«Шому сахарлар оҳ уриб» [Omonulla Fayzullayev] |
Ғафур Ғулом отам Файзуллахўжа билан биргаликда 1916 — 1917 йиллари Тошкентдаги рус-тузем мактабида ўқиганлигини ва улар болаликдан дўст бўлганлигини ёшлигимдан биламан. Шу туфайли бўлса керак, у кишининг фаолияти билан ҳамма вақт қизиққанман. 1943 йили Ўзбекистон Фанлар академияси таъсис этилганда Ғафур Ғулом академик этиб сайланди. Ғафур Ғулом академия таъсис этилганидан то умрининг охиригача — йигирма йилдан ортиқ вақт давомида Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлади. Ўша вақтлари академиянинг барча ижтимоий-гуманитар фанлари соҳасида докторлик диссертациялари ёқланадиган илмий кенгашининг аъзоси эди. Институт ва кенгашдаги илмий муҳокамаларда унинг фикрлари анжуманларни жонлантириб юборарди. Ғафур Ғулом одамлар билан кўриша бошлаганида, албатта, хурсанд қиладиган бир гапни айтарди. Мисол тариқасида академик Иброҳим Мўминовнинг ҳикоясини келтираман. 1945 йилнинг апрел ойи экан. Ғафур Ғулом ва Иброҳим Мўминов академиянинг ишлари билан Москвада «Москва» меҳмонхонасида бир неча кун ёнма-ён хоналарда истиқомат қилишган экан. Охирги куни Ғафур Ғулом Иброҳим Мўминов хонасига кирса, Иброҳим ака яна ўша Бедил қўлёзмалари устида ишлаб ўтирган экан. Ғафур ака сўз бошлабдилар: «Кечаю кундуз Бедилнинг устида ўтирибсиз, Xислат каби Мажнун бўлиб, шому саҳарлар оҳ уриб». Иброҳим ака жавоб берибдилар: «Не қилай, найларам, боғу чаман сайри-ла жонон бўлмаса». Бу мушоирадан кейин икковлари Тошкентдаги машҳур бедилхонлик мактабининг раҳбари Xислат Эшон ҳақида ўз мулоҳазаларини айтишибди. Тошкентга келишганида Ғафур ака Иброҳим ака билан Xислат Эшонни таништиришга ваъда берибди. Иброҳим ака бир суҳбатда менга айтдилар: «Ғафур Ғулом мени Xислат Эшоннинг Кўкчадаги ҳовлисига олиб борди ва учаламиз маълум маънода бедилхонлик қилдик. Авваллари Xислат Эшон шеърларини Муса акамдан эшитар эдим. У киши назарий физика соҳасида қандайдир формулалар ёзиб ўтириб, Xислат Эшоннинг лирикасига ўтиб кетар эдилар. Дастлабки кўрганларим ва билганларим. Мен Ғафур Ғуломни у кишининг ўттиз ёшларида уч марта кўрганман. 1933 йили Тошкент шаҳрининг Чорсу чорраҳасида Нодира номидаги 11-мактаб ҳовлисида шоир билан учрашув бўлди. У киши бир неча шеър ўқиб бериб, биз — ўқувчиларни яхши ўқишга чорладилар. Ҳа, ўша вақтдаёқ Ғафур Ғулом таниқли шоир эди. Иккинчи кўришим — отам Файзуллахўжа, тоғаларим — Санжар Сиддиқ, Муҳиддин Зиёвиддинов ва Башар Уста Ғафур Ғулом билан тенгдош, қадрдон дўст эдилар; улар қандайдир бир муносабат билан бизникида йиғилишди. Мен чой қуйиб турувдим, Ғафур ака гап орасида мендан сўраб қолдилар: «Қайси мактабда ўқийсан?». Мен айтдим: «Нодира мактабида, ўтган ҳафта сиз бизларга шеърлар ўқиб берган эдингиз». Ғафур Ғулом: «Афсуски, мактабингларнинг номи ўзгариб қолибди, энди мактабингизнинг номи Роза Люксембург эмиш». Бу адолацизликдан бошқа ўтирганлар ҳам билинар-билинмас афсусланишди. Гап шундаки, очиқдан-очиқ баралла норозилик билдириш совет ҳукуматининг миллий сиёсатига қарши чиқиш бўлиб қоларди, иштирокчиларнинг ҳаммаси шу кечасиёқ ҳибсга тушиб қолиши хавфи борлиги учун ўзларича эҳтиётгарлик қилардилар. Учинчи кўришим — амаким, машҳур шоир Xислат Эшон уйларида Абдулла Қодирий, Сулаймон Xўжаев ва Ғафур Ғуломни учратганман. Улар дўст, шеърият ва санъатда ҳамнафас эдилар. Xислат Эшон билан Ғафур Ғулом ота-боладек қадрдон эдилар. 1941 йили Низомий юбилейига тайёргарлик кўрилаётган даврда бу буюк шоирнинг шеърларини ўзбекчага таржима қилишни Xислат Эшонга топширишни тавсия этган Ғафур Ғулом бўлади. Кейинчалик Ғафур Ғулом билан кўп марта учрашганман ва бу алломанинг бошқалардан ажралиб турадиган хислатларига алоҳида эътибор бериб борганман. Газетанинг таянчи. Мен «Қизил Ўзбекистон» газетасида урушдан кейинги вақтларда фан бўйича адабий ходим бўлиб ишлаганман. Муҳарриримиз Шароф Рашидов газетанинг ҳар жиҳатдан мавқеини кўтардилар. Таҳририятда таниқли ижодкорлар ишлардилар. Газета фаолиятида уларнинг хизматлари катта бўлган, албатта. Лекин, «дўппи тор» келиб қолганда, яъни эртага газетада босилиб чиқиши зарур бўлган долзарб шеър ёки муҳим бир мақола ёзиш керак бўлганида ходимлар дарров Ғафур Ғуломга мурожаат қилишардилар. Ғафур Ғулом бундай вазифани бажаришда ҳамма вақт ҳозиру нозир эди. Ғафур Ғулом ва Садриддин Айний суҳбати. Эллигинчи йиллар бўлса керак, Ўзбекистон Фанлар академиясида қандайдир бир мажлис танаффуси вақтида Ғафур Ғулом билан Садриддин Айний анҳор томон суҳбатлашиб боришди. Садриддин Айний савол бериб қолди: «Бу сувнинг номи нима?» Ғафур Ғулом: «Анҳор». Садриддин Айний: «Ий-е, Анҳор, бу — катта ариққа бериладиган умумий ном-ку?» Ғафур Ғулом: «Гапингиз тўғри. Лекин бу ерда...» Ғафур аканинг жавобини тўла эшитолмаганимдан ҳануз афсусланаман. Фарзандлар оталарининг номларидан фойдаланмасинлар. Ғафур ака ўғилларидан бири мактабда ўқиб юрган пайтларида географиядан Мажид Мубораков деган муаллим дарс берган экан. Бу муаллим мароқ билан бир воқеани ҳикоя қилиб берганди бизларга. Бир куни Ғафур ака мактабга келибдилар-да, шу география муаллимига айтибдилар: «Мен ўғлимни географиядан имтиҳон қилиб кўрдим. У баъзи мамлакатларни харитадан кўрсатиб беришга қийналди. Географиядан баҳоинг қандай десам, «5», деди. Сен, Мажиддин, менинг номим учун «5» қўйдингми?» «Мен айтдим, — дейди Мажид ака, — йўқ, ҳамма саволларимга жавоб бергани учун «5» қўйганман». Ғафур ака шунда бундай дебди: «У ҳолда, сенинг саволларинг, бинобарин, ўзингнинг география соҳасидаги билиминг саёз экан. Менинг сенга географиядан баҳоим шу. Яхшилаб ўқиб ва уқиб ол: болаларга чуқурроқ билим бер. Болаларга, бу фалончининг ўғли, деб баҳо қўйма. Xайр». Ниҳоят, Мажид ака айтдилар: «Ғафур аканинг бу маслаҳати ва насиҳати дарс бериш услубимнинг янада яхшиланишига анча таъсир қилди...» Яна бир мисол. Ғафур аканинг катта ўғли Улуғбек физика-математика фанлари доктори, профессор, Фанлар академиясининг аъзоси, Ядро физикаси институтининг директори эди. (Жойи жаннатда бўлсин.) У киши бир ҳикоя айтиб берган эди. Ғафур ака узоқ сафардан қайтиб, Тошкентга келгач, ўғли Улуғбекдан: «Қайси институтга ўқишга кириш учун ҳужжатларингни топширдинг», деб сўрабдилар. Улуғбек жавоб берибди: «Филология факултетига». Ғафур ака: «Чакки қилибсан, ҳар қандай филология профессори бўлсанг ҳам, барибир, менинг соямда қолиб кетасан. Ҳали кеч эмас, ҳужжатларингни бошқа факултетга топшир». «Мен, — деганди Улуғбек, — ҳужжатларимни филфакдан олиб, физфакка топширдим. Энди бундай ўйласам, отам тўғри қилган эканлар. Мен физик эканман, ҳеч қандай соя остида қолмадим, ўзим ўзимнинг йўлимни топдим». Олимларга муносабатидан икки шингил. 1966 йил июн ойида Ғафур аканинг ҳовлисида у кишининг жияни Музаффар Xайруллаев докторлик дипломини олиши муносабати билан зиёфат берилди. Бу зиёлилар йиғинидан менинг хотирамда икки воқеа қолган. Биринчиси — меҳмонлар келгунча ҳовлининг ўртасидаги сўри кароватга солинган кўрпачаларда 5-6 киши ўтиришарди. Улар: Ҳабибий, Собир Абдулла, Чархий ва санъаткорлар эди. Кароватнинг чап томонида ўтирган Ҳабибий чой қуйиб турганлиги ҳануз кўз олдимда. Сал берироқда, Муҳаммаджон ака билан мен зилзиланинг механикаси ҳақида суҳбатлашиб турувдик, Ғафур ака: «Муҳаммаджон, зилзиланинг отаси сенсан, деб эшитаман, менга тушунтириб бер-чи, зилзила нима қилмоқчи ўзи», дедилар-да, ўша кароват олдидаги стулга ўтиришга таклиф қилдилар. Шу жойда айтиш жоизки, Ғафур ака Қори Ниёзийдан бошқа ҳамма академикларга «сенсираб» гапирарди. Муҳаммаджон ака ер қимирлаш сабаблари ҳақидаги ҳозирги замон сейсмология илмининг ютуқлари ва камчиликларини тушунтириб бердилар-да, «Бу — менинг соҳам эмас, мен шуғулланаётган нарса — иморатларнинг, иншоотларнинг зилзилага чидамлилигини ошириш муаммоси», дедилар. Мен суҳбатга қўшилдим-да айтдим: «Муҳаммаджон ака яқинда бу соҳада бир қонуниятни кашф қилдилар...» Ғафур ака: «Нима экан у?» — деди. Мен: «Зилзила кучлироқ бўлганида бино деворларининг пастидан тепага ҳисоблаганда асосий зўриқиш 2/3 қисмда содир бўлишини домла математик-динамик жиҳатдан аниқлаб бердилар ва бу илмий натижа амалдагига мос келди», дедим. Гапга бошқалар ҳам аралашдилар. Ғафур ака хулоса қилиб айтдилар: «Ҳа, бунақанги ҳодисаларда ҳар ким ўз соҳасидан келиб чиқиб, янада тузукроқ, фаол ишламоғи, ижод қилмоғи талаб қилинади-да, ахир. Мана биз — шоирлар, ёзувчилар, санъаткорларнинг вазифамиз халққа тасалли берадиган ишлар қилишдир». Иккинчи эсимда қолгани — меҳмонлар келаётганида Ғафур Ғулом билан Иброҳим Мўминов бир-бирларини қучоқлаб, апоқ-чапоқ бўлиб, жуда қуюқ ва узоқ вақт давомида кўришганликлари ҳануз кўз олдимда. Мен бу дийдор кўришиш манзарасини кўриб, кўп нарсани ўйладим. Аввало, олдинроқ бўлиб ўтган бир воқеа эсимга тушди. Иброҳим Мўминов бир суҳбатимизда Ғафур аканинг республикамизга, халқимизга ватанпарварлик хизмати ниҳоятда катта, деган эдилар. Менингча, Иброҳим аканинг шу кундаги Ғафур акага кўрсатган муносабати ўша фикрнинг амалда намоён бўлиши бўлса ажаб эмас. Ғафур аканинг Иброҳим акага нисбатан кўрсатган қалбдан ҳурматининг асосий сабаби — мана шу Иброҳим Мўминовнинг Амир Темур бобомизни қайтадан тирилтиришда ватанпарварлик хизмати ва бу мураккаб курашда тортган жабри бўлса керак, деб ўйладим. Аллома руҳини эъзозлаш. 1967 йили Душанба шаҳрида Ўрта Осиё фани ва техникаси тарихига бағишланган конференция бўлди. Бу анжуман ишларида Ўзбекистондан 25 олим фаол иштирок этди. Иброҳим Мўминов, Саъди Сирожиддинов, Ёлқин Тўрақулов, Улуғбек Ғуломов, Музаффар Xайруллаев ва мен кечқурун гаплашиб ўтирган эдик, ўша шаҳарлик иккита одам кириб келди-да, Ғафур Ғуломнинг ўғиллари ким бўлади, деб сўрадилар. Улуғбекжон, мен, деб жавоб бердилар. Уларнинг каттароғи: «Биз севимли шоиримиз Ғафур Ғуломни дафн этишда қатнаша олмадик. Бугун эшитдикки, у алломанинг ўғиллари шу ерда экан. Дарров, мана келдик. Алломанинг руҳлари шод бўлсин», деди-да, Улуғбекжонга тўн кийгизди. Бизлар улар ким, исм-шарифлари нима эканлигини суриштиришга ҳам улгуролмай қолдик. Ҳарҳолда, улар шоир ёки адиб эмас эдилар, Ғафур Ғулом шеъриятининг оддий мухлислари эдилар. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | «Shomu saxarlar oh urib» [Omonulla Fayzullayev] 367 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21834 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |