Ҳаёт дарахти (қисса) [Oydinniso]

Ҳаёт дарахти (қисса) [Oydinniso]
Ҳаёт дарахти (қисса) [Oydinniso]
Ушбу ёзилмани юрагимда болаликни уйғотган ўғлим Солиҳга бағишлайман.
Тушларингни Даволатамиз
Мен бу дарахт ниҳолини тушларимдан ўғирлаб олган эдим...
Онамга айтганимда ишонмаган. Ўзи катталар шунақа, рост гапирсанг устингдан кулишади.
Майли, онам ишонмаса ишонмас. Майли, ниҳолни оқшом қўлимда ушлаб ётганман-у, эсимдан чиқиб кетган, дея қолай... Лекин қаерданам топганман бу антиқа ниҳолни?.. Уни кўтариб тушдан тушга, тушдан ўнгга югурганим-чи?!
– Бу ниҳол эмас, чўп, – деди онам.
– Ниҳол! – дея сўзимда туриб олдим. – Дарахт ниҳоли!
Ўша кезлари қайсидир бир китобда «ҳаёт дарахти», деган иборани ўқиган эдим. «Ҳаёт дарахтининг ниҳоли» деб номладим топилдиғимни. Келинг, ҳозирча шундай бўлақолсин. Униб кеца, эҳтимол, номини ўзгартирарман.
Уйимизда гултувак кўп эди. Энг бежиримини танлаб, ичини юмшоққина тупроққа тўлдирдим. Ҳовлининг баҳаво ерига қўйиб, унга ниҳолни экдим, кейин ҳар куни суғориб парваришлай бошладим. «Бу чўп эмас, ниҳол!» дердим ишончимни мустаҳкамлаб, ўзимга тасалли бериб. Ахир, ниҳол вужудидаги дарахт билан тушимда гаплашганман! У ёруғ дунёга чиқишни, томир ёйиб бўй чўзишни қанчалар исташини айтган. «Менга эгалик қил», деган. У мендан ёрдам кутган илк мавжудот. Модомики, менинг эгалик қилишимдан унга наф бор экан, нега кўнмайин?
Орадан ҳафталар ўтиб...
– Ойи, ойи, – дея югурдим ўпкамни қўлтиқлаб, – ниҳолим олибди!!!
Онам уйқули кўзларини ишқалаб, сўради:
Қанақа ниҳолинг?
– Ҳаёт дарахтим!
Онам кулимсиради:
– Юр-чи, кўрайлик қани.
– Сиз кўролмайсиз уни, ойи. У тушимда, кўл бўйида барг ёйиб турибди.
Онам ташвишланиб, мени бағрига босди:
– Сени дўхтирга олиб бормасам бўлмайди.
– Дўхтирда нима қиламан, соппа-соғман-ку!
– Тушларингни даволатамиз.

Борлигинг – Бахтим
Хайрият, онам рўзғор юмушлари билан бўлиб унутдими, туппа-тузук чопқилаб юрганимни кўриб кўнгли жойига тушдими, «тушларимни даволатиш»га олиб бормади. Мен эса ҳар куни ўнгимда ухлаб, тушларимда уйғонардим. Бироқ бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасдим.
Чиндан бахтли эдим! Бахтли бўлиш учун менга тушларимнинг ўзи кифоя. Тушларимда дарахтимни кўраман. Ҳаёт бахш этганим – ҳаёт дарахтимни! Уни парваришлайман, асраб-авайлайман.
Ҳавонинг авзойи бузилган кунлари дарахтимни туваги билан хонамга олиб кираман. У ҳали жудаям мўрт, нозик, изғиринда қолмасин, дейман. Офтоб чарақлагач, яна ҳовлига олиб чиқаман: дарахтим қуёш нуридан баҳра олсин. У ҳали ўсиши керак, дейман.
Бу ғамхўрлигим учун тунда «раҳмат» эшитаман. Содда дарахтчам билмайдики, унинг борлиги – менинг бахтим! У менга яхшилик қилиш имконини берди. Ахир, дунёда кимгадир кераклигинг, яхшилик қилишинг мумкинлигини ҳис этиб яшашдан ортиқ бахт борми?!
– Нима қиляпсан? – деб сўраб қолади баъзан онам гултувак атрофида тимирскиланиб юрганимни кўриб.
– Гул экмоқчиман, – дейман.
Катталарнинг рост гапга ишониши қийин, бироқ ёлғонга осон ишонадилар.

Қайсиси Кимнинг Юлдузи?
Ниҳолим бўй чўзиб қолди, энди ҳимоямга муҳтож эмас. Фақат парваришласам бас. Кундузлари тупроғини юмшатаман, вақт-вақти билан ўғит соламан, суғораман. Кечалари эса тушларимда уйғониб, у билан дардлашаман. Унга шеърлар тўқийман:


Сен — ҳар кеча кўзимга чўккан
ширин тушсан.
Тушлар — менинг умрим.
Ўнгда ухлаб,
тушда уйғонаман мен
борлигинг учун.

Ҳаёт дарахтимни топгунча ёлғиз эдим. Энди ундан бўлак ҳеч кимим йўқ. Очиғи, ундан бўлак ҳеч ким мени тушунмайди, мен – ҳеч кимни. Мен қизиққан нарсаларга катталарнинг кулгиси қистайди, катталарнинг елиб-югуришлари эса менга қизиқмас.
Дарахтим ва мен осмонга – юлдузлари бодроқдай порлоқ нофармон гумбазга қараймиз. Юлдузлар чамани оралаб юлдузимизни излаймиз. Ҳамма юлдуз порлоқ, ҳаммаси яшноқ. Бироқ улардан биттаси, ҳа, фақат биттаси юракка яқин. Иккаламиз битта юлдузни танлаймиз.
– Майли, сеники бўлақолсин, – дейди дарахтим. – Менга ҳаёт бахш этганинг, парвариш қилганинг учун шу юлдуз сенга совға.
– Йўқ, – дейман, – қарздорман, деб ўйлама. Сени яхши кўрганим учун мени яхши кўришга, тушунишга маҳкум эмассан. Сен борсан – мен дунёда соғингувчи, орзиқиб ошиқувчи ҳилқат бор! Демоқчиманки, мен учун ҳаёт бор! Ҳеч кимни кутмай, яхши кўрмай, эъзозламай яшаб бўларканми, ахир?!
Тонготарда шабада эсади, кўл сатҳи оҳиста чайқалади, мавжларида ботаётган ой ўйнайди. Дарахтимнинг тўрт фаслда бирдай очилиб тургувчи гуллари жилмайиб кўз қисади. Гуркираган ям-яшил барглари қўл силкиб, мен билан хайрлашади.
Кўзларимни очгим келмайди. Бироқ тонг отади, юрагимда эса кун ботади. Ҳамма уйғонади, мен кўзларимни очиб, уйқуга кетаман. Дарахтимдан олислашган лаҳзада ҳаёт тўхтаб қолади. Кундузлари яшамайман, фақат унинг ёди билан бандман. Яшаш учун тунни, тушларимни кутаман.

Тушларимни Йўқотиб Қўйдим
Бир оқшом дарахтим ёнида иккита шарпа пайдо бўлди. Бири бўйчан, кенг елкали, иккинчиси нозик, узун сочлари шамолда ҳилпирайди.
– Укам кундузи сени кўрганини айтди, – деди бўйчан шарпа. – Унинг сени кўрган кўзларига тўйиб-тўйиб термилдим.
Дўриллаган овозда айтилган эса-да, ҳислар нозиклигидан юрагим дарёдай тебраниб тошди. Дарахтим илдизигача титраб кетди.
Кўп ўтмай шарпалар хайрлашди. Чирмашиб кетган кўнгилларини бир-бирларидан узолмай ажралишди. Дарахтим билан тонггача оғиз очмадик. Завқдан-да завқлироқ бир ҳисдан юрагимиз сармаст эди. Завқли воқеа якун топган, бироқ у юрагимизда энди бошлангандай эди.
Шундан сўнг шарпалар ҳар оқшом келарди. Энди биз юлдузлар қолиб, уларни томоша қилардик.
– Кеча кун бўйи тушган суратимизни томоша қилдим. Қўлингга тегиб тургани учун расмдаги қўлимга ҳавасим келди. Қанийди, лаҳзаларни қотириб қўйишнинг иложи бўлганида...
– Иложи бўлганида, мана шу лаҳзалардан на ўтмишга, на келажакка силжимаган бўлардим. Умрбод шу... ҳа, фақат шу лаҳза ичида яшашга рози эдим...
Шарпаларнинг шаффоф хаёллари, орзу-умидлари, ҳис-туйғуларию сирларини асраб-авайлашни дарахтим иккимиз ўзимизга бурч, деб билардик.
– Ҳаммаси тугади, – деб қолди бир туни дарахтим.
Негадир унинг овози ғамгин эди. Уйғондимми? Тушларимнинг терсидан чиқдимми, деб ўйладим.
– Тушунмадим, нима тугади? – деб сўрадим.
– Уларнинг орзу-умидлари.
Гап ким ҳақида кетаётганини пайқадим. Юрагим орқага тортди. Ўзимни босишга уриндим. Дарахтимни юпатиш учун хотиржамроқ бўлишим керак эди. Унга таскинли сўз айтиш илинжида қучоқ очган эдим... кўксидан тирқираб оқаётган қонни кўриб қолдим!
– Сенга нима бўлди?! – дедим ўтакам ёрилиб.
– Тегма! – дея шохлари билан ярасини яширишга уринди. – Улардан эсдалик бўлиб қолсин бу.
– Йўқ, сени бу аҳволда ташлаб қўёлмайман! Сен ҳаётимсан! Ҳаётимга бир гап бўлса...
Ўнгимга қараб югурдим. Дарахтимга ёрдам беришим шарт! Қандай бўлмасин, қонни тўхтатаман!
– Болам, болажоним, қўрқма, мен ёнингдаман!..
Кўзимни очсам, онам бошимни силаб ўтирибди. Аъзои баданим терга ботган. Онамнинг қўлини манглайимдан олиб, ўрнимдан сапчиб турмоқчи бўлдим. Аммо мажолим етмай, ётиб қолдим.
– Ойи, менга ҳўл латта беринг, уни қутқаришим керак! – дедим ҳовлиқиб.
– Кимни? – ҳайрон бўлди онам.
– Ҳаёт дарахтимни!
Онам мени опичлаб, шу заҳотиёқ дўхтирга олиб кетди. «Мен тушларимга қайтишим керак!» дея хархаша қилдим. Дўхтир нордон суюқ дори ичирди. Шундан сўнггина ухлашимга рухсат берди.
Тушларимни йўқотиб қўйдим! Уларни топай деб эртаю кеч кўзимни юмиб ётаман, бироқ тушларим йўқ! Изиллаб тун бағрида изғийман, йўқ! Энди қандай яшайма-ан?!
Йиғлашга қўрқаман: тушим кўзларимнинг тўрига илиниб турган бўлса кўз­ёш­ларим ювиб юбормасин! Ҳаёт дарахтим экилган тувакни келтиринг, дея олмайман: у ярадор, йўлда уриниб қолса-чи?! Бироқ сувсизликда қуриб қолиши ҳам мумкин...
Бир оқшом пайт пойлаб шифохонадан қочдим...

Жиддий Иш
Кунлар эмаклаб ўтди. Кунлар кетидан ҳафталар судралиб ўтди. Фақат мен ўтмадим! Чунки яйдоқ саҳродек кўнглимни сағир илинж тарк этмаган. Тушларимни, албатта, топаман! Ҳаётимни топаман!
Ва... топдим! Бир кеча яна тушларимда уйғондим! Ҳаётимни – ҳаёт дарахтимни топдим! У тирик! Умидим оқланди, тирик! Уни бағримга босдим. Бағримга босиб, кўзларимни юмиб чуқур-чуқур нафас олдим – у қон-қонимга сингиб кетди. Энди томирларимда оқиб турса-да, уни соғинавердим, соғинавердим...
Ҳа, соғинавердим! Чунки ундан аслини – бир пайтлар завқи мўл ҳаёт дарахтимни топа олмадим. У кўксига, нақд юрагига ўйиб, қонларини тирқиратиб ёзилган «А + Д = С» ёзувини кўз-кўзлаётгандек қилт этмай турарди.
– Ҳалиям ўша шарпаларни эслаб турибсанми? Мени ҳеч соғинмадингми? – сўрадим кўзларига мўлтираб қараб.
– Биласанми, мен жиддий ишлар билан шуғулланишим керак, – жавоб берди у.
Қотиб қолдим: наҳот унинг катталардан фарқи қолмаган бўлса?
– Қанақа жиддий иш? – сўрадим бир муддатдан сўнг бўшашиб.
– Ўзим ҳам билмайман. Шу пайтгача ҳаётда бурчим бордай эди. Кечалари сен билан ширин хаёл суриш, шарпаларнинг орзу-умидларини асраш... Кундузлари болалар бошига соябон бўлиш, уларнинг бошидаги беғубор ўй-хаёлларини офтоб тиғидан сақлаш... Табиат гўзаллигини ҳис этиш ҳам менинг бурчим эди. Ахир, у ҳис этилиш учун яралган-ку! Бу ишларнинг жиддийлигига ишонардим. Борлиқни ўзимнинг борлигимга ўргатиб қўйдим, энди ҳамма-ҳаммасининг тақдири учун жавобгарман, деб ўйлардим.
– Ҳозир-чи? Ҳозир ҳам шундай эмасми?
– Афсуски... Ҳаётимнинг мазмунли ўтаётганига шубҳам бор.
Ўша туни дарахтим тинмай савол берди: «Жиддий иш деганлари қанақа бўлади ўзи? Одамлар ҳаёт гўзаллигидан завқ олиш ўрнига вақтини қизғаниб, қаерга шошадилар?» Ўзим ҳам ўйлаб ўйимга етолмайман, бу саволларга жавобни қаердан излайин?
Кейин билсам, уни йўқлаб келмаган кунларимнинг бирида шамол дарахтимнинг қулоғига гап солиб кетибди: «Беҳуда хаёл сургунча жиддий ишлар билан шуғуллансанг бўлмайдими, телба хаёлпараст!»
Дарахтим мен каби ўйларди. Ширин хаёлларгина ҳақиқий ҳаётдир, дер эдик биз. Бироқ шамолнинг гапидан унинг кўнглига гумон оралабди.
Сўнг... ўша мудҳиш тунда – тушимга қайтишимдан бир оз олдин шарпалар видолашишган. Йигит: «Кўзинг тушса, мени эслайсан», деб дарахтимнинг кўксига ёзув ёзган. У қизга ҳали жиддий ишлар билан шуғулланиб, бойиб кетажагини айтибди.
«Бир-бирини соғиниб яшайдиган икки дил учун дийдордан ортиқ жиддий иш бормикан дунёда?»
Яна бир кундуз дарахтим соясида бештош ўйнаб ўтирган қизалоқни онаси койибди: «Теракдай бўйинг билан эртадан кечгача ўйин ўйнашга уялмайсанми? Сал жиддийроқ бўлсанг-чи энди. Уйга кириб дарсингни қил!»
– Дунё кезгим келяпти! – деб қолди дарахтим. – Қанийди оёқларим бўлганида, илдизимни тупроқдан узиб, саёҳат қилардим. Кўрмаганларимни кўриб ўрганардим, жиддий ишлар билан шуғулланардим.
– Сенинг бу дунёда борлигинг – энг жиддий иш! – дедим мен.
У инкор этди:
– Заррин нурларидан баҳрамандлар бўлмаса, Қуёшнинг нур сочишидан не фойда?
– Бироқ бундан Қуёшга не зарар?
Орага жимлик чўкди. Қарасам, дарахтим сўлғин. Яна тушунтиришга уриндим:
– Мен учун сен борсан, сен учун мен! Биз биргаликда бахтиёрмиз. Сенга менинг, менга сенинг мавжудлигимиз кифоя. Яна қандай жиддий иш керак сенга?
– Мени ҳаёт дарахти, дейсан-а, – ўйчан жавоб берди у. – Лекин кеча ҳақиқий ҳаёт дарахти ҳақида эшитдим. Унинг шохларида зангор ва олтин тусли мевалар етиларкан. Олтин ранглилари «яхшилик мевалари», зангорилари эса «ёмонлик мевалари», деб аталаркан. Менинг ҳатто мевам ҳам йўқ.
– Ахир, сен тўрт фаслда бирдай гуллаб турасан-ку. Ҳамманинг баҳри дилини очасан. Кўксингдаги ёзув-чи. Уни, у билан бирга ўша шарпаларнинг энг гўзал хотираларини асраётганинг жиддий иш эмасми? Шохингдаги ҳаёт қушига қара! Унга яшаш учун бағрингдан жой берганинг-чи, буям фойдали иш эмасми?
Гапириб турганимда йўлдан бир тўпори ўткинчи боласини эргаштириб ўтиб қолди. Болакай ҳаёт дарахтимни кўрсатиб, ҳаяжон билан қичқириб юборди:
– Дада, дада, анави дарахтни қаранг, ям-яшил! Қишда ҳам гуллаб тураркан-а, бу!
– Мен жиддий одамман, бунақа майда-чуйдаларни томоша қилиб ўтиришга вақтим йўқ! – деди тўпори ўткинчи йўлдан кўзини узмай. – Сенгаям жиддийроқ бўлишни маслаҳат бераман!

Кўзёш Тўкиб Бой Бўламан
Дарахтим йиллар карвонини маъюс кузатди. Энди унинг олдига шарпалар келмай қўйганди. Йўқ, тўғрироғи, уларнинг ўрнини энди бошқалари эгаллаганди. Бештош ўйнаётганлар ҳам аввалги болалар эмас. Ўткинчилар ҳам бегона. Дарахтим Тангрига илтижо қилиб яшарди: «Менга оёқ ато эт, дунё кезай. Шарпа, бола, ўткинчи танишларим ва бошқалар қандай жиддий ишлар билан шуғулланаётганини кўриб келай!»
Ниҳоят, кун етиб осмону фалакдан амру фармон келди:
– Ҳаёт дарахти! Чин дилдан сўралган орзу ушалмай қолмагай. Мен орзуингни ушалтираман. Бугундан бошлаб жисминг ҳар лаҳза тепага ўсади. Яъни, фалакка саёҳат қиласан. Дунё кезишинг учун имкон – учқир хаёл бераман. Ҳар гал шамолни юборганимда у хаёлларингни олиб учиб, истаган манзилингга етказади. Xаёлларингни биров кўрмайди, бироқ сен ҳаммани кўрасан. Кўнгилларга, ўй-фикр, орзу-умидларга дохил бўлиб, одамларни ўрганишинг мумкин. Бўйинг лаҳза сайин ўсаверади. Қачонки излаганингни топсанг, шунда ўсишдан тўхтайсан.
Дарахтим рози бўлди ва шу лаҳзанинг ўзидаёқ бўйи етмиш қулоч ўсди. У бўйнини чўзиб, бир пайтлар жиддий иш билан шуғулланмай хаёл сургани учун катталардан гап эшитган бўйчан, кенг елкали шарпани қидирди. Топди! Дарахтимнинг хаёллари танасидан сирғалиб чиқдию, шамолнинг қанотига илашиб ўша томон учиб кетди.
Шарпа сон-саноқсиз кўлмакчаларда кўз очган бир-биридан гўзал нилуфаргулларга термилиб, юм-юм йиғларди.
– Нега йиғлаяпсан? – сўради дарахтим унинг хаёлларидан.
– Кўзёшимдан кўлмак ҳосил бўлсин, дейман.
– Кўлмакни нима қиласан?
– Нилуфаргул ўстираман.
– Нилуфаргулни нима қиласан?
–Сотиб пул топаман. Бой бўламан! Манавиларни қара, – нилуфаргулларни кўрсатди шарпа, – ҳаммаси менинг кўзёшларимдан униб-ўсяпти.
– Кўзёш тўкиб бойимоқчимисан?
– Нима бўпти? Мен энди жиддий одамман! Ишнинг кўзини биладиган одамларнинг ҳаммаси шундай қилади. Вақтини бекор сарфламайди, хас-чўпдан, ҳатто кўзёшдан ҳам фойда топишни билади.
– Лекин... қандай қилиб йиғлаяпсан? Йиғлаш учун ё изтироб чекиш ё хурсанд бўлиш керак-ку...
– Бу қийин эмас. Мен йиғлашга одатланиб қолганман, йиғисиз яшолмайман. Кўзёш ҳам менга ўрганиб қолган, шекилли, чорласам, қуйилиб келаверади.
– Қандай чорлайсан?
– Эслайман.
– Нимани?
– Ўтган кунларимни. Ҳув ўша... сен гувоҳ бўлган хушвақт оқшомларни. Кейин эса... дайди итдай ҳайдалган кунимни. «Неча марта айтдим сенга одам бўлмайсан деб! Рўзғор тутиш тугул, кунингни кўришга ҳам ярамайсан, сен хаёлпараст! Кет! Сенга қизини берадиган аҳмоқ йўқ!» деган гаплар қулоқларим остида жаранглайди. Сўнг кўзларимга қуйилиб йиғи келади. Энди кет, халал берма, мен йиғлаб олай. Ҳали кўзёшларимда кўп нилуфаргуллар ўстираман. Бу кўлмакларда балиқ боқиш режам ҳам бор. Кўриб қўйишади ҳали, қандай жиддий одамлигимни! Бойиб кетай, ёнларидан салом бериб ўтаман!
Шундай деб шарпа ҳўнг-ҳўнг йиғлашга тушди. Дарахтимнинг хаёли жойидан жилмади. Бироқ халал бермаслик учун нафасини ичига ютди. Кўзёшлардан бирпасда кўлмак ҳосил бўлди. Йиғидан тингач, шарпанинг юз-кўзида табассум жилваланди.
– Зўр иш бўпти-ку, жўра! – деди у дарахтимнинг хаёлига. – Кейинги пайтларда бундай катта кўлмак ҳосил қилолмагандим. Қийналиб йиғлаётувдим. Сен дардимни янгилаб бердинг, ҳар куни келиб тур. Айтиб-айтиб йиғласам, тезроқ бойиб кетарканман.
– Лекин... бундай яшашга уялмайсанми?
Шарпа жиддий тортди.
– Бундай яшашим уятлигини унутиш учун ҳам кўпроқ йиғлайман, – деди у ва кўзларига ёш қуйилиб келди.
Ҳаёт дарахтимнинг хаёли шарпани холи қолдириб, танасига қайтди. Тўйиб-тўйиб термилмоқчи эдим, у кўзларимга сиғмади. Ҳа, кўзларимга сиғмади у! Жуда-жуда юксалиб кетибди! Узундан-узун бўйига ярашмаган алфозда баттар ўйчан бўлиб қолибди.
– Наҳот шарпанинг жиддий иши ҳаётдан завқланиб яшашдан афзалроқ бўлса?! – сўради у мендан.
Жавоб излаб топишга улгурмадим – тонг отиб қолди. Ўнгимга қайтишга мажбур эдим.

Соямга Салом Бердинг
Эртасига яна шамол келди. Дарахтимнинг хаёли тўпори ўткинчини қидириб йўлга тушди. Ҳув ўша, дарахтимга қайрилиб қарашдан вақтини қизғанган жиддий тўпорини. Қани, у қандай жиддий иш билан банд экан?
Ана, кўрди! Тўпори ўткинчи бир қутичани қўлтиқлаб, илдизсиз шамолдай у ёқдан бу ёққа елиб-югурарди. Уни тутиш осон бўлмади. Кўп уриниб, ниҳоят этагидан ушлаб олди ва сўроққа тутди:
– Бу қутингда нима бор?
– Фикрлар, – жавоб берди ўткинчи.
– Уни нима қилмоқчисан?
– Xалққа ошкор қиламан.
– Кейин нима бўлади?
– Мени дунёни ўзгартирди, деб тан олишади.
– Дунё ўзгарадими?
– Э-е, дунёни ўзгартириб бўлармиди! Менга нима иш қилаётганим эмас, одамларнинг мен ҳақимда нима деб ўйлаши муҳим.
– Бу билан нимага эришасан?
– Мени ҳаммадан ақлли, деб ўйлашади. Соямга салом беришади.
Тўпори ўткинчи яна шамолдай елиб кетди. Xаёл оғиз жуфтлаганди, саволи бўғзида қолди: «Фикрларни қутига солиш шартми? Миянгда кўтариб юрсанг бўлмайдими?»
Хаёл ўткинчидан уни тутиш учун яна кўп уринди. Охири қулоғидан ушлаб, саволини сўради.
– Ие, қутига солиб қўймасам, фикрлар тарқаб кетади-да, – жавоб берди ўткинчи. – Кейин уни бошқалар олиб қўяди.
У кейинги гапини негадир ҳадиксираброқ гапирди. Дарахтнинг кўнглида шубҳа уйғонди.
– Ишқилиб, фикрлар ўзингникими? – сўради у.
– Нима фарқи бор? Гап кимникилиги эмас, кимники деб ўйлашда. Асли улар ҳамманики. Қоч энди, мени тинч қўй! Шошиб турибман. Бирортаси эгаллаб қўймасидан мен уларни ўзимники қилиб олишим керак.
Хаёл ҳафсаласи пир бўлиб дарахт танасига қайтди. Эртаси дарахтимнинг кўзи яна ўша тўпори ўткинчига тушди. Тўпори ўзидан мамнундек эди. Фикрларни эгаллаб улгурган кўринади. Қўлида кечагидан-да каттароқ қути, қулфига калит солиб бураш билан овора.
– Салом! – деди хаёл унинг ёнига бориб.
– Кўрдингми, сенам соямга салом бердинг! – деди ўткинчи илк бор юзига табассум югуриб.
– Мен соянгга эмас, ўзингга салом бердим.
– Қўйсанг-чи, орқасида одами бўлса, сояга ҳам биринчи бўлиб салом беришади. Соямнинг орқасида мен турибман-да.
Дарахтим ҳеч нимага тушунмади. Елка қисиб қўйди-да, ўзини қизиқтирган саволни берди:
– Қутингда нима бор?
– Истакларим.
– Нега уни очаяпсан?
– Буйруқ чиқармоқчиман!
– Қанақа буйруқ?
– Бундан буён одамлар мени ҳурмат қилиши, мендан қўрқиши лозимлиги тўғрисида.
– Сени севишларини-чи, истамайсанми?
Ўткинчининг тўпори башараси бўзариб, лаблари титраб кетди. Бир лаҳза ҳаракатдан тўхтаб, жим қолди-да, сўнг деди:
– Бу... бу бошқа масала. Ортиқча истакларни кўтариб юриш оғирлик қилади.

Ўлимни Ўлдираман!
Дарахтим хаёли саёҳатга чиқмоқчи эмас, муҳим нарсаларни ўйлаб олиши керак эди. Лекин нимани ўйлашни билмади. Лаҳза сайин бўйи ўсар, бўйи ўсгани сайин шамол унинг хаёлларини бир жойларга олиб қочиб кетаверарди. Бир неча муддат у хаёлини ғорга бекитди. Ғорда бир одам тинимсиз бақирар, ора-сира тошларни муштлаб қўярди.
– Нега ғорга кириб бақиряпсан? – сўради ундан хаёл.
– Бу ерда биринчи бўлиб гапириш имконим бор. Мана, эшитиб кўр: «Мен истасам, оламни гулистон қиламан!»
«Гулистон қиламан... гулистон қиламан...» Ғорда акс садо янгради.
– Кўрдингми, у мендан кейин гулистон қилади, мен эса ундан олдин! – тиржайди ҳалиги одам.
Сўнг тошни муштлай кетди: «Ўчир овозингни! Мен сендан олдин гапирдим!»
Дарахтим хаёли ғордан чиқиб, ўйчан кезиб юрди. Биринчи бўлиб гапиришни истаган одамнинг бўғриққан юзи кўз ўнгидан кетмади. Бир неча соат ўтиб, яна ундан хабар олгани ғорга тушди. Ғорда ҳеч ким йўқ эди. Уни дарё бўйида учратди. Ёнида бир йигит ҳам бор. Йигитдан ўзиб кетишга уринаётгандай, бор кучини оёғига бериб, югургилаб боряпти. Ёнидаги йигит бамайлихотир қадам ташлаяптию, бироқ ундан қолаётгани йўқ.
Улар юра-юра кўприкка етишди. Биринчи бўлиб гапиришни истовчи одам кўприкни кўрибоқ биринчи бўлиб ундан ўтиш мақсадида илдамлади. Йигитча эса, мийиғида кулиб, дарё бўйига чўкди-да, уни ортидан томоша қилиб ўтирди. Шериги кўздан йўқолгач, хуржунидан кўза чиқариб сув ҳўплаганча қўшиқ хиргойи қила бошлади.
– Қаёққа кетяпсизлар? – сўради хаёл унинг ёнига бориб.
– Ўлимни ўлдиришга!
– Мангу яшамоқчимисизлар?
– Ҳа, кимки илдамроқ юриб ўлимни ўлдиришга улгурса, ўша мангу яшайди.
– Унда нега кўприкдан аввалроқ ўтишга ҳаракат қилмадинг?
– Ўртамиёналарга йўл бериш керак, истеъдодлилар йўлларини ўзлари топиб оладилар.
– Шундайми? Лекин барибир йўлингни топишинг учун йўлга чиқишинг керак-ку! Нега ўтирибсан?
– Ҳозир яшашим керак бўлган ҳаётимни йигирма дақиқа олдин яшаб қўйганман. Ҳозир юришим керак бўлган йўлни уч йил аввал юрган эдим. Биласанми, мен бор-йўғи йигирма йил кун кўрдим, бироқ эллик ёшдаман. Анави кўприкдан ўтиб кетган одам эса эллик йил кун кўрди, ҳали ўн саккизга киргани йўқ.
– Одам тезроқ яшаса, аввалроқ ўлмайдими?!
– Айтдим-ку, ўлимни ўлдиргани кетаяпмиз, деб. Шу ишнинг уддасидан чиқсам бас, одамларнинг ёдида мангу яшайман.

Саҳро – Умид Қилиш Имкони
Кўпдан бери биринчи марта у мендан ёрдам сўради: «Шамолни ёнимга яқин йўлатмай тургин, ўйлаб олишим керак». Оҳ, юракка яқининг сендан ёрдам сўраганда оғирини енгиллатиш қандай ёқимли иш! Эҳтимол, дунёдаги энг жиддий иш – яқинларингга кўмак беришдир?
Бироқ бу гал қўлим калталик қилди. Дарахтимнинг тиззасидан ҳам келмасам, қандай қилиб уни шамолдан тўсай? Ўсганинг сайин бировга суянишинг қийин кечаркан-да. Сенга суянишади, бироқ сен ҳеч кимга суяна олмайсан.
Қаршилигимга қарамай, шамол дарахтимнинг хаёлларини саҳро томон учириб кетди. Бўм-бўш саҳрода бир одам елкасига тўрва осиб, тимирскиланиб юрарди.
– Нима излаяпсан? – сўради хаёл ундан.
– Гиёҳ излаяпман.
– Бирор яқининг бетобми?
– Мен гиёҳ териб сотаман. Чўлнинг гиёҳи қиммат туради.
Дарахт тўпори ўткинчининг гапини эслади: «Менга нима қилаётганим эмас, одамлар нима деб ўйлашаётгани муҳим».
– Қақраган саҳродан гиёҳ топишинг амримаҳол-ку. Тоғдан терган гиёҳингни чўлники деб соцанг бўлмайдими? Беморлар ихлос қўйса бас, тузалаверади.
– У ҳолда қачон умид қиламан? – жавоб берди гиёҳчи. – Биласанми, саҳрода умид қилиш имкони бор. Бўм-бўш кенгликда, жазирамада, оч, ташна юриб излаётганингни излайсан, излайверасан... Мабодо бир гиёҳ топилиб қолса, бунинг роҳати нечоғли тотли эканини тасаввур этиб кўр! Тоғдаги мўл-кўл гиёҳлар орасидан топиб бўлмайди бундайин шифобахшини! Бу гиёҳ фақат беморлар танини эмас, менинг роҳатга ташна дилимни ҳам даволайди. Беҳисоб лаззатлар ичидан тополмаганимни мана шу саҳрода топаман. Мабодо саҳрони гиёҳзорга айлантиришса, қаттиқ хафа бўлардим.
Саҳродан дарахтим хаёли хушнуд бўлиб қайтди.
– Мен бир нималарни тушунгандайман, – деди у. – Дунёдаги энг мушкул ва энг осон иш – ўзингни ўзинг алдаш. Эҳтимол, энг жиддий иш ҳам шудир?! Ахир, шуни уддаласанггина ўзингдан мамнун бўласан. Ўзингдан мамнун бўла олсанггина бахтиёр яшайсан.
– Тўғри, – дедим унинг кўнгил ёраётганидан мамнун бўлиб, – бошқаларга ёқиш илинжида бирор иш қилган кимса тентакдир. Катталар айни шу истакда бойлик ва обрў орттиришга чиранади. Бойлиги ошиб-тошгани сари қашшоқлашиб боришини билмайди.
Дарахтим индамади. У мени яна яхши кўриб қолишини, бурунгидай менинг хаёлим билан яшашини истардим. Бир оз ён босганини кўриб, яна давом этдим:
– Асли бу дунёда кутиб, кутилиб, соғиниб, соғинилиб, бир-бирининг кўнглини кўтариб яшашдан муҳимроқ иш йўқ.
У шохларини силкиб деди:
– Одамзод мавжудотлар орасида энг ақллиси. У бир нимани билмаса, гапирмайди. Дунёда биз билмаган бирор жиддий иш бўлса керак...
– Ахир, нега тушунмайсан? Мен ҳам одамман-ку! – қизишдим. – Билиб қўй, кўп ўйланганда ҳамма нарса шубҳали бўлиб чиқаверади.
– Сен ҳали ёш боласан, кўп нарсани билмайсан. Ҳатто меҳрингни кимга беришни-да билмайсан. Елим ўйинчоқни ҳам бор меҳрингни бериб яхши кўрасан. Унга бунинг қизиғи йўқ. Назаримда, бажараётган ишингнинг кимларгадир қизиғи бў­лиши керакдай...
Уни фикрларимга ишонтириш учун катта одам бўлиб қолгим келди.

Лаҳзани Қотириб Қўйдим
– Ҳорманг! – деди Ҳаёт дарахти.
– Бор бўлинг! – деди нозик шарпа.
Унинг қомати энди анча йўғон тортиб қолганди. Узун сочларига оқ оралаган. Сандиққа кириб олибди.
– Бу ерда нима қиляпсиз?
– Тис-с! Секинроқ гапиринг, биров эшитиб қолмасин!
– Xўп. Нима қиляпсиз бу ерда?
– Бу сандиққа кечамни яшириб қўйганман. Ҳамма ухлаган пайтда кириб, кечаги кун билан яшайман. Буни эрим, болаларим билиб қолса, яхши бўлмайди.
– Ниҳоят, лаҳзани қотириб қўйишнинг йўлини топибсиз-да?
– Топдим. Лекин фақат... умуман олганда, умрбод бир лаҳзада яшаб ўтишдан кўра шуниси қизиқроққа ўхшайди. Кундузи бугунни, кечаси кечани яшайман. Кечани яшаш лаҳзаларини кутиб, бугунни ўтказаман. Турмушим ёмон эмас.
Шамол дарахт хаёлларини олиб кетаётиб, бир парча қоғозни унинг ёнига учириб келди. Xаёл шошиб қоғозга кўз югуртирди:
«Кундузи порлаган юлдузлар, тунда чарақлаган қуёш тўғрисида эшитганмисан? Улар қадри борлиқ олдида нечоғли – тасаввур қила оласанми? Сен ҳамиша ҳаётимга улар каби кириб келасан ва қуёшлик, юлдузлик вазифасини ўтаб қўйгандек ҳис қиласан ўзингни. Ёниб кутганимда ҳовуримни босгувчи бир нажот топмайман. Ўз ўтимни ўзим кўзёшларим билан ўчирганимда, сенинг кераклигингни ҳис қилмай қўйганимда ёниб кириб келасан. Сен худди оҳанрабодек ўзингга тортасан, бироқ бутунлай тортиб олишга ожизлик қиласан.
Очиғи, юзи қора тунларни, хижолатдан қизарган кунларни орқалаб яшашдан чарчадим. Менинг ҳам осмоним ҳамманикига ўхшашини истаяпман. Xайр, омон бўл!»
Бу – нозик шарпанинг бўйчан шарпага жўнатмаган мактубидан бир парча эди.

Туйғуларингни Тарбиялаб Ол
– Ойи, ойижоним, у ноҳақлик қиляпти!
– Ким у, сени қийнаётган? – меҳрибонлик билан бошимни силади онам. – Бунча озиб кетдинг, болам? Нималар бўляпти ўзи?
– Кимлигини айтмайман, ойи. Унингсиз яшай олмайман! У эса мени на ёқтиради, на ёқтирмайди. У мени ўзининг борлигига ўргатиб қўйди, энди эса мен билан иши йўқ.
Онам жилмайди.
– Ёшликда ҳамма қийналади. Сен ҳеч қачон меҳр берган кишингнинг ортидан қарз бергандай эргашиб юрмагин. Ундан меҳринг ажрини кутмагин. Ана шунда қийналмайсан.
– Буни биламан, ойи. Мен бундай қилаётганим йўқ. Лекин... лекин биласизми... туйғуларим тийиқсиз! Туйғуларим устидан куламан, лекин барибир уларга ихтиёр беравераман. Фақат унгагина топинаман, хаёлимда фақат у кезади, ҳамма нарсани фақат унинг билан уйғун кўраман. Унингсиз дунёда бор-йўқлигимни ҳам унутиб қўяман. Энг ёмони, ойи, уни йўқотиб қўйдим! Агар бутунлай йўқотганимда, изсиз йўқотганимда бошқа гап эди. У бор! Ҳар кеча уни кўргани бораман. Бироқ у ўзида йўқ! Фақат танаси, улкан танаси бор, холос. Айтинг, ойи, уни топиш учун нима қилайин? Уни аввалгидай авайлаб-асраш, унга авайлаб-асралганидан мамнун бўлиш ҳиссини қайтариш учун нима қилай?
Онам саволимга жавоб бермади. Назаримда, у гапларимни тушунмади ё ҳис этмади. Менга – яккаю ёлғиз фарзандининг чўзилиб қолган бўй-бастига меҳр билан тикилиб, пешонамдан ўпди-да, бутунлай бошқа бир гапни айтди:
– Машойихлар дейдиларки, муҳаббат уқубатли ёлғизликдан қочмоқ учун бир бошпанадир, холос. Сен ақлинг кўзи билан қара, туйғуларингни тарбиялаб ол, шунда бошингга тушгани кўргилик эмаслигини англаб етасан. Қолгани ўтиб кетади...

Чин Ҳаёт
Ҳаёт дарахтимнинг бўйи осмон билан бўйлашиб қолганди. У энди фақат ерни эмас, осмонни ҳам кўра олади. Атрофига қараб, бир қизга кўзи тушди. У ҳавога чирмашиб, осмонга чиқаётган экан. Эгнида ял-ял либос, руҳи терга ботган.
У қизни таниди: бу ўша – жиддий иш билан шуғулланмай, бештош ўйнагани учун онасидан койиш эшитган қизалоқ.
– Осмонга нега чиқаяпсан? – сўради ундан.
– Юлдуз бўлмоқчиман.
– Юлдуз бўлиб нима топасан?
– Излаганимни.
– Излаганинг нима?
– Билмайман. Топганимда биларман.
Дарахтим бир пайтлар осмону фалакдан келган амру фармонни эслади: «Қачонки излаганингни топсанг – ўсишдан тўхтайсан». У ўсишдан тўхтай олмади. Яралганида тушунганидан ортиқ яна ниманидир тушуниш, топиш илинжида кўкка қараб бўй чўзаверди, чўзаверди, чўзаверди... охири осмон гумбазини ёриб, нариги тарафига ўтиб кетди...
Шохида ин қурган ҳаёт қушининг қаноти Қуёшга тегиб кетди. У ёна бошлади. Жон талвасасида чирпирак бўлиб учди. Тушларимга ўт тушди! Ёнғин ичида бир ўспирин ҳам бор эди. Қаёққа қочарини билмай, уям ёниб кетди! Ёнаётиб қичқириш тугул ҳатто инграмади, бир томчи кўзёш тўкмади. Жилмайди. Xудди ҳозир, ёнаётиб, катта ҳаётга қадам қўяжак одамдай, жиддий ишларнинг бошини тутажак одамдай жилмайди...
Кўзларимни очиб, гултувагим турган жойга қараб югурдим. Тувак чил-чил синиб, тўкилган тупроқ устида қуриб қолган чўп ётарди.

* * *
Ўша ўсмир мен эдим, ойи. Тушларимда ёниб кетган ўсмир мен эдим. Мана, айтганингиздай, ҳаммаси ўтди. Ўтди ва кетди. Бироқ ўтгани эмас, ўтмагани чин ҳаёт экан. Бугун мен йўқман! Қаршингизда сочи оқарган донишманд туйғулари билан бўм-бўш жилд турибди, холос.
Сиз дунёдаги энг яхши ойисиз, ойижон! Тушларимни даволатмоқчи эдингиз, даволатиб беринг! Парваришлаб беринг бемор тушларимни. Тарбияли туй­ғуларимни тарбиясизга айлантиринг, қулоқсиз тушларимни тарбиялаб беринг, ойи! Ўша тушларда ёниб кетган ўсмирни, унинг телба, тийиқсиз, бироқ рост туйғуларини тирилтиринг. Ҳаётимга – тўрт фаслда бирдай гуллаб турувчи ҳаётимга, зангор фаслимга қайтаринг мени!

2011 yil oktyabr
Mualifning boshqa asaralari
1 Hayot daraxti (qissa) [Oydinniso] 701
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика