Зилзила (ҳикоя) [Nortoʻxta Qilich]

Зилзила (ҳикоя) [Nortoʻxta Qilich]
Зилзила (ҳикоя) [Nortoʻxta Qilich]
Эрта тонг маҳали, ҳали Баҳром чол қотиб ухлаётган эди. Ногаҳон каравотнинг қаттиқ силкинишидан чўчиб уйғонаётгани ҳамоно, вассажуфт шифтдан шувиллаб тупроқ тўкилаётганлигини эшитди.
Уй анча эски эди.
...томни ўйиб биров тушди-ёв! – Беихтиёр шундай бир гумон хаёлидан кечар-кечмас, Баҳром чол кўзларини катта-катта очди, қулоқларини динг қилди. – Ё тавба, бадавлат деб ўйлабдилар-де!.. – Ўша аснода раҳматли ўғли бор бўй-басти билан кўз ўнгида бир ёлқинланди: ўғлининг ўтганига икки ойдан кўпроқ... сал кам уч ойча... йўқ, тўғрироғи, тонг оца, етмиш етти кун бўлади. – Пўлат... Пўлатжон!.. – деб шивирлади, туганмас бир ғам билан. – Ҳа-а-ай-й, болажоним-а!..
Ё пирай, ҳаммаси бир зумда – кўз юмиб очгунча – рўй берди-қўйди: одатдагидай ўғлининг дилкаш жилмайишидан чақнаган юз-кўзлари хаёлида намоён бўлар-бўлмас, бирдан осмондан, йўқ... осмондан эмас, ер комидан таралаётган момақалдироқдай гумбирлаган бир товуш аралаш, – ё чиндан ҳам момақалдироқмиди? – Олабойнинг аллатовур бетоқат, зорланиб увлаётгани қулоғига бошқача чалинди. Ирғиб ўрнидан турди. Ва, кўнгли ёмон бир ниманидир сезиб, беихтиёр бошяланг, оёқяланг эшик томон югурди. Айни ўша аснода ажабтовур яшин чақнадию, уй ичи оп-ойдин нурдан кўзни қарақтиргудай нурафшон бўлди ва оёғининг тагида ер чайқалаётганлигини сезди.
...ерми ё ўзим чайқалвомманми? Ер... ер шекилли. – Баҳром чол аниқ бир ху-лосага келиб-келолмай, саросар ҳовлига чиқиб, энди ортига ўгирилган ҳам эдики, даҳлизнинг кунботар тарафдаги деворидан бўйрадай жой пўп этиб ўпирилиб тушди. – Ё тавба, ер қимирлавотти-ку! Субҳоноллоҳ...
Баҳром чол, оғзи ярим очиқ кўйи, қўни-қўшнининг ғала-ғовури қулоғига олис... олисларданми таралаётгандай ғалати чалинганча, бир муддат карахтдай анграйиб қолди.
Олабой эса, ўпирилиб тушган девор кесакларини олдинги оёқлари билан нега-дир жонҳоври таталаркан, ғингшиб-ғингшиб, дамба-дам кўзлари чўғдай чақнаганча, Баҳром чолга қараб-қараб қўймоқда эди.
Ногоҳ, қаттиқ тўлғоқ тутган хотиндай ер яна бир тўлғанди.
Олабой вангиллаб қочди-да, ҳовлини зув айланиб, бетоқат изига қайтди, Баҳром чолнинг оёқларига тўшини бериб ётди; тағин алланимадан зорланаётгандай чингсиб, оёқларини ялади.
– Xайрият, Ўзи бир асради. – Баҳром чол хаёлчан шивирларкан, тағин Пўлатжони кулиб-жилмайиб кўз ўнгидан ўтдию, ўғлининг қазоси кунлари еру кўкка сиғмай қолгани ёдига тушиб, Баҳром чол тажанглик билан тўнғиллади. – Э, дунёси туф деган тупукка арзимас экан-ку! Бунча?!.
Баҳром чолнинг юраги санча бошлаган эди, тўнғиллаган кўйи, чап кўкрагининг остига кафтини босди. Воажаб, ёлғизининг қазосига қадар юрагининг бору йўқлиги ёдига ҳам тушмаган, энди эса бот-бот шунақа хуруж қиладиган одат чиқарди.
Ишком остидаги картга хомуш ўтирди.
Олабой орқа оёқларига чўнқайиб, чўзиб-чўзиб улий бошлади.
Баҳром чол хўмрайиб, итга: ўчир, демоқчи бўлди, лекин... демади.
...майли, улийверсин. Пўлатимми қазоси кунларидаям жонивор...
Олабой осмонга қараб улийверди.
Аллақачон тонг ёришган – тобора осмон оқиш-кулранг тус олмоқда. Кўчага ёпирилиб чиққан қўни-қўшниларнинг ғала-ғовури лаҳза сайин авж олаётган эди. Ўша аснода бирдан бир нечта «Тез ёрдам» машинаси олам-жаҳонга қий-чув солиб, катта йўлдан елиб ўтди.
Ҳамон Баҳром чол бошяланг, оёқяланг эди. Туриб, кўчага қарагиси, қўни-қўшни билан омонлашгиси келди. Лекин... бунинг учун уйга кириши... кийиниши керак эди, шу тобда уйга кириш-кирмасликни ҳамда оппоқ иштон кўйлакда ўзининг арвоҳдай бўлиб ўтирганлигини ўйладими, ўйлагандай бўлдими – билолмай, борлигу йўқлик аро маҳв бўлган кўйи, чап кўкрагининг остини хомуш... хаёлчан сийпалайверди.
Ишком чеккасидаги қувур жўмраги маҳкам буралмай қолган экан, ундан кўз-ёшидай узлуксиз сув томчиламоқда эди: чак... чак... чак!..

* * *
Баҳром чол, барибир, кўчага чиқмади.
...чиқиб ҳам нима қилардим, – деб ўйлади. – Бировнинг кўзи учвоттими.
Хушлар-хушламас нонушта қилганидан сўнг, Баҳром чол эринмай, элан-қаран уннаб, серсомон лой қорди.
...қаёққаям шошиламан – борар манзилим аниқ: ана, анетта кампириму ўғлим-нинг мангу макони ёнидан тегадигани икки газгина жой; фақат, вақти... номаълум-де!.. Ўзи, азалдан шундай: бандаси келарию кетар вақтини билолмайди.
Баҳром чол тағин бир челак сувни лойнинг устига шилта қилиб сепди. Энди лой бир оз дамини олиши – етилиши керак эди.
Баҳром чол юзларига, пешонасига кўпчиган терларини белбоғига артган кўйи, картга бориб, ҳорғин... ғамгин чўзилди. Лўла болишга бошини қўяётиб, кампирини эслади: хўрсинди!..
Аслида, э с л а д и дейиш – сал тўғри эмас; чунки, эсласа-есламаса, ўйласа-ўйла-маса, дам ўғли, дам кампири, гоҳо ҳар иккала азизи дилининг туб-тубидами ё мияси-нинг аллабир қат-қатидами ёнаётган шамдай биғиллаётганини майин бир оғриқ билан мудом ҳис этиб туради. Биладики, мана шундай пайтларда раҳматли кампири дарровгина бир пиёла илиқ-иссиқ чой қуйиб узатарди: манг, халқумийиззи ҳўллаволинг, чол дерди.
Энди бундай ўйлаб қараса, кампирининг ч о л деган шу биргина жумласида она-нинг эркатойига б о л а м деганидагидай бир меҳрибон тафт бўлган экан; энди эса, ўша тафт...
...йўқ-де, йўқ!
Шуни ўйлаётиб, беихтиёр Баҳром чолнинг кампирига ҳам ҳаваси келди, ҳам... Кўз жияклари жимирлаб кетди. Ютинди.
...раҳматли вақтида этак силтаган экан, – деб кўнглидан ўтказди сўнг Баҳром чол, тирсагига тираниб чой қуйгач, илиқ чойдан бир қулт ҳўплаётиб. Баҳром чол на-фақага чиққан йили, кампири, оғримай-нетмай, бир пешин чоғи қўлида дабдуруст-дан қанот қоқиб, жон таслим қилган эди. – Ўзбекнинг одатлари қурсин экан: онанг – маҳалла, отанг – маҳалла, деб ўша куни қўярда-қўймай, аср намозига чиқарган эди-лар; тили танглайида қотмай, майитни жойи ростонига топшириш керак эмиш!.. Ана кейин – икки йилдан сал камроқ ўтганидан сўнг, Пўлат!.. Пўлатжон, агар... Боё-қишнинг юраги ёрилиб кетарди-ёв!
Баҳром чол – ота экан, чидади.
...е, чидаганим қурсин! – деб шивирлади Баҳром чол, ўзигагина аён бир аламзадалик билан, уф тортиб. – Айтишга осон – фарзанд доғига чидаб бўларканми?!. Ўшандан бери тонг отадию кун ботади. – Ҳа, Баҳром чолнинг билгани шу: тонги отмаган тун, қуёши ботмаган кун йўқ экан. – Бир нафас эврилмади, даврон мани комим била, дегани шу бўлади.
Бугун... ҳалироқ даҳлизнинг ўпирилган деворини ҳамда чордоққа чиқиб, том-нинг тешилган кафтдай жойини суваганидан сўнг, аср намози пайтини мўлжаллаб, қабристонга боришни дилига тугди: кампирининг руҳи поки ҳақига, ўғлининг навқирон руҳи поки ҳақига билганича тиловат қилиб, кўнглини сал ёзиб қайтади.
Эрта тонгдан бери гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд хиср-писр юраверганигами, Баҳром чол роса чарчаган экан, аста қўлидан пиёланинг кўрпачага сирғалиб тушганини ҳам пайқаёлмай, кўзлари уйқуга илинди.

* * *
Тонг ёришар маҳалидан анча аввалроқ Баҳром чол туш кўрди: тушида – онаси!.. Онагинаси эмиш-ей!.. О, неча замонлар бўп кетган эди тушига онасининг кирмаганига.
...нечук бундай?.. – Баҳром чол кўнглида унутилаёзган бир миннатдорликни туйди. – Ўзингга шукур-ей!.. Лекин, ниманинг аломати бўлиши мумкин бу-а?
Онаси уйда: эшикнинг ўнг томонидаги тўшакда ўраниб ётган эмиш. Xона ичи гўё кўзни қарақтиргудай ёп-ёруғ эмиш!.. Ойи, деди Баҳром чол, аста онаси томонга энгашиб. Ва, овози товланиб: ўзингизми, ойи? – деди Баҳром чол яна. Ўзимман, болам, ўзим! – деди онаси, кўзларини очмай... Қизиқ, олис болалик йилларидаги каби онасининг қучоқларига кирмоқчи бўлди, лекин онаси бирпас ором олмоқчи эканлигини айтиб, ёнига яқин йўлатмади.
Шу!..
Баҳром чол ёстиқдан бош узиб, қоматини тиклади. Боя онасига гапираётганида, негадир бўғзи куйишиб, – ё пирай! – боладай йиғлагиси келган эди. Xаёлчанлик билан шуни эсларкан, кўзлари жимирлаб, паришон ёнверига қаради: уйда эмас, картда – ишком остида тунаб қолганини билди.
...қизиқ, нега уйда эмас?
Кеча чордоққа чиқиб, томнинг тешилган туйнугини серсомон лой билан суваёт-ганида, уйнинг бир неча жойидан дарз кетганини кўриб, кўкси шилингудай оғриган; кейин, радио ҳам: ҳали зилзила қайталаши мумкин, деганга яқин мужмал бир гап қилган эди. Билдики, уйда тунамаганлиги шундан.
...сабил, жон – ширин-де!..
Тағин хаёли тушига оғди.
...нечун ойим кўзларини очмадилар-а? – Боя беихтиёр тушида энгашганида Баҳ-ром чол аста онасининг ёноқларига лабларини босганини эслади. Ва, гўё ҳамон ду-доқларида қадрдон бир ниманидир туядигандай лабларини ялади: карч-карч ёрилгу-дай қурқшапти... – Ичимда тутаётган ғуссамнинг ҳовуридан бу, – деб, Баҳром чол тағин лабларини ялади. – Битта ўзим биламан. – Тушида бўлса ҳамки, онасини кўрганига кўп замонлардан бери унутилган бир илиқликни кўнглида ҳис этди. Лекин, кеча, аср намози маҳали қабристонга бориб, кампирининг, ўғлининг оёқ учларида кўз юмиб ўтирганида онагинаси ёдига тушган-тушмаганларини эслолмай, хижилланди. Энди қиблага юзланиб, онасининг руҳи покига узоқ дуойи фотиҳа бағишлашни ният этаркан, ҳануз таажжубда эди. – Ниманинг аломати бўлиши мумкин-а? Ойимнинг тушимга кирганлари бежиз эмасдир ахир?!.. – Кеча Баҳром чол кампирининг йиллар шамолию, ёғин-сочинида ер билан битта бўлаёзган жойи ростонига, ўғлининг барра майсалар қоплаётган гўрига мўлт-мўлт термилиб: очиғини айцам, у ёқда мани қилар ишим қолмади. Сизларни жуда... жудаям соғиняпман. Маниям ёнларингизга олинглар ахир, деб тиланган эди. Шуни ўйлади. – Балки, кўзларини очиб манга қарамаганлари яхшиликкадир. Шошилма, ҳали эрта, болам, деяётганларидир бу.
Баҳром чол картдан тушди. Кавушини кийди.
Олабой карт остида ётган экан, чиқди. Олдинги оёқларига тираниб, оғзини катта очганча эснаб, узоқ керишгач, кўзлари чақнаб, эркаланаётгандай хушҳол ҳуриб қўйди: вау-у-ув – яхши ётиб турдингизми, хўжайин?
– Ҳм-м, ўзинг-чи, Олабой? – деди Баҳром чол, даҳлиз томонга жилиб. – Ман ту-шимда ойимни кўрдим. Билдингми, ойижонимни?..
Газўчоқни ёқиб, Баҳром чол оловга бир челак сувни қўйди.
Ҳали эрта: тонготаргача анча вақт бор. Сув исигандан сўнг, маза қилиб бошдан-оёқ бир қуйинади.
...ғусул дейдими бунинг отини?.. Ана кейин, ювиб қўйилган оппоқ иштон-кўйлак-лардан бирини кийиб... – Беихтиёр юраги суғурилгудай бўлиб, Баҳром чол, ёшига ярашмаган бир зориқиш билан: – Ойижо-он! – деворди баралла. – Илоё?!.

* * *
Таваллою тиловатдан сўнг, анча руҳиятини тетик ҳис этиб, Баҳром чол боққа ўт-ди: нияти – нонушта пайтигача бир оз уннаб, қолган икки-уч пушта эгатни шиббалаб қўймоқчи; кейин, сув тарайди; ер етилгач, экади: памидор, булғор қалампири, бақ-лажон. Уч юз... уч юзу элликта кўчат етиб ортади. Бугун кеч хуфтон пайтига довур синггитиб сувга қондирса, икки кун, узоғи билан, уч кунда етилади.
...ермак-да, – деб шивирлади Баҳром чол. – Бекордан – Xудо безор эмиш.
Юлдузлар бирин-бирин сўниб, тонг бўзармоқда эди.
Икки туп гилос, икки туп олхўри қийғос гуллаган. Олма, шафтолиларнинг гули энди очилаяпти. Ҳар иккаловининг ҳам гули очпушти тусда. Гилос ҳамда олхўрининг гули эса оппоқ – янги ёққан қор янглиғ... Тонг ёғдусида ажабтовур товланиб-тусланаётган шода-шода гулларга суқ билан термиларкан, беихтиёр дилида Баҳром чол: – чиройли-е! – деди. Ва, димоғида гулларнинг майин ифорини туюб, ютоқиб-ютоқиб нафас олди. Айни ўша аснода инжа бир сас ҳам қулоғига чалинди.
...ҳойнаҳой, асалари бўлса керак, – деб тахмин қилди. Лекин, негадир, тахминига ўзининг ишониб-ишонгиси келмай, секин гилосга яқинлашди, бошини кўтарди. Ва, ғуж-ғуж гулларга бурканган новдалар орасида бир нечта асаларини кўрди: бари бетоқат... беҳаловат ғўнғиллаб, гулдан гулга учиб қўнаяпти; барининг жимитдай орқа оёқчалари аллақачон гулчанггига тўла. – Ў, қойил-е!.. Мана, яшашни н и м а д а н ўрганмоқ керак. – Кеча, аср намози маҳали кампирига, ўғлига қилган вовайлоси ёдига тушиб, Баҳром чолнинг кўкси бир қалқиди. – Сан бўлсанг: бу ёқда мани қиладиган ишим қолмади, деб... Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши-е!.. Нима қипти, ер қимирласа қимирлапти-да, шунгаям ота гўри қозихонами. Xудонинг минг бир ишларидан бирида буям.
Олабой ғингшиди.
Хаёли чалғиб, Баҳром чол ортига ўгирилди: сал нарида жонивор орқа оёқларида чўнқайиб, нега анграйиб қолдингиз, хўжайин, деяётгандай тик қараб турарди.
– Олабой?.. – деди Баҳром чол. – Борингга шукур-ей!..
Баҳром чол секин эгатлар оралаб, ортидан Олабойни эргаштирганча, охирги уч пуштага етди. Қўлига кетмончани олди: энди шошилмай шиббалаши керак; нонушта қилганидан сўнг, сув тарайди.
Олабой аввал челда орқа оёқларига чўнқайди, сўнг хўжасининг астойдил ишга киришганини кўриб, ерга тўшини бериб ётди.
Тонг отаяпти.
Тарвақайлаган, баланд гилоснинг шохларига дам сайин, лаҳза сайин ҳар ёқдан изма-из пириллаб учиб келиб қўнаётган қушларнинг, асосан чумчуқларнинг чуғур-чуғури авж олмоқда эди.
...қушлар – хуфтон кирар-кирмас уйқуга кетадию, тонг отар-отмас уйғонади, – деб, дилида қайд этди Баҳром чол, кетмоннинг орқаси билан кесакларни майдалаб, эгатни шиббаларкан. – Лекин жонивор асаларилар баридан эрта уйғонаркан-ей!..
Айни ўша тобда эса қушларнинг тонгги баҳсма-баҳс хониши ҳар қачонгидан ҳам шодон, ҳар қачонгидан ҳам ажабтовур ёқимли эди. Бирпас Баҳром чолнинг қушлар базмига маҳлиёлик билан термилиб, дилкаш сайроғига қулоқ тутгиси келди. Лекин, кесакларни хаёлчан тап-туп майдалаб, эгатни текис шиббалайверди.
Бу йил, негадир, анча кечикди. Бундан аввалги йиллари ўн бешинчи, жуда нари борса – узоғи билан, йигирманчигача экиб бўларди. Бугун – йигирма еттинчи. Кеча... йигирма олтинчи эди.
...26 апрел – зилзила рўй берган кун, – деб ўйлади Баҳром чол. – Пўлатимнинг қазосининг етмиш еттинчи куни. Ҳай, болажонима-а – Пўлатжонима-а!.. Рақамлардаям бир каромат боро-ов!
Ўйлаб қараса, бу йил қарийб ўн... ўн беш кунга кечикибди.
...бир кун эрта эксанг – бир ҳафта олдин ўрасан. Миришкор ўзбекнинг гапи бу. Демак, ман... Э, маники – эрмак. Нима, ман бозорга опчиқармидим.
Ўғли иккови, одатда, бозор куни чошгоҳда иш бошлаб, қуёш ботар-ботмас, ҳава-сакка эгат олиб бўлгач, сувни жилдиратиб қўярдилар. Эрталабгача ер мириқиб сувга қонарди. Ана кейин – ер етилиши билан, бирпасда ота-ўғил аввалдан кампири чириган гўнг тўлдирилган яшикларга сочма қилиб экиб қўйган кўчатларни нонушта пайтигача қадаб, тағин дарҳол сувни милдиратиб қўярдилар-да, ишга жўнардилар... Боёқиш кампири эса, қўлида тешача, то кеч кузак кунларигача ҳар бир кўчатни эрмакка алоҳида парваришларди. Энди бари ўзига қолган.
...майли, шунисигаям шукур, – деб ўйлади Баҳром чол. – Яхшиямки, шу эрмагим бор экан.
Аллақачон тонг ёришган, қушларнинг жўровоз хониши тинган, ўқтин-ўқтинда гоҳ у, гоҳ бу дарахтдан чумчуқларнинг чурқ-чурқлагани эшитилар эди.

* * *
Роса уч кун деганда ер етилгач, аввал помидорни, ўртага бақлажонни, кейин ширин қалампирни экди. Сўнгра, қайтадан қондириб суғорди.
Ниҳоят, экин-тикин ишларини саранжомлагач, эринмай, боғни бегона ўт-алаф-лардан тозалади.
Қараса, назарида, энди боғда пайсалга солмай бажаргулик бирор бир иш қолма-ган; вақти-вақти билан кўчатларнинг остини юмшатиб, сув тараб, бегона ўтлардан тозалаб турса бўлгани.
9 май – байрам куни, эрталаб, одатдагидай хушлар-хушламас, нонушта қилиб бўлганидан сўнг, чошгоҳдан аввал шаҳар айлангиси келди. Негадир оёғи тортмади. Xаёлпаришонлик билан камзулини ечди. Устундаги гулмихга илаётиб, камзулига қадалган қатор нишонлар шодасига бирров кўнгли суст кетиб қараб қўйди: ялтир-юлтир – кўзни қарақтиради-е!.. Нишонлари қаторида қирғинбарот Гирмон урушида – бе­омон жанг майдонларидан бирида теккан жанговар Қизил юлдузиям бор...
Айни ўша дамда радио бир биғиллаб, ажаб мардона овозда ҳарбий қўшин турлари намойишидан эшиттириш берилажагини хабар қилди.
Олабой – жонивор, аввалбошдан ишонмаган эса-да, ҳамон кўчага чиқишдан та-йин умидвор бўлиб, калласини хиёл қийшайтирган кўйи, қараб турган эди, негадир, хўжасининг феъли айниганлигини кўриб, ғалати ҳуриб қўйди: вов-вов – ҳа, хўжайин, нима бўлди, чиқмаймизми ахир?!.
– Олабой, борингга шукур-ей! – деди Баҳром чол, итига бир қарагач, картга эмак­лаб чиқаётиб. – Парадни эшитамиз. Билдингми, байрам парадини.
Олабой хафа бўлдими, хўжасининг гапини охиригача эшитмай, боринг-е, деган-дай бир ғингшиб, картнинг остига кириб кетди.
Баҳром чол кўрпачага чўзилиб, бошини ёстиққа қўйди, кўзларини юмди.
Ўзи, аслида, радио хабарларига у қадар ишқивозлиги йўқ; асосан – кечки маҳал, уйқу олдидан ўзимизнинг манзур қўшиқларни тинглайди: Ҳожихон Болтаев... Юнус Ражабий... Мулла Тўйчи ҳофиз... Берта Давидова... Тамарахоним... Кўпроқ Берта Давидованинг қўшиқлари ёқади. Айниқса, унинг бир қўшиқ авжида: дунёнинг кори шул экан, билдик, англадик: гоҳо биров азизу гоҳо биров хору зор ўлур, деб нола чекканида, кампири, ўғли, ўзининг азиз бўлган даврлари беихтиёр ёдига тушиб, нималардир димоғини ачиштирворади.
Бир маҳал, бош майдондан, мамлакат танк қўшинларининг жанговар вакиллари бир неча қатор тизилиб ўтаётганлигини айтди радио.
Баҳром чолнинг хаёли чалғиб, беихтиёр кўз ўнгида қирғинбарот жанглардан бири бори кулфатию, даҳшати билан намоён бўлди: ўшанда нақ ўлиб кетаёзган эди-я!.. Э, неча марталаб унақа ўлимлар билан юзма-юз бўлган. Лекин, ўша гал ҳам... – урушдан қайтганидан сўнг, бошида бунақа кўргиликлари бор экан-у, шошмай тур, деган экан-да!.. – омон қолган; агар замбаракчи Иван... У ҳеч балодан қўрқмас, ҳали уйланмаган, жуда куйди-пишди йигит эди, Баҳромни яхши кўриб, Баграмян, дер, Баҳром эса уни: Иван эмас – Ивон, дер, гоҳо у жиғибийрон тутақиб: Балда, я – не Ивон, а – Иван, панимаеш, I-и-ва-а-ан?!. Скоро вайна канчаеця, а ты кагда научишся назват меня правилна?!. дер эди, – қўлида қўш граната билан жонҳоври отилиб бормаганида, гуруллаганча, осмонга сапчигудай ваҳшат солиб елиб келаётган немис танкининг занжири остида мажақланиши тайин эди.
Ҳаммаси ҳозиргидай ёдида: Белоруссияни озод қилаётган эдилар. Айни эрталаб чоғи ўрмон бағридан аввал ўнтача, сал кейин тахминан яна ўшанча немис танки ёпирилиб чиқиб, тиш-тирноғигача қуролланган сон-саноқсиз фашистларни эргаш-тирган кўйи, мўр-малахдай шитоб ёпирилиб кела бошлади. Роталарида эса жангга яроқли атиги тўрттами, бешта замбарак қолган эди. Ўқлари ҳам саноқли эди. Ана-мана дегунча, немис танклари кенг майдоннинг тенг ярмига етаёздилар; йўл-йўлакай автоматларидан тариллатиб ажал ўқини селдай ёғдириб келаётган фашистлар эса уларнинг панасида!..
Ниҳоят, тўпчибоши – телпагининг қулоқчинини тушириб олган Дато грузин, бор овозда: – Агон!!. – дейиши билан, қиёмат-қойим бошланди: фашистларнинг бири ўқ еб йиқилган, бири портлаган танкка қўшилиб ёнаяпти, яна бири ўқ ёмғири остида қўлларини боши узра тўлғаганча, телба-тескари қочиб бораётир... Ўша аснода ўқчи қозоқ йигит – Мулдабой, қўлида замбарак ўқи билан саросар яқинлашаётиб, юз-тубан йиқилди. Гурс этиб қулаётганидаёқ, Мулдабойнинг жони узилган экан, қимир этмади, снаряд эса қўлидан учиб кетиб, нари думалади. Айни ўша дамда, Иван жонҳоври бақирди: – Баграмян, давай! Снаряд давай, снаряд!!. У – охирги ўқ эди. Баҳром ила-чила ўқни замбаракнинг ўқдонига жойладию, ўлар-нетарига қарамай, аввалдан боғлаб қўйилган қўшгранаталардан бирини чангаллаб, тобора даҳшатли гувиллаб яқинлашаётган икки танкдан бирига – олдинроқдагиси томонга илдам эмаклади. Агар шундай қилмаса, танк замбаракни босиб-янчиб ўтиши, ана кейин, эҳтимолки, эгаллаб турган истеҳкомлари қўлдан кетиши ёки омонат бўлиб қолиши муқаррар эди.
Ажаб, ўшандай қалтис лаҳзаларда киши мутлақо ўлимни ўйламас, ҳатто, хаёлига ҳам келмас экан: барибир, одам ўлимга чап беришига – ажалдан устун келишига ишонар экан-ей!.. Оралиқ масофа йигирма қадамларча қолганда, шартта қоматини тиклаб, бор кучи билан қўшгранатани улоқтираётганида... Ҳаммаси ана ўшанда рўй берди: ён-ёқдан жаладай ёғилган ажал ўқларидан бир нечаси кўксини илма-тешик қилворди!.. Ҳаял ўтмай – кўз юмиб очгунча бўлмай, ортидан Иван етиб келди; то ўша даҳшатли лаҳзаларгача олдинма-кейин ўқдай учиб келаётган икки танкнинг бирини – орқадагисини ер тишлатган: энди у гуриллаб ёнаётган эди; Иван қўшгранатани маҳкам чангаллаб, чўзала тушиб ётган кўйи, шитоб танкнинг ғилдираклари остига ирғитди.
Ана, ҳозир... ҳозир!..
Қизиқ, ўшанда қўққис қизи Маҳлиё... ўғли Меҳрибон кўзига аниқ-тиниқ кўриниб кетгандай туюлган ва беихтиёр: наҳотки, ажалим етган бўлса-я?! – деган ваҳимали бир ўкинч кўнглидан кечган; шунинг баробарида, қишлоқ Шўросининг ҳовлисидан қатор саф тортиб чиқаётганларида бири узун, қора чарм плаш, қора чарм шапка кийган, иккинчиси узун шинел, қизил шапкали икки ўрис киши урушга жўнаётган ўн етти йигитга, негадир, ҳеч кимни яқин йўлатмагани; бошқа қари-қурри, ёш-яланг ҳамқишлоқлари қатори, кўзларида жиққа ёш билан онаси, акаси, қизи Маҳлиё, ўғли Меҳрибоннинг ҳам кузатиб қолганлари бир зумгина хаёлида ялт намоён бўлган; ўғли Меҳрибон эса, онасининг бўйнидан маҳкам қучганча, ўшанда отани охирги марта кўриб қолаётгандек, адда-аддалаб бўзлаган; тажжубки, ҳадемай қўшгранатанинг ғилдирак остида портлашини интиқ, илҳақ кутаркан, ўғилчасининг ширин, азиз йиғи товуши ҳам қулоғига ма­йингина чалинаётгандай туюлган эди.
Ана, айни ўша аснода, бирдан гумбурлаган товуш таралар-таралмас, танкнинг ғилдираклари остидан қуюқ чанг тўзғиб, занжири узилиб тушди... Ва, лоақал кип-рик қоққули лаҳза кечиб-кечмай, шундоқ кўз ўнгида Иван чалқанчасига ағдарилди: унинг чап кўзи ҳамда бош чаноғининг ярми, қўшгранатанинг бирор парчаси текканми, ўпирилган, катта очилган оғзи томонга эса қуюқ қондай оқиш-сарғиш нимадир оқмоқда эди...
Тамом, қадрдони Иваннинг юзи... кўзи... бошининг абжағи чиққанини кўриб, – руҳими-ҳушиданми айро тушаётганини ҳам сезолмаган!.. – уёғини эслолмайди.
Кейин...
...ертасими, индини дала госпиталида ҳушига келган эди. Ўшанда ўлмай қолга-нига дафъатан ишонгиси келмаган: негадир, ҳануз кўзларига ҳаммаёқ қуюқ-оқиш туман пардасига чулғангандай кўринаркан, қулоғига эса ўғилчасининг йиғи товуши ма­йингина эшитилаётгандай туюлаверган эди.
Энди бундай ўйлаб-чамалаб қараса, ўғилгинаси ўша кунларда узилган экан-да!.. Бўлмаса, нега кўзига кўрингану нима учун йиғи товуши қулоқларида жаранглай-верган?.. Майли, буям бир жумбоқ. Ўзи, аслида, дунёсининг ишлари турган-битгани жумбоқ экан; ҳатто, бандасининг нима учун келишию, нима учун кетишиям.
Жанговар Қизил юлдуз нишони Баҳром чолга ана ўшанда насиб қилган. Xолисанлилло айтганда, ўша нишон Иванники... Мулдабойники... Шундай. Лекин, шаҳиди аъло­ларнинг ҳар бирига Белоруссия ўрмонидаги номсиз тепаликдан икки газдангина ер теккан холос. Ҳа... не аламки, шунақа.
Воажаб, бир қўшиқда куйланганидек, – Берта Давидова айтадими ўшани? – ум-ри давомида на бир лаҳза ўйнабди, на кулибди: кўзларини юмиб, кечмишига бундай-роқ син солса, баҳри дили таталаниб кетади – боши ғуссадан чиқмабди-е!
...қойил... Қойилман-е!
Отаси?.. Отасинику эслаёлмайди. Онагинаси, – илоё, руҳи поклари то абад Жан-натида яйрасин! – тишида тишлаб, емай едириб, киймай кийдириб, ака-укани оёққа қўйди. Ҳамон ўша кунларини эсласа, беихтиёр кўксидан аччиқ бир хўрсиниқ тошаётгани баробарида, шукур... беҳисоб шукур, ўтгани чин бўлсин у кунларнинг, деб қўяди.
Биров айтган экан: камбағалнинг ақл тиши сут тишидан аввал чиқади, деб. Амал-тақал уйланиб, қарзу қаволадан қутилгач, энди эру хотин – қўш ҳўкиз, нафас ростламоққа чоғланаётганларида Катта уруш барчанинг тинкасини қуритиб, жуда кўп ёшу қарининг умрига зомин бўлди: тўғри-да, Маҳлиёсиям, Меҳрибониям ўша оти ўчгур урушнинг қурбони!.. Ўғил-қизининг ўтганини эса то урушдан қайтгунигача билмабди: аяшганми – яширишган.
Урушдан қайтганидан кейин, – о, қақшатқич қонли жанглар пайтларидагидан-да кўпроқ гангиб!.. – карахтдай бўлиб қолган; аввал каттасини, орадан йил ўтиб-ўтмай, кенжасиниям тупроққа топширгач, бечора хотин, негадир, – аввалбошдан овсини би-лан чиқишолмай юрганигами? – кетиб қолган экан.
Билади: келинойисининг феъли чарс, тили чатоқ... Бўларкан-да, кўнглиям шунга яраша. Асли ўшанда урушга жўнаб кетаётган қайнукани кузатгани бормай, ҳовлида хайр-хўш қилиб қолганиям шундан.
Майли, шунисигаям шукур қилади: ўртада ака бор, ака!.. Акасига бир эмас, беш бирдай ўғил туғиб берган.
Ўшанда хотини: дам кўзлари чақнаб, дам аччиқ-аччиқ ёшларга ғарқоб бўлиб, ўғил-қиздан қандай айрилгани ҳамда қандай ота-ҳовлисига қайтганини кўксию, бўғзида бир дунё алам билан узуқ-юлуқ айтгач, ҳовлийизга бормийвуза, деб, ув тортганча, кўксига бошини қўйган. Адамланикида бирга яшайвуза, йўқ деманг. Xўп дея қолинг?!. Ана, бизани уйивуза кўп!.. – деб, жиғи бийрон ялинган. Қайнотаси эса, раҳматли, хўп бир ажойиб – имони бут киши эди, қизининг қайсарланаётганидан хабар топгач, йўқ, она қизий, деган, дастаси бурама ҳассаси билан ер чизиб; куёв ҳам – ўғил, лекин аёлиникида сиғинди бўлиб яшаш – эркакка ярашмайди. Эр – жуволдиз, хотин – ип. Xотин учун эрнинг айтгани-айтган!.. Майли, бугунчалик меҳмон бўлийла. Баҳромжоннинг ажал комидан соғ-омон қайтгани учун эрта пешинда берадиган хайру эҳсонимизни ўтказийлу, иннайкейин ота ҳовлингдан қорангни ўчир, она қизий!.. – деган, нақ ҳасса билан елкасидан тортворадигандек, қизига бошқача қараб.
Кейин...
...то кеч кузак кунларигача, келинойисининг тумшайишларию, чарс-чурсларига чидаб, муросайи мадорада яшаганлар. Лекин... ҳар кеча тун алламаҳалда боёқиш хотин эринмай, азза-базза бир тоғора сувни опчиқиб, супа этагига тўкарди. Ҳой, жинни, нага бунақа қивоссан ўзи, деганида, хотини ҳар гал қитмирлик билан: қўёвуринг, шилтани кўриб, яшамагурнинг бир жойлари хўп куйсин, дерди ғалати кулиб. Ҳолбуки, ўрусиё қишларининг беаёв қаҳратонлари савил пуштини уриб кетган эканми, урушдан қайтганидан бери тузук-қуруқ мардигарчиликдан асар ҳам йўқ эди ўзи.
...овсин овсинга пахта отармиш, деганлари шу-да!
Ниҳоят, узил-кесил ишга ўрнашиб, бўш вақтларида излай-излай, ахийри топганидан сўнг, заводнинг ётоқхонасидан ижарахонага – мана шу ҳовлига – ўтгач, хотинини ҳам шаҳарга кўчириб қайтган эди.
Мана, шунгаям сал кам йигирма бир йил бўлаяпти.
Баҳром чол барини худди кечагидай яхши эслайди: энди кўчиб келган чоғлари боғда ёввойи ўт-ўланлар ғовлаб кетган, баъзи дарахтлар эса қуриёзган, тарвақайлаган ғумайлар, деворга чирмашган чирмовуқлару илонпечаклар оралаб калтакесаклар, мов мушукдай каламушлар, бармоқдай биққи, бир қаричдай келадиган эчкиемарча-лар кўзлари чақчайиб девор ковакларида ўрмалаб юрар эди. Эру хотин ўзлари эгал-лаган манави бир даҳлизу икки хонани обдан пардозлаб, янги тушган келинчакнинг уйидай безаганларидан сўнг, уй эгалари – ўрис чолу кампирнинг – розилиги билан, боғни обод қилгани киришганлар.
Ўрис чол – Пётр Xристофорович – САГУда, кампири – Уляна Петровна – Тош-МИда домла; уларнинг ёлғизгина қизлари эса Ленинградда ўқиётган экан.
Пётр Xристофорович супа этагида – барқ уриб яшнаётган гулзор бўйида, лабида трубкаси, кўзида кўзойнак, қуёшга беткай кўйи оромкурсида ясланганча, газета ва-рақламоқда эди. Бир маҳал, Пётр Xристофорович қаттиқ йўталдию, шартта пастак столчага трубкасини тарақлатиб қўйиб, кўксини чангаллаганча:
– Бахрам, дарагой! – деди, овози бўғиқ хирқираганча, тобора кўзлари каттариб. – Чото... штота мне... Пазави... пазави!.. Пажалуйста, скорее... Скорее!..
Ўшанда Баҳром чол икки сакрашда уйга етган, кампир – Уляна Петровна, столга мук тушиб, нимадир ёзиб ўтирган экан. Дафъатан гап нимадалигини англаёлмай, бир зум гангиб қолган; сўнг, саросар хонадан ҳаллослаб чиқиб, чолининг билагидан тутгану, бирров, бир лаҳза таҳликали анграйгач, ўша заҳоти Баҳромга:
– Улажи! – деган. – На землю!.. Быстро!..
Супа ғиштпарчин, тонгда хотини сув сепиб супурган – топ-тоза эди.
Пётр Xристофоровични даст кўтариб, – раҳматли узун бўйли, озғинроқ киши эди, – супага ётқизаётганида Баҳром билдики, чолнинг жони узилган!.. Пётр Xристофоровичнинг кўзлари хиёл каттайган, қорачиқларидаги нур эса аллақачон сўнган эди.
...ё қудратингдан, бир зумда-я?!. – Ўзининг кампири ҳам таппа талосдан қанот қоқиб, қўлида жон таслим қилгани ёдига тушаркан, Баҳром чол хаёлчанлик билан бошини сарак-сарак қилди. Мамлакатнинг ҳарбий қўшин турлари намойишидан берилаётган эшиттириш тугаган, энди радиодан байрамга аталган кансертдан ўзбекча бир қўшиқ янграмоқда эди. – Бўларкан-да!..
Шартта Уляна Петровна чолининг кўкрагидан бир неча бор кафтлари билан бо-сиб-босиб, бурун парракларини сиқди-да, оғзига оғзидан ҳаво бера бошлади.
Баҳром – кечаги жанговар тўпчи, ёнгинасида юзлаб ҳалок бўлганларни кўравер-ганидан дийдалари қотиб кетган эмасми, анграйиб турмай, дарҳол Пётр Xристофо-ровичнинг чап кўксини такрор-такрор босгач, чолнинг чап қўли бармоқларини сиқиб-сиқиб уқаламоққа тушди. Чолнинг бармоқлари ярим юмилаёзган, аллақачон совий бошлаган эди.
Бир маҳал, Уляна Петровна қаддини тиклаб, сўник, титроқ овозда:
– Xватит, – деди. – Сарство небеснова ему!.. – Кампирнинг кўзлари жиққа ёш эди. – Тепер... безполезно. Тепер...
Кампирнинг кўзларига қараш... катта-катта ёш томчиларининг аста думалаётга-нига ҳайратангиз тикилиб туриш... азоб эди.
Баҳром илкис энгашиб, чолнинг оғзига чуқур-чуқур пуфлай бошлади. Чолнинг оғзидан, лабларидан ачимсиқ тамаки ҳиди анқир, лекин ҳаёт асари сезилмас эди.
Мана, орадан йигирма йиллар ўтганига қарамай, айни чоғда ҳам ўша таниш та-маки ҳиди ҳамон Баҳром чолнинг димоғидан кетмагандек!..
– Бахрам, – деб, Уляна Петровна чолини уйга олиб киришни айтди. – Бахрам, хватит мучат. Давай, я памагу тебе.
Тақир супага ётқизаётганида сезмаган эканми, шифтга теккудай жавонлари тур-фа китобларга лиқ тўла уйга опкираётганида майитнинг анча оғирлигидан инқиллаб қолаёзгани ҳали-ҳануз ёдида.
...ўриснинг ўлигидай оғир экан, деган гап кимдан қолган экан-а? – деб ўйлади Баҳром чол, бир-бир ўша кунларни хаёлидан ўтказаётиб. – Xудо ярлақагур, хушфеъл, хушсуҳбат, олим одам эди... Чолу кампир умр бўйи топганига китоб олганми, китоб­лари кўп эди.
Ўша куниёқ ҳаял-замон ўтмай, ҳовли одамга тўлиб кетган: бари қора кийинган олимлар – аёлиям, эркагиям; шаҳарнинг казолари, бозор куни эканлигига қарамай, ҳатто, ҳукумат аъзолари ҳам келишган.
Роса уч кун марҳумнинг тобути атрофидан мотамсаро одамлар аримаган: шо-гирдлари, ҳамкасабалари...
...бари, ё тавба, гўё – рўёдай, – деб ўйлади Баҳром чол, ўша кунларнинг манзара-лари овозсиз кино лавҳаларидай кўз ўнгидан ўтаётиб. – Уч кун ҳайҳотдай ҳовлидан тиқ этган товуш ё бирор бир сас-садо эшитилмаган-а!..
Кечки пайтлар эса, тун алламаҳалгача Баҳром хотини билан Уляна Петровна-нинг ёнида бўларди.
Уч кунда боёқиш Уляна Петровна мунғайиб, сўлиб қолган эди. Шунгами, марҳумга куйганидан ҳам кўра кўпроқ кампирга юраги ачишганидан, Пётр Xристофоровичга – кўзлари чирт юмиқ; юзлари, пешонаси, кўкраги устида қовуштирилган қўллари мумранг марҳумга – қараёлмай, хотини дам-бадам димоғини тортиб-тортиб, юм-юм йиғлар эди.
– Лола, тебя волнаваца ненада, – дерди Уляна Петровна, ўшандай лаҳзаларда сўлқим лаблари титрабгина; эру хотин олима кампирнинг узоқ муолажасидан сўнг, ниҳоят, навжувон келину навқирон куёв кезларидаги каби хуш-хуррам эдилар. – Лоличка, не надо, не плач...
Учинчи куни эрталаб майитни машинага юклаб, САГУга жўнаган эдилар.
САГУнинг биноси Николай пошшо замонида қурилган; ҳашаматли, ғиштин; би-нонинг кенг-мўл долони ўртасида баланд жой тайёрлаб, қизил духоба тўшашган экан. Тобутни ўшанинг устига қўйган эдилар.
Кейин, тирсагидан юқорисига алвон боғлаган, тепа сочи тўкилган, беш-олти мўй-сафид олим тобут атрофида мотамсаро тек қотгач, марҳум билан видолашув маросими бошланган.
Қучоқ-қучоқ гуллар, гулчамбарлар кўтариб келаётган видолашувчиларнинг изи пешингача узилмаган: кўча тарафдаги ланг очиқ эшикдан киргач, секин... хомуш одимлаган кўйи, кимлардир кўзёшларини тиёлмай, кимлардир марҳумга ғамгин термила-термила, ҳовли тарафдаги эшикдан чиқаверганлар.
Ана ўшанда билган эди Баҳром чол: профессор Пётр Xристофорович ҳам, Уляна Петровна ҳам САГУнинг илк ташкилотчиларидан бўлган; кейинчалик кампири Тош-МИга ўтган экан.
Умри бино бўлганидан бери Баҳром чол унингдай улуғ мотам маросимини – катта йўлни тўлдирган, адоғи кўринмас мотамсаролар издиҳомини кўрмаган; етиб борганларидан кейин эса, қабристонга одам сиғмаган... тобут ортидан эргашганларнинг кўпчилиги кўчада қолиб кетган эди.
...ҳа-я, бугун ман зиёратга... Зиёратга боришим кера-а-ак!.. – деб ўйлади Баҳ-ром чол, беихтиёр қабристон дарвозаси ёнидаги ҳамиша гавжум гул бозори кўз ўнги-дан ўтаётиб. – Албатта-де!..
Бориши керак. Боради. Қадрдонининг қабри атрофларини ўт-ўланлардан тозалагач, барқ уриб очилиб ётган оқ, сариқ, қизил атиргулларнинг остини юмшатади, челаклаб сув қуяди. Сўнг... одатдагидай дилкаш, унутилмас, ҳам олису ҳам азиз ўт-мишни армонла хотирлаб, бирпас хаёл сури-и-иб ўтиради.
Қарз қиёматга қолмас, деганлари шу бўлса керак. Xудо ярлақагур чолу кампирнинг шарофатлари билан... арзимас бир ҳовуч пулга эру хотин, мана, тайин бошпаналик бўлган. Бўлмаса, то ҳануз ўз юртида ижарама-ижара сиғинди бўлиб сарсирмиди?..Тўғри-да, яқиндагина қирғинбаротдан қайтган собиқ жангчида ҳовли-ҳарамга етгулик сармоя нима қилсин эди ўшанда.
Ўша йили ёзда Пётр Xристофоровичнинг қабрига САГУ ҳайкал ўрнатган: кўр-сангиз, ҳайрон қоласиз – олим, ҳайбатли оромкурсида, чап кафтини пешонасига бо-сиб, хаёл сураяпти.
...ё қудратингдан-ей, айни ўзими, дейсиз, – деб ўйлади Баҳром чол, кўзлари юмуқ ҳолда лаблари шивирлаб. – Қизғиш мармарнинг тошдай чағирлигини демаса, худди тирикдек!
Ўшангача – чолининг қабрига ҳайкал ўрнатилгунигача, Уляна Петровна икки уй тўла жавонлардаги китобларининг барини – чолига қарашлиларини САГУга, ўзини-киларини эса ТошМИга топшириб, энди қизининг ҳамроҳлигида ўз юртига жўнаш тараддудига тушган эди.
Қизлари, – Таняжон! – Татяна, бўйчангина, сочлари қўнғироқдай, малларанг, кўзлари кўм-кўк; ўзи жуда хушфел, онасидан ҳам кўнгилчанроқ, онасидан-да сахо-ватлироқ экан. То жўнаб кетгунларигача, Лола, – ҳм, ўшанда Пўлатга оғироёқ – энди... энди қоринчаси дўмпаяётган кунлар эди, – иккаласи опа-сингилдай иноқлашиб қолган; Лола ўрисчани суяк ғажигандай: саники-маники – тваё-маё қилиб гапирар, Таня эса, хуш-хандон кулиб-жилмайиб, болалиги ўзбек маҳалласида кечганигами, ярим ўзбекча, ярим ўрисчада фикрини тушинтирар эди; жўнаб кетаётганларида эса, йўловчилар билан гавжум перронда ҳар учала аёл, бамисоли бир тану бир жондай бўлиб, анча пайтгача кўзёшларини тиёлмаганлар; ҳатто, ўзининг ҳам жону дили жимирлаб, кўзларининг жиққа ёшга тўлгани ҳозиргидай ёдида.
...е, унақа кунларни унутиб бўларканми?
Поезд, – бир-бирига тиркалган узундан-узоқ қизил вагонлар, – бир силтаниб, жойидан жилишидан сал аввал юракларга аллатовур ғулу солганча, узоқ чинқирган; Лола... Лоласи эса, энди кўришолмасликларини сезгандек, жамалаксоч қизалоқлар каби пиқ-пиқ йиғлаган эди ўшанда.
Ҳайтовур, хотира – сўнмас... хотира – ўлмас экан: мана, ҳамон чолу кампир ўтмаган – яшаётгандек, барҳаётдек!.. Ана, чол супа лабида, оёғининг бирини иккинчисига қўйиб, қуёшламада, алламбало трубкаси лабида, оромкурсига ясланган кўйи, газета ўқияпти; ана, кампир, кўзида олтин гардишли кўзойнак, анави очиқ де-раза рўпарасидаги столга мук тушиб, «бақа» перода хат ёзаётир... Аслида ҳам шун-дай... Шундай. Чирт кўзларини юмиб, кўнглига син солса, бари бир-бир кўз ўнгидан ўтаверади: ана, Пётр Xристофорович... Уляна Петровна... Лола... Лолагинаси... ўғли – Пўлати!..
...ҳай, Пўлатжоним-а! – Беихтиёр Баҳром чолнинг жисму жонини зирқиратиб, кўксидан оташин бир хўрсиниқ тошиб чиқди. – Тирикман – ёдимдасан, ўлсам – ёнингдаман, ўғлим. – Биладики, шундан бошқасига кучи етмайди. – Майли, шунисигаям шукур.
Ҳа, эрта баҳор кунлари эди, қуёш уфққа оққан маҳали, почтачи – баланд бўйли, ярими чекилган, узун «Беломор»и лабидан ҳеч тушмайдиган ўрис кампир, хат ташлаб кетди.
Хат Татянадан экан.
Ой куни яқинлашганигами, эрталабданоқ Лоланинг оёқ олиши оғир, кўзлари бежороқ эди.
Эру хотин ҳаяжонланиб таниш хатни ўқиётиб, биринчи жумладаноқ онажонларидай куйинчак кампирнинг – Уляна Петровнанинг, ўтганига роппа-роса ўн кун бўлаётганлигини билиши билан, бирдан Лоласининг мазаси қочиб, қўшқўллаб қор-нини чангаллаганча, инграворган эди.
Кейин...
...ҳаял-замон ўтмай етиб келган «Тез ёрдам» Лоласини ТошМИга олиб жўнаган; Лоласи эса, ҳамширанинг кўмагида машинага чиқаётиб, бир қараган эди.
О-о, ҳали-ҳамон Лоласининг ўша лаҳзадаги мўлтирашини эсласа, Баҳром чол-нинг кўкси жизиллаётгандек, шунинг баробари, кўзлари ҳам жимирлаётгандай туюлаверади.
Пўлати ана ўша куни туғилган эди.
...ҳай, Пўлатжоним-а!.. – Бирдан шамол-дуваланг гирдобида чирпирак тўзғиган барги хазонлардай бир-биридан дилгир хотиралар, – ана, қорнига миндириб ўйната-ётганида, ўғилчасининг чоптирворгани; ана, боғда гулдан гулга учиб қўнаётган капалакларни Пўлати шўх-шодон қиқирлаб қувалаётгани; ана, бўйи баравар тошойна рўпарасида Пўлат сочини тараётгани; ана... ана... Уф-ф!.. – бари... бари Баҳром чолнинг кўз ўнгида ғужғон ўйнаб, кўкси куйишди. Беҳуд бошини чайқаркан, бот-бот тилию дилида беихтиёр аламангиз айланадиган ўша гапини янаям сўник, янаям дилгир оҳангда оғзи тўлиб айтди. – Ҳа-а-ай, Пўлатжонима-а! Ҳай, қадрдонима-а!..
Кейин, оқшом маҳали бир фаррош хотин орқали Лоласи икки энликкина қоғозга қошқаламда ажи-бужи битилган хат чиқартирган: яхшиман, ўғилча муборак адаси.
Ўшанда саросар ҳовлига тушиб, қайта-қайта хатчани ўқиркан, дам-бадам лаб­ларига босиб-босиб, худди айни тобдагидай Баҳром чолнинг, – куни кеча қирғин ба-ротларда қон кечиб қайтган собиқ жангчининг-а! – кўзларидан қайноқ ёш тошиб чиққан эди.
...тўғри-де, агар... агар Уляна Петровна чорасини қилмаса... О, ўтди умрим, во дариғ!..
Ҳа-я, ўша-ўша, то яқин-яқинларгача Лоласи, кампирнинг – Уляна Петровна ўтган куннинг оқшом маҳалларида бўғирсоқ пишириб, шам ёқиб қўяр эди.
Мана, энди... баридан мосуво.
Қўққис Олабой картнинг остидан чиқиб, бир керишди-да, оғзини катта очиб ғингшиди: бугун байрам-ку, хўжайин, у ёқ-бу ёққа чиқмаймизми ахир – вав-вав?!.
– Чиқамиз, Олабой, чиқамиз, – деб, Баҳром чол ёстиқдан бошини оғир кўтара-ётиб, итнинг занжирига бирров кўз қирини ташади: ҳамишагидай занжир картнинг айвони устунига илиб қўйилган эди. – Борингга шукур-ей, Олабой!..
Қардошлар қабристони узоқ эмас, ана – яқин, пиёда-пиёда итини эргаштириб боради.

* * *
Қадрдонлари қабрлари теварагидаги ўт-ўланларни тозалади; барқ уриб очилган оқ, сариқ, қизил атиргулларни бутади, остини юмшатди, махорка тутунидан мўйлови тим қўнғир бўпкетган қоровул чолдан иккита челак олиб, барини қондириб суғорди; сўнг, қадрдонининг ҳайкалини обдон ювиб, артиб-тозалагач, зиёратчилар билан хий-ла гавжум қабристонда қош қораяр маҳалгача ўриндиққа лолу маълул чўкиб, борлигу йўқлик аро хаёл сурган эди.
Мана, орадан яна бир кун ўтди.
...ҳа-я, кеча?.. – Кеча... кунни қандай кеч қилган эди?.. Ана, ёдида йўқ. Эсида қолгани шуки, экинларнинг ўтини юлди, кейин... – Э, бирров чойхонага чиққанимни демаса, хиср-писр-да, шундан бошқа нимаям бўларди. Тонг отиб, қуёш ботаяпти, деймиз-у, аслида изсиз, самарсиз умр ўтаётир, умр!..
Нимадир қилиши – албатта, кўнгилхуши бир эрмак топиши керак. Ушбу фикрни кеча... йўқ – кеча эмас, ўтган куни қадрдонини зиёрат қилаётиб, ҳорғин хаёл суриб ўтирганида дилига туккан эди. Заводга борса, дарров муносиброқ бир иш топиб бе-ришади. Лекин энди пўлат эритишга ярамайди. Албатта-да!.. Аммо-лекин, заводга бормайди... Боролмайди.
...бугун... бугун?.. – Баҳром чол бир-бир бармоқ букиб санай бошлади: Пўлати-нинг ўтганига тўқсон бир... тўқсон уч кун бўлибди. – Уч ою уч кун. – Ўғлининг ўтганининг етмиш еттинчи куни ер қимирлаган эди. – Демак, бугун – тўқсон учинчи кун. Умрнинг ўтишини-ей!..
Яхшиси, ана, анави қурилишга боргани дуруст: ҳам яқин, ҳам...
Магазиндан нон, қанд-қурс харид қилаётганида бир неча бор эшитган; кеча чой-хонадаям чоллар бири олиб бири қўйиб айтаётувди: ёнма-ён қурилаётган беш қават-ли ғиштин бинолар қурилиши битганидан кейин, атроф-теваракдаги маҳаллаларнинг одамларини ўша бир-бирига мингашган катакларга кўчиришармиш; уй жой талабгорларига Юнусобод, ТашГРЭС томонлардан боғ-ҳовли учун етти сўтихдан ер беришар экан.
...атта-а-анг, маҳалла тўзғиб кетади, – деб ўйлади Баҳром чол. – Ҳа-да!.. Би-ровлар – қавмидан, бировлар – киндик қони томган ота ҳовлисидан узоқлашади.
Боғ-ҳовли қилмоққа энди Баҳром чолнинг қурби... Йўқ, етмайди. Кейин... буёғи кўриниб қолди. Гўрига олиб кетармиди.
Кеча хуфтон маҳали сувни жилдиратиб қўйган эди. Экинлар роса мириқиб қо-нибди. Лекин бегона ўтларнинг ҳам авжи анча баланд. Ер етилгач, майда чопиқ қилиб, помидорларнинг, бақлажонларнинг бўғзига тупроқ тортади. Ана кейин яна бир чопиқ қилса, бегона ўтларнинг томири қирқилади.
...ўт-алаф бизга бегона, ерга эмас, – деб ўйлади Баҳром чол, сувнинг жўмраги-ни бўғаётиб. – Ерга ўз фарзандидай. Ўсаверади. Ҳа-де, биз эккан экинлар авжининг сустлиги... ҳамиша парваришга муҳтожлиги шундан.
Баҳром чол даҳлизга кирди. Шкафни очди. Шошилмай, хотиржам иштон-кўйла-гини алмаштирди. Сўнг, бирпас тек қотиб, ниҳоят, фасон камзулини кийди. Бошига кулранг, мовут шляпасини қўндирди-да, бирров ойнага қаради: ана, нишонларининг ялтир-юлтири кўзни олади, беш юлдузи ёнай дейди.
Беихтиёр олис, қонли жанг манзараси Баҳром чолнинг кўз ўнгидан ўтаётиб, бу гал нишонини бошқача сийпаларкан, раҳматли сафдоши Иваннинг бир қадар тажанг ва ўша қадар дилгир овози қулоқлари остида жаранглаётгандай туюлди: балда, скора вайна канчаеця, а ти кагда научишся меня правилна назват?!.
...балда... Балдаси?.. Ўзича жиннивой дегани шекилли, – деб ўйлади Баҳром чол, даҳлиздан чиқаётиб. – Ортидан эслайдигани бўлса – одамнинг ўтмагани шу. Ман учун Иван... ўтмаган. Ўтмаган. Мўлдабой... ўтмаган. – Ўша аснода беихтиёр Баҳром чол ўзининг азизларини – айниқса, Лоласию ўғлини ўйларкан, кўксидан бир хўрсиниқ тошиб чиқди. – Ҳай, Пўлатжонима-а!..
Олабой эшикнинг рўпарасида чўнқайган эди, хўжасининг қаёққадир шайланган-лигини кўриб, шодон ўйноқлади, қўлини ялади.
Баҳром чол ишком устунидан занжирни олди. Кумушранг, нозик тўқилган ушбу занжирни вақтийи замонида Пўлати харид қилган... Ҳали у пайтда Олабой йўқ эди. Шуни ўйлаётиб, Баҳром чол занжирнинг тўғасини Олабойнинг бўйнидаги қайишнинг ҳалқасига ўтказди.
Олабой хушҳол, бетоқат дарвоза томонга йўл бошлади.

* * *
Ниҳоят, Баҳром чол хомуш, хаёлчан қурилиш майдонига етди. Майдон анча гавжум, хийла шовқин эди. Итининг занжирини тарвақайлаган бир ўрикнинг шохига илаётиб:
– Мани шўтта кутасан, Олабой, – деди.
Лекин, ит кўнмади: қисқа-қисқа ҳуриб, хўжасининг ортидан жон-жаҳди билан оти­лаверди – мани ёлғиз қолдириб кетманг, хўжам, илтимос?.. Илтимос – ҳав-ҳав?!.
Бепоён майдонликда бир нечта қаватли иморатлар қурилмоқда эди. Қурувчилар кўп. Деярли бари ўрис йигитлар. Бировлари баланд кўтарма кранларнинг кенг-мўл юкхонасига ғишт, баъзилари катта-катта тоғораларга суюқ бетон қоришмаси юклаяптилар. Ғишт ортган, бетон қоришма ортган катта машиналар эса ғувиллаб изма-из майдонга кириб келаётирлар. Шовқин... Чанг...
Баҳром чол фасон камзулини кийганига пушаймон бўлди. Ва, итини ёлғиз қол-дирмасликни маъқул билди; занжирни дарахт шохидан ечаётганида, Олабой ўйноқ-лаб, шодон ҳурди: яхши қилдингиз, хўжам. Кўрмаяпсизми?.. Кўп яшанг – ав-ав!..
Баҳром чол итнинг занжирини калтароқ ушлаб, шошиб ўтаётган бир йигитни тўхтатди. Йигит – Пўлатининг ёшида: йигирма... учларда; кўйлакчан, бошяланг, малласоч, кўзлари кўм-кўк; чақнайди.
Баҳром чол ўрисчалаб ишга кирмоқчилигини айтиб:
– Кимга учрасам бўлади? – деди. – Бошлиқларингиз ким?
Йигит бирров бош-оёқ кўз югуртиргач, майдон ўртасидаги вагон-уйчага ишора қилди. Айни ўша тобда ичкаридан бўйчанроқ бир киши чиқди.
– Вот он наш прораб, – деди йигит. – Пагаварите с ним. Да-да, идите... идите!..
Узоқдан ишбошининг ишчан, уддабурро алфоз яқинлашаётганлигини кузатаркан, албатта ишга қабул қилинмоғига Баҳром чолнинг ишонгиси келди; оралиқ масофа уч-тўрт қадам қолганда, хийла тетик овозда:
– Ассалом алайкум, – деди.
Йигит ерга боқиб келаётган эди:
– Салом, – деб, четланиброқ ўтмоқчи бўлди.
Баҳром чол:
– Кечирасиз, иним? – деди.
Йигит, қачонлардир юрак олдириб қўйганми, итдан хавотирли назарини узмай, тўхтади.
Йигитнинг ёши қирқларда, мўйлови ўзига ярашган, тепа сочлари сийрак, кўзлари қора; эгнида енглари шимариғлиқ қўнғирранг кўйлак; қўлтиғида қаппайган қора папка; оёғида ёзлик тасма кавуш.
– Мумкин бўлса, ишга кирмоқчийдим, иним?
Йигит, анча хомушроқмиди, бошини чайқаб:
– Бизда иш йўқ, – деб, боягидай шитоб йўлга чоғланди.
– Йўқми?
– Йўқ-да!..
Йигит тўхтамади, қарамади ҳам.
Аввал эмаса-да, энди Баҳром чол қаердан бўлсаям бирор иш топишни ўйлаган-ча, ортига қайтмоқчи бўлди; феъли шунақа ўзи – кўнглидан кечганини қилиши керак, қилмаса – тинчиёлмайди.
Лекин... Олабой хўжасининг хоҳишига бўйсунгиси келмай, вагон-уйча томон интилди. Xўжасининг хомуш уйга қайтмоқчи бўлаётганлигини билиб, бошқача ғингшиди: нима, билмайсизми, мингта ижрочидан битта буйруқчи яхши-ку, юринг, хўжам, юринг – вау-ваув?!.
Баҳром чол Олабойнинг раъйига юрарини ҳам, юрмаслигини ҳам билолмай, бирпас гангиброқ турганида бояги кўйлакчан йигитнинг овози эшитилди:
– Ну, чо, атес?..
Унинг қўлидаги яшил тўр-халтада ўн шишача «Қибрай» пивоси бор эди; кўзлари эса янаям хушҳол чақнамоқда эди.
– Аказиваеця, у вас работа нету, синок.
– Чуш! – деди йигит ва йўлида давом этаркан, Олабойнинг калласини силаётиб, ишонч билан қўшиб қўйди. – Знайте, ви лучше захадите началнику!.. Он болшой доб­ряк.
Олабой бояёқ кўйлакчан йигитни ёқтириб қолган эди, изидан кескинроқ талпинди.
Ҳардамхаёлланиб, Баҳром чол Олабойига эргашди.
Вагон-уйча ташқаридан кўринганидай эмас, бир даҳлизу кенг-ковул икки хонали уйдай экан.
Айтилгани бўйича, Баҳром чол ўнг томондаги хонага кирди. Ва, каттакон стол ортида ўтирган ўттиз ёшлардаги ўрис йигитга:
– Здраствуйте, – деди.
Бошлиқ йигит саломга алик олиб, бир зум... бир лаҳза ҳайронсираб қарагач, ўр-нидан турди, бамайлихотир столни айланиб ўтиб, юзию кўзларида майин жилмайиш билан, Баҳром чолга қўлини узатди:
– Как паживаете, атес? – деб, курси суриб қўйди. – Пажалуйста, присаживайте.
Баҳром чол қўлларини кўксига босиб:
– Спасиба, – деди. – Балшое спасиба!.. Я... я на минутку, дарагой началник. Я пришол к вам, штоби устрайиваця на работу.
Бошлиқ йигитнинг эгнида енги калта оқ кўйлак, кулранг шим; соқоли қиртиш-ланган, сочи қўнғирранг, хиёл тўзғинроқ; кўзларида эса одамга шоён бир меҳрми, хайрихоҳлик балқийди.
– Значит, устраиваца на работу? – деди бошлиқ, тағин бирров нишонларга кўз ташаб. – А... сколка вам лет?
Баҳром чол узоқ йиллар заводнинг пўлат қуюв тцехида ишлаганлигини, заводнинг фахрий пўлат қуювчиси эканлигини, лекин ҳозирда нафақадалигини айтиб, агар заводга борса, жон-жон деб бопроқ бирор иш топиб беришларини, аммо-лекин боролмаслигини; чунки, ўғли – институтнинг кечкисида ўқиётган ёлғизи – бундан роппа-роса тўқсон уч кун аввал эриган пўлат сачраб нобуд бўлганлигини тушунтиргач:
– Эта – мая маҳалла, – деб, дарров қўйнидан ҳужжатларини чиқарди. – Вот пас-порт, вот ваенний билет, вот пенсионний книжка. Пажалуйста?.. Магу работат сторожом. Падсобним рабочим.
Бошлиқ йигит ҳужжатларга қарамай, қандай олган бўлса, бироздан сўнг, ўшандай қайтараётиб, аллатовур кулимсиган кўйи:
– Значит, сторожом? – деди.
– Да, лучше сторожом.
Айни ўша пайтда Олабой, – хўжаси тушунадиган оҳангда, – бетоқат ҳурди.
Дераза ланг очиқ эди.
Ҳаял ўтмай, Олабой олдинги оёқларини деразага қўйиб, вагон-уйчага мўралади-да, чўзиб ғингшиди: ман буёқда қолиб кетдим-ку, хўжам – вов-вов?!.
Баҳром чол важоҳат билан:
– Олабо-ой!.. – деди, бирпас сабр қил, дегандек. Олабой янаям майин ғингшиб, деразадан оёқларини тортди. – Эта – мая сабака.
Бошлиқ йигит ўрнига ўтаётиб:
– Волкадав? – деди.
– Волкадав.
– Умная?
– Очен!..
Ҳар иккала хонанинг ҳам эшиги ланг очиқ эди.
Бошлиқ йигит тик турган кўйи, муштини столга тираб, хиёл баланд овозда:
– Лариса?!. – деди.
Ўша заҳоти қўнғироқдай бир овоз жаранглади:
– Иду-у!..
Зум ўтмай, бўйчангина, юзлари лўппи, кўзлари шаҳло, сочлари елкасини, кўкси-ни ёпган; сочлари тўлқин-тўлқин; шафақранг матоҳдан калта енгли, бели буғма, узун кўйлак кийган бир қиз хонага кириб:
– Слушаю, Иван Василевич? – деди.
Бошлиқ – Иван Василевич, Баҳром чолга қараб:
– Да, как вас величат? – деди
– Баҳром... Проста Баҳром.
– С севоднишнево дня Бахрам а к а будет работат у нас сторожом, – деди Иван
Василевич, котибасига буюриб. – Пажалуйста, оформляйте.
Котибаси – Лариса:
– Будет зделано, Иван Василевич, – деб, Баҳром чолга ишчанлик билан имо аралаш: – Идёмте? – деди-да, зиппа ортига қайтди.
Баҳром чол эса янаям хушҳоллик билан қўлларини кўксига босиб:
– Спасиба вам! – деди Иван Василевичга, ортига тисарилаётиб. – Агромное спасиба!..
...жа-а бошқача-ку! Ўзимизникилардан эмас булар, – деб ўйламоқда эди Баҳром чол, кўзлари чақноқ, кўйлакчан қурувчи йигитнинг боягина: он болшой добряк, деганини яна бир бор эсларкан, бошлиқ йигитдан кўзларини узмай, миннатдорлигини билдираётиб. – Булар – йигит ҳам, қиз ҳам – Тошканни обод қилгани келганлардан. Ҳойнаҳой...
Айни чоғда Пётр Xристофоровичнинг хушфеъллиги, Уляна Петровнанинг ҳеч кимникига ўхшамаган бошқача бир кўнгилчанлиги беихтиёр Баҳром чолнинг ёдига тушиб, булар – ленинградлик бўлсалар керак, деган фикр кечмоқда эди кўнглидан. Чиндан ҳам, кўнгли чолни алдамаётган эди.

* * *
Мана, ишга киргани яхши бўлган экан: қуёшнинг қизариб-бўзариб ботаётганли-гини ҳам билмай қолди. Бўлмаса, кўп кўрган... кўп бор паришон хаёлларга толиб ку-затган: қуёш Тошканда бошқача ботади.
...баъзан одамнинг юрагини эзворади-е! – деб дилида қайд этди Баҳром чол, бот-бот кўргани – роса қизиган тандирнинг оғзидай қип-қизил, қучоққа сиғмас қуёш хаёлидан кечаётиб. – Кун ўтди. Яна бир кун!.. Умрнинг бетакрор бир куни.
Ишга қабул қилинганидан сўнг, кун давомида анави тарвақайлаб ўсган қўш гужум остида ўзига синиқ-сарсиқ ғиштлардан баланд қилиб супа ясади. Йўқ, аввал Олабойига эшикчасини кенг олиб, уйча қурди; лекин, эшик қўймади... Кейин – ҳам уйчани, ҳам супани серсомон лой қориб сувади.
Шундай қилиб, ана, қароргоҳ тайёр – ҳам ўзига, ҳам итига!..
Аммо-лекин, ҳали лойи қуриган эмас. Бугунча каравотни пастда – қўшгужум соя-сида қўя туради. Эртадан супага чиқаради.
Яхши бўлди: бошлиқ йигит, – барака топгур, Иван Василевич! – буюрган экан, Ишбоши ўзининг «УАЗ»игида ўттиз метр шланг, электр самовар, плитка, иккита сирланган пақир, қалин бир тўшак, жун адёл, иккита пар ёстиқ, каравот, анча-мунча идиш-товоқ келтирди.
Ашқал-дашқалларнинг барини Баҳром чол уйидан келтирмоқчи эди.
...майли, қайтага яхши.
Ишбоши каравотнинг зўридан олибди: яп-янги, поялари қуббали, кумушранг.
Баҳром чол Пётр Xристофоровичдан қолган эски, урунганроқ йиғма каравотини келтирмоқчи эди.
Йигитлар дарров гужумлардан бирига пишиқ кабелдан тортиб, ток тушириб беришгач, катта симчироқни бир неча бор ёқиб-ўчириб кўришди.
...одамзотнинг қўли гул, – деб ўйлади Баҳром чол, ўзи ҳам симчироқни ўчириб-ёқиб кўргач. – Аммо-лекин, арақ-шаробга ўчликлари ёмон-да қисталоқларнинг. Тавба, пива деганийиз аёлу эркагининг жону дили. Йўмаса, бари одам-нинг жонидайку-я!..
Вагон-уйча атрофига Баҳром чол обдан шакароб қилиб сув сепганидан сўнг, энди қўшгужум теварагига хийла мўлроқ сепаётган эди.
...яхши-де, сал бўлсаям чангни босиб туради. Ибн Сино айтган эмишки, агар дунёсида чанг бўлмаса, бандаси юз йил яшарди.
Йигитлар, – ҳайрон қолгудай бир-биридан қувноқ, бир-биридан абжир, – ишдан ётоқхонасига қайтаётганларида, деярли бари бир-бир яқинлашиб: отахон, ароқ то-пиладими, деди. Баҳром чол бировиниям бетига тик қарамай, хиёл қўрсроқ оҳангда: йўқ, топилмайди, деди. Ана, дўконда бошини еб ётибди!.. Баъзилари эса ҳалигиндай пул чўзиб, шипшиди ҳам: эрталабга икки-уч яшик пиво олиб қўйсангиз, аввало ўзингизга яхши бўларди, отахон. Баҳром чол кескин бош чайқаб: роса тер тўкиб ишлагансан, бор, дамингни ол, ўғлим, деди барига. Манга нима яхшию, нима ёмонлигини ўзим биламан. Давай!..
...тўғри-да!.. Ана, тағин биттаси яқинлашаяпти. Қисталоқларнинг зуваласи арақ-шаробга қорилган-де! Қани эди, лоақал биттаси бир пиёла чой сўраса экан. Йўқ сўрамайди. Чойни ўзбекка чиқарган.
Намчил ерни шип-шип босиб яқинлашаётган оёқ товушининг эгаси, сал нарида тўхтаб:
– Атес? – деди, бошқачароқ оҳангда.
Баҳром чол безор бўлаёзган эди, овоз эгасининг кўзларига илкис тик қаради: кўм-кўккина; устидан сув қуйиниб ювинганигами, сочларини чиройли тараб, манглайи устига кўпиртириб қўйипти; елкалари кенг, мушаклари бўртиқ; эгнида ҳали оҳори тўкилмаган, енги калта, бўзранг кўйлак, кулранг шим; оёғида янги «Себо» – қўнғир-тус, чарм кавуш; қароқларида эса бир ўтинч, бир илтижо жавдирайди; ёши – раҳматли Пўлатининг ёшидан ё бир ёш катта, ё бир ёш кичик.
– Да, синок?
– Пажалуйста, атес, до получки пят рублей адалжите, а?
...беш сўм. Беш сўмга нечта арақ беради? – деб ўйлади Баҳром чол, индамай, қўлини шимининг киссасига тиқаётиб. – Иккитами?.. Иккита арақ – газаги билан.
– На, – деди Баҳром чол, бир ҳовуч пулнинг орасидан битта беш сўмликни йигитга узатиб. – Тўлка ни пей, синок?
– Нет... нет, атес! – деди йигит, шодон кулимсиб-жилмайиб. – Эта мне очен по важному делу... Спасиба. Меня завут Александр. Я...
– Иди, синок, иди. Ми ни чужийи.
– Ещё раз вам балшое спасиба. Дай бох вам!..
...здаровя, дедими? – деб ўйлади Баҳром чол, енгилгина энтикиб. – Здаровя ничево, синок. Лекин... юрагим яра, синок, юрагим.
Баҳром чол бирров йигитнинг ортидан қараркан, унинг шунчаки юриб эмас, ҳув нарида елка ўгириб турган, кўйлаги қизил гулли, узун этаги болдирларини ёпган, сомонранг сочлари елкалари узра мавж ураётган бир қиз сари учиб бораётгандай узоқлашаётганини кўриб, кўнглида ажабтовур бир илиқликни туйди-да, нимадир дея аста шивирлаб, жўмракни буради – сувни бўғди, сўнг шошилмай шлангни картнинг остига йиғиштириб қўйгач, Олабойни занжирдан бўшатди.
Олабой суюниб, қўлини ялади, сўнг бирпас тўшини ерга тегизгудай дам чапга, дам ўнга икки оёқлаб ўзини отиб, хўжаси билан ўйнашмоқчи бўлди.
– Яхшисан-да, Олабой, – деб, Баҳром чол итининг бошини силаб-сийпалади. Тумшуғининг остидан тутди. Кўзларига қаради: о, у н и н г к ў з л а р и !.. Ва, шунинг баробарида, Пўлатининг қазоси кунлари Олабой мотамдорлардан қочиб, боғ этагида бир неча кун емиш емай, сув ичмай, олдинги оёқларига тумшуғини тираганча, аччиқ аёзларда узоқ-узоқ чингсиб, юм-юм йиғлаб ётганини эслади. – Сани баҳойинг йўқ, Олабой.
...санга ростимни айцам, ман Пўлатимни соғиндим. Ёмон соғиндим, Олабой. Сан-чи, сан ҳам соғиндингми?
Ушбу жумлаларни Баҳром чол овоз чиқариб айтдими ё дилидан ўтказдими – би-лолмади: итини эргаштириб, қурилиш майдонининг орқа-олдини бир айланиб чиқ-моққа чоғланмоқда эди.
...ҳаммаёқ очиқ-сочиқ. Аммо-лекин, шукур, одамларнинг кўзи тўқ.

* * *
...ёз ўтди. Куз?.. Ку-у-уз!..
Ҳали тонг отганича йўқ: хонада ҳам, ташқарида ҳам жимжитлик – тиқ этган товуш эшитилмайди. Xонанинг ҳавосига полдан ҳамда деворлардан таралаётган бўёқ ҳиди, оҳак ҳиди қоришиб кетган.
Фасллар билан боғлиқ юқоридаги паришон, оғриқли фикрлар эса, кўзлари юмуқ кўйи, Баҳром чолнинг хаёлидан кечмоқда эди.
Ётоғи ўзгарганигами, қачон уйқуси қочганини Баҳром чол дурустроқ эслолмади – бирор соат аввалми ё бир оз мизғиганидан кейинмиди – билолмайди – қуш уйқу бўлиб қолган; устига-устак – яқиндан бери эси ҳам кирди-чиқди. Ҳар қандай туппа-тузук одамни ҳаётдан бездиргувчи бунақа давосиз дардга саратоннинг жазирамаси авж олаётган ғалоғул кунларда йўлиққан эди.
...куз ҳам адоқлади, – деб ўйлади Баҳром чол, ниҳоят, хаёлий о л и с л а р д а н кимларидир, – онасими, Пўлатими ё Лоласимикан? – ёрқин манзиллар сари имлаб чорлаётгандек туюлди. Ана ўшандан сўнг ярим мудроқ, ярим карахт уйқуси тамомила ўчди. Бетоқат... беҳаловат чап ёнига ўгирилди. Лекин чап ёни билан ухласа, ҳар хил нохуш тушлар кўрар, шу боис, камдан кам ҳоллардагина – ўзи билмаган равишда, чап ёнига ухлаб қолар эди, шуни ўйлаб, гарчи энди ухлаёлмаслигини билаётган эса-да, аввалги ҳолатига қайтди. Ва, шунинг баробарида, айни ёзнинг авжи саратон кунлари маҳалланинг боғли-чарвоқли ҳовлиларининг бари ер билан битта қилинганлиги ёдига тушиб, хаёлчан шивирлади: – Буям бир ўзича зилзиладан баттар мусибат-де!..
Ўшанда... жиянлари чапдастлик билан томларнинг сувоғини кўчираётиб, ҳамма-ёқни чанг-тўзонга чулғаётганларида, баридан, ҳатто ўтмиш азизларининг ёди-хотир-ларидан ҳам мосуво бўлаётгандек, кўкси таталанавериб, ҳўнг-ҳўнг йиғлагиси келаверган, лекин ҳар гал чакаги қалтираб, ўз-ўзини юпатган: йиғлама, Баҳром, йиғлама!.. Жонингдан азиз Пўлатингнинг олдида бир ҳовуч тупроқ нима бўпти?!. Йиғлама, азамат, йиғлама!..
Аммо-лекин... осонми – бир умрли ғамкаш... балокаш бошпанадан айрилаётгани етмагандек, устига устак – кўнгилнинг янаям абгор бўлаётгани-чи!?.
Мана, шу тобда ҳам димоғи куйишиб, бўғзига нимадир қадалаётганини сезаяп-ти... Назарида, чиндан ҳам, энг азизларидан қайта бошдан айрилгандек – нимадир кам, нимадир йўқ.
...йўқ-да, йўқ – ҳидми... шарпами?
Ўша кунлари ғарқ пишган олма, шафтоли, ноклардан котиба Ларисага, бошлиқ йигит – Иван Василевичга, қурувчи-пардозчи йигит-қизларга тоғора-тоғора, челак-челак элтиб берди. Бунақасини кутмаганлариданми, уларнинг бувасидан хўрозқанд ундирган боладай кўзлари чақнаб, ирғишлаганларини кўраркан, сал-пал оғриқларини унутгандай...
...е, қаёғда!.. Памилдорилар, бақлажонлар, қалампирлар... – бари кунпаякун бўлди-ку! Ёлғоннинг нима кераги бор, – деб аламангиз дилидан ўтказди Баҳром чол. – Одам ўз-ўзини алдаёлмайди-ку!
Иморатнинг тахта-ёғочлари, тўсинлари, эшик-деразаларини акасининг тўнғичи, ўғиллари билан келиб, икки кун машинада ташиди: кўп нарса экан!..
Баҳром чол акасининг тўнғичи Шокиржонни, вақтийи-замонида, – Шокиржон болалигида касалванд, шунгами, кўп йиғлоқ эди, – меҳри сингганигами, ҳамон бошқача кўради. Анча лаш-лушлару ашқал-дашқалларни ҳам берворди. – Аслида, бандасига керакли тош ҳам зарурку-я!.. Аммо-лекин қўймоққа жой бўлмаса, турган-битгани ғалва экан. Ана, бир неча сандиқ, кўрпа-тўшак, гилам-палосу бало-баттарлар – бари – бир хонани банд қилиб ётибди. Эрта бир кун улар ҳам... Албатта-де!..
Баҳром чол беҳаловатланиб, гўё ҳадемай, ухлаб қоладиган каби кўзларини очмай, чалқанча ётди.
Ҳа-я, ортиқча кийим-кечакларни Шокиржоннинг ўғилларига берворганидан ке-йин, ўша кеча бир туш кўрди: ёпирай, тушида – ўғли – Пўлати!.. Xудди ўтмагандек, кўз ўнгида бор бўйи басти билан намоён бўлиб, аниқ-тиниқ гина қилаяпти: адажон, нима учун дўппимни гўрковга бермадийизлар, бошим совуқ қотвотти-ку!..
...сочи тусдай қалин-а! Cаратонда-я?!. Ё тавба, бу қанақаси?.. – Ўшанда тонг отаёзган эди. Лаҳза кечиб-кечмай, жону жисмига ўт кетдию, хомуш-хаёлчан тўшакдан туриб, одатича, бош-оёқ сув қуйинди. Қиблага юзланиб, ўғлининг ҳақига, ўтмиш барча азизларининг ҳақига дуойи фотиҳа қилгач, бир-бир сандиқларни тимирскилай бошлади. Қараса, Лоласининг бисот сандиғида буклаб-тахлаб қўйилган оқ иштон-кўйлак, устида дўппи!.. Дўппи оппоқ, ширриқ қоғозга ўралган, ёнида икки қулочдан мўлроқ ипаксифат матоҳ... – Ҳай, Xудойима-а!.. Боёқиш она ўғлининг чимилдиқда киймоғига атаб оқ иштон-кўйлак, никоҳ ўқилаётган маҳалда бошига қўндирмоғи учун дўппию дасторликни элбурундан тайёрлаб қўйган экан-да!..
Ўша тонг маҳалида Баҳром чол сассиз-садосиз йиғлаган – селдай қуйилган аччиқ кўзёшларини тиёлмаган эди. Кейин – нонуштадан сўнг, дўппию дасторликни ҳамда иштон-кўйлакни бир рўмолга тугиб, қабристонга борган; кўнгли сезган эканми, гўрков йигит, паймонаси узилган бировга атаб, ўрикларнинг қуюқ соясидан гўр қазиётган экан; чавандозлардай бошини қизғиш бир белбоғ билан танғиган, эгнида енгсиз, пахтали жужунча, билаклари, панжалари, юзлари жиққа тердан кир-чил... Салом-аликдан сўнг, узр-маъзурини айтиб, омонатни топширгач, Лоласининг, Пўлатининг гўрлари ёнида узоқ ўтириб, Қуръони карим оятларидан тиловат қилган эди. Қанча бўлаяпти шунга?.. Йўқ – эслаёлмади. Ўғлининг ўтганигачи?..
...тавба, бўларкан-да!.. – Xаёлидан кўтарилипти. Авваллари бунақа эмас эди. – Э, нечанчи кунлигининг нима қизиғи бор?! Ўғлим ҳамиша, ҳар нафас дилимда-ку! Куни кеча Шокиржоннинг тўнғичи – ТашДУда ўқийдигани – Шукуржон келган эди. Катта бир қопда картошка, сабзи, пиёз келтирибди. Яхши бўлди: кўч-кўронни кўчиришга кўмаклашди. Кейин, хуфтон маҳали жияни қайтаётганида: Олабойни олакет, жиян, деди Баҳром чол, ночор-ноилож – тил учида. Кўрвоссан-ку, жонивор тангу тор каталакда қийналмасин... Ростиси, ўғли папалаб ўстирган итини – қадрдонини – бировга бергиси йўқ, лекин бермасликнинг ҳам иложи йўқ-да!.. Жияни айтдики, ўзларида иккита эмиш: бири – боғда, иккинчиси – ҳовлида…
...ё Xудо! – Эрта бир кун итидан ҳам айрилса... – Уф-ф-ф!.. – Ҳатто, буни ўйлаш ҳам даҳшат. – Кейин қандай яшайман-а? – Праписканг шўтта. Бундан кейин ман би-лан яшайвер. Шўттан ўқишингга қатнайверасан. Ҳарна, бир қадам яқин-ку, Шукур-жон, деган эди, жияни мужмал жавоб қилди: майли, амақи. Кўрамиз. – Нимасини кў-расан, нодон. Мишиқи! – деб шивирлади Баҳром чол, ҳазин энтикиб. – Xурсанд бўла-вермайсанми – бари бугунми-ертами ўзингга қолади-ку, ношукур.
Ногоҳ, нимадир қитирлади.
Баҳром чол ялт кўзларини очиб, қулоқларини динг қилди. Дераза томонга оёғини узатиб ётган эди, осмонга қаради: осмон ёрқин бинафшарангга дўнипти.
...ий-е, тонг отипти-ку! – Яна нимадир қитирлагани баробарида, итининг ғинг-шигани қулоғига чалинди. – Олабой!.. Айвончанинг эшигини тирмалавотти... Жо-нивор... Бу... бу каталак – манга ҳам, кенгликка, эркинликка ўрганган жониворга ҳам – қафас-де!.. Уф-ф-ф!..
Баҳром чол каравотдан оёғини туширди. Лекин, даст туриб кетолмай, бир муддат тек қотди.
Каравотнинг ғичирлаганини эшитиб, Олабой аллатовур қисқа-қисқа – шодон – ҳурди: вов-вов – бормисиз, хўжам?!.
– Ҳозир, Олабой, ҳозир!..
Баҳром чол билмади-да, бари ана ўшандан кейин бошланди: бори кўргилик зан-жир ҳалқасидай бир-бирига уланиб кетаверди: ҳадемай рўй беражак ғалвалардан бе-хабар, айвончанинг эшигини очиши билан, димоғига нохуш бир ҳид урилиб, беихтиёр бурнини жийирди.
...яхшиямки, деразаларнинг ланг очиқлиги.
Олабой эса, аллақачон ҳар иккала олдинги оёғини хўжасининг кўксига тираб, юзларидан, лабларидан, кўзларидан ялаб-юлқаламоққа уринмоқда эди.
Баҳром чол кескин бошини орқага тортиб:
– Олабой! – деди. – Санга айтвомман, Олабой-й?!.
Олабой, хўп-хўп, тушундим, хўжам, дегандай бир чингсиб, оёқларини туширди-да, хўжасининг қўлларини ялади.
Баҳром чол михдан занжирни олаётганида, Олабой ҳуриб-ўйноқлаб, даҳлизга чиқди. Xўжасига қарамай, эшик томонга йўртди.
Баҳром чолнинг хаёли паришон эди, Олабойни занжирлаш эсидан кўтарилиб, эшикни очди.
Эшик очилар-очилмас, Олабой ўзини йўлкага уриб, яшасин – эркинлик, дегандай баралла ҳурди: ҳав-ҳав – яшанг, хўжам!.. Ва, зинапоялардан бир сакраб, шўх-шодон ҳурганча, кўча эшикка отилди.
Зум ўтмай, бир қизалоқнинг чинқираб йиғлагани ҳамда пақирнинг даранглаб думалагани йўлкани тутиб кетди.
Дафъатан нималар рўй берганини билиб-билолмай, Баҳром чол – қўлида занжир, ногаҳон яшин ургандай бир лаҳза тек қотди-ю, сўнг илкис кўча эшик тарафга шошилди.
Ўша аснода рўпарадаги хонадоннинг эшиги шитоб очилиб, ичкаридан узун иштон кийган, майкачан, кўксини қалин жун қоплаган, қошлари бароқ, ёши ўттизлардан ўтган биров отилиб чиқди-да, Баҳром чолга бир ўқрайганча, зинапоядан югуриб тушаркан, арманчалабми, грузинчалабми, ҳовлиқиб юпатганча, оғзи-бурнидан қон оқаётган ўн-ўн бир ёшлардаги қизалоқни даст кўтариб, бағрига босди, тағин ўзининг тилида нималардир деди.
Ҳамон қизча чинқираб йиғламоқда эди.
Баҳром чол зинапоя рўпарасида ота-қизга йўл бўшатаётиб, кўзларида бир дунё ҳадигу бир дунё тавалло билан:
– Сасед – дарагой, я бенават, – деди. – Не успел... Извините, пажалуйста?..
Юзлари рапидадек, қошлари бароқ қўшни йигит, қизини бағрига босганча, Баҳром чолга важоҳат билан ўқраяркан:
– Я сечас тебе пакажу! – деди сўкиниб. – За такие шутки заплотиш... Сука!..
...ўзинг сука, – деб ғудранди Баҳром чол, эмчаклари узлуксиз сўрилаверганидан чўзилиб кетган бечора бир дайди қанжиқ – с у к а – беихтиёр кўз ўнгидан ўтаркан, зинапоядан тушаётиб. – Кўринмас бало оёқ остида, деганлари шу-да, кўрамиз.
Баҳром чол – ҳануз бир қўлида занжир, хомуш-хафагазак алфоз, пақирни ўнглаб, қўшнининг сочилган ахлатларини термоққа тутинди. Энди ҳовучидаги чиқиндиларни пақирга ташлаётганида, қўшнининг эшиги тарақлаб ёпилди; ниҳоят, қизалоқнинг йиғи товуши ўчди.
Ва, ҳаял ўтмай, Бароққош – қўлида қўштиғ, Баҳром чолни деворга тақаб, кўкси-га милтиқни қадади:
– Прям сейчас-же визовёш свою сабаку! – деди. – Я при тебя прстирилю её. А то ти сам получиш пулю в лоб. Ясно, тебе , гад?!.
– Ти меня не пугай, сасед, – деди Баҳром чол, қилт ютиниб, босиқ, лекин хиёл хирқироқ оҳангда. – Ти сам гад. Я ни из тех пугливих. Панятно тебе?
Бароққош бунақасини кутмаган эди, бирдан кўзлари қонга тўлгудай қизариб, кес­кин бир қадам орқага тисарилди:
– Ах, гад! – деди. – Ах, гад!..
Ногоҳ, шитоб ўртадаги эшик очилиб, Александр кўринди. У узун трусида, латта шиппакда эди:
– Баҳром ака! – дедию, отилиб тушиб, шартта Бароққошнинг қўлидан милтиқни юлқиб олди. Ва, бўғзига чанг солиб, шитоб деворга тақади. Сўнг, то Бароққош эс-ҳушини йиғволгунча, қулочкашлаб милтиқни зинанинг темир панжарасига урди: милтиқ устма-уст гумбурлаб, тенг ўртасидан икки бўлак бўлди.
Хайрият, ўқлар сочма экан, ҳеч кимга даф қилмади.
Шақр-шуқр милтиқни Бароққошнинг қўлига тутқазаётиб, Александр:
– Эй, ти – гад! – деди. – Запомни – раз и на всегда: если ещё раз пикниш Бахром аке, пинай на себе. Тепер иди!..
Бароққош – қўлида бўлак-сўлак милтиқ, зинапоя томон жилаётиб:
– Я с табой па расчитаюс, – деди, чакаги қалтираб. – А ево паганную сабаку се-равно убю!.. – Унинг кўксида қизининг оғзи-бурнидан оққан қон қотиб қолган эди. – Я... я... это так не аставлю. Учти: крепка заплотиш ти за всё это!
– Кагда? – деди Александр. – Где?!. – Шундай деб, қаҳр билан билагини тирса-гидан букиб, чўқмордай муштини кўрсатди. – А вот эту не хочеш?..
Ўқ гумбирлаган заҳоти Бароққошнинг хотини – дўмбоққина жувон – жонҳоври даҳлизга отилиб чиққан эди: кўзлари ола-кула, сочлари тўзғиган, узун тункўйлакда; тункўйлагининг бир ён боғичи кифтидан пастроққа осилиб, момиқдай кўкраги хиёл кўриниб турарди.
Хотин, лаби-лабига тегмай, нималардир деб, жаврай бошлаган эди, Бароққош ўзининг тилида қаҳрчан бир гап айтиб, дарров ортига қайтарди.
Эру хотин кўздан пана бўлар-бўлмас, тарақлаб ўрта эшик очилд-ю, Александр-нинг хотини кўринди: у олди раварақ халатда, оёқяланг эди:
– Саша! – деди. – Саша?!. – Ногоҳ Баҳром чолга кўзи тушиб, ила-чила ёқасини ёпди. – Ой, Бахром ака, што с вами?
Баҳром чол – қўлида занжир, деворга суяниб турган эди. Индамади.
– Всё в парядке, – деди Александр. – Иди, я сейчас... Ну, иди-же?!. – Xотини изига қайтгач, Александр Бахром чолга юзланди. – Алабай где, Бахрам ака?
Рўй берган бедодликдан Баҳром чол дилтанг, паришон эди:
– Олабой?.. – деди. – Олабой на улице. Гуляет.
– Идёмте, я вас праважу, Бахрам ака?
– Спасиба, синок, – деди Баҳром чол, кўча эшик томонга юриб. – Спасиба... – Баҳром чол икки одим отиб, тўхтади. Александрга қаради. – Винтовку жалка... – Йўлка Баҳром чолга жудаям таниш порох ҳидига тўлиб кетган эди. – Ва всём я бенават.
– А ви аб этом не думайте, Бахрам ака. Махните!..
– Да... Махнутби...
...ах, қани эди, қўл силташнинг иложи бўлса?!. – Баҳром чол кўчага чиқди. Xомуш бориб, қўшгужум остидаги супага чўнқайди. – Яхши бўлмади.
Ҳали супа бузилмаган эди; ана, Олабойнинг уйчасиям...
Ким ҳам бузарди. Бузса, Баҳром чолнинг ўзи бузади. Шу кунгача бузмаганлиги-нинг сабаби шуки, уйча – жониворга бошпаналик қилармикан, деган умидда эди. Ўйлаб қараса, уйчага ишониб, ўғлидан бир тирик хотирадай азиз қадрдонидан айрилиб қоладиган: бунақаси бир тўраган-да!.. Жонивор ақлли: изнсиз ҳеч кимга, ҳеч нимага даф қилмайди; жуда бошқача.
Олабойнинг бошқачалигига маҳлиё бўлганиданми, кеча – биринчи куни – уйга олиб кирган эди. Энди эса пушаймон: боя айвончага киргиси келмай, чўзилиб, аранг занжирни михдан олаётганида бурнини жийиргани ҳам шундан эди; қўшни қизчанинг ола қонига бўялганию, милтиқнинг сингани, мана, дард устига чипқон бўлди.
...барибир, тилсиз жонивор-да, – деб ўйлади Баҳром чол. – Бошқа бир чорасини топиш... Бунақаси кетмайди... Кетмайди.
Қурувчилар ҳар учала беш қаватли ғиштин бинонинг пардоз-андозини ҳам тугатганларидан сўнг, жўнаб кетишларидан аввал шаҳарнинг казолари, ҳукумат арбоблари иштирокида катта тўй-тантана билан, калитларни хонадон эгаларига топширган эдилар. Бошлиқ йигит – Иван Василевич, энди тошкентлик бўлиб қолаётган ўн чоғли вакиллари – ёш келин-куёвлар – қаторида, Баҳром чолга ҳам ўша тантана чоғида икки хонали уйнинг калитини ҳамда васиқасини берган, лекин Баҳром чол Олабойини деб куни кечагача кўчмаган эди. Аслида ҳаливери кўчмоқчи эмас эди-ку, лекин шишадай тонгларнинг аёзи... Ҳар не қилса ҳам, куз – куз-да!.. Кейин, бир хаёли, маҳалла ўрнида қурилаётган анави тўққиз қаватлик уйларнинг қоровуллигини қилмоқчи эди. Афсуски, улар темир-бетондан экан; қоровул керак эмас эмиш.
...қаровуллик баҳонасида яна туну кун Олабой билан... – Дилтангланиб қисма-тини ўйларкан, ажаб бир ҳикмат Баҳром чолнинг ёдига тушди. – Насиб қилмади-да, машойихларнинг ҳам билгани билган экан.
Кеча, аср пайти жияни Шукуржон бир қоп сабзи-пиёз опкелиб қолди-ю, чодирда босилиб ётган лаш-лушу ашқал-дашқалларни янги қўшни йигитлар ёрдамида кўчирди-қўйди. Асл маҳалладош қўшнилар эса: нима, тобутим деразамдан чиқадими, қаватли катаклари ўзларига насиб қилсин!.. – деб, ҳар ёқларга тўзғиб кетдилар: бирлари – Юнусобод томонларга, яна бирлари – ТашГРЭС тарафларга.
...ат-та-а-анг! – деб ўйлади Баҳром чол, эрта бир кун қўлдан-қўлга лапанглаб ўтажак ўз тобутини тасаввур этаётиб. – Эл қатори мен ҳам бир парча ер олаверсам бўлар экан. Ҳар бир ишнинг пушаймони бор, деганлари шу-да!.. – Билади, энди бари беҳуда. Ҳардури, қурама қўшниларга кўникиши керак. Яхшики, учала уйда ҳам ўз фарзандидай бўпқоган ленинградлик навқирон оилалар бор – бир-биридан меҳрибон, бир-биридан куйинчак йигитлар, қизлар. – Барака топишсин!.. Лекин анави Бароққошга ўхшаганлар ҳам ҳар ёқлардан оқиб-ёғилиб... Маҳаллада ўғри йўқ эди, ароқхўр-пяниста йўқ эди, бузуқи... йўқ эди. Йўқ... йўқ!.. Энди... Охири бахайр бўлсин. Эсизгина мусулмонобод маҳалла-я!.. – Айни ўша тобда сирма халат кийган лўппи бир жувон, ана – санга, мана – санга, деяётгандай хиромон юриб, ахлат ташлагани ўта бошлади. – Ё тавба, эрталабдан-а?!. – Баҳром чол юзини четга бураётиб, нима учун ғиштин супада чўнқайиб ўтирганлигини эсларкан, беихтиёр Лолагинасининг бир гапи қулоқлари остида жаранглаб кетгандай туюлди: биз қадду қомативузани, ҳатто, тўпиғивузаниям отавузадан яшириб ўсганмиза. – Xудо раҳмат қилсин барингни, Лолажон. Отангниям. Омин!..
Хаёлчан юзларига фотиҳа тортгач, Баҳром чол:
– Олабой, – деди. – Олабой!..
Жонивор, – овозни эшитгудай яқин атрофда экан, – ҳаллослаган кўйи, етиб кел-ди-да, чўнқайиб, кўзлари чақнаганча, хиёл калласини буриб қаради: буюринг, хўжам?
– Ўзинг яхшисан-у, лекин... баъзан оширворганинг ёмон-де! – Баҳром чол зан-жирнинг тўғасини қайишнинг ҳалқасига ўтказаётганида, Олабой қўлларини ялаётиб, занжирламанг мани, хўжам, деяётгандай майин чингсиди. – Тушунсанг-чи, ман сани палакатдан қутқаришим керак, Олабой. Лекин қандай... қандай қилиб? Ақллисан-ку, ўзинг йўл кўрсат?
Баҳром чол занжирни уйчанинг ёнидаги қозиққа боғлади. Сўнг уйига йўл олаётиб, энди пайсалга солмаслиги кераклигини ўйларкан, туйқус хаёлидан кечаётган фикрлар ўзига маъқулдай туюлди: зопарк қулайми ё тцирк?
Цирк – узоқ; гавжум кўчаларни кезиб ўтишга тўғри келади. Трамвайга чиқса бўлади-ку, лекин... ноқулай – катта шаҳарда мўйсафид одам, баҳайбат итни етаклаб юриши... Кулгили-да!.. Қишлоқ?.. Қишлоқ янаям узоқ. Қишлоққа элца-ку, дарров эга топилади. Негадир қишлоққа сира оёғи тортмайди: сабаби ҳам маълум, ҳам... номаълум.
...йўқ – маълум, – деб ўйлади Баҳром чол, аччиқ хўрсиниб. – Маълум!.. Циркдан кўра, зопарк маъқул шекилли.
Баҳром чол Бароққошнинг уйи томонга қарамай, ўзининг қия очиқ эшигидан уй-га кираётиб, агар иложи бўлса, ҳайвонот боғининг қоровуллигими ё фаррошлигини олишни кўнглига тугди – ушбу нияти амалга ошса, ҳар қалай, Олабойидан айрилиб қолмайди.
...яхши-де, – деб ўйлади Баҳром чол, гўё ҳали-замон ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ қўлига тегадигандек, шимининг камарини ҳар қачонгидан ҳам маҳкамроқ тортаётиб – Яхши... яхши!..
Эшикни ёпганидан сўнг, Баҳром чол бир муддат нимасинидир унутгандай тек қотди, лекин нималигини эслаёлмади.
Кўчага чиқди.
Аллақачон маҳалла гавжум бўлаёзган эди, бировлар ишига, болачалар мактабга шошилаяптилар: ана, ясан-тусан аёллар, икки болача эса ҳаммадан олдинда, елка-ларида мактаб жилдлари, ҳар иккаловиям кимўзарга югуриб кетяпти.
Хўжасининг яқинлашаётганини кўриб, Олабой, – ҳадемай, нафақат хўжаси би-лан, балки, умуман ёруғ дунёси билан видолашажагини билмай, – шодон ўйноқлаб ҳурди: ҳав-ҳав – о, хўжам!..
Баҳром чол яхши билади: ҳайвонот боғига элца, жон-жон деб олишади, лекин Олабойни қийнашлари тайин: тўп тепишни, ер қимирлаган тонгда осмонга қараб нола қилганидек, – ҳув бир замонлар Пўлатини томошага элтганида, ўзи гувоҳи бўлган! – карнай-сурнайлару томошабин болачаларнинг чапаклари остида жониворга улиб-улиб нола чекишни; тасқара бир масхаравоз минволган алламбало аравани тортишни; ловуллаб ёнаётган оловли ҳалқалардан сакрашни... Э, яна аллақанча бурди-балоларни узун қамчи билан савалаб-савалаб ўргатадилар. Ўшанда – минг йиллар аввал – Пўлати билан томошага борганида ҳавони шув-шув кесиб қарсиллаган узун қамчининг товуши, мана, шу тобда ҳам қулоқлари остида совуқ-совуқ қарсиллаётгандек!..
...йўқ, зопарк яхши. Ишқилиб... – Ўйлай-ўйлай, ниҳоят, Баҳром чолнинг қарори янаям қатъийлашди. – Майли, мояна бермасангизлар ҳам майли, дейман. Ана кейин – жон дейишади. Албатта-де!..
Баҳром чол занжирни ечаётганида, Олабой оёқларига суйканди. Сўнг, қаёққадир боришлари кераклигини билиб, илдам йўл бошлади.
Олабойга етиб юриш учун, Баҳром чол янаям чаққонроқ одимлаши керак эди:
– Олабой, – деб, занжирни озорсиз силтади.
Олабой, тўхтагиси келиб-келмай, калласини бурди: ҳа, хўжам?
– Қатга шошвоссан, жинни? А сан қатга боравотганивузани, нима учун боравотганивузани билмайсан-ку!..
Шундан сўнг секин, ёнма-ён юриб, катта йўлга чиқдилар.
Катта йўлда бир-биридан ўзиб, зувиллаб елаётган машиналар ҳам, йўлакларда шошилинч кетиб бораётган йўловчилар ҳам кўп эди.
...ҳамма қаёққадир шошвотти, – деб ўйлади Баҳром чол, бири плашига, бири палтосига чулғанган аёлу эркак аралаш-қуралаш йўловчиларга хомуш назар солар-кан, бир лаҳзага ўз ғуссасини унутиб. – Шу-де, одамзот дегани.
Чорраҳага яқинлашиб қолган эдилар, орқадан матасеклини пат-патлатиб елдириб келаётган матасекилчи, Олабойга бирров қаради-ю, бирдан тезликни пасайтириб, беш-ўн қадам нарида таққа тўхтатди.
Баҳром чол, гарчи таажжубланаётган эса-да, парво қилгиси келмади.
Матасекилчи, – қўнжи узун этик кийган, ёши ўттизлардан ўтган, ғўлабирдай йигит, – шартта тушиб, қалпоғини ўриндиққа қўйди-да, кулимсираб, Олабойдан ҳайиқмай, Баҳром чолга дадил яқинлашаверди.
Олабой, нохуш ниманидир сезгандай ёвқур ириллаб, матасекилчига тишларини кўрсатгач, ёриб ташайми, хўжам, дегандай Баҳром чолга қаради.
– Олабой, – деди Баҳром чол, шошма-чи, деяётгандек, жониворнинг калласини силаб. – Жим!..
Икки-уч қадам қолганда, матасекилчи:
– Ассалом алайкум, амақи! – деб, эскитдан қадрдонлардай кўнгилчан жилмайиб, қўлини узатди. – Итийизга суқим тушди, амақи.
Баҳром чол алик олаётиб, матасекилчининг қўли катталигини, кафти қаттиқлиги-ни сезган эди:
– Сиз ит уруштирадиганларданмассиз, – деди. – Деҳқон бўлсайиз керак.
– Тўғри топдийиз, амақи, – деди матасекилчи, янаям жилмаяркан, Олабойнинг калласини сийпалаб. – Боғбонман... боғбон! Роҳатти бўйида котта боғим бор, полизим бор. Итийиззи манга сотинг, амақи?
– Э, нима девоссиз?! – деди Баҳром чол. – Сотмайман. Йўқ... йўқ. Зопаркка бер-гани опкетвомман.
– Пародаси олабой бўлса керак-а?
– Отиям Олабой, – деди Баҳром чол, уйга... уйига ити сиғмаганлигини айтиб. Яна кўп гапларни ҳам ҳангома қилгиси келди-ю, гапирмай қўя қолди: бегона биров ту-шунармиди. – Домга кўчиб ўтдим. Ноиложман.
– Манга қаранг, амақи, қўлингизни беринг? – деб, матасекилчи Баҳром чолнинг қўлини маҳкам сиқиб, кафтини кўксига босди. – Илтимос, сазамми ўлдирманг, амақи, манга беринг шу Олабойиззи? Тошкан бозорларига биринчи бўлиб ман қовун-тарвуз олиб чиқаман. Олойнинг энг ширин-шакар меваси маники: ўрик дейсизми, олма дейсизми, шафтоли ё анор дейсизми – баридан манда бор. Қишин-ёзин мева-чевангизни ўзим етказиб тураман. Манга адресиззи айтинг, амақи, илтимос?... Илтимос-де, амақи?!. Айтинг, амақи, айтинг-айтинг?
– Домим ана: ҳув анетта, – деб, Баҳром чол боши билан ишора қилди. – Ана, ўр-тадаги дом. Бўттан кўринмавотти. Ҳув ана, қўшқайрағоччи олдида. Кўрвоссизми?..
– Домийиззи ўзим топволаман, амақи, – деди матасекилчи йигит, занжирга қўл узатиб. – Зопаркка берганийиз билан биров сиздан миннатдор бўлармиди. Манга беринг, амақи, манга?.. Олабойиз баҳонасида ота-ўғил бўлиб қолавуза. Мани Пўлат пайванд дейдила. Пайвандчиликнинг устасиман: тарвуззи – жангалга, янтоққа – қовунни пайванд қиламан. Ҳали ман олиб келадиган қовун-тарвузлардан еб кўрганийизда ўзийиз ҳам айтасиз, амақи!..
...оти Пўлат экан. Пўлат, – деб ўйламоқда эди Баҳром чол, энди Пўлат пай-ванднинг гапларини аниқ-тиниқ эшитиб-ешитолмай. – Пўлатжон... Ўғлим!..
Қараса, занжир Пўлат пайванднинг қўлида, қачон бериб қўйган – билмайди; Олабой – ўртада – чўнқайиб ўтирибди: дам Пўлат пайвандга, дам Баҳром чолга жав-дираётгандай тикилади: ҳа, хўжам, нима қивоссиз ўзи?!.
– Манда шунақа бир зўр қанжиқ бор, – деди Пўлат пайванд, тағин Олабойнинг калласини силаб. – Уям олабой наслидан. Шу йил майда Чимкентга эрта пишар ўрикдан оборганимда, қозоқлардан опкеганман. Жуда хоҳласайиз, баҳорда сизга боласидан опкеламан. Майлими, амақи, берасиз-а?..
...тўғри айтвотти, жонивор ўзидан кўпайсин, – деб ўйлади Баҳром чол, эрта куз кунлари дайди қанжиқларга Олабойнинг занжирни узгудай отилганларини эслаб. – Зопаркка элтиб, жониворни темир қафасда чингситгандан кўра...
– Бўпти, – деди Баҳром чол, аллатовур шавқсиз кулимсиган кўйи, бош ирғаб. – Сизга насиб қилган экан, Пўлатжон.
– Яшанг, амақи! – деб, Пўлат пайванд Баҳром чолнинг кифтидан қучди. – Xудо хоҳласа, бундан кейин сиз билан ота-ўғил бўлиб қоловуза... Юр, жонивор, юр!..
Олабой жойидан жилмай, ғингшиб, Баҳром чолга қаради: ҳа, хўжам, бу қанақа-си?!.
– Манга беринг? – деди Баҳром чол, Пўлат пайванднинг қўлидан занжирни олиб. – Бошланг.
Олабой Баҳром чолга эргашди.
Баҳром чол кажавага чиқди. Ўриндиқ томонга ўтди.
Хўжасининг ортидан Олабой бир сакраб, кажавага кўтарилди; ўриндиқ томонга ўтмоқчи бўлганида, Баҳром чол йўл бермай, занжирни Пўлат пайвандга узатди:
– Кажаванинг тутқичига боғланг!..
Олабой катта эмасми, кажавага сиғмади.
Баҳром чол жониворнинг белини майиштириб, орқа оёқларини кажаванинг оёқ узатадиган томонига бир амаллаб ўтказди.
Олабой орқа оёқларига чор-ночор чўнқайган каби олдинги оёқларини ўриндиққа тираб, тағин зорланаётгандай чингсиди: хўжам?.. Ҳой, хўжам?!.
Баҳром чол Олабойнинг аллатовур жавдираётган кўзларига қарамоқдан юраги безиллаб:
– Xайр, Олабой! – деди, беихтиёр овози бошқача товланиб. – Мандан рози бўл, қадрдоним?..
Ниҳоят, Пўлат пайванд, шитоб матасекилини патиллатиб, хушҳол ўриндиғига ўтираркан:
– Ишонаверинг, амақи, ҳали Олабойингиз сизни кўп дуолар қилади, – деди. – Бўпти, амақи, хайр!..
Матасекил кескин силтаниб, жойидан жилди.
Олабой нималар бўлаётганлигини англаёлмай, аввал ғалати вангиллади, сўнг хўжасидан кўзларини узолмай, қаттиқ, қаҳрчан ҳурди-да, бирдан бор кучи билан отил­ди.
Юрак ҳовучлагудай бир титроқ билан Баҳром чол барини кузатиб турган эди, Олабойнинг жонҳоври осмонга сапчиганини кўрган заҳоти, чирт кўзларини юмди. Ва, лаҳза кечиб-кечмай, ялт кўзларини очди-ю, кўраётганларига ишонолмай-ишонгиси келмай, бир зум, бир лаҳза қотди-қолди: Олабой – жонивор, йўл бўйида оёқларини чўзиб, ана, жимгина ётибди.
Баҳром чол лолу маълул итига яқинлашди. Чўнқаяётиб, жониворнинг оғзидан қон оқаётганини кўрди:
– Олабой, – деди аста, тобора бўғзига нимадир қаттиқроқ қадалаётгандек, қилт ютиниб. – Олабой?..
Баҳром чол итининг калласини кўтармоқчи бўлди, лекин бўйни узилган шекилли, шилқ этиб осилди.
...тамом! – Баҳром чол, кўзларида жиққа ёш билан, ҳув нарида ҳамон матасекилидан тушарини ҳам, тушмаслигини ҳам билолмай, анграйиб турган Пўлат пайвандга қаради. – Нима қилиб қўйдинг?..
Худди ит эгасининг алам билан қарашини кутаётгандек, Пўлат пайванд секин матасекилини жилдирди; катта йўл серқатнов эди, ҳаял ўтмай, машиналар оқимида кўздан йитди.
...ах-х!.. – Баҳром чол беҳуд Олабойига ўгирилди: ҳалигина кўзлари қоп-қора кўзмунчоқдай эди, энди кўм-кўк – совуқ, шишаранг тус олипти. – Ҳув ўшанда Пўлатининг жонсиз – руҳсиз – кўзларини силаб-силаб, аранг юмдиролганлиги ёдига тушди. Қўллари майин титрамоқда эди. Олабойнинг кўзларини озорсиз силаб-сийпалай бошлади. – Йўқ, беҳуда. Энди ман бу кўзларни... Пўлатжон?.. – Илоё, чин дунёсида бизга ёруғ юз билан дийдорлашмоқ насиб эцин, болажоним, деган ёниқ бир тавалло дилидан кечди. – Ўғлим, кўрвоссан-ку, Ў з и шоҳид, ман Олабойингни асраёлмадим.
Пўлатининг қазоси кунларида Олабойнинг мотамдорлардан қочиб, боғнинг эта-гида, аччиқ аёзларда бир неча кун емай-ичмай, бот-бот чингсиб, дам-бадам осмонга қараб улуганлари; кейинроқ – эрта кузак кунлари – гала-гала кўппакларни изидан эргаштирганча изғиган қанжиқларга занжирни узгудай бетоқат талпиниб-талпиниб ҳурганлари бир-бир Баҳром чолнинг хаёлидан ўтаркан, кўзларидан оқаётган қайноқ ёш томчилари юзларини куйдириб, мўйловини ораламоқда эди.
...Олабой... Олабо-о-ой!..
Узоқдан трамвай тарақлаб яқинлаша бошлади.

Бироқ, Баҳром чол ниманидир кўрадиган, нималарнидир эшитадиган аҳволда эмас, ҳамон Олабойнинг кўзларини аста, беҳуд силаб-сийпаламоқда эди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика