Беш суҳбат (мансуралар) [Ozod Mustafo] |
Бириничи Суҳбат: Сурат ва Сийрат Сурат сийратдан сўради: – Ҳар қанча уринмайин, сени кўрмоқ ва билмоқдан ғофилман. Ўнгу сўлимга боқдим. Йўқсан. Қаердасан ўзинг? Сийрат деди: – Сен дунёга юз тутгансан. Шу сабаб мени на англайсан, на тушунасан. Бас! Ундан юзингни бур! Аммо унга орқа ўгирма! Ана шунда мен сенга кўринаман! Суратхона – ажиб маскан. Менинг ёдим – бир пиёла чой. У ёдимга оққанд солиб, қўзғолон қилди. Пиёла ичидаги чой қошиққа эргашди. Кўпик ва шамалар унинг ортидан юрди. Деганларим кандайдир ғалати. Ҳар қадамимда учраган суратлар алланималарни эслатиб юборди менга. Ҳозирги гаплар хаёлимга келди. Оддийгина қоидани унутганим йўқ. Суратга унча яқин бормадим. Жуда йироқ кетмадим ҳам. Ўртада туриб барини билиб олдим. Атрофимдаги ботинийликни туйдим. Энди ҳеч нарса сир эмас. Ҳаммаси менга зоҳирдек. Мусаввирга қизикдим. Уни кўриш иштиёқи туғилди. Ҳар бир сурат менга уни эслатади. Ажабландим. Ҳали мусаввирни кўрганим йўғ-у, аммо унга яқин кишидайман. Анча йиллик қадрдонмиз гўё. Жонсиз суратдан сас келди. Мусаввир менга нимадир айтди. Гапиришга ошиқмадим. Ҳозирчалик тинглаганим маъқул. Нима дердим мен? Шунчаки синчков бўла қолдим. Кейин бир нарса бошимга тақалди. Тўғри-да! Қайси сураткаш суратларида ўзининг ички кечинмаларини, қарашларини баён этмайди? Мусаввирнинг нақадар нозик дид ва ақл эгаси эканлигини англадим. Ўзимни унинг қўлидаги мўйқаламнинг ҳеч бир мўйига-да арзитмадим. Қулоғимга яна бир овоз чалинди. Қаршимдаги сурат гапирдими менга? Илгари буларнинг барини жонсиз деб ўйлагандим. Жони борга ўхшайди. Унга яқин бордим. Атрофимда хеч ким кўринмади. Бемалол сўзлайвердим. Мени чақирдингми? Гапинг бормиди? Айтақол. Суратнинг сўзлашини пойладим. Индамадим. Чўчитдимми дейман сени? Нега жимсан? Ўзимнинг ҳам сенда гапим бор. Қанақа гаплигига қизикдингми? «Сурат» отлиғ алланарсасан сен. Сийратинг кани? Ҳамма суратда бўладими у? Биламан, сўзлашга узун тил керак. Сенда у йўқ. Юқорида бўрттириб гапирдим. Қулоғимга бегона товуш эшитилгани рост. Чучук тилинг билан мени чақирмоққа урингансан ҳойнаҳой? Ишора қилсанг бас, Сени дарров тушуниб оламан. Ўзингни кўп ҳам қийнама. Эҳтимол, орқангдаги тиргак сийратингдир. Ёки сени девордаги михга илиб қўйганларида, ўша михни сийрат деб тушунсам бўлади. Шундайми? Қаддингни ерга урмай, баландга кўтарадиган шулар-ку. Сен кабиларнинг бари тиргакка тиралиб, михга илинмаган. Улар қолип(рамка)га кирмаганлари учун шундай. Ҳайрон буламанки, сийрат нега яширин? Ошкор этса бўлмайдими ўзини? Балки, менинг фикр юритмоғим сабабидан ушбу навъ бўлса-чи? Қачонлардир ақлимни ишлатмоғим шарт-ку, ахир. Сийратни сен яшириб турганинг менга аён. Уни билишдан маҳрум этмоқчимисан мени? ...Туҳматга қолдинг. Адашдим чоғи. Жонкуярлигинг ёдимдан кўтарилди. Эшикдан кирганлар суратларгагина қизиқишади. Сийратни унутаёзадилар. Сен эса уларга орқа ўгирасан. Бировдан ранжимадинг. Бошқалардан юз ўгирганинг ҳам йўқ. Уларга сийратни кўрсатмоқчисан, холос. Бирор бемаънилик кўнглингга келмади. Томошага кирганлар буни ўзгача тушунишди. Бошқача хаёл қилдилар. Куч ишлатиб сени дунё билан юзма-юз қилиб қўйишди. Устингдан кулган каби ярамас нигоҳлар билан бечора ҳолингга бир зум тикилдилар. Улар кетишгач яна орқа ўгирдинг. Сени четроқдан кузатиб турувдим. Ўтган куним эсимга тушди. Ўзимни ўзимга эслатдинг. Бир пайтлар мен ҳам сендек иш тутганман. Бундан наф чиқмади. Сени тушунаман. Ҳозироқ бошқача йўл тутсанг қийналасан. Аста-аста кўникасан. Худди мендек. Ҳозирги қилмишинг нотўғрилигини тушуниб етасан. Ўз ҳолингча қолавер. Бошқаларнинг ўзи ортингдаги нарсани илғасин. Деворга қандайин илиниб турганинг қаддинг қай ҳолда тик турганига ажабланишмайдими? Демак, ортингда нимадир бор. Ўзлари сурат орқасига яширин сейф қурмаганмидилар. Ортингда беҳисоб бойлик борлигини унутиб қуйишгани ақлга сиғмайди. Сени кўриб эсламайдиларми? Бу суратларнинг бари Эслатма экани уларнинг ёдидан кўтарилган. Эслаганларнинг нажот топиши ҳақида хушхабар етиб келмаганмиди? Нега икки дунё саодатини кўзламайдилар? Уларнинг ҳаммасида очиқ кўз бор эмасми? Кўнгил кўзлари уйқудадир эҳтимол? Қандай уйғотсам бўларкан? Буниси менга қоронғи. Шу жумбоққа жавоб излаб юрибман. Сенга айтадиганларим ушбу. Бошқа гап-сўз қолмади. Кейинги суратларга ҳам тикила қолай. Лозим топсам улар билан суҳбат қураман. Айтганча, менга Мусаввирнинг қаердалигини айтолмайсанми? Шу ҳақида бирор ишора қилмадинг. Ҳечқиси йўқ. Бошқалардан сўраб кўрай. Улар билишлари мумкин. Томошага келганман. Токи томоша вақтим тугамагунча шу атрофда изғиб юраман. Иккинчи Суҳбат: Тобут Ва Бешик Тобут бешикдан сўради: – Бу не ҳол? Дам олдинга юрмоқчидексан, дам орқага? Мақсадинг не? Бешик айтди: – Қаршимда турли йўллар турибди. Шуларнинг қай биридан юришга ҳайронман. Бошим қотди. Ўзинг-чи? Ўзинг шошилиб қаерга бораётибсан? Тобут деди: – Ўйлаб нима қилдим. Менинг борар ерим аниқ... Бешикка пичирладим. Ҳой, эшитяпсанми? Мени танимадинг чоғи? Мен анави жинниман. «Дарвеш» деган лақабим бор. Бир ишнинг бошини тутмай кўча санқиб юрадиган бола бор-ку. Ўша менман. Танидингми? Таниган бўлсанг кел. Бирпас гаплашиб ўтирайлик. Бошқалар билан гаплашгим келмайди. Улар нуқул майда-чуйда нарсалар ҳақида талашиб тортишадилар. Менинг гапларимни эшитмайдилар. Сўрамасалар гапирмайман. Сен эса гапимни бўлмай мени эшитиб ўтираверасан. Гапларим чин бўлса ҳам, уйдирма бўлса ҳам эътирозинг йўқ. Ҳозирги демоқчи бўлганларим сенга тааллуқли. Сен бешиксан. Устингдаги қават-қават матолар мен учун сени дунёдан тўсиб турган пардалардай туюлмоқда. Бу пардалар бир четга сурилсагина уни кўра олишинг мумкин. Нега дунёни сендан яширадилар-а? Эҳтимол сени ундан яшираётган бўлсалар-чи? Ёмон хаёлларга берилма. Шундай ҳам бўлса бордир. Ўйлайсан-ки, тагингдаги икки қават кўрпачани ҳис қилиб, бу дунё деганлари нақадар юмшоқ, нақадар майин, оромбахш. Мен аниқ кўриб турибман. Кўрпачадан бир қадам кейин – гилам. Гиламдан тўрт-беш қадам сўнгра – қаро ер. Дунё қанчалик алдамчи! Қанчалик айёр ва муғомбир. У сени аврамоқда. Қулоғингдан тортқилаётган одамзоднинг қўллари сен учун тошдек қаттиқ бўлиб туюлмокдадир. Уларнинг бу қилиғи сенинг жонингга теккани аниқ. Доимо қулоғингдан ушлаб тортганлари тортган... Қулоғинг узилиб кетмаганига қойил! Баъзи-баъзида тинч қўядилар. ...Пардалар бир четга сурилганида ҳали дунёни кўришга улгурарсан. Кўрасан-у, таажжубинг ошади. Кўзларингга ҳайрат тўлади. Савол назари билан атрофингга аланглайсан. Қулоғингдан ушлаб сени ўзи томон тортаётган одамзодга анграйиб тикилиб қоласан. Иккинчи томонингга ҳам қайриласан. Бу томон бўм-бўш бўлади. Савол туғилади сенда. Иккинчи томонингдан ким сени ўзи томон тортқиламоқда. Манави бўшлиқми? Дунё деганлари шудир. Ҳа, албатта. Бир томондан одамзод, қарши томондан дунё сени ўз-ўзларига тортмоқдалар. Сен мана шу иккови ўртасида талашсан гўё. Уларнинг орасида туриб бошингга бошқа хаёллар қуйилиб келади. Булар сени ўзлари томонга тортмоқдамилар ёки бир-бирларига бериб юборишмоқчими? Қизиқ! Одамзод сени дунё томонга суриб қўймоқчидек. Дунё эса аксинча. У сени одамзод тарафга силжитяпти. Мана сенга – дунё! Сен билмоқчи бўлган нарсаларнинг ҳаммаси шу. Чалкаш-чулкашликлар сени қуршаб олган. Тўғри деганинг хато. Хато деганингни тўғри дейишга мажбурсан. Барчасини хаёлингдан чиқар. Бошидан ўйлашга туш. Тағин шу гап. Бошқачаси бўлмайди. Ҳеч нарсани ўйламай, бир ерга тикилиб туравер. Зерикмаслигинг учун бошқа нарсалар ҳақида гапириб берай. Ҳозирги кўрганларинг ҳаммаси эмас. Бошланғич таассурот. Сен беланчакни кўрмадинг. Мен уни биламан. Ёшлигимда кўрганман. Сал-пал эсимда. У ҳам сен каби икки ўт орасида сарсон бўлгани -бўлган эди. Тузилиши тахминан шундай. Яп-янги узун арқон икки қават қилиниб, унинг бир учи эшикнинг зулфига, иккинчи учи қарши томондаги дераза дастагига боғланади. Ўртада арқонларнинг ораси салгина кенгроқ очилиб, устига кўрпача тушалади адашмасам. У кўп вақт одамзод ва бўшлиқ орасида тебрангач, охир-оқибат ҳайвоний ҳирсига боғланди. Яъни бўшлиқ томон силжиб кетди. Шу билан талашиб-тортишиш тугади. Менга унинг бу қилгани ёқимсиздай. Бутун умр аввалги ҳолича қолишини дуруст кўрардим. Сенга демоқчиманки, унинг ишини такрорлаб ўтирма. Бошқача йўл тут. Кузатган эдимки, одамзод беланчакни дунё томон силжитиб юборарди, вассалом. Уни ўзи томон тортиб ўтирмасди. Четга тисланарди. Беланчакнинг ҳар икки томонидан бўшлиққа тортилишига индамай қараб тураверардилар(!) Балки унинг менинг кўнглимдагидек иш тутмаганига бошқалар сабабчидир. Беланчакнинг бунда айби йўқдир. Хайриятки, сен бешиксан. Одамзод сени ўзи томон тортмасликдан иложсиз қолган. Умуман, атрофингдаги жонли-жонсиз нарсаларни эринмай кузат. Тўғри йўл қайси эканини кўрсатиб турувчи Аломатларни уқиб ол. Тобутга кўзинг тушса, уни нега бошларига кўтаришларини ўйлаб кўр. Унинг бутун танаси хокисор. Сен эса ҳар дам ердан оёғингни узмоқчи бўлаётганингга ақлинг етар шунда. Ўзингдаги камчиликни бартараф этишга уринарсан балки. Нега бу сўзларни сенга пичирлаб айтаётганимга ҳайрон бўлма. Кимдир буни эшитиб хонага кирса суҳбатимиз бўлинади. «Ким билан гаплашаяпсан?», деган бемаъни саволларни бера бошлайди. Мен бўлсам бешик билан деб тўғрисини айтаман. Кирган киши устимдан кулиб хонадан чиқиб кетади. Буларни сенга айтмасам ҳам бўларди. Гап йўғида айтдим-да. Тилимга бошқа сўз келмаяпти. Шундай экан, омон бўл, бешиквой. Учинчи Суҳбат: Қамчин Ва Жилов Қамчин жиловга айтди: – Намунча тепса тебранмассан. На пастга тушасан, на тепага кўтариласан? Мен каби кўкка интилсанг бўлмайдими? Қарасанг-чи, сендан тобора юқорилаб бормокдаман. Жилов деди: – Отни югуртирмоқ учун сен кераксан. Югурган отни тўхтатмоқчи бўлишса мендан нажот кутишади. От югурса сен чавандоздан йироқ кетасан. Мени эса ўзларига тортадилар. У тўхтаса мени қўйиб юбориб, сени ўзларига яқин тутишади. Сен айтганчалик бир ерда турганим-турган эмас асло. Қамчин қўлимга тушса таъзирини бермоқчи бўлиб юрувдим. Бир куни тасодифан йўлимда учраб қолди. Бировникимикан деб тўрт томонимга алангладим. Ҳеч ким кўзимга кўринмади. Аста уни қўлимга олдим. Койий бошладим. – Лойга беланиб ётибсанми, қамчинжон! Ўзингга ўхшамай қолибсан-ку. Жуда эскиргансан. Нимжонсан. Қайси отнинг устидан тушиб қолдинг. От сени туёқлари билан босиб ҳам ўтгандир. Сенга айтадиганларим кўп. Бир ерга ўтириб олмасам оёқларим оғриб қолади. Манави тўнка устига ўтира қолай. ...Сенга танбеҳ бермоқчи эдим. Қарасам ўпканг тўла. Салга йиғлайсан дея насиҳат қилмоқчиман. Бир пайтлар отга қизиққансан, биламан. Унда ҳозиргидек нимжон бўлмагансан. Серғайрат, айни кучга тўлган пайтларингни айтаяпман. Отни ҳамиша югуртиришга ошиқардинг. Югуртирганинг югуртирган эди. Ниманинг ортидан қувиб етмоқчи бўлгансан. Мақсадинг бормиди ўзи? Ўйлагансанки, отни қанча тез югуртирсанг шунча азизсан. Сени шунчалар тепага кўтарганлари-кўтарган бўлишарди. Мен бу ҳолатни бир чеккадан кузатиб тургандим. Ўшандан кейин сени бир кунмас-бир кун учратиб қолсам, танбеҳ бермоқчи бўлиб юрувдим. Билмадим, сен ўшамисан ёки бошқаси? Бошқа бўлганинг билан барибир ўша мен кўрган қамчиннинг ишини такрорлаганинг аниқ. Бу телба нега менинг бошимни қотираяпти, деб хаёл қилма. Ҳали бунга хурсанд бўласан. Шунинг учун гапларимни охиригача эшит. Яна қанча билмадим-у, аммо хизматга ярайдиган кўринасан. Йўқса бу гапларни сенга айтиб ўтирмаган бўлардим. От билан боғлиқ хотираларингни эсга ол. Аввало, унинг устига чиқиб олгансан. Кейин секингина қамчилагансан. От йўрғалай бошлаган. Қаттиқроқ қамчилаганингда у югура кетган. Шу йўсин ишингни давом эттиргансан. Чавандоздан тобора йироқлашиб бораётганингга кўзинг тушмадими? Жиловнинг унга якинлашаётганини ҳам кўрмагандирсан. Ot toʻxtab bir yerga bogʻlandi. Чавандоз сени белбоғига қистириб, бирровга қаергадир кириб чиқмаганмиди? Шундагина унга яқинлашганингни сезмаганмидинг? Сезгансан. Аммо, отни югуртириш иштиёқи сени тарк этмаган. Тағин чавандоздан йироқлаша бошлагансан... Сени кузатиб туриб қамчилаяпсанми ёки нимагадир ишора қилиб, кўрсатмокдамисан деган шубҳа уйғонганди менда. Бир пайтлар мактаб чоғлари устозимиз ёзганларини доскадан кўрсатиб турадиган узун таёқлари ёдимга тушди. Тартибни бузсак шу билан савалаб турардилар. Нақадар гумроҳсан сен! Кўзларинг кўр! Ўзинг кўрсатиб турган нарсани наҳотки пайқамаётган бўлсанг. Сен отнинг орқасига қамчиламаяпсанми ахир? Унинг шаҳвоний ҳирсини қўзғовчилари айнан мана шу томонида. Демак, нафсу бало ҳар кимни кераксиз нарса ортидан югуришга мажбур этади дегани эмасми бу. Ҳеч нарсага эришмай бутун тананг қақшаб оғригани қолади холос. Чарчоқ бутун вужудингни эгаллайди. Ҳолсизланасан. Жиловга ҳам термулиб қарамадинг. Буларнинг бари тўғри йўлни кўрсатувчи Аломат эканини қаердан ҳам билардинг сен бадбахт. Нафсингни тийишингга ишорамасмиди булар. Ўзингдаги отни югуртирмоққа бўлган иштиёқни сўндиришинг лозим эди. Ot yugursa jilovni tortib uni toʻxtatadilar. Ёки керакли томонга буришади. Жилов отнинг бошига тақилганини кўриб турган эдинг-ку. Нафсинг сени туғёнга солганида ақлингни ишлатишинг кераклигини билдирувчи Аломатни ҳам тўғри англай олмадинг. Мана энди от сени устидан тушириб, босиб ўтиб кетганига нима дейсан? Сен яна бу дунёнинг ноз-неъматларига ўч эдинг. Буни аниқ кўрганман. Чавандоз сени восита қилиб отнинг қорнига ниқтаса, от бирдан тез ҳаракатлана бошлаган. Мен эса сенинг нафсинг бузуқ эканини шундан билиб олганман. Қаттиқлик бошингда бор. Бу бўлмағур хаёлларни сураётганингдан дарак. Жилов бўлса бундай ўйларни оёғи остига олган. Калондимоғ бўлма. Жилов билан яраш. Ундан билмаганларингни сўраб ол. У айтсин. Йўл бошида от кўринди. Ҳойнаҳой, эганг сенинг тушиб қолганингни пайқаб, ортига қайтиб излашга тушган. Сени тўнка устида қолдираман. Топиб олишлари осон бўлади. У ҳали йироқда. Кутиб ўтиришга вақтим йўқ. Сен билан гаплашаман деб талай вақтимни йўқотганим етар. Сўзларимни унутма. Айтганимдай қил. Чавандоздан айрилмасанг бўлгани. Яхши қол, қамчинжон. Менимча, сен билан қайта учрашмаймиз. Тўртинчи Суҳбат: Таёқ Ва Ҳасса Таёқ ҳассадан сўради: – Сен-у мен бир дарахтнинг иккита шохларимиз. Аммо нега сенга суянишади-ю, менга эмас. Ҳасса деди: – Аслида уларнинг мақсади заминга таяниш холос. Сен эса оёғингни ердан узиб йўқликка қадам қўйгансан. Шундай экан, сенга суянмасликларидан нолиганинг нимаси? Бунинг сабабини нега мендан сўрамоқдасан? Сурув кўча чангитиб кетаётувди, дарахтнинг бош бармоқдек келадиган бир танаси ўз тўпидан ажралиб уларга эргашди. Ёқинқирамай унга боқдим. Жойида қолаверса бўлмасмиди? Аввалига қўйларга яқин бормади. Мени уларнинг эгаси деб ўйлади чоғи. Очиғини унга айтдим. Бекор қилдинг. Ҳалиям ортингга қайт. Қайтишни истамаётган бўлсанг билиб қўй: мен бу қўйларнинг эгаси эмасман. Шунчаки бир ерга бораётувдим. Йўлимда мана булар пайдо бўлди. Уларни ҳуркитиб юбормайин дея секингина ортларидан бораяпман. Улар қаерга боришини билади. Тезроқ бошқа томонга қайта қолсайди. Чанг-тўзондан нафасим бўғилиб бормоқда. Бир-икки йўталдим ҳам. Сенга бекорга юзимни буриштириб гапираётганим йўқ. Ҳаммасига чанг сабаб. То йўлларимиз айрилгунча гаплашиб борайлик. Ҳозирчалик ҳамроҳим экансан, сенга гапирмоққа ҳаққим бор. Биласанми, бошинг қайси-ю тананг қайсилигига ҳалиям ақлинг етмадими? Шунча гапни юзингга айтдимми ёки танангга қараб айтдимми, ҳайронман. Менимча, йўғон томонинг бошинг бўлса керак. Ингичка тарафинг – тананг. Бошинг танангга чатишиб кетгани яхшилик аломати эмас. Танангнинг истакларига буйсунаётгандек кўринаяпсан менга. Ҳа, шунақа шекилли. Тананг олдинда бормокда. Бошинг эса орқада. Бу кўчадан ҳасса ўтмадими? Уни кўрмаганмидинг? Унинг боши танасига мойил эмас. Боши бошқа томонга ўсган, танаси бошқа томонга. Ҳаракатлари ҳам сеникидан фарқ қилади. Аввал боши олдинга силжиб, сўнг танани ўзига эргаштиради. Эҳтимол шошилаётганинг учун ҳам шундайдир. Шошилмаганингда бошқача юрган бўлармидинг? Ўшанда сенга суянишган бўлишарди. Қўйсанг-чи шу қўйларни. Уларга эргашиб нима қиласан? Ўз танлаган йўлингдан юрганинг маъқул эмасми? Аслида, шулар сени довдиратиб қўйди. Оёғингни қўлингга олиб уларнинг ортидан югурмоқдасан. Айтиб қўяй: Токи қўйларни қўрасига қайтариб олиб келиб қамамагунингча тинчимайсан. Қамагач ҳам сенга тинчлик йўқдир балки. Уларни бирма-бир санашга тўғри келар. Сўзларимга эътироз қилмай йўлингдан ҳам қолмаётганингга қараганда мени ўтакетган муғомбир, деб ўйлаяпсан чоғи. Мени ортга қайтариб ўзи қўйларга эга чиқмоқчи деган хаёлларга боряпсанми? Асло! Менга буларнинг кераги йўқ. Тинчгина сокинликда яшаганим маъқул. Булар нимага ўчлигини биласанми ўзинг. Тикан гулини хуш кўришади. Сени улар тиканзорга етакламоқда. Тошга қоқилиб йиқилсанг ҳам, товонингга тикан кириб дод-вой солсанг ҳам уларнинг сен билан иши йўқ. Бошини бир кўтариб қарайди-да, на сенинг ҳолингга ачинмай, на устингдан кулганга ўхшамай яна бўйнини пастга эгади. Уларнинг юзида бирор ўзгаришни сезмайсан. Қоринлари тўйса бўлгани. Сен билан неча пуллик ишлари бор. Бу гапларимни тинглаб танангга ёки манави бир гуруҳ қўйларга нафратинг қўзғалмасин тағин. Мен бу иккисини тилга олиб, сенинг нафсингга эргашиб бораётганингни айтмоқчиман. Шайтоннинг турли ҳийла-найранглари, унинг қанақалиги, сени қандайин йўл билан аврамоқчи эканини мана шулар кўрсатиб турадилар. Қўйларингнинг бўлгани яхши. Қанча кўп бўлса шунча дуруст. Фақат сен мол-давлатинг борлигидан кибру ҳавога берилмасанг бўлгани. Вақти келганида чорвангнинг закотини бер. Қолган фурсатларда хайр-эҳсон қил. Қолаверса, танангни покиза соғлом сақлаш сенинг бурчинг. Унга наҳс тегиб ифлосланишига йўл қўйма. Мана, қўйлар бошқа томонга бурилди. Сен уларнинг ортидан эргаш. Менинг йўлим бошқа томонда Қайтаётганимда яна кўришамиз. Унутма, қўйларни қўрасига қамаганингдан сўнггина тинчишинг мумкин. Унгача ҳар томонга югуравериб, жонинг халқумингга тиқилади. Бешинчи Суҳбат: Тор Ва Нохун Тор нохундан сўради: – Эй ситамкор, намунча менга азоб бермасанг? Сени ҳеч учратмаган эдим. Танимасдим. Қаердан пайдо бўла қолдинг? Нохун деди: – Тепага тортилмаганингда ёнингга яқинлашмаган бўлардим. Тепага тортилганинг сабаб энди сен билан биргаман. Гоҳида бармоқларим ҳақида ўйланиб қоламан. Ўзимга ёққан нарсаларимни бармоқларим билан ушлаб, майингина силагим келади. Айнан шуларнинг устида тирноқларимнинг борлиги менга бошқача туюлиб кетди. Эҳтимол, улар қичиган жойни қашлаш учундир. Ахир, бирор ерим қичиса у ерни сийпалашдан не фойда? Аммо, сочнинг бир толасидек нозиккина торни шу тирноқларим билан шунча пайтгача азоблаб келибман! Бу эндигина хаёлимга келди. Айбимни ювиш учун ундан узр сўрамоқчи бўлдим. Унинг ёнига бордим-у, гапни нимадан бошлашни билмай узоқ вақт уйланиб қолдим. Кейин бир чеккадан гапни бошладим. Буни қарагин-а, торвой. Бугун тирноқларим остидан кир қидираётувдим хаёлимга сен келдинг. Эт ва тирноқ қил ўтмас биродар. Вақти келганда шу тирноқ биродарини азобга солади. Боши кирга тўлган бўлади у пайтда. Ўзимнинг тирноқларим ҳақида гапираяпман. Қолаверса, булар билан сени роса азоблаган эканман. Мен ўзи куй чалишни билмайман. Негаям сени чалмоқчи бўлдим, ҳайронман. Деворга қарасам сени кўрдим. Шартта олдим-у чалдим. Ҳеч кимга ёқмайдиган қандайдир оҳанг яратдим. Охирги марта шундай бўлганди. Бундан илгари ҳам сени кўп бор чалмоққа уринганман. Гапнинг очиғи сендан узр сўрамоқчи эдим. Ўйлаб қарасам сени қийноққа солиб қўйибман. Бундан кейин сира сенга қўлимнинг учини текизмайман. Зерикмагин, деб қўлимга оламан-да алланарсалар ҳақида сенга сўзлаб бераман. Аммо чалмайман. Фақат мени кечирсанг бўлгани. Мени кечирасанми? Майли, сўккинг келса сўкавер. Хафа бўлмайман. Мен шунақаман. Биров урса ҳам, сўкса ҳам ишим йўқ. Кўнглингга олмагин-у, бир гап айтаман. Сени чалишмаса дилга ёқадиган куй таралмайди-ку. Чалсам гуноҳга ботаман. Чалмасам бўлмайди. Бу қанақаси бўлди? Йўқ, аҳдимдан қайтмадим. Бу ишга сира қўл урмайман. Уйимнинг бир бурчини безатиб тургин холос. Сендан бошқа талабим йўқ. Чуқурроқ ўйлаб қарасам, нималарнидир менга эслатмоқчидайсан. Нимагадир ишора қилаётганинг аниқ. Сен билан боғлиқ нарсаларни эсга олсам ҳаммаси ойдинлашади. Созанда куй чалмоқчи бўлди. Қўлига танбурни олди. Унга биринчи торни ўрнатди. Чалиб кўрди. Оҳанг яхши чиқмади. Иккинчи торни ҳам пайдо қилди. Нафис куй таралди. Мен бунда ҳеч бир Аломатни кўрмаяпман. Эҳтимол, танбур ҳақида фикр юритишим керакдир. Ахир сен унга боғлиқсан-ку Ҳа-да! Нега буни аввалроқ ўйламадим. Танбурнинг икки қисмини кўраяпман. Коса ва дастак. Коса қисмининг ичи бўш. Дастаси эса бутунликдан иборат экани менга аён. Бўшлиқ сип-силлиқ. Бутунлик бўлса дағал. Унга боғланаётганингда йўлингдан тўсиқлар учраган албатта. Мана у тўсиқлар... Йиқилсанг ҳам ўрнингдан туриб олдинга силжийвергансан. Охири мақсадингга етгансан. Ҳайрон бўламанки, нега буткул Унга берилмадинг. Бўшлиқни тарк этиб кетмагансан. Бошинг бутунлик билан банд-у, бўшлиқ оёғинг остида. Балки бундай қилмаганингда биров сени қўлга олиб чалмасмиди? Ҳамманинг кўзига кўринмаганингда сенинг сўзсиз ва товушсиз имо-ишораларингга каердан ҳам тушунишган бўлишарди? Деворга қандайин илиниб турганингни кўришмайдими? Сени тепага кўтариб турган мана шу бутунлик. Пастга тортаётган бўшлиқни ҳам кўздан қочирган кўринадилар. Мен ҳаммасига тушундим. Ўзим яшаб юрган дунёнинг иккига ажралганини сал-пал фаҳмлаганман. Сен буни тасдиқладинг. Сендек бутунликка интилишим керакдир. Йўлимда учрайдиган тўсиқларга сабр этишга бардошим етармикан? Мени икки томон ўз-ўзига жалб қилмоқда. Бўшлиқ томон силжисам нафсимга забун бўламан. Бўшлиқ устида сени елкасига кўтариб турган алланарсанинг ҳайвон номи билан аталиши шунга ишора эмасми? Бу дунёнинг бўшлиғини, сип-силлиқ бутунлигини дағал кўраётганим аниқ-ку. Энди ҳаммасини ўз ҳолича кўришга ўрганмоғим лозим. Бир жиҳат эътиборимни тортди. Танбур Созанда қўлида. Нохун Унда. Сени У тутиб турибди. Демак, бу ерда мен билишим шарт бўлган яна баъзи асосий гаплар бор. Сендан биргина узр сўрайман деб шунча нарсани билиб олдим. Мени кечирдинг, деб ўйлайман. Танбур чанг босган кўринади. Уни артиб қўяй. «Ёшлик» журналининг 2011-йил, 7-сонидан олинди. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Besh suhbat (mansuralar) [Ozod Mustafo] 452 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57609 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21574 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19506 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |