Оқ девор (ҳикоя) [Nodirabegim Ibrohimova]

Оқ девор (ҳикоя) [Nodirabegim Ibrohimova]
Оқ девор (ҳикоя) [Nodirabegim Ibrohimova]
Дарсдан шошиб чиқдим. Ана холос, ёмғир беаёв қуйяпти-ку. Аксига олиб бугун бир кўргазма ташкилотчилари билан суҳбат уюштирмоқчи эдим.
Шундай ёмғирда бориш шартмикан-а? Ё бугун бормай қўяверсаммикин? Йўқ, эртанги дарсга бирор нима тайёрлашим керак! Фикрларимга қарши чиққандай ёмғир ҳам савалаб қуярди. Соябонимни очдим-у бекатга югурдим. Бироз кутдим… Кутиш асносида бекатнинг ортида ёмғирда ивиб турган йигитга кўзим тушди. Соябони ҳам йўқ экан, бекат ичкарисига кирса бўлмасмикин? Анчадан бери турибди-ёв, қалин қоп-қора сочлари сувга бўккан. Нигоҳи эса бир нуқтадан узилмайди — баланд оппоқ девор… Девор тарфда бир нима борми, деб роса тикилдим — девор бегард. Нотаниш йигит зерикдими ёки чарчадими, охири бекат ўриндиғига — шундоқ ёнимга чўкди. Шу пайт автобусим ҳам келди. Чиқишим керак. Ўрнимдан турдим. Нотаниш йигит хўрсинди… Тўхтадим. Автобус кетди. Мен жойимга қайтиб ўтирдим. Шу дамда менга кўргазмадан ҳам кўпроқ «нотаниш» қизиқ эди. Балки у ҳам бир дардкашга муҳтождир…
— Бирор муаммога дуч келган кўринасиз?
У «Менга гапираяпсизми», дегандай қаради. Бироз ўтиб жилмайди:
— Нима, сиз муаммога дуч келмайсизми?
— Бўлиб туради. Лекин… уни енгиш керак. Сиз эса ўзингизни…
— Хароб қиляпманми?
— Ўзингиз ҳам биларкансиз-ку буни. Нега бундай бўлди, деб ўйланавермай муаммони ҳал этиш йўлларини излаш керакдир балки…
— Йўқ, нега бундай бўлди, деб ўйлайман мен. Чунки шундай бўлиши керак эди. Уни ҳал этиш йўли ҳам йўқ. У энди ёнимга қайтмайди…
— Ҳа… севги муоммоси денг?
— Севги... Эҳтимол, севги бу туйғу олдида ожиздир.
— Муҳаббатингиз шунчалик кучли экан, нега уни йўқотдингиз?
— Ким билади? Бу фақат Аллоҳга маълум. Ўзи шундай — гўзал хилқат бевафо бўлади.
— Демак, севганингизга вафо етишмабди-да?
— Ҳа… у мени жилмайибгина ташлаб кетди. Усиз яшолмаслигимни биларди… Жавоҳиридан кечиб кетди-я!
Нотанишнинг ҳам кўзларидан томчилар ёға бошлади, худди бугунги ёмғирдай… Йигит киши йиғлаганини кўрмаганман. Нима деяримни, нима қиларимни билмай қолдим. «Бир қизга ҳам шунчаликми?» деб ўйладим.
— Айтганча, нега мана бу деворга тикилиб тургандингиз?
— Чунки девор ортида унинг уйи бор.
— Чиқишини пойладингизми?
— Йўқ… У чиқмайди. Ёмғирни яхши кўради, шунинг учун ёнига келдим. Аммо девор ортига ўтиш…
— Ҳа, кимдир кўрса дуруст бўлмайди. Бировнинг уйига берухсат кириш…
— Менга рухсат шартмас. Энди керакмас… Аввал иккимиз кимларнингдир рухсати-ю буйруқлари остида яшадик. Охири нима бўлди?! Ҳатто бирор марта қўлидан ҳам тутолмадим…
— У ҳозир… турмушга чиққанми?
— Турмушга чиқсаям розийдим. Ахир бир кун қолганди тўйига. Аммо у истамади! Менга хиёнат қилолмади…
— Ундай бўлса… Нима муаммо?
Нотаниш ўрнидан турди.
— Мен ундан хабар олиб келай…
— Майли… Унга салом айтинг.
Нотаниш йигит кетди. Девор ёқалаб кетди… Эшиги қаердайкин, билмадим. Мен ҳам кетдим. Кўргазмага эмас, уйимга. «Бирор нима« ҳам ёздим: »Девор ортида…». Менга ҳануз жумбоқ эди, не бор эди девор ортида? Нотанишни йигитни эса қайта учратмадим. Балки ёмғир яна ёққанида кўрарман уни. Жавобсиз саволларимга жавоб берар у.
Ёмғир эса бошқа ёғмади… Орадан бир ой ўтди. Ҳаво иссиқ, ўша бекатдаман. Девор оқланаяпти. Ҳашарчилардан сўрадим:
— Девор ортида ким яшайди?
— Ҳеч ким яшамайди. Бу ер безабонлар макони. Қабристон…
— Қабристон…

Мен бекатга қайтдим. Ўриндиққа оғир чўкдим. Ёнимда бир онахон деворга томонга қараб ўқтин-ўқтин хўрсинади: «Эҳ, болам-а… нималар қилиб қўйдинг? Тўйингни кўролмаган онанг ўлса бўлмасмиди? Оҳ, Жавоҳирим!»
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика