Эргаш Жуманбулбул қандай вафот ... [Oydin Sindor oʻgʻli] |
Халқ бахшисининг сўнгги кунлари ҳақида янги хотиралар Ўтган XX асрда ҳам бири-биридан улкан салоҳиятли халқ оқинлари ижод майдонида пайдо бўлиб, ўзларидан бизга катта мерос қолдирдилар. Қўрғон фолклор мактабининг забардаст, алп вакили Эргаш Жуманбулбул ўғли шундай оқинларимиздан биридир. Эргаш шоир замонамизнинг буюк достончиси, моҳир санъаткори, халқ орасида «Булбул» номи билан машҳур бадиҳагўй ижодкор эди. Бу улуғ халқ шоиридан бизга тўққизта анъанавий, иккита замонавий достон, бир достоннинг мазмуни, жуда кўп термалар, икки фотосурат, халқ бахшилари ва достончилик санъати ҳақида айтган ажойиб фикрлари ёдгорлик бўлиб қолди. Эргаш отанинг ўзи тўғрисида айтиб қолдирган мана бу байтларида асло лоф, муболаға йўқ, балки айни ҳақиқатдир: Мен чечанман, ўзим сўзнинг устаси, Мендан қолган катта шоир нусхаси. Етти пуштим бари шоирга катта, Уларнинг сўзининг йўқдир қисқаси... Шоирнинг айтганича бор. Қўрғон достончилик мактаби уч асрдан кўпроқ вақт мобайнида суяк суриб келяпти. Ёдгор бахши, Жуманбулбул, Тилло кампир, Султон момоларнинг авлодлари ҳозир ҳам оқинликни давом эттириб келяптилар. Томирида бахши боболари қони жўш уриб, шеърлар ёзаётган Комил Синдоров айтганидек, Қўрғон заминида «Ҳатто қизғалдоқнинг бийрон тили бор, Қўрғоннинг бир эмас, кўп булбули бор». Уларнинг орасида, айниқса, Эргаш Жуманбулбул, Пўлкан шоир, Раҳматулло Юсуф ўғли алоҳида ажралиб туради. Уларнинг дўмбираларидан таралган тароналар элимиз маънавиятини обод қилиб келмоқда. Эргаш ота XVII асрда ўтган Ёдгор бахши сулоласининг XX асрдаги зурёди эди. Менинг отам Синдор — Қувондиқ бахшининг ўғли бўлган. У киши ўз давридаги бахшилар, халқ шоирлари ҳақида кўпгина қимматли хотираларни сўзлаб берган. Шулардан бир-иккитасини айтиб берай. Маълумки, Эргаш Жуманбулбул ўғли 1936 йилнинг охирларида Тошкентга келган. Xалқ шоирлари билан бу ерда катта учрашувлар уюштирилган. Биринчи шундай анжуманда атоқли фолклоршунос олим Xоди Зариф уларни битта-битта таништириши керак эди. Бошлаб Пўлкан шоирдан: «Кимсиз, қаердансиз?» деб сўраган. «Мен Xатирчидан» деган бахши. Кейин булунғурлик Фозил Йўлдош ўғли, китоблик Абдулла шоирлар ўзини таништиришган. Навбат Эргаш бобога келганида, у дўмбирани қўлга олиб, куйлай бошлаган: Раёним Нурота тоғлар ораси, Отим Эргаш Жуманбулбул боласи. Қаридимми десам кўнглим қоласи, Тобора ошади ёшдан ҳаваси... Зални олқишлар, гулдирос қарсаклар тутиб кетган. Эргаш ота ана шундай чечан, бадиҳагўй бахши эди. Эргаш бобо 1937 йилнинг апрелигача Тошкентда яшаган. Xоди Зариф ундан «Дали», «Хуш келди», «Равшан», «Қундуз билан Юлдуз» достонларини ёзиб олган. Ходи Зариф Эргаш Жуманбулбул ўғлини Тошкент шаҳри бўйлаб олиб юриб, саёҳат қилдирган. Унинг «Тошкент таърифи» деган машҳур термаси ана шу саёҳат таассуротлари асосида яратилган. Бугун, мустақиллик даврида Тошкент деярли қайтадан қурилиб, дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланмоқда. У ҳар куни бир чирой очяпти. Эргаш бобонинг: Тошкент ободлиги ҳаддидан ошган, Ўзбекистон Марказига ярашган. Кўрмаганлар кўрса, ақли шошган, Хўп қидириб, обдон билгали келдим деган ажойиб сатрлари худди бугунги Тошкент ҳақида айтилгандай садо бериб турибди. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг Абдухалил деган укаси бўлган. Афсуски, у ўсмирлик ёшида оламдан ўтган. Отамнинг айтишича, у болалигидаёқ дўмбирани сайратиб чалган, ниҳоятда баланд хушовоз соҳиби бўлган экан. Бунинг устига, унинг ўткир хотираси ҳаммани ҳайратда қолдирган. Катталардан бутун-бутун достонларни бир эшитишдаёқ ёд олиб, давраларда эмин-еркин куйлаган. Эргаш ота «Кунларим» достонида эслаб айтганидай, у дўмбирада достонларни куйлаганда тингловчиларни оғзига қаратиб қўйган. Абдуҳалил 19 ёшида, тун алламаҳалда, катта бир даврада «Якка Аҳмад» достонини куйлаётиб, ҳушдан кетган. Абдуҳалил апрел-май ойларида кўз очмай ётиб июн ойида вафот этган. Эргаш Жуманбулбул ўғли шундан кейин достонда нодир қобилиятли укасининг ҳаётдан ёш кетганлигини кучли дарду нолалар билан байтларга солади. Отам — Синдор Қувондиқ ўғли Эргаш ота ҳаётининг сўнгги кунларига тааллуқли яна айрим воқеаларни айтиб берган эди. Эргаш Жуманбулбулни 1937 йилнинг апрелида Тошкентдан қишлоғига кузатиб қўя туриб, Xоди Зариф унинг қўлига 100 варақдан иборат йирик бир дафтарни берган ва поездга чиқариб қўйган. Эргаш ота ўз ватани — Қўрғон қишлоғига келиб, шу дафтарга достонлар ва тўқиган термаларини ёза бошлаган. Қисқа муддатда дафтарни тўлдирган. Кейин, 1937 йилнинг май ойи бошларида Тошкентга бориб, Xоди Зарифга шу дафтарни топширайин деб йўлга отланган. Қўрғон қишлоғидан чиқиб, йўл-йўлакай ошналариникига бир-бир кирган. Жизмон қишлоғида бўлган, кейин Пайшами қишлоғига ўтган. Пайшами қишлоғидаги биродарининг уйига Пўлкан шоир, Ислом шоирни ҳам таклиф этган. Қишлоқ аҳолиси ўртасида уч шоир достон ва термалар айтишган. Кейин улар Эргаш отани Каттақўрғонга кузатиб қўйишган. Май ойининг илк ёмғирли кунларида чопони ёмғирда ивиб Каттақўрғон вокзалига етиб келган. Аммо пули етишмаганми, проводник уни вагондан тушириб қолдирган. Оқин шу ерда қаттиқ шамоллаб касал бўлиб қолган. Дафтар вокзалда йўқолган. Таниган-билганлар уни Қўрғонга кузатиб қўйишган. Аммо Эргаш ота йўлда ҳолсизланиб, Синдор амакисининг уйига бир амаллаб етиб олган. 5-6 май кунлари Синдор амаки, унинг сўровига биноан эшакка миндириб, Қўштамғали қишлоғидаги куёви Турдимникига олиб борган. Оқин шу қишлоқда бир ҳафта оғир ётиб, 1937 йилнинг 11 май куни кечаси вафот этган... Шу қишлоқ қабристонига дафн этилган. Мен, аслида, мактабларда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаганман. Лекин Эргаш Жуманбулбул бобонинг ижодига болаликдан маҳлиё бўлиб келдим. Буюк оқинга шу туганмас меҳр-еътиқодим туфайли 70-йилларда бир хайрли ишга қўл урдим. Қўшработ, Xатирчи, Паяриқ, Иштихон туманларида бўлиб, Қўрғон, Қўштамғали, Қоракисса, Тепалик, Жўш, Оқ мачит қишлоқларини биттама-битта кезиб, Қўрғон достончилари яшаб ўтган даврлардан ёдгор бўлиб қолган осори атиқаларни — кийим-кечак, дўмбира, қўлёзмалар, тангалар, шунингдек, плакатлар, суратларни тўпладим. Уларнинг орасида Эргаш отага тааллуқли буюмлар — шоирнинг дўмбираси, қаламдони, Бухоро мадрасаларида ўқиган даврдаги сандиқчаси, чопони, кўрпа-ёстиқлари, кийган калиши, ўзи ясаган сандал, ов милтиғи, қўл тегирмони (ярғичоғи) ҳам бор эди. Шундай қилиб, уйимнинг битта хонасини Эргаш Жуманбулбул ўғли уй-музейи сифатида безатдим. Ниҳоят, 1978 йилда Эргаш бобонинг 110 йиллиги нишонланадиган бўлди. Шу муносабат билан Қўрғонда уй-музей учун жой ажратилди. Катта музей биноси қурилди. Бисотимни у ерга кўчирдим. Атрофида турли мевали дарахтлар олиб келиб, боғ кўкартирдим. Шоирнинг Қўштамғали қишлоғидаги ҳоки кўчириб келтирилди. Боғда шоирнинг ҳайкали қад ростлади. Кўп йиллар шу музейда ишладим. Яна қанча қўшимча осори-атиқаларни тўпладим. Уларнинг сони 3 мингтадан ошиб кетди. Музей-йирик тарихий хазинага айланди. Ҳозирги кунда ёшим 70 дан ошганлиги сабабли, музейни ва унинг атрофидаги боғ назоратини келиним Саодат Синдоровага ишониб топширдим. Музейга келувчилар йил сайин кўпаймоқда. 2008 йилда Эргаш Жуманбулбул таваллуд топганига 140 йил тўлади. Шоир асарлари ватанимиз, халқимиз ардоғида. Унинг беш китобдан иборат «Булбул тароналари» асарлар мажмуаси нашр этилди. Буюк халқ шоирининг номи ва ундан қолган бадиий дурдоналар бундан кейин ҳам миллатимизнинг маънавий ривожига хизмат қилаверади. Элимизда Булбул тароналарига мафтункорлик ҳеч қачон сўнмайди. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Ergash Jumanbulbul qanday vafot... [Oydin Sindor oʻgʻli] 861 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21834 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |