиб зиндонга юборди ва худойи таолонинг қудрати билан у ғавғо тинчиди. XXX. Амир Исмоилнинг Бухорога Кириши (Бу воқеа) икки юз олтмишинчи йил муборак рамазон ойининг ўн иккинчиси (1 июль, 874) душанба кунида содир бўлди ва шу сабабли шаҳар тинчиди, Бухоро аҳолиси қийинчиликдан қутулиб роҳатга етишди. Шу йили Мовароуннаҳрнинг Жайҳун дарёсидан тортиб то Машриқ шаҳарларининг энг йироғигача бўлган барча ерлар ҳукмронлиги амир Наср ибн Аҳмадга берилганлиги ҳақида халифа Муваффақ биллоҳдан фармон келтирдилар ва Бухорода хутбани амир Наср ибн Аҳмад ва амир Исмоил номига ўқидилар. Яъқуб иби Лайс Саффорнинг номи хутбадан туширилди. Амир Исмоил бир муддат Бухорода турди ва ундан кейин ўз биродарининг ўғли Абу Закариё Яҳё ибн Аҳмад ибн Асадни Бухорога ўз ўрнига халифа қилиб қолдириб, амир Насрнинг буйруғисиз Самарқандга борди. Рабинжонга етганида амир Наср бундан хабар топиб, унинг рухсатсиз келишини ёқтирмади ҳамда кутиб олишга буйруқ берса ҳам, ўзи истиқболга чиқмади ва ҳеч ҳурмат билдирмади. Унинг фармони бўйича амир Исмоилни Самарқанд ҳисорига тушириб. Самарқанднинг соқчибошилик мансабини унга бердилар. Амир Наср унга аччиқ қилганича юра берди. Амир Исмоил унинг олдига саломга бориб турди, (ваҳоланки) у Бухорога боришидан олдин бундай қилмас эди. Муҳаммад ибн Умарни унга халифа қилиб тайинладилар. Амир Исмоил саломга келиб бир қанча вақт турар ва яна қайтиб кетар, амир Наср эса унга ҳеч бир- сўз сўзламас эди. Шу аҳволда ўн уч ой ўтди. Охир у ўз амакисининг ўғли Нуҳни ва Абдулжаббор ибн Ҳамзани ўртага қўйди, (амир Наср) уни яна Бухорога юбориб, Исмат ибн Муҳаммад ал-Марвазийни унга вазир, Фазл ибн Аҳмад ал-Марвазийни эса дабир[151] қилиб тайинлади. Энди амир Наср Самарқанднинг барча улуғлари ва эътиборли кишилари билан бирга уни кузатишга чиқди. Шу аснода амир Наср Абдулжаббор ибн Ҳамзага қараб: «Е Абул-Фатҳ! Бу гўдакни (Бухорога) юборяпмиз-у, лекин ундан нима (яхшилик) кўрмоқчимиз?»—деди. Абдулжаббор: «Бундай дема, у сенинг қулинг, сен нима буюрсанг, шуни қилади, ҳаргиз сенинг хилофингга иш тутмайди»,— деди. (Амир Наср) бунга жавобан: «Ҳақиқатан ҳам шу менинг айтаётганимдек (бўлади)»,— деди. Абдулжаббор: «Сен нимага асосан бундай ҳукм чиқардинг?»—деб сўраган эди, Амир Наср: «Мен унинг кўзлари ва шакл-шамойилида хилофлик ва исён (аломатларини) кўраман»,— деб жавоб берди ва (Самарқандга) қайтди. Амир Исмоил Бухорога етгач, Бухоро аҳолиси унинг истиқболига чиқиб зўр иззат билан шаҳарга олиб кирди. (Шу вақтларда) ўғрилардан бири бир тўда халқни ўз атрофига тўплаган, қишлоқнинг бебош ва безориларидан тўрт мингта одам жам бўлган эди. Улар ҳаммаси Ромтин билан Баркад ўртасида йўлтўсарлик қилар ва шаҳарга қасд қилишлари хавфи ҳам яқин эди. Амир Исмоил ўзининг соқчибошиси Бухоро деворини қурган ва (ҳозирда) «Кўйи Ало»— «Ало кўчаси» унинг номи билан аталадиган Ҳусайн ибн Алони у ўғриларга қарши урушга юборди. Бухоро аҳолисидан улуғлар ва саркардалар унга ёр бўлдилар ва бориб уруш қилиб ўғриларни мағлуб этдилар. Ҳусайн ибн Ало ўғрилар устидан ғалаба қозониб, уларнинг бошлиғини тутиб ўлдирди ва унинг бошини олиб келди унга ёр бўлган бир гуруҳ кишиларни ҳам тутиб олди. Амир Исмоил уларнинг (қўлларини) боғлаб Самарқандга юборди. Бу ишдан фориғ бўлганларида Ҳусайн ибн Тоҳир яна Бухорога қасд қилиб икки минг киши билан Омуяга келганлнги ҳақида хабар қилдилар. Амир Исмоил эплай олганича лашкар жам қилиб урушга жўнади. Ҳусайн ибн Тоҳир икки минг хоразмликлар билан Жайхундан ўтди деган хабарни етказдилар. Амир Исмоил отга миниб унга қарши чиқди. Қаттиқ жанг қилдилар. Ҳусайн ибн Тоҳир енгилди, унинг лашкаридан баъзиси ўлдирилди, баъзиси сувга ғарқ бўлди ва етмиш киши асир тушди. Бу амир (Исмоил) қилган урушларнинг дастлабкиси эди. Эрталаб бўлгач, амир Исмоил асирларни чақириб ҳар бирига биттадан карбос чопон берди ва қайтариб юборди. Ҳусайн ибн Тоҳир Марвга қараб кетди ва амир Исмоил Бухорога қайтди. Шунда ўз ҳукмдорлиги аҳволи ҳақида ўйлаб, ўзининг Бухоро саркардалари ҳузурида у қадар баланд ҳурмати йўқлигини, улар кўзида салобатсиз эканлигини, уларнинг жам бўлишларидан ўзига бирон манфаат етмаслигини билди-да, мана шундай иш қилишни тўғри топди: Бухоро саркардаларидан бир гуруҳини чақириб уларга: «Мен учун Самарқандга бориб, амир Наср ҳузурида менинг номимдан узр сўрашингиз лозим»,— деди. Улар «Эшитамиз ва бўйсунамиз»,— дедилар-да, бир неча кун рухсат беришини сўрадилар ва ундан кейин жўнаб кетдилар. У гуруҳ амир Исмоилдан илгари Бухоро амирлари бўлиб келган эди. Абу Муҳаммад Бухорхудот ўзи Бухоро подшоҳи эди, Абу Ҳотам Ясорий эса ғоят даражада бой бўлиб, мол-мулкининг кўплиги сабабли (амир Исмоилга) бўйсунмас эди. Бухоро улуғлари мана шу иккаласи билан биргаликда Самарқандга бордилар. Амир Исмоил амир Насрга хат ёзиб, ўзининг Бухоро подшоҳлигини ушлаб тура олиши учун у кишиларни тутиб зиндонга юборишини сўраган эди. Амир Наср унинг айтганидек қилиб, у гуруҳни то Бухоро ишлари тинчигунича бир қанча вақт Самарқандда ушлаб турди. Амир Исмоил яна амир Насрга хат ёзиб уларни талаб қилиб олди ва шундан кейин улар бнлан яхши муомалада бўлиб, ҳожатларини раво этди ва ҳуқуқларини риоя қилишни ўзига лозим билди. (Амир) Наср ибн Аҳмад амир Исмоилнинг гарданига ҳар йили Бухоро молидан беш юз мннг дирамини юбориб туришнн вазифа қилиб юклаган эди. (Лекин) шундан кейин амир Исмоил бир қанча урушларда бўлди ва у мол харж бўлиб кетиб, юбора олмади. Амир Наср яна одамларини юбориб ўша молни талаб қилди, амир Исмоил юбормади ва шу сабабдан ораларида нохушлик пайдо бўлди. Амир Наср лашкар йиғди ва Фарғонага, ўз биродари Абу-л-Ашъасга хат ёзиб, уни кўп лашкар билан келишга ва яна бир хатни Шошга, бошқа биродари Абу Юсуф Яъқуб ибн Аҳмадга ёзиб, уни ҳам ўз лашкари билан келишга ва Исфижоб[152] туркларини ҳам олиб келишга буюрди. (Шундай қилиб) улар кўп лашкар йиғдилар ва икки юз етмиш иккинчи йили ражаб ойида (декабрь 885—январь 886) Бухорога қараб юрдилар. Амир Исмоил бундан хабар топгач, ўз биродарига ҳурмат юзасидан Бухорони бўшатиб Фарабга кетди, Амир Наср Бухорога келди ва амир Исмоилни учратмагач, Байкандга бориб, шу ерга қўнди. Байкандликлар уни кутиб олиб, устидан кўп олтин-кумуш сочдилар ва кўп туҳфалар чиқардилар. Амир Исмоил билан ўша вақтда Хуросон амири бўлиб турган Рофе ибн Ҳарсама ўртасида дўстлик бор эди. Амир Исмоил унга хат ёзиб, ёрдам сўради, Рофе ўз лашкари билан келиб, Жайҳун дарёси музлаган эди, муз устидан ўтди. Амир Наср Рофенинг келганидан хабар топиб, Бухорога қайтди. Амир Исмоил Рофе билан бориб Самарқандни олишга иттифоқ тузди. Бу хабар амир Насрга етгач, у тезлик билан Тавоисга бориб, йўлни тўсди. Амир Исмоил ва Рофе чўл йўли билан кетдилар. Бухоронинг ҳамма қишлоқлари амир Насрнинг тасарруфида эди. Улар чўлда ва наозиқ-овқат ва на ем-хашак топа олмас эдилар. У йил қаҳатчилик йили эди. Уларнинг аҳволлари оғирлашди. Уларнинг лашкарлари орасида бир ман[153] нон ҳатто уч дирамга етди ва Рофе лашкаридан кўп кишилар очликдан ҳалок бўлдилар. Амир Наср Самарқандга, ўз ўғли Аҳмадга хат ёзиб унга Самарқанд Сўғдидан жангчилар тўплашни буюрди. Вилоят аҳолиси: «Булар исёнчилардир, уларга ёрдам бериш ҳалол бўлмайди»,— деб амир Исмоилга ем-хашак бермадилар. Амир Наср Рофенинг келганидан тангдил бўлган эди. У Карминага кетди. Амир Исмоил ва Рофелар унинг изидан бораётган эдилар, бир киши Рофега насиҳат қилиб: «Сен ўз вилоятингни қўйиб бу ерга келдинг, агар у икки биродар бир-бири билан келишиб туриб сени ўртага олсалар сен нима қила оласан?»—деди. Рофе бу гапдан қўрқди ва амир Наср олдига элчи юбориб: «Мен урушиш учун келганим йўқ, балки сизларнинг орангизда сулҳ қилиш учун келдим»,— деди. Амир Насрга бу гап ёқиб тушди ва Бухоро амири бирор бошқа киши бўлиши, амир Исмоил омили хирожликка[154] тайинланиб девон даромади[155] ва хутба унинг номида бўлмаслиги ҳамда у ҳар йили (амир Насрга) беш юз минг дирам тўлаб туриши лозимлиги шартлари билан сулҳ туздилар. (Рофе) Наср ибн Аҳмадни чақирди ва Исҳоқ ибн Аҳмадни ҳам чақириб унга сарпо кийгизди-да, Бухоро амирлигини унга топширди. Амир Исмоил бунга розилик берди. Амир Наср (Самарқандга) қайтиб кетди ва Рофе ҳам Хуросонга жўнади. Бу икки юз етмиш учинчи йили (8 июнь 886—27 май 887) бўлган эди. Шу воқеадан кейин ўн беш ой ўтгач, амир Наср одам юбориб молни талаб қилди; амир Исмоил молни ушлаб қолиб, юбор-тирмади. Амир Наср ўртада кафил бўлган Рофега хат ёзди. Рофе ҳам амир Исмоилга шу мазмунда хат ёзди. Амир Исмоил бу хатга илтифот қилмади. Амир Наср иккинчи марта ҳаммаси мовароуннаҳрликлардан бўлган лашкар тўплади; Абу-л-Ашъас Фарғонадан келди ва яна қайтадан ўша аввалги тартибда Бухорога қараб юрдилар. (Амир Наср) Бухоро томон юзланиб Карминага етганида амир Исмоил ҳам ўз лашкарини йиғиб Тавоисга борди. Икки орада тўқиниш бўлиб, қаттиқ жанг бўлди. Исҳоқ ибн Аҳмад енгилиб, Фарабга кетди. Амир Исмоил фарғоналиклар устига қаттиқ ҳужум қилган эди. Абу-л-Ашъас мағлуб бўлиб Самарқандга жўнади. У ўз биродарини қолдириб қочиб келгани учун самарқандликлар уни тутиб олмоқчи бўлган эдилар, Абу-л-Ашъас Самарқанддан қайтиб Рабинжонга келди. Амир Исмоил Аҳмад ибн Мусо Марзуқни асир қилиб олиб Бухорога юборди. Бухоро лашкари иккинчи марта енгилди. Амир Исмоил ўз жойида турган эди. У билан озгина одам қолган, машҳур кишилардан эса Сиймоул-кабир у билан бирга эди. Амир Исмоил одам юбориб, қуллардан ва маволийлардан қочганларининг ҳаммасини йиғдирди; Исҳоқ ибн Аҳмадни Фарабдан қайтариб олдириб келди; Бухоро ғозийларидан ҳам икки минг киши чиқди ва қишлоқлар лашкарларини жам қилдилар. (Амир Исмоил) уларнинг ҳаммасига озиқ-овқат берди. Амир Наср Рабинжонга бориб лашкар анжомларини тайёрлаб қайтди. Амир Исмоил унинг олдига — Возбадин[156] қишлоғига борди ва шу ерда жам бўлишиб икки юз етмиш бешинчи йили сешанба куни жумод ал-охир ойининг ўн бешинчисида (25 октябрь 888) уруш бошладилар. Амир Исмоил Фарғона лашкари устидан ғалаба қозоиди. Абу-л-Ашъас енгилиб қочди; лашкар ҳаммаси енгилиб қочган ва амир Наср озгина одамлар билан қолиб у ҳам мағлубиятга учраган эди. Хоразмликлардан бир тўдаси Насрга етиб бориб уни ўлдирмоқчи бўлдилар, аммо Сиймоул-кабир ҳам буни узоқдан кўрди ва хоразмликларга қичқириб, уларни амир Насрдан узоқлаштирди, сўнг ўзи отдан тушиб Насрнинг узангисини ўпди. Уларнинг отасииинг қули бўлган сипоҳсолор Сиймоул-кабир одам юбориб амир Исмоилга бу ҳолдан хабар берди. Наср ибн Аҳмад отдан тушди ва ёстиқни ерга ташлаб ўтирди. Амир Исмоил етиб келди-да, отдан ўзини ташлаб, яқин келиб ёстиқни ўпди ҳамда: «Ё амир! Худонинг ҳукми шу эканки, мени сенга қарши қўйди ва биз шундай бир зўр ишни ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз»,— деди. Амир Наср: «Мен бу қилган ишларингга ажабланаман, ўз амирингга бўйсунмадинг ва худойи таолонинг сенга берган буйруғини бажармадинг!»—деди. Амир Исмоил: «Эй амир! Мен хато иш қилганимга иқрорман, ҳамма гуноҳ менда, сен фазилатда (мендан) улуғроқсан ва менинг бу катта гуноҳимдан ўтиб афв этасан»,— деди. Булар шундай сўзлашиб турганларида уларнинг бошқа биродари Исҳоқ ибн Аҳмад етиб келди. У отдан тушмай турган эди, амир Исмоил: «Ҳой фалончи! Уз хожанг учун отдан тушмайсанми?»— деб унга дашном берди ва ундан аччиғланди. Исҳоқ тезда отдан тушиб ўзини Насрнинг оёғига ташлаб ер ўпди ва: «Менинг отим ҳали совутилмаган той, ундан дарров тушиб бўлмайди»,— деб узр сўраб сўзини тамом қилган эди, амир Исмоил (Насрга қараб): «Эй амир! Яхшиси шуки, бу хабар (Самарқандга) етиб Мовароуннаҳрда халқ қайғуга тушмасдан бурун тезда ўзингнинг азиз қароргоҳингга қайтсанг эди»,— деди. Амир Наср: «Эй Абу Иброҳим! Мени ўз жойимга юборадиган сенмисан?»—деди. Амир Исмоил: «Шундай қилмасам нима қилай? Қул ўз хожасига нисбатан унинг муроди нима бўлса шуни бажаришдан бошқача муомала қилолмайди»,— деди. Амир Наср сўзлар ва унинг кўзидан ёш қуйилар, ўтган ишлар ва тўкилган қонларга пушаймон ер эди. Сўнг амир Наср туриб отга минди, амир Исмоил ва биродари Исҳоқ узангиларни тутиб турдилар ва уни (Самарқандга) қайтариб юбордилар. "(Амир Исмоил) Сиймоул-кабир за Абдуллоҳ ибн Муслимни уни кузатиш учун юборди. Улар бир манзил бирга борганларидан кейин амир Наср уларни қайтариб, ўзи Самарқандга кетди. Амир Наср ибн Аҳмад шу асирлик кунида ҳам ўша одамлар билан, худди ўзи амир бўлиб тахтда ўтирган ва улар унинг олдида хизматда турган кунлардагидек сўзлашар эди. Амир Наср бу воқеадан тўрт йил кейин икки юз етмиш тўққизинчи йили жумод ал-аввал ойидан етти кун қолганида (21 август 892) вафот этди. У бутун Мовароуннаҳр ерларига амир Исмоилни халифа қилиб тайинлади ва бошқа биродарини ҳамда ўз ўғлини унинг фармонига бўйсундирди. Амир Наср дунёдан ўтгач, амир Исмоил Бухородан Самарқандга келиб давлат ишини ростлади ва унинг ўғли Аҳмад ибн Насрни ўзига халифа қилди. У шу ердан бошлаб ғазот ишига киришди. Амир Исмоил Бухорога келганидан то акаси ўлиб бутун Мовароуннаҳрни унга топшириб вафот қилганига қадар йигирма йил ўтди. Амир Насрнинг вафот этганлиги хабари Амирул-муъминин Муътазид[157] биллоҳга етгач, икки юз саксонинчи йили муҳаррам ойида (март—апрель 893) у амир Исмоилни Мовароуннаҳрга амир қилиб фармон берди. Амир Исмоил шу тарнхда Тароз жангига бориб кўп қийинчилик кўрди ва охири Тароз амири (бўйсуниб) чиқиб кўп деҳқонлар билан бирга ислом динини қабул этди ва Тароз фатҳ этилди, (у ердаги) катта ибодатхонани масжиди жоме қилдилар. Амирул муъминин Муътазид биллоҳ номига хутба ўқидилар. Амир Исмоил кўп ўлжалар олиб Бухорога келди. У то Амр (ибн) Лайс кучайиб кетгунича етти йил подшоҳлик қилди ва Мовароуннаҳрнинг амири бўлиб турди. (Амр ибн Лайс кучайиб) Хуросоннинг баъзи жойларини олди ва жангга киришди. Амирлик қилиб турган Али ибн ал-Ҳусайн[158] Гузгониён амири бўлмиш Аҳмаддан[159] ёрдам сўраган эди, яхши жа-воб ололмади ва Жайҳундан ўтиб Бухорога — амир Исмоил олди-га келди. Амир Исмоил хурсанд бўлиб сипоҳлари билан унинг ис-тиқболига чиқди, эъзоз ва икром бнлан уни Бухорога олиб кириб кўп туҳфалар тақдим этди, Али ибн ал-Ҳусайн Фарабга бориб ўн уч ой у ерда. бўлди. Амир Исмоил унга доимо ҳадялар юбориб турди ва яхши муносабатда бўлди. Али ибн ал-Ҳусайн, то уни (ўз) ўғли урушда ўлдиргунича, Фарабда турди. Амр ибн Лайс Балх амири Абу Довудга, Гузгониён амири Аҳмад ибн Фариғунга ва Мовароуннаҳр амири амир Исмоилга хат ёзиб, уларни ўзига бўйсунишга чақирди ва яхши ваъдалар қилди. Улар фармонга бўйсуниб, унга хизмат қилдилар. Амир Исмоил олдига элчи келиб хатни унга берди ҳамда Балх амири ва Гузгониён амирининг бўйсунганлигидан хабар бериб: «Бу бўйсунишга сен лойиқроқсан, чунки сен каттароқсан ва подшоҳзодалигинг туфайли подшоҳлик қадрини яхшироқ биласан»,— деди. Амир Исмоил: «Сенинг хожанг шу қадар нодон эканки, мени улар қаторида санапти; (ахир) улар менинг қулларим-ку! Менинг сенга жавобим — қилич; мен билан унинг ўртасида урушдан бошқа нарса йўқ, қайтиб бориб унга айт, уруш асбобини созласин!»—деб жавоб берди. Амр ибн Лайс амирлар ва улуғ кишилар билан маслаҳат қилиб амир Исмоил иши борасида улардан ёрдам сўради ва: «Бошқа бир кишини юбориб, унга ёқимли сўзлар айтиш ва яхши ваъдалар қилиш керак»,— деди. Кейин у хат ёзиб Нишопур шайхларидан ва ўзининг яқин кишиларидан бир гуруҳини юборди ва хатида қуйидагиларни айтди: «Гарчи Амир ул-муъминин бу вилоятни менга берган бўлса ҳам мен мулкдорликда сени ўзимга шерик қилдим. Сен дўст бўлиб, мен билан яхши муносабатда бўлгинки, ҳеч бир бадгўй бизнинг орамизга киришга йўл топа олмасин, ўртамизда дўстлик ва бирлик бўлсин, бундан илгари айтган гапларимиз гўстохлик юзасидан айтилган эди, биз у гапдан кечдик. Сен Мовароуннаҳр вилоятини қўруқла, чунки у душман чегарасидир; фуқарога ғамхўрлик қил! Биз у вилоятни сенга бердик, хурсандлик ва хону монингнинг ободонлигидан бошқа нарсани истамаймиз. У вилоят хароб бўлмасин деб ўзим бормай, Нишопурнинг машҳур кишиларидан бир қанчасини (элчи қилиб) юбордим: улар ҳузурида (ушбу хат мазмунини) қабул этиб сўз бердим ва шу айтилган сўзларга уларни гувоҳ қилдим, сендан бошқа ҳеч кимга эътимодим йўқ, орамизда дўстлик мустаҳкам бўлсин учун сен ҳам менга ишонишинг керак». Амр (ибн) Лайснинг (элчилар юборганлиги) хабари амир Исмоилга етгач, у Жайҳун лабига (одамлар) юборди, улар элчиларни сувдан ўтишга қўймадилар, келтирган нарсаларини олмадилар ва (Исмоилга) еткизмадилар, (элчиларни) хўрлаб қайтардилар. Амир (ибн) Лайс бундан ғазабланиб урушга ҳозирланди. Узининг сипоҳсолори Али ибн Сурушга лашкар билан Омуяга бориб лашкарни ўша ерда тўхтатишни ва буйруқ бўлмагунича сувдан ўтишга шошилмасликни буюрди. Унинг кетидан бошқа сипоҳсолор — Муҳаммад ибн Лайсни беш минг киши билан юбориб: «Али ибн Суруш ва сен биргаликда иш кўринглар, лашкарни сақланглар, у тарафдан кимки омон тилаб келса омонлик беринг ва яхши муносабатда бўлинг ва кемалар тайёрлаб айғоқчилар юборинг!»—деди. Амр (ибн) Лайс кетма-кет лашкар юбориб турди. Амир Исмоил бундан хабар топгач, йигирма минг киши билан тезда Бухородан Жайҳун дарёси лабига борди ва кечаси Жайҳун сувидан ўтиб душманга тўсатдан ҳужум қилди. Али ибн Суруш бундан хабардор бўлиб, тезда отга минди ва лашкарга қурол бериб, пиёда аскарларни олдинга юборди. Уруш бошланиб кетди. Амир Исмоилнинг лашкари ҳар томондан ҳужум қилар эди. Жанг қаттиқ бўлди. Муҳаммад ибн Али ибн Суруш чекинди, унинг ўзи ва Нишопурнинг машҳур кишиларидан кўплари асир тушдилар. Иккинчи куни амир Исмоил Амр (ибн) Лайснинг (асир тушган) аскарларига озиқ-овқатлар бериб хурсанд қилди ва ҳаммасини Амр (ибн) Лайс ҳузурига қайтариб юборди. Шунда лашкарбошилар амир Исмоилга: «Булар бизга қарши уруш қилган эдилар, сен уларни асир олганингдан кейин ҳаммаларига сарпо кийгизиб қайтариб юбординг!»—дедилар. Амир Исмоил: «Бу бечоралардан нима талаб қиласиз,— қўйинг улар ўз юртига борсиилар, улар энди ҳеч қачон сизга қарши урушга келмайдилар ва бошқаларнинг дилларини ҳам (урушдан) қайтарадилар»,— деди. Амир Исмоил орқага қайтди ва кўп кумуш, кийим-кечак, тилла ва қурол-яроғлар (ўлжа қилиб) Бухорога келди. Шундан кейин Амр (ибн) Лайс хафалик, ғамгинлик ва пушаймонликда бир йил Нишопурда бўлди; у «Мен Али (ибн) Суруш ва унинг ўғли учун қасос оламан»,— дер эди. Амир Исмоил Амр (ибн) Лайснинг уруш тадорикини кўраётганлигини эшитиб, аскарини йиғди, уларга озиқ-овқат бериб ҳар томондан душманга қараб юрди; (йиғилган аскарнинг) яроқлисига ҳам яроқсизига ҳам, тикувчи-ямоқчиларга ҳам озиқ-овқат берди. Бу ишдан халқ норози бўлиб: «Амир Исмоил шу лашкар билан Амр (ибн) Лайсга қарши уруш қилмоқчими?!»—дер эди. Бу хабар Амр (ибн) Лайсга етиб, у хурсанд бўлди. (Амир Исмоил) Жайҳун лабида эди, Мансур Қоратегин ва Порс Байкандий Хоразмдан Омуяга келдилар; Туркистон вилояти ва Фарғонадан ўттиз минг киши етиб келди. Йигирма бешинчи зу-л-қаъдада (амир Исмоил) Муҳаммад ибн Ҳорунни лашкарнинг бош қисми билан юборди ва иккинчи куни ўзи ҳам йўлга чиқиб, Жайҳундан ўтди ва Омуяга ҳар жойдан аскар тўплади. Бухородан Хоразм шаҳрига кетдилар ва иккинчи душанба кунигача (урушга) ҳозирланиб бўлиб, у ердан Балхга қараб юзландилар. Амр (ибн) Лайс шористон ҳисорини олди ва сипоҳлари билан шористон олдига келиб тушди; лашкар келтирди ва (шаҳар) атрофига ҳандақ қаздириб, ўради. Сипоҳ (шаҳарга) киргунича бир неча кун ўтди, У шаҳар деворини мустаҳкам қилди ва ўзини шаҳардан қайтиб кетмоқчидек қилиб кўрсатиб халқни севинтирди. Амир Исмоил Али ибн Аҳмадни Форёбга[160] юбориб Амр (ибн) Лайснинг иш бошида турган кишиларини ўлдиришга буюрди, улар буйруқни бажариб, кўп мол олиб келдилар. Исмоил ҳар тарафдан одамлар юборар, улар Амр (ибн) Лайс одамларини ўлдириб, мол олиб келар эдилар. Амир Исмоил Балхнинг Алиобод (деган жойи)га қелиб тушиб, уч кун ўша ерда турди. Сўнгра у ердан лашкарини кўчирди ва ўзини намозгоҳга тушмоқчидек қилиб кўрсатиб, унга бориладиган йўлни кенгайтирди. Амр (ибн) Лайс буни кўриб ўша томон дарвозаларини маҳкам қилди ва ўша тарафга кўп лашкар қўйди; палақмон ва девор тешадиган қуролларни ўша томонга тўғрилатди. У намозгоҳ йўлига пистирма тайёрлатиб, уни лашкар билан банд қилди. Тонг отгач, Амири мозий (Исмоил) яна йўлни ўзгартирди ва бошқа йўл билан шаҳар дарвозасига қараб юриб «Пули Ато»— «Ато кўприги»га келиб тушди. Амр ибн Лайс бу ишдан таажжубда қолиб палақмонларни ўша томонга олишни лозим топди. Амир Исмоил уч кун у ерда турди. Унинг фармони билан шаҳарга сув юбормай қўйдилар, деворни йиқитиб, дарахтларни кесдилар ва йўлларни текисладилар. Ниҳоят, сешанба куни эрталаб амир Исмоил озгина лашкар билан отга миниб шаҳар дарвозасига борган эди. Амр ибн Лайс дарвозадан чиқиб уруш бошлади. Жанг қаттиқ бўлди. Амр ибн Лайснинг лашкари енгилиб қочди. Амир Исмоилнинг лашкари уларнинг орқасидан изма-из қувлаб баъзиларини ўлдирар ва баъзиларини асир бўлар эди. Шундай қилиб, Балхдан саккиз фарсанг йироқликдаги бир жойга етганларида икки хизматчиси билан бирга Амр (ибн) Лайсни кўрдилар, хизматчиларнинг бири қочди, бири эса Амр ибн Лайсга ёпишди. Шундан кейин Амр (ибн) Лайсни тутиб олдилар. Ҳар ким: «Амр (ибн) Лайсни мен тутдим», дер эди. Аммо ибн Лайснинг ўзи эса: «Мени мана бу ўз хизматчим тутди»,— деди. Амр (ибн) Лайс ўша хизматчисига, ҳар бири етмиш минг дирам қийматга эга бўлган ўн беш дона марварид берган экан, уларни ўша хизматчидан тортиб олдилар. Амр (ибн) Лайс чоршанба куни жумод ал-аввал ойининг ўнинчисида икки юз саксон саккизинчи йили (2 май 901) асир олинди. Амр (ибн) Лайсни амир Исмоил олдига олиб келганларида, у пиёда бўлиб юрмоқчи эди, аммо Амири мозий бунга рухсат бермади ва: «Бугун сен билан шундай муомалада бўлайки, одамлар таажжубда қолсинлар»,— деди ва уни саропардага олиб киришга буюрди ва ўз биродарини уни қўриқлаб туришга юборди. Тўрт кундан кейин Амр (ибн) Лайс амир (Исмоил)ни кўрди. Амир Исмоилнинг буйруғй билан ундан қандай қилиб асир тушиб қолганлиги ҳақида сўраган эдилар, у: «Чопиб кетаётган эдим, отим чарчаб қолди, отдан тушиб ухладим, уйғонганимда бошимда иккита қул турганини кўрдим, улардан бири қамчин билан бурнимга туртди». Мен: «Бу қари кишидан нима истайсан»,— дедим ва мени ҳалок қилмасликларини ўтиниб сўрадим. Улар отларидан тушиб оёғимни ўпдилар ва зинҳор (ўлдирмаймиз) дедилар. Улардан бири мени отга миндирди. Одамлар йиғилдилар ва мендан: «Ниманг бор?»—деб сўрадилар. Мен: «Ҳар бири етмиш минг дирам қийматида бир нечта марварид бор»,— дедим ва узугимни бердим. Улар оёғимдан этигимни ечиб бир қанча қимматбаҳо гавҳарларни топиб олдилар. (Шу пайт) мени лашкар топди ва Муҳаммадшоҳ одамларни мендан узоқлатиб турган аснода узоқдан амир Исмоилни кўриб отдан тушмоқчи бўлган эдим, у ўз жони ва боши ҳурматини ўртага қўйиб, «Отдан тушма!»—деди; менинг кўнглим қарор топди. У мени саропардага туширтирди; Абу Юсуф мен билан бирга чодирда ўтириб мени қўриқлаб турди; сув сўраган эдим менга гулоб бердилар ва менга хилма-хил иззат-икромлар кўрсатдилар. Кейин амир Исмоил менинг олдимга кириб меҳрибонлик кўрсатди ва сени ўлдирмайман деб аҳд қилди ва мени кажавага ўтқизиб ҳурмат билан шаҳарга еткизишга буюрди ва кечаси Самарқанд шаҳрига олиб кирдилар, бундан Самарқанд аҳолисидан ҳеч кимнинг хабари бўлмади. Амир Исмоил менинг узугимни уни тортиб олиб қўйган кишидан уч минг дирамга сотиб олиб баҳосини тўлади ва узукни менга юборди. Узукнинг кўзи қизил ёқут эди»,— деди. (Яна) Амр (ибн) Лайс: «Жанг куни менда қирқ минг дирам бор эди, уни уруш вақтида мендан тортиб олдилар. Меи эллик фарсанг масофага чопиб бора оладиган ва ўзим кўп синаган бнр от устида эдим, ўша куни у шундай суст юрар эдики, меи унинг устидан тушишни истар эдим. Отнинг оёқлари ариққа тушиб кетди, мен отдан йиқилдим ва ўзимдан умид уздим, ҳалиги икки киши мени ўлдиришга қасд қилган вақтларида ўзим билан бирга турган кишига: «Менинг отимга миниб қоч!»—дедим, у отга миниб олди, қарасам, от худди булутдек югурар эди. Мен тушундимки, бу (ҳаммаси) менинг давлатим кетганлигидан экан. Айб отда эмас экан,— деди. Амр (ибн) Лайс амир Исмоилга қараб: «Мен Балхда ўн харвор олтин бекитганман, буюргин, уни олиб келсинлар, уларга эга бўлишга бутун сен сазоворроқсан!»—деди. Амир Исмоил одам юбориб олтинларни олдириб келди ва ҳаммасини Амр ибн Лайсга юборди, Ҳар қанча илтимос қилсалар ҳам марҳум амир Исмоил у олтинлардан ҳеч бир нарса олмади. Амир ул-муъминнинг Амр ибн Лайсни ўзига юборилишини талаб қилиб ёзган хати Самарқандга етиб келди; хатнинг бошланишига шундай ёзилган эди: «Абдуллоҳ ибн ал-имом Абу-л-Аббос ал-Муътазид биллоҳ Амирул муъмининдан, Амир ул муъмининнинг ғуломи Абу Иброҳим Исмоил ибн Аҳмадга». Бу хат амир Исмоилга етгач, у Амр (ибн) Лайсга ачиниб ғамгин бўлди, аммо халифа фармонини қайтара олмади. Ниҳоят унинг буйруғи билан Амр (ибн) Лайсни кажавага ўтқизиб Бухорога олиб келдилар. Амир Исмоил уялганидан юзини унга кўрсатмади ва: «Бирон ҳожатинг бўлса сўра»,— деб одам юборди. Амр (ибн) Лайс: «Менинг болаларимни яхши кутсинлар ҳамда бу мени олиб кетаётган кишиларга насиҳат қилгин токи улар менга нисбатан яхши муомалада бўлсинлар»,— деб жавоб қайтарди. Амир Исмоил шундай қилди ва уни кажавага ўтирғизиб Бағдодга юборди. Амр (ибн) Лайс Бағдодга етгач, халифа уни Софий ходимга топширди ва у Муътазид халифалигининг охиригача шу Софий ходим қўлида асирликда турди ҳамда икки йил зиндонда бўлгандан кейин, икки юз саксон тўққизинчи йилда (16 декабрь 901—4 декабрь 902) ўлдирилди. Амир Исмоил Амр (ибн) Лайсни халифанинг олдига юборгандан кейин халифа амир Исмоилни Хуросон амири қилиб фармон юборди — Ҳулвон довонидан бошлаб Хуросон вилояти, Мовароуннаҳр, Туркистон, Синд, Ҳинд ва Гургонлар ҳаммаси уники бўлди. У ҳар бир шаҳарга биттадан амир тайин қилди, адолат ва яхши ахлоқ билан иш тутди, кимки фуқарога зулм қилса унга жазо берди. У зоҳид бўла туриб шундай сиёсатли эдики, сомонийлар сулоласидан ҳеч ким ундан сиёсатлироқ бўлмаган. У давлат ишида ҳеч бепарволик қилмас, ҳамиша халифага бўйсунар ва умрида ҳеч маҳал халифага итоатсизлик қилмай, унинг фармонини маҳкам тутар эди. Амир Исмоил бемор бўлиб бир қанча вақт ётди. Унинг касаллиги кўпроқ рутубатдан эди. Табиблар: «Жўйи мулиённинг ҳавоси хушроқ», — дедилар. Уни ўзининг хос мулкидан бўлган Зармон қишлоғига олиб бордилар: «Бу ернинг ҳавоси унга мувофиқроқ келади», — дедилар. Амир бу қишлоқни яхши кўрар ва ов қилиш учун ҳамма вақт ўша ерга борар эди; у ерга боғ қурган эди. Бир муддат у ерда бемор ётиб, охири икки юз тўқсон бешинчи йили сафар ойининг ўн бешинчисида (25 ноябрь 907) худди шу боғда катта бир дарахт тагида вафот этди. У йигирма йил Хуросон амири бўлди. Ҳукмдорлик муддати ўттиз йил эди. Худойи таоло уни раҳмат қилсин, негаки унинг даврида Бухоро пойтахт бўлди, сомонийлар сулоласидан чиққан ҳамма амирлар Бухорода турадиган бўлдилар. Ундан олдинги Хуросон амирларининг ҳеч бири Бухорода турган эмас. У Бухорода туришни ўзи учун муборак деб ҳисоблар, унинг кўнгли Бухородан бошқа ҳеч бир ерда ором топмас ва у қаерда бўлмасин: «Бизнинг шаҳар, яъни Бухоро, ана бундай, ана шундай»,— дер эди. Амир Исмоил вафот этгандан кейин ўрнига ўғли ўтирди. Унга «Амири мозий» — «Дунёдан ўтган амир» деган лақабни бердилар. XXXI. Амири Шаҳид Аҳмад Ибн Исмоил Ас-Сомонийнинг Ҳукмдорлиги[161] У Хуросон амири бўлди. Уни Амири шаҳид дейдилар. У ўз отасининг йўлидан юриб адолат кўрсатар ва барча фуқарога бутунлай инсоф юзасидан қарар эди. Фуқаро роҳат ва осойишталикда яшадилар. Амири шаҳид у ер (Бухоро)дан Хуросонга бориб ўз мамлакатини кўздан кечирди ва Сеистонни олди. Амири мозий даврида Сеистон унинг номида эди. У ердан Бухорога келди. У ов қилишни яхши кўрарди. У ов қилиш учун Жайҳун лабига бориб саропарда қурган эди (бир куни) овдан қайтиб (саропардага) келганида бир чопар Табаристон амири Абу-л-Аббосдан хат олиб келди. Амири шаҳид хатни ўқиди; хатда: «Ҳусайн ибн Ало хуруж қилиб Гургон ва Табаристон вилоятларининг кўп ерларини олди, менинг зарурат юзасидан қочишим керак бўлиб қолди», — деб ёзилган эди. Бундан амир дилтанг бўлиб жуда ғамгинликка тушди ва: «Эй худо! Агар бу подшоҳлик мендан кетадиган бўлса, менинг ажалимни бер!» — деб дуо қилдида, саропардага кирди. Амири шаҳиднинг шундай одати бор эди; унинг бир шери бўлиб, ҳар кеча амир ётадиган уй эшигига ўша шерни занжир билан боғлаб қўяр эдилар, ким у уйга кирмоқчи бўлса, шер уни ҳалок қилар эди. Ўша кеча амир ғамгин бўлганидан унинг ҳамма хос кишилари ҳам у билан машғул бўлиб, шерни олиб келишни унутиб қўйдилар. Амир ухлаб ётганида унинг қулларидан бир тўдаси кириб бошини олдилар. (Бу воқеа) ҳижратдан уч юз биринчи йил жумод ал-охир ойининг ўн биринчисида (12 январь 914) пайшанба куни (бўлган эди). Уни Бухорога олиб келиб Навканда қабристонига қўйдилар ва унга «Амири шаҳид» деб лақаб бердилар. «Бу ишни Абу-л-Ҳасан бошқарган,» — деб унга туҳмат қилдилар ва уни Бухорога олиб келиб дорга осдилар. Амирга суиқасд қилган қуллардан баъзиларини топиб ўлдирдилар, баъзилари Туркистонга қочди. Унинг подшоҳлик муддати олти йилу тўрт ой ва беш кун бўлди. XXXII. Амири Саъид Абу-Л Ҳасан Наср Ибн Аҳмад Ибн Исмоил Ас-Сомоний Ҳукмдорлиги[162] Амири шаҳидни дафн этиб бўлгач, унинг ўғли Насрга «Саъид» — «Саодатлик» лақабини бердилар. У саккиз ёшда эканлигида отасининг ўрнига подшоҳ қилдилар. Унга вазирлик (иши) ни Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Жайҳоний олди, Ҳамавия ибн Али сипоҳи солор бўлди. Уни «Бутун Хуросон эгаси» деб атар эдилар. Дастлаб Амири саъид бўш иш олиб борганлигидан ҳар ерда фитна пайдо бўлди, унинг отасининг амакиси Исҳоқ ибн Аҳмад Самарқандда ўзига байъат қилишни талаб этди ва Самарқанд аҳолиси унга бўйсундилар. Унинг ўғли Абу Солиҳ Мансур ибн Исҳоқ Нншопурда исён кўтариб, Хуросон шаҳарларидан баъзисини олди. Самарқандда Исҳоқ ибн Аҳмад ҳукмдорлиги кучайди ва Амири саъид ўз сипоҳсолори Ҳамавия ибн Алини унга қарши урушга юборди. Исҳоқ мағлубиятга учраб, лашкари Самарқандга қайтиб кирди. Исҳоқ иккинчи марта урушга ростланди ва Самарқанд аҳолиси у билан бирга шаҳардан ташқарига чиқиб, Ҳамвияга қарши урушдилар ва мағлуб бўлдилар. Исҳоқ ибн Аҳмад учинчи марта урушга чиққан эди бу гал у асир тушди. Унинғ ўғли Мансур ибн Исҳоқ Нишопурда эди, у ўлди; бутун Хуросон ва Мовароуннаҳр фақат Амири саъидга ўтди; Форс, Кермон, Табаристон, Гургон ва Ироқда унинг номига хутба ўқидилар. Ҳикоят. Амири саъид ўн учинчи йили[163] Бухорога ўзининг яқин кишиларидан бири Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Яҳё ибн Асад ас-Сомоний номли кишини халифа қилиб қолдириб, ўзи Бухородан Нишопурга кетди. Ўша йили «Гардун кашон» маҳалласига ўт тушди. Ўт шундан зўрайдики, Самарқанддаги одамлар бу оловни кўриб турдилар. Бухороликлар: «Бу олов осмондан келди», — дер эдилар. Ўтни ўчириш мумкин бўлмай бу маҳалла бутунлай куйди. Шу орада Амири саъиднинг бошқа биродарлари хуруж қилдилар ва кўп фитналар қўзғотдилар. Охири фитнанинг асосчисн бўлган Абу Закариё, ҳеч нарсани қўлга киргиза олмай, озгина одам билан Хуросонга кетди. Амири саъиднннг бошқа биродарлари омонлик тиладилар. Амири саъид уларга омонлик бериб, олдига чақириб олди ва шу билан фитна тинчиди. Ҳикоят. Яна Амири саъид Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил даврида уч юз йигирма бешинчи йил ражаб ойида (май-июль 937) Бухорога ўт тушиб ҳамма бозорлар куйди. Ўт бир ҳалимпазнинг дўконидан бошланган. У дўкон Самарқанд дарвозаснда бўлиб, ҳалимпаз ҳалим қозони тагидагп кулни томга олиб чиқиб, томда чуқурлик бор экан, уни тўлғизмоқчи бўлган, кул орасида бир бўлак чўғ бор экан, ҳалимпаз уни сезмаган ва шамол чўғни олиб бориб қамишдан ясалган бир уйга урган. У уйни ўт олиб, ундан ҳамма бозорларга ўт кетган ва Самарқаид дарвоза маҳалласи буткул куйган. Олов осмонда булутдек сузиб юрган. «Кўйи бикор» — «Қизлар кўчаси», бозорнинг тимчалари, Мадрасайи Форжак, ковушдўзлар тими, саррофлар ва баззозлар бозори, (хулласи) Бухоронинг ана шу томонида то анҳор лабига боргунча нимаики бўлса ҳаммаси куйган. Бир парча олоз сачраб Масжиди Мохни ўт олди ва у (ҳам) томоман ёниб кетди. Олов икки кеча-кундуз ёниб, бухороликлар уни ўчиришдан ожиз қолдилар, кўп машаққат чекдилар ва ниҳоят. учинчи куни ўчирдилар. У ёғочлар тупроқ тагида бир ойгача куйиб турди. Бухороликларга юз минг дирамдан ортиқ зиён етди. Шундан кейин Бухоро иморатларини ҳеч қачон у (илгаригисидек) қилиб қура олмадилар. Амир саъид ўттиз бир йил подшоҳлик қилди. .У адолатли подшоҳ бўлиб, отасидан ҳам ақилроқ эди. Унннг яхши сифатлари кўп; агар ҳаммасини айтсак гап узайиб кетади. У дунёдан ўтгач, ўғли Нуҳ ибн Наср подшоҳлик (тахтига) ўтирди. XXXIII. Амири Ҳамид Абу Муҳаммад Иуҳ Ибн Наср Ибн Аҳмад Ибн Исмоил Ас-Сомоний[164] Амири ҳамид уч юз ўттиз биринчи йили шаъбон ойининг аввалида (10 апрел 943) подшоҳлик тахтига ўтирди ва Абу Зар унга вазир бўлди. У Бухоро қозиси эди. Унинг замонида фиқҳ илмини ундан кўра биладиганроқ киши бўлмаган. «Мухтасари Кофий» унинг асаридир.[165] Амири саъид вафот этгач, (подшоҳликни талаб этувчилардан) ҳар бир киши бир жойда қарор топти. Амири ҳамид Бухородан чиқиб Нишопурга кетди. Абу Али Исфаҳокий[166] Нишопур амири эди. Амири ҳамид (лашкар) юбориб уни қўлга олдирди; ўзига қарши кишиларни тарқатиб юбориб вилоятларни тозалади; Нишопурни Иброҳим Симжурга берди[167]. Абу Али Исфаҳоний ўзича: «Мен унинг подшоҳлигини барқарор қилдим, у эса вилоятни бошқа кишига берди»,—деб ўйлади ва Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомомийга: :«Бухорога бориб подшоҳликни ол! Мен сен билан бўлсам амир сенга қарши тура олмайди», — деди. Абу Исҳоқ лашкар тортиб Амири ҳамидга қаршилик ошкор қилди. Амири ҳамид Нишопурдан. қайтаётганида Абу Исҳоқ унга ҳужум қилди. Улар ўртасида жанг бўлди ва Амири ҳамид енгилиб Бухорога келди. Унинг кетидан амакиси Абу Исҳоқ ҳам Бухорога келди ва уч юз ўттиз бешинчи йил жумод ал-охир ойида (январ 947) бутун Бухоро аҳолиси унга байъат қилдилар. Бухоронинг ҳамма минбарларида Абу Исҳоқ номига хутба ўқидилар. Бир оз вақт ўтгандан кейин Абу Исҳоқ ўз лашкари унинг ўзига қарши ёмон ниятда эканини, уни ўлдиришга қасд қилганини ва Амири ҳамидга садоқат билдирганини билиб қолди ва Бухородан қайтиб Чағаниёнга кетди. Амири ҳамид сипоҳсолорликни Мансур Қаротегинга берди ва уни Марвга юборди. Мансур Қаротегин Али ибн Муҳаммад ал-Қазвинийни ушлаб асир қилиб Бухорога юборди ва у (Марвдаги) қўзғолонни бостирди. Амири ҳамид ўз подшоҳлиги даврида подшоҳликни талаб этувчихар хил кишилар билан кўп урушлар қилишига тўғри келди, Уч юз қирқ биринчи йилга (23 май 952—17 май 953) келибгина ҳамма вилоятлар Амири ҳамидга тўла бўйсунди. Амири ҳамид уч юз қирқ учинчи йил раби ал-охир ойида (август 954) вафот этди. У ўн икки йил подшоҳлик қилди. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Насрнинг айтишича, Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий бу китобни Амири ҳамид подшоҳлиги даврининг бошида уч юз ўттиз иккинчи йили (4 сентябр 943-23 август 944) унинг номига атаб ёзган ва Амири ҳамид даврида юз берган воқеаларни ўз китобида тўла келтирмаган. Амири ҳамиддан кейинги сомонийлар (сулоласи) амирларининг аҳволларидан бизга маълум бўлгани, оллоҳ таоло муваффақият берса, мана шу (қуйидагича) дир. XXXIV. Амири Рашид Абу-Л-Фаворис Абдулмалик Ибн Нуҳ Ибн Наср Ибн Аҳмад Ибн Исмоил Ас-Сомонийнинг Подшоҳлиги[168] Амири ҳамид дунёдан ўтгач, Амири рашидга байъат этдилар. У ўн ёшида подшоҳликка ўтирди. Амири ҳамиднинг вафот этганлиги хабари вилоятларга етгач, ҳар ким бир вилоятга эга бўлишни тама қилди (Амири рашид) Ашъас ибн Муҳаммад ибн Муҳаммадни Хуросонга юборган эди, унга Ҳирот ва Исфаҳонда кўп жанглар қилишга тўғри келди ва у вилоятларни бўйсундирди. У ҳали шу иш билан машғул бўлиб, жанг қилаётган эдики, Амири рашид отдан йиқилди ва шу кечасиёқ вафот этди. У кеча чоршанба кечаси бўлиб, уч юз эллигинчи йил шаввол ойидан саккиз кун ўтган (20 ноябрь 961) эди. Унинг подшоҳлик муддати етти йил бўлди. Уни дафн қилганларидан кейин лашкар исён қилиб қўзғолон кўтарди ва ҳар ким подшоҳликни тама қилиб, ғалаёнлар юз берди. XXXV. Малики Музаффар Абу Солиҳ Мансур Ибн Наср Ибн Аҳмад Ибн Исмоил Ас-Сомонийнинг Подшоҳлиги[169] Амири садид подшоҳлик тахтига ўтиргач, лашкар унга байъат қилди: кўп қарама-қаршиликлардан кейин иттифоқлик вужудга келди. Унга байъат қилинган кун жума куни, уч юз эллигинчи йил шаввол ойида (ноябрь-декабрь 961) эди. (Шу вақтда) сипоҳсолор Алптегин Нишопурда эди, Амири рашиднинг вафоти хабарини эшитгач, у Амири садидни қўлга олишга қасд қилди. Амири садид унга (қарши) одам юборди. Алптегин Жайҳун дарёсига етиб келиб, ундан ўтишни мўлжаллаган эди, аммо (унга қарши) кўп лашкар келганлиги туфайли ўта олмади. У ўз вилояти Нишопурга қайтмоқчи бўлди. (Аммо) Амири садид Нишопурга, Муҳаммад ибн Абдураззоққа: «Уни Нишопурга киришга қўйманглар!»—деб хат ёзди. Алптегин бундан хабардор бўлгач, Нишопурга бора олмаслигини билиб, Жайҳун суви ҳамда Омуйдан ўтиб, Балхга борди ва Балхни олиб қаршилик зоҳир қилди. Амири садид Ашъас ибн Муҳаммадни юборди, у Алптегинга қарши кўп уруш қилиб охир уни Балхдан чиқарди. Алптегии Ғазнага кетди. Ашъас ибн Муҳаммад ҳам унинг кетидан Ғазнага борди, у ерда ҳам уруш қилдилар. Алптегин иккинчи марта Ашъасдан енгилиб қайтиб Балхга қараб қочди. Кўп қарама-қаршилик ва урушлардан кейин Амири садид унга яна омонлик берди ва у хизматга келди. Шу вақтларда Амири садид вилоятларга кўп лашкар юбориб мамлакатни (душманлардан) тозалади; вилоятда (тахт учун) низо қилувчи киши қолмади. Амири садид дайламийлар вилоятини олиб сулҳ тузди: дайламийлар ҳар йили Амири садидга бир юз эллик минг нишопур дирами тўлайдиган бўлдилар. Амири садид уч юз олтмиш бешинчи йили ўн олтинчи муҳаррамда (25 сентябрь 975) якшанба куни дунёдан ўтди. У ўн беш йилу беш ой подшоҳлик қилди. Яна худо билимдонроқ. XXXVI. Амири Рашид Абу-Л-Қосим Нуҳ Ибн Мансур Ибн Нуҳ Ибн Наср Ибн Аҳмад Ибн Исмоил Ас-Сомонийнинг Подшоҳлиги[170] Амири садид якшанба куни дунёдан ўтгач, душанба куни ўғли тахтга ўтирди ва унга байъат қилдилар. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Жайҳоний унга вазир бўлди. (Лекин) бир неча кун вазирлик қилгач, қарилиги сабабли вазирликдан истеъфо берди. Ундан кейин икки-уч кун ўтгач, охири, амир Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Азиз вазир бўлди ва давлат иши равнақ топди. Лашкар сипоҳсолори бўлиб турган Абу-л-Аббос Тош бўшатилиб, Абу-л-Ҳасан Муҳаммад ибн Иброҳим сипоҳсолор бўлди. Абу-л-Аббос Тош қаршилик билдириб Нишопурни олди. Абу-л-Ҳасан, унинг ўғли Абу Али ва Абу-л-Ҳасан ал-Фойиқ ал-Хоссалар Нишопурга бориб, уч юз етмиш еттинчи йили (3 май 987—20 апрель 988) уни мағлуб қилдилар. Абу-л-Аббос Нишопурдан қочиб Гургонга борди. Али ибн Ҳасан унга ёр бўлиб, Гургонга киритди. Сипоҳсолор Абу-л-Ҳасан Муҳаммад ибн Иброҳим зу-л-қаъда ойининг охирида уч юз етмиш саккизинчи йили (11 март 989) дунёдан ўтди ва унинг ўғли (Абу Али) сипоҳсолор бўлди. Кейин Амири рашид уни ёмон кўриб қолиб бекор қилди ва Абу-л-Ҳасан ал-Фойиқ ал-Хосса сипоҳсолор бўлди ҳамда Ҳарийга бориб у билан жанг қилди, аммо ундан (енгилиб) қочди ва ҳижратнинг уч юз етмиш саккизинчи йили зу-л-ҳижжа ойида (март-апрель 989) Марвга борди. Ундан кейин Абу-л-Ҳорис Мансур ибн Нуҳ бир йилу туққиз ой волий бўлди, бектузийлар уни Сарахсда банд қилдилар[171]. Шу билан подшоҳлик сомонийлар сулоласи қўлидан чиқиб кетди. Яна оллоҳ билимдонроқдир. ↑ Асарда келтирилган маълумотлар ҳозирги замон нлмий-тарихий адабиётида бошқа ёзма манбалар ҳамда археологик, топографик, этнографик ва ҳоказо турли хил тарихий материаллар билан солиштирилиб бир қадар ёритилган. Шу туфайли биз бевосита асарнинг ёзилиш ва асрлар оша бизнинг давримизгача етиб келиш тарихи ҳамда ушбу ўзбекча нашрнинг қандай тайёрланганлиги борасидагина сўзлаб ўтишни маъқул деб билдик. Кўрсатилган давр бўйича тўла тарихий маълумот олмоқчи бўлган ҳурматли китобхонларга «Ўзбекистон ССР тарихи (1-т., 1-китоб, Тошкент, 1956), В.В. Бартольднинг «Туркестан в эпоху монгольского нашествия (Москва, 1963). В. А. Шишкиннинг «Варахша» (Москва, 1963), «История таджикского народа» (т. 11, кн. 1, Москва, 1964). О. А. Сухареванинг «К истории городов Бухарского ханства» (Ташкент, 1958) ' каби йирик асарларга ва уларда кўрсатилган бошқа тарихий адабиётга назар солишни тавсия этамнз. ↑ «Бухоро тарихи»нинг Техрон нашрини (1939 йил) тайёрлаган Мударрис Ризавийнинг муқаддимаси. ↑ Асарга кўп кишилар ўз таҳририни киритганлиги кўпчилик тадқиқотчилар томонндан қайд этилиб келган, улардан бири, масалан, Эрон олими Муҳаммад Тақи Баҳор «Малик уш-шуаро»дир. ↑ Абу Наср Аҳмад ва Муҳаммад мбн Зуфарларнинг «Бухоро тарихи»га киритган ўзгартишлари миқдори ва Наршахийнинг асл нусхасига қўшимчалар киритган киши асосан Абу Наср Аҳмад эканлиги ҳақида О. А. Сухареванинг «К истории городов Бухарского ханства» (Ташкент, 1958) номли асаринннг кириш қисмида бир оз тўхтаб ўтилган бўлса ҳам, бу масала ҳали узил-кесил ҳал қилинган эмас ва келажакда яна илмим тадқиқот ишлари олиб боришни талаб қилади. ↑ «Собрание восточннх рукописей АН УзССР», т. 1, Ташкент, 1952, стр. «, № 92. ↑ «Бухоро тарихи» матнининг айтиб ўтилган қўлёзма ва нашр этилгаа нусхалар орасидаги жиддий деб топилган фарқлар асарнинг 1966 йили «Фан» нашриётида чоп этилган ўзбекча таржима иловаларида тўла келтирилган. ↑ «Ал-Қубовий» деган нисбадан «Бухоро тарихи»нинг арабчадан форс тилига таржимони ҳозирги Қува шаҳаридан бўдганлиги англашилади. ↑ Ҳадис— луғавий маъноси: хабар, сўз ва бирор янги нарса. Диннй адабиётда эса пайғамбарнинг сўз ва ишлари, тўғрироғи пайғамбарга нисбат бериладиган сўз ва ишлар тушунилади. ↑ Амири ҳамид Абу Муҳаммад Нуҳ...— Сомонийлар сулоласидан, ҳукмдорлик йиллари: 943—954. У ҳақда «Бухоро тарихи»нинг ХХХIII бобида тўлиқ маълумот берилган. ↑ Аслида диний жамоалар ва руҳонийларнинг олий раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келган садрлар XII асрда Бухорода феодал давлат устидан ҳукмронликни ҳам ўз қўлларига олганликлари назарга олинса, Абдулазиз садрга берилган мазкур юксак сифатлар боиси ойдинлашадн. ↑ Себавайҳ... ан-Наҳвий— охирги сўз «грамматика фани олими» деган маънони англатади. Бироқ бу фан тарихида Себавайҳ ибн Абдулазиз ал-Бухорий эмас, Абу Бишр Омир ибн Усмон Себавайҳий машҳурдир. У асли басралик бўлиб, VIII аср охирида вафот этган. ↑ Бу тўғонлар —«бу» кўрсаткич олмошини назарга олганда 828 йил атрофида Саъид ибн Халаф ал-Балхнй ташаббуси билан қурилган тўғонлар Наршахий ўз асарини ёзаётган вақтда (943—944), балки таржимон Аҳмад ибн Муҳаммад (1128) ёки қисқартувчи Муҳаммад ибн Зуфар (1178) даврада ҳам мавжуд эканлиги ашлашилади. ↑ Аҳмад ибн-Исмоил...— Сомонийлар сулоласидан, ҳукмдорлик йиллари: 907—914. У ҳақда «Бухоро тарихи»нинг охирги бобларидан бирида (XXXI) тўлароқ ёзилган. ↑ Зоҳид — молу дунёга рағбат ва хоҳиши бўлмаган, тарки дунё қилган киши. ↑ Фақиҳ — шариат илмини, шариат ҳукмларини яхши билувчи киши. ↑ Имом Шофеий — ислом динидаги машҳур тўрт сунъий мазҳабдан бири — «Шофеий мазҳабихиинг асосчиси; 767 йилда туғилиб 819 йилда вафот этган. ↑ Абу-л-Фазл... ас-Суламийнинг 943—945 йилларда ҳукмронлик қилган Нуҳ ибн Наср Сомонийга вазир бўлганлиги ҳақида «Бухоро тарихи»нинг кейинги саҳифаларида (XXXII 1-боб) айтилган. Фақат бу ердаги Абу-л-Фазл ўрнида у бобда Абу Зар деб янглиш ёзилган. Абу-лФазл вазирлик лавозимида эканлигида, 946 йили, маоши вақтидан кечиктирилган аскарлар томонидан қатл қилинган. ↑ Абу-л-Ҳасан Абдураҳмон (ибн) Муҳаммад ан-Нишопурийнинг «Хазоин ул-улум» китоби бизгача етиб келган-келмаганлиги манбашунослик фанида ҳозирча маълум эмас. ↑ Руди Мосаф — ҳозирги Зарафшон дарёси кўзда тутилади. ↑ Битик —Чоржўй рўбарўсида Амударё бўйида жойлашган қишлоқ. ↑ Фараб—(ёкн Фирабр), бу қишлоқ Чоржўй рўбарўсида. Амударё бўйида Битикка яқин жойлашган ва «Работи Тоҳир ибн Али» деб машҳур бўлган. ↑ Абруй—(Абравай) ёзилган. Ўзбекистон ССР тарихи (I том, 1-китоб, 137-бет)да бу шахс ҳақида айтилган сўзлар мазмунича, у VI асрнинг 80-йиллари атрофида Бухорода ҳукмронлик қилган. ↑ Нур — Самарқанд областидаги ҳозирги Нурота. ↑ Харқонруд — Зарафшон дарёсидан чиқарилган. Шопурком ва Ғиждувон районларини суғорувчи қадимий каналлардан бири. Бу ерда шундан номли канал бўйида жойлашган, Бухоро қишлоқларидан бири бўлган, Кармина яқинидаги Харқона назарда тутилиши керак. ↑ Вардона — бу қишлоқ «Қурғони Вардонзе» номи билан ҳозир ҳам мавжуд. Ҳозирги Шопурком районининг Хўжа Ғулом тепа қишлоғи яқинидаги улкан тепалик. ↑ Таровча — Бухоронинг жануб-ғарбида жойлашган Тороб қишлоғининг кичрайтирма аталиши. ↑ Сафна (Исвона ва «Айсувона»)—қишлоқлари қаерда бўлганлиги ҳозиргача аниқланган эмас. ↑ Байканд (Пойканд)—Бу қишлоқ ҳақида сўнгроқ «Бухоро тариҳи»нинг ўзида IV бобда сўзланади. Унинг вайроналари Бухородан жануби ғарбда, Свердлов районидагн Октябрь колхози территорпясида. Яккатут темир йўл станциясм ёнида сақланиб қолган. ↑ 'Қалъайи Дабусий — Ўзбекистонда, ҳозирги Зиёуддин темир йўл станцияси ёнида жойлашган. ↑ Деҳқонлар — бу ерда ва умуман «Бухоро тарихи»нинг кўп жойида бу сўз йирик ер эгалари, наслдор зодагонлар маъносида ишлатилади. ↑ Тароз —ҳозиргн Жамбул (Авлиёота) шаҳари. ↑ Кадиварлар — Араблар истилоси олдидан Ўрта Осиёда илк феодал жамиятининг ташкил топа бошлаган даврида эркин деҳқонлар табақаси билан бир қаторда пайдо бўлган, аммо эркин деҳқондан фарқли ўлароқ, иқтисодий жиҳатдан бой табақаларга бутунлай қарам бўлган кишилар. ↑ Шаҳристон (Шористон шаклида ҳам ёзилган)—шаҳарнинг мудофаа девори билан ўралган асосий қисми. ↑ Мамостин— (Мамостий). Бухоро шаҳарининг ғарбида жойлашган қишлоқ. ↑ Сақматин — кейинроқ Сумитон деб аталган. Бу қишлоқ Шаҳарруд каналининг бўйида, Бухоро ёнида жойлашган. Ҳозир эса Чорбакр деб аталади. ↑ Абу Бакр Сиддиқнинг халифалиги даври: 632—634 йиллар. ↑ Наср (ибн) Сайёрнинг Хуросонда амирлик йиллари: 738—748 ↑ Амир Исмоил Сомоний даври, яъни 892—907 йиллар, у ҳақда батафсил XXIX бобда сўзланган. ↑ Бидун Бухорхудот — 680 йили Муслим ибн Зиёд томонидан ўлдирилган, Бу ҳақда тўлароқ кейинги саҳифаларда сўзланади. ↑ Хотиннинг Бухорода ҳукмронлик қилган йиллари: 680-695. ↑ Мол —ҳар хил маънода ишлатиладиган термин: «Бухоро тарихи» да кўпинча пул, мол-мулк мазмунини англатса ҳам асосан хирож, жон пули маъносида ҳам келади. ↑ Хожа саролар, яъни бичилган қуллар—«Хожа сароён, яъни хусён». ↑ Алоқа (хат-хабар) ишлари бошлиғи «соҳиби барид». ↑ Муқанна қўзғолонн ҳақида тўлароқ маълумот учун қаранг: ушбу китоб XXVII боб. Аббосийлар халифаларидан бўлган Маҳдийнинг халифалик йилллари: 775—785. ↑ Иброҳим — нусхалардан бирида «Абу Иброҳим», бу эса Исмоил Сомонийнинг куняси, демак унинг ўзи. ↑ Наср — Исмоил Сомонийнинг акаси. Самарқандда ҳукмронлик қилган; вафоти йили .892. ↑ Амир. ул-муъминин Муқтадир—Аббосийлар халифаларидан, 908-932 йилларда халифалик қилган. ↑ «Байт ул-мол мулки»нинг мазмуни умуман: ғанийматга олинган моллар ва эгалари вафот қилгандан кейин давлат ихтиёрига олинган моллар сақланадиган жой (уй) ва, яна, барча мусулмонларнинг ҳаққи бўлган мол; ↑ Ориз — аскарлар ва мансабдорларга маош улашиш ишларини бошқариш лавозимидаги киши, хазиначи маъносида хам тушуниш мумкин. ↑ Тобеинлар — Муҳаммад пайғамбарни ўз кўзи билан кўрган (саҳоба)ларни кўрган кишилар. ↑ Тавоис — жойлашган ери Бухородан Самарқандга олиб борадиган катта йўл устида бўлганлиги кейинроқ айтилган. Тарихий адабиётда кўпроқ учрайдиган тўғри аталиши «Тавовис»дир. ↑ Арқуд — Работи малик чўлннинг ғарбида жойлашган деб бир нусхада тушунтириш ҳам берилган. ↑ Чоч — Тошкент шаҳрининг илк ўрта асрлардаги номи. ↑ Куҳандиз — «кундиз» қалъа. XIII асрдан бошлаб Бухоронинг куҳандизи «арк» деб ҳам аталган. ↑ Жуфт — асли «жуфти гов», яъни «қўш ҳўкиз». Ер ўлчови сифатида ишлатилиб, бир фаслда бир жуфт ҳўкиз билан ишлов бериб ҳосил олиниши мумкин бўлган ер миқдорини англатади. ↑ Абу Аҳмад ал-Муваффақ биллоҳ — Аббосийлар халифаларидан бўлган биродари Муътамид даврида (870—892) ҳукмдорлик қилган; вафот йили 891. ↑ Муқотаа — улуш сифатида тақдим қилинган ер-мулк. ↑ Муҳаммад ибн Тоҳир 862—873 йилларда Хуросонда амир бўлган. ↑ Малик Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим Тамғочхон — нусхаларда «Иброҳим» билан «Тамғочхон» орасига янглиш «ибн» қўйилган. Қорахонийлар сулоласи ҳукмдорларидан бўлган Иброҳим Тамғочхон 1068 йили тахтдан воз кечиб, ўғли Шамсулмулк Мовароуннаҳрда ҳокимиятни қўлига олган ва 1080 йили вафот этган. ↑ Омиллар — умуман хизматчи ёки амалдор маъноларида; бу ерда солиқ йиғувчилик лавозимидаги кишилар маъносини англатувчи тарихий атама. ↑ Қадрхон Жабраил ибн Умар ибн Тўғрулхон Қорахонийлар сулоласидан бўлиб, 1099—1102 йиллар орасида Мовароуннаҳрда бўлган. ↑ Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон — Қорахонийлар сулоласидан, ҳукмронлик йиллари 1102—1130. ↑ Қинторий Дозийнинг луғатида «қунторий» талаффузи билан ўқилиб «ўқ ёй» ёки «найза ёғочи» деб таржима қилинган. «Муҳити Аъзам»да зса «қинторий»га «тутатиладиган уд» маъноси, «Бурхони қоте»да ёнғоқ дарахтишшг илдизи ичида пайдо бўладиган елимга ўхшаш нарса деб изоҳ берилиб, унинг қон тўхтатиш хусусияти бор дейилган. ↑ Мис — луғавий маъноси кийимларни қизилга бўяш учун ишлатиладнган бир илдиздир. ↑ Бу ерда Сосонийлар сулоласи шаҳзодаларидан бўлган Шопур (Хусрав I (531—578) ёки Хусрав II (590—628)нинг ўғли) кўзда тутилса керак. Бу Шопур ҳақида «Бухоро тарихи»нинг кейинги саҳифаларидан бирида сўзланади. ↑ Али ва Жаъфар авлоди — Али— Муҳаммад пайғамбарнинг куёви, сафдоши ва амакиси Абу Толибнинг ўғли; 656—661 йилларда халифалик қилган. У асосан Эронда тарқалган шиа мазҳябларидан имомийя мазҳабидаги ўн икки имомнинг биринчиси ҳисобланади. Жаъфар (Имом Жаъфар Содиқ) эса олтинчисидир, 765 йили вафот этган. ↑ Хожа имом Абу Ҳафс Кабир — Бухорода ўтган машҳур фақиҳ — шариат илмининг билимдони. 834 йили вафот этган. ↑ Хунукхудот— VIII асрда ўтган Бухоро ҳукмронларидан. ↑ Сомонийлар шаҳзодаларидан бўлган Аҳмад ибн Нуҳнинг ҳукмдорлик тахтига ўтирганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. «Мусулмон династиялари»нннг автори Лен Пульнинг кўрсатишича ҳамда «Бухоро тарихи»нинг кейинги саҳифаларида ёритилишича, Нуҳ ибн Насрдан кейин унинг ўғиллари Абдумалик ибн Нуҳ (954—961) ва Мансур ибн Нуҳ (961—976) ҳукмдорлик қилган. ↑ Харвор — ҳар хил шаҳарларда миқдори ҳар хил бўлган оғирлик ўлчовини англатади. Луғавий маъноси «бир эшак юки», яъни бир эшакка ортилиши мумкин бўлган оғирлик микдори. Бу ўринда эса «харворҳо» шаклида ёзилган ва умуман жуда кўп деган мазмунни англатади. ↑ Шаддод — афсона бўйича Ирам боғини қурдирган ва золимликда донг чиқарган бир подшоҳнинг номи; шу туфайли адабиётда кўпинча золим подшоҳ— ҳукмдорларга ннсбат берилади. ↑ Фундуқий — яъни жигарранг. ↑ Нумижкат — ўрта аср манбаларининг маълумотича, Нумижкат аслида Бухорога яқин, лекин ундан алоҳида бир шаҳар бўлиб, сўнг бу икки шаҳар бир-бирига қўшилиб кетган, шунинг учун Бухоро гоҳо Нумижкат деб ҳам аталган. ↑ Салмони Форсий — асли эронлик бўлиб, Муҳаммад пайғамбарнинг саҳобаларидандир; 655 йили вафот этган. ↑ Кутвол — қалъа бошлиғи. ↑ Хоразмшоҳ —бу ерда Хоразмшоҳ Отсиз кўзда тутилиши керак, у 1127— 1156 йилларда ҳукмронлик қилган. ↑ Султон Санжар — салжуқийлар сулоласи ҳукмдорларидан (1119—1157 йиллар). ↑ Гўрхон—1141 йили султон Санжарни мағлубиятга учратиб Мовароуннаҳрни босиб олган қорахитойлар сулоласи ҳукмдорининг унвони. ↑ Ғуз аскарлари — турк қабилаларидан бири бўлган ғузларнинг султон Санжар (салжуқийлардан) ихтиёридаги аскарлари кўзда тутилса керак. ↑ Хоразмшоҳ Муҳаммад ибн Султон Такаш — 1200—1220 йилларда ҳукмронлик қилган; «хитойликлар енгилдилар» дейишдан қорахитойларни тушунмоқ лозим. ↑ Сомонийлар сулоласи ҳукмронлиги, умуман, 874—999 йиллар. ↑ Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомонийнинг ҳукмронлик даври 914—943 йиллар. ↑ Абдумалик ибн Нуҳ ибн Наср ибн Аҳмад ибн Исмоилнинг ҳукмронлик даври: 954—961 йиллар. ↑ «Китоби Яминий»нинг муаллифи Аҳмад ибн Ҳасан ал-Утбий —«Бухоро тарихи»ни форс тилига таржима қилган Аҳмад ибн Муҳаммад бу ерда хатога йўл қўйган: ҳақиқатда вазирнинг номи Абу Жаъфар Утбий бўлиб, «Тарихи Яминий»нинг муаллифи бутунлай бошқа шахс —Абу Наср Муҳаммад ибн Абдулжаббор Утбийдир. ↑ Сомонийлар сулоласидан бўлган Мансур ибн Нуҳнинг ҳукмронлик йиллари: 961—976. ↑ Мисқол — оғирлик ўлчови: 4,25 грамм. ↑ Халифа ал-Мустаъин ибн ал-Муътасим — аббосийлар халифаларидан: 862—866 йиллар. ↑ Маволий — аслида «мавло» (хожа, жаноб, валий ва ҳоказо)нинг жами. Бу ердагига ўхшаш «озод этилган қул» маъносида ҳам келади. Маволий (озодлик олган қул)лар Исмоил Сомонийнинг гвардиясида хизмат қилганлар. ↑ Насрхон иби Тамғочхон, яъни Малик Шамсулмулк. ↑ Хизрхон 1080 йили тахтга ўтирган. ↑ Аҳмадхоннинг ҳукмронлиги 1095 йилгача давом этган. ↑ Маликшоҳ — салжуқийлар султони (1072—1092), у Мовароуннаҳрга 1089 йили ҳужум қилган. ↑ Сосонийлар сулоласидан бўлган Кисро (Хисрав) I (531—578) ёки Хисрав II (590—628). ↑ Канпирак девор — харобалари шу кунларгача ҳам сақланиб қолган. ↑ Абу-л-Аббос ал-Фазл ибн Сулаймон Туснй 783 йилдан 787 йилгача амирлик қилган. ↑ Масъуд Қилич Тамғочхон — қорахитойлар хони (1160— 1178). ↑ Абу Бакр Сиддиқнинг (халифалик) даври: 632—634 йиллар. ↑ Ҳорун ар-Рашид — аббосийлардан; халифалик йиллари: 786—809. ↑ Мусо ал-Ҳодий — аббосийлардан; 785-786 йилларда халифалик қилган. ↑ Ярим дирамдан тортаб тўрт ярим донакгача баъзи нусхаларда: «ярим дирам ёки тўрт ярим донак». Бу бобда учраган оғирлик ўлчозларининг ўша даврларда арабларда ишлатилган миқдори тахминан бундай: мисқол — 4,250 гр. дирам — 3,186 гр. донак — 0,531 гр. ҳабба — 0,071 гр. ↑ Муовия I—умавbя халифаларидан, халифалик йиллари: 661—680. ↑ Қусам ибн Аббоcнннг ўз ажали билан вафот топган ёки ўлдирилганлиги ва бу воқеа Самарқандда ёки Марвда содир бўлганлиги борасида манбаларда ихтилофлар бор. Лекин шуниси аниқки, ҳозирда ҳам Самарқандда мавжуд бўлган Шоҳизинда мақбараси унинг бу ерга кўмилган ё йўқлигидан қатъи назар шу шахс номи билан боғланган. Бу ҳақда муфассал маълумот Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида тўлиқ келтирилган. ↑ Язид (I) ибн Муовия (умавия халифаларидан) халифалик қилиб турган вақти — 680—683 йиллар. ↑ Муслим ибн Зиёд ибн Абийҳ — арабларда отасининг номи ноаниқ бўлган кишига шунда (Абийҳ) дейилади, яъни: отаси номаълум Зиёднннг ўғли Муслим. Хуросонда амирлик қилган йиллари. 681—684. ↑ Ажам — араблар ўзларидан бошқа халқларни «ажам» деб атаганлар, шунингдек, араблар яшайдиган ерлардан бошқа мамлакатлар, хусусан Эрон ва Туронлар ҳам «мулки ажам» номи билан юритилган. ↑ Ҳажжож —араб халифалигининг шарқий қисмларининг 694—714 йилларидаги ноиби Ҳажжож ибн Юсуф; ўз золимлиги билан донг чиқарган. Қутайба ибн Муслимнинг Хуросон амири бўлган йили — 705. ↑ Тўхористон — Амударёнинг ўрта ва юқори оқимидаги икки соҳилини ишғол этган ерларнинг ўрта асрлардаги аталиши. ↑ Хунбун — Бухоро билан Пайканд оралиғида жойлашган қишлоқ. ↑ Тороб — бу ҳам Хунбун яқинида ўрнашган Бухоро қишлоқларидан. ↑ Ҳайёни Набатий — Қутайбанинг яқин кишиларидан. ↑ Амири садид Мансур ибн Нуҳ ибн Наср — сомонийлар сулоласидан, ҳукмронлик йиллари: 961—976 (қ. XXXV боб). ↑ Абу Жаъфар Давонақий, яъни ҳалифа Мансур; аббосийлар халифаларидан, 754—775 йилларда халифалик қилган. ↑ Тоҳирийлар сулоласида бундай ном йўқ. Умуман бу сулоланинг Хуросонда ҳукмронлик йилдари 821—873. ↑ Хожа имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий — Бухоронинг машҳур фақиҳларадан, вафот йили, «Бухоро тарихн»нинг ўзида кейинроқ айтилишича, 832. ↑ Тўғриси: Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, машҳур фиқҳ олими Абу Ханифанинг шогирди, вафоти йил — 804. ↑ Ислом муаллифлари орасида Шамс ул-аимма ал-Халвоийгача (вафоти 1060 йил атрофида) ўтган фақихларни «Мутақаддимин»—«аввалгилар», ундан кейинги фақиҳларни эса «мутааххирин»—«кейингилар» деб юритилади. ↑ Абу Абдуллоҳ —Абу Ҳафс Сағр деб ҳам аталади, вафоти йили —877. ↑ Мужовирлар — масжид ва мозорларда тунаб юрувчилар. ↑ Ҳақраҳни «ҳақ» деб атаганлар — «Ҳақраҳ»нинг мазмуни: ҳақ йўл. ↑ Қутайба ўлдирилган йил — 715. ↑ Асад ибн Абдуллоҳ ал-Қушайрни 166 (782—783) йилда эмас, 4 20 (29 декабрь 737—17 декабрь 783) йили вафот этганлиги тарихий адабиётда манбалар асосида аниқланган. Бинобарин, 166 йилни 120 деб тушунмоқ лозим; шунингдек, унинг нисбаси ҳам «ал-Қушайрий» эмас, «ал-Қасрий»дир. ↑ Сомон қишлоғи баъзи манбалар маълумотича Самарқанд атрофида дейилган, бироқ «Бухоро тарихи»даги бу сўзлар, кўпчилик манбалар билан бир қаторда, Сомон қишлоғининг Балхга яқин ерда эканлигидан дарак беради. ↑ Абу-л-Ҳасан Майдоний — академик В. В. Бартольднпнг аниқлашича, «Майдоний»эмас «Мадоиний» ёзилиши керак. Майдоний эса (тўла номи Абу-л-Ҳасан Али ибн Муҳаммад), араб тарихнависларидан бўлиб, 830 ёки 840 йилда вафот этган. ↑ Зиммийлар — ислом дини ҳукмрон бўлган мамлакатда яшаб турувчи бошқа динларга мансуб кишилар, ислом давлати ўз ҳимоясида сақлаб турганлиги эвазига зиммийлар маълум солид — Жизя тўлаб турганлар. ↑ Асад ибн Абдуллоҳ ал-Қушайрни 166 (782—783) йилда эмас, 4 20 (29 декабрь 737—17 декабрь 783) йили вафот этганлиги тарихий адабиётда манбалар асосида аниқланган. Бинобарин, 166 йилни 120 деб тушунмоқ лозим; шунингдек, унинг нисбаси ҳам «ал-Қушайрий» эмас, «ал-Қасрий»дир. ↑ Ҳишом ибн Абдумалик ибн Марвон — умавийлар халифаларидан, халифалик йиллари: 724—743. ↑ Бу бобда баён қилинган воқеалар 750— 751 йилларда содир бўлгаи. ↑ Марвоиийлар —умавийлар халифаларидан (661—750) охиргиси Марвон II (744—750) нинг авлод-тарафдорлари кўзда тутилади. ↑ Аббоcийлар — умавийлар (661—750) халифалигидан кейинги 750—1258 йилларда ҳукмронлик қилган халифалар сулоласи. ↑ Барзам — «Ҳафт қулзум»да буни Амударё ёқасидаги бир қалъа номи дейилган. Лекин «Замм»ни алоҳида олсак, у Карки шаҳрининг қадимий номи. Зам вилояти Амударёнинг Каркдан жанубдаги қисми, Андхўй Маймана атрофлари. ↑ Абу Муслим — умавийлар хонадони халифалигининг йиқилиши ва аббосийлар хонадони халифалигининг ўрнатилишида аббосийларга катта хизматлар кўрсатган шахс. ↑ Кашмиз—Фрай изоҳида бунинг Омуя (Чоржўй) яқинида ўрнашган шаҳар эканлиги ва «Кушмиҳон» ўқилиши тўғрилиги кўрсатилган. ↑ Сипоҳ аломатинн ошкора қилди — Ликошин буни ҳамма нусхаларда шундай ёзилганидан қатъи назар «қора аломат» ўқилиши тўғри деган. Чунки аббосийларнинг байроқлари қора рангли бўлган. Тағшода Зиёд ибн Солиҳ тарафида жанг қилгаилиги учун шундай аломат кўрсатган бўлишини тўғри деб тушуниш мумкин. ↑ «Ахбори Муқанна» (номли китоб) нинг муаллифи Иброҳим ва Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийларнинг айтишларича... ↑ Маҳдий ибн Мансур — аббосийлар халифаларидан, халифалик йиллари: 775—785. ↑ Абу Жаъфар Давонақий даври, яъни аббосийлар халифаларидан бўлган Мансур (754—775 йиллар) нинг даври. ↑ Абдулжаббор Аздий — 758 йили Хуросон амири бўлган. ↑ Нахшаб ёки Насаф — ҳозирги Қарши ёнидаги қадимий шаҳар. Кеш — Шаҳрисабз ва Китоб. ↑ Маоз ибн Муслим Хуросонга амир бўлган вақт — 777 йил. ↑ Ҳарий — яъни Ҳирот шаҳари; ҳозирги Афғонистоннннг шимоли ғарбнда ўрнашган. ↑ Арбннжон ва Зармон — Бухоро билан Самарқанд орасида йўл устида ўрнашган қишлоқлар номи. ↑ Ҳирот амири бўлган Саъид кўп лашкар билан Муқанна ҳисорининг дарвозасига келиб қўнди. Нусхалардан бирида: «Муқанна саройи дарвозасига йигирма мингдан ортиқ лашкар борди, урушлар қилди, аммо уни ололмади. Муқаннанинг ҳалок бўлиш вақти етгач, Маҳдий Ҳиротнинг амири бўлган Саъид Ҳарашийни юборди ва у лашкар билан Ҳисор дарвозаси (олдига) келиб қўнди». ↑ Баъзи нусхалар ҳошиясида «Тарихи Фахруддин Али Муставфий Ироқий» дан келтирилган иловада: ҳукмронлик муддат бир юз ўн йилу олти ою етти кун бўлган. Уларнинг мамлакати Турк диёридан то Ҳинд, Форс ва Ироқ чегараларигача, тураржой (пойтахт) лари эса Бухорода бўлган. ↑ Аббосийлар халифаларидан бўлган Ҳорун ар-Рашиднинг халифаликка ўтирган йили — 786, вафот йили эса — 809. Шунга кўра мазкур Самарқанд воқеалари 809 йилда содир бўлган. ↑ Маъмуннннг халифаликка ўтирган йили бевосита Ҳорун ар-Рашиддан кейин (809) эмас, 813 йили воқе бўлган ва у 833 йилгача халифаликда турган. ↑ Ғассон ибн Уббоднинг Хуросон амирлигидан туширилган йили — 821. ↑ Тоҳир ибн Ҳусайн — 821—822 йилларда Хуросои амири бўлган. ↑ Нуҳ ибн Асаднинг вафоти йили 842, Аҳмад ибн Асадники — 864. ↑ Амр ибн Лайс — саффорийлар сулоласининг асосчиси Яъқуб ибн Лайснинг биродари; 879 йили ўз акаси ўрнига тахтга ўтирган. Сомонийлардан амир Исмоил уни Балхда мағлубиятга учратганлиги воқеаси XXX бобда батафсил сўзланган. ↑ Яъқуб ибн Лайс — саффорийлар сулоласининг асосчиси, ҳукмронлик йиллари 868—879. Унинг Хуросонни тоҳирийлар сулоласи қўлидаи олган йили — 873. ↑ Дабир — котиб ва маслаҳатчи маъносида. ↑ Исфижоб — кўпчилик адабиётда машҳур бўлган шаклда олинди. Чимкент ёнида, Сайрам ўрнидаги ўрта аср шаҳри. ↑ Ман — оғирлик ўлчови; ҳар хил ерларда турли миқдорни англатгаи; масалан, араб халифалигида ишлатилган 1 ман — 831 гр. Бунда умуман дон оғирлиги эмас, бир дона нон ҳақида гап бораётгаилигига асосан бу ерда мазкур 831 гр атрофидагн миқдор тушунилиши мумкин. ↑ Омили хирож — хирож йиғиш ишлари мутасаддиси. ↑ Девон даромади— (амволи девон); яъни давлат мол-мулки. ↑ Возбадин — Бухоро ва Самарқанд оралиғида ўрнашган эканлиги текс мазмунидан тушунилса ҳам, лекин тарихий адабиётда бундай номдаги жон учрамайдн. ↑ Муътазид — аббосийлардан; 892—902 йилларда халифалик қилган. ↑ Али ибн-ал-Ҳусайн — Жанубий Эрондагп Форс вилоятининг амири. 869—871 йиллар орасида Яъқуб нбн Лайс унинг ҳукмронлигидагн Форсни тортиб олган. ↑ Гузгониён амири Аҳмад (кейинги абзацда Аҳмад ибн Фариғун) — ҳозирги Афғонистоннинг шимолидаги Андхўй, Шибиргон шаҳарлари жойлашган ерлар Гузгон (ёки Гузгонон) деб аталиб, 1Х-Х асрларда у ерда фариғунлар сулоласи ҳукмронлик қилган; Аҳмад шу сулоладандир. ↑ Форёб — Гузгонондаги шаҳарлардан бири. Афғонистондаги қадимий шаҳар, ҳозирги Давлатобод ўрнида бўлган. ↑ Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомонийнинг ҳукмдорлик йиллари: 907—914. ↑ Абу-л-Ҳасан Наср ибн Аҳмад иби Исмоил ас-Сомоний ҳукмдорлиги: 914— 943 йиллар. ↑ Амири саъид ўн учинчи йили — юқорида ўтган 301 йилга қараганда, бу ерда 313 (29 март 925—18 март 926). ↑ Нуҳ ибн Наср ибн Ахмад ибн Исмоил ас-Сомбнийнинг хукмронлик йиллари: 943-954. ↑ Бу ерда Абу Зар деб нотўғри ёзилган, юқорида айтилишича ҳақиқатан ҳам Бухорога қозилик қилиб фиқҳ масалаларига оид «Мухтасари кофий» номли йсар ёзган киши Абу-л-Фазлдир. ↑ Абу Али Исфаҳоний Нишопур амири эди — бошқа манбалар маълумотича бу шахс Исфаҳоний эмас Сағониёний ёки Чағбниёний (Сурхон водийси) бўлиши керак. У 955 йилда вафот этган. ↑ Иброҳим Симжўр — 945—948 йилларда Нишопурда амирлик қилган. ↑ Абдулмалик ибн Нуҳ ибн Насрнннг ҳукмронлнк йиллари: 954—961. ↑ Мансур ибн Наср нбн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомонийнинг подшоҳлиги адабиётда 961—976 йиллар деб кўрсатилган, лекин ушбу бобнинг охирида 25 сектябрь 975 йил аниқ айтилган. «Амири садид» унинг лақабидир. «Садид»— тўғри, ҳақ маъносида. ↑ Нуҳ ибн Мансур ибн Нуҳ ибн Наср нбн Аҳмад ибн Исмонл ас-Сомонийнннг ҳукмронлиги: 976—997 йиллар. ↑ Шу даврдаги нуфузли кишилардан бири ҳожиб Бектузун кўзда тутилса керак. Бектузун матнда номи аталган Фойиқ ал-Хосса билан бирга Сарахсда 929 йили Мансур ибн Нуҳни асир олиб, сўнг уни кўр қилиб Бухорога жўнатганлиги тарихий адабиётда баён қилинган. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Buxoro tarixi [Abu Bakr Narshaxiy] 11700 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62664 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59759 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23806 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23615 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23367 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19836 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18917 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14641 |